Электронная библиотека » Шарап Уснатдинов » » онлайн чтение - страница 10

Текст книги "Ибройим Юсупов"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:40


Автор книги: Шарап Уснатдинов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 10 (всего у книги 38 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +

– Маден, мени кўриб турибсанми, эшитиб турибсанми? – Кўзини юмиб олмасин дегандай ёнига яқинлашди.

– Сен уйдамисан?

– Мен келдим, Маден, сенинг ёнингдаман. Қалайсан?

У шу сўзларни эшитиб бўлди-да, ёғи тугаб қолган чироқдек аста кўзини юмди. Ибройим унинг отини айтиб чақирди, жавоб бўлмади.

Ибройимнинг ўйига бирданига ёмон фикр келиб урилди. Қаттиқ оғриган одамнинг икки кўзи эшикда бўлади. Узоқларда юрган яқинини кутиб ётади. У келганидан кейин кўзини очиб бир қарайди-да, жон топширади, дейишганини кўп эшитган. Ташқарига чиқиб, докторни чақирайин деса, узоқлаб кетишга қўрқиб, эшикни очди-да, даҳлизга қараб “Докторни чақиринг”, деб товуш берди.

Маден эндигина тонг отган маҳал яна кўзини очди. Бу ҳолати аввалгисига қараганда жонлироқ ва дадил эди, сўзлари тиниқ, тушунарли чиқди.

Ибройим аҳволни қисқагина айтиб берди. Озгина сув ичкизди. Икки қўлини баравар ушлаб ўтириб, сўзида давом этди.

– Аёлингни, болаларингни чақирайинми?

– У энди келмайди.

Ибройимнинг юраги шувв этиб кетди. Оғасига қарагандай, қайтиб сўзлагандай мадори қолмай, тинкаси қуриб кетди. Бу сўзни қўзғаганига ўкинди…

* * *

Маден баҳорга томон ишга чиқиб, аста-секин юмушларга аралашиб кетди. Бу сафар касал бўлиб ётиши кўпроқ чўзилди. Ўзи ҳам озиб-тўзиб, тинка-мадори қуриб, ёши ўтган қариялардай энкайиб қолди. У энди қўли сал бўшаганидаёқ ўзлари “Педагогическая” деб от қўйган кўчадаги янги иморатнинг қурилиши устида қўпроқ айланадиган бўлди.

Чимбойдаги туғилган овулида тўй-маросим бўлса ё Маден, ё онаси ўтказиб қайтадиган эди. Энди у ёқларга Ибройимнинг боришига тўғри келди. Ўтган ҳафтада Холбой деган оқсоқолнинг тўйига борди. Овул дегани бир ота-онангдан кейинги қадрдонинг, тилакдошинг-ку. Орада узоқроқ бормай кетсанг, ўпкалашади. Овул ўзининг ўсиб чиққан фарзандлари билан мақтаниб юради. Борсанг, апоқ-чапоқ бўлиб, уйининг остонасида тўхтатмасдан ўтказмайди, шошилиб турган бўлсанг, ҳеч бўлмаса нон оғиз тегиб чиқасан. Дўстларинг сен қайтгунингча атрофингда гирдикапалак бўлиб юради. Унинг ҳам овулга бормаганига бир-икки йил бўлиб кетган экан. Овулдошларининг ўзига бўлган ихлослари, иззат-ҳурматларини кўриб, кўнгли кўтарилиб кетди. Дойилари: қачон уйланасан, бизнинг опамизни чарчатдинг-ку, Нукусдаги қиз тегмайдиган бўлса, ўзимиз олиб берайлик, деб ҳазиллашишса, янгалари, Нукусдаги сатанглар турганда бу энди овулдаги қизларни хоҳлайдими, деб ўпкалаган бўлишар эди. Ибройимни ҳайрон қолдирган яна бир нарса шуки, у институтга кирган йиллари туғилган болалар йигит бўлиб қолибди. Афту ангорига қараб кимнинг боласи эканини билаверади. Кўпчилигининг товуши, тортиниб саломлашишлари худди ўз оталарининг ёшлигини эслатади. Ҳаммани танийсан, кўпчилиги сен ҳақингда эшитганларини айтишиб, халқ тилида ёзган шеърларини ёдлаб, бошқа ерлардаги одамлар сени мақтаса, “у бизнинг овулнинг йигити, менинг дўстим ёки иним”, деб мақтаниб юришади. Шундай муносабатлардан кўнгли кўтарилиб, ҳаяжонланганидан кейин: “Овул тўғрисида, унинг афсонага айланган ўтмиши, одамлари, дўстларим ҳақида ҳеч нарса ёзмабман, шундай пайтларда ўқиб берганимда, яхши бўлар эди” деган ўкинч пайдо бўлади.

У шу гал борганида Генжамуратов Жумағалий деган уруғдош оғасини излади. Маден билан бир сафда урушга кетганди, қайтиб келмади. Ҳеч ердан дараги чиқмаётган эди. Урушда немисларга асир тушган, ундан озод бўлгандан кейин “пленник” деган ишончсизлик билдирилиб, Новосибирск ўрмонларига сургун қилиб юборилган экан. У ёқда Таня Короткова деган рус қизга уйланиб, Анатолий, Олег деган икки фарзандли бўлган. Унинг қамоқ муддати тугаб, овулга келганида Маден вафот этган эди. Ибройим иккинчи марта овулга борганида бировнинг қарамоғида яшаётган кулбаси жуда ғариб экан. Унинг яшаш шароитини кўриб, ватан бир бўлгани билан олисдан, шу йигитни деб Россиядан эргашиб келган аёлдан қаттиқ хижолат чекиб, Маден янги қуриб кетган, бироқ ҳали битмаган икки хонали уйга уларни кўчиртириб олиб келди. Энди ҳаммаси жам бўлишиб, уйнинг қолган қисмини қуриб битказишга киришиб кетишди…

Йил жуда оғир бошланди. Ёзувчиларнинг учинчи съезди олдидан деган баҳона билан адабий танқид кучайиб кетди. Биров бировдан ўч олиш, қарши жавоб ёзиш билан андармон бўлишди, оз ёзсанг оз дейишади, кўп ёзсанг ичидан бир нарсани топишади, ўзлари етарлича тушунмасдан жумлалардан, уч нуқталардан хато излайдиганларнинг куни туғди. Уларнинг бир гуруҳи Бердақ шоир асарларини нишонга олишди. Унинг шеърларини ҳис этиб, баҳолашга қодир бўлишмаса ҳам, “реакцион шоир” деган айб тақашиб, бирининг ёзганини бошқалари қувватлайверишди.

Нажим Давқораевнинг 1951 йили “Бердақ шоир” номли мақоласи “Звезда Востока” журналида чоп этилгандан кейин, кичкина китобча бўлиб чиққан эди. Ўзи раҳбарлик қилаётган институт тадқиқотчиси саналадиган Ефимов деган кишининг 1952 йили 2 март куни “Советская Каракалпакия” газетасида “Брошюра, содержащая идеологические извращения” сарлавҳали мақоласи босилди. Унинг орқасидан Савицкий (мусаввир эмас), Игнатьев ва бошқалар ҳам аёвсиз ўт очишди. Давқораевнинг қорақалпоқ халқи ҳақида “Большая советская энциклопедия” учун ёзган мақоласи, “камбағалларга қарши, фақат бойларни куйлайдиган “Алпомиш” номли достонни тиклаб, унинг асосида қорақалпоқ давлат театрида “Алпомиш” пьесасини қўйгани”, 1936 йилдан бошлаб фақат Давқораев бошчилигида жамоат бўлиб мактаблар учун қорақалпоқ тили ва адабиёти бўйича ўндан ортиқ дарсликлар, хрестоматия, дастурлар тузилганини, уларга “ғоявий жиҳатдан яроқсиз ёки ғоясиз” асарлар киргизилганини кетма-кет ёзиб, эълон қилиб борилди. Институт партия ташкилотининг котиби Қалли Айимбетов Давқораевни ёқлагани учун ишдан бўшатилди. Уни ёқлаган бошқа олимлар ҳам тазйиқ остига олинди. Адолатсизлик, зулм кучайди. Илмий институт 1952 йил давомида қайта-қайта ёппасига текширилиб, еттита мақола эълон қилинди. Ва ниҳоят 1953 йилнинг 19 февралида институт директори Давқораевнинг “буржуазия миллатчилиги”, йўл қўйган хатолари партия ташкилоти йиғилишида муҳокама қилиниб, уни партия сафидан ўчиришди ва ишдан бўшатишди. Икки йил давомида ноҳақдан кўр-кўрона зуғумларга бардош бера олмаган олим тўшакда ётиб қолди. Бироқ бу марксизм-ленинизмнинг ашаддий сиёсатчилари бир нарсани билишмади. Бердақ шоирни қорақалпоқ адабиётининг классиги этиб, Давқораев ва унинг раҳбарлигидаги таҳрир ҳайъати тузган дарсликлар мактабларда ўқитилиб, улуғ шоир ўз халқига ватанпарварлик, мардлик, инсонийликка руҳлантирувчи хизматларини бажараверди…

Давқораев ва яна элнинг юраги бедор зиёлиларини, ижод йўлига янги қадам босаётган ёшларни авайлаб келаётган Амет Шомурадов ҳам март ойига келиб касалликка чалинди. Нукусдаги шифокорлар кўп маслаҳатлашиб, Тошкент шифохоналарига юборишга қарор қилишди, шундай қилиб у апрель ойининг бошида пойтахтга жўнатилди. Умр йўлдоши 1950 йилдан Ўзбекистон халқ артисти Айимхон Шомурадова бу кунлари навбатдаги фарзандига ҳомиладор бўлиб, ой куни яқин эди. У апрелнинг иккинчи ярмида эсон-омон бўшаниб, эмизикли қизи билан Тошкентга кетди.

Улар келган кундан бир ҳафта ўтгач, Ўзбекистон Министрлар Советининг раиси Усмон Юсупов Соғлиқни сақлаш министри билан, бир гуруҳ мутахассис шифокорларни эргаштириб, Амет Шомурадовни кўргани боришди. У эндигина қирққа тўлган йигит эди. Элнинг катта раҳбарини кўриб, “Оға, омон-эсон қайтиб келганингизга кўз ойдин бўлсин”, – деб худди ёши улкан қариялардай чин кўнгилдан ҳўнграб йиғлади.

Усмон Юсупов уруш йилларидан бошлаб, 1950 йилгача Ўзбекистоннинг биринчи раҳбари сифатида халқ орасида катта иззат-ҳурматга сазовор бўлган эди. 1950 йилда Советлар Иттифоқининг пахтачилик министри бўлиб кетгандан кейин яна қайтадан Ўзбекистон ҳукуматининг раҳбари бўлиб келган пайт эди. У Аметни кўриб чиққач шифокорлар билан кўп сўзлашди. Сўнгра бемор ва унинг умр йўлдошига сабр-тоқат тилади. Орадан кўп ўтмай истеъдодли шоир, ёзувчи, давлат арбоби, халқининг севимли фарзанди Амет Шомурадов 1953 йилнинг 18 май куни оламдан ўтди.

Бу пайтда Нажим Давқораев бошини ёстиқдан кўтара олмай ётар эди. Туғишганидай бўлиб, доим узун-қисқа бўлиб бирга юрган қадрдони, сирдоши, суянчиғи Аметнинг жанозасига судралиб келиб-кетди. Орадан роппа-роса икки ой ўн кун ўтгач, ХХ аср қорақалпоқ адабиёти илмининг сардори, ўзининг якка иши билан бутун юртга ўрнак кўрсатиб, биринчи фан доктори бўлган, илмга ихлосли ёшларни тўп-тўп қилиб катта шаҳарларга ўқишга юбориб, орасидаги камбағалларни қоидани бузиб бўлса ҳам, институт штатида сақлаб ўқитган, биринчи носир, биринчи драматург, интеллектуал салоҳияти ниҳоятда юксак инсон Нажим Давқораев ҳам 48 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Жанозасига эл-юрт йиғилиб келиб, қайғурди. Бироқ ўша даврдаги мамлакат раҳбарларига улуғ олим эмас, оддийгина бир инсон кўз юмгандай туюлди ва эл қатори ерга қўйилди…

8

Ёзнинг охирларида, август ойининг ўрталарига бориб сумбула тушади. Сумбула тушса, сув совийди, дейди халқимиз. Табиат жазирама иссиқдан сал қутилиб, кузга тайёргарлик кўра бошлайди. Бу паллаларда муздек сувдан чиқиб, қуёшда исиниб тобланаётган қурбақалар: “Варқ этдик, шарқ этдик, ёз ўтиб кетганин билмай қолдик”, дейишар экан.

Бу йилги ёзни қўя туринг, ҳатто баҳор ҳам кутилмаган воқеалар билан овора бўлиб, бирзумда ўтиб кетгандек. Одам ўз ҳаётида бирин-кетин мана шундай кутилмаган ўзгаришлар бўлиши мумкин эканини ўйлаганида “Қўй, беташвиш юрибман, дейишингнинг ўзи нотўғрига ўхшайди” дейишга кўникиб қолар экан. Март ойининг бошида Сталин оламдан ўтди. Эл: “Энди нима бўлади? Ҳаётимиз қандай кечар экан?” – деб чувиллаб қолди. Ҳамманинг кўнглидан “Энди яна уруш бўлмасин-да”, деган бирдан-бир ўтинч ва илтижо кечар эди. Беш йиллик уруш мусибатини бошидан кечирган халқ қўрқиб қолган эди. Одамлар бировдан нима эшитса, шунга ишонадиган бир пайтда “Иттифоқдош социалистик республикалар бахтини кўролмайдиган мамлакатлар кўп экан”, деган гаплар тарқалган.

Халқ ёппасига уйларнинг пештоқига қора байроқ қадаб, доҳийга аза тутди. Аза дегани шундай бўлишини ҳамма ана ўшанда билди. Дафн маросимига бағишланган митинг радио орқали тўғридан-тўғри эшиттириб турилди. Овулларда мактаблар ва идораларнинг томига ўрнатилган радиокарнайдан таралган мотам садоларини халқ тик оёқда туриб, бош кийимларини ечиб тинглади. Марказдан келган вакиллар барини огоҳ бўлиб кузатди. Бир ҳафтадан сўнг қора байроқлар йиғиб олинди. Аза тугаганининг фарқига бормаган содда оилалар уйлари пештоқида эса, қора байроқлар ёзгача қадалиб тураверди.

Бир ой ўтар-ўтмас Амет Шомурадовнинг, яна икки ойдан сўнг Нажим Давқораевнинг оламдан ўтиши одам асло ишонмайдиган воқеалар эди. Буларнинг бари бир-бири билан ўзаро алоқадор умумий кулфат дея қабул қилинди, халқ кўнглида, бу йил йил оғир келди, келгуси йил хайрли бўлсин-да, деган хавотирлар пайдо бўлди. Ибройим азиз устозларидан айрилиб, бир қатор ҳамфикр дўстлари билан сағирдек мунғайиб қолди.

Нима бўлганда ҳам, ҳаёт ўз йўли билан давом этаверди. Шу кунгача очарчилик, адолатсизлик, афтодаҳоллик, одам қони сув бўлиб оққан қирғин ва урушга чидаган халқ яна енг шимариб ишлайверди. Аста-секин тўй-шодиёнаси, ўйин-кулгиси ўрнига туша бошлади. Кремлда ҳокимиятни қўлга киритиш учун бўлган талашув-тортишувлар, жон бериб, жон олишувлардан оддий халқ хабар топгани ҳам йўқ. Орадан бироз вақт ўтиб, бир куни янги раҳбар сайлангани, ҳукумат бошқарувида бироз ўзгариш бўлгани, эндиликда бундай якка шахсга сиғиниш тўхтатилиши, бундан кейин гуноҳсиз одамлар бировнинг туҳмати билан кўр-кўрона қамалиши ёки отилишига йўл қўйилмаслиги, аввалги “халқ душмани”, деб қораланганларнинг барчаси ҳам душман эмаслиги, кўпчилиги ноҳақдан отилгани ҳақида фикрлар айтилаётгани эшитилиб турди.

Янги ўқув йили бошланди. Пединститутда ҳам кўп ўзгаришлар бўлди. Нажим Давқораевни фабрикантнинг боласи, отасининг Қўнғиротда пахта заводи, чарм маҳсулотлар тайёрловчи цехи бўлган, совет ҳукуматининг душмани, деб унинг даврида раҳбар лавозимларга кўтарилганлар ҳам бирин-кетин бўшай бошлади. Институтга янги директор қўйилди. Ибройимни қорақалпоқ адабиёти бўйича тўлиқ ҳуқуқли ўқитувчиликка ўтказишди.

Куз ўрталарига келиб ёз жазирамасининг одамларни ҳансиратган иссиғи билан бирга элдаги ҳадиксирашлар, бир-бировидан гумонсираб, нафасини ичига ютиб юришлари бўшашгандай, йўқ ердан сиёсий хато топиб қўрқитишлар бироз камая бошлагандай бўлди. Илмий жамоатчилик ва пединститут раҳбарияти Бердақ шоирнинг асарларига эътибор қаратди. Унинг шеърлари устида пайдо бўлган қора булутлар тарқалиб, қорақалпоқ тили ва адабиётшунослиги фани тарихида янги воқеа саналадиган халқаро анжуман ўтказиш режалаштирилди.

Москвадаги Шарқшунослик институти директори, дунёга машҳур олим Сергей Толстов, қорақалпоқ филологияси фанининг ташкил топиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшган, тўрт жилдлик “Каракалпакский язык” номли фундаментал илмий тадқиқот яратган Николай Баскаков, қорақалпоқ уруғларининг келиб чиқишига доир илмий танлов эълон қилган Татьяна Жданко каби иттифоқ миқёсидаги олимлар ҳамда Иззат Султон бошчилигида Ўзбекистон олимлар иштирокида илмий кенгаш ўтказилиб, ушбу масалани қайта тиклаш кўзда тутилди.

Нажим Давқораев сўнгги уч йил давомида тазйиқ остига олинди, уни ҳам “халқ душмани”, дея айбламоқчи бўлишди. Айниқса, фан доктори бўлганидан кейин бир гуруҳ чала олимлар, ҳатто тенгдош ижодкор дўстларининг бир нечаси ялангоёқ бўлиб, арслонга ҳамла қилган чиябўрилар галасидай унинг пайига тушишди. Воқеа тобора мураккаблашгач, ўз замонининг кўзга кўринган олимлари Толстов, Баскаков, атоқли ёзувчилар ва шоирлар Ойбек, Ғафур Ғулом, Мухтор Авезов, Собит Муқонов ва халқимизнинг жонкуяр азаматлари Нажим Давқораевни қўллаб-қувватлади. Тазйиқни давом эттирганлари билан уни темир қафас ичига қамай олмадилар.

Бу пайтда Давқораевдан бошқа илмий даражага эга бўлган адабиётшунос олим йўқ эди. Москвада Марат Нурмуҳаммедовнинг кандидатлик иши муҳокамадан ўтиб, диссертацияни ёқлаш декабрь ойига белгиланган. Эндигина йигирма уч ёшни тўлдирган ёш йигит адабиётшунослик ва адабий танқид соҳасида танилиб, назарга тушган эди. Пединститутнинг янги директори Тетюшев кафедра мудири лавозимига чақирди, бироқ у келмади. “Давқораевдай одамнинг пайига тушиб, бошига етганда “халқ душмани”нинг боласини аяб ўтиради дейсанми?” – дебди. Маратнинг отаси Кўптилев Нурмуҳаммедов 1927–1932 йилларда вилоят ижроия комитетининг, 1932–1933 йилларда Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг Бошлиғи лавозимларида ишлаган. Уни ҳам “халқ душмани”га чиқариб, 1937 йили қамоқда йўқ қилиб юборишган.

Айни ўша йили Нажим Давқораев ўзи бошқарган илмий институтнинг адабиёт ва тил бўлими мажлисида: “Қорақалпоқ шеъриятига ўзининг эгаси, тенги йўқ, бетакрор шоир кириб келаётир… Энди бизлар наср, драма жанрларида ёзаверсак ҳам бўлади. У йигирма ёшида “Йўлдош муаллим” достонини яратган Ибройим Юсупов”, дегани адабий жамоатчиликка тарқаб кетган вақт. Яна ўша йиллари ёш олим ва шоир Генжамурод Есемурадов Бердақ шоирнинг “Омонгелди” достони оҳангида:

 
Илмга улкан йўл солмоққа,
Доктор унвонин олмоққа,
Давқораевдай бўлмоққа
Қай бирингнинг чаманг келди? –
 

деб ёзган шеърий сатрларининг ҳам оғиздан-оғизга ўта бошлаган давр эди.

– Сени Москвага юбормоқчимиз, – деди Тетюшев Ибройимга, – Марат билан бирга конференциянинг дастурини тузиб, ўша ёқдаги олимларнинг розилигини олиб қайтасан. Марат Бердақ шоир асарларидаги бадиий маҳорат, фалсафий-эстетик олам ва ғоявий мазмун бўйича баёнотга тайёрлансин…

* * *

Ибройим кузга етмаёқ яккаю ёлғиз туғишгани Мадендан ҳам айрилиб қолди. Уйига яқин жойда ариқдан ҳатлаб ўтаётиб, яна йиқилган. Бу чанғароқ учун Иккинчи жаҳон урушининг чинқириғи ҳали тўхтаган йўқ эди. Жанг майдонида портлаган снаряд парчаси бош суяги билан миянинг ўртасида ўн йил ётди, мана шу йиллар ичида ҳар куни ўлим хавфи билан яшади, роппа-роса ўттиз ёшга чиқиб, жон таслим қилди.

Қачондир шундай бўлишини бўйнига олиб юрса ҳам, жаноза куни тобут ердан кўтарилганда Ибройимнинг оёқларидан мадори кетиб, ёнбошига йиқилди. Уни қўлтиғидан суяб турғизишди. Марҳумни елкадош дўстлари, Чимбойдан келган жигарлари ва институт жамоаси билан сўнгги йўлга кузатди. Етимлик билан ёлғизлик пешонасига ёзилган экан, яна онаси иккови қолди…

Кейинги икки йилдан буён Москвага қараб учайин деса, қаноти йўқ, бироқ қушдан ҳам учқур хаёли Худойнинг қутлуғ куни қирқ бора бориб қайтар эди. Бибизода олисда бўлгани билан ҳали ҳечам ўзгармаган, ўша юриши, ўша кийими, ўша кулимсираган кўзлари, ўшандагидек сўзга камгаплиги, кўнгли истаб, юраги зор бўлиб турса ҳам “ибо деган бало”дан қутила олмай юрган ҳолида кўз ўнгига келтириб, хаёлида аввалгидек қўл ушлашиб бораётгандек бўлар эди.

Қиз бу йил ёзги таътилга келганида кўрганидан кейин ўз хаёлларининг жуда ортда қолганини, одам боласи муҳитга қараб ўзгаришини, айниқса, ўспирин ёшнинг замонга тез мослашиб кетишини англади-ю, ўй-хаёлларини дарҳол йиғиштириб олди. Бозорда сиртдан келган меҳмон кийинишидан, юриш-туришидан, гаплашганида қўлларининг ҳаракатларидан ўзгачалиги сезилганидай, Бибизода ҳам бошқалардан ажралиб турар эди. Замонавий, русча кийинишлари, сочини турмаклашлари, ҳатто юришларида ҳам ўзгариш бор. “Болалар барча ерда бирдай дунёга йиғлаб келади. Катта бўлгандан кейин ҳар ким ҳар хил бўлиб чиқади, бу тарбиядан” деган экан донишмандлар. Бу қизнинг ташқи кўриниши икки йил ичида ўзгаргани билан ёшлигидан қонига синг ган, тарбияси маҳкам экан. Қанчалар замонавий бўлгани билан одоб-ахлоқ деган нарса қимматбаҳо янги кийимлар, олий маълумот олиш йўлидаги интилишлар қорақалпоқча тарбияга уйғун бўлиб ўсаётган экан.

Оқшомлар ой шуъласига ғарқ бўлиб сирлашувлар, энтикиб кўришувлар, бўса олишувлар, бора-бора бири-бирига ошиқ-маъшуқлик, халқ қўшиқларида айтилганидек, “толчивиқдай бирга эшилиб юрган” бир ярим ой гўё бир дамдек зувв этиб ўтиб кетди.

Қизнинг кўнгил розида, энди оғиз тўлдириб айтаверса бўладиган муҳаббатида гумон йўқдай эди. Ўқишга қайтиш кунлари яқинлашган сайин унинг қош-қовоғи солинганидан, кўзларини ерга қадаб, кам сўзли бўла бошлаганидан йигитнинг кўнгли озорланди. Қандайдир бир сезимларни яшириб, кўнгли ярим одамдай бўлиб бораётганини пайқар эди.

Сўнгги учрашув куни айтилмаса бўлмаслигини қиз ҳам, йигит ҳам тушуниб етди. Қиз йиғлади. Аввал кўзи ёшовраб, бироз жим турди-да, сўнг ўксиб-ўксиб йиғлади. Севишганлар йиғлайдиган замон эмас эди. Кўнгил берганинг билан никоҳдан ўтаман десанг, йўл очиқ, ота-онанг қарши бўлса, давлатнинг қонунлари сен тарафда. “Озод шарқ аёллари” деган гаплар шиорга айланган. “Эримни хоҳламайман, у менинг тенгим эмас”, деб суд орқали ажралишлар ҳеч гап бўлмай қолаётир. Фақат уялмасанг, бўлди. Уялмайдиганлар топилаётир. Унда йиғлашнинг нима кераги бор. Кетаман десанг – кетасан, қайтаман десанг – қайтасан…

Бу қиз бошқача яралган эди. Шу ҳусни-жамолига, шу тарбияси туфайли шаклланган дидига муносиб йигитга дуч келди. Бу йигитда бошқаларда деярли йўқ, одамларга жуда кам ато этиладиган оҳанрабо мавжуд эди. Бировнинг кўнгил саройини забт этгандан кейин, ким бўлса ҳам ундан айрила олмайдиган, куну тун уни ўйламай туролмайдиган бир тортиш кучи бор эди. Муҳаббати беғубор, шунчаки “ёнаман-куяман” эмас, мард одамга хос нурли ва иссиқ эди.

Ибройим қизни юпатиб ҳам, нима бўлганини айта қол, деб сўраб ҳам ўтирмади. Ўзи кўнглида сезиб юрган ҳадиклари бор эди. “Ундай эмасдир-ов, ёлғондир-ов”, деб юрарди. Йигитнинг юпатмаслигини сезгандай қиз чуқур нафас олиб, ўпкасини босди. “Чама-чамадан ортиқ эмас, қоратов қирқ ботмон” деганларидай чамалаш тўғри чиқди. Қизга мана шу таътил пайти ота-онаси:

– Гаплашиб юрган йигитингнинг кўнглини ўзингдан совут, сени унга бера олмаймиз, – деб очиқ-ойдин айтишибди. Қиз онасининг бағрига ўзини отиб, йиғлабди.

– Сенинг отанг сўзини қайтарса бўладиган одамлардан эмас. Буни ўзинг яхши биласан. Мен сен тарафдаман, бироқ иложим йўқ.

– Нега иложи йўқ экан, онажон! Сизларга ким керак ўзи?

– Раҳматли Амет қайним совчи бўлиб келиб, отанг билан кўп гаплашиб, кўндиргандай бўлган эди, уни ҳам тақдир бизга кўп кўрди. Москвадан келган анов икки опанг барини бузиб юборди…

Ўша йиллари ёшларда аспирантурага кираман, олим бўламан, деган қизиқиш кучайган эди. Тошкентга юраги дов бермай, Москвада ўқиётган йигитларга орқа суяб, бир гуруҳ хотин-қизлар ўқишга кета бошлашди. Нукусда институтни амал-тақал битириб, у ёқда имтиҳондан ўтолмай, овулга қайтишга ор қилиб, бир йил-ярим йил қолиб кетганлар ҳам бўлди. Ўшалардан иккови – Раҳима ва Ақила Бибизоданинг ота-онаси билан хизмат юзасидан танишиб, уйларига келиб-кетиб юрарди. Ибройимнинг шоирлик обрўйини кўришолмаганми ёки оқсоқолнинг мартабасини бу йигитга муносиб билишмаганми, ҳарқалай:

– Қизни у йигитга бериб бўлмайди. Отаси “халқ душмани”, ўзининг юраги касал экан, биз барини эшитиб келдик, – дейишган.

Иккинчи жаҳон урушининг тамом бўлганидан буён етти-саккиз йил ўтса ҳам, мамлакатда текшир-текшир, туҳмат, қамоқ, қатағон деган бало тўхтаган эмас. “Халқ душмани”нинг зурриёти деган ноҳақ жазонинг муддати ҳам, чеку чегараси ҳам йўқ нарса экан. Биров-бировнинг изига тушиб, устидан ариза ёзса, ким бўлишига қарамай, аввало ишдан бўшатишади, сўнгра камчилигингни излашади. Матеке Жуманазаров ҳаёти ҳам урушдан кейинги йиллар давомида қил устида юргандай аҳволда эди. Улар бир отадан Матназар, Сайипназар, Шоназар исмли уч оғайни ботирлар эди. Шу йигитлардан Шоназар урушдан қайтмади. На ўлигидан, на тиригидан хабар бор. Бир кун бўлмаса, бир кун немисларга асир тушган, Ватанини сотиб кетган, деган хабар чиқиб қолса, нима бўлади? Оқсоқол эл бошқариб, яйраб-яшнаб юргани билан, шу хавотир эсига тушганида пешонасидан муздек тер чиқиб кетар эди. Бунинг устига қизини “халқ душмани”нинг боласига берди дейишиб, бўлажак куёвининг ҳам зотини суриштириб қолишса, нима бўлади? Қизинг Москвада ўқиётган бўлса. Келажакда, насиб бўлса, ундан умиди катта. Қорақалпоқ қизлари орасидан етишиб чиққан партия, совет ходими бўлса, деб ҳавас қилмайдиган ота борми, она борми? “Халқ душмани”нинг боласини партияга оладими? Партиясиз одам ўсадими? Оқсоқол мана шундай ўй-фикрларни хаёлидан ўтказган бўлиши мумкин-ку. Бу гап етмагандай, устига-устак “юраги касал” деб хабар етказишди. Ўша пайтларда негадир туберкулёз деган касалликни шундай аташган. Бурунги замонларда ота-бобомиз бунинг отини “жингишке” деган. У билан оғриган одам ингичкалашиб, ориқланиб ўлган. Оқсоқол бундан унчалик қўрқмаган бўлса керак, сабаби, Болзода онанинг айтишига қараганда, Амет Шомурадов шоирни яхшилаб текширтирган, ундай касалнинг йўқлигини, анча йиллар аввал ўпкасининг қобиғи шамоллаганини, уни ҳам Кавказнинг сувлари, тоғ ҳавоси билан даволатиб юборганини айтиб, тушунтирган…

* * *

Фикрлаётган ёш ижодкорнинг кўнглида учаётган самолётнинг қанотлари остига урилган ҳаво оқими қаршилигидай исён тўлқинлари босилмаётган эди. Вақт деб аталадиган қудрат одамни аста-секин даволаб, ҳаётни ўз қолипига жойлайди. Совийсан, фикрларинг бир тўхтамга келади, теранлашади, шууринг тиниқлашади. “У мендан ҳам зийракроқ, орчил одам. Ўйланиб, фикрларини жамлаб олган бўлса керак”, деб ўйлади Ибройим. Олдинда нима кутмоқда? Кетганидан буён хат ёзмади. Учрашув қалай бўлар экан? Шундай хаёллар билан тусмоллаб кун кечириб келмоқда. Севгилисининг юраги беғуборлигига, муҳаббати чин эканига ишонади. Дунёда уларни ажратадиган куч йўқ эканини сезади гўё, шу туришда бўлмағур хаёлларга берилганига кулиб қўяди.

Самолёт Москва аэропорти узра пасаяётган вақтда иллюминатор ортида қоронғу тушиб, шаҳар чироқлари милтираб нур сочар эди. Ерга қарасанг, осмондаги сон-саноқсиз юлдузларнинг барини шаҳарнинг устига сочиб юборгандек – самолётнинг ости юлдуз, усти юлдуз, гўё юлдуз тўла икки осмон ўртасида учиб келаётгандай бўласан. Ҳар кишининг бир юлдузи бўлади дейишади. Болалигида оқшомлар юлдузларга боқиб, уларнинг ичидан энг яхшисини танлар эди. “Менинг юлдузим энг баландда, менинг юлдузим энг ёруғ”, дер эди. Ўзининг ўша хаёлларидан уялмайди. Аксинча, йилдан-йилга бу беғубор хаёлларига ишончи ортади. Ҳозир ерда порлаб турган юлдузлар ичида энг чиройлисининг олдига боради. Унинг нафас олишларини ҳис этади, лабларидан таралаётган ҳовурни бўйнига иссиқ текканини сезади, уни қўли билан ушлайди, унинг нурларига юзларини ювади…

Москвада илк кеча Дўстжонбой дўстининг уйига қўнди. Марат – Сирожиддин билан Ўсарбойни олиб келди. Бир-бирига қушдай талпиниб юрган дўстлар дийдорлашди. Дўстжонбой Носиров Мўйноқ тарафларда туғилиб-ўсган йигит. Амет Шомурадов олий партия мактабида ўқиган йиллари кўпгина саводли, илмга чанқоқ йигитларни катта олимлар билан таништирган эди. Профессор Сергей Толстов Дўстжонбойнинг тушунчаси кенг, рус тилини яхши биладиган, келажагидан умид қилса бўладиган йигит эканини пайқаб, ортидан эргаштирган. Дўстжонбой ҳам унинг аспирант қизи Лада билан севишиб, уйланган. Сўнгра у тил илмининг диалектология соҳаси, Лада Сергеевна эса тарих, этнография бўйича илмий изланишлар олиб бориб, “Фарғона водийсидаги қорақалпоқлар” номли йирик илмий тадқиқот ёзди. Амет ва Айимхон Шомурадовалар бу келинга бурундуқ ота1717
  Бурундиқ ота – яқин қариндош оилалар ёш келиннинг олдига чиқиб, унга ота-она тутинишади. Бундай одат ўзбек халқида ҳам бор.


[Закрыть]
, бурундуқ она бўлган эди.

Бизнинг халқда бу одат кўп асрлардан буён давом этган. Қадимги замонларда овуллар бир-биридан олис жойлашган, денгизни ёқалаб, дарёнинг икки қирғоғидан қўним топган халқ сув йўли ёки яёв, топгани от-эшакда бир-икки кун йўл юриб, борди-келди қилган. Турмушга чиққан қизлар тўй ё бирон маросим бўлмаса, уч-тўрт йиллаб ота-онасининг уйига бора олмаган. Ана шундан келиб чиққан бўлса керак, олис овулга тушган қизга далда бўлиб, келин бўлиб тушган жойидан жабр кўрса овутиб, яраштириб, кўз-қулоқ бўлиб турадиган ота-она сайланган. Бундай ота-оналикка куёвнинг қариндошлари ичидан Худони ўртага қўйиб, одамгарчилиги юқори, обрўли, ҳурмат-эътиборли эр-хотин танланган. Улар никоҳдан ўтган йигит ва қизнинг бурундиқ отаси, бурундиқ онаси деб аталган.

Шеърият ва насрда танила бошлаган Ўсарбой Хўжаниязов Максим Горький номидаги адабиёт институтида ўқиётганди. Ёш йигитлар алламаҳалгача раҳматли Амет ва Нажим оғаларини эслаб ўтиришди. Уларнинг ибратли ҳаётини, ўз халқининг маданияти, адабиётини халқаро миқёсда юксалтира оладиган улуғ олимлар эканини, қорақалпоқ халқининг ҳақиқий ўғлонлари бўлганини, шунингдек, ўзларига кўрсатган ғамхўрликларини хотирлаб, узоқ гурунглашдилар.

– Ўтган йили Нажим оғанинг уйига ўғри тушганини эшитдингизми? – деб сўраб қолди Сирожиддин.

Ўтирганларнинг ҳеч бири эшитмаган экан. Овулда юрган Ибройим ҳам бехабар бўлиб чиқди. Бунинг сабаби бор эди. Сирожиддин Нажим Давқораевнинг фарзандидай эди. 1953 йилнинг бошларида кандидатлик ишини битказиб, ҳимоя арафасида илмий оппонент керак бўлди. Давқораев уни Ўзбекистон Фанлар академиясининг аспирантура бўйича бўлим бошлиғи Содиқов ҳузурига юборади ва ҳар эҳтимолга қарши дўсти Ғафур Ғуломдан ёрдам сўраб, хат ёзиб беради. Содиқов ёш йигитни тинглаб бўлгач, атоқли шоирга қўнғироқ қилади:

– Сизга Давқораевнинг шогирдини юбораман, қўлида салом хати бор экан, – дейди.

Шундай қилиб, Сирожиддин Бешёғочдаги Арпапоя кўчаси, биринчи уйга келса, шоир Ғафур Ғулом уйида экан.

– Нажим ҳақида бўлмағур, ифлос гапларни ёзган анави куспуруш (А.Сабицкий)нинг соқолини юламан, – деб қаттиқ ғазабланган шоир. – Ўғлим, сен Тошкентда қаерга қўндинг?

– Таниш талабаларнинг уйига бораман.

– Унда гап бундай, бу ерда икки-уч ой бўлишингга тўғри келади. Мана бу хонага каравот қўйиб беришади. Бизникида тураверасан, – деб Муҳаррам янгага тайинлайди. Шу билан ёш олим баҳоргача улуғ шоир Ғафур Ғуломнинг бир ўғлидай бўлиб, уйида яшайверади.

– Менинг илмий раҳбарим Нажим Давқораев, расмий оппонентим эса, Ғафур Ғулом, – деб Сирожиддин кези келганда мақтаниб юрар эди.

– Ана энди бизга ўғри ҳақида гапириб бер, – деди Ўсарбой.

Бу хунук воқеа ҳамма учун янгилик эди. Чунки Давқораев бу ҳақда ҳеч кимга тиш ёрмаган эди.

– Ўғри чошгоҳда, ҳамма ишга кетган пайтда тушган. Туш вақти уйига келса, китоблари сочилиб ётибди. Ўғрилар ағдар-тўнтар қилиб, ҳеч нарса топа олишмаган. Ўзи ёзувчи, атоқли олим бой бўлса керак, деб ўйлагандир. Ҳеч нарса тополмагач аччиғи чиқиб, китобларни ҳар тарафга улоқтирган, жавонларни тепиб, синдириб кетибди. “Бизнинг уйдан китобдан бошқа нима топарди, қўлёзмаларга келиб юрган биров бўлмасин?!” – деган экан Нажим оға.

Қорақалпоқ адабиётининг иккита улкан чинори ҳақида эслагудек қизиқарли воқеалар, ҳали айтилмай юрган, ривоят бўлгулик гаплар кўп экан, бари эсланди. Гурунг қизигандан қизиб, мавзу Марказда юз бераётган воқеаларга ўтди. Доҳий (Сталин)нинг ўлимидан кейин сиёсий аҳвол бирмунча юмшаганини, одамлар шивирлашишни камайтириб, товушларини кўтара бошлашганини айтишди.

Ҳозир қайси адабий муҳитга борсанг ҳам, аввал усти беркитилиб, кўмилган воқеалар қалқиб чиқмоқда. Шу пайтгача Сергей Есенин ўз жонига қасд қилиб ўлган, ўлиши олдидан совет шоирига ёт бўлган “Досвидания, мой друг, досвидания” деган шеър ёзиб, уни:

 
В этой жизни умирать не ново,
Но и жить, конечно, не новей, –
 

деган тушкун сатрлар билан якунлаган, деб қаралиб келар эди. Энди эса, ўзи эмас, НКВДнинг қўлидан қатл этилган, дейишмоқда, – деди Марат.

Дўстжонбой ҳам айтаверайинми дегандай, хотини Ладага бир қараб олиб, Маратнинг сўзини давом эттирди.

– Ўша вақтнинг ўзида Есенинга:

 
В этой жизни помереть не трудно,
Сделать жизнь значительно трудней, –
 

деб жавоб қайтарган Маяковскийнинг ўзи ҳам ўз жонига қасд қилган-ку. Ҳозир ҳаммаси ошкор бўлиб кетган, – деб давом этди у. – Бизнинг институтдагилар Максим Горькийнинг ҳам яккаю ягона боласини ўлими уюштирилган, шунинг дардига чидай олмай, бир йил ўтар-ўтмас ўзи ҳам ўлиб кетди, деган гапни айтишмоқда.

– Бундай эркинлик узоқ давом этармикин?!

Ўсарбойнинг сўзидан кейин гап тўхтаб қолди. Йигитлар сўнгги вақтларда эшитиб юрган бундай сўзларга жуда берилавермай, чала қулоқ тутишарди. Ҳаммасининг кўнглида ҳам “Наҳотки, замон шундай давом этаверса?” деган ҳадик йўқ эмас эди.

Улар энди юрагидаги дарднинг оловини пасайтириб, гурунг мавзусини ўзгартира бошлашди.

– Эртага йигит оғаси бўлиб, Ибройимни Бибизоданинг ёнига олиб бораман, – деди Сирожиддин.

– Ибройим, сен Бибкани олиб кетгани келдингми?

– Ҳой, унинг ўқиши бор-ку, – деди Дўстжон хотинининг саволига жавоб бериб.

– Ўқиши бўлса, мана шу ерда турмуш қуришсин-да, бизнинг уйда бемалол яшайверишсин, – деди Лада, – жой ҳаммамизга етади.

– Сен буларнинг ҳеч бирини бу атрофга яқинлаштирма, бари кўзлари олайиб юрган бўйдоқлар, – деди Дўстжон ҳазиллашиб, – бу масалада бегона кишига ишониб бўлмайди.

“От туёғи тегмаган оқ қийиршиқ1818
  Қийиршиқ – гирдоб.


[Закрыть]
сувда бор, Лочин шунқор илмаган пари бутун қувда бор” деганни биласан-ку. Бу атрофга буларнинг товонини теккизма. – У кулимсираб йигитларга бирин-бирин қараб чиқди.

– Ўзим олиб бориб, эшигидан киргизиб юбораман, бошқа от ҳам, шунқор ҳам керак эмас…

* * *

Ибройим эртасига бўйдоқлар тугул Дўстжонни ҳам эргаштиргани йўқ. Шу кунларда Франческо Петрарканинг “Азобларда яшаш – менга мукофот” сатрини тез-тез эслар эди. Муҳаббат борасида ёлғизлик яхши. Бу кўпчилик билан битказиладиган “иморат” эмас. Шундай-ку-я, лекин севги деган нарса одамни бемор қилганидан ташқари ақлли ва қўрқоқ этиб, довдиратиб қўяр экан. Бироқ бугун довдирайдиган кун эмас, зиёратга боргандек тўппа-тўғри, билган калимангни ўқийсан-да, бораверасан.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации