Электронная библиотека » Шарап Уснатдинов » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Ибройим Юсупов"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:40


Автор книги: Шарап Уснатдинов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 38 страниц) [доступный отрывок для чтения: 11 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Бугун ўқиладиган, сўнгра ёзиладиган калиманинг режаси: узоқ вақтдан буён яшаб келаётган умид ва ишонч, олий даражадаги ақл-заковатнинг, ловуллаган юрак оловининг барча қурол-яроғини севги ғалабасига сафарбар қилишдан иборат…

Москва давлат университети ётоқхонасининг бешинчи қавати. Йўлакдан чапга қараб бурилганда энг биринчи бошланган хонанинг эшиги қоқилди. Бировни интизорлик билан кутиб ўтирган бўлса керак, бўянган, ясаниб кийинган бир қиз эшикни кенг очиб, югуриб чиқди. Кутилмаган меҳмонни кўриб, ранги ўзгариб кетди.

– Сизга ким керак?

Йигитга ким керак эканини билгач, эшикни қандай очган бўлса, шундай тез ёпиб:

– Бибизода, сени сўраб келибди. Шу сенинг йигитингми ёки оғасими? Тез бизга айт! – деб қизларнинг чувиллашгани ташқарига аниқ эшитилди.

Сенинг феълингдаги беклигинг, замонавийча айтганда, аристократлигинг, сабрлилигинг билан вазминлигинг бундай пайтларда бир пул. Йигитнинг қулоғига бир дурсиллаш эшитилди, бу юрак уриши эди. Кейин эшитилмай қолди. Қаёқда, нега тургани ҳам унутилди. Манов жаннат эшиги очилиб, бир гўзал хилқат нур сочиб чиқиши керак…

Эшик куч билан чўзилган резинадай секи-и-ин очилди.

– Вой! Сизми?!

Бу сўз резина эмас, ўқ тезлигида айтилди. Юзларига қон югуриб, кўзлари яшнаб кетди. Эшик аста очилгани билан, “шарқ” этиб тез ёпилди.

Ибройим қизга гулдаста берди-да, икки қўлининг устидан қовуштириб ушлади. Миясида яшин чақнагандай бўлди. Бундай ҳолатда одамдан-одамга ўтадиган энергиянинг миқдорини, кучини ўлчайдиган асбоб ҳали кашф этилган эмас. Куч бир тарафга қараб йўналган эмас, икки томондан бир-бирига қўшилиб, аралашиб, икки кишининг аурасини тумандай қуршаб, уйғунлашиб турадиган бўлиши керак. Қиз секин қўлларини бўшатиб ола бошлади. Икковининг ҳам бир неча лаҳза йўқолган эс-ҳуши ўзига қайтди. Қиз: “Мен ҳозир!” – деди-да, ортига қайрилиб, ичкарига кириб кетди.

Эшикнинг навбатдаги очилиши анча чўзилди. Йигит ўйлаб кўрса, энг эшик олдида қоққан қозиқдек туриб кутишдан қийинроқ азоб йўқ экан. Вақт қанча чўзилса ҳам, эшик қачондир бир вақт очилишини биласан, энди аввалгидек энтикиб турмайсан, шунчаки, деворни суяб, бўм-бўш “бекорчи” бўлиб қоласан. Бундай ҳолатда одамнинг икки қўли ҳеч қаерга сиғмайди. Қўлларини силкиб, нари-бери юра бошлади, барибир қўли жойлашмади. Шу орада эшик очилди. Ҳалигидек эмас, ишончли, кенг қанот ёйиб очилди. Кийинган, бўянган, қўй кўзлари кулимсираган бир гўзал остонада пайдо бўлди.

– Сизга қизлар салом айтишди, – деди яна “сиз”лаб.

– Кўп яшасин, бахтли бўлишсин! – деди кекса одамлар дуо қилганидек самимий ҳазиллашиб.

– Шунақасиз-да, йигитингнинг оғасими, дейишмоқда.

– Отаси экан, демадингми?

Иккиси ҳам хохолаб кулишди.

– Қизлар эртага кечга таклиф қилишмоқда. “Тайёрланамиз, қорақалпоқ халқи “Пушкин”ининг ҳурматини жойига қўйишимиз керак”, дейишмоқда.

– Менинг кимлигимни айтиб қўйибсан-да уларга.

Бу сафар иккови ҳам қотиб кулишди, товушлари ичкарига эшитилган бўлиши ҳам мумкин.

– Кетдик, – деди қиз унинг тирсагидан ушлаб.

Улар қўлтиқлашиб, аста қадам босиб бораётган шаҳар кўчалари шовқин-суронли, овлоқ ери оз, ўз йўлида шошилиб кетаётган одамлар тўлиб-тошиб оқиб бораётган дарёдек тўлқинли, улар туғилиб-ўсган юртга солиштириб бўлмайдиган, афсонавий эртаклардагидек чеки йўқ шаҳар. Бироқ улар чор-атрофга умуман назар солмайди, дунё билан иши йўқ.

Кун анча совуқ эди. Қорақалпоқ овулида бундай об-ҳавони “шимири аяз”1919
  Чимчийдиган аёз.


[Закрыть]
деб атайди. Куз билан қишнинг ўртасида сал енгилроқ кийим керак бўлади. Бундай либоси йўқ одамлар бирдан қишки қалин кийимга ўтиб кетишади. “Ўз қадрини билган йигит топганига дастлаб кийиниб, ундан қолганини бошқа харажатга сарфлайди”. Ибройим дўстларига шу сўзни айтиб, панд еган пайтлари ҳам бўлган, лекин нима бўлганда ҳам у “султон суягини хўрламайдиган” йигит. Институт ректори Москвага бориб келасан, деганидан бошлаб ана шу жиҳатларга тайёргарлик кўрди, шунга қарамай, қўлтиқлашиб келаётган мана бу жуфтликнинг иккиси икки шаҳарнинг одами эканини кийимларидан пайқаш мумкин эди…

Бугун қафасдан чиққан булбуллар озод сайр этишди. Чор-атрофда халқ шунчалик гавжум эдики, лекин улар тўқайда юргандек бемалол эди. Кўриб қоладиган, танийдиган, тортинадиган одам рўпара бўлишидан хавотир мутлақо йўқ. “Бозорда минг киши бор, биров билан бировнинг не иши бор, ҳар ким ўз танишига салом беради”, деган ҳолатнинг ўзи эди. “Шаҳар сеники, биз саёҳатчи”, – деди Ибройим қизга. Лекин саёҳат қилиб, диққатга сазовор жойларни томоша қилишга ҳафсала йўқ. Дийдорга интизор бўлган кўнгилларга висолдан ўзга ҳеч нарса сиғмайди. Муҳаббат достонининг бахтли якуни ҳассос оҳангда янграш учун етилган эди. Қўлни-қўлга берадиган, ваъдага вафо қиладиган кун яқин келди…

– Бу ерда ўқигим келмаяпти, овулга қайтаман.

Қиз бу гапни барини ҳал қилиб қўйгандай узил-кесил айтди. Йигит ялт этиб қаради, бироқ нигоҳлари ишонмайроқ боқди.

– Ёки институтингизда катта амалдорларнинг қизи ўқиши мумкин эмасми?

– Нега мумкин эмас, “яхшининг ётга кетгани” кимга ёқади…

9

Эълон қилинганига бир йилга яқин вақт бўлган “Ёзувчилар съезди олдидан” мавзусидаги муҳокамани якунлаш вақти келди. 1954 йил август ойининг биринчи ярмида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг III съезди бўлиб, адиб Абдулла Қаҳҳор уюшма раиси лавозимига сайланди. Нукусда ҳам ҳамма нарса тайёр турган экан, бир ҳафтадан кейин бўлиб ўтган съездда Хўжабек Сейтов қайта сайланди.

Келгуси йилга келиб адабий жараён анча жонланди. Республика газеталарида ойма-ой адабиёт саҳифалари бериб борилди. Айниқса, адабий танқид ва адабиётшунослик бўйича бир қатор мақолалар чоп этилиб, ахборотлар берилди. Шоирлар, ёзувчиларни ковлаштириб, қамчилаш кучая бошлади. “Қизил Қорақалпоғистон” газетасининг янги йил сонида берилган ўртоқлик ҳазилида:

 
Ёзувчимиз Бабош, Сафар,
Ибройим ва Йўлдош ҳам бор.
Сўнгги вақтда билмадик-ку,
Не ёзмоқда бу талантлар?! –
 

деган шеърий сатрлар босилди.

Адабиётшунослик ҳам адабий танқид ва тақризларда ўзгаришлар сезила бошлади. Адабий синчи ва тадқиқотчилар сафига Марат Нурмуҳаммедов, Сирожиддин Аҳмедовлар салмоқли илмий мақолалари билан кириб келди. Бердақ асарлари ҳақидаги мақолаларнинг характери, адабиёт назарияси, адабий алоқалар, бадиий адабиётнинг ўрни ва аҳамияти каби масалаларга янгича муносабат шаклланди, адабий-эстетик қарашлар янгилана бошлади.

Ана шу ўзгаришлардан уч-тўрт йил бурун Бердақ шоир вафотининг ярим асрлиги муносабати билан ўтказилган хотира кунларига Тошкентдан Уйғун, Миртемир, Асқад Мухтор, Султон Акбарий каби таниқли ёзувчилар келиб, адабий алоқаларни анча жонлантириб кетишган эди. Шоир Миртемир Қорақалпоғистонга илк бор 1938 йили келган бўлса, шундан сўнг тез-тез қатнайдиган бўлди. Унинг “Қорақалпоқ дафтари”га кирган шеърлари ана шу ижодий сафарларнинг самараси эди. Шоир, айниқса, халқ достони “Қирқ қиз”га шайдо бўлиб, бир келганида тўрткўллик Қурбонбой жиров билан учрашди. Энди у ўша достонни ўзбек тилига таржима қилишга киришди. Мана шундай адабий карвон катта йўлга чиқаётган эди.

Ўша йилнинг 24 сентябрь кунги “Қизил Қорақалпоғистон” газетасида Марат Нурмуҳаммедовнинг Генжамурод Есемурадов билан ҳаммуаллифликда ёзилган “Бердақ ҳақида янги маълумотлар” номли мақоласи эълон қилинди. Бу эса, икки кундан сўнг бошланадиган халқаро конференция олдидан жар солиш эди.

Конференцияга кўзга кўринган олимлар Толстов, Баскаков, Юдахин, Жданколар қатнашди. Гуркираб чиқиб келаётган ёш истеъдодлар Бабош Исмоилов, Дўстжонбой Носиров, Марат Нурмуҳаммедов, Сирожиддин Аҳмедовлар тил илми бўйича, асосан, Бердақ шоир ижодиётини қайта тиклаш, янги тадқиқотлар билан тўлдириш бўйича илмий қарашларни илгари суриб, шоир асарларининг халқчиллиги, бадиий юксаклиги ва ғоявий мазмунини очиб беришди.

Тошкентдан ҳалиги “Нажим Давқораев тўғрисида бўлмағур, ифлос гапларни ёзган анави куспуруш (А.П.Савицкий) нинг соқолини юламан” деган сўзида туриб, академик шоир Ғафур Ғулом Абдураҳмонов ва Решетовлар билан келиб, Бердақ бобо ва Давқораевнинг устиларига ёғдирилган тошларни силкиб, қоқиб ташлади.

Улуғ шоир асарлари ҳақида туҳматга тўла мақолалар ёзган А.Савицкий, И.Ефимов, Д.Сонычев, Н.Наренов ва бошқа муттаҳамларнинг бебошлигига чек қўйилди. Конференция 1956 йили Бердақ асарларининг икки жилдлигини нашр этиш ҳақида қарор қабул қилди…

Дам олиш куни эди. Ибройим тушлик вақтида қўлидаги қаламнинг қоғоз юзидаги шитирлашинигина эшитиб, ёзиб ўтирганда Бабош кириб келди. У энди бурунгидек “обком” эмас, республика ёшлар газетасининг муҳаррири эди.

– Кел, – деди Ибройим кўнгил хонасининг эшигини дўстига кенг очиб, – сал бўлмаса, тушликсиз қолар эканман. Келганинг яхши бўлди.

– Тузуксан-ку! Кўринишинг ҳам ўртача, унчалик ёмон деб бўлмайди.

– Сеники билан бир хил…

Шу кунларда икки дўстнинг ҳолати ўхшаш, биров-бировига “ичини ёргудай” аҳволда эди. Бабошнинг юз-кўзи, юриш-туришидан пайқаш қийин. Унинг қалин қошлари остида ҳамиша кулимсираб турган кўзларидан хафагарчилик белгиларини ажратолмайсан. Худойимнинг ўзи унга шундай кўз берган. Ғазабланганда бу кўзлар қандай боқади, буни кўрган одам оз.

Улар Ибройим иккови кўп белгилари бўйича бир-бирига ўхшаш. Фарқи: Бабошнинг унча-мунчага жаҳлини чиқариш қийин. Дўстининг унга берган бир таърифи бор.

– Бабош бизнинг овулдаги Арзимбет охунга ўхшайди. Бир куни охуннинг оти бўшалиб кетиб, қўшнисининг тўрт қулоқ бўлиб ўсган қовун ниҳолчаларини еб, полизни қийратибди. Шунча қилган меҳнатига куйган деҳқон чидолмаганидан “ҳе, сенинг …” деб сўккан сайин охун унга қараб “Астағфуруллоҳ! Астағфуруллоҳ! Шу айтганингиз ўзингизга бўлавергай, чироғим. Ўзингизга бўлавергай” деб тураверган экан. Бизнинг Бабош ҳам худди шундай.

Ибройим эса, узоқ чидаб туролмайди. Тик қараб бир жеркиб беради, ё бўлмаса, заҳарханда писанда билан “майириб” ташлайди.

Ибройим тушлик тайёрлаш учун ташқарига чиқиб кетди. Бабош унинг қўлёзмаларини кўздан кечириб, ҳали сиёҳи қуримаган шеър сатрларини ўқий бошлади.

 
Армуз сойнинг бирам оқиши яхши,
Сой бўйи гул билан ёқиши яхши.
Марко Поло билан роса мақтанган
Навбаҳор қизининг нақши яхши.
 
 
Нақшнинг гўзаллиги гўзал Баҳордан,
Чиқдим гул сайлига эрта саҳардан.
Майсалар ичинда бир туп қизғалдоқ,
Кумуш сой бўйида ярқ этди бирдан.
 
 
Хаёл овлагандай олтин балиқни,
Сойнинг суви билан ишқим ошиқди.
Қизғалдоқ деганим, қўл чўзиб кўрсам,
Қизил кўйлак кийган қиз бўлиб чиқди.
 
 
У айтди: “Ҳой, йигит, қўлинг торт, сақлан”.
Мен айтдим: “Гулсевар қорақалпоқман”.
У айтди: “Бир нима чалиб бер унда,
Хоҳла Маҳтумқули, хоҳла Бердақдан”…
 

Бу сатрларни ўқиб, Бабош ҳаяжонланиб кетди. Дўстининг ҳар янги шеърини, янги топган ташбеҳларини ўқиганда шундай ҳайратланади. Чин юракдан чиққан шеър нақадар самимий, нақадар оддий. Шу “оддий” деган сўзни фақат Ибройимнинг шеърлари ҳақида айтгиси келаверади. Унинг шеърларини ўқисанг, кўп ўйланиб ўтирмайсан, шеър сатрлари юрагингни тўлқинлантириб, руҳингни забт этади. Шоирми, деҳқонми, ким ўқиса ҳам тушунарли. Хоҳласанг уни қора сўздай – оддий гапдай қилиб ўқи, шеър сатрларида қофия учун мажбурлаб олиб келинган ёхуд ортиқча сўзлар йўқ. Бир қатор тугул, бир сўзни алмаштириб юборсанг, шеърнинг лирик қаҳрамони Ибройим бўлмай қолади. Шоша-пиша яна шеър ўқишга шўнғиди.

 
О, Баҳорнинг қизи, осмонда ойим,
Кумуш қалпоғингга қубба бўлайин.
Агар ҳавас қилсанг менинг созимни,
Оламўйноғим 2020
  Оламўйноқ – қорақалпоқ миллий дуторининг бўйни оқ нақшли бўлади. Шоир оқ бўйинли дуторимни, демоқчи.


[Закрыть]
ни қўлга олайин.
 
 
Анойи қалпоқ деб ўйлама, жонон,
Гўрўғли оғамга ҳамдам бўлганман.
Бироқ туркман қизи хушовоз келар,
Мен ҳам бир олдингда берай имтиҳон.
 

Болалигида туркманлар билан чегарадош, Манғитнинг “Кийик кўпир” овулига қадар бўлган масофада ўйнаб ўсган йигитнинг юрагига Армуз сойлари, Баҳорден овули, Катин (қизил) кўйлак, туркман қизларининг қалпоғидаги кумуш қубба, Гўрўғли ботирлар яқин эди. Бу сатрларни ўқиб, ўз овулига боргандек бўлиб қолди.

Бундан икки йил аввал Нукусда дунёга донғи кетган туркман гиламларининг кўргазмаси ўтказилган эди. Айтишларига қараганда, ўша йиллари Туркманистонда йигирма минг гилам тўқувчи бор экан. Қадим замондан буён Шарқ ва Ғарб мамлакатларининг подшолари, ҳукмдорлари, императорларининг кўпчилиги ўз саройларини туркман гиламлари билан безаган. Хива хонларининг бири Эронга борган вақтида ўз қўл остида тўқилган, дунёда тенги йўқ туркмани гиламни кўриб, ғазабланиб кетган экан…

“Гилам тўқувчи аёл ҳақида достон ёзмоқчи бўлиб юрган эди, – деб ўйлади Бабош, – манави сатрлар шунинг бошланишига ўхшайди”. У ўтган йили Ибройим маданият ходимлари билан бирга Ашхабодга ўзи талабгор бўлиб кетганининг сабабини энди билди.

Ибройим хонага кириб келиши билан Бабош ўзини қўлёзмаларга тегмагандек кўрсатди. Бу пайтда қуйидаги сатрлар оқ қоғоз бетида ўқилмай қолган эди.

 
Карбалонинг кийигидай силанглаб:
Эрсарининг гўзал қизи бўй етди.
Бироқ уни қалин мол бериб, танлаб,
Бир ёвмит сардори олди-да кетди.
 
 
Ҳўкиз босиб муҳаббатнинг гулларин,
Синди тўлмай ёш умрнинг косаси.
Хўрлик билан ўтди аёл кунлари,
Кўролмади ўз отасин, чечасин, –
 

деб бошланувчи гилам тўқиш санъатининг моҳир чевари бўлган ёш келинчак бойбичанинг кечаю кундуз гилам тўқиб, ипакларни орзу-армонлари қони билан бўяб, нақшга солгани ва ўлгунча тақдир азобини чекиб яшагани ҳақидаги, кейинчалик миллий адабиётга “Гилам тўқувчи аёл ҳақидаги ҳақиқат” деган ном билан кириб, энг қимматбаҳо дурдонага айланган достоннинг бошланғич қаторлари оқ қоғозда сайраб турар эди.

Бабош сўнгги вақтларда дўстининг бошига тушган руҳий тушкунликка малҳам қўйиб, озгина бўлса ҳам кўнглини кўтаришга келган эди. Ибройим эса, Бабошдан ҳол-аҳвол сўрамай қўйганига анча вақт бўлди. Дўстининг муҳаббати бир дамда, осонгина ҳал бўлди. У бировга турмушга чиқиб, ажрашган бир жувонга уйланди. Бабошнинг кўнглида бугун, агар Бибизода билан оралари аниқ чигаллашган бўлса, Ибройимдан умид қилиб, бошқаларнинг оҳу зорин қабул қилмай юрган Маралнинг масаласи ҳам бор эди…

Ибройимнинг кўнглида бу умидсизликдан келиб чиққан тушкунлик у Тошкентга сўнгги бор бориб келгандан кейин пайдо бўлди.

– Ҳалиям ўзгариш йўқми? – деб аста сўради Бабош.

– Мени камситишларига чидай олмайман. Бу ҳаммасидан оғир экан.

– Қизнинг ўзи сени камситаётган бўлмаса керак, ахир?!

– Криловнинг “Бўри билан қўзичоқ” ҳақидаги масалидагидай ўзи бўлмаса, унинг уруғ-аймоқлари…

У ногаҳон қиҳ этиб кулиб қўйди.

– Деярли олти йил давомида ҳар бир ғишти битталаб терилган муҳаббат саройи деворини қулатиш – менинг ҳаётимдаги энг катта кулфат бўлади.

– Ибройим, – деди Бабош, дўстига тикилиб қараб, – мен иккингизни ҳам яқиндан билганим учунми, кўнглимда шу девор ҳечам бузилмайдигандек бўлиб туюлади, “… ақл ўшанда” дегандай камситганларнинг ҳам ақли кириб қолар…

1954–1955 ўқув йилининг дастлабки ойларида тошкентлик талабалар пахта йиғим-теримига сафарбар этилиб, “оқ олтин” хирмонига ҳисса қўшаётган бир пайтда Москва университети студенти Жуманазарова Бибизоданинг ҳужжатлари Ўрта Осиё давлат университети (САГУ)га келиб тушган эди. Энди пахта терими тугагач аудиторияга бориб ўтириб, дарсда қатнашаверадиган бўлиб буйруқ чиққан. Масофанинг яқинлашганидан қувонган шоир янги йил олдидан Тошкентга етиб келди. Йигитни бу аҳволга олиб келган ана шу учрашув эди.

Қиз совуқ сўрашди. Тошкент кўчаларида юрганда йигитга унчалик рўйхушлик бермади. Унинг гапларини эшитмади, эътибор бермади. Театрга чипта олиб, кираётган пайтда бирдан айниб, “Эртага имтиҳоним бор”, деб кетиб қолди. Шоир орадан ҳеч қанча вақт ўтмасдан ёзган, бироқ бирзумда бутун элга шамолдек тарқалиб кетган “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг” шеърида бу воқеаларни шундай тасвирлаган эди.

 
ТошДУ десам, дарҳол тушади эсга,
Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг…
Тўғри самолётдан тушдим-да, кечда
Ётоқхонангизнинг эшигин қоқдим.
 
 
Нукусдалигингда мени ҳар кунда,
Ҳатто ҳар соатда соғинар эдинг.
Ушбу дамда мени кўриб Тошкентда,
Зўрға мийиқ тортиб: “Сенмисан?” – дединг.
 
 
Гулшанда очилган бир атиргулдай
Чиройингга чирой қўшган экансен.
Қувончимни қандай айтишим билмай,
Ютиниб, термулиб қарайвердим мен…
 
 
Қўлтиқлашиб кетдик катта йўл бўйлаб,
Жим бораётирмиз. Кулиб қўясан.
“Жоним, айт, хаёлга толдинг не ўйлаб?
Эртан учрашармиз қаерда, қачон?”
 
 
“Эртан қўлим тегмас… Имтиҳоним бор…” –
Дединг менга айёр сузиб кўзингни.
Навоий театри халқ билан қайнар,
Одамлар ичига урдинг ўзингни.
 
 
Зар кўйлак нур сочиб ёнар устингда,
Ногаҳон: “Кечиргин, тобим йўқ…” – дединг.
Сўнг мармар зинадан тезда тушдинг-да,
Кетдинг… Мен сен учун бегона эдим.
 
 
Сўнгги “Казбек”имни олиб тутатиб,
Узоқ тентирадим Анҳор бўйинда.
Мажнунтол шохлари сувларга ботиб,
Сенинг сочларингни солар ўйимга.
 
 
ТошДУ десам, мудом тушади эсга
Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг.
Сенга энди қайтиб халал бермасга
Бел боғлаб, жонимни ўтларга ёқдим.
 
 
“Кел”, – деб чақиради очиқ ойналар,
Боғлар: “Кел, йигитим, қайғурма”, – деяр.
Юрагимни тирнаб йиғлар “Тановар”,
Япроқларни тинтиб шамоллар куяр.
 
 
ТошДУ – илм боғи, ёшлар дўстлиги,
Қанча кўнгилларга нур берар ёғдунг.
ТошДУ – минг-минг йигит-қизлар ёшлиги,
Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг 2121
  Шеър таржимаси бизники – Р. М.


[Закрыть]
.
 

Қиз ўқишни Тошкентга ўзгартирган вақтда унинг олдига қатъий бир шарт қўйилган эди. “Сен шоир йигитдан биратўла қўлингни тортасан. Биз айтган одамга тегасан. У Тошкентда ўқияпти. Ўзи ҳам, оиласи ҳам бизга маъқул тушди. Сен билан бир вақтда ўқишни битказади. Қишлоқ хўжалиги соҳасининг бош бармоқдай инженери бўлиб чиқади. Келбати, кўркамлиги ҳам сенга муносиб”.

Ибройим ўша куни папирос чекиб ўтириб, бултур қишдаги Москва учрашувини қайтадан кўз ўнгидан ўтказди. Ўшанда “501-рақамли хона” деган шеър ёзиб, Бибизодага бериб кетган эди.

МГУнинг ётоқхонасида улар еттита қиз бирга туришар экан. Бибизоданинг йигитини меҳмон қиламиз, деб астойдил тайёрланишган. Дастурхон турли ширинликлар билан тўла, “Совет шампани” ўртада савлат тўкиб турибди. Айниқса, тожик қизи Чеҳраизоданинг Панж тоғларидан келтирган олмаси билан анорининг ҳашамати бир дунё.

Ибройим: “Бу ерда “Етти гўзал” достонининг қаҳрамонлари яшар экан-ку”, – деб ҳазиллашгандан кейин шеърият ҳақида суҳбат бошланиб кетган эди.

– Мана бу Тиранали Хаджира деган дугонамиз, – деб таништирди Бибизода. – У фақат Пушкинни севади, кечаю кундуз шуни ўқийди. У йўқ, ўлган, десак, “Ўлмаган!” деб бақиради.

Ибройимга эстониялик Лидиа деган қиз жуда ёқиб қолди, болалар адабиётининг ўқитувчиси бўлган экан, у билан дарров эстон халқ эпоси “Калевипоэг”ни эслашди. Калевипоэг ботирнинг қаҳрамонликларини айтишди. Жуда ажойиб кеча бўлган эди. Қизлар: “Бибикани ҳозир олиб кетаман десанг, узангингни босиб қоламиз”, – деб унинг кўнглини кўтаришган эди. Эртасига ўша шеър ёзилди. Унинг ҳар бир қатори кечагидек эсида.

 
МГУнинг ётоқхонасида
Лоф эмас минг хона бор даса.
Аммо унда беш юз биринчи
Рақамли бир хона ўзгача.
 
 
Бир, икки, уч…
етти “койка”нинг
Тушига етти гиламча кирган.
“Етти гўзал” поэмасининг
Қаҳрамони яшар бу ерда.
 
 
Гўзал Нина олис тайгада
Қарағайзор оралаб ўсган.
Тожик қизи Чеҳраизода
Бамисли Панж олмаси пишган.
 
 
Тиранали Хаджира тентак
“Мен Пушкинни севаман”, дейди.
Ян Гу Фей “Как дело” десак,
“Корошо”, деб кулимсирайди.
 
 
Еттинчи қиз Аму юлдузи,
Бундай айтсам, менга овулдош.
Ҳой, қўй қўзли қорақалпоқ қизи,
Отинг айтсам, сирим бўлгай фош…
 

Ўша сафар ҳам шеърида қизга бўлган ўпка-гинасини билдирган жойлари бор.

 
Зор келаман ҳар йили нуқул,
Оз ёзасан, бу ҳам бир азоб.
Ўқийсан-ов сен яна уч йил,
Ўқишларинг бунчалар узоқ, –
 

деб яна уларни овутувчи, дўстликка чақирувчи, руҳлантирувчи сатрларни келтириб:

 
Етти гули етти хил ернинг,
Гуллаш, дўстлик тилайман сизга.
Барчангизни мен яхши кўрдим,
Ошиқман лек бировингизга… –
 

деб якунлаган эди.

Тошкентда Бибизодани университетда ўзи билан бир курсда ўқиётган овулдошлари Боғдагул Камолова, Айтгул Шилмонова, Гулзабира Сапарова, Сабирхон Айтмуродова деган қизлар ўраб олиб, ўз сафларига қўшди. Ўзидан кейинги синглиси Ҳамзода ҳам ўша ерда ўқиётган эди. Ётоқхона каравотлари икки қаватли, бирининг устида бири, икки кишилик экан. Уни одам сони оз, аксарияти рус қизлар бўлган хонага жойлаштиришди. Бибизода тез кўникиб кетди.

Ҳадемай танишлари кўпайиб, эшитган овулдош қизлари излаб кела бошлашди. Қизлар тугул, йигитлар ҳам бот-бот айланиб келишар, Москвадан келган оққува, сочи бўксасига тушадиган, феъли камтар қизнинг оти-овозаси Тошкент бўйлаб тарқала бошлади.

Боғдагул билан Айтгул бир гал ТашМИда ўқиётган қизларникига қидириб боришганида:

– Сафингизга бир янги қиз қўшилибди. Қалай, одам билан тузукроқ гаплашадими ўзи? – деб сўрашибди бўлажак шифокор дугоналари.

– Нимасини айтасиз, қизлар. У келгунича бизлар ҳам анов-манов эмас, қорақалпоқнинг энг сулувларимиз, деб юрган эдик. Орамиздан Боғдани биринчи ўринга чиқариб қўйган эдик. Бибизода келгандан буён бу ҳам иккинчи ўринга тушиб қолди, – деди Айтгул ростдан.

– Вой, жудаям ошириб юбординг, бизнинг Боғдадан ҳам сулув қиз борми?

– Бор экан, – деди Боғда. – Қиз эмас, Тошкентда бир ой пайдо бўлди, қора кўзлари ҳамиша кулиб туради. Феъли жудаям яхши экан, уни ёмон кўришинг мумкин эмас, ниҳоятда тартибли, одобли. Унинг юриш-туришини кўриб, ўзингни тузатасан.

– Қомати озғин ҳам, бўлиқ ҳам эмас, бир бичимда, худди қўлда ясаб қўйилган қўғирчоқдай, ёнидан ўтган одам бир қарамасдан кетмайди.

Боғдагул Айтгулнинг гапини яна давом эттирди:

– Ҳа, айтгандай, унинг сочларини айтмайсанми, ҳар ўрими билакдай…

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации