Электронная библиотека » Шарап Уснатдинов » » онлайн чтение - страница 12

Текст книги "Ибройим Юсупов"


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:40


Автор книги: Шарап Уснатдинов


Жанр: Современная русская литература, Современная проза


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 38 страниц) [доступный отрывок для чтения: 12 страниц]

Шрифт:
- 100% +
10

Ўша куни Бабош иккиси кўп нарсани очиқ-ойдин гаплашиб олган бўлса-да, бу ёғи қандай бўлади, деган фикрнинг жавоби очилмаган, “энди бу қиз билан орани очиқ қилдикми, қайтадан эл кезамизми?” деган саволга тайинли гап айтилмаган эди.

Рўзғор ташвишлари, уй юмушларининг бари ёлғиз онанинг зиммасига тушган, янгаси Маден қайтиш бўлмасдан аввал кетиб қолган эди. Бабош Марал қиз ҳақида гаплашмоқчи эди, унинг ҳам илгари кўчиб келмасдан аввал яшаган томонларда озгина вақт эшик кўрганини эшитиб, лабини тишлади.

Йигит муҳаббати сўнадиган эмас. Эшитган афсоналари, ўқиган достонларида чин ошиқлар ўз севгисига содиқ қолган, охири бирга муроду мақсадига етган ёки бирга қўшмазор бўлган. Бугунги Ғарб, ҳатто Шарқ тараққиёти бундай муҳаббатдан воз кечиб, янгича урф-одатларни ўйлаб топаётир. Ўзини шундай алдамоқчи бўлади-да, барибир юракдаги чин муҳаббат оташи ўчмайди, деб бошқа ўйларнинг барини инкор этиб ташлайди.

Шундай ўртаниб юраверди. Яна баҳор келди. Бу садағанг кетайин фаслларнинг энг асили. Ибройим шундай ўйлайди, ҳар йили баҳорни интизор кутади. Баҳор ҳаётнинг янгидан бошланиши, униб-ўсишидир. Баҳорда бошлаган ишинг, албатта, ривож топади. Истеъдодли кишиларнинг кўпчилиги баҳорда туғилганларнинг ичидан чиқади, деб ўйлайди у.

Март ойининг ўрталарида яна Тошкентга келди. Нукус аэропортида бошидаги қалпоғини учириб юборгудек изғирин шамолдан қочиб, самолётга киргунча шошилган эди. Бу ерга келса, ўрик, гилослар аллақачон гулини тўкиб, бошқа дарахтлар қийғос гуллаб ётган экан.

Йигит Бибизодани қанчалик ўйламасин, бугун-эрта излаб бориш ёки учрашиш нияти йўқ. “Бир кун, ярим кун ишларим битаверсин”, – деб узил-кесил бир тўхтамга келган, хотиржам ва бемалол эди. Худонинг амрига қаранг, кун уфқ томон оққан вақтда, кутилмаган жойда учрашиб қолди.

– Вой, сиз! – деб кўзлари яшнаб кетди-да, “сиз”лаб ўзимдан узоқлаштирган бўлмайин дегандай – сенмисан! – деб юборди.

Саломлашиш учун қўлини узатди. Қўли орқага қайтмай қолди, унга чап қўл келиб қўшилди, ўзларидан аввал қўллар қовушди. Кўзлар бир-бирига тикилган вақтда қайси тарафдаги жуфт кўз “айбдорман”, дегандай пастга қараб, ер сузди. Йигит ҳам “тикилаверсам, юзига солган бўларман”, деб қаттиқ нигоҳларини юмшатди. Шу қисқа муддат ичида анча “сўзлар” айтилиб, икки тарафлама муҳаббат ва ярашув “маросими” ўтказилган эди…

Ҳеч қандай ўйловсиз, келишувсиз, дуч келган тарафга юриб кетишди. Анҳор қирғоғи бўйлаб кетишаётганини анча вақтдан кейин сезишди. Кўнгиллар ҳам бир тарафга қараб йўналиб, сувга қўшилиб оқа бошлаган эди. Баҳор ҳавоси энтиктириб, юрак туғёнини қўзғаб, Нукусдагидай қалпоқни эмас, муҳаббат кабутарини чарх урдириб учира бошлади.

Юракни босиб олмасдан сўзлашмоқ йўқ эди. Янги учрашган ошиқлардай дастлаб секин, эшитилар-эшитилмас, жуда оҳиста бошланди, оз-оз баландлаб, юзлар жилмайиб, ҳамишагидай кўнгил чўққиларига кўтарилиб борар эди.

– Қизлар сени ҳар куни сўрашиб, миямни қоқиб, қўлимга беришди.

– Дунёда инсофли одамлар кўп бўлганидан сўнг яшагинг келади-да.

Йигитнинг димоғи чоғ бўлаётгани аниқ сезилди. “Унда инсофсиз одамлар ким экан?” – демоқчи бўлгандай қиз йигитга кўз остидан бир қараб қўйди.

– Айниқса, овулдош қариндошинг мени тергагани терганган.

– У қайси меҳрибон қиз экан?

– Боғдагул-да, Камолова, чимбойлик гўзал…

Ўша куни Бибизода Ибройимни ётоқхонага эргаштириб келди. Қизлар билгандай ҳеч қаёққа жилмай, жам бўлиб ўтиришган экан.

Ибройим бу воқеаларни юқоридаги “Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг” шеърида шундай тасвирлаган эди.

 
Мен ҳар гал борганда энди Тошкентга
Сенга учрашмасга тиришар эдим.
Бир куни тўсатдан мени кўрдинг-да:
“Ростдан ҳам сенмисан, сенмисан?” – дединг.
 
 
Айни тонг чоғида очилган гулдай
Қиз бўлиб чиройга тўлган экансан.
Ҳинд қўлига тушган асранди филдай
Унсиз етагингга юравердим мен.
 
 
Товусдай товланган ўзбек қизлари
Ҳурмат билан менга бўлди гиргиттон.
Эски дўстларимдай кулишиб бари
Чой қуйиб, ёзишди ажиб дастурхон 2222
  Шеър таржимаси бизники – Р. М.


[Закрыть]
.
 

Дастурхон ёзилди. У тобора тўкинлаша бошлади. Кириб келган ҳар қиз бир нарса келтириб қўяди, кўнгиллари тўлмай, бир нарсаларнинг ўринларини ўзгартиришади, дастурхонни чиройли қилишга, озни кўп қилиб кўрсатишга интилишади. Гўё азиз меҳмонни қўйишга жой топишолмайди.

– Сизни кўриш қийин бўлди-ку, – дейди Собирхон.

– Шеърларингиз тугул, суратингизни ҳам кўравериб, ёд бўлиб қолган, – деб давом этади Гулзабира.

Йигит бу масалада ўзининг айби йўқ эканини сездирмоқчи, “сабабини ўзингиз биласиз-ку” демоқчи бўлгандай, ҳайрон қолмай, илтифотлардан кўнгли тўлиб, мамнун бўлгандай, ўзини қаллиғининг изидан келган одобли йигитдай тутар эди. Бибизода бўлса, бир четда, ҳеч нарсага аралашмай, дугоналарига куёв болани кўрсатаётган қиздай тортиниб ўтирар эди…

Ибройим шу куни ўзини ранг-баранг гуллар орасида учиб юрган боларидай ҳис этиб, ҳар хил овоздаги кулгилар жарангига ғарқ бўлди. Орада қизга ҳам, йигитга ҳам тегишли ҳазил-мутойиба, тагдор гаплар ҳам эшитди.

Ўтириш охирида уни Боғдагул билан Айтгул олиб қолиб, узоқ сўзлашди. Гапни йигитга теккизиб бошлашди.

– Қизнинг феълини яхши биласиз, бировни хафа қила олмайди. Ота-онаси билан икки ўртангизда овора бўлиб, жинниси чиқди. Сиз эса, ғурурингиздан тушгингиз келмай, бедарак кетдингиз…

Ўртага жимлик чўкди. Айтгул давом этди:

– Ёнида бирга яшаётган Таня исмли рус қиз бизларга келиб: “Мана бунингизни анов шоирини чақириб, бериб юборинглар-эй. Кечаси билан суратига тикилиб, йиғлаб чиқади. Ота-онаси айтган инженерга тегмайди. Чақиринглар, ахир, шоирини”, – деб туриб олди.

– У йигит билан бирга икки марта театрга бордик, – деб давом этади Боғда, – борган спектаклимиз ҳам, буни қаранг, бири “Бой ила хизматчи”, иккинчиси “Алишер Навоий” бўлиб чиқди. Иккаласининг ҳам муҳаббат саҳнасига келганда Бибизода пиқ-пиқ этиб йиғлаб, бизларни ҳам одам ўрнида кўрмай тескари қараб, аччиқланиб, кела-сола ётиб қолади. Йигит ҳам бошқа театрга чақирмай қўйди…

– У бечорага ҳам қийин бўлди, – деди Айтгул совуқ нафас олиб, – ё нари эмас, ё бери эмас, келади-қайтади, келади-қайтади. Ҳар гал қуруқ қайтавергандан сўнг охири уяладиган бўлди.

Ўша тунда қизлар билан бўлган суҳбатнинг хулосаси: “Қизни олиб кетишинг керак, бунинг оқибати Жаҳон урушига айланмас”, – деган фикрда тўхтади.

Ёш шоир Тошкент баҳорининг ярқираган қуёшидан роҳатланиб, ёқимли ҳавосидан тўйиб-тўйиб нафас олган эди. Ўша тунда севгилиси билан хайрлашиш учун қайта учрашган вақтда салқин тушган экан. Сув бўйида анча юрганигами, танаси жунжикиб, кун бўйи қушдек қанот қоққан кўнглига совуқ сув сепилди. Қиз яна:

 
ТошДУ десам, мудом тушади эсга
Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг.
Сенга энди қайтиб халал бермасга
Бел боғлаб, жонимни ўтларга ёқдим, –
 

деган сатрларни эслатди. Аниқ жавоб айтолмади. Иккиланди, ўзини иложсиз қилиб кўрсатди, ваъда бера олмади. Негадир умид қиладиган даражада имо-ишора сезилмади.

Йигитнинг силласи қуриб кетди. Шу кетишдан самолёт Нукусга қўнганида сал ўзига келди. Оёғини зўрға судраб, уйига қараб юрди.

* * *

Талабаларнинг ёзги таътили бошланди. Тошкентдаги қизларнинг ҳам кўпчилиги келди. Боғдагул билан Бибизода юқори курснинг амалиётида Тошкентда августга қадар қолишди. Қишлоқ хўжалиги инженери бўлмоқчи бўлган йигитнинг ҳам амалиёти Тошкентга яқин районлардан бирига тушди. Бундан Ибройимнинг хабари йўқ. У умуман бу ҳақда суриштирмай, ҳатто эшитмай ҳам қўйган эди. Тошкентда бир шаҳарда ўқишаётганини айтмаса, уларнинг ҳаётида одамнинг кўзини қизиқтирадиган воқеа бўлмади ҳисоби. Йигит, энди унинг отини Пирназар деб айта қолайлик, қоя ёқасидаги томири мустаҳкам бутага осилган каби овораи сарсон эди.

Таътилга бошқалардан эртароқ келган Айтгул билан Гулзабира Тошкентдан тайинланган топшириқ бўйича, ёзнинг қоқ ўртасида, тол тушнинг иссиғида Ибройимнинг уйига келишди. Кираверишдаги кичкинагина хонада юпқа рўмолли аёлни бирдан танишди. Уни кўришгандаёқ “Ибройимнинг онаси бўлса керак”, деб ўйлашган эди. Ўрта ёшдан анча ошган, ҳали “кампир” дейишга вақтлироқ бўлган аёлнинг қулоғи оғирроқ экан, тобора товушларини кўтариб, сўрашишди.

Садағанг кетайин, овулнинг одами-да, куймаланиб, қизларга кўрпача тўшади, ўчоққа қумғон қўйиб, дастурхон солмоқчи эди Айтгул дарров ёрдамлашди.

– Ибройим уйда йўқми?

Бечора она ўғлини қизлар сўраб келганига ҳовлиқишини ҳам, қувонишини ҳам билмай қолди.

– Ўтиринглар, қароғларим, бир-икки пиёла чой ичгунингизча келиб қолар, – деди тинмай куймаланиб юриб.

– Ишга кетганмиди?

– Йўқ, анави Чимбойга бораверишда ярим йўлда бир қалъа бор-ку, миям кетган, отини унутавераман…

– Халқободми? – дейди қизлар аёлга сўз қўшиб.

– Ҳа, ҳа. Ўша ерга бориб келаман, деб кетган эди.

Қизлар Халқободни билганининг сабаби бор. Тошкентда юрганда: “Ибройим сўнгги пайтда ичкиликка берилибди. Ишга ҳам бормай, уйида ётганга ўхшайди”, – деган гап эшитишган эди. Дастлабки эшитган куни ҳаммаси Бибизодани ўртага олишди.

– Ҳой қиз, бари сен сабабли. Шундай азаматни шунчалар хўрлайсанми? Бундай қараганда, эси бор, ақлли қизсан, шу қилиб юрганинг тўғрими? Кимга тегмоқчисан ўзи? Анави Пирназаргами? Кўзинг қайда сени? Ибройим ким, у ким? Шеърларини ўқийсан, йиғлайсан, ўқийсан, йиғлайсан, нега иккиланаверасан? Юрак борми ўзи сенда? Ота-онанг нима, сени тутиб олиб ермиди? У йигит ҳали дунёга танилган вақтда кўрасан, бари унутилиб кетади…

Ўшандан бошлаб қизларнинг ҳар кунги гапи шу эди. Улар Айтгул билан Гулзабирага овулга боргандан эртасига шоирнинг уйига бориб, ҳаммасини ташлатинг, усти-бошини тузатинг, августда қиз олиб қочишга тайёрланг, деб тайинлашган эди. Бибизоданинг синглиси Ҳамзода рус синфида ўқиган бўлиб, унга опасининг бу ҳаракатлари бутунлай тушунарсиз эди. “Ростдан севсанг, нега юраверасан, тегда-қўй. Нима, отамиз шу қадар феодал эмас-ку”, – деб куйинарди. Анави икки қизга шундай топшириқ берилаётганда Бибизоданинг аччиғини келтириб: “Ана кўрасан, биримиз Ибройимга тегиб оламиз, бу эса юраверсин”, – дейишганди.

Қизлар Нукусга келгандан кейин: “Баъзи оғалари Ибройимга қиз кўрсатиш учун Халқободга қатнаб юришганга ўхшайди”, – деган гапни эшитишганди. Онасининг сўзи ҳам шу жойдан чиққанига ҳайрон қолишди ва ниҳоят Ибройимни то келгунича кутиб ўтиришга қарор қилишди.

Улар эртага Бибизода келадиган уй шуми дегандай, хонанинг ичларини текшириб чиқишди. Уйнинг айвони ва икки хонасигина битган, қолган томони чала экан. Китоблардан бошқа кўзга кўринадиган нарса йўқ. Гулзабира Айтгулга қараб “пиқ” этиб кулди.

– Чеча, мана бу деразанинг пардаси чаппа тутилган экан, шуни тўғрилайлик, – деди-да, табуреткага чиқиб, пардани еча бошлади. Шундай қилиб қизлар уйдаги буюмларни тартибга келтириб, юкларни қайта тахлаб, қозон-товоқни ювиб, йиғиштира кетишди.

Шу орада Ибройим ҳам кириб келди. У қизларни кўриб, анграйиб турди-да кулиб саломлашди. Ҳеч нарса бўлмагандай, қизларни кўриб тортиниш ё ҳайрон бўлиш йўқ, “шундай қилингиз-да”, деб қувонгандек бўлди. Ҳали сўрашмади, чамаси, булар фақат иккови эмас, тўрдаги хонада яна биров бор, деб ўйлаган бўлса керак, ечилган оёқ кийимларнинг икки жуфт эканини кўриб: “Қани, тўхтаб туринг, омон-эсон келдингизми, қолганларингизнинг тани-жони соғми?” – деб елкаларига қоқиб, сўраша бошлади.

Қизлар қилаётган ишларини битказиб, Ибройимга эргашиб, тўрдаги хонага ўтишди. Ибройим аввалгидан озғин, қорайиб кетган, кўзларининг нури пасайган, чарчаб-ҳориб юргани кўриниб турарди.

– Бизлар куёв боланинг уйларини созлаб қўйишга келдик. Августда тўй. Шу ондан бошлаб тайёрланамиз…

Август ойи ҳам бирзумда келиб қолди. Қизлар Тошкентдан овулга қайтиш учун нарсаларини туга бошлашди. Пирназар сентябргача Тошкентда қоладиган бўлди. У сўнгги вақтларда бир нарсадан гумонсирагандай, ҳар куни келадиган одат чиқарди. Гоҳо бари қўшилишиб, бирга юришади. Қий-чув қилиб, кўнгилларини кўтаришиб қайтади. Аммо ёлғиз қолганда унга Бибизоданинг умидлантирадиган сўзи йўқ, аммо кескин рад этмайди ҳам. Кетадиган кун яқинлашган сайин йигитнинг гумони ошиб бораётир.

Қизлар шундай йўл тутдими, йўқса, Бибизода иккиланиб, ҳали икки кеманинг бошини қўйворгиси келмай турибми, қайтадиган куни Пирназарни чақириб, ётоқхонада қоладиган нарсаларини, кўрпа-тўшагини йигитга бериб кетди. Бу Пирназар учун кафиллик хатдек эртанги кунга ишонч туғдирди, ўйнаб-кулиб қизларни кузатиб қўйди…

* * *

Ойнинг охирига бориб “тарафлар” келишув ҳаракатига тушди. Ақлли, эсли фарзанд учун ота-онанинг сўзини қайтариб, кўнглига озор бериш, айниқса, эл-юрт олдида беобрў қилишдан оғир нарса йўқ. Бобомиз Аҳмад Яссавий: “Аллоҳ таоло ота-онанинг фарзанд учун қилган дуосини ҳам, қарғишини ҳам бекор қилмайди. Фарзанд учун икки дунёнинг савоби ота-онанинг икки лабини ўртасида”, – деган экан, бироқ қиз боланинг ўзи хоҳламаган одамга қўшилмай, ота-онасининг сўзини икки қилгани катта гуноҳ бўлмас. Бироз вақтга қадар ўпка-гинага айланиб, сўнг кечирилиб кетар, деган ишонч икки тарафда ҳам ҳукм сурар эди. Айни шу шайхулислом мартабасини олган бобомизнинг: “Тангрим очган эшикни бандаси ёпа олмас”, – деганида ҳам ҳикмат бор-ку. Балким, Худо икки ёшни шунча синовлардан кейин, бир-бирига қовуштириб, жуфтлаштирувчи эшигини очгандир…

Матеке оқсоқол ойнинг охирида Москвага Олий Советнинг сессиясига кетиши керак. Болзода билан бирга Тошкент орқали учиб, Бибизода билан Ҳамзодани ўқишига олиб кетади. Билетлар олиниб, барча тайёргарликлар кўриб бўлинди. Тонг отса, чошгоҳда самолётда учишади.

Бибизода ўтган тун ярмида барча нарсаларни йиғиштириб, жомадонини шкафга яширди. Синглиси Леляни чақириб, турган жойини кўрсатди. “Эртага тунда ташқарига олиб чиқиб берасан. Тишингдан чиқмасин”, – деб қаттиқ тайинлади…

Тун ярмидан оғди. Ой сутдай ёруғ. Ҳали Яратган эгам умр бериб, набираларига бу кунни айтиб берадиган бўлса: “Қиз олиб қочган куни ой ёруғ бўлди”, – деб эсласа бўладиган эди. Ташқи дарвоза билан ичкарига кирадиган эшик тош-метиндай мустаҳкам ёпиқ. Шаҳар кўчалари, уй атрофи одам ҳайрон қолар даражада жимжит эди. Эшик олдидаги уч туп акацияни паналаган қушлар ҳам уйқусирабгана чуғурлашади. Овулдаги чигирткалар ҳам шаҳарлик бўла бошлаганми, тинмай чириллашади. Ҳалидан бери ўзининг борлигини билдириб, ичган ювиндисини оқлаш учун ора-сира вовуллаб ҳуриб турган Қутлиоёқ ҳам тинчланди. Оқсоқолнинг уйи гир айланасига қуршалган пахсанинг кунчиқиш томонини ёқалаб оқиб турган ариқ бўйида икки кишининг қораси кўринади. Анави, новча озғиндан келганининг эгнидаги ёқасидан этагига қадар каштали нақш солинган украинча оқ кўйлаги ойнинг шуъласида аниқ кўринади. У бўйини ёки кўйлагининг нақшини яширмоқчи бўлган одамдай ариқ ёқасида ўсган ўтлар ортида чўккалаб ўтиради. Ўтирганидаги бўйи ўзининг ёнидаги пакана йигитнинг тикка турганидек эди. Калта бўйлиси тинмай у ёқ-бу ёққа юрган бўлиб, икки кўзи эшикда. Узун оёғи увишиб қолмаслиги учун ора-орада тик туриб олади…

Бибизода ўтирган хонасининг чироғини ўчириб, дераза олдида диққат билан ташқарига қараб турибди. Уй ичи тўлиқ уйқуга кетганга ўхшади. Синглиси Леля: “Ухлаётганим йўқ”, – дейди-да, дарров мулгийди. Бибизода даҳлизга чиқиб, жимжитликни тинглаб кўради. Аста оёқ учида ташқарига чиқиб, милиционерни тинглайди. У ҳар кунги одати бўйича уйдаги итга ишониб, бундай вақтда маст уйқуга кетади. Қайтиб келиб, Леляни бақириб юбормаслиги учун оғзини қўли билан тўсиб, уйғотди. У айтилган жойдан жомадонни олиб, оёқ учи билан опасига эргашаверади. Аста эшикдан ташқарига чиққан вақтда Холмурод Сапаров деган шоир бўламан деб Ибройимнинг изидан эргашиб юрган ўсмир йигит югуриб келиб жомадонга осилди. Тиззалаб ўтиравериб, оёғи уюшиб қолган Ибройим ҳам етиб келди.

– Хўп, яхши, – деди Леля шошилиб.

Бибизода уй томонга қараб йиғлади, синглисига қарамади.

– Яхши унда, мен кетдим.

У Лелянинг сўзига эътибор бермай, икки эгни силкиниб йиғлаб тураверди.

– Нега йиғлайсан? – деди Леля русчалаб, – не любиш, не надо, пойдём домой, – деб қўлидан тортди. – Я пойду, я замерзла.

Ибройим Лелянинг елкасига қоқиб, аста бетидан ўпган бўлди. “Хўш, қароғим!” дегандай қўлини кўтариб, Бибизодани қучоғига олди-да кўча бўйлаб юриб кетди…

Эртасига тонгда Леляни туртиб уйғотишди.

– Бибизода қайда?

– Билмайман, мен эрта ухлаб қолдим.

– Тўғрисини айт деяпман, қаерда?

– Я же сказала, откуда знаю?

– Бор тез, Айимхон опангнинг уйини кўриб кел!

Леля шоша-пиша кийинди-да, чиқиб кетди. Шу кетишдан қайтиб келмади.

Аччиғи чиққан оқсоқол тутаб кетди.

– Кетинглар ҳамманг, қаердан бўлса ҳам топиб келинглар…

Кўп ўтмасдан топилмаслиги маълум бўлди. Энг аввало, жомадоннинг йўқлиги шубҳани оширди, қолаверса, Лелянинг ҳам топилмаслиги кўп нарсани англатди. Самолёт кундузги соат ўнда учиши керак эди. Тонг саҳардан қизини йўқотиб, тўс-тўполон бўлган уйнинг одамлари соатга ҳам қарамаган экан. Оқсоқолнинг ёрдамчиси аэропортга қўнғироқ қилди…

Қизнинг кетган ери аниқ бўлмаса ҳам, олиб кетган йигити маълум бўлди. Болзода она кайвонилигига, кўп нарсани кўрганлигига бориб, йигитнинг уйига одам юборишни тўхтатди. Айимхон келинини чақириб:

– Ҳаммасида сенинг қўлинг бор, айтганингни қилдинг. Қизга айт, ўзи ёққан оловига ўзи исинсин. У ерда бор топганини оғзига тутиб, эркалаб ўтирадиган одам йўқ. Борига ҳам, йўғига ҳам кўнсин, сувдай синиб, тошдай ботсин, – деб қаттиқ тайинлади.

Самолёт Тошкентга икки соат кечикиб учди…

КЎНГИЛЛАРГА ТОР ДУНЁ
IV БЎЛИМ

 
Шамол қўшиқ билан нафас олгандай,
Юлдузлар ҳам қўшиқ бўлиб ёнгандай.
Бутун дунё қўшиқ дарёси бўлиб,
Менинг руҳим аро оқиб тургандай.
 
 
Ёндириб, тунларга уриб танимни,
Тўлқиндек жўштириб юрак қонимни,
Шул дарё бераҳм дегиши билан
Гирдоб бўлиб ютиб ётар жонимни.
 
 
Мен шунда ўзимни шоир сезарман,
Кўнглим – наъра тортган бир ҳақ Бозирган.
“Молимга харидор топилгай-да”, деб,
Бир қисим жон бўлиб, чўлга тўзарман…
 
Ибройим Юсупов

1

Халқимизнинг сўзи билан соддагина айтганда, йигитнинг бошига бош қўшилиб, ёлғиз боши икки бўлди. Бир-бирига талпинган икки ёш бир ёстиққа бош қўйиб, янги ҳаёт бошлади.

Ибройим шу йили баҳорда Тўлибой оғаси билан учрашиб қолган эди. Уруш йилларида овул кенгашининг раиси бўлган, Ибройимга тоға ҳисобланадиган бу киши унга ўз вақтида тарбия бериб, кўп қўллаб-қувватлаган.

– Жияним, “Хонаки бўйдоқ қиз суймас” деганларидай, “ўтиринқираб” қолдинг-ку ёки қизлар сени хоҳламай юрибдими? – деганида жўяли сўз тополмай қолган эди. Йигит энди бундай ҳазил, қочирим сўзлардан қутулди. Беш йил беш кунчалик бўлмай ўтиб кетди. Бироқ бу йиллар ичида чеккан азобларини эсласа, Бибизодага ботиб кетадиган бир гап айтиб қўядигандек, дарҳол ўйларини жиловлайди. Ўзи ўқиган “Лайли ва Мажнун” достонидаги бир воқеани эслаб, мийиғида кулиб қўяди.

Мажнун Лайлининг кўшки ёнидан ўтаётиб, унинг итини эркалайди, итнинг кўзларига термилиб қучоқлайди, гулобу шарбатлар ичкизади.

– Эй, тентак, у ҳаром-ку! – дея эътироз билдиришади.

Мажнун уларга жавобан:

– Бу Лайли уйининг қоровули, менинг вафодор дўстим, – деган экан.

Энди Ибройимнинг ўзи қоровул, ўзи бий. Бўйдоқликдаги орзу-армонлар ушалиб, учқур хаёллар ерга тушиб, ҳақиқий оилавий ҳаёт бошланди. Севимли шоири Александр Пушкиннинг: “Мен уйимда ўз Биби Марямим бўлсин, деб уйландим”, – деган сўзига чин юракдан амал қилиб, фақат уйга келса бўлди, деган хаёллари ҳам тарқалди.

Кундалик турмуш ташвишлари бошланди. Мақсадлари бир бўлгани билан бир даврда, бир элнинг ичида бир рўзғорни иккинчиси билан солиштирганда бир фарқ сезилар эди. Анча тўкин-сочин турмуш шароитида яшаган қиз бошқаларнинг ҳали-вери қўли етмайдиган даражада руҳий дунёси юқори, бироқ “қўли калта” йигит оиласида умр сура бошлади. Шоир: “Бу ҳаётда кун кўриш бошқа, лек руҳий лаззати мазали бўлар”, – деб ўртадаги посангини ушлаб туришга интилди.

Ёш келинчак эса, “сепи бўлгунча, эпи бўлсин” дегандай, қўлидан келган ишга киришиб кетаверди. Уйдаги ҳамма буюмларнинг ўрни ўзгартирилиб, кўрпа-тўшак қайтадан йиғилди, хоналарнинг ичи-сирти тозаланиб, уйга келин келгани билина бошлади. “Идиш-товоқлар оз эмасми, кўрпа-тўшакларнинг бори шуми?” – деган саволлар берилмади.

Шоирлар ҳаётга баланддан, кенгроқ қарайди, қайғули турмуш, етишмовчилик уларнинг йўлдоши, деган гапларни эшитиб ва шунга ишониб юргани билан “Кишнаган отнинг уюрини кўр, мақтанган йигитнинг уйини”, деган нақлларни ҳам яхши билади. Барибир кўнглида қандайдир бир қаноатланмаслик бор. Бироқ “енгим йиртиқ бўлса, ёқам бутун”, дегандай ўз келажагига ишончи ортган йигит унча сир бериб, бор ҳақиқат олдида эгилавермайди. Яратган эгамизнинг унга сабр-тоқатли инсонни қўшганига кун сайин ишончи ортаётир.

Ҳамма нарса “бурунга тиққандай” бўлиб тахланган тўрдаги хонага кириб, ечинаётган Ибройим деворга илиниб турган қамчисининг ўрнида йўқ эканини кўрди.

– Бибизода, қамчи қани?

– Қамчини бошқа жойга олиб қўйдим.

– Уй тўрида, ўз ўрнида тураверсин.

Келинчак: “Уни тўрга илишнинг нима кераги бор?” – дегандай савол назари билан қаради.

Ибройимнинг отаси Юсуф охун ҳуснихатчи, яъни китобларни чиройли кўчирадиган, ҳар саҳифанинг ҳошияларини нақшлайдиган, сенгсенг тўн (пўстин) бичадиган, анор пўстлоғи, янтоқ ва юлғун гулларидан турли бўёқлар тайёрлаб, теридан, қалин матолардан тикилган устки кийимларни бўяйдиган моҳир уста эди. Отасидан ўтган бўлса керак, Ибройимнинг ҳам яхшигина сурат соладиган, от сайислар, чавандозлар учун қамчи ўрадиган ҳунари бор. Ёшлигида, айниқса, уруш йилларида колхозда омборхона мудири бўлиб ишлаганида бўш пайтларида қамчи ўриб ўтирарди. Тўрда илинган ҳалиги қамчи шулардан бири эди. “Уни ўзим ўрган эдим”, – демади.

– Қамчи от минган эр йигитнинг муҳим қуроли, уй уйнинг тўрида қўрғон бўлиб, хонадонга файз-барака тилаб туради. Худо насиб этиб, фарзандли бўлсак, бошининг остига қўямиз. Чақалоқни ҳар хил хавф-хатар, инсу жинслардан сақлайди.

Бибизода сал хижолат бўлганини билдириб, Ибройимга кулимсираб қаради.

– Чақалоқнинг бошига нон, пичоқ қўйилмайдими?

– Уларни уйида қамчиси йўқлар қўяди.

Эр-хотинлар бироз кулишиб олишди.

“Тўй – тўнликники, ҳайит – отлиқники” дегандай, келинчакнинг тўйини ҳам енгил-елпи, “бор ҳол – йўқ имкон” билан ўтказишди. Қизнинг оиласини рози қилиб, қуда-қудағай зиёфатини ўтказадигандай имкон йўқ. Келинчак келгандан буён кичкина сингиллари, Амет Шомурадовнинг катта қизи, Бибизоданинг болаликдаги дугонаси Гулистон билан яширинча келиб кетишди. Тўйни чўзганда ҳам, бугун берганда ҳам Ибройимни қўшадиган нарсаси йўқ. Куёвнинг яқинлари маслаҳат қилиб, кенгашишди-да ихчамгина тўй қилишди. Эл элчилигини қилди. Оти Чимбой, бирга ўқиган дўстлари йиғилиб, келишди-да, топганини ўртага ташлашди. Халқободдаги мактаб директори, хушовоз йигит Генжабий Тиловмурадов қўноқларга достону терма айтиб, бахшичилик қилди. Шоирнинг замондоши бўлган кўплаб хонандалар чақирилмасдан келиб, элга қўшиқ айтишди.

Халқ бундан ёмон пайтларда ҳам тўй берган, тўйга борган. Камбағалман, имконим кўтармайди деганларга “Қарздор бўл-да, хотин ол, қарз узилади, хотининг фойдага қолади”, деб далда беришиб, тўй бошлашган. “Кўп тупурса, кўл бўлади” деган ҳикматнинг исботи яхши тўйда кўринади. Тўйни халқнинг ўзи кўтариб, ўзи тўйлаб, қозон-товоғини ўзи йиғиштириб кетади…

Шу билан бирга, тўйда кўп нарса маълум бўлиб қолади. Дўст-душман фарқланади. Сенинг қувончингни баҳам кўриш учун кўпчилик олис-олислардан, баъзиси улов топиб, баъзиси пою-пиёда, юрагини қўлига олиб етиб келса, баъзилар: “Энди катталар билан қариндош бўлди, бормасак бўлмайди”, деб тўйга шошилади, баъзи бировлар эса: “Ҳаддини билмай, осилган жойига қара, тўйи нима бўлар эди”, деб келмаганлар ҳам бўлади. Бундайларнинг барини санайверсанг, ўзингга қийин. Шунинг учун иссиққа ҳам, совуққа ҳам бирдай, аравага миниб устидан босиб кетсанг ҳам, ғинг демай, кўзлари кулиб тураверадиган Бабошдай дўстинг соғ бўлсин. У бундай ҳасадгўйлар жабрини сабр билан, тегишли сўз билан енгади-да, сенга ҳам шундай тасалли беради.

Шоирман, ёзувчиман деганнинг ҳаммаси ҳукуматнинг хизматида. Ким маориф, ким маданият соҳасида, бир қатори газета-журналлар таҳририятида, радиокомитет масъул котибларининг бари Ёзувчилар уюшмасининг аъзолари. Бироқ барининг бўйни ёзувчилар идорасига қараб бурилган. Улар ўз уюшмасини ота-онасининг уйидай кўриб, икки қулоғи шу тарафга динг бўлиб туради. Ибройимнинг никоҳ тўйига ҳам бошчисидан қўшчисига қадар чақирилди. Бироқ ёзувчиларининг ҳайдар кокилидан ушлаб, бўйнини хоҳлаган тарафга қараб буриб ўтирган раҳбарлари келмади.

“Улар Матеке Жуманазаров оқсоқолнинг кўнглига қараган. Қизини унинг розилигисиз олиб қочиб кетди, деган андиша билан келмай туришибди”, – деб Ибройимнинг кўнглини олган бўлди яқинлари. Бироқ йигит бунинг сабабини бошқа нарсада кўрди.

Ўтган май ойида дастлаб Ёзувчилар уюшмасига, сўнг ҳукумат уйига чақирилган эди. Кўзининг нури йўқ, юзида қон қолмаган раҳбарлардан бирининг қабулига киритишди. У кирган вақтда раҳбар ўрнидан туриб, кабинет ичида кеза бошлади. Салом бериб, қўл бериб кўришишга тараддудланган эди, “ўтир!” деб буйруқ берди. У тўхтаб қолди-да, турган жойида серрайиб тураверди, ўтирмади. Бошлаб келган Ёзувчилар уюшмаси раиси ўтирмоқчи бўлиб ҳаракат қилгани билан, у ҳам ўтира олмади.

Катта раҳбар нурсиз кўзларини кўрсатгиси келмадими, негадир унга тик қарамасдан, бир чеккага боқиб сўзлай бошлади.

– Сен ўзи кимсан?

Ибройим сўз қотмади.

– Бир поэма ёзиб, классик бўлиб қолдингми?

Ибройим унинг сўзини: “Уч поэма”, деб тузатгиси келиб турди-да, журъат қилмади.

1949 йили, йигирма ёшида ёзиб битказган “Йўлдош муаллим” достонидан кейин 1952 йили “Акация гуллаган ерда”, бу йил эса “Гилам тўқувчи аёл ҳақида ҳақиқат” достонларини ёзиб битказган эди.

– Сўнгги вақтларда нималар ёзиб юрибсан ўзи? Шеърларингнинг қаҳрамонлари кимлар эканини билмайман. Тасвирлаган ерларинг бу атрофда йўқ, топган образларинг, ўхшатишларинг бугунги кун қаҳрамонлари тугул, оддий одамларга ҳам ўхшамайди. Қайси жамиятда яшаяпсан ўзи? “Яшасин”, “Олға”, ҳатто “Экскаватор” деб ёзганларнинг устидан куласан. Ўтган йили эмасми, “Колхозим”, “Меҳнат қил”, “Зарбдор ёшлар” деган шеърларнинг устидан кулиб, мақола ёзганинг? Ўшанда сени тартибга чақиришмадими?

У Ёзувчилар уюшмасининг раисига савол нигоҳи билан тикилиб қаради.

– Президиум мажлисида муҳокама қилдик. Тушунтирдик, тайинладик. Хатосини тан олиб, ваъда берди, – деди уюшма раиси.

– Сенинг ҳам мамлакатдан чиқиб кетгинг келиб турибдими? – деб Ибройимга писанда билан сўзида давом этди. – Москвада Пастернак, яна бир Евтушенко деганлари чиқибди. Олий Совет Биринчи секретари улар ҳақида нима деганини биласанми?

Шундай тўполон давом этаверди, қарама-қарши томондан жавоб бўлмади. Дарғазаб раҳбар жавоб кутмасдан, камчиликларни қордай ёғдираверди.

– Давлат матбуот қўмитаси директорини “носвойга тилин тўшаб, ўқраниб” деб шахсиятига тегишга, камситишга нима ҳақинг бор? У обкомнинг номенклатурасида турган бошлиқ. Коммунист раҳбарнинг бу даражада обрўйини тўкишга ким ҳуқуқ берди? Уни соқов, нодон, порахўр қилиб қўйибсан?

Ибройим энди бўйнини ичига тортиб туришни бас қилди, қаддини тиклади. Бошини кўтариб, тўғри қаради. “Гап бу ёқда, десанг-чи”, – дегандай енгил мийиқ тортган бўлиб, тайёрланди.

Масаланинг сабаби бундай эди.

Ўтган йиллар ичида Ибройим шеърият ҳақида, шеър тузилиши, образлилик, ҳақиқий шеърият қандай бўлиши керак, ҳамма баллада ёзишни одат қилиб олди, у жанрнинг вазифаси бошқа, бугунги замон қаҳрамонига тўғри келмайди, деган мазмунда бир неча мақолалар эълон қилди. Отлари аниқ айтилмагани билан тегишли одамларга ўқдай қадалавергандан сўнг бировлар унинг устидан арз қилиб, Ёзувчилар уюшмаси ўртага олган эди. Ҳозирги гап эса, апрелда “Ёш ленинчи” газетасида чоп этилган “Шеърият ва ККГИЗ ҳақида ўртоқ Маяковский билан суҳбат” шеъри хусусида бораётган эди.

Бултурги Президиум мажлисидан қутулиш учун ўзи ҳар ўқиганда ҳайрон қоладиган, сиёсий шеър ёзиш маҳоратининг чўққиси ҳисобланган Владимир Маяковскийнинг “Ленин” достонини қорақалпоқчага таржима қиламан, деб ваъда берди. Сўзида турди… Уни китобча қилиб чиқариш учун ККГИЗга (“Қорақалпоқ давлат босмаси” деган сўзнинг қисқартирилган бош ҳарфлари) борса, турли гап айтиб, кўп қатнатди. Шундан кейин алам қилган ёш ижодкорнинг ёзган шеъри эди. Ҳозир Ибройимни тергаб турган раҳбар ҳам шоир. Шеър сатрларидаги танқиднинг бирозини ўзига қабул қилиб, қолаверса, ўзи амалга ўтқазиб қўйган нашриёт директори ҳам унинг яқин одами эди.

 
Бизда бор
Маржон қўшиқ –
Умр жири
Шаббози гулобидай
тил уюрган.
Бизда бор
арзон қўшиқ
кетган сири,
Сиёҳдан аввал ўчиб
оти сўнган…
Ҳалиги “гул”
“булбул”ни қофиялаб,
Қоғоз булғаб,
ўзгартирмаёқ уч бостириб.
Бу ҳам оздай
ўнга бўлиб ҳар қаторин,
“Маяковскийнинг йўли” деб
булғаштириб, –
Олиб юрар
ўн тўрт сўмдан гонорарин.
Сиз ёзган
бир сатрли шеърга ҳам
Алиштирмоққа арзимас-эй
шуларнинг барин!
 

Ўша вақтда чоп этилган шеърнинг ҳар қатори учун етти сўмдан ўн тўрт сўмгача қалам ҳақи тўлаш жадвали бор эди. Кимга етти сўм, кимга ўн сўм, кимларга эса ўн тўрт сўмдан тўлаш нашриёт директорининг ихтиёрида. Шеърдаги “Олиб юрар ўн тўрт сўмдан гонорарин” деган сатр ҳам, Ибройимни тергаб турган раҳбарга ҳам қаттиқ ботган эди. Қуйидаги сатрлар эса, ёниб турган ўтга керосин сепиб юборгандек:

 
Сўзларни торт қулоқдан,
тиқ обориб,
Ўз ўрнига мосми, йўқми –
эмас даркор.
Қаловини топсанг,
қор ҳам кетар ёниб,
Редсовет ҳам
Союз 2323
  Союз – Ёзувчилар уюшмаси дегани.


[Закрыть]
нинг қарори бор…
Нима бўпти ундов белги
кўп чизиқча,
“Яшасин”, “олға”, “ура”,
“экскаватор!”
Сасма-сас
оҳанг уйқаш тушган пухта,
“Критик”
камчилигин айтиб “ботил”,
Баҳолар:
“ғоя зўр”, – деб, – “ушбу шеърда”.
 

Шундай қилиб, шеърда айримларнинг ёзгани ёзгандай босилаётгани, ўзларини машҳур бўлиб қолган ҳисоблаб, “ёш шоир” деса, ори келиб, оёғининг остига тўртта ғишт қўйиб, ҳайкал қошида қўлини кўтариб туришни истаб қолгани, “китоби ўтмай ётса магазинда, ўқувчиларни айблаб сўкиши”, айниқса, нашриёт директорига қўлёзма олиб борсанг:

 
Носвойга тилин тўшаб
ўқраниб,
Пландан чиқиб қолди
бунинг, – дейди.
Пейспективный планга
ўткизайик,
Бюджети ККГИЗнинг
кўтаймайди!
–Мен бепул ҳам берардим
бу таржимани
–Бўймайди –
баяй жейга байингиз сиз!
–Бундай-ку, ўтоғаси…
Бундайди қўй,
айтганга қуйақ асув қуяйли-ку…
Бийақ бий кийиб чиқинг
начайникка… –
 

деб эътироз билдириб турганларини аниқ кўрсатгандан сўнг, албатта, матбуот бошқармасига катта кишиларнинг ўзлари томонидан қўйилган директор бундай сўзларни кўтара олмайди. Оғасининг олдига бориб: “Сизга мен керакманми, ёки ўша шеърлари бир ғалати шоир керакми?” – деб туриб олгани аниқ…

Бабош ҳам фикридан қайтмагани учун обкомнинг инструкторлигидан бўшатилиб, “Ёш ленинчи” газетасига муҳаррир қилиб юборилган эди. Шу шеърни чоп этгани учун уни ҳам ишдан бўшатишди. Бу шеър бўйича махсус комиссия тузилиб, шоирни муҳокама қилишди…

Ибройим кечалари ўйланиб ётиб, тўйига бир қатор раҳбарлар келмаганининг ўзига яраша сабаблари бор эканини ич-ичидан сезди.

“Ҳайронман, ўтган йили танбеҳ эшитганимдан сўнг инсоний фазилатлар, халқлар дўстлиги ҳақида кўп шеърлар ёздим. Меҳнаткашлар ҳақида ёзмайсан, дейишади, “Сенинг қўлларинг” деган шеърим-чи?

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации