Электронная библиотека » Шомурод Шаропов » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "Умр дарёси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:20


Автор книги: Шомурод Шаропов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 23 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +
“ТОШКЕНТ” ХЎЖАЛИГИДА

Амир Тўраев Ульянов райони қишлоқ хўжалик бошқармасида раҳбар бўлиб фаолият кўрсатаётган кунларнинг бирида районга Республика Марказий Қўмитасининг котиби Йўлдош Рахимович Қурбонов ташриф буюриб, қишлоқ хўжалик илғорларининг кенгаш йиғилишини ўтказди. Амир Тўраев районда қишлоқ хўжалигининг бугунги аҳволи тўғрисида ахборот берди. Марказқўм котиби йиғилишда сўзга чиққан мутахассисларга шундай қалтис саволлар берардики, жавоб беришда ҳар қандай аллома ҳам бир зум довдираб қоларди. Чунки, у киши авваллари Тўрткўл районида саркотиб бўлиб фаолият кўрсатган, район миқёсидаги ишларни жуда яхши биларди. Йўлдош Рахимович Амир Тўраевга қараб:

– Қани айтгинчи, ўтган йили район бўйича 20-25 ц/га, 25-30 ц/га, 30-35 ц/га, 35-40 ц/га ва 40-45 ц/га ҳосил олган бригадирларнинг сони нечта? Фақат тўғри айтгин, мен текшириб кўраман, – деди қўққисдан.

Амир Тўраев бу кўрсаткичларни аввалроқ тайёрлаб қўйганди. Ҳатто, унинг бир нусхаси район саркотибида ҳам бор эди. Бошқарма бошлиғи саволларга шошилмасдан оғзаки жавоб бера бошлади.

– Шу гапларингни тасдиқловчи бирор ҳужжат борми? – деди унинг сўзини бўлиб Йўлдош Рахимович. Шунда райком саркотиби қўлидаги тайёр ҳужжатни Марказқўм котибининг қўлига берди. Қоғозга кўз югуртиракан, у:

– Жавобингни яна бир бора такрорлагинчи, – деди.

Амир Тўраев ҳозиргина айтган гапларини қайта такрорлади. Унинг жавобларини тинглаган Марказқўм котибининг чеҳраси ёришди, аммо ҳеч нарса демади. У мажлис якунида сўзга чиқиб, “Қарши чўлида янги-янги давлат хўжаликлари тузилаяпти, уларга ёш, кечаю кундуз ишлайдиган, саводли раҳбарларни танлашимиз керак” деб сўзини якунлади.

Йиғилиш тугади. Иштирокчилар тарқалишди. Марказқўм котиби “Ўрта Осиё давлат хўжаликлари қурилиши” бошлиғи Нажим Ҳамроев, обком бюро аъзолари Рўзмат Ғойибов, Иван Головачёв, Фармон Омонов, Сулаймон Муродов, область қишлоқ хўжалиги бўлимининг янги мудири Б. Кунченко ва район қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Амир Тўраевларни қабулига тўплади.

– Сен, – деди у Амир Тўраевга, – эртадан эътиборан янги тузилган 21-давлат хўжалигига директор бўлиб борасан. Марказқўмнинг биринчи котиби хўжалик номини “Тошкент” деб аташни таклиф қилдилар.

– Йўлдош Рахимович, бугун 4 июль, йилни якунлагач борганим яхши бўларди. Энди фақат беда, полизсабзавот, маккажўхори экиш мумкин. Хўжалик янги бўлса, ерлари экин экишга ҳам тайёр эмас. Коллектордренажлар тизими, суғориш шохобчалари тугатилмаган.

Уй-жой йўқ. Хўжаликни ишчиларсиз юритиш…, – деди дангалига Амир Тўраев.

– Нажим Рахимовичдан сўраймиз, қиш бошлангунча уй-жой масаласини ҳал қилади. Камида йитирма минг квадрат метр уй-жой қуриб беради. Отангни олдига борасан, хўжалигингни ишчилар билан тўлиқ таъминлайди, – деди унинг сўзини бўлиб Йўлдош Рахимович, гап тамом, дегандек.

– Хўжаликнинг марказий устахонаси бўлмаса жуда қийин бўлади, – ётиб қолгунча отиб қол, дегандек Амир Тўраев яна фикр билдирди.

– Қийинлиги учун ҳам хўжаликка сени юборишга қарор қилдик. Менга қолса сени Тошкентга олиб кетардим. Афсус, Қашқадарёга ҳам сен жуда-жуда кераксан, эплолмайман деган гапингни инобатга олмайман. Қойил қилиб ишлайсан. Сулаймон Рустамович, Фармон Омонович, бугуноқ Амирга хўжалик ер майдонини таништиринглар. Мен эса Рўзмат Ғойибович билан ҳозир Косонга бориб, Тўра Орзиқуловни шу хўжаликка жавоб берадиган вакил қилиб қўямиз, – деб Марказқўм котиби хайрлашди.

1975 йилнинг 5 июль кунидан эътиборан Амир Тўраев неча асрлардан буён экин экилмаган, бир томони чексиз кўчма қумликларга туташ ерлари мелиоратив жиҳатдан бутунлай шўрланган 21-давлат хўжалиги деган фақат номи бор “хўжалик”га директор бўлиб иш бошлади.

* * *

Марказқўм котиби Ульянов районида ўтказган кенгаш йиғилиши якунидан мамнун ҳолда Косонга йўл олди. Амир Тўраев ҳақида область саркотиби Рўзмат Ғойибов йўл-йўлакай ижобий фикрлар билдириб, “…Билими ўткир, ўсадиган йигит, аммо уни кўролмайдиганлар ҳам етарли…” деб қўйди. Улар “Ленинград” давлат хўжалигига етиб боришганда Тўра Орзиқулов Қашқадарё дарёси кўприги устида кутиб турганди.

Марказқўм котиби машинадан тушди-да, хўжалик раҳбари билан қуюқ кўриша туриб:

– Тўра Орзиқулов, мана, бугун Қарши чўлида янгидан 21-давлат хўжалиги тузилди. Унга йигирма беш ёшли йигитни директор этиб тайинладик. Тошкентдан жўнаётганимизда Шароф Рашидович хўжаликнинг номини “Тошкент” деб номлашимизни таклиф қилгандилар. Сиз бугундан эътиборан обкомнинг шу хўжаликдаги вакили сифатида жавоб берасиз, – деди.

– Йўлдош Рахимович, ишонч учун катта раҳмат, аммо мен ўзимнинг хўжалигимни аранг эплаб турибман. Балхияк чўли қаердаю, мен қаердаман? – деб узоқдан гап бошлаётганди, Марказқўм котиби Тўра Орзиқуловнинг сўзини бўлди:

– Амир бугун иш бошлади, оғир вазифа бўйнига юкланди. Ўзи дадил, билим-тажрибаси етарли, ёрдам қилсангиз бас, олиб кетади. Албатта ёрдам қилинг, элхалқ сизни ҳурмат қилади…

– Эплашгаку эплайди, лекин соғлиги яхши эмас, Рўзмат Ғойибович, – Тўра Орзиқулов мадад кутгандек унга қаради.

– Ҳаммамиз ёрдам берамиз. Нажим Ҳамраевич бор кучини ташлайди, уй-жой, марказий устахона, ҳаммасини тезлаштиради. Фақат сиз икки юз оилани кўчириб боришни таъминлаб берсангиз бўлди. Амирнинг ишини кейин кўрасиз. Сизнинг хўжалигингиздан кам қилмайди. Қўйинг, Тўра Орзиқулович, давлатга Амирга ўхшайдиган ишни ўзини ҳам кўзини ҳам биладиган йигитлар керак. Аслида Йўлдош Рахимович уни Тошкентга, Марказий Қўмитага ишга олиб кетмоқчи эди. Қани, бир пиёла чой ичайлик, бошланг…, – деди Рўзмат Ғойибович хўжалик раҳбарини ўзига яқин олиб.

Меҳмонлар хўжалик меҳмонхонасида бироз дам олишиб, Қаршига қайтишди. Уларни кузатган Тўра Орзиқулов эса тўғри Пўлатига жўнади. Шу дамда унинг юраги изтиробга тўла эди. Дарвозадан остона ҳатлаб ҳовлисига кираркан, хотинига дуч келди. Кўнглини унга ёрди:

– Онаси, бугун Амирни ҳам тўрга туширишиб, оғир машаққат тошини унинг гарданига юклашибди.

– Тинчликми, соғлиги яхшими?, – хотини эрига жовдираб тикилди.

– Тинчликка тинчликкуя, уни янги хўжаликка раҳбар этиб тайинлашибди. Жигарини мазаси йўқ эди, нима қилсам экан, энди йўлдан қайтиб ҳам бўлмайди…

– Катта раҳбарларга тушунтирмадингизми?

– Юқоридан келганларга тушунтириб бўларканми? Ўзику тиним билмайди, ишни қойил қилади. Лекин, онаси, унинг соғлиги менга тинчлик бермайди-да! Кечалари безовта бўлиб, ухламасдан чиққаниниям бир неча бора кўрганман…, – деди “уф” тортиб Тўра Орзиқулов.

ТАЛАБИ ҚАТТИҚ ДИРЕКТОР

Амир Тўраев номи бору ҳеч нарсаси йўқ саккиз минг гектарлик қуруқ ерга директор бўлди. На илож, республика ва область раҳбарияти ишонч билдиришган. Боз устига ўзи ҳам рози бўлган.

Йигитнинг сўзи қасам! У отасидан ўрнак олиб, кечаю кундуз тиним билмади. Биринчи навбатда хўжаликка ишламоқни мақсад қилиб, кўч-кўрони билан кўчиб келган одамларга уй-жой, коммунал иншоотлар, озиқовқат савдо дўконлари, ичимлик суви таъминоти иншоотлари қурилишини қаттиқ назоратига олди. Директорнинг ўзи кўчма вагонда яшар, иш кабинети ҳам шу ер эди.

Марказий техника саройи ва устахонанинг йўқлиги, айниқса, кўп панд берарди. Қисқа муддат ичида “Қаршиқурилиш” бошқармасига қарашли оғир техникалар туну-кун ишлаши натижасида хўжаликда дастлабки икки минг гектар янги ер ўзлаштирилиб, экин экишга тайёр қилинди. Ер ҳайдайдиган техникалар, чопиқ қиладиган культиваторлар, чигит экадиган сеялкалар, ёқилғи қуядиган машиналар, пайвандловчи мосламаларнинг барчаси директор яшайдиган кўчма вагон атрофига тўпланганди. Ҳатто уларни қўриқлашни ҳам Амир Тўраев назорат қиларди.

21-давлат хўжалиги асосан пахтачилик ва қорамолчиликка мўлжаллаб ташкил этилган эди. Экин майдонларини эса Қарши бош каналининг бир тармоғи бўлган Ульянов номли канал орқали сув билан таъминлаш кўзда тутилган. Шу мақсадда хўжалик экин майдонларини оқар сув билан таъминлайдиган учта ички каналлар қазилган бўлиб, уларнинг барчаси Ульянов каналининг экин майдонларига нисбатан баланд қисмидан нотўғри лойиҳалаштирилганди. Натижада, хўжалик йиллик сув лимитининг бор-йўғи эллик фоизини олаётганди. Бу ҳақда Амир Тўраев “Қаршиқурилиш” бошқармасининг собиқ бошлиғи Сулаймон Рустамовичга, янги бошлиғи Эркин Турсуновга, ҳатто “Ўрта Осиё давлат хўжаликлари қурилиши” Бош бошқармаси бошлиғи Нажим Ҳамроевга, область партия ва ижроия қўмиталари раҳбарларига ушбу ҳолатни исботлаб, бир неча бора хат жўнатган эди. Аммо, ўзининг бирорта ҳам хатига улардан жавоб олмаган. Вақт келиб, ўша юқори раҳбарият хўжалик директоридан режада кўрсатилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сўрашади. Вақт эса кутиб турмайди. Ҳосилдорликни кўтариш учун ернинг шўрини ўз вақтида ювиб туриш керак бўлади, бунинг учун ҳам маълум миқдорда сув керак.

Юқоридаги муаммоларни ҳал этишга охир-оқибат хўжалик раҳбарининг ўзи киришди. Гидротехник билан биргаликда Ульянов каналидан сув оладиган суғориш тармоғининг лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаб, керакли сув очгич жиҳозларни келтирди. Каналнинг сув оладиган қисмини керагича бетонлаб, хўжалик ишчи-мутахассисларининг кучи билан қисқа муддатда қўшимча сув олиш учун канал қаздирди. Директорнинг кўнгли жойига тушиб, майдонларни суғоришга тайёргарлик кўраётганида, “Қаршиқурилиш”нинг сувдан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Ислом Муродов келиб қолди-да:

– Нима қилаяпсизлар, бу қанақа ўзбошимчалик?! – деб дағдаға қила бошлади.

Амир Тўраев унга масаланинг моҳиятини тушунтирмоқчи бўлганида, хўжаликнинг деҳқончилик илми ва тажрибасини яхши биладиган ишчилар Ёмғирчи Бозоров билан Муҳаммади Шариповлар уни четга тортишди.

– Амирқул, аслида Бош каналдан сув очишнинг ўзига яраша қоидалари бор. Сени қилган ишинг каттагина гапсўзга сабабчи бўлиши ҳам мумкин. Жаҳлингни чиқармасдан яхшилаб ўйлаб, ҳолатни Муродовга тушунтиргин. Шошма, яхшиси ўзимиз унга тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Бизлар у билан гаплашаётганимизда сен аралашмасдан тургин, – дейишди-да, улар бошқарма бошлиғига яқинлашишди. Салом-аликдан сўнг катта раҳбарга “ўзбошимчалик” сабабларини тушунтира бошлашди:

– Ўртоқ Муродов, аввало, сиз бизларга дағдаға қилманг. Бу одат катта раҳбарга ярашмайди. Хўжалигимизнинг янгидан ташкил топганини ўзингиз биласиз, албатта. Бу ерга беш юзга яқин одам чўлни ўзлаштирамиз, бола-чақа боқамиз деб келиб, ёзнинг эллик градусли жазирамасида уйсиз-жойсиз бўлсада меҳнат қилишаяпти. Ҳар қанча қийинчилик бўлса-да, ҳатто, давлатга олти минг тонна пахта ҳосили етиштирдик. Аввало, сизнинг масъулиятсизлигингиз ва “Қаршиқурилиш” бошқармаси раҳбарларининг бепарволигидан бизга ажратилган сув лимитининг эллик фоизини ҳам олаолмаяпмиз. Натижада беш минг тонна кам пахта етиштирилди. Акс ҳолда ҳосилдорликни ўн минг тоннадан оширган бўлардик. Бунинг учун сиз ва жаноб Эркин Турсунов қонун олдида жавоб беришларингиз керак! Юринг, одамлар билан гаплашамиз, – деб улар бошқарма бошлиғини янги канал четидаги тупроқни текислашаётганлар томонга бошлашди.

Шу пайт тупроқ текислаётганлар орасидан Норқул деган ишчи ажралиб чиқдида, Ислом Муродовга яқинлашди. Ўзи жуда пала-партиш гапирса ҳам, айтганлари кўпинча тўғри чиқарди. Худди аввалдан танишлардек келиб, бошқарма бошлиғи билан қуюқ сўрашди.

– Ука, – деди Норқул Ислом Муродовга, – сен бизларни ёлғончи қилдинг, сувни ўз вақтида етказиб бермадинг. Натижада, давлат олдида юзимизни ерга қаратдинг. Биз сени қойил қолдириш учун бу ишни қилаётганимиз йўқ. Биласанми, аслида тирикчилик қилиш учун қишлоғимизни ташлаб, чўлга келганмиз. Мана сенга кетмон, биз билан иш битгунча бирга ишлайсан. Қани, ишни бошла, сен ирригаторсан, бизларнинг камчиликларимизни тузатиб ишлагин! Иш тугагач, шу ишларга тўлиқ қатнашдим, деб мана бу ҳужжатларга имзо қўясан. Йўқ десанг, керакли жойда жавоб берасан…

Ноилож қолган Ислом Муродов икки соатлар чамаси ишчилар қаторида тупроқ текислади. Сўнгра лойиҳа ҳужжатларига имзо қўйди. Ишчилар унга “раҳмат” айтишди. У хўжалик директори билан хайирлашар экан: “Амир Тўраев, мен ўз оёғим билан келиб, балога қолдим…” деб хафа бўлганча машинасига ўтириб, жўнаб кетди.

Хўжалик директорининг зиммасида улкан масъулият турарди. У лойиҳа асосида қурилаётган сув йўлларини, сув бир маромда текис оқишини ва янгидан ўзлаштирилаётган экин майдонларининг рельефларини тўғри-нотўғрилигини аниқлагач, ишни қабул қиларди. Қурилишни охирига етказмасдан топширишга шошилиш қурувчининг эски касали. Шу сабабли ҳам хўжалик директори билан қурилиш ташкилотлари раҳбарлари ўртасида деярли ҳар куни кўнгилга сиғмайдиган тортишувлар юз бериб турарди. Хўжалик директори эса ҳар бир объектни камчиликсиз қурилиб топширилишининг тарафдори эди.

21-давлат хўжалигининг бош қўрғони қурилишларини қураётган Кўчма қурилиш-монтаж ишлари колоннаси жамоасига Тошкент шаҳридан келган Эркинжон исмли ёш йигит раҳбарлик қиларди. У хўжалик директори устидан, ҳатто область партия қўмитасининг қурилиш соҳаси бўйича котиби Мақсуд Гулмирзаев ҳамда “Қаршиқурилиш” бошқармаси бошлиғи, жуда маданиятли инсон бўлмиш Эркин Турсуновларга “Бу одам билан ишлашнинг иложи йўқ, агар битта михи кам бўлсаям қурилган иншоотни қабул қилмайди. Бу даражада талаб бўлиши мумкин эмас!” деган мазмунда шикоят қилган пайтлари ҳам бўлди.

Бир сафар ҳар иккала раҳбар хўжалик бош қўрғони қурилишини кўргани келишганида қурилиш колоннаси бошлиғи:

– Ростини айтсам, Амир Тўраевга дуч келганимда оёқларим қалтираб кетади, – деди.

– Оёқларингиз қалтирамаслиги учун лойиҳадаги ишларни камчиликсиз бажаришингиз керак. Директор ундан ортиқчасини талаб қилмайди. Ҳозир мен уни шу ерга чақиришим мумкин, аммо у: “Жаноблар, ишни қойил қилсангиз, мен дарҳол қабул қиламан, актга ҳам имзо чекаман”, дейди, деди Эркин Турсунов ва рация орқали Амир Тўраевга чиқди. Хўжалик директори шу яқин атрофда экан шекилли, бир пасда етиб келди.

– Амир, қурилиш бошлиғи, трест бошқарувчилари тўпланишиб, устингдан арз қилишаяпти. Объектларни нега қабул қилмаяпсан, лойиҳага яқин бўлса қабул қилиб олавер, камини кейинроқ тўғрилаб беришар, – деди ўзини гўё ундан хафа бўлгандек кўрсатиб Эркин Турсунов.

– Эркин ака, лойиҳадаги ишни тўқсон беш фоизини бажаришган бўлишганда сўзсиз қабул қилиб олган бўлардим. Лекин, тузатиб бўлмайдиган камчиликлари жудаям кўп! Коммуникация, электр, сув таъминоти, канализация тармоқлари қилинмаган, жўмракларни ўрнатиш ўрнига пайвандлаб қўйишаяпти. Бирортаси бузилиб қолса қайтадан қурувчи-сантехник чақириб, уларни тузаттираманми?! Бу ҳақда Мақсуд Гулмирзаевга яхшилаб тушунтирганман. Қурувчиларингиз бўлса “Биз Эркин Турсуновичга борамиз!” деб дағдаға қилишади. Қурувчиларингизга тушунтиришнинг фойдаси бўлмаяпти. Келганларингиз яхши бўлибди, ҳолатни ўрганиб чиқинглар, ноҳақлик қилаётган бўлсам, сўнгра ўлимга маҳкум қилсаларинг ҳам розиман, – деди Амир Тўраев.

– Чўлда янгидан ташкил этилаётган давлат хўжаликларига билимдон одамларни директор қилиб бўлмайди, бизларга бало бўлдинг! Сен директор бўлганингдан буён “Қаршиқурилиш” бошқармасининг иши бир томон, сени ташвишларинг бир томон бўлиб турибди. Кеча “Дренажстрой” трестининг бошлиғи юрагини чангаллаб, бугун касалхонага тушди. Ётқизилган ёпиқ дренажларнинг 1,2 километрига ётқизилиши лозим бўлган труба қўйилмаган экан. Сен сув қуйиб, 1,5 километр ерни кавлатибсан. Бу ҳам пул, уларни ҳеч ким назорат қилмаган. Сен ҳақсан, бу ҳолатда ер шўрланиб, ботқоққа айланишини улар ўйлаб ҳам кўришмаган. Энди тергов органларидан қўрқиб, юрак етишмовчилигидан касалхонага ётиб олган. Йўл қурилиши бошлиғи Степаненко ариза ташлаб кетди. Йўлга ётқизилган шағал ва асфальт лойиҳадагидек бажарилмаган, деб давлат актига кўндаланггига ёзибсан. Мен ҳам нима қилишни билмасдан турибман. Уларни кўп ҳам қийнамагин. Ульянов каналидан ҳеч қандай лойиҳасиз ўзбошимчалик қилиб одамларинг билан ички канал қаздирибсан. Амирни дастидан ишлаб бўлмаяпти, деб Рўзмат Ғойибовга ҳам айтдим. “Бориб ўзинг ҳал қилгин” деди. Ярим соатлардан сўнг мен Ульянов каналининг штабида бўламан. Ўша ерга боргин, гаплашамиз, – деди ҳайрлашаётиб Эркин Турсунов.

ГАП БУ ЁҚДА ЭКАН-ДА

Амир Тўраев “Қаршиқурилиш” бошқармасининг бошлиғини Ульянов канали штабида кутиб олди. Негадир у кўринишидан жуда ҳорғин, чарчаганлиги шундоққини кўриниб турарди. Боз устига ҳалигача тамадди ҳам қилмаган бўлса керак. Унинг гапирганда шошмасдан, жуда маданият билан муомала қилиш одати бор эди.

– Амир, нега бундай қилдинг? Ислом Муродовни “Керакли жойда жавоб берасан” деб қўрқитибсан. Актларга мажбурлаб имзо ҳам қўйдирибсан, – деди босиқлик билан Эркин Турсунов.

– Эркин ака, сиз ҳам, мен ҳам ҳукуматнинг қарорларини бажараяпмиз. Аслини олганда ҳаммаси ҳам ҳал қилиниши мумкин бўлган ишлар эди. Келинг, аввал бир пиёладан чой ичиб олайлик. Мазали шўрва ҳам тайёрлашибди. Мен қаршингиздаман, кейинроқ жазолайверасиз, – Амир Тўраев гапни ҳазилга бурди.

– Айтганингча бор, иш деб соғлиқни ҳам ўйламаймиз, баъзида. Соат ҳам тўртга яқинлашибди. Ўзингча бир иш қилмасдан, мен билан маслаҳатлашмайсанми? Ахир, хўжалигинг бизларнинг бошқармага қарашлику!

“Тушлик” қилиб бўлишгач, Амир Тўраев каналга алоқадор бўлган барча ҳужжатларни, шунингдек, бошқарма раҳбарияти номига жўнатилган хатларнинг нусхаларини Эркин Турсуновичнинг қўлига тутқазди. У ҳужжат ва хатларни эринмасдан ўқиб чиқди-да, “Ҳа, гап бу ёқда экан-да, тўғри, бизлар ишламаган эканмиз!” деди хўжалик раҳбарига қараб. Сўнгра, штаб телефонидан ёрдамчисига “21-давлат хўжалигидан борга хатларни олиб, бошқарма бош муҳандиси Каменев тезлик билан “Ульянов канали штаби”га етиб келсин” деб кўрсатма берди.

Орадан бир соатлар вақт ўтиб, керакли ҳужжатлар ҳамда мутахассислар билан бошқарма бош муҳандиси штабга етиб келди.

– Мана бу хатларни сиз жўнатганмисиз? – Эркин Турсунов бош муҳандиси келтирган папкани очиб, бир нечта конвертларни олиб кўрсатаркан, Амир Тўраевга савол берди.

– Қани, кўрайчи, – деди хўжалик директори, ўзига тегишли хатларни таниб турган бўлса ҳам.

Бошқарма бошлиғи конвертларни унга узатди. У конвертларни очиб, хатларга бирма-бир кўз югуртираркан:

– Эркин Турсунович, ҳамма хатларни ўзим ёзганман, имзо қўйиб, ўзим жўнатганман. Лекин, шу пайтгача билдириш-у ариза-хатларимнинг бирортасига жавоб олганим йўқ. Натижасини ҳам кўрмадим. Авваламбор, сиз ҳам, мен ҳам ҳукуматнинг топшириқларини бажараяпмиз. Сиз чўл бағридан янги ерларни ўзлаштиришингиз, бизлар эса давлатга белгиланган режа асосида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб беришимиз керак. Бош каналдан экин майдонларимизгача сув аслида ўз оқими билан етиб боришини кўзда тутган ҳолда мутахассислар лойиҳа тайёрлашлари лозим эди. Лойиҳачиларингиз эса ер рельефини инобатга олмасдан лойиҳани хато тайёрлашган. Натижада, олишимиз лозим бўлган йиллик сув лимитимизнинг эллик фоизини ҳам олаолмадик. Деҳқоннинг дарди билан ҳеч ким бош қотирмагач, “Ўзинг учун ўл етим” деганларидек, ўзимиз керакли жойдан сув йўли қазишга мажбур бўлдик. Эркин ака, мана, қаранг, хатларга “Ўрта Осиё давлат хўжаликлари қурилиш” Бош бошқармаси бошлиғи Нажим Рахимович “…тезда тузатилсин”, обком ва область ижроия қўмитаси раҳбарлари “…тезда ёрдам кўрсатилсин, камчиликлар қайта кўриб чиқилсин…” деган топшириқлар бериб, имзо ҳам қўйишган экан. Ислом Муродов эса хатларнинг ҳаммасига “Кўрсатилган камчиликлар тузатилди…” деб юқори ташкилотларга ёзма ахборот ҳам жўнатган. Жамоамизга шароит яратиб берилишини сўраб хат жўнатганимни жиноят деб ҳисобласанглар, мен ҳар қандай жазога тайёрман…, – деб Амир Тўраев хатларни бошқарма бошлиғига узатди.

Эркин Турсунов бош муҳандисга қаради. Каменев эса стол устидаги қандайдир ҳужжатга тикилганча жим ўтирарди.

– Ўртоқ Каменев, эшитдингизми, директорнинг гапини? Аслида ўзимиз аблаҳмиз! 21-давлат хўжалигидан келган хатларга ким эътибор қилмаган бўлса, ким хатога йўл қўйган бўлса Бошқарма Кенгашининг қарори билан жазоланади! Қолган гапларни ҳам кенгашда кўриб чиқамиз! Сизга эса, “ўртоқ” Ислом Муродов, 21-давлат хўжалиги меҳнат аҳли тўғри жазо берган, қолганини яна оласиз! – деди бошқарма бошлиғи анчайин қизишиб. Сўнгра штаб телефони гўшагини кўтариб, коммутатордагилардан область саркотиби Рўзмат Ғойибовни улаб беришларини сўради.

– Ассалому алайкум, Рўзмат ака. 21-давлат хўжалиги масаласида … ҳа,ҳа, хўжалик ишчилари ҳам, Амир ҳам бу масалада хато қилишмаган. Тўғри айтасиз, Рўзмат ака, ахир давлат режасини бажариш учун хўжаликка сув керак-ку, якуний ишлар тўғрисида ўзим сизга ҳисобот бераман…

– Эркин, – гўшакдан саркотибнинг салобатли овози эшитилди, – шу бугуноқ мутасадди ташкилотларни сафарбар этиб, хўжалик ишчилари томонидан очилган сув отводини лойиҳа асосида қонуний қилиб қуриб топширгин. Қани эди, ҳамма директорлар ҳам Амирга ўхшаб, қурувчидан ўз ҳақини талаб қила олса. У йигит масъулиятни ҳис этиб ишлайди…

– Рўзмат ака, ҳозирча Амирнинг ўзи ҳам бизларга етади… – деди Эркин Турсунов. Гўшакдан саркотибнинг самимий кулгиси эшитилди.

Шу кундан эътиборан иш қизғин бошланди. Эркин Турсуновнинг ўзи устида туриб, янги сув йўлини лойиҳада кўрсатилгандек кўринишда қуриб битказишди. Эркин Турсунов Тошкент шаҳрида таваллуд топган, ўз касбини мукаммал биладиган, саводли, маданиятли, босиқ, ҳалол ва адолатли инсон эди. Бундай инсонлар замондошлари қалбида доимо яшайди. Унинг Қарши чўлини ўзлаштиришда меҳнатлари кўп сингган.

Амир Тўраев “Тошкент” давлат хўжалигида фаолият кўрсатар экан, ўзида бор билим ва тажрибасини амалга ошириб, жамоани қисқа муддатда улкан муваффақиятларга эриштира олди. Хўжалик жамоаси 1977 йида давлатга 6205 тонна сифатли пахта хомашёси етказиб берди. Бу эса гектар бошига режадагидан ўн центнердан кўп ҳосил эди. 1978 йили хўжалик жамоаси режадаги 7500 тонна ўрнига 10000 тонна пахта ҳосили етиштирдилар. Унинг 3500 тоннаси қиммат баҳо ингичка толали пахта эди. Шу йили Амир Тўраев бошлиқ хўжалик пахтакорлари ўзлари етиштирган ҳосилнинг юз фоизини пахта териш машиналари ёрдамида териб олишни йўлга қўйишди. Бундай ютуқ ўша йиллари вилоятдаги саноқлигина хўжаликларда амалга оширилган эди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации