Электронная библиотека » Шомурод Шаропов » » онлайн чтение - страница 6

Текст книги "Умр дарёси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:20


Автор книги: Шомурод Шаропов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 6 (всего у книги 23 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ОРАДАН УЧ ЙИЛ ЎТДИ…

Амир Тўраевни давлат хўжалигида директор бўлиб ишлашидан отаси норози эди. У ўғлини ҳар қандай шароитда ҳам илмий йўналишга қайтишини орзу қиларди. Айниқса, ўғлининг соғлиги уни чуқур ўйлантирар, юраги безовталанарди. Бунинг устига яна тўртта ўғли изма-из олийгоҳларни тугатишаётганди.

Отаси Амир Тўраевни Тошкентдаги шифокорларга, кўпинча С.И.Файинга учраштириб, тез-тез маслаҳат сўрарди. Уни ўзи билан бирга Ессентуки, Кисловодскдаги оромгоҳларга олиб борди. Аммо, ўзининг елиб югуришларидан негадир кўнгли тўлмасди. Охир-оқибат сабр-бардоши тугади шекилли, ўғлини чақириб, “…Сен хўжалик раҳбарлигидан бўшатишларини сўраб, ариза ёзгин-у, уни райком бюросига топшир!…” деди.

Амир Тўраев учун отасининг гапи гўё қонун эди. Эртасигаёқ иш фаолиятини юритишга соғлиги халақит бераётганини кўрсатиб ариза ёзди-да, Усмон Юсупов райкомининг биринчи котибига учрашди. У аризани ўқиб, “Амирбек, сени ишдан бўшатиш менинг ҳам, обком бюросининг ҳам қўлидан келмайди. Шароф Рашидович ҳар сафар Қашқадарёга ташриф буюрганларида, албатта 21-давлат хўжалигига келадилар. Буни ўзинг ҳам биласан. У киши сени сўрасалар, нима, “Соғлигининг мазаси йўқлиги учун жавоб бердик” деймизми? Ука, ўзингни ютуқларинг билан райондагина эмас область миқёсида ҳам танилиб улгургансан. Уч ярим йил орасида катта ишларни амалга оширдинг. Бундан ташқари хўжалигинг “Ўрта Осиё давлат хўжаликлари қурилиш” Бош бошқамаси тасарруфида. Бу ҳақда улар билан ҳам келишишимиз керак. Отанг ҳам бу масала бўйича мен билан гаплашганди. Эртага область саркотиби билан учрашиб, аҳволни ётиғи билан тушунтиришга ҳаракат қиламан. Нима бўлганда ҳам чидаб тургин! Бир гап бўлар, ишингни бўшаштирмагин! Энг ёмони, хўжаликка сенинг орқангдан тўқсон тўққиз фоиз одам келган. Сени бу ердан кетишинг, давлатга ўн минг тонна пахтани йўқотиш деган гап! – район саркотиби Қарол Маҳмудов уни юмшатишга ҳаракат қилди.

Дарҳақиқат, эртаси куни газеталарда ҳукуматнинг Қарши чўлида янгидан Баҳористон районини тузиш тўғрисидаги фармони эълон қилинди. Район тузиш комиссиясига Али Тўраевич Орзиқулов раис бўлди. Амир Тўраев отаси билан учрашиб, Қарол Маҳмудовнинг гапларини етказди. Отаси мийиғида кулиб, “Сени Усмон Юсупов райони ижроия қўмитаси райслигига ишлашинг учун Рўзмат Ғойибович Марказий Қўмита раҳбаридан розилик олибди. Эртага сен билан Иван Головачёв суҳбатлашади. Ўзинг ўйлаб кўргин, сени биринчи ишинг ўз соғлигинг, бу ҳақда ўзинг қайғуришинг керак, сенга ҳеч қандай амал керак эмас. Мени тинч бўлсин десанг, соғлигингни ўйлагин, бошқа гап бўлиши мумкин ҳам эмас” деб қатъий огоҳлантирди.

АГЕНТ КЕРАКМИ?!

Эртаси куни Амир Тўраевни обкомга чақиришди. Иван Иосифович Головачёв уни қабул қилиб, турли мавзуда узоқ суҳбатлашди. Суҳбатда обкомнинг ташкилий ишлар бўлими мудири Евгений Березиков ҳам иштирок этди. Суҳбат давомида Иван Иосифович Усмон Юсупов район саркотиби Қарол Маҳмудов устидан кўплаб салбий фикрлар билдириб, ижроқўм раиси бўлиб иш бошлагач, райкомнинг биринчи котиби билан шохлашиб ишлаши кераклиги, унинг гапларига қулоқ тутмаслиги лозимлигини қайта-қайта тайинлади. Иван Иосифович Евгений Березиков билан кўз уриштириб олгач, “Қарагин, ҳали йигирма саккиз ёшга кирмагансан, сени районнинг иккинчи раҳбари қилиб кўтараяпмиз. Сен мен билан Евгений Ефимовичнинг райондаги кўзи бўлиб ишлайсан… Бу хизматларингни инобатага олиб, рағбатлантириб туриш эса бизларнинг зиммамизда…” деди мулойимлик билан.

Амир Тўраев уларнинг гап-сўзларини сабрбардош билан тинглади. Аммо, обком вакилининг сўнгги гапи унинг ҳамиятига теккандек бўлди.

– Иван Иосифович, мени аввал акам ишлаган вазифага юбораяпсиз, бунга жамоатчилик, одамлар нима дейишади? Бу лавозим ака-укаларга мерос қолганми, деб ўйлашмайдими? Иккинчидан, сизга ижроқўм раиси керакми ёки райондаги гап-сўзларни етказиб турадиган агент керакми?! – деди Амир Тўраев.

Унинг гапини эшитган Иван Иосифович шундай тикилдики, гўё Амир Тўраевни ютиб юборишга тайёр турган оч бўрига ўхшаб кетди.

– Нега сен бунақа гапларни қилаяпсан?! Биз сени лавозимингни кўтармоқчи бўлсак, сенинг эса менга берган саволингни қарагин?! – дея Евгений Ефимович жаҳл аралаш гапга аралашди. – Бизлар сени ЎзЛКСМ ва ВЛКСМнинг съездларига делегат қилиб сайладик. Номзодингни ВЛКСМ Марказий Қўмитаси таркибига киритишни таклиф қилдик. Меҳнат Қизил байроқ орденини кўкрагингга тақиб қўйдик. Область партия қўмитаси таркибига кирдинг, область совети депутати бўлдинг…

– Иван Иосифович, Евгений Ефимович, ҳаммаси учун ташаккур. Хабарларинг бор, мен ўз вазифамдан бўшатишларини сўраб ариза берганман. Сизлардан илтимос, аризамни ҳисобга олиб, мени ишимдан озод қилсаларингиз менга кўп яхшиликлар қилган бўлардинглар, – Амир Тўраев уларга тушунтиришга ҳаракат қилди. Унинг гапи ва ўзини тутишидан Евгений Ефимовичнинг жазаваси тутиб, ваҳшийлик тусига кирди-да, бақира бошлади:

– Ўйлаб гапираяпсанми ўзи?! Сен нима деяпсан, район биринчи котиби билан тенг лавозим ерда қолганми?! Ёки, мендан бошқа ишни уддалайдиган кадр йўқ деб ўйлаяпсанми? Одамлар бу лавозим учун қоплаб пул кўтариб юришибди! Вой аҳмо-о-қ! Иван Иосифович, сиз тўғри айтган экансиз, қанча билимдон, ташкилотчи бўлгани билан, ҳали ҳам гўдак экан, бу бола!…

– Менинг соғлигим жуда ёмон, ўлиб қолишим ҳеч гап эмас. Шу сабабли ҳам ишлашимнинг ҳеч имконияти йўқ. Мени тўғри тушунинглар… – дейиши билан Амир Тўраев Иван Иосифовичдан балога қолди:

– Бундай таклиф сенга бошқа қилинмайди! Афсус, бизлар Марказқўмдагилар билан келишиб олган эдик, энди нима деб жавоб берамиз?! Амир, қани ўзинг айтчи?!

– Касал, имконияти йўқ экан дейсиз. Иван Иосифович, менга раҳм қилинглар… – зорланди Амир Тўраев.

– Йўқ, – деди Иван Иосифович қатъиятлик билан, – касал бўлсанг 1-сон Республика ҳукумат шифохонасида машҳур врачларни жалб этиб даволатамиз! Икки-уч кун ишлаганингдан сўнг ўзим жўнатаман.

– Иложи йўқ, Иван Иосифович, мендан директорликни олиб, давлат хўжалигига дурустроқ бир мутахассисни раҳбар қилиб қўйсаларинг яхши бўларди.

– Нима, ёки бира тўла нафақага чиқмоқчимисан?! Қаерда ишламоқчисан?! – жаврай бошлади обкомнинг иккинчи котиби.

– Имкони бўлса, даволанганимдан сўнг Тошкент қишлоқ хўжалик институтида ўқитувчилик қилмоқчиман, – деди Амир Тўраев.

– Бунинг гапини қаранглар, институтда ишлармиш! – хиринглаб кулди обком котиби. – Райижроқўмлик қаердаю, оддий ўқитувчилик қаерда!

Шу пайт Амир Тўраевнинг кўкрак қисмида қаттиқ оғриқ қўзғалди. Унинг кўз ўнги қоронғилашиб, стул суянчиғига суянди. Евгений Ефимович унинг қўлидан ушлаб “Амир, сенга нима бўлди, ўзингга келсангчи…” деб, шиша-пиша идишдаги маъданли сувдан пиёлага қуйиб узатди. Бир оздан сўнг анчайин ўзига келиб қолган Амир Тўраев:

– Иван Иосифович, “Мен партия аъзосиман, сизлар айтган жойда ишлайман” деганимда ўз виждоним олдида айбдор бўлиб қолган бўлардим. Сиз хоҳласангиз ҳам, хоҳламасангиз ҳам, ҳатто мени ёмон кўриб қолсангиз ҳам мен ҳақиқий партия аъзосиман! Менга кўп азоб берманглар, кетишга рухсат беринг, – деб ўрнидан қўзғалди.

Шу куни Амир Тўраев ишига бормасдан, тўғри Пўлатига жўнади. Отасининг уйига боргач, беморланиб уч-тўрт кун кўрпа-тўшак қилиб, ётиб қолди. Ўғлидан ҳол сўраб кирганда, унинг кўз қарашларидан ўзининг бир пайтлари билиб-билмасдан жигарбандига етказган жабри учун руҳан қийналаётганлиги аниқ сезилиб турарди. Бундан Амир Тўраевнинг ўзи ҳам эзиларди.

– Ўғлим, эртага Тошкентга кетамиз. Сени энди ўзим даволатмоқчиман. Кўп ҳам ўйламагин, ҳаммаси яхши бўлади, соғайиб кетасан. Бугун “Тошкент” хўжалигидан болаларингни ҳам шу ерга кўчириб келтираман. Рўзмат Ғойибович билан ўзим гаплашаман, – деди навбатдаги гал отаси.

ЯНГИ ЛАВОЗИМЛАРГА ТАКЛИФ

Рўзмат Ғойибов кўпни кўрган, дунёқараши кенг, Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида бўлиб, ҳаётнинг оғир-енгилини ҳис қилаоладиган инсон эди. Иван Иосифович ўша куни бўлиб ўтган учрашув тафсилотларини унга қандай тушунтиргани бизга номаълум, аммо Амир Тўраевни очиқ чеҳра билан қабул қилди.

– Амир, бугун кечқурун самолётда Москвага учасан. Ўша ерда Гепаталогия маркази бор, ўн беш кун даволанасан. Йилнинг якунланишига оз муддат қолди. Тузалиб келганингдан сўнг сенга учта вазифа турибди, булар – область қишлоқ хўжалик бошқармаси, область ижроия қўмитаси раисининг ўринбосарлиги, обкомнинг қишлоқ хўжалик бўлими мудирлиги. Хоҳлаганингга ишлайверасан. Тошкентга кетмайсан, сен ўзимизга ҳам кераксан! Аввалроқ республикадан Марказий Қўмитанинг қишлоқ хўжалиги бўлимига сени сўрашганди, рози бўлмагандим. Шифохонага жойлашишингга ҳеч қандай муаммо бўлмайди. Ўзбекистоннинг Москвадаги ваколатхонаси раҳбарини жуда яхши танийман. Амир, обкомдаги ўрисларнинг гапига хафа бўлмагин, ўшаларга ҳам босиқлик билан жавоб қайтаришни ўрган. Мен сени касаллигинг борлигини шу пайтгача билмаган эканман. Отанг ҳам унча-бунчага парво қилмайдиганлар тоифасидан-да! Лекин менга учрашиб, сени соғлигинг тўғрисида кўп қайғурди. Самолётга билет брон қилинган. Отанг ҳам билади. Кечки рейсда учасан. Руҳингни туширма, соғайиб кетасан, – деб ҳайрлашди.

Обком саркотибининг муомаласи, ҳатти-ҳаракатлари, унга бўлган оталарча эътибори Амир Тўраевнинг руҳини кўтарди, гўё унинг танасидаги дард чиқиб кетгандек бўлди. Аммо, унинг кўз ўнгида отасининг область саркотиби қабулхонасига кириб эзилишлари ва қийналишлари гавдаланди. Ўзи ҳам ич-ичидан маюс тортди.

Москвадан даволаниб қайтгач, у яна “Тошкент” давлат хўжалигидаги ўз ишини дадиллик билан давом эттира бошлади.

ХОТИРА ДАФТАРИ

Амир Тўраев қўл соатига қаради. Тун ярмидан оғибди. Негадир кўзига уйқу келмасди. Стулга жойлашиб ўтирди-да, қўлига ручка олиб, анчадан буён режалаштириб юрган “Хотиралар дафтари”ини ёзишга тутинди:

“…Мен ҳаётимни ҳеч қачон салбий ҳолатда ҳис этмадим. Тўғри-да, ҳаёт ҳеч қачон мозорлардан иборат бўлмаган! Агар инсон танасида дард бўлса, унинг кўз ўнгида бутун дунё дард бўлиб кўринаркан.

Бундай ўйлаб кўрсанг бу дунёда салбий нарсанинг ўзи йўқ. Бахти комил, бус-бутун одам ҳеч қачон дунёга келмаган. Ўтган ҳаётимдаги эришган муваффақиятларим, учраган мағлубиятларим мен учун ҳамиша кушандам ва душманим бўлган, холос. Бахт билан туғилсанг камолатинг ўшадир, лекин бунинг имкони йўқ! Ўртада тақдири азал ҳам турибди, шукрона келтирмоқ керак. Дунёни тарк этсанг, завол ўшадир, бу ҳақ гап! Тупроғинг устига келиб, кимдир ёд айласа бу ҳақиқий иқболдир! Ҳар бир инсоннинг босиб ўтган умр тарихи, бу катта хотира ҳисобланади. Инсон бу дунёда йўловчи холос, келиб кетаверади! Не-не зотлар бу йўлдан келиб кетишмаган! Лекин, иғвою фитна, хусумат, ғараз ҳеч қачон ўлмайди, улар инсон деган бандасини охирги йўлга кузатади, ўзи эса яшайверади, шунинг учун ҳам ҳеч қачон инсоният бу балодан қутилаолмайди.

Узоқ йиллар давомида қалбимда тўпланган муаммоларга аниқ жавоб топиш иштиёқи билан яшадим, билиб билмасдан қилган гуноҳларим учун яратганга шукрона келтириб, тавба қилдим, ҳар бир босган қадамим учун бир кун келиб, унинг олдида жавоб беришни ўйладим.

Дунёга олиб келган, эркалатиб бағрига босган жафокаш, меҳнаткаш, бағри кенг ота-онам олдида садоқатли ва фидойи ўғил бўлишдек Аллоҳим берган буюк бахт учун шукрлар қиламан. Ҳар бир фарзанд олтин билан миснинг, олмос билан шишанинг фарқига бораолса, Ватан ва халқи олдида ҳаммол бўлса, бу отаона учун энг буюк бахтдир! Ҳақиқий фарзанд учун эса булар муқаддас бурч ҳисобланади, менинг назаримда.

Тўғри, ёшим бир жойга бориб қолганда ўтган умримни сар-ҳисоб қилиш мен учун жуда муҳим ва оғирдир. Мен билмаган гаплар кўп экан ҳали бу дунёда! Чархнинг кажрафторлиги, найрангбозлиги, “дўст”ларнинг мунофиқлиги олдида бошинг эгилиб, қаддинг букилади, рост-ёлғон орасида қилдик кўприк устидан эҳтиёткорлик билан ўтмасанг ҳолинг нима кечишини ўзинг бир ўйлаб кўргин-а! Агар тақдирингда бадбахтлик битилган бўлса на чора, бошингга тушганини кўзинг кўради, келаётган бало-жафолар сени райинг, истагинг билан ҳисоблашмайди. Ўзгаларни ишонтиришинг учун авваламбор, ўзингга ишонишинг шарт! Ўтган умрим давомида кўп панд едим, лекин бирор инсонга панд беришга ҳаракат қилмадим.

Бошимга қанча хуррамлигу шодлик келган бўлса ҳам, неки ғамлик ва алам келган бўлса ҳам, тақдирқисматимга йўяман, Аллоҳнинг иродасига боғлаб яшайман! Шундай бўлса-да, яна ҳам кўпроқ яшагинг келаверади бу ғаламис дунёда! Югурасан-еласан, алданасан-алдайсан, бойлик йиғиб тўплайсан, осмон ўпар иморатлар қурасан, қимматбаҳо моллар топасан, аммо охир-оқибатда оқ кафанга ўралиб, парвардигор ҳузурига кетасан! Энди бир тасаввур қилгин, ҳаммаси орқада қолади, шу онларни бир ўйлаб кўрсанг, ақлинг етмайди, бу қандай қудрат, сиру синоат, ечими жуда қийин! Ёшинг улғайган сайин юрагингни Аллоҳга топинтиришга ҳаракат қила бошлайсан, ўзинг эса қадамба-қадам тупроққа тикиласан! Бунда катта ҳикмат бор, дўстим! Инсон ҳар доим Аллоҳга чин дилдан илтижо қилиб яшамоғи керак! Қилинган илтижолар чин қалбдан бўлса, ҳеч қачон бесамар кетмайди! Аммо, буни жуда кеч пайқаймиз, хом сут эмган бандамиз-да, деб ўзимизни овунтиришга ҳаракат ҳам қиламиз!

Модомики тириклик мезонига шак келтириб бўлмас экан, яшаганда ҳар биримиз пок дилли, маърифатли, халқига ва Ватанига садоқатли бўлиб умргузаронлик қилишимиз керак!

Менинг назаримда, тирикликнинг ўзи Аллоҳ томонидан инъом этилган синов экан, инсон зоти бу синовларга қачондир жавоб бериши шарт! Аммо, бу синовларнинг кушандаси ҳам бор, улар доимо ўзинг билан бирга, улар ёмон амалларингдир! Ҳеч қачон душманим йўқ деб ўйламагин, биринчи душманинг ўзингни тили-забонингдир! Иккинчиси эса ёмон хулқинг! Дўстинг борми деган саволга жавоб излама, ҳақиқий дўстинг, бу – ўзингдир! Бу дунёда яшаш нималардан иборат десалар, булар адашишлардан иборат, деб жавоб беравер! Шундай экан, билиббилмасдан қилган гуноҳларимни ўзинг кечиргин, деб Аллоҳдан илтижо қилиб яшайман!…”.

ЯНГИ ЛАВОЗИМ

Усмон Юсупов район ижроия қўмитаси раислиги вазифаси ҳамон бўш эди. Район саркотиби уни кўриб, “Амир, йўқ демагин, кел бирга ишлаймиз…” деб гап бошлади. Амир Тўраев ўйлаб ҳам ўтирмасдан “Устоз, илтимос, бу масалага бошқа қайтмайлик, сиз районингиздаги раҳбарликнинг иккинчи лавозимига ўзингиз маъқул кўрган бирор кадрни танланг”, деди гапни қисқа қилиб. Аммо, Иван Иосифович айтган гаплар тўғрисида айтмади. Лекин, мавруди келганда, албатта билдириб қўйишни кўнглига тугиб қўйиб, ҳайрлашди…

Ўша йилни 21-давлат хўжалиги жамоаси барча кўрсаткичлар бўйича давлат режаларини аъло даражада якунлади. Жамоа икки миллион етти юз минг сўм соф фойда билан иқтисодий жиҳатдан Қарши чўли хўжаликлари орасида юқори ўринларнинг бирини эгаллаб турарди. Амир Тўраевнинг отаси раҳбарлик қилаётган “Ленинград” давлат хўжалиги ҳам областьдагина эмас, балки республикада энг илғор жамоага айланиб улгурди. Ота-ўғиллар раҳбарлик қилаётган ҳар иккала хўжалик ҳудудида жуда катта, ақл бовар қилмайдиган бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Ҳатто, мевали боғлар мева бера бошлади.

Амир Тўраев 1980 йилнинг октябрь ойидан эътиборан Қашқадарё область партия қўмитасининг қишлоқ хўжалик бўлимида ўз фаолиятини бошлади. Обком саркотиби Рўзмат Ғойибов область қишлоқ хўжалиги техникалари бошқармаси бошлиғи Н.Меллаевни чақириб, “Бир ой муддат ичида Амирга оиласи билан яшаши учун уй қуриб, калитини менга берасан, ўзим унга топшираман…” деган топшириқ берди. Шундан сўнг Амир Тўраевни ҳам чақириб, “…Амир, ўзинг ишлаган хўжаликка директорлик қилиши учун ўрнингга яхши кадр керак! У ердаги одамлар сени кетди, деб қишлоқларига қайтиб кетишмайдими?” деди. “Йўқ, Рўзмат Ғойибович, мени деб борган одамлар ўз ишларини давом эттиришаверади. Бунга мен кафилман, аммо янги директор тўғрисида бир нарса дея олмайман. Кимни лозим кўрсангиз, ишига фақат омад тилайман”, деб жавоб қайтарди Амир Тўраев. Обком саркотибига унинг жавоби маъқул келди.

Амир Тўраевнинг обкомда иш бошлаганини эшитиб, отаси: “…Бундан буён соғлиғингга эҳтиёт бўлгин, ўз вақтида овқатлан. Иш деб, ўзингни чарчатиб қўймагин. Ишлар бир меъёрда давом этаверади…” деди.

Ўша кунларда Тўра Орзиқуловнинг фарзандлари турли жабҳаларда хизмат кўрсатишаётганди. Тўнғич фарзанди Али Орзиқулов янгидан ташкил этилган Баҳористон районида одамлар билан тез тил топишиб, мақтовга сазовор кўплаб ишларни амалга оширди. Шодмон Косон пахта заводида рисоладагидек ишлар, Раҳмон эса қурилишда фаолият кўрсатарди. Тоштурди қишлоқ хўжалик техникалари таъминоти бирлашмасида бош муҳандис, Муҳиддин область қишлоқ хўжалик бошқармасида етакчи мутахассис эди. Тўра Орзиқуловнинг укаси, катта меҳр соҳиби Азимжон ҳам Қарши чўлида янги тузилган 39-давлат хўжалиги жамоасига раҳбарлик қилаётганди.

Азимжон ўзига хос ижобий хислатларга эга инсон эди. У барча жиянларига меҳрибон бўлиб, отаси Орзиқул бобонинг бор хислатларини ўзига сингдирганди. Ўзи хўжаликда раҳбар бўлиб ишласада, жиянларининг хатокамчиликларини орқаворотдан ўрганишга ҳаракат қилар, айбларини аямасдан юзларига шартта айтарди. Ўз сулоласида ўтадиган тўй-маъракаларнинг боши эди.

Азим отасидан жуда эрта етим қолиб, акаси Тўра Орзиқуловнинг тарбиясида вояга етганди. Акаси эса укаси ва фарзандларининг ютуқларини ҳеч қачон мақтамас, аммо камчиликка йўл қўйишларига йўл қўймасди. Уларнинг фаолиятини қаттиқ назорат қилиб, бирор камчилик юзага келса уни тезда бартараф этишни охирига етказишга ҳаракат қиларди. Шунинг таъсири бўлса керак, Орзиқуловлар сулоласи вакиллари ўзларининг инсонийлик хислатлари билан эл орасида ростакамига ҳурмат қозонга эди.

АБУ ТАКСИЧИ

Ўтган асрнинг етмишинчи-саксонинчи йиллари Қарши шаҳрида арман миллатига мансуб кўплаб оилалар истиқомат қилишарди. Улар асосан костюм-шим ва оёқ кийимлари ҳамда енгил автомобилларни таъмирлаш устахоналарини эгаллаб олишганди. Қайси бирлари сураткашлигу, яна бирлари эса такси ҳайдовчилиги билан шуғулланишарди. Уларнинг орасида етти ўлчаб бир кесадиган, бир ишни ўйлаб қўл урадиган, жуда пишиқ Абу лақабли такси ҳайдовчиси бўлиб, уни шаҳар аҳли яхши танишарди.

Кунларнинг бирида Абу обком биносининг кираверишида навбатчилик қиладиган комендатура вакилларига учрашиб, “Амирни чақириб берсанглар” деб қолди. “Фамилияси ким?” дейишганди, у “Фамилиясини билмайман, Тўра аканинг ўғли борку” деб тушунтиришга ҳаракат қилди. Комендатура вакиллари кулишиб, “Ҳозир телефонда улаб берамиз” дейишди-да, “Амир ака, сизни бир одам сўраяпти” деб, гўшакни Абуга тутқазишди.

– Хўш, нима гап? Ўзинг ким бўласан? – деди Амир Тўраев гўшакдан.

– Абу таксичиман, пастга тушгин, муҳим бир иш бор, – деди Абу.

– Гўшакни навбатчига узат, сенга рухсат беришади. Учинчи қаватнинг 32-хонасига келавер, – деди Амир Тўраев.

Абу етиб келганича Амир Тўраев ҳар эҳтимолга қарши қўшни хонада ўтирадиган дўсти Шуҳрат Ниёзович Алланазаровни ўзининг хонасига таклиф қилди. Шу орада эшик қия очилиб, Абунинг ҳам башараси намоён бўлди.

– Хўш, Абу, мен сени эшитаман, – деди Амир Тўраев унга тикилиб. Сабаби, у Абуни биринчи бор кўриб туриши эди.

– Гапим нозикроқ, ёлғиз ўзингга айтаман, – деди арман йигит.

– Бемалол гапиравер, бу киши менинг яқин дўстим бўлади.

– Йўқ, иложи йўқ!

– Ишга тааллуқлими ёки шахсий масаладами?

– Шахсий, сен учун жуда муҳим гап, – деди Абу.

Амир Тўраев Шуҳрат Ниёзовичга “Кўз-қулоқ бўлиб туринг” дегандек ишора қилиб, хонадан чиқиб туришликни илтимос қилди. Сўнгра, Абуга қараб:

– Қани, гапир, ўша муҳим гапингни эшитайликчи? – Амир Тўраев Абунинг барча ҳатти-ҳаракатларини зимдан кузата бошлади.

Абу атрофига бирров назар солди-да, Москва шаҳридан бир арман келиб, у билан учрашгани, Амирнинг отаси ҳақида нималар билиши билан қизиқиб, сўраб-суриштиргани, Тўра Орзиқуловни ўлдириш учун унинг рақиблари каттагина пул ваъда қилишгани, у арман улардан талайгина пул ҳам олганлигини гапириб берди.

– Москвалик арман сенга қариндошми? – деди Амир Тўраев.

– Амир, мен биламан. Сизлар жуда яхши одамлар. Авваламбор, отангни душмани кимлигини билиб қўйинглар. Мен сенга бор гапни айтдим, хоҳласанг ишон, хоҳламасанг ишонма, – деб Абу ўрнидан қўзғалди. Аммо, негадир москваликнинг ўзига қариндошчилиги тўғрисида гапирмади.

– Хўш, менга бу гапларни айтганингни нархи қанча? Нега бу ҳақда гапирмадинг? – Амир Тўраев ҳали ҳам унинг ҳаракатларини кузатаётганди.

– Нархи йўқ, фақат одамгарчилик нуқтаи назаридан айтдим сенга, – Абу яна ўз ўрнига ўтирди.

– Майлига, гапингга ишондим ҳам дейлик, сен ўша қариндошинг билан мени учраштираоласанми?

– Албатта, хоҳласанг ҳозироқ…

– Йўқ, Абу, бу ерда эмас, эртага “меҳмон”ни менинг уйимга қўрқмасдан олиб борасан. Кундуз соат 12:00 да, келишдикми?

– Келишдик! – Абу Амир Тўраевнинг қўлини сиқиб хайрлашди.

Абу чиқиб кетгач, хонага рангги қув ўчган Шуҳрат Ниёзович кириб келди-да:

– Амир Тўраевич, сиз уни уйингизга нотўғри таклиф қилдингиз. Бир ўйлаб кўринг, балки қонун органларига мурожаат қилишимиз керакдир, – деди овози титраб.

– Шуҳрат Ниёзович, агар қонун органларига мурожаат қилсак, у “мен бу гапларни мутлақо айтганим йўқ” деб туриб олсачи? Яхшиси, ўзимизни шарманда қилмайлик. Улар мен яшайдиган жойни билишармикан? “Меҳмон”ни уйимга олиб келасан, деганимда Абу уй манзилимни сўрамади, демак, у билади! – деди бир қарорга келаолмасдан.

Амир Тўраевнинг Абу арманни кутилмаган ташрифидан боши қотиб қолган эди. Ҳатто, қўли ишга ҳам бормаётганди. “Шу гаплар ростмикин?” деган савол унга тинчлик бермас, “Чиндан ҳам у отамни ўлдириш топшириғи билан келдимикан ёки иккаласи тил бириктириб, фирибгарлик йўли билан пул ишлаш режасини тузишдимикан?” каби саволлар миясида ғужғон ўйнаётганди. Бу ҳақда отамга айтсаммикан ёки Али акам билан маслаҳатлашсаммикан? Отамнинг дўсти Рашид Равшановга учрашсам нима деркин? Бу гапни ҳозирча Шуҳрат Ниёзовичдан бошқа ҳеч ким билмайдику, деган алғов-далғов ўйлар унга тинчлик бермаётганди. Бир қарорга келиш жуда қийин эди, шу дамда.

Кечки пайт Амир Тўраев навбатчи машинада Пўлатига йўл олди. Отаси ҳали ишдан қайтмаган экан. Ҳовлидаги дарахтга суянганча, хаёл суриб турганини кўрган онаси унга яқинлашди ва:

– Тинчликми, нега рангинг бўздек оқариб кетган? Соғлигинг безовта қилмаяптими? – деб сўроққа тута бошлади.

– Йўқ она, хавотирланманг. Иш кўпайиб, бир оз чарчабман шекилли. Бир пиёла кўк чой бўлса ичардим, – деб Амир Тўраев меҳмонхонага кирди. Онаси эса ўзича нималардир деганича чой дамлагани ошхонага юзланди.

Бир соатлар чамаси вақт ўтиб, Тўра Орзиқулов уйига қайтди. Кайфияти бугун аъло эди.

– Амир қани? Бунча эрта келибди, тинчлик эканми? – дарвозадан ҳовлига кирибоқ хотинидан сўради.

– Тинчлик, озгина чарчабди шекилли, меҳмонхонада чой ичаяпти. Сиз ҳам ўғлингиз билан тамадди қилиб олсангиз бўларди. Келишингизни билгандек икки кишига мўлжаллаб овқат сузгандим.

Тўра Орзиқулов юз қўлларини ювиб, хотини узатган сочиққа артина-артина меҳмонхонага кириб келди.

– Ассалому алайкум ота, яхши келдингизми?

– Яратганга шукур, ишларим яхши силжияпти. Бугун хўжалигимиз давлатга пилла сотиш режасини бажарди, ҳали ҳосил мўл. Қўшни хўжалик ва районларга барг сотаяпмиз, ана, кўрдингми ўғлим, яқиндагина яхши ният қилиб ўтқазган тут кўчатларимиз бугун ўз кароматларини кўрсатишаяпти! Менга қарагин-чи, ҳа, нима бўлди сенга? Бунчалик сўлиб ўтирибсан?! Бирор жойинг оғрияптими? Ёки ишхонангда бирор кўнгилсизлик юз бердими? – кўнгли ниманидир сезгандек отаси изма-из савол бера бошлади.

– Ҳаммаси жойида, лекин битта жиддий гап бор. Фақат савол бермасдан сўзимни охиригача эшитасиз. Кейин бирор хулосага келарсиз, – деб, отасига бугун Абу билан ораларида бўлиб ўтган воқеани гапириб берди.

Отаси эса гўё ҳеч нарса юз бермагандек шунчаки кулиб қўйди ва ўғлига қараб:

–Энди уларга менинг жоним керак бўлиб қолибди-да! Қўрқма, менинг тақдирим ғанимларим ва ёлланма қотиллар қўлида эмас, Худода, улар ҳеч нарса қилишаолмайди! Сен тўғри қилибсан, балки улар бу уйларни ҳам кўриб кетишгандир?! Сен қўрқмасдан ўша арман билан гаплашгин. Унинг қўлига кичкина япон магнитафонини бериб, биринчи топшириқни кимдан олган бўлса, овозини аниқ қилиб ёзиб олсин. Айтгин, у яна кимлар билан учрашса, уларнинг ҳам овозини ёзиб олаверсин. Билиб қўйгин, агар рақиблар уларни ёллаб олишган бўлса, кундуз куни сеникига боришмайди. Чунки, улар ҳам арманларнинг орқасидан одам қўйишган бўлиши мумкин. Шароитга қараб иш тутасан. Агар учрашув жойини ўзгартиришса, у ерга ўзингдан ташқари керакли одамлар билан борасан. Одамларингга тайинлагин, атрофни кузатиб туришсин. Ҳозирча бу воқеани милиция ёки прокуратура ходимларига айтиб бўлмайди, улар ҳам ҳар хил тушунишлари мумкин. Зарурат бўлиши билан, дарҳол менга хабар қиласан, тушундингми? Фақат ҳаяжонланаётганингни уларга сездирмагин! Ўзингни бемалол тутгин – деди. Шундан сўнг ота-ўғил ҳайрлашдилар.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации