Электронная библиотека » Шомурод Шаропов » » онлайн чтение - страница 7

Текст книги "Умр дарёси"


  • Текст добавлен: 30 апреля 2024, 07:20


Автор книги: Шомурод Шаропов


Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 23 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ХОТИРА ДАФТАРИ

Амир Тўраевнинг кечалари уйқуси қочганда китоб мутолаа қилиш одати бор эди. Бу оқшом эса вақт ярим тундан ошган бўлсада, кўзларига буткул уйқу келмади. Кундузги воқеадан ҳали ҳамон кўнгли хижил эди. Ўрнидан туриб, ваннага кирди. Юз-қўлларини обдан ювиб, артинди-да, ёзув столининг тортмасидан хотиралар жамланмасини олиб, ёзишга киришди:

“…Отамнинг айтганлари: “Хоразмшоҳ от устида ўтириб, хизматкорларига Берунийни чақиришларини буюради. Беруний бир сабаб билан кечикиброқ чиқади. Сабри чидамаган Хоразмшоҳ от жиловини буриб, Беруний томонга юргизади. Беруний тез етиб келиб, шоҳдан узр сўрайди. Хоразмшоҳ эса отидан тушиб, алломага “Инсон доимий эга бўладиган нарсаларнинг энг шарафлиси илмдир. Барча унга қараб борадию, лекин у келмайди. Аслида мен сизни чақиртирмасдан ўзим боришим керак эди”, дейди. Фарзандларим, илм ҳамма бойликлардан юқори ҳисобланади. У инсон онгининг гултожисидир.

Отам яна айтгандилар: “Фарзандларим, бу дунёда инсонлар бахт билан бахтсизлик орасида яшайдилар. Уларнинг қайсиларидир бахтли бўлишса, қайсиларидир бахтсизликка дучор бўлишади. Бахтига эришган одамлар омадни ўзимники дейишлари катта гуноҳдир. Бу омад аслида ўзгаларнинг ҳам бахтидир. Аллоҳ бахтига ва омадига сазовор бўлган инсонлар авваламбор, элим ва юртим деб яшамоқлари керак!

*

Бу ёруғ дунёга келишимиз, сўнгра Аллоҳ берган омонатини топширишимиз Яратган томонидан битилган қисматдир.

*

Бир инсонни сўзларини эшитиш учун ўзингда сабртоқат топа олсанг уни эшитиб, у ҳақ бўлса ҳақлигини айт, тўғри маслаҳат бер, у ноҳақ бўлса ноҳақлигини тушунтир, у тўғри йўлга кирсин. Бунда сенинг вазифанг холисликдан иборат бўлмоғи даркор. Инсоннинг улуғлиги ва иймонлиги ҳар қандай нохушликни чиройли ва адолатли қилиб ечиши билан баҳоланади. Айниқса, раҳбарлар учун бу хислат жуда кераклидир.

*

Яратган эгам ҳаммамизни инсон сифатида дунёга келтирган. Ўзини бошқалардан устун қўйиш, манмансираш ҳамда нописандлик қилишни Аллоҳ катта гуноҳ ҳисоблайди. Аллоҳни иккита десак, билгинки, дунёнинг иши бузилади. Яратган бандасига ақл билан бирга тадбиркорлик хислатини ҳам бериб қўйибди. Инсоннинг тадбирли бўлиши катта фазилат ҳисобланади. Катта куч билан қилиниши керак бўлган ишни бир тўғри тадбир билан амалга ошириш осон кечади.

*

Қайси миллатга тааллуқли бўлишидан қатъий назар ҳамма инсонлар билан муросаю мадора қилиш шарт. Ўткир, шижоатли шахслардан дўст тутинглар, кексаларнинг, ночорларнинг қалбларидан адолат ва инсоф билан жой олинглар. Шундай бўлишларинг керакки, улуғларга оға, ёшларни ука ўрнида кўринглар. Ҳеч бир бандадан ўч олишни, ёмонлик қилишни ўйламанг, уларни Парвардигор ихтиёрига топширинглар.

*

Чумоли баланд тоғни кўра олмайди. Бунинг учун уни масхаралаш адолатдан эмас. Ўрмонда ов қилганингда ўлдирилган йиртқичга қарамагин, ўлдириш лозим бўлган йиртқичдан эҳтиёт бўлгин! Яхши дўстларингни асрагин, уларни фақат яхши-ёмон кунларингда синаш адолатдан бўлади. Шуни унутма, ақлли душман нодон дўстдан яхшироқ ҳисобланади. Ғанимларинг сенларга сажда қилишса ҳам, асло уларга ишонманг ва ёмонлик ҳам қилманглар, фақат эҳтиёт бўлиб юринглар. Вақт етгач, сенинг муваффақият ва ютуқларингни кўриб, золим ғанимларинг ўз бармоқларини тишлашади. Ғанимларингдан қўрқма, улар сенинг кучинг ва ақлингни ўз тарозисида ўлчаб кўради. Лекин, мунофиқдан қўрққин! Шуни унутмагинки, туя минган одам қўйларнинг орасига беркинмайди. Фақат сенлар бошингни осмонга кўтарма, азиз тупроқни авайлаб босинглар, энг баланд кошона ҳам заминдан кўтарилган!

Шуни билгинки, болтанг икита бўлса ҳам сенга хизмат қилмайди. Уларнинг биттасидан душманларинг ҳам фойдаланиши мумкин. Шунингдек, содиқ дўстларинг ҳам сенга мунофиқлик қилиши аниқ. Чунки, бир банданинг уйига ўғри кирганда вафодор санаб юрган итига қараб ҳар қанча олакишласа ҳам думини ялаб ётаверган. Сабаби, ўғри итга аввалроқ бир бўлак гўшт ташлаган эди. Кўрдингми, ўн йиллаб парваришлаган содиқ ити ҳам томошабин бўлиб турган. Ҳазрат Хизр алайҳиссалом бир кўзи ожиз бандага “Тила тилагингни “ деганда, “Мени тилагим, оламдаги ҳамма одамларнинг кўзи кўр бўлсин”, деган экан. Кўриб турибсанки, бахт ва бахтсизлик инсонни қанчалик тубанликка етаклайди. Улар Аллоҳга шукур қилиш ўрнига одамларга ёмон ниятлар истайди.

*

Ватан – сен яшаётган уйинг, рўзғоринг, диёринг. Унинг ҳимматли ва ғамхўр посбони бўлинглар! Оила аъзоларингни муҳтожликдан асра, пок тут, оиланг аҳил бўлсин. Ўз қадрингни бил ва бошқаларни ҳам қадрига етинглар! Ватанингни равнақ топиши, гуллаб яшнаши учун ғайрат ва шижоат билан ҳалол меҳнат қилгин. Устозларингни ранжитма, улар сенга илм ва касб ўрганишда кўмак берган, сенга раҳнамо бўлган. Улар олдида умрбод қарздорсизлар!

*

Топган бойлигингга аввалом бор, уй-рўзғорингни бут қилгин, оилани тўлиқ маддий ва маънавий таъминла, режа билан сарфла, улардан орттса аввало, ўз қавмиқариндошларингга, ғариб-муҳтожларга, бева бечораларга ёрдам қилинглар! Агар кўп бўлса хайир эҳсоннинг ҳажмини кенгайтир, шундагина сен ҳақиқий саҳовотли инсон бўласан.

*

Аллоҳнинг берганига шукур қилгин, қаноатли бўлганга Тангри таоло янада кўпроқ беради. Доимо ҳалол ва пок ҳаракатда бўлгин, ялқов бўлмагин. Берган ёрдамингни ҳеч кимга пеш қилиб, “Мен сени қийинчиликлардан қутқарганман, сенга шундай яхшиликлар қилганман” деб бетига айтиб, миннат қилманглар. Қилган яхшиликларни миннат қилиш гуноҳ ва қилган ишинг савоб ўрнига ҳаром ҳисобланади.

*

Ғийбат, бировнинг орқасидан асоссиз гап юритиш гуноҳи кабр, инсоннинг ёмон сифати саналади. Бўҳтон ва ғийбат суҳбатларингда иштирок этмасин, иккаласидан ҳам ҳазар қилинглар.

*

Энг муҳими бировнинг бошига келган қайғу, мусибат, бало-қазо, омадсизликларни кўриб, унга ёрдам қилиш ўрнига, “Баттар бўлсин” деб шодланиш – бу жуда оғир гуноҳдир! Бундай гуноҳлардан узоқда бўлгин. Инсонлар қурилиш қилиб, ўзига иморат қурса, албатта эгасига буюрсин, тўйлар қилсин, деб ўтгин. Ҳасад – ҳамма ҳаром ишларнинг ва ярамас хулқларнинг бошидир. Кеккайган, димоғдор, кибрли кишилар такаббур дейилади. Бундай кимсаларни Аллоҳ ҳам, бандалари ҳам севмайдилар. Улардан ҳақиқий дўстлар чиқмайди!

*

Кексалар, олимлар, устозлар ва элнинг хизматидаги кишиларга таъзим қилмоқ улуғ ва савобли саналади. Инсонларга меҳр-шафқат кўрсатсанг ўзингга ҳам шунча шафқат келади. Бир айбсиз кишининг зарарига дуо қилмоқ, қарғамоқ энг ёмон қабоҳатдир. Бундай хислат ўзига зарар келтиради.

*

Фарзандларим, ўзимнинг имконим қадар сизларга насиҳатлар қилдим. Бу бевафо дунёда инсонлар келадилар ва кетадилар, ҳеч ким абадий қолмайди, ҳамма ҳам Аллоҳ берган умрини яшаб ўтади. Кетган одам қайтиб келиб, ернинг ости жаннат ёки дўззах экан деб гапирган эмас. Бу ишларнинг барчаси Яратганнинг иши.

…Вақт жуда секин ўтаяпти. Кўз ўнгимдан захматкаш, ҳалол, покиза падари бузрукворимнинг сиймоси кетмайди. Ҳар бир гапи, ҳар бир топшириғи ва насиҳати қулоқларим остида жаранглаб туради. Агарда уйига тонг соат 4:30 да келган бўлса ҳам 5:00да ўрнидан туриб, боғимиз оралаб оҳиста юриши, юрганда ҳам амалга оширмоқчи бўлган ишларни режалаштириб қадам босиши, тезгина нонушта қилишлари кўз ўнгимда гавдаланаверади.

Ҳаётимда отамни бирор маротаба бачкана ҳаракатини сезмаганман. Кулганда ҳам, гапирганда ҳам, топшириқ берганда ҳам ўта жиддий ва самимий тарзда ўзини тутарди. Ҳатто, жаҳли чиққанда ҳам бачканалашмаган, сохта ҳаракатлар қилмаган. Ухлаганда бир текис, ёнбошга қараб эмас, осмонга қараб хуррак отмасдан ухларди. Уйқуси жуда сергак эди. Отам юзидан ўта қаҳрли, жиддий бўлиб кўринсада, лекин қалби пок, жуда раҳмдил, меҳрибон ва шафқатли инсон эди…”.

МЕҲМОНЛАР БОРМИ?

Амир Тўраев одати бўйича эрталаб етти ёки етти яримда ишга етиб келарди. Уйи билан ишхонасининг оралиқ масофаси икки километрлар атрофида бўлиб, ҳар куни яёв чиқарди. Бугун йўлнинг ярмига етиб келган ҳам эдики, шундоққина қаршисига “Такси” машинаси келиб тўхтади. Рулда табассум қилганича Абу турарарди.

– Ўтир, обориб қўяман, – деди у.

– Нима, мени кузатиб юрибсанми, – ҳайратини яширмасдан савол берди Амир Тўраев.

– Йўқ, – деди Абу атрофга синчковлик билан назар соларкан, – кундузи ўн иккида сеникига бориб бўлмайди. Бугун кеч соат ўн иккида мана бу уйда учрашамиз. Ишхонангни қаршисида, йўлнинг четидаги уй.

Шундай деб Абу таксичи унга телефон рақамлари ва уй манзили ёзилган қандайдир варақни узатди-да, машинасини секингина ҳаракатга келтирди.

Амир Тўраев иш кунини якунлаб, шаҳарда яшайдиган укасиникига йўл олди. У уйида экан. Иккаласи маслаҳатлашиб, отасига хабар юборишди. Тўра Орзиқулов кеч соат ўнларда етиб келди. Отаўғиллар ҳар томонлама ўйлашиб, турли режалар тузишди. Отанинг ҳатти-ҳаракати ва гап-сўзларидан жуда тетик, ҳатто бу масалада унинг безовталиги ҳам сезилмасди. У Амир Тўраевга қараб:

– Сен улар билан ҳушёр бўлиб гаплашгин. Улар балки сенинг ҳам овозингни ёзиб олишлари мумкин. Фақат, қўрқмагин, қўлларидан ҳеч иш келмайди. Шартларингга кўнса, яна ўйлаб кўришга тўғри келади. Ҳозирча, бу уй кимники эканлиги бизларга номаълум. Уйнинг атрофида балки кузатувчи одамлари ҳам бўлиши мумкин, шуни ҳисобга олиб, пиёда борасан. Яна қайтараман, орган вакиллари пул ишлаб олиш учун бу ўйинни ўйлаб топишган бўлишлари ҳам мумкин, – деди ўғлини огоҳлантирган бўлиб.

Амир Тўраев роппа-роса кеч соат 12:00 да айтилган уй хонадонининг электр қўнғироғи тугмачасини босди. Бир оз жимликдан сўнг эшик қия очилиб, аёл кишининг ҳуркак башараси кўринди. Хонадон кўча аёлларининг бирига қарашли экан.

– Сизникида “меҳмон”лар борми? – Амир Тўраев шивирлагандек овозда сўради.

– Бор, киринг, – деди нотаниш аёл эшикни каттароқ очиб.

Амир Тўраев тортинмасдан ичкарига кирди. Аёл эса эшикдан бошини чиқазиб, коридорни кузатган бўлди. “Демак, уйга киргунимча кимдир мени кузатиб келган. Уйнинг атрофини ўн-ўнбеш киши ўраб турганлигини ҳам кимдир буларга телефон орқали хабар қилган бўлса керак, бундан чиқди ичкарида бир киши эмаслиги ҳам аниқ…” деган ўй ўтди Амир Тўраевнинг хаёлидан оёқ кийимини чиқазаётиб.

Хира ёритилган хонада Абу билан яна бир нотаниш арман йигити ўтиришарди. Амир Тўраевни кўришиб, ҳар иккаласи ҳам бараварига ўрнидан қўғалишди-да, эски қадрдонлардек қуюқ кўришишди. Хонадон соҳибаси стол устига чойнак келтириб қўяётганда Абу унга “Сен ишинг билан шуғулланавер” деб рухсат берди. Хонада учаласи қолишди.

– Бу уйга кирганингни бирор киши кўрдими? – деди дабдуристдан ёлланган қотил.

– Кўрса нима бўлибди, сен бизни деб шунчалик узоқ жойдан келган экансан, мен ҳам сени кўргани келдим-да, бунинг ҳеч қандай хавфли жойи йўқ! – жавоб қайтарди Амир Тўраев бамайли хотир оҳангда.

– Нега бўлмаса уйнинг атрофида ҳар хил одамлар айланиб юришибди? – деди москвалик армани.

– Одамлардан қўрқсанг нега келдинг? Сен ўзи қанақасига ёлланма қотилсан?! – саволга савол билан жавоб берди у.

– Сен гапларимдан хафа бўлмагин, улар у томоннинг одамларимикан деган хавотирдаман. Агар улар бизларнинг учрашувимиздан хабар топишган бўлишса, эртаги ишимиз охирига етмасдан қолиши ҳам мумкинда!

– Қўрқма, бу одамларнинг у томонга ҳеч қандай алоқаси йўқ! Менинг шартим шу, ким сенга бу топшириқни берди? – деди дангалига кўчиб Амир Тўраев.

Ёлланма қотил ҳам дангал йигитлардан экан, ростига кўчди:

– Москвада Бойтерак деган қишлоқдан борган Александр (Саша ҳам дейишаркан) исмли одам билан танишгандим. Ўзбекча исми Абдурасул экан. Топшириқни ўшандан олганман. У “Агар шу ишни амалга оширсанг қанча сўрасанг шунча берамиз” деган. Мен рози бўлдим. Эртаси куни Москвага етиб борган Алишер исмли раҳбари билан учраштирди. У одам Александрга нисбатан анча ўйлаб гапирадиган ишига пишиқ киши экан. Мени огоҳлантириб: “Бу ишни бажариш жуда қалтис, областда у одамнинг таъсир кучи катта, мен сендан ўта масъулият билан иш тутишингни сўрайман” деди. Мен ҳам уни ишонтириб: “Аввал Қаршига бориб, шаҳар, хўжалик ва Пўлатидаги барча йўлар ва уйларни, шарт-шароитни ўрганиб, аниқ режа тузаман, сўнгра сизлар билан учрашиб, ишни бошлайман”, дедим. Гапларим унга маъқул келди.

Яқинда “Москва-Бухоро” рейси билан ҳаракатланадиган самолётда учиб келдим. Қаршига келгач, шу ерда яшаётган маҳаллий арманлар билан қизиқдим. Менга Абу маъқул келди. Топиб, танишдим. Тўғри танлаган эканман. Ақл-идроки жойида, узоқни ўйлаб иш тутадиган, дангал йигитлигини унинг гап-сўзидан билиб олдим. Боз устига сизларни ҳам яхши танир экан. Сенга тўғрисини айтсам, мен қанчалик раҳм-шафқатсиз бўлганим билан, мард, бир сўзли, дангал одамларни ҳурмат қиламан. Қалбимнинг бир четида оз бўлсада раҳм-шафқат деган ҳиссиёт учқунлари ҳам бор. Ахир мен ҳам инсонман-ку! Абу сизлар ҳақингизда гапириб, “Бу одамларни биринчидан, ҳатто республикада обрўэътибори баланд, иккинчидан, сен бу ишни амалга ошираолмайсан, Қаршидан чиқиб ҳам кетаолмайсан. Сени унинг ўғиллари бир пастда қўлга туширишади. Сен билан Москвада гаплашганларни ҳам яхши биламан. Уларнинг ваъдаси омонат. Биламан, ҳозирча улардан арзимаган аванс олгансан. Хўш, ишни бажардинг ҳам деб фараз қилайлик. Келишилган ҳақингни қачон, қаерда оласан? Бу томонини ўйлаб ҳам кўрмагансан. Бажариб бўлганингдан кейин у томон сени ўзингни гумдон қилиши ҳеч гапмас! Тўғрисини айтсам, бу ишингдан ҳеч нарса чиқмайди. Агар маслаҳатимга кирсанг, сен ўлдирмоқчи бўлган томон вакилларига бориб, бор нарсани очиқчасига, ҳеч нарсани яширмасдан гапириб берасан. Шундай қилсанг ютасан! Бу ишга ўзим ёрдам бераман” деди. Мен рози бўлдим. Мана, сен билан учрашиб турибман, бор гапни айтиб ҳам бердим. Ишонасанми йўқми, ихтиёр ўзингда.

– Амир, аввал учрашмаган бўлсак-да, мен сен томон, “меҳмон”нинг ҳамма гапи тўғри. Яхшилаб ўйлаб кўргин. Агар биргаликда пишиқ режа тузсак, у томонни яхшилаб “сийлашимиз” мумкин. Шундай қиламиз-ки, умрбод эсларидан чиқмайди, – деди Абу таксичи Амир Тўраевнинг кўзларига тик боқиб.

“Унисининг ҳам, бунисининг ҳам гапига ишонса бўлади, аммо жуда содда ҳам бўлмаслигим керак”, деган фикр ўтди Амир Тўраевнинг хаёлидан ва ўзини қизиқтирган саволларни бера бошлади:

– Қаршида аввал ҳам бўлганмисан?

– Йўқ, биринчи маротаба келишим.

– Бир ўзинг…

– Йўқ, саккиз киши келганмиз. Улар ҳам бир хонадонда ижарага туришибди.

– Сен билан шартлашганларни учратдингми?

– Москвада Абдурасул ва Алишер билан гаплашганимда улар “Мабода Қаршига борсанг, бизларга телефон қилиб юрмагин. Косон район ГАИсида Тиркаш деган жияним ишлайди, ўшани топсанг у бизларни сен билан учраштиради. Тиркаш айтган жойга қўрқмасдан боравер”, дейишган эди. Косон шаҳрига келиб, Тиркашни топдим. У “Кечқурун мен айтган жойга келасан, қолган гапларни ўша ерда гаплашамиз”, деди. Кечқурун у айтган жойга бордим. Кўчанинг киришида “Панжикент” деб ёзилган таблечкага кўзим тушди. Ўша кўчадаги бир хонадонга ташриф буюрдик. Меҳмонхона зали анча кенг экан. У ерда баланд бўйли, ўртача семизликдаги қип-қизил юзли, гапирганда оғзидан кўпик сачраб турадиган, рус тилида жуда ҳам ёмон гапирадиган полвонсифат гавдали бир одам билан учрашдим. Тиркаш бизларга халақит бермаслик учун ташқарига чиқиб кетди. Мен билан учрашган одамнинг исми Қурол экан. Уни нима деганини яхши тушунмасам ҳам, гапининг сўнгида менга ушбу топшириқни, албатта бажаришим кераклигини таъкидлади. Бизлар гаплашиб турганимизда даврамизга кўзлари катта-катта нотаниш бир одам келиб қўшилди. У ўзини Бўрон даб таништирди. Шундан сўнг Тиркаш билан яна бир киши кириб келишди. Тўрталаси менга ишни нимадан бошлаб, нимадан тугатиш лозимлигини шошмасдан тушунтиришди. Пўлатидаги уйларни менга бир йигит кўрсатиши керак эди. Унинг исми ҳозир эсимда йўқ. Қаноат деган кишига мени “Ленинград” хўжалигига олиб бориш юкланди. Қаршидаги манзилларни кўрсатиш Тиркашнинг чекига тушди. Бугун мен Қарши шаҳридаги объектларни ўрганиб бўлдим. Қурол менга ”Сен Орзиқул Тўрани олдига Москвада чоп этиладиган пахтачилик журналининг муҳбириман деб борасан. Олдингда галстук таққан, пахтачилик тўғрисида етарли билимга эга одам ҳам бўлади” деганди.

– Ҳаммаси шуми?

– Билганим ва кўрганларимни гапирдим, ишонасанми йўқми, сени ишинг, – аввалги гапини такрорлади “меҳмон”.

– Хўш, менга нима шарт қўясан?, – деди Амир Тўраев ўткир нигоҳини “меҳмон”га тикиб. У шартини айтди. Иккаласи қўл ташлашди. Шундан сўнг Амир Тўраев кўкрак чўнтагидан ихчам япон магнитофонини олди-да, “меҳмон”га узатди ва:

– Сен юқоридаги айтган одамларинг билан учрашиб, ораларингда бўлиб ўтадиган барча суҳбатларни мана бунга ёзиб оласан. Учрашганда пул масаласини алабатта кўндаланг қўйгин. Ишни битирганингдан сўнг келишилган пулни қачон ва қаерда олишинг мумкинлигини аниқлаштиргин. Қолганини менинг ўзимга қўйиб беравер! Мана шу вазифани тўлиқ бажарсанг, мен сенга ишонаман, бажармасанг Абу билан ўйлаб топган найранггинг деб тушунаман ва шунга қараб тескари чораларни кўрамиз. Ҳозирдан эътиборан сизлар тўлиқ бизларнинг назоратимиздасиз, – деди огоҳлантириб Амир Тўраев.

– Буни ўзимиз ҳам биламиз, – деди москвалик “меҳмон”.

– Эртага тунги соат 3:00 да сизлар билан мана бу манзилгоҳда кўришамиз. Бу “Қаршиқурилиш” бирлашмасининг меҳмонхонаси. Сизларни ўша ерда жингалак сочли арман башара бир йигит кутиб олади. Тўғри ертўлага тушасизлар. У ерда керакли шароитлар тўлиқ яратилган алоҳида хона бор. Шу хонада учрашамиз, – Амир Тўраев Абу ва унинг ҳамроҳи билан ҳайрлашиб, қўл ташлашди.

* * *

Тунги соат 3:20. Ўғли уйига кириб келганида у кечаги газеталарни ўқиб ўтирган эди.

– Хўш, ўғлим, қандай янгиликлар бор? – деди отаси қўлидаги газетани бир четга ташлаб.

Амир Тўраев ушбу тунда бўлиб ўтган барча воқеа ва эшитган гап-сўзларни отасига шошмасдан, тушунарли қилиб баён этди.

– Агар уларнинг овозини ёзиб келса яхши иш бўларди. Биз уларга ортиқча зулм ўтказмаймиз. Мард келишдику! Бу маш-машани охиригача етказишса, орқасидан Москвага бориб, яна бир бора раҳмат айтиб келамиз. Ўйловсиз рақибларимизни уялтиришда уларнинг олиб бораётган иши жуда зарур. Ўртада шарманда бўлганлари қолади, – деди гўё ҳеч нарса юз бермаётгандек ўзини бамайлихотир тутиб Тўра Орзиқулов. Ўғли отасининг сабр-бардошию иродасининг мустаҳкамлигига яна бир бора қойил қолди.

ЕРТЎЛАДАГИ УЧРАШУВ

Эртасига келишилган вақтда ертўладаги хонада учрашдилар. “Меҳмон” чўнтагидан диктофонни олиб, бош бармоғи билан унинг тугмачасини авайлабгина босди. Диктофон овоз бера бошлади. Абдурасул билан Алишернинг овози жуда сифатли қилиб ёзилган экан, равон эшитилди. Москвадан келган ёлланма қотил уларга: “…Мени зудлик билан Қурол билан Бўронга учраштиринглар, уларга айтадиган зарур гапларим бор, маслаҳатлари ҳам керак…” деган талабни қўйганлиги, Тиркаш москвалик “меҳмон”ни олиб бориб, Қурол ва Бўрон билан учраштирадиган бўлгани, иш битгандан сўнг пул Когон темир йўл вокзалида берилишини айтгани, “меҳмон”нинг “Йўқ, менга аввал эллик фоиз аванс берасизлар, сўнгра иш амалга оширилади, қолганини сизлар айтган жойда оламан…” деган гаплари диктофон тасмасида аниқ ва тиниқ ёзилган экан.

– Мана сени биринчи топшириғинг, – деб “меҳмон” диктофон кассетасини ечиб олдида, Амир Тўраевга узатди. У эса москвалик “меҳмон”дан диктофонни сўраб олди ва унга янги кассетани жойлаштириб, яна қайтариб берди. Тунги тамаддидан сўнг, улар қуюқ ҳайрлашишди.

Амир Тўраев овоз ёзилган кассетани отасига топширди. Отаси кассетани ўзининг диктофонига ўрнаштириб, овозини баландлатиб қўйди. Ота-ўғиллар уни биргаликда тинглашиб, аниқ фикрга келдилар ва эртага юз берадиган воқеалар натижасини кута бошлашди.

Ёлланма қотил эртасига Қурол, Бўрон, Алишер ва Абдурасулларнинг гаплари ёзилган диктофон тасмасини келишилган учрашув жойига олиб келди. Бу сафар у топшириқни Раббимнинг уйида олганлиги, уларнинг ишончига тўлиқ кирганлигини айтди. Улар, ундан топшириқ амалга оширилгач, ўлдирилган одамнинг қўл соати, кийимлари, чўнтагида олиб юрадиган ҳужжатларини кўрсатиши билан қолган пулларни “Косон-Муборак” йўлидаги (Майманоқ орқали. Муаллиф) авто ёқилғи қуйиш шохобчасидан 300 метр ўтиб, машина рақам белгиси алмаштирилгагандан сўнг олишини таклиф қилганди. Қотил эса пул холис бир жойда туриши кераклигини, ўша жойда пулни улардан бир киши, булардан бир киши ушлаб туришини, иш ниҳоясига етгандан сўнг кийимлар ва пул алмашиши зарурлигини уларга тушунтиради. Улар унинг шартларига рози бўлишади. Бу гап-сўзлар диктофон тасмасида муҳрланган эди.

– Мана, иккинчи топшириқни ҳам бажардим. Энди менга ишонгандирсан?! – деб ”меҳмон” диктофонни ўчириб, уни Амир Тўраевга қайтариб берди. – Энди диктофон керак бўлмайди. Бу ёғи амалий ишлар билан давом этади.

Амир Тўраев шу топда ўзини яқинлашиб келаётган гирдоб ўрамига тушиб қолаётгандек ҳис қилаётганди. Унинг миясида эса минг бир савол ғужғон ўйнарди. Рақиб томон буларнинг ҳатти-ҳаракатларини сезиб қолишса борми, ишлари охиригача етмасдан, уларнинг шармандали башаралари ва кирдикорлари очилмасдан қолиши мумкин эди.

Кечга яқин ёлланма қотил Амир Тўраевдан отасининг ҳамиша кийиб юрадиган костюм-шими, туфлиси, кўйлаги, шляпаси, пайпоғи, ҳатто ички кийимларини, шунингдек, ҳар хил ахборотлар жамланган иш папкасини беришини сўради. Бундан ташқари ўқ тешиб, қон сачраган бир дона кўйлак ҳам кераклигини таъкидлади. Буларга қўшимча шофёр Али Казаковнинг оғир жисм билан урилганда қонга ботиб, йиртилган дўпписи ва кўйлагини ҳам қўшишларини тайинлади. Тўра Орзиқулов фойдаланадиган хизмат машинасини “Ленинград” давлат хўжалигидан чиқиб, Косонтоғ томонга бир оз юрдиргач, тунги соат иккиларда эгасиз қолдиришларини илтимос қилди. Амир Тўраев “Бу нимага керак?” деганди, москвалик “меҳмон” эса “Улардан пулни олиш қийин кечмаслиги учун! Биз пулни Косонтоғдан уч километр юрилгандан кейин бориб олишимиз керак. Улар келишилган вақтда бизларга Тиркаш берган сохта рақамли машинани кутишади. Ишончсизлик бўлгудек бўлса, “Мана машинаси, ўзи билан шофёрини Қашқадарё дарёсининг қумига кўмиб ташладик” деймиз. Бу режамиз жуда ишончли чиқади!” деб жавоб қайтарди.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации