Текст книги "Умр дарёси"
Автор книги: Шомурод Шаропов
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 23 страниц) [доступный отрывок для чтения: 8 страниц]
КОСОНТОҒДАГИ “ҚОТИЛЛИК”
Барча ишлар рисоладагидек давом этаётганди. Амалга оширилаётган ҳар бир иш билан Амир Тўраев отасини хабардор қилиб турди. Ярим тунда ёлланма қотил Тўра Орзиқуловнинг “қонли” кийимлари ва хизмат машинасини ўзи билан олиб кетди. Хўжалик директорининг хизмат машинаси олиб қочилгани тўғрисидаги хабар милиция идорасига тунги соат иккиларда етказилиши керак эди. Чунки, бундан ГАИ ходими Тиркаш хабар топса, ўзининг одамларидан суюнчи оларди. Уларнинг эса кўнгиллари тинчирди.
Режалаштирилган барча ишлар силлиқ кечди. Ёлланма қотил пулга қоровул бўлиб турган рақиб томон вакилларига ўзи томонидан “ўлдирилган” одамнинг шахсий ашёларини кўрсатди. Амалга оширилган ишларнинг ташкилотчиси Абдурасул (Александр) ҳам шу ерда экан. Қонга ботган кийимларни кўриши билан у ваҳимага тушиб, негадир довдираб қолди. “Ростдан ҳам ўлдирдингми, қандай қилиб ўлдирдинг?!” деди-да, ҳаяжонланганидан рангги қув ўчиб, орқасига тисарилди. Гўё москвалик “меҳмон” уни ҳам бир бало қилиб қўядигандек туюлди унга.
– Александр, қани, келишилган пулни чўз! Бизларни Бухоро йўлига тезроқ чиқаришинг керак! Имилламасдан тезроқ бўлсангчи, намунча имиллайсан?! Ёки, сени ҳам…!
– Йўқ, йўқ, нималар деяпсан ўзи?! Ҳозир кўрсатамиз. Уни ростдан ўлдирганингни бошқа исботи ҳам борми?! Кийимлар бировники бўлса-чи?! – Абдурасул гўё ўзини жуда ҳам ҳушёр эканлигини кўрсатмоқчи бўлиб, пайдарпай саволлар бераётганди.
– Эсинг жойидами, мана бу гувоҳномалар ҳам бошқаларникими?! Юр бўлмаса, сенга унинг хизмат машинасини ҳам кўрсатаман! Ўшанда ишонарсан!!!
– Машина қаерда?
– Ҳов, ана, тоғ томонга олиб борувчи йўл четида турибди. Қани, машинага чиқ, тез-тез бўлсангчи, намунча имиллайсан, жин ургур!
Улар номер рақами ўзгартирилган машинага ўтиришиб, тун қўйнида ғойиб бўлишди. Сабаби, машина чироқлари ўчириб қўйилган эди. Бир оздан сўнг москвалик “меҳмон” машина тормозини босди. Олдинда ниманингдир қораси хира тортиб кўринаётганди.
– Ана машинаси, бориб кўрчи, танийсанми ўзи?! – шоширди ёлланма қотил.
– Бирга юр, номерини биламан. Ўтирғичларига йўл-йўл матодан ғилоф кийгизилган, – деди хавотирланиб Абдурасул. Иккаласи машинага яқинлашди. Абдурасул зажигалкасини ёндириб, номер рақамларига тутди. Сўнгра кабина ичига қараб:
– Бу ўша, директорнинг машинаси! Шофёрини нима қилдинг?!
– Уни ҳам хўжайинига қўшиб кўмдим. Мана унинг қонли кўйлаги, бошига туширганимда қалпоғи йиртилиб кетибди. Уни ҳам олиб келганман. Мана улар… – “Меҳмон” кийимларни Абдурасулга узатди.. – Энди тезроқ бу ердан йўқолиш керак!
– Ҳозирча улар ўзингда турсин! Шофёрини ҳам бирга жўнатиб тўғри қилибсан. У томонларда ҳам хўжайинининг машинасини бошқариб юради, дебсанда, молодец! – гўё у ўзини ҳазиллашгандек кўрсатишга уринди.
Улар машинага ўтиришиб, пулни қўриқлаб туришганларнинг олдига келишди.
– Пулларни тезроқ беринглар-да, машинага ўтиринглар! Туя кўрдингларми, йўқ! Сенлар эса, – ёлланма қотил ва унинг шерикларига қаради Абдурасул, – мана шу рақами ўзгартирилган машинага ўтириб, менинг изимдан ҳайданглар! Сизларни Бухоро йўлига тўғрилаб қўямиз! Эртага эрталаб билет оласизлару, самолётда Москвага учасизлар. Машинани аэропорт яқинида қолдиринглар, – у билагидаги соатига қаради. – Соат иккидан ўттиз беш минут ўтибди. Тезроқ ҳаракат қилинглар! Ҳа, айтганча, бир ойлардан сўнг Москвада учрашамиз…
Тун бағрини безовта қилиб, иккала енгил машина Косондан Майманоқ орқали Бухорога борадиган йўл томон ҳаракатга келди.
* * *
Аввалги кунги келишувга мувофиқ ёлланма қотиллар кундуз соат ўн бирда Тахтақорача довони орқали Китобдан Ургут томонга тушишдаги чойхонада Амир Тўраев билан учрашишлари керак эди. Ўша кунларда у обкомнинг Китоб районидаги вакили сифатида фоалият кўрсатаётгани учун ушбу жойни маъқул топганди. Бир кун илгари у москвалик “меҳмон”ларнинг ҳужжатларини олиб, керакли рейсдаги самолёт учун билетларни хариб қилиб ҳам қўйганди.
Учрашувдан сўнг Амир Тўраев “меҳмон”ларни келишилган “хизмат ҳақлари” билан самолётга кузатаётиб, йигирма кундан сўнг Москвага бориб, миннатдорчилик билдириб қайтишни ваъда қилди.
Ўша куни область саркотиби Рўзмат Ғойибовнинг кўрсатмасига биноан кеч соат олтида қишлоқ хўжалик ходимларининг область бўйича катта йиғилиши Шаҳрисабзда ўтказилиши лозим эди. Энг қизиғи, бу йиғилишда Алишер билан Қурол, шунингдек, Тўра Орзиқулов ҳам таклиф этилганди.
Тўра Орзиқулов тўнғич ўғли Али Орзиқулов билан мажлис бошланишига ўн дақиқалар қолганда етиб келишди. Уларни Амир Тўраев қарши олди. Йўл-йўлакай:
– “Меҳмон”ларни кузатиб юбордингми? – деди паст овозда отаси.
– Ҳа, учиб кетишди. Ҳатто, сизга салом айтишни ҳам унитишмади.
– Ўша йигитни бир марта бўлсада, кўрганим яхши бўларди-да, Амирқул.
– Ота, вақт келиб, уни сиз билан албатта учраштираман! – деди ўғли ваъда бериб.
Улар йиғилиш ўтадига залга кириб келишганда олдинги қаторларнинг бирида ўтирган Қуролнинг назари Тўра Орзиқуловга тушиб, ихтиёрсиз ўрнидан қўзғалиб қўйди. Амир Тўраев ўзини президиум томонга қараётгандек кўрсатиб, кўз қири билан Қуролни кузатаётганди. У эса нодир бир нарсасини йўқотган ўғридек довдираганча атрофга аланглаб, Алишерни изларди. Нима сабабдандир шу кунги йиғилишга у келмаганди. Балки, туни билан ухламагани учундир. Қуролнинг боши эгилди. Шундагина у шарманда бўлганлигини, ёлланма қотил ва шериклари уларни роса лақиллатиб, пулларини шилиб кетганлигини тушуниб етди.
Кейинги куни Амир Тўраев Абуни излаб топди-да, самимий миннатдорчилик билдирди. Кейинчалик Абу оиласи билан Арманистонга кўчиб кетди.. Ҳозир у Ереван шаҳрида яшайди. Озми-кўпми унинг қалбида инсонийлик туйғуси бор экан, шекилли, Амир Тўраевнинг сўнгги кунларигача танишчилиги давом этди. Қаршида оғайнилари кўп, тез-тез келиб, меҳмон бўлиб қайтади.
* * *
Ёлланма қотил белгиланган одамни “ўлдирган” куннинг эртасига кундуз соат учларда район ГАИходимлари “Ленинград”давлат хўжалиги директорининг “УАЗ—69” русумли хизмат машинасини хўжалик идорасига келтиришди. Директордан машинанинг йўқолиш сабабини сўрашганда, у “Шофёрим Али Казаковнинг айби билан кимлардир машинани олиб қочган, идораларингга ўша вақтнинг ўзидаёқ хабар қилгандик. Ҳалигача машинадан хабар йўқ, балки бирор жойга ташлаб ҳам кетишгандир. Бу тўғрисида ҳозирча хабар топмадик. Шофёрни эса жазоладик…”, деб қисқа жавоб берди. “Машинангизни Косонтоғ этагидан бус-бутун топдик. Қабул қилиб олинг” деб, ГАИ ходимлари уни ҳужжатлаштириб, директорга топширишди. Шу куни Тўра Орзиқулов ўзининг хизмат машинасида Шаҳрисабзда бўладиган фаоллар йиғилишига етиб борди.
Йиғилиш тугагач, Тўра Орзиқулов ўғиллари билан “ўғирланган” хизмат машинасида Қаршига қайтишди. Яккабоғ район чегарасигача учаласи ҳам жим келишди. Ўғиллар отасининг оғзини пойлашаётганди.
– Биз Аллоҳ берган ақлни ўз ўрнида ишлатиб, жуда катта фалокатнинг олдини олдик ва бу курашда ҳам ғолиб бўлдик, – деб гап бошлади Тўра Орзиқулов.
– Энди нима қиламиз, ёзиб олинган тасмаларни келажак авлод учун сақлаймизми? Ёки қонуний чоратадбирлар кўрамизми? Балким бизлар ҳам рақибларимизга ўхшаб иш тутармиз? – деди Амир Тўраев пайтдан фойдаланиб.
– Амир ўғлим, уларни мен Алоҳга топширдим, ҳамма нарсадан хабари бор, ўзи жазосини беради. Бу масалани кун тартибига қўйиб бўлмайди. Ўзларига эп билишган бўлишса қилишаверсин! Уларнинг юзидан нури Муҳаммад йўқолган, ўзинг гувоҳсан, қанчалаб пулларидан ажралишди. Бизларни эса, гуноҳсизлигимиз туфайли Яратганнинг ўзи асраб қолди. Тасанно, ўша арманларга, – деди Тўра Орзиқулов. – Бу кеча чойни Пўлатида биргаликда ичамиз, ўғилларим!
Улар Пўлатига етиб боришгунча жим кетишди.
ХОТИРА ДАФТАРИ
Амир Тўраев кундалик ишлари билан овора бўлиб, уйига анчайин кеч қайтди. Кенжа ўғли эртанги дарсларига тайёрланаётган экан. У билан бир оз суҳбатлашгач, ошхона сари юрди. Турмуш ўртоғи тайёрлаган дастурхон атрофига ўтириб, биргаликда тамадди қилишди.
– Дадаси, эрталаб ишингизга барвақт кетасиз. Соат ҳам алламаҳал бўлиб қолди. Ухлаб, дам олсангиз бўлармиди… – деди дастурхон йиғиштиришга киришган хотини.
– Онаси, вақт ғанимат, умр эса ўлчовли. Хотира китобимни тугатишим керак. Ҳеч бўлмаса бирор соат ёзув-чизув қилай, сен эса бемалол ухлайвергин, – Амир Тўраев хонадаги иш столига ўтириб, битик битишга тутинди:
“…Отам фарзандаларини ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармасликка ўргатиб тарбиялади. Табиийки, гина-қудурат қанчалик адолатли бўлмасин, юракда чандиқлари қолса бас, унда қасос олишдан бошқа туйғу қолмайди. Лекин, мен қалбимда қасос муддаосини сақламайман, зотан, агар шундай қилмасам, мен инсон деган топ-тоза номдан жудо бўламан! Мен ҳаётим давомида дўст ва ғанимларимга ана шу нуқтаи назардан туриб, муомала қилиб келдим. Бахтим ҳам, бахтсизлигим ҳам ана шу ҳаётим қоидалари билан чамбарчас боғланиб кетган. Тақдиримдаги қувончли ва ғамли дамларимда ёнимда бўлган барча дўстбиродарларимга умримнинг охиригача ҳурматини бажо келтириб ўтаман. Ўтмишим оғир ёки енгил бўлишидан қатъий назар, мен ўз қисмат тақдиримдан розиман. Лекин, инсонлар шуни билишлари керакки, дўстлик йўқолган жойда қут-барака бўлмайди, ҳатто келгуси авлодлар ҳам ушбу мудҳишлик азобини тортиб яшайди!
Отамнинг орқасидан бу дунёга янги қанот чиқарган авлодлар келмоқда. Ишончим комилки, уларнинг барчаси ватанпарвар, ақлли, идрокли, жамиятимизга ҳалол хизмат қиладиган фарзандлардир. Ҳар бир тақдир чексиз-чегарасиз мураккаб сирлар билан яратилган. Ҳар бир инсон ўз ҳаётида тақдир тақозосига кўра пешонасига битилганини кўриб яшайди.
Отамнинг авлодлари ўз лафзидан қайтгандан кўра ўлимни афзал деб биладиган ор-номусли, эл-юртини, қишлоқдошларининг оғирини енгил қиладиган жафокаш йигитлар бўлиб етишмоқдалар. Уларнинг ҳар бири жамият олдида, давлатимизни авайлаб-асраш ва мустаҳкамлашни қалбан ҳис этиб яшашни мақсад қилганлар. Бу, албатта иймондан дарак беради....”
БЎРОН
Кунлар изидан кунлар ўтиб борарди. Барча ўз иши-ю юмуши билан овора. Икки тарафда ҳам жимлик ҳукумрон. Тўра Орзиқулов иш хонасига кириб, креслога эндигина жойлашиб ўтирган ҳам эдики, хона эшиги қия очилиб, Бўроннинг башараси намоён бўлди.
– Мумкинми, Тўра ака?
– Келаверинг, сиз учун эшик олдида яшил чироқ ёқиб қўйилганини кўрмадингизми, киринг, кираверинг.
Бўрон ўнг кафтини кўксига босганича, мулозамат билан келиб кўришди. Тўра Орзиқуловнинг кўзи кўзига тушмасликка ҳаракат қилаётгани унинг хаттиҳаракатидан аниқ сезилиб турарди.
– Хўш, Бўронбек, нима хизмат буюрадилар?
Бўрон ноқулайлик билан бир тўлғаниб олди-да, гап бошлади:
– “Дўстларингиз” ўзлари қилган ишларидан ўзлари уялиб, гуноҳкор эканликларини тушуниб етишибди. Ўзингиз биласиз, ҳаммамиз бир элмиз, Одам атонинг фарзандлари дегандай, келинг, Тўра ака, шуларни яна бир бора кечиринг…
– Уларнинг эндиги мақсадлари нима экан? Билсак бўладими?
– Улар Косон шаҳридаги қабристонда, улуғларимиз қўним топган жойда “Бир-биримизга энди душманлик қилмаймиз” деб, юзларига фотиҳа тортиб, қасам ичишмоқчи!
– Бўронбой, қўйинг ука, уларнинг кун чиқари ҳам, қибласи ҳам йўқ, Аллоҳнинг қаҳрини келтирмагани яхши. Мен Алишерни укамдек яхши кўраман, аммо, Қурол билан Дўлобга мутлақо ишонмайман, айтгин, қўлидан келганини қилишсин! Яхшиси, у юзсизлар билан мени юзлаштиришга ҳаракат қилмаганинг маъқул! – Тўра Орзиқулов бир оз асабийлашгандек бўлди.
– Тўра ака, бу масалада бошим билан жавоб беришни бўйнимга олиб келдим.
– Аслида сени ҳам қибланг йўқ! Майлига, шунча жойдан бош эгиб келибсан, сенинг ҳам шаштинг қайтмасин. Бориб уларга айтгин, қабристонда эмас, кундуз соат 12 да қабристон яқинидаги масжидда учрашамиз. Масжид – Аллоҳнинг уйи, уларга яхшилаб эслатиб қўйгин!
Раббимнинг кўнгли жойига тушди шекилли, ўрнидан қўзғалди…
…Тўра Орзиқулов уйига келганида ўғиллари жамулжам бўлишиб, дастурхон атрофида қандайдир масалани муҳокама қилишаётганди. Назарлари оталарига тушиши билан, “Ана, ўзлари ҳам келдилар”, деб хурсанд бўлганликларидан бараварига ўринларидан туришди. Ота тўрдаги бўш жойга ўтириб, фарзандларини узундан узоқ дуо қилди.
– Хўш-ш-ш, тинчгина юрибсизларми? Қандай янгиликлар бор, дунёда? – у фарзандларига одатдагидек бирма-бир назар солди.
– Ҳозирча танчлик, ўзингиздачи, ота? – ҳар доимгидек ҳамма учун Амир Тўраев саволли жавоб берди.
– Бугун Бўрон идорага кеганди, – ота ўғилларига савол назари билан қаради.
– Нима дарди бор экан? – деди Али Тўраевич отасига пиёлада чой узатиб.
– “Дўстларимиз” мендан узр сўраш учун отабоболарининг ҳоки-поклари жой олган қабристонда учрашув ташкил этишмоқчи бўлишибди.
– Рози бўлмадингизми?! – дейишди бараварига ўғиллари.
– Аксинча, ўғилларим, мен учрашувни Аллоҳнинг уйи бўлмиш масжидга кўчирдим. Эртага кундуз соат 12 да.
– Боришингизга мен рози эмасман, ота! – деди Амир Тўраев. – Барибир Қуролга ишонч йўқ. У Худодан қўрққанида шундай ифлос ишларга қўл урармиди?! Райондошлигимизни ҳам ўйламади-я! Мен бормайман, ота!
– Қўйгин ўғлим, фотиҳани бузишса, Тангри таолонинг олдида ўзлари жавоб беришади. Қасамни бузганлар тарихдан маълумки, охир-оқибат хонавайрон бўлишган, буни ақли жойида бўлганлар билишади! Биламан, Қурол ташқи кўринишидан дўстона муносабат билдиргани билан, ичи куйиб, нафрат ва ғазаб ўтига ўраниб яшайди, – деди ота, ўғилларини тинчлантиришга ҳаракат қилган бўлиб.
– Ота, бўлмаса масжидга Шодмон билан Раҳмон бормайди. Бундан ташқари, масжидга киришдан аввал менинг уларга берадиган бир нечта саволларим бор, уларнинг муносабатини билишим керак, – деди Амир Тўраев юмшаб. Отаси унинг шартларига рози бўлди.
ЗИЁРАТ МАН ЭТИЛГАНМИ?
Амир Тўраевнинг отаси ҳайит кунлари ёки бирор нарсадан сиқилганда ёхуд қувонганда ота-онасининг қабрини зиёрат қилгани борарди. Зиёратга ақлини таниган ўғил-қизлари, невара-чеваралари, барча яқинлари иштирок этишарди. Зиёратга боришдан бирикки кун аввал фарзандларини жамлаб, қабр атрофларини тозалатиб қўйдирарди. Ўзига хос бу ҳаттиҳаракатлари билан у ўз авлод вакилларини аждодлар руҳини унутмасликга ўргатарди. Ушбу тадбирни ҳатто, у анъанага айлантирганди…
Амир Тўраев тезгина тушлик қилиб олдида, иш хонасида ўтириб, область саркотиби учун керак бўлган навбатдаги ҳисоботни тайёрлашга киришди. Унинг одати шундай, айтилган ишни ўз вақтида бажаришга ўрганиб қолган. Шу пайт хона эшиги очилиб, область КГБсининг раҳбари “Амирбек, мумкинми?” деганча кириб келди. Бу инсон ўша йиллари ўзининг муомаласи, ақл-идроки ва донолиги билан кўчиликнинг ҳурматэтиборини қозонган эди.
– Марҳамат, Қаноат ака, хуш келибсиз, – дея Амир Тўраев ўрнидан турди. Иккаласи қўл бериб кўришгач, давлат хавфсизлик қўмитасининг бошлиғига ўтириш учун жой кўрсатди ва ўзи ҳам унга қарама-қарши ўтирди.
Гап турли мавзуда бўлди, аммо масъул идора раҳбари негадир мақсадга кўчмаётганди. Амир Тўраев эса унинг оғзини пойлаганча, асосий гапни кутарди. Ниҳоят у мақсадга кўчди:
– Амирбек, ҳайит кунлари отангиз бошчилигида қариндош-уруғлар билан мозорга ҳам чиқасизларми?
– Ҳа, отам йилда бир-икки марта бизларни мозорга бошлаб, бобо-момоларимизнинг қабрларини зиёрат қилдирадилар. Ўтганларни ёдга олиб, уларнинг руҳипокларига дуои-фотиҳалар ўқиймиз…
КГБнинг раҳбари эса мийиғида кулганича Амир Тўраевнинг гапларини диққат билан тинглар экан, “Ҳа гўл бола-я, тилингдан ип қилиб, ўзингни боғлаяпману, буни хаёлингга ҳам келтирмаяпсан…” деган ўй унинг хаёлидан ўтаётганди.
– Ҳа, Амирбек, тўғри гапларни гапирдингиз. Сиз партия аъзоси, обком аъзоси, область партия қўмитасининг ходими, акангиз ҳам обком аъзоси, партия аъзоси, катта бир районнинг раҳбари. Укангиз партия аъзоси, областдаги йирик пахта тозалаш заводнинг директори, яна бир укангиз курилиш ташкилоти раҳбари, кейингиси қишлоқ хўжалик техникалари таъминоти бошқармасини бошқаради, навбатдагиси область Қишлоқ хўжалик бошқармасида катта мутахассис. Улар ҳам партия аъзолари. Отангиз эл орасида ўзига яраша обрў-эътиборга эга инсон. “Ленинград” давлат хўжалигининг директори, коммунист. Кўриб турибсизки, бир сулола коммунистлар партия низомини бузиб, партбилет ўрнига дуоифотиҳаларни кўзларига суртиб турса, қандай бўлади?! Бу ҳатти-ҳаракатлар коммунистларга хосми?!..
Қаршисида ўтириб, кўзларига тик боққанча сўзлаётган масъул идора раҳбарининг гапларини тинглар экан, гапни тескари томонга айланишини кутмаган Амир Тўраев ичидан зил кетди. Унинг хаёлидан “Мозорга борганимизни ҳеч ким кўзи билан кўрмаган бўлсаю, ҳаммасини ўзим айтиб ўтирсам-а! Шунча пишиқ бўлганим билан ўз тилим билан сайраб, бу инсоннинг қўлига тушганим нима бўлди…” деган ўй ўтди. Лекин у ўзини тезгина ўнглаб олди.
– Қаноат ака, бу анъанамиз кўп йиллардан буён давом этади, тўғриси 1956 йили бобом бандачиликни бажо келтиргандан буён. Мен отамга бу ҳолатни тушунтириб айтаман… – Амир Тўраев ўзини оқлаган киши бўлди.
– Амирбек, биз бу ишларни бир неча йилдан буён кузатамиз, ҳатто қўлимизда етарли фактлару, ишончли фотосуратлар ҳам бор. Отангизни қилаётган бу ишларидан обкомнинг иккинчи котиби Иван Иосифович жуда ранжиди. Ҳатто у “Ҳаммасига партиявий жазо берамиз” деганда ўзим бу ишларни ҳал қилиб, оқсоқолга тушунтириб айтаман деб уни тинчитдим. Замонга қараб, эҳтиёт бўлиш керак, биламан, ҳаммаларингиз ҳам ҳалол инсонларсиз, бу ишлар бизнинг ишимизни мағзи ҳисобланади. Эрта индин ўзим отангизни олдига ўтаман…, – деб Қаноат Ўткирович ўрнидан қўзғалди.
Масъул идора раҳбарини кузатиб қўйгач, Амир Тўраев келиб жойига ўтирди. Совиб қолган бўлса ҳам, столи устида турган пиёладаги чойни бир кўтаришда симириб ичди. Шундан сўнг сал ўзига келгандек бўлди…
Амир Тўраев анча кеч, соат ўнларда Пўлатига етиб борди. Отаси ҳам ишдан қайтган экан. Унга хавфсизлик қўмитасининг раҳбари билан ораларида бўлиб ўтган бугунги гап-сўзларни айтиб берди. “Эртага унинг ўзи сиз билан гаплашмоқчи” деб огоҳлантирган ҳам бўлди. Ўғлининг гапларини эшитиб, Тўра Орзиқулов бир муддат сукут сақлади-да:
– Қизиқ, мозорга борган бўлсам, отам билан онамнинг қабрини зиёрат қилиб, уларнинг руҳини шод қилгани борганман! Нима, коммунистга ота-онасининг қабрини зиёрат қилиш ман этилган эканми?! Уларнинг ўзлари ҳам кўришгандир, руслар, кавказликлар, украинларнинг ўз мозорларини жаннатдек кўринишда қилиб қўйишганини! Уларга зиёрат қилиш мумкину, бизларга мумкин эмас эканми, деб ундан сўрамадингми?! – деди оташин бўлиб.
– Сўрадим, ота…
– Хўш, нима деди у?!
– Ҳайит кунлари эмас, бошқа кунлари бориб, зиёрат қилиш керак экан.
– Ҳа, гап бу ёқда дегин, эртага келсинчи, ўзи билан гаплашаман! Аммо, биз ўз удумимизни бузмаймиз! Акаукаларинг ва сен қўрқсаларинг бундан буён зиёратга борманглар, мен эса бу дунёда кўзим очиқ экан хоҳлаган куним боравераман! Эсингдан чиқмасин, ўрмон ҳокими арслон бошқа ваҳший ҳайвонлар каби инсон боласидан қўрқади ва уни кўрса қочади. Агар у яраланмаса ғафлатда яшаб, ялқовлик билан кун ўтказади. Қачонки яраланса, у ҳақиқий шерга айланади! Ана шу вақда ундан қўрқиш керак! У тўқайзордан чиққан бўлса, албатта яна тўқайзорга қайтади. КГБда ишлайдиганлар мозордаги қабрларда ётган шермисол ота-боболаримиздан қўрқишади, уларнинг руҳларидан доимо чўчиб яшашади. Қарагинчи, қанчадан-қанча буюк аждодларимизнинг зиёратгоҳлари қаровсизликдан хароб бўлиб ётибди! Ўша зиёратгоҳлардан манзил топган боболаримиз ўз вақтида дунё илм аҳлларини мазмунли билимлари билан лол қолдиришган! Қани эди, қўлимдан келса-ю, бор маблағимни сарфлаб, уларнинг қадамжойларини обод этсам! – деди алам билан Тўра Орзиқулов ўғлига тикилиб.
– Ота, Қаноат аканинг ўзи ҳам гап-сўзларидан сиз билан фикрдошга ўхшайди. У “Замонга қараб эҳтиёт бўлиш керак, биламан, ҳаммаларинг ҳам ҳалол кишиларсиз…” деб огоҳлантирган ҳам бўлди…
– Бу замонлар ҳам ўтар, болам, нима ҳам қилардик, чидаймиз… , – ота “уҳ” тортиб, ўғли узатган кўк чойдан ҳўплади.
МАСЖИДДАГИ ҚАСАМЁД
Тўра Орзиқулов ғанимларини муросага келтириш учун анчадан буён бор чора-тадбирларни кўришга ҳаракат қилиб келаётганди. Баъзида уларни ҳушёрлик билан ҳеч адашмаган ҳолда ақл-фаросати, қўлидан иш келиш-келмаслигини қайта-қайта ўлчаб кўрарди. Юқорида зикр қилинган воқеадан сўнг, икки ўртада ҳатто салом-алик ҳам бутунлай тўхтаган эди. Кейинчалик область раҳбарининг маслаҳати билан улар ўртасида узр сўрашу, кечир-кечирдим бўлиб ўтганди. Ўшанда вилоят саркотиби Тўра Орзиқуловни қабулига таклиф этиб, “…Ўтган гаплардан яхши хабарим бор. Сиз жуда зийрак ва доно одамсиз, Қуролни олдингизга юбораман, салом-аликни давом эттиринглар. Биламан, Қурол анчайин дунёқараши тор ва авлод келажагини ўйламасдан ҳатти-ҳаракатлар қилади, сиздан эса эҳтиёткорлик талаб этилади. Бўронни эса одам сафига қўшмасангиз ҳам бўлади. Яна ўзингиз яхшилаб ўйлаб кўринг…” деганди.
Шундан сўнг икки томон очиқчасига гаплашиб олиш мақсадида Косонтоғ дараларининг биридаги холи жойда тўпланишиб, узоқ суҳбатлашишди. “Ўтган ишга саловат, энди бир-биримиз билан дўстлик ипларини мустаҳкам боғлаймиз” деб, ҳатто Аллоҳни ўртага қўйишиб, юзларига фотиҳа тортишди. Ўрталаридаги кина-кудратларнинг кўтарилганидан ўшанда биргина Алишернинг хурсанд бўлганлиги унинг чеҳрасию хатти-ҳаракатларидан кўриниб турарди.
Уларнинг пинҳона учрашувлари бир пастда эл орасига тарқалиб улгурди. Кўпчилик бундан хурсанд бўлиб, “Хайрияте” дейишди. Лекин, кўп ўтмасдан “дўстлар” яна ғаразли ишларини бошлаб юборишди. Айниқса, Қурол тинчимасди. Уларнинг қилиғидан Тўра Орзиқулов жуда ранжиди.
Тўра Орзиқуловнинг қадрдон дўсти Зуҳриддин ака Алишернинг қудаси эди. У кайвонитоб, узоқни ўйлаб гапирадиган, ақли расо кишилар сирасига кирарди. Алишер қудасига учрашиб, “Ака, сиз акамга насиҳат қилинг, биз масжидни ичида Аллоҳни ўртага қўйиб, юзимизга фотиҳа тортадиган бўлдик. Бу жанжалу тортишувдан аслида фойда йўқ, аксинча, икки томон ҳам жабр кўради. Акам эса ўз билганидан қолмаяпти”, деб илтимос қилди. Қудасининг илтимосини ерга қолдирмасдан у Қуролга учрашиб, насиҳат қилган бўлди. Қурол эса:
– Зуҳриддин бобо, биласизми, улар жуда ақлли, шунингдек, қобилиятли ҳам. Бунинг устига моддий жиҳатдан бақувват. Уларга билдирмасдан зарба бериб турилмаса, Москвадаги Брежневнинг қабулига ҳам кириб чиқадиган йўлни топишади. Хўш, сўнгра бизларнинг аҳволимиз нима кечади?!
– Ахир, бугун масжиднинг ичида юзларингизга фотиҳа тортармишсизлар, буёғи қандоқ бўлади? – деди ажабланиб Зуҳриддин бобо.
– Биз фотиҳани юзимизга чин дилдан тортмаймиз, – ўйлаб ҳам турмасдан жавоб берди Қурол.
– Масжиднинг ичида-я?!
– Биз соҳта ҳатти-ҳаракат қиламиз, дедимку.
– Фотиҳани ҳам соҳтаси бўларканми, яна Аллоҳнинг уйида-я! Уни соҳталаштириб бўлмайди! Яна ўзларинг биласизлар!…
…Кундуз куни роппа-расо соат ўн иккида ҳар иккала томон вакиллари Косон шаҳридаги қадимий мозористон масжиди дарвозаси олдида учрашишди. Ҳатто, улар очиқ чеҳра билан қўл бериб кўришишди ҳам.
Амир Тўраев Алишерни бир четга тортиб:
– Масжидга киришимиздан аввал келишиб олайлик, – деди.
– Нимани? – ажабланиб сўради Алишер.
– Акангиз билан жиянингиз масжиднинг ичида берган ваъдаларини бузмаслигига кафолат берасизми?
– Ука, булар ҳам ўзларини инсон деб ҳисоблашади. Қаерда туриб фотиҳани юзларига тортаётганларини билиб, оқибатини тушунар деб ўйлайман, – деди Алишер хаёлга чўмиб.
Улар масжид ичига киришгач, юзларини қиблага қаратиб ўтиришди. Сўнгра, бир-бирларига дўстлик изҳор қилишиб, қасам ичдилар ва бараварига юзларига фотиҳа тортишди. Дўстликни бузмасликка, бирор-бир хилоф ҳатти-ҳаракат қилмасликка аҳду паймон қилишди. Аммо, Қуролнинг қалбини аввалроқ бўлиб ўтган воқеа – ёлланма қотил масаласи изтиробга солаётган эди. Биринчидан, сири ошкор бўлди, иккинчидан, каттагина маблағидан айрилди, учинчидан эса, қаршисида турган сулола вакилларидан чўчиётганди. Ўзича, “Булар ҳам бизларга нисбатан бирор хавфли нарсани амалга ошириши мумкин”, деган ўй унга тинчлик бермаётганди. Донолар айтган “Киши бировни ишонтириши учун, аввало, ўзига ўзи ишониши керак” деган фикрдан узоқ эди у. Улар шу куни масжид ичида қалбларини қалбларига босиб ҳайрлашдилар. Ушбу ярашувдан, айниқса, Алишернинг кўнгли жойига тушгандек бўлди.
Улар масжиддан чиқиб, яна бир бор ҳайрлашдилар. Тўра Орзиқулов ўғилларини мозоротдаги машҳур авлиёнинг қабри томон бошлади. Биргаликда унинг ҳоки-пойини зиёрат қилишиб, Қуръон оятларидан тиловат қилишди. Қабр қаршисида ота ўз ўғилларига панд-насиҳат қиларкан:
– Ўғилларим, бир нарсани унутманглар-ки, бу муқаддас тупроқда улуғларимиз қўним топишган. “Дўстларимиз” фотиҳали қасамларини бузишса ҳам бизлар буза олмаймиз! Кимки бугунги онтига хиёнат қилса, билиб қўйинглар, авлодлари билан қирилади! Бир умр унмайди ва ўсмайди! Жуда эҳтиёт бўлинглар, уларнинг ортидан бирор оғиз ёмон гап айтмайсизлар, камчиликларини кўрмасликка оласизлар, ютуқларини мақтайсизлар, – деб огоҳлантирди.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?