Текст книги "ЯХШИЛИК ҲАММАГА ЯРАШАДИ 4-жилд"

Автор книги: ТОИР МАҲМУД
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 11 (всего у книги 22 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]
Аёлсиз бахт сўзи тилда турмагай,
Аёл ошиқ оҳи, битмас ғазалдир,
Аёлсиз гул ранги гулда турмагай
Аёл омон бўлса дунё гўзалдир.
Орзудаги аёл
Аёл!.. Эркак зоти бу сўзни юз бор, минг бор такрорласа ҳам у ҳар сафар янги жозиба, янги оҳанг, янги маъно касб этиши аниқ. Дарҳақиқат, аёл қандай ҳилқат ўзи? Қандай сеҳру жоду, қандай қудрат соҳибаси аслида? Одам Ато авлодлари ўзини англабдики, бу саволга жавоб излайдилар. Ажабки, ҳар сафар, ҳар бир инсон ўз сўзини айтишга интилади. Ўз таърифу тавсифларидан ўзи завқланади.
Қалам аҳлини-ку, асти қўяверинг. Маҳмуд Қошғарийнинг «Девону луғатит турк» китобидан бошлаб шоирларимиз, ёзувчиларимиз томонидан аёл васфида топилган ташбеҳларнинг ўлчови йўқ. Демак, ҳар кимнинг ўз севган аёли, ўз муҳаббат олами, ўз нуқтаи назари бор.
Мухбир синглимиз мендан ўзим севган Аёл ҳақида фикр билдиришимни сўради. Мен ардоқлаган аёллар аввалида шубҳасиз Она деган буюк зот туради. Меҳрибон, мушфиқ, дуосида дури бор, меҳру оқибатда, ҳалоллик ва ҳақиқатгўйликда йўлчи юлдузим – ўз Онам туради.
Табиийки, ҳар бир одам хоҳ етти, хоҳ етмиш ёшда бўлсин ўз онаси ҳақида соатлаб тилидан бол томиб гапиради. Боиси Она ўз жисмидан жисм, ўз жонидан жон берган фарзандига. Ҳатто Аёлларнинг ўзлари ҳам Она ҳақида балқиб-балқиб, тўкилиб-тўкилиб сўзлайдилар. Агар бир аёл иккинчи бир аёлнинг гўзаллиги ҳақида фикр билдирмоқчи бўлса сўзга қизғанчиқлик қилиш мумкин. «Онангиз ҳақида сўзланг», десангиз шоир бўлиб кетиши табиий. Демак аёлни севиш, уни ардоқлаш Онани севишдан, унга жон фидоликдан бошланади.
Шунинг учун менинг онам – оналарнинг энг яхшиси десам ҳеч кимнинг ғаши келмасин. Чунки 40 ёшида бева қолиб, 4 фарзандни оқ ювиб, оқ тараган, бир неча марта жарроҳларнинг тиғидан ўтган, оғир операцияларни бошидан кечирган бўлишига қарамай, бугун 88 ёшида, ўрнидан туриб юролмаса ҳам журъатда, яхшиликка даъватда, одилликда ўзига сиғмайдиган онага ўғил бўлиш менга насиб этганидан бахтлиман. Агар менинг дунёдаги энг баланд тоғнинг чўққисига олиб чиқиб, энг яхши кўрган сўзингни айт десалар, шубҳасиз «МЕН ОНАМНИ ЯХШИ КЎРАМАН!» деб оламга жар солган бўлардим.
Бир кун меҳмон келмаган кун йўқ,
Бу феълингиз худодан, она.
Сизни сира кетказгим келмас
Ҳамма кетар дунёдан, Она!
Аёл бир қўли билан дунёни, бир қўли билан бешикни тебратади деган иборани биз такрор-такрор тилга оламиз. Чунки Аёл қалбидаги меҳр булоғининг кўзи бешик бошида очилади. Алла айтаётган Аёлни боласига тилаётган омонликни оламга тилаётган фариштага менгзаш мумкин. Аёл тимсолида биз Онадан кейин, албатта, опамиз, синглимизни кўрамиз. Халқимизда жон-жигар деган сўз бекорга айтилмаган. Яна бежизга опа, сингил ҳузурига шошаётган эркак учун буғдойзорни кесиб ўтишга рухсат этилмаган. Чунки сенинг дардингга ҳеч ким ўз жигарингдек шерик бўлолмайди. Мен айтмоқчи бўлган фикрни, яна бошқачароқ талқин қилиш мумкин. Айтинг, ўз опасини, ўз синглисини яхши кўролмаган одам қандай қилиб ўзга аёлнинг қадрига етади, сева олади?
Аёл деган сўзни тилга олишинг биланоқ, иккинчи бир сўз қалбинг тубида юз очади – муҳаббат! Дарҳақиқат, аёл сўзи билан севги, муҳаббат эгизак. Севган одам – севилишни истайди, демак яшашни истайди. Зотан, аёлни севган эркак учун яшаш завқли, маъноли. Севган одам гулни кўра билади, гўзалликни қадрлайди. Бир сўз билан айтганда, Аёл – нур, доим унга қараб талпинамиз.
Мен Аёл зоти тимсолида эркак киши учун ҳаёт йўлидаги энг садоқатли ҳамроҳни, вафо тимсолидаги умр йўлдошини кўраман. Эркак киши уйидаги болаларининг онасисиз ким аслида? Менинг назаримда дунёдаги энг ғариб, нотавон, беқадр одам. Барча бахтларнинг калити – оиладаги бахтнинг измида. Уйида бахти борлар ҳар ерда бахтиёрдир. Демак, мен севган аёллар аввалида рафиқам – умр йўлдошим туради. Чунки менинг бутун жисму жонимдаги, усти бошимдаги нур унинг меҳридан таралади. Оиламдаги хотиржамлик, қут-барака, фарзандларимнинг чеҳрасидаги табассум асосида унинг заҳмати, унинг меҳнати бор. Шунинг учун ҳам эркак киши уйга келганда аёли кўзига кўринмаса фарзандларига берадиган илк саволи: «Онанг қаерда?», деган сўз бўлади.
Мен Аёл кишидаги вафони, меҳр-оқибатни, фидойиликни ҳаддан зиёд қадрлайман. Илк нигоҳдан пайдо бўлган севги аксарият ҳолларда алдамчи бўлади. Бу севги гўзалликни кўнгилдаги ғулғуласи, истарани қалбдаги чўғи бўлиши мумкин. Ҳақиқий севги йиллар синовидан туғилади, десак, тўғри айтган бўламиз. Чунки буни пиру бадавлат боболаримиз, момоларимиз ҳаёт тарзлари исботлаб турибди.
Энг муҳими эркак киши учун Аёл зотини қадрлай билишда, асрай билишда. Муҳаббатнинг аввали меҳру оқибатдан бошланади. Демоқчиманки, Аёлни севган, ардоқлаган, асрай билган отанинг уйида аввало хотиржамлик, қут-барака, бахту саодат бўлади. Чунки улуғлар айтмоқчи, олманинг бир шохи девор оша кўчага осилиб турса истаган одам қўл чўзиб кетавериши мумкин. Аёлини асраган эркак орини, оиласини асрайди.
Ўғлини ўқитган одам бир кишини, қизини ўқитган киши бутун бир миллатни ўқитади, дейдилар. Ҳақиқатдан ҳам аёл маърифатли бўлса, бу маърифатнинг нури аввало бутун оила осмонини нурафшон қилади. Ўғил-қизларини ўқишга, ўрганишга чорлаб туради. Маърифат зиёси – зиёлар ичра энг нурлироғидир. Чунки у қалбни туб-тубини забт этади ва ҳамишаликка шу қалб ичра нур сочиб туради. Демак нафақат мен, аксарият эркакларимиз қалби гўзал, истараси иссиқ, меҳри дарё, қўли ва тили ширин, маърифати зиёда бўлган аёлларни хуш кўрадилар, десам назаримда янглишмаётгандекман.
Аёл – эъзоз учун яралган зотдир,
Аёлга эҳтиром ярашар асли.
Бир оғиз ширин сўз унга нажотдир,
Аёл бор – бахтиёр одамзот насли.
(«Саодат» журнали, 2011 йил.)
МЕҲР – КЎНГИЛ МАЙСАСИ
Жонажон диёримизга биз соғинган, бизни соғинган баҳор келди. Аслида биз баҳор билан рўбарў келишдан олдин уни кўнгил кўзи билан кўрамиз. У тасаввур оламимизда юз очади. Майин еллар, мулойим майсалар, керишиб уйғонаётган жажжи куртаклар жозибаси жонимиз торларини чертади. Беихтиёр қалбимизнинг туб-тубида “Ассалом, баҳор!” деган ҳайқириқ жаранглайди. Йўқ-йўқ, у жарангламайди, ҳар бир дилда акс-садо беради!
Энг аввало, икки кафтимизни дуога очиб, қувончимизни кўксимизга жойлаб, меҳрибон Яратганга шукрона айтамиз. Чунки бу кунларга етганлар қанча, етмаганлар қанча… Аслида уйғонаётган табиат – уйғонаётган кўнгил. Бойчечакка қаранг! У баҳор қирларга сепган қувончнинг айнан ўзи-ку! Қувончки, болалар кулгиси каби беғубор, гўзал! Ҳатто қушлар чуғурида ҳам ҳаётга, яшашга, одамийликка олқиш бор, Худойимга беадад ҳамдлар бор! Баҳорни севмак ҳаётни севмакдир! Гўзал нарсаларнинг кўплиги ҳеч қачон кўзга зиён қилмаган. Кўзга сиғмаган гўзаллик эса кўнгилга сиғаверади.
Баҳор ўз сифати ила уйғонувчи, уйғотувчи фасл. Ерни ёриб чиққан ҳар бир майса ўзича қудрат тимсоли. Ҳеч нарса ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Буларнинг бари Қодир Эгамнинг қудрати инъикоси. Ловуллаган лолалар, қизғалдоқлар, чучмомалар, қиқирлашиб турган қизалоқлар каби ёқимтой. Бир сўз ила айтганда, кўклам тасвирига тил ожиз, дил лол!
Ҳар бир юрт баҳорининг ўз таровати, нафосати бўлади. Ўзбекистон баҳори ҳам бетакрор, бетимсол, беназир. Зеро, баҳор фасли қадриятларимиз қадри учун эшик очади. “Кўкка етиб олдик, худо хоҳласа, ўлмаймиз!” деган бобою, момоларимиз енгил нафас олиб. Улар бу нидони Яратганга беҳисоб шукрона тарзида айтган. Яйраб айтган, яшнаб айтган. Яна қиш рутубатидан толиққан кўнгиллар садосидир бу. Чунки баҳор неъматлари нафақат одамзод, балки жамики жонзотлар учун ҳам кутилган мукофотдир!
Баҳор ўз гўзаллиги билан дилларни сел қилади. Инсондаги саховат ҳиссини оширади. Асрий қадриятларимиз – баҳор таомлари ила қўни-қўшни, яқинларни йўқлаш эзгу ниятлар ижобатига ташланган нурли одимдир. Меҳр кўрган одам дуога қўл очади. Шу боис, кексаларимиз, “Ёмғир билан ер кўкарар, дуо билан эл кўкарар”, дейди. Шу маънода айтсак, баҳор – хайрли ишларга чорловчи бонг! Бу чорлов сасини сиз ўз қалбингиздан, руҳиятингиздан изланг – албатта, баҳор овозини ҳам эшитасиз: “Эй одамзод! Мудрама, уйғон! Олам уйғонмоқда, куртаклар кўз очмоқда. Қурт-қумурсқа ҳам ҳаракатга тушди. Майсаларнинг мулойим табассуми яшашга, яратишга, яшнатишга ундаяпти. Сенга умид кўзини тикиб турганлар бор. Фақат бир коса таоминг, хайру эҳсонинг эмас, балки меҳринг, ширин сўзларингга муҳтожлар кўп. Инсоннинг қаддини меҳр кўтаради, оқибат ором ато этади. Билсанг, меҳр – кўнгил майсаси. Кўнглида майсалар ундирган одамни эса баҳорга менгзаш мумкин!”
Баҳорга етганнинг гуллардан тахти,
Бизларга етгани – баҳорнинг бахти!
Аё дўст, юзларинг нур атрига чай,
Кафтингда турибди умрнинг нақди!
Аёл эъзоз учун яралган!
Ҳаёт гўзал бўлгани учун ҳам яшаш завқли, дейдилар. Баҳорни мадҳ этяпмизу, лекин ҳар бир фаслнинг ўз таровати борлигини ёдда тутамиз. Бир тарафдан, қанча таърифу тавсиф бермайлик, кўклам мадҳи тугамайди. Аммо бу гўзалликлар инсонга буюрмоғи, кўнгилга сиғмоғи учун унинг тани-жони соғ, оиласи хотиржам, элу юрти тинч бўлмоғи жоиз.
Шукрки, 130 дан зиёд элу элат, миллат фарзандлари Ватан тутган 35 миллиондан ортиқ аҳолиси бор гўзал Ўзбекистонимиз бағридаги юртдошлар бу тинчлик тотидан баҳраманд. Тилу дилида шукрона, бу кунлар бардавом бўлиши, кўз тегмаслигини сўраб қилинган хушниятлар, илтижолар, истиғфорлар беҳисоб!
Элга тинчликни, яқинларига сиҳатликни кўпроқ мунис аёлларимиз тилашса керак! Шунинг учун ҳам табиатда неки гўзал бўлса, унинг қиёси аёлдан изланади. Нафосат ҳамиша аёлга муқояса қилинади. Шу ўринда баҳорнинг илк куни – 1 мартда Президентимиз раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалаларига бағишлаб видеоселектор йиғилиши ўтказилганида ҳам ўзига хос ҳаёт ҳикмати бор.
Назаримда, бу йиғилиш янги Ўзбекистон тарихига абадул-абад муҳрланиб қоладиган қутлуғ анжуман бўлди. Бир ижодкор сифатида фақат мени эмас, балки унда иштирок этганларни, барча ҳамюртларимиз қалбини тўлқинлантирди, унда Президентимиз забонидан янграган самимий ва халқчил сўзлар, оғриқлар, изтироблар бизни бу – масъум ҳилқат вакиллари ҳақида чуқурроқ ўйлашга мажбур қилди. Чунки қарийб тўрт соат давом этган йиғилишда ҳақиқат юз очди, адолат қарор топди. Асосийси, юртимиз хотин-қизларининг қалби тубидаги асрий орзулари ушалди, ушаладиган бўлди!
Аслида аёлга эҳтиром кўрсатиш миллатимиз етакчиларига хос бобомерос фазилат. Биз буюк аждодлардан қанча фахр-ифтихор қилсак, уларни дунёга келтирган, оқ сут берган, улуғлаб камолга етказган дарёдил момоларимиз бўлганидан ҳам шунча ғурур, шунча сурур туямиз. Ахир оқила аёл умр йўлдошининг кўнглидаги нури, ака-укасининг йўлидаги чироғи, фарзандининг куч-қудрати, ғайрат-шижоати, эзгу ниятларининг эшикбони. Шунинг учун кўчадан уйига кириб келган эркак фарзандларидан, аввало, “Онанг қани?” деб сўрайди.
Қутлуғ анъаналар бардавом бўлиб, мустақил ва янги Ўзбекистонимизда мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, хотин-қизларга эътибор кўрсатилмоқда. Айниқса, бу эътибор Президентимиз фаолиятини бошлаган 2017 йилдан юксак эҳтиромга айланди.
Келинг, рақамлар билан тиллашиб, сўзларимизни асослайлик.
2021 йилда аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 200 мингдан зиёд аёлга 2 триллион сўм кредит ва субсидия ажратилиб, 320 минг хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. 190 минг аёл касб-ҳунарга ўқитилди. 4 мингдан зиёд хотин-қизга уй-жой тўловининг бошланғич бадалига маблағ ажратилди. 2 минг қиз алоҳида грант асосида олий таълим муассасаларига қабул қилинди.
Дунёнинг бирор давлатида учрамайдиган “Аёллар дафтари” жорий этилиб, унга киритилган 900 мингга яқин хотин-қизга барча зарур кўмак кўрсатилди. Такрор бўлса-да, айтиш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган уч дафтар – “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари” юртимизда мавжуд иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий аҳволга тутилган заррабин бўлди. Ҳақиқат ўзимизгагина эмас, бутун оламга ошкор айтилди.
Президентимиз таъкидлаганидек, ўтган йиллар мобайнида бу борада қанча хайрли ишлар амалга оширилмасин, булар давр талабларига жавоб бермайди. Шу боис, ҳозир “Аёллар дафтари”да 630 мингдан зиёд хотин-қиз бор. Улардан 200 минг нафари ишсиз. Аёллар ўртасида жиноятчилик, оилаларда зўравонлик ва тазйиқ ҳолатлари ҳамон мавжуд.
Албатта, бу муаммоларни ҳал этиш фақат соҳа ходимларининг, хотин-қизлар ичидаги кам сонли фаолларнинг, маҳалла оқсоқолларининг эмас, кенг жамоатчилик, нуронийлар, олиму фозиллар, ижодкорлар, оқила аёлларимизнинг юмуши, ўй-ташвиши бўлмоғи лозим. Бу борада давлатимиз раҳбарининг қуйидаги фикрлари алоҳида эътиборга молик: “Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади”.
Севинч ёши кўзга ярашар…
Қадр топган инсоннинг кўзларига боққанмисиз? Бу кўзларда ким кўриб, ким кўролмайдиган шаффоф кўз ёши бўлади. У қувонч ёши бўлгани учун ҳам ҳарир. Биз бугун Ўзбекистонимизда минг-минглаб оналар, опа-сингиллар, ардоқли қизларимиз кўзларида қароқларига ярашган ана шундай севинч ёшларини кўряпмиз. Қанча-қанча ишсиз юриб, ишли бўлганлар, неча-неча уйсиз, дарбадарликда сарсон-саргардон қолганлар янги уйларининг эшиклари зулфини ушлаган чоғ тўккан ёшлари, яна минглаб ватандошларимизнинг на маблағ, на дори-дармон топиб, йиллаб дардига шифо истаб, қилган оҳу нолалари Худога етиб, соғайиб, оиласи бағрига қайтганда, қувончдан титраб-титраб йиғлаши бизни ҳам таъсирлантирмай қўймайди, албатта.
Давлатимиз раҳбарига юборилган миннатдорлик мактубларига томган шодлик кўзёшлари, телерадиоканаллар орқали изҳор этилаётган самимий ташаккурлар ҳатто ривожланган мамлакатларнинг раҳбарлари, оқилу донолари эътиборини ҳам тортаётгани барчамиз учун ҳузурбахш, умидбахш!
Такрор айтаманки, жами иштирокчилар тарихий деб баҳолаётган бу видеоселектор йиғилишида Президентимизнинг ҳар бир сўзида адолат, ҳар бир фикрида ҳақиқат жамоли жозиб эди. Ниятлар шу даражада улуғ, ишлар кўлами шу даражада кенг эдики, ажратилаётган маблағларни эшитиб, “Наҳотки?!” деб астойдил ҳайратландик. Ахир 15 триллион сўм – етти ухлаб, тушимизга ҳам кирмайдиган рақамлар! Бунинг барчаси хотин-қизларимиз оғирини енгил, узоғини яқин қилиш, қизларимизни ўқитиш, касбий малакасини шакллантириш, иш билан, уй-жой билан таъминлаш, даволаш каби эзгу саъй-ҳаракатлар учун сарфланади. Очиғи, камина бу хайрли мақсадлар улуғворлигини жойига қўйиб шарҳлашим қийин. Билганим, бу анжуман сиёсий-иқтисодий, ижтимоий, маънавий-маърифий ва, ниҳоят, инсонийлик, инсон қадри нуқтаи назаридан алоҳида баҳоланиши лозим.
Бугун Ўзбекистонда 17 миллион 300 мингга яқин хотин-қиз яшайди. Президент уларнинг қалбига ҳам, йўлларига ҳам, уйларига ҳам меҳр чироғини, эҳтиром чироғини ўчмайдиган қилиб ёқиб қўйди.
Белгиланган улуғ мақсадлар ижросини тизимли тарзда ҳар бир маҳалла кесимида амалга ошириш учун Президентнинг Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги фармони қабул қилинди. Қўмита раиси бир пайтда Бош вазир ўринбосари ва Сенат аъзоси сифатида фаолият юритади. Хотин-қизларимизни гендер тенглик тамойили асосида иш билан таъминлаш, айниқса, раҳбарлик лавозимларига тайинлаш борасида ижтимоий адолатнинг қарор топаётгани ҳам оламга айтарли ишларимиздандир.
Мазкур воқеликлар кўламига тўхталаркан, Президентимиз: “Энди ҳар бир маҳаллада аёлларнинг дарди билан яшайдиган тизим бўлади. Қайси аёлга нима кераклиги, ўқиши, даволаниши, болалари тарбияси бўйича менинг столимда адолатли рақам бўлади”, деди.
Бироқ не бўлганида ҳам тарбиянинг тамал тоши оилада қўйилишини, тарбия оиладан бошланишини ёддан чиқармаслигимиз зарур. Олма тагига олма тушади, деганларидек, яхши ота-онанинг фарзанди ҳам тарбияли, одобли бўлади. Кейинчалик улар ўз иқтидори, садоқати ва меҳнати билан бутун миллатнинг фарзандига айланади. Бунда, айниқса, оналаримизнинг ўрни беқиёс бўлиши даркор. Шу боис, Президентимиз “Оқила аёллар” ҳаракатини ташкил қилиш таклифини киритди ва йиғилиш иштирокчиларига юзлана:
“Бу ҳаракат “маҳалланинг виждони”га айланиши керак. Чунки маърифатли жамиятни маърифатли оналарсиз қуриб бўлмайди”, деди. Ҳақиқатан ҳам, миллатимиз оналарининг ўзлари ҳам маърифатли бўлсалар, фарзандларимиз миллий ғурур, ифтихор эгаси бўлиб камолга етади. Аслини олганда, ҳеч бир она ўз боласининг бахтсиз бўлишини, назардан қолишини истамайди. Афсуски, зурриётларининг нобоп ишлари боис, боши хам бўлиб, вақтида тарбиясига эътиборли бўлмагани учун айни кез ўкинч, армон ва алам билан яшаётган онаизорлар ҳам талайгина…
Хотин-қизларимизга шунча имкониятлар яратишдан мақсад – зиммаларидаги оналик бурчи, масъулиятини ҳис қилдириш. Қолаверса, фарзанди ақлли, одобли, иймон-эътиқодли, мард инсон бўлиб улғайса, уларни олий ўқув юртларида ўқитиш, иш билан таъминлаш, ватанпарвар қилиб тарбиялашга давлатимиз алоҳида эътибор беради. Таассуфки, агар ўғил-қизларимизнинг қўлидаги телефонлари улар маърифатининг ҳимоячисига айланмаса, қимматбаҳо фурсатларини елга совуришдан уялмаса, фаҳшдан ҳазар қилмаса, ҳаромдан қўрқмаса, бепарво ва лоқайд бўлса, ёлғончиликдан тилини тиймаса, миллат ҳам, давлат ҳам ўз кўзлаган маррасига етолмайди! Жамиятда юксалиш, сиёсатда барқарорлик, меҳру оқибат бобида собитлик бўлмайди. Аёнки, бу борада ҳали талай камчиликлар бор. Шунинг учун давлат раҳбари ёниб-куйиб гапирди, барчани бирлашишга, бирликка, якдилликка чорлади.
Демакки, бугундан бошлаб маҳаллада бирор хонадон эътиборсиз қолмаслиги лозим. Ҳар бир раҳбар, ҳар бир мутасадди, ҳар бир ватандошимиз, айниқса, кўпни кўрган ёши улуғларимиз: “Мен бугун қандай хайрли иш қилдим, қайси бева-бечора, қаровчиси йўқ, камбағал ёки ногироннинг оғирини енгил қилдим?”, деган олижаноб саволни ўзига бериши керак.
Ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли кириб борган хонадонга бамисоли нур, файзу қувонч ҳам қадам ранжида қилсин, ишонч кирсин! Айни пайтда ҳар битта хонадонга кирган раҳбар у ердан ёруғ юз билан қайтиб чиқишга одатлансин. Ушбу хонадонга ўз меҳрини, маърифатини қолдириб чиқсин. Шунда уларнинг ҳам йўлларига дуолар, хайрлар тўшалади.
Бу оламда ҳеч ким бир ўзи, элу юртидан айро ҳолда бахтли бўлолмаган, бўлмайди ҳам! Демак, аёлларимизни янада эъзозлашимиз, ҳурматини жойига қўйишимиз керак. Миллат аёлларининг чеҳраларидаги табассум миллат эрларининг йўлларига сочилган ёғду эканини унутмайлик. Президентимиз айтганидек, жамиятимиз бахтли бўлишини истасак, энг аввал, аёлларимизни бахтли қилайлик!
Қуёш кулиб чиқса, тонгинг нурафшон,
Оилангда онанг бор, онгинг нурафшон.
Ҳеч вақт қаримайди аёлдаги шон,
Муҳаббат яралган аёл аҳдидан,
Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан!
Сабо кўп, баҳорнинг сабоси бўлак,
Дуо кўп, онанинг дуоси бўлак.
Аёлга атодир бор яхши тилак,
Аёл бор – тушмайсан ором тахтидан,
Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан!
Аёл уйғоқ дилда энг гўзал тушдир,
Ухламай туш кўрган ошиқ сархушдир,
Севмоқ савоб эрур, севилмоқ хушдир,
Дарё қалқиб чиқар қалблар қатидан,
Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан!
Онаси умрини тилаган ўғил,
Меҳрини бошидан элаган ўғил,
Гул тутиб қўллари гуллаган ўғил,
Илоҳим, қайтмасин шундай шаҳдидан,
Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан!
Она Ватандаги она висоли,
Садоқат тимсоли, вафо тимсоли,
Миллат камоли у, миллат жамоли,
Ҳеч ким доғ ахтармас қуёш сатҳидан,
Бу олам бахти ҳам аёл бахтидан!
(“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2022 й.)
ҲАЁТ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
Яхшилик ҳаммамизга ярашади
Ҳаёт гўзал! Биз бу дунёга яшагани келганмиз. Зеро, том маънода инсон бўлиб яшашнинг ўзи бир бахт. Яхши яшашни эса шоҳ ҳам, гадо ҳам орзу қилади. Энг аввало танинг сиҳат, тўрт мучанг соғ бўлиб, оилангда ороминг, дастурхонингда қут-барака, жигарлар ўртасида қадр-қимматинг, маҳалла-кўйда иззат-ҳурматинг жойида бўлса. Сен ўзингни танисанг, эл сени таниса, дилингда Яратганга шукрона чироғи ёниб турса, фарзанд бўлсанг ота-онангни хуш дуоларига кўмилиб яшасанг. Ота-она бўлсанг фарзандларинг хақига кафтларинг қўйиб, яйраб, алқаб дуо қила билсанг, уларнинг камолидан кўксинг тоғдек сарбаланд бўлса қандоқ яхши. Яшашнинг илк мазмуни шунда эмасми?
Аммо «қорин қайғуси қозонгача, қадр қайғуси қабргача», деган ҳикматни айтиб кетган улуғлар яшашнинг мазмунини ўзгача талқин қиладилар. Чунки, ҳаёт инсонни ҳар куни сийлайвермайди. Тош келса кемириш, сув келса симириш учун одамзот доимо ҳам имкониятга эга эмас. Етишмовчилик бор жойда нолиш бошланади. Нолиган одам ҳаётни бир кам дейди. Лекин ҳаётни ана шу бир камлиги билан ардоқлай билганлар тонгни хушвақт кутиб оладилар, оқшом шукроналик билан болишга бош қўядилар.
Орзу билан яшаш яхши. Аммо ушалмаган орзуларнинг барчаси армон. Армони борлиги учун ҳам ҳаёт гўзал, аслида. Чунки, одамни яшашга, интилишга, ҳавас қилишга, айни пайтда яхши маънода ҳасад қила билишга армон ўргатади. Армон – қўлинг етмаган юлдуз. Унга суқланиб боқасан. Чунки, унда нур бор. Нур эса яшашга чорлайди, йўлингни ёритади.
Парвардигор бу дунёда нимаики яратган бўлса, жонлими, жонсизми, барчасига яшаш имкониятини берган. Ўйлаб кўрилса, майсани ҳам жонсиз дейишга ҳаққимиз йўқдек кўринади. Унинг қони томчи сув, яшиллиги унинг жони. Бу дунёда ҳамма нарса бир-бири учун яшайди. Айни пайтда барчаси инсон учун яратилган.
Энди бир савол туғилади. ИНСОН ким учун яшайди? Аввало Яратганнинг ризолиги учун. Чунки, Худони норози қилишдан қўрққан одам нафсининг қули бўлмайди. Иймон-эътиқодда собит бўлади. Аждодларнинг руҳи олдида қарздорлик, келажак авлодлар олдида эса масъулият сезади.
Ҳаёт гўзал! Яхшилик қилиб яйрасанг ундан-да гўзал. Табассумга табассум қўшилса дунё нурли бўлади. Шодлик шаробидан ичган одамнинг изидан офтоб эргашади. Изида офтоби бор одамлар миллатнинг тутқичлари бўлади. Эшик очсанг-у, ўзингдан олдин остонада нуринг кўринса. Ёмонликнинг кўзлари қамашиб кетади бундай нурлардан. Офтобга тик қараб бўлмайди, ахир! Демоқчиманки, яхшилик ҳаммамизга ярашади.
Бир чимдим нур билан йўлингиз ёруғ,
Бир даста гул билан дилингиз ёруғ,
Дуога очилган қўлингиз ёруғ,
Яхши ниятлардан яйраб яшангиз.
Болаларга беринг дунёни
Ўзбекларнинг хонадонида ҳамма ҳавас билан қарайдиган бир нарса бор. Бу – бешик! бешиги бор уйда бахт ҳам болалайди. Бешиги бор уйда ўзбекнинг илк қўшиғи – алла жаранглайди. Бола эмизиб турган аёлга ҳеч ким хирсий назар билан қарамайди. Борди-ю, шундайлар топилса, эрта бир кун кўр бўлади.
Болаларнинг қалби майсалар юзидаги шабнамдек тиниқ. Оламни беғубор туйғуларга болалар кўмади. Бурни кўтарилиб, ўзининг димоғига сиғмай қолган одам болалар баридан тутиб бир кун юрсин, покланади. Чунки, гўдак тили тошни эритади, чўғни совутади, Ғазабни хазон қилади.
Ўзликни асраш, жамиятни асраш, эртанги кунни асраш болаларни асрашдан бошланади. «Бўладиган бола бошидан маълум», деган ибора бор халқда. Аммо бўладиган жамият ҳам, давлат ҳам сўзинг аввалини, хайрли ишларининг аввалини болаларга бахшида қилиши зарур. Шу боис ҳам муҳтарам Президентимиз мустақиллигимизнинг илк йилидаёқ «Ҳамма яхши нарсалар болаларга!» деган шиорни Ўзбекистон байроғи қадар баланд кўтарганлар.
Ўзбекистон болалари! Ҳуррият фарзандлари! Уларнинг қанчаси кеча туғилди, бугун туғиляпти, эртага туғилади. Аммо катталарининг ёши ўн бешга тўлди, ўсмир бўлди. Уларнинг қалбида ўзбеклигидан, шу Ватанга фарзанд эканлигидан, озодлигидан ғурур юз очмоқда. Ғурурсиз, ориятсиз одамни сотиб олиш осон бўлади. Шукурким, Темурдек бобоси, Тўмарисдек момоси бўлган ўзбек болалари ҳурриятнинг қадрига, Ватаннинг қадрига етадилар. Улар элига, Ватан эса уларга ишонади.
Ёруғ манзилларга йўл олдинг шодмиз,
Келажак олдида масъул авлодмиз.
Фарзандмиз, она юрт сенга нажотмиз,
Фақат бизга ишон, ишонгин, Ватан.
Ориятда осмон бор
Ҳаёт гўзал! Аммо ҳаёт ориятли одамлар билан гўзал. Элнинг эрлари ориятли бўлса шу юртда чеҳраси сўлғинлар кам бўлади. Фарзандлар оқибатли оталардан вафони тилаб олмаганидек, Ватан ҳам сизу биздан меҳру муҳаббатни сўраб олмайди. Ориятли инсонларга қадр эргашиб юради. Элнинг элагидан ўтмоқ, элнинг эъзозида юрмоқ учун мингта курмак кўксини тилиб ўтадиган битта балиқ дон бўлмоқ ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди.
Демоқчимизки, элнинг юкини эр киши кўтаради. 84 ёшли онам:
– Болам, эркакни кўчага, аёлни уйга чиқарган,-деб қўядилар гоҳ-гоҳида.
– Бу деганим, – дейдилар яна фикрларини ўзича шарҳлаб,
– Эркак элнинг одами, жиддий меҳнатнинг одами. Аёли қўлини қабартириб қўйган эркакда ор нима қилсин. Аёл жуссасига, нозиклигига, гўзаллигига яраша иш қилиш керак. Тўғри, ўзим сизларни оғир меҳнат билан боққанман. Чунки, отанг бетоблик туфайли эрта қазо қилиб кетганди. Мен ноилож эдим. Меҳнат қилиш имконияти бўла туриб, уйида аёли қўлига қараб ўтирган эркакнинг борар жойи дўзах.
– Яна бир гап, болам. Аёлни фақат умр йўлдоши боқади, деган хаёлга бориш бизнинг миллатга хос эмас. Укани опага, акани сингилга Худойим суянчиқ қилиб, бир тоғ қилиб яратган. Жигарлик орияти дунёдан ўтиб кетган ота-она руҳи учун фарзандлар ёқиб қўйган чироқдир.
Дарҳақиқат, қайсики хонадонда орият устун бўлса, шу ҳовли эгалари кўчага қаддини тик тутиб чиқадилар. Маҳалла-кўй, узоқ-яқиндаги таниш-билишлар уларга ҳавас билан қарайдилар, ибрат оладилар. Айни пайтда бундай инсонлар юрт юкини кўтаришда ҳам елкадошлик қиладилар.
Мустақил Ўзбекистонимиз, халқимиз ўн беш йил мобайнида ҳамма ҳавас қиладиган озод ва обод ўлкага айланган бўлса, булар барчаси заҳматкаш элимиз, жафокаш юртбошимиз туфайли.
– Орқага йўл йўқ! – деган сўзни ориятли юрт эгаси эл бошига иш тушган таҳликали кунларда неча бор айтдилар. Мардлар майдонда экан, орият байроғи бошлар узра хилпираб тураркан, Ўзбекистон ғалласи, пахтаси хирмонларига, ўз машиналари кўчаларига сиғмай бораверади.
Ҳаёт гўзал. Кўзлаган манзилларингга етиб боролсанг, эккан ниҳолинг меваси кўзингни яшнатиб турса, топган ризқу насибангни тинчлик-хотиржамликда оиланг даврасида баҳам кўрсанг, шукур қилиб яшасанг унинг гўзаллиги ниҳоясиз.
– Ўтган замон учун эмас, келажак замон учун яшайлик,– деган экан маърифатпарвар Беҳбудий бобомиз. Дарҳақиқат, бугун бизга ота-боболаримиздан қолган маънавий мерос нафақат миллатимиз фарзандларини, балки асрлар оша дунёдаги барча илм истаганлар, гўзаллик истаганларнинг кўнгил оламини ёритиб келяпти. Амир Темур, Шоҳ Бобур, Жалолиддин Мангубердилар ёққан орият чироғини ҳеч бир куч сўндиролмади ва сўндиролмайди ҳам. Келажак авлодлар ҳам бизлар хақда ғурур билан ўйлашлари, фахрланишлари учун қўлимиз меҳнатда, қалбимиз эзгуликда бўлмоғи шарт. Токи ориятимиз осмонидаги нур сґниш билмасин. Келажакда руҳимиз асрлар оша шу нурлар оғушида балқиб юрсин.
Бир осмон остидамиз, бир замин устидамиз,
Ҳар кунга меҳмонмиз-у, бир-бирнинг қасдидамиз.
Эл ичра киммиз ўзи, сўрдикми аслида биз,
Хас оёқ остидадир, улуғин ўйлайди эл.
***
ХОТИРА –
КЎНГИЛ КЎЗИДАГИ НУР
ВАТАН МАДҲИ БЎЛДИ СЎНГГИ САТРИ ҲАМ
Бу дунёда парвардигор яратган ҳар жонзотнинг ўз юки бор. Яшайман деган тирик жон борки, бу юкни кўтаришга мажбур. Аммо сўз юки жонзотлар ичра инсонни инсон қилган. Сўз юки ўзининг бутун жозибаси, жаранги, гўзаллиги, айни пайтда залвори билан инсонга шундай бахт ато этганки, буни ўз тилида куйлаган, ўз тилида сўйлаган одамгина яхши билади.
Куйлаш яхши сўз айтишдан, қутлуғ байт битишдан бошланади. Шу боис элимиз ўзининг улуғ қалам соҳибларини қадрлайди. Шоиру ёзувчиларини эъзозу эътироф этади. Илму ҳикмат эгаларини кўнгил кўкида тутади.
Албатта, бу дунёда кимдир нимагадир эришса, назарга тушса, мактаб кўрган, устоз кўрган бўлади. Устоз эса ногаҳон бошингда порлаб турган қуёшга ўхшайди. Қуёшни кўриш ҳамиша завқли, қуёшни кўришга барча дил ташна. Улуғ устозларнинг номлари, руҳлари ҳам қалбни қувватлантириб туради.
Мен бугун ана шундай бетакрор ва беназир устоз ҳақида, тўғрироғи, устозларимнинг устози Миртемир домла ҳақида сўз айтмоққа жазм этдим. Устозларимнинг устози – демак менинг икки карра устозим. Шу боис устозларимнинг устози деган сўзни такрорлаш дилимни нурлантиради, кўксим тоғдек юксалади.
Истеъдодли одамга яхши шеър ёзиш балки осондир. Аммо чин инсон бўлиб, катта қалб, оппоқ дил, ҳур фикр билан кўмак сўраган одамга беғараз ёрдам қўлини чўзиш, шогирдлар учун оталарча меҳр кўрсатиш, ижод сиру асрорларини ўргатиш ҳар бир ижодкорга ҳам насиб этавермаслиги мумкин.
Бундай бахт, бундай бағрикенглик Миртемир домлага насиб этганини бугун халқимиз яхши билади. Қалам аҳли қадрлайди. Бу борада Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ ёзувчиси, ардоқли адибимиз Саид Аҳмад домланинг “Йўқотганларим ва топганларим” китобидаги қуйидаги фикрлар Миртемир шахсининг буюклигидан, устоз сифатидаги бемисл фидойилигидан далолатдир.
“Тургенев сафдош ёзувчилар номидан “Биз ҳаммамиз Гоголнинг “Шинели”дан чиққанмиз”, деганидек, Эркин Воҳидов билан Абдулла Орипов, Омон Матчон билан Ҳалима Худойбердиева, Носир Фозилов билан Азиз Абдураззоқ, Юсуф Шомансур билан Хайриддин Салоҳлар Миртемирнинг тўнидан чиққан, десак хато бўлмас. Устоз ёзувчиларимиздан Ғафур Ғуломнинг, Абдулла Қаҳҳорнинг, Шайхзоданинг шогирдлари кўп бўларди.
Айниқса, Миртемир домланинг шогирдлари бениҳоя кўп эди. Вилоятлардан келиб, ундан таълим олишарди. Андижондан Тўлан Низом, Олимжон Холдор, Фарғонадан Йўлдош Сулаймон, Намангандан Ҳабиб Саъдулла, Сирдарёдан Тўра Сулаймон, Бухородан Тошпўлат Ҳамид, Қирғизистондан Турсунбой Адашбоев… бу шогирдларнинг сон-саноғи йўқ эди. Эркин Воҳидов билан Абдулла Ориповга у алоҳида меҳр қўйган эди. Улар тўғрисида гапирганда оғзидан бол томарди. Домла оғир дамларда суянчиқ бўлган шогирдлари Носир Фозилов билан Наим Каримовдан миннатдор эди”.
Мен каби ўнлаб шоирлар учун Миртемир домлага ўзимизни ғойибона шогирд ҳисоблашимиз ҳам катта бахт. Менга Миртемир домланинг барини тутиб, сабоқларини олиш, “бўтам” деган самимий сўзларини эшитиш, панду ўгитларидан баҳраманд бўлиш насиб этмаган бўлса-да, 70-йиллари собиқ “Ёш гвардия” нашриётида экспедитор бўлиб китоб-қоғоз ташиб юрган кезларим устознинг бир-икки бор қўлларини олганман.
Энг муҳими, мен ҳам кўплаб шеърият мухлислари қатори ўқувчилик, талабалик йиллари Миртемир домланинг ҳар янги китобини қўлдан қўймай ўқиганман. Нафақат ўнлаб шеърларини, “Суврат” достонини ёд олганман. Домламиз Озод Шарофидинов раҳбарлигида диплом ишимнинг мавзуси Миртемирнинг “Излаганим” тўплами бўлган. Бир сўз билан айтганда, Миртемир домла қалбим ардоғидаги, шеърларини излаб ўқийдиган шоирларимдан бири бўлган. Бу йил устознинг таваллуд кунларининг муборак 100 йиллиги нишонланяпти. Шу боис устоз ҳақида унинг бир ўқувчиси сифатида баҳоли қудрат фикр билдиргим келди.
Таъбир жоиз бўлса, олимлар шеърдан олмос излайдилар. Олмоски, ташбеҳларда товланган дур. Олмоски, ҳикматлар ҳайратидан таралган инжу. Олимлар шеърнинг оҳангидан кўра мазмун-моҳиятига ошуфта бўладилар. Улар шеър ичра шеър кўрмоқни истайдилар…
- ВКонтакте
- РћРТвЂВВВВВВВВнокласснРСвЂВВВВВВВВРєРСвЂВВВВВВВВ
- Telegram
- Viber
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?