Электронная библиотека » ТОИР МАҲМУД » » онлайн чтение - страница 7


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 09:21


Автор книги: ТОИР МАҲМУД


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 7 (всего у книги 22 страниц) [доступный отрывок для чтения: 7 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Мамлакатимиз раҳбари бир қатор вазифа ва масалалар ҳақида атрофлича тўхталаркан, барчамизга бирдек дахлдор, барчамизни янги-янги ташаббусларга ундайдиган, ўз-ўзимизга кўпроқ танқидий-таҳлилий ёндашишимизни тақозо қиладиган фикрларни, мулоҳазаларни илгари сурди. Зеро, Ватанни севиш сўзда эмас амалда

бўлмоғи лозим. Бунёдкорлар сафида бўлишни истаган ҳар бир ватандошимиз ҳалолликни мезон, илмни дастуриламал қилиб олсагина ишида ривож, топганида барака бўлади.

Шу боис ҳам давлатимиз раҳбари ўғил-қизларнинг иқтидори юзага чиқиши билан боғлиқ долзарб муаммоларга тўхталаркан, жойларда истеъдодли болаларнинг ўз қобилиятини кўрсатишига шароит йўқлигини куюнчаклик билан таъкидлади. Буни кўпинча талантли ёшларни аниқлаш, уларни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинаётган ишлар талабга жавоб бермаслиги билан изоҳлади.

– Мисол учун, қайси ҳудуддан қанча Зулфиячи қизлар чиқди? Нечтаси “Ниҳол” мукофоти совриндори бўлди? Қайси ёш шоир ёки ёзувчининг китоби нашр этилди? Қайси ёш талант республика ёки халқаро танловларда, спорт мусобақалари ва фан олимпиадаларида ғолиб бўлди?”, – деди Президентимиз. – Агар масалага чуқурроқ қарайдиган бўлсак, эртага мана шундай ёшлар туман ёки шаҳарнинг “олтин фонди”га айланади ва улар шу ҳудуднинг обрўсини юксалтиришга хизмат қилади.

Мана шу масалалар ечими сифатида ҳар бир туман ва шаҳар ҳокимига ўз ҳудудида яшаётган 10—15 нафар истеъдодли ёшни саралаб, уларни ҳар томонлама тарбиялаш ва мунтазам рағбатлантириш тизимини йўлга қўйиш вазифаси юклатилди.

Табиийки, бу фақат ҳокимларнинг зиммасидаги иш эмас. Барча – шу она юрт тараққиётига ўзини бурчдор деб билган инсонларнинг ҳаммаси ҳокимларга бу борада кўмакчи бўлмоғи зарур. Зеро, бу ўғил-қизлар ўзимизнинг фарзандларимиз, улар бизнинг ғуруримиз, юзимиз, эртанги кунимиз. Хусусан, Ёзувчилар уюшмасининг Тошкент вилояти бўлими ҳам бу борада жорий йилдаги ишларимизни фаол давом эттирган ҳолда, 2021 йил учун ҳам ўзимизнинг алоҳида режаларимизни тузишга киришдик. Насиб қилса, келгуси йил аввалидаёқ вилоятимизда ижод қилаётган энг истеъдодли қаламкаш ёшларимизнинг китобларини чоп этишга, адабий тўгараклар фаолиятини янада кучайтириш, ижодий семинарлар, маҳорат сабоқлари, шеърият кечалари ташкил этиш каби саъй-ҳаракатлар билан уларга ҳар томонлама маънавий-руҳий мадад беришга аҳд қилганмиз.

Инчинун, форум давомида Президентимизнинг ёшларга мурожаат этиб: “Ўз тажрибамдан келиб чиқиб, сизларга айтадиган маслаҳатим шу: Илмни қадрланг, илмга интилинг! Бир сония вақтингиз ҳам бекор ўтмасин! Ёшлик – умрнинг энг бебаҳо даври. Илм ва билим – ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг!” – дея қилган даъвати бизнинг Тошкент вилояти ёшлари, хусусан, ижодкор ўғил-қизларимиз учун ҳам дастуриламалдир. Бу борада Ёзувчилар уюшмаси ва унинг вилоятдаги бўлимлари, жумладан, Тошкент вилояти ижодкорлари ҳам маънавий, ҳам руҳий жиҳатдан ўзининг борлигини ва бирлигини намоён этиши лозим… Чунки ватанпарвар – Ватанда керак.

Шу маънода Ўзбекистон ёшларининг мазкур форуми мамлакатимиз ўғил-қизлари йўлига ёқилган чироқ бўлди. Бу – Президент чироғи! Юртбошимиз маърузаси бошдан охир оталарча меҳрга йўғрилгани боис, ёшларимиз ўз қалбларида армонга айланиб келаётган саволларни шу даражада самимий, очиқ, эркин, иштиёқ ва ишонч билан изҳор қилдиларки, уларни тинглаб Президентимиз дили дарёга айланди. Ҳар бир савол, кун тартибига қўйилган ҳар бир муаммо жойида ўз ечимини топди. Ўзбекистон ёшлари бу қутлуғ даргоҳдан қанот боғлаб чиқдилар десам, муболаға қилмаган бўламан.Улар шижоатда,ташаббускорликда бир-бирларига кўзгу бўлдилар.

Муҳтарам Юртбошимиз ўз ўғил– қизлари – Ўзбекистон фарзандларига Ватанни севишни,Ватанпарварликни ўргатдилар. Айни дамда ҳар бир иқтидорли ёш ўзида Ватан яшаётганини,унинг тинчлиги,истиқболи,бахт-у саодати учун кераклигини дил-дилдан ҳис қилди. Чунки – ватанпарвар Ватанда керак!

Шуни комил ишонч ва ифтихор билан айтиш жоизки, 2020 йилда фақат оқ-қора ранглар эмас, ютуқларимиз ҳам эъзозу эьтирофга муносиб бўлди. Шундай таҳликали ва нотинч дамларда 2021 йилга омон-эсон,айни пайтда арзигулик зафарлар ила етиб олаётганимизнинг ўзи улкан саодат, бахт эмасми? Янги йил хушхабарлар айёми бўлсин. Пандемиянинг ўзини ҳам, асоратларини ҳам буткул унутишимизга сабаб бўладиган қувончлар, шодликлар йили бўлсин. Осмонимиз тинч, элу юртимиз дастурхони тўкин-сочин бўлиб, руҳимизда, кўнглимиз кўшкида чинакам нурли тонглар отсин. Янги Ўзбекистонимизнинг боши омон, толеи баланд бўлсин! Кўп миллатли халқи эркин ва фаровон ҳаётидан рози ҳамда шукроналар ила яшасин!

(“Янги Ўзбекистон” газетаси, 11-сон, 2021 й.)

АДИБЛАР ХИЁБОНИ – МАЪРИФАТ БЎСТОНИ

Шу фикрни комил ишонч билан айтгим келади, бугун Ўзбекистон ижодкорлари кўраётган эътибор, шахсан Юртбошимиз томонидан қилинаётган юксак ғамхўрлик, айни пайтда қалам соҳиблари дилидан кечаётган ифтихору сурурнинг ниҳояси йўқ. Баралла айтганда, бундай саодат, бундай қувонч дунёнинг бошқа мамлакатидаги ижодкорларга насиб этмаган!

Тўғри, жаҳонда ҳар бир халқнинг ўз адабиёти ва маданиятини бамисоли кўзгудек акс эттирадиган боғлар, музейлар, кутубхоналар, санъат муассасалари бор. Лекин айнан Адиблар хиёбони каби мамлакат пойтахтининг қоқ марказида, сўлим бир гўшада, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг улуғвор биносига туташ жойлашган, тобора замонавий шаҳарга айланиб бораётган кўркам Тошкентнинг меъморий қиёфасига уйғунлашиб кетган маскан биз учун бетакрор, ўхшаши йўқ, ардоқли маскандир. Шу маънода, бу хиёбонни ўзига хос, ноёб ва бемисл даргоҳ каби сифатлар билан таърифлаш мумкин. Бу ерда боғ сайрига келганларга гўё ўйчан ва самимият билан боқиб турган ҳар бир ёдгорлик адабиётимиз тарихида алоҳида воқеа бўлган, ёрқин из қолдирган табаррук сиймолар қиёфасини акс эттиради. Яхшилаб назар солсангиз, тинглаб кўрсангиз, ҳар бир монументал обида ўзининг бадиий-фалсафий жиҳати билан бирга, буюк тарихимиз, адабиёт ва маънавиятимиз ҳақида, қудратли миллий руҳимиз тўғрисида ҳикоя қилади.

Чинакам адабиёт аслида асрлар оша одамзот қалбида бадиий сўз, ҳаётбахш фикр, ҳикмат гўёки ёғду бўлиб яшайди. Ҳазрат Навоийдек буюк ижодкори бўлган миллатга ато этилган назар қанчалар улуғвор, қанчалар шукуҳли эканига башарият беш юз йилдирки, гувоҳ, шоҳид! Ҳазратдан сўнг яна ўнлаб улуғ шоирлар, мутафаккирлар бизнинг заминдан етишиб чиқиб, кўкларга бўйлади, ўз исмини, асарларини адабиётнинг олтин хазинасига муҳр этди.

Маълумки, ҳар бир халқнинг маънавий қиёфаси аввало унинг адабиёти, бадиий, илмий, сиёсий тафаккури билан ўлчанади. Қалби ақлдан озуқланган, меҳрдан тобланган, иймондан офтобланган, ўзи-ю сўзи бир инсоннинг чеҳраси нурланиб туради. Бундай истеъдод соҳибларининг нафақат халқига, балки дунё афгор оммасига айтадиган фикри бўлади. Шунинг учун ҳам Алишер Навоий ижод оламида башарият даҳоси дейилади. Улуғ шоиримизга юксак ҳурмат ва эҳтиромимизни сақлаган ҳолда бир жиҳатни ҳам айтишимиз лозим, албатта. Шукрким, Навоийдан олдин ҳам, кейин ҳам фидойилик билан яшаб ўтган, завқу шавқ билан қалам тебратган, Шарқ мумтоз адабиёти ҳамда замонавий ўзбек адабиёти ривожи, шон-шуҳрати учун муносиб ҳисса қўшган улуғ аждодларимиз, дилбар шоиру адибларимиз бор. Албатта, улар билан ҳам фахрланамиз. Инчинун, Президентимиз Адиблар хиёбонида, Алишер Навоий ва бошқа улуғ адибларимиз ҳайкаллари қошида туриб, адабиётимиз истиқболи учун куюниб айтган гаплари, илгари сурган фикр ва таклифлари ўзини миллат камолига дахлдор билан барча қалам аҳли учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Бу мўътабар масканга “Адиблар хиёбони” деб ном берилганининг ўзи жуда чуқур ҳаётий, илмий-фалсафий асосларга, маъно-мазмунга эга. Алхусус, “адиб” сўзи одоб, илм, маърифат сўзлари билан уйғун, қарийб бир маънони англатади. Боғ йўлаклари чеккасига экилган анвойи гуллар, ям-яшил дарахтлар, майсаю безак тошлари кўзни қувнатади, илҳом беради. Мушоараю суҳбатлар қуришга мўлжалланган шийпончалар ва албатта, адабиётимиз ва маданиятимиз равнақига улкан ҳисса қўшган табаррук устозларимизнинг муҳташам ҳайкаллари қад ростлаган бу мафтункор гўшадаги ҳар бир қадамда дониш нигоҳ, беғубор нафасларни сезиш-илғаш мумкин. Бугун давлатимиз раҳбари томонидан бу жойни маърифат, маданият марказига айлантириш бўйича муҳим ташаббуслар, катта лойиҳалар илгари сурилаётгани эса хиёбонни ташкил этиш пировардида янада улкан мақсад ва вазифалар борлигини ҳам англатади. Афсуски, биз кўпинча масаланинг айни шу жиҳатларига кўпинча эътибор бермасдик…

Бир сўз билан айтганда, Адиблар хиёбони юртдошларимиз, хусусан, ёшлар шунчаки келиб айланиб, томоша қилиб кетадиган жой бўлиб қолмаслиги керак. У ўзининг номига ҳар томонлама мос равишда, бой адабиётимиз ва маданиятимизни, бадиий сўз усталари бўлган азиз устозларимиз меросини тарғиб этадиган, эл-юртимизнинг маърифий савиясини оширишга хизмат қиладиган муқаддас гўшага айланиши лозим.

Президентимиз ёшларимиз қалбига адабиёт кириб бориши керак, деган фикрни алоҳида таъкидладилар. Чунки адабиёт – бу истеъдод меваси. Юрагига адабиёт кирган инсон меҳр-оқибатли, муҳаббатли бўлади. Миллати, ўзлиги, тарихи ҳақида тасаввурга эга бўлади.

Адиблар хиёбонида ҳайкали қўйилган ҳар бир аллома – том маънода миллатпарвар, ватанпарвар шахслар бўлган. Улар адабиёт оламида ўз мактабини яратган инсонлардир. Асарларида Ватанни қандай севишни, миллатни қандай ардоқлашни, она тилни қандай асрашни ўргатиб кетганлар. Яратганнинг қудратини кўрингки, осмондан тушаётган ёмғир томчилари, қор зарралари бир-бирини такрорламас экан. Ер юзида етти миллиарддан зиёд аҳоли бор. Аммо ҳар бир инсоннинг бармоқ излари ҳам бир-бирини такрорламайди. Худду шундай – хиёбондаги ҳар бир ҳайкал соҳибининг чеҳрасига боқар экансиз, хаёлан уларнинг қалб оламини тасаввур қиласиз. Ҳар бирининг ўз сўзи, ўз қадри, ўз ўрни бор. Адиблар анжуманида Навоийдан кейинги энг муҳтарам сиймо – Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳамон ушбу байтини шивирлаб тургандек:

Ҳар вақтеки, ўқигайсан сўзимни,

Сўзимни ўқиб, соғингайсан ўзимни.

Адиблар хиёбонини биз соғинч маскани, маърифат чамани, миллат адабиёти дарсхонаси, десак тўғри бўлади. Бу таърифдан чеҳрамиз ёришади. Дил-дилдан ифтихор туямиз. Халқимиз олдидаги ҳам фaрзандлик, ҳам ижодкорлик масъулиятини чуқурроқ англаймиз. Ҳалқимиз эса ҳалолликни барчасидан устун қўйган, ҳалол меҳнат билан топилган бурда нонни ҳам қадрлаган. Қолаверса, ҳалол инсонлар вақт синовидан, ҳаёт имтиҳонидан ёруғ юз билан ўтганлар.

Бизнинг фидойи адибларимиз пойтахтнинг сўлим гўшасидаги ўз хиёбонларида Ҳазрат Навоий, Бобур ва Огаҳийдек мумтоз мутафаккирлардан сабоқ олаётгандек, улар билан суҳбат қураётгандек, ўзлари эса миллатимиз ёшларига адабиёт дарсидан, одамийлик зийнатидан дарс ўтаётгандек… Бу қутлуғ даргоҳга келган қаламкашми ёки катта ижодкорми – албатта, тугал фикр билан, янги ижодий ғоялар билан қайтади.

Азиз ватандош, келинг, Адиблар хиёбони сизга мунтазир. Кўринг, тафаккурингизни уйғотинг, миллат зиёлиларига кўрсатилаётган эҳтиромдан ифтихор қилинг, энг асосийси, ўзингизни имтиҳон қилинг, ўзингизни янги марралар сари илҳомлантиринг!

(“Адабиёт зиёси” газетаси, 2020 й.)

МАРК РИЗ ҲАЙРАТЛАРИ


Ҳайрат кўкдан тушмайди, ердан чиқмайди. У кўздан кўнгилга, кўнгилдан кўзга ўтувчи ва беихтиёр тилда ўз ифодасини топувчи, фақат инсонгагина хос туйғу. Аввало, билган, яна билишни истаган, доимо изланган ва бу йўлда кутилмаган мўъжизаларга рўбарў келган одам ҳайратланади.

Гапнинг индаллоси шуки, ушбу мақоламиз ўзбек романчилигининг асосчиси, буюк адиб Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарини инглиз тилига ўгирган америкалик таржимон, олим Марк Эдвард РИЗнинг яқинда юртимиз ва юртдошларимиздан олган ҳайратлари хусусида.

Дунё турфа, одамлар, жумладан, сайёҳлар ҳам. Ўзбекистонга кейинги 30 йил давомида не-не туристлар келиб-кетмади. Аммо диёримиз тарихи, қадим қадриятларимиз, миллий анъаналаримиз, урф-одатларимиз, тилимизга астойдил қизиқадиган чет элликлар кўп эмас. Марк Риз, таъбир жоиз бўлса, ана шу саноқлилар сафида туради. У мамлакатимизда ишлаш билан бирга, туб аҳолининг энг муқаддас қадриятлари билан танишишга қатъий аҳд қилган. “Ўткан кунлар” романининг таржимаси ўша қатъиятнинг ҳосиласи.

Бу асарни бемалол ўтган асрнинг илк чорагидаги “ўзбек миллатининг характеристикаси” дейиш мумкин. Ўзбек оталар – Юсуфбек ҳожи ва Мирзакарим қутидор, ўзбек оналар – Ўзбекойим ва Офтобойим, ўзбекнинг фарзандлари – Отабек, Кумуш, Зайнаб… Улар ҳақиқатан ҳам неча-нечалаб Марк Ризларни асиру лол эта олади. Маркнинг ўзи бежиз: “Мен Ҳасаналини яхши кўриб қолдим” ёки “Ҳомид ўлганида қувондим”, деб айтмайди, ахир.

Марк Эдвард Риз яқинда Ўзбекистонимизда бўлиб, 13 кун турфа манзилу маконларга сайр қилди, бир қанча тадбирларда қатнашди. Масалан, “Ўткан кунлар”нинг инглиз тилидаги нашри тақдимоти мутаржим иштирокида Адиблар хиёбонида бўлиб ўтди.

Паркентда илм аҳли, маданий-маърифий соҳа вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Дарвоқе, Марк Риз дунё илм-фанида энг ноёб объектлардан бири ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Содиқ Азимов номидаги “Физика – Қуёш” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси Материалшунослик институтидаги “Катта қуёш печи”ни кўришни мақсад қилган эди.

Сайёрамизда атиги иккита бўлган (биринчиси 1969 йилда Францияда қурилган) бу ноёб қурилма юртимизда 1987 йилда бунёд этилган. Марк Ризнинг биз гувоҳ бўлган дастлабки ҳайратлари ушбу илмий объект жамоаси ва “Қуёш” қўрғонида жойлашган 29-мактабнинг бир гуруҳ ўқувчи ҳамда ўқитувчилари билан бўлган учрашувдан бошланди.

Суҳбат саодати

Дастлаб сўз хорижлик меҳмонга берилди.

– Мен ўзбекларни, Ўзбекистонни жуда-жуда яхши кўраман, – деди у самимий. – Меҳмондўст, муҳими, оқкўнгил халқ. Одамлари оқибатли, ота-онасига ҳурмати бўлакча, айтаверсам, яхши хислатлари, фазилатлари бисёр. Сизлар билан сўрида чордана қуриб ўтириб, чой ичиб, палов еб, суҳбатлашишни ёқтираман…

Маркнинг бу каби сўзлари ҳаммамизнинг кўнглимизни узилмас ип билан боғлади гўё. Вужудимиз қулоққа айланди, уни берилиб тингладик.

– Таржимонлик фаолиятим ҳақида сўзлашдан олдин мен ҳурматли Президентингиз Шавкат Мирзиёевга алоҳида миннатдорлигимни билдирмоқчиман, – давом этди америкалик меҳмон. – Дунё кезган одам, ҳам сиёсатшунос, ҳам ёзувчи сифатида бемалол айтишим мумкинки, ҳеч бир мамлакат раҳбари ижод ва илм аҳлига Ўзбекистон етакчиси каби эътибор қаратмайди, ғамхўрлик қилмайди, қўллаб-қувватламайди. Адиблар хиёбонини кўриб ҳайратда қолдим. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биносига кириб, яна лол бўлдим. Буларнинг барчаси бир инсон – Президентингиз номи ва ташаббуси билан боғланишини билиб, икки карра қойил қолдим. Очиғи, ўзбек ижодкорларига ҳавасим келиб кетди.

Мени Паркентдаги “Катта қуёш печи” қурилмасининг улуғворлиги, тоғлар бағрида ястаниб туриши ҳайратга солди. Бундай азим иншоот ҳатто Америкада ҳам йўқ! Бино ичига кирибоқ, унинг жозибаси, меъморий ечимни кўрарканман, бундай масканни қурганларга “Тасанно!” дегим келди. Ростдан ҳам, Ўзбекистон илму ҳикмат мамлакатига айланиб бормоқда.

Раҳматли устозим, таниқли немис турколог олими, профессор Элсистер Тайерс ўзбек халқини яхшироқ билишни истасанг, “Ўткан кунлар” романини ўқиб чиқ, деган эди. Аввалига асарни тушунишга қийналдим, албатта. 2005 йилда Афғонистонда бўлганимда, китобни қайтадан ўқиб чиқдим. У ерда икки ярим йил давомида бўш вақтларимда луғат титкилаб, аста-секин асарни ўз тилимга таржима қила бошладим. Таржима жараёнида Индиана университети профессори Умида Ҳикматуллаева билан ҳамкорлик қилдим. Баҳонада уйғур ва форс тилларини ўргандим. Асарнинг 1926 йилдаги араб имлосидан кирилчага ўгирилган вариантини таржима қилдим. Чунки аслиятига энг тўғри варианти шу экан. Қолаверса, Қодирий давридаги Марказий Осиёни, маданий-маънавий, сиёсий-ижтимоий муҳитни тушунтириб бериш учун таржимага 450 дан зиёд изоҳ қўшишимга тўғри келди. Ўзбек тилшунослари ва адиблари уни кўриб чиқиб, таҳририда ёрдам беришди. Бунинг учун, албатта, улардан миннатдорман.

Машаққатларим юзага чиққан куни ўзимни жуда бахтли ҳис этдим. 2019 йилнинг 27 декабрида Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонасида “Ўткан кунлар” романининг инглизча нашри – “Bygone days” китобининг илк тақдимоти бўлиб ўтди. 15 йиллик меҳнатимнинг ҳосиласи бўлган мазкур китобни қўлимга олгандаёқ заҳматларим унутилди. Ўзимнинг асарим нашр қилингандек қувондим. Китоб АҚШдаги давлат ташкилотлари, етакчи университетлар ва АҚШда аккредитациядан ўтган дипломатик корпуслар вакилларига тарқатилди. Шунингдек, у менинг юртимдаги энг йирик зиё маскани – Конгресс кутубхонаси каталогига ҳам киритилди. Асарни е-book шаклида интернет тизимига жойладик. Ҳозир “Bygone days” китоби машҳур “Амазон” компанияси томонидан интернет орқали сотилмоқда. Эшитишимча, айни пайтда 400 нафар талаба китобни харид қилиш истагини билдирган. Аммо камина талабаларга китоб сотмайман, бепул бераман.

Ҳозир Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” романи ва “Обид кетмон” қиссаси таржималари устида изланяпман. Бундан ташқари, Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” қиссасини ҳам яхши кўраман. Бугунги ўзбек адабиётида айрим истеъдодли ижодкорларнинг асарлари инглиз тилига таржима қилинса, дунё китобхонлари томонидан севиб ўқилиши аниқ.

Давлатингиз раҳбари, жаноб Шавкат Мирзиёев менинг камтарона хизматларимни юксак қадрлаб, эътироф этганида бошим осмонга етди. Айниқса, юксак мукофот – “Дўстлик” орденига муносиб кўрилганимдан жуда хурсандман.

Яна бир қувончли хабарим – куни кеча Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фахрий аъзолигига қабул қилиндим. Бу ишонч ва масъулиятни оқлаш учун яна ҳам кўпроқ меҳнат қилмоқчиман. Сизга бир истагимни айтсам – агар имкон тополсам, Тошкент шаҳрига кўчиб келаман. Чунки рафиқам ҳам Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридан!

Меҳмон эътирофи:ислоҳотлар инсон учун!

– Китоб тақдимоти ўтгач, Ўзбекистон – Президентига мактуб йўлладим. Унда шундай фикрларни билдирдим: “… Ҳар қандай катта иш сингари роман таржимаси ҳам улкан шахсий сафарбарликни талаб этди. Менинг умидим ва ишончим шундаки, қачондир ўғлим бу китобни қўлига олар экан, унинг отаси Ер юзида шунчаки умргузаронлик қилмагани, балки недир қимматли бир ишни адо этиб кетганини англайди. Сиз ҳам ота сифатида айни шундай ҳиссиётни ҳис қиласиз, деб ишонаман…

Сизнинг номингизга хат ёзиш мен учун катта шараф бўлгани учун сўзимнинг ниҳоясида айтмоқчиман: Раҳмат. Сиз намоён этаётган характер ва етакчилик салоҳиятидан мен ҳайратдаман”.

Марк Риз шу дақиқаларда жўшиб-ҳаяжонланиб юракдан гапирдики, шундай мамлакатимиз борлигидан яна бир карра фахрланиб кетдик.

– Бугун Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотлар Қодирийларнинг армонлари эди. Мана, улар бирин-кетин ушалмоқда, – деди Марк. – Аслида бу ўзгаришлар кўпроқ сиз ўзбекистонлик ёшлар учун, сизнинг келажагингиз учун амалга оширилмоқда.

Ёшларимиз ҳам ўз навбатида инглизчада бурро-бурро гапириб, Марк Ризга саволлар берди. Хусусан, Жаҳона Абдуқаҳҳорова моҳир таржимонга ташриф учун ташаккур айтиб, “Ўткан кунлар”ни мутолаа қилганингизда кўзингизга ёш келган пайтлар бўлганми, деди.

Бунга жавобан Марк “Офтобойимнинг қизи ётган қабрни қучиб, уввос солганида, буни кўриб қутидор ҳам пиқ-пиқ йиғлаганида кўзим ёшга тўлган. Отабекнинг абадий ҳижрон ва алам доғидан қутулолмай туни билан мозорда қолиши… Бу ҳолатлар ҳар қандай кишини ҳам ларзага солади, йиғлатади”, деди.

Учрашувда Абдулла Қодирийнинг набираси Хондамир Қодирий ҳам ўз дил сўзларини айтди.

– Марк Риз билан қарийб 20 йилдан бери танишман. Китобнинг асл, яъни қисқартирилмаган вариантини таржимонга ўзим топиб берганман. Марк Риз эса бобомизнинг романини фидойилик билан таржима қилиб, асарни маълум маънода дунёга олиб чиқди. Чунки энди “Ўткан кунлар”ни бошқа исталган тилга осонликча таржима қилиш мумкин. Пандемия бошланишидан сал аввал уйимизга Австралиядан эр-хотин сайёҳлар келиб қолишди. Ажабландик. Чунки уй-музейимиз очилганидан буён бирор марта ҳам чет элликлар келмаганди-да. Буни қарангки, меҳмонлар айнан Марк Риз таржимасидаги “Ўткан кунлар”ни ўқиб, Отабек ва Кумушнинг аянчли қисматидан қаттиқ таъсирланибди ва ёзувчи яшаган уйни кўрамиз, деб Тошкентга келган экан. Чиндан ҳам, бадиий асарларимиз, бадиий фильмларимиз қанча кўп оламга чиқса, мамлакатимиз ҳам шунчалар кўп эътиборга тушади, сайёҳларни ўзига тортаверади.

Президентимизнинг Абдулла Қодирий таваллудининг 125 йиллиги муносабати билан қабул қилган қарори, бунёд этилган Қодирий номидаги ижод мактаби, кутубхона, уй-музей ва бошқалар биз кутгандан ҳам кўпроқ эътибор намунаси бўлди. Том маънода, бобомизнинг асарлари дунёга чиқиши учун янги Ўзбекистоннинг янги йўли очилди. Бу йўлни жадид аждодларимиз бой миллий меросига очилган маърифат йўли, деса ҳам бўлади. Яна шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, давлатимиз раҳбарининг бундай эътибори бизнинг ҳам зиммамизга ҳақли масъулиятларни юклайди…

Ҳа, Марк Риз билан “Физика – Қуёш” ИИЧБ Материалшунослик институтининг “Катта қуёш печи” жойлашган объектидаги мулоқот шундай жонли, шундай ҳаяжонли ўтди…

Ўзбекистон қуёшининг қудрати

Дарвоқе, “Катта қуёш печи” жойлашган ноёб илмий объект денгиз сатҳидан 1100 метр баландда жойлашган. Мажмуа директори Одилхўжа Парпиев илмий объект салоҳияти ҳақида сўзлади. Қуёшдан тушаётган нурни бир жойда жамлаб, юқори даражада ҳарорат йиға оладиган мосламаларни кўриш учун лифтда 57 метр баландга кўтарилдик.

Катта қуёш қурилмаларини яратишдан асосий мақсад кам энергия сарфлаб, юқори ҳароратга эришиш (3000 оС гача), ундан фойдаланиб космик аппаратларнинг композицион ҳимоя қобиқларини синовдан ўтказиш, ўта соф металл ва қотишмалар олиш, янги материаллар яратиш кўзда тутилган. Бугун ҳам, албатта, ундан самарали фойдаланиш ва янги материаллар яратиш соҳасида илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, 2019-2020 йилларда Россиянинг Авиацион материаллар институти билан ҳамкорликда космик учиш аппаратлари композицион ҳимоя қобиқларининг экстремал ҳолатларда (2000 оС дан ортиқ) бардошлилигини ўрганиш бўйича тадқиқотлар олиб борилди. Ҳимоя қобиқлари 800–2200 оС ҳарорат оралиғида текшириб кўрилди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Россияда ёки бошқа давлатларда бундай нозик тадқиқотлар ўтказиш катта маблағ (соатига 5000 АҚШ долларигача) ва узоқ вақт талаб этади. Россиялик физикларнинг таклифига асосан, Материалшунослик институти олимлари янги композицион ҳимоя қобиқларини ишлаб чиқиш жараёнига жалб қилинди.

Замонавий технологияларнинг, жумладан, микроэлектроника, электротехниканинг ривожланиши уларнинг ҳажми ва оғирлигини камайтириш, энергия ва маълумотлар тезкорлик билан узатилишига катта талаблар қўймоқда. Бундай талабларга жавоб берадиган материаллар ўта соф металл ёки аралашмалардан тайёрланади, бу эса, ўз навбатида, уларнинг таннархи ортишига олиб келади. Гап шундаки, металл ёки аралашмалар эритилганда керакли ҳароратга эришиш учун газ, кўмир ёки бошқа энергия воситалари қўлланади ва эритма таркибига турли аралашмалар ўтиб қолади. Металл ёки аралашманинг сифати пасаяди. Қуёш қурилмаларида эритилган материаллар таркибида эса айнан шундай аралашмалар бўлмайди.

Жанубий Кореянинг Саноат технологиялари институти (KITECH) ва мазкур маскан ўртасида шундай материаллар яратиш бўйича тадқиқотлар олиб бориш бўйича келишув имзоланган.

Қийин пайвандланадиган (пўлат, титан, никель, алюминий ва унинг қотишмалари) металларга қўллаш учун 9 номдаги махсус кукун-флюслар яратилган. Синов натижаларига кўра, аргон-ёйли пайвандлаш жараёнида материал сарфи 3 баробар камайган, пайвандлаш вақти ва энергия сарфи 2 баробар қисқарган. Энг муҳими, пайвандлаш чокларининг сифати ва мустаҳкамлиги кескин ортган. Айни кез KITECH билан ҳамкорликда янги материалларни Кореянинг кемасозлик корхонаси (Hyundai Shipping)да синашга тайёргарлик кўрилмоқда.

Ҳозир, институт олимлари ўта ўтказувчан материаллар яратиш соҳасида ҳам изланмоқда. Бундай манбадан тайёрланган ток ўтказувчи материал оддий мис сим асосли электр кабелига нисбатан 20 баробар кўп ток ўтказиши мумкин. Демак, ток узатилишидаги йўқотишлар ҳамда электр кабелларининг қизиши ёки ёниб кетиш хавфи ҳам анча камаяди.

Шунингдек, институтда қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш технологияларини яратиш устида ҳам илмий изланишлар олиб борилади. Иссиқхоналарга сарфланадиган энергия (электр, газ, кўмир ва ҳоказо) сарфини камайтириш, уларнинг самарадорлиги ва маҳсулдорлигини ошириш мақсадида Материалшунослик институти олимлари томонидан нанофаол керамик қўшимчали плёнка яратилган.

Мазкур плёнкалар Тошкент, Фарғона ва Жиззах вилоятларидаги иссиқхоналарда синалганда, иссиқхоналарга сарфланадиган энергия 60-65 фоизгача камайиб, ҳосилдорлик 30-50 фоизгача ортгани кузатилган. Ҳозир бу инновацион плёнкалар ишлаб чиқариш технологияси “Жиззахпластмасса” АЖда саноат тажрибаси тарзида жорий этилган.

Бугун иссиқхоналар учун нанофаол қўшимчали плёнкалар билан бирга, қуёш концентраторларидан фойдаланиб, дашт ва чўл ҳудудларида ҳосил олиш ёки сув билан таъминлаш муаммосини ўзига сув ва нам тортувчи гидрогеллардан фойдаланиш орқали ҳал этиш тавсия қилинмоқда.

Мухтасар айтганда, бу даргоҳга келган инсон янги Ўзбекистоннинг илмий салоҳиятига яна бир карра ишонч ҳосил қилади. Юртимизнинг замонавий фан-техника ютуқларидан унумли фойдаланиб, инновацион ғояларга асосланган, тараққий этган, ўз йўли ва имконияти, қудратига эга бўлиб бораётган давлатлар сафига қўшилаётганига амин бўлади. Айни пайтда Марк Ризнинг ҳайратлари бунинг ёрқин далилидир.

Ердаги жаннат боғлари

Меҳмон билан баҳаво Кумушконда тушлик қилгач, Заркент қишлоғига йўл олдик. Манбага кўра, 135 минг аҳолиси бор туман аҳлининг 12 минги шу қишлоқда истиқомат қилади.

Ўзбекистон узумининг дунёга машҳур бўлишида заркентлик боғбонларнинг ҳиссаси, меҳнати беқиёс. Очиғи, республикамиздаги узум етиштирадиган барча вилоятларни айланиб чиқиб, заркентликлар бунёд этган узумзорларга тенг келадиганини топиш мушкул. Бу каминанинг эмас, балки мамлакатимиздаги энг тажрибали боғбонларнинг, чет эллик мутахассисларнинг эътирофи. Шу маънода айтсак, қишлоқ соҳибкорларининг кайвониси, собиқ ширкат хўжалиги раиси, марҳум Тожибой ота Ризаев ўз пайтида ҳақли равишда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига лойиқ кўрилганди.

Сулув қизларнинг ўрим-ўрим сочидек бир текис таралган узумзорларда етиштирилаётган кишмиш, ризамат, тоифи навлари дунёнинг турли давлатларига экспорт қилинмоқда. Яхши томони, узумлар лалми – сувсиз ерда етилиб пишгани боис, узоқ муддат ўз шираси ва таранглигини йўқотмайди.

Биз Марк Риз билан шу узумзорлар оралаб юрдик. Пайкаллар бошига тушиб, бу йилги ҳосил қандай бўлишини ўзимизча чамаладик… Меҳмон ҳайрат ичида яшарди – телефонига тинмай суратлар муҳрларди.

Ниҳоят, Заркент қишлоғига боришга ундаган асосий объектга, қурилиши 95 фоиз якунига етган, яқин кунларда очилиши кутилаётган, муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан қалам аҳли учун қурилган 50 ўринли Ижод уйига яқинлашдик.

Бу қутлуғ даргоҳдаги муаззамлик, салобат, замонавий қиёфа, бинонинг ташқи пардози билан ички имкониятлари, шарт-шароитлар, катталар учун, болалар учун алоҳида чўмилиш ҳавзалари, ёзги амфитеатр, табиат қўйнидаги шинам ўриндиқлар, чор тарафни айланиш учун солинган йўлаклар ва ҳоказолар “Ўткан кунлар” романи таржимонининг шу кундаги ҳайратларининг чўққиси бўлди. Боиси, бошқа бирор мамлакатда фақат ёзувчи-шоирлар учунгина қурилган шундай кенг имкониятли Ижод уйи борлигини кўрмаганмиз, эшитмаганмиз. Буни дунё кўриб юрган, кўп давлатларда бўлган меҳмонимизнинг ўзи тасдиқлади.

Шу тобда “Марҳамат, Қодирий бобонинг “Меҳробдан чаён” романини мана шу масканда яшаб, таржима қилинг”, деган таклифимиз америкалик таржимонга жуда ёқиб кетди. Бундай илтифотга лойиқ кўрилганидан беҳад мамнун эканини айтди…

Сўз зиёси

Марк Ризнинг ўн уч кунлик сафари давомида Қодирий бобомизнинг нафасини биз ҳам сезиб, ҳис қилиб юрдик. Камина бир америкалик таржимон Марк Риз тимсолида ҳаётини, умрини маърифатга, эзгулик даъватига бахш этаётган оқил, мард инсонни, жасур замондошимизни кўрдим. Унинг мана бу сўзларидан жуда-жуда мутаассир бўлдим: “Мен Ўзбекистонда яшаб, ишлаб, “Ўткан кунлар” романини таржима қилиб, англаб етган ҳақиқатим шуки, инсон дарёдиллиги, беғараз, беминнат меҳмондўстлиги, меҳру оқибати, раҳм-шафқати билан ИНСОН экан. Исмингизни сўрамай, олдингизга дастурхон ёзадиган, тагингизга кўрпача тўшайдиган халқ бўлиш учун ўзбек бўлиб туғилиш керак чоғи… Бугун дунёнинг жуда кўплаб халқларига, жумладан, менинг ватандошларимга ҳам шундай фазилатлар бироз етишмаётгандек. Улар, албатта, Алишер Навоий, Абдулла Қодирийларни ўқиши керак…”

Келинг, ният қилайлик. Илоҳим, Марк Ризнинг юрагидан тўкилган эзгу тилаклар амалга ошсин. Янги Ўзбекистонимизнинг кўҳна адабиёти йўллари ёруғ бўлсин. Дунё осмонида, дунё халқлари қалбларида ўзбек сўзининг зиёси қуёшдек чарақлаб турсин. Ўз даврининг машҳур шарқшуноси Е.Бертельс айтганидек, жаҳон адабиётида олтинчи романчилик мактабини яратган Абдулла Қодирийнинг издошлари яратган асарлар бутун она заминимиз бўйлаб кенг қулоч ёзаверсин!

(“Адабиёт зиёси” газетаси, 2021 й.)

БЎЗАТОВДА БАХТ БАҲОРИ

Таассурот

Бу дунёни англаш уни кўришдан бошланади. Халқимизнинг “юрган дарё…” мақолини тилга олсак, бежиз кўксимизда тўлқинлар тўлғонмайди. Дарё ёқалаб одимлаб бораётган киши билолмай қолади, у дарёга эргашяптими, дарё унга?! Ҳа, олам гўзал! Шу гўзалликка боқиб, энтикиб турган одам эса оламдан-да гўзал. Чунки қалбга кўчган гўзаллик ҳад-ҳудудсиз бўлади. Яна бир аён ҳақиқат бор. Йилнинг тўрт фасли ўз фурсатига, ўз вақтига султон. Аммо баҳор барибир бошқача… Баҳорнинг бу дунёга, ҳатто тоғу тошга, саҳроларга-да бирдек бахш этган кўрку файзи олдида қолган фасллар бош эгади. Шубҳангиз бўлса, марҳамат, Қорақалпоғистонга келинг! Бўзатовга келинг! Баҳорнинг чўлдаги чиройини ўз кўзингиз билан кўрасиз!

Саодат йўлини излаганлар

Беихтиёр хаёлда ортда қолган йиллар юз очади. Бугунги Бўзатов бағрида балқиб, кечаги Бўзатовни кўз ўнгингиздан ўтказасиз. Ўтмиш сизга ўз кўзгусини тутади. Бу кўзгу сатҳидаги ғуборни артсангиз, ҳаёт барча ҳақиқати билан юз очади. Туйқус ёдингизга оғир кунларда айтилган халқ нақли келади: “Оч қоринга қўшиқ на ҳожат?!”.

Бўзатовликларга Бўзатов чўлларининг фавқулодда гўзаллиги эмас, шоқоллар изғиб юрган чакалакзорлари, на ўзларига, на молларига сув топиб бера олаётган бечораҳол чўпонларнинг ожиз қиёфаси кўринади. Кутилмаган қаҳратон қақшатганда, емишсиз қолган чорваси ҳолини ўйлаб, Яратганга нола қилаётган молбоқарлар оҳига тасаввурингизда қандай шерик бўлганингизни билолмай қоласиз. Яна оғир ўйлар ўз домига тортади… Сиз ичаётган тотли сув уларда йўқ. Сиздаги табиий газ, нафақат уйингиз, балки кўчаларингизда ҳам порлаб турган чироқлар уларда йўқ. Улар ҳам биз каби бахтли яшашга ҳақли-ку, деган хижолатпазлик вужудингизни кемиради.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации