Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 32 страниц)
Фалакнинг инъоми
“Шарқ юлдузи”га ўтишим меҳнат фаолиятимдаҳам, ижодда ҳам янги босқични бошлаб берди. Бу даврга ўтишдан олдин яна сал ортга қайтишимга ҳожат сезяпман. Болалигимда дадажоним ҳам аяжоним ҳам “той”, “тойчоқ” деб эркалатишарди (ҳозир невараларимни шундай суяман). Баёнимда эгарланмаган тойдек ирғишлаб, анча олдинга ўтиб кетибман. Иш жойларимдаги воқеаларни эслашга берилиб кетиб, ижодга доир гаплардан узоқлашибман.
70-йилларда таҳририятлардаги иш, тирикчилик ташвиши билан кўп ўралашиб қолдим. Кўнглимга ҳузур берувчи ижод жараёнига вақтим кам эди. Шунга қарамай, бир неча китобни ёзиб нашр эттиришга муваффақ бўлдим. “Дилпора” қиссасига салбий баҳо берилгач, тушкунликка тушмай, “Фалак”га доир тарихий маълумотларни ўргана бошладим. Катта мажлисларда “тарихий асар ёзилмасин”, деб турилганда ҳали 30 га тўлмаган ёш адибнинг Улуғбек давридан ҳикоя қилувчи китобига йўл берилармикин? Албатта йўқ. Шу сабабли бу мавзуни ҳам фантастика йўналишига буришга қарор қилдим. Атеистлар динни қоралай туриб, “дин илм-фан душманидир”, деб даъво қиладилар. Уларнинг даъвосида озгина жон бор. Насроний дини чиндан ҳам тарихда илм-фан ривожига жиддий тўсқинлик қилган, буни “инквизиция даври” дейилади, ўшанда олимлар “жодугар” деб тириклайин ёқилган. Ислом дини тарихи бутунлай ўзгача. Исломда илмга қаршилик йўқ, аксинча, илмга даъват этилади. Бағдод халифалигида қарор топган Байтул ҳикма, ўша даврда илмни юқори чўққиларга олиб чиққан Хоразмий, Беруний каби алломалар фаолияти, кейинчалик Хоразмда қарор топган, ҳозир “Маъмун академияси” деб аталаётган илм саройи фикрим исботидир.
Олимлар ҳақида сўз кетса, асосан эрлар назарда тутилади. Наҳот аёлларимиз илмдан узоқ бўлганлар? Бунчалик эмасдир. Зебуннисо бегим, Нодира бегим, Увайсий бегимларнинг ижоди қайси олимдан кам? Тарихдаги момоларимиз аниқ фанлар билан ҳам шуғулланган бўлишлари аниқ, фақат буни билмаймиз. Катта ёшдагиларга яхши маълум: авваллари келиннинг сепида албатта “палак” деб аталмиш зангори мато бўларди. Уй ясатилганда тўрга шу палак илинарди (Афсуски, ҳозирги азиз ёшларимиз Италия мебеллари, Франция дарпардаларига меҳр қўйишган, қадрланиши лозим бўлган удумларимизни билишмайди. Айримлари “фалак” сўзини ҳатто эшитишмаган). Осмон рангидаги бу матога зар иплар билан безак бериларди. Аслида бу шунчаки безак эмас, менинг назаримда осмон харитаси эди. Бу мато бекорга “фалак” деб аталмагандир (“палак” аслида “фалак” сўзининг шевадаги айтилиши)? Матонинг ўртасидаги думалоқ шакл гулга ўхшайди, аслида у Қуёш, атрофдаги кичик шакллар – осмонда милтиллаётган юлдузчалар… Агар бу осмон харитаси бўлса, демак аёлларимиз астрономия – фалакиёт илмини билганлар. Энг муҳими – гелиоцентрик – Ер Қуёш атрофида айланади – деган назариядан бохабар бўлганлар. Европа Коперникка қадар геоцентрик – Қуёш Ер атрофида айланади – деган назария асосида яшаган. Ер Қуёш атрофида айланади, дегани учун Коперник куйдирилганини биласиз. Бизнинг момоларимиз эса бу назарияни Европадан анча асрлар олдин билганлар ва бу билимларини матога кўчирганлар. Мен бу тарихни Улуғбек даврига боғладим, ҳолбуки Беруний даврида ҳам бу назария мавжуд эди.
Тарихни бугунга боғлаш учун олимлар ҳаётига мурожаат қилдим. Ҳаёт зиддиятлардан иборат. Ажабки, илм аҳли ҳаётидаги зиддиятлар жуда кучли, айрим ҳолларда аянчли оқибат билан тугайди. Олимлар гулшанида яшнаётган ҳасад, иғво тиканаклари ҳақида аввал сўз юритганим учун бу мавзуга қайтмайман. Фақат илм ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи бу тузалмас иллат ҳақида “Фалак”да ҳам, “Заҳарли ғубор”да ҳам, “Сомон йўли элчилари”да, “Девона”да ҳам турли услубда фикр юритганман. Синчков ўқувчи “Битта фикрни тоз-за такрор қилган экан-да”, демасин. Бу қаламнинг ожизлиги ҳисобланмиш такрор эмас, балки “олимлар орасида ҳасад, иғво, ғийбат зинҳор-зинҳор бўлмасин!”– деган шиорни такрор ва такрор эслатиб туришдир. Ижозатингиз билан “Фалак”ни варақлайман:
“Меҳмонлар кетишгач, хонага Жамшид кирди:
– Дада, кечирасиз, мен тасодифан суҳбатларингизни эшитиб қолдим. Тажрибангизда миясига электрод ўрнатилган одамдан фойдаланмоқчимисиз?
– Ҳали бир фикрга келмадим. Нима эди?
– Электродни менга ўрнатсангиз…
Жаҳонгир ўрнидан турди. Ўғлининг тўсатдан бу фикрга келишига тушунолмади. Жамшид ёшлигидан отасининг касбига қизиқарди. Аммо иккинчи курсда бионикага ҳаваси ортиб, шу соҳага ўтиб кетди. Энди муҳим бир янгилик устида иш олиб бораётган эди. Жаҳонгир ўғлининг илмга берилганидан хурсанд, лекин унинг мустақил сўқмоқ излашидаги ҳаракатидан қониқмас эди. “Фанда менинг этагимни тутма, ўз йўлингдан бор. Чинордан барг узаман, демай, чинор бўлишга ҳаракат қил”, дерди. Жамшид бу ўгитларга амал қилар, лекин барибир, оз бўлса-да, отасига суянарди. Жаҳонгир ўғлининг ҳозирги фикридан ҳам шуни уқди:
– Сабаб?
– Тажрибаларингизга қатнашсам… балки… илмий ишимга туртки бўлар…
– Бунинг илмий ишингга мутлақо алоқаси йўқ-ку?
– Биламан, алоқаси йўқ. Аммо тезлашишига ёрдам берармикин… Ахир бу жасоратга боғлиқ нарса…
– Илмий ишни тезлатишга шошилма. Пухтароқ қилишни ўйла. Жасорат ҳақидаги гапингни мен бошқа эшитмай. Қуруқ жасорат билан олим бўлишни хаёл қилсанг, бошқа иш билан шуғуллан.
Жамшид аламдан оқариб кетди:
– Дада, сиз…
– Хўш?
– Сиз мени ўйламаяпсиз. Вақт кетяпти. Тенгдошларим аллақачон диссертацияларини ёқлаб бўлишган.
– Демак, улар сенга нисбатан қобилиятлироқдир? Буни ўйлаб кўрмадингми?
– Ўйлаб кўрдим. Лекин… илмий иш, кашфиёт бир жойда тўхтаб қолмайди-ку? Даража олингандан кейин ҳам давом эттириш мумкин-ку? Бир оғиз сўзингиз билан…
Жаҳонгир қовоғини уйиб, тескари қаради:
– Менда бошқа гапинг йўқми?
Жамшид жавоб бермай чиқиб кетди. Жаҳонгир эса бир неча дақиқа ҳаракатсиз туриб қолди. У ўғлининг гапларидан аччиқланмади. Жамшид мактабни битирганидан сўнг бу хилдаги ёрдамни кўп сўраган, ҳар сафар ҳам рад жавобини олган эди. Энг аввал дорулфунунга кириш пайтида ёрдам сўради. “Манзилга қадар аравангни мустақил тортишга кўзинг етса, кир. Бўлмаса, ҳаётнинг осон йўллари кўп, ўшалардан бирини танла”, деган жавобни эшитса ҳам, ўқиш истагидан воз кечмади. Ўқиб юрган кезлари талабаларнинг илмий жамиятида биониканинг келажаги хусусида маъруза қилди. Биринчи даражали мукофотни олишга яккаю ягона номзод бўлиб турганида, бошқа бир толиба унга нисбатан устунроқ даражада маъруза қилди-ю, мукофотни “илиб” кетди. Жамшид ўшанда ҳам отасидан ёрдам кутган эди. Бу сафар ўзи айтишга ботинмай, онасини ўртага қўйганди. Эр-хотин ёлғиз ўғилнинг тақдири хусусида ўзларича турли фикрда бўлганликлари учун, иккинчи марта сен-менга боришди. Шундай бўлса-да, Жаҳонгир ўғли ва хотинига билдирмай ҳайъат аъзолари билан учрашган, ҳар икки маъруза билан танишган эди. Толибанинг маърузасидаги фикрлар, шубҳасиз, аъло эди. Қиз фотосинтезга асосланиб, қуёш нуридан кийим ва озуқа олиш йўллари ҳақида бир қанча фаразларни илгари сурганди. Жамшид эса жониворларда мавжуд бўлган эхолокация тўғрисидаги умумий фикрлари билан чекланганди. Ҳайъат Жаҳонгирнинг обрўйини инобатга олиб, мукофотни Жамшидга бериши ҳам мумкин эди. Лекин Жаҳонгир бунга йўл қўя олмасди. Унинг ўзи ҳозирги даражасига мустақил, ҳеч кимга орқа қилмай эришган, ўғлининг ҳам шундай бўлишини истарди. Хотини ўғлининг тақдири хусусида гап очса, “тер тўксин, енгил ютуққа ўрганмасин”, деб гапга нуқта қўярди.
У ўғлининг тиришиб ўқиётганини билса ҳам, талабни янада қаттиқроқ қўяверарди. Отасининг одатини билган Жамшид эса “дадамдан ёрдам сўрамайман”, деб қарор қилганди. Дорулфунунни битиргач, илмий-текшириш институтининг аспирантурасига кирмоқчи эканини айтиб, отасига қалин дафтар берди. Дафтарда унинг бионикага оид фараз ва тахминлари, энг муҳими – эхолокацияга асосланган янги машина яратиш фикри жамланган эди. Жаҳонгир дафтарни ўқиб чиққач, кўнгли равшанлашиб, ўғлига оқ йўл тилади.
Орадан икки йил ўтди. Дарҳақиқат, Жамшиднинг иши секин силжияпти. Наилож, ечилиши зарур бўлмиш муаммо жуда мураккаб, уни осонликча ҳал этиш мумкин эмас. Лекин ўғли шошиляпти. Жаҳонгир буни бугунги суҳбатсиз ҳам англаб юрарди. Шошқалоқликнинг боисини изларди. Барча фикрлари уни “шуҳратпарастлик” деган тушунчага олиб келарди. У ўғлида ғалаба нашидасидан маст бўлиб юриш, шуҳрат либосига ўралиш фикрлари борлигини пайқади. Шуҳрат кетишдан юришнинг ёмон натижа билан тугашини Жаҳонгир билади. Унинг баъзи истеъдодли тенгдошлари мана шу иллатнинг қурбони бўлишди. Билимларини такомиллаштириш ўрнига обрў талашиш билан ўралашиб, оқибатда фан оламидаги келажакларидан маҳрум бўлдилар.
Эрталаб ишга отланаётган пайтда Жаҳонгир:
– Кечаги гапларингни ўйлаб кўрдим, – деди.
– Мен ҳам ўйладим.
– Қандай хулосага келдинг?
– Сиз истаган хулосага. Сиздан ёрдам сўрамаслигим керак эди.
– Гап бунда эмас, сен илмга ўзингни буткул бағишламасанг, илм сенга ҳеч нима инъом этмайди. Сен буни унутмаслигинг керак. Шуҳратни ўйлаш – ўз йўлингга ўзинг ғов қўйдинг, деган гап.
– Мен буларни тушунаман, дада, лекин сиз кашфиётингиз билан ўралашиб, атрофга бефарқ қарайдиган бўлиб қолгансиз. Ҳозир илмларини эмас, мансаб ва даражаларини ҳам қилич, ҳам қалқон қиладиганлар кўп.
– Илгари йўқ эди, деб ўйлайсанми? Сен бундайларнинг қилич-қалқонидан қўрқма. Бу қилич-қалқон мўрт, болаларнинг ўйинчоғи каби сохта. Чинакам қилич-қалқон илмда бўлади. Сен уни фақат ўзинг яратишинг лозим.
– Нима учун мен мақсадимга оғир сўқмоқдан боришим керак?
– Нима учун енгил йўлдан боришинг керак? Йўқ, ўғлим, калта ўйлабсан. Мен истаган хулосага келмабсан. Сен даража ва унвон учун эмас, фанда янгилик яратиш учун кураш. Даража ва унвон эгаси билан қабрга киради. Лекин кашфиёт ёруғ дунёда қолади. Шуни унутма. Бу мавзуда бўлак баҳслашмайлик. Хаёлингни бўлмағур гаплар билан чалғитма”.
Шуҳратпарастлик, мақсадга олиб борувчи енгил йўл ва оғир сўқмоқ ҳақидаги гаплар аслида ўзим билан ўзимнинг баҳсим эди. Ҳар қандай алпинист дунёдаги энг юксак Эверест чўққисини забт этишни истайди. Лекин бу мартаба ҳар кимга ҳам насиб этавермайди. Адабиёт чўққисини забт этиш ҳам шундай. Мен ҳам бошқа тенгдошларим каби Чингиз Айтматов ёки Шукшин эгаллаган юқори чўққиларни эгаллашни истардим. “Эгаллашни истардим” деган хоҳишга “тезроқ” деган сўзни қўшсам, айни ҳақиқатни айтган бўламан. Лекин истак бошқа, орзунинг ушалиши бошқа, деган ҳақиқатни ҳам билардим. Ўзим каби ёшларнинг диққатини ана шу аёвсиз ҳақиқатга тортишни истаган эдим. Адабиётда ёшларнинг йўлини устозлар кўпам тўсмайдилар. Устозларнинг ўзаро ҳасади ёшларга тўғаноқ бўлишини кузатмаганман. Аммо илмда бу иллат азалдан бор, афсуски, ҳозир ҳам яшаяпти. “Фалак”да бу муаммони четлаб ўта олмадим. Ўғлининг тажрибалари тўхтатилганини билган Жаҳонгир илмий раҳбари ҳузурига борганида улар ўртасида бу суҳбат бўлиб ўтади:
– Нима учун келганимни пайқагандирсан?
– Ўғлинг масаласидадир?
– Йўқ, ёш олимнинг тақдири масаласида. Сенинг ёш олимга бўлган муносабатинг ҳақида гаплашгани келдим. Жамшид менга бегона бўлганида масалани тўппа-тўғри академия муҳокамасига қўярдим.
– Мен шу даражада катта гуноҳ қилибманми?
– Сенингча гуноҳмасдир. Лекин тажрибани тўхтатиш ҳақидаги буйруғинг, менимча, фан олдида катта жиноят. Тажрибани тўхтатишга ҳаққинг йўқ!
– Тажриба боши берк кўчага кириб қолди. Энди ундан янгилик кутиш қийин. Мен давлат пулларини шамолга совуролмайман. Менинг тажрибахонам бехато ишлаши керак.
– Бу ўзингнинг фикрингми ё бирор кўрсатма борми?
– Бу фикр эмас, принцип! Мен шу асосда ишлайман, хатоларга тобим йўқ.
– Мана шу “принцип” сенинг қусуринг. Сен ҳамиша енгил йўлни излардинг. Бошқалардан ҳам шуни талаб қиласан.
– Мен устозман. Шогирдларимни истаган йўлимга бошлайман. Улар аниқ ва бехато ишлашлари керак.
– Хатога йўл қўйсалар-чи?
– У ҳолда бу соҳани ташлашлари керак ё мавзуни ўзгартиришлари шарт.
– Йўқ. Ҳақиқат йўлида кўп хатолар бўлади. Агар биргина хато деб, ҳақиқат йўли тўсилаверилса биз ҳалигача ибтидоий давр чегарасидан ҳатламаган бўлардик. Биофизика тарихи ўн еттинчи асрга, Декартнинг фикрларига бориб тақаладими? Биофизика институти илк марта 1919 йилда асос топдими? Шу вақт орасида қанча кашфиётлар қилинди, қанчалар хатолар рўй берди? Агар шу фикрингда турсанг, Леонардо да Винчини ҳам суриб ташлашинг керак. Ахир у таклиф қилган пўлат қуш ҳеч амалга ошмайдиган иш-ку? Ҳолбуки, ўша қуш кейинчалик самолёт яратиш фикрига туртки бўлмадими? Энди уни биониканинг асосчиларидан деб тан оласизлар-ку?
– Тарихий мисолларни жиним ёқтирмайди. Бу билан ақл ўргатишга шошилма. Ундан ташқари, сенинг ўғлинг Декарт ҳам эмас, Леонардо да Винчи ҳам эмас.
– Ҳа, сенга кўп нарсалар ёқмайди. Лекин дунё сенинг истагинг билан тирик эмас.
– Балки шундайдир. Лекин ҳозирча сеникига нисбатан менинг истакларим рўёбга чиқяпти.
– Масалан?
–Масалан, академияга сайлов пайтида сенинг эмас, менинг номзодим ўтди. Сен шунинг аламига мени танқид қилиб, чалиш йўлини излаяпсан. Сендан илтимос, бундай пуч гаплар билан мени безовта қилма. Мен бекорчи одам эмасман.
Жаҳонгир шашт билан ўрнидан турди. Вужуди ғазабдан титраб кетди. Аммо индамади. Эшик томон юрди. Остонага етганда, Суҳроб уни тўхтатди:
– Ҳамма гап омадга боғлиқ экан. Бир замонлар сенинг омадинг келиб, бахтинг кулган эди. Омад энди менга кулиб боқди.
Жаҳонгир унинг кўзларига тикилди. Бир пайтлар у шу кўзларидан ёш тўкиб “Маърифатни севаман, усиз яшай олмайман, уни тинч қўй”, деган эди. Лекин Маърифат Жаҳонгирни танлаган, шу-шу улар орасидаги борди-келди йиғиштирилган эди. Суҳроб буни ўттиз йилдан бери кўнглидан чиқармаган экан. Мана, ҳозир вақтни бой бермай ўч олганидан хурсанд. Жаҳонгир унинг шодлигини сезди. Остона ҳатлаб ташқарига чиқди. Икки қадам қўйди-ю, орқасига қараб: “аблаҳ экансан!” деди.
Ғолиблик шоҳсупасида турган Суҳроб тиржайганича эшикни қаттиқ ёпди.
* * *
(Илм аҳли дунёсидаги иллатлар ҳақидаги фикрлар мени ҳеч ҳоли қўймади, оқибатда 2014 йили “Олим бўлиш… қийин” деган китобча юзага келди, эҳтимол, кўзингиз тушгандир?)
“Фалак”нинг тақдир йўли офтобли бўлди. Қўлёзмани “Шарқ юлдузи”га бердим. Носир Фозилов яхши баҳо бердилар. “Тарихий воқеалар баёни берилган саҳифаларни ўқиганимда “Муножот”ни тинглагандай ҳузурландим, замонавий олимлар ҳаётига ўтилганда “тарақа-туруқ” мусиқа эшитгандай бўлдим”, деган фикрни билдирдилар. Асар тоғамга ҳам ёқди. Айрим нобоп жумла ва сўзларга қалам ҳам урдилар. Аввалги асарни бараварига қоралаган икки устоздан бундай баҳо олишим мени ғоят руҳлантирди. Асар нашр этилганда, бир дўстим “Китобингни тоғанг ёзиб берганлар”, дегач, кейинги қўлёзмаларни тоғамга кўрсатмайдиган бўлдим. Носир ака Ғафур Ғулом номидаги нашриётга ўтиб, бу ўринга Шукур Холмирзаев келгач, озгина хавотирландим. Чунки Шукур акани ғоят талабчанликларини билардим. Хавотирим бекорчи экан, “Фалак” Шукур акага ҳам ёқибди. Айрим жойларини белгилаган эканлар, биргаликда ўтириб, кўриб чиқдик. Қисса журналда, сўнгроқ китоб ҳолида чиққач, ижобий фикрлар эшитдим. Шоир Отаёр газетага тақриз ёзиб, “Асар тайёр сценарий экан, кинофильм олиш керак”, деган фикр билдирди. Шу мақола баҳонасида кўришиб, танишдим. “Тоҳир Ҳобиловнинг услубига яқин қилиб ёзибсиз, у билан танишмисиз?” деб сўради. “Жуда яқинман, биз эгизакмиз”, деб кулдим. Отаёр табиатан содда, ишонувчан, кўнгли тоза йигит эди. Устози Миртемир ҳақида гўзал асар ёзиб, менинг ҳавасимни келтирган эди. Шу ҳавас билан Мирзакалон Исмоилий ҳаётларини акс эттирувчи “Озод инсон ҳақида қўшиқ” асарини ёздим. Лекин бу борада Отаёрга етиб боролмадим.
“Фалак” нашрга тайёрланаётганда Бош муҳаррир Эркин Воҳидов тарихга доир саҳифалардаги оятларнинг асл арабий шаклини ҳам беришни таклиф қилдилар. Таклиф яхши эди, аммо “цензура” деган ташкилот бунга йўл бермади.
“Фалак”нинг бошқа тилларга таржимаси ҳам енгиллик билан бўлди. Носир ака айтганларидай, тарихга доир саҳифалар ўзимга ҳам ҳузур бағишларди. Орадан йиллар ўтиб, 2013 йилда асарнинг замонавий илмга доир бобларини ўзгартиришга киришдим. Олимлар орасида адоват муаммоси ҳал этилмаган бўлса-да, замонамизда эътибор беришимиз зарур бўлган бошқа масалалар кўпайиб қолди. Мени ёшларнинг тарихга беписанд бўлаётганлари ташвишга солди. Илмга доир саҳифалар ўрнига қиссанинг муқаддимаси ва хотимасида айнан шу ташвишли масалани баён қилдим. Қисса 1977 йилда яхши баҳо олгани билан, янги нашрга тайёрлаётган пайтимда таҳрирталаб жойлар мавжудлигини кўриб, тузатишлар киритдим. Асарнинг аввалги кўриниши, яъни замонавий илм олами ва ўтмиш илм олами баёнида зиё ва жаҳолат кураши акс этган эди. Янги нашрда бу кураш асосан мозий баёнида берилди:
* * *
– Шамсибек Исмоил ҳожи ўғлиман, дегин… Нечун барвақтроқ айтмадинг?
Шамсибек жавоб ўрнига “ўзингиз кўриб турибсиз-ку”, дегандай таъзим қилди. Улуғбек эса пойгирни нависандага узатгач, яна Шамсибекка қаради:
– Қаландарга ҳамроҳ бўлиб қолишинг сабаби недир?
– У билан сабоқдошмиз, ҳазрат шаҳриёрим.
– Ажаб, икки дўстнинг бири давлатимнинг ажниҳида иғво ила, яна бири раиятни алдаш ила машғул бўлса?– Улуғбек “бу ҳолга не дерсизлар?” дегандай атрофидаги аъёнларига қараб олди. Катта-кичик аъёнлар “бу нақадар ёмон аҳволдир”, дегандай бош чайқаб қўйдилар. Давлатпаноҳ қаршисида таъзим қилиб турган Шамсибек бошини кўтариб, унга савол назари билан қарашга журъат этди.
– Сен мисни қалбаки олтинга айлантириш илмидан хабардор эмишсан? – деди Улуғбек йигитга синовчан тикилиб.
– Хабарим бор, ҳазрат шаҳриёрим. Мисни олтинга айлантира олишим рост, соч толаларидан кумуш ажратиб олишим ҳам ростдир.
– Шу макр ила фуқарони алдаб, бойлик тўплашинг-чи? Буни нечун айтмайсан?
– Агар шул гап чин десангиз, тўпланмиш бойлигим салтанатингиздаги ҳисобсиз икки хазинанинг бири, эҳтимолки, ундан-да зиёдроғи бўлмоғи мумкин эди. Аммоким, устодларим “Сирот кечмай, қаҳ-қаҳ кулма”, деб каминани фуқаро ҳаққига хиёнат қилмоқликнинг нақадар гуноҳ эканидан огоҳлантиришган. Тавбалари қабул бўлгур бобом ҳар янги ишга қўл урганимда фотиҳа бериб, дердиларким:
То қайғу қўлидан ичмасдан шароб,
Қувониб ичмадим асло майи ноб.
Ҳеч кимнинг тузига нон ботирмайман,
То ўз жигаримдан емайин кабоб…
Бу ҳикматни эшитгач, Улуғбекнинг юзида мамнунлик кулгиси жилва қилди. Бундай ҳолларда унинг кўзлари яна ҳам меҳрли боқарди. У соқолини силаб, ёнидаги қарияга деди:
– Мавлоно, тахминингиз таҳсинга лойиқ. Йигит сиз айтгандай қобил. Ажниҳимизга чақириб, янглишмабмиз.
Шамсибекнинг ёнида турган Қамариддин уни салгина туртиб қўйди. Шамсибек таъзим қилганича Улуғбек тахтига яқин келиб, тиз чўкди. Зангори дебои Чинга сариқ зар билан безак берилган тўннинг этагини ўпиб, кўзларига суртди. Шу аснода устозининг сўзларини эслади: “Охиратда Худо ёрлақагур соҳибқирони акбар ҳаёт эканликларида Мирзо Улуғбек устозлари Қозизодайи Румий илмларини ҳурматлаб, ул зотнинг этакларидан ўпган эканлар. Шунда соҳибқирони акбар жуда ранжиб, “Шаҳзодаларнинг этак ўпмоқликлари буткул ножўя, дунё сенинг оёғинг ўпмоғи лозим”, деган эканлар. Шаҳриёр боболари сўзларини қулоққа олсалар ҳам, илм аҳлига бўлган эътиборларини камайтирмаганлар. Ажаб эмаским, сиз ҳам ҳазрати султоннинг паноҳида униб-ўссангиз…”
Улуғбек Шамсибекнинг елкасидан енгил ушлаб турғизди-да, ҳалигача қўл қовуштириб турган сипоҳга қаради:
– Қамариддин, меҳмонимизнинг адувбанди экансан, уни ўзингга топширай. Бир оз ҳордиқ чиқаргач, оқшомги суҳбатимизга бошлаб келгайсан.
Улар таъзим қилиб, тисланиб чиқишди.
* * *
– Баракаллоҳ! Табобатдаги зеҳнингни менга айтишмаган эди. Иқтидорингни фикрларинг ошкор қилиб қўйди… Сохта олтин қуйишингни хабарлаган эдилар. Аммоким, сен ишлаган бир узукни кўриб, таажжубда қолдим. Олтинни сохта десам, соҳиби иёр бундай даражадаги соф олтинни то ҳануз учратмаганини айтди. Бу муаммога тушуна олмадим?
– Ҳазрат шаҳриёрим, дарҳақиқат, мен сохта олтин, сохта кумуш қуя олурман. Бу ҳам устозимнинг таъсири. “Китоб сирр-ал-асрор”да баён қилинган усулларни хўп англаб олгандирман. Устоз фуқарони алдаш йўли билан бойимоқликни ўзларига эп кўрмаганлар. Мен ҳам ул зот чизиб кетган қоида йўлларидан чиқмадим асло. Асл олтин ёки кумушга муҳтож бўлмаган буюм безакларигагина сохтасини ишлатар эрдим. Сиздаги узукка ишлатилган олтинни ар-Розийнинг шогирдигина олиши мумкин.
– Қай йўсинда? Ё бу сир эрурми?
– Шундай… ҳазрат шаҳриёрим… ровийлар демишларки, буни амалда кўрсатиб бермаганлари учун Хуросон ҳокими Абу Солиҳ Мансур устоз Розий бошларига китоб билан урдириб, ул муҳтарам зот кўзларини кўр қилган экан.
– Донишмандни жазолаш иблиснинг иши. Шоҳ нуфузи бирлан донишманддан устун бўлса, донишманд шоҳдан билими ила улуғдир. Донишманднинг шоҳга эҳтиёжи йўқ, бироқ, шоҳ донишманд илмига ҳамиша муҳтождир. Алломага жазо бермиш султонда на ақл ва на иймон бўлади.
Орага сукут чўкди.
Соҳиби илм ва шоир Убайд Зоконий янги битилмиш рисолаларин форс подшоҳи Абу Исҳоққа тақдим этмоқ мақсадида борсалар, эшикоға ул зотни саройга киритмабдур ва дебдурким: “Саройга масхарабоз жаноблари ташриф буюргонлар, подшоҳ айни шу пайтда онинг бирлан суҳбат қуриб ўлтурибдир”. Буни эшитиб, ул зот ўйлабдирларким: “Наҳотки, масхарабозлик бирлангина султонга яқинлашмоқ муяссар ўлса? Масхарабозлар мақбулу фозиллар хилватда хор-зор эрканларда? Шундоқ бўлғоч, подшоҳ ҳузурига яна бормоқлик машаққатининг не зарурати бордир?”
Шамсибек ўз тилининг айбидан уялганича бош эгди. Хаёлига келмиш шу воқеа таъсирида Мирзо Улуғбекнинг ақл-заковатига таҳсинлар айтиб, сирни қисман бўлса-да, очишга эҳтиёж сезди. Зотан, Улуғбекнинг бу сирдан огоҳ бўлиши, Шамсибекнинг назарида, фойдадан ҳоли эмасди.
– Афв этинг, ҳазрат шаҳриёрим, менинг бундай фикрим йўқ эди. Фақат… устоз фожиаси хаёлимга келганидан айтиб юборибман… Воқеан шундайки… асл олтин олмоқ учун инсон қони даркор.
Бу гап Улуғбекни ғоят таажжубга солиб, бир қимирлаб олди.
– Қон? – деб сўради қошларини чимириб.
– Ҳа, сизга юборилмиш узукнинг олтинини қайта қуйиб, қуритилган қон билан сифат бериб эдим.
– Қонни қаердан олдинг?
– Ўзимдан…
– Олтинга сифат бермоқ учун ўз қонингни тўкдингми? Сен… – Улуғбек бир нафас сукут қилди, сўнг кескинроқ оҳангда сўради: – ўз қонингни ҳамиша ишлатавермайсан-ку?
– Мен асл олтиндан ҳамиша ҳам узук ясайвермайман.
Шу топда азон чақириғи эшитилди. Аср намозининг вақти етган эди. Улуғбек юзига фотиҳа тортиб, ўрнидан қўзғалди. Шамсибек ҳам туриб, қўл қовуштирганича шаҳриёрнинг юришини кутди. Улуғбек бир-икки қадам ташлаб, тўхтади-да, ҳалигача ҳурмат юзасидан қўл қовуштириб турган Шамсибекка юзланди:
– Бундан буён олтинга қон ишлатишни ман этаман. Инсон қонини тўкмак танбеҳга лойиқ ишдир. Ва бундай қилғувчи кишининг умри қисқа бўлур. Улуғбек салтанида инсон қони безак учун тўкилмаслиги даркор. Уқдингми?
– Амрингиз бош устига, ҳазрат шаҳриёрим.
* * *
Улуғбек қайтишга рухсат берди. Шундан сўнг Шамсибек Абдулваҳобнинг узрини айтишга журъат этди.
– Воситачи бўлмоғингга сабаб недур? – деди Улуғбек унга норози нигоҳини қадаб.
– Сабаби ўзингизга маълум, сабоқдошмиз, бир қишлоқданмиз…
– Шугинами?
– Ҳа, шугина холос.
– Илм олмоқ учун талаб этилғувчи иқтидорига кафилмисан?
Шамсибек бундай саволни кутмагани учун бошини эгган ҳолда, айбдор одам овозида деди:
– Ожизман, ҳазрат шаҳриёрим.
– Балли. Шундайлиги менга ҳам маълум эди. У мадрасани тоат-ибодат учун эмас, ақли ноқислиги учун тарк этган. Таассуфки, тасаввуф аҳли орасига шундайлар ҳам кириб олиб, авомни кўп малул қилур. Дори дардга сабаб экан, шифога қандай умид бўлиши мумкин?
Шамсибек жавобга ожиз эди, бошини кўтара олмади. Унинг ночор аҳволга тушганини сезган Мирзо саволига жавоб кутмай, давом этди:
– Фақатгина сабоқдош бўлгани учун илм аркига етаклаб киришга интилмоқлик масжидга эшак олиб кирмоқ билан баробардир. Шуни билки, бўлак сабаби билан эмас, балки ақли ноқислиги учун илм даргоҳидан юз ўгириб, унга қарата тош отмиш бўлганлар тубан ва жоҳилдурлар. Яна билки, кимки жоҳилга кўмак берар бўлса, Аллоҳ унинг устидин шул жоҳилни ҳукмрон қилиб қўядир. Сабоқдошинг жарималари саҳифасига афв рақамини тортмоққа нолойиқ. Бундан сўнг фикрингни бу қадар бемаъни ишлар ила банд этма.
Шамсибек қилган ишидан пушаймон еб, узар айта-айта чиқди.
* * *
Маҳфуза эрининг мудраётганини кўриб қўлтиғига яна бир ёстиқ қўйди-да, “Бир нарса кўрсатсам изза қилмайсизми?” деди.
– Нима экан?
Маҳфуза токчада ўроғлиқ турган матони олиб очди:
– Қаранг-чи?
Шамсибек қаддини ростлаб, матога тикилди – зангори матога зарҳал ипакда ажиб тасвирлар чизилган: ўртада кунгабоқарни эслатувчи доира. Атрофида доирачалар. Ипаклар тўлқинсимон қилиб тўқилгани учун доирачалар ёниқ юлдузлар каби жимирлаб турибди. Матонинг четлари икки қаторли зарҳал ҳошия билан ўралган.
– Қаердадир кўрганман, – деди Шамсибек ўйчан тарзда.
– Расадхонада эмасми? – деди Маҳфуза кулимсираб.
– Ҳа, ўша ерда! Аммо… сиз бу манзарани қайда кўриб эдингиз?
– Мен кўрганимча йўқ, айтиб берган ҳикоянгизни эслаб туриб тикдим. Ўхшайдими?
Шамсибек катта доира атрофидаги доирачаларни санади: олтита. Расадхона деворида ҳам шундай тасвир бор эди. Ранглар ҳам айнан кўчибди. Шамсибек илк марта расадхонани кўрганида шу манзарани сўзлаб берган эди. Не ажабки, завжаси буни қулоғига илиб, матога ипак билан туширибди.
– Фақат биргинами?
– Ҳа… яна бирини бугун бошладим.
– Жума кунига қадар битиринг.
– Мунча шошқич?
– Ҳазрат шаҳриёрга кўрсатаман.
Эрининг аҳдини эшитган Маҳфуза чинакамига чўчиб тушди.
– Вой ўлайин! – деб, тиккани олампаноҳга намойиш этилишини тасаввур ҳам қилолмай довдираб қолди: – Вой ўлайин… нима деяпсиз? Шу… арзийдиган нарсами?
– Арзийди, – деди Шамсибек ишонч билан.
* * *
Жавобга журъат этувчи топилмагач, Мирзо Улуғбек бу масалани ҳам уйга вазифа деб белгилаб, қайтишга чоғланганида Шамсибек ўрнидан туриб, қуллуқ қилди.
– Қулоғим сенда, – деди Мирзо ундан савол кутиб.
– Ҳазрат шаҳриёрим каминада савол йўқтур. Сизнинг ҳукмингизга бир нарсани кўрсатиш ниятида эрдим,– Шамсибек шундай деди-да, матолардан бирини олиб, Улуғбекнинг оёғи остига қўйди.
– Нима бу? – деб ажабланди Улуғбек.
– Каминанинг ожизалари тиккан эканлар, мақбул бўлармикин, деб олиб келдим.
Чаққонроқ икки мулозим уни олиб, шаҳриёр қаршисида очиб, ёйдилар. Улуғбек аввал матога, кейин савол назари билан Шамсибекка, сўнг яна матога тикилди.
– Ажаб! Бу фалак-ку! – деди у ҳайрат билан. – Бу расад деворига муҳр этилган фалакнинг тасвири-ку?! Кимнинг иши бу? Ожизамникидир, дедингми?
– Айни рост, ҳазрат шаҳриёрим.
– Шундайин мўъжизани яратмиш иқтидор эгасин “ожиза” демоққа тилинг қандай айланди? Машойихлар: “Онангдан бош товлама, ошмасин дарди, ҳаёт тожи эрур оёғин гарди!” – демиш эканлар. Уқдингми?
– Гуноҳкорман, ҳазрат шаҳриёрим.
– Аёллар ҳам Аллоҳнинг бандаларидир. Расулуллоҳ, саллоллоҳу алайҳи васаллам, вадо хутбаларида “хотинларингиз Аллоҳнинг омонати”, деб эканлар, биз нечун уларни камситмоғимиз керак? Сен каби иқтидор эгаларини туғиб, тарбия қилар эканлар, нечун ўзлари “ожиза” ёинки ақли ноқис бўлсинлар?! Бу фалакка қарангиз,– Улуғбек энди атрофидагиларга мурожаат этди, – бу дебои Чиндаги шакллар шунчаки оддий морпеч эмас. Биз фалакдаги юлдузлар ўрнин топмоқ қасдида неча тунлар мижжа қоқмадик. Небахтким, фалакиёт илмини кулбахонадаги аёл чақиб кўрса… Муслималар ҳам “илм олмоқ ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир” шарафли ҳадисига кўра илмдан хабар топсалар не шод бўлур эрди. Курраи арз айланади, дейилганда “астағфируллоҳ!” деб ҳайрат ва ишончсизлик билан ёқа ушламасалар нур аланнур бўлур эрди… – Мирзо Улуғбек яна Шамсибекка юзланди: – Завжангга расадхонани қачон кўрсатиб эдинг?
– Завжамиз кўрмаганлар… Кўрганларимни мен ҳикоя қилиб эдим.
– Нур аъло нур! Кўрмайки, шундай мўъжиза яратибдими, шараф унга. Бундай аёллар гардун қадар шарафланишга лойиқдирлар. Сен кундузи уни олиб келиб, расадхонани кўрсатгил. Сўнг чевар қизларни ёнига олиб, шундай фалак тасвирларидан яна ва яна тиксин. Фармоним шул: расад аҳли, сарой аҳли, мадраса аҳлига етиб маълум бўлсинким, Шамсибек Исмоил ўғлининг завжаси тиккан фалак тасвири барчанинг уйида бўлмоғи даркор. Расад аҳли, сарой аҳли, мадраса аҳли бу фалакларни бозордан харид қилмоққа мажбурдирлар. Фалакни раиятга кўрсатмоқ, танитмоқ мақсадида у фақат бозорга олиб чиқилсун!
* * *
“Фалак” ни давом эттириш ниятим ҳам бор эди. “Элаллома” деб номланган асбоб фақат Шамсибекнинг дунёсини тиклаган эди. Тажрибалар давом этиб, Маҳфузанинг олами ҳам тикланмоғи лозим эди. Лекин бунга кучим етмади, тўғрироғи, билимим етмади. Ўтмишдаги аёллар ҳаётини ёритиш осон эмас экан. Ҳозир, назаримда, тажриба тўпладим, ҳаракат қилсам, бўлар. Лекин хаёлимда бошқа бир режа пишиб турибди. Эҳтимол, Маҳфузанинг ҳаётини шу асарга кўчирарман.
Истайсизми, истамайсизми, фантастик асарда олимларнинг ҳаёти акс этади. Улар орасидаги зиддият, кашфиёт қувончи ёки хатолар афсуси баён қилинади. “Сомон йўли элчилари” асарини ёзишда яна қисман тарихга қайтишга тўғри келди. Бир томондан олис юлдуз элчилари, иккинчи томондан археолог олимлар орасидаги зиддиятни бугунги кун кўзи билан кузатиб, бугунги дунёқараш асосида таҳлил қилишга уриндим. Бундаги доцент Бекмирзаев билан Даврон “Фалак”даги Жаҳонгир ва Жамшиддан фарқ қилса-да, адолатсизликдан жабр чекишларида ўхшашлик бор. Лекин курашлари ўзгача:
* * *
Давроннинг назарида Ниёз оддий одамлар сингари яшамас эди. У ҳаётни улкан театр деб билиб артистлик қиларди. Тўғри, дунёни бундай кишилар масаласида ғариб деб бўлмайди. Шундай экан, Ниёз сўппайиб қолган артист ҳам эмас. “Ҳаёт театри”нинг яна бир жиҳати борки, унда роль ўйнаётганларнинг айримлари ниқобсиз, гримсиз ҳаракат қилади. Бундайлардан фақат нафратланасан-у, аммо у қадар хавотирланмайсан. Айримлари эса ботинан ниқобланган бўлади. Булардан нафратланишни билмайсан. Чунки зимдан иш кўрувчи одамга зимдан нафрат билдириш беҳуда. У билан дўст бўлишни ҳам, бўлмасликни ҳам билмай гангиб юрасан. Ниёз худди шу тоифадан. Бир кунда ўнта одам билан учрашса, ўн хил ниқобда, ўн хил муомала қилади. Қай гапи самимий, қай гапи эса сохта эканини худоси ажратиб бермаса, бандаси ҳал қилиши мушкул…
…Ниёз Давронни кўриши билан қулочини кенг ёйиб келди-ю, аммо қўл бериб кўришди. Вазиятни аниқлаш учун вакил сифатида ташриф буюрганини маълум қилиб ишлар билан танишиш истагини билдирди. Даврон уни атайин тупроғи кўпчиб ётган йўлдан бошлади.
Паст бўйли, тўладан келган Даврон илдам одимлайди. Ниёз эса худди портловчи моддани босиб олишдан қўрққандай эҳтиётлик билан қадам босади. У Давроннинг ортидан бир оз юриб дўнгликка чиқди-да, тупроққа қоришган шимнинг почасини қоқиб тўхтади.
– Мени қаёққа бошлаяпсан? Юмронқозиққа ўхшаб ўйиб ётганларингни кўриб турибман. Менга топилган нарсаларни кўрсат.
– Институтда кўрмадингми?
– Беш-олтита сопол парчасини кўрдим, – деди Ниёз истеҳзо билан.
– Афросиёбни қазишаётганда ҳам дастлаб сопол парчалари чиққан, дейишади? – Даврон ҳамроҳининг истеҳзосига киноя билан жавоб берди. Ниёз ён чўнтагидан сигара олиб лабига қистирди. Аммо ўт олдирмади. Унинг бундай виқор билан туриши илм оламининг вакилини эмас, балки гангстерлар бошлиғини эслатарди. Ниёз атрофни кузатган бўлиб индамай турди. Кейин сигаранинг учини тишлаб ташлади-да, тутатди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.