Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 8 (всего у книги 32 страниц)
Тўртинчи қисм
ЮЛДУЗЛИ ТУНЛАР, ЗАҲМАТЛИ КУНЛАР
Улуғлик кетидан қувма
1982 йил январь ойининг охирлари, навбатдаги қўлёзмани уйда ўтириб таҳрир қилиш билан банд эдим. Нашриётдаги ҳамкасблардан бири келиб “Сизни Сарвар Азимов чақираётганмиш. Уюшмага боришдан аввал Лола опага албатта учрашар экансиз”, деди. Вақт пешиндан ўтган эди, “эрталаб бора қоларман”, десам, “Сизни ҳозироқ бошлаб боришим керак экан, отни эгарланг”, деди. Лола опа мени нохуш кайфиятда қаршиладилар:
– Сарвар ака сизни ишга чақирсалар керак. Сиз қаттиқ туриб “йўқ” денг. “Тоҳир ишда қўнимсиз”, дейишганда “Бизда доимий ишлаб қолади”, деб ишонтирганман, мени бебурд қилманг, – дедилар.
– Лола опа, менинг ишдан кетиш ниятим йўқ, нимага чақираётганларини ҳам билмайман, – десам ҳам анчагина нордон гапларни эшитдим.
Сарвар Азимов шошиб турган эканларми, ҳар ҳолда гапни калта қилдилар:
– Эртадан бошлаб “Шарқ юлдузи”да масъул котибликни бошлайсиз. Иш ҳам оғир, вазият ҳам оғир, лекин сиз ёшсиз, эплаб кетишингизга ишонаман.
Бу гапларни амр оҳангида айтдилар. Менинг фикрим, хоҳишим билан қизиқмадилар ҳам. Лола опанинг топшириқларини бажариш учун имкон ҳам қолдирмаган бўлсалар-да, эътироз билдирдим:
– Ишончингиз учун раҳмат, лекин бунақа масъулиятли вазифаларда ишламаганман, коммунист ҳам эмасман, нашриётдан бўшашим ҳам осон эмас, қўлимда анча ишларим бор.
– Партия масаласи билан ишингиз бўлмасин, – деб телефон гўшагини кўтардилар-да, нашриёт директори билан боғландилар, – Жуманиёз Жабборович, Тоҳир Малик эртадан бошлаб “Шарқ юлдузи”да иш бошлайди. Расмиятчиликларини тезлаштиринг.
Юмшоқ табиатли бўлган Жуманиёз ака бу гапга эътироз билдирмадилар шекилли, гап чўзилмади. Қизиқ, Сарвар аканинг нашриёт директорига буйруқ беришга ҳақлари йўқ эди. Директорнинг раҳбари Давлат матбуот қўмитасининг раиси ҳисобланарди. Шунга қарамай, Ёзувчилар уюшмаси раҳбарининг истаги муҳокама қилинмасди. Ўша заҳоти журнал Бош муҳарририга ҳам қўнғироқ қилиб буйруқни билдирдилар.
Журнал жамоаси каминани яхши билишса ҳам, мен худди осмондан тушгандай бўлдим. Журналдаги фаолиятим баёнларига ўтишдан олдин, зийрак ўқувчиларимизда туғилиши мумкин бўлган “Сарвар Азимов билан қандай танишиб қолгансиз?” деган саволга жавоб бериб ўтайин.
Комил Яшин Ёзувчилар уюшмасини жуда узоқ вақт – 1958–1980-йиллар давомида бошқардилар. Зиммаларига ҳаддан зиёд вазифалар юклангани туфайли чарчаганлари мажлисларда сезилиб қоларди. Рус тилида ёзиб берилган маърузаларни ўқиб тугатгунларича мажлис аҳлининг тоқати тоқ бўларди. “Оқсоқол дам олсалар ҳам бўларди”, деган гап-сўзлар катта-кичик давраларда очиқ-ойдин айтиларди. Бизда ҳам шундай истак бор эди, аммо дилимиздагини тилимизга чиқармасдик. Катталарнинг гап-сўзлари ортида раислик мартабасини кўзлаш борлигини сезиб турардик. Баъзан ёшлар даврасида “Бу тахтни ким эгаллайди?” деган баҳсга ҳам гувоҳ бўлиш мумкин эди. Шахсан мен Ўлмас Умарбековнинг раис бўлишларини орзу қилардим. Гарчи бу борада ёшларнинг фикри аҳамиятсиз бўлса-да, ўзимизча мунозара қилардик. Ёзувчиларнинг қурултойи (“съезд” дейиларди) яқинлашгани сайин раиснинг янгиланиши ҳақидаги гапларда жон бордай кўринарди. Энг биринчи номзод, кўпчиликнинг фикрича, Ҳамид Ғулом эдилар. Ҳамид ака яхши раҳбар эканликларини нашриёт директори лавозимида ишлаган йиллари кўрсатган эдилар. Қолоқ нашриётни миллионер даражасига олиб чиққандилар. Нотиқлик санъатлари ҳам баланд эди. Қурултой арафасида Ҳамид ака раис бўлишларига шунчалик ишонибдиларки, нашриёт жамоаси билан хайрлашиб ҳам қўйибдилар.
Қурултой очилишида раёсатда Сарвар Азимовни кўриб, раислик ҳақидаги тахминларга ўзгариш киритилди. Ливан ва Покистонда СССРнинг Фавқулодда ва мухтор элчиси вазифасини бажарган Сарвар Азимов у кунлари СССР Ташқи ишлар вазирлигида ишлардилар. Москвадаги катта лавозимни ташлаб, Ёзувчилар уюшмасига келишларига кўпчилик ишонмаган эди. Ўзбеклардан чиққан Фавқулодда ва мухтор элчилар орасида Нуриддин Муҳиддинов билан Сарвар Азимовнинг обрўйи зиёлилар орасида баланд эди. Сарвар Азимов Ўзбекистон ССР ташқи ишлар министри лавозимида БМТ минбаридан нутқ сўзлаганларида ҳамма фахрланганди. 1956 йили Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасини бошқарган кезларидаги фазилатларини катта авлод унутмаганди. Қурултойнинг ҳисобот ва дастлабки сайлов қисми якунлангач, Пленум аъзолигига сайланганлар раис ва бошқарув аъзолари номзодларини кўриб чиқиш учун қолдилар. Биз – ёшлар эса тахмин ва орзуларимизни орқалаб, турли ошхона ёки чойхонада давра қуриб, қурултой натижасини интиқ кута бошладик. Ўша куни “Ёш ленинчи”да ишлаётган дўстимиз Мирзакарим Пирматов Комсомол мукофотига сазовор бўлганди, қутлагани уйларига бордик. Мирзакарим Саид Аҳмаднинг суюкли шогирдларидан эди. Саид Аҳмад ака қурултойдан чиқиб келадиган бўлдилар. Сарвар Азимовнинг раисликка (“Биринчи котиб” дейиларди) сайланганлари ҳақидаги хушхабарни ҳам Саид Аҳмаддан эшитдик. Саид Аҳмад ака биз учун қувончли бўлган бу хабарни нохуш кайфиятда айтганларидан ажаблангандим, Сарвар Азимовни ёқтирмасликларини кейинроқ билиб, баттар ажабландим. Сарвар аканинг сайланишлари кўпчилик учун кутилмаган воқеа бўлибди. Ҳатто мажлиснинг сайлов қисмини бошқарган Марказқўм котиби О. Салимов ҳам буни қурултой бошланадиган куни билган экан.
Сарвар ака иш бошлаган дастлабки кунлариданоқ Ёзувчилар уюшмаси мавқеини кўтариш ҳаракатини бошладилар. Қарангки, 2-3 миллион аҳолиси бор Гуржистон Ёзувчилари уюшмасининг аъзолари мингдан ортиқ, 25 миллионли Ўзбекистон ёзувчилари уюшмасининг аъзолари эса 400га етмас экан. Албатта бадиий адабиётнинг салмоғини уюшма аъзоларининг сони белгиламайди. Ҳазрат Навоий даврларида уюшма ҳам, аъзолари ҳам бўлмаган. Лекин Совет тузуми даврида ёзувчиларга яхши шароит яратиб берилиши учун аъзолар сонининг аҳамияти бор экан. Шуни эътиборга олиб, вилоятларда уюшманинг кўчма мажлислари ўтказилиб, унда кўплаб ёшлар аъзоликка қабул қилиндилар. Ҳатто китоблари чиқмаган, аммо умидли ёшларни ҳам қабул қилишди. Бу ҳаракат эътиборли ёзувчилар томонидан танқид ҳам қилинди ва танқидда жон бор эди. Ёшлар умидли, аммо барчаларини қобилиятли деб бўлмасди. Чўғ бор эди, бироқ, ҳар қандай чўғ ҳам аланга олавермайди. Танқидларга қарамай, уюшма аъзолари сони кескин кўпайди. Бу рақамларга қаранг: уюшма ташкил топган 1934 йили аъзолари 30 ижодкордан иборат бўлган. Бу рақам 1976 йилда 334, 1981 йилда 432, 1984 йилга келиб 600га етдики, шунга қараб, Москвадан талаб қилиб олинадиган нарсалар ҳам ошди. Биринчи галда уюшмада ишловчи адабий маслаҳатчилар сони ошди, вилоятлардаги бўлимлар фаолияти яхшиланди. Ҳар йили декабрь ойида бериладиган 10та “Москвич” автомашинаси ўрнига “Жигули” берила бошланди. Москвага бориб машина ҳайдаб келиш машаққати тугатилди. Йиллар давомида автомашина олиш учун навбатда туриш ҳам барҳам топди. Бошқа идораларда бу навбат рўйхатига ёзилган одам 4-5 йилда ниятига етарди. Ёзувчилар уюшмасида эса “Кимга машина, кимга гилам керак?” деб сўрайдиган бўлишди. Тошкентнинг Дархон аталмиш жойида олимлар учун шинам уйлар қурилган эди, шунинг бир қаноти ёзувчиларга берилди. Хуллас, Ёзувчилар уюшмаси катта вазирлик имтиёзларига эга бўлди.
Бу каби ўзгаришлардан кўпчилик қувонса-да, норозилар, ҳатто ғайрилик қилувчилар ҳам бор экан. Сарвар ака юқори мартабаларда ишлаганлари учунми, ички тартиб-қоидаларни ҳам шу даражада бўлишини талаб килганлар. Шулардан бири – у кишининг қабулхоналарига етиб бориш қийинроқ эди. Бу ҳол халқ орасида “бюрократлик” (“тўрачилик”) деб аталиб қораланарди. Тўғри, раиснинг хонасига ҳамма ҳам киравермасди. Ўринбосарлар ҳал қиладиган масалалар бўлса, уларнинг қабулига юбориларди. Раис кўпчилик учун хизмат қилардилар, ишлари кўп эди. Москвага ва хорижга сафарлари ҳам кўп бўларди. Номи улуғ ёзувчилар зарур юмушлари бўлса-бўлмаса раис ҳузурига кириб, соатлаб гап сотардилар. Ёзувчилар уюшмасидаги мажлислар камлик қилгандай, Марказқўм ва бошқа расмий идоралардаги йиғилишларга боришлари шарт эди. Бундай ҳолат Комил Яшин даврида ҳам мавжуд эди. Лекин нима учундир баъзилар ўтган кунларни унутиб, янги раисдан норози бўлардилар.
Бир куни “Шарқ юлдузи”даги хонамда ўтирганимда Ҳабибулла Қодирий кириб келдилар. Машқлари сал пастроқлиги сезилиб турибди. Билсам, Сарвар Азимов банд эканлар, қабул қилмабдилар. Ўринбосарга учрашишлари лозимлигини айтибдилар. Бунақа ҳолат ҳамма идораларда учрайди. Агар мақсад бир масалани ҳал этиш бўлса, бошлиққа ёки ўринбосарга учрашиш аҳамиятсиз гап. Муҳими – масалани ҳал этиш. Улуғ устознинг ҳурмати инобатга олинса, Ҳабибулла ака учун 2-3 дақиқа вақт ажратиб, гапларини эшитсалар ҳам бўларди. Сўнг: “Бу ташвишларингизни муовиним ҳал қилиб беради, ишнинг боришини ўзим назорат қилиб тураман”, десалар янада олам гулистон эди. Лекин, айтганимдай, юқори идораларда ишлаганларининг ҳавоси сезилиб қолардики, мансаб пиллапояларидан кўтарилаётган ёшлар бундай иллатдан эҳтиёт бўлишса, ўзлари учун яхши. Бугун катта-кичик амал тахтида ўтирган азиз ёшларимиз ҳақига дуолар қилган ҳолда, айримлари кибру ҳаво иллатига чалинганлари учун халқ эътиборидан қолаётганларини, ҳатто қарғиш олаётганларини афсус билан таъкид этаман.
Искандар Зулқарнайн саркардалари билан ўтирганда улардан бири дедики:
– Эй олампаноҳим! Сиз кўп уйланинг, фарзандларингиз кўпайсин. Дунёда сиздан анчагина ёдгор қолсин.
Бу насиҳатни эшитган Искандар Зулқарнайн кулимсираб қўйиб жавоб қайтарди:
– Менинг ёдгор фарзандларим – ҳаммага қилган яхши муомалам, яхши сўзларим ва гўзал хулқ-атворимдир. Булар туфайли халқ мени ҳурмат билан тилга олади. Номимни доимо яхшилик билан ёд этади.
Бир донишманд насиҳат китобида бундай ёзган экан:
“Эй одам! Сен ҳеч қачон улуғлик кетидан қувма! Улуғликни излаш, барчадан устун бўлишни хоҳлаш чин инсон хислати эмас. Кийиниш ва ясан-тусан билан ўзингни кўрсатишга уринма. Чунки бундай қилиш ясама обрў талаб қилишдир. Ўтаётган умрингдан бехабар бўлма, уни ўқиш ва ўрганишга сарф қил! Бахтиёрлик ва саодатлик асосини қўлга киритишга урин! Билгинки, ҳаёт доимо зийрак бўлиб киши ўзидан огоҳ бўлиши учундир. Уни ейиш ва ичиш, ухлаш учун деб ўйлама!”
Киши қилган яхшилиги туфайли гуноҳ орттириши мумкинми? Яхшилиги учун жамоат ундан юз ўгириши мумкинми?
Ғалати, ҳатто бемаънироқ савол, а?
Албатта, яхшилик туфайли гуноҳ орттирмайди, балки кейинроқ, шу яхшилиги туфайли мақтала бошланганида шуҳратга берилиб, ғурур отига минганида гуноҳ кулбаси эшигини очади. Ана шунда жамоа ундан юз ўгиради.
Дунёнинг ишлари шунақа ажабтовур: кишини яхшилиги учун мақтаб, кўкларга кўтарадиган, кибр балосига гирифтор қиладиган ҳам жамоа, шу хасталиги учун ундан юз ўгирадиган ҳам шу жамоанинг ўзи.
Ҳа, қилинган ҳар қандай яхшилик ортидан шуҳрат келади. Пайғамбаримиз алайҳиссалом умматларини “шуҳрат – офатдир”, деб огоҳлантирганлар.
Дунёда ҳамма нарса сўнади. Бугун кўзни қувонтириб турган юлдузлар, ҳатто вақти етганда қуёш ҳам сўнади. Шуҳрат сўнмасинми? Шундай экан, шуҳратга маҳлиё бўлганларнинг керилишларига, кеккайишларига нима деймиз? Сўнгган юлдуз эҳтимол фазода парча-парча бўлиб йўқ бўлиб кетар. Шуҳрати сўнган кибр эгасининг ҳоли не экан? Охирати не экан? Аслини олганда, бутун дунёдаги шону шуҳратни тўпласангиз, биттагина буғдой бошоғи каби қадрли эмас. Буғдойнинг нафи бор, бироқ, шону шуҳратнинг ҳатто ўз эгасига ҳам фойдаси йўқ. Эҳтимол, топган шуҳратидан фойдаланиб, турмушини бир оз яхшилаб олар ёки зиёфатларда тўрда талтайиб ўтирар, лекин, фикримга қўшилинг, азизлар, бу ҳам ўткинчи, вақтинчалик кераксиз бир дабдаба!
Машҳур қонуншунос олим шайх Абу Бакр Нишопурий маъно мулки сари йўл топганлардан эди. Бир куни у ўзининг обод маскани бўлган Нишопур шаҳридан саёҳат қилиш учун йўлга чиқди.
Унинг шайхлик мартабаси ниҳоятда баланд бўлиб, мухлис ва хизматкорлари ғоят кўп эди. Кажава ва туғ кўтариб юрувчилар ва олий насаб ходимлари беҳисоб эди. Шайх уларга шукуҳ билан назар солди. Қараса, олди ҳам, орқаси ҳам – бутун теварак атрофи сон-саноқсиз кишилар билан ўралган. Бу хаёл унинг кўнглидан ўтиб, бир зум ширин ўйга берилди. Худди шу маҳал бир эшак ҳанграб, ногаҳон орқасидан ел чиқиб кетди.
Бу ҳолатда шайх ёқимли бир рамз кўриб, жазбга тушиб айлана бошлади. Сўнг ўзидан кетиб йиқилди. Унда содир бўлган бу ҳолатни кўрган яқин кишилари ва муридлари унинг бошига йиғилишди. У ўзига келгач, шайхнинг бир маҳрами “Бу не ҳол эди?” деб кайфият сўради. Шайх жавоб қилди:
– Эй сирдош ўртоқ! Менга шум нафсим ҳужум қилиб, атрофимдаги халқни ўзимга тобе деб ўйладим. Кўнглимга келдики, тўғри йўл кўрсатувчилардан, толиблар ва соликларга мадад берувчилардан на Жунайд, на Шиблий, на Боязид, на Убайд, на Нурий ва на Абу Саид – улардан қайси бири бу хил обрў-эътибор топиб, фақр йўлида бунчалик кўп одамлар гуруҳига эга бўлган экан?! Нафс менинг кўнглимга шу хаёлни солган маҳалда ўша эшак тўғри жавоб берди. Мен ундан керакли жавобни топдим. Завқ-шавққа берилиб, ўзимдан кетишимнинг боиси ҳам ана шу эшак эди.
Қизиғи шундаки, шайхга эшак ҳанграб, бу хил танбеҳ билан унга тўғри йўл кўрсатди-ю, у бундан жазавага тушиб, беҳуда хаёллари бошидан ел каби чиқиб кетса! Бу иш фақат инсофли кишилар қўлидан келади. Кимки инсоф эгаси бўлса, бу ишнинг маъносига тушунади. Бироқ ҳар қандай шуҳратпараст, пасткаш ва разил кишилар бундай улуғ давлатга ета олмайдилар.
Ўзидан яхши ном қолдириш билан шуҳрат топишга интилиш бошқа-бошқа нарса. Буларнинг биринчиси фазилат, иккинчиси эса иллатдир. Донишмандлар яхши ном қолдиришни алоҳида бир умр, деганлар. Нафас олувчи тирик жон борки, охир-оқибат ўлади. Одамнинг бири озроқ, иккинчиси кўпроқ яшайди. Сўнг барибир вафот этади. Лекин подшоҳнинг ҳам, оддий одамнинг ҳам вафотидан қоладиган нарсаси – номи бор. Ҳазрат Навоий таъбирлари билан айтганда, бу дунёни гулшанга қиёс қилсак, бу гулшанда тирик қолувчи гул йўқ – ҳаммаси қурийди, чирийди. Ҳамонки, одам ҳам мангу яшамас экан, ундан яхши номнинг қолиши буюк ва ажойиб бир саодатдир.
Султон Маҳмуднинг жуда гўзал боғи бор эди. Бир куни боғда отаси Носируддавла Сабуктакин шарафига зиёфат берди. Зиёфатдан кейин ўғли отасидан сўради:
– Азиз отам, менинг бу боғим ҳақида нима дейсиз, сизга маъқул бўлдими?
Ота жавоб берди:
– Эй кўзимнинг нури ўғлим, боғинг бағоят зебо ва дилкушо боғдир, аммо давлати, бойлиги бор ҳар бир киши бундай боғни бунёдга келтира олади, лекин сен кўпларга муяссар бўлмаган бир боғни вужудга келтирки, унинг мевасидек мева ҳеч ерда топилмасин.
– Сизнинг таъриф қилганингизча, бунёдга келтириш ҳар кимга ҳам муяссар бўлмаган у боғ қандай боғ экан? –деб эди, ота жавоб берди:
– У боғ олиму фозиллар, адибу шоирлар, донишмандлару ва бошқа ахлоқли, тарбияли улуғ зотлар суҳбатидир. Шу улуғ зотлардан тарбия топиб яхши ишлар зуҳурга келтириш унинг дарахти бўлиб, меваси эса яхши номга эга бўлишдир.
Куни мақтовчилар даврасида ўтган одам сохта шуҳрат топади, донишмандлар даврасидан жой олгани эса яхши номга сазовор бўлади. Биринчиси тез гуркираб ўса бошлаган, лекин илдизи тошга тегиб қурий бошлаган ниҳол тақдирини эслатади. Иккинчиси эса узоқ йиллар давомида ширин-ширин мевалар билан кишилар дилига роҳат берувчи дарахт кабидир.
Кўп одамлар ёшлик кезлари адашадилар: шуҳрат ва бойликка эришишнинг энг осон ва тўғри йўли деб мансабга интилишни танлайдилар. Тўғри, каттами ё кичикми, қатъи назар, ҳар қандай мансабда турли имтиёзлар бор. Лекин, бу имтиёзлар, мансаб туфайли эришиладиган шуҳрат ёки бойлик – ҳаммаси ўткинчи. Киши мансабдан тушиши билан шуҳратдан айрилади, дўстларнинг кўпи уни “унутади”, тўплаган бойлиги ҳам бир кунмас бир кун тугайди. Шу боис донишмандлар мансабга интилишдан қайтарганлар. Шу ўринда аниқлик киритиб олайлик: аҳли дониш мансабдан эмас, мансабга берилишдан, маҳлиё бўлишдан, мансаби туфайли керилишдан ёки ҳаромга берилиб кетишдан қайтарганлар. Аниқки, жамият мансабсиз яшай олмайди. Каттами-кичикми мансаб ўринларини кимдир эгаллаши шарт. Агар барча мансабдан қайтарилса, жамиятни ким бошқаради? Мансаб бор экан, мансабдор ҳам бўлади. Ҳар бир одам мансабдор бўлишни орзу қилиши, ҳатто интилиши мумкин. Лекин мансабдорликни ҳамма ҳам эплайвермайди, гап мана шунда! Мансаб шунчаки ҳавас эмас, масъулият эканини англаган кишигина ўз вазифасини сидқидилдан бажара олади. Каттами-кичикми вазифага кишининг лойиқ ёки лойиқ эмаслиги масаласи ғоят муҳим. Киши шу хислатига қараб масъулият юкини кўтара олади. Муаммоларни адолатли ҳал этиши ҳам шунга боғлик.
“Муфтийлик вазифасини зиммангизга олинг”, деб азизлардан бирига мурожаат этдилар. Ҳазрат бу таклиф учун раҳмат айтиб, дедиларки:
– Сиз менга ниҳоятда улуғ мартабани таклиф этяпсиз, мен бунга лойиқ ҳам, тайёр ҳам эмасман.
Шундай деб бир гала қушларга яқинлашдилар. Қушлар ҳуркиб, учиб кетишди.
– Ана, кўрдингларми, ҳатто қушларнинг менга ишончлари йўқ. Менга муҳлат беринглар, – дедилар ҳазрат.
Муҳлат берилди. Муддат етгач, яна таклифни такрорладилар. Ҳазрат яна қушлар галасига яқинлашдилар. Қушлар бу сафар чўчишмади, аммо қўлларига олмоқчи бўлганларида учиб кетишди.
Яна муҳлат сўрадилар ва ўзларини яна тақво йўлида тарбия қилавердилар. Таклиф учинчи сафар айтилганда, қушлар ҳуркишмади, қўл чўзсалар, кафтларига қўнишди…
Киши бирон мансабни орзу қилса, ўзини бу амалга руҳий томондан шундай тайёрлаши керакки, токи атрофидаги одамлар унга тўла ишонсинлар.
Абу Зарр (р.а.): “Ё Расулуллоҳ! Менга бирор иш бермайсизми?” дедилар. Аллоҳ таолонинг Расули (с.а.в.) саҳобанинг елкаларига қўлларини қўйиб бундай марҳамат қилдилар: “Эй Абу Зарр, сиз заифсиз, вазифа (амал) эса омонатдир. Вазифа ва жавобгарлик Қиёмат Кунида пушаймонлик ва залилликдир. Албатта, бу вазифани ҳақ ила адо этган, устидаги вазифа билан боғлиқ вожибларини бажарган вазифадорлар бундан мустасно”. Яна бир ҳолда дедилар: “Сизлар амалдорлик хусусида жуда эҳтиросли бўласиз. Бироқ бу Қиёмат кунида пушаймонлик бўлади”. Пушаймонлик, албатта, ўз вазифасини яхши бажармаган, мағрурланган, ҳалол-ҳаромни ажрата олмаган кишиларда бўлади. Адолат ва ҳалоллик билан раҳбарлик қилган киши нимадан пушаймон бўлсин?
Абдураҳмон ибн Сумрога (р.а.) Набий муҳтарам (с.а.в.) бундай дедилар: “Эй Абдураҳмон, амалдорликни истама, чунки бу вазифа сенга ўзинг истамаган ҳолда берилса, сенга ёрдам қилинади. Агар бу вазифа талабингга кўра берилса, сен бунинг жавобгарлигини олган бўласан”.
Ҳар қандай мансабни рад этиб, ҳар қандай мансабдорни танқид қиличи билан чопавериш тўғри эмас. Бизда бундай нотўғри одат бор: дейлик, бир раққоса енгилоёқ бўлса, барча раққосаларни бузуқликда гумон қила бошлаймиз, бир сотувчи тарозидан урса, барча бозорчиларни инсофсизликда айблай бошлаймиз, бир амалдор пора олса, барча амалдорларни порахўр, дея бошлаймиз. Аслида ундай эмас. Ҳар бир ишда, соҳада яхши ва ёмон борки, бир одам учун умумни айблашга ҳаққимиз йўқ.
Бир подшоҳнинг меросхўр фарзанди йўқ эди. Ўлар олдида дедики: “Жоним чиққан заҳоти шаҳар дарвозасидан биринчи бўлиб ким кирса, тожни унинг бошига кийдиринг, мамлакатни унинг қўлига топширинг”. Иттифоқо, ўша онда дарвозадан бир дарвиш кирди. Васиятга биноан, унга подшоҳлик топширилди. Вақт ўтиб, айрим умаро итоатдан бош тортди, лашкар тўплаб, унга қарши уруш очдилар. Баъзи шаҳарлар улар қўлига ўтиб, дарвиш фиғон чекаётган пайтда унинг бир жаҳонгашта дўсти узоқ сафардан қайтиб, бошкентга кирди-ю, биродарини подшоҳлик тахтида кўрди. Шунда собиқ дарвиш афсус билан бош чайқаб дедики: “Э ёр, менинг ҳолимга таъзия қил ва таҳния қилмағил, нединким, бурун сен кўрганингда менда бир ноннинг ғами бор эди, эмди бошимда бир жаҳоннинг ғами бордир”. Туркларнинг тарихдаги султонларидан бири Ёвуз Султон бу хусусда дебдики:
Подшоҳи олам бўлиш бир қуруқ ғавғо эмиш,
Бир валийга мурид бўлиш жумладан аъло эмиш.
Шунинг учун ҳам Иброҳим Адҳам ҳазратлари подшоҳлик тахтидан воз кечганлар. Шунинг учун ҳам Мирзо Бобур “подшоҳман, лек элга қулдурмен”, деб ёзиб кетдилар. Ҳа, шундай! Агар киши уч-тўрт ёки уч-тўрт юз одамга раҳбар бўлса, зиммасидаги ташвиши ҳам шунга ярашадир. Буларга адолат билан муносабатда бўлдими ё йўқми, Қиёматда ҳисоб беради. Ишдан кетадиган пайтда қўл остидагилар ачинадиларми ё “қутулганимизга шукр!” деб қарсак чаладиларми, бу ёғи ҳам бор…
Аслида мансабнинг ҳавас қиладиган иш эмаслиги барчага маълум. Мансабдорга кимдир таъзим қилиши, совға-салом олиб келиши мумкин. Таъзимдаги одам кечагина бу ўринда ўтирган бошқа одамга қуллуқ қилган эди. Эртага бошқасига… Ажабки, инсоният тарихида мансаб талашиш баъзан ошкора, гоҳида зимдан юз беришини биров инкор қилмаса керак. Амал талашишда бир-икки одам жабр чекишини, ҳатто фожиалар юз беришини биламиз, лекин жамиятнинг зарар кўришини-чи? Расулуллоҳ (с.а.в.) Абу Дардога (р.а.) буюрган тўққиз амалнинг бирида: “…гарчанд ишбоши бўлган одамдан кўра ўзингни шу амалга муносиброқ деб билсанг ҳам, улар билан амал талашма (итоат эт)”, деб марҳамат қилганлар.
Аллоҳ таолога исён қиладиган кишига, у ким бўлса бўлсин, итоат этилмайди. Раҳбар қай мартабада ўтиришидан қатъи назар, қўл остидагиларни гуноҳ ишга амр эта олмас. Амр этган тақдирда қўл остидаги итоат этмас. Бундай ҳолат бизнинг дунёвий қонунларимизда ҳам мавжуд. Бошлиқ хизматчисига қонундан ташқари бир ишни буюра олмайди. Буюрса, “Мансабини суиистеъмол қилди”, деб жазога тортилади.
Дейлик, раҳбарингиз “Фалончидан пора олгин-у, қонунга зид бўлса ҳам, ишини тўғирлаб юбор”, деса, оқибатини ўйламай-нетмай, бажараверасизми? Ёки ўзидан каттароқ бошлиқни “йиқитиб”, ўрнига ўтириши учун сизнинг хизматингиздан фойдаланмоқчи бўлди. “Бу одамнинг устидан шикоят қилиб, катта идораларга ариза ёз”, деб фитнаю иғвога даъват этди. Буйруқни бажармасангиз ўзингизга қийин бўлади. Бажарсангиз, фитна амалга ошиб, раҳбарингиз бир поғона кўтарилган тақдирда сиз ҳам қуруқ қолмассиз. Хўш, икки йўл турибди, қай бирини танлайсиз? Учинчи йўлни – ҳалоллик ва адолат йўлини кўрмаяпсизми?
Бугун катта мансабларни эгаллаш орзусида юрган ёшларимизга яна бир-икки ҳикматни эслатсам: аввали шуки, ҳамонки осмонга учишни ният қилаётган экансиз, қўниш машаққатини ҳам унутманг. Оғир тош ердан минг азоб билан кўтариб олинади. Уни ташлаб юбориш эса жуда осон. Ўсиб, мартабага эришиш худди тош кўтаришга ўхшайди. Мартабадан тушиш эса тошни ташлаб юборишдек бир ҳолдир.
Бедовга миндингми тушасан шундай,Эл билан бир бўлсин кечанг ҳам кундай.Амалга миндингми чиқма осмонга,Осмондан тушгунча бўласан қумдай.
Айрим кичик амалдорлар ўзларини катта мансабдордан ҳам баландроқ ҳис қилиб, пастдагилар билан беписанд гаплашадилар. Бирон катта идорага кирсангиз, яқиндагина кичик мансабга етишган киши ўзини вазирдан ҳам баландроқда кўраётганига гувоҳ бўласиз. Сизга керилиб турганида вазир келиб қолса, аҳволини кўраверасиз. Шунақаларга бу ҳикматни эслатаман:
Подшоҳ Искандар бир девонага йўлиқди. Девонанинг баъзи ҳаракатлари подшоҳга хуш келиб, айтдики: “Эй девона, мандин бир нарса сўрагил, тила тилагингни!” Девона айтдики: “Эй ҳукмдор, бу пашшалар ҳамма вақт менга ташвиш берадурлар. Юз ва қўлларимни чақиб, ранжитадурлар. Буюрсангизки, пашшалар менга бундай озор бермасалар”. Подшоҳ айтди: “Эй девона, мандин шундай нарса сўрагилки, ул нарса маним ҳукмимда бўлсин. Ман пашшага нечун буйруқ қилурман?” Девона айтди: “Эй подшоҳ, дунёдаги махлуқларнинг энг кичкинаси ва ожизроғи пашшадир. Шул пашшагаки, ҳукмингиз юрмаса, эмди сиздан нима сўрарман?”.
Аҳвол шундай: пашшага ҳам ҳукм ўтказа олмайдиган кишиларнинг гердайиб юришларини ҳам, оқибатини ҳам кўрдим. Бир мен эмас, ўтмишдан то ҳозирга кунга қадар барча кўрган ва кўряпти, аммо, афсуски, барча бир ҳилда ибрат олмаяпти. Ёшларга насиҳатни бас қилиб, Ёзувчилар уюшмасидаги воқеаларга қайтай:
Амал тахтига янги ўтирган раҳбарнинг ишни ўринбосарларини алмаштиришдан бошлагани хусусида мисоллар кўп. Уюшмада ҳам шундай бўлди. Қарийб 20 йил Комил Яшинга ўринбосар бўлган шоир Рамз Бобожонни вазифасидан озод қилдилар. Уюшма низомига кўра, бу мартабадаги амалдор фақат раиснинг истаги билан бўшатилмайди. Раис ва унинг ўринбосарлари пленум аъзолари мажлисида кўриб чиқилади ва ёпиқ овоз билан сайланади. Низомда шундай ёзилган, лекин коммунистлар бошқарган жамиятда барча сайловлар кўзбўямачиликдан иборат эди. Фалончини вазифасидан озод қилиш, Пистончини эса шу ўринга ўтқизиш таклифи овозга қўйилса, якдиллик билан сайланарди. Сарвар Азимов Рамз Бобожон ва Нормурод Нарзуллаев билан ишлашни хоҳламаса, бу хоҳиш Марказқўмда маъқулланса ва уларнинг ўрнига Ўктам Усмонов ва (кейинги пленумда) Саъдулла Караматов тавсия этилса, Пленум аъзоси бўлган ёзувчи овоз бериб, қўл кўтармасинми? Ўзбек муовинлар ўзгартирилиб, биринчи ўринбосар Борис Пармузин жойида қолди. Асли воронежлик, юридик институтини тугатган, адабиётга ҳарбий мухбирликдан кириб келган бу одам ўзбек асарларини рус тилига таржима қилган, юмшоқ муомалали ижодкор эди. Қайсидир мажлисда иштирок этиб, пешинда дам олиш учун уйига эмас, хушториникига борган экан, уятли ўлим топибди. Унинг ўрнига яна бир юрист ўтирди. Томскда туғилиб ўсган Евгений Березиков милициянинг жиноят қидирув бўлимида кўп йиллар хизмат қилган, илм билан ҳам шуғулланиб “Юридик фанлари номзоди” унвонига етишган, сўнг партия вазифаларида омадли пиллапоя босқичларини босиб ўтиб, Шаҳрисабз шаҳар партия қўмитасининг биринчи котиби сўнг эса Самарқанд вилояти қўмитасининг иккинчи котиби вазифасида ишлаб юрган кезлари, партия ходимларига нисбатан Москванинг сиёсати ўзгариб, у амалдан туширилди-ю, ёзувчилик билан шуғуллангани инобатга олиниб, уюшманинг иккинчи раҳбари тахтига ўтқизилди. У ҳам Пармузин сингари ўзбекчани яхши биларди, муомаласи ҳам яхши эди. Ҳатто Қуръон ўқишни ҳам биларди. Уюшмадаги вазифасидан кетганидан кейин учта динни бирлаштиришга уриниб юрди, Исроилга ҳам бориб келди, Тибетда ҳам яшади. Ҳозир қаерда, нима иш билан бандлигидан хабарсизман.
Сарвар Азимов матбуот ва нашриёт ишларида ҳам янгилик қилишни бошладилар. Саксонинчи йилларнинг иккинчи ярмида мамлакатнинг аввалги ижтимоий-сиёсий аҳволига баҳо беришда “турғунлик” (застой) деган атама ишлатила бошланганди. Бу сифат Ёзувчилар уюшмасига ғоят мос эди. Баъзилар “Уюшма кўлмакка айланиб қолди”, дейишарди. Янги раиснинг аҳди шу кўлмакни шиддат билан оқувчи сойга айлантириш эди. Шу мақсадда “Ўзбекистон маданияти” газетаси ва “Шарқ юлдузи” журнали Бош муҳаррирлари ҳам алмаштирилди. Газета шаклини ҳам, номини ҳам ўзгартирди: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” деб атала бошланди. Газета Асқад Мухторга, журнал фан доктори Ҳафиз Абдусаматовга топширилди. “Ёзувчи” деган нашриёт ташкил этиш ҳаракатини ҳам бошладилар, аммо, афсуски, бу ният ўша йиллари амалга ошмади. “Ёшлик” журнали эса Эркин Воҳидов раҳбарлигида, Гулчеҳра Жўраева, Мурод Мансур, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон, Саъдулла Аҳмад иштирокида фаолиятини бошлади. Журналнинг “туғилиши” республика маданий ҳаётида тарихий, ёш ижодкорлар учун эса ғоят қувончли воқеа бўлди.
Катта-кичик раҳбарларни алмаштириш тиш суғуриш ва янгисини қўйиш каби оғриқли жараён ҳисобланади. Бир жойда кўп йиллар даврон сурган одам “раҳмат акажон”, деб кета қолмайди. Аксинча, юрагининг тўрига “хап, саними!” деган ғараз қуши тухум қўяди. Иссиқ ўринларини бўшатиб берганларнинг аламлари ичида экан. “Сарвар Азимов Рашидовнинг қариндоши”, деган ўйда ва хавотирда унга қарши ҳаракат бошлашдан ўзларини тийдилар. С. Азимов Ҳамид Олимжоннинг укалари эдилар. Ш.Рашидовга қандай қариндошликлари бор эди, билмайман. Катталар ҳақидаги миш-мишлар ҳам катта-катта бўлади. Буларга ишонган бор, ишонмаганлар бор. Мен кейинги тоифаданман. Тоғ чўққиси атрофида булутлар қуюқлашади, қор бўронлари кучлироқ бўлади, пастдагилар бундан бехабар. Камина шу бехабарлардан бири.
Туш кўрибман, даҳшатли бир туш.Иблис ёлворармиш Яратганига:“Инсоннинг макридан асрагин мени!”
Шароф Рашидовнинг вафотидан кейин “хап, саними!” деган ғараз тухумидан қасос қушлари учиб чиқиб, фаол ҳаракатларини бошладилар. Ўч олишдан уялганлари ҳам йўқ. Бутунлай янчиб ташлаш учун туҳмат тошлари отишдан ҳам тийилмадилар. С. Азимовнинг ўрнига Ў. Умарбеков сайландилар. Мен бу воқеанинг аввалроқ содир бўлишини орзу қилардим. Лекин кучли шахс ўрнига келганлари менга ҳам, бошқаларга ҳам қувонч бермади. Ўлмас ака ҳам уюшма фаолиятида янгилик қилмоқчи бўлдилар. Лекин аввалги натижаларга эришолмадилар, чунки у кишида аввалги шароит ва аввалги имкониятлар йўқ эди. 1985 йили партия Марказқўми котибаси Р.Абдуллаева истаги ва раҳнамолигида камчилик кўпчилик устидан тантанавор ғалаба қозонди. Эрта-индин ўзларининг аҳволи не кечишидан бехабар Марказқўм раҳбарлари Рашидовга яқин барчани йўлдан суришга астойдил киришиб кетдилар. Ў.Усмонов ва С.Караматов ҳам ишдан олинди. С.Караматов Бухоро обкомининг саркотиби ҳақида роман, Йўлдош Шамшаров эса Одилов ҳақида очерклар ёзганликда айбланишди. Академик М.Қўшжоновни ҳам бу ҳужум шамоллари четга сурди.
С.Азимовнинг ишдан олинишини Москва маъқулламади. Одатда Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмасининг раҳбари айни чоғда Осиё ва Африка ёзувчилари қўмитасининг раиси ҳисобланарди. Москва бу вазифада С.Азимовни қолдирди. Сарвар ака ишни Москвада давом эттирдилар.
Чидамак мумкинмас,
мумкинмас сира,
Ҳамоқат ҳайқирса, боқилса ўғри,
Фаҳш юрса, менман, деб тоза, бокира,
тўғрилиги учун қийналса тўғри.
Ҳали жуда кўпдир каламушният –
Дунёни кемириб, сотиб юрганлар.
Умрида ўтқизмай бирорта дарахт,
Занчалиш кўксига муштин урганлар.
(Шавкат Раҳмондан)
* * *
1981 йили август ойида чала ишларимни битириб олиш мақсадида Латвиянинг Юрмала шаҳарчасидаги ижод уйига бордим. Ярим кечаси жойлашиб, эрталаб ошхонага чиқдим. Чой ичиб ўтирсам, Сарвар ака янга билан кириб келишяпти. Салобатлари босиб, довдираб қолдим. Мени танимасдилар, шу боис туриб қаршилашга тараддудландим. Уларнинг столлари мен ўтирган томонда экан, ўрнимдан туриб салом бердим. Алик олиб ўтдилар. Нонушта қилиб бўлиб, индамай туриб чиқиб кета олмадим. Уларни кутдим. Кейин эргашиб, ташқарига чиқдим. Шунда у киши тўхтаб, мен билан қисқа тарзда танишдилар. Сарвар ака янги қурилган кўп қаватли иморатдаги хосхонага жойлашган эканлар. Мен жойлашган тахтадан қурилган эски бино денгизга яқин дарахтзор ва бутазор оралиғида эди. “Девона” (“Чорраҳада қолган одамлар”)нинг таҳрирга муҳтож чала жойлари бор эди. Буни битиргач, “Бир кўча, бир кеча” қиссасини якунига етказишни мўлжал қилган эдим. Вақтни бой бермай, ишни бошладим. Пешин ва кечки таом чоғи ва кейинги куни ҳам Сарвар ака билан ошхонадаги учрашувим салом ва аликдан нарига ўтмади. Учинчи куни нонуштадан кейин “Соат 12да хонамизга келинг”, деб таклиф қилдилар. Минг хижолат билан кириб бордим. Янга аччиқ-чучук қилаётган эканлар. Ишни тугатиб, столга қўйдилар. “Олинг-олинг”, деб зўрлашгач, бир қошиқ олиб оғизга солдим-у кўзимдан олов сачрагандай бўлди. Номига мос бўлмаган, яъни чучукликдан жуда нари, аччиқликда тенгсиз бу “аччиқ-чучук”ни қандай ютишни билолмай қолдим. Аҳволимни кўриб, кулишди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.