Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"
Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 9 (всего у книги 32 страниц)
– Покистонда шунақа аччиқ ейишга ўрганиб қолдик. У ернинг ҳавоси шуни талаб қиларкан, – дедилар янга. – Сиз ҳам ўрганинг, бунинг турган-битгани даво.
Ўзимни зўрлаб яна 3-4 қошиқ едим. Сарвар ака “Нималарни ёзяпсиз?” деб сўраганларидан сўнг ўзим ҳақимда гапирдим. Диққат билан эшитдилар. Фантастикага доир саволлар ҳам бердилар. Сўнг бу ерга Москва орқали келганларини, Кремлда “Ёшлик” журналини нашр этиш ҳақидаги қарорга имзо чекдириб чиққанларини айтиб, қувонтирдилар. Эҳтимол бу хушхабарни биринчи бўлиб мен эшитгандирман.
Шундан сўнг ҳар куни пешиндаги “аччиқ-чучукка” таклиф қилишди, аччиқ ейишга шу тарзда ўргана бордим. Сарвар ака Тошкент зилзиласи ҳақида роман ёзаётганларини айтдилар. “Зилзила оқибатлари тўғрисидаги ҳақиқатларни кўпчилик билмайди”, дедилар-у, романга доир янгиликлардан гапирмадилар. Тошкентда узоқ йиллар бўлмаганлари учун шаҳар ҳаётига доир кўп саволлар берардилар. Ҳатто “Ҳозир қайси ошпаз тўй ошини яхши дамлайди”, деб сўрадилар. Мен фақат маҳалламиз ошпазини билардим. Шу жавоб билан чекландим. Суҳбат чоғида табиблардан ҳам сўз очдилар. “Девона”да бу ҳақда сўз юритганим учун эндиги жавобим тайинли бўлди. Табибларнинг маҳоратини ўрганиш зарурлигини гапира туриб, “Ўлка медицина институти”ни ташкил қилишдан мақсад – бу ерда қадим табобат билан бугунги медицина ютуқлари бирлаштирилиши керак эди. Акси бўлибди, табобатни бутунлай инкор этишибди…” – деб афсусландилар.
Талабалик чоғим “Ўткан кунлар” китобини қўлга олганимда “Сарвар Азимов таҳрири остида” деган ёзувни ўқиб, “Буюк ёзувчининг асарини нега таҳрир қилишар экан?” ажаблангандим. Бу ҳақда сўрашга ийманиб ўтирганимда ўзлари сўз очиб қолдилар. 50-йилларнинг иккинчи ярмида Хрушчев Сталиннинг пўстагини қоқиб юрган кезлари Ўзбекистонда ҳам яхшилик куртаклари кўз оча бошлаган эди. Зиёлиларнинг қурултойида Н.Муҳиддинов нутқ сўзлаб, репрессия қурбонларининг номини тиклаш масаласини кун тартибига қўйдилар. Шунга кўра, биринчи галда халқнинг энг севимли асари “Ўткан кунлар” нашрга тайёрланган. Иззат Султон адиб ижодини атрофлича таҳлил қилиб, ижобий руҳда мақола ёзганлар. Академик Ойбек мақола билан танишиб, “Иззат Султон Абдулла Қодирий асарларини муфассал ўрганиб, ўз фикрини тўла гапирган. Мен диққат билан ўқиб чиқдим, унинг фикрларини қувватлайман…” Академик Ғафур Ғулом “Ойбекнинг фикрига қўшиламан”, деган қисқа хулоса билан қўл қўйганлар.
* * *
Юрмаладаги суҳбат чоғида Ойбек домланинг Абдулла Қодирий ижодига бағишлаб ёзган мақолаларидан сўз очгим келди. Аслида Сарвар акадан сўраб, билиб оладиган муаммоли масалалар анчагина эди. Шулардан бири Ҳамид Олимжоннинг Абдурауф Фитрат ижодига доир фикрлари ҳақида эди. Мен бу мақолаларни ўн йилча муқаддам ўқиб, бу давр ичида ўзим билан баҳслашиб юрган эдим. Ойбек домланинг мақоласига нисбатан Ҳ.Олимжон мақоласи кўнгимни кўпроқ ғашлаган эди. Бир қараганда, Сарвар ака билан суҳбатда мен учун кўп мавҳумликлар юзидаги ғубор кўтарилиши мумкин эди. Лекин шоирнинг укасидан бу ҳақда сўраш акс таъсир беришини гумон қилиб, тилимни тия қолдим. Ўша 50-йилларда “Ўткан кунлар”ни қайта нашр этишда Сарвар ака Ойбек домла билан маслаҳатлашган бўлсалар керак. Эҳтимол, Юсуфбек ҳожининг айрим сўзлари шу маслаҳат натижаси ўлароқ қисқартирилгандир.
Бўри – бўридир,бўлмас қўзичоқ.Қўй терисига ўраб қўйсанг ҳам.
Ўзбекистон комфирқаси Марказқўми бюросининг 1957 йил 13 октябрдаги мажлиси (Муҳиддинов, Мельников, Рахимбобоева, Йўлдошев, Лучинский, Рашидов, Камолов, Алимов иштирок этган) “ёзувчи Абдулла Қодирий (Жулқунбой)ни оқлаш (реабилитация) масаласини кўриб чиқиб, икки банддан иборат қисқа қарор қабул қилди.
“Абдулла Қодирий (Жулқунбой) оқланиши сабабли, бу ҳақда матбуотда хабар бериш мақсадга мувофиқ деб топилсин. Ўзбекистон совет ёзувчилари союзи Бошқарувига Абдулла Қодирий асарларини ўрганиб чиқиб, улар орасидаги энг қимматлиларини нашрга тайёрлаш вазифаси топширилсин”.
Коммунистларнинг қилиғини қаранг: қодирийларни қамаш, отиб ўлдириш ҳақида хабар берилмаган эди, 20 йил мобайнида уларнинг тақдири оила аъзолари учун ҳам маълум эмасди. Ёзувчининг оқланиши ҳақидаги оддий хабар ҳам, марказқўмнинг қарори билан бўляпти! Қарорнинг 2-банди эса ғоят мавҳум: ёзувчи асарларидан энг қимматлиларини саралаб олиш керак!
Ўша кунларни эслаб туриб, Сарвар ака: “Китоб чиққанидан кейин ғаламислар қўзғолиб қолишди. Худди 1937 йилнинг шабадаси эса бошлагандай бўлди. Нуриддин Акрамович ўзларини четга олдилар. Барча ўқлар мен томон отилди, ҳатто партиядан ўчириш хатари ҳам туғилди”, дедилар. Ҳолбуки, партия қарорига асосан “энг қимматли асар танлаб олинган”, нашрга жузъий ўзгартиришлар киритилган, айрим жумлалар қисқартирилган эди. Ҳозир, орадан йиллар ўтиб, бемалол эркин фикрлашимиз, кимнидир, ниманидир айблашимиз осон. Шуни унутмайликки, эллигинчи йилларнинг ўрталарида бир доҳий ўлгани билан тузум яшамоқда, тузум янги доҳийни минбарга кўтармоқда эди. “Социалистик реализм”, “миллий масала”, “коммунизм”… деган тушунчалар аввалги доҳий даврида қандай бўлса, кейин ҳам ўша ҳолда кун тартибида турар эди. Яъни тузум иморати сақланган, фақат у ер-бу ердаги кўчган сувоқ ўринлари қайта сувалаётган эди. Бу – биринчидан. Иккинчидан, Абдулла Қодирий ва унинг дўстлари қўлларига кишан уриб берганлар ҳаёт эдилар. Улар айбларини бўйинларига олиб, осонликча чекина олмасдилар. Шунга кўра асарни асл ҳолича чиқариш имкони у даврда йўқ эди. Бир неча жумла олиб ташланмаса, асар бутунлай чиқмасдан қолиши мумкин эди.
Юрмаладаги ижод уйида ўзим белгилаган қатъий кун тартиби билан ишлардим. Дам олиш учун теннис ўйнардим, тонгда денгиз бўйида ёлғиз сайр қилардим. Сарвар ака ҳеч қаёққа бормаётганимни кузатганлар шекилли, “Эртага Ригани сайр қилиб келайлик. Кеннойингиз бу ерда зерикиб кетди, бизга ҳамроҳ бўлинг”, дедилар. Ижод уйидагиларни ҳар куни қайсидир шаҳарга сайрга олиб боришарди. Бунақа саёҳатларга қизиқмасам ҳам, Сарвар аканинг таклифларини рад эта олмадим. Ижод уйида дам олаётган турли миллат ёзувчиларининг оила аъзоларидан иборат гуруҳ билан пешинга қадар шаҳар айландик. Латвия аҳлининг қабристони диққатимизни тортди. Ниҳоятда батартиб, озода қабристон меъмор, ҳайкалтарош ва боғбонлардан иборат ижодий гуруҳ томонидан барпо этилган экан. Бу ерга ҳеч ким ўзбилармонлик билан дахма қуролмайди, ҳатто дарахт ҳам эколмайди. Бунда катта-катта қабртошлар йўқ. Ҳайкаллар ҳам кам. Биттаси кенг майдоннинг тўрида. Бир томонига мажнунтол, бир томонига терак экилган. Мажнунтол – қайғу-мотам белгиси, терак –ҳаётнинг давом этаётганидан дарак. Майдоннинг чап томонига I жаҳон уруши қурбонлари, ўнг томонига эса II жаҳон уруши қурбонлари дафн этилган. Улар жанг майдонларига дафн этилган миллатдошлари жасадини бирма-бир бу ерга кўчиришибди. Қабристондаги энг катта ҳайкал Латвиянинг буюк шоири Ян Райнис қабрига қўйилган. Биздаги каби шоирнинг қиёфаси акс этмаган, балки денгиз тўлқинларидан кўтарилаётган, уйғонаётган йигит кўринади. Бу миллатнинг уйғонишига ишора эди. Шоирнинг қиёфасига эмас, юрак дардига, юрак орзусига қўйилган ҳайкал! Айтишларича, бу ва шаҳар марказидаги озодлик ҳайкалидан сўнг ҳайкалтарош бошқа ишга қўл урмаган экан.
Ян Райнисга қўйилган ҳайкал Сарвар акага ҳам таъсир қилган экан, кечки пайт шу ҳақда гаплашиб ўтириб, “Бизнинг ёзувчиларимизга нима бўлган, а?” деб қолдилар. Саволга тушунмадим, нима деб жавоб беришни билмай турганимда ўзлари мушкулимни осон қилдилар:
– Бир-бирларини тинмай ғийбат қиладилар. Ғийбат ҳамма ерда бор, бунга ажабланмайман. Лекин ёзувчиларникига чидаш қийин. Икки ёзувчи ёшликдан дўст. Мартабасида ҳам, унвону мукофотларида ҳам бир-биридан кам жойи йўқ. Дўстликларини мустаҳкамлаш учун ҳатто қуда бўлганлар. Биттаси кириб, “Шу довдирни ишдан олиб яхши қилдингиз”, деса, иккинчиси “Бу аблаҳ ўйнашларига тўймай, энди менинг қизимга шилқимлик қилаяпти”, деса! Ўйнаш ҳақидаги гапларни эшитгандим, лекин ўз келинига шилқимлик қилиши, яна бу гапни қизнинг отасидан эшитиш мени ларзага солди. Шилқим қайнотани Худо урган бўлса, қизнинг отаси бу шармандали гапни бегона одамга қайси ҳаё билан айтяпти? Шилқимлик чин бўлса ҳам ота дардини ичига ютиб юрмайдими?
Бузуқликка доир гапларни олдин эшитган бўлсам-да, билмагандай ўтиравердим. Ғийбатни чуқурлашишини истамадим. Ёши катталарнинг ҳаётига баҳо беришдан тийилганим маъқул эди. Бу ҳақда кейин яна гаплар кўпайган бўлса-да, ҳозир ҳам эслашни лозим топмадим. Бусиз ҳам ёши катта ёзувчиларга нисбатан танқидларим кўпайиб кетяпти, маъзур тутасиз. Лекин катта авлоднинг ҳаётига доир бир армонли гапни айтиб ўтишим шарт: барчалари дея олмайман, айримларининг пешоналари саждага бормади… Баъзилари умра ибодатига ҳам бордилар, аммо ҳидоят йўлига барибир ўтмадилар. Буни биз ўтган тузумга боғлашга одатландик. Ҳамма нарсага тузум айбдор эмас. Борингки, тузумдан қўрқдилар, кейин-чи? Дин йўлидаги тўсиқлар олиб ташланганда-чи?
Яқин тарихимиздаги динга қарши хуружни “Абдуллаева даври” деб атаяпмиз. Тўғри, Р.Абдуллаева ғоявий ишлар бўйича Марказқўм котиби бўлганида динга қарши кураш кучайгандан кучайди. Одамлар ўтириб Қуръон ўқимасинлар, деб қабристондаги ўриндиқларгача олиб ташланди. Эски мозорлардаги дахмалар бузилди (бу воқеаларни унутмай, мустақиллик йилларида зиёратгоҳларнинг тикланаётганига шукр қилишимиз керак). Бу ҳужумни фақат Абдуллаевага боғлаш инсофдан эмас. Буйруқ Москвадан берилган эди. Ўша йиллари ёшлар орасида бўйнига крест (хоч) осиб юриш расм бўла бошлади. Бу ҳол насронийларнинг одатларидан бўлгани билан ёшлар динга қайтаётган эмасдилар. Бу шунчаки олифтагарчилик эди. Лекин комфирқа бундан чўчиб, атеистларни янги ҳужумга кўтарди. Москвада турган бўрон Ўзбекистонга ёпирилиб, тўзонни кўтарди. Бир куни Дўрмондаги ижод уйида Саид Аҳмад акани кўрганимда:
– Бу қанақа замон бўлди, Саидахоннинг қабрига гул қўйишга ҳам чўчиб қолдим, – дедилар.
– Сиз нега чўчийсиз? – дедим. – Мансабингиз бўлмаса, улардан мукофот тилаб ўтирмаган бўлсангиз…
– Тўғри, – дедилар маҳзун жилмайиб, – шунга ўрганиб қолибмиз-да…
“Шунга” деганларидан Чўлпоннинг “Кўнгил, сен бунчалар нега, кишанлар билан дўстлашдинг?” деган сатрларидаги маънони англадим. Чиндан ҳам шунга кўникиб қолинганди. Ҳеч ким эътироз билдирмасди, ҳар қандай буйруқ итоат билан бажариларди. Йўлдош Шамшаров вафот этганларида насронийларнинг тобутига солиб қабристонга олиб борилди. Кейин маййит тобутдан чиқарилиб, кафанланган ҳолда лаҳадга қўйилди. Тупроқ тортилганда ёзувчилар индамай тарқала бошлашди. Йўлдош аканинг Намангандан келган қариндошлари бу ҳолдан таажжубланиб туриб қолишди. Мен бир қанча ёшларни бошлаб қабр тепасига келдим-да, тўн устидан бел боғлаган ёши каттароқ кишига қараб “Қуръон ўқийлик”, дедим. У киши тарқалаётганларга жавдираганича қараб, тупроқ устига ўтирди-да тиловат қилди. Ўктам Усмонов дафн этилганларида ҳам шу ҳол такрорланди. Ўктам аканинг кекса дадалари тиловат қилдилар. Бир шоир акамизнинг оналари вафот этганда жанозага бордик. Тошкентнинг одати бўйича кўчада турган эдик, “ичкарига киринглар”, дейишди. Шу пайт ёши каттароқ ёзувчилар келиб, уйга кириб кетишди. “Нега киришди?” деб ажабландим, қарасам, уй ўртасидаги стол устига худди русларники каби тобут қўйилган, тобутда юзи очиқ кампир… Бунақасини кўрмаган эдим. Бир оздан сўнг тобутни кўтариб чиқиб, автобусга қўйдилар. Жаноза ўқилмаслигини билиб, мен қабристонга бормай, изимга қайтдим. Ғоят ғашландим. Ахир бунчалик бўлиш керакмас-да! Москва “Онанг ўлганда насронийчасига кўм”, деб буйруқ бермагандир? Бу кампир коммунист бўлмагандир?!
Ҳозир шуларни эслаб, ўйлайман: ёши каттароқ бўлган ёзувчи ака-опалар мумтоз адабиётимизни, хусусан, ҳазрат Навоийни биздан яхши билишган, деб ўйлайман. Наҳот, ҳазратнинг муножотларига эътибор бермаганлар? Мен ҳазрат Навоийнинг “Хазойин ул-маъоний”даги бу ғазалини шунчаки ёд олиш эмас, қалбга муҳрланган бўлишини истар эдим. Мавзудан сал чалғисам ҳам, ғазал билан биргаликда танишайлик, тўғри ҳаёт кечиришимизга ёрдами тегар:
“Жудо” радифли бу ғазал муножот тарзида битилган, илк сатрдаёқ шоир Аллоҳга илтижо қилади. Айниқса, матла ва мақтада ўзининг асл мақсади Ҳусни Мутлақ висолига етишмоқ эканлигини айтади. Бошқа байтларда эса Аллоҳнинг ундан юз ўгирмаслигини рижо қилади.
Ё Раб, ўлғон чоғда жоним жисми вайрондин жудо,
Ул бўлиб мундин жудо, Сен бўлмағил ондин жудо.
(Ё Раб! Жоним бу хаста жисмимдан айрилганда, у бундан айрилса ҳам, Сен ундан айрилма).
Шоир Аллоҳга илтижо қилиб, руҳи танидан ажралган дамда ўзини ёлғизлантирмаслигини сўрайди.
Чун жудо бўлсам мени ғамнок йўқу боридин,
Не ғамим Сен бўлмасанг мен зори ҳайрондин жудо.
(Сен агар мендан жудо бўлмасанг, мен бору йўғимдан айрилсам ҳам ҳеч парво қилмайман).
Нақди жон чиққанда иймон гавҳарин кўнглимга сол,
Айлагил жондин жудо, лек этма иймондин жудо.
(Жоннинг чиқиши нақд бўлиб қолган чоғда иймон жавҳарини кўнглимга сол, жондин жудо этсанг-да, асло иймондан айирма).
Хонумондин ойириб қилғанда туфроқ ичра ҳибс,
Қилма лутфунг мен алохону аломондин жудо.
(Ҳамма нарсамдан айириб қабр ичига ҳибс этганингда, лутфингни мен бахти қародан дариғ тутма).
Ҳашр ғавғоси аро осийлиғимға раҳм қил,
Лутф ила илгим тутуб қил аҳли исёндин жудо.
(Қиёмат ғавғоси қўзғалган вақтда осийлиғимга раҳм қил, Ўз лутфинг билан қўлимдан тутиб, исён қилувчилардан айириб ол).
Гарчи ўлдум кофири ишқ аҳли ислом ичра қот,
Ул замонким бўлғуси кофир мусулмондин жудо.
(Гарчанд мусулмонлар орасида ишқпараст кофир бўлсам-да, ишқ мусулмонни кофирдан ажратишига ишонаман).
Жаннат истаб айлаганларни ибодат қилмағил,
Кавсару, тўбию қасру, ҳуру, ризвондин жудо.
(Жаннат истаб ибодат қилганларни жаннат, туби, сарой, ҳуру ризвонингдан жудо қилма).
Барчадин айри Навоийға қилиб васлинг насиб,
Қилмағил, ё Раб, они мундин, муни ондин жудо.
(Барчадан айро ҳолда Навоийни васлингга етказ, Ё Раб, Ошиқни Маъшуқдан, Маъшуқни Ошиқдан айирма).
Ўзини Алишер Навоийнинг меросхўри ҳисобловчи ижод аҳли, минг марта “Навоий бобом!” деб кўксига ургандан кўра, бу ва бу каби ғазалларини ёд олиб, мағзини чақиб, ҳикматларига амал қилиб юрсалар аълороқ бўлур эдими…
Чекинишни бас қилиб, мавзуга қайтсам, Сарвар ака Тошкентга барвақтроқ қайтишга отландилар. “Шукрулло акангизнинг 60 йиллик тўйларига тайёргарлик кўриш керак, эртароқ бормасам, шоирдан балога қоламан”, деб кулдилар. Уларни кузатиб қўйдим. Назаримда, Тошкент зилзиласига доир воқеаларни ҳаққоний равишда акс эттирувчи роман охирига етмади. Орадан 12 йил ўтиб, Сарвар ака оғир хасталикка чалинганларида янга билан телефон орқали боғланиб, “Зиёрат қилиш мумкинми?” деб сўрадим, “Ҳозирча безовта қилмай туринглар”, дедилар. Шунда романдан гап очдим, “Шарқ юлдузи”да берайлик”, дедим. Бу таклифни ҳам қабул қилмадилар. Сарвар аканинг вафотларидан сўнг яна бу таклиф билан мурожаат этдим, яна “кейин, кейинроқ” деган жавобни олдим. Романнинг тақдири каминага ҳозиргача мавҳум бўлиб турибди.
Ўша йили Сарвар акани Тошкентга кузатгач, қолган кунлар ҳеч қаерга чиқмай, ҳатто теннис ўйини ва денгиз сайрини тўхтатиб, иш билан банд бўлдим. Мўлжалимдаги иккала ишни ҳам кўнгилдагидай маромига етказиб, кўнгил қувончи ва совғалар билан уйимга қайтдим. Дадажонимга чиройли ишланган енгил ҳасса олган эдим. Етти йил тутдилар. Бу ҳасса кўп вақтдан бери каминага хизмат қиляпти, эҳтимол қўлимда кўргандирсизлар…
Юрмаладаги маскан “Ижод уйи” дейилгани билан ижод билан шуғулланувчилар кам эди. Бу ерда кўпроқ дам олишарди. Ёшроқ ёзувчилар маишат қилишарди. Ленинграддан ўз “Волга”сида келган 40 ёшлардаги адибга эътибор қилган эдим. Бир ўзи учта катта жомадон билан келибди. Ажабки, жомадонлар кийимлари билан тўла экан. Бундай дейишимга сабаб, ошхонага нонуштада бир костюмда, пешинда бошқасида кириб келарди. Кечки овқатда кўринмасди, Ригадаги ресторанларда маишат қиларкан. Туркман драматурги билан танишгандим. У киши ҳар куни саёҳат автобусида қайгадир жўнаб қоларди. “У-бу ёзяпсизми?” десам, “Уйда ҳам ёзавераман, бу ерга ўйнагани келганман”, деди…
Сарвар акага менинг фақат иш билан бандлигим маъқул келган бўлса керак. “Шарқ юлдузи”га чақирилувимнинг сабаби эҳтимол шудир.
“Рига-Тошкент” йўналишида учувчи самолётга чипта ололмадим. Москва орқали учишга мажбур бўлдим. Икки кун бўш вақтим бор эди, бекор юрмай, Тулага бордим. Кўпдан бери Лев Толстойнинг уй-музейини кўришни орзу қилардим. Табиати ниҳоятда гўзал жойлар экан. Темир йўл бекатининг деворидаги мармар лавҳага битилган: “Бу ерда Лев Толстой Иван Тургеневни кузатган” , деган ёзувни ўқиб, чумолидай тўзиган одамлар орасида бу икки улуғ ёзувчини кўргандай бўлдим. “Граф” мартабасидаги бой ёзувчининг Ясная Поляна деб аталган қишлоқдаги уйи оддийлигини кўриб, “Улуғликнинг биринчи шарти оддийлик бўлса керак”, деб ўйладим. Бу уй, музей жиҳозлари фотосуратлар орқали таниш эди. Энди ўз кўзларим билан кўрдим. Бу ердаги уч нарса мени ҳайратга солди: ёзувчига турли жойлардан кўп совғалар келар экан, лекин уларнинг биронтасини ўзида олиб қолмай, ўзгаларга бериб юбораркан. Музейга фақат бир совға қўйилибди: ёғочдан ишланган чўмичнинг атрофига араб ҳарфларида нималардир ёзилган. Назоратчи унда нима ёзилганини айтиб беролмади, чўмични қўлга олишга ҳам ижозат бермади. Татар ёзувчиларининг Лев Толстой билан ёзишмалари мавжуд. Демак, зиёратга ҳам келган бўлишлари керак. Эҳтимол, чўмич татар ёки бошқирд зиёлиларидандир. Унда оят ёки ҳадис битилгандирки, Л.Толстой авайлаб сақлабди. Л.Толстой қофқазликлар билан ҳам доимий алоқада бўлган. Балки бу совға доғистонлик ёки озарбайжонлик мухлисларникидир. Асқад Мухтор ўзбек зиёлиларининг Л.Толстой билан мактуб орқали алоқалари бўлганини ёзгандилар. Улуғ ёзувчи Миср уламолари билан ҳам хат орқали боғланиб тургани ҳақида далиллар бор.
Лев Толстой деярли барча асарларини Инжилдан мисол олиш билан бошлаган. Лекин, айниқса, умри адоғида Насроний динидан Ислом дини афзал эканини очиқчасига тан олган. У Исломни шунчаки ўзи ўрганибгина қолмай, унинг ҳикматлари билан оммани таништиришга ҳам хизмат қилган. У Абдуллоҳ Суҳравардийнинг Ҳиндистонда нашр этилган “Ҳазрати Муҳаммаднинг ҳадислари” рисоласини таржима қилди. Албатта, рус зиёлилари, айниқса, Насроний дини пешволари бу улуғ адибнинг Исломга мурожаатини яширишга ҳаракат қилганлар. Л. Толстойнинг Исломга бўлган эътиқодини унинг мактубларидан билиш ҳам мумкин. Бугун аросатда юрганлар учун нафи тегиб қолар, деган мақсадда шу мактублар билан танишсак чакки бўлмас.
Озарбайжонлик генерал Иброҳим Оға Векиловнинг хотини 1909 йилнинг 2 март куни бу мактубни ёзган:
“Бизнинг бениҳоя севимли устозимиз Лев Николаевич!
Мактубим билан безовта қилганим учун Сиздан узр сўрашга сўз тополмаяпман. Биламан, менга ўхшаш сиздан маслаҳат олмоқчи бўлганлар кўп. Шунга қарамай, мен Сизга мурожаат қиламан. Чунки ҳаёт менинг рўпарамга кучим етмайдиган бир муаммони кўндаланг қўйди.
Мен истагимни қисқача ифодалашга ҳаракат қиламан. Ёшим элликда. Уч фарзанднинг онасиман. Эрим мусулмон. Аммо никоҳимиз қонуний эмас (яъни диний никоҳ қилмадик). Болаларимиз насроний динига ишонишади. Қизим ўн уч ёшда, бир ўғлим йигирма уч ёшда. У Петербург Технология институтида ўқийди. Яна бир ўғлим йигирма бир ёшда. У Москвадаги Алексеев Ҳарбий мактабида офицер. Ўғилларим оталарининг динига ўтиш учун мендан рухсат сўраяпти. Мен нима қилишим керак? Мен биламанки, ҳозир бу мумкин ва айни пайтда мамлакатимизда яшаётган бегона ватандошлар (хорижликлар) билан муносабатлар ҳам дуруст эмаслиги менга маълум. Фарзандларимда бу фикрнинг пайдо бўлишига кичик оилавий масалалар сабаб бўлган эмас. На моддий манфаат, на мақом-мартабага қизиқиш уларни бунга ундаяпти. Уларнинг зулматда қолган татар халқига ёрдам бериш ниятлари бор. Уларнинг халққа қўшилиши ва ёрдам беришига динлари тўсқинлик қилмоқда. Аммо мен ўз фикрим, маслаҳатим билан уларни ёмон йўлга бошлаб қўйишдан қўрқаман. Мен ўз дардим билан ёлғизман…
Оҳ… Агар мен ўз дардларимни ва изтиробларимни сизга ёза олсам… Мен бу мактубни ўз фарзандларини телбаларча севувчи бир онанинг кўз ёшлари ила ёзяпман. Энди азобдан ақлдан озган бир ҳолда Сиздан маслаҳат сўрашга жазм қилдим. Сиз, ҳа, фақат Сиз ўз ақлингиз билан ҳаётимиздаги бугунги вазиятда бу масала қандай натижа билан тугашини сеза оласиз. Менинг дардим Сизга кичик ва оддийгина бўлиб кўриниши мумкин, бироқ бу дард менга даҳшатли азоб бермоқда.
Лев Николаевич, Сиз биздан, биз каби кичик инсонлардан чин юракдан, самимий қимматли тавсияларингизни ҳеч қачон дариғ тутмагансиз. Буни билганим учун ҳам журъат қилиб, Сизни безовта қилдим. Мени тасалли оловига отинг. Қимматли вақтингизни олганим учун узр сўрайман. Бунга журъат топишга мени мажбурлаган нарса телбаларча оналик севгисидир.
Бутун қалби билан сизга боғланганЕлена Ефимовна Векилова. Тбилиси…”
Буюк ёзувчи мазкур мурожаатни жавобсиз қолдирмади, 15 март куни Ясная Полянада бу мактуб битилди.
“Елена Ефимовна (Векилова)га
Ўғилларингиз татар халқининг илм-маърифатли бўлишига ёрдам бермоқ орзусини тақдирламаслик мумкин эмас. Шундай бўлса-да, Муҳаммаднинг динини қабул қилиш қай даражада лозимлигини ҳам тушунтириб беролмайман. Умуман, сизга айтишим керакки, ҳукуматга маълум қилиб ўтирмасдан қайси динга эътиқод қилишни ҳар ким ўзи ҳал қилиши керак, деб ўйлайман. Шундай экан, ўғилларингизнинг ҳам Муҳаммаднинг динини насронийликдан устун кўриб, уни қабул қилиши, яъни бир диндан бошқа бир динга ўтиши ҳақида ҳеч кимга маълумот бериши шарт эмас. Балки хабар бермаслик зарурийдир. Албатта, мен бу хусусда қатъий бир нарса дея олмайман. Фарзандларингиз ҳам бу масалада ҳукумат органларига хабар бериш-бермасликни ўзлари ҳал қилишлари керак.
Мусулмонликнинг насронийликдан устунлигига ва айниқса, фарзандларингиз хизмат қилмоқчи бўлган ғоянинг олийжаноблигига бутун қалбим билан ишонаман.
Христиан идеали ва таълимотини ҳар нарсадан баланд тутган бир инсон учун буни айтиш ғоят ғалати бўлса-да, айтишим керакки, мусулмонлик ўзига хос ташқи кўриниш жиҳатидан ҳам черков христианлигидан қиёс қилиб бўлмас даражада устун эканлиги менда ҳеч бир шубҳа уйғотмайди. Агар бир кишига черков христианлиги ёхуд Ислом динига кириш борасида танлаш ихтиёри берилса, ўйлайманки, ҳар бир ақлли одам мураккаб ва тушунарсиз илоҳиётдан, уч сифатли Худо-дан, гуноҳдан чиқариш маросимию бошқа диний удумлардан, Ийсонинг онасига ёлворишидан, “Муқаддас шахслар” ва уларнинг расмлари олдидаги сон-саноқсиз ибодатлардан кўра ягона Аллоҳни ва Унинг пайғамбарини; Ислом динини, албатта устун кўради. Бошқача бўлиш мумкин ҳам эмас.
Айрим-айрим шахслар, бутун инсоният ва барча кишилар ҳаётининг асосини ташкил этган диний шуур мукаммаллашган каби ҳаётда ҳам ҳар нарса ривожланади ва мукаммаллашади. Диннинг ривожланиб мукаммаллашуви эса унинг соддалашувидан, тушунарли бўлишидан ва уни тушунарсиз қилган турли нарсалардан қутилишдан иборат. Диний ҳақиқатларни тушунарсиз қилган турли нарсалардан тозалаш энг қадим замонлардан бери динларнинг асосини қўйган мутафаккирлар томонидан ҳаётга татбиқ қилинган…”
Кўринадики, онанинг мактуби адибни ғоят ҳаяжонга солган. Ёзувчининг жавоби Векиловларнинг оилавий изтиробларига барҳам берувчи бир жавоб бўлган. Мактуб оилада буйруқ каби ўқилиб, қонун каби қабул қилинган. Шундан сўнг Тбилисидаги Закавказье Диний идораси генерал Иброҳим Оғанинг фарзандларини мусулмонликка қабул қилган ва уларга муфтий Мирзо Ҳусайн Афақли Қайибзоданинг имзоси билан расмий гувоҳнома ҳам берилган. Ўғилларнинг исми ҳам ўзгартирилган: Борис –Форис, Глеб – Ғолиб бўлган. Лев Толстойнинг мактуби узоқ йиллар мобайнида бу оилада табаррук қилиб сақланган. 1978 йилда Форис Векилов уни ёзувчининг Москвадаги музейига топширган.
Ясная полянадаги иккинчи таажжубим ёзувчининг қабрини кўрганда уйғонди. У қабристонга эмас, ўз боғига кўмилган, гўри тепасига хоч қўйилмаган эди. Бу православлар одатига хилоф эди. Боғига дафн этишни ёзувчининг ўзи васият қилган бўлиши мумкин. Хоч қўйилмаслиги-чи? Наҳот Софья Андреевна ва фарзандлари бунга бефарқ қарашган? Руслар ўз жонига қасд қилганларнинг жасадини православ қабристонига қўймайдилар. Бундай гуноҳкор қабристон девори ортига кўмилади, бизда жаноза ўқилмаганидай, уларда “отпевание” деб аталувчи маросим бўлмайди. Шубҳасизки, Толстойни дафн этишда бундай қаршилик бўлмаган. Лекин Шарқ тарихида шунга ўхшаш ҳодиса бўлган. Улуғ донишманд шоир Фирдавсийнинг дунёқараши билан чиқиша олмаган уламолар фатвосига кўра, у мусулмонлар қабристонига қўйилмаган. Ҳазрат Соҳибқирони Акбарнинг хотираларида бу сатрларни ўқиган эдим:
“Сабзаворни тасарруф қилмоқ учун кўчмоқчи эдим, бироқ ёшлигимдан тортиб шеърларини ўқуб юрган Фирдавсийнинг Тусда дафн этилгани хотирамдан кечди. Унинг вафотида рофъазийлик (мазҳаб) шуҳрати борлиги учун мусулмонларнинг қабристонига кўмдургали қўйишмаганмиш, деб эшитардим. Бу сўзларни таҳқиқ қилмоқ учун унинг қабрини кўрмоқчи бўлдум. Мусулмонлар тарафидан мувофиақат бўлмоғи учун ўз боғига дафн қилган эмишлар, деган сўзларнинг рост-ёлғонини билмак учун Сабзаворга ҳаракат қилишдан илгари Фирдавсийнинг боғини кўргани бордим. У ерда боғдан ҳеч бир асар кўзумга кўрунмади. Фақат ўтлар кўкариб ётган бир вайрона эди. Ердан бир озгина кўтарилиб турган тупроқ уюмини кўрсатиб “Шул Фирдавсийнинг қабри” дейишди. Вайрон бўлуб ётган қабрни Тус халқи бирорта тош қўйуб белгилаб қўймаганлиги, агарчи рофъазий бўлса ҳам, улуғ шоирнинг қабри бундай матрук (ташлаб қўйилган) ва маҳжур қолиши мени хийла хаёлотга олиб кетди. Дарҳол амр қилдимки, қабрнинг устига тош териб, қабр эканлигини билдириб қўйгайлар. Токи қабр тануғлик бўлуб тургай”.
“Рофъазий” – яъни шиа. Баъзи ривоятларга қараганда, Фирдавсийни кофирликда айблаганлар. Шуни ҳам айтиб ўтмоқ керакки, Фирдавсийнинг мусулмонлар қабристонига қўйилмаганининг иллати ҳар хил ривоятларга мутаккийдур. У ривоятларнинг ҳаммаси саҳиҳ бўлмаса керак. Қадим одатларга кўра, баъзи кишилар жасадини ўз уйлари, боғларига дафн қилмоқни таржиҳ қилур (истар) эдилар. Фирдавсий ҳазратлари ҳам ўз боғларига дафн этмоқларини васият қилгандирлар. Соҳибқирони Акбар Амир Темур ҳазратлари кейинги сафар Тусдан ўтаётганларида қабрни яна бир бор зиёрат этмоқни ихтиёр этдилар:
“Тус шаҳрида Фирдавсий мозорига қўйилган тошни мушоҳада қилмоқға бориб, бу тошга арабча қилиб Фирдавсийнинг исм-расмларини ёзишиб қўйишганини кўрдум. Ҳолбуки, у ўз шеърларини форсий тилда тараннум қилғон эди. Мен у тошни олиб ташлаб, форсий-арабий тилда ёзиб, қабрнинг устига ўрнатиб қўймоқларини тайинладим…”
Улуғ шоирнинг қабрига улуғ соҳибқироннинг амри билан белги-тош қўйилган экан. Улуғ рус адибининг қабри усти майин майса билан қопланган, белги ҳам, тош ҳам йўқ.
Мени таажжубга солган учинчи нарса – уйдаги одам бўйи келадиган соат эди. Гап шундаки, бу соат Лев Толстойдан мерос қолган. Ўлимидан кейин қарийб етмиш йил ўтган бўлса ҳам юриб турибди. Бу ҳолат менга вақтнинг аёвсиз эканига ишорат бўлиб туюлди: одам ўлади, ҳаёт эса давом этаверади… Одам ўлади, лекин хотира тирик…
Туладан Москага қайтгач, кундалик дафтаримга мана буларни ёзиб қўйган эканман:
“У дунёдаги аросат ҳақида эшитганмиз. Бу ёруғ дунё аросати-чи? Ўтмиш шоирларидан бири “на чин мусулмонмиз, на кофир” деган мазмунда байт битган экан. Халқда “мусулмон бўлиб масжиди йўқ, насроний бўлиб черкови йўқ”, деган мақол ҳам бор. Аросатда юрганлар оз эмас.
Тула шаҳрига бориб, дунёнинг буюк адибларидан ҳисобланмиш Лев Толстой яшаган уйни кўрдим. Ёзувчи насронийлар қабристонига эмас, ўзининг боғига дафн этилган. Насроний одатига зид равишда қабри тепасига хоч (крест) қўйилмаган. Лев Толстой черковни инкор этиш даражасига борган эди. Ленин унинг бу ҳаракатини худосизлар нуқтаи назари билан баҳолаб, ёзувчига “рус революциясининг кўзгуси” деб таъриф бериб, салкам коммунистга айлантириб қўя қолган эди.
Толстой Худодан эмас, черковдан юз ўгирган эди. У Худони исломий қалб билан таний бошлаган эди. Аммо у узил-кесил бу комиллик чўққисига кўтарила олмади. У икки оёғини икки кемага қўйиб олган одам каби ҳалокатга учради. У уйини ташлаб чиқиб кетди. Олимлар унинг бу ҳаракатини изоҳлаб, “Хотини Софья Андреевна васиятномадан норози бўлгани сабабли Толстой уйдан чиқиб кетган”, дейишади. Йўқ, гап васиятномада эмас эди. Гап Худони танишдаги диний қарашларнинг зиддиятида эди. Толстой уйдан чиқиб кетди – йўлда вафот этди. У бир қарашни, бир динни тарк этди, иккинчисига етиб бора олмади. Худди аросатга ўхшайди бу ҳолат…”
Ҳозирга қадар Лев Толстой ижодини ўрганаман. “Одамийлик мулки” китобига тартиб беришда унинг ҳикматларидан ҳам кўп фойдаландим. Унинг ижодига кириб борганим сайин шахсига нисбатан тушунмовчилигим ортиб боряптики, сабабини ўзим ҳам билмайман. Достоевский ижодини ҳам то ҳозирга қадар ўрганаман. Лекин шахсига нисбатан меҳрим йўқ. Марказий осиёликларни таҳқирловчи сўзларни ёзгани учун ундан нафратланиш даражасига борганман. 20-асрда шуҳрат қозонган русларнинг яна бир адиби Солженицин ҳам бизларни камситувчи сўзларни айтгани учун ҳурмат қилмайман. У совет тузумига қарши бўлгани учун машҳур эди.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.