Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +
“Ғафур Ғуломчасига ёзувчи шоир”

“Гулистон”да шоир Анвар Эшонов билан бирга ишладим. Анвар ака фақат назмда эмас, публицистикада ҳам ғоят маҳоратли эдилар Аммо… бир оз дангасаликлари ҳам бор эди. Агар ялқовликларини енга олганларида адабиётимизнинг сардорларидан бири бўлишлари аниқ эди.

Унутмаган бўлсангиз, нон исрофи ҳақида сўз юритганда Анвар Эшонов шеърларини диққатингизга ҳавола этган эдим. Шоир уруш фожиалари, етимлар, беваларнинг аламли қисмати ҳақида кўп шеърлар, достонлар ёздилар. Мана бу сатрлар ҳам Анвар аканики:

 
Ҳали ёзилмаган севги ояти
Солдатлар қалбига қасамдек чўкиб
Ёр кутган аёллар – ишқ ҳикоятин
Оҳ, кимга сўйласин кўнглини тўкиб.
Худди ток ургандек, зир қақшаб этим,
Сесканиб кетаман агар ўйласам.
Ўн сакккиз ёшлилар севгиси етим,
Муножот муножот бўлмас куйласам.
 

Анвар ака билан турли адабий учрашувларда бирга бўлганман. Шу мавзудаги шеърларини ўқий бошлаганларида мен анжуман аҳли кўзларида ёш кўрганман. Болаликларида Эркин Воҳидов, Сайёр, Тўлқин каби ижодкорлар билан шоир Ғайратий бошқарган адабиёт тўгарагида иштирок этган Анвар Эшоновнинг назмдаги йўли, услуби ҳам тенгдошлариникидан фарқ қиларди. Назаримда Анвар ака сатрларни қоғозга қалам билан ёзмасдилар, балки сўзлар дардли юракдан вулқон сингари отилиб чиқарди. Ўқишларида ҳам шу сеҳр мавжуд эди.

 
Ҳушёр бўлгил, токи бу дунёмизда бор қурол…
Шу она Сайёрамиз яшасин десанг масрур,
Замин юракларига табиб каби қулоқ сол!
Чунки Ер тақдирига инсон ҳамиша масъул.
…Асрим жароҳатли, асрим ярадор,
Ўқдан илма-тешик ҳали ер бағри.
Тўрт миллиард асрдош, бўлгил хабардор,
Ўқидан чиқмасин тағин Ер шари.
 

Бу сатрлар салкам эллик йил олдин ёзилган. Лекин бугунги хитоб бўлиб янграмаяптими? Ўтмиш урушнинг оҳу зорлари тиндими? Иккинчи жаҳон урушидан кейинги кунлар осудами? Биз яшаётган Заминнинг ҳеч бўлмаса биргина куну туни ҳаловат билан ўтдими? Яқиндаги воқеани эшитгандирсиз: Суриядаги урушда уч яшар бола оғир яраланибди. Врачлар қанчалик уринишмасин, боланинг ҳаёт шами ўча бошлабди. Бола мурғак қалби билан буни сезиб, катталарга қарабди-да: “Мен сизларни Худога айтиб бераман!” дебди. Бу ҳолатга қандай чидаш мумкин?! Катта-кичик урушларда қанчадан-қанча болалар ўляпти. Уларнинг ҳар бири Худога катталардан арз қилмайдими? Болаларнинг бу арзлари бугунги шоирларнинг сатрларига нега кўчмайди? Қачонгача севишганларнинг арзлари баёни билан банд бўладилар шоирларимиз?

Иккинчи жаҳон урушида бир миллионга яқин ўзбек жангчиси ҳалок бўлган. Лекин у уруш манзаралари, дардлари ўзбек адабиётида ғоят қашшоқ тарзда ўрин олган. Шунинг учун ҳам Анвар Эшоновнинг бу мавзудаги шеърлари бугун учун ҳам қадрлидир.

 
Шаҳидлар, шаҳидлар! Умрим етсайди,
Юрагим вулқондай ёнсайди лов-лов.
Дилимни шеър дарди мудом чертсайди,
Гупуриб турсайди қонимда олов.
Йигирма миллион қўшиқ битардим,
Ҳар битта шаҳиди юртнинг номига.
Мардликни куйламай, ахир нетардим?!
Жангчидай кирардим шеър майдонига…
 

Анвар ака ўзлари ҳақида гапирсалар, “Мен Ғафур Ғуломчасига ёзаман”, дердилар. Чиндан ҳам шеърларида улуғ шоирга хос кенглик, вулқон гулдуроси мавжуд эди:

 
Археолог қидирган шаҳар каби ётар жим
Қадимий қўлёзмалар – фожиалар қурбони.
Не сирни очди экан ғарибгина бир олим,
Ҳатто ибн Синонинг йўқ эди-ку унвони.
Қувғинди алломалар хуржунини тўлдириб
Олиб кетган китоблар қайси жангда йўқолди.
Балки саҳро кесолмай, чўл юрса ҳам мўл юриб,
Йиқилган ёлдор отлар туёғида топталди.
Миноралар сайқали қуёшнинг бир парчаси,
Аниқ топилганча йўқ бўёқлар формуласи.
Шарқлик усталар ишин ой ҳам кўриб парчасин,
Аммо бўғизда қолди ошиқлар ашуласи.
Қоннинг формуласи йўқ,
Жоннинг формуласи йўқ,
Формуласи йўқ ҳали кўздан оққан ёшларнинг,
Кўз ёшидан тиниғу қондай ёнар бўёқлар,
Формуласи йўқ ҳали қанча кескин бошларнинг,
Жаҳонгир даҳшатларин тарих ўзи сўроқлар,
Унутилган севги ҳам қайта туғилар, дўстим,
Ер ютган шаҳарлар ҳам қайта кўрсатур жамол.
Изсиз кетган олимнинг даҳосини тиклар ким?
Дарбадарлик, урушлар жаҳон жонига завол!
 

Анвар ака дастлаб “Бош муҳаррир ҳузуридаги махсус мухбир” лавозимида эдилар. Сўнг ижтимоий бўлим ихтиёрига ўтказилдилар. Анвар ака “Тоҳир менга иш буюришдан уялади”, деб кулардилар. Бирон мақолани таҳрирга берсам, бошланиш қисмига қалам уриб, “Менинг миямни ачитма, қолганини ўзинг боплаб ташлайсан”, дердилар. Мен бундан ранжимасдим, чунки Анвар ака қалам урган 2-3 саҳифа анча жонланган бўларди. Кузда масъул котибимиз Анвар акани пахта теримига борадиганлар рўйхатига тиркаб қўйибди. Анвар ака бундан ранжиб, ишдан бўшаб кетдилар. Мен бу ўринга Эркин Аъзамни таклиф қилдим. Эркин билан радиода бирга ишлагандик, унинг ижодга талабчанлик билан ёндашиши менга ёқарди. Лекин публицистикани тан олмаслиги учун кўп баҳслашардик. “Адиб ижодий сафарда кўп юриши керак, турли одамлар билан учрашиб, суҳбатлашиш унга руҳ беради”, деган фикримга Эркин қарши чиқарди. Эркин таклифимни қабул қилди-ю, лекин радиодаги раҳбарлари унга дарров рухсат беришмади. “Менга қуриб битказилаётган уйдан беришар экан”, деди Эркин. “Бу ваъдаларига ишонманг, биринчи галда уйни санъаткорларига беришади. Чунки улар раҳбарларнинг кўнглини олиш йўлини билишади. Сиз эса билмайсиз”, десам ҳам умид қилди. Уй битгач, умиди пуч экани маълум бўлди-ю, ишдан бўшаб, журналга келди. Мен билан бир оз муддат бирга ишлади, кейинроқ адабиёт бўлимини бошқарди.

“Гулистон”да яхши ижодий муҳит борлигини кўпчилик таъкидларди. Адабиёт бўлими асарларга талабчан бўлгани сабабли улардан норозилар ҳам бор эди. Айтиш жоизки, бўлим талаби асосли, уларнинг норозиликлари эса ўринсиз эди. Иқтидорли ёшларга астойдил жон куйдиришарди. Хайриддин Султоннинг Бобур ҳаётига бағишланган тарихий ҳикоясини тайёрлашларида мен уларга қойил қолганман. Кейин Алишер Ибодинов ҳикоялари тайёрланди. Ҳарбий хизматдаги йигитнинг ижодига бу қадар меҳрибонлик билан аҳамият берилиши катта савоб эди.

Мен “Гулистон”да кўпроқ ишлашим ҳам мумкин эди. Лекин адабиёт бўлими атрофида туғилган бир фитна сабаб бўлиб, “дўстлар” билан бирга ишлашни хоҳламай қолдим. Адабиёт бўлимига ишга олинган Атҳам талабчанликда устози Маҳмуд Саъдиновдан қолишмасди. Ўта талабчанлик, таъбир жоиз бўлса, “ўз бошини еди”. Навбатдаги ижодий сафардан қайтган куним Атҳамнинг ишдан бўшатилаётганини билдим. Сабаби, бир шоира Асқад акага шикоят хати ёзибди. Унда айтилишича, Атҳам жувонга севги изҳор қилиб алдаган эмиш. Бу ғоят ажабланарли шикоят эди. Атҳам унга қанчалар севги изҳор этган, билмайман, лекин бу хонимнинг кўп ижодкорларнинг тўшагини обод қилиб юргани ҳеч кимга сир эмасди. У Атҳамни ҳатто номусга текканликда айблабди. Ажаб! Шу жувон номусдан гапирса!

Буни эшитиб, Асқад аканинг ҳузурларига кирдим-да, бор гапни очиқчасига тушунтирдим. “Атҳамни ишдан бўшатиш адолатсизлик”, дедим. Асқад ака бир оз ўйланиб ўтирдилар-да, “Гапингиз тўғри, Атҳам жойида ишлайверсин”, дедилар. Фитна тўри узилгандай бўлди. Мени Жиззахга жўнатдилар. Қайтиб келсам, таҳририятда мажлис бўлаётган экан. Саломлашишга ҳам фурсат бўлмай, мажлис аҳли сафига қўшилдим. Асқад ака таҳририятдаги кўнгилсиз ҳолатлар ҳақида гапира туриб, Атҳамнинг бузуқлиги учун ишдан бўшатилганини тилга олганларида ажабландим.

Мен сафарга кетганимдан сўнг “фитна тўри” энди маҳкамроқ тўқилибди. Асқад ака Атҳамни “ўз хоҳиши билан” ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруққа имзо чекибдилар. Бу адолатсизликдан ғазабланиб, яна Асқад аканинг ҳузурларига кирдим.

– Ишдан бўшагани ўзи учун ҳам дуруст бўлди. Бу гап юқорига қадар чиқибди. Бу даъвони жиноятга буриб юборишлари ҳам ҳеч гап эмас, – дедилар.

– Ахир бунинг фитналиги аниқ-ку? Эртага улар менга нисбатан ҳам фитна ясайдилар, эртага балки ўзингизга…

– Тоҳиржон, сиз ёшсиз, бунақа фитнани энди кўряпсиз. Биз кўрган фитналар олдида буниси “фитнача”… Ҳар нарсага асабийлашаверманг.

Мен Атҳамни ишга қайтаришни талаб қилдим. Рад жавобини олгач, хонамга чиқдим-у, норозилик сифатида ишдан бўшашимни баён этиб, ариза ёздим. Асқад ака ҳам, Ваҳоб ака ҳам кўп насиҳат қилдилар. Ўжарлик отидан тушмадим. Ҳозир ўша дамларни эслаб, бу қайсарлигим учун ўзимни айблайман. Ўша куни эса кундалик дафтаримга буларни ёзиб қўйган эканман:

“Осмон ва замин абадийдир. Бунинг сабаби: замин ҳам осмон ҳам ўз манфаати учун яшамайди.

Авлиё ҳам шу кабидир. Улар ўзлари учун ҳеч нима изламайдилар. Шу боис ҳам амалга оширмоқлари фарз этилган барча ишларни бажара оладилар.

Буларнинг зидди ўлароқ яна бир тоифа бор:

Инсонга хос номаъқул хулқлардан бири – унинг ўз-ўзига муҳаббат қўйиши, ўзини бағоят даражада иззат қилиши, ўзига ва фақат ўзига яхшиликлар тилашидир. Унинг бадбахтлик саройи айнан шу хунук хулқ пойдеворига қурилади: яъни у буюк бўлмоқликни истайди, бироқ кўрадики, у зиғирдан кичикроқ мартабада экан; у бахтиёрлик денгизида сузмоқликни ихтиёр этади, лекин ўзини бадбахтлик кўлмагида кўради; у ўзини комиллик чўққисида тасаввур этади, ҳақиқат кўзгуси эса уни тубанликда кўрсатади; у ўзини бениҳоя даражада ҳурмат қилувчи одамлар даврасида кўрмоқни хоҳлайди, бироқ, ёмон хулқи туфайли одамларнинг нафратига етишади. Нурли орзулари амалга ошмаган бу инсон оқибатда жиноят йўлини танлайди: у ўз хоҳишига хилоф ҳисоблаган ҳар қандай ҳақиқатни инкор эта бошлайди. Бу ҳам камлик қилиб, бора-бора нафратланади. Мазкур ҳақиқатни маҳв этмоқ истайди. Истагини амалга оширмоққа қурби етмагач, қалбидаги макрини яшириб, бошқаларнинг кўзлари олдида бу ҳақиқатни бузиб кўрсатиш ҳаракатига тушади. Бунинг учун ҳеч нарсадан тап тортмайди, фақат шу йўл билан у ўзининг камчиликларини ҳам ўз-ўзидан, ҳам бошқалардан яширгандек бўлиб, гўё кўнгли таскин топади.

Қалблари нақадар ожиздир бундай кимсаларнинг…”

Адолат учун курашиш керак, лекин Атҳам ҳимоя қилишга арзийдиган йигит эмаслигини, одамийликка хос бўлмаган анчагина қусурлари борлигини анча кейин билдим.

1978 йили Ёзувчилар уюшмаси таниқли шоир Маъруф Жалил билан мени Москвадаги Халқаро Адабиёт институтининг икки йиллик ўқишига тавсия этди. Бу ўқишнинг ижодкор учун икки томонлама фойдаси бор эди: аввало дунё адабиёти билан янада чуқурроқ танишиш имкони туғиларди. Иккинчидан, ижод қилиш учун яхши шароит яратилганди. Талаба-ижодкор СССР Ёзувчилари уюшмаси аъзоси бўлгани учун яхши маош ва алоҳида хона билан таъминланарди.

Москвага бориш тайёргарлигини бошлашга ҳам улгурмадим. Хонамга Атҳам кириб келиб, дабдурустдан:

– Москвага боришдан воз кечинг, мен дўстим Соқий билан бораман, – деди.

– Сизлар қандай борасиз, уюшмага аъзо эмассизлар-ку?

– Шу ойда бўладиган кенгаш мажлисида аъзоликка қабул қилишади.

– Ҳали китобингиз чиқмаган бўлса ҳам қабул қилаверишарканми?

– Ҳа. Журналдаги мақолаларим кифоя экан. Маъруф акани кўндирдик, сиз бугун уюшмага хат ёзиб берсангиз бас.

Очиғини айтсам, бу талаб менга сурбетлик бўлиб туюлди. “Маъруф акани кўндирдик” дейди. Ювош одамни кўндириш учун кўп гап кифоя эмас. Мен ҳам баҳслашиб ўтирмадим, талаб қилган хатини ёзиб бердим. Москвага бордим нима-ю, бормадим нима, менга фойда-зарари йўқ эди. Лекин оилавий можаро туфайли уйсиз-жойсиз юрган Маъруф ака борсалар, икки йил ҳаловат топган бўлардилар.

Атҳам бир мақоласида Назир Сафаровнинг асарини танқид қилган экан, бу ҳақиқати ўзининг бошига гурзи бўлиб урилди. Ёзувчилар уюшмасининг бошқарув йиғилишида Назир Сафаров “Ҳали китоби чиқмаган танқидчи бола”нинг уюшма аъзолигига қабул қилинишига йўл қўймабди. Демак, Атҳамнинг Москвага бориши ҳам ўз-ўзидан бекор бўлган.

Бу икки ошнанинг худбинлиги шу билан тугамади. Кейинчалик, Ёзувчилар уюшмаси котиблигига номзодим кўрсатилганда бу худбинликка яна дуч келдимки, баёни кейинроқ битилар.

“Гулистон”даги кунларим ҳақида эсласам, устоз Асқад Мухтор ҳақида гапирмай ўтолмайман. Тўғри, уч-тўрт ўринда у муҳтарам зотнинг номларини тилга олдим. Лекин Асқад аканинг шахслари ва ижодлари ҳақида бу тўлиқ тушунча бера олмайди.

Собир

Биринчи ва сўнгги учрашув.

Ёзувчининг ўзини кўришдан аввал асарлари билан танишадилар. Қалам соҳиби дунёдан ўтгандан кейин ҳам у билан учрашадилар, учрашаверадилар. Камина ҳам шундай. Дастлабки ғойибона учрашув радиодан берилган “Опа-сингиллар” романи асосидаги спектакль. Ўтган аср эллигинчи йилларнинг охирлари эди чамамда. Радиодан эшитганларим ҳали ҳам қулоқларим остида жаранглаб тургандай. Сўнг ўқилган китоблар: “Туғилиш”, “Давр менинг тақдиримда”, “Чинор”… Ва ниҳоят – “Уйқу қочганда” – назаримда васият ўрнига битилган китоб.

 
Юртимнинг поёнсиз кенгликларида
Буюк жимлик, балки, аста сесканар.
Киприкдан қулаган бир томчи каби
Заиф бўлса ҳамки,
Ёпиқ бўлса ҳамки эшиклар,
Эшитилар,
эшитилар,
эшитилар
Юрагимнинг энг сўнгги зарби…
 

Давр унинг тақдирида… ёки У даврнинг тўфонларида…

Асқад ака ярим асрдан ортиқроқ умрларини адабиётга бердилар. Асқад ака ва у кишининг тенгдошлари ижоди ҳақида гапирилганда муҳим бир ҳақиқатни четлаб ўтмаслик керак. Улар адабиётга ҳавас қўйиб, ижод сирларини ўрганаман, деб аҳд қилишганда бу олам чаман эмас эди, бўстон эмас эди. Бўстонга аямажиз оралаб, чаманларнинг жонига қасд қилган даврлар эди. Бўстондаги гулларнинг юзларига шудринг томмаган, бу покиза япроқлар чўлпонлар, қодирийлар қонига беланган эди. Ана шундай таҳликали даврда кириб келдилар. Ўсмирлик ёшидан йигитликка қадам қўяётган ижодкорларнинг зиммасида мушкул вазифа турар эди. Улар ўзларидан бир оз катта ижодкорлар қаторида туриб, бу бўстонни қуриб қолмоқликдан асрашлари шарт эди.

Адабиёт боғидаги аямажизнинг табиатдагисидан фарқи шу эдики, асл аямажиз йилда бир келиб, баҳорни доғлаб кетади. Адабиёт бўстонидагиси эса, ўттизинчи йилларнинг ўрталарида кириб келганча узоқ туриб қолди. Асқад ака ва у кишининг тенгдошлари ана шундай оғир кунларни бошларидан ўтказдилар. Дориломон кунларда ижодга кириб келганлар бу дардли онларни унутмаса яхши бўларди.

 
Ўз дардимни ичимга ютаман,
Оламнинг беғубор тонгин кутаман…
 

Кутиб яшадилар. Дам армонли, дам қайғули, дам умидли сатрлари билан курашиб яшадилар. Қалбда туғилган сатрнинг ҳаммаси қоғозга кўчмади…

Юнон афсоналарида худолардан оловни ўғирлагани учун қояга занжирбанд этилган Прометейнинг жигарини чўқувчи бургут ҳақида ҳикоя қилинади. Асқад ака шу воқеани шеърга кўчириб ажиб бир маъно кашф этган эдилар:

 
Ўша бургут ҳамон инсон қасдида,
Ўлмас яна минг йиллар ўтса.
Чунки у бургут ҳам эмас аслида,
Тинмай қалбимизни чўқир ғам-ғусса…
 

Советлар даврида йигирманчи асрни таърифлаб баландпарвоз сифатларни қалаштириб ташлашарди. Большевикларнинг даъвосича, бу аср гўё фақат улар учун яралгандай эди. Энди ўйлаб қаралса, йигирманчи асрнинг большевикларга тааллуқли жиҳатлари чиндан ҳам бор экан. Айнан шу аср большевиклар ҳукмронлигига ҳам доялик, ҳам ғассоллик қилди. Бугун йигирманчи асрга таъриф беришда “аламлар асри”, “ҳижронлар асри”, “армонлар, айрилиқлар…асри” деган сифатларни тилга олишга тўғри келади. Бугун биз бу ибораларни дадил айтяпмиз. Асқад акаларнинг авлоди ҳам асрнинг яраларини билишарди. Аммо биздаги шароит, имконият уларда йўқ эди. Улар бу яраларни четлаб ўтишмаган, қоғозга муҳрлашга интилишган. Ўзига хос услубларда айтишган ҳам.

 
Қалб соатдай гарчи беором,
Зарбин соат билан ўлчаманг, доктор.
Соат тиқ-тиқ этар, қадимги маром.
Масъулияти ҳам, бурчи ҳам йўқдир.
Замона вазнига тушган бизнинг юрак,
Юракдаги шовқин – давр шовқини…
 

Қалам аҳлининг дарди, дунёни кўра билиши, англаганларини қоғозга кўчириши бир-бирига ўхшамайди. Уч-тўрт ёзувчи бир воқеага гувоҳ бўлади, ундан таъсирланади. Аммо бу таъсирланишнинг баёни ягона бўлмайди. Ҳатто бир пайтда ёзилмайди. Бир адиб ҳиссиётларини ўша куниёқ қоғозга тушириши мумкин, иккинчиси орадан ойлар ёки йиллар ўтиб қаламга олади. Баъзан “фалончи ёзувчи пистончидан зўрроқ”, деганга ўхшаш таққослашни эшитиб қоламиз. Бизнингча, бу ноўрин ва нотўғри тушунча. Бир ёзувчини иккинчисига таққослаб, ижодига ҳукм чиқариб бўлмайди. Боққа кирилганда нима учун шойигул атиргулга ўхшаб ёқимли ҳид тарқатмайди, деб даъво қилмаймиз-ку? Бу фикрларни баён қилмоқликдан мурод – Асқад аканинг фазилатларини эслаш онида у кишини улуғлаб, бошқаларни камситиш ниятим йўқ. Қандай таниган бўлсам, шундай баён этажакман, инша Аллоҳ.

Асқад акани ўқиганимда бошқаларда учратмаганим ҳаёт фалсафасини, бу фалсафанинг теран маъноларини кўраман. Оламнинг дардли, ҳазин, қайғули куйларини эшитаман. Олам дардларини англаганлардан баъзи бирлари нидо қиладилар, ҳайқирадилар, бу муаммоларни тезликда ҳал этишга ундайдилар. Асқад акада баландпарвоз хитоблар йўқ. У киши босиқ тарзда диққатни дунё муаммоларидан бирига тортадилар. Унинг ечими хусусида фикрлашга чорлайдилар. Ўқувчи адиб билан бирга масаланинг ечимини излайди. Асқад ака учун бирон воқеанинг қизиқарли баёни муҳим эмас, ёзувчига ўша воқеа атрофидаги фалсафий мушоҳадалар зарурроқ. Орол муаммолари ҳақида кўп ёзиляпти. Асқад ака ҳали Орол қуримай туриб, “Чинор” романида унинг фожиасини қаламга олган эдилар.

Афсуски, қалам аҳлининг дардини ҳамма вақт ҳам тушунавермайдилар. Рус адиби Антон Чехов юз йил аввал ўрмонлар ҳалокати масаласини кун тартибига қўйган эди. Агар жамият адибнинг огоҳлантиришига қулоқ осганида бугунги табиат офатлари инсониятни ташвишга солмасми эди. Худди шунга ўхшаш Асқад аканинг ташвишлари ўша дамдаги раҳбарият қалбига кўчганида балки Орол бу қадар ўлимга яқинлашмаган бўлармиди…

 
Дунё қайнаб, ёниб ётибди,
Дунё ловуллайди дўзах ўтидай.
Инсон ҳаёти ҳам унда бир зумда
Ёниб кул бўлади, гугурт чўпидай.
...........................................
Гугурт чўпи ҳам эмасми умр?!
Ахир ҳар гугуртчўп – бутун бир ёнғин.
 

Дунё тақдири Асқад ака учун бегона эмасди. Бунга ёзувчининг асарларини ўқиган киши гувоҳдир. Машҳур одамлар ҳақида билган-билмаганлар турли фикрларни баён қилиб юраверадилар. Агар машҳур одам шуҳратни тан олмай яшаса, камтарин, камсуқум бўлса, унинг дарахтига отилувчи тошлар ҳам кўп бўларкан. Бир даврада: “Асқад Мухтор яхши ёзувчи, лекин гражданин эмас”, деган гап айтилди. “Гражданин” дейилганда атрофдагиларнинг ғам-ташвишларига бегона бўлмаган одам назарда тутилди. Бу фикр мутлақо нотўғри эди. Даъвоимнинг исботи учун Асқад аканинг асарларида, муҳаррирлик қилган журнал ва газетада замон дардларининг акс эттирилганини эсласак кифоя қилар.

Иккинчи жаҳон урушининг зардоблари ҳақида кўп ва хўб ёзилган. Асқад аканинг ижодларида урушни лаънатлаб, тинчлик учун курашмоққа даъват этиб ёзилган сатрларни кўп учратамиз. Гапим чўзилса ҳам, шулардан бирини ёдлайлик. Иккинчи жаҳон урушида совет халқидан йигирма миллион одам қурбон бўлган, деган далил хусусида ҳам анча асарлар яратилди. Асқад акада “Янга” деб номланган шеър бор:

 
Фарзанддан гап очсанг,
“Менинг болаларим
Нобуд бўлган, – дейди, – урушда”.
Ишонаман унга, ёшлигини эслаб
Кўзидаги жиндак шуъладан.
Ишонаман, гарчи биламанки,
Болалари унинг бўлмаган.
 

Фандаги каби шеъриятда ҳам ўзига хос кашфиёт бўлади. Айнан шу кашфиёт асарнинг умрини белгилайди. Мазкур шеърда Асқад акагагина хос кашфиётни кўрамиз: ажаб, янгаси бола туғмаган бўлса, фарзандлари урушда қандай қилиб ўлиши мумкин?

 
Тоғам кетгач, тракторин минди,
Ўжар дев яшаркан хотин кишида.
На келин, на бева: кун-тун юрар эди
Этиги билчиллаб ғўза ичида.
Гербицид ташиди қоғоз қоп елкалаб,
Совуқда шўр ювди, ботқоққа тушди.
…Йигирма миллионга кирмайди унинг
Саратон ўтида ўртанган пушти…
У бешик устида алла айтмаган,
Аччиқ армонлари яшар пинҳона…
 

Аччиқ армонлар шоирнинг юрагини ҳам куйдиради. У янгасининг туғилмаган фарзандларига қалбида аза очиб пинҳона йиғлайди. Унинг ана шу йиғиси ҳар қандай ўкирикдан таъсирлироқ. “Гражданлик”ни талаб қилувчиларга эҳтимол ҳайқириқ керакдир? Афсус шуки, ҳайқириқ бўғизда, пинҳона йиғи юракда туғилади. Ҳайқириқ шамолга совурилади, пинҳона йиғи қалб тубида қолаверади, юракни ўртайверади…

 
Оддий кунлардандир умрим ҳам ахир,
Ўзим ёнган гулхан – менинг байрамим.
 

Олтмиш бешинчи йили Эскижўвадаги маданият уйида ишлаб турган адабиёт тўгараги бирдан ёпилгани ҳақида айтиб эдим. Биз, ёшлар ўйлаб-ўйлаб нажотни Ёзувчилар уюшмасидан, айнан уюшма раисининг ўринбосари Асқад Мухтордан топиш мумкин, деган қарорга келдик. Ойбек, Ғафур Ғулом, Шайхзода, Миртемир каби улуғларни учратиш мумкин бўлган файзли даргоҳга қадам босиб киришга юрак бетламасди. Уч кишидан иборат ваколада камина ҳам бор эди. Озгина ҳаяжон, озгина қўрқув “Асқад Мухтор” деб ёзилган эшикни очиб, “Келинглар, йигитлар, тортинманглар”, деган таклифни эшитганимиздан кейин тарқади. Машҳур ёзувчи, раҳбар билан ҳаваскорлар орасига чегара тортилмади. Бизнинг кичкина ташвишимиз Асқад акага ҳам кўчди, ёрдам беражакларини айтдилар. Уюшмада адабий маслаҳатчилар борлигини, уларга ҳам учрашиб туришимизни тайинлаб, ўзлари бошлаб чиқиб раҳматли Саида опа Зуннуновага таништирдилар. Ўшанда раҳбарга хос одат билан бу ишни котибаларига топширишлари ёки Саида опани хоналарига чақиртиришлари мумкин эди. Ёки “Катта ёзувчиларнинг ташвишлари етиб ортиб турибди менга, энди сен чурвақалар бормидиларинг?”, деб бизни умуман қабул қилмасликлари ҳам мумкин эди. Ўша биринчи учрашувимиздаёқ қалбимиз Асқад акага меҳр билан боғланиб қолган эди.

 
Мухбир келар: “Бахтлимисиз?” – эмиш.
Қандай бахт? Ўзимга алоҳидами?
Алоҳида уй бор, алоҳида идиш…
Одам қайда яшар, овлоқ уйдами?
У қабрдагина одамзоддан ғайри.
Тирикмизки, олам ҳаммамизга бир.
Ҳақиқат йўқ кимсага айри,
Алоҳида бахт ҳам дунёда йўқдир.
 

“Гулистон” журналида тиббиётга доир илмий-текшириш институтидаги камчиликлар танқид қилинди. Уч-тўрт олимнинг амал талашишларига муносабат билдирилди. Фельетондан кейин институтнинг раҳбари ишдан олинди. Бир куни Асқад ака ҳузурларига йўқладилар. Кирсам, ўша раҳбар мотамсаро кўринишда ўтирибди. Ҳасратларини тўкиб, кўзлари ёшланди ҳам. Асқад ака бу ҳасратларни ҳамдардлик билан тингладилар. У киши чиқиб кетгач, “Бояқишга жабр қилибмиз-ку”, дедилар. Бу гапни астойдил ачиниб айтдилар. Очиғи, мен ҳам ачиниб, “масалага яна қайтсакмикин, у кишининг раддиясини ҳам берсакмикин?” деган хаёлда ўтирардим. Асқад ака савол назари билан қараганларидан кейин фикримни айтдим. У киши узоқ ўйландилар-да: “Йўқ, – дедилар оғир бир дард билан. – Агар бу кишига раҳмимиз келса, институт олиб бораётган илмий тадқиқотларга жабр қилган бўламиз”.

 
Шеърим, сени балки писанд этмас
Тўқлар ва шўхлар.
Кўз нурига сени арзитмас
Юрак дарди, қайғуси йўқлар.
 

Асқад аканинг энг кейинги иш жойлари Ёзувчилар уюшмасида бўлди. Асқад акага хизмат қилувчи автомашинанинг ҳайдовчиси Нозимбек билан кейинроқ камина ҳам бирга бўлишга тўғри келди. Айтиш жоизки, ҳамма “хўжайин”лар ҳам ҳайдовчиларга ёқавермайди. Ҳаммаси ҳам собиқ “хўжайин”ни мақтайвермайди. Нозимбек Асқад акани мақташдан чарчамасди. Мен Асқад аканинг мадҳ этилаётган фазилатларини яхши билсам ҳам, Нозимбекнинг шаштини қайтармаслик учун тинглардим. “Гулистон” журналида ишлаганларида Асқад ака хизмат машинасидан фойдаланмаганларини айтдим. Одамлар “Волга”да керилиб юраман, деб амал талашишади. Мансаб Асқад ака учун ўзларини роҳат билан таъминлаш эмас, балки юртга хизмат қилмоқ учун керак эди. Муддаога қайтсам, бир куни жала қуяётган пайтда Нозимбек Асқад акани Дўрмондаги ёзувчининг ҳовлисига олиб борибди. Асқад ака машинадан тушаётиб “Нозимбек, кетмай туринг”, дебдилар. Нозимбек “Домла яна шаҳарга қайтар эканлар шекилли”, деб ўйлаб кутибди. Бир маҳал Асқад ака зонт (баъзилар “шамсия” ёки “соябон” деб ишлатишяпти. Шамсия ва соябон офтоб нуридан сақлаш учун ишлатилади.) кўтариб чиқибдилар-да: “Нозимбек, уйга етиб олгунингизча шалаббо бўлиб кетманг”, деб узатибдилар. Бу воқеанинг баёнидан муддао шуки, мен шу меҳрибонликда ҳам даъво қилинмиш “гражданлик”нинг заррасини кўраман.

 
Яшаш қийин, чунки виждон очиқ ярадай,
Ноҳақликни дарддек сезиш учун ярагай.
Ўз деб билдим ўзгаларнинг ғамин, севинчин,
Ўзим билан муросада яшашим учун.
 

Асқад ака журналда нашр этишга мўлжалланган барча қўлёзмаларни синчиклаб ўқирдилар. Бошқалар каби чизиб, таҳрир қилиш одатлари йўқ эди. Насрда ҳам, шеърда ҳам зарур бўлиб қолса бир неча сўзни шундай заргарлик билан ўзгартирардиларки, ажабланардик. Муаллиф “сиз менинг фикримни ўзгартириб юборибсиз”, деб даъво қилолмай қоларди. Асқад ака ёшларга меҳрибон эдилар. Уларни ҳар қадамда қўллашга уринардилар. Лекин талабдан паст даражадаги асарларни нашр қилиш масаласида адолатдан чекинмасдилар. Бир куни тоғам Мирзакалон Исмоилий хоразмлик ёш шоирнинг шеърларини тавсия қилиб келибдилар. Асқад ака хонамизга кириб: “Сиз Мирза акамнинг жиянлари экансиз, шу пайтгача билмас эканман”, деб гина қилгандай бўлдилар. Ўзимни оқлашга сўз топишга улгурмай, қўлларидаги қоғозларни узатдилар: “Бир даста шеър олиб келибдилар, иккитасини танладим, қолганини бошқа жойга тавсия қиларлар”, дедилар. Асқад ака “эрта-индин” деб юрмасдан шеърларнинг тақдирини ўша куниёқ ҳал қилиб бердилар. Асқад ака танлаган шеър адабиёт бўлимига ўтгач, ундаги талабчан акамиз Маҳмуд Саъдиновга ёқмади. Асқад ака “Менга ёққан сенга ёқмайдими”, деган маънода таъна қилмадилар, “Шеърни, албатта, чиқарасан”, деб зўрламадилар ҳам. Чунки шеърларни умумий талаб даражасидан пастроқ эканини ўзлари яхши билардилар. Эътиборли ёзувчининг тавсиясини ҳурмат қилибми, иккитагина шеър танлаган эдилар. Шу иккита шеър чиқса журналнинг савияси тушиб кетмас эди. Лекин бўш асарларга озгина бўлса ҳам йўл очиларди. “Фалон асар чиққанда буниси чиқса нима қилибди?”, деган фикр ғолиб бўла бошларди. Шу боис ҳам Бош муҳаррир бўлим бошлиғининг ҳукмини бекор қилишни истамаган эди.

Халқда “Мевали дарахтга тош отилади” деган мақол бор. Асқад аканинг дарахтларидаги мевалар бағоят мазали бўлгани учунми, тош отишга ишқибозлар кўп бўларди.

 
Ҳаммаёқда “уҳ, уҳ!” – болта чопган товуш
Тилкалармиш юрак-бағримни.
Битта-битта, гурс-гурс йиқитишармиш
Бодраб гуллаб ётган олчаларимни.
 

“Чинор” романи нашрдан чиққан кунлар эди. Адиблардан бири асарни танқид қила кетди. Романнинг дастлабки сатрларида узоқда кўринаётган улкан чинор булутга ўхшатилганди. Танқидга берилган биродаримиз шу жумлани ушлаб олганича асарни булғашга ҳаракат қилаверди. У билан баҳслашишга уриндим. Барака топкур, бировга гап бермайди. Шунда “Китобни охиригача ўқиб чиқдингизми?” деб сўрадим. Ажабки, “танқидчимиз” ҳали китобни кўрмаган ҳам эканлар. Ўша биринчи жумлани ҳам бировдан эшитибдилар. Шунақа ҳангомалар ҳам бўларди.

“Ошкоралик” деб ном олган кунларда Асқад акани ҳақорат қилиш даражасида айблаб ёзилган мақола газетада эълон қилинди. Ўшанда устоз анча бетоб эдилар. Мақоланинг саломатликларига қанчалик зарар етказгани ўзларигаю, оилаларига аён. Ўшанда Асқад ака фақат ўзларига хос бўлмиш донолик билан раддия ёздилар. Раддиянинг охирида муҳаррирга қарата: “Ким нима ёзиб келса, ўйламай-нетмай босаверасизми? Мен “фалончи ароқ ичавериб мияси айниб қолган” деб ёзсам ҳам чиқарасизми?” деб пичинг қилган эдилар.

Ўша “мияси айниб қолган” одам репрессия йиллари Асқад акани улуғ бир шоирни қаматишда айблаган эди. Бу туҳмат Асқад акани яхши билган барча ижодкорларга оғир ботди. Мен “Шайтанат”ни ёзаётганимда ўша воқеани ҳам сал ўзгартирган ҳолда баён қилган эдим. Анварнинг устозларидан бири Ҳикмат Ўролов деганда Асқад акани назарда тутган эдим.

* * *

Ҳикмат Ўролов шаҳар марказида, олимлар учун махсус қуриб берилган икки қаватли уйда яшарди. Эшик қия очиқ бўлса ҳам Анвар қўнғироқни босди. Дам ўтмай остонада Ҳикмат Ўроловнинг хотини кўринди. Эрини бениҳоя тарзда иззат қилувчи, ҳар қандай бетаъсир шамолдан асрашга интилувчи, сочлари текис оқарган хушрўй, хушмуомала бу аёл барчани ширинсўзлиги билан мафтун этарди. Ҳозир ҳам Анварни меҳрибонлик билан қаршилади.

– Келганингиз яхши бўлди. Домла сизни жуда яхши кўрадилар. Кўп гапирадилар. Анча вақт кўринмадингиз, хавотирландилар.

Анвар нима дейишини билмади. “Тобим йўқ эди”, деса, жиннихонадан чиққанига ҳам ярим йил бўлди. Бирров келиб кетиши мумкин эди…

– Айб менда, эътиборсизлик қилдим, – деди Анвар дангал.

Аёл бу гапни эшитиб, ширингина жилмайди-да, бошини сарак-сарак қилиб, деди:

– Ундай деманг, жон ўғлим, ёшларнинг ишлари, ташвишлари кўп бўлади. Энг муҳими, дилингизда тутган бўлсангиз бас.

Анвар остона ҳатлаб ичкари кириб, тўхтади.

– Нега тўхтадингиз, кираверинг.

– Домла… ўқидиларми?

– Ҳа… – аёл маъюс жилмайди. – Лекин сиз қайғурманг. Бу ҳали фожиа эмас. Биз бундан баттарларини-да кўрганмиз.

– Ҳаммаси туҳмат…

– Қайғурманг, деяпман-ку. Домлажон мутлақо эътибор бермадилар. Одатдагидек китобхоналарида иш билан бандлар. Юринг, юраверинг…

Анвар уй бекасининг изидан иккинчи қаватга кўтарилди. Бу уйдаги меҳмон кутишга мўлжалланган энг катта хона китобларга ажратилган. Тўрт девор гир айлана, ҳатто эшик-деразаларнинг ёнлари, тепаларига ҳам тахтачалар қўйилиб, китоблар терилган. Кўча томонга қараган катта дераза ёнида ёзув столи. Икки кишининг суҳбатлашиб ўтиришига мўлжалланган иккита юмшоқ ўриндиқ, пастак курси… Катта хонанинг жиҳозлари шулардан иборат.

Ҳикмат Ўролов юмшоқ ўриндиқлардан бирини банд этган, қўлида қадимдан қолган китоб. Кўзлари китоб саҳифасига қадалган, хаёли эса нима биландир қаттиқ банд эди. У зинадан кўтарилаётган икки кишининг шарпасини сезмади. Анвар унинг ўтиришига қарабоқ, иш билан банд эмаслигини фаҳмлаб, ўгирилди-да, уй бекасига савол назари билан қаради. Уй бекаси енгил йўталди. Ҳикмат Ўролов бунга эътибор бермади. Шунда Анвар баландроқ овозда салом берди.

Хаёл чангалидан юлиб олинган Ҳикмат Ўролов чўчиб тушди-ю, аммо сир бой бермай алик олди-да, ўрнидан туриб Анварга қучоқ очди.

– Қўнғироқнинг чалинишидан сиз келганингизни билувдим. Сиз астагина, одоб билан чаласиз, – деди у Анварни бағрига босиб. – Хурсандман, меҳрибоним, хурсандман. Қани, ўтирсинлар. Ҳозир иттифоқо мавлоно Румийни ўқиётган эдим. “Найнома” хаёлимни ўғирлади. Ўқиб берай, эшитинг. Маликам, сиз ҳам тингланг.

– Мен ўзим ўқиб оларман.

– Дуруст. У ҳолда чойни шу ерда ичамиз. Икки олимнинг суҳбати китобхонада кечгани маъқул.

Уй бекаси изига қайтгач, Ҳикмат Ўролов муқовасига ямоқ тушган китобни варақлади. Анвар ёзув столидаги газитни кўрган, домланинг атайин гапни чалғитишга уринаётганини фаҳмлаб турарди.

– Сиз… ҳар ҳолда Мавлоно Румийни яхши биласиз, а?– деб сўради Ҳикмат Ўролов.

– Мавлоно Жалолиддин Муҳаммад бинни Баҳоуддин Валад Балхий Румийнинг минг икки юз еттинчи йилда туғилгани, минг икки юз етмиш учинчи йилда вафот этиб, Қўня шаҳрига дафн этилганини биламан.

– Меҳрибоним, камтарлик албатта улуғ фазилат, аммо бу даражадагиси эмас, – деди Ҳикмат Ўролов маъюсгина жилмайиб. – Назмга муҳаббатингиз борлигини билмаганимда сўзларингизга инонар эдим. Тарихчи олим сифатида Мавлононинг ҳаётларига оид саналарни аниқ билишингиз табиий, аммо шоир сифатида “Маънавий маснавий”ни билмаслигингиз ишонарли ҳол эмас. Бу ҳақда баҳслашмайлиг-у Мавлонони ўқийлик:

 
Тинглагил, най не ҳикоят айлагай,
Айрилиқлардан шикоят айлагай.
Ким найистондин мени то кесдилар,
Ҳасратимдан мард-аёл дод этдилар.
Сийна истармен фироқдан поралар,
Шавқ дардидан десам афсоналар.
Кимсаким тарк айлади ўз наслини,
Қайта излар рўзғорин васлини.
Мен бу инсон қавмин оҳу зориман,
Ҳоли хуш ҳам ҳоли баднинг ёриман.
Шубҳадан ким бўлди менга ёрлар,
Ич-ичимдан изламас асрорлар…
 

Ҳикмат Ўролов ўқишдан тўхтаб, пешонасини силаб қўйди. Шунда Анвар бармоқларнинг енгил қалтираётганини кўрди. “Дардни яшириш қийин, – деб ўйлади Анвар. – Холидийнинг аҳмоқона гапларига эътибор бермай бўларканми? Домла дардини ичига ютишга уриняпти. Юрагида бу дардни ҳам сингдириш учун бўш жой бормикин? Домла нимага бундай қиляпти? Андишаданми? Андишанинг отини қўрқоқ дейишади-ку? Индамай қўйгани барча бўҳтонларга ризо эканини англатмайдими? Наҳот домла буни тушунмайди? Қачонгача индамай ўтираверади? Мана шунақа индамай қўя қолиш одати борлиги учун ҳам Холидий тап тортмай унга ташланган. Қани, Миролимга шундай қилиб кўрсин-чи?! Йў-ўқ, бу шаллақидан қўрқади. Сталин замонида Миролим зиёлиларни қуритишда роса хизмат қилган. Холидий унга салгина тегиб ўтса, ўзи балоларга қолади. Миролим лўли хотинлардай дод солиб, Холидийнинг айбларини очиб ташлашдан ҳам қайтмайди. Ҳикмат Ўролов эса индамайди… Индамай туриб енгмоқчи бўлади… Шуларни унга айтайинми?.. У менинг насиҳатимга муҳтожми? Майли, бировга чанг солмасин, аммо… ҳеч бўлмаса ўзини ҳимоя қилса-чи?..”


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации