Электронная библиотека » Тоҳир Тоҳир Малик » » онлайн чтение - страница 11

Текст книги "Ҳаёт қайиғи (3 китоб)"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:40


Автор книги: Тоҳир Тоҳир Малик


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 32 страниц)

Шрифт:
- 100% +

– Афросиёбни, дейсанми? – У сигарага ҳали унча ўрганмаганмиди ёки қаттиқроқ тортиб юбордими, ҳар нечук йўтали тутиб сўзини давом эттиролмади.

– Ҳатто Помпеяда ҳам, – деди Даврон яна киноя оҳанги билан.

Ниёз сигарани қутисига жойлаб чўнтагига солди.

– Помпея билан Афросиёбнинг вақти ўтди, ошна. Сен билан менинг чекимга бундай зўр ишлар тушмаган. Шунинг учун кўрпага қараб оёқ узатиб юравериш керак. Оғримаган бошни оғритишдан нима фойда?

– Агар одамда бош бўлса оғриб тургани ҳам маъқул. Баъзиларники бутунлай оғримайди, дейишади. Улар бошлари борлигини ҳам унутиб қўйишса керак…

Ниёз Давроннинг нимага шама қилаётганини тушуниб қошларини чимирганича қараб қўйди.

– Илмий кенгаш маълумотларингда арзирли фикр йўқ, деган қарорга келибди.

– Айрим билимдон ўртоқлар шундай деб илмий кенгашни чалғитгандир?

Даврон энди Ниёзнинг “илдизини” – раҳбарлик лавозимлардан бирини эгаллаб турувчи қариндошини назарда тутган эди.

– Мен бу ерга айрим одамларнинг истаги билан келганим йўқ.

– Агар илмий кенгаш сен айтган қарорда бўлганида қадам ранжида қилишингга мутлақо ҳожат қолмасди. Ишни тўхтатиш ҳақида қатъий буйруқ юборишарди. Шундай эмасми?

– Балки… Лекин мен ёмон ниятда келганим йўқ. Пичингсиз гаплашсак ҳам бўлаверади. Сен мени ёқтирмайсан, буни яхши биламан. Мен ҳам сени кўрай, деб соғиниб келмаганман. Буни ўзинг тушуниб турибсан. Шундай экан, эркак кишининг очиқчасига гаплашгани дуруст. Ўртамизда қарз йўқ. Амал ҳам талашмаймиз. Мен ўз насибамни, сен ўзингникини териб юрибсан.

– Жуда ўринли ажрим қиляпсан. Қани, сигарадан ол, бир тутатайлик. – Ниёз унга сигара тутди. – Ўзинг-чи?

– Чекким йўқ, – Ниёз шундай деб ёққични ёқди.

– Ўҳ-ҳў, – деди Даврон сигара тутатиб, – ўткир экан… Дунё худди иккига бўлинганга ўхшайди. Мана, ҳозирги гапларингни қара. Биз беш йил бирга ўқидик. Аммо сира ош-қатиқ бўлганимиз йўқ. То ўлгунча салом-аликдан нарига ўтмаймиз. Ҳатто у дунёда ҳам сирдош бўлолмасак керак. Нимага шундай экан?

– Феълимиз бошқа-бошқа.

– Феъл эмас, дунёқараш, дегин. Қизиқ, икковимиз ҳам одам боласимиз, лекин кўринишимиз ўхшамайди. Икковимизда ҳам салкам уч килолик мия бор, бироқ бошқа-бошқа фикрлаймиз. Ҳатто касбимиз бир, аммо тутган йўлимиз айри. Ҳамма гап шу танланган йўлда бўлса керак. Икковимиз поезд йўлидаги иккита рельсдамиз. Кетаверамиз, кетаверамиз, йўлимиз эса сира кесишмайди.

– Бунга ҳожат бормикин?

– Балки йўқдир?

– Бирга ўқиганимиз ҳурмати мен барча инжиқлигу пичингларингга чидаб бераман. Бошқа одам келганда нима қилардинг? Фикрингни қандай исбот этардинг?

– Бошқа одам ҳеч бўлмаганда тупроқ таркибидаги тилладан хулоса чиқариб оларди.

* * *

– Гапларига қараганда, ишларни тўхтатишлари ҳам мумкин экан, шу ростми?

– Рост, шунинг учун келган.

– Қўллайман, дейди, балки тўхтатишмас.

– Э, Йигитали ака, дунёда ҳеч нарса кўрмаган одамга ўхшайсиз-а. Ишни тўхтатиш масаласи унга мутлақо боғлиқ эмас. У шунчаки бир қўғирчоқ. Ариқ бошида бошқа зўрроқ одам ўтирибди.

– Ажаб одамлар бор-да, тегганга тегади, тегмаганга кесак отади. Бекмирзаев ҳам шу ерни деб талашиб юрарди. Сиз айтган зўрроқ одамга нима қутқулиги тушибди бу ишнинг.

– Уларнинг шахсий адоватлари бўлган.

– Олим одамлар шунақа бемаъни бўлади, дейишса, қишлоқдагилар сира ишонмайди. Улар олимларни ҳаддан зиёд ақлли, покиза, ҳатто нақ авлиё деб юрадилар-да. Адоват мактаб кўрмаган, бекорчи, жоҳилларнинг юмуши.

Даврон кулиб қўйди. Йигитали аканинг гапи тўғри. Унинг ўзи ҳам мактабда ўқиб юрган кезлари шу фикрда эди. Институтнинг дастлабки курсларида илмий унвони бор ўқитувчилар кўзига фариштадек кўринарди. Вақт ўтиб, домлалар ҳақидаги майда-чуйда гаплар қулоғига кира бошлаганда аввалига ишонмади. Кейинчалик олимларнинг бошқа одамлардан фарқи йўқлигига, фақат яхшилик, эзгулик эмас, ёмонлик, аблаҳлик ҳам қила олишларига амин бўлди. Болалик сурури сўна борди. Аммо у олимлар орасида ҳавас қилса арзирли одамлар ҳам борлигини биларди. Даврон доцент Бекмирзаев ҳақида ҳамиша илиқ гаплар эшитарди. Сўнгги курсда ўқиётганида талабалар бағоят ҳурмат қилувчи бу домланинг назарига тушиб, қувончдан терисига сиғмай юрди. Бекмирзаев камтар, шу ўринда ниҳоят даражада инжиқ, сержаҳл эди. Давронни ҳам баъзан сиқувга оларди. Бироқ шогирдининг хижолатда индамай турганини кўриб дарров ҳовуридан тушар, “Ке, қўй, хафа бўлма, аммо кўзингга қараб иш қил”, деб насиҳат қиларди.

Даврон Йигитали акага “Адоватларининг сирини билмайман”, деб нотўғри айтди. Адоват сабабларини Бекмирзаевнинг ўзидан эшитган, аммо уни бировга айтишга шу топгача ҳожат сезмаган эди. Бекмирзаевнинг нотўғри йўл тутган институт раҳбарларига қарши олиб борган кураши, ҳал қилувчи паллада ёлғиз қолгани, махсус комиссиянинг тафтиши, унинг ҳақ бўлиб чиқиши, курашдан ўзини олиб қочганларнинг энди амалга интилиши ҳатто талабаларга ҳам маълум эди. Кўпчилик улар ўртасидаги адоватга шу, яъни, Бекмирзаевнинг амалга ўтиролмагани сабаб, дерди. Бу фаразнинг пуч эканини Даврон яхши биларди. Бекмирзаев ҳеч қачон амалга интилмаган. Институт раҳбарларини фош қилиши ҳам амал учун эмас, адолат учун эди. Раҳбарлар ҳақида сўз кетгудай бўлса, баъзан Даврон: “Аслида шу ўринга сиз ўтиришингиз керак”, деб қўярди. Шунда Бекмирзаев бош чайқаб: “Йўқ, мендан раҳбар чиқмайди. Бунга яраша қобилиятим йўқ. Раҳбар қўл остидагиларни“отанг яхши, онанг яхши”, деб ишлата билиши керак. Мен ўзимни тута олмай бир-икки бақириб пўписа қилсам, энг меҳнаткаш одамни ҳам ишдан совутиб қўяман. Кейин амалга сира ишониб бўлмайди. Қадимда ҳам “Тожи-тахт бевафо” деб ўтишган. Бўзчи билганини тўқиши керак. Мен илм деб юрибман. Шуни эпласам ҳам катта гап”, дерди.

Адоватнинг асл сабабини Даврон кейинроқ билди: Бекмирзаевнинг уйига қадрдон дўстларидан бири синглиси билан келиб “Синглим ўқишга кирди, вақт-бемаҳал хабар олиб тур”, деб тайинлаб кетади. Бекмирзаев қиздан тез-тез хабар олиб туради. Бир куни оқшом чоғи борса, қизнинг уйида ўша нусха ўтирибди. Институтда ишлайдиган яна бир нусха бор. Бекмирзаев бу жувон ҳақида кўп ёмон гаплар эшитган, шунинг учун салом-алик ҳам қилмасди. Бекмирзаев сўрамасданоқ воқеани англаб, ошиқ раҳбарнинг бўйнидан бўғиб кўчага судраб чиқади. Эртасигаёқ дўстини чақиртириб қизни ҳам уйига жўнатади. Сири фош бўлган раҳбар Бекмирзаевдан ўч олиш ниятида уни имкон туғилса-туғилмаса чалишга ҳаракат қилаверади. Тўғрироғи, сири фош бўлгани учун эмас, “Энди Бекмирзаевнинг қўлида қуроли бор, амални олиш учун жанг қилади”, деган хавотирга тушгани учун унинг кўзини очирмасликка интилади.

* * *

У қайиқни орқага итариб чаққонлик билан чиқиб олди-да, моторни юргизди. Даврон ҳам чиқди.

– Ёввойи сигирларни кўрасизми? – деди йигитча. Даврон тушунмади.

– Уч-тўртта сигир пайдо бўлган. Дарёда сув камлигида ўтишган. Кейин қайтиб ўтиша олмай ёввойилашиб қолишган. Одамни кўрди дегунча қочади.

Қайиқ учли тумшуғи билан сокин оқаётган сувни иккига айириб илгарилади. Тинчи бузилган дарё унинг ортидан анчагача чайқалиб турди. Қайиқ оролга яқинлашганда Давронда ғалати бир ҳис уйғонди: оролга тушгиси, мана шу ёввойи чакалакда қолгиси, ёлғиз яшагиси, дунё ташвишларидан, шовқинларидан яширингиси келди. Нима учундир одамлар, ҳатто балиқ тутиб юрган дўстлари, раис билан курашиш ўрнига аччиқ қилиб аразлаб юрган Йигитали ака, дарёдаги балиқлар қўриқчиси бўлган шу қисиқ кўзли йигит ҳам кўзига хунук кўриниб кетди. Ёдига тушган барча танишларидан нафратланди. Бунинг учун асос ҳам топди. Даврон мана шу одамлардан хаёлан қочиб оролдан паноҳ излади. Аммо хаёлини яшин каби ёритган бу фикр худди шу яшин каби бир онда сўнди. Аввало, у сира бундай қилолмаслигини билади. Истак билан ирода ўртасидаги тафовутдан кўп қатори Даврон ҳам баҳраманд. Қолаверса, тарки дунё билан муддаога эришиб бўлмайди-ку! Айтайлик, бирор кимса ёлғиз яшамоққа журъат қилди. Шу ҳаракати билан нимага эришади? Фақат ожизлигини намойиш этмайдими?! Бундан кўра ёмонни очиқ-ойдин ёмон дейишга, у билан курашишга интилган афзал!

Даврон оний истагини шундай фикрлар билан қоралаб, хаёлга ботиб ўтирганда қайиқ тезлигини камайтириб қалқиб кетди.

– Ана, қаранг, яқин борсак, қочади, – деди йигит унинг ўйга ботиб ўтирганини сезмай.

Даврон ялт этиб у кўрсатган томонга юзланди. Соҳилда уч сигир уларга сергакланиб қараб турарди. Қайиқ яқинлашгач, учови бир лаҳзада орқасига бурилди-да, икки ёнга қаппайиб чиқиб турган қоринларини селкиллатиб югуриб кетди.

Дарахтлар уларни одамлар паноҳидан яширди.

– Кўрдингизми, ёввойилашиб қолган, – деди йигит қайиқни буриб, тезликни оширар экан.

– Энди улар нима қилишади?

– Нима қилишарди, сув саёзлашгач, қишлоққа бориб сигирлар кимники бўлса, олиб чиқсин, бўлмаса отиб ташлаймиз, деб эълон қилишади.

– Ким?

– Овчилар жамияти-да. Бу ерларни қўриқхонага айлантиришар эмиш. Шунинг учун уй ҳайвонларини боқиш мумкин эмас экан. Эгалари олиб кетмаса отишади, турган гап. Бу ерда қадим замонларда жайрондан тортиб йўлбарсгача бўлган экан, энди шуларни олиб келиб кўпайтирамиз, дейишяпти.

Қайиқ сувни тўлқинлатиб, қирғоқ бўйлаб боради. Даврон кўзини оролдан узмайди. Назарида ҳар бир бута ортидан сигирлар жавдираб қараётгандай, “Одамдан ҳуркиб қочиб кетишди… Одамни энг онгли, энг олий мавжудот деймиз. Лекин айрим ҳаракатларида онгнинг зарраси ҳам сезилмайди. Ҳайвонларни аёвсиз қириб юборади. Илгари очдан ўлмаслик учун ов қилган. Кейин шунчаки ҳавасга ўлдира бошлади… Ўз нафсини қондириш учун эркдан айириб қафасда сақлайдиган бўлди. Қазилма пайтида неча хил номаълум ҳайвоннинг, неча хил ўсимликнинг изига дуч келдик. Мутлақо қирилиб кетган ҳайвонларнинг саноғи йўқ. Яхши ҳамки, борларини сақлаш ҳаракатига тушилди. Йўқса, ер юзидаги ҳайвонот дунёси яқин йилларда музейлардаги тулуплардан иборат бўлиб қоларди… Буталар ортига ёввойилашган сигирлар яширинган. Биз ёввойилашган деймиз. Йўқ, улар аслига қайтади. Ахир, қадимда ёввойи ҳолда яшаган-ку. Пода-пода бўлиб, аҳиллик билан ўзларини душманларидан ҳимоя қилганлар. Кейин эса одамлар уларни тартиб билан ўлдириш учун ўз паноҳларига олганлар. Энди бу ҳайвонларнинг ўзларини ҳимоя қилишларига ҳожат қолмаган. Чунки ногаҳоний ўлим йўқ. Емиш излаб сарсон кезмайдилар ҳам. Ҳамма нарса муҳайё! Ана шуларнинг бир нечаси аслига қайтибди. Одамдан қочяпти… Озодликка, эркка ўрганиб, тартиб билан ўлишдан ногаҳоний фожиани афзал деб билиб, ҳар нарсани муҳайё қилгучи одамдан буткул нафратланиб, буталар орасидан паноҳ топиб юрибдиларми? Оғилхоналарига қайтгилари йўқми? Ажаб, тараққиётнинг юксак поғоналарига интилаётган одамлар ҳам озгинагина муддатга аслларига қайтсалар нима бўларкин? Йўл қўйган, йўл қўяётган хатоларга дарҳол барҳам беришга ўзларида куч, ирода топа олармидилар? Ёлғончилик, адоват, ичқоралик, амалпарастлик, худбинлик, жоҳиллик, қийпичоқ бўлиш… Эҳ-ҳе, биз назарга илмаган хасталиклар озми? Шулар чакалак орасидан ойдинроқ кўринар, балки давоси ҳам равшан бўлар… Балки… лекин одам ҳеч қачон аслига қайтмайди…”

– Эҳ-ҳе-ҳе-е! – Қайиқнинг орқа томонида ўтирган йигит ўрнидан туриб қўл силтади. Давроннинг хаёли бўлинди. Йигитга жавоб ўрнида бақириб қўл силтаётган балиқчи ҳамроҳларига қаради. Оролни айланиб дам олиш ўрнига дили сиёҳ бўлди. “Бемаъни инжиқликларим авжига чиқяпти, нима кераги бор шунақа хаёлларни”, деб ўзини койиди-да, ўрнидан туриб у ҳам қўл силкитди. Табиийки, чакалакзорни паналаб тикилиб турган сигирларни сезмади.

* * *

Ҳарбий хизматдалигимда “Биосфера хавф остида” мақоласидан таъсирланганим, сўнг бу мавзуни чуқурроқ ўрганишга киришганимни баён қилиб эдим. Бу соҳада тўплаган билимим мазкур асарни ёзишда асқотди. Фақат Ердаги муаммоларни ўзга сайёрага кўчиришга тўғри келди:

* * *

Ниг шундан сўнг бир неча кун кутубхонага қамалиб олиб донишмандларнинг сўнгги ишлари билан танишди. Замбаракни тепаликка судраб чиқариш мушкул. Аммо қўлдан чиқиб кетса, ҳеч тўхтатиб бўлмайди. У йўлида учраган нарсани босиб, янчиб кетаверади. Унетнинг тараққиёти худди шу замбаракка ўхшайди. Яқиндагина барча илм аҳли замбаракни юқорига чиқариш билан банд эди. Барча замбаракни оддий тепаликка эмас, балки олий чўққига кўтаришга, шу чўққидан туриб ўқ узиб табиат устидан қозонилажак ғалабани тезроқ нишонлашга шошилди. Ўқ узилди. Аммо байрам нишонланмади. Замбаракнинг ўқ узганида силкиниши, сўнг пастга қараб шўнғиб кетиши мумкинлигини улар билардилар. Аммо замбарак ғилдиракларини маҳкам тутиб турувчи сим арқонларга ишонган эдилар. Афсуски, сим арқон чириган эди. Энди кексаю ёш, қобилу ноқобил донишманд замбаракни ҳеч бўлмаганда ярим йўлда тўхтатишга интиларди. Тахминлар кўп, аммо фожиани бартараф қилувчи аниқ йўл йўқ.

Нигдаги руҳий ўзгаришни сезган тиббий ходимлар уни дарҳол денгиз соҳилига юбордилар. Ниг уларга кўпам қаршилик қилмади. У кейинги йиллар ичи фақат денгиз шовқинини эшитган эди. Фазовий кемага ўрнатилган видеомагнитафондаги денгиз мавжларига қараб тин оларди.

Денгиз соҳилидаги бу шаҳар кўриниши ҳам бошқалари каби совуқ, жонсиз. Бинолар жунжикиб тургандай, шовқиндан эса замин титраётгандай туюлади. Соҳил одатдагидай гавжум эмас. Денгиз тўлқинлари аввал қандай бўлса, ҳозир ҳам шундай тарзда соҳилга бош қўяди. Катта-кичик харсангларга тўш уради. Аммо унинг сирли шовиллаши эшитилмайди. Шиддати сезилмайди. Гўё заъфарон сув ҳам ўлаётгандай. “Ўлаётгандай? Аллақачон ўлиб бўлган… – деб ўйлади Ниг денгизга ҳорғин тикилар экан. – Бу сувда нима қолди? Қони сўриб олинди. Сув эмас, кераксиз суюқликка айланди…”

Шаҳар то соҳилга қадар бостириб келган. Соҳилдаги баҳайбат иншоотлар сувнинг қонини сўриб олувчи канага ўхшайди. Беҳад катта қувурлар аждаҳо сингари сувни ҳўплаб шу иншоотларга юборади. Ўнлаб фильтр, магнит майдонлари, электр разрядлари сув таркибидаги темир, туз, тиллани ажратиб олади-да, бошқа қувурлар орқали жонсиз суюқликни денгизга қайтариб тўкади.

Ниг соҳилда узоқ туриб қолди. Қарашлари вазмин. Толиққан кўзларини бир оз юмиб видеомагнитафондаги тасвирларни ёдига олмоқчи бўлди. Йўқ, унутибди. Бадани жунжикди. Қўлини орқасига қилганча аста юра бошлади. Бир қулочли харсанг пойида сочилиб ётган балиқ суякларини кўриб энгашди. Кейин мавжланиб турган денгизга қаради. “Ҳозир балиқ бормикин? Қолмагандир. Биз атмосферанинг ифлосланишидан, кислороднинг камайишидан бўғиляпмиз-ку, балиқ таркибида ҳеч вақо бўлмаган суюқликда яшай олармиди?! Темир, туз, олтин… Жуда қимматга тушди бу хом ашёлар. Энди уларни қайта эритиб, қайта миллиграммларга айлантириб сув таркибига сингдириб бўлармикин? Бўлишга-ку бўлар, лекин қандай усулда? Тараққиёт ёки ўлим! Икковидан бирини танлашимиз керак. Ҳалокат тобора яқинлашаётган бўлса ҳам, ҳеч ким тараққиётдан юз ўгиргиси келмаяпти…”

Денгиз азоб билан тўлғанади. Сапчиётган кучсиз тўлқинлар Нигни лаънатлагандай бўлади. Денгизнинг алами бор. Қанча лаънатласа шунча оз…

Ниг кўзини денгиздан узиб тез-тез юриб кетди. Шундан сўнг соҳилга бошқа яқинлашмади. Уйга қайтишни мўлжал қилиб турганида Марказнинг ўзи шошилинч чақирди. Эрлдан келтирилган ҳайкалларнинг таркиби текширилаётганда тажрибахона портлаб кетибди. Ниг ўша заҳоти йўлга отланди.

* * *

Ерда бошланган табиат фожиасини ва унинг келажакдаги оқибатини ёзишга ижозат йўқ. Агар бу фожиа капиталистик жамиятда бўлса, марҳамат, ёзилсин, хаёлдаги узоқ сайёралардагини ҳам ёзишга ҳақлимиз. Аммо коммунистик жамиятда бундай фожиа юз бериши мумкинмас. Ғалати ҳолат, шундай эмасми? Табиатнинг фожиаси “капиталист” ёки “коммунист” деб ажратиб ўтирарканми? Мен бу фожиаларни хаёлимда кашф этган сайёрага кўчириб, уни “Унет” деб атадим. Яъни, ўзбекча “у” олмоши билан русча “нет” сўзини бирлаштирдим, маъноси: “У – йўқ”. Бундай сайёра йўқ, лекин табиат фожиаси муқаррар. Унетдаги Ену денгизи – ўзимизнинг қуриб бораётган бечора Орол денгизимиз. Тошкентдаги цензура буни англамади, асарга жиддий эътироз билдирмади. Лекин Москвада нашрга тайёрланаётганда рус цензорлари “нет”га аҳамият беришибди. Бу масалада анча тортишув бўлганини ношир ва таржимонимдан эшитдим.

Бу мавзуни мазкур асарга тўлалигича сингдира олмадим. Шу боис “Девона”ни ёзаётганимда айрим саҳифаларни янги асарга кўчиришни лозим топдим. Энди табиат фожиасига одамийлик фожиасини қўшдим. Яъни у сайёрада фақат табиат ўлиб бормаяпти, балки одамийликнинг энг юксак туйғулари – меҳр-оқибат ҳам ўлиб боряпти, деган ғоя атрофида фикр юритишга уриндим. “Танланган асарлар”га тартиб берар чоғида “Сомон йўли элчилари”даги табиат фожиасига доир саҳифаларни қисқартириб, номини ҳам ўзгартириб “Даврон” деб қўйдим. Даврон – асар қаҳрамонининг исми, лекин асарга ном бўлиб кўчганда “даврлар” маъносини англатади, яъни ўтмиш ва бугунги кун муаммоларининг ўзаро боғлиқлиги назарда тутилади. Унет сайёрасидаги фожиалар “Девона”га кўчгани ва бу икки асар бир жилдга жамлангани учун ҳам такрордан воз кечдим.

Табиат фожиаси мени ҳозирга қадар ҳам ташвишлантиради. Олимлар одамзодни кулфатлардан огоҳлантирсалар-да, табиатни асрашга доир ишлар қуруқ гапдан нарига ўтмаяпти. Орол денгизининг қуриб бораётгани аниқланганига неча йиллар ўтди. Етмишинчи йилларнинг бошларида Сибир дарёларини Ўрта Осиёга буриш ғояси кўтарилди. Дастлабки лойиҳага кўра Сибирдан канал қазиб, бир ирмоғини Оролга, иккинчисини Урал дарёсига буриш режалаштирилди. Чунки ўша пайтда Каспий денгизи ҳам қурий бошлаган эди. Лекин лойиҳа ниҳоясига етмай туриб, Каспий ўз-ўзидан тўла бошлади. Ҳатто аввалги сатҳидан ҳам анча кўтарилди. Оролнинг қуриши эса давом этди. Сибир дарёлари сувини Орол денгизига қуйиш осон иш эмасди. Бунинг учун канал қазимоқдан ташқари, кучли насосларни ишлатиш учун ўнлаб ГЭСлар қуриш лозим эди. Бундай катта чиқим ҳарбий харажатлардан бели синай деб турган Совет Иттифоқини янада эзиб юбориши тайин эди. Бундан ташқари Рус табиатини асрашга жон куйдирувчи зиёлилар лойиҳага қарши фаол кураш бошладилар. Залигин, Распутин сингари сибирлик ёзувчилар раҳбарлик қилган бу ҳаракат ҳукуматга фойдали бўлди. Шу қаршиликни баҳона қилиб, лойиҳа четга сурилди. Рус зиёлилари каналлар қурилиши туфайли рус ерларида ботқоқликлар кўпайиб кетишидан ташвишга тушдилар. Жуда катта майдонда тузли саҳро бўлиши уларни мутлақо қизиқтирмадики, калтабинликлари айнан шунда эди. Чунки денгизнинг қуриши Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг фожиаси эмас. Бу кулфат бутун Ер юзини офат булути билан ўрашини наҳот ўйлаб кўришмаган? Сибир дарёлари сувининг Ўрта Осиёга келишидан ўзимиздаги баъзи зиёлилар ҳам норози эди. Уларнинг айтишича, Сибир сувлари биздаги ерларнинг таркибини ўзгартириб юборар экан. Бу тахмин ўзаро оғзаки гаплар эди. Ҳеч қандай илмий тадқиқот ҳаракати билан қувватланмаганди. Таъбир жоиз бўлса, чойхонадаги алжишдан нарига ўтмасди. Энасой дарёсининг суви таркиби билан Сирдарёникини таққослаб кўриш оддий кичик илмий ходим ҳам бажариб берадиган иш. Бундан ташқари сув челаклаб ташиб қуйилмайди. Узоқ масофани босиб ўтиш жараёнида қуёш нурларининг таъсири ҳам бўлади. Хуллас, бу каби илмий текширув ишлари амалга ошмай, гап – гаплигича қолиб кетаверди. Бунинг ўрнига “Орол қўмитаси” каби турли жамоат ташкилотлар тузилди. Шуларнинг бирига аравани қуруқ олиб қочадиган адабиётшунос олим раис қилиб сайланганида Омон Матжон “Ана энди Орол ростданам қурийдиган бўлибди”, деб ҳазиллашган эдилар. Оролнинг қуриши натижасида денгиз атрофида яшайдиган одамлар орасида турли оғир касалликлар тарқала бошлади. 1983 йили Қорақалпоқларнинг улуғ адиби Тулепберген Қайипбергенов билан кўришганимизда “Хастаман, жигаримга касаллик илашибди. Лекин бундан ранжимайман, хавотирим ҳам йўқ, аксинча, хурсандман, чунки халқимга турли касалликлар хуруж қилаётганида мен соппа-соғ юрсам уят эмасми?” деб ҳазинлик ила жилмайган эдилар.

Ташкил этилган қўмиталар, жамиятлар томонидан халқаро миқёсдаги кўплаб мажлислар ўтказила бошланди. Лекин денгизга бир томчи сув тўкилмади. Назаримда, шу мажлислардан кейинги зиёфатларда ичилган ароқ-коняк, пиволар денгизга тўкилганда анча тўлиб қолган бўлармиди…

Табиатни авайлаш бир ёки ўн мамлакатнинг иши эмас, бу – дунёнинг эртанги тақдирига бефарқ қарамайдиган ҳар бир одамнинг ташвиши. Бугун одам ирқи, касбидан қатъи назар, “Биз келажакда туғиладиган авлодларимизга ўлик Ерни қолдирамизми?” деган саволни қалбига муҳрлаб яшаши керак. Одамзод табиатни хорлади. Энди табиатнинг қасос олиш палласи бошланди-ки, сизу биз буни ҳар фаслнинг ўзгаришидан сезиб турибмиз. Саксонинчи йилларда бу мавзуда мақолалар ёзиш баробарида ҳикоялар ҳам ёздим. Шулардан ўзимга энг ёқадигани – “Мутаассиб”, дельфинлар фожиаси ҳақидаги фантастик ҳикоя. Дельфинлар бизлардан мингларча чақирим узоқдаги уммонларда яшайдилар. Лекин уммон ва денгизларнинг заҳарланиши оқибатида уларнинг ўзларини қирғоққа отиб ўлишларига биз бефарқ қарамаслигимиз керак. Ахир одам тўпиғига яра чиқса, юрагимдан узоқда, деб бефарқ қарамайди-ку? Тўпиқдаги яра йиринглаб қонни заҳарласа, юракка ҳам таъсир этади-ку? Шу баёнларни оққа кўчираётган куним (14.02.15) Янги Зеландия қирғоқларида ўнлаб китларнинг ҳалок бўлганини телеэкранда кўриб, қалбим оғриди. Ўзини қирғоққа отган жониворларнинг худди одам каби азобланиб ўлаётганини сиз ҳам кўриб руҳан эзилгандирсиз… Назаримда, бу ҳолат уммон соҳилидаги арзимаган кичик фожиа эмас, балки сув жониворларининг бераҳм одамзодга нисбатан исёнининг кўринишидир.

“Дельфинлар тўдасининг раҳнамоси Роа нафас олгани ҳар сафар сув юзасига чиққанида Қуёшга топинади: “Сен сувнинг у бошидан кўтарилиб, бу бошига шўнғийсан. Сувда узоқ туролмайдиган, қуруқликда икки оёқда турадиган жонзотларни кўп кўрасан. Айт-чи, нималар бўлаяпти ўзи?”

…Қуруқликда юрувчи икки оёқли жонзотлар чўкадиган бўлса ёки акула ҳамласига учраса, улар қараб туришмас эди. Роа акула билан беомон олишарди. Тўдадагилар шунинг учун уни эъзозлашарди. Роа ҳатто ўз фарзандларини ҳам акуладан бу қадар фидойилик билан ҳимоя қилмаган. Тўданинг қонунини у эмас, аждодлари яратган: “Икки оёқда юрувчи жонзотлар сувни тарк этиб кучсизланиб қолдилар. Кучсизга мадад бер, дельфин! Икки оёқли жонзотлар сувда нафас ололмайди. Улар – сенинг иниларинг. Сувда нафас ололмай ўлиш – сенинг қисматинг, уларники эмас, уларни асра, дельфин! Икки оёқли жонзотлар сувни тарк этишгач, Қуёш лаънатига қолишган. Қуёш уларни куйдиради, ёндиради, раҳм қилмайди. Инингга сен раҳм қил, дельфин!..” Бу қонунларни Роа ёд этиб, миясига қуйиб олган.

Инилари сувдан ҳайдалишганми ё ўзлари чиқиб кетишганми – шуларни билолмай болалигида кўп ҳайрон бўлди. Мураббийидан буни сўради. У: “Қуёшдан сўра”, – деди. Қуёшдан ҳам кўп сўради. Лекин у жавоб бермади.

…Роа қаттиқ инграб, шитоб билан юқорига интилди. Беҳад катта тезликда сапчиб, сув сатҳидан анча кўтарилди. Шу аснода Қуёшга қараб нола қилди:

– Бу қандай кўргилик? Муқаддас маконни иниларим топтади. Онам руҳини булғашди, боламни қийнашди. Бу нима кўргилик?! Айт! Иниларимни нима учун сувдан ҳайдаб чиқаргансан, айт! Қувганмисан? Алдаганмисан? Мақсадлари нима? Уларни асра, дединг, асрадик. Авайла, дединг, авайладик. Акулаларга ем қилма, дединг, ем қилмадик. Айбимиз нима, бизнинг, айт!!!

Роа сув юзасида бунчалик кўп турмаган эди. Қуёшга бунчалик кўп сўз айтмаган эди. Қуёш ҳам бунчалик бепарволик қилмаган эди…”

Тилимизда “ваҳший ҳайвон” деган атама бор. Йўлбарс, бўри…ларни “ваҳший” деб атаймиз. Лекин сувдаги катта-кичик балиқлардан тортиб, гўзал гиёҳларга қадар қириб, йўқ қилиб ташлаётган икки оёқли жонзотларни нима деб аташимиз керак? Наҳот бугун улар “онгли” деган сифатга лойиқ бўлишса?! Буларни одамзодни қоралаш мақсадида қоғозга туширмадим. Булар мени қийнаётган муаммолар, шубҳам йўқки, табиат тақдирига бефарқ қарамайдиган сиз – азизларда ҳам бу каби ташвишлар мавжуд.

* * *

“Фалак” билан “Сомон йўли элчилари” орасида яна бир китоб нашр этилди. “Заҳарли ғубор” деб номланган асарни муҳандис дўстим Бахтиёр Ҳошимхўжаев билан ҳамкорликда ёзган эдим. Бу асарнинг аввали 1967 йилда ёзила бошлаганди. “Ленин учқуни”да ишлаётганимда Бахтиёр ўзини “инженер” деб таништириб, техникага доир янгиликларни ёзиб келарди. Бу янгиликлар “Техника молодёжи”, “Знание – сила” журналларидан таржима қилинарди. Бахтиёр рус мактабида ўқиган, ўзбек тилига анча нўноқ эди. Ёзиб келган хабарлари кичик ҳажмда бўлгани учун таҳрирда қийналмасдим. Бир куни у билан фантастика ҳақида суҳбатлашиб қолдик. Бу мавзудаги кўп китобларни ўқиган, ўзи ҳам ёзишни хоҳлар экан. Ўйлаб юргани бир илмий тахмин ҳақида гапириб берди. Кейин фикрларини ҳикоя тарзида қоғозга тушириб келди. Ёзганлари қуруқ хабар даражасида, “ҳикоя” дегулик ҳоли йўқ эди. Ҳикояга доир уч-тўрт таклифларимни айтганимда, у: “Ҳикоя ёзиш қўлимдан келмайди, агар воқеа сизга ёққан бўлса, қайта ёзинг, шерик бўлайлик”, деди. Шу тарзда ҳаммуаллифликка асос солинди. Мен баённинг илмий тахминини олиб, “Автомат қалъанинг сири” деган фантастик ҳикоя ёздим. Ҳикоя “Ленин учқуни”нинг бир неча сонида босилди. Ҳарбий хизматдан қайтганимдан кейин бу мавзуга яна қайтиш истаги туғилди. Уруш ёки тинчлик, дунёга ҳукмронлик қилиш масалалари кўп гапириларди. Ер куррасининг тақдири баргга илинган шудринг томчисига ўхшаб титраб турарди. Дунёга бир давлат ҳукмронлик қиладими ё битта одамми – фарқи йўқ, адолат топталади, ҳаёт зулмат чодирига ўралади. Шуни назарда тутиб, ҳикоядаги олим Лонгнинг фаолиятини кенгайтирдим. Дунёни фалокатдан асраб қолишда фидокорлик қилган ўзбек олими Исмоил қиёфасини гавдалантирдим.

* * *

“– О, Чарльз! Сен ҳам одамсан-ку! Сенинг ҳам ўзингга яраша ақлинг бор. Менинг ҳам. Балки сенинг ақлинг ана шу “Қудрат соҳиби”нинг ақлидан буюкроқдир. Балки сен унга нисбатан истеъдодлироқдирсан? Шундай бўлса-бўлмаса, сен уни ақлсиз деб биласан. Унга бўйсунишни истамайсан. Мен ҳам. Бошқалар ҳам. Инсон ҳеч қачон бошқаларга бўйсунишни истамайди. Унинг қудрати ниҳоясиз бўлса ҳам, ерни остин-устун қилиб юборса ҳам одамлар унга итоат этишмайди, – деди Шарлотта.

– Балки сен ҳақдирсан. Лекин у ўта ақлли бўлса-чи?– деди Лонг.

– Уни одамлар ана шу хислатлари учун ҳурмат қилишлари мумкин, аммо бўйсунишмайди. Энди у одамлар ҳурматига лойиқ эмас. У буюк назариётчи ва амалиётчидир? Хўш, нима бўпти? Бу унинг одамлигидан дарак бермайди-ку. Ҳақиқий инсон икки хил ақл билан иш кўради. Бири бошидаги ақл, иккинчиси юракдаги ақл. Кўпроқ юрак ақли билан ишлайдиган одамнинг ҳурмати баланд бўлади. “Қудрат соҳиби”нинг бошидаги ақл буюк бўлса ҳам қалби йўқ экан.

– Сен ўшандай одамга турмушга чиқармидинг?

Шарлотта ўйланиб қолди.

– Йўқ. “Қудрат соҳиби” менга ҳаёт инъом этса ҳам у билан турмуш қурмасдим.

– Нимага?

– У билан турмуш қуришим итоат этганимни, қулликка ризо бўлганимни англатмайдими?

* * *

Сув қояга шип-шип уриларди. Тўлқинчаларнинг калта тили қоя этакларини ялайди. Қоя мағрур турибди. Довул вақтида ҳам уни тўлқинлар ямлаб ютолмайди. Ўзини қудратли деб билган баҳайбат тўлқинлар шу қояга урилади-ю чил-чил синиб, мажолсизланиб, орқасига қайтади. Куч йиғиб, яна урилади, яна, яна… Чарльз Лонг эсини танигандан бери қоя мағрур. Чарльз туғилмасидан олдин ҳам шундай бўлган. Яна неча юз йиллар шундайлигича қолади.

Чарльз ана шу қояга ихлос билан қарайди. У мана шу қоядай мағрур, енгилмас бўлиб қолишни орзу қилади. Дунё унинг оёқлари остида мана шу сокин денгиз каби бўлиши керак. Дунёнинг ҳар бир томир уриши чироқларнинг нурида тилла тангалар ясаётган майда тўлқинчалар сингари унга ҳузур бахш этиши лозим. Агар у истаса, жимирлаётган сувнинг осойиши бузилиб, даҳшатли тўфон бошланиши мумкин…

* * *

– Шарл, кашфиётингнинг буюклигини ўзинг ҳам билмасанг керак. Энди одамлар эллик-олтмиш йил эмас, камида юз-юз эллик йил умр кўра оладилар. То ўлгунларига қадар ёшлик ғайратларини, куч-қувватларини сақлаб қоладиган бўладилар. Миялари уч-тўрт баравар тез ишлаб, энг оғир муаммоларни ҳам тезда ҳал қила оладилар. Робертнинг ихтиролари эса техникани яна юксакликка олиб чиқади. Хўш, буларнинг сенларга қандай нафи бор? Сариқ чақалик фойдаси йўқ! Сенлар ҳам оддий одамлар сингари яшаб, ишлаб, ўлиб кетасанлар. Ҳеч ким сенларни эсламайди. Бирор машҳур спортчини ёки артистни эслашса, эслашадики, сенларни ёдга олишмайди. Алгебрага қандайдир Ал-Хоразмий асос солганини, нисбият назариясини Эйнштейн яратганини биз биламиз. Чунки биз уларнинг таълимотларига асосланиб иш кўрамиз. Биз бир ҳовуч, бир томчи одамлармиз. Уларнинг буюк хизматини денгиз билмайди. Сенлар ҳам ана шундай унут, ана шундай узоқ ўтмиш бўлиб қоласанлар. Нима, одам шунинг учун меҳнат қиладими? Йўқ! Меҳнатнинг роҳатини аввало ўзинг тортишинг керак. Бошқаларни ўйлаш – бемаънилик! Гапим тўғрими?

– Ҳаммамизни ҳам бора-бора унутишади. Ҳеч ким мангу қолмайди. Тарих билан тақдирнинг азалий ўйини бу.

– Йўқ! Биз мангу қолишимиз керак!

* * *

– Мен ҳали қудратимни тўла кўрсатганимча йўқ. Истасам, қум барханларини кўчираман, истасам – ер юзини саҳрога айлантираман. Музликларни эритиб, ерни сувга бостиришим ҳам ҳеч гап эмас. Истасам, бутун атмосферани ўзгартираман. Ишонмаяпсанми? – Чарльз Робертга истеҳзо билан қаради. – Барибир эрта-индин ишонасан! Мен телепатияга асосланиб, буюк бир ишни амалга оширдим. Яратган анализаторим мени нурли чўққига олиб бориб қўяди. Ҳа, дўстларим! Менга ҳамроҳ бўлган киши янглишмайди. Ерда ҳаёт пайдо бўлганидан бери унга мутлақ ҳоким бўлиш ниятида кўп қонлар тўкилди. “Жаҳонгирман”, деганлар Ер куррасининг ярмини босиб олишди. Лекин уларнинг биронтаси Ернинг мутлақ ҳокими бўла олмади. Улар ҳам буюк истеъдод эгалари эди. Лекин бу истеъдодлари қуруқ ва содда эди. Чингизхон денгизни кўриб, дунёнинг чети шу бўлса керак, деб орқага қайтганмиди? Наполеон билан Гитлер руснинг совуқ қишига бардош бера олмадими? Ўша жаҳонгирларингнинг биронтаси ҳам инсонлар иродасини енголмади. Бу ишни энди мен қиламан. Битта дунёга эмас, дунёларга ҳукмронлик қилиш Чарльз Лонг тақдирига ёзилган. Бу ҳақиқатдан ҳеч ким кўз юма олмайди.

– Улар ҳам қилични қиндан суғурмай туриб шундай ўйлашган бўлишса-чи?

– Ҳеч бўлмаса, мендай истеъдод эгасининг ягона эканини тасдиқларсиз?

– Истеъдод одамларга хизмат қилмаса қадрини йўқотади…”

* * *

Дунё жар ёқалаб кетаётган, йўқ, аниқроғи – қил кўприкдан ўтаётган кимсага ўхшайди. Сал тойдими – тамом! Балки Қиёмат қойим шу биргина тойишдан бошланар? Ҳар ҳолда инсон боласи эсини таниган онидан бошлаб кучлар курашига гувоҳ бўлади. Гувоҳлик билан чекланса, кошки эди. Шу курашларнинг қурбони бўлади.

Давр ва жамиятлар ўзгараверади, кучлар кураши эса турли кўринишларда такрорланаверади. Кучлар курашини ҳал этмоқ ғоят мураккабдай туюлади. Ҳозир бу масалани ҳал этмоқ учун неча ўн минглаб сиёсатдонлар бош қотиришади. Дунёнинг у чеккасидан бу чеккасига учишади ва оқибатда… деярли ҳеч нарсани ҳал этиша олишмайди. Бу масала наҳот шу даражада мураккаб бўлса?

Ровийлар дерларки, Искандар Зулқарнайн дунёни забт этмоқ қасдида жанг сафарига чиқиб, неча юртларни эгаллаб, Чин мамлакатига етди. Жанг олдидан чодир тикиб ўтирган экан, Чин подшоси элчи юборганини билдиришди. Элчи кириб гапини ёлғиз Искандарга айтажагини маълум қилди. Унинг истаги вожиб бўлиб, ҳоли қолишгач, деди:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 14 15 16 17 18 19 20 21 22 23 24 25 26 27 28 29 30 31 32 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации