Электронная библиотека » Турсуной Содикова » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 13:20


Автор книги: Турсуной Содикова


Жанр: Религия: прочее, Религия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 6 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Тандир кийиб юрган бўлмайлик!

Аҳмоқдан сақлан!

Ҳадис

Имом Ғаззолийнинг “Эй фарзанд…” рисоласида келтирилади: “Муолажани қабул этмайдиган касаллик – аҳмоқликдир.” Чунончи Исо алайҳиссалом демишлар: “Ўликни тирилтиришга қурбим етди, илло, аҳмоқнинг давосига ожиз қолдим”. (Исо пайғамбарнинг нафаси ила ўликни тирилтиришига ишора бор. Тарж.) Аҳмоқ шундай кишиким, озгина муддатда ақлий ва шаръий илмлардан нарибери хабардор бўлади-да, дуч келган одам билан ана шу ўрганганлари юзасидан мунозарага киришиб, тортишиб юради. Ақлига оғир келган масалаларни улуғ донишмандлар учун ҳам мушкулот (тушунуксиз) гумон қилади ва ул муборак зотларнинг қадрига етмайди. Берган саволлари эса бачканалик, сийқалик, демакки, аҳмоқликдан нари ўтмайди. Ана шу каби аҳмоқларнинг савол-жавобига андармон бўлмаслигинг маъқул… Ҳозиқ табиблар муолажа кор қилмайдиган бундай беморни олдиндан билиб, беҳудага овора бўлишмайди… Аҳмоққа жавоб – сукут”.

Бир шеъримда шундай мисралар бор экан:

 
У – бекам ўзича, у – тугал етук,
Ўзига қўйгани – энг олий баҳо.
Унинг назарида Қуёш ҳам хунук,
Ой ҳам энсасини қотирар гоҳо.
 
 
У тинмай булбулга тилайди завол,
Уйқусига халал бергани учун.
Ҳатто ўз юрагин олади малол,
Тинмайин “дук-дук”лаб ургани учун!
 
 
Уй, рўзғор, жигарбанд мисоли бир тўп,
Гоҳида ирғитар, гоҳда суяди.
Болалар ҳуркагу эрнинг шўри кўп,
Ундан яхши-ёмон тенгдан куяди!..
 

Ҳатто пайғамбарларни лол қолдирган бундай кимсаларнинг атрофимизда етарлича топилишидан, улар билан ёнма-ён яшаб бориш пешонада борлигидан афсус чекасан киши. Баъзан эса билиб-билмай уларнинг ишини такрорлаб қўйишдан қўрқиб ҳам турасан! Назаримда, бундай инсонларнинг борлиги ҳам Аллоҳдан: ё бизни синайди, ёки улар биз учун жазодир – қайсидир гуноҳларимиз эвазига рўбарў келамиз. Агар шундай инсон сенга келин ё куёв бўлиб қолса, сафарда ҳамроҳ бўлса, қўшни ёки қуда бўлиб қолса аҳволинг аён! Биродар, бундай пайтларда фақат ақлингни тўпла! Ақлинг борлигини исботла, яъни ўзингни асра! Аҳмоққа жавобан сукут сақлашнинг оти сабр, яъни Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтишдир. Агар унинг ҳар бир ҳаракатига жавоб бераман десанг, кунда бир портлашинг керак. Аҳмоқ-ку кўнглига келган гапни айтиб-айтиб, хоҳлаб турган ишини қилиб кетаверади, аммо сенга оғир бўлади, чунки сен таҳлил қилиб турасан, нотўғрилигини билиб, изтиробини чекиб турасан. Шундай пайтда эҳтиросингни, ғазабингни бос-да, аксинча, унга раҳм қил, уни ёмон кўрма, унинг умр бўйи шу алфозда яшаб ўтишини тасаввур эт ва ачин! Ва феълини ювошлаштирадиган мулозамат топ, зарарсизлантир-да, ёнидан нари кет. Қарғадан булбулликни сўраб бўлмайди ахир!

Бундай одамлар фақат баҳс-мунозарадагина кўзга ташланмайди, уларни турфа тутумларда учратиш мумкин. …Сингил аканикида туриб ўқияпти, тўғрироғи акаси уни қишлоқдан олиб келиб ўқишга жойлади. Ака жўжабирдай жон, ночоргина рўзғор юритади. Ойликка термулиб, моддияти ҳамиша таранг туради. Уйда емак-ичмак дуруст, аммо синглисига мўмай пул тутолмагани, яхши кийинтиролмаганидан хижолат. Сингил эса калтабин, нуқул “Менинг отам йўқ, акамнинг уйида сиғинди бўлиб яшаяпман, қўлим пул кўрмайди” (бу унинг кундалик дафтаридан кўчирма) дея пинҳон йиғлаб юради. Бир куни дарсдан кейин қараса, йўл кирага пули қолмабди. У ўқийдиган институт шаҳар чеккасида, яшайдиган жойи эса бу ердан йигирма километрча нарида. Битта транспорт билан борилади, у пайтларда чипта бор-йўғи ўн беш тийин эди. Шугина тангани (бир-бирини совға-саломлар билан йўқлашиб юрадиган бир тўп дўстлари бор) истаган дугонасидан олиб турса бўлади-ю, ҳатто ҳайдовчининг ўзига “Шундай тасодиф бўлиб қолди, эртага қўшиб тўлаб қўяман” деса олам гулистон, йўқ, “Мен шундай ғариб инсонман, қийинчиликда яшаганман, йўл кирам йўқлиги учун қишлоқдан шаҳарга пиёда келганман” деган гапни, эҳтимол, кимларгадир аянчли ҳикоя қилиб бериш учунми, яёв йўлга чиқди. Ва акасиникига ета-етгунча йиғлаб келди. Ва кела солиб буни кундалик дафтарига битиб ҳам қўйди. Сиз: “Нега эрталаб пул сўрамадинг ё нега бирортасидан олиб турмадинг?” – дея бўғилиб сўрайсиз. “Ҳеч кимга малол келишни хоҳламадим”, – дея минғирлайди у. У ўзича бу ҳаракатини донолик деб билади.

Яна ўша сингил ҳақида. У ўқишни битирди. Қишлоғига қайтиб турмушли, бола-чақали бўлди. Қаҳратон қиш кунларининг бири, ғирашира тонг пайти келинойи деразадан қараса, кўчадаги ёғоч ўриндиқда тизза бўйи қорга ботган, кўрпачага ўралган болани бағрига босган бир аёл ўтирибди, яхшироқ тикилса – қайинсинглиси! Чопа солиб пастга тушди ва жон жаҳди билан: “Болани нега қақшатиб олиб ўтирибсиз, нега тақиллатмадингиз?!” – деса, “Сизларни безовта қилгим келмади” дермиш яна! Баттолни қарангки, эри билан гап талашиб қолгану кечаси ўн иккидами, бирдами, уч ойлик чақалоқни (яна касал чақалоқни) кўтариб шартта йўлга чиққан. Ака бошқа шаҳарда яшайди, масофа беш-олти соатлик йўл, бир бало қилиб тонгга яқин етиб келади. Етиб келгунча боланинг таги нима бўлди, бу қирчиллаган қишда унга совуқнинг таъсири қандай бўлди, ўзи ҳам янги туққан хотин – ўзининг аҳволи нима бўлди?! Буларга ақли етиб турса-да, эр туфайли қандай ёмон аҳволга тушганини намойиш қилиш учун, “Акасининг эшигини бемаҳалда тақиллатишга журъат этолмай, совуқда дилдириб туришга мажбур бўлганини” эрига пеш қилиш учун совуқда тураверган! Қишнинг чилласида, яна тонгда, очиқ изғиринда чақалоқ билан қанча турганини худо билади! Лекин шундай ҳавода нафақат ₁₀ минут, ₅ минут туришнинг ўзини айтинг! Кейин маълум бўлдики, у уйидан ярим тунда ҳеч кимга айтмай чиқиб кетган. Эрталабгача ҳам сабр қилолмаган, нималарга қодирлигини кўрсатиб қўйгиси келганда, шайтони “Болангни ўйлама, кет, эринг бир қидириб бўлганича бўлсин” деган. Хўп, акасиникига ҳам етиб келди. То тонг ёришгунча дарвозани тақиллатмай туриши-чи? “Бу – одобдан”, деган унинг “доно маслаҳатгўйи”. Бола-чи, дейсизми? Э, бола совуқдан қотса қотар, муҳими, у шайтон буюрган ишни қилиши керак!..

Яна бир мисол. Бир аёлга эрининг биров билан дон олишаётгани ҳақида хабар етди. Бу унга оламшумул фожиа бўлиб туюлди. Куёвлари бор, келини бор, набиралари бор. “Нима бўлса бўлар”, – деди, – “У қилган ишни мен қилолмайманми”, – деди! Ва бир белбоғ пулни бир ёшгина номаҳрамнинг белига боғлади-да, “Мен эримдан қасд олишим керак, шу пул тугагунча мени фалон шаҳарга олиб бориб ўйнатиб келасан”, деди…

Яна бир аёл ҳам эрининг бошқа боққа мўралаганини билиб қолди. У анови аёл қилган ифлосликни қилмади, лекин барибир унинг иши ҳам хунук бўлди: кўришганки кишига, учраганки остонага, борганки жойида “Мен яхши эдим, эрим яхшилигимни билмади, бошқа аёл билан гаплашяпти” дея кўз ёши тўкаверди. Уйида тутум остин-устин, на оналигини, на аёллигини бажаради, ота-онаси янги ўлган одамдай уйига мотам билан кириб, мотам билан чиқади. Одамлар унинг арзу додидан қочадиган бўлгунча идорама-идора, танишма-таниш эрини дастурхон қилиб юраверди, юраверди…

Бу иккала аёл калласини эркаги хато қилгандан кейин йўқотгани йўқ! Улар оналаридан шундай туғилганлар. Асли уларнинг хамиртурушларида чатоқлик бор ва қисматлари ҳам шунга яраша бичилган! Бу аёлларни йўлдан қайтариш учун ҳеч ким уринмади дейсизми! Ҳамма гапингиз тошга сув сепгандай бефойда кетаверади – улар, Имом Ғаззолий айтганларидай, муолажа кор қилмайдиган беморлардир.

Бир нобакор эркакни биламан, бир кунда беш хил тусга киради: бирданига аёлига хезланади-да, “Ҳозир ақлли турганинг билан ўн йил бурун кимга кўзингни сузганингни қаердан биламан!” – дея ташланади. Ёки “Фалончи сенга астойдил салом айтди, қани айтчи, орангда бир гап бўлмаганми?” – дея сиқувга олади. Ёки “Тоғаларингни мунча кўп гапирасан, тагида бир гап йўқми ишқилиб!” – дейишгача боради. Бир куни ҳатто “Мунча уканг сенга меҳрибон, у ҳам барибир эркак киши!” – дер эмиш! Уни жинни деб ўйларсиз балки? Йўқ, у соғларнинг рўйхатида туради, ҳамма қатори ишга бориб, ишдан келиб, китоб ўқиб, тўйларга бориб, ясаниб-тусаниб орамизда юради. У фақат туғма аҳмоқ!

Хўш, бу мисолларни биз нима учун келтиряпмиз? Уларга насиҳат ўтмаса, тарбия кор қилмаса! Жиннини даволаш мумкин, аммо аҳмоқни даволаб бўлмаса. У ҳақда гапирмоқдан не наф? Ниятимиз қиссадан ҳисса чиқармоқдир: “Донишқишлоқ латифалари”да Эркин Воҳидов зинҳор тандир кийган Матмусанинг устидан кулмаган, мақсади “Ҳой биродарлар, эсимизни йиғайлик, тағин биз ҳам тандир кийиб юрган бўлмайлик” деган хавотирни айтиш бўлган.

Пайғамбаримизнинг ҳадиси “Аҳмоқдан сақлан” тарзида битилган бўлса-да, кўпроқ “Сен ўзингни аҳмоқликдан сақла” маъносини билдиради-ёв! Аҳмоқларга ўхшаб ҳаракат қилиб қўймагин демоқчи! Қуюшқонга сиғмаётганки иш, ўзингни ва ўзгаларнинг асабларида ўйнайдиганки ҳаракат аҳмоқликдир. Сен бундай қилмайсан, иншооллоҳ. Чунки сенинг Худо берган ақлинг, фаросатинг бор. У беморлар ақлан ноқислар ва икки дунёлари куйиб кетаётганини билмайдилар. Сен эса бор ақлингни атрофга кўрсат, уни йўл бошловчи сайла ва бу нақд бойлигингдан мазза қилиб фойдалан ва икки дунё бахтига эриш!

Мусулмончиликнинг шарти – ҳилм!

Аллоҳдан қўрқ!

Яхшиликнинг кичкинасини ҳам кичик демай қилавер.

Агарчи челагингдаги сувни сув олмоқчи бўлган кишининг челагига қуйиб бериш билан ёки биродарингга очиқ чеҳра билан юзланиш билан бўлса ҳам яхшилик қил…

Ҳадис

Динимизнинг ва ундан сув ичадиган миллий одобимизнинг мазмун-моҳиятига эътибор берилса, “Яхшилик қил!” деган ягона фалсафа, ягона буйруқ жаранглаб туради: Бу гапда хосият кўп. Айтиш мумкинки, бахтнинг калити шу шиорда!

Сиз бир одамга яхшилик қилишни ният қилдингиз, аммо ҳали ҳаракатга тушмасингиздан, Яратганнинг ҳимматига қойил қолингки, мушкулларингизга ечим кела бошлайди. Ишонаверинг, “Одамларга яхшилик қилсам қандай яхши бўларди-я” деган ўй хаёлингизга келган заҳоти вужудингизга покизаловчи бир нур тушади. Ё бошқача айтганда, бировларга яхшилик илиниш – бамисоли садақа, дарҳол йўлингиздаги, дилингиздаги ғуборлар кета бошлайди. Бир эслатган эдик, ҳадисларнинг бирида: “Инсоннинг атрофида ₉₉ хил ажал айланиб юради”, дейилган. Сизни машъум ажалнинг домидан асраётган, то кексаликкача ёнингизда қўрғон бўлиб борадиган қўриқчингиз, билиб қўйинг, бировларга фийсабилиллаҳ қилган яхшиликларингиздир!

“Аллоҳдан қўрқ!” демоқда ҳадис. Бу “Яхшилик қилмай юришдан қўрқ” дегани! Демак, биз умрбод бир-биримиз учун мурувватга буюрилганмиз. Яхшилик бизнинг фарз амалимиздир. Энг кичик миқдорда бўлса-да, инсонларга узлуксиз яхшилик илинишимиз шарт. Яратган лафзда буюк! Мурувватда беқиёс! Ва қаҳрда қаттиқдир! Агар унинг бир буюрганини адо этсанг, жавобини ўнта қилиб қайтаради. Агар унинг йўлига юрмасанг, қаҳридан қочиб қутулмайсан: ўлигингу тиригинг ўтда қолади! Биродар, атрофга кўзингизни катта очиб қаранг, айрим инсонларнинг қай аҳволга тушганини кўринг ва синчиклаб уларнинг босиб ўтган йўлини, феълу атворини таҳлил қилинг, дарҳол жавобини топасиз!

“Яхшиликнинг кичкинасини ҳам кичик демай қилавер” дейилмоқда. Чунки ҳар бир илоҳий вазифанинг мағзида мўъжиза бор. Сизнинг арзимаган бир яхшилигингиздан не-не гўзалликлар бино бўлиши мумкин. Ҳатто қинғир тўғриланиб, ёмон яхшиланиб кетиши мумкин. Аслида сизгинанинг биргина дуруст ишингиз ҳеч қачон ўшанча қўзғолиш қилолмайди, унга хосияту барокат қўшаётган Яратганнинг Ўзи. Ҳадиси шарифда келтирилгандай унинг “Бандам мен томонга юра бошласа, мен унга қараб югураман” дегани шу.

Дейлик, эрталаб кўчангизни тозалаётиб, кўнглингиз чопди-да, қўшни дарвозанинг атрофига ҳам сув сепиб супуриб қўйдингиз. Бори-йўғи шу ишни қилдингиз! Энди бунинг шарофатини кўринг: қўшнингиз бу ҳолдан бошқача севинди, шошганича кириб хурсандчилигини уйидагиларга етказди, уларнинг ҳам чеҳралари ёришди. Бу хуш ҳаракат хонадоннинг катта-кичик болалари хотираси-ю, қулоғига муҳрланди – бу ҳам бир тарбия дегани. Қўшнингиз эса сизга сиздан орттириб яхшилик қилишни кўнглига тугиб қўйди. Ўзини қарздор ҳис қилди, юрагининг бир ипи сиз томонга боғлангандай бўлди, дарҳол нонуштага пишираётган нарсасидан илингиси келди, “Ўз қўлим билан бериб чиқа қолай, раҳматимни ҳам айтиб оламан” деди. Қарабсизки, уйингизга саҳармардондан одамларнинг розилиги кирди, қўшнининг кўзлари тўла муҳаббат кирди. Қолаверса, ликопчада ризқ кирди, энг муҳими Аллоҳ сиздан рози! Яна бир мўъжиза шуки, иккалангизнинг ҳам кайфиятингиз кўтарилди, сизлар бу туришда бугун бировга қаттиқ гапирмайсиз, ёмон ниятлар қилмайсиз. Ўзингизни ҳурматингиз ошгандай, қадрингиз ўсгандай ҳис қилдингиз. Демак, дадиллашасиз, унча-мунча дардларингиз эсингиздан чиқади… Булар ҳаммаси Аллоҳнинг сизга марҳамати! Қилча яхшиликнинг филча шарофати шу!

Бир кун саҳар дарвозамизни очаётсам, ҳали кўчиб келмаган қўшнининг машинасига кўзим тушди, экинларидан хабар олгани келибди чоғи. Меваларимиз ғарқ пишган пайт, бўлажак қўшнимга лутф қилгим келди: бир халтачада анжир териб чиқдим, шугина нарса учун чақириб безовта қилмайин, ким тортиқ қилганини билмаёқ қўя қолсин деб, машинанинг юкхонаси устига қўйиб кириб кетдим. Кейинчалик давомини эшитиб хурсанд бўлдим. Қўшни йигит чиқиб қараса: анжир турибди. Нақ дадаси яхши кўрадиган кўк анжир! Бошқа ёққа шошиб турганига қарамай, аввал ота уйига учраб, анжирни топшириб, сўнг керакли жойга ўтиб кетибди… Шугина неъмат тагига тўкилиб ё қушларга ем бўлиб кетиши ҳам мумкин эди. Аммо кўнгил олиш учун қилинган иш шарофатли бўлди: Фарзандининг эрталабдан унга ёққан нарсани кўтариб кириши отани бир хурсанд қилдими! Йўлга тушган еридан отаси учун атойи қайтганига такрор севиндими! Мевалар бизникидан эканлигини билиб қувончи зиёда бўлдими! Ёши улуғ одамларнинг юраги бу кайфиятдан сув ичди, бир кунга бўлса-да тетиклашганлари аниқ. Орада ўғил ҳам дуо олди. Ўша куни, албатта, иши юришган бўлиши керак. Қолаверса, бу оиланинг кўнглида бўлажак қўшниларимиз ёмон эмас экан деган илиқлик уйғонди. Нафсиламрини айтганда, қўшниларнинг бир-бирига ёқиб қолишидай гўзаллик борми дунёда?! Янада ёқимлиси шу бўлдики, беш-олти кун ўтгач дарвозадан бир хушрўй йигит кириб келди ва табассум билан: “Мана булар бизнинг боғимиздан, дадам бериб юбордилар, мен Ҳожи аканинг кичик ўғли бўламан”, – деди. Бир яшик беҳимисан-беҳи, бир яшикда нок, узум. Кўриб турибсиз, бу неъматларни қўшни эмас, менга Аллоҳнинг Ўзи юборгани аниқ!

“Биродарингга очиқ чеҳра ила юзланиш билан ҳам яхшилик қил” деган жумлага эътибор қилайлик. Хўш, табассум ҳам наф ўрнида ўтиши мумкинми? Албатта-да! Пайғамбаримиз бекорга бунга урғу бераётгани йўқ. Кишининг юзи ҳам бир ҳужжат, яхши-яхшимаслигидан далолат бериб туради. Ишга борсанг ҳам, ишдан келсанг ҳам, сафарга чиқсанг, касалхонага тушсанг ҳам, атрофдагиларнинг қошу қовоғига қараб сенинг ҳам кайфиятинг ё у ёқлик, ё бу ёқлик бўлади. Кайфият эса муҳим нарса – бутун фаолиятингни бошқаради. Айрим халқларда болаларига кулиб туришни ғоят қаттиққўллик билан, йиллар давомида ўргатар эканлар. Мусулмончиликнинг асосий шарти ҳам – ҳилм! Қани, ҳилмнинг аҳамиятига озгина тўхтайлик: Бировга кулиб қарадингми, демак сен уни ёмон кўрмаяпсан дегани. Сенга боқиб турган одам ҳам очиқ чеҳрангни кўриб, дадил ёндашади, бу менга панд бермайди дейди, самимийлигинг эвазига ҳожатингни чиқаргиси келади ва фойдангга иш тутади. Қолаверса, кулиб туриб бировга бақириб бўлмайди, яъни табассуминг жаҳлингни жиловлаб, хатар ўтиб кетгунча сенга сабр бериб туради. Бу юксак маънавият белгисидир. Ҳеч қачон ичи тор, хусуматчи, кибрли одам чарақлаб кулиб туролмайди. Инсоннинг юзидаги иқлим унинг ичидан ўсиб чиқади. Демак, очиқ чеҳралиликни одат қилган одамлар ботиний дунёларини ҳам тартибга солган инсонлардир.

Лекин орамизда феъли тўла яхшилик бўла туриб уни намоён қилишни билмайдиганлар ҳам анча-мунча. Ўзининг қандай эканлигини тушунтиролмаслик ҳам омадсизликдир. Гоҳида бу ҳатто одобсизлик бўлиб кўриниши ҳам мумкин… Вилоятларнинг бирига сафарга бордим. Менга тегишли идоранинг олдида машинадан тушдим. Узоқ йўл юриб келганман, қўлимда катта сафар сумкаси. Мен келяпман, идора олдида бир тўп йигит турибди, аксарияти милиция формасида. Улардан биттаси узоқдан менга синчиклаб қаради-да, шерикларига нимадир деб шипшиди, қолганлари ҳам бир-бир қарадилар ва яна ўзаро сўзлашавердилар. “Худога шукр, танишди” деб ўйладим. Яқинлашганимда суҳбатлари тинди, лекин менга қарашмаяпти. Яна ҳам яқин келдим, индашмаяпти. Олдиларидан ўтаётиб “Ассалому алайкум!” дедим. Иккитаси тутила-тутила “яхшимисиз” деган бўлди, қолганлари тараддудланганича қолди. Зилдай сумкани кўтарганимча ҳануз кетиб боряпман. Улар чурқ этмай турибдилар! Бирдан ўзимга таъсир қилди. Тўхтаб уларга ўгирилдим: “Ўғилларим, мени танияпсизларми?” – дедим. Бироз шошиб қолишди, бир дадилроғи “Биламиз, сиз Турсуной опасиз” деди. “Танисанг, югуриб келиб юкимни олмайсанми, болам!” дедим. Дарҳол битта сумкамга бештаси югура келди. Мен эса ҳануз ўзимни хўрланган сезар эдим. “Шаҳрингизга меҳмон бўлсам, орқангни ўгириб олмасдан “Ассалому алайкум, опа! Хуш келибсиз, келинг” деб қаршиласанг, хурсанд бўламан-ку, ўғлим” дедим гинамни яширолмай. Апил-тапил менга йўл кўрсатган бўлдилар, қизариб-бўзариб керакли одамнинг ёнигача бирга кузатиб қўйдилар. Билиб турибман, уларда ҳам бир ғашлик қолди, мен эса баттарроқ вазмин тортдим! Бирдан Фарғона водийсини, унинг дўконлари ва дўкондорларини соғиниб кетдим: киришингизга “Хуш келибсиз, келинг, меҳмон” дейишлари, дўконидан ҳеч нарса харид қилмасангиз ҳам, юзларига қуёш қўйиб “Келиб туринг, меҳмон, яхши боринг” деб кузатишлари қандай ёқимли-я!

Худо сени кимга дуч қилса, кулиб қара! Иложини қил, бировга ўгирилиб-ўгирилмай туриб аввал юзингда табассум балқисин! Сен қаердан биласан, балки у Хизрдир! Хизр бўлмаган тақдирда ҳам, бандасига очиқ чеҳра билан қараганинг учун Аллоҳ сени Хизрга йўлиқтиргандай қўллаб юборса ажаб эмас!

Инсоннинг юрагидаги-ю ёнидаги бўш жойлари фақат инсон билан тўлади. Меҳр-муҳаббат, яхши муомала дилларингизни яйратади, тилларингизни сайратади, кайфиятларингизни осмонларга кўтаради. Яхшилик қилинг, одамларни яхши кўринг, ёқиб олган инсонлари билан яшаганнинг камбағали йўқ!

Умид ҳам ибодат

Агар бир тоғ ўрнидан кўчибди деса ишонинглар, аммо бир кишининг хулқи ўзгарибди деса унга ишонманглар, чунки у қайси табиатда яралган бўлса ўшанга қайтади.

Ҳадис

Раҳматли дадам билан суҳбатлашиб ўтириб умумий бир танишимиз ҳақида завқланиб гапира бошладим. У ишни бундоқ қойиллатди, бу ишни мундоқ қотириб қўйди қабилида мисоллар келтирардим. Дадам мени зийрак тортибгина эшитдилар-да, “Балли, яхши ишлар қилибди, аммо у билан ортиқча апоқчапоқ бўлиб кетма” дедилар. Мен норозироқ қаровдим, “Гўнгнинг тепасида унган чечак ҳам чиройли бўлади, у оиланинг таржимаи ҳоли сал нобоп-да” деб қўйдилар. Кўп ўтмай, бунинг исботи бўлди, ўша одамнинг ҳафсалам пир бўладиган ишларини сеза бошладим…

Келтирилаётган ҳадис ҳам насл масаласига урғу бериб турибди. Бу юракни увиштирадиган ҳақиқат! Аммо умид деган нарса ҳам бор, у илоҳий бир илинж, у ҳам бир ибодат. Ҳадисларда келтирилишича, киши умрининг охирги дақиқасигача икки дунёсининг чиройли бўлишига умид боғлайвериши керак. Чунки умид инсонга интилиш, ҳаракат беради. Яхши нарсани орзулаган одам солиҳ амаллар сари юради, бу эса Аллоҳ рози бўладиган йўлдир.

Талабалар билан маънавият мавзусида суҳбат ўтказаётган эдим. Навбат савол-жавобларга келди. Қўлимга имзосиз бир хат келиб тушди. Унда: ”Минг афсуски, онам эл орасида бироз гап-сўз бўлиб қолган, зот хусусиятлари наслда такрорланади деяпсиз, наҳотки менда ҳам, кейинчалик боламда ҳам онамнинг айблари яна такрорланса, биз умрбод ёмонотлиқ бўлиб ўтиб кетамизми энди?!” деб ёзилган эди. Бу хат менга ёқди, кўнглим ёришди ва ўшанда унга шундай жавоб қилган эдим:

– Болажоним, мана шу саволнинг ўзи бундан бу ёғига наслингда сифат ўзгариши бўлишидан дарак бермоқда. Яъники онангда суст бўлган орият туйғуси сенда баланд кўринадир. Тўғри, наслинг – сен илдиз отган замин. Турган гапки, улғайган саринг отанг ёки онангдаги салбий жиҳатлар сенда ҳам уйғона боради. Авлодингда ёлғончилик, қўли эгрилик, ё ҳиссиётнинг бетизгинлиги, мақтанчоқлик ё ҳасад каби қусур бўлса, бир қур албатта феълингда бош кўтаради. Шундай пайтда сен ўзлигинг, “мен”лигинг олдига ҳозиргидай “нега мен ундай бўлишим керак?” деган саволни кўндаланг қўй. “Отаонам қилган у хатони мен такрорламайман” де! Қўлингни, тилингни қайириб бўлса ҳам, ўзингни тўхтат! Дилингни айнитаётган шайтонга бор овозинг билан “Ўзимни тийишга кучим етади!” деб ҳайқира ол ва ўзингга кучинг етишини атрофга ҳам кўрсатиб қўй! Бир марта ўзингни тўхтата олсанг, иккинчисига ҳам кучинг етади. Уч, тўрт, бешинчи марта ҳам ўзингни мажбурла ва ёруғ юз билан “Мана мен ундай эмасман” дея ол! Тийилиш учун биринчи, иккинчи уриниш анча қийин кечади, “Шу ишни қилавер, дунёнинг ярим одами шунақа, сен ҳам уларга қўшилсанг нима бўпти” дегувчи шайтон ёқангга ёпишиб олади. Учинчи сафар сал қўйиб юборади, тўртинчи бор яна озгина, бешинчи гал эса анча бўш қўяди, кўриб турибсан, сен қатъий турганинг сари шайтон кучсизланиб боради. Бора-бора… мўъжиза рўй беради: ўша қусурларга нисбатан ўзингни батамом узоқ сезасан, бу дегани наслинг сендан бошлаб тозара бошлайди! Бошқача айтганда, онангнинг гуноҳлари сенга ўтмайди, иншооллоҳ. Аммо бу балодан мутлақо қутулдим деганинг эмас. Чунки сен ҳам бола ўстираётган бўлсанг керак. Наслий жараён давом этади: онангдан сенга ўтган ҳиссиётлар энди болангда ҳам уйғонади. Аммо шу билан бирга сендаги кучли орият туйғуси, ўзни тийишдай феъл ҳам унга ўтади. Нафсинг билан курашиш, ўзни енгиш, букиш болангда сендагидан кўра осонроқ кечади. Чунки сен унга ўзингни қайта ишлаб, хатарни камайтирган ҳолатда ўтказяпсан. Агар фарзандингга наслингдаги камчиликларни айтиш баробарида, тарбияни мустаҳкамлаб борган бўлсанг, натижа янада яхшироқ бўлади. Наслий унсурлар етти пуштинг, ҳатто ундан нарига ҳам ўтиб бораверади. Агар ҳар бир бўғин ўзини тарбиялашда қатъий турса, фазилатлар кучга кириб, нуқсонлар табора заифлашиб, зот тозаланиб бораверади.

Бунинг яна бир хосиятли томони бор. Агар онангнинг хатосини такрорлаганингда онанг ўзи учун ҳам, сен учун ҳам, агар қусур болангга, набирангга ўтган бўлса, улар учун ҳам гуноҳкор бўлар эди. Сен хатони такрорламадинг, демак, биринчи навбатда, онаизорингни талай гуноҳлардан халос этдинг. Қолаверса, ўзинг чўнг гуноҳдан қутулдинг! Наслингнинг шаънини тиклашга тушдинг, бу дегани, яна савобга қолдинг, ўтиб кетган ва яшаётган авлодингнинг розилигини олдинг. Энг муҳими, болангнинг йўлини очяпсан – уни энди ҳеч ким қўлларини бигиз қилиб, “фалончи чатоқнинг боласи” деб кўрсатмайди!

Ҳадис “Киши қайси табиатда яралган бўлса ўшанга қайтади” демоқда. “Онасини кўриб қизини ол”, “Султон суягини хорламас”, “қуш уясида кўрганини қилади”, “Олманинг тагига олма тушади”, “Экканингни оласан” каби иборалар бу ҳадиснинг минг бор ҳақ эканлигини тасдиқлаб турибди! Аммо юрагинг увишмасин, ноумид бўлма, Аллоҳ кечиргувчидир, етти қават осмон ва етти қават ерни қайти-қайта ишлаган Эгам биргина сенинг тақдирингни гуллата олмайди дейсанми?!

Қайсики авлоднинг иллати бўлса, кимки ўз авлодини покламоқчи, яхшиламоқчи бўлса, хотиржам яшашни йиғиштирсин. Наслий қусур кимда кўпроқ кўринса, тиш-тирноғи билан унинг муолажасига киришсин. Алоҳида тарбия дастурларини тузсин, болаларини яхшиларга ёндаштириб, ҳунарга ва китобхонликка маҳкам боғлаб, ўзи билан ўзини гаплаштиришга қўймай, кайфиятини фойдали нарсалар билан тўлғизиб турсин. Мана шу астойдил ҳаракатни ким қилса, мукофотни Яратганнинг ўзидан олади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации