Текст книги "Муроса илми. Ҳадислар талқини. 2-китоб"
Автор книги: Турсуной Содикова
Жанр: Религия: прочее, Религия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 6 страниц)
Садақанг ўзингга соядир
Ҳар бир мусулмоннинг садақа қилмоғи вожибдир, агар садақа қилишга пул топмаса, қўл меҳнати қилсин, ўзи ҳам фойдаланади, садақа ҳам қилади.
Агар қодир бўлмаса, ҳожатманд одамга ёрдамлашсин, агар буни ҳам қилмаса, амри маъруф қилсин, агар буни ҳам қилмаса, бировга зарар етказмасин, бу ҳам садақа бўлади.
Ҳадис
Бу дунёда лаънати шайтон бор экан, ҳар бир инсон хатодан, гуноҳга қўл уриб қўйишдан холи эмас. Биргина ва кичкина гуноҳ ҳам жазосиз қолмагай. Ҳақ одил ҳакамдир ва шунинг билан бирга чексиз меҳрибондир. У бир томондан бандасига жазо белгиласа, иккинчи томондан уни шу жазодан қутқарадиган қатор чораларни йўлига чиқариб қўяди. “Садақа балони қайтарур” деган нақлни болаликдан бери эшитиб келамиз. Имом Ғаззолийнинг “Мукошафат ул-қулуб” китобида “Сув оловни ўчиргани каби садақа ҳам хатоларни ўчириши, қиёмат кунида инсонлар аро ҳукмлар охирига етгунча ҳар ким ўз садақасининг соясида бўлиши” таъкидланади.
Яна шу китобдан: Пайғамбаримиздан сўрадилар:
Қайси садақада фазилат кўпроқ?
Камбағалга яширинча берилган садақада, яна камбағаллашиб қолишдан қўрқиб, ишлаб топганидан берган садақада фазилат кўпроқдир.
Қайси садақанинг фазилати улуғроқ?
Ичида сенга яширинча адоват (душманлик) сақлаётган яқин танишларга берилган садақа!
Мазкур китобда Пайғамбаримизнинг яна шундай гаплари келтирилади: “Сизлар бир отни қандай боқиб кўпайтирсангиз, Ҳақ таоло ҳам берган садақангизни шундоқ кўпайтириб қайтаради”, “Сизлар бир луқма садақа қилсангиз, уни Уҳуд тоғидай қилиб қайтаради”. Бу марҳаматни қаранг, биродар, қилган садақангиз учун савоб нақд, устига устак Аллоҳ кетган бир сўмингизни ўн сўм, балки юз сўм қилиб дарҳол ўзингизга қайтаради.
Амалнинг энг яхшиси, Яратганнинг розилиги учун қилинган ишдир. Ҳадисда “Ҳар бир мусулмоннинг садақа қилмоғи вожибдур” дейилмоқда. Муслим одам учун энг муҳими шу топшириқ! Сен садақа беришни эҳтиёж деб бил, уни савоб умидида эмас, дуо олиш ёки кимларгадир кўрсатиб қўйиш учун эмас, Ҳақ розилиги учун қиласан! Нақ камбағалчилик ичида садақа қил – энг олий садақа шу! Пешона теринг билан топганингдан садақа қил, эҳсоннинг энг гўзали шу! “Ўзимнинг шунча камим турибди-ю, эртага нимани ейишим тайин эмасу, бировга берайми” демасдан шу ҳимматни қилдингми, сенинг Яратганнинг розилигига етишганинг, ҳақиқий мусулмонлигинг шу! “Ишлаб топган пулингдан садақа қил” дейилишида кўп ҳикмат бор. Аввало меҳнатга яроқли бўлишдай бахт борми? Ишлаш, яратиш имкони бўла туриб сенинг дангасалигинг туфайли бўш турган оёқ-қўлинг, ақлинг, кучга тўлган мушакларинг, кўзинг, сўзинг сени қарғамайди дейсанми! Ахир улар фаолият учун яратилганку! Бекор турган соғлом вужуднинг ҳам уволи бор! Қолаверса, меҳнат қилсанг, аҳли аёлинг музтарлик кўрмайди, пешона тери билан боқилган болалар ҳалол инсонлар бўладилар (Бу бандаси учун икки дунё саодати-ку!) Оиланг сендан манфаатдор бўлган сари ишингга унум, баракот киради. Ишлаб, ҳаракат қилиб турган бадан чайирлашади, кучланади. Қийналиб пул топган одам қийналганларнинг қадрига кўпроқ етади ва Аллоҳ бундайларнинг кўнглини раҳмдиллик билан безайди. Қара, қанча фазилат йиғилди-я! Бир нарсани кузатиб ҳайрон қолдим: осон пул топадиган бойлардан кўра, топганини учма-уч етказадиган камбағаллар атрофга силаи раҳм, садақа, эҳсонни кўпроқ қилар эканлар. Иншооллоҳ, улар мана шу феълларидан нажот топадилар!
Яна “Сенга ичида яширин адоват сақлайдиган танишларингга садақа қилсанг фазилати улуғроқ бўлади” дейилмоқда. Бу динимизнинг инсонпарвар жиҳатларидан биридир: инсон учун уни ёмон кўриб турганларини ҳис қилишдай ёмон нарса йўқ! Ишлаб ишлагандай, яйраб яйрагандай бўлмайсан! Сенга адовати бор одам танг ҳолга тушиб қолса, биринчи бўлиб ёрдам қўлини чўз дейилмоқда. Хўш, унда нима бўлади? Сен унинг оғриб турган жонига оро кирдинг, бундан, биринчидан, сен ундан озорланиб турсанг ҳам, яхшилик қилганинг учун, номаи аъмолингга улкан савоб ёзилади, иккинчидан, у одам шу кунгача сени хуш кўрмай тутган тутумлари учун қаттиқ хижолат чекади, сенга илийди. Учинчидан, йўлинг бир рақибдан тозаланади, яшашинг енгиллашади. Тўртинчидан, икки инсоннинг тотувликка келиши, бу – жамиятнинг бир бўлагида тинчлик ўрнатилди, деган гап!
Ҳадисда “Агар садақага қодир бўлмаса, ҳожатманд одамга ёрдамлашсин” дейилмоқда. Пайғамбаримиз ҳикоя қиладилар: бир ахлоқи нобоп аёл чанқоқдан ўлаётган итга маҳсисига рўмолини боғлаб, қудуқдан сув олиб ичиргани учун жаннатий бўлган экан. Инсонга қилинган ҳимматнинг эса баҳоси чандон юқоридир. Сенинг бировга илинадиган пулинг, молинг бўлмаса майли, аммо хоҳишинг бўлсин, шунга ҳам савоб ёзилади! Дастёри йўқларнинг йўлагидан қорни кураб қўйиш, сув келтириб бериш, беморга қараш, ёш болалининг қўлидан тугунини олиш… буларнинг бари садақа.
Бир қадрдонимнинг қизлари ҳикоя қилишяпти: “Онам ҳар гал ўзларига “ўлимлик” деб мато келтирадилар. Аммо бировнинг ўтиб қолганини эшитганлари заҳоти ўша ёққа бериб юбораверадилар, адашмасак, бу ўн мартадан кўп бўлди-ёв!” Бу садақага нима етсин!
“Агар буни ҳам қилмаса, амри маъруф қилсин” жумласига эътибор қаратинг. Яъни бировнинг ҳожати учун жисмонан ярагулик ҳолатинг бўлмаса, тилинг билан ёрдам қил: уришганларни яраштир, тушкунликка тушганни юпат, кишиларнинг қусурига кўзинг тушса, шундай муомала, муносабатлар ўйлаб топки, хатоларини битта-битта ташласинлар. бировнинг куйдираётган боласини тартибга солиб қўйиш, келинини ёки қайнонасини инсофга келтириш ҳам садақа. Агар чиройли ва сингишимли гапира олмасанг, таъсир қилмоқчи бўлган одамингга олимларнинг, доноларнинг ибратли гапларидан иқтибослар кўчириб ўқишга бер. Ҳеч йўқ яхши шеър учратсанг, эснаб ёки ғийбатлашиб ўтирганларга ўқиб бериб, кайфиятларини ўзгартир. Буни ҳам эпламасанг, кўрган одамларинг, кечирган воқеаларингни тарбиявий жойларини суҳбатдошингга ҳикоя қилиб бер, буларнинг бари садақадир!
“Агар буни ҳам қилмаса, бировга зарар етказмасин” демоқда ҳадис.
Аллоҳ сенинг хавотирингни олмоқда: гуноҳларинг ошиб-тошиб ётибди, изингда кўргуликлар эргашиб юрибди, сенга нажот керак. Бунинг учун тезда халоскор амалларга киришишинг шарт. Амалларнинг энг яхшиси эса – садақа! Сен бунга ярамадинг, яъни пул, мол садақа қилолмадинг, бировнинг хизматини ўтаб савоб олиш ҳам қўлингдан келмади. Амри маъруфга ярамайсан! Ҳақ сенга энди охирги чорани кўрсатмоқда – ҳеч йўқ бировга зарар етказма, шу ҳам садақага ўтади демоқда! Қўйларингни бировнинг гулзорига қўйиб юборма, бировникига ўтаётган ариқни кўмиб ташлама, оқар сувга мағзава тўкма, ахлатингни бировнинг чорбоғига ирғитиб юборма… Ёмон кўрган одамингни кишиларга ёмонлама, бировнинг устидан юмалоқ хат ёзма, муаллим бўлсанг яхши илм бер, табиб бўлсанг қўл учида даволама, ҳунарманд бўлсанг мижозингни пулига куйдирма… Мана шуларнинг ҳаммаси садақа ўрнидадир. Ўзингни жаннатга ҳам, дўзахга ҳам етаклаб боргувчи фақат ўзингсан, биродар, фақат ўзинг!
Иш бошлаш осон…
Бировнинг қилаётган ишига қараб баҳо берманглар.
Унинг нима билан якунланишини кутинглар.
Ҳадис
Ният – муҳим, ният – етакчи, ният старт нуқтаси, лекин у шу туришида ўлик мол. Уни бор нарсага, мавжудликка айлантириш учун қўлу оёқ, ақлу ирода фаолиятда бўлиши керак! Ният, бу – орзу, истак, аниқ мўлжал. Аввало, ниятинг яхши бўлсин, аммо ўзинг заминда туриб, осмонни ерга қўндираман деб ҳам ният қилма! Ўз ирода, қувватингни чандон тарозига сол, аввалу охирини чамала, сўнг Аллоҳга таваккал қилиб иш бошла. Бошладингми, охирига етказ. Чарчаш, яхшиёмонга йўлиқиш, очин-тўқин қолишу озибтўзиш шу йўлда, лекин ақлни пешлаш, ўзини тоблаш, иродани мустаҳкамлаб олиш ҳам шу йўлдадир. Инсонга бир ишни поёнига етказиш-етказмаслигига қараб баҳо берилади. Мақсадга сидқидилдан интилиб бораётган одам яхшиланиб, комиллик сари кўтарилиб бораётган кишидир. Ишни чала бажардингми, билки, чала инсонсан! Демак, сени шайтон бошқаради. Гулдан гулга кўчиб юрадиган ниначи кабидурсан! Шароитни рўкач қилма, бир ишни мукаммал қилишга одатланган киши, хаста ётса ҳам, ёмон шароитда бўлса ҳам, тугалланмаган ишини ўйлаб безовта бўлаверади. Одамлар бор, гоҳ бир қўли билан, гоҳ кўзлари ожиз, ногирон ҳолатда ҳам не-не юмушларни бажарадилар, санъат асарларини бунёд этадилар. Бу дунёнинг ҳамма битган ишлари қўл урганки юмушини ихлос билан якунлаган инсонларнинг кўтарган хирмонларидир.
Яқинда бир йигит билан суҳбатлашиб қолдим. Ҳуқуқшунослик университетини имтиёзли тугаллабди. Шу соҳада илмий иш олиб боряпти экан. “Олим бўлишни хоҳлабсиз-да”, дейман. “Соҳам бўйича яхши ишларга таклифлар бўлди (бир-иккита нуфузли ташкилотларнинг номини санади). Аммо онам кўнмадилар, “Бу соҳа жуда нозик, умр бўйи жиноят ва жазо тарозиси ёнида турасан, тўқсон тўққизта ҳукмни тўғри белгилаб, инсончиликда адашиш бор, биттасида хато кетсанг ҳам, бировнинг кўз ёшига қоласан”, дедилар”, деди. Яқиндаги мўмай омаддан ўзини тийиб, узоғини ўйлаган онадан таъсирландим.
Қўлимиз билан бошлаётган ҳар бир ишимиз ҳисобга олиб борилиши, ҳар қўйган қадамимизга мукофот ёки жазо тайинлиги ҳар доим ҳам ёдимизда турадими? “Фалончининг нега омади келмайди, энди оғзи ошга етганда бурни тошга тегаверади” деган гапларни эшитиб қоламиз. “Нега менинг бирим сира икки бўлмайди?” қабилидаги нолишларга дуч келамиз. Ишингиз орқага кетдими, билингки, шайтон кўрсатган йўлга от солдингиз, оғиридан қочиб, енгилига югурдингиз! Тоза-нотозани аралаштириб юбордингиз! Омадингиз шундан кетди ёки бир текис хотиржам бўлолмаяпсиз.
Ишни чала ташлаб кетишни-ку ёмон деяпмиз. Аммо кечаси-ю кундузи ишлаб, охирига етказилган ҳамма иш ҳам яхшилик келтирмайди. Сиз охирги нуқтага етиб келгунча Аллоҳга ҳисоб бериб, яъни ҳар бир қадамингизда ундан қўрқиб турдингизми? Йўл-йўлакай бировни туртиб, бировга малол келмадингизми? Зўриқиб меҳнат қилиб, Яратганнинг неъмати бўлмиш – ўзингизни касаллантириб қўймадингизми? Ишингиздан атрофингиздаги одамлар ҳам розими? Шу хавотир туну кун дилимизда бўлмаса, бу хавотирни бир касбу корни энди ўрганишга тушган, бир юмушни энди бошлаган фарзанду шогирдимизнинг дилига ҳам солмасак, пишган ошимизни зўрға сузганда товоғимиз синаверади!
“Бировнинг қилаётган ишига қараб баҳо берманглар, унинг охири нима билан якунланишини кутинглар”, дейилади ҳадиси шарифда. Ободончиликни авж олдирамиз, деган яхши ниятлар ўртага ташланди, талай кўчатлар экилди, гузарларда халқ учун талай қулайликлар яратишга киришилди. Аммо бу ишларни бошлаганлар ҳали мард эмас. Лафз элу юрт ва Аллоҳнинг олдида ичилган қасамдир! Уни бузган киши азият ичра қолади. Ўша экилган кўчатлар ҳаммаси кўкардими, қуриганлари бўлса, ўрнига яна экилдими? Суғорувчиси тайинми? Гузарлардаги яхши ишлар ҳам изчил давом этяптими? Тез-тез уларнинг яхши-ёмон ишларига баҳо бериб туриладими?
Ташкилотларда турли-туман мавзуда мажлислар, семинарлар ўтказамиз, кўрсатмалар берамиз. Ғоя берганга, уни ўртага ташлаганга раҳмат. Бу – иш бошланди, деган гап. Аммо ҳар доим, ҳамма жойда ҳам “Ўша ғояларнинг мана буниси мана бундай амалга ошди, аммо мана буниси қолиб кетди. Меҳнат қилганга раҳмат, аммо бу масъулиятни унутганлар бир ўрнидан туриб қўйсин-чи”, деймизми.
Идора раҳбарингиздан қўрқмасангиз майли, балки у масъулиятсизроқ ёки фаромушроқдир, аммо Яратгандан чўчимайсизми?
“Ишни пухта ва яхшилаб қилган кишини Аллоҳ яхши кўради” дейилади бир ҳадисда. Яна биттасида эса “Мунофиқликнинг аломати учтадир:
Гапирса ёлғон гапиради,
Ваъдасига бевафо бўлади,
Омонатга хиёнат қилади,
дейилади. Аллоҳ бандаларини севади ва уларга нисбатан ёлғончи, бевафо ва хиёнатчи бўлганларни кечирмайди. Бир-биримизнинг фойдамизга, бир-биримизнинг ризолигимиз учун иш қилмагунимизча, ўз ишимиз юришмай тураверади. Ҳаммамизга элнинг ризолиги насиб этсин!
Изоҳ:
Талқин этилган ҳадислар Билқиз Аладдиннинг “Муҳаммад пайғамбар алайҳис-с-салом қиссаси” китобидан олинди. (Тошкент. “Камалак” ₁₉₉₁. Инглиз тилидан Жамол Камол таржимаси. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф сўз боши ёзган.)