Электронная библиотека » Турсуной Содикова » » онлайн чтение - страница 5


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 13:20


Автор книги: Турсуной Содикова


Жанр: Религия: прочее, Религия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 6 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Иймон нима?

Банда баъзи бир ёмон сўзлардан тилини тиймагунча ҳақиқий иймонга эга бўлмайди.

Ҳадис

Иймонга эришишдан буюкроқ сазоворлик ва олий тахт йўқ. Иймонли инсон яшаш фалсафасини: қаердан келгани ва қайга кетарини, абадият борлигини, бир кун қайта тирилиш муқаррарлигини, инсоннинг ҳамма амаллари Ҳақнинг рўпарасида буюк тарозуга қўйилишини яхши билади. Бундай одамнинг дастури аниқ, мақсадларидан нур таралиб туради, чунки у иймондан сув ичган ниятлар қилади. Иймонли одам бандалик бурчларини шу даражада англаб етадики, Аллоҳга ёқмайдиган иш қилиб қўйишдан бир умр қўрқиб яшайди. Бир шеъримда «Худодан қўрқса ким, ўшадир буюк» деган эканман. Бу қўрқиш заифлик эмас, аксинча юксалиш белгисидир, минг қийинчилик билан эгаллаган маънавий мулкини йўқотиб қўйишдан қўрқиш туйғусидир. Иймонли бўлиш, яъни Аллоҳни дилга жойлаш жараёнида сен биллурдай покланиб бординг: нафсни, кибрни, риёни, ҳасадни… ва ҳоказоларни енгдинг. Бу эса шайтоннинг бўйнини синдиришдай гап! Шайтонни нари қилдингми, бу дегани балолардан четлаб ўтяпсан, поғонама-поғона кўтариляпсан! Бу осон эмас! Иймон шарофатини дил-дилдан туйган одам ҳаргиз ортга чекинмайди.

Иймонли одам бу ҳалим, ҳақиқатпараст, инсофли, силаи раҳмли, сабрли, шукрли, сахий ва ахий, илмли ва меҳнаткаш одамдир. Бу феъллар унинг сурати, ҳам сийратига, ҳаттоки унинг исмига айланиб кетади, Иймон ҳеч қачон эгасини ташлаб қўймайди, ҳамиша ҳушёр сайлаб, Ҳақ йўлидан тойдирмай, шайтоннинг йўлига оғдирмай етаклаб боради.

Бошига иш тушса Аллоҳни йўқлаб, бошқа пайтда шайтон билан улфатчилик қиладиганлар иймонга даъво қилмасинлар. Иймон нима эканлигини ўқиб, уқиб туриб, унга интилиб туриб, аммо унинг шартларини бажаришга иродаси чидаш бермаётганлар иймон сари қадам босиб яна изига қайтганлардир. Тўққиз қайтган деб шуларга айтилса керак. Уларни Аллоҳ кечирсин! Бу бандаларнинг гуноҳи оми инсонларникидан кўра оғирроқ. Чунки улар хатони билиб туриб қиляптилар. Улар учун ўзларидан кўра хавфлироқ душман йўқ!

… У ҳунарини ҳалол бажаради, қўни-қўшнига мурувватлари беҳисоб, намоз ўқиб, рўза тутишни канда қилмайди, аммо келинини кўрганда тили қиличга айланади, ҳар бир саволи – зарда, ҳар бир гапини кесатиққа ўраб айтади. Келин шўрлик рангпар, эти бориб суягига ёпишган, қайнонани кўриш тугул шарпасини эшитгандаёқ мажолсизланади. Бунинг оти – зулм! Бу аёлда иймон бўлганида ҳеч қачон дил оғритолмасди. Аммо шугина кўз ёш унинг ҳамма савобини йўқ қилишга етади. У менинг яхши ишларим кўп, гуноҳларимни ювиб туради, деган ғафлатда бўлса, нотўғри ўйлайди. Яратганнинг «Берма мўминимга озор» деб қўйган жойлари бор, дилозорликдай кечирилиши қийин бўлган гуноҳ кам.

Мана бу кишим эса кўринишдан тақводор, жума намозларидан қолмайди. Хайру эҳсонни иштиёқ билан ўтказади. Аммо оғзидан боди кириб, шоди чиқади! Аёлини, болачақасини атаб чақиришларидан деворнинг орқасидагилар ҳам уялиб кетади. Киши ҳеч қачон таомни ахлат солинган идишга солиб емайди-ку! Ахир сен нон ейдиган, «она, ота» деб мурожаат қиладиган, муҳаббатни сўйлайдиган, Қуръони каримдан каломлар келтирадиган тилингни, оғзингни нега булғайсан?! Аллоҳга ибодат қилмоқ учун алоҳида, покиза жойнамоз жорий бўлди. Ибодатдан аввал таҳорат буюрилди. Нафақат тоза вужуд билан, балки дил-дилгача, руҳиятгача беғубор ҳолатда қиблага юзлан дея тайинланди. Тилинг дилингдаги мурожаат, муножотларни Аллоҳга етказишда – ибодатда сен билан теппа-тенг қатнашмоқда, сен эса бу буюк неъматни беодоб сўзлар айтишга мажбур қиляпсан. Сўкинаётганингда уятни унутасану Аллоҳ ёдингда турармиди! Сенинг иймонли эканлигинг даргумон!

Бизга бир мухлис ёзяпти: «Қишлоғимизда бир мулла бор. Бирор маросимга таклиф қилсангиз, «Фалонча сўм берсангиз борамиз» дейди. Наҳотки шу иймондан бўлса?» Илмига амал қилмаган бу инсоннинг иши – РИЁ. Қўлида Қуръони каримни тутиб, тилида Аллоҳ сўзини такрорлаётган бу қўрқинчли одамга мен сўз тополмасман, унинг ҳисоб-китоби Аллоҳнинг ўзи биландир!

Бир аёл китобга дастхат ёздирар ва нуқул исмига ҳожи сўзини қўшиб қўйишимни сўрар эди. Яна бир учрашувда эса бир кекса хоним фалон марта ҳажга боргани, уни ҳамма ҳурмат қилиши, кимлар уни нима деб мақташлари, бу мартабани унга Аллоҳ фалон-фалон яхши ишлари эвазига берганини чунон уқтирар эдики! Аввалига ғашим келиброқ эшитдим, суҳбат давомида эса, рости, унга ачиниб кетдим. Эркин Воҳидовнинг «Кичик ноқобил улғайса, катта ноқобил бўлади» деган гапи бор эди. Бундай қарасангиз, бу аёлнинг умр поёни кўриниб қолибди, воҳ, дейман, дунёдан шу пуч мағзи билан ўтиб кетар экан-да, раҳминг келсин Аллоҳ, дейман!

Бу ҳожи ойимларга айтгим келди: ҳажга бориш унвон эмас, мартаба эмас! Ҳажга бориш – чўнг ибодат, ибодат эса ўта шахсий иш, бандасининг гуноҳлардан покланиши учун нажот тилаб, йиғлаб ёлборадиган бир имконият, холос. Сиз эса ҳаж ибодатим қабул бўлдими, йўқми, дейиш ўрнига, гўё пойгада ютгандай ёки нақ жаннатга кириш ҳужжатини олиб келгандай мақтанасиз-а! Сиздаги бу кибрнинг ўзи қанча гуноҳ!

Лафз ҳам иймондандир

Мусулмонлар шартида (шартномада) турувчи бўладилар.

Ҳадис

Сиз кишининг ҳусн-келбатига, давлатига, айтаётган доно гаплари-ю, қўша-қўша дипломларига, ҳатто баланд мансабига ҳам эмас, ЛАФЗИДА ТУРИШИГА қараб баҳо беринг. Бу дунёйи дунда минг бир нохушликлар, кўнгилсизликлар бор, аммо мен учун субутсиз одамга йўлиқишдай ёқимсиз нарса йўқ! Лафзсизлик иймонсизлик белгисидир. Ундай одамни БЕТАЙИН дейдилар. Унга рўбарў келиш САРОБГА йўлиқишдай гап: узоқдан гоҳ денгиз бўлиб жимирлаб, гоҳ дуркун боғ бўлиб имлаб, кўзингни, кўнглингни ўзига тортаверади, яқинроқ борсанг, ҳеч нарса йўқ! Сен бировнинг лафзига ишонар экансан, неча томирингни кенгайтириб, неча суягингни жойидан жилдириб унга дилингдан жой берасан. Агар у сенга панд берса, уни юракдан чиқариб ташлаш ҳам ўшанча оғир, оғриқли кечади! Ҳар гал алдансанг, бировдан ҳафсаланг пир бўлса, бамисоли ерга тушиб синиб кетгандай бўласан.

Авваллари бундай одамларга нисбатан нафрат туяр эдим. Умримнинг бугунги поғонасида туриб эса дил-дилдан ачинаман ва Аллоҳдан уларга шафқат сўрайман. Улар ақллари нафсга ем бўлган, вужудларига иблис жойлашиб олган одамлардир, шунинг учун қилмиш-қидирмишларидан шайтоннинг ҳиди, шайтоннинг овози келиб туради! Шартни, шартномани, яъни ваъдани бузган одамнинг ўзи алданган кишидан кўра кўпроқ талофат кўради. Атрофингизга бир қаранг, бунга минг бир исбот тўлиб ётибди. Аммо буни юраги қулфланганлар, лафзсизлар кўра олмайдилар.

Уларнинг сўқир эканликлари рост! Чунки улар худобехабар. Аллоҳнинг мўъжизалари, синоатлари ва сабоқларини кўришдан маҳрумдирлар.

Яратган ваъда берди, “Бир яхши ишни ният қил, шу ният қилишингнинг ўзига бир савоб ёзаман, мазкур ниятингни амалга оширсанг, бир неча бор ортиқроқ савоб ёзаман” деди, лафзида турди: ўзигаю бировларга нисбатан Аллоҳ рози бўладиган ишлар режалаштирган одам бой бўлмаса-да, соғ яшайди, узоқ яшайди! Фарзандларидан куймайди, фалокатларга учрамайди, одамларнинг иззатида бўлади.

Яратган сўз берди, “Бандаларимни норози қиладиган ишлар қилсанг, жазоинг тайин” деди ва сўзида турди: бундай одамнинг пули кўпаяди, аммо ўзига юқмайди: уйида турлитуман кўргуликлар пайдо бўлаверади, топгани сувдай тўкилаверади. Шуҳрат булутларида оёғи ерга тегмай сузиб юраверади, аммо кун келиб Яратган уни теппага олиб чиқиб ташлаб юборади, қумдай сочилиб кетади. Биров орқасидан қидирмайди, қадрламайди. Чунки у кўп нарсага эга бўлгану, аммо элнинг назаридан қолган, бу унга буюк лафз эгаси Ҳақнинг жазосидир. “Мусулмонлар шартида турувчи бўладилар” деган хитоб бизга илоҳий топшириқдир. Биродар, шартда собитлик, лафзда турмоқ биз учун фарз амалдир.

… Бир воқеа ҳа деганда эсимга келаверади. ₁₉₆₈ йил эди, бир ҳафтагина касалхонада ётишга тўғри келди. Қўшни хонада бир дарвеш аёл ҳам даволанарди. У поезд ҳалокатида бир қўлидан ажраб бу ерга тушган экан. Ўзи ўттизга етган-етмаган, онамнинг тили билан айтганда, “Сочлари орқаси билан битта”, юзлари ойдай бу жувон бировга безиён, аммо жароҳати жиддий бўлса ҳам, тинмай юраверар, учраган одамга кулиб гап ташлайверарди. У шўрликка ачинардим ва дилдан яхши муомала қилардим. Менга уйга жавоб бўлди. Кетяпману, шу ожизага қандайдир яхшилик қилишим керакда, деган илинжда эдим. Ва унга: ”Мен ёнингизга яна келаман, қандай илтимосингиз бор, айтинг бажаришга ҳаракат қиламан”, – дедим. Чеҳраси ёришиб кетди, кўзларида умидворликми, илтижоми порлади. “Қизимни, қизимни олиб келинг, уйдагилар уни менга кўрсатишмаяпти, бир мартагина кўрай, уни олиб келинг, шундай қиласизми, олиб келасизми”, – дея типирчилаб қолди. Олиб келишга ваъда бердим. Унинг чала-чулпа тушунтириши бўйича уйини аранг топиб бордим. Ота-онаси мени хомуш қабул қилдилар, англадимки, бу руҳан касал қизлари туфайли улар анчагина азият чеккан кўринади. Бир оғиз гап айтмасалар ҳам, қизчани онасига кўрсатгилари келмаганидан аёнки, довдир онадан болага зиён етиб қолади, деган хавотирда эдилар. Аранг кўндирдим. Ўн икки-ўн уч ёшлар чамасидаги ўғлини ҳам қўшиб бердилар. Қизалоқ икки-уч ёшда экан, ширинки, асти қўяверинг! Касалхонага келдик. Қаҳрамоним (исми хотирамдан кўтарилибди) қизини кўрди-ю, биз томонга отилди. Полга тиззалаб ўтирволган, “болам, болам”лаб қизининг юзу кўзидан, ҳатто этакларидан ўпар, тинмай йиғлар эди. У бирдан ўрнидан турди-да, югура келиб менинг рўпарамга ўтирди ва “Боламни олиб келган оёқларингиздан айланай, боламни етаклаб келган қўлларингиздан бир ўпай” дея тиззаларимни бир қўллаб қучоқлар эди. Атрофимизга докторлару беморлар тўпланиб олишган, у бўлса, бир мени, бир боласини бағрига босиб гирён урарди. “Духтир опалар, қаранг, қизим чиройликми, бу менинг қизим-да!” – дер, онасининг шалвираб турган енгига тушунмай мўлтираётган қизига: “Менга бундай қараманг, қизим, қўлим бўлмаса бўлмас, сиз борсиз-ку” – дея боласини сизлаб алқар, бир йиғлаб, бир куларди. Она-болани бир соатча дийдор кўриштиргач, қизалоқни уйига олиб бориб қўйдим… Ўшанда роса яйраганим эсимда. Нимадан яйраганимни мана энди тушундим: ваъдангни бажариб, бировнинг хурсанд бўлишини кўриш лаззати экан у! Бир паришонҳол одамнинг миннатдорчилиги шунча бўлса, соғ инсонларнинг розилиги қанча бўлишини тасаввур қилаверинг.

Дейлик, ўшанда ваъдани бериб, аммо боласини олиб бормасам нима бўларди? Онаизорнинг кўзи йўлга қадалиб қолмасмиди, юраклари оқиб, дарвешлиги янада ортиб кетмасмиди? Ўзимнинг аҳволим-чи, не кечарди? Бировни ишонтириб, сўзининг устидан чиқмай юрган одам хотиржам бўлади, дейсизми? Кўчага чиқса ҳамма ўша ваъдалашган одами бўлиб кўринаверади, эшик тақилласа юраги пўкиллайди, учраб қолса, у дейман-бу дейман деб, мингта ёлғонни тўқиб ёдлаб юради. Агар у сурункали ваъдабоз бўлса, худо урди деяверинг – умр бўйи бўйни қисиқ, кўзи хавотирда яшайди. Эй субутсиз одам, яшаш шуми сенингча?! Ҳой, кейинини ўйламай ваъда бериб ташлаётган калтабин банда, бир марта бериладиган умрни шундай ўтказасанми энди?!

Ваъданинг катта-кичиги бўлмайди. Ваъдалашган одамингнинг ҳам катта-кичиги йўқ. Дейлик, бошланғич синфда ўқитувчисиз. Бир пала-партиш юрадиган болажонга “Фалончижон, мен сенинг сочларингни, тирноқларингни мана бундай, шим-кўйлакларингни мана бундай ҳолатда кўришни хоҳлайман. Ахир сен шундай юришга лойиқсан-ку! Эртага албатта текшираман” дедингиз. Бола хурсанд, чунки унга сен чиройли юришга лойиқсан дедилар! Мактабдан борибоқ тайёргарликни бошлади: сартарошга чиқди, ювинди, онасига ялиниб юриб шимини чиройли дазмоллатди. Эрта бўлди. Ўзининг ярақлаб кетганидан ўзи яйраб кетди, кўнглида доим шундай саранжом юришга аҳд қилди. Мактабга ҳам ҳаммадан олдин келиб олади, кўзи ёниб сизни қидиради. “Мана ҳозир устоз келади, менга “Яшавор, боракансан-ку” дейди, устознинг ишончини оқладим ахир” деб ўзи билан ўзи гаплашиб турганида сиз кириб келдингиз. У илжайиб йўлингизга чиқиб туради, салом беради. Лоқайдгина алик олдингиз-да ўтиб кетавердингиз. Эътиборингизга тушиш учун болажон энди дарсдан умидвор бўлди. Сиз дарсда ҳам ваъдани эсламадингиз, ҳатто унга тўхталиброқ қараб ҳам қўймадингиз. Сиз буюк хато қилдингиз!

Гўдакда катта одамлар ҳам аҳдида турмас экан деган фикрга келади, бундан бу ёғига ҳали кичикман-ку, мен ҳам ёлғон гапирсам нима қилибди деган ўйга бориши мумкин. Субутсизлар, ёлғончилар осмондан тушмайди: болаларга бу касаллик устозларидан, отаоналаридан, бобо-бувиларидан юқади! Ҳалиги ўқувчи ўсмоқчи эди, янгиланмоқчи эди, дастлабки куртагини туккан эди, муаллим ҳардамхаёллик билан уни эзиб ўтди. Боланинг юрагини синдирган одам мураббийликка нолойиқдир. Ўқувчининг ўқитувчидан кўнгли қолиши бу мактабдан совиши демакдир!

Уйда ҳам тилингизга эҳтиёт бўлинг. Ваъда беришдан аввал ичингизда аввал уни бажариш дастурини аниқ қилиб, ҳисоб-китобини чиқариб, сўнг болани умидлантиринг. Агар бир кори ҳол бўлиб бажаролмасангиз, албатта кечирим сўранг. Ваъдани бажармаслик катта гуноҳ эканлиги, катта ёшлилар ҳам ваъдани бузса, албатта кечирим сўраши кераклигини билиб борсинлар.

Бировга “Бугун сизларникига чиқиб қоларман ё бориб қоларман” дедингизми, албатта ваъдангизда туринг! У сизга атаб дошқозонлар осмайди, сомса-патир ёптирмайди, пул сарфламайди. Аммо чевари тикувига, ёзадигани ёзувига ўтиролмай, бир жойга борадигани боролмай сизни кутади. Ўзини созлайди, уйини созлайди, хулласи, маълум даражада уринади. Келмасангиз, уларнинг бир куни куяди, ўша кунги тирикчилиги, режалари куяди…

Якун: лафзида турмайдиган одам энг хунук ва зараркунанда одам! Уларга йўлиқишдан, айниқса, уларга ўхшаб қолишдан ўзи асрасин!

Одамлар бирлашса, нурлар бирлашади

Мўмин киши улфат қилади ва улфат бўлади. Улфат қилмайдиган ва кишига улфат бўлмайдиган одамда яхшилик йўқдир. Одамларнинг яхшиси, кишиларга манфаати кўп текканидир.

Ҳадис

“Мўмин киши улфат қилади ва улфат бўлади” жумласига эътибор қаратайлик. Мўмин одам, яъни савоб-гуноҳни ажратадиган одам ўзига маслакдош, кайфиятдош излайди. Чунки инсон Аллоҳнинг неъмати – ундан нур таралиб туради. Халқда “бир калла яхши, иккитаси ундан яхши, учтаси ундан-да яхши” деган гап бор. Нурлар бирлашган сари кучланади, бошқача айтганда, Яратган бирлашган инсонларнинг фикрати, фаолиятига баракот беради. Бошқа бировга ҳамроҳлик, ҳамкорлик, ҳамдардлик ниятида қўл чўзган бандани ҳамиша Ўзи қўллайди.

Ёдингда тут, сен улфатчиликка ўзингдан кучли одамни танлагин, яъники сенда йўқ фазилатлар унда мужассам бўлсин. Ошкору пинҳон ундан ўрган, бўйига бўйингни тенглашга тинмай ҳаракат қил. Халқда “Юзта аҳмоқнинг ақллиси бўлгунча, ўнта ақллининг аҳмоғи бўл” деган гап бор. Инсон ҳеч қачон ўзининг муайян ҳолати ва қобилиятидан қониқиб қолмаслиги керак. Чунки банданинг бошида нима борлиги фақат Аллоҳга аён, иродасини-ю ақлини тоблаб, бугунгидан баттарроқ ҳолатларга ўзини тайёрлаб бориши зарур. Шунинг учун кишининг ёнида йўл кўрсатишга қодир ақлли, ишончли кишилари қанча кўп бўлса шунча яхши. Яхшилардан қолма, уларнинг хизматларини қилиб юриб бўлса-да фазилатларини ўзлаштир, ҳурматларига эриш.

Эътибор бер-чи, жўранг сенга ёрдам қилаётганда, ҳол сўраётганда, ҳадялар бераётганда ўзининг оиласида аҳвол қандай эди? Эҳтиёжи, беморчилиги, етишмовчилиги йўқмиди? Турган гапки бўлади, силлиқ рўзғор ҳеч кимда йўқ: пулинг бўлса ҳам, соғлиғинг ёки тинчинг бўлмаслиги мумкин. Улфат тутишнинг шарти шуки, ўрни келса, еб турганингдан, кийиб турганингдан ҳам қайириб дўстга илинишга тўғри келади. Бемор бўлсанг-да, ундан ҳол сўрашинг, кайфиятинг бўлмаса-да, дардларига қулоқ тутишинг керак. Аммо меъёрни унутма! Биров билан унинг ҳаётига халақит берадиган даражада яқин бўлиб кетма! Эсимизда турсин: биз оиламизга, бола-чақамизга, ишимизга, эртанги кунимизга яроқли бўлайлик деб, одамлардан ақл, суянч излаб дўст орттирамиз. Улфатчилигимиз ҳаргиз бизнинг асосий ҳаётимизга, уйимиздаги ҳаловатга путур етказмасин!

Биродар, улфатингнинг сенга кўрсатган ҳар бир ҳимматига икки ҳиммат атаб қўй! Ва ҳар гал миннатдор бўлганингни сездир. Шуни билки, у қачон сени йўқласа, ҳадядан ташқари вақтини, зеҳнини, меҳрини ҳам сарфлайди, буни хотирангнинг темир дафтарига ўчмайдиган қилиб ёзиб қўй ва баҳоли қудрат жавоб қайтаришни канда қилма. Ҳаргиз кимдир фақат берувчи, кимдир эса фақат ўзлаштирувчи бўлиб қолмасин. Бундай улфатчилик самимий эмас, бунинг оти суиистеъмол ёки “ишбитирувчилик”дир. Ҳазрати Навоийда ўқиб эдим: “Бировларни сенга қилган ёмонлигини, ўзингнинг уларга қилган яхшилигингни унут. Бировларнинг яхшилигини, ўзингнинг эса бировларга қилган ёмонлигингни унутма”. Агар дўстлигинг узоқ давом этишини хоҳласанг, айниқса, улфатчиликда шу ғояни шиор қилиб олмоқ керак!

“Улфат қилмайдиган ва кишига улфат бўлмайдиган одамда яхшилик йўқдир” дейиляпти. Бундайлар кимлар? Улар ўзларини ҳаммадан устун қўядиган кибрлилар, учраган кишидан шубҳа қилаверадиганлар, ўта ичи тор, гугурт чақмасанг ҳам ўт олиб кетаверадиган инжиқ одамлардир. Улардан қандай яхшилик чиқсин! Бундайларнинг юрагига одам сиғмайди-ю, силаи раҳм, ҳиммат сиғармиди!

Ўта хасис кишилар ҳам улфат бўлолмайдилар. Ўзи емай йиғадиганлар, ниманидир ундиришни мўлжаллаб “дўст” тутинадиганлар дўстликка ярамайдилар. Бундайларни ўзга зиёфатларда кўраверасиз. Унинг тўплагани қатор-қатор тўйларга етиши мумкин. Аммо уйида пешона терлатиб, ўт қалаб қозон осмай, йиллар ўтса-да, тўртта одамга дастурхон ёзмай, эҳсонни танимай ўтаётганлар бор.

Улфатлар ҳар кўришганларида феълларни покловчи, дунёқарашларни кенгайтирувчи, юракдаги доғларни кетказадиган суҳбатлар қуришлари, ҳар гал бир-бирларидан ниманидир ўрганиб, уқиб, енгил тортиб тарқалишлари керак. Навоийхонлик, бедилхонлик, машрабхонлик, яссавийхонлик деб аталган давраларда фақат яхши инсонлар тўпланишган бўлса керак, деб ўйлайман…

Биродар, дўстингдан ажраб қолишни истамасанг, у билан гаплашганда ҳушёр тур, ҳозирги аҳволоти қандай, унга қайси гап сиғади-ю қайсиниси сиғмайди. У нимадан куйиб турибди, қайси иши жилмай турибди – ўрган, сез, ҳолини билиб муомала қил.

Бир қадрдоним бор, жуда кам кўришамиз, аммо тез-тез қўнғироқ қилади. Апил-тапил салом беради-ю бошлайди: қандай ютуқларга эришгани, уни кимлар нима деб мақтагани, исми-шарифи қайси баланд рўйхатга ёзилгани, мукофот олиш эҳтимоли ҳам борлигини (орада иморати битиб, жуфтининг ишлари қандай юришганини ҳам қистириб ўтади) тўлқинланиб ҳикоя қилади. Нафсиламрини айтганда, у самимий, беғубор инсон. Унинг ютуқларидан қувонишимни билиб бу гапларини менга илинса керак. Уч марта, тўрт, беш марта, боринг ана, олти-етти марта ҳам шундай бўлаверса, кунлардан бир кун кўнглингга келаркан: хўп, у мени ўзига яқин тутар экан, раҳмат. Ҳадди сиғиб, яйраб юрак тўккани учун яна раҳмат. Аммо мен ҳам тирик инсонман-ку, ҳар хил вазиятда бўлишим мумкин, балки кўнгил сўрайдиган аҳволдадирман. Ҳеч йўқ орада бир сидра “Ўзингиз қандайсиз, кайфиятингиз қандай, муаммолар йўқми, фалон ишни яхши қилибсиз, эшитдим, қани янгиликлардан бир гапиринг” деб қўйса бўлмайдими?! Шундан билиб қўяверинг: у худбин одам! Бундайлар билан улфат бўлмаган маъқул.

Одамларнинг яхшиси кишиларга манфаати кўп текканидир” деган жумлага қаранг. “Улфат бўл!” дейилишида Қуръони каримнинг асл маъноси, яъни “Бир-бирингизга яхшилик қилинг” деган даъват жаранглаб турибди. “Одамларнинг яхшиси”, бу – жаннатий инсондир. У бу юксак мартабага одамларга холисанлиллоҳ манфаат келтириш билан эришажакдир. Агар ниятингга етмоқчи бўлсанг, умрингни, ризқингни кўпайтирмоқчи бўлсанг, у дунёлигинг ҳам чиройли бўлишини хоҳласанг, унга эришишнинг йўли битта – одамларга манфаатинг тегсин! Қариндошлик йўли биланми, қўшничиликми, жамоадошликми, ҳамшаҳар, ҳамқишлоқликми, касбдош, курсдошликми, жўра бўлиб, улфат бўлибми… хулласи, қай тарзда бўлса ҳам ЙЎЛИНИ ТОП: ИНСОНЛАРГА КЕРАК БЎЛ, ЮКИГА ЕЛКАНГНИ ТУТ, ОДАМЛАРНИНГ ЯХШИСИГА АЙЛАН!

Қачон ҳимоясиз қоласиз?

Одам боласи яралар экан, унинг атрофида 99 хил ажал айланади.

Агар шуларнинг ҳеч бири тегмаса киши кексаликка етиб вафот этади.

Ҳадис

Кўча ҳаракати қоидаларини ўрганамиз, ҳовлимизга-ю уйимизга турли-туман панжара-ю тўсиқларни муҳофаза учун ўрнатамиз. Кимнидир кимга қўриқчи сайлаймиз. Қоровул ёллаймиз, ҳатто орамизда жўмракдан келаётган ичимлик сувига ҳам тозалагич ўрнатиб, қўйиб берсангиз, қатиқни ҳам пуфлаб ичадиган эҳтиёткорлар бор. Шу тарзда бевақт кетмасликнинг, узоқроқ яшашнинг тадоригини кўрган бўламиз. Аммо минг эҳтиёткорлик кўрсатганимиз билан, пешонамизга битилган умр ҳисоб. Буюк Муаллифдан сизга қанча ризқ ажратилгани ҳисоб. Агар бу дунёлик ризқингиз тугамаган бўлса, қирқ йил қирғин бўлса ҳам, қирқ хил ташхисли бемор бўлсангиз ҳам омонэсон юраверасиз. Аммо вақти-соати етганда минг бир чора-тадбир, минг бир эҳтиёткорлик КЕТМОҚнинг йўлини тўсолмайди. (Илоҳим ҳамманинг умрини зиёда қилсин!)

Халқда “Ташлаганга тош тегмас” деган нақл, Қуръони каримда “Менга таваккул қилган бандамни яхши кўраман” деган марҳаматлар бор. Аллоҳга таваккал қилиш ҳам ибодатдир. Бу Ҳақнинг борлигига ва астойдил истасанг, ёнингда мудом ҳозиру нозир бўлишига ишониш демакдир. Аллоҳнинг яна “Сен мен томонга юра бошласанг, мен сенга қараб югураман” деган ваъдаси бор. Агар эътиқодимизда собит туриб, ҳамма амалларимизни Ҳақнинг розилиги учун бажарсак, Яратганнинг меҳру муруввати ичида бўламиз. Яъни умримиз унумли бўлади: Унга ишонганимиз сари, суянганимиз сари У бизга қувват беради, ақлимизга тараққиёт беради, ишларимиз ўз-ўзидан юришиб бораётганини ҳис қиламиз.

Ҳозир неча ёшга етиб келган бўлсак, шунча йўлнинг ҳар қадами, ҳар сониясида ўша ₉₉ хил ажал ёнгинамизда бирга-бирга келаверган! Унинг мўлжали бизмиз, аммо ўлмай келяпмизми, демак, Ҳақ ҳимоя қиляпти!

Хўш, инсон қачон беҳимоя қолади? Ўзига таваккал қилиб ҳам Унинг ёрдамисиз қолиш мумкинми? Яна бир ҳадис эсингиздами, “Уловингни аввал боғла, сўнг Аллоҳга таваккал қил” дейилган. Буни қандай тушуниш мумкин?

Билиб қўйинг, Яратганни унутган жойингизда сиз ҳимоясизсиз! Унинг буйруқларига амал қилмаганингизда: яъни ёлғон сўзлаётганингизда, дил оғритаётганингизда, нафс ва ҳирсга қўл урганингизда… хуллас, ношаръий ишларингизда хатар сизга энг яқин келади. Жонингизни олиб кетмаса-да, мудҳиш тақдирга яқинлаштирадиган бир нарсани илаштириб кетади. Сиз хомтама бўлманг, “Яратган меҳрибон, ўзига таваккал қилсам, мени асрайвераркан” деб ўйламанг! Аввало таваккал қилиш учун ҳам маънавий ҳад, ҳуқуқ керак. Кишининг қўли, дили уятли ишларда бўлса, у қайси юз билан “Менга ёрдам бер, ўзингга таваккал қиляпман” дейди. Нотўғри ишларни ҳам қилиб, ошингизни ҳам ошаб, ёшингизни ҳам яшаб юрган бўлсангиз, барибир қўрқинг ва тезроқ ўзингизни рисолага солинг, чунки ўлим ҳақ, бу дунёси бебақо, ўз қилмишларига жавоб бергани “Ҳамма бир-бир кетар-о!”

Бу дунёга ҳеч ким устун бўлмайди, бир юз элликка кирсанг ҳам, бир куни барибир кетиш бор. Мазкур ҳадис чандон аҳамиятлидир, у ортимиздан тўқсон тўққиз хил ажал эргашиб юришидан бизни хабардор қилмоқда. Ўлимни эслаб туришдай яхши иш йўқ. Чунки у сени шайтонга лаққа тушиб, мудраб қолишингга, нафс ва ҳирс деган балонинг ортидан ўтлаб кетишингга йўл қўймайди: “Бу дунёга нима мақсадда келган эдинг? Ва нима йиғдинг, у дунёга қандай дастурхон билан кетяпсан?!”

деган саволларни юрагимизга санчиб туради. Ва бизни силтаб-силкитиб ҳушимизни жойида ушлаб туради.

Биз бу дунёга у дунёлигимизнинг ғамини ейиш учун келганмиз, Аллоҳнинг имтиҳонидан ўтгани, Унинг баҳосини олгани, шу билан бирга, бу дунё неъматларидан роҳатлангани ҳам келганмиз. Кетиб боряпмизми, ўтиб боряпмизми, демак, тезроқ бандаликнинг вазифаларини бажаришга шошилайлик: Аллоҳ биз учун яратган неъматларни танийлик, сезайлик, кўзларимизга суртиб, улар билан яйраб-яшнаб олайлик. Шоду хуррамлик билан шукроналар келтирайлик! Осмону заминдан, турфа шакл, турфа мевали дову дарахтлардан, минг рангли ва минг ифорли гуллардан, бир-бирига мутлақо ўхшамаган жонивору қушлар, санъат билан яратилган ҳашаротлардан ҳайратланайлик, сувмас биллур оқаётган сойларни тавоф қилайлик, бунга шошилайлик ахир! Завқу шавқ ичра ёзган шундай мисраларим бор экан:

 
Зилдай замин дарз кетибди
Қилдай майса дастидан.
Еру кўкни маст этибди
Ялпиз қай хас остидан.
 
 
Ҳар куртакда бир тугун сир,
Ечилмоққа ошиқар.
Ғунча лиммо-лим тўлибдир
Ним пушти ранг қўшиққа…
 
 
Япроқдаги ғуж биллурни
Терай тўкилмасидан.
Ёзиб олай булбул куйин
Ғунча сўтилмасидан…
 

Мана бу сурурланишни қаранг:

 
Қаранг, елкам азим осмонни
Даст кўтариб тутиб турибди.
Заминга сал эгилган оним
Минг бир неъмат кутиб турибди…
 
 
Бу ёп-ёруғ дунёни яхлит
Кўзларимга жойлаб олганман.
Офтобни малика тахлит
Пешонамга бойлаб олганман!..
 

Аллоҳ берган рўзғорингизга, жуфтингизга, рўпарангизда ғу-ғулашиб ўтирган қўш кабутарларингиз – ота-онангизга, бу дунёнинг энг ширин овунчоғи – болаларингизга астойдил қаранг, соғиниб, яйраб қаранг! Бу толе, кимда бор, кимда йўқ! Ва бу неъматларнинг ҳозирги, худди мана шу туриши эртага бугунгидай бўлмайди, бугунги чиройига тўйиб қолинг! Яратган “Бандам неъматларимни отини айтса ҳам шукрона ўрнида қабул қиламан” деб марҳамат қилади. Сизга берилган нарсалардан юракюракдан яйрашингиз ҳам ибодат! ₉₉ ажал атрофингизда айланса айланаверсин, сизни эса ₉₉ неъмат ўраб турибди, улар билан тиллашиб, дийдорлашиб қолинг, ахир улар сизга аталган ва ҳаммаси ғанимат! Мана бу бойваччаликни қаранг:

 
Бугун мен чиппа-чин сеҳргардирман,
Бугун юксаклигим Ою Кунча бор.
Қаранг, кайфиятим таранг чилдирма,
Борлиғим чамандир, бағрим ғунчазор!
 
 
…Бир имо қилсам бас, ҳар ён ораста,
Сочин ювган қиздай саранжом бўлур.
Очилдастурхонлар бирпасда раста,
Кўнгил не тиласа бари жам бўлур.
 
 
Истасам, кўз очиб юмгунимча, нақ
Ўн олтим силкиниб турар қошимда.
Ана, қийғос гулли наврўзимга боқ,
Мен яшай бошладим қайта, бошидан!
 
 
Қўшалоқ наврўзим – қизжонларим-эй,
Сизга она бўлгач, боққа айландим!
Бургутларим маним – ўғлонларим-ов,
Она бўлгач сизга, тоққа айландим!
 

Қаранг, Аллоҳнинг неъматларини суйгани, санагани сари бандаси кучга кириб, юқорилаб бормоқда!

Шукроналар айтинг, кўксингиз Каъба бўлсин, илму амалингизни покланг, ўшанда ҳар қандай бало-қазодан сизни Аллоҳнинг ўзи ҳимоя қилади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации