Текст книги "Муроса илми. Ҳадислар талқини. 2-китоб"
Автор книги: Турсуной Содикова
Жанр: Религия: прочее, Религия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 6 страниц)
Олим ким?
Олим бўл (илм берувчи бўл) ёки илм ўрганувчи бўл, ёки тингловчи бўл, ёки илмга, илм аҳлига муҳаббатли бўл.
Бешинчиси бўлма, ҳалок бўласан.
Ҳадис
“Олим бўл (илм берувчи бўл)” дейиляпти. Сизни Яратган ёрлақади – дилингизни уйғоқ, кўзингизни чанқоқ, хотирангизни бақувват, ниятингизни оппоқ ва юксак яратди – олим бўлдингиз. Сиз шу туришингизда эндигина куч тўплаб замин ёрган шаффоф булоқсиз, нақ пишиб етилган мева, гулга айланаётган ғунчасиз! Булоқнинг қиммати қай даражада шифо бўлишида, меванинг қадри есанг етмиш икки томиринг ундан қувват олишида, гулнинг баҳоси димоғингга-ю қароғингга қанчалик роҳат беришидадир. Демак, Аллоҳнинг шунча омонати сизда турибди! Ўзингиз билан олиб кетишга ёки ичингизда димлаб ўтиришга ҳаққингиз йўқ, у улуснинг ҳақи. Аллоҳ қулфи дилингизни очиб турди, сиз бамисли асаларидек унинг неъматларидан нектар йиғдингиз ва сиз тўплаган билимда минг бир касалнинг давоси турибди. Бу дунё эса ҳар хил даражотдаги беморларга тўлиб ётибди. Сиз Яратганнинг саралар ичидан сара сайланган дастёрсиз! Шошилинг, шошилинг, сизга термулиб турганларга борингизни улашинг!
“Улашинг!” деган хитобнинг юки оғир. Бу – худо берган илмни дуч келган жойга эмас, сингадиган, унга зор бўлиб, тиланиб турган жойга сочинг дегани! Токи илмингиз қўнган маконнинг микроблари ўлсин, у ердан мағзи тўла бошоқлар унсин, ухлоқ илдизлари уйғониб боғларга айланиб кетсин, дегани! Илм деган нарсадан инсоният ҳеч йўқ бир ёмғир ёғиб ўтганчалик, ҳеч бўлмаганда, димоғингга урилган, ўпкангни бир нафас яшнатган тоза ҳавочалик баҳра олиши шарт! Тортмаларда, жавонларда ёки ҳеч ким қўлига олмайдиган китобларда қолиб кетадиган илм илм эмас!
Ҳадисга эътибор беринг, гап илм бериш ҳақида кетяпти. Айтинг-чи, биродар, “олим” аталган илми зиёдларнинг ҳаммаси ҳам ўзидаги хазинани одамларга етказа оляптими? Мен дер эдимки, илм тўплаган, тадқиқ ва таҳлил қилиш, илмий хулосалар бериш қуввати бор одам ноёб билимдон одамдир. Лекин у ҳали олим эмас. Илмли одам қачонки ўз билимини халққа етказа олса, ақлли хулосаларини ўқишли, жозибали, сингишимли тарзда тақдим эта олса, яъни тушунтирганда одамлар роҳат қилиб эшитсалар, китоб битса, қийналмай, зерикмай ўқисалар, ана ўша зот олимдир! Илм одамлар учундир.
“… ёки илм ўрганувчи бўл” деган жумлага тўхтайлик. Илм ўрганиш борасида банда борки ҳам ўзи, ҳам Аллоҳнинг олдида хижолат. Ғофилликка учрамаган, вақтни бой бермаган кимса йўқ. Илм жуда керак эканлигини бу дунёдан кетаридагина англаганлар инсониятнинг ярмини ташкил қилади, десам хато бўлмас! Ғофилларни-ку қўяверинг, машҳур донишманддан: “Шунча илм ўрганиб нимани англадингиз?” – деб сўрасалар: “Ҳеч нарса билмаслигимни”, – деб жавоб берган экан. Шундай, биродар, инсонга аталган жуда кўп билимлар инсонга етолмай қолиб кетади.
Илм нима ўзи? Маълум бир соҳадаги ихтиро ёки дунё фанларини олий даражада ўзлаштиришми? Ёки Қуръонни ёдлашми? Йўқ, шугина эмас! Илм яхши инсон бўлишни ўрганишдир. Тўғри яшашни, гуноҳлардан сақланишни ўргатадиганки манба илмдир. Бу дунёни ва инсониятни шайтондан муҳофаза қилиш учун илм неъмати берилган. Аллоҳ бизни кечирсин, илмсизлигимиздан, илмга интилмаётганимиздан уялайлик!
“Ёшликнинг иши тиғиз-да, китоб ўқишга вақт тополмаяпман” дейсан. Ҳой, ғўр бола, нима ўқисанг ёзилиб қоладиган хотира фақат ёшликда бўлади, бу бир! Ёшликнинг ички имкониятларини билмоқчимисан? Унинг мўъжизаларини кашф этишни хоҳлайсанми? Бунинг учун ёшлик қўлингда турганда илм иста, ёшликнинг ичида туриб, илм билан ундан оладиганингни олиб қол!
Сен эса кам китоб ўқишингга рўзғор юмушларининг кўплигини сабаб келтирасан. Эй ғофил, рўзғордай мураккаб нарса борми дунёда, уни эплаб юритишни билиш учун ҳам доноларнинг китобларини қидир, илмини ўрган!
Майда болаларим билан бўлиб мутолаа қилолмаяпман, дейсан. Бу сенинг эпсизлигинг, юрагингнинг қулфлилигидир! Уйқусиз қолсанг қолки, қиз ўстириш, ўғил тарбиялаш, она бўлишда хато кетмаслик учун китоб ўқи, илм тўпла! Дунёларингни кенгайтир, ҳаётни ўрган, китобга вақт топмасанг, ҳеч йўқ, ибратли одамларнинг ҳаётларини кузатиб бўлса-да, яхши феълларни ўзлаштир, бу ҳам илм!
Яна “… тингловчи бўл” дея даъват қилади ҳадис. Ўтган авлодларимизнинг бир гўзал феъллари бўлар экан: хонадонга илмли, ҳурматли меҳмонлар ташриф буюрса, ота-оналар, устозлар дастёрчилик баҳонасида болаларини, шогирдларини уларнинг суҳбатига қатнаштирар эканлар. Ўсмирлар қўлга сув қуйиб, ковуш тўғрилаб, чой ташиган бўлиб, пойгакда тизилишиб ўтирар ва меҳмонларни тинглашар экан. Аслида шугинанинг ўзи қанча илм! Бу ерда улар суҳбат маданияти, овқатланиш, ўтирибтуриш одобини ўрганганлар. Ва қанча мавзу, қанча маънидан ёш туриб хабардор бўлганлар.
Инсонлар у шаҳардан-бу шаҳарга, ҳатто у юртдан-бу юртга ўзлари ихлос қўйган одамларнинг суҳбатларини излаб борганлар. Пиёда-сувора, адир-қир ошиб олимларнинг мажлисларида қатнашганлар ва у йиғинлар орифона суҳбатлар дея аталган.
Биродар, сизга насиб этиб турган яхши суҳбат Аллоҳнинг туҳфасидир. Сиз тамизли одамни тинглаётганда унинг сўзларига қулоғингизни эмас, оғриган жойингизни тутиб туринг, тузалиб кетади! Сиз яхши гапларга юрагингизни тутинг, ваҳималари босилиб, чироғлари ёниб кетади! Сизни поклайдиган, юксалтирадиган бундай йиғинларга шайтонингизни енгиб, ўзингизни мажбурлаб олиб боринг! Олимлар сиз юз йил қидириб, кавланиб топа олмаган дуру гавҳарни йиғиб келиб кафтингизга қўймоқда, қўлларини ўпиб қабул қилинг!
Нафсиламрини айтганда, яхши шоир, яхши олимдан яхши тингловчи аълороқдир. Чунки шоир билан олимга Аллоҳ истеъдод бериб қўйибди, уларнинг яхши ёзмасликдан бошқа иложи йўқ. Аммо бу салоҳиятлар ўзида бўлмаса-да, китобни сел бўлиб ўқиб, яхши суҳбатни йиғлаб, жониқиб эшитиб, ўзига дастуриламал сайлаб олган тингловчининг баҳоси баландроқдир.
Мазкур ҳадиснинг “… илмга, илм аҳлига муҳаббатли бўл” деган битигига тўхтайлик. Олим бўлмадинг, илм ўрганувчи ҳам бўлмадинг, илм тинглашга ҳам вақт топмадинг, энди ҳеч йўқ, одамларни етаклаётган, кўзини очаётган, инсониятни тараққиётга кўтараётган ИЛМГА ҳурматда, таъзимда бўл, ундан ҳайратлана бил, бу аввало Аллоҳга шукрона, яъни ибодат ўрнида бўлади. Қолаверса, бу эътиборинг шундан дарак берадики, ўзинг уддалаб ўрганмаган илмга эртага албатта болангни етаклаб келасан!
Ҳақиқий илмли одамлар дарвештабиат бўладилар, яъни улар кибрдан, ҳою ҳаваслардан, нафсдан нари, Ҳаққа яқин кишилардир. Уларнинг ҳимоячиси Ҳақнинг ўзи, аммо илмлари билан қоронғу дилларни ёритганлари, дунёнинг қанчадан-қанча ками улар билан битаётгани учун ва айниқса, эвазига ҳеч кимдан ҳеч қандай имтиёз сўрамаганлари учун ҳам уларга ҳурмат кўрсатсак, етса молимиз, етмаса, икки оғиз рағбатимиз, мушкулларига ечим бўлишимиз билан кўнгилларини олсак, савобнинг ичида қоламиз. Яратган бизни бошқа томондан қўша қўллайди. Истеъдоди бор, халққа манфаати тегаётганки одам – НЕЪМАТ, МИЛЛАТНИНГ МУЛКИ! Уларга рағбат бериш илмга рағбат беришдир. Илм ва илмлилар ардоқланган жойда жамият тараққиётда бўлади. Агар қўлимиздан, тилимиздан уларни қўллаш келмаса, ҳеч йўқ йўлларининг тўсилишига йўл қўймайлик, ҳеч йўқ ҳақларига дуо қилайлик!
“Бешинчиси бўлма, ҳалок бўласан” демоқда ҳадис. Илм берувчи ҳам, илм ўрганувчи ҳам, тингловчи ҳам, илмлиларни қўлловчи ҳам бўлмаса, бешинчиси ким бўлади? Қуръони каримда бу дунёда айрим бандаларнинг дилини қулфли, очилмайдиган қилиб яратдик дейилади. Демак, “бешинчилар” ўшалар, Аллоҳнинг алоҳида ҳисоб-китобига дучор бўладиган бандалардир! Уларнинг кўзлари очиқ, аммо сўқир. Таъблари ҳалол-ҳаромни ажратолмайди, қўлида-ю тилида яратиш, яйратиш сеҳри йўқ, диллари тош. Шунинг учун уларга илм юқмайди, қулоқлари берк – насиҳат ўтмайди! Бунинг оти – лаънатланиш! Аллоҳ, бу қисматдан бандаларингни асрагин! Аллоҳ ҳаммамизга “бешинчи”лардан эмаслигимизни исботлашга имкон берсин, омин!
Буюк имтиёз
Аллоҳ таоло айтди:
“Эй бандам, агар мени ёлғиз ҳолда тилга олсанг, мен ҳам сени ёлғиз ҳолда тилга оламан.
Агар мени одамлар орасида тилга олсанг, мен ҳам улардан яхшироқ кишилар ўртасида тилга оламан”.
Ҳадиси қудсий
Бу ваъдани қара! Бандасига бу имкон, бу имтиёзни қара! Бу дунёда кимдан (бошқаларни қўй, ота-онанг, ҳатто болангдан-да!) сенга яхшилик ўтадиган бўлса, ҳаммаси – омонат. Улар асло қайтим сўрамасалар ҳам, сўрашни хаёлларига келтирмасалар ҳам, қачон нима қилган бўлсалар, ҳаммасини санаб юрасан, жавобини қайтаришим керак деган юк дилингда тураверади. Фақат Яратганнинг берганини яйраб қабул қилиб, яйраб ейсан. Унинг “Сени тилга оламан” деган ишорасида ҳақиқий роҳатингни ўзим бераман деган илтифот турибди.
Тангрини ёлғиз ҳолда тилга олиш қандай бўлади?
– Ҳақни кўксига жойлаган ва шунинг учун ўзини ҳеч қачон ёлғиз сезмайдиган одам, Уни ўйлаб юпаниб, Ундан ҳайиқиб инсофга келадиган одам Аллоҳ билан ёлғиз гаплашадиган одамдир. Дейлик, сенга кимдир озор беряпти, кундан-кунга у оғриқ жонингга ботиб боряпти. Бир неча бор “Ўзинг ҳам Аллоҳнинг қаҳрига учра!” деб юборгинг келади, қасдма-қасд таъзирини бериб қўйгинг келади, аммо Ҳақнинг “Бировга ёмонлик қилма, ҳатто ёмонга ҳам яхшилик қил” деган ҳукмини, унинг бандаларини қарғашга ҳаққимиз йўқ эканлигини эслайсан ва ўзингни тутасан, Яратганни ёлғиз тилга олганинг шу.
Кимдир сенинг бир айбингни овоза қилиб юрибди, сенда эса унинг ўнлаб гуноҳларига ҳужжат бор. Шайтонинг тинмай уни фош қилишга ундаб туради. Сен-чи, инсон қисмати унинг ниятига боғлиқлигини, сенинг бу ниятингдан Аллоҳ рози бўлмаслигини эслайсан ва ўзингни тўхтатасан. Ҳақ билан ёлғиз гаплашганинг шу.
Аллоҳни ёлғиз ҳолда тилга олишинг гувоҳ йўқ жойда гуноҳ қилмаслигинг, яъни мумкинмас ерга ахлат тўкиб қочмайсан, сўрамасдан бировнинг бир гулини, бир олмасини узмайсан, эру аёллик шаънига хиёнат қилмайсан, уйда бир ўзинг бўлсанг ҳам ораста юрасан, ҳеч ким кўрмаса ҳам фарз амалларингни тартибли бажарасан, ҳатто кимсанинг итига ҳам хуфёна озор бермайсан. ЧУНКИ, Аллоҳ кўриб турибди, қулоқ солиб турибди деган андишанг бор! Баракалла, Яратганни ёлғиз тилга олиш мана шу! Шунинг ўзини ҳам ибодат деса бўлади!
“… мен ҳам сени ёлғиз ҳолда тилга оламан” дейилиши Унинг розилиги учун бажарган ҳар бир ишинг алоҳида ҳисобда туришига ишорадир. Яъни, ҳар бир савоб ишингга алоҳида ажр ёзилиши, худдики, турфа дарахт эксанг турфа мева олганинг каби, сенга бирбирига ўхшамаган роҳатлар берилиши ваъда қилинмоқда. Ва ҳар бир мушкулотингда сенга Ўзининг ҳамкор бўлиши эслатилмоқда.
“Агар мени одамлар орасида тилга олсанг…” дегани нима?
– Одамлар бу ҳушёрлару ғофиллар, имонлилар ва худобехабарлар, поку нопоклар аралаш оломондир. Агар сен “одамлар қиляптику” демай, Аллоҳ норози бўладиган ишларни қилмасанг: пора олмасанг, ғийбатга, хушомадга яқинлашмасанг, шуҳратга, кибрга берилмасанг – Яратганни одамлар орасида тилга олганинг шу.
Ўзини “замонавий” атайдиганларнинг биттаси набирасига ақиқа қилди. Маълумки, бу эҳсон маросимидир. Бу йиғиннинг тўйдай кенгайиб кетганини-ку қўяверинг, мундоқ эътибор қилсам, кибор аёллар ўтирган уйга ўткир ичимликларни чойнакларга солиб киритяптилар. Мезбон хоним менинг фаҳмлаганимни билиб ва гўё хижолат бўлиб, “Опажон, фақат шуларга киритяпмиз холос, улар жуда уятли меҳмонлар-да” дейди чиройли жилмайиб!.. Бу аёл эҳсоннинг нима эканлигини билмайди эмас, аксинча аъло даражада билади! Бу йиғин аслида Аллоҳ рози бўладиган иш тутиб, чақалоқнинг умрини, бахтини тилаш учун ўтказилиши керак эди.
Аммо кўриниб турибдики, шу шиор остида бошқа мақсад амалга оширилмоқда: яъни у ўзича қойилмақом меҳмон кутишни бир кўрсатиб қўймоқчи! Бу аёл шу туришида Аллоҳнинг розилигини олиш тугул уни мутлақо унутиб турибди! Шундай ҳадис бор: “Кимки одамларни рози қиламан деб Аллоҳнинг ғазаби келадиган ишни қилса, Аллоҳ уни одамларга топширади…” Бу огоҳлантиришдир! Сен Яратганни унутдингми, у ҳам сени унутади! Билки, нотўғри ишлар қилишда кимлар билан ҳамтовоқ бўлган бўлсанг, сенга жазо беришни ўшаларга топшириб қўяди. Онажоним юрсалар ҳам, турсалар ҳам “Ўзингдан қўймагин-а, ўзингдан қўймагин!” деган нолонни тилларидан қўймасдилар. (Илоҳим, охиратлари ҳам Аллоҳнинг паноҳида бўлсин!) Ҳеч кимдан Ҳақ юз ўгирмасин! Тўрт томонингдан елвизак уриб, инсонларнинг, айниқса, номард инсонларнинг қўлига мўлтираб қолишдан асрасин, асрасин!
Юқоридаги ҳадиснинг давоми шундай: “… кимки Аллоҳни рози қиламан деб кишилар ғазаби келадиган ишни қилса, унга кишилардан келадиган зарарга Аллоҳ кифоя қилади”. Бу дегани, сен қора меҳнатлардан орият қилмадинг, рост гапиришни фарз деб билдинг, хушомадни уят иш билдинг, устингдан кулсалар ҳам содда тўйлар қилдинг, содда рўзғор, содда уйларда яшадинг. Бунинг эвазига Яратган сенинг ҳамишалик ҳимоячингдир, молу жонингни балолардан Ўзи сақлаб туради.
“Агар мени одамлар орасида тилга олсанг, мен ҳам улардан яхшироқ кишилар орасида тилга оламан” дейилишига эътибор берайлик. Бундан чиқадиган маъно шуки, айримлар ё кибр, ё ношукрлик билан ноғора чалиб, ўз номларини ўзлари байроқ қилиб юрганларида сен сабрда собитлик билан, бору йўққа бирдай шукр қилиб, нафсингни синдириб, хокисорлик билан яшадинг, Аллоҳ рози бўладиган йўлдан юриб келавердинг. Осмонга ирғиганлар сакрай-сакрай чарчаб, ҳолдан тойиб, қумга тушган издай ўча бошлаганда Аллоҳ сенга берган ваъдасини ижро қилади: тўрт томонингдан сен кутмаган фаровонликлар ато этади, яъники, сени яхши одамларнинг назарига туширади – дуога сазовор бўласан ё фарзандларинг солиҳ бўлади, номинг “Фалончи яхшининг ота-онаси” бўлиб, кишиларнинг ихлосу ишончида яшайсан. … яхшироқ кишилар орасида тилга оламан” дейилишидан умидвор бўлки, ажаб эмас, исминг жаннатийлар қаторида саналса! Шундай аталиш ҳар бандага насиб этсин.
Муроса илми
Ҳар бир ёлғон одам боласига гуноҳ бўлиб ёзилади, лекин уч ёлғон ёзилмайди:
1. Киши урушда (душманга) ёлғон ишлатади, чунки урушнинг ўзи ҳийлакор.
2. Киши хотинига муроса учун ёлғон гапиради.
3. Киши икки кишининг орасини ислоҳ қилиш (яраштириш) учун ёлғон гапиради.
Ҳадис
Мазкур ҳадиснинг “Киши хотинига муроса учун ёлғон гапиради” деган жумласини ажратиб оламиз.
Аввалги ёзмишларимизнинг бирида “Муроса илмдир” дея таъкидлагандик. Шундай, муроса яшаш илмидир. Муроса туфайли халқаро қирғин-баротларнинг олди олинади. Подишоҳлик билан халқ орасида муроса бўлса, тинчлик, осойишталик бўлади. Муроса бўлса, жамоаларнинг ишларида баракот, маҳаллаларда файз, тотувлик бўлади. Хўш, муроса қандай хатти-ҳаракатлардан иборат? У биринчи навбатда инсоф ва одилликдир. Атрофдаги одамларнинг ҳар қандай ҳолатига киши ўзини қўйиб кўриши, бировларнинг дардини ҳис қилиши ва силаи раҳм кўрсатишидир.
Жамиятнинг сифати унинг таркибидаги оилаларнинг мустаҳкамлигига боғлиқ. Оилани мустаҳкам қиладиган омил эса муросадир. Оила тузиш дунё тузишдай гап. Унда турфа одамлар, турфа йўллар бирлашади, турфа сиёсат қўлланилади. Қайси йўлдан ва қайси тилда гаплашиб келишидан қатъи назар оилага бирлашганда ҳамма бир тилда гаплашиши шарт! Бу дегани, улар ўзларини мажбурлаб, азоблаб бўлса-да, бир-бирларини тушунишга ҳаракат қилишлари керак. Йўқса, оила сочилиб кетади. Аллоҳ бандалари учун ҳамма ҳаловатни уйдан, рўзғордан топадиган қилиб қўйган. Жон ришталарингни оила деган қозиққа узилмайдиган қилиб боғлаб яратган. Ўттизинг, қирқинг, ҳатто эллигинггача ёввойи ҳаёт тузиб, тентираб юраверишинг мумкин. Аммо бир куни топган ҳамма “ўйинчоқ, овунчоқ”ларингдан воз кечиб, ҳамма юришларингдан ҳафсаланг музлаб, худди она ҳидини қидирган гўдакдай тайинли оиланг бўлишини истаб қоласан.
Рўзғорда пешонангга ким битилган бўлса, бу тасодиф эмас, тақдири азалдир. Оилани эру аёл исмли икки устун ушлаб туради. Бу устунларни ҳа деганда алмаштириш мумкин эмас. Уй очилиб, устуни янги қўйилиб, томи яна ёпилгунча унда яшовчилар қору ёмғирнинг остида қолади, хор бўлади, афгор бўлади! Уларнинг ичида жонингдан жой олган “бола” деган мавжудот бор. Уни ташлаб қўйиш, жонни ташлаб қўйиш билан баробар. РЎЗҒОРЧИЛИК ХЎП ХОРЧИЛИК, КЎП ТОРЧИЛИК ВА БИСЁР ЗОРЧИЛИКДИР! Шуларига чидаган одам “оила” деган эшикнинг ҳалқасига қўл чўзади. Шу азиятларни тоқати етганча кўтаролган марддир! Кишининг мардлиги рўзғордаги муросага кўнишидир.
“Эркак муроса учун аёлига ёлғон гапириши мумкин” демоқда ҳадис. Бу ўша – рўзғор синмаслиги учунгина хизмат қиладиган ёлғон. Бу етимчилик, бевачиликнинг ва оиладаги безобчиликнинг олдини оладиган ёлғондир. Унинг қуввати савоб билан тенгдир. Дейлик, пешонангнинг шўри қайнаб, калта ўй, тезоб аёлга учраб қолдинг. Мисол учун айтай: бир мансабдор, яхшигина йигитни билардим. Аёлини ҳам биламан – жуда, жуда саёз хоним. Шу йигит сафарга кетибди-ю ойлигини аёли бориб оладиган бўлибди. Мўлжалдагидан беш минг сўм кам берибдилар. Беш минг сўм ўша пайт бир кило гўштнинг пули! Аммо бу жанжалпараст аёл учун баҳона бўлибди: шунча пулни еб кетадиган сенларми дея, қилибди жанжални! Идорада бир калла баланд турганки одамни обориб-опкелибди. Кичикларининг устидан каттароғларига хатлар ёзишгача борибди. У пул эса жамоадаги туғилган кунлар учун ҳар ойда тўпланадиган ўртадаги йиғиш экан. Эҳтимол, совуқчиликнинг боши шу бўлгандир, кўп ўтмай эрини ишдан бўшатдилар… Бу аёлнинг биргина қилиғини кўриб турибмиз, холос. Эркаги эса йигирма йилдан бери мана шу шўрга бошини босиб яшаб келмоқда. Бор-ей, деб юборолмайди, чунки у аёлнинг ақли чуқур бўлмаса-да уй ишларини, таом тайёрлашларни, покизаликни яхши уддалайди, дастлабки йиллари шунинг учун баҳридан ўтолмади, кейин бирин-кетин болалар туғилди, бу оёқ-қўл занжирланди, деган гап. Энди эса қизи узатиладиган, ўғилларининг ҳам бўйи кўриниб қолган, бундай қалтис пайтда яхшими, ёмонми, болаларнинг ёнида фақат ўзининг онаси туриши керак. Демак, бу йигит муроса қилишга мажбур! Этак силкиб чиқиб кетишнинг сира иложи йўқ!
Халқда “Итнинг феъли эгасига маълум” деган гап бор, эр киши аёлига нима ёқиб, нима ёқмаслигини яхши билади. Ҳаракатлари ва гаплари билан уни шубҳалантирмаслиги, ҳамиша ҳушёр туриши керак. Ўғлон болам! Сенинг номинг эрдир! Яна бир номинг шердир: кимлигингни доим ёдлаб тур, майдалашма! Кўчадаги гап кўчада қолсин: кўзинг кўриб, қулоғинг эшитганки гапни уйингга олиб келаверма! Аёлимнинг олдида мавқеим бутун турсин десанг, айниқса у рашкчи, кинчи, тўполончи бўлса, у билан суҳбатни узайтирма. Сен узун гапирдингми, билиб қўй, тилингдан тутиласан!
Сал нарсага қон босими чўққига чиққунча, оёқ-қўли музлаб қолгунча бўғиладиган, ҳатто ўз бошини ёриб, томирини кесишгача борадиган иродаси ўта заифлар ҳам бўлади. Бундай инсонларга то сингадиган вазият бўлгунча бор ҳақиқатни айтмай, ёлғон тўқиб, тинчлантириб турган маъқул.
Яна халқда “Жиннини жинни десанг, терак бўйи сакрайди” деган гап бор. Жуфтингнинг гоҳида ақл тополмай қолиши, истаган жойида “қовун тушириб” қўйиши хавфи борми, алдов ана шунда керак бўлади. Унинг ҳар бир нотўғри ишини юзига айтиб, керосинга гугурт чақишнинг нима кераги бор?! Аксинча, вақти-вақти билан унинг кичик бўлса-да яхши ишини топиб олсанг, орттириброқ баҳолаш, ёлғондан “Фалончилар сени мана бундоқ ҳурмат қилар экан, пистончилар ишларингни келинларига намуна қилиб кўрсатар экан”, “Кимдир сени жаҳли тез деса, яна бир аёл ёнингни олиб, одобу ахлоқингни шунақа мақтаб кетибдики!” қабилидаги гапларни ишонарли қилиб айтиб туриш маъқул. Бунинг оти тадбиркорликдир. Сен буни хотиндан қўрқиш маъносида тушунма. Бу яхшиликка етаклайдиган ёлғондир. Аслида ўзи ҳақида яхши гап эшитиш кимга ёқмайди? Астойдил қидираман десанг, фазилати йўқ одам йўқ. Бир-биримизга мана шундай рағбатлантирувчи, ҳаракат, ўсиш, тарбия берувчи руҳий муолажаларни доимий қўллашимиз зарур, биродар! Жуфтингнинг номаъқул иши-ю ҳаракатлари учун таъзирини бераверсанг, жанжал катталашаверса ва бу асаббузарлик узлуксиз давом этаверса, аввало, ўзингнинг жонингда жон қолмайди. Тинчи йўқ уйнинг эса синчи йўқ, бунақада рўзғоринг қулайди. Қолаверса, болаларингга соғлом она, уйингга куч-қуввати жойида хизматчи керакми, демак, ўша чакаги очиқ аёлинг оилангнинг суяниб турган ҳассаси! Унинг асабини асра, ўзингдан аввал уни даволатиб юр! У керакли тошинг, кўтариб юришни малол олма! Бир дона гул, битта ширин кулча, тил учида бўлса-да, ёлғон бўлса-да, бир оғиз меҳр, муҳаббат изҳорини топ, ана ўшанда аёлинг дарҳол зарарсизланмаса, ипакдай юмшаб, малҳамга айланмаса, мен кафил!
Аёлинг ўта ақлли бўлса… Қанийди ҳамма аёллар ақлли бўлса, агар шундай бўлганда, дунёда бирорта ҳам йўлини тополмаган эркак қолмасди! Эркакларни биз осмонларга олиб чиқиб мақтаймиз, умримизни уларнинг йўлларига пойандоз қилиб тўшаб қўйганмиз. Аммо қайси эркак олға кетаётган бўлса, ғайрат-шижоатда, ихтирода ва тараққиётда бўлса, билки, унинг аёли ақлли! Минг торли овоз, минг турли ранг, минг бир имо-ишора билан жуфтини ўзига илаштириб, эргаштириб кетаётганини эри тугул ўзи ҳам билмайди! Бу аёлларга Аллоҳ юқтирган иқтидор.
Аммо аёлинг ўта ақлли бўлса ҳам баъзан ишинг оғирлашади: у қайси сабаб ортидан қандай натижа келишини билиб туради. Бу дегани унинг юраги доим юклик. Феълингдаги камчиликлар учун, ишингдаги нотекисликлар учун зимдан куйиб туради. Болаларинг учун мураккаб режалар тузади, сўнгра уларнинг ижроси учун ўзини ўтдан чўққа ураверади. У сени тинмай юпатаверади, руҳингни эзадиган фикрлардан чалғитаверади, аммо ўзини юпатадиган, чалғитадиган меҳрибони йўқ. Ақлли боши билан ўйлаб топиб олган ваҳималари, тахминлари, тушкунликлари ичида қоврилиб, бўлганича бўлиб юраверади. Сен бундан қўрққин! Сен бу хазинангдан эрта айрилиб қолмаслик учун ё унинг саломатлигини абгор қилиб қўймаслик учун, ҳадисда айтилган ўша ХАЙРЛИ ЁЛҒОННИ ишлат! Яъники, сездирмайгина маслаҳатини олу, аммо ишингдаги нохушликларни ҳар доим ҳам айтаверма. Саломатлиги илғанса, ваҳимадан чалғитувчи ёлғон ҳикоялар тўқи. Тушкунликка тушса, ҳеч йўқ ёлғон туш айтиб бўлса-да, эртанги кунга умидлантир. Фарзандларинг борасида ҳам, уларнинг тақдирларида пасту баландликлар учраса, аёлинг куя бошласа, юпатувчи ёлғон мисолларни ростдай қилиб тўқий бил!
Дадам раҳматли эсимни танибманки, рўзғор тортиш, бола боқиш азиятлари онажонимга зўриқиш берса, “Чиданг, онаси, чиданг, қийинчилигимиз бу йилча” деяверардилар ишонч билан. Онам раҳматли гоҳида чидамай: “Қийинчилигинг ўлгунча деяверинг!” дея нолиш қилардилар. Сен ҳам чорасиз қолганингда, нимага суяниб, нимага таяниб тикланишни билолмай турганингда аёлингга ёлғондан “Қийинчилигимиз бу йилча!” деявер. Ва ҳар гал ичингда астойдил “Иншооллоҳ” деб қўй! Аллоҳ қўлласа, ёлғонинг ростга айлангусидир!