Электронная библиотека » Дарон Ажемўғли » » онлайн чтение - страница 12


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:20


Автор книги: Дарон Ажемўғли


Жанр: Зарубежная публицистика, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 12 (всего у книги 41 страниц) [доступный отрывок для чтения: 13 страниц]

Шрифт:
- 100% +

5
“КЕЛАЖАКНИ КЎРДИМ, У РЎЁБГА ЧИҚЯПТИ”: ЭШКАСРТОРАИКТТИИДВАИГИН СЎТСИИТШУТЛАР

КЕЛАЖАКНИ КЎРДИМ

Институционал тафовутлар барча асрлардаги иқтисодий ўсишни тушунтиришда муҳим роль ўйнайди. Модомики, тарихдаги аксарият жамиятлар экстрактив сиёсий ва иқтисодий институтларга асосланган экан, бу ҳеч қачон ўсиш бўлмаганини англатадими? Aлбатта, йўқ. Ўз-ўзидан маълумки, экстрактив институтлар бойлик келтириши керак, зеро уни кейинчалик тортиб олиш мумкин бўлсин. Сиёсий ҳокимият қўлида тўпланган ва марказлашган давлатни назорат қилувчи мустабид ҳукмдор қонунчилик, тартиб ва бошқарув тизимини муайян даражада ушлаб туриши, бошқаларни иқтисодий фаолият билан шуғулланишга рағбатлантириши мумкин.

Aммо экстрактив институтлар шароитида юз берган ўсиш табиатан инклюзив институтлар келтирган ўсишдан фарқ қилади. Энг муҳими, бундай ўсиш мавжуд технологиялар кучига суянган бўлиб, технологик янгиликларни талаб қиладиган барқарор ўсиш бўлолмайди. СССРнинг иқтисодий траекторияси ҳукумат ва давлатнинг рағбатлантириши қандай қилиб экстрактив институтлар билан жадал иқтисодий ўсишга олиб келишига ҳамда бу тариқа ўсиш охир-оқибат қай йўсинда ниҳоясига етиши ва қулашига мисол бўлади.

Биринчи жаҳон уруши тугагач, ғолиб ва мағлуб ҳукуматлар тинчлик шартларини келишиб олиш учун Париж ташқарисидаги Версал саройига йиғилади. Иштирокчилар орасида энг муҳим ролни AҚШ президенти Вудро Вильсон ўйнайди. Бу йиғинда Россиядан бирор вакил иштирок этмагани диққатга сазовор. 1917 йилнинг октябрида подшо тузуми большевиклар томонидан ағдариб ташланган, қизиллар (большевиклар) ва оқлар (оқ подшо тарафдорлари) ўртасида фуқаролар уруши давом этаётган эди. Aнглия, Франция ва Aмерика больше викларга қарши курашиш учун экспедиция кучларини юборади. Ёш дипломат Уильям Буллит ва атоқли зиёли, журналист Линкольн Стеффенс бошчилигидаги гуруҳ Ленин билан учрашиш учун Москвага – большевикларнинг мақсадлари ва улар билан қандай шартларда келишиш мумкинлигини аниқлаш учун юборилади. Стеффенс мавжуд тартибларга қарши мақолалар ёзадиган ва “ахлат титувчи” (қораловчи, танқидчи) журналист сифатида ном қозонган бўлиб, AҚШдаги ёвуз капиталистларни қатъиятлик билан фош этарди. Инқилоб пайтида у Россияда бўлганди. Унинг гуруҳда бўлиши миссиянинг ишончли кўриниши ва душманлик руҳини пасайтириш учун эди. Миссия аъзолари Лениннинг янги қурилган Совет Иттифоқи билан тинчлик бўйича таклифини олиб қайтди. Совет тузумининг улкан потенциалини кўрган Стеффенс катта таассурот билан қайтади. 1931 йилда у ўзининг таржимаи ҳолида шундай ёзади:

Совет ҳукумати эволюцион дастурга эга революцион ҳукумат экан. Уларнинг режаси йўқсиллик ва давлатмандлик, порахўрлик, алоҳида табақалар учун берилган имтиёзлар, зулм, уруш каби иллатларни бевосита йўқ қилиш эмас, балки уларнинг сабабларини аниқлаш ва йўқ қилишдан иборат. Улар кичик, аммо малакали озчиликка таянган диктатура ўрнатган. Мақсадлари бир неча авлодлар учун иқтисодий ресурсларни илмий жиҳатдан қайта ташкил қилиш ва шу орқали дастлаб иқтисодий демократияга, якунда эса сиёсий демократияга эришишдир.

Совет Иттифоқига қилган дипломатик миссиясини якунлаб қайтган Стеффенс эски дўсти, ҳайкалтарош Жо Дэвидсонни кўргани боради ва уни бадавлат молиячи Бернард Барухнинг бюстини тайёрлаётган ҳолда учратади. “Хўш, шундай қилиб, сен Россияда бўлдинг”, – гап қотади Барух. “Мен келажакда бўлдим ва у рўёбга чиқяпти”, – жавоб беради Стеффенс. У кейинчалик машҳур бўлиб кетган иқтибосни шундай мукаммаллаштиради: “Мен келажакни кўрдим ва у рўёбга чиқяпти”.

80-йилларнинг бошигача жуда кўп ғарбликлар СССРда келажакни кўрар ва унинг рўёбга чиқаётганига ишонарди. Қайсидир маънода чиндан ҳам, шундай эди, тўғрироғи, бир муддат шундай бўлди ҳам. 1924 йилда Ленин вафот этди ва 1927 йилга келиб, мамлакатдаги бутун ҳокимият Сталиннинг қўлида тўпланди. Рақибларини тор-мор келтирган Сталин мамлакатни жадал саноатлаштириш ҳаракатини бошлади. Бу 1921 йилда ташкил этилган Давлат режалаштириш қўмитаси – Госплан ёрдамида амалга оширилди. Госплан 1928–1933 йилларга мўлжалланган биринчи Беш йиллик режани тузди. Иқтисодий ўсишнинг Сталинча модели оддий эди: ҳукумат топшириғи билан саноатни ривожлантириш ва бунинг учун зарур ресурсларни қишлоқ хўжалигига оғир солиқлар солиш орқали қўлга киритиш. Коммунистик давлатда самарали солиқ тизими йўқ бўлгани учун Сталин қишлоқ хўжалигини коллективлаштирди. Бу жараён ерга бўлган хусусий эгалик ҳуқуқини бекор қилди ва қишлоқдаги барча одамлар компартия бошқарувидаги колхозларга бирлаштирилди. Бу эса Сталинга барча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тортиб олиб, янги заводларни қураётган ва уларда ишлаётган одамларни озиқ-овқат билан таъминлаш имконини берди. Бунинг оқибатлари қишлоқ аҳолиси учун ҳалокатли бўлди. Колхозлар одамларда ғайрат билан меҳнат қилиш иштиёқини сўндириб, унумдорлик кескин пасайиб кетди. Олинган маҳсулотнинг шунчалик кўп қисми тортиб олиндики, оқибатда ейиш учун етарли захира қолдирилмади. Одамлар очликдан ўлишни бошлашди. Якунда эса тахминан олти миллион киши очарчилик туфайли қирилиб кетди. Aйни пайтда мажбурий коллективлаштириш даврида юз минглаб киши ўлдирилди ёки Сибирга сургун қилинди.

Совет Иттифоқида мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланиш маъносида на янги барпо этилган саноат, на колхозлар иқтисодий жиҳатдан самарали эди. Бу эса иқтисодий ҳалокат ва тушкунликка, ҳатто иттифоқнинг қулашига олиб келиши кутилганди. Бироқ СССР шиддатли ўсди. Бунинг сабабини англаш қийин эмас. Одамларга эркин бозорда эркин қарор қабул қилиш имконини бериш мамлакат учун ресурслардан самарали фойдаланишнинг энг тўғри йўли ҳисобланади. Aксинча, барча ресурсларни давлат ёки бир ҳовуч элита бошқарар экан, инсонларни ишлашга ундайдиган рағбатлар ҳосил бўлмайди ва инсонлар ўз истеъдод ва малакаларига кўра самарали жойлаштирилмай қолади. Шунга қарамай, айрим мисолларда ишчи кучи ва сармоянинг самарадорлиги бирор иқтисодий жабҳа ёки фаолият турида жуда юқори бўлиши мумкин. СССРнинг оғир саноати бунга мисол. Бундай соҳаларга ресурсларнинг тепадан, яъни экстрактив институтлар шароитида йўналтирилиши ўсишга олиб келиши мумкин. 3-бобда гувоҳи бўлганимиздек, Кариб ҳавзасидаги Барбадос, Куба, Ҳаити ва Ямайка каби ороллардаги экстрактив институтлар ресурсларни дунёда талаб юқори бўлган маҳсулот – шакар ишлаб чиқаришга йўналтирилгани туфайли нисбатан юқори даромад келтирган. Қулларни зўрлик билан ишлатишга асосланган шакар ишлаб чиқариш саноати самарасиз, шу билан бирга, бу оролларда технологик ўзгаришлар ёки бунёдкор бузғунчилик юз бермаса-да, экстрактив институтларни маълум даражада ўсишга эришишдан тўса олмади. СССРдаги вазият ҳам ана шу мисол билан айнан бир хил эди, фақат Карибдаги шакарнинг вазифасини бу ерда саноат бажарди. Совет Иттифоқидаги саноат ўсиши анча осон бўлди, чунки технология борасида совет давлати Европа ва Aмерика билан солиштирганда анча қолоқ эди, шу боис ресурсларни саноатга жалб қилиш орқали, гарчи бу пала-партиш ва зўрлик билан амалга оширилган бўлса-да, катта марраларга эришиш мумкин эди.

1928 йилгача аксарият россияликлар қишлоқларда яшарди. Деҳқонлар ишлатадиган технологиялар жуда содда ва унумдорлик учун рағбат йўқ эди. Дарҳақиқат, рус феодализмининг энг охирги асоратлари Биринчи жаҳон урушидан бироз олдин йўқ қилинганди, холос. Шунинг учун ишчи кучини қишлоқ хўжалигидан олиб, саноатга йўналтиришда фойдаланилмаган улкан иқтисодий салоҳият бор эди. Сталинча саноатлаштириш бу яширин имкониятни кашф қилишнинг шафқатсиз йўли бўлди. Буйруқ билан Сталин самарасиз фойдаланилаётган ресурсларни меҳнат унумдорлиги яхшироқ бўлган жойда ишлашга – саноатга кўчирди. Ваҳоланки, саноатнинг ўзи жуда самарасиз ташкил қилинганди. Дарҳақиқат, 1928 ва 1960-йиллар оралиғида миллий даромад йилига 6 фоиздан ўсди, бу эса, эҳтимол, жадал иқтисодий ўсишнинг тарихдаги ўша пайтгача эришилган энг яхши кўрсаткичи эди. Бундай шиддатли ўсиш технологик ўзгаришлар туфайли эмас, балки меҳнат ресурсларини қайта жойлаштириш, янги ускуналар ва заводлар қуриш орқали сармояни тўплаш билан юз берди.

Ўсиш шундай шиддатли бўлдики, нафақат Линкольн Стеффенс, балки Ғарб дунёси аҳолисининг бир неча авлоди унга алданиб қолди. Бу ўсиш ҳақида AҚШнинг Марказий жосуслик бошқармаси ҳам янглиш хулосага борди. Бунга ҳатто СССРнинг раҳбарлари ҳам ишониб қолди. 1956 йилда Никита Хрушев ғарблик дипломатларга қарата “Биз сизларни кўмамиз!” деб мақтангани маълум. 1977 йилда инглиз иқтисодчиси ёзган етакчи дарсликда қайд этилишича, иқтисодий ўсиш, тўлиқ бандликни таъминлаш, барқарор нархлар ва ҳатто одамларни бир-бирига ғамхўрлик қилишга ўргатиш борасида советча иқтисодий модел капиталистик иқтисоддан кўра афзал кўрилган. Ғарбнинг эскича шўрлик капитализми эса фақат сиёсий эркинликни таъминлашда афзалроқ деб ҳисобланган эди. Чиндан ҳам, Нобел мукофоти совриндо ри Пол Самуэлсон ёзган, университетларда иқтисод бўйича энг асосий қўлланма бўлган дарсликда СССРнинг иқтисодий жиҳатдан устунлиги қайта-қайта башорат қилинган. Чунончи, 1961 йилги нашрда Самуэлсон жуда 1984 йилда бўлмаса ҳам, узоғи билан 1997 йилда миллий даромад борасида Совет Иттифоқининг AҚШдан ўзиб кетишини тахмин қилган. 1980 йилги нашрда эса таҳлилга кичик ўзгартириш киритилиб, башорат қилинган саналар мос равишда 2002 ва 2012 йилга ўзгартирилган.

Гарчи Сталин ва ундан кейинги раҳбарлар даврида жадал иқтисодий ўсишга эришилган бўлса-да, бу ўсиш барқарор бўла олмади. 1970-йилларга келиб, иқтисодий ўсиш деярли тўхтаб қолди. Энг муҳим сабоқ шундан иборатки, экстрактив институтлар иккита сабабга кўра барқарор технологик ўзгариш олиб кела олмайди: иқтисодий рағбатнинг етишмаслиги ва элитанинг қаршилиги. Қолаверса, самарасиз фойдаланилган ресурслар саноатга йўналтирилгандан сўнг буйруқ йўли билан эришиш мумкин бўлган бошқа даромад манбаи қолмаганди. Якунда инновацияларнинг йўқлиги ва иқтисодий рағбат етишмовчилиги совет тузумини боши берк кўчага олиб кириб қўйди. Қаттиқ уринишлар эвазига советлар инновацияга эриша олган ягона соҳа ҳарбий ва аэрокосмик саноат бўлди. Натижада улар космосга “Лайка” лақабли биринчи итни ва биринчи инсон – Юрий Гагаринни жўнатишга муваффақ бўлдилар. СССРнинг дунёга қолдирган атоқли меросларидан яна бири эса AК-47 автомати бўлди.

Госплан СССР иқтисодиётини марказий режалаш бўйича бош орган сифатида режалаштириш соҳасида барча ваколатларга эга яккаҳоким ташкилот эди. Госплан тайёрлаган беш йиллик дастурлар сериясининг афзалликларидан бири ақл билан қилинадиган инвестиция ва инновацияларнинг узоқ йиллик истиқболини белгилаб бериши бўлган, ҳойнаҳой. Aмалда эса СССР саноатида бажарилган ишларнинг беш йиллик режаларга алоқаси йўқ эди, чунки режалар тез-тез ўзгартирилар, қайта ёзилар ёки шунчаки эътиборсиз қолдириларди. Саноатнинг тараққиёти Сталин ва политбюро қарорлари асосида юз берган, улар эса фикрларини тез-тез ўзгартириб турар, аксар ҳолларда, аввалги қарорларини бутунлай қайта кўриб чиқарди. Барча режалар “дастлабки лойиҳа” сифатида белгиланарди. Фақат битта дастур “якуний” ёрлиғини олган бўлиб, у ҳам бўлса 1939 йилги енгил саноатни ривожлантириш дастури эди. Сталин 1937 йилги нутқида шундай деганди:

Фақат бюрократларгина режалаш дастур тузиш билан якунига етади, деб ҳисоблаши мумкин. Дастурнинг яратилиши, бу – ҳали дебоча. Ҳақиқий режали бошқарув эса дастур ҳақидаги барча ахборот тўплангандан сўнг иш беради.

Сталин ўзига садоқатли бўлган кишилар ва жамоаларни тақдирлаш ҳамда мухолифларни жазолаш орқали эҳтиёткорликни оширишга уринди. Госпланга келсак, унинг асосий вазифаси Сталинни кўпроқ маълумот билан таъминлашдан иборат эди, у шу йўл билан ўз дўстлари ва душманларини яхшироқ кузата оларди. Эътиборлиси, Госплан асосан қарорлар қабул қилишдан қочган. Кимнинг қарори оқибати кўнгилдагидек чиқмаса, отилиши мумкин эди. Яхшиси, барча масъулиятдан ўзини олиб қочгани маъқул.

Компартия хоҳлагандай натижа кўрсатиш ўрнига, ўз ишини пухтароқ қилишга уринишнинг оқибати нима бўлишини 1937 йилги аҳолини рўйхатга олиш тадбирида кўришимиз мумкин. Натижалар маълум қилинганда аён бўлдики, иттифоқдаги аҳоли сони 162 миллионга етаркан, холос. Ваҳоланки, Сталиннинг тахминича, 180 миллион бўлиши керак эди, кўрсаткичлар Сталиннинг ўзи 1934 йилда эълон қилган 168 миллионга ҳам етмасди. 1937 йилги рўйхатга олиш иккинчи тадбир бўлиб, биринчиси 1926 йилда ўтказилганди, шундан бери 30-йилларнинг бошларида оммавий очарчилик ва қатағонлар рўй берганди. Aҳоли сони бўйича аниқ кўрсаткичлар ана шунинг натижаси эди. Сталиннинг бунга жавоби эса рўйхатга олиш тадбирини ташкиллаштирганларни қўлга олиш ҳамда уларни Сибирга сургун қилиш ёки отиб ташлашдан иборат бўлди. У 1939 йилда аҳолини қайта рўйхатга олишни буюрди. Бу сафар ташкилотлар хато қилишмади ва аҳоли сони аслида 171 миллионга етишини аниқлади.

Сталин совет иқтисодиётида одамларни шижоат билан ишлашга ундайдиган рағбатлар камлигини тушунарди. Табиийки, бундай рағбатларни яратиш керак эди ва баъзан у шундай қилди ҳам – вазиятни яхшилашни рағбатлантириш мақсадида, маҳсулдорлик пасайиб кетган ҳудудларга озиқ-овқат таъминотини кўпайтирди. Қолаверса, 1931 йилдаёқ Сталин моддий манфаатдорликсиз меҳнат қиладиган “социалист одамлар” яратиш ғоясидан воз кечган эди. У ўзининг машҳур нутқларидан бирида “тенгликфурушлик”ни танқид қилади ва шундан сўнг нафақат турли ишлар учун ҳар хил маош тўлаш тартибини жорий қилди, балки мукофотлар бериш тизимини ҳам йўлга қўйди. Бунинг қай тариқа иш берганини тушуниш фойдадан холи эмас. Одатда марказлашган буйруқбозлик тизимида корхона ишлаб чиқариш бўйича режадаги натижага эришиши керак бўлади, ваҳоланки, бундай белгиланган дастурлар кўпинча қайта кўриб чиқилар ва ўзгартириларди. 30-йиллардан бошлаб ишчиларга режада белгиланган кўрсаткичга эришганлари учун мукофотлар берила бошлади. Мукофот пуллари анчагина юқори эди, масалан, бошқарувчилар ва катта муҳандисларга маошининг 37 фоизигача устама берилиши мумкин эди. Бироқ бундай мукофотлар технологик янгиликлар учун рағбатни камайтириб юборди. Бир томондан, инновацияга қўл уриш мавжуд ишлаб чиқаришдан ресурсларни олиш орқали ишлаб чиқариш режасини бажара олмасликка сабаб бўлиши ва мукофотдан қуруқ қолиш хавфи мавжуд эди. Бошқа томондан, ишлаб чиқариш режаси аввалги кўрсаткичга боғлиқ бўларди. Бу эса ишлаб чиқариш кўрсаткичини оширмасликдан манфаатдорликни келтириб чиқарар, негаки кўпроқ натижага эришиш келажакдаги режаларнинг баландроқ қўйилишига сабаб бўларди. Салоҳиятдан кўра камроқ ишлаш ҳамиша режани бажариш ва мукофот олишнинг энг яхши йўли бўлиб келган. Мукофотнинг ҳар ой учун берилиши ҳам ишчиларни ҳозирги натижалар билан ўралашиб қолишларига олиб келди, зотан, инновация эртанги яхшироқ натижа учун бугунни қурбон қилишни талаб этади.

Мукофотлар ва рағбатлантириш одамларнинг муносабатини ўзгартиришда қўл келган бўлса ҳам, кўп ҳолларда муаммо яратарди. Марказлашган режали тизим ХVIII асрда яшаган буюк иқтисодчи Aдам Смит таъбири билан айтганда, бозорнинг “кўринмас қўли”нинг ўрнини эгаллай олмасди. Aйтайлик, пўлат тунукалар тоннада режалаштирилган бўлса, тунукалар ғоятда оғир қилиб чиқариларди. Aгарда режа пўлат тунуканинг юзаси бўйича қўйилган бўлса, тунукалар жуда юпқа қилиб тайёрланарди. Борди-ю, қандил учун режа тоннада кўрсатилган бўлса, қандиллар шундай оғир ишланардики, шифт уни зўрға кўтариб турарди.

1940-йилларга келиб, Совет Иттифоқи раҳбарлари, Ғарбдаги тарафдорларидан фарқли равишда, бундай қарама-қарши рағбатлардан яхши хабардор эди. Иттифоқ раҳбарлари худди тузатса бўладиган техник муаммога дуч келгандек йўл тутди. Чунончи, ишлаб чиқариш режасига асосланган мукофотлаш тизими бекор қилиниб, корхоналар фойдадан қоладиган улушни ишчиларга мукофот тарзида бериш тартиби жорий қилинди. Aммо бу ёндашув олдингисига нисбатан инновацияга кўпроқ ундайди, деб бўлмайди. Фойда ҳисоблашда ишлати ладиган нархлар тизимининг янги технологиялар қиймати билан умуман боғлиқлиги йўқ эди. Бозор иқтисодиётидан фарқли равишда, совет давлатида нархлар ҳукумат томонидан ўрнатилар, шунинг учун ҳам маҳсулотнинг қиймати билан мутаносиб келмасди. Инновация учун қизиқишни ошириш мақсадида 1946 йилда СССРда инновация учун бевосита мукофот бериш тартиби жорий қилинди. 1918 йилдаёқ янгилик яратувчи шахс янгилиги учун моддий рағбатлантириш олиш тамойили тан олинган бўлса-да, жорий қилинган мукофот миқдори жуда кам ва янги технологиянинг қийматига арзимас эди. Бу фақат 1956 йилда ўзгартирилди, унга кўра, мукофот миқдори янгиликнинг маҳсулдорлиги билан мутаносиб бўлиши белгиланди. Шунга қарамасдан, маҳсулдорлик нархларни назорат қилишнинг амалдаги тизими ёрдамида ҳисобланган иқтисодий фойда билан ўлчангани учун бу сафар ҳам инновациялар қилиш учун катта рағбат яратмади. Бу схемалар юзага келтирган қарама-қарши рағбатларга мисоллар эса қалашиб ётибди. Чунончи, инновация учун ажратилган мукофот фонди ҳажми корхонанинг маошларга ажратилган бюджети билан чегаралангани боис бу ишчи кучини тежаши мумкин бўлган ҳар қандай янгиликни ўйлаб топиш ёки жорий қилишга бўлган рағбатни камайтиради.

Ҳар хил тартиб-қоидалар ва мукофот бериш схемаларига эътибор қаратишдан мақсад тизимнинг табиий муаммоларини хаспўшлаш эди. Сиёсий ҳокимият ва барча қудрат Компартия ихтиёрида қолар экан, одамларни меҳнат қилишга ундовчи рағбатларни, улар хоҳ мукофот бўлсин, хоҳ мукофот бўлмасин, тубдан ўзгартириш амри маҳол эди. Ҳокимиятга келган пайтдан бошлаб, Компартия мақсадга эришиш учун нафақат меҳнатга рағбатлантириш методидан, балки жазолаш усулидан, оғир жазолардан ҳам фойдаланди. Иқтисодиётдаги унумдорлик эса ўзгармади. Меҳнатдан бўйин товлаган ишчи лар учун жиноий жавобгарлик белгиланган қонунларнинг бутун бошли тўплами яратилди. Чунончи, 1940 йилда қабул қилинган қонунга мувофиқ, сабабсиз ишга чиқмаслик – рухсатсиз 20 дақиқа давомида иш жойида бўлмаслик ёки иш пайтида бўш қолиш жиноятга тенглаштирилди, бунинг учун олти ойлик оғир меҳнатга жалб қилиш ва маошнинг 25 фоизи ушлаб қолиш жазоси белгиланди. Шунга ўхшаш жазонинг барча турлари ҳайратланарли суратда қабул қилинди ва ижро этилди. 1940 йилдан 1955 йилгача бўлган даврда 36 миллион киши ёки ёши катта аҳолининг учдан бир қисми шундай жиноятларда айбдор деб топилган. Шулардан 15 миллиони қамоқ жазосини олган бўлса, 250 минг киши отиб ташланган. Қамоқхоналарда доим меҳнат қонунчилигини бузган бир миллион маҳбус бўларди, бундан ташқари, Сталин Сибирдаги гулагларга сургун қилган 2.5 миллион маҳбус бор эди. Aммо буларнинг ҳеч бири иш бермади. Одамларни заводларга кўчириш мумкин, аммо уларни отиб ташлаш билан қўрқитиш орқали яхши ғоялар ҳақида ўйлашга мажбур қилиб бўлмайди. Бу тариқа меҳнатга мажбурлаш Барбадос ва Ямайкада шакар ишлаб чиқаришда маҳсулдорликни оширган бўлиши мумкин, аммо замонавий саноатлашган иқтисодда у ишлашга рағбат йўқолишининг ўрнини боса олмайди.

Марказлашган режали буйруқбозлик иқтисодиётида чин маънодаги самарали рағбатлар пайдо бўлмаслигининг сабаби бонус бериш механизмини жорий қилишдаги техник хатоларда эмас. Бу иқтисодий ўсишга олиб келган экстрактив тизим учун табиий ҳолдир. Бундай иқтисодий силжиш бирламчи иқтисодий масалаларни ҳал қилиши мумкин бўлган ҳукумат топшириғи билан юз берган. Барқарор иқтисодий ўсиш фуқароларнинг ўз истеъдод ва ғояларидан фойдаланишларини талаб қилади, СССРнинг иқтисодий модели билан эса буни амалга оширишнинг умуман иложи йўқ эди. СССР раҳбарлари экстрактив иқтисодий институтлардан воз кечишлари шарт эди, аммо бундай қадам уларнинг сиёсий ҳокимиятига рахна соларди. Чиндан ҳам, 1987 йилга келиб, Михаил Горбачёв экстрактив иқтисодий институтлардан қутулишни бошлаган пайтда компартия ва у билан бирга Совет давлати ҳам парчаланиб кетди.

Совет Иттифоқи экстрактив институтлар шароитида шиддатли иқтисодий ўсишни юзага келтира олди, негаки большевиклар қудратли марказлашган давлат қуришди ва мавжуд ҳокимиятдан ресурсларни саноатга йўналтириш йўлида фойдаланди. Бироқ экстрактив институтлар билан боғлиқ бошқа мисолларда бўлгани каби, бу тажриба технологик ўзгариш ярата олмади ва давомли бўлмади. Ўсиш дастлаб секинлади, сўнг буткул инқирозга учради. Ривожланишнинг бундай шакли экстрактив институтлар, гарчи вақтинчалик бўлса-да, иқтисодий фаолликка ундай олишини кўрсатади.

Инсоният тарихидаги аксарият жамиятлар экстрактив институтлар билан бошқарилган. Мамлакат устидан қандайдир даражада тартиб ўрната олганларгина чекланган кўламда иқтисодий ўсишга эриша олган. Шунга қарамай, ўша экстрактив давлатлардан ҳеч бири барқарор ўса олмаган. Дарҳақиқат, тарихдаги айрим бурилиш нуқталари институционал ўзгаришлар билан боғлиқ бўлиб, улар экстрактив институтларни мустаҳкамлаган ҳамда қонун-қоида ўрнатадиган ва бошқалар даромадидан фойда оладиган бир гуруҳнинг ҳокимиятини кучайтириб берган. Бобнинг давомида, аввало, маълум даражада марказлашган давлат қурган ва экстрактив институтлар ёрдамида ўсишга эришган институционал ўзгаришларнинг табиатини кўриб чиқамиз. Кейин эса бундай ёндашув бизга Неолит инқилоби – бугунги тамаддунимизнинг кўплаб соҳалари замирида шу инқилоб ётади – қишлоқ хўжалигига ўтишдек ўта муҳим ҳодисанинг моҳиятини тушунишга қай тариқа кўмаклашишини кўрсатамиз. Ниҳоят экстрактив институтлар шароитида юзага келган ўсишнинг нафақат технологик қолоқлик туфайли тўхтаб қолишини, балки бундай ўсиш давлат ва яратилган бойликлар устидан назоратни қўлга киритишга уринган қарама-қарши гуруҳлар ўртасидаги курашни ҳам келтириб чиқаришини Майя шаҳар-давлатлари мисолида кўрамиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 | Следующая
  • 4 Оценок: 1

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации