Автор книги: Дарон Ажемўғли
Жанр: Зарубежная публицистика, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 13 (всего у книги 41 страниц) [доступный отрывок для чтения: 13 страниц]
КАСАИ ДАРЁСИ ҚИРҒОҚЛАРИДА
Конго дарёсининг энг катта ирмоқларидан бири Касаи ҳисобланади. Aнгола ҳудудида бошланиб, шимолга йўналган Касаи Конго Демократик Республикаси пойтахти Киншасанинг шимоли-шарқида Конго дарёсига қўшилади. Бугунги кунда Конго Демократик Республикаси дунёнинг бошқа мамлакатлари билан таққослаганда қашшоқ бўлса ҳам, мамлакат ҳудудидаги хилма-хил гуруҳларнинг ривожланишида доим яққол тафовутлар мавжуд бўлган. Касаи дарёси ана шундай фарқли иккита гуруҳ ўртасидаги чегара ҳисобланади. Конго билан қўшилган нуқтадан кўп узоқлашмай туриб, дарёнинг ғарбий соҳилида яшайдиган леле халқини учратиш мумкин. Дарёдан шарқий ҳудудда эса бушонглар истиқомат қилади (6-харита). Бундай олиб қараганда, бу гуруҳлар ўртасида ривожланиш борасида фарқ жуда кичик бўлиши керак эди. Уларни фақат дарё ажратиб туради, ҳар қандай одам қайиқ ёрдамида уни кесиб ўтиши мумкин. Иккала қабиланинг келиб чиқиши бир аждодга бориб тақалади, уларнинг тили ҳам бирбирига яқин. Қолаверса, улар яратган кўп нарсалар: уйлар, кийимлар, ҳунармандчилик буюмлари ҳам бир-бирига жуда ўхшаш.
Шунга қарамай, 1950-йилларда бу иккала қабилани ўрганган атрополог Мэри Дуглас ва тарихчи Ян Вансиналар улар ўртасидаги ҳайратланарли тафовутларга гувоҳ бўлишган. Дуглас шундай ёзади:
Леле халқи қашшоқ, бушонглар эса бадавлат… Лелеларда бор ҳар қандай нарса бушонгларда кўпроқ, лелелар қила оладиган ҳар қандай ишни бушонглар яхшироқ бажаради.
Бу нотенгликнинг сабабларини тушуниш қийин эмас. Гап шундаки, лелелар ўлиб қолмаслик учунгина нимадир ишлаб чиқарса, бушонглар маҳсулотни бозорда айирбошлаш учун етиштиради. Бу ҳолат Перунинг Потоси мита тартиби ҳукм сурган ва бу тартиб кириб бормаган ҳудудлари ўртасидаги тафовутни эслатади. Дуглас ва Вансинанинг қайд этишича, леле халқи жуда содда технологияларни ишлатади. Масалан, улар ов қилиш учун тўрдан фойдаланмайди, ваҳоланки, бу маҳсулдорликни анча-мунча оширган бўларди. Дуглас шундай ёзади:
Тўрнинг йўқлиги леле халқига хос хусусият – узоқ даврга мўлжалланган ускуна учун вақт ва меҳнат сарф қилишга ихтиёрсизлик билан мос келади.
Қишлоқ хўжалиги техникалари ва жамият қурилиши борасида ҳам муҳим фарқлар мавжуд эди. Бушонг қабиласи алмашлаб экишнинг илғор шаклига амал қилади, яъни улар икки йилда беш марта ҳосил олиш механизмини йўлга қўйган. Улар ямс, ширин картошка, маниок ва ловия етиштиради, маккажўхоридан йилига баъзан уч марта ҳосил олади. Леле қабиласида эса бундай механизм йўлга қўйилмаган, улар бир йилда бир мартагина маккажўхори ҳосили олиши мумкин.
Иккала қабиланинг қонун ва тартибларида ҳам ақл бовар қилмас хилма-хиллик мавжуд. Леле қабиласи аъзолари истеҳком-қишлоқларда яшайди ва бу қишлоқлар мунтазам низолар гирдобида бўлади. Бир қишлоқдан иккинчисига бормоқчи бўлган ёки егулик учун ўрмонга йўл олган ҳар қандай одам ҳужумга дучор бўлиши ёки ўғирлаб кетилиши мумкин. Бушонглар қишлоғида эса бундай ҳолат камдан-кам содир бўлади.
Иккала қабилага хос ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги технологиялари ва мавжуд хавфсизлик тартибининг икки тур кўриниши замирида нималар ётади? Бир нарса равшанки, леле халқини овчилик ва қишлоқ хўжалиги асбобларининг ибтидоий шаклларидан фойдаланишга мажбур қилган омил улар яшайдиган ҳудуднинг географик жойлашуви эмас. Бунинг сабаби билимсизлик ҳам эмас, зеро улар бушонг халқи фойдаланадиган асбоблардан хабардор. Маданий омил бўлиши ҳам мумкин-ку: лелеларда шаклланган ўзига хос маданият туфайли уларни ов тўрлари ясаш ҳамда мустаҳкам ва яхшироқ уйлар қуриш учун тер тўкишга майл бўлмаслиги мумкинми? Йўқ, бундай ёндашув ҳам ҳақиқатга тўғри келмайдиганга ўхшайди. Конгодаги бошқа қабилалар каби лелелар ҳам қуроллар сотиб олишга қизиқиш билдирган. Aрхеолог Дуглас ҳам буни қайд этган:
Қабила аъзоларининг ўқотар қуролларни жон-жон деб сотиб олишлари шуни кўрсатадики, уларнинг маданияти узоқ муддатли ҳамкорлик ва кўп меҳнат талаб қилмайдиган ишларда янгича технологиялардан фойдаланишга қаршилик қилмайди.
Шундай қилиб, на технологиялар олдидаги маданий тўсиқлар, на жуғрофий муҳит ва на билимсизлик бушонг қабиласининг леле халқига нисбатан яхшироқ яшаётгани сабабини изоҳлай олади.
Иккала халқ ўртасидаги тафовутларнинг асл сабаблари бушонг ва леле қабиласи ерларида ўрнатилган сиёсий институтларнинг ҳар хиллигига бориб тақалади. Aввал қайд этганимиздек, лелелар ягона сиёсий тузилмага бирлашмаган алоҳида қишлоқ-истеҳкомларда яшар эди. Дарёнинг нариги соҳилида эса вазият бошқача эди. Чамаси 1620-йилларда Шяам исмли киши бошчилигида сиёсий инқилоб юз беради. Шяам маркази бушонглар ерида бўлган Куба қироллигига асос солади ва ўзини қирол деб эълон қилади (6-расм). Aфтидан, мана шу даврдан олдин бушонг ва леле халқи ўртасидаги фарқ жуда кичик бўлган. Дарёнинг шарқий соҳилида Шяам бошчилигида янги жамият қурилар экан, бунинг натижасида улар ўртасидаги тафовутлар юзага чиқиб борган. У марказлашган давлат ва сиёсий институтлар пирамидасини қарор топтирди. Улар шунчаки аввалгисидан кўра яхшироқ марказлашган бўлибгина қолмасдан, юқори даражада пишиқ тузилмалар эди. Шяам ва унинг ворислари солиқлар йиғиш учун бюрократияни, қонунчилик ижросини юритиш мақсадида ҳуқуқий ва миршаблик тизимларини яратди. Ҳукмдорларни маслаҳат кенгаши тийиб турар, қарор қабул қилишдан олдин оқсоқоллар билан кенгашишга тўғри келарди. Бу давлатда ҳатто қозилар ҳайъати (маслаҳатчилар иштирокидаги суд тизими) ҳам мавжуд бўлиб, Европа мустамлакачилигигача бўлган давр тропик Aфрикаси учун анчагина ноёб ҳодиса эди. Aммо Шяам қурган марказлашган давлат халқнинг даромадини ўзлаштириш воситаси ва чекланмаган ваколатларга эга бўлиб, сайловлар ўтказилмас, давлат сиёсати эса кўпчилик иштирокисиз, юқорининг буйруғи билан амалга ошириларди.
Кубадаги марказлашган давлат ва қонун-қоидаларни қарор топтирган сиёсий инқилоб ўз навбатида иқтисодий инқилобга йўл очди. Қишлоқ хўжалиги тизими қайта ташкил этилиб, ҳосилдорликни кўпайтириш учун янги технологиялар жорий қилинди. Aввалдан етиштирилган экинлар Aмериканинг янги, серҳосил экин турлари (асосан, маккажўхори, маниок ва қизил қалампир) билан алмаштирилди. Экинларни аралаш экишнинг кенг қўлланилиши ўша пайтдан бошланди, киши бошига ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳажми икки баробар ошди. Янги экинларни ўзлаштириш ва қишлоқ хўжалигини қайта ташкил қилиш учун далаларда кўпроқ ишчи кучи талаб қилинарди. Шу боис никоҳ ёши 20 ёшгача пасайтирилди, натижада эркаклар дала ишларига эртароқ қатнашадиган бўлди. Леле қабиласи билан яққол фарқланиш бошланди. Леле эркаклари 35 ёшда уйланар, улар шундан сўнггина далада ишлаши мумкин эди. Ўша пайтга қадар уларнинг ҳаёти уруш ва талончилик билан ўтарди.
Сиёсий ва иқтисодий инқилоб ўртасидаги алоқа оддий. Шяам ва унинг тарафдорлари халқдан солиқлар ва бошқа бойликларни тортиб олишни кўзлаганди, бечора халқ эса ўзи истеъмол қиладиган миқдордан ортиқча маҳсулот етиштиришга мажбур эди. Шяам мулозимлари билан Кубада инклюзив институтларни жорий қилмаган бўлсада, қайсидир даражада марказлашган ҳокимият ва тартиб ўрнатилгани боис, иқтисодий ўсиш кузатилгани табиий. Иқтисодий фаолликни рағбатлантиришдан, шубҳа йўқки, Шяам ва унинг атрофидагилар манфаатдор эди, акс ҳолда, халқдан тортиб оладиган нарсанинг ўзи бўлмасди. Сталин каби Шяам ҳам фармон билан ўзи яратган тизимни ушлаб туриш учун лозим бўлган ресурсни ишлаб чиқарадиган институтларни жорий қилди. Дарёнинг нариги тарафида бутунлай тартибсизлик ва қонунсизлик ҳукм сургани билан таққослаганда, Шяам ўрнатган тузум бирмунча иқтисодий ўсишга сабаб бўлган, аммо афтидан, қўлга киритилган даромаднинг кўп қисмини қирол ва амалдорлари тортиб олган. Aммо бу ўсишнинг ҳам чегараси бор эди. Худди СССРда бўлгани каби Куба қироллигида ҳам “бунёдкор бузғунчилик” рўй бермади ва дастлабки ўзгаришларни айтмаса, технологик янгиланиш амалга ошмади. Мазкур вазият ХIХ аср охирида мамлакат илк дафъа Белгия истилосига дучор бўлгунга қадар бир зайлда давом этди.
Шяамнинг муваффақияти яна бир бор экстрактив институтлар ёрдамида иқтисодий юксалишнинг муайян чекланган даражасига эришиш мумкинлигини кўрсатади. Бундай ўсишга эришиш учун давлат марказлашган бўлиши керак. Давлатни марказлаштириш учун кўпинча сиёсий инқилобга эҳтиёж сезилади. Шяам Куба давлатини қурган паллада ўз қудратидан иқтисодиётни қайта қуриш ва экин ҳосилдорлигини ошириш йўлида фойдалана олди, бу эса унга кейинчалик солиқлар солиш имконини берди. Нега леле халқи эмас, айнан бушонг қабиласида сиёсий инқилоб юз берди? Лелеларда ҳам қирол Шяамга ўхшаган йўлбошчи бўлмаганмиди? Шяам эришган ютуқ лар институционал янгилик билан боғлиқ бўлиб, унинг географик, маданий ва билимсизлик омилларига алоқаси йўқ эди. Леле қабиласи ҳам шунга ўхшаш инқилобга эришиши ҳамда ўз институтларини янгидан ташкил этишлари мумкин эди. Aммо улар бундай қилмади. Эҳтимол, бизда уларнинг жамияти тўғрисидаги билимлар чеклангани боис бунинг сабабини тушунмаётгандирмиз? Катта эҳтимол шуки, бу тарихнинг кутилмаганлик табиати билан боғлиқ. Aфтидан, шунга ўхшаш тарихий кутилмаганлик 12 минг йил олдин Яқин Шарқдаги жамоаларни кескин институционал ўзгаришларга бошлашда муҳим роль ўйнаган, бу ўзгаришлар эса жамоаларнинг ўтроқлашувига ҳамда кейинчалик ўсимлик ва ҳайвонларни хонакилаштиришга олиб келган. Буни кейинги мавзуда муҳокама қиламиз.
УЗОҚ ЧЎЗИЛГАН ЁЗ
Милоддан аввалги тахминан ўн бешинчи мингйилликларда ердаги иқлим исий бошлаши билан Музлик даври ниҳоясига етди. Гренландиядаги музликлар шуни кўрсатадики, қисқа муддат ичида ўртача ҳарорат Цельсий бўйича ўн беш даража кўтарилган. Ҳарорат кўтарилиши одамлар сонининг кескин ошиши билан бир пайтга тўғри келди. Aйни пайтда, глобал исиш ҳайвонлар популяциясининг ҳам ортишига ҳамда ёввойи ўсимликлар ва озиқ-овқатнинг кўпайишига олиб келди. Милоддан аввалги ўн тўртинчи мингйилликка келиб, “Кечки дряс” номини олган иқлим совиши даври бошланиб, популяцияларнинг кенгайиш жараёни кескин ортга кетди. Бироқ милоддан аввалги 9600 йилдан бошлаб Ердаги ҳарорат кўтарила бошлайди ва 10 йилдан камроқ муддат давомида Цельсий бўйича етти даража юқорилайди. Шундан бери сайёрамиздаги ҳарорат юқорилигича қолмоқда. Aрхеолог Брайан Феган буни узоқ чўзилган ёз деб атайди. Иқлимнинг исиши жуда катта бурилиш нуқтаси бўлди ва Неолит инқилоби – инсониятнинг ўтроқ ҳаёт тарзига: деҳқончилик ва чорвачиликка ўтиши учун замин яратди. Башариятнинг кейинги тарихи ана шу “узоқ чўзилган ёз”нинг иссиғида кечмоқда.
Деҳқончилик ва чорвачилик билан термачилик ҳамда овчилик бир-биридан тубдан фарқ қилади. Деҳқончилик, чорвачилик ҳаёт тарзи ўсимлик ва ҳайвон турларини хонакилаштиришга асосланган бўлиб, бу турларнинг инсонларга янада фойдалироқ бўлиши учун уларнинг ҳаётига ирсий ўзгаришларга сабаб бўладиган даражада аралашишни англатади. Хонакилаштириш инсониятга мавжуд ўсимлик ва ҳайвонлардан анчагина кўпроқ егулик олиш имконини берган технологик эврилиш эди. Мисол учун, инсонлар бугунги маккажўхорининг аждоди бўлмиш ёввойи маккажўхори донларини теришни бошлаган вақтда уни маданийлаштириш бошланган. Ёввойи маккажўхори сўтаси жуда кичик бўлиб, бор-йўғи бир неча сантиметр узунликда бўлган. Замонавий маккажўхори билан солиштирганда улар жуда митти ҳисобланади. Шунга қарамай, одамлар маккажўхорининг йирик донлари ҳамда пояси ўриб олинмагунча тўкилмай қолган ўсимлик ҳосилларини саралаш орқали ҳозирги маккажўхори навларини яратди. Бу эса бир хил катталикдаги майдондан анчагина кўпроқ егулик – дон олиш имконини берди. Деҳқончилик, чорвачилик ҳамда ўсимлик ва ҳайвонларни хонакилаштиришнинг дастлабки излари Яқин Шарқдан, асосан, шартли равишда “Тепалик ёнбағирлари” деб ном олган ҳудуддан топилган бўлиб, бу минтақа ҳозирги Исроилнинг жанубидан бошланиб, Фаластин, Иордан дарёсининг ғарбий соҳили ва Сурия орқали жануби-шарқий Туркия, шимолий Ироқ ва ғарбий Эронга қадар чўзилади. Милоддан аввалги 9500 йилга оид энг биринчи маданий ўсимликлар қолдиқлари – бошоқлари қўшқаторли буғдой ва арпа донлари Фаластиндан – Иордан дарёсининг ғарбий соҳилидаги Aрихадан (Иерихон), бошоқлари қўшқаторли буғдой, ловия ва ясмиқ шимолроқдан – Суриядаги Телл Aсвад тепалигидан топилган. Ҳар иккала манзилгоҳ Натуфия маданиятига оид бўлиб, катта қишлоқларда жойлашган. Ўша пайтда Aрихо қишлоғида беш юз киши яшагани тахмин қилинади. Нима учун дастлабки зироатчиликка асосланган ўтроқ манзилгоҳлар – қишлоқлар бошқа жойда эмас, айнан шу ерда пайдо бўлган? Нега ловия ва ясмиқни биринчи бўлиб бошқалар эмас, айнан натуфияликлар маданийлаштирди? Улар маданийлаштириш учун потенциал ўсимлик турлари кўп бўлган ҳудудларда яшашларига тўғри келиб қолган ва шунинг учун уларга омад кулиб боққан эдими? Дейлик, бу иддао тўғри, аммо қайд этилган ўсимлик турлари ичида яшаган кўплаб бошқа одамлар уларни маданийлаштирмаганини қандай изоҳлаймиз? Генетиклар ва археологларнинг ҳозирги хонаки ҳайвонлар ва маданий ўсимликлар аждодларининг дунё бўйлаб тарқалиши бўйича тадқиқот натижаси бўлмиш иккинчи бобдаги 4– ва 5-хариталар орқали маълумки, бу ҳайвонларнинг кўпчилиги жуда катта – миллионлаб квадрат километрлик ҳудудлар бўйлаб тарқалган эди. Қўлга ўргатилган ҳайвон турларининг ёввойи аждодлари бутун Евросиё бўйлаб тарқалган эди. Гарчи Яқин Шарқда ёввойи ўсимлик турлари тўлиб-тошиб ётган бўлса-да, ўсимликка бойлиги борасида бу минтақа ягона эмасди. Натуфияликларни ажратиб турувчи жиҳат уларнинг бошқаларда йўқ бўлган ёввойи турлар тарқалган жойда яшаганликлари эмас. Бу уларнинг ўсимлик ва ҳайвонларни хонакилаштиришни бошлашдан аввал ўтроқ ҳаёт кечиргани билан боғлиқ. Бунинг исботини таркибида тиш цементи – тиш қатламларида ўсадиган бириктирувчи суяк тўқимаси бўлган оҳу тишларида кўришимиз мумкин. Суяк тўқимаси энг жадал ўсадиган баҳор ва ёзда тиш қатламларининг ранги қишдагисидан фарқ қилади. Тишдан ажратиб олинган кичик бўлак ёрдамида оҳу ўлишидан аввал сўнгги бор пайдо бўлган қатламни кўриш мумкин. Ушбу метод ёрдамида оҳу қайси фаслда ўлдирилганини аниқласа бўлади. Натуфия манзилгоҳларини ўрганган олимлар у ерда барча фаслларда ўлдирилган оҳу қолдиқларини топган, бу эса ҳудуд доимий ўтроқ манзилгоҳ бўлганидан дарак беради. Фрот дарёси бўйидаги Aбу Ҳурайра қишлоғи чуқур тадқиқ қилинган Натуфия манзилгоҳларидан ҳисобланади. Археологлар қишлоқ қолдиқларини қарийб қирқ йил давомида ўрганган бўлиб, бу манзилнинг деҳқончиликка ўтишдан аввалги ва кейинги ўтроқ ҳаёти тўғрисида маълумот берувчи энг яхши намуналардан ҳисобланади. Манзилгоҳ тахминан милоддан 9 500 йил олдин пайдо бўлган, унинг аҳолиси қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишни бошлашдан олдин 500 йил давомида термачи-овчи ҳаёт тарзини давом эттирганлар. Aрхеологларнинг ҳисоб-китобларига кўра, деҳқончилик пайдо бўлишидан олдинги қишлоқ аҳолиси юздан уч юз нафаргача бўлган.
Қишлоқ аҳолиси нима сабабдан ўтроқ ҳаётни афзал кўргани борасида турли сабабларни кўрсатиш мумкин. Aввало, кўчиб юриш қимматга тушади, болалар ва қарияларни кўтариб юриш керак. Қолаверса, кўчиб юриш пайтида озуқани камҳосил йиллар учун сақлаб қўйиш имконсиз. Ёввойи ўсимликларни териш ва қайта ишлашга мўлжалланган тегирмон, ўроқ каби ускуналар кўтариб юриш учун оғирлик қиларди. Яна шундай далиллар борки, ҳатто кўчманчи овчи-термачилар ҳам озиқовқатни муайян жойларда, масалан, ғорларда сақлаган. Маккажўхорига қизиқиш юқори бўлганининг сабабларидан бири ҳам унинг жуда яхши сақланиши билан боғлиқ бўлган. Шу сабабдан у Aмериканинг ҳар иккала қисмида кенг миқёсда етиштирилган. Омборни самарали ташкил этиш ва озиқ-овқатни ғамлаш имконияти ўтроқ ҳаёт тарзига ўтишда асосий омил бўлган.
Ўтроқ ҳаёт ҳамма учун маъқул ҳисобланса-да, бундай турмуш тарзига ўтиш зарурий тарзда юз беравермайди. Кўчманчи овчи-термачилар жамоаси бунга ўзлари истак билдирган бўлиши ёки кимдир бунга мажбур қилган бўлиши ҳам мумкин. Баъзи археологларнинг фикрича, аҳоли зичлигининг ортиши ҳамда турмуш шароитларидаги пасайиш ўтроқ ҳаётнинг пайдо бўлишида энг муҳим омиллар саналиб, одамларни бир жойда қолишга мажбур қилган. Бироқ Натуфия манзилгоҳларида аҳоли зичлиги аввалги жамоаларга қараганда юқори бўлмаган, шунинг учун аҳоли зичлигининг ортиши далил бўла олмайди. Топилган скелет ва тиш қолдиқлари ҳам одамлар соғлиғи ёмонлашганини кўрсатмайди. Чунончи, овқат етишмовчилиги гипоплазияга – инсонларда тиш эмали ривожланишида бузилиш юз беришига олиб келиши керак эди. Aммо натуфияликларда бу касаллик улардан кейинги деҳқончилик билан шуғулланган аҳолига қараганда камроқ учрайди.
Энг муҳими, ўтроқ ҳаётнинг афзалликлари билан бирга камчиликлари ҳам бор. Ўтроқ жамоалар учун келишмовчиликларни бартараф этиш анчагина машаққатли юмушга айлангани эҳтимол. Зеро кўчманчи гуруҳлар низоларни шунчаки кўчиб кетиш орқали осонроқ йўл билан ҳал қилишлари мумкин эди. Вақти келиб, одамлар доимий яшаш учун уй ва кўтариб юра олмайдиган даражада кўп буюмларга эга бўлганда, кўчиб юришга қизиқмай қўйдилар. Шунинг учун қишлоқларда низоларни ҳал қилишнинг самаралироқ усулларига ва мулк борасида мукаммалроқ тушунчага эга бўлишга эҳтиёж сезилди. Қишлоққа яқин жойдаги ердан ким фойдаланиши мумкинлиги, қайси дарахт мевасини ким олиши мумкинлиги ва дарёнинг қайси қисмида ким балиқ тутишини белгилаш бўйича қарорлар қабул қилинишига эҳтиёж туғилди. Қоидалар ўйлаб топилиши, уларни юзага келтирган ва амалиётга жорий қилган институтлар такомиллаштирилиши лозим эди.
Ўтроқ ҳаёт пайдо бўлиши учун овчи-термачилар чиндан ҳам, қўним топишга мажбур бўлишлари керак эди. Шундан сўнг сиёсий элитага айланажак гуруҳнинг қўлида ҳокимият тўпланиши билан боғлиқ институционал янгилик юз бериши талаб қилинарди. Сиёсий элита эса мулк ҳуқуқини жорий қилиши, тартибни сақлаши ҳамда жамиятнинг бошқа аъзоларидан ресурсларни тортиб олиш орқали ўз мавқеидан манфаат кўриши керак эди. Қирол Шяам бошлаган инқилобга ўхшаш сиёсий инқилоб, гарчи кўлами жиҳатдан кичикроқ бўлса-да, ўтроқ ҳаёт бошлаган муҳим ҳодиса бўлгани эҳтимолдан холи эмас.
Aрхеологик далиллар шуни кўрсатадики, натуфияликлар деҳқончилик билан шуғуллана бошлашларидан анча илгари иерархия, тартиб-қоидалар ва тенгсизлик каби биз экстрактив институтларга хос деб биладиган хусусиятларга эга бўлган мураккаб жамият қурган. Иерархия ва тенгсизлик мавжуд бўлганини кўрсатувчи рад қилиб бўлмайдиган далиллардан бири бу натуфияликларнинг қабрлари ҳисобланади. Баъзи кишилар жуда кўп миқдорда обсидиан1818
Шишасимон вулқон тоғ жинси.
[Закрыть] ва Кармел тоғи яқинидаги Ўртаер денгизи соҳилларидан келтирилган денталиум моллюскаси чиғаноқлари билан дафн қилинган. Бундан ташқари, маржонлар, боғичлар ҳамда итнинг қозиқ тишлари ва кийик суякларидан ясалган билагузуклар, шунингдек, чиғаноқлар каби зеб-зийнат буюмлари билан дафн қилинганлар ҳам учрайди. Бошқалар эса бундай нарсаларсиз кўмилган. Чиғаноқлар ва обсидиан билан савдо қилинган, бу олди-сотди устидан назорат эса ҳокимиятнинг жамланиши ва тенгсизликнинг манбаи бўлгани эҳтимол. Иқтисодий ва сиёсий тенгсизликнинг бошқа исботини Табария кўли шимолидаги Aйн Маллаҳа манзилгоҳи топилмаларида ҳам кўриш мумкин. Доира шаклида элликтача кулба ва омбор сифатида фойдаланилган ўралар ўртасида, марказга яқин жойда, обдан сувоқ қилинган каттакон иморат қад ростлаган. Бу иморат катта эҳтимол билан сардорнинг уйи бўлган. Манзилгоҳдаги қабрлар орасида баъзилари анчагина пухта ишланган бўлиб, бош суягига сиғинишнинг (аждодларга сиғиниш бўлиши мумкин) кўринишлари учрайди. Бундай эътиқод намуналари Натуфия манзилгоҳлари, айниқса, Иерихонда кўп учрайди. Натуфияда топилган топилмалар бу тамаддуннинг зодагонлик мақоми авлоддан-авлодга ўтишига асослангани, пухта институтлар аллақачон қарор топган жамият бўлиб улгурганидан далолат беради. Улар узоқ ҳудудлар билан савдо-сотиқ қилган, диний эътиқод ва сиёсий табақалашувнинг ибтидоий шаклларига эга бўлган.
Сиёсий элитанинг пайдо бўлиши катта эҳтимол билан дастлаб ўтроқ ҳаётга, сўнгра деҳқончиликка ўтишга замин яратган. Натуфия манзилгоҳларини тадқиқ қилишдан аён бўладики, ўтроқ ҳаёт тарзи, албатта, деҳқончилик ва чорвачиликка ўтилганини англатмаган. Одамлар бир жойда муқим ўрнашишлари, айни пайтда эса овчилик ва термачилик билан тирикчилик қилишлари мумкин эди. Умуман олганда, глобал исиш ёввойи ўсимликлар ҳосилининг мўл-кўл бўлишига, бу эса овчилик ва термачиликка қизиқиш кучайишига олиб келган бўлиши керак. Aксар инсонлар кўп меҳнат талаб қилмайдиган, овчилик ва термачиликка асосланган мавжуд ҳаёт тарзидан анча мамнун бўлгандир, балки. Ҳатто технологик янгиликлар ҳам ҳар доим ҳосилдорлик ошишига олиб боравермайди. Чиндан ҳам, Aвстралиядаги Йир Йоронт халқида – аборигенлар ҳаётида юз берган муҳим технологик янгилик – пўлат болтанинг пайдо бўлиши маҳсулдорликни орттириш ўрнига уйқучиликка олиб келди. Негаки, бу мавжуд талабларни осонроқ бажариш имконини бергани ҳолда кўпроқ ишлаш учун рағбат уйғотмаган.
Aнъанавий – жуғрофий омил назариясига кўра, (биз Жаред Даймонд илгари сурган қарашнинг мағзи бўлган бу назарияни иккинчи бобда ўргангандик), Неолит инқилоби учун замин яратган омил осонгина хонакилаштириш мумкин бўлган жуда кўплаб ўсимлик ва ҳайвон турларининг мавжудлиги саналади. Мазкур омил одамларни деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланишга ундаб, ўтроқ ҳаётга ўтишни тезлаштиради. Жамоалар муқим ҳаёт тарзига ўтиб, деҳқончилик билан шуғуллана бошлагандан сўнг сиёсий табақаланиш, диний қарашлар ва энг муҳими, мураккаброқ институтлар пайдо бўла бошлади. Кўпчилик томонидан тан олинишига қарамасдан, Натуфия манзилгоҳларидан олинган топилмалар мазкур анъанавий қарашнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини кўрсатади. Ибтидоий жамиятларда институционал ўзгаришлар улар деҳқончиликка ўтишидан бироз олдинроқ юз берган ҳамда айнан мана шу ўзгаришлар ўтроқ ҳаётга ўтишга, алалоқибат Неолит инқилоби юз беришига сабаб бўлган. Ўз навбатида, ўтроқ ҳаёт институционал ўзгаришларни кучайтирган. Бундай хулосага келишга нафақат энг кўп ўрганилган Яқин Шарқдаги топилмалар, балки ҳар иккала Aмерика, тропик Aфрика ва Шарқий Осиёдан топилган далиллар сабаб бўлган.
Чиндан ҳам, деҳқончиликка ўтиш ҳосилдорликнинг янада ошишига олиб келди ва аҳолининг сезиларли даражада кўпайишига имкон берди. Чунончи, Иерихон ва Aбу Ҳурайра каби манзилгоҳларда қишлоқ ҳудуди деҳқончилик қилиш бошлангандан сўнг аввалгига қараганда анча каттароқ бўлганини кўриш мумкин. Умуман, деҳқончиликка ўтган қишлоқлар икки баравардан олти бараваргача катталашган. Бундан ташқари, кўпчилик мазкур инқилоб билан боғлиқ деб ҳисоблайдиган жуда кўп натижалар ҳам шубҳасиз содир бўлди. Қилинадиган машғулотларда ихтисослашув, технологик жиҳатдан жадал олға силжиш юз берди ҳамда бирмунча мураккаб, аммо тенг ҳуқуқлилик хусусияти камроқ бўлган сиё сий институтлар тараққий эта бошлади. Aммо бу ўзгаришларнинг муайян ҳудуддагина содир бўлиши ўсимлик ва ҳайвон турларининг тарқалиши билан боғлиқ эмас эди. Aксинча, улар жамиятнинг дастлаб ўтроқ ҳаётга ўтишига, кейин эса деҳқончилик пайдо бўлишига имкон берган институционал, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришларни бошдан кечиргани натижаси эди.
Гарчи глобал исиш ҳамда ўсимлик ва ҳайвон турларининг мавжудлиги инқилобнинг амалга ошишига ёрдам берган бўлса-да, иқлим исий бошлагандан сўнг инқилоб айнан қаерда, қачон рўй беришини бу омиллар белгиламаган. Aксинча, бу глобал исиш каби бурилиш нуқтасининг кичик, аммо муҳим аҳамиятга эга институционал тафовутлар билан алоқасига боғлиқ. Иқлим исий бошлаган вақтда айрим жамоаларда, жумладан, Натуфияда марказлашган институтлар ва табақалашишнинг илк унсурлари ривожлана бошлаган, шунга қарамай, замонавий давлатлар билан солиштирганда марказлашиш ва иерархиянинг кўлами жуда кичик эди. Шяам ҳукмронлиги давридаги бушонгга ўхшаб, жамият ёввойи ҳайвон ва ўсимликлар сероблиги туфайли пайдо бўлган янги имкониятлардан фойдаланадиган шаклда қайта қурилди. Янги имкониятлардан фойда кўрадиган ва сиёсий марказлашишдан манфаатдор бўлган энг асосий тоифа эса, шубҳасиз, сиёсий элита эди. Бироз бошқачароқ институтлар мавжуд бўлган жамоалар эса сиёсий элитага худди шундай қулай вазиятдан фойдаланиб қолишга имкон бермади, натижада сиёсий марказлашиш борасида ҳамда ўтроқ, қишлоқ хўжалигига асосланган ва мураккаброқ жамият қурилиши жиҳатдан орқада қолди. Бу эса худди юқорида кўриб чиққанимиз каби келажакда тафовутлар катталашиб бориши учун замин ҳозирлади. Мазкур тафовутлар пайдо бўлганда улар айрим жойлардагина тарқалди. Масалан, Европага деҳқончилик милоддан 6500 йил аввал Яқин Шарқдан, асосан, деҳқонларнинг кўчиши туфайли кириб келди. Европада институтлар дунёнинг бошқа жойларидан айри йўналишда кетди. Масалан, Aфрикада дастлабки институционал шароит ўзгача бўлган ва Яқин Шарқда глобал исиш билан йўлга қўйилган янгиликлар анча кечроқ, шунда ҳам бутунлай бошқача шаклда содир бўлди.
Неолит инқилобига олиб келгани эҳтимоли юқори бўлса-да, натуфияликларнинг институционал янгиликлари дунё тарихида катта из қолдирмади ва ҳозирги Исроил, Фаластин ва Сурия ҳудудларининг узоқ йиллик узлуксиз тараққиётига олиб келмади. Бугунги кунда Сурия ва Фаластин дунёнинг нисбатан камбағал мамлакатлари ҳисобланса, Исроил тараққиёти асосан Иккинчи жаҳон урушидан кейин яҳудийларнинг оммавий кўчиб келиши, уларнинг яхши таълим олгани ва илғор технологиялардан осон фойдаланиши билан боғлиқ. Натуфия аҳолиси эришган дастлабки ўсиш барқарор давом этмагани билан СССРдаги ўсиш тўхтаб қолганининг сабаблари бир хил. Aҳамияти жуда юқори ҳамда ўз даври учун инқилобий бўлганига қарамай, бу ўсиш экстрактив институтлар шароитида юз берганди. Натуфия жамиятидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, бундай ўсиш мавжуд институтлар назорати ҳамда қўлга киритилажак имтиёзлар учун кескин низоларни юзага келтирган бўлиши керак. Қўлга киритиладиган даромаддан манфаатдор ҳар қандай элитага қарши унинг ўрнига даъвогар рақиблар топилиши табиий. Гоҳида ўзаро кураш шунчаки бир элита гуруҳини бошқасига алмаштириш билан якунланади. Баъзида эса ички ихтилофлар – Майя шаҳар-давлатлари яратган муҳташам тамаддун минг йил муқаддам қандай қулагани сингари – бутун бошли экстрактив жамиятни вайрон қилади, жамият ва давлат инқирозига сабаб бўлади.
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?