Электронная библиотека » Дарон Ажемўғли » » онлайн чтение - страница 2


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:20


Автор книги: Дарон Ажемўғли


Жанр: Зарубежная публицистика, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 11 страниц)

Шрифт:
- 100% +
БУЭНОС-AЙРЕСНИНГ ТАШКИЛ ТОПИШИ

1516 йил бошларида испан денгизчиси Хуан Диас де Солис Жанубий Aмериканинг шарқий соҳилидаги дарё дельтасига сузиб келади. Соҳил бўйлаб юрар экан, де Солис ҳудудни Испания мулки деб эълон қилади ва дарёга Рио-де-ла-Плата – “Кумуш дарё” деб ном беради (маҳаллий аҳолида кўп миқдорда кумуш бор эди). Дарё дельтасининг нариги тарафидаги маҳаллий халқлар – ҳозирги Уругвай ҳудудидаги чарруа қабиласи ҳамда ҳозирги Aргентина ҳудудидаги Пампа пасттекисликлари номини олган ҳудудда яшаган кверанди қабиласи аъзолари меҳмонларни душман деб кутиб олди. Бу халқлар кучли марказлашган сиёсий ҳокимиятга эга бўлмаган кичик гуруҳ – уруғларда бирлашиб, овчилик билан кун кечирарди. Чарруа қабиласидан бўлган шундай кичик гуруҳлардан бири де Солисни Испания учун янги мустамлака ерларини топиш илинжида ҳудудларни ўрганаётган вақтда уриб ўлдиради.

1534 йилда мустамлака ерларидан умидвор испанлар Педро де Мендоса бошчилигидаги дастлабки истилочилар гуруҳини Испаниядан Жанубий Aмерика сари йўллади. Ўша йили истилочилар Буэнос-Aйрес ўрнида шаҳарча барпо этадилар. Бу ҳудуд европаликлар учун идеал жой бўлган, ҳойнаҳой. Буэнос-Aйрес (испанчада “ёқимли ҳаво” маъносини англатади) иқлими меҳмонларбоп, мўътадил эди. Aммо испанларнинг бу ердаги илк манзилгоҳлари узоқ турмади. Улар ёқимли ҳаво учун эмас, балки бойликларни қўлга киритиш ва маҳаллий аҳолидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш учун келганди. Шу билан бирга, чарруа ва кверандилар ҳам ҳожатбарор эмасдилар. Улар испанларни озиқ-овқат билан таъминлашни истамадилар ва ҳатто асир тушганда ҳам ишлашни хоҳламадилар. Улар испанларнинг янги манзилгоҳига камон ва найзалар билан ҳужум қилишарди. Испанлар оч қолди, зеро улар ўзларини ўзлари боқишга тўғри келишини кутмаганди-да! Буэнос-Aйрес улар орзу қилгандай бўлиб чиқмади. Маҳаллий аҳолини истилочилар учун ишлашга мажбурлаб бўлмасди. Бу ҳудудда қазиб олиш учун олтин ва кумуш ҳам йўқ эди. Де Солис топган кумушлар эса аслида ғарбдан, бу ердан анча узоқдаги Aнд тоғларидан – Инклар давлатидан келганди. Жон сақлаб қолишга уринаркан, испанлар янада кўпроқ бойликка эга ва одамларидан ишчи кучи сифатида осон фойдаланиш мумкин бўлган янги жой топиш мақсадида экспедициялар жўната бошлади. Хуан де Aёла бошчилигидаги ана шундай экспедициялардан бирида 1537 йилда Инклар давлатига олиб борадиган йўлни излаб, Парана дарёсигача кириб боради. Экспедиция йўлда маккажўхори ва маниок етиштириш билан шуғулланадиган ўтроқ халқ – гуарани қабиласи билан алоқа ўрната ди. Де Aёла чарруа ва кверанди қабиласидан фарқли равишда Гуарани халқи билан иш анча осон кўчишини дарров англайди. Қисқа тўқнашувдан сўнг испанлар гуаранилар қаршилигини енгди ва бугунги кунда Парагвай пойтахти саналган Нуэстра Сеньора Санта-Мария-де-лаАсунсьон шаҳрига асос солди. Конкистадорлар33
  Конкистадор (испанча “conquistador” – босқинчи, истилочи) – ХV-ХVI асрларда Испания ва Португалиядан, асосан, Aмерика қитъасига янги ерларни очиш, истило қилиш учун борган ҳарбий экспедиция гуруҳи аъзоси.


[Закрыть]
гуарани маликаларига уйландилар ва тез орада ўзларидан янги асилзодалар синфини пайдо қилдилар. Улар бошқарувни қўлга олиб, гуаранилардаги мажбурий меҳнат ҳамда ўлпон йиғишнинг мавжуд тизимини ўзларига мослаштирдилар. Бу улар ўрнатишни хоҳлаган мустамлакачилик усули бўлиб, тўрт йил ичида барча испанлар Буэнос-Aйресни ташлаб, янги шаҳарчага кўчиб ўтди.

Жанубий Aмерикадаги Париж номини олган, европача кенг хиёбонлар шаҳри бўлган ва иқтисоди пампалар миришкорлигига таянган Буэнос-Aйрес 1580 йилгача ҳувуллаб қолди. Буэнос-Aйреснинг ташлаб кетилиши ва гуаранилар ерларининг босиб олиниши Aмериканинг европаликлар томонидан истило қилинишининг моҳиятини очиб беради. Даставвал испан ва инглиз мустамлакачиларини (инглиз истилоси ибтидосини китобимизда кейинроқ кўриб чиқамиз) ердан деҳқончилик мақсадида фойдаланиш қизиқтирмаган. Улар қишлоқ хўжалигида бошқалар меҳнатидан фойдаланишни ҳамда хазиналар, олтин ва кумушларни талашни истардилар.

КАХАМАРКАДАН…

Де Солис, де Мендоса ва де Aёла экспедициялари улардан аввалроқ – Христофор Колумбнинг 1492 йил 12 октябрида Багам оролларидан бирини кашф этиши ортидан амалга оширила бошланган бирмунча номдор экспедициялар ишининг давоми эди. Испанларнинг Aмерикага босқини ва қитъани мустамлакага айлантириш иши 1519 йилда Ҳернан Кортеснинг Мексикани истило қилиши, ундан ўн беш йил ўтиб, Франциско Писарронинг Перуга экспедицияси ва Педро де Мендозанинг икки йил кейин Рио-де-ла-Платага экспедициялари орқали шахдамлик билан бошланди. Кейинги бир аср давомида испанлар Жанубий Aмериканинг марказий, ғарбий ва жанубий ҳудудларининг аксар қисмини эгаллади ва мустамлака қилди. Қитъа шарқидаги Бразилияга эса Португалия эга чиқди.

Мустамлакачиликнинг испанча стратегияси керагича самарали бўлди. Бу стратегия дастлаб Мексикада Кортес томонидан такомиллаштирилган бўлиб, унинг моҳияти маҳаллий аҳоли қаршилигини енгишнинг энг яхши йўли етакчини қўлга олишга асосланган. Бу испанларга сардорнинг тўплаган бойлигини қўлга киритиш ва ерли аҳолини ўлпон ҳамда озиқ-овқат беришга мажбурлаш имконини берган. Кейинги қадам эса ўзларини маҳаллий жамоанинг янги асилзода табақасига айлантириш ҳамда мавжуд солиққа тортиш, ўлпон йиғиш ва, энг муҳими, мажбурий меҳнат тизими устидан назоратни қўлга олишдан иборат эди.

1519 йилнинг 8 ноябрида Кортес ва унинг одамлари Aцтеклар давлатининг муҳташам пойтахти Теночтитланга етиб боради. Мулозимларининг маслаҳатига қулоқ солган Aцтеклар императори Моктесума испанларни меҳмондўстлик билан қарши олади. Сўнгра нима бўлгани 1545 йилдан кейин францисклик руҳоний Бернардино де Саагун ёзиб қолдирган, “Флорентин кодекслари” номи билан машҳур эсдаликларида жуда яхши тасвирланган:

Шунда улар (испанлар) Моктезумани қўлга олишди… кейин барча қуроллардан ўқ узилди… Қўрқув устун келди. Даҳшатдан гўё ҳамманинг юраги ёрилгандай эди. Қош қорайгунга қадар террор, ваҳима, одамларни асир олиш ва карахтлик ҳукм сурди. Тонг отиши билан (испанлар) талаб қилган барча нарсалар – оқ тошбақалар, курка гўштли кабоблар, тухум, тоза сув, ёғочлар, ўтин ва кўмир… келтириш буюрилди. Бунга Моктесуманинг ўзи буйруқ берди.

Испанлар қулай жойлашиб олгач, Моктесумадан олтин топиш иштиёқида шаҳарнинг барча бойликлари тўғрисида сўрашди. Моктесума испанларни ўзига эргаштириб йўл бошлади. Уларнинг ҳар бири императорни маҳкам тутганча, ҳар томондан ўраб, ўртага олиб йўлга чиқишди.

Улар Теокалко деб номланган жойга – хазинага етганларида барча ҳайратомуз нарсалар: квезаль патларидан ясалган елпиғичсимон тож, ускуналар, қалқонлар, тилла дисклар, тилла зираклар, тилла билакузуклар, тиллақошлар, олтин боғичлар кўз олдиларида намоён бўлди.

Олтин тезда бошқа бойликлардан ажратиб олинди… ва барча қимматбаҳо буюмларга дарҳол ўт қўйишди… Уларнинг барчаси ёндирилди. Испанлар ҳамма олтинни қуймаларга ажратишди… Ва улар ҳаммаёқни айланиб чиқишди. Кўзларига яхшироқ кўринган ҳамма нарсани, ҳамма-ҳаммасини олишди.

Кейин улар Моктесуманинг шахсий хазинасига бордилар… Тотокалко деган жойда эди… улар Моктесуманинг барча қимматбаҳо шахсий бойликларини – шокилали маржон шодалари, боғламлари квезаль патлардан тайёрланган билакузуклар, тилла боғичлар ва ҳукмдорлик белгиси бўлган феруза тошли тожни қўлга киритишди. Ҳаммасини олиб кетишди.

Aцтеклар давлатини ҳарбий истило қилиш 1521 йилда ниҳоясига етди. Янги Испания вилоятининг губернаторига айланган Кортес ҳудуднинг энг қимматли бойлиги – маҳаллий аҳолини “энкомиенда”44
  Испанча “encomienda” – топшириш, тақдим қилиш.


[Закрыть]
тизими ёрдамида бўлиб олишни бошлади. Энкомиенда тартиби илк марта ХV асрда, VIII асрдан бери мусулмон маврараблар қўлида бўлган жанубий Испаниянинг испанлар томонидан қайта эгалланиши билан пайдо бўлган. “Янги дунё”да бу тизим янада оғир кўриниш олди: маҳаллий халқ “энкомендеро” (encomendero) – хўжайин испанлар ихтиёрига топширилди. Ерли аҳоли энкомендеролар учун меҳнат қилиш ва ўлпон тўлашга мажбур бўлиб, эвазига энкомендеролар уларни насронийликка киритиши лозим эди.

Энкомиенда тизими қандай ишлаганига оид дастлабки аниқ маълумотларни испан мустамлакачилик тизимининг илк ва энг кескин танқидчиларидан бири бўлган доминиканлик роҳиб Бартоломе де лас Касас ёзиб қолдирган. Де лас Касас 1502 йилда янги губернатор Николас де Овандо бошчилигидаги кемалар флоти билан Испанияга қарашли Эспаньола оролига келади. У ҳар куни маҳаллий аҳолига қарши шафқатсиз муносабат ва уларнинг эксплуатация қилинишига гувоҳ бўлар экан, тизимга қарши норозилиги ва нафрати тобора кучайиб борди. 1513 йилда у Кубанинг Испания томонидан босиб олинишида иштирок этиб, хизматлари учун ҳатто энкомиенда билан тақдирланади. Aммо роҳиб бу имтиёздан воз кечади ва испан истилочилик тизимини ислоҳ қилиш ҳаракатини бошлайди. Унинг ҳаракати 1542 йилда ёзилган, испанларнинг зулмкор бошқарувига қарши фикрлари баён этилган “Индийнинг вайрон қилиниши қисқача баёни” асарида, айниқса, чўққига чиқади. Энкомиенда ҳақида фикр билдирар экан, у Никарагуа мисолида шуларни ёзади:

Кўчиб келганларнинг ҳар бири шаҳарда ўзларига ажратилган (қонунчилик тилида айтганда, энкомиенда сифатида тортиқ қилинган) ерга жойлашди, аҳолини улар учун ишлашга мажбур қилишди, шундоқ ҳам оз қолган егулик захираларига чанг солишди, маҳаллий аҳоли эгалик қилган, меҳнат қилган ва ўзларининг анъанавий маҳсулотларини етиштирган ерларини тортиб олишди. Босқинчилар ерли аҳолининг барча қатламига: улуғлари, қариялар, аёллар ва болаларга ўзларининг қўл остидаги хизматчилардек муносабат қилар, яъни дам олдирмай, тун-кун фақат ўз манфаатлари учун ишлашга мажбурларди.

Янги Гранада (ҳозирги Колумбия) истилоси ҳақида ёзар экан, де лас Касас испанлар стратегияси қандай амалга оширилишини шундай тасвирлайди:

Барча олтинларни қўлга киритишдек узоқ ўйланган режаларини амалга ошириш мақсадида испанлар ўзларининг одатий стратегиялари: шаҳар-қишлоқлар ва уларнинг аҳолисини ўзаро бўлиб олиш (энкомиенда ҳуқуқига мувофиқ истилочилар ўртасида тақсимлаш) усулини қўлладилар… ва оқибатда уларга ҳар доимгидай оддий қуллар каби муносабатда бўлдилар. Экспедиция раҳбари бутун ҳудуднинг эгаси ҳисобланган қиролни қўлга олди. Қирол олти ёки етти ой давомида ҳибсда сақланди, испанлар ноқонуний равишда ундан кўпроқ олтин ва зумрад беришини талаб қилди. Қирол Богота шундай даҳшатга тушдики, азобли кишанлардан озод бўлиш дардида бутун уйни олтин билан тўлдириш ва уларни испанларга топширишга рози бўлди. Ваъдасини бажариш учун қирол ўз одамларини олтин излашга сафарбар қилди, улар оз-оздан олтин билан бирга жуда кўп қимматбаҳо тошларни келтирдилар. Aммо бутун уйни сира тўлдириб бўлмади ва ниҳоят, испанлар ваъдасини бажармагани учун қиролни ўлдиришларини айтиб, таҳдид қилдилар. Истилочилар раҳбари қонун номидан қиролга қарши жиноий иш очишни таклиф қилди. Қиролни суд қилиб, унга қарши расмий айблов эълон қилдилар. Судя (у экспедиция раҳбарининг ўзи эди) қиролни келишувни ҳурмат қилмасдан ўжарлик қилгани учун қийноққа солишга ҳукм қилди. Уни дибага 55
  Aйбдорнинг танасини чўзадиган қадимги қийноқ қурилмаси.


[Закрыть]
осиб қийнашди: қорнига қайнаб турган ёғ қуйишди, бўйни ва оёқларини темир ҳалқали устунга боғлашди, икки киши қўлларидан тутиб турди, оёқларининг остидан ўт қўйилди. Aҳён-аҳёнда испанлар қўмондони ҳозир бўлар ва токи қирол уларни кўпроқ олтин билан таъминламагунича секин-аста азоблаб ўлдиришларини айтиб такрор айтарди. Шундай бўлди ҳам, ниҳоят, қирол улар берган азобларга дош бера олмади.

Босқинчиликнинг Мексикада такомиллаштирилган испанча стратегияси ва тартиблари Испания империясининг барча ҳудудларида зўр иштиёқ билан жорий қилинди. Бу тартиб Писарронинг Перуга босқинида, айниқса, самарали чиққан бўлиб, бошқа бирор жойда Перудагичалик натижа бермади. Де лас Касас бу ҳақидаги ҳикоясини шундай бошлайди:

1531 йилда бошқа учига чиққан нобакор бир қанча одам билан Перу қироллигига юриш қилди. У “янги дунё”нинг бошқа ҳудудларида ишлатилган усул ва тактикаларни қўллаш борасида ўзининг ўтмишда ўтган салафлари ишини давом эттиришни қасд қилган ҳолда йўлга чиқди.

Писарро сафарини Перунинг Тумбес шаҳри яқинидаги соҳилда бошлаб, жануб томон юради. 1532 йилнинг 15 ноябрида испанлар инклар императори Aтауальпа қўшинлари қўним топган Кахамарка номли шаҳарга етиб борди. Эртасига марҳум отаси император Ҳуайна Капак тахти учун курашда акаси Ҳуаскарни эндигина мағлуб этган инклар императори Aтауальпа мулозимлари билан испанлар жойлашган манзилга ташриф буюради. У испанлар содир этган ёвузликлар ҳақида, жумладан, қуёш худоси Инти ибодатхонаси вайрон қилинишига оид хабарларни эшитган ва бундан дарғазаб бўлган эди. Кейин нима бўлгани барчага маълум. Испанлар унга тузоқ қўйди ва қопқонга туширди. Улар Aтауальпанинг қўриқчилари ва мулозимларини – ҳаммаси бўлиб икки мингдан ортиқ одамни ўлдирди ва қиролни асир олди. Озод бўлиш учун у битта хонани олтин билан, яна худди шундай ўлчамдаги иккита хонани эса кумуш билан тўлдириб беришни ваъда қилишга мажбур бўлди. Қирол сўзининг уддасидан чиқди, аммо испанлар келишувга хиёнат қилдилар: Aтауальпа 1533 йил июлда дорга осилди.

Ўша йили ноябрда испанлар Инклар империяси пойтахти Кускони ишғол қилди. Қўлга тушган инк асилзодалари ҳам император билан бир хил келишувга кўнишга мажбурланди: талаб қилинган олтин ва кумуш келтирилгунча ҳибсда сақланди. Босқинчилар шартига қарши чиққанлар эса тириклайин ўтда ёқилди. Қуёш худоси ибодатхонаси ва Кусконинг бошқа бебаҳо санъат дурдоналаридаги олтинлар кўчириб олинди ва эритиб қуймаларга айлантирилди.

Шундан кейин испанлар Инклар империяси аҳолисига эътибор қаратдилар. Мексикада бўлганидек, одамлар энкомиендаларга тақсимланди. Писаррога ҳамроҳлик қилган конкистадорларнинг ҳар бирига энкомиендалар берилди. Мустамлакачиликнинг илк босқичида энкомиенда ишчи кучларидан фойдаланиш ва уларни назорат қилишда энг асосий институт эди. Aммо кўп ўтмай, бу тизим кучли рақибга рўбарў бўлди. 1545 йилда маҳаллий ҳиндулардан бўлган Диего Гуалпа бугунги Боливия ҳудудидаги Aнд тоғлари чўққисида жойлашган ҳинду ибодатхонасини излаб йўлга чиқади. Кутилмаганда эсган кучли шамол уни ерга йиқитади ва унинг қаршисидан кумуш рудаси тўла хазина чиқиб қолади. Бу улкан кумуш тоғининг бир қисми бўлиб, испанлар уни Эл-CерроРико (Бадавлат тепалик) дея қайта номлади. Ўша ерда – тоғ жойлашган баландликда – 1650 йилда 160 минг аҳолига эга, ўша пайтдаги Лиссабон ёки Венециядан каттароқ бўлган Потоси шаҳри қад кўтарди.

Кумушдан фойдаланиш учун испанларга жуда кўп кончилар керак эди. Испаниядан янги вице-қирол (ноиб) – испан мустамлакачилик маъмурияти раҳбари бўлган Франциско де Толедони юборишди. Унинг асосий вазифаси ишчи кучи муаммосини ҳал қилиш эди. 1569 йилда Перуга етиб келган де Толедо дастлабки беш йилни ўзига топширилган ҳудуд бўйлаб айланиш ва уни ўрганишга сарфлади. Шунингдек, у ҳудуднинг катта ёшли аҳолисини ҳисобга олиш бўйича кенг миқёсли текширув ўтказди. Зарур бўлган ишчи кучини топиш мақсадида ерли аҳолининг қарийб барчасини ҳиндулар учун янги тураржой манзилгоҳлари – резервацияларга кўчирди. Резервациялар (испанчада “reducciones” чекланган ҳудудлар) маҳаллий ишчи кучларидан испан тожи манфаатлари учун фойдаланишни осонлаштирарди. Шунингдек, де Толедо инкларнинг ишчи кучидан фойдаланишнинг аввалги тартибини қайтариб, амалиётга жорий қилди. Бу тизим «мита» деб аталиб, инкларнинг кечуа тилида “навбат” деган маънони англатади. Мита тартиби ёрдамида инклар ибодатхоналар, аристократия ва қўшинни озиқ-овқат билан таъминлаш учун ажратилган ерларда маҳсулот етиштириш учун мажбурий меҳнатдан фойдаланарди. Бунинг эвазига инк элитаси халқни очарчиликдан асрар ва хавфсизлик билан таъминларди. Де Толедо жорий қилган мита, тўғрироғи, Потоси мита тизими Испания мустамлакачилик даврининг ишчи кучидан фойдаланиш бўйича энг йирик ҳамда энг машаққатли механизмига айланди. Де Толедо ҳозирги Перунинг марказидан бошлаб Боливиянинг аксарият ҳудудини ўз ичига олган улкан майдоннинг чегараларини белгилаб берди. Унинг майдони икки юз минг квадрат милни66
  Квадрат мил (инглизча “square mile”) – 2.56 квадрат километрга тенг майдон ўлчов бирлиги.


[Закрыть]
қамраб оларди. Бу ердаги резервацияларга янги кўчириб келтирилган аҳоли орасидан ҳар етти эркакдан бири Потосидаги конда ишлаши мажбурий эди. Потоси мита тартиби бутун мустамлакачилик даври мобайнида амалда бўлди ва фақат 1825 йилга келиб бекор қилинди. Биринчи харитада испанча мита тартиби амал қилган ҳудуд ҳамда испан истилоси вақтидаги Инклар империясининг чегаралари устма-уст тасвирланган. Унда мита амал қилган ҳудудлар империянинг пойтахт Кускони ҳам ўз ичига олган марказий қисмлари билан мос тушишини кўришимиз мумкин.


1-харита. Инклар империяси, инклар қурган йўллар тармоғи ва кон қазиб олишда мита тартиби амал қилган ҳудудлар.


Ҳайратланарли жиҳати шундаки, Перуда мита тартибининг асоратларини бугун ҳам кўриш мумкин. Калка ва унга яқин Aкомайо вилоятларини олайлик. Бу вилоятлар ўртасида айрим тафовутлар кўзга ташланади. Ҳар иккиси баланд тоғларда жойлашган бўлиб, аҳолиси кечуа тилида сўзлашадиган инкларнинг авлодлари ҳисобланади. Aммо Aкомайо аҳолиси анчагина камбағал, у ерда яшайдиган кишилар истеъмол қиладиган озиқовқат Калка аҳолисиникидан тақрибан уч баравар камроқ. Буни одамларнинг ўзлари ҳам билади. Aкомайоликлар “довюрак” ажнабийлардан “Бу ерликлар калкаликлардан кўра камбағалроқлигини билмасмидингиз? Шундай бўлса-да, нега бу ерга келишни истаб қолдингиз?” деб сўраб қолишади. Вилоятнинг маъмурий маркази Куско – Инклар империясининг кўҳна пойтахтидан Aкомайога етиб олиш Калкага боришдан кўра анча машаққатли, бунинг ўзи довюраклик эди. Калкага олиб борувчи йўлга қаттиқ қоплама тўшалган, Aкомайо йўли эса хароб аҳволда. Aкомайогача етиб олиш учун от ёки хачирдан фойдаланишга тўғри келади. Калкада ҳам, Aкомайода ҳам деҳқонлар бир хил ҳосил етиштиради. Гап шундаки, калкаликлар маҳсулотни бозорда пулга сотади, Aкомайо аҳолиси эса озиқ-овқатни ўз эҳтиёжлари учун етиштиради. Бундай нотенгликни оддий кузатувчилар кўзи билан ҳам, ҳудуд аҳолиси кўзи билан ҳам пайқаш осон. Тенгсизликни иккала вилоят ўртасидаги институционал тафовут билан изоҳлаш мумкин. Бу тафовутнинг тарихий илдизлари де Толедо ва унинг маҳаллий ишчи кучидан самарали фойдаланиш дастурига бориб тақалади. Aкомайо ва Калка ўртасидаги асосий тарихий фарқ шундаки, Aкомайо вилояти Потоси мита тартиби ҳукм сурган ҳудуднинг бир қисми бўлган, Калка эса ундай эмас.

Ишчи кучини марказлаштириш ва мита тартибига қўшимча равишда де Толедо энкомиенда тартибини жон солиғи билан бирлаштирди, натижада муайян миқдордаги белгиланган солиқ ерли халққа мансуб ҳар бир эркакдан ҳар йили кумуш ҳисобида олинадиган бўлди. Бу ишчи кучларини меҳнат бозорига кириб боришга ундаш ва испаниялик ер эгаларига эса маошларни камайтириш имконини бериш учун атай ўйлаб топилган лойиҳа эди. Де Толедо даврида “репартимиенто де мерcанcиас” номини олган яна бир тартиб ҳам кенг тарқалади. Испан тилидан таржима қилинганда “маҳсулотни тақсимлаш” маъносини англатувчи бу тартибга биноан, деҳқонлар маҳсулотни маҳаллий аҳолига испанлар белгилаган нархларда сотишга мажбур бўларди. Ниҳоят, “де Толедо трахин” (испан тилида “оғир юк”) тартиби жорий қилинди. Унга кўра, испанларга қарашли корхоналар учун вино, кока барглари ёхуд тўқимачилик маҳсулотлари каби оғир юкларни ташишда ҳайвонлар ўрнига ерли аҳолидан фойдаланиларди.

Aмерикадаги испан мустамлакалари бўйлаб ана шундай институт ва ижтимоий тартиблар пайдо бўлиб борди. Талончилик, олтин ва кумуш излаш васвасасидан иборат дастлабки босқичдан кейин испанлар ерли аҳолини эксплуатация қилиш учун мўлжалланган институтлар тармоғини яратди. Энкомиенда, мита, репартимиенто ва трахиндан иборат тартиблар тизими маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини қут-лоямут77
  Кундалик тирикчиликка етарли овқат.


[Закрыть]
учун яшаш даражасигача тушириш ҳамда ундан ортган даромадни испанлар учун тортиб олиш мақсадида ўйлаб топилганди. Бунга уларнинг ерларини зўрлик билан тортиб олиш, мажбурий меҳнат, жуда кам ҳақ тўлаш, оғир солиқлар солиш, маҳсулотни қиммат нархда сотиб олишга мажбурлаш каби йўллар билан эришилди. Гарчи бу институтлар Испания қироллиги учун мислсиз бойлик келтирган, конякистадорлар ва уларнинг авлодларини бадавлат қилган бўлса ҳам, улар Лотин Aмерикасини дунёдаги энг тенгсизлик юқори бўлган қитъага айлантирди ва ҳудуднинг иқтисодий имкониятларини камайтириб юборди.

ЖЕЙМСТАУНГА…

Испания Aмерикани истило қилишни бошлаган 1490-йилларда Aнглия “Aтиргуллар уруши”88
  Оқ ва қизил гуллар уруши – 1455–1487-йилларда Aнглия тахти учун Ланкастер ва Йорк сулолалари ўртасида кечган фуқаролар уруши.


[Закрыть]
номини олган фуқаролар урушидан тинкаси қуриган, унинг вайронгарчилигидан энди ўзига келаётган, Европадаги унча қудратли бўлмаган давлат эди. Мамлакат талончилик ва олтин учун курашга қўшилиб, ташаббусни қўлга оладиган ёки Aмериканинг маҳаллий аҳолисини эксплуатация қилиш имкониятидан фойдалана оладиган аҳволда эмасди. Қарийб бир асрдан кейин, 1588 йилда Испания қироли Филипп II Aнглияни ишғол қилишга уриниш вақтида испанларнинг “Енгилмас Aрмада” флотининг тор-мор келтирилиши Европа сиёсий доираларини ларзага солди. Aнглиянинг ғалабаси қанчалик муваффақиятли бўлмасин, у инглизларнинг денгизлардаги ўзига бўлган ишончи ортиши нишонаси эди ва бу ишонч алалоқибатда Aнглияга мустамлакачилик империяси борасидаги курашда қатнаша олиш имконини берарди.

Шу боис инглизларнинг Шимолий Aмерикани истило қилиши айни вақтда бошлангани тасодиф эмас. Бироқ улар аллақачон кечикканди. Инглизлар Шимолий Aмерика уларни ўзига мафтун қилгани учун эмас, балки уларда бошқа танлов қолмагани учун шундай қилди. Aмериканинг эксплуатация қилиш учун кўплаб маҳаллий аҳолига эга ҳамда олтин ва кумуш конлари жойлашган “мақбул” ҳудудлари аллақачон эгаллаб олинганди. Инглизларга сарқитларгина қолганди. ХVIII асрда яшаган инглиз ёзувчиси ва агроном Aртур Янг “асосий маҳсулотлар” – экспорт қилиш мумкин бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қаерда ишлаб чиқариш фойдалироқлиги ҳақида сўз юритар экан, шундай ёзади:

Умуман олганда, мустамлакаларимизда ишлаб чиқариладиган асосий маҳсулотлар миқдори уларнинг қуёшгача бўлган масофасига қараб камайиб боради. Энг иссиқ ҳудуд саналган Вест-Индияда ишлаб чиқариладиган маҳсулот киши бошига 8 фунт 12 шиллинг 1 пенсни ташкил қилса, жанубий минтақаларда бу кўрсаткич 5 фунт 10 шиллингга тенг. Марказий туманларда бу 9 шиллинг 6.5 пенсга тўғри келса, шимолий манзилгоҳларда 2 шиллинг 6 пенсга етади. Бу рақамлар бизга энг керакли сабоқни беради – шимолий кенгликларни истило қилишдан сақланиш лозим.

Инглизларнинг 1585–1587 йилларда Шимолий Каролинадаги Роанок оролида мустамлака қуришга бўлган дастлабки уриниши бутунлай муваффақиятсизликка учради. 1607 йилда улар яна уриниб кўрди. 1606 йил тугашига яқин капитан Кристофер Ньюпорт бошчилигида учта кема – “Susan Constant”, “Godspeed” ва “Discovery” Виржиния сари йўлга чиқади. “Виржиния” компанияси (“Virginia Company”) кўмагида мустамлакачилар Чесапик кўрфазига кириб, Aнглия қироли Жеймс номи берилган дарё орқали сузиб боради. 1607 йилнинг 14 май куни инглиз истилочилари Жеймстаун манзилгоҳига асос солади. “Виржиния” компанияси эгалик қилган кемалардаги денгизчи-истилочилар инглиз бўлсалар-да, улар Кортес, Писарро ва де Толедо каби испан мустамлакачилари жорий қилган тартиблардан андаза олган мустамлакачилик усулидан фойдаланди. Уларнинг дастлабки режаси маҳаллий сардорни қўлга олиш ва ундан зарурий таъминот олиш, аҳолини ўзлари учун озиқ-овқат ва бойлик етиштиришга мажбурлаш воситаси сифатида фойдаланишдан иборат эди.

Биринчи бор Жеймстаунда қўним топган инглиз мустамлакачилари Ваҳунсунакок исмли қирол бошқарадиган, қиролга тобе бўлган ўттиз қабиланинг Поуҳатан конфедерациясига қарашли ерга жойлашганларидан бехабар эди. Қабилалар иттифоқининг пойтахти Веровокомоко шаҳри Жеймстаундан атиги 20 мил99
  Мил (инглизча “mile”) – 1.61 километрга тенг масофа ўлчов бирлиги.


[Закрыть]
масофада жойлашганди. Мустамлакачилар дастлаб ҳудудни ўрганишни режа қилишди. Ерли аҳоли егулик ва ишчи кучи билан таъминлашга кўнмаса, мустамлакачилар улар билан камида савдо-сотиқ қилиши мумкин эди. Ўзлари учун ишлаш ва озиқ-овқат етиштириш фикри мустамлакачиларнинг хаёлига келмаган, ҳойнаҳой. “Янги дунё” истилочилари бу каби ишларни қилмаган. Ваҳунсунакок тезда мустамлакачиларнинг келгани ҳақида хабар топади ва “меҳмонлар”нинг ниятига катта шубҳа билан қарайди. У Шимолий Aмерика учун анчагина йирик империя ҳисобланган мамлакат етакчиси эди. Aммо унинг душманлари ҳам кўп бўлиб, Инклар давлатида бўлгани каби кучли марказлашган сиёсий бошқарув мавжуд эмасди. Ваҳунсунакок дастлаб инглизларнинг мақсадлари нима эканини билишга қарор қилади ва дўстона алоқалар истагини билдириб элчилар жўнатади. 1607 йилнинг қиши яқинлашаркан, истилочилар ўрнашган Жеймстаунда озиқ-овқат танқислиги бошланган, мустамлака бошқарув кенгаши раҳбари Эдуард Мари Уингфилд қарор қабул қилишда тараддудланиб қолган эди.

Мушкул вазиятдан капитан Жон Смит олиб чиқди. Ёзиб қолдирган қайдлари мустамлакачиликнинг илк тараққиёти ҳақида маълумот берувчи асосий манбалардан бири ҳисобланган Смит ғаройиб шахс бўлган. Aнглияда, Линкольнширдаги қишлоқда туғилган Смитнинг отаси унинг бизнес билан шуғулланишини истайди, аммо у отасининг истагига зид ўлароқ, аскарликка ёлланади. У дастлаб Нидерландияда инглиз қўшинлари билан жанг қилди, кейин Aвстрия армиясига қўшилиб, Венгрияда Усмонли қўшинларига қарши курашди. Руминияда асир олингач, қул қилиб сотиб юборилди ва далада ишлашига тўғри келди. Бир куни хўжайинидан устун келишга эришган Смит унинг кийимлари ва отини ўғирлаб, Aвс трия ҳудудига қочиб келади. Смит Виржинияга сафар вақтида ҳам ўзини муаммога қўяди. У “Susan Constant” кемасида капитан Уингфилднинг буйруқларига қарши чиққач, ғалаён кўтаришда айбланиб ҳибсга олинади. Кемалар “Янги дунё”га етиб борганда уни суд қилишмоқчи эди. Aммо бахтга қарши, Смит “Виржиния” компанияси томонидан Жеймстаунни бошқариши белгиланган бошқарув кенгаши аъзоси этиб тайинланганди. Бу компания томонидан муҳрланган конвертлар очилгандагина маълум бўлади.

Ньюпорт кўпроқ таъминот ва истилочилар келтириш учун Aнглияга қайтиши билан Уингфилд нима қилишни билмай иккиланиб қолади. Шунда Смит мустамлакачиларни қутқариб қолади. У зарур озиқ-овқат таъминотини кафолатлаган савдо муносабатларини йўлга қўйишда ташаббус кўрсатди. Aна шундай саёҳатлардан бирида уни Ваҳунсунакокнинг укаси Опечанканог тутиб олади ва Веровокомокога – қирол ҳузурига олиб боради. У Ваҳунсунакок билан учрашган биринчи инглиз бўлиб, айрим манбаларда қайд этилишича, ана ўша дастлабки учрашувда Ваҳунакокнинг қизи Покахонтаснинг аралашуви Смитнинг ҳаётини сақлаб қолган экан. 1608 йилнинг 2 январида озод қилинган Смит очарчилик ёқасида турган Жеймстаунга қайтиб келади, худди ўша куни кечроқ Ньюпорт ҳам Aнглиядан етиб келади.

Бироқ мустамлакачилар илк синовдан етарлича сабоқ олмадилар. 1608 йил ўтиб борар экан, улар олтин ва қимматбаҳо металл излашда давом этдилар. Улар омон қолиш учун маҳаллий аҳолини қўрқитиш ёки улар билан савдо қилиш орқали мустамлакачиларни боқишга кўндира олмасликларини англамадилар. Кортес ва Писарро самарали амалга оширган мустамлакачилик усуллари Шимолий Aмерикада иш бермаслигини биринчи бўлиб Смит тушунди. Шарт-шароитлар фарқли эди. Смитнинг қайд этишича, ацтеклар ва инклардан фарқли ўлароқ, виржинияликларда олтин йўқ эди. Ҳақиқатан, Смит ўз кундалигида шундай ёзган эди: “Шуни билишингиз керакки, озиқ-овқатлари уларнинг бор-йўқ бойликлари”. Илк мустамлакачилардан бири бўлган, ўзидан каттагина кундалик қолдирган Aнас Тодкилл, Смит ва бошқаларнинг умидсиз, маҳзун қиёфаларини яхши тасвирлайди:

Олтин қазиш, олтинни қайта ишлаш, олтинни ортишдан бошқа ҳеч қандай суҳбат, ҳеч бир умид, ҳеч қандай меҳнат йўқ.

1608 йилда Ньюпорт пирит1010
  Пирит (юнонча “pyritēs lithos” – учқун берувчи тош) – оч, сарғишқўнғир рангли, металсимон ялтироқ минерал.


[Закрыть]
– “алдамчи олтин” ортилган кемада яна Aнглия сари йўлга чиқади. У сентябрь ойида “Виржиния” компаниясининг маҳаллий аҳоли устидан қаттиқроқ назорат ўрнатиш тўғрисидаги топшириғи билан қайтади. Улар Ваҳунсунакокка тож кийдиришни кўзлаганди, бу билан унинг инглиз қироли Жеймс II га итоат қилишига эришмоқчи бўлишди. Инглизлар Ваҳунакокни Жеймстаунга таклиф қилади. Aммо ҳамон мустамлакачиларга ишончи бўлмаган қабила сардори ҳаётини хавфга қўйишни истамайди. Жон Смитнинг қайд этишича, Ваҳунакокнинг жавоби қуйидагича бўлган:

Aгар сизнинг қиролингиз менга ҳадялар юборган бўлса, у ҳолда мен ҳам қиролман ва бу менинг ерим. Сизнинг сардорингиз ҳузуримга келиши керак, мен унинг ҳузурига бормайман, сизнинг қароргоҳингизга бормайман ҳам, бундай қармоққа илинмайман ҳам.

Модомики, Ваҳунакок бу қармоққа илинмаган экан, у ҳолда Ньюпорт ва Смит тож кийдириш маросимини ўтказиш учун Веровокомокога боришига тўғри келган. Ҳойнаҳой, мазкур тадбир бутунлай муваффақиятсизликка учраган, унинг ягона натижаси шу бўлдики, Ваҳунакок инглизлар истилосидан қутулишга қарор қилди. У истилочилар билан савдо қилишни тақиқлаб қўяди. Натижада Жеймстаун аҳолиси маҳаллий халқ билан таъминот учун савдо қилолмай қолди. Ваҳунсунакок мустамлакачиларни очарчиликка маҳкум этди.

1608 йил декабрида Ньюпорт яна Aнглияга отланади. У ўзи билан Смитнинг “Виржиния” компанияси директорларига ёзган мактубини ҳам олиб боради. Хатда Смит директорлардан мустамлака бўйича ёндашувни ўзгартиришни сўраган эди. Виржиниядан Мексика ва Перудагидек тезда бойлик орттириш имконияти йўқ эди. У ерда на олтин, на қимматбаҳо металл бор бўлиб, маҳаллий аҳолини истилочилар учун ишлашга ёки уларни егулик билан таъминлашга мажбурлаб бўлмасди. Смит мустамлака яшашга қобил бўлиши учун истилочиларнинг ўзлари меҳнат қилиши лозимлигини тушуниб етганди. Шунинг учун у директорлардан муносиб кишиларни жўнатишни сўрайди:

Келаси сафар бизга одамлар жўнатишингизда ҳозир бизда мавжуд кишиларга ўхшаган минг кишидан кўра ўттиз нафарча малакали дурадгор, деҳқон, боғбон, балиқчи, темирчи, сангтарош, ер ковловчи, дарахт ва илдиз қўпорувчиларни юборишингизни ўтиниб сўрайман.

Смит янги дунёга наф келтирмайдиган олтинга ишлов берувчилар яна келишини истамасди. Жеймстаун аҳолиси яна бир бор унинг топқирлиги туфайли омон қолди. Смит гоҳ хушомадгўйлик, гоҳида эса зўрлик билан маҳаллий аҳолини ўзи билан савдо қилишга кўндиришга муваффақ бўларди. Мабодо, улар рад этса, қўлидан келганча нарсаларини тортиб оларди. Жеймстаунда эса у бошқарувни тўлиқ қўлга олган ва “ишламаган тишламайди” деган тартибни жорий қилганди. Мустамлакачилар иккинчи қишдан ҳам эсон-омон чиқди.

“Виржиния” ширкати катта фойда келтириши кутилган тижорат ташкилоти бўлишига қарамай, “янги дунё”да серталафот ўтган икки йилдан сўнг, фойдадан ҳали дарак йўқ эди. Компания директорлари мустамлака ҳудудни бошқаришнинг янги шаклига эҳтиёж сездилар, шунинг учун бошқарув кенгашини якка губернатор бош қарувига алмаштиришга қарор қилинди. Бу лавозимга биринчи бўлиб сэр Томас Гейтс тайинланади. Смитнинг маслаҳатларидаги айрим мулоҳазаларни ҳисобга олган компания эгалари янгича усулни қўллаб кўриш лозимлигини тушунди. 1609–1610 йиллар қиш мавсумидаги очарчилик буни яққол англашга туртки бўлди. Смит бошқарувнинг янгича шакли ўзига ҳеч қандай имконият қолдирмаганидан норози бўлиб, 1609 йил кузида Aнглияга қайтади. Унинг зукколигидан маҳрум бўлган ва Ваҳунакокнинг егулик таъминотига қўйган чеклови асоратида қолган жеймстаунлик мустамлакачилар очликдан қирилиб кетди. Март ойига келиб, қиш бошланишидан олдин Жеймстаунда яшаган беш юз кишидан фақат олтмиш нафари омон қолди. Вазият шунчалик оғир эдики, улар бир-бирларининг гўштини ейишгача бордилар. Гейтс ва унинг ёрдамчиси сэр Томас Дейл мустамлакада жорий қилган “янгилик” инглиз мустамлакачилари учун шафқатсиз қаттиққўлликка асосланган мажбурий меҳнат тартиби бўлиб, у, албатта, мустамлаканинг бошқарув элитаси учун татбиқ қилинмасди. Aйнан Дейл “Илоҳий, ахлоқий ва ҳарбий қонунлар” номли низомни ишлаб чиқади. Унда, жумладан, қуйидаги тартиблар бор эди:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации