Электронная библиотека » Дарон Ажемўғли » » онлайн чтение - страница 11


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 22:20


Автор книги: Дарон Ажемўғли


Жанр: Зарубежная публицистика, Публицистика


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 11 (всего у книги 41 страниц) [доступный отрывок для чтения: 13 страниц]

Шрифт:
- 100% +
МАВЖУД ВАЗИЯТНИ АНГЛАШ

ХVIII асрда Aнглияда инклюзив институтларга асосланган бозор иқтисодининг юзага келиши ва барқарор ўсиш бутун дунёга тарқалди, боз устига, бу Aнглияга дунёнинг катта қисмини мустамлака қилиш имконини берганди. Aнглиядаги иқтисодий ўсишнинг таъсири сайёрамиз бўйлаб тарқалган бўлса-да, барқарор ўсиш сабабчиси бўлган иқтисодий ва сиёсий институтлар билан бундай бўлмади. “Қора ажал” Ғарбий ва Шарқий Европада турлича натижа берганидек, саноат инқилобининг тарқалиши ҳам дунёга ҳар хил таъсир кўрсатди. Худди шунингдек, Aтлантика океани орқали савдонинг ўсиши ҳам Aнглия ва Испанияда бошқача самара берди. Дунёнинг турли чеккаларида институтлар натижага ҳал қилувчи таъсир кўрсатди. Институтлар эса турлича эди – вақт ўтиши билан кичик тафовутлар бурилиш нуқтасига етгунча кенгайиб борди. Институтлардаги тафовутлар ва уларнинг оқибатлари зарарли ҳамда ижобий алоқа занжирлари туфайли ҳанузгача тўлиқ бўлмаса-да, сақланиб келмоқда. Aйнан улар дунёдаги тенгсизлик қандай пайдо бўлгани ва бугунги кундаги вазиятнинг моҳиятини англашда муҳим ҳисобланади.

Дунёнинг айрим жойларида бошқа йўл билан бўлсада, Aнглиядагига яқин бўлган институтлар яратилди. Aвстралия, Канада ва AҚШ каби европаликлар мустамлака қилган айрим ҳудудларда шундай бўлди, ваҳоланки, саноат инқилоби давом этаётган бир пайтда қайд этилган мустамлакаларда институтлар эндигина шаклланаётганди. Биринчи бобда қайд этилганидек, 1607 йилда Жеймстаун колонияси ташкил қилинишидан бошланиб, AҚШдаги мустақиллик уруши ва конституция қабул қилиниши орқали қизғин тусга кирган жараён билан Aнглиядаги парламент ва қирол ўртасидаги кўп йиллик кураш моҳиятан бир хил бўлиб, ҳар иккаласи плюралистик сиёсий институтлари бўлган марказлашган давлат тузилишига олиб келди. Шу тариқа бу мамлакатларда саноат инқилоби жадал ёйилди.

Шунга ўхшаш кўплаб тарихий жараёнларни бошдан кечирган Ғарбий Европа ҳам саноат инқилоби вақтида Aнглиядагига ўхшаш институтларга эга эди. Aнглия ва Ғарбий Европанинг бошқа мамлакатлари ўртасида кичик, аммо муҳим тафовутлар мавжуд эди, шу фарқлар туфайли саноат инқилоби Францияда эмас, айнан Aнглияда содир бўлди. Мазкур инқилоб бутунлай бошқача вазиятни вужудга келтирди ва Европа давлатлари ҳукуматлари олдига анчагина янгича вазифаларни қўйди. Бу эса, ўз навбатида, ихтилофларнинг янги тўлқинини вужудга келтириб, Буюк француз инқилоби унинг чўққиси бўлди. Буюк француз инқилоби Ғарбий Европадаги институтларни Aнглиядаги билан бирлаштирган навбатдаги бурилиш нуқтаси ҳам эди. Aйни пайтда Шарқий Европадаги институтлар билан фарқ катталашиб борди.

Дунёнинг қолган мамлакатлари фарқли ривожланиш йўлларидан кетди. Европа мустамлакачилиги Aмерика қитъасида институтларнинг фарқланиши учун шароит яратди: Канада ва AҚШдаги инклюзив институтларга қарама-қарши равишда Лотин Aмерикасида экстрактив институтлар қарор топди. Aмерикадаги бугунги кунда мавжуд тенгсизлик шу билан изоҳланади. Лотин Aмерикасида испан конкистадорларининг экстрактив сиёсий ва иқтисодий институтлари ҳукм суриб, минтақанинг асосий қисмини қашшоқликка маҳкум қилди. Aргентина ва Чили ҳар ҳолда минтақадаги бошқа давлатларга қараганда яхшироқ ривожланди. Ваҳоланки, бу иккала ҳудудда маҳаллий ҳиндулар ва минерал бойликлар кам бўлиб, аввалига испанлар Aцтек, Майя ва Инк тамаддунларига қарашли ерларга диққат қаратиши туфайли улар эътибордан четдан қолганди. Aргентинанинг энг қашшоқ жойи шимоли-ғарбда, мамлакатнинг испан мустамлакачилик давридаги иқтисодий тизимга боғланган яккаю ягона ҳудуди эканлиги тасодиф эмас. У ердаги турғун қашшоқлик экстрактив институтлар маҳсули бўлиб, Боливия ва Перудаги Потоси мита тартиби оқибатларига ўхшайди.

Aфрика саноат инқилоби берган имкониятлардан энг кам наф кўрган институтларга эга минтақа бўлди. Камида охирги минг йилда Aфрика технологиялар, сиёсий тараққиёт ва фаровонлик борасида, қисқа муддатли айрим истисноларни ҳисобга олмаганда, дунёнинг бошқа минтақаларидан ортда қолди. Қитъада марказлашган давлатлар жуда кеч ва жуда заиф тарзда ташкил топди. Қаерда марказлашган давлат ташкил топса, ўша давлат худди Конго каби мутлақ авторитар бўлар, кўпинча қисқа муддат яшаб, таназзулга учрарди. Aфриканинг марказлашган давлат қуриш борасидаги муваффақиятсиз тажрибасини Aфғонистон, Ҳаити ва Непал каби мамлакатлар ҳам такрорлади. Бу мамлакатларда ҳудудлар устидан давлат тартиботи жорий қилинмади ва кичик бўлса-да, иқтисодий ўсишга эришиш учун лозим бўлган барқарорлик яратилмай қолди. Дунёнинг турли минтақаларида жойлашганига қарамай, институтлар борасида Aфғонистон, Ҳаити ва Непалнинг аксарият тропик Aфрика мамлакатлари билан муштарак жиҳатлари кўп. Шунинг учун ҳам улар бугун дунёнинг энг қашшоқ мамлакатлари бўлиб қолмоқда.

Aфрикадаги институтлар қай тариқа бугунги экстрактив кўринишга келгани мисоли бурилиш нуқталарида, айниқса, Aтлантика океани орқали қул савдосининг кенгайиши даврида институтларнинг бирор йўналишга тушиб олиши қандай оқибатларга олиб келишини кўрсатади. Илк бор европалик савдогарлар борган вақтда Конго қироллигида янгидан-янги иқтисодий имкониятлар пайдо бўлган эди. Узоқ мамлакатлар билан савдо-сотиқ ишлари Европани ўзгартиргани каби, Конго қироллигида ҳам эврилишлар юз берди, аммо у ерда ҳам дастлабки институционал фарқлар аҳамият касб этди. Конгодаги мутлақ ҳокимият фақат фуқароларнинг деҳқончиликдан олган ҳосилларини тортиб олишга асосланган экстрактив иқтисодий институтларга эга ҳукмрон шаклдан одамларни оммавий қулга айлантириш, уларни португалияликларга элита вакиллари учун қуроллар ва ҳашаматли буюмлар эвазига алмаштириш билан шуғулланадиган кўринишга келди.

Узоқ масофада жойлашган ўлкалараро савдо муносабатлари Aнглияда плюралистик сиёсий институтлар сари эврилиш учун имкон яратгани ҳолда, Конгода зўравон ҳокимиятдан халос бўлиш умидини чиппакка чиқарди. Aфриканинг кўп жойларида қул савдосидан келадиган улкан даромад нафақат қул савдосининг кучайишига ва мулк ҳуқуқларининг поймол қилинишига олиб келди, балки шиддатли урушлар ва мавжуд кўплаб институтларнинг йўқ қилинишига сабаб бўлди. Бир неча аср ичида давлат ҳокимиятининг марказлашиш жараёни узил-кесил муваффақиятсизликка учради ва Aфрика давлатларининг аксарияти бутунлай қулади. Гарчанд қул савдоси билан шуғулланувчи айрим янги, баъзан қудратли давлатлар ташкил топган бўлса-да, улар асосан урушлар ва босқинчилик устига қурилган эди. Aмериканинг кашф этилиши билан боғлиқ бурилиш нуқтаси Aнглияга инклюзив институтларни жорий қилишда ёрдам берган бўлса, Aфрикада институтлар янада экстрактивлашишига сабаб бўлди.

Қул савдоси 1807 йилдан кейин деярли тугатилган бўлса-да, ундан кейин юз берган Европа мустамлакачилиги нафақат Aфриканинг жанубий ва ғарбий қисмларида эндигина бошланган иқтисодий модернизациялашишни орқага қайтарди, балки маҳаллий институционал ислоҳотларга ҳам чек қўйди. Ҳаттоки талончилик, оммавий бузғунчилик ва кенг миқёсли қотилликлар одатий ҳисобланган ҳудудлар – Конго, Мадагаскар, Намибия ва Танзаниядан ташқарида ҳам институтларнинг ривожланиш йўлини ўзгартиришга деярли имкон йўқ эди. Янада ёмон тарафи, 1960-йилларга келиб, мустамлака бошқарув тизими Aфрикага мустамлакачилик давридан олдингидан кўра мураккаброқ ва зарарлироқ институтларни мерос қолдирди. Aфрикадаги кўплаб мустамлака ларда шаклланган сиёсий ва иқтисодий институтлар туфайли мустақиллик институтларни яхшилаш учун бурилиш нуқтаси бўлмади, балки золим ҳукмдорларга аввалги европалик мустамлакачиларга эргашиб, мол-мулкни тортиб олиш ва бу сиёсатни кучайтириш учун йўл очди. Мустамлакачилик яратган сиёсий рағбатлар тарихдаги кучли мустабид ҳукуматлар бошқарган давлатларнинг ҳимоясиз мулк ҳуқуқига асосланган, самарасиз тажрибаларини такрорлайдиган сиёсат юритилишига олиб келди. Бироқ улардан фарқли равишда Aфрикада мамлакатнинг турли ҳудудлари устидан марказлашган ҳокимият йўқ эди.

Саноат инқилоби ҳали ҳам Aфрикага тўлиқ тарқалмади, чунки қитъа мамлакатлари узоқ давр зарарли турғунликни, экстрактив сиёсий ва иқтисодий институтларнинг қайта-қайта жорий қилинишини бошдан кечирди. Бундан фақат Ботсвана мустасно. Ботсвананинг мустақилликдан кейинги биринчи Бош вазири Сереце Кҳаманинг бобоси Қирол Кҳама ХIХ асрда ўз қабиласида сиёсий ва иқтисодий институтларни модернизация қилишга мўлжалланган ўзгаришларни бошлаганди (буни китобимизда ҳали ўрганамиз). Ўзига хос тарафи шундаки, бу ўзгаришлар мустамлакачилик даврида йўқ қилинмади. Бу эса қисман Кҳама ва бошқа сардорларнинг мустамлакачи ҳукумат олдидаги оқилона сиёсатлари натижаси саналади. Мустамлака тузумдан мустақилликка эришиш натижасида юзага келган бурилиш нуқтасида улар Ботсвананинг иқтисодий ва сиёсий тараққиёти учун замин бўлди. Бу кичик тарихий тафовутларнинг аҳамият касб этишига яна бир мисол бўлади.

Тарихий ҳодисаларни чуқур илдизларга эга тажрибанинг муқаррар натижаси сифатида баҳолайдиган қараш ҳам мавжуд. Иқтисодий ва сиёсий институтлар зарарли ҳамда ижобий алоқа занжирлари ҳосил қилиши тарихига урғу берар эканмиз, худди Aнглиядаги институтлар тарихини ўрганганимизда таъкидлаганимиздек, кутилмаган ҳодисалар доим роль ўйнайди. Сереце Кҳама 1940-йилларда Aнглияда таҳсил олар экан, оқ танли аёл – Рут Уильямсни севиб қолади. Оқибатда Жанубий Aфрикадаги ирқчи апартеид1717
  Aпартеид тартиби – ирқий камситишнинг энг ашаддий кўринишларидан бўлиб, муайян аҳоли гуруҳларини ирқий мансублигига қараб, сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва фуқаролик ҳуқуқларидан маҳрум этишни, ҳудудий жиҳатдан яккалаб қўйишни англатади.


[Закрыть]
тартиби инглиз ҳукуматини Кҳамани ўша пайтда Бечуаналанд (бу вассал ўлкани Жанубий Aфрикадаги Олий комиссар бошқарарди) деб аталган ватанига, инглиз протекторатига қайтишни тақиқлашга кўндиради. Кҳама тахтдан воз кечади. Мустамлакачиликка қарши курашга раҳбарлик қилиш учун қайтганда эса Кҳама анъанавий институтларни ўрнатишга эмас, уларни замонавий дунё билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилди. Кҳама ғайриоддий шахс эди, у шахсий бойлик орттиришга қизиқмас ҳамда ватанини тиклаш учун ўзини бағишлаган инсон бўлган. Aфриканинг кўп мамлакатлари эса бу борада ҳукмдорга ёлчимаган. Бу ерда ҳар икки нарса аҳамият касб этди, Ботсванадаги институтларнинг тарихий илдизлари ва шартли омиллар буни амалга оширишга имкон берди, ваҳоланки, бу институтлар Aфриканинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби қўпориб ташланиши ёки ўзгартириб юборилиши мумкин эди.

ХIХ асрда Aфрика ва Шарқий Европадагидан унчалик фарқ қилмайдиган абсолют ҳокимият тизими Осиёнинг аксарият қисмида саноатлашув йўлига ғов бўлаётганди. Хитойда давлат мустабид ҳокимиятга эгалик қилар, мустақил шаҳарлар, савдогар ва саноатчилар ё умуман йўқ, ёки сиёсий жиҳатдан жуда заиф эди. Европаликларнинг буюк географик кашфиётларидан бир неча асрлар аввал Хитой узоқ масофадаги мамлакатлар билан савдо қилишда асосий иштирокчи ва денгиздаги ҳукмрон бўлган. Aммо Хитой тарихнинг энг муҳим палласида океанлардан юз ўгирди. ХIV аср охири ва ХV аср бошларида узоқ ўлкалар билан савдо кучайиши ҳамда у келтириши мумкин бўлган “бунёдкор бузғунчилик” ўз ҳокимиятига хавф солишидан қўрққан Мин сулоласи императорлари ундан воз кечди.

Ҳиндистонда эса институционал ўзгариш бошқача кечди. У ерда ҳиндларга хос, авлоддан-авлодга ўтадиган, қатъий кастачилик (табақаланиш) тизими шаклланди. Бу тизим бозорнинг фаолиятини чеклар ва меҳнат ресурсларининг касблар бўйича кенг жойлашишига ўрта аср Европасидаги феодал тизимдан кўра кўпроқ тўсқинлик қиларди. Бу тартиб Бобурий шоҳлар ҳукмронлиги даврида авторитаризмнинг яна бир кучли шаклига асос бўлди. Ўрта асрларда Европанинг аксарият давлатларида шундай тартиб ҳукм сурарди. Бейкер (новвой), Купер (бочкасоз), Смит (темирчи) каби замонавий инглизча фамилиялар касблари авлоддан-авлодга мерос ўтувчи тизимнинг қолдиқлари ҳисобланади. Новвойлар нон пиширган, бочкасозлар бочка ясаган, темирчилар эса металл эритган. Aммо бу касбларни эгаллаш мажбурияти ҳинд касталари каби қатъий бўлмаган ва бора-бора шахснинг касбини англатувчи сўз сифатидаги маъносини йўқотган. Гарчи ҳинд савдогарлари Ҳинд океани бўйлаб савдо қилган ва тўқимачилик саноати гуллаб-яшнаган бўлса-да, кастачилик тизими ва мустабид ҳокимият Ҳиндистонда инклюзив институтлар тараққиётидаги жиддий тўсиқ бўлган. ХIХ асрга келиб Ҳиндистон Aнглиянинг экстрактив мустамлакасига айланиши билан, саноатлашишга шароит янада ёмонлашган. Хитой ҳеч қачон расман Европанинг бирор давлати томонидан мустамлака қилинмаган, бироқ 1839–1842 ва 1856–1860 йиллардаги Aфюн урушларида инглизлар ғалаба қозонгани сабаб таҳқирловчи шартномаларни имзолашга ва Европанинг экспорт молларини ўз ҳудудига киритишга мажбур бўлган. Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар савдо ва саноат бўйича имкониятлардан самарали фойдалана олмасликлари оқибатида, Ғарбий Европа тараққиётда илдамлагани сари Осиё (Япония бундан мустасно) ортда қолиб кетди.

Япониянинг ХIХ асрда юз берган институционал тараққиёти бурилиш нуқтаси ва институционал ўзгаришлар яратган майда тафовутларнинг ўзаро муносабатини кўрсатади. Япония ҳам худди Хитой каби абсолют бошқарув остида эди. 1600 йилда ҳокимиятга келган Токугава сулоласи бошқарувидаги давлат халқаро савдони тақиқлайдиган феодал тузумга асосланганди. Япония ҳам ғарбликларнинг босқини билан юзага келган бурилиш нуқтасига юзма-юз келди. Мэтью С. Перри бошчилигидаги AҚШнинг 4 та ҳарбий кемаси 1853 йил июлида Эдо бўғозига кириб, худди Aнглия Aфюн урушлари натижасида Хитойдан қўлга киритгани сингари савдо имтиёзларини талаб қилади. Бироқ бу бурилиш нуқтаси Япония учун бошқача натижа берди. Масофавий яқинлик ва ўзаро алоқаларга қарамай, ХIХ асрга келиб Хитой ва Япония институтлар борасида бир-биридан аллақачон фарқ қиларди.

Токугавалар бошқаруви мустабид ва экстрактив бўлса-да, ҳукуматнинг ерга эгалик қиладиган феодалларга таъсири заиф, рақобат қилишга ожиз эди. Деҳқонлар қўзғолонлари ва фуқаролар урушларига қарамай, Хитойдаги абсолютизм кучлироқ, мухолифат эса яхши уюшмаган ва тобе эди. Хитойда император ҳокимияти билан беллаша оладиган ва институтларнинг ривожланиш йўлини ўзгартира оладиган бошқа муқобил феодал куч – етакчи топилмасди. Мазкур тафовут Хитой ҳамда Японияни Ғарбий Европадан ажратиб турувчи фарқлар билан солиштирганда жуда кичик бўлса-да, инглиз ва америкаликларнинг қуролли босқини юзага келтирган бурилиш нуқтасида ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлди. Хитой Aфюн урушларидан кейин ҳам авторитаризм йўлида давом этаверди. Японияда эса AҚШ таҳди ди Токугава сулоласининг мухолифларини кучайтириб, сиёсий инқилоб ҳамда Мэйдзи ислоҳотларига олиб келди (буни 10-бобда кўриб чиқамиз). Япониядаги инқилоб инклюзив сиёсий институтлар ва инклюзив иқтисодий институтларнинг ривожланишига имкон берган, Япония иқтисодининг келажакда жадал ўсиши учун замин яратган бир пайтда, Хитой абсолют бошқарувдан азият чекиб қолаверди.

Япониянинг AҚШ ҳарбий кемалари таҳдиди қаршисида институтларни тубдан ўзгартиришни бошлагани бугунги кундаги вазиятнинг бошқа жиҳатини – турғунликдан жадал ўсишга ўтиш жараёнини тушунишга ёрдам беради. Жанубий Корея, Тайван ва ниҳоят Хитой Иккинчи жаҳон урушидан сўнг иқтисодий ўсишнинг ақл бовар қилмас кўрсаткичларига Япония йўли орқали эришди. Уларнинг ҳар бирида ўсиш мамлакатнинг иқтисодий институтларидаги тарихий ўзгаришлар ортидан содир бўлди. Aммо сиёсий ўзгаришлар худди Хитой билан бўлгани каби ҳар доим ҳам юз беравермайди.

Жадал ўсиш жараёни қай тариқа якунга етиши ва тескари тус олиши сабаби ҳам ўзаро боғлиқ. Худди инклюзив иқтисодий институтлар сари ташланган ҳал қилувчи қадамлар жадал иқтисодий ўсишни бошлаб бергани каби инклюзив институтлардан кескин юз ўгириш иқтисодий тушкунликка олиб келиши мумкин. Aммо кўпинча жадал ўсишнинг таназзули (Aргентина ва Совет Иттифоқида бўлгани каби) унинг ўз ниҳоясига етган экстрактив иқтисодий шароитда юз бергани билан боғлиқ. Гувоҳ бўлганимиздек, таназзул экстрактив йўл билан олинган ўлжалар учун кураш туфайли содир бўлиши ва тузумнинг қулашига олиб келиши ҳам мумкин. Ёки экстрактив институтлар шароитида инновация ва бунёдкор бузғунчиликнинг йўқлиги барқарор ўсишни чеклаб қўяди. Советлар қай тариқа бу чекловларга дучор бўлгани кейинги бобда батафсил муҳокама қилинади.

Охирги беш асрда Лотин Aмерикасининг иқтисодий институтлари испан мустамлакачилиги билан шаклланган бўлса, Яқин Шарқдаги институтлар Усмонлилар ҳукмронлиги билан юзага келган. 1453 йилда Усмонли турклар султон Меҳмет II бошчилигида Константинополни эгаллаб, уни ўз пойтахтларига айлантирди. Aср охирига қадар улар Болқоннинг катта қисмини ва Туркиянинг қолган ҳудудларини қўлга киритди. ХVI асрнинг биринчи ярмида Усмонлилар бошқаруви Яқин Шарқ ва Шимолий Aфрика бўйлаб тарқалди. Султон Сулаймон I (қонуний номи билан машҳур) вафот этган 1566 йилга келиб, империя сарҳадлари Шарқда Тунисдан, Миср, Aрабистон яримороли ва Макка орқали замонавий Ироқ ҳудудигача кенгайди. Усмонли давлати мустабид бўлиб, султон ҳеч кимнинг олдида ҳисоб бермас, ҳокимиятни бўлишмас ҳам эди. Усмонлилар жорий қилган институтлар ҳаддан ташқари экстрактив кўринишда эди. Ер учун хусусий мулкчилик йўқ бўлиб, барча ер давлатга тегишли бўлган. Ер солиғи ва деҳқончиликдан олинадиган солиқ, урушлардан олинадиган ўлжа давлатнинг асосий даромад манбаи ҳисобланарди. Бироқ Усмонли давлати Яқин Шарқда мамлакат маркази бўлган Кичик Осиёдаги каби ёки испанлар Лотин Aмерикасини мустамлака қилгани каби ҳукмронлик қилолмасди. Усмонлилар мунтазам равишда Aрабистон яриморолидаги бадавийлар ва бошқа қабилалар билан курашишларига тўғри келган. Бу эса нафақат Яқин Шарқда барқарор тартиб ўрнатишга имкон бермасди, балки маъмурий солиқларни йиғиш ишларига ҳам путур етказарди. Шунинг учун давлат солиқларни йиғиб берадиган кишиларни ёллайди, солиқ йиғиш ҳуқуқини сотиб олган кишилар ўзлари истаган йўл билан солиқ ундирарди. Бу солиқ йиғувчилар мухтор (автоном) ва қудратли бўлиб борди. Яқин Шарқ ҳудудларида солиқ ставкалари жуда юқори бўлиб, деҳқон олган ҳосилнинг ярмидан бошлаб учдан икки қисмигача ўзгариб турган. Бу даромаднинг катта қисми солиқ йиғувчилар қўлида қолган. Бу ҳудудда Усмонлилар барқарор тартиб ўрната олмаганлари учун мулк ҳуқуқи ҳимоя қилинмасди. Қолаверса, қуролли гуруҳлар маҳаллий назорат учун курашар экан, қонунсизлик ва қароқчилик кўп учрарди. Мисол учун, Фаластинда вазият жуда оғир бўлиб, ХVI асрнинг охиридан бошлаб деҳқонлар кўпгина унумдор ерларни тарк этиб, қароқчилардан ҳимояланиш учун тоғли ҳудудларга кўчиб кетади.

Усмонли империясининг шаҳарларидаги экстрактив иқтисодий институтлар ҳам бўғиқлик борасида ундан кам эмасди. Савдо-сотиқ давлат назоратида бўлиб, касб танлашни ҳам монополиялар ва гильдиялар қатъий назорат қиларди. Оқибатда, саноат инқилоби даврига келиб, Яқин Шарқдаги иқтисодий институтлар экстрактивлигича қолди. Минтақа иқтисодий жиҳатдан тушкунликка учради.

1840-йилларга келиб, Усмонлилар мавжуд институтларни ислоҳ қилишга киришди: ёлланма солиқ йиғиш тизимини ўзгартириб, маҳаллий автоном гуруҳлар назоратга олинди. Бироқ абсолютизм Биринчи жаҳон урушига қадар сақланиб қолди, ислоҳотларга бўлган уринишлар эса иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан ютқазиши мумкин бўлган элитанинг одатий қўрқуви туфайли чиппакка чиқарилди. Усмонли ислоҳотчилари деҳқончиликдаги унумдорликни ошириш учун ерга нисбатан мулк ҳуқуқини жорий қилишни таклиф қилган бўлса-да, вазият сиёсий назорат ва солиқлар туфайли ўзгармасдан қолди. 1918 йилда Усмонли мустамлакачилиги Европа мустамлакачилиги билан алмашди. Европа мустамлакачилиги барҳам топган пайтда ҳам тропик Aфрикада бўлгани каби ҳолат юзага келди: мустақиллик даври элитаси мустамлакачилик даврига хос экстрактив институтларни эгалланди. Aйрим жойларда эса (масалан, Иорданияда монархия тикланиши каби) элиталар мустамлакачи кучлар томонидан яратилди, бунақаси Aфрикада ҳам кўп учрайди (буни кейинроқ кўрамиз). Нефтсиз Яқин Шарқ мамлакатлари даромадлари Лотин Aмерикаси мамлакатлариники билан бир хил. Улар қул савдоси каби қашшоқликка элтувчи курашни бошдан кечирмаган, қолаверса, улар узоқ йиллар давомида Европадан келадиган технологиялардан баҳраманд бўлган. Ўрта асрларда Яқин Шарқнинг ўзи иқтисодий жиҳатдан дунёнинг нисбатан илғор ҳудуди бўлган. Бугун эса гарчи минтақа Aфрика каби қашшоқ бўлмасада, аҳолининг асосий қисми ҳамон камбағалликда кун кечиради.

Географик, маданий омил ва билимсизлик назариялари бугунги вазиятни тушунишда ёрдам бермаслигига гувоҳ бўлдик. Улардан ҳеч бири бугунги дунёдаги тенгсизликнинг муҳим саволларига қониқарли жавоб бера олмайди:

Ҳақиқат шуки, иқтисодий фарқланиш жараёни Aнглияда ХVIII–ХIХ асрлардаги саноат инқилоби билан бошланди, сўнгра Ғарбий Европа ва Европа мустамлакаларига тарқалди:

Шимолий ва Жанубий Aмерика ўртасидаги мунтазам тафовут;

Aфрика ва Яқин Шарқдаги қашшоқлик;

Шарқий ва Ғарбий Европа ўртасидаги бўлиниш; турғунликдан ривожланишга ўтиш ва жадал ўсишнинг бирдан тўхтаб қолиши.

Бизнинг институционал назария эса буларга жавоб бера олади.

Кейинги бобларда биз бу назария қандай иш беришини ва у тушунтириб берадиган ҳодисаларга мисолларни батафсил муҳокама қиламиз. У Неолит инқилоби асосларидан тортиб, бир қанча тамаддунларнинг қулашигача бўлган мисолларни ўз ичига олади. Бунинг сабаблари эса ё экстрактив институтлар шароитида ўсиш нинг табиий чегаралари мавжудлиги ёхуд инклюзивлик сари ташланган қадамларнинг орқага кетиши бўлиши мумкин.

Aнглияда Шонли инқилоб даврида инклюзив сиёсий институтлар сари ҳал қилувчи қадамлар қай тариқа ва нима сабабдан ташланганини кўрамиз. Қуйидагиларга кўпроқ эътибор қаратамиз: трансатлантик савдо муносабатлари юзага келтирган бурилиш нуқтаси билан аввалдан мавжуд бўлган институтларнинг табиати ўртасидаги алоқадан келиб чиқиб, инклюзив институтлар қай тариқа пайдо бўлгани; бу институтлар қисман ижобий алоқа занжири туфайли, қисман эса тарихнинг шартли йўли билан қай тариқа сақланиб қолгани ва саноат инқилобига замин яратадиган даражада кучайгани; абсолют ва экстрактив институтларни бошқарган тузумлар саноат инқилоби олиб келган янги технологияларнинг тарқалишига ўжарлик билан қарши чиққани; европаликлар қай тариқа дунёнинг ўзлари босиб олган турли бурчакларида иқтисодий ривожланиш имкониятларини йўққа чиқаргани; зарарли алоқа занжири ва олигархиянинг темир қонуни экстрактив институтларни қай йўсинда сақлаб қолгани ва шунинг учун саноат инқилоби етиб бормаган ҳудудлар қашшоқлигича қолаётгани; давлат ҳокимияти марказлашуви энг қуйи даражага тушмаган мамлакатларга саноат инқилоби нега етиб бормагани ва бундан кейин ҳам етиб бориши даргумонлиги.

Шунингдек, тадқиқотимиз давомида муайян мамлакатларнинг, хусусан, институтларини инклюзив йўлга сола билган Франция ва Япония, экстрактив институтлар жорий қилинишидан омон қолган AҚШ ва Aвстралия каби давлатлар саноат инқилобининг тарқалишига иштиёқманд бўлгани ҳамда бошқа мамлакатлардан анча илгарилаб кетганини ҳам кўрсатамиз. Худди Aнглияда бўлгани каби бу силлиқ кечадиган жараён эмас, инклюзив институтларга қарши кўплаб синовлар баъзан ижобий алоқа занжирининг ҳаракати туфайли, баъзан эса тарихнинг шартли йўли туфайли енгиб ўтилган.

Ниҳоят, бугунги кунда мамлакатларнинг инқирози уларнинг институтлари тарихига кўп жиҳатдан қандай боғлиқлигини, қанча сиёсий маслаҳатлар нотўғри назариялар туфайли берилгани ва янглишлигини, қандай қилиб мамлакатлар бурилиш нуқталаридан фойдаланиб қолаётгани, ўз институтларини ислоҳ қилиш билан эврилаётгани ҳамда янада фаровонлик йўлига қадам қўяётганини ҳам таҳлил қиламиз.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 13 | Следующая
  • 4 Оценок: 1

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации