Электронная библиотека » Эрнст Гофман » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 02:00


Автор книги: Эрнст Гофман


Жанр: Книги для детей: прочее, Детские книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 12 страниц) [доступный отрывок для чтения: 3 страниц]

Шрифт:
- 100% +
УЧИНЧИ ВИГИЛИЯ
Архивариус Линдгорст оиласи тўғрисида хабар. – Верониканинг мовий кўзлари. – Рўйхатчи Геербанд

– Руҳ сувга тикиларди ва, мана, у чайқалиб ва кўпик тўлқинлари билан кўтарилиб, очкўзлик ила ютиб юбориш учун кенг қора комини очган дарё тубига отилди. Гранит қоялар тантана қилаётган ғолиблардек, тишли тожлар безаган бошларини кўтариб, водийни қуёш ўз она бағрига олгунча ва ардоқлагунча, нурларининг оловли қучоғида иситгунча уни ҳимоя қилиш учун сафларини зичлаштирди. Шунда саҳро қумлари остида мудраётган минглаб пуштлар чуқур уйқудан уйғониб, оналарининг ёрқин чеҳраси сари кўм-кўк бандлари ва япроқчалари билан интилди, нафис гулчалар оналари томонидан уйғотилиб, у томонидан минглаб бўёқлар билан безаган нурли либосларга буркангунларича, ўз косачаларида яшил бешикларида кулаётган чақалоқлардек осуда ухлашарди. Аммо водий ўртасида қора дўнглик бўлиб, у оташ иштиёқдаги одам кўкрагидек кўтарилиб тушарди. Ер қаъридан буғ отилиб чиқар, буралиб улкан булутга айланганча, душманлик билан она чеҳрасини тўсишга уринарди; ва она бўронли қуюн ҳосил қилиб, булутни янчган ҳолда ёриб ўтди ва ўшанда мусаффо нур яна қора дўнгликка урилганда, тепалик шоду хуррамлик бағрига сиғмай оловли лилияни2727
  Лилия – лолагуллиларга мансуб нафис гул.


[Закрыть]
қаъридан чиқарди, у онасининг тотли бўсасидан баҳраманд бўлиш учун баргларини гўзал лаблардек очди. Шунда водийда ёрқин ёғду пайдо бўлди: бу бўз йигит Фосфор эди; оловли лилия уни кўрди ва қайноқ, ситамли муҳаббатга чулғаниб, илтижо қиларди: «Оҳ, кўркам бўз йигит, абадий меники бўлгин, чунки сени севаман ва агар мени ташлаб кетсанг, ҳалок бўлишим керак!» Ва бўз йигит Фосфор деди: «Оҳ, гўзал лилия, сеники бўлишни хоҳлайман; бироқ бу ҳолда бераҳм фарзанддек отанг ва онангни ташлаб кетишинг, ўз дугоналарингни унутишинг зарур, ўшанда бу ерда ҳозир сен билан бирга хурсанд бўлаётган ҳаммага қараганда юксакроқ ва қудратлироқ бўлишни истаб қоласан. Ҳозир бутун вужудингни роҳатбахш иситаётган муҳаббат соғинчи минглаб нурларга парчаланиб, сени тилка-пора қилади, чунки туйғу туйғуни уйғотади ва мен томонидан отилган учқун ёндирган энг олий ҳузур ноумид қайғуга айланади, бу ғусса бошқа қиёфада қайтадан туғилишинг учун сени ҳалок қилади. Ушбу учқун – фикрдир!»

– Оҳ, – ёлворарди лилия, – аммо ҳозир мени ёндираётган алангада сеники бўла олмайманми? Ахир сени ҳозиргидан ортиқроқ сева оламанми ва мени йўқ қилганингда, сенга ҳозиргидек қарай оламанми?» Шунда бўз йигит Фосфор лилияни ўпди ва ва лилия ловуллаб ёниб кетди ва ундан янги мавжудот ҳосил бўлиб, у водийдан тез учиб кетди ва аввалги дугоналари, ва севимли бўз йигити тўғрисида ғам чекмай, сарҳадсиз кенгликлар бўйлаб ела бошлади. Бўз йигит эса айрилган дугонасига аза тута бошлади, чунки уни ҳам танҳо водийга лобар лилияга чексиз муҳаббат бошлаб келганди ва гранит қоялар бўз йигитнинг мотамига шерик бўлиб бош эгди. Лекин қоялардан бири ўз қаърини очди ва у ердан шовқин билан қора қанотли аждар учиб чиқиб, деди: «Менинг биродар металларим ичкарида ухлашмоқда, бироқ ўзим ҳамиша қувноқ ва бардамман ва сенга ёрдам бермоқчиман». Аждар юқорида ва пастда елиб изғиркан, ниҳоят, лилиядан ҳосил бўлган мавжудотни тутиб олди, уни дўнгликка олиб келиб, қанотлари билан қучди; ўшанда яна лилия бўлиб қолди, бироқ уни ўжар фикр ўртарди, ва бўз йигит Фосфорга ишқи мусибатга айланди, бундан аввал нигоҳларини қувонтирган гулчаларни заҳарли парлар қуршаб ўнгтирди ва сўлдирди. Бўз йигит Фосфор минглаб ранго-ранг нурлар рақс тушаётган ялтироқ яроғлар билан қуролланди ва аждар билан жангга киришди; аждар қора қанотларини совутига уришидан қаттиқ жаранг янграётганди; бу қудратли бонгдан гулчаларга яна жон кирди ва улар ниҳоят, силласи қуриган аждар атрофида чипор қушчалардек қанот қоқишарди ва енгилган аждар ер қаърида яширинди. Лилия халос этилганди, бўз йигит уни самовий муҳаббатнинг оловли иштиёқи билан қучди ва барча гуллар, қушлар ва ҳатто баланд гранит қоялар тантанали мадҳ билан лилияни водийнинг шоҳбонуси деб эълон қилишди.

– Аммо, ижозатингиз билан, муҳтарам жаноб архивариус, буларнинг ҳаммаси борган-тургани шарқона мутаккабирлик, – деди рўйхатчи Геербанд, – биз эса сиздан, баъзан одатланганимиздек, олий даражадаги беназир ҳаётингиз, олам кезишларингиздаги бирор саргузашт ҳақида ҳикоя қилиб беришингизни, тағин бу ишонарли бўлишини сўраган эдик.

– Хўш, нима бўпти? – эътироз билдирди архивариус Линдгорст. – Ҳозир сизга гапириб берганларим эътиборингизга ҳавола этмоқчи бўлганларимнинг энг ишонарлиси, марҳаматли инсон-лар ва маълум даражада ўз ҳаётимга тааллуқлидир. Зеро, ўзим ўша водийданман, ва пировардида шоҳбону бўлган оловли лилия бувимнинг бувисининг бувисининг бувиси, шундай қилиб, аслини олганда мен – шаҳзодаман.

Ҳамма қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди.

– Ҳа, кулаверинг, – давом этди архивариус Линдгорст, – сизга озгина учини чиқарганим маънисиз ва телбанамо бўлиб кўриниши мумкин, шунга қарамасдан буларнинг ҳаммаси тутуриқсиз нарсалар ва ҳатто қочирим эмас, балки айни ҳақиқат. Бироқ агар дунёга келишимга сабаб бўлган мўъжизавор севги тарихи сизга у қадар ёқмаслигини билганимда, сизларга укам кечаги ташрифи пайтида мени хабардор қилган баъзи бир янгиликларни айтиб берган бўлардим, албатта.

– Йўғ-е, жаноб архивариус, укангиз борми? У қаерда? Қаерда яшайди? У ҳам қироллик хизматидами ёки, эҳтимол, олимми? – ҳар тарафдан саволлар ёғилиб кетди.

– Йўқ, – жавоб қайтарарди совуққина қилиб ва вазмин архивариус тамакини ҳидлар экан, – у ёмон йўлга кириб кетди ва аждарга айланди.

– Марҳамат қилиб нима дедингиз, муҳтарам архивариус, – илиб кетди рўйхатчи Геербанд, – аждарга айланди?

– Ҳа, аждарга айланди, – давом этди архивариус Линдгорст, – буни у, очиғини айганда, тушкунликка тушганидан қилди. Сизга маълумки, жаноблар, отам яқинда – атиги уч юз саксон беш йил илгари вафот этган, шунинг учун ҳали ҳам аза тутяпман: у менга, ўзининг суюкли фарзандига, укам жуда эга бўлгиси келган зийнатли ақиқни васият қилиб қолдирган. Укам билан бу ҳақда отам тобути олдида беадабларча баҳслашиб қолдик, шу сабаб ниҳоят тоқати-тоқ бўлиб кетган мурда тобутдан сакраб чиқди ва баджаҳл укамни ҳайдаб солди, бундан ғазаби жўшган укам шу заҳотиёқ аждар бўлиш учун йўлга тушди. Эндиликда у Тунис яқинидаги сарв ўрмонида яшайди, бу ерда у машҳур, ақл бовар қилмайдиган лаълни Лапландиядаги даладанҳовлисида истиқомат қиладиган бир некромант2828
  Некромант – Ўрта асрларда вафот этганлар арвоҳларини чақирадиган афсунгар.


[Закрыть]
қўриқлайди ва укам фақатгина некромант боғдаги жўякларда саламандрлари2929
  Саламандрлар – Ўрта асрлардаги халқ ривоятларида олов руҳи.


[Закрыть]
билан машғул бўлган қандайдир чорак соатга бирор жойга чиқа олади ва у мени Нил маншаида қандай янгиликлар борлигидан хабардор қилиш учун шошилади.

Бу ерда ҳозир бўлганлар яна хохолаб кулиб юборишди, фақат талаба Ансельмнинг кўнгли ғаш, ўзи учун номаълум қандайдир изтиробни ҳис этмасдан архивариус Линдгорстнинг қотиб қолган жиддий кўзларига қарай олмасди. Айниқса, архивариуснинг қуруқ оҳангдаги овозида унинг учун ажиб, титроққа соладиган, миясининг суяк-суягидан ўтиб кетадиган бир нарса бор эди. Геербанд аслида уни ўзи билан қаҳвахонага бошлаб келган мақсадга, афтидан, бу сафар эришиб бўлмасди. Гап шундаки, талаба Ансельм архивариус Линдгорст уйи олдида рўй берган ҳодисадан кейин ташрифини такрорлашга сира юраги дов бермасди, зеро, комил ишончига кўра, фақат бахтли тасодиф уни агар ўлимдан бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда ақлдан озишдан сақлаб қолди. У ҳушидан кетган ҳолда остонада ётган вақтда конректор Паульман кўчадан ўтиб кетаётганди ва қан-дайдир кампир гумма ва олма солинган саватини четга қўйиб, Ансельм атрофида уймалашарди. Конректор Паульман дарҳол портшез3030
  Портшез – енгил кўчма кресло.


[Закрыть]
чақиртирди ва шу тарзда уни уйига етказди.

– Мен ҳақимда нима хоҳлашса ўйлашаверсин, – деди талаба Ансельм, – майли, аҳмоққа чиқариб қўйишаберсин, аммо эшикдаги болғача тепасидан Қора дарвозалар олдидаги ўша лаънати жодугарнинг башараси тишининг оқини кўрсатиб турганини биламан; кейин нима рўй берганлиги тўғрисида яхшиси гапирмай қўя қолай; бироқ беҳушликдан кейин кўзимни очиб, рўпарамда лаънати кампирни олмалари билан кўрган бўлганимда (чунки худди у ёнимда ивирсирди), шу ондаёқ юрагим ёриларди ёки ақлдан озган бўлардим.

Конректор Паульман ва рўйхатчи Геербанднинг ҳеч қандай ишонтиришлари, ҳеч қандай тасаввурлари бирор натижа бермади ва ҳатто мовий кўзли Вероника ҳам уни чўмган чуқур ўйчанлик ҳолатидан чиқара олмади. У ҳақиқатан ҳам руҳий касалликка чалинган, деган фикрга бордилар ва Ансельмни овутиш йўллари ҳақида ўйлай бошлашди, рўйхатчи Геербанднинг ҳисоблашича эса, энг яхши даъво – унинг архивариус Линдгорст ёнида машғул бўлиши, яъни манускриптлардан3131
  Манускриптлар – қадимий қўлёзмалар.


[Закрыть]
нусха кўчириши бўларди. Фақат талаба Ансельмни архивариус билан яқинроқ таништириб қўйиш керак эди, Геербанд Линдгорст деярли ҳар оқшом ўзига маълум қаҳвахонада бўлишини билганлиги учун у талаба Ансельмга ўзи, яъни рўйхатчи ҳисобидан, ҳар оқшом – у ёки бу тарзда архивариус билан танишиб олиши ва ўз машғулотлари юзасидан бир фикрга келишмагунча қаҳвахонада бир стакан пиво ичиб ва сархонали мундштугини тутатиб ўтиришни таклиф қилди – талаба Ансельм буни миннатдорчилик ила қабул қилди.

– Сиз, илтифотли рўйхатчи, йигитчанинг ақлини жойига келтириб қўйсангиз худо марҳаматига лойиқ бўласиз, – иддао қилди конректор Паульман.

– Худонинг марҳаматига! – такрорлади Вероника кўзини ихлос билан осмонга тикар ва ҳозир талаба Ансельм қандай ёқимли ва ақли-ҳуши жойида йигитча эканлиги ҳақида ўйларди.

Ва архивариус Линдгорст шляпаси ва асоси билан қаҳвахонадан чиқаётганда рўйхатчи Геербанд тезда талаба Ансельмнинг қўлидан тутиб, у билан бирга архивариуснинг йўлини тўсиб, деди:

– Саодатли жаноб махфий архивариус, мана – талаба Ансельм, у ҳуснихат ва расм чизишда бениҳоя моҳир бўлиб, манускриптларингиздан нусха кўчиришни истайди.

– Бу мен учун жуда ва фавқулодда қувонарли, – тез жавоб қайтарди архивариус ва бошига аскарларнинг учбурчак шляпасини илиб, рўйхат кўчирувчи Геербанд ва талаба Ансельмни четлаштириб, шовқин кўтарган ҳолда зинадан пастга югурди, улар эса бундан роса гаранг бўлиб, бурнилари олдида қарсиллаб ёпилган эшикка қараб қолишди.

– Бутунлай аломат чол, – ниҳоят оғиз очди рўйхатчи Геербанд. «Аломат чол!» – минғиллади талаба Ансельм, гўё муз оқими томирларидан югуриб ўтиб, уни қимир этмайдиган ҳайкалга айлантириб қўйгандек. Лекин барча меҳмонлар кулиб юборишди ва шундай дейишди:

– Бугун архивариус яна ўзига хос кайфиятда эди; эртага у, эҳтимол, ювош ва мўмин бўлиб қолади ва оғиз очмай газеталарни кўздан кечиради ёки мундштукидан чиқаётган тутун ҳалқаларига қараб ўтиради; бунга эътибор бермаслик керак!

«Тўғри айтишяпти, – хаёлидан ўтказди талаба Ансельм, – бундай нарсаларга ким аҳамият беради? Ўзи архивариус ахир унинг манускриптларини кўчиришни хоҳлаётганим уни фавқулодда хурсанд қилишини айтмадими? Кейин ҳақиқатан ҳам нега рўйхатчи Геербанд эндигина уйига кетмоқчи бўлганда унинг йўлини тўсди? Йўқ, йўқ, аслини олганда жаноб махфий архивариус Линдгорст жуда дилкаш одам, ва ниҳоятда сахий; фақат сўзларни ҳайрон қоларли ишлатиши билангина ғалати. Аммо бу билан нима ишим бор? Бунга қарши бронзали, саватда олмаси бор минглаб манжалақи исён кўтарса ҳам эртагаёқ роппа-роса соат ўн иккида уникига бораман!»

ТЎРТИНЧИ ВИГИЛИЯ
Талаба Ансельмнинг дилгирлиги. – Зумрад кўзгу. – Архивариус Линдгорст қандай қилиб калхат бўлиб қолди ва талаба Ансельм ҳеч кимни учратмади

Илтифотли китобхон, бевосита ўзингдан сўрамоқчиман, ҳаётингда ўзингнинг барча одатий ишларинг ва машғулотларинг уқубатли норозилик уйғотган, бошқа вақтда туйғуларинг ва ўйларинг учун муҳим ва аҳамиятли ҳисобланган ҳамма нарсалар тўсатдан қабиҳ ва арзимас туюла бошланган соатлар, кунлар ва ҳатто бутун ҳафталар учраганми? Ўшанда ўзинг нима қилиш ва қаерга мурожаат қилишни билмайсан; қаердадир ва қачонлардир қандайдир олий, ҳар қандай бу дунё лаз-затлари доирасидан чиқадиган ўткинчи армон ушалиши керак, буни руҳинг, худди журъатсиз, қаттиққўллик билан тарбияланган боладек айтишга ботина олмайди ва бу – ҳамма ёқда ортингдан муаттар ширин хаёллардек эргашиб юрадиган, нималиги англана олмайдиган, синчков назардан чаплашиб кетадиган тасаввурни орзулашда сени ўраб турган ҳамма нарсага кўр ва кар бўлиб қоласан. Сен хира нигоҳинг билан худди умидсиз ошиқдек, бир жойда айланиб юрасан, чипор, тиқилинч оломондаги одамларнинг нималаргадир ошиқиб елиб-югуришлари гўё ўзинг бу дунёга тааллуқли бўлмаганингдек, сенда қайғу ҳам, қувонч ҳам уйғотмайди.

Агар сен, илтифотли китобхон, қачонлардир ўзинг шундай туйғуларга берилган бўлсанг, шахсий тажрибангдан талаба Ансельм қандай ҳолатда бўлганлигини тасаввур этасан. Умуман, илтифотли китобхон, ҳозир ҳам талаба Ансельмни кўз олдингда мутлақо жонли гавдаланишига муваффақ бўлишини истайман. Зеро, ҳақиқатан ҳам тунги бедорлик пайтида у билан содир бўлган олий даражадаги ғалати воқеаларни ёзиб олар эканман, шу қадар кўп мўъжизавий нарсаларни ҳикоя қилиб беришимга тўғри келадики, бу кўланкадек оддий одамларнинг кундалик турмушини қандайдир булут тўсган йироқликка суриб қўяди, пировард натижада сен талаба Ансельмга ҳам, архивариус Линдгорст мавжудлигига ҳам ишонмай қўясан ва конректор Паульман билан рўйхатчи Геербанд ҳозир ҳам Дрезденда истиқомат қилишларига қарамасдан, иззатга сазовор бу кимсаларга нисбатан адолатсиз шубҳаларга боришингдан хавотирдаман. Илтифотли китобхон, ғаройиб мўъжизаларга тўла, қудратли зарбалари билан чексиз ҳузур ва чексиз даҳшат уйғотадиган сал-танатда, талабчан маъбуда ўз ёпинчиғини хиёл кўтарганида, биз чеҳрасини кўряпмиз деб тасаввур этганимизда, унинг жиддий нигоҳида кўпинча табассум нур сочиб туради ва у она болалари даврасида вақтини чоғ қилганидек, турли афсонавий эврилишлари билан бизга тегажоқлик қилади – ана шу, руҳимиз ҳеч бўлмаганда тушимизда намоён қиладиган салтанатда, илтифотли китобхон, сени ўраб турган одатдаги ёки, айтишларидек, кундалик турмушда аллақачондан бери таниш сиймолар ва қиёфаларни уқишга ҳаракат қилиб кўр ва сен бу мўъжизавий салтанат чамангда анча яқин эканлигига ишонч ҳосил қиласан ва буни сенга чин қалбдан тилайман, аслида сенга талаба Ансельм тўғрисидаги антиқа воқеаларни шу мақсадда ҳикоя қилмоқдаман. Шундай қилиб, айтилгандек, талаба Ансельм архивариус Линдгорст дуч келган оқшомдан сўнг уни ҳеч нарса қизиқтирмайдиган хаёлпарастликка тушиб, одатий турмушга ҳар қандай ташқи тегинишларга лоқайд бўлиб қолди. У вужудининг туб-тубида тушуниб бўлмайдиган нимадир уйғонганлиги ва бу ўзга, олий ҳаётни ваъда қилаётган тотли орзулар ва азобли уқубатлар келтирганлигини туярди. Унинг учун энг афзали – ўтлоқлар ва дарахтзорларда танҳо кезиб юриш ва гўё ўзини ғариб турмушга банди қилган ҳамма нарсадан халос бўлиб, ич-ичидан кўтарилаётган тимсоллар хусусида мушоҳада қилиб, ўзлигини англаш эди. Ва бир сафар олис-олисларга сайрдан қайтар экан, аллақандай жодулар таъсирида бисёр ғаройиботларни кўрган ўша ажойиб маржон мевали бута олдидан ўтишига тўғри келди; у майсазордаги қадрдон яшил жойга талпинишни ҳис этди; лекин бу ерга ўтириши билан ўшанда самовий қувонч билан тасаввур этган ва худди ўзга куч қалби-дан суриб чиқарган нарсаларни иккинчи бор кўраётгандек, улар энг ёрқин бўёқларда намоён бўлди. Ҳатто ажабтовур кўм-кўк кўзчалар маржон мевали дарахт ўртасида биланглаётган тилла-яшил тус илончага тегишлилиги ва хушқадининг буралишларида дилини бахтиёрлик ва завққа тўлдираётган ҳамон ўша мафтункор биллур товушлар жаранглаши кераклиги аввалгидан ҳам равшанроқ гавдаланди. Ва ўша меърож кунидагидек у маржонли мева дарахтини қучоқлаб, шохлари орасига қичқира бошлади: «Оҳ! сени кўриб олишим учун яна бир мартагина ялт эт, ва кўтарил, ва шохларда тебран, қадрли кўк илончам… Яна бир мартагина жуда кўркам кўзчаларинг билан менга боқ!.. Оҳ! Сени севаман ва қайтиб келмасанг, ғам ва қайғудан ҳалок бўламан!» Аммо, аввалги галдагидек, ҳамма ёқ осуда ва сокин бўлиб, маржон мевали бута шохлари ва барглари билан ноаниқ шовулларди. Бироқ талаба Ансельмга ич-ичида нима қимирлаётганидан ва ҳаракатга келтираётганидан, кўксини оғриқ ва тинимсиз азоб билан тилка-пора қилаётганидан ўзи хабардорга ўхшаб кўринарди. «Бу сени, мафтункор тилла илончам, – дерди ўзи-ўзига, – ўлгунимча бутун вужудим, бутун қалбим билан севишимдан; сенсиз яшай олмаслигим ва агар яна сени кўрмасам ва юрагим маҳбубаси сифатида сенга эга бўлмасам умидсиз ситамларда ҳалок бўлишим белгисидир… Лекин меники бўлишингни биламан ва ўшанда бошқа, олий дунёдаги тушларим ваъда қилган ҳамма нарса рўёбга чиқади». Шундай қилиб, талаба Ансельм қуёш дарахт учларига ўзининг олтин учқунларини сочаётган ҳар оқшомда маржон мевали бута олдига бориб, қалби қаъридан чиқаётган аянчли овоз билан шохлар ва баргларга мурожаат қилар ва қадрдон севгилиси, тилла-кўк тус илончасини чорларди. Бир сафар, одати бўйича ана шундай оҳ чекаётганида, бирдан олдида кенг оч-кулранг ёмғирпўшга бурканган баланд бўйли, озғин киши пайдо бўлди ва ўтдек порлаётган баҳайбат кўзларини унга чақнатганча, қичқира бошлади:

– Ҳой, ҳой! Бу ерда ким нола қиляпти ва чийилламоқда? Ҳей! Ҳей! Бу манускриптларимни кўчиришни хоҳлаётган ўша жаноб талаба Ансельм–ку!

Талаба Ансельм бу қудратли овоздан ҳазилакам қўрқиб кетмади, чунки ўшанда, меърож кунидаги бу товушни таниганди, у қаердан келаётганлиги номаълумлигича қичқирганди: «Ҳей, ҳей, қандай гап-сўзлар, қанақа шивирлашлар бўляпти?» ва ҳоказо. У ҳайрон қолганлигидан ва қўрқиб кетганидан тили калимага келмасди.

– Хўш, сизга нима бўлди, жаноб Ансельм? – давом этди архивариус Линдгорст (оч-кулранг ёмғирпўшдаги одам худди унинг ўзи эди). – Маржон мевали дарахтдан нима истайсиз ва нега ишга киришиш учун олдимга келмаяпсиз?

Ҳақиқатан ҳам талаба Ансельм ўша оқшомда қаҳвахонадаги мардона қарорига қарамасдан яна архивариусни уйига боришга ўзини мажбурлай олмаётганди. Бироқ унинг ширин хаёллари бўлинган, тағин ўша ёв товуш эшитилган лаҳзада – бу кимса ўшанда ҳам маҳбубасини ўғирлаб кетганлиги учун – вужудини қандайдир тушкунлик қоплади ва жазаваси тутиб кетди:

– Мени ақлдан озган деб ҳам ҳисоблашингиз мумкин, жаноб архивариус, бу менга мутлақо барибир, лекин шу ерда, шу дарахтда меърож куни тилла-кўк тус илончани, оҳ, абадулабад қалбим маҳбубасини кўрдим ва у мен билан мафтункор биллур овозда гаплашди; лекин сиз, сиз, жаноб архивариус, сув остида жуда даҳшатли қичқириб ва гулдираб юбордингиз.

– Наҳотки, азизим? – архивариус Линдгорст мутлақо ўзгача табассум билан тамаки ҳидлар экан, унинг гапини бўлди.

Талаба Ансельм ўша ғаройиб воқеа тўғрисида оғиз очиши билан юраги енгиллашганлигини сезди ва унга архивариусни гўё ҳақиқатан ҳам ўша куни кечқурун қаердандир гулдираганликда мутлақо адолатли айблаётганига ўхшаб туюларди. У ўзини қўлга олди ва деди:

– Майли, ўша оқшомдаги ҳамма машъум воқеаларни гапириб берай, кейин эса мен тўғрида нима гапиришингиз, қилишингиз ва ўйлашингиз сизнинг ишингиз. – Ва у олма солинган саватни туртиб юборган ўша омадсиз дақиқадан бошлаб сувда уч тилла балиқчалар ғойиб бўлгунича рўй берган барча аломат воқеаларни ва кейин ҳамма уни маст ёки жинни деб ўйлашганини гапириб берди. – Буларнинг ҳаммасини, – хулоса қилди талаба Ансельм, – ҳақиқатан ҳам ўзим кўрдим ва ҳали ҳам юрагим тубида мен билан суҳбат қурган ажиб товушларнинг аниқ акс-садоси янграмоқда; бу асло туш эмасди, ва мен муҳаббатдан ва хоҳишдан ҳаётдан кўз юммагунимча тилла-кўк тус илончаларга ишонаман, ҳолбуки, илжайишингиздан, муҳтарам жаноб архивариус, бевосита шу илончаларни фақат тутоққан тасаввурларимнинг маҳсули деб ҳисоблаётганингизни яққол сезиб турибман.

– Асло, – чексиз босиқлик ва сабр билан эътироз билдирди архивариус, – сиз тилга олган маржон мевали бутадаги тилла-кўк тус илончалар менинг уч қизим эди ва ҳозир мутлақо равшанки, сиз кенжам Серпентинанинг мовий кўзларига жуда ишқингиз тушиб қолибди. Қолаверса, буни ўшан-да, меърож кунида билгандим, уйда ишлаб ўтирганимда уларнинг жаранг-журинги ва шовқини жонимга текканлиги учун шўх қизларимга қуёш ботганлиги ва улар роса куйлаб ва нурларни эмиб бўлишгани учун уйга қайтиш вақти келганлигини айтиб бақиргандим.

Талаба Ансельм буларни ўзи аллақачон ҳис этган бўлса ҳам гўё ҳозир тушунарли тилда гапириб беришганидек қабул қилди, ва унга шу заҳотиёқ маржон мевали бута, девор ва майсазор, атрофдаги ҳамма нарсалар оҳиста айлана бошланганга ўхшаб кўринса ҳам ўзини қўлга олиб, бир нима демоқчи эди, бироқ архивариус оғиз очишига йўл қўймади: у чап қўлидаги қўлқопини тез ечиб, ғаройиб учқунлар билан чақнаётган қимматбаҳо тош кўзли узугини талабанинг кўзи олдига яқинлаштирди ва деди:

– Бу ёққа қаранг, қадрли жаноб Ансельм ва кўрадиганингиз сизга қувонч бахш этиши мумкин.

Талаба Ансельм қараши билан – оҳ, мўъжиза! – қимматбаҳо тошдан худди ёнаётган фокус3232
  Фокус – нурларнинг кесишган нуқтаси.


[Закрыть]
– дан чиқаётгандек нурлар отилар ва бирлашиб ярқироқ биллур кўзгу ташкил этар ва унда уч тиллакўк тус илонча гоҳ буралиб, гоҳ бир-биридан қочиб, гоҳ биргаликда чирмашиб, рақсга тушар ва сакрашарди. Ва қайишқоқ, минглаб учқунлар билан чақнаётган таналар бир-бирига тегиниб кетар экан, биллур қўнғироқчаларнинг ҳайратомуз ҳамоҳанглиги янграр ва ўртадаги илонча бошчасини соғинч ва иштиёқ билан чўзар, ва мовий кўзлар дерди: «Мени танийсанми? Менга ишонасанми, Ансельм? Фақат ишончда муҳаббат яшайди – сева оласанми?»

– Оҳ, Серпентина, Серпентина! – телбаларча қувончдан ҳайқириб юборди талаба Ансельм; бироқ архивариус Линдгорст тезда кўзгуга пуфлади, нурлар электрдек чарсиллаб яна фокусга кирди ва бармоғида фақат мўъжаз зумрад ялт этди, архивариус унинг устига қўлқопини тортди.

– Тилла илончаларни кўрдингизми, жаноб Ансельм? – сўради архивариус Ансельм.

– Ё раббий! Ҳа, – жавоб қайтарарди у, – ва қадрдон, ёқимли Серпентинамни.

– Секинроқ, – давом этди архивариус, – бугунга етарли. Айтгандек, агар меникида ишлашга қарор қилсангиз, қизларимни жуда тез-тез кўриб туришингиз мумкин бўлади, ёки, агар ишингизни яхши бажарадиган бўлсангиз, яъни ҳар бир белгини ўта аниқлик билан ва покиза кўчирсангиз сизга бу ҳақиқий ҳузурни бағишлайдиган бўламан, дейишим тўғрироқ. Рўйхатчи Геербанд албатта келишингизга ишонтирган бўлса ҳам меникига умуман қадам ранжида қилмаяпсиз, сизни бир неча кун беҳуда кутдим.

Архивариус Геербанд номини тилга олиши биланоқ талаба Ансельм у ҳақиқатан ҳам Ансельм, рўпарасида турган одам эса архивариус Линдгорст эканлигини яна ҳис этди. Бу кимсанинг лоқайд оҳангдаги гапи у худди чинакам некромантдек намойиш этаётган мўъжизалардан кескин фарқ қилиши даҳшат уйғотарди, буни ажин босган ориқ юзининг худди ғилофдек кўз косасидан чақнаётган, тешиб юборадиган даражадаги нигоҳи янада кучайтирарди ва талабамиз вужудини аввал, архивариус қаҳвахонада турли ғаройиботлар ҳақида ҳикоя қилган пайтда бўлгани каби тўхтатишнинг иложи йўқдек ваҳима босди. У ғоят қийинчилик билан ўзини қўлга ола билди ва архивариус яна бир карра:

– Хўш, нега меникига келмадингиз? – деб сўраганида ўшанда, уйининг остонасида у билан рўй берган ҳамма нарсани гапириб беришга ўзини мажбурлади.

– Илтифотли жаноб Ансельм, – деди архивариус талаба ҳикоясини тугатганидан сўнг, – илтифотли жаноб Ансельм, сиз марҳамат қилиб тилга олган, саватида олма бўлган манжалақини жуда яхши биламан; бу қисмат махлуқи менга турли найрангбозликларини кўрсатади ва у мен хуш кўрадиган ташрифчиларни чўчитиш учун эшик болғачаси сифатида бронза ҳайкали тусига кирган бўлса, бунга тоқат қилиб бўлмайди. Муҳтарам Ансельм, эртага соат ўн иккида, марҳамат қилиб, бизникига келганда яна тишининг оқини кўрсатиш ва ғижирлатиш каби бирор нарсани кўрсангиз, марҳамат қилиб, унинг бурнига мана бу суюқликдан озгина сепсангиз, ҳаммаси жойида бўлади. Энди эса, илтифотли жаноб Ансельм – adieu. Бироз тезроқ юраман, шунинг учун сизни шаҳарга бирга қайтишга таклиф қилмаяпман. Эртага соат ўн иккида кўришгунча – adieu.

Архивариус талаба Ансельмга тилла-жигарранг тус суюқлик бўлган кичкина шишачани тутқизди ва шу қадар тез узоқлашдики, бу пайтдаги анчайин ғира-ширада водий томон одимлаётгандек эмас, балки парвоз қилаётгандек кўринарди. У Козельский боғи яқинига келганда кўтарилган шамол ҳавода ҳилпираётган кенг ёмғирпўшининг этакларини кериб юборди, шунинг учун архивариус орқасидан ҳайрат билан қараб қолган талаба Ансельм учун бу улкан қуш тез парвоз қилиш учун қанотларини ёяётгандек туюлди. Талаба Ансельм шу тарзда нигоҳини ним қоронғиликка қадар экан, тўсатдан оқ тукли калхат қағиллаб осмонга баланд кўтарилди ва Ансельм ҳали ҳам узоқлашаётган архивариус деб тусмол қилаётган йирик чайқалаётган гавда бевосита ана шу калхат эканлигини очиқ-равшан кўриб турганди, аммо у архивариус бирдан қаёққа ғойиб бўлганлигини тушунмаётганди. «Балким, унинг ўзи, жаноб архивариус Линдгорст, бутун борлиғи билан калхат бўлиб учиб кетгандир, – ўзига-ўзи деди талаба Ансельм, – чунки аввал алоҳида ғаройиб тушларимда кўрадиган ва бу ҳозир кундузги бедор ҳаётимга ўтган, олис афсонавий дунёнинг англаб бўлмайдиган сиймоларини яхши кўриб ва туйиб турибман ва улар мени ўйнатяпти. Лекин бўлгани бўлар! Лобар, азиз Серпентина, қалбимда яшаяпсан ва ўртаяпсан! Фақат сенгина юрагимни эзаётган чексиз уқубатларимга тасалли бера оласан. Оҳ! Қачон жозибадор кўзларингни кўра оламан, дилбарим, дилбарим Серпентина?..» Талаба Ансельм шундай бақир-чақир қиларди.

– Христианлар учун қандай нобоп исм, – ёнида бўғиқ овоз билан минғиллади сайрдан қайтаётган жаноб.

Талаба Ансельм қаерда турганлигини вақтида ёдга олди ва шаҳдам одим билан уйига йўл олар экан, ўзича ўй сурарди: «Ҳозир конректор Паульман ёки рўйхатчи Геербандга рўпара келиб қолсам, хўп мусибатда қолардим-да!». Аммо унга униси ҳам, буниси ҳам дуч келмади.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации