Электронная библиотека » Хабиб Абдуназар » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "Дил меҳроби"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 11:20


Автор книги: Хабиб Абдуназар


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 5 страниц)

Шрифт:
- 100% +
МАНЗИЛ
 
Таниш овоз,
Сочлари тўзиган аёл…
Ер билан битта осмон,
Ер билан битта дил.
 
 
Сирғалиб ўтаётган шарпалар,
Улиётган тунбағир жарлик.
Сездим, қўрқув,
Билдим, бир хўрлик.
 
 
…Ғамангиз товушлар,
Тошли сўқмоқ ва
Одамлар тўлқинида
           оқиб бораётган
                              елканли тобут....
 
 
Кафтларингни оч!
Сен кетаётган пайт
Бир бола йиғлайди,
                              бир бола –
(Сен учун эмас…)
Қара, қарасанг-чи
                              унинг қорни оч!
 
САҲРО
I
 
Оташдонга яқинроқ қўйдим
Оғриқ қалбимни –
                        изтироб туйдим.
Аччиқ унларимни тўзғитди шамол.
Фақат иқболимда кулди шу саҳро,
Фақат орамизда куйди ой – мактуб.
 
 
…Тун эди,
Минг битта зулумот туни,
Фано гавҳаридек бу икки кўзим.
Аммо юрагимда куйик саҳронинг
Қай бир хаёлига санчилди ўлим.
Қай бир қабрларда нотинч, ноаён
Минг бир вужудимни тердим, жамладим.
Сендан ололмаган сўзим – сукутим ичра,
Узоқ тентирадим, узоқ изғидим.
Адашдим, тобланди тун – моҳли йўллар,
Адашдим умидим бўронларида.
Сен ғамнок кечалар умридек сокин,
Яқинроқ йиғлагин, қалбимга яқин.
 
II
 
Айтибдурларки, Савол – Тош.
                  Чиндан оғир сўров рутубатли ғам.
                  Оғирлик қилганда у мангу сўроқ
                  Қораяр мурданинг кафанлари ҳам.
                  Юксалдим на хаёл, на алам юки,
                  Фақат юлдуз қолди сен бирла танҳо.
                  Эгнимда қораяр ҳар кун, ҳар кеча,
                  Бу кундуз ва яна ул кўҳна саҳро.
 
 
Айтибдурларки, Қай куни –
                  Баҳайбат бир тошки туриб ўрнидан
                  Кузатармиш ёруғ оламни.
                  Дардим – кўзёш,
                  Вужудим – хаёл…
                  Кўз очдим қаршимда турар муаллақ,
                  Каъбаи муаззам, улкан ҚОРА ТОШ.
 
III
 
Қанча кунлар ўтди ўтлуғдан,
Сабо нафасидан муждалар етди.
Мудом йиғларману гардун барқиндан
Гирён-гирён пири сафолар ўтди.
 
 
Соқи-ю дарбадар, даврони фоний,
Ишқ аро хокисор сездим сўзимни.
Шифтаи ҳолимда фироқинг асру,
Бир дақиқ беҳуд ҳол кўрдим ўзимни.
 
 
Қанча кунлар ўтди ўтлуғдан,
Пинҳона ғам ютдим, толиқди руҳим.
Битмади қонимда бу нашъу намо,
Филурим, филурий, филурим22
  Бу ерда: чархфалак – дунё маъносида. Дил меҳроби


[Закрыть]

 
«Кулфатингдан қувонди дунё…»
 
Кулфатингдан қувонди дунё,
Шодлигингдан тун бўлди маҳзун.
Ҳақ уйида – кўнгил куйида,
Яралдинг-ку синалмоқ учун.
 
 
Йиғламагин, руҳимга чўмиб
Дилимга боқ – самога қара,
Ўтса ҳамки қора булутлар,
Осмон юзи бўлмайди қора.
 
«Шом ўтди, тунларим ёдини кечиб…»
 
Шом ўтди, тунларим ёдини кечиб,
Бир тунни севдирди шу ер, шу осмон.
Бу висол ўйлаким, ҳур ситамлардан
Ки зоҳир айлади тутқунлик нишон.
Ки дунё ўтгувчи, мунг нигоҳлардан,
Тўкилди руҳимга хазонлиғ доғлар.
Тупроқлар эланди, оғочлар ўсди,
Қайтадан тикланди беҳисоб дорлар.
Куйсифат шамоллар умрига монанд,
Яшнади серфироқ кўксимдаги чўғ.
Бу фироқ дастида юлдузлар куйди,
Абрлар бошимда йиғлади беруҳ.
О, ҳажр шомида ҳайрона фасл,
Сен кўнгил боғимдан муждалар келтир.
Айтгил, ой сурури ломакон мунинг
Ғамга ошно дегил, бодалар келтир.
Мен ичай аламлар, заққумлар ютай,
Кетай фалаклардан юлқиб бошимни.
Лек, қандай куйлайин, қандай асрайин,
Кўзга кўринмаган ширин жонимни.
 
МАЪНО
Мавлоно Жалолиддин Румий
I
 
Борлиғим етишди,
                                    борлиғим, илло –
Етишдим Сен қадар, ўзимда йўқман.
Сувга ғарқман, вале сувман,
                                                                           ташнаман,
Йўқман толеимда, лекин Сендаман.
Кундузни топмадим
                                    Кунни топмадим,
Лаҳза тун чароғи – Сўзни топмадим.
Ичдаман, акс этсанг ичу тошимда,
Кўринмоқ истадим, пинҳон гул эдим.
Пинҳона гул эдим, истадим лайло,
Кўнгил жавҳарига тўкилган сиймо.
Хаёлим шакли ой бир маъво бўлса,
Нур завқи ўзингсан, ойдан мосуво.
Ахир кўрганларим аслимас, ҳечдир,
Ундадир у Қудрат, Ундадир Аввал.
Юлдузлар зиёси, нурланиб турган,
Биргина Гул эдим – биргина азал.
 
II
 
Бу вужуд –
Тангри жамолига тортилган парда –
Насибим, кўнглимда ёришган кулгунг.
Шайдоман, гуллару гиёҳларга мен,
Умиддек тўлишди, умидсиз васлинг.
 
 
Бу вужуд –
Тангри жамолидан олинган парда –
Заволим, юракнинг заъфарон гули.
Ботиндан тўкилган Сўздирман балким,
Ва ёки руҳларнинг мангулик йўли.
 
ЭРК
 
Фано куйи – жилғалар охир,
Юрагимга қўйди тош коса.
Синиғидан симириб нурлар,
Жоним, дея йиғлади майса.
Не қаро кун, ўзимда бало
Ўз жисмимни айлади қафас.
Камоли ой, тун лабларида
Оғуланди гулдайин ҳавас.
Даҳр золи – замона кечиб,
Юрак қонин ювди гул жолам.
Бу юракда сарғайган гулнинг
Япроғида улғайди нолам.
Ўтди елдай бош уриб йиллар,
Ўтди шундай лаҳзалик умрим.
Танҳо сендан айри кечанинг
Зиндонида бандидир кўнглим.
Ай, кўзимнинг руҳи, қонидан,
Бино бўлган теран хотирлар.
Энди кетдим мозор тошидан,
Эрким учун излаб сатрлар.
 
РУҲ ИЛДИЗЛАРИ
Ҳазрати имом Қоффол Шоший масжиди ёнидаги ўйлар
I
 
Юлдузлар оралаб тушиб келар
бир сиқим, бир тилим ёғду.
Зангор қуббаларда жаранглайди
ярим кун –
                              йиллар ҳасратини
ярим ой шаклида қолдирган азон.
Пайқадингми ахир, бу зар битиклар
Ул ғайбнинг қолдирган нақшин излари.
Эҳтимол, меҳробга чирмашиб кетган –
Тошга ботаётган руҳ илдизлари.
Эҳтимол, биз билмас эзгу бир хаёл,
Балки йиғлар кимдир
                              нури маҳшаргоҳ.
Гардун тўлиб ҳар не тўққиз буржидан,
Бир садо келади: Ё Раҳматуллоҳ.
Музтариб боғларга тўкилади тонг,
Қироат қилади муҳсин шамоллар.
Кунларга, ойларга, йилларга қасам,
У олам – гул олам,
                              инонгин болам:
"Ўлимни ўлдирар қиёмат яқин,
Ўлимни сўярлар бир сўқим каби.
Мангу ҳаёт бошлар
                              у боқий Ҳаёт –
Ариқлари тўлиб оққувчи асал!.."
 
II
 
Ҳозир кўтаради қуббаларни руҳ,
Ҳозир бўкиради баҳайбат тамуғ.
Ҳозир парчаланиб кетар хаёлим,
Ҳозир ҳеч нарсани кўрмайди бу кўз.
Оғир туюлади кўзларим – дунё,
Биридан қон олар, биридан зардоб.
Билмам, қайси кундир бу кўзларимнинг
Заррин тонгларига тортилди ҳижоб.
Не тун, ойлар сузар қаро-қаро мунг,
Не тун, сойлар оқар ғариб-ғариб куй,
Не тун қалблар чўкар оғир-оғир тош,
Не тун…
 
«Дарахт – осмон…»
I
 
Дарахт – осмон
Титроғига сингиган булут
Соясида кўрди саркаш
шамолни
ботаётган қуёш…
 
 
Дарахт – қорайган илдиз,
Ин қўйган қурт-қумурсқалар
сайроғи, очиб борар зулматга
оқ из…
 
II
 
Боғ (гулларнинг боғи!)
Дарахт(бу бодом дарахти!),
Хазон – тушуниксиз алам ва сўроқ:
"Сен қайси дарахтдан эдинг,
эй, япроқ?"
 
«Не наъв ёндим, дил гулханида –…»
 
Не наъв ёндим, дил гулханида –
Гулларида титради оҳим.
Бу жонимни гар шикор этди,
Баргоҳида не узрхоҳим.
Гулгун само либоси – оташ,
Боссам ғамму чирқиллар илон.
Ниҳонимдан бир сифат кўргуз,
Ошиқ кўнгил бўлди шабистон.
Сирим ошкор, сирларинг ошкор,
Ишқ таврида майпараст хожа.
Тарки олам бирла жом тутсам,
Дилим беҳуш, гулим паргола.
Ёрилди-ку тилларим ундан
Сен дод дединг, чақирди олам.
Тупроқларнинг ҳар гўшасидан,
Бош кўтарди қанчалаб одам.
Арш эдими тебранган тобут,
Пойларида йиғладинг мангу.
Қабрмиди Ҳақ тутар даргоҳ,
Мудом назар айлади қайғу.
Мудом нола – машшотаи чарх,
Хиром этмиш ул оби кавсар.
Етолмадим лек манзилига
Дунё – қўлда титраган лангар.
 
«Овозим…»
 
Овозим,
Сафсар овозим…
Ағдарилди тун –
Остида қолиб кетган
Қўлим зирқирар,
Қўлим.
 
«Ҳеч ўйламагандим –…»
 
Ҳеч ўйламагандим –
Бошингда айланган ҳар қора шарпа,
Оёғинг остида турган жарликнинг
Кўлкаси бўлса?..
(Шундай экан
Нега тўхтадинг
Баланд дарахтларнинг соясида сен?..).
 
«Табассум завқидан кўчдим, кўникдим…»
 
Табассум завқидан кўчдим, кўникдим,
Кечдим доғи диллар чангу ғуборин.
Наргиз нолалардан санубар, латиф,
Нолалар истадим чекиб озорин.
 
 
Истадим, интилдим – тунсиз соябон,
Бошимга урилди замин – харсангтош.
Сени излаб юрган уқубат билан
Гоҳо тўқнаш келди юзимдаги ёш.
 
 
Қўйвормайди сени чамбарак ёғду,
Кўҳна тушлар каби ойдин излари.
Ғурбатга йўғрилган ёруғ жаҳондин,
Ой – очиқ кетгувси осмон кўзлари.
 

ГУЛЛАРИНИ ҚЎМСАГАН ОҒОЧ
(2003-2007)

Ҳабиб Абдуназарнинг шеърлари – руҳиятни инкишофга йўналтирадиган шеърият. Ушбу тўпламдаги шеърларни ўқиган киши кўнгил суратига таниш нафис чизгиларни мушоҳада этади, ўз моҳияти ҳақида тафаккур қилади ва табиийки, ўзи учун мутлақо янги бўлган ҳаёт қирраларини кашф этади…

Азиз Саид. 2009 йил
«Бўлмагандек ҳеч нарса бугун…»
 
Бўлмагандек ҳеч нарса бугун,
Қарайман – оқ замину фалак.
Ёғар юрак шаклида оқ қор,
Ёғарди қор шаклида юрак.
 
 
Ҳаммасини қолдириб қорда,
Мен баҳорга кетаман ўтиб.
Аммо Соғинч усти боши қор,
Тураверар қаршимдан чиқиб.
 
«Айланади саргашта ҳаёт…»
 
Айланади саргашта ҳаёт,
Айланади заминни бўйлаб.
Бу одамлар – туш одамлари,
Кетиб борар ҳаётга ўхшаб.
 
 
Кетиб борар қароғларидан –
Тунга томар ой – томчи субҳ.
Дил пардасин ортида секин
Ёришади зангори андуҳ.
 
 
Зангори кун. Хаёллар бетин,
Силкитади руҳим гулларин.
Ўқиб чиқар ненидир йиллар
Пешонамга қўйиб қўлларин.
 
«Суйгувчи дил – умид – ўланим…»
 
Суйгувчи дил – умид – ўланим,
Эртакчи ўй, қуёшли қўшиқ.
Шу эмасми сен-ла ёнма-ён,
Юрагимда югурган оғриқ.
 
 
Шу эмасми чақмоқ – изтироб
Чизиғини тортган самода.
Юзда қотган томчи ёшми ишқ –
Ёмғирларим қотди ҳавода.
 
 
Суйгувчи дил – умид – ўланим,
Эртакчи ўй, ҳасратли сўқмоқ.
Шу эмасми биз суянган тош,
Ойни йиғлаб кузатган булоқ?..
 
«Йиғлаяпсан гўдакдек, хушҳол…»
 
Йиғлаяпсан гўдакдек, хушҳол
Қароғингдан ўпар минг чашма.
Ёлбораман ҳозир тонг отар,
Чиройли қиз, сен бироз шошма.
 
 
Сен дедингки, Тонг-ла қолмасман.
Тун – Сўзим бор айтгувчи унга!..
Шивирлайман мен эса, Ойсиз –
Сени қандай ишонай Тунга.
 
«Йўл юрдим…»
 
Йўл юрдим…
Эзилдим раҳмингдан.
Шафқатинг туғилди, тирилдим,
Умидинг тутди тош қўлимдан.
 
 
Йўл юрдим…
Чарчади нигоҳим.
Мен туғилмай, кўз очмай ҳали,
Ерга экдинг бори гуноҳим.
 
«Очиб ёпар эшикни кимдир…»
 
Очиб ёпар эшикни кимдир,
Ачишгандек бўлади кўксим.
Қалқиб кетар тонг ёғдусидан,
Тун – деворга суянган жисмим.
 
 
Кундуз – жаллод,
               бунда ой – маҳрам,
Унга ҳамдам азобим яқин.
Титратади хазон жисмимни,
Тирқишлардан таралган эпкин.
 
«Таним оғир. Тошдан-да оғир…»
 
Таним оғир. Тошдан-да оғир,
Ичим йиғлар, дардларга тўла.
Юрагимни бўшатдим буткул,
Азал ёзган ёзуғлар ила.
 
 
Энди тунлар қўлимга олиб,
Эркалайман гўдак қалбимни.
Айтай десам ичимда сўз йўқ,
Соғинаман – юрак дардимни.
 
 
Соғинаман – юрак бепарво –
Йўқ, Ҳайратсиз ташлайман қадам.
Қўлларимдан ушлаб Хавотир,
Етаклайди дардли бир Одам.
 
«Оёғингга тушар сирғалиб…»
 
Оёғингга тушар сирғалиб,
Дил ҳижоби – тонг ҳарир зиё.
Юрагимни туб-тубларидан,
Топиб келар сени бу дунё.
 
 
Топиб келар умидим йўли,
Хаёл бирла кўнгил эшигин.
Ва жимгина тинглайди ёлғиз,
Сенинг каби дарё қўшиғин.
 
 
Сенинг каби учар шамолда,
Тупроқ бўлар, бўлар бир осмон.
Уни ҳеч ким тушунолмагай,
Билолмагай мендек ҳеч қачон.
 
 
Ой – кўнглимнинг меҳробларида,
Fариб қолар сенсиз бу меърож.
Тушларимга киради қайтиб –
Гулларини қўмсаган оғоч.
 
«Ўзи бир қиз, сочлари бир қиз…»
 
Ўзи бир қиз, сочлари бир қиз,
Бир қиз эди қош, қарошлари.
Ошиқ дилни эзиблар ўтди,
Минг нозланиб соч тарашлари.
 
 
Бир қиз эди, бир эртак эди,
Бир тонг эди, қучди қароғим.
Бир ажиб сас келди дилимга,
Бир ширин ҳид туйди димоғим.
 
 
Бир гул эди никоҳлаб кўзин,
Қаро қошин дилга учирдим.
Қош қорайди, тун, бўса, юлдуз –
Шамларини ҳилпиб ўчирдим.
 
 
Ўзи бир қиз, сочлари бир қиз,
Бир қиз эди лаб, дудоқлари –
Юрагимни босдим, қизарди –
Алвон шафақ – ол яноқлари.
 
«Андуҳўлан – митти хаёлдўз…»
 
Андуҳўлан – митти хаёлдўз,
Бунча кўкка қарадинг эзгин.
Дардларингга ўхшарми юлдуз,
Ўхшарми кўк ёпинган қизга.
 
 
Андуҳўлан – мунгли асирим,
Қароғимда қотди безиё.
Кўк тоқига кўчди абрлар,
Кўчди дилга талотўп дунё.
 
 
Андуҳўлан – бунчалар дарднок,
Кулдинг маъюс – чайқалди терак.
Руҳ шохига солиб нур – арқон,
Юлдузларга лаб босди юрак.
 
 
Андуҳўлан – анжир дарахти,
Шохларингда тун пора-пора.
Менинг тунги боғларим каби
Кеч гуллади, гуллади қора.
 
«Ҳаёт шу бўлди-ку…»
 
Ҳаёт шу бўлди-ку
    бу даҳри дунда,
Кўз тикиб йилларки
    сендан кутганим.
Бу бошим осмондир –
    қуёшли осмон,
Осмондек бошимга
    ўзим етганим.
 
 
Ва ўзим билганим,
Мана шу – Юрак,
Тоғдек дардларини
   бўйлаяпман-ку.
Нега сен титрайсан
     дорим, оғочим?
Ўз бошимга ўзим
            йиғлаяпман-ку.
 
«Борим тун ичрадур…»
 
Борим тун ичрадур,
    қаролик кўрдим,
Қайғунинг эврилиб
    тушдим пойига.
Ўзимга келмадим,
    бу беҳушликнинг,
Муродин дил билдим,
    кирдим чоҳига.
 
 
Ани олам деди,
     йўл этди пайдо,
Руҳимга илашдим,
    рўёдан ўтдим.
Қўлимдан олдилар
    тобутим, илло
Ундан у ёғи не,
    пиёда кетдим.
 
«Олам яралди –…»
 
Олам яралди –
Кейин Одам.
                  Аста-аста узайди кунлар…
                  Кейин… Одамми, олам…
                  Билмам –
                  Оловли мавжларда келдилар сузиб
                  Қоп-қора дунё…
 
 
… Мен сингиб борарман бу қароликка,
Мудраниб борарди тунлар уйқули.
Бир гўдак йиғиси ўртайди дилим,
Бир аёл кулгуси ундан қайғули.
Қай макон –
Қай хилқат сукути босар,
Яқинроқ келарман дунё қошига.
Гуноҳдан кичрайиб, букчайган одам,
Суяниб йиғлайди қабр тошига.
Яна баландлайман, илоҳий нур-ла
Қарайман заминга… Боқ, дейди Тангрим.
Қоп-қора сув узра қалқиган хасдек,
Чайқалиб турибди кичкина шаҳрим.
Зулматнинг бу зулмат хоналарида,
Йиғладим, бир оят ўқилганида.
Гоҳ қалқиб йиқилдим юпун бир бола,
Оч қолиб самога тикилганида.
Гоҳ йиллар шовқини бузар ёдимни,
Чақмоқдек гумбирлаб ўтади замон.
Кунлар келиб кетар эртани билмай,
Кунлар қарияпти сендек, онажон.
 
 
Мен эса қарайман ердан узилиб
Ўзимга, ўзимга… Кимсасиз хароб.
Йиллар ташлаб кетган унсизгина уй,
Деворига тегиб кўкарган азоб.
Не жафо – сўроғи ўзимдек дардкаш,
Ўзимдек ғамзада, ўзимдек сархуш.
Чирқиллаб айланар ой атрофида,
Тун – йиллар қаъридан учган қора қуш.
Шундай ўтиб кетди бари, онажон
Юрак изтироби, дардим меҳроби.
Шундай кечиб кетди мендан борларим,
Аста сидирилди дунё ҳижоби.
Бари ошкор бўлди, кўрдим дунёни,
Кўрдим, аламларни ичимга ютдим.
Дунё – бу тошқудуқ – минг йиллар аввал
Ташланган тош эдим, тубига етдим…
 
 
Олам яралди –
Кейин Одам.
        Аста-аста торайди кунлар…
        Кейин… Оламми, одам…
        Билмам –
        Оловли мавжларда кетдилар сузиб
        Қоп-қора дунё.
 
«Гапиришдан аввал –…»
 
Гапиришдан аввал –
Юрагимга кириб кўр,
Юриб кўр:
               Оёқ яланг!..
 
 
Йиртиқ-ямоқ тўнингни тўша!
Ўтир, йиғла…
Шаффоф қудуқ, нур тўла ҳужра –
Ўзингга боқ, ўзингни ўйла!
 
 
Ўтир, йиғла, саҳро – қум тўзон,
Орзули қул, орзули ҳашам.
Ит ҳуради силжимас карвон,
Ит ҳуради кўринмас йўл ҳам.
 
 
Гапиришдан аввал –
Юрагимга кириб кўр,
Юриб кўр:
               Оёқ яланг!..
 
«Само…»
 
Само.
Бир нафас нигоҳ.
Қориштирар оқни қорага,
Қорани оққа…
Сен эса сузиб чиқаверасан
Саёз рангсизликдан
бўшлиқлар томон.
Ўтаверасан…
Гўё эсингда йўқ
Қолгансан, бир бўлак аччиқтош –
Сўзинг –
Аччиқ-аччиқ изтиробларнинг
Эшигида хўрланган ошиқ
Тилагидек қўлсиз, оёқсиз…
 
 
Само.
Бир нафас нигоҳ.
Қориштирар оқни қорага,
Қорани оққа…
 
«Айтгин, бу феълимда…»
 
Айтгин, бу феълимда
мен нима сездим,
Ахир истагимми
ўзимни кўрмоқ.
Нимани ёд этдим,
нимани билдим,
Қалбимда йиғлайди
шугина сўроқ.
 
 
Мен қайга қочайин
ҳар томон зулмат,
Дилимни пардалар
босқинчи риё.
Ҳар қадам офатдур,
ҳар нафасда жон,
Ўзимни қиймайди
ўзимга дунё.
 
 
Гўзал исмингми бу –
орзуим хилқат,
Жаранглаб турарми
руҳлар занжири.
Сен ҳамон ўшами
ўзинг ҳам билмас,
Аллоҳнинг ердаги
буюк асири?..
 
РАУФ ПАРФИ
 
Мен бир гадо… Сен шоир…
Жисмимни азобда куйдирдим.
Куйдирдим, ай кўнгил ғам бирла,
«Ичимда ўлимни ўлдирдим».
Ўлдирдим садпора дилимни,
Жонидан минг бора тўйдирдим.
Йўқ, даҳрий атама сен мени,
Ўзимга ўзимни суйдирдим.
 
 
Мен бир гадо… Сен шоир…
Дил – гадолиғ тушди роҳимга.
Кимга керак бир фалак ёшим,
Бир малак ғам учди оҳимга.
Сен эса кел, музтариб тундек,
Яқинроқ кел менинг қошимга.
Бир сўз ёзгин қазодан оғир,
Ёзолсанг бу қабр тошимга.
 
 
Мен бир гадо… Сен шоир…
 
МУНЖИЁТ 33
  Нажотга элтгувчи. Дил меҳроби


[Закрыть]
Абу Ҳомид Fаззолий
I
 
Дил
балиқни ҳийла билан
дарё тубидан чиқарди.
Қушни ҳаводан ерга келтирди,
бу дил.
Дил – подшоҳ!..
 
II
СЎФИ ГУЛ
 
Бу кўҳна уй – очунда,
Дил ғарибу, мусофир.
Айладим руҳ васфини,
Туйғулар ила тафсир.
На сен ва на ул макон,
Тушмас руҳим шаклига.
Интилгувчи олам бор,
Боғлиқ турар аслига.
У латифдир, жавҳардир,
Фаришталар жинсидан.
Бир ҳақиқат ўқидим,
Гул руҳимнинг шарҳидан.
Дил маркаби вужуднинг
Ҳар тарафи хатардур.
Гоҳо очлик қийнайди,
Бу дилга шум хабардур.
Дил амрига шайланиб,
Чиқди оёқ-қўлларим.
Боғлар ғазаб илкини
Тун лашкари – кўзларим.
Аммо йиллар бераҳим,
Титиб ошиқ дилимни –
Сочиб кетди шабнамдек
Оппоқ сўфи гулимни.
 
III
 
  Дил яқиним.
                     Кўз бегона,
                     Лаб бегона,
                     Қўл бегона…
 
 
  Сенга ташна олам –
  дил туйнугидан
                    кирдинг,
  Қарадинг!.. Ҳей-й ошиқона.
  Кумуш ҳалқаларда айланди замин,
  Ой сирғалиб тушди гул яноғидан.
  Қанотлари ёқут,
                                         мангу ёнарқуш –
  Олов патларини сочди бошингдан.
 
 
  Сен бир ҳол,
  Мен бир ҳол –
  Кулдим, йиғладинг,
  Тошдек юрагингга қўйиб бошингни.
  Тунни хоксор қилган
  Осмон ҳайбатинг,
  Юрак ҳайратига
  Қорди ёшингни.
 
 
  Дил яқиним…
 
IV
 
Хаёл – хазинабон.
Fазаб – увлаган бўри.
Харислик – тўнғиз.
Ҳасад – девнинг ҳийласи.
Ақл – фаришта…
Танда исён қилар
            йиртқич ҳайвонлар,
Уйғонади гўзал малаклар тонгда…
Дил – подшоҳ!..
Гоҳо диллар қолар зангвор ва тийра.
Ай, фалак дори!
Ай, нигунсор дил, дил-л-дор –
Ахир сенда йўл бор малакут сори!
 
«Нафас – тасбеҳ…»
 
Нафас – тасбеҳ
тинмай ўгирар,
Кўз қирига тушган бу ҳаёт!
 
 
Аср ва Шом!
 
 
Кун кўп.
Ўлчанмаган бу ойнинг қадри.
Васвасага солар тун бўйи
Қуёш кўрган туш:
 
 
Аср ва Шом!
 
 
Бир тош йўл…
Оралиқ – уйқу.
Икки томонга шошаётган
кунлар – умр оқими.
Таёққа суяниб ўтиб қайтар вақт.
 
 
Аср ва Шом!..
 
«Бу тонгми – зим-зиё…»
I
 
Бу тонгми – зим-зиё,
Бу дилми – нигун.
Бу сирми – экилган –
Илдизи чуқур.
Бу ёшми – кипригим юмалатган тош,
Синган синиқлари жонимга ботган.
 
 
Бу ишқми – кўксимда игнадек азоб,
Бу нурми – қонимга туташган учқун,
Бу руҳми – тушимда кўкарган майса,
Бу жонми – танимдан айро бир устун.
Бу ғамми – бўғзимда зардадек аччиқ,
Заъфарон умримни қайнатган садо.
Бу йўлми – юрагим хилхонасида,
Тонгларни тиланиб кўз очган гадо.
Бу тунми – азоби дардимдек оғир,
Руҳимдек паришон, дилимдек бебош.
У йиғлар кўнглимни совқотган ери,
Жимгина қайғуриб гуллаётган ёш.
Бу кунми – тополмай кездим ҳисларин,
Иссиқ шамоллари дардимга ўхшаш.
Ичимда оёғи куйган қуш – жоним,
Бу сенми – ҳар томон югурган оташ.
Бу дилми – мен келиб кетган у олам,
Ўн саккиз минг даргоҳ қўнимгоҳларим.
Қайсида шоҳ эдим, қайсида ғариб,
Қайси йўлдан калта қайтди йўлларим.
 
 
 Қайси ҳаёт эди минг бора келиб,
 Минг бора ўзимни алдаган ҳаёт.
 Нилуфар нигоҳинг руҳига чўмиб,
 Бир хабар йўллаган, қанотли қўшиқ:
 
 
 Учди қушлар, баланд учди,
                     Учди тунлар уйқуси.
                     Осмон каби ёришмади,
                     Бу кун, эрта қайғуси.
                     Қайтарми кун кўк асоси –
                     Оқ нурларга суяниб.
                     Булут – осмон чориғими
                     Келар аста кўтариб.
                     Учди қушлар, баланд учди…
                     Англолмадим сирини.
                     Гул баргига чизиб бердим,
                     Юрак турган ерини…
 
II
 
Бу сен – тун алдамайди…
Бу дил – ўзинг айт!..
Бу кун – тошга ўхшайди…
Бу ишқ – ўлим ва ҳаёт…
Бу йўл – кўнгил овунчи,
Бу йўл…
Кўзларимга қадалган байроқ.
Ўтди йиллар, кундуз соғинчи –
Руҳим билан олишган тупроқ.
Қизғалдоқ сув чириллар яна,
Гирдобида айланар кўнгил.
Томоғимга тиқилган майса –
Юрагимни ёриб чиққан тил.
Бу сен – тун алдамайди…
Бу дил – ўзинг айт!..
 
«Бугун кеча ранги…»
 
Бугун кеча ранги,
                               ўзгармади ҳеч,
Қолдим бу юракнинг қоқ ўртасида.
Довдирадим –
Қўрқув ичидаман –
                               Қўриқлар шубҳа…
 
 
Узоқлашдим сендан, жазирамада,
Қилич ўйнатади жизғанак офтоб.
Самодан отилиб тушдим саҳрога,
Йўл бермас сароб.
 
 
Зорлиман,
Бўғзимда одимлар нафас,
Бир қадам…
           етгулик йўл бор юракда.
Осмон ташиб юрар изтироб сувин,
Тундан қолиб кетган
 эски элакда…
 
«Ёмғир ёғар –…»
 
Ёмғир ёғар –
Яшил, қизил, қора томчилар.
 
 
Тун афсунгар,
Тун сирли хилқат,
Айлантирар ёмғирни қорга.
 
 
Эрта тонгда қор билан уйғон!..
 
 
Оёқлари музлаган қуёш
ўтиб борар аста уфқдан
қолдирганча игнабарг излар…
 
 
Сарсон кундуз,
Сарсон кеча –
яшил томчиларга кетар бўлиниб
                баҳор ўйлари…
 
 
Тун афсунгар,
Тун қора хилқат –
Ўчиради пуфлаб хаёлни.
 
«Бедаво кун…»
 
Бедаво кун…
Кийдим хаста юрак жунунин.
Тун зиёси кўзимни олди –
Бир ун берди шамолдек юпун.
 
 
Бедаво тун…
Асир олди хайли хобимни.
Дил дорига ёйиб қуритди,
Намиққан оқ изтиробимни.
 
 
Бедаво ишқ…
Элитгай тонг, сукутсиз уйқу.
Тушдан ўзга кетиб хайрлар
Ялтирайди ер – қора кўзгу.
 
 
Бедаво дил…
Даво истаб ўтдек тўлғондинг.
Мен тош қотдим,
                                   сен қушдек енгил –
Кўзларингни очдинг, уйғондинг…
 
 
Бедаво кун…
 
«Ишқдирман…»
 
Ишқдирман,
Ишқдирман –
Юракка қамчин!
Ёмғирсиз, соясиз бошингда турган
Тошбулут,
             тошбулут гумбирлаб тинган.
 
 
Ишқдирман –
Тегрангда айланган олов…
Ишқдирман,
Дил кулар музтариб шеърдан.
Яна дард,
             яна сўз,
                                 яна бу исён,
Суғуриб олади руҳимни ердан.
 
 
Ишқдирман,
Ишқдирман –
Манам бир одам,
Авжи қаҳратонда юз очган гулруҳ.
Кўнглим чироғини кўтариб қирқ йил
Юрган лаъийн – дунё
             "уҳ" тортади, "уҳ-ҳ-ҳ.."
 
«Севардим, суйгулим, лоларуҳ осмон…»
 
Севардим, суйгулим, лоларуҳ осмон
Сен ҳақда сўзларди сирли афсона.
Дилингга жон қадар яқинроқ эдим,
Сенга ошиқ эдим, эмас бегона.
 
 
Севардим, суйгулим, сўзон юлдузлар,
Ўғирлаб кетарди шайдо дилимни.
Улар ҳам мен каби телба, девона,
Ёритиб борарди тунги йўлимни.
 
 
Севардим, суйгулим, кўксимга жойлаб,
Юракнинг ул оғир зарбаларини.
Чуғурлашиб тонгда очарди қушлар,
Сукунатнинг оппоқ кулбаларини.
 
 
Севардим, суйгулим,
                                                     севардим шундай,
Ҳануз хаёлимда ул гўзал лаҳза:
Сен гўё малика оппоқ либосли
Ишқим осмонидан тушган Фаришта.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации