Электронная библиотека » Хабиб Абдуназар » » онлайн чтение - страница 4

Текст книги "Дил меҳроби"


  • Текст добавлен: 29 апреля 2024, 11:20


Автор книги: Хабиб Абдуназар


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 5 страниц)

Шрифт:
- 100% +
«Қароғингда беҳишт боғлари…»
 
Қароғингда беҳишт боғлари,
Меҳрнур бор кафтингдек илиқ.
Fамим – асо суяндинг, она…
Руҳим синиқ, юрагим синиқ.
Адашдим тун, йўллар хаёли,
Дийдорингни тўсди иссиқ ёш.
Болам дедим, рўзғорим дедим,
Олисладим ёнингдан бир тош.
Ёлғиз кулба, она, ёмон туш –
Йиғлатдими ўтмишим, эртам.
Ёки нурсиз, сарсон кунларим
Келтирдими кўзларингга нам.
Бизлар ўсдик, улғайдик, умр
Қирқдан ошиб берди нишона.
Тун, тонгларни бошини силаб,
Ҳануз эртак айтасан она.
"Қуёш юзин тўсган аждарни
Маҳв этмоққа кетди уч ўғлим.
Уч ўғлимни қул қилди аждар
Бири эса кўз тиккан йўлим!.."
Бу эртакнинг давоми – ҳаёт,
Аждар – нафсим қонли кўйлагинг.
Шамол, бўрон… Қайтаман енгиб,
Балки тугар шунда эртагинг.
Қарайсан, тонг, эшик ортида
Қўл чўзиб нон сўрар девона.
Мен ҳам кетдим аждар ортидан,
Сен омонлик тилаб тур, она!..
 
«Севинтир Осмоним…»
 
Севинтир Осмоним,
Қувонтир Кўнгил!
Руҳимдан сиқиб ол бир томчи ёшим.
Гулларга олиб бор, овунтир тунда
Юракка бўлиб бер, ғам – иссиқ ноним.
 
 
Анҳорни тилаб ол, шилдирашида –
Бир ширин энтикиш –
                                                    мавжли камалак.
Ҳар баҳор гулларга бўлар овоза
Севгимиз мактуби – учган капалак.
 
 
Бахтнинг кенг ложувард чегарасида
Турган вақт – кўзлари ўткир айғоқчи.
Кўксимиз майсазор –
                                яшил соғинчни –
Йиллар ўриб кетар – эски ўроқчи.
 
 
Ой боғлар дилимиз бир боғ бедадек,
Хушбўйин чақирар алдамчи юлдуз.
Дардинг оч, тан ёриб чиқарар қанот,
Асрлар оралаб шом – тилла қўнғиз.
 
 
Севинтир Осмоним,
Қувонтир Кўнгил!..
 
ЁЗ ШАРҲИ
 
Иссиқ ҳаво –
            Куйдирар тупроқ,
            Осмон куйдирар.
 
 
Бу кўнгил ҳовури сапчийди кўкка,
Бу кўнгил босади ҳаволар дамин,
Ай-й, бу ҳаволар…
 
 
Инига бош суқиб чирқиллайди қуш –
Руҳ, замин безовта,
                                безовта юрак.
Ит ковлаб тупроққа босар кўксини,
Ер оташ,
Ер олов…
 
 
Бу олов ичидан димиққан ҳаёт,
Симириб ичади салқин саболар,
Сидириб олади намиққан нафас,
Ай-й, бу саболар…
 
 
Бу олов ичинда ташналаб севги
Қайноқ сув келтирар оппоқ челакда.
Сочлари иссиқ,
Юзлари иссиқ…
Иссиғи бор лабларининг
                                бу ўт юракда!..
 
ЧУМОЛИ, ҚУРБАҚА, ҚУРТ ҲАҚИДА
 
Денгиз соҳилидаги чумоли…
Қурбақа суратидаги фаришта…
Сув остидаги тош,
Тош ичида ғимирлаган қурт,
Тош ичида унган кўҳна туйғулар,
Қурбақаларда учган дил –
Осмон сурати –
Руҳназар денгиз,
Соҳилида қум ютган ўйлар…
Тошдан-кўкка ўрмалаган қурт –
Ой юзидан томган томчилар.
Чумоли, қурбақа…
Аммо қурбақалар йўқ.
Денгиз соҳилида туриб
Қичқирар чумоли –
Чорлаб тинмай қурбақаларни,
Бўғзида сарғайган бир дона Сувгул.
 
«Тун ва кун синади сабримни…»
 
Тун ва кун синади сабримни,
Руҳимни қайирди бу гардун.
Жонимга боғланди ғамларим –
Қирқ афсун.
 
 
Қирқ малак айланиб бошимда
Қирқ йўлга солдилар оҳимни.
Юварми қалбимни бу тупроқ –
Ай-й гуноҳимни…
 
 
Сен бордек турибди хаёлим,
Сен бордек юрибди одамлар.
Онажон, санайди қайғумни –
Руҳсиз қадамлар.
 
 
Руҳсиз дил, юракка чирмашиб,
Қарайди йўл – соғинчли кўча.
Тун – ғанимга айланган бу йўл –
Дўст каби кеча.
 
 
Дўст каби ой, осмон каби дўст…
Бир дўст эмас, йўқ, айтар бўлса –
Мендек ўғил, ғариб дил дардин
Айтади ҳамма.
 
«Сен…»
I
 
Сен…
Ва яна,
Сеҳрли туйғу –
Дилтортар субҳ…
Бўғзимгача келар йўлсиз, бенарвон
Нафасга йўғрилган
Лаҳза ороми…
Ва яна –
Тортилар самодан юракка қадар,
Юмалоқ товушлар –
Нур – умидларим –
Томчига айланган
Биттагина Сўз.
Ғамлар тўр ташлаган
Кескир кечалар…
Битта Сен…
Ва яна…
 
II
 
Ва
Яна
Нур –
Руҳ томирлари.
Кесар ой:
Томчилайди қон –
Қип-қизил шуълалар,
Уфқлар ранги…
Қонни экиб юрган тун ойнасидан
Топилади тонгда
Севги – пинҳон дард –
Армонлар учи.
 
«Тун ҳам, тонг ҳам Сенда яширин…»
 
Тун ҳам, тонг ҳам Сенда яширин,
Замин Сенда, осмон ҳам Сенда.
Қисмат – нишон айлана кунлар,
Ўқ ҳам Сенда, камон ҳам Сенда.
 
 
Сенда чароғ… Офтобга тутиб
Улғайтирдим мурғак онларни.
Мен билмаган гўзал исминг-ла,
Чорлаяпти шамол тонгларни.
 
 
Сенда манзил… Тушдим йўлингга,
Ёмғирларга кирдим намчил куз.
Ҳеч ортимдан юрмас хавотир,
Ҳеч изимдан келмас бирор сўз.
 
 
Сенда йиллар… Сукутли бўрон,
Сенда тупроқ, Сенда олов сув.
Гоҳо дордан ўтгандек қалқиб,
Хаёлимдан ўтар бир қўрқув.
 
 
Сенда кеча… Умидли кундек,
Йўлларимга дил чиқар пешвоз.
Бошгинамда сен эмас, йиғлар,
Ой шаклида тун берган овоз.
 
«Ёз…»
 
Ёз.
Нурлар тўкиб –
Саратондан из олди Осмон.
Илон изи,
Оёқ изи,
Қурт-қумрсқалар изи…
Бу изларда соя,
Бу изларда гул,
Бу изларда қолиб кетар
Зулмат тушлари –
Адашган кунлар…
Бу изларда –
Туя ўркачидек баланд-баланд
Қум тепалар –
Илоноғиз – хаёл инига
Ўт қўйиб ўтирар
Эртанги кун –
Аср болачалари.
 
«Ҳаммаси…»
 
Ҳаммаси…
Ҳаммаси бошқача бўларди –
Дилни олиб қолсанг дарахт ёнида.
Шохларга боғласанг оппоқ орзуни,
Чалсанг,
               қўнғироқдек кунлар уйғонса.
 
 
Ердан чиқиб қолган тошдек илдизга
Танғисанг кўнгилни чайир ипини.
Севги чирқилласа, тун – қора илон –
Ёйиб юборса гар зулмат тўпини.
 
 
Нигоҳинг осилиб тушса юракдан,
Бир ҳовуч нур отсанг кундузга.
Гурр этиб тўкилса дарахт барглари
Поклансанг,
               чўмилсанг заъфарон кузга.
 
 
Ҳаммаси…
Ҳаммаси бошқача бўларди.
 
«Ошиқ эдик, ошиқардек…»
 
Ошиқ эдик, ошиқардек,
Дил лабида ишқимиз.
Орзуладик, шайдо эдик,
Юрак – тилло кўшкимиз.
 
 
Ғижирлайди оёқ ости,
Самон эдик, хас эдик.
Аста-аста юрди осмон,
Оёғида ер – этик.
 
 
Индамайин кирди тунга,
Кундуз, шомларга ботиб.
Овчимиди тун кўзи-ла
Қўйди хаёлни отиб.
 
 
Энди юрсак юмшоқ ҳаво,
Толиқтирар юрак ҳам.
Дилни эса тарк этмади
Чеҳралари очиқ ғам.
 
ДУО
 
Севаман!..
Фаришталар омин деди.
 
 
Узоқ яшайман,
Чинордек узоқ…
Омин деди онам.
 
 
Кечир.
Билим-билмай қилган
Тошдек қаттиқ гуноҳларимни…
Омин деди авлиё.
Омин…
 
 
Фаришталар…
Онам…
Авлиё…
Кўкка юзландим,
Йиғладим унсиз.
Сен эшитдинг,
Узо-о-қ эшитдинг.
 
«Икки бармоқ ораси юрак –…»
 
Икки бармоқ ораси юрак –
Икки кунда ранглари сўлди.
Икки куннинг ўртасида жим
Турган дунё йиғлади, кулди.
Икки манзил тутиб қулоғим,
Сўзларини эшитдим, билдим.
Икки тошни уриб, чақмоғин
Юмалоқлаб самога илдим.
Ғаройиб кун, ғаройиб кўнгил,
Икки кеча айламиш фиғон.
Икки ёнга қарадим – Ўзинг –
Мен йўқману Сен бори замон.
 
 
Қара қуёш, ой ва булутлар…
Бунча иссиқ кўринди гардун.
Мен билмаган икки оламда
Билганларим айтиб юрар Тун.
 
«Дарё…»
 
Дарё.
Мавжланар, тошар…
Сузиб ўтар ундан бир томчи ёшинг
(Кўйлагини юваётган тонг…).
 
 
Майин ҳаво.
Ҳалқаланар
Томоғингда туриб қолган
зангори кунлар –
дард билан туғилган кечанинг умри
(Сочларингни силаб уйғонар юрак…)
 
 
Қора тупроқ.
Усти бошин қоқиб ўрнидан турар
Яшил майсалар.
(Миттигина лойсувоқ уйнинг
дарчасидан қарайди гул – руҳ…)
 
 
Гулхан ёққан қиз
ўтирар оловга тикилиб…
 
ЎТМИШ
 
Бу кампир боладай,
Дониш бола.
Гапирар, йиғлар…
Узуқ-юлуқ хотиралар:
Мен-ку ғанимат, Момони кўрай,
Дуосини олай демайди Мирзо!..
Эркиндан-ку гинам йўқ,
Яна кетиб қолди хотини уйдан…
 
 
Бир кун
Эшик уриб келди Рўзим чол:
– Ҳов Момо!
Бу болани саҳродан топдим,
Карвонга эргашиб йўлдан чалғибди…
Қўлида Мирзоми, Эркинми?..
Эсимда йўқ.
Аммо беқасам тўнига тумор тақилган,
Баҳовуддин дарахтидан олинган
Тумор, кўзмунчоқ…
Йиллар ўтиб у яна адашди,
Ҳаёт йўлларида адашди…
Момом демади,
Онам демади, отам демади!
Қайсар, ўжар…
Хотин қули бўлди, бу бола,
Ўғил бўлмади…
 
 
(Ҳаҳ. Хотин жонивора-а..)
Кимни айтаяпсиз,
Кимни, дейсанми болам?
Эсимда йўқ, эсимда…!?
Эркинмиди, Бахтиёрмиди?…
 
 
Кўзи, қоши…
Бегимқулбойга ўхшайди.
Бобосига ўхшайди Ғайрат…
У жуда бой эди.
Кўзмунчоқдек тизилиб келар эди
Бир ёқдан оқ, бир ёқдан қора
Сонсиз туялар, қўйлар…
Бойлигини талади.
Сургун ва Қамоқ…
Бу ёғи, бу ёғи дарбадар ҳаёт.
…Онанг-чи, кун кўрмади бечора онанг.
Урушга кетиб бенишон кетган тўрт ака,
Икки фарзанд доғи…
 
 
Айтгандек, Сен-чи болам,
Бирор бир сигир сотиб олмадингми?
Болаларингга сут-қатиқ бўларди!..
 
«1. Нега ҳаёт бундай…»
 
1. Нега ҳаёт бундай?..
Нега?.. Сўрайман сендан
эй дониш болам.
 
 
2. Ҳеч нарса айтма менга
Сирларингни сақлайдиган
ҳеч нарсам йўқ.
 
 
3. Гуллар, дарахтлар…
у дунёлигим эди!
У дунёлигим эдинг Сен!
Наҳот ажрашдик.
 
 
4. Хатлар ўз тарихини ёзади
қора қутиларда.
 
 
5. Асраб қол қалбингни!
Усиз ахир қандай яшайсан
эрта қайғусин.
 
 
6. Кеча. Кундуз…
Нима қилай айт?
Раҳминг келса-чи!
 
 
7. Йиғлама,
Қийнама Тунни
Тонгга ишонч йўқ!..
 
 
8. Эшикни оч, қара!
Ўзингдан бошқа ҳамма бор.
Ўзингдан бошқа…
 
ҚАВМ
 
Қай кун тошга суянди –
Йиғлади Ўғизхон,
Қай кун даричада барқ урди шуъла
Юкли бўлди Аланқувахон.
 
 
Дард симирмади –
                                  тунлар ичмади,
Хасталанган ой қийноғини.
Суюнч баломиди дунё суймади,
Босолмади йиллар тун чанқоғини.
Фалакдан ўрлаган нури хаёлим,
Уфқдан сачраган гиёҳнинг хоки.
Офтобдан таралган турфа вужудим,
Тупроқдан эланган ул Туркнинг қони.
Туғилаверди,
                                  бўлиниб кетаверди –
Неча бўлакка,
Неча уруққа.
Қўшилиб оқаверди ва лек умрлар,
Неча авлод ўтди,
Неча фарёддан –
Шамоил келтирди барқ урган шуъла:
Кўк Тангри амр этдиким,
Турк будун йўқ бўлмасин! Будун бўлсин!
 
«Осмон, Замин…»
 
Осмон, Замин…
Ва унда Сен, кўнгил қароғи.
Қайта-қайта кўчирилган кун –
Ишқ – юракнинг яшил буёғи.
Қайта-қайта айтилган кеча,
Ой кўксига олди бўзингни.
Осмон орзу ортида туриб,
Тун шамолга берди сўзингни.
Нурлар йиғдинг, руҳи санамлар,
Дилга тушиб чорлади ҳар кеч.
Бир сўз айтмоқ бўлди дарёлар,
Айтолмади, сен – айтилган сўз.
Сен – синиғим, гул хаёллардан
Аста тортдинг иссиқ қўлингни.
Мен – вазифа, шам ёруғидан
Олиб бердим Севги – гулингни…
 
«Юрагимга келиб йиғлади тонглар…»
 
Юрагимга келиб йиғлади тонглар,
Тунлар олиб қочди кун, ойларимни.
Осмон яқин келди, яқинларимдек,
Юлдузлар юпатди ойдинларимни.
Ўйладим онамни – дилни ўйладим,
Эгилган осмонни, йўлни ўйладим.
Заъфарон кундузлар кечди ёдимдан,
Руҳимни силаган қўлни ўйладим.
Айланиб тунларни кўрсатди бу ер,
Айланиб тонгларни кўрсатди бу ер.
Юрак сен ҳақингда сўзладим тинмай,
Нега онам ҳақда ёзолмадим шеър?
Тупроқлар сўз эди, тошлар сўз эди,
Онам дардларини айтарди беун.
Энг катта шоирдек тўлишарди ой,
Энг кичик шоирдек йиғлар эдим мен.
Дардим ўхшар эди ахир онамга,
Юрагим ўхшарди хафа ва дилгир.
Юрак, юзларингга термулдим узоқ
Нега онам ҳақда ёзолмадим шеър?
 
 
Тонгда униб чиқди онам қабридан,
Мунгли оҳангларга йўғрилган ёмғир –
Осмон битиклари – лола, гул, майса,
Мен йиллар ўртаниб ёзолмаган шеър.
 
«Бир бўлагим…»
 
Бир бўлагим
қушнинг тумшиғида.
Бирини чақирдим,
дилтоғга кўчиб кетган эди.
Бирини юлиб олдим чумоли оғзидан,
Бир балиқ… Бири бўри…
Ҳайдадим барини
жарлар ёқалаб (чўпони ўзим).
Паст-баланд умрлар
Паст-баланд йиллар…
Умр – тун қўбизин чалади чўпон,
Ҳей-й-й…
Далада ёлғиз қолган ой,
Ойда ёлғиз қолган кўнгил,
Галасидан ажралган бўри…
Қўзигул истаклар –
Дашту далаларда йўқолган куним
Ва йиғлаб уйига қайтмаган бола –
Бир бўлагим…
 
«Довули ором вақти…»
 
Довули ором вақти…
Тўлишди ором…
Дардим улканлашди
Аср номозининг сояси довур…
Осмон сояси довур…
Ер сояси довур…
Йилларга қорилиб кетди, адашди,
Бармоқда мен санаб юрган бу кунлар…
 
 
Довули ором вақти…
Гуллаган ором…
Оловда гуллади бу иссиқ нонинг,
Дард билан гуллади юрагим…
Баҳорлар довур,
Қиш, ёз довур…
Чегара билмади,
Фақат бу йўллар…
Маънисиз туюлди, қуёш тиғида
Кўрган туш – кундузда қолиб кетган тун.
 
 
Довули ором вақти…
 
ЖАВҲАР
Манзума
 
Кишан кийма,
Бўйин эгма,
Ки сен ҳам ҳур туғилғонсен!
 
Абдулҳамид Чўлпон.

 
Қай тилсим, бу тилсим
манзил – ломакон.
Руҳимдан ситилган
қон рангли тушлар.
Соғинчнинг қароғи
яшнаётган чўғ,
Соғинчнинг сўроғи
қайтмаган тонглар.
 
 
Қай тилсим, бу тилсим
жавҳари одам,
Дилфигор руҳимга
осилган тумор.
Қақшаган йўлларим
жарлик тубидан,
Зангори дилимга
ўрлаган бир дор.
 
 
Қай тилсим, бу тилсим
тўзғин коинот,
Нурларидан тутиб
йўлга кирдим мен.
 
 
Бу тўзон, бу вайрон
қисматдан қочиб,
Вал охир жонимни
Сенга бердим мен.
 
 
1. Осмон тарихи бу, самовий тарих,
Юлдузлар дарс олар кечаги кундан.
Бугунги кун бирла тин олар замин,
Эртанги кун бирла мен йўқман дунё!
Мен йўқман, саҳройи йиллар қўнжидан,
Қўйнингга тўкилган бир сиқим тупроқ.
Мен йўқман, оловли туғлар остида,
Кетиб бораётир аламли фарёд…
Ахир бу ерларда дайдийди бўрон,
Қон кечиб яшайди шармисор бир бахт.
Қоп-қора тун бўлиб чайқалади боғ,
Қоп-қора шамолдек йиғлайди дарахт…
 
 
2.Уфққа термулиб турган тош аёл,
Тош қафас, тун, девор ва занжир, яна –
Субҳ йўлларида кунни қадамлаб,
Ўтиб бораётир муаззин, бола…
 
 
Ўтиб бораётир бир эртак каби
Бизни ташлаб кетган боғи эрамлар.
Боқиб ҳолимизга йиғлар муаззин:
"Алал фалаҳга ҳам турмас одамлар".
Аллоҳу акбар,
Аллоҳу акбар…
 
 
3.Азон – Аллоҳга қараган умидим,
Азон – Дил ҳужрасин ёритган субҳ,
Азон – Осмонимга айланган тилсим,
Азон – Юрагимда яллиғланган чўғ.
Азон… Она, дейди…
Она, бу қўшиқ кимнинг қўшиғи.
Она, Отам ҳам шундай айтармиди?
Она, қорним очқади,
    Нон бер!..
Она, онажон-н-н-н…
Борлиқни куйдирар бу ғариб нола.
Саждагоҳ. Ҳувиллар уйнинг тўрт буржи,
Ўпиб жойнамозни йиғлайди она.
 
 
Бир йил, икки йил…
Айланиб келади чархи кажрафтор,
Айланиб елади қанча фасллар.
 
 
Хазонрез боғларда синиқ умрнинг,
Изларини ёпди доғланган хазон.
Бир зиндон изладим тушмоққа, лекин
Зиндон тубларидек кўринди Осмон.
Бир хилват изладим ўлмоғим учун,
Юрак буржларига осилди сиртмоқ.
Ёр васлин шавқида учмоққа руҳим,
Тобутдан ясади жисмимга қанот.
 
 
Бир йил, икки йил…
Яшнаб адо бўлди чўғ каби гулим.
Дарёдек титрадим, урилдим ҳар ён,
Тоғ-тошлар кўчмади, қайрилди йўлим.
 
 
Сарсон ёмғир ичра, қароғлар ичра,
Дилимга ўраниб тун кезди қайғу.
Юлдуз хиралашди, тун эса қаро –
Ўлимга ўхшайди бу оғир уйқу.
 
 
Бир йил, икки йил…
 
 
4.Беш йил…
Панжара ортида қолган қалбимни,
Тошмармар сингари силадим – совуқ.
Ва босдим юзимни, қароғим ичра
Сувлиғ сукутларим чайқалди узоқ.
Телбавор айландим, бошимга тушиб
Минг савдо оқарди, оқарди сочим.
Бедор кунларимни ёқди юлдуззор,
Лек кўкка етмади мажнун овозим.
Саркаш туйғуларим, дарбадар шамол,
Эсар азобларим соғинчи бўлиб.
Мен нени изладим бу хаёлотдан,
Тошдай нигоҳимни заминдан узиб.
Мен нени изладим, не керак айтинг,
Не роҳлар ёдига тушдим ғариб из.
Юрак садоланар: – Шамоллар қайтинг,
Қайтинг, тун ҳақида айтурман бир сўз!..
 
 
Ёмғирлар ёғдилар, ёғдилар оғир,
Тупроқ кўчаларнинг хаёли тинди.
Ёмғирзор кечада йўл излар сарсон,
Адашган бир бола кўзларим тинди.
Ортимдан келар у бесўз, бенаво,
Сочилган гулларга чўзганча қўлин.
 
 
Ариқлар бўйида толғин уфқнинг
Нурлари ичади заъфарон сувин.
Қорайиб тўкилар янада сирли,
Осмон рангларига қоришган гулим.
Жунун занжирига боғланган итдек,
Ҳар томон югурдим ҳансираб дилим.
Майсалар жилади сув мавжларида,
Пойимга илашар фуруғли жола.
Эгилиб сувларга тўкар дил розин,
Ортимдан эргашиб юрган шу бола:
"Сув тагида Сулаймон,
Сиздан мадад сўрайман.
Уйга меҳмон келганди,
Таҳорат сув сўрайман…".
Сувлар сафоланди, сувлар нурланди,
Тушларимга инди маҳзун саболар.
Пинҳон ўйларимни босгандек ғубор,
Пинҳон дардларимга қўнди хазонлар.
Шамоллар супурди, тўлқинлар ювди,
Моғорлаб қуриган дардим тошини.
Бу анҳор ёшимга қўшиб бердилар
Дарё ёшини…
 
 
Осмон сафоланди сув юзларида,
Заъфарон ҳалқадек ёйилди ой – руҳ.
Ҳалқалар ичида хор вужуд янглиғ
Тебраниб, тебраниб гуллади андуҳ.
 
 
Сувлар сафоланди, сувлар нурланди,
О, ғариб ёдимга келди бу кеча.
 
 
Сувойдин, бу умр шивирларига,
Оҳиста бош қўйди, туш кўрди бола.
Тушида бир жаннат, гуллаган боғлар,
Кавсар сувларида солланган товус.
Бошларида тутиб ям-яшил туғлар,
Ўтиб борар эди қанчалаб маҳбус…
 
 
Сувлар сафоланди, сувлар нурланди,
О, ғариб ёдимга келди бу кеча.
Сувойдин, бу умр шивирларига,
Оҳиста бош қўйди – туш кўрди бола.
Тушида ёқутдек безанган масжид,
Масжидга суянган ул ёруғ йўллар.
Устида борарди тебраниб тобут,
Гўё – Арш мангуга узанган қўллар…
 
 
Гўё туюларди, тонгга-да қийин –
Бу оғир тушларни кўтариб турмоқ.
Ва ёки уйғониб ўз қўлларингда –
Азобдир зилдайин занжирни кўрмоқ…
 
 
Хаёлдек титрайди абрли осмон,
Жон каби узилар бўғзимда садо.
Тонг. Қўшиқ янграйди, бу ўша Азон
Бола тамшанади:
    Ота, Ота-жо-н-н?..
Бола йиғлар эди, энтикиб хобда,
Қорайиб борарди тун қадар борлиқ.
Борлиққа кўмилиб нурли ҳижобда,
Аёл айтар эди ғамли бир Қўшиқ:
 
 
Тун. Уйқуда бўзлама, болам,
Қон дилимни тиғлама, болам.
Шафқатсиздир асли дунёлар,
Дунёсига йиғлама, болам.
 
 
Эшитдингми нола қилар най,
Уфқларда қотган қароғи.
Гумбурлайди самовий тошлар,
Келурмисан ваҳшат хаёли.
 
 
Келурмисан куним, азобим,
Вужудимга айланган қафас.
Ой юзида қолдирди доғлар,
Тунлар чуқур олганда нафас.
 
 
Тун. Уйқуда бўзлама, болам…
...................
… Шамол эсар. Ой ёғдусида –
Fижирлаб боради эшак ароба.
Ниманидир аста хиргойи қилар,
Яна ниманидир пичирлар Аёл:
"Тошлар қоч, йўлимни оч!.."
Кимдир савдойи, деди бу аёлни –
Ақлдан озган. Шўрлик…
Эри қамалди-ю шу кўйга тушди.
Отамерос ёлғиз тегирмонини,
Тортиб олиб тунда урдилар итдек.
Энди эса… Кўзига ёш олар –
Ёстиққа бош қўйсам оғрийди бошим.
Букчайиб эгилар қаддим толдайин,
 
 
Бунчалар оғирсан, ай қисмат тошим.
Бунчалар оғир…
 
 
Шамол эсар. Ой ёғдусидан –
Fижирлаб ўтади эшак ароба.
Ниманидир аста хиргойи қилар,
Яна ниманидир пичирлар Аёл:
"Тошлар қоч, йўлимни оч!..".
 
 
5. Чуқур ҳасрат каби
бўзлаган зиндон,
Панжара ортида ой – мискин нигоҳ.
Тун, зикр тушади бу тош деворлар,
Ё Аллоҳ…
Акс садо –
   кишанланган нур.
Мана бу минг йиллик зулмат шарпаси,
Буниси симларга чандилган қамоқ,
Ҳақ банда, бандилар галаси…
 
 
Ё Аллоҳ,
Муаззин шивирлар: Имонимни бер!
Бергин руҳ сурурин, сўнмакда маъво.
Қорайган зулумот исканжасида –
Бу йигит жонимга урди минг бало.
Фусункор тебранар ажалми, билмам,
Ёнар қон рангида тош қотган устун.
Нечун хиёнатлар урчиган юртда,
Ҳануз элсизману, дилсизман – забун.
Нечун жон талашгай, бу макруҳ танда,
Гуноҳлар, фасодлар бозори – дунё.
Жонимни ол магар ғофидир банданг,
Ошиқи фаноман, ошиқи фано…
 
 
Тошлардан тошларга урилиб, синиб,
Умр ҳам оқарди оққан каби сой.
Самонинг қайсидир буржида ғамгин,
Қиблага оҳ тортиб йиқиларди ой.
 
 
Мен кечикиб турдим, мен кеч уйғондим,
Оловли кўнглимга тўлганди садо.
Саждагоҳ. О, субҳи ибодат янглиғ
Менинг кўз ёшларим бўлганди қазо.
 
 
Фалакнинг бўғзида куйганди нурлар,
Қайси бир кулбада ўчганди чироқ.
Ай Чўлпон44
  Абдулҳамид Чўлпон. Дил меҳроби


[Закрыть]
, самода сўнмас юлдузим,
Сенсиз оғир бўлди, ахир йиғламоқ.
 
 
Бу кун дунё қолди, аламлар қолди,
Зулматлар кўзларим ёпиб ўтдилар.
Шилдиратиб оғир кишанларини,
Тунда Муаззинни олиб кетдилар.
 
АДАМ

Тушларингни яхшиликка йўйдим.

Тушларингни асрадим, тушларингни суйдим… У менинг армонларимга, хас-хазонларимга ўхшайди…


 
Юрак деворидаги ёзув.
Осмон…
Дил – шамлари ёнмаган кулбам
зимистон, зимистон…
 
 
Йўлларингда ундим ям-яшил майса,
Осмонингга чиқдим ғуж-ғуж юлдузлар,
Ёришмас кундузим, ёришмас кеча.
Ёришмас кунларим, рўзим, рўзгорим –
Кўзимга кўмарман киприк – яроғим.
Бу тош юрагимни ёриб чиқарман,
Унарман, шамолда ёнар япроғим.
Унарман, руҳимда шитирлайди куз,
Шитирлайди осмон тунд, мотамсаро.
Лаҳзаки мен уни кўрмоқ истадим,
Ўз рангида шундай эдими қаро.
Ўз рангида шундай қоларми шафақ,
Шундай қолармиди жимлик бесутун.
Бўғилиб сўрарман, сўрарман такрор,
Бу жимлик бормиди минг йиллар бурун?
Бормиди ой – минор кунгурасида –
Тонгга чорлаётган, йиғлаётганлар,
Зулмат одамлари бемаҳал тунда,
Эшик очаётган, ёпаётганлар…
 
 
Сарнигун йилларнинг саҳнида ёниб,
Кўзимга сачрайди шафақлар қони.
Юрак туйнугида йўқолган нурдек,
Тунда узилади Муаззин жони.
Енгил нафас олар гўё коинот,
Охирлаб қолгандек дунёвий иш ҳам.
Суякдан ясалган ул садаф кишан,
Кишанда маҳлуққа айланган одам.
Кишанда синиққан бемадор кунлар,
Кўксимга бош қўйди япроқдек енгил.
Ўша кун шафқатсиз фоний умрнинг
Совуқ дунёсидан узилди кўнгил.
Ўша кун кўчирди мудҳиш бир овоз,
Тош қотган хаёлим деворларини.
Бу овоз чақмоқдек ёритди тунда,
Зиндон деворининг ёриқларини
(Илонлар, чаёнлар овоз бердилар,
кўзларини олиб қочди бу ёруғликдан…).
 
 
Ўша кун телбани озод қилдилар,
Ўша кун қуёш ўзгача порлади.
Ўша кун озодлик сўзин эшитиб,
Телба аччиқ-аччиқ йиғлади:
 
 
"Худо бор!
Исми – Раҳим,
Исми – Раҳмон!
У бизни кўрар, эшитар, билар!
Ой, бу қадар кичик эмас эди ой,
Бу қадар эгилиб турмасди осмон…"
 
 
Телба…
Деворга чизади нимадир –
Ёқмайди,
Ўчиради…
Туфлайди…
Санайди бармоғин:
Бир, икки, уч…
Бунча имиллайсан кунларим – қуёш?..
Кафтларига аста ёғади ёмғир,
Сочларини аста силайди шамол.
 
 
Ёмғир – маҳбус,
Шамол – маҳбус,
Осмон – маҳбус…
 
 
Телба…
Қарши олар соғиниб тонгни.
Карнайдан келади шовқинли овоз,
Карнайда янграйди бир сўз:
                                    О з о д л и к!
 
 
Ҳайқиради телба қўлларин ёзиб:
Озодман, озодсан –
Ёмғир, тонг, кеча…
Нега далаларда сен йўқсан ёмғир?
Нега шивирламас исмингни майса,
Нега?..
 
 
Ҳайқирар, қаердан бу нажот, бу сўз,
Ичидан отилиб чиқар эрк – қуёш.
Ва осилиб қолар киприк – симтўрга
Бир дона атиргул –
Бир томчи кўз ёш.
 
 
6.Ишқиё, гулларнинг яшил бандига,
Ўралди оламнинг сарғиш тонглари.
Қабрлар бошидан келган одамнинг,
Юзидек чуркади осмон ранглари.
Булутлар гоҳ шошқин, гоҳида ўйчан,
Лоппиллаб ўтдилар, бағридан куйик –
Бир ҳид келаётир, қисмат ерида
 
 
Аллалаб тургандек руҳимни тобут.
Мен-да бўйродирман,
                    Мен дайди фироқ,
Кимсасиз йўллардан топилган жасад.
Маҳбусдек ойсиз тун чоҳига чўккан,
Сирли наводурман ва ёки ҳасрат.
Инграб айланади чархим, давворим,
Бир ютум сув бергин эвоҳ чархидор.
Чанқоқ юрагимни симтўрларида,
Аччиқ сазо берар дарбадар азоб.
Мудҳиш садо берар ихрож шамоли,
Мардуд хаёлларга ошино жунун.
Чоҳларни тўлдириб учгандек жисмим,
Учар тун қўйнида кишанбанд гардун.
Кимсасиз йўлларга тушдим оҳ ила,
Руҳимга кўз тикди кимсасиз манзил.
Борурман сен сари ғамзода кунлар,
Борурман илкимда яролиғ кўнгил.
Борурман нураган кулбалар узра,
Мусибат шаҳрининг харобалари.
Дафназор ёнидан ғижирлаб ўтар,
Очлик дунёсининг аробалари.
 
 
Тўхтанг Сиз! Беватан,
                        кўчманчи ҳислар,
Бу йўллар сўнгида турар бир мозор.
Бу мозор бошига ҳар кун, ҳар саҳар,
Бир аёл келади мискин, дилафгор.
 
 
7.Бу отанг қабри, деди Аёл.
Йиғлади, титради…
 
 
Бехос атрофида ўралашгандек,
Қандайдир товушлар – руҳлар шарпаси.
Гўё сағанага илиб қўйгандек –
Шилдирар шамолда занжир ҳалқаси.
Яна такрорлади: бу Отанг қабри,
Фотиҳа қил болам, Одам улуғдир,
Бу қабр улуғдир, у Одам қабри…
Гоҳ йиғлаб кўчирдим дилимга, болам,
Бевафо дунёю умр ғуссасин.
Мен ҳозир айтаман эшитгин сенга
Бу қабр бошида Одам қиссасин!
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации