Текст книги "Эл бирла бўл"
Автор книги: Омон Матжон
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 1 (всего у книги 3 страниц) [доступный отрывок для чтения: 1 страниц]
Омон Матжон
Эл бирла бўл
Янги шеърлар
Инсон хаёли, бу – юлдузлар йўли,
Бир манзили аён, минги яширин.
Сўнгсиз бу зулматда, айтинг, нима бор,
Дийдордан-да қутлуғ, дийдордан ширин.
«Она юртим, қутлуғ бўлсин азиз ёшинг…»
Она юртим, қутлуғ бўлсин азиз ёшинг,
Жаҳон узра балқди мағрур Эрк қуёшинг!
Кўп асрлар азминг бўлган нур қоя бу,
Не паст-баланд кечмишларга ниҳоя бу!
Еру осмон камалаги руҳ расмингдир,
Ёшлар учун илму урфон – қалб жазмингдир!
Ҳар майса, ҳар куртак дилга руҳбахш чаман,
Дарёю тоғ-денгизлар илоҳий ёғду.
Ҳар бир она алласи, ҳар ҳофиз куйи
Мангу янграр илоҳий руҳ, соғинч, суйгу.
Бир Хоразминг Алжабрнинг рамзи эрур,
Ҳар қалбда шу илоҳий зиё – мангу.
Не улуғлар Шерғозийдан нур баҳрадур,
Пирёйвалий, Мунис, Жалолиддин Мангу.
Юртбошим – бош, Истиқлолим – зўр келажак,
Мангулик бордир элим мағрур, юксак!..
Умрим бахшидадир юртим шаънига
Ҳарки дилда нурсевар ҳиммат Ватандандир,
Она тупроқ гулчирой очган чамандандир.
Севги деб, руҳ деб, юракка ёр бўлур нодира
ганж,
Барчаси қалбда аён бир ёсумандандир.
Ҳақ таоло ишқи олийни дилга жо айлаб,
Бул буюк нақшдин садо ё сану ё мандандур.
Асрай олсак толенинг бу тилсимларин,
Ҳарки инсон қалбида мужда шу фандандир.
О, фалак тўрт буржидан йўллаюр нурин Омон,
Сеҳру оламдин зиё ушбу Ватандандир.
«Мустақиллик юртга улуғ парвоздир…»
Мустақиллик юртга улуғ парвоздир,
Бизни кўкка Ҳақ ўзи чорлаган овоздир.
Ўзбегимнинг тарихин синчлаб ўқи,
Бу гўё Ҳақ тоққа берган парвоздир.
Куйласа ҳофизлари гоҳ жам бўлиб,
Халқимизнинг тарихидан дилроздир.
Миллатим олам элин ром айлаган,
Ҳарки парда эл дилидан бир роздир.
Бизга бу гулгун фалакнинг наздидир,
Юртимизга мангу юксак эъзоздир.
«Шу замин халқимнинг тираги эрур…»
Шу замин халқимнинг тираги эрур,
Шу эрк миллатимнинг юраги эрур.
Шу байроқ, тикланган ғурурга инъом,
Зангори осмоннинг бўлаги эрур!
«Мен босган қадамим ерим тушунди…»
Мен босган қадамим ерим тушунди,
Ҳар бир нафасимни шеърим тушунди.
Жисмимда гоҳи гул унди, гоҳ тикан,
Лекин ҳар сўзимни элим тушунди.
«Ассалом, ассалом…»
Ассалом, ассалом!
Ўзбекистон, азиз калом, ассалом,
Толеингда қутлуғ айём, ассалом!
Хуш келибсан не замонлар кутганим,
Хуш кел, эрким, гул билан бол тутганим,
Ижобатли дуолар хуш келибсан,
Дил очувчи саболар хуш келибсан!
Алпомишга от миндирган чўққилар,
Олтин тарих энди равон ўқилар,
Дунёдирман, энди дунё сафингда,
Борар бўлдим энди ҳурлар қатинда!
Ассалом, ассалом!
Боболарнинг порлоқ ёди, ассалом,
Ботирларнинг учқур оти, ассалом!
«Хуш кел, эркам, Наврўзларни кулдирдинг…»
Хуш кел, эркам, Наврўзларни кулдирдинг,
Кўзларимга юлдузларни тўлдирдинг.
Эй Истиқлол, байроғимга ипаксан,
Ўзбекистон, мангу урган юраксан!
Ўз ерим деб куйган, ёнган халқ эдим,
Имонимга чин инонган халқ эдим.
Билар эдим Яратганнинг меҳри бор,
Толеимда буюк давлат муҳри бор!
Ассалом, ассалом!
Номинг азиз, янгроқ элим, ассалом,
Еру кўкда уйғоқ элим, ассалом!
Озод ва гўзал
Оллоҳ, Оллоҳ, Ҳақ Расулим – озод ва гўзал,
Қутлуғ замон – ерим, элим озод ва гўзал.
Йил тўрт фасл ўлкамни бир сайр этиб кўринг:
Меҳру гўзаллик восилим – озод ва гўзал!
Тарихимиз қутлуғ йўлдир Истиқбол сари,
Боболардан мерос билим озод ва гўзал.
Юртимдаги ҳар хонадон – меҳр чироғи,
Қайда бўлмай равшан дилим – озод ва гўзал.
Бор оламда балқар бугун ўзбек байроғи,
Унга қувват меҳру дилим, озод ва гўзал.
Умрим бори бахшидадир юртим шаънига,
Гулҳиммат сайроқ булбулим, озод ва гўзал!
Қадимий қалъа
Энг қадим бир тарих Тупроққалъадир,
Анинг ижодкори Ҳақ Таолодир.
Бу буюк ўтмишдан илоҳий садо –
Алжабр мағзинда бор қутлуғ зиё.
Ҳақ бунда инсонга ато этган жон,
Шул куйдан руҳ олган мусиқий жаҳон.
Юрт гўзал ўнгланди Истиқлол сабаб,
Юртбошимиз шони юксакдир абад!
Гўзал бу ҳаётни мадҳ этар, Омон,
Куйлаб тинмас мангу Комил, Ҳожихон.
«Доим шу иштибоҳ, доим шу гина…»
Доим шу иштибоҳ, доим шу гина,
Ҳаёнинг олдида дунё кичкина.
Бир сазо кутибсан мендан жимгина,
Мен олдга бир қадам ўтақолмабман.
На элчим бор менинг, на таржимоним.
Тилсизлигим боис ортар армоним.
Хаёлдан бўлакка етмас фармоним,
Юрагимни вакил этақолмабман.
Бори эл барибир сўзларлар биздан,
Ёлғиз ўй сурсак-да, келарлар издан.
Ҳечса, борлигингни гизлаб ёт кўздан,
Соянгни бир нафас тутақолмабман.
«Не гўзал фасл бу, борлиқ уйғонган…»
Не гўзал фасл бу, борлиқ уйғонган,
Муҳаббат элчиси бугун ҳар юрак.
Олам боғларида озод саболар,
Гўё ердан кўкка кўприк – камалак.
Ўзбекистон жону жаҳоним менинг
Жону жаҳон – Ўзбекистоним менинг.
Эзгулик баҳордек эл-юртни кезар,
Юзларда жозиба тўла табассум.
Гўдак кўзларида ёруғлик маъсум,
Навбаҳор айёми эрур бу мавсум.
Не тилсим ёғдулар ҳадя этмиш тонг,
Диллар бир-биридан топади таскин.
Ҳар ғунча гўёки гулрангли хабар,
Кўнгиллар тобора-тобора яқин.
Кафтимизда йўллар – висол кўзгуси,
Фалак яхши ранглар йўллар ҳар тонгга.
Борлиқ қалбга солган гўзалликларни
Сийлаб ҳадя этар Ўзбекистонга!
Бир инсон ибрати
Дерлар битта ниҳол камолга келар,
Боғбон қўлин туйса етмиш икки бор.
Айтинг, бир тўқайни боғ этмак учун
Қандайин машаққат, синоат даркор!
Устоз Мамашариф, сизнинг умрингиз
Бир кунлик тажриба сарфи эмасдир.
Абадият гоҳо лаҳза нур расми,
Тоққа улги этмак уни абасдир.
Хушназар инсонлар билан эл тирик,
Одам нур олади одам юзидан.
Дерлар: – Паҳлавон пир қадамин хушлаб
Дарёлар эргашиб юрмиш изидан.
Искандар оғамнинг ибрати тенгсиз –
Кўкракда урушдан мерос ўқ билан.
Юмалоқ тўқайга сиз йўл солдингиз,
Эл билан – эл учун қалбда ўт билан.
«Юмалоқ – қутулиб бўлмас бир тўқай»
Юмалоқ арзингни айтарга жой йўқ.
Баъзан эл ғамидан йироқ баёнлар
Ов қилган ҳар сорига отиб ўқ.
Замонлар ростланиб, Ади тик келса,
Бунёдкор, ижодкор инсон олса дов,
Ўтинг манглайидан таралган нурдан
Ёришар эли ҳам, ери ҳам дарров.
Сирри ғайбдан огоҳ шоирнинг қалби
Ўтирик гаплардан ҳайратга тушмас.
Бул биҳишт боғларни кимки кўрмабди,
Кўнглига бошқа бир жаннатлар тушмас.
Демак қаҳрамонлик – қомусий шиддат,
Истиқлолда аён бутун юрт шаҳди:
Эли, ери, дили ҳикматларини
Аён эта билмак инсоннинг бахти.
Деҳқоним
Чексиз эҳтиромим сенга, деҳқоним,
Сен боис тотлидир ҳар бурда ноним.
Тупроғим ост-усти қўш ганж-ёмбидир,
Деҳқоним меҳнати – учинчи қоним.
Бутун Осиёни кўмгайдир зарга
Битта водий уйган олтин хирмоним.
Таянчимдир Тошкент, Хоразм, Сурхон;
Андижон – ғурурим, Фарғонам – шоним.
Бу – Кеш, бу – Мароқанд, бу – водий, дея
Жой айирт этсалар увишар қоним.
Тўқсон икки бовли ўзбек ўзингсан
Насабим – Арш қадар юксак нарвоним.
Ерда неча-неча буюклар ўтган
Муҳаммад толиби – руҳим-имоним,
Фарғоний ўлчови тож бўлган Нилга,
Деҳқонга чин сийлов – Адлим-мезоним.
Ҳар кетмон уришинг, ҳар эгатингда
Менинг ҳам насибам бордир хирмоним.
Қанийди, мени ҳам эл суюб деса:
«Омон – сўз деҳқони, назм боғбоним!»
«Кўнглим қушига семурғдин пар буюрибдир…»
Кўнглим қушига семурғдин пар буюрибдир,
Ҳеч битта хазинада топилмас зар буюрибдир.
Уч минг йил ўта ўзлигимиз Ойнага етди –
Эл мавқеин ҳар даврону раҳбар буюрибдир.
Ҳар дилга хаёл ҳурлигин имони буюргай,
Ким нени азиз тутса муқаррар буюрибдир.
Юртим созию сўзи берар жонга омонлиғ –
Меърож куни «Сегоҳ»ни пайғамбар
буюрибдир.
Куброву Жалолиддину Пирёйвалий уйғоқ,
Қадрин билакўр, Шайх санга дафтар
буюрибдир.
Пирлар руҳидан пайдо эрур бу Ватан руҳи:
«Кўнглинг қушига уч, деб, баробар!»
буюрибдир.
Келин билан куёвга энг оддий табрик
Яратган Ҳақ бугун сизни
Катта йўлга чиқарди.
Номингизни бирга қўшиб,
Юртга-элга чиқарди.
Меҳмон эмас, биз умидмиз
Бу дунёнинг уйида,
Шундан бирмиз ва биргамиз
Кўкдами ё қуйида…
Куёвжонга аввал айтсам
Битта юрак тажриба,
Яъни, ёшга, кексагаям
Доим керак тажриба.
Йигит киши шўх бўлади,
Энди сал-пал қўясан,
Рўзғор – вазмин оқар дарё,
Бир қулт ичсанг тўясан.
Ўйин-кулги, дўст-ёр керак,
Лекин бўлсин режали.
Ҳар қадамда уйинг учун
Бир не турсин тежалиб.
У ён-бу ён қарашлар ҳам
Қолсин энди туяга,
Қайда бўлсанг шошилиб тур
Сенга интиқ уяга.
Аёл – ҳаёт дарахтининг
Ноёб-нафис гулидир.
Севиб асра, бағри унинг
Умр болига тўладир.
Донишмандлар «Баъзи аёл
Эрдан мард!» деб айтгандир.
Сал илтифот қилсанг унга
Сим-сим бўлиб қайтгайдир.
Лекин турмуш бир-бировга
Гул тутишмас ҳар куни.
Бору йўқни тўлдиргайдир
Юракларнинг ёлқини!
Яхши ўғил отасининг
Давлатига боқмас қув,
Шоҳнинг ўғли Фарҳод каби
Тоғдан ўзи излар сув.
Кибру ҳаво – хулқ сездирар,
Тийгил хулқу феълингни,
Ақлу ҳушинг, ишинг билан
Ғурурли эт элингни.
Келин бола, сенга энди
Айтар жиндай сўзим бор:
Бу масканда энди сенинг
Ўз боқий юлдузинг бор!
Шу уйга, шу хонадонга
Боғлиқ бўлган ҳар вақо
Тахти бўлсин толеингнинг,
Гард тегмасин мутлақо.
Бунда меҳнат, иффат, сахо
Қайнаб турсин шарқираб,
Кўзинг каби кулиб турсин,
Пешанангдек ярқираб.
Энди турмуш гапларига
Чизиқ тортай, чекинай,
Энди азал сирларига –
Шеърга, торга бекинай.
Нима гапдир ўзи асли
Бир ёстиққа бош қўймоқ?!
Икки юрак осмонига –
Бу икки қуёш қўймоқ!
Мақсад рангин тушингиздан
Туғилсин ойлар, кунлар,
Муҳаббатни асрагувчи
Янги Лайли-Мажнунлар!
Шариф оғамизга
Ҳақ таолоҳ башар руҳин бор этади,
Эл хизматин эҳтиромга ёр этади.
Шариф ота, сизни аяр кекса-ёш,
Ҳар тадорик, ҳар даврага айлаб бош.
Эркин ғурур элу юртни шод айлар,
Эзгу ишни халқим доим ёд айлар,
Шариф ота, дўстлар кўнглин аярсиз,
Юракларга меҳр руҳин иярсиз.
Пок дилларни соғинч ошён этади,
Хуш руҳлардан дилларда гул битади.
Шариф ота, ҳар даврада белгили
Сиздай зотлар – қавму қардош эл гули.
Ўзбек, туркман, қорақалпоқ – бир уйдир,
Қалбларимиз бир қўшиқдир, бир куйдир.
Шариф ота, шундай юринг соғ-омон,
Сизга иззат-ҳурматимиз бир жаҳон.
«Тўғри йўлга солсам бир пайт…»
Тўғри йўлга солсам бир пайт
Кимнидир,
Қай бир бечорага берсам
Бошпана,
Йўл топгач,
«Майли…» деб, бири лаб буриб,
Бири «тор уйи…» деб қилибди
Таъна.
Эй сен эҳтиромлар хожаси Тангрим,
Эй сен саховатлар оғаси Тақдир.
Мен
Оддий дастёрман Сенинг уйингда,
Ишим
Олмоқ
Термоқ
Вассалом, ахир…
«Баъзан сокин, баъзан шошиб ишлайман…»
Баъзан сокин, баъзан шошиб ишлайман,
Кинли назарлардан қочиб ишлайман.
Қаламнинг ёвидир диқнафас муҳит,
Доим кўкка дарча очиб ишлайман.
Спорт
Югур.
Ўкчалаб юр.
Чуқур нафас ол.
Дувтаман ёт.
Ўтир. Чўкка туш. Тўхта.
Елкасига чиқ. Туш.
Устидан ўт. Сол.
Тошни энсангга қўй.
Нуқта топ, нуқта!
Қани, тўрт оёқла.
Юзига ур чанг.
Эҳтиёт бўғзингга етмасин қўли…
Бу спортзал.
Ҳали кўчага чиқсанг,
Машқларинг
фойдадан бўлмайди холи.
«Улуғвор бир сарой ичи – кимса йўқ…»
Улуғвор бир сарой ичи – кимса йўқ.
Қаторлар холий.
«Ҳў-ў!» дедим синаб. Секин.
Тўрт буржидан минг жавоб қайтди,
Ўз сасимдан ўдағайлироқ
Акс садо.
Шу саройда, сўнгроқ,
Минг бир одам олдида
Минг жонзода хитоб этдим, оҳ урдим.
Овозимни жимжит ютди
Минг битта ўпка.
Уч дона гул
Ҳазил
Хотин, шоир Эзоп кўрсами бизни –
Шоирлар шу кунда кўп бойиб кетди!
Қара, маошимнинг учдан бир қисми
Сенга уч дона гул олишга етди!
«Нега уч?!» деярсан!
Ахир уч бурчак
Олам қурувчиси қўлида – паргор.
Дерлар, энг сабрли халқнинг ҳам
Бешак
Уч ёлғондан кейин
бир наъраси бор.
Сўзсиз, ҳуснинг рамзи бул биринчи гул,
Иккинчиси – меҳру вафо шаънингга!!
Учинчиси эса, мана эллик йил
Менинг билан чидаб яшаганингга!
Ўзбекистон меҳри
Жаҳон харитасидан
Боқдим Ўзбекистонга:
Тоғ, дарёлар устидан
Оқдим Ўзбекистонга.
Дейдилар – бахт югурик
Инсон шу билан тирик.
Ёзилгандир мангулик
Бахтим Ўзбекистонга.
Дунё – эллар бирлиги,
Шундан унинг сирлиги,
Айлай умрим борлиғин
Тақдим Ўзбекистонга.
Қалбим туяр зўр ҳисни:
Ҳар гулдаги юлдузни!
Барча фасллар ҳусни
Тақдим Ўзбекистонга!
«Дунёга келди одам…»
Дунёга келди одам,
Нени хуш билди одам?
Номус-ор эрса фаол,
Тинмай туғилар савол.
Инсон ҳам табиат фарзанди асли,
Жисмида тўрт фасл ҳикмати тахлоқ.
Ёз, кузу қиши хўб. Аммо нима бор
Баҳордан-да рангин, баҳордай уйғоқ.
Дунёга келди одам,
Нени хуш билди одам?
Номус-ор эрса фаол,
Тинмай туғилар савол.
Яшашнинг камолот йўли – эътиқод,
Қалб деганинг гоҳ тоғ, гоҳи минг жунун.
Ўткинчи умрнинг файзи не, ким бор,
Не бор ломаконда Ҳақдан-да улуғ?!
Дунёга келди одам,
Нени хуш билди одам?
Номус-ор эрса фаол,
Тинмай туғилар савол.
Инсон хаёли, бу – юлдузлар йўли,
Бир манзили аён, минги яширин.
Сўнгсиз бу зулматда, айтинг, нима бор,
Дийдордан-да қутлуғ, дийдордан ширин.
«Ташналаб келдим, қуруқ ваъзинг керакмас…»
Ташналаб келдим, қуруқ ваъзинг керакмас,
сув керак,
Не керак инсонга ғам, ишқ ҳақдаги туйғу керак.
Ҳалқалаб қўйган билан ўзгармагай қуш нисбаси,
Бизга булбулдан либосмас, жон озуқ ҳу-ҳу керак.
Уфқ ошиб кетган қуёшдан бўлмас илиқлик хонага,
Саҳфа жон олмоғига бир шамгина ёғду керак.
Гар умидингча фалак айланмаса, ўксинмагин,
Яккалаб қўйма юракни, орзу керак, орзу керак.
Неки топган, йиққанингни алмаш меҳрга, элга бер,
Чунки, инсонга шу оз умринда кўп ёғду керак.
Яхши элга хизматинг сенга улуғ унвон, Омон,
Юз ёруғ юрмак учун сўз ичра мўл инжу керак.
«Жуда кўп тажрибалар ўтказди…»
Жуда кўп тажрибалар ўтказди
Устимдан соат.
Ўзига бот-бот қаратавериб.
Нимагадир шошилтирабериб.
Нималарнидир ўлчатабериб.
Йўқ нарсага зорлантириб.
Гоҳ қўлимга боғланиб,
Гоҳ бўйнимга.
Чўнтагимда ҳатто.
Олтин.
Платина.
Занжирларини айтмайсизми?..
Уйимда – ҳар хонада.
Тўрда, аданда, меҳробда.
Мусиқали, электрон таблолар.
Машинада. Аэрода.
(Ҳу-у… қум соати.)
Милларига осилиб қолдим энди чамаси.
Фақат энг тепа (12) га чиққанда,
Ва энг паст (6) га тушганида
Оғир бўляпти…
Хоразмча
Хуш келибсиз, хуш келибсиз Хоразма
Нон-дузи зўр, тожи номус-ор азима.
Митти ўғлон суврат чизар, ана, қумга,
Офтоблар келиб қўнар ҳар расима.
Нақ Тўрабек хоним, қаранг, чавандоз қиз,
Бу не пари деманг, оддий бир маъсума.
Тўрт фаслда ечмас чўгирмани деҳқон,
Келинг, кўринг, чиданг мунинг бир ёзина.
Султон Увайс олтин тоғлар узра турар,
Кўнгил парвоз истар борсанг бир таъзима.
Мунда кичик бир издиҳом Жамшид базм,
Куй-наво, соз кўкдан келар ҳар базима.
«Лазги!», «Лазги!» – уч юз олтмиш томир эрки,
Тушманг шамол билан орзу орасина.
Зўр муддао бўлса дилда, излар бизни,
Бўш важга кўз солиб юрманг ҳеч изима.
Ҳар сўздан юз маъно илғар мажнун кўнгил,
Кўпни топинг боқиб менинг бул озима!
Она юртим, ҳар бурчагинг хуш, жонажон
Ҳар кафт еринг арзир биза юз таъзима.
Таниқли стоматолог Матсафо Бекметовга
Сенда бор, о, Румни забт этгудек тил,
Гап-сўзда тенгсизсан, соҳиби ақл.
Қайга қўл узатсанг етса-ю, аммо
Ҳеч нарсага тишинг ўтмаса, бир пул!
Ёруғлик симфонияси
Мутал Бурҳонга
Фалак равишига хос юксак мақом –
Заминга мукаммал истаб бир чирой,
Шундоқ икки дарё оралиғидан
Олди яратганим бир зувала лой…
Олди-ю, жамики малоикларнинг
Рамзини яратди одам расмида.
Комил фаришталар зотан минг-минг йил
Аршнинг хизматида турар аслида.
Тағин ҳар бирида ўн касб, юз ҳунар,
Хўш, бу лой қўғирчоқ нимага тимсол?!
Ҳозирча жони йўқ. Ҳақнинг изнисиз
Бир ненинг тириклик олмоғи маҳол.
Шуни билиб қолиб Шайтони лаъин
Масхара қилади малоикларни:
«Неччи кун яшаши мавҳум кесакка
Раббингиз бахш этмоқ истар жаҳонни!
Ҳой, Жон, менга қара, балчиқ бу, лой бу,
Нечук яшайжаксан, руҳинг не бўлар?!
Чамамда, кўп ўтмай бутун Ер юзи
Шундоқ «лойжон»ларга батамом тўлар.
Ҳой, Жон, Сен Имоннинг тахтисан ахир,
Наҳот ҳеч ирганмай кирсанг шу лойга?!
Гоҳ синаб, не ишлар қилмас худойинг,
Не-не юлдузларни қилдириб пойга?!.»
…Тангримдан қолар гап борми?! Ҳар
касбнинг,
Сўзнинг, мусиқанинг бордир сарвари.
Бастакор фаришта ўртага чиқар,
Буйруқ бу! Ва Жон ҳам юрар Лой сари…
Ўз ишига кетар Осмонда – Ўзи!
Фармон бажарилгай Сўзсиз ва тайин.
Аммо ўз ҳолига қўймайди Жонни
Еру кўкка жавраб Шайтони лаъин.
У билар: Аршда ҳам жиҳатлар бисёр,
Гарчи Ҳақнинг ҳукми ҳар ерда ҳоким.
Бир буржда саркордир Тортиш кучлари,
Бир сарҳади очиқ, минггиси ботин.
Кўкнинг ҳам ўз «Товус», «Аждаҳо»лари,
«Қалқон», «Темир қозиқ», «Якка шохи» бор!
Бир галактикада сув ҳикмат бўлса,
Бирисида халқнинг юрак доғи бор…
Бас, бас! Малоиклар издиҳом тузар.
Давра боши чиқар, жимийди олам.
Фаришта бастакор сарчўп силкитар,
Коинотни чулғар жонбахш бир оҳанг.
Не куй бу! Томирлар оташ туяди,
Вужуд – жон олади, отади қадам…
Ё Раб! Аму ва Сир оралиғида
Илк жонзот яралди! Биринчи одам!
Не наво эди бу – тарих не бўлди,
Она сайёрада не воқеа бу?
Уч юз олтмиш томир ва тўрт юз қирқ тўрт
Суякка жон кирди ва тошқин туйғу!
Асил ижодкорга Вақт ҳакам фақат.
Мутаваккил Бурҳон, очилсин рояль!
Эрк беринг Ёруғлик симфониясига,
Эй фалак, илоҳий сирларга бўял!
Истиқлол дарахти гарчи сарбаланд,
У ҳам кўп боғбонлар меҳрига зордир.
Зимдан зарпечаклар босмоғи мумкин,
Болталарнинг ногоҳ зарби ҳам бордир.
Чунки шайтон қавми каж ҳали-ҳамон –
Асил истиқлолга адовати бор.
Чунки очиқ ижод, ҳур сўз буларнинг
Қайқи башарасин айлар шармисор.
Мутаваккил устоз, зарб уринг торга,
Янгра, тонг ойнасин покловчи Наво!
Қуёш бир син олса тоғ ҳам жонланиб,
Тўлиб оқажакдир Сир, Амударё.
Адолат руҳидан жон олар миллат,
Истиқлол навоси, ҳаволан, балқи!
Асил ижодкорни Шоҳлар алқаркан,
Бир парда юксалар Халқнинг ҳам қалби!
Элли лазгиси
Учди Элликка қушлар,
Ўнгга айланди тушлар.
Фаришталар Бўстонда
Гўё ёзлар ҳам қишлар.
Изла сўзнинг жўясин,
Соз топар ўз эясин.
Даврада ҳофиз билар
Элга новви деясин!
Бир келганда Эллига,
Боқдим хипча беллига.
Ҳаддингдан ошма бунда,
Чақирарлар баллига!
Янгра танбур, жаложил,
Бурғую довул, табул.
Орзуларимни айтсам,
Ичингга тушар ҳавул.
Қайда бўлма, қўшнайим,
Хоразмни қўш, найим.
Муҳаббати зўрларнинг
Юраги ҳам хуш, найим.
«Бу дунё паст-баланд довондир, йўлдир…»
Бу дунё паст-баланд довондир, йўлдир,
Ҳар қадами унинг синов мактаби,
Аммо кўп чалғитиб йўлдан қўядир
Кимнингдир ғаразли гапи, терс таъби.
Лекин бизни ҳар тонг сийлайди тақдир
Ўткариб ҳаётнинг нур элагидан…
Ва ҳар гал руҳ, мадад топганим ҳақдир
Дўстларнинг танти ва мард юрагидан.
Хазорос кўприги
Бу кўприкни уч-тўрт ой бурун, битай-битай деган кунларда кўрган эдик. Дарёнинг чап қирғоғига катерларга тушиб ўтганмиз. Куни кеча осмонга қўшқанот бу улуғвор кўприкдан ўтдик. Мискиндан Хазорос сари.
Бу манзарани қандай шарҳлаш мумкин. Мискин – саҳронинг чеки, чап қирғоқ – Хазорос гуллаган воҳанинг кунчиқар чети…
Кўприкдан кечаётиб… – «Бир ичик (қудуқ), бир кечик (кўприк) қурган – етти мечит (масжид) қургандан афзал», дейди халқимиз;
– Матонат – атрофда мавжуд қийинчилик ларга бардош ила курашмоқ;
– Жасорат – ташаббуснинг йўлидаги ғовлар га ирода қўшинини сафарбар этмоқ;
– Маърифат – олам заррабини, имон меъмо ри, бори ухлоқ ҳимматларни уйғотувчи чорлов, ғафлат булутини ёрувчи чақин, камалак…
Ушбу буюк иншоотни кўриб, кечди кўнгли миздан юқоридаги туйғулар. Уларнинг эса чеки йўқ, туйғулар – эҳтирос дарёси узра кўприк.
Ишчилар, хизматчилар, муҳандис, меъмор лар, офарин бу меҳнатга!
Ўзбекистон темир йўллар компанияси ке йинги йилларда бажарган, бажараётган иш лар – мустақиллик мадҳиясига ҳамоҳанг, Алпо мишона юришимизга мос, залворли.
Темир йўлларимиз бугун чинакамига халқ хўжалигимизнинг жон томирлари!
Ҳа, туйғуларимиз, халқ ҳикматлари ҳам та рих йўлларида шиддатли синовлардан ўтади.
Хазорос элина, Жайҳун бўйина
Темир қанот қушдек тушди бу кўприк.
Толе кулиб элнинг орзу-ўйина,
Қўш қирғоқни суюб қучди бу кўприк,
Афсонага суврат қўшди бу кўприк.
Чингиз бир вақт қўшин санаган жойда,
Доро касов қучиб тунаган жойда,
Тўмарис қасос деб уннаган жойда
Тарихга муҳрдек тушди бу кўприк,
Азал жумбоқларин ечди бу кўприк.
Неча султон Синжор қаҳрин ютган жой,
Каъбага Карвакдан олма кетган жой,
Дулдул ҳатлаганда елка тутган жой,
Муҳандис халқимнинг шаҳди бу кўприк
Ер севган элимнинг бахти бу кўприк.
Дерлар: Хоразм десанг – Хазоросга бор,
Полвон пирга Нуҳдан келган розга бор,
Шайх Кубро сари бор, яъни ростга бор,
Жалолиддиндек сув кечди бу кўприк,
Кўҳна Котни Катга қўшди бу кўприк.
Гоҳ эл билан элни бир тил боғлайди,
Гоҳ неча қавмни бир эл боғлайди,
Гоҳо икки дилни бир гул боғлайди,
Ғарибни санамдек қучди бу кўприк,
Тоҳирнинг Зуҳрога ишқи бу кўприк.
Дарёга ўнг қирғоқ қорақалпоқдир,
Кўнгли баланд тоғлар қоридек оқдир,
Султон Увайс ерда бой қадим тоғдир,
Иброй оға ва Оташдир бу кўприк,
Энг юксак пардада жўшди бу кўприк.
Хоразм белинда олтин камар бу,
Интилган жонларга толе – самар бу,
«Юрган – дарё!» азми қучган зафар бу,
Руҳга пўлат издек тушди бу кўприк,
Жонсиз саҳрога жон қўшди бу кўприк.
Майли меҳмон келсин дунё томидан,
Фалак, эврил бугун шоир комидан,
Юртбошим номидан – халқим номидан
Дунёга дастурхон тутди бу кўприк,
Жаҳон йўлларини қучди бу кўприк.
«Сокин тонг…»
Сокин тонг.
Юксакдир терак обрўйи,
Кумуш танга
ўйнар барглари билан.
Қўшниси Мажнунтол бош солган қуйи
Кўз ёши шабнамдир дардлари билан.
Ногоҳ, бу манзара
кераксиз каби
Кўнглим уфқлардан излар сазо, қут.
Ва орқа-олддаги, ён-веримдаги
Нарсалар гўё ҳеч, ашъёлар унут.
Аммо кўкда
ерим ўзин қўмсатар,
Гарчи унда ҳеч не ҳеч вақт ўзгармас:
Кимдир йиғи билан кўнглин бўшатар,
Кимдир сийму зарда кезади сармаст.
Хоразм рақси
Давра олинг, ўйноли,
«Лазги» чалинг, ўйноли,
Ларза солинг, ўйноли,
Ўйнаб қолинг, ўйноли!
Бу навбаҳор, ўйноли,
Сайради тор, ўйноли,
Ўртада ёр, ўйноли,
Дил интизор, ўйноли!
Сабо бўлиб ўйноли,
Дарё бўлиб ўйноли,
Зиё бўлиб ўйноли,
Дунё тўлиб ўйноли!
Боқиб ҳар ён, ўйноли,
Қочсин ёмон, ўйноли,
Замон-замон, ўйноли,
Омон-омон ўйноли!
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?