Электронная библиотека » Сабохат Бозорова » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 16:20


Автор книги: Сабохат Бозорова


Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 4 (всего у книги 5 страниц)

Шрифт:
- 100% +

КУЁВЛАРГА ЎН ЎГИТ

1. Уйдан чиқаётганингизда хотинингиз билан хайрлашинг. Унинг кўнглини кўтарадиган гаплар гапиринг.

2. Хотинингизнинг кўзини тўрт қилиб куттирмай, вақтида ишдан қайтинг.

3. Хотинингизнинг камчиликларини бошқаларга айтманг, унинг яхши томонларини айтинг.

4. Ишингиздаги муаммоларни уйга кўтариб келманг. Уйда хурсандчилик ҳукм сурсин.

5. Инсофли бўлинг. Кучи етмайдиган ишларни бажаришни хотинингиздан талаб қилманг. Зарур бўлса, унга кўмаклашинг.

6. Кутилмаган совғалар бериб, кўнглини олишни билинг.

7. Уйга салом бериб, табассум билан киринг. Оила аъзоларингиз келганингиздан севинсин.

8. Оилангизни пулсиз қолдирманг, уларни бировларга муҳтож қилманг.

9. Ташқарида еб-ичганингиздан уйингизга ҳам олиб келинг.

10. Уйланиш дунёга муккасидан кетиш эмас. Дин, Ватан, халқ ва инсонийлик йўлида меҳнат қилишни унутманг.

КЕЛИНЛАРГА ЎН ЎГИТ

1. Эрингизга ёқадиган исм ва сифатлар билан мурожаат қилинг.

2. У яхши кўрадиган таомларни ширин қилиб пиширинг, у уйини соғинсин.

3. Эрингиз эрталаб уйдан чиқаётганида уни кузатиб қўйинг. Кечқурун ишдан қайтаётганида эса очиқ юз билан кутиб олинг.

4. Эрингизга гўзал кўринишга ҳаракат қилинг.

5. Эрингизга доимо ташаккур айтишни унутманг. Кучи етмайдиган ишларга ундаманг. Бошқаларга шикоят қилманг.

6. Камхарж бўлинг, исроф қилманг. Оғир дамларда ҳам эрингизга қарши бош кўтарманг.

7. Эрингизнинг қариндошлари ва яқинларига яхши муомалада бўлинг.

8. Сиздан ҳамиша муаттар ҳид таралсин.

9. Қайнонангизни ҳаёт тажрибасига эга она сифатида кўриб, ҳурмат қилинг, эрингизнинг сизга нисбатан меҳри ошсин.

10. Фарзандингизни одоб-ахлоқли қилиб вояга етказинг, бошқалар ҳам сизни яхши инсон сифатида тилга олсин.

Луқмони Ҳакимнинг ўғлига 100 ўгити

1

Эй ўғлим! Саломатлик бебаҳо бойлик, гўзал ахлоқ беқиёс неъматдир.

2

Эй ўғлим! Албатта у (амал) хантал (ўсимлигининг) уруғича бўлсаю, у бир қоятош ичида ёки осмонларда ёхуд ер остида бўлса ҳам, Аллоҳ уни албатта келтирур. Дарҳақиқат, Аллоҳ ўта лутфли ва ўта хабардор зотдир (Луқмон сураси, 16-оят).

3

Азиз фарзанд! Даромадингга қараб, харажат қил. Тежамкор бўл. Аммо зиқна бўлма. Ҳар ишда мўътадил бўл ва ўрта йўлни танла. Сахийликни одат қил.

4

Одамларга юзингни буриштирма. Ҳеч қачон кеккайиб, керилиб юрма! Чунки Аллоҳ такаббур ва мақтанчоқ кимсаларни суймайди. Ерга қараб, вазминлик билан юргин ва ҳеч қачон овозингни кўтарма!

5

Ҳеч қачон биров тўғрисида ёмон гумон қилма. Ёмон гумон сени ҳеч кимга дўст қилмай қўяди.

6

Ўғлим! Имкон қадар баҳс-жанжалдан сақлан! Дунё ишлари учун ортиқча ғам ема.

Жаҳлинг чиққанида сўзларингга диққат қил… Катталардан олдинда юрма. Биров гапираётганида орага гап суқма.

7

Азиз дилбандим! Катталар билан гаплашаётганда ҳар бир сўзингга эҳтиёт бўл. Қариндошлар билан алоқани узма.

8

Ўғлим! Яхшилик қилган яхшилик топади, сукут сақлаган саломатликка эришади, ширин сўзлаган фойда кўради, ёмон гапирган гуноҳкор бўлади, тилига ҳоким бўлмаган пушаймон ейди.

9

Ўғлим! Дўстларингга ҳам, душманларингга ҳам очиқ юз билан қара. Ҳеч кимга қовоғингни ўйма. Дўстларингга ҳурмат-эҳтиром кўрсат, иззат-икром қил.

10

Болам! Ёшлигингни ғанимат бил. Ишларингда ақлли ва илм соҳиби бўлган кишилар билан маслаҳатлаш.

11

Эй ўғлим! Ҳақ таолога итоат қил. Аввало ўзингга насиҳат қил. Бошқаларга тавсия қиладиганларингга аввал ўзинг амал қилгин. Билиминг, ҳолингга қараб сўзла.

12

Болагинам! Бошқаларга муҳтож эканингни билдирма. Бундай қилишинг бойликдир. Очкўзликдан сақлан. Зеро очкўзлик камбағалликдир.

13

Болажоним! Сенга икки нарсани тавсия этаман. Буларга риоя қилсанг, доимо яхшилик узра бўлурсан. Бири – тирикчилигинг учун ҳамиша зарур пулинг бўлсин. Иккинчиси – ҳеч кимдан ҳеч қачон қарздор бўлиб қолма.

14

Азиз дилбандим! Ёмон кимсаларга дуч келсанг Аллоҳ таолога сиғин. Шу тариқа одамларнинг энг яхшиси бўласан.

15

Ўғилгинам! Дунёга кўнгил боғлама! Унга ишонма. Зеро, сен бунинг учун яратилмагансан.

16

Азиз дилбандим! Саккиз нарсага диққат қилган киши аввалгилар ва кейингиларнинг илмига эришган бўлади. Булар – тўрт пайтда тўрт нарсани қўриқламоқ, икки нарсани эсдан чиқармаслик, икки нарсани батамом унутмоқдир. Қўриқланадиган нарсалар: намозда кўнгилни, халқ орасида тилни, еб-ичаётганда томоқни, бировнинг уйига кирилганда у ёқ бу ёққа қарамаслик (кўзни асраш)дир.

Эсдан ҳеч қачон чиқарилмайдиган нарсалар: Аллоҳ таолонинг буюклиги ва ўлим ҳақ эканлигидир.

Унутилиши лозим нарсалар эса: бировга қилинган яхшилик ва ўзига қилинган ёмонликдир.

17

Эй ўғлим! «Раббиғфирлий» (Раббим, мени мағфират эт…) дуосини кўп ўқигин. Зеро, шундай вақт борки, Аллоҳ таоло ўша вақтда дуогўйни тилагига етказади.

18

Эй ўғлим! Қайғуга ботма, ғамгин бўлма. Одамларнинг қўлидаги нарсаларга кўз тикмоқдан сақлан. Қазойи қадарга рози бўл. Ўзингга берилган ризққа қаноат қил.

19

Ўғлим! Ёлғон гапиришдан жуда эҳтиёт бўл. Чунки ёлғон динингни бузади ва одамлар олдида обрўсизлантиради. Натижада, эътибор ва даражангни йўқотасан.

20

Ўғлим! Қарздор бўлиб қолишдан сақлан. Қарздор бўлиб қолсанг, кундузи зулматда юрасан, кечаси ғам ичида тўлғонасан.

21

Эй ўғлим! Аллоҳ таоло гуноҳларим учун мени жазоламайди, дея хомтама бўлма. Аммо раҳматидан ҳам умид узма.

22

Эй ўғлим! Намозни тўла-тўкис адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар, ўзингга етган мусибатга сабр қил, мана шулар азм этилажак ишлардандир (Луқмон сураси, 17-оят).

23

Эй ўғлим! Ҳалол тирикчилик қилиб, йўқсилликдан сақлан. Камбағал кимса уч мусибатга дучор бўлади:

1. Дин заифлиги, чунки фақирлик кишини ёмонликка бошлайди.

2. Ақл заифлиги, чунки эҳтиёж кишини шошириб қўяди.

3. Мурувват ва одамгарчилиги йўқолади. Булардан ҳам ёмони одамларга масхара бўлади.

24

Эй ўғлим! Хулқи ёмон хотинлардан эҳтиёт бўл. Чунки улар сени барвақт қаритади. Уларнинг ёмонлигидан сақлан. Зеро, улар яхшилик келтирмайди.

25

Эй нури дийдам! Дунёда ўзингга етадиган қадар насибангни ол. Акс ҳолда, бошқаларга муҳтож бўласан, қўлларига қараб қоласан.

26

Эй ўғлим! Сукут қилсанг, пушаймон бўлмайсан. Сўз кумуш бўлса, сукут олтиндир.

27

Болам! Ота-онанинг фарзандини тарбиялаш учун насиҳат қилиши, урушиши, уриши зироатга сув бермоқ кабидир.

28

Эй ўғлим! Аллоҳга ширк келтирма! Албатта ширк катта зулмдир (Луқмон сураси, 13-оят).

29

Болам! Тавбани эртага қолдирма. Чунки ўлим ногаҳон келиб қолади.

30

Эй кўзимнинг нури! Дунёнинг қувонч ва лаззатларини тажрибадан ўтказдим. Илмдан лаззатли нарса тополмадим.

31

Эй болам! Зинҳор қадрингни билмайдиганларнинг олдига борма. Ота-она хизматини қил. Ҳақирни таҳқирлама. Кибрга берилма. Аллоҳ таоло Рофеъ ва Хофиз (улуғлагувчи ва пасайтирувчи)дир. Зеро, У ҳақирни азиз, фақирни бой айлайди. Тиласа, азизни залилга, бойни фақирга айлантиради.

32

Эй азиз фарзанд! Очиқ чеҳрали, тўғри сўзли бўл. Саломлашишга одатлан.

33

Ўғлим! Киши хасис бўлса, у ҳақида ёмон гапсўз кўпаяди.

34

Эй ўғлим! Оз мол оқилона сарф-харажат ила кўпаяди. Кўп мол беҳуда сарф-харажат оқибатида камаяди.

35

Эй ўғил! Бировга ҳасад қилган изтиробдан қутулмас.

36

Азиз фарзанд! Қаноатли бўлсанг, дунёда сендан бой одам бўлмайди.

37

Ўғлим! Ўлим ҳақ эканига шубҳа қилаётган бўлсанг, ухлама. Ухлаганинг ва ухлашга мажбур бўлганинг каби ўлимга ҳам маҳкумдирсан. Тирилишдан шубҳа қилаётган бўлсанг, уйқудан уйғонма. Уйқудан уйғонганинг каби ўлгандан кейин ҳам тирилгайсан.

38

Эй ўғилгинам! Бир хатога йўл қўйсанг, албатта, дарҳол тавба қил ва садақа бер.

39

Эй ўғлон! Дунё тубсиз денгизга ўхшайди. Кўпкишилар унга чўкдилар. Тақво – кеманг, имон – юкинг, таваккул – ҳолинг, солиҳ амал – озуқанг бўлсин. Қутулсанг, Аллоҳ таолонинг – раҳматидан, чўксанг – гуноҳинг сабабидандир.

40

Ҳар қандай касалликнинг бошланиши оч қолмасдан таом емоқдир.

41

Ҳаром қилинган нарсалар шифо эмас, аксинча касаллик ва ифлосликларнинг онасидир.

42

Кўп сув ичмоқ кўп уйқу келтирар. Кўп ухлаш эса ўлимга элтар.

43

Ухлаётганида ширинлик еганнинг туши ҳам ширин бўлур.

44

Эй ўғлим! Тилингни куфр – ёмон сўзлардан сақла, садақани тарк этма, закотни тўлиқ бер, рўзани тут, ибодатингни ташлама, шаҳодат калимасини тилингдан қўйма.

45

Ўғлим! Катталар билан тортишма! Мусибатга сабрли, кишилар олдида камтар бўл.

46

Касал бўлмаслик учун:

1. Кўп ема.

2. Иссиқ ема.

3. Хом ема.

47

Ўғлим! Меъдангни овқатга тўлдирма. Акс ҳолда ақлинг, фаҳм-фаросатинг ноқис бўлади.

48

Эй ўғлим! Доимо соғлом бўлай десанг шу саккиз нарсага диққат қил:

1. Кундузи кўп ухлама.

2. Кечаси оз ухла.

3. Пешобни ушлаб ўтирма.

4. Кечаси кўп сув ичма.

5. Бўккунча овқат ема.

6. Оч қолмасанг дастурхонга ўтирма.

7. Озгина овқатга қаноат қил.

49

Болажоним! Ошқозон тўлса, фикр ухлайди, ҳикмат сукутга кетади, аъзо ибодатдан қолади.

50

Эй ўғил! Кўринишда солиҳ (яхши), ичидан фожир (ёмон) бўлмагин.

51

Эй азиз фарзанд! Саодат нишонаси тўрттадир:

1. Тўғрилик.

2. Одоб.

3. Мулойим муомала.

4. Омонатга хиёнат қилмаслик.

52

Эй ўғил! Одамларга ваъз-насиҳат бериб ўзингни унутма. Билганингга амал қилки, ажр-савобга эришасан.

53

Одоб насл-насабдан, амал мол-давлатдан, илм дунё аҳлидан устундир. Молинг билан мақтанма.

54

Оёқ кийимингни кийишни ўнг оёғингдан, ечишни чап оёғингдан бошла.

55

Ўғлим! Бекорчи, беъмани одамларнинг ёнида ўтирма. Ўзингдан катталар билан ҳазиллашма.

56

Ўғлим! Аҳмоқ билан ошно бўлма. Иккиюзламачи кишига итоат этма.

57

Эй ўғил! Сен тақвони сармоясиз фойда келтирувчи тижорат воситаси қил.

58

Ўғилгинам! Олимлар билан ҳамсуҳбат бўл. Донишманднинг ҳикматли сўзларига қулоқ сол, яхшилаб эшит. Зеро, Аллоҳ мўл ёмғир билан ўлик тупроқни яшнатгани каби ҳикмат нури ила ўлик қалбни тирилтирур.

59

Ўғилгинам! Не ҳолки, одамлар уларга ваъда қилинганлардан қўрқмаяптилар. Ҳолбуки, ҳар куни уларнинг умри қисқармоқда.

60

Ўғлим! Яхшиларга қул бўл, ёмонларга дўст бўлма. Яхшилик қилувчилар барчани ўзига дўст қилади. Дўстингни мушкул пайтда сина.

61

Болажоним! Дунёдан эҳтиёжингга ярашасини ол. Дунёга батамом ўзингни бермагинки, охиратингга зарар берур. Дунёни ҳам батамом ташлаб, ундан юз ўгирмагинки, бошқаларга муҳтож бўласан. Шаҳватингни пасайтирадиган даражада рўза тут.

62

Ўғлим! Яхшиликни қадрингни биладиган кишига қил. Бўри билан қўй ўртасида дўстлик бўлмагани каби яхшилик қилган кишилар билан гуноҳкор кимсалар ўртасида дўстлик бўлмас.

63

Ўғилгинам! Болангни кичик ёшидан одобли, тарбияли қилиб ўстирсанг, улғайганингда фойдасини кўрасан.

64

Ўғлим! Саҳарларда қичқираётган хўроздан-да ожиз бўлма. Зеро, хўроз Аллоҳни зикр этмоқда. Ваҳоланки, сен бу пайт ётоғингда ухламоқдасан.

65

Олим Ер юзи аҳолиси орасида худди олтин маъдан ичида бўлганига ўхшайди.

66

Эй ўғлим! Жанозаларда ҳозир бўл, зиёфатларга ҳуда-беҳуда борма. Чунки жанозалар сенга охиратни эслатади. Зиёфатлар дунёга берилишинг ва иштаҳангни орттиради.

67

Ўғлим! Мен тошни, темирни елкамда ташидим, аммо ёмон қўшнидан-да оғирроқ юк ташимадим.

Оғриқларнинг барчасини тотиб кўрдим, бироқ камбағалликдан-да азоблисини кўрмадим.

68

Эй ўғлим! Ҳасадгўйнинг уч аломати бор:

1. Ўртоғининг орқасидан ғийбат қилади.

2. Юзма-юз келганда ялтоқланади.

3. Ўртоғининг бошига кулфат тушса севинади.

69

Эй нури дийдам! Дунё қисқа бир фурсатдир. Сенинг умринг дунё олдида бир заррадир. Шундай экан, умрингдан қолгани оздан янада оздир.

70

Эй ўғлим! Олтин олов билан, яхши – солиҳ киши эса бало билан синаб кўрилади. Аллоҳ баъзан бир қавмни севганида бало юборади. Аллоҳдан келганига рози бўлганлар учун Унинг розилиги бор. Келган балога жаҳл қилганларга эса Аллоҳнинг ғазаби бор.

71

Ўғилгинам! Кўп кулишдан сақлан. Зеро, кўп кулмоқлик қалбни ўлдиради.

72

Луқмон алайҳиссалом айтадики:

– Эй ўғил! Ўлик қалбни тирилтирмоқ учун ўн ҳикматга амал этмоғинг лозим:

1. Фақир ва мискинлар билан бирга ўтирмоқ.

2. Дунёпарастларнинг мажлисларидан сақланмоқ, улардан узоқ бўлмоқ.

3. Бечораларга ёрдам қўлини узатмоқ, уларга ҳамдард бўлмоқ.

4. Қулларни озод қилиб, уларга эркинлик бермоқ.

5. Ғарибларни меҳмон қилмоқ.

6. Мол билан саховат қилиб, камбағалларни бойга айлантирмоқ.

7. Илмга амал этувчи олимларни ҳурмат қилмоқ.

8. Қарияларга ҳурмат кўрсатиб, уларнинг дуосини олмоқ.

9. Яхшиликка даъват этмоқ, ёмонликдан қайтармоқ, амалини ихлос ила бажармоқ.

10. Ибодатни жаннат умиди ёки жаҳаннамдан қўрқиш туфайли эмас, Аллоҳга муҳаббат қўйиб ихлос билан адо этмоқ.

73

Ўғлим! Ишларингда фақат олимлар билан маслаҳатлаш. Олим жоҳилни билади. Чунки у аввал жоҳил эди. Жоҳил олимни танимайди. Чунки у олим бўлмади.

74

Болагинам! Тиланиб юзингни шувут қилма. Оламга шарманда бўлиб, одамларга жаҳлингни тўкиб солма. Ўз қадр-қийматингни билки, ҳаётнинг сенга фойдаси бўлсин.

75

Фарзандим! Кийимлари эски бўлгани учун ҳеч кимсани ҳақир кўрма. Зеро, унинг ҳам, сенинг ҳам Раббингиз бирдир.

76

Эй азиз фарзанд! Энг аввало иймонинг, сўнгра солиҳ бир дўстинг бўлсин. Зеро, яхши дўст хурмо дарахтига ўхшар. Остида ўтирсанг, соя солади. Ўтин қилиб ёқсанг, иситади. Мевасидан есанг, баҳра оласан.

77

Болам! Раҳм қилганга доим раҳм қилинади. Кимки ўрнида тилини тийса, саломат бўлади. Ким яхши гапирса ва яхши ишлар қилса, албатта, бой бўлади. Ким ёмонлик қилса ва ёмон гапирса, гуноҳкор бўлади.

Тилига эгалик қилмаган кимса пушаймон бўлади.

78

Эй кўзимнинг қувончи, ўғлим! Ўзингдан ўзинг беҳудага ғамгин бўлма. Хафагарчилик ила қалбингни банд этма. Очкўзликдан сақлан.

79

Ўғлим! Хайр-ҳасанотингни ҳақиқий муҳтожларга бер. Пулингни нолойиқ кимсаларга бериб, исроф қилма – дунёда зарар, охиратда савобдан маҳрум қолурсан.

80

Азиз дилбандим! Ёмон феълдан, кўнгли торликдан, сабр озлигидан сақлан. Бундай иллати бор кимсалар билан дўстлашмоқ дуруст эмас. Бундайлардан узоқ юр. Ишларингни иштиёқ билан бажаришни одат қил… Одамлар билан яхши муомалада бўл. Ахлоқингни чиройли қил. Очиқ чеҳрали бўл.

81

Ўғлим! Гуноҳ қилишинг учун сенга журъат ва жасорат бермаслигини сўраб, Аллоҳга илтижо қил. Аллоҳдан шундай қўрқув ила қўрққинки, сени раҳматидан маҳрум этмасин.

82

Ўғлим! Билганларингга амал қилмай туриб, билмаганларингни ўрганишга ошиқма.

83

Болагинам! Сен дунёга келган кундан бошлаб, унга орқа ўгирган, охиратга юз бургансан. Яқинлашаётган уйингга (охиратга) кундан-кун узоқлашаётган уйингдан (дунёдан) яқинроқсан.

84

Эй ўғлим! Ҳикматни маҳкам тутки, у билан иззат-икром топарсан. Ҳикматни эъзозлаки, сен ҳам унинг каби азиз бўлгайсан.

Ҳикмат – ахлоқнинг энг юксаги ва улуғи, Аллоҳ азза ва жалланинг Ҳақ динидир.

85

Эй ўғил! Ҳикмат мискин-бечорларни малик-подшоҳларнинг мажлисига қадар олиб боради.

86

«Ёмонлик фақат ёмонлик ила сўндирилади», дегувчи кимса ёлғон айтибди. Агар бу сўзнинг эгаси тўғри гапираётганини иддао этаётган бўлса, ёнаётган олов ёнига яна бир олов ёқсин-чи кўрамиз: бу икки оловдан бири иккинчисини ўчирадими? Шундай экан, сўзнинг тўғриси: «Ёмонлик фақат яхшилик билан бартараф этилади. Чунки олов олов билан эмас, сув билан сўндирилади».

87

Луқмони Ҳакимдан сўрадилар: – Одамларнинг энг ярамаси, энг ёмони ким?

– Одамларнинг ёмонлик қилаётганлигини кўра туриб, кўрмасликка олган, бепарво, лоқайд бўлганидир, – дея жавоб берди Луқмони Ҳаким.

88

Юксак шараф ва мартаба ақлнинг камолига боғлиқдир. Ақли комилнинг айб-нуқсонлари пардаланган, хатти-ҳаракатлари тартиблидир.

89

– Энг бой одам ким?

– Ақли жойида бўлган одам.

90

– Қайси ўт (олов) теккан одамни куйдиради?

– Ҳасад ўти.

91

– Аввали аччиқ, охири ширин нарса нима?

– Сабр.

92

– Аввали ширин, охири аччиқ нарса-чи?

– Шошилиш.

93

– Табиблар давосини тополмаган касаллик нима?

– Аҳмоқлик.

94

Тўрт нарса тўрт нарсага эриштиради.

1. Сукут инсонни саломатликка етказади.

2. Яхшилик кишини хотиржам қилади.

3. Сахийлик обрў-эътиборни орттиради.

4. Шукр неъматга барака беради.

95

Ўғлим! Ёшликда қийинчиликка бардош берсанг, қариганингда роҳатда яшайсан.

96

Эй жигарбандим! Бировга насиҳат қилмасдан олдин у тавсияга ўзинг амал қилгин.

97

Эй азиз фарзанд! Унутмаки, кибр ва ғазаб такаббур ва баджаҳл кишининг бошига мусибатлар келтиради.

98

Ўғилгинам! Дўстларингни ёмон сўзлар билан ранжитиб қўйма. Болта одамнинг вужудини, аччиқ сўз жонини яралайди.

99

Эй азиз фарзандим! Бир ишни хушмуомалалик билан талаб этмоқ илмнинг ярмидир.

Одамларга бўлган меҳринг ақлнинг ярмидир.

Тирикчиликда тадбирли бўлмоқ даромаднинг ярмидир.

100

Эй болажоним! Сенга жуда кўп ўгитлар бердим. Агар бу ўгитларни тоққа берсам эди, тоғ парча-парча бўлур эди.

ОИЛА ҲАНГОМАЛАРИ

Ота-она номзодини танлаётганда…

Бир йиғилишда замонасининг энг гўзал аёлларидан бири Бернард Шоу билан турмуш қуриш таклифини айтди.

– Сиз дунёнинг энг ақлли, зукко одамларидан бирисиз. Мен эса дунёнинг энг гўзал аёлларидан бириман. Оила қурсак, туғилажак фарзандимиз дунёнинг энг зукко ва энг чиройли инсони бўлади…

Шоу кулимсираб бундай деди:

– Хоним, туғиладиган бола гўзалликда менга, заковатда сизга ўхшаб қолса-чи?..

* * *

Фарзанд тарбияси ҳақида турмуш ўртоғини танлаётгандаёқ ўйлаш керак. Оила қурмоқчи бўлганлар бу борада жиддий мулоҳаза юритиб, қаршисидаги инсонга туғилажак фарзандларининг ота-она номзоди кўзи билан қараб, баҳо бериши керак. Ўзига ҳам худди шу кўз билан назар солиб, хато-камчиликларини тузатишга киришиши мақсадга мувофиқдир.

Ёш боланинг ҳисоби

Бир ўқитувчи ҳали биринчи синфда ўқийдиган бола ҳақида гапиряпти:

– Ўғлим биринчи синовида муваффақиятсиз бўлганди. Сабабини сўраганимда:

– Ойи, сизнинг ҳеч нарсадан хабарингиз йўқ, ўқитувчи доим эсдан чиқарганларимиз ҳақида сўрайдилар, – деди. Ҳеч нарса дея олмадим. Бошқа куни синовдан сўнг:

– Ўғлим синовинг қандай ўтди? – деганимда, – бўш катакни ҳисобламасак, иккита нотўғри, битта тўғри жавоб, – деб тўрт саволли синовнинг натижасини айтганди.

Ақл ўйинлари

– Мен йўқлигимда тўполон қилмай, ойингни хафа қилмасликка сўз бергандинг.

– Ҳа, дадажон.

– Тўполон қилсанг, мен ҳам сени урушаман, деб сўз бергандим.

– Худди шундай дадажон.

– Унда нимага тўполон қилдинг?

– Мен ваъдамни бузганимда, сиз ҳам ваъдангизни бузасиз, деб ўйладим…

Ақлли болаларнинг бу ақл ўйинларига бас келиш осон эмас, албатта. Лекин бир нечта ечими бор. Масалан, боладаги қобилияти туфайли ишни аввало болани табриклаш билан бошлаш керак. Кейин эса қилинган иш тўғри ё нотўғрилигини сўраб жавобни сабр билан ва меҳр-муҳаббат тўла жиҳатлар билан кутиб туриш керак.

Кўзлар тарбия берганларга қаратилмоқда

Аёл эридан жаҳли чиқди:

– Отангиздан сўрайман. Сизга қанақа тарбия берганлар ўзи!

Эри шундай жавоб берибди:

– Мен ҳам сенинг отангдан сўрайман. Сенга нима учун ҳеч тарбия бермаган экан!..

* * *

Кўриб турганингиздай, гап айланиб бари бир ота-онага келиб тегади. Бола бошқа жойда бўлса ҳам бу шундай давом этаверади… Сиз ҳақингизда «қанақа бола тарбиялабди?» дейишимизни хоҳлайсизми ёки «жуда яхши бола тарбиялашибди!» деб раҳмат эшитишни хоҳлайсизми?

БАДАВИЙ ВА ХОТИНИ

«Маснавий»даги ҳикоялардан бири бундай бошланади: бир замонлар сахийлиги тилларда достон битта ҳукмдор бор эди. Шу қадар сахий эдики, қилган инфоқ-эҳсонининг ҳад-ҳисоби йўқ эди.

Бу халифанинг даврида ниҳоятда камбағал бир бадавий чўлда хотини билан яшарди. Бир куни хотини фақирлик жонига тегиб шикоят қила бошлади. Дунёни одамга зиндон қилди гўё. Бадавий ҳарчанд насиҳат қилмасин, сабрнинг фазилатларидан гапирмасин, фойдаси бўлмади. Ҳатто хотини охири йиғлаб кўз ёш тўкди.

Шу ҳикоя баҳонасида эр-хотин ўртасида ўтган суҳбатдан айрим саҳналарни эътиборингизга ҳавола этамиз. Шунингдек, Мавлононинг аёл борасидаги фикри, эр-хотин муносабатлари ҳақидаги қарашларини беришга ҳаракат қиламиз.

Аёл шикоятларини қуйидагича қаторлаштиради:

– Шунча йўқсиллик ва жафони биз тортмоқдамиз. Жумлаи олам кайфу сафода-ю биз қийинчилик ичрамиз. Ейишга нонимиз йўқ, егулигимиз дард ва ҳасрат. Идишимиз йўқ, сувимиз эса кўзларимиздан оққан ёш. Бировдан нимадир сўрасам, ҳақоратлаб қувлайди. Бўлди, бас, тўйиб кетдим бундай ҳаётдан!

Бадавий хотинига тасалли бермоқчи бўлади:

– Сенга нима бўлди, хотин? Ёшлигингда жуда қаноатли эдинг. Энди-чи?! Авваллари тилла эдинг, ҳозир эса олтинга мубтало хотинга айландинг. Илтимос, бироз сабрли бўл. Биз бир жуфтмиз, ишлар яхши кетиши учун жуфтларнинг феъл-атвори бир-бирига мос бўлмоғи лозим.

Агар оёқ кийимининг бири тор бўлса, иккиси ҳам кийишга ярамайди.

Бир кўзи бўм-бўш, иккинчиси оғзигача тўла бўлса, туянинг устидаги хуржун тўғри турмайди («Маснавий», 1-жилд, 2252-байт).


Шарҳ:

Эрининг бундай сўзлари сабаб аёлнинг феъли янада айнийди, бу дабдабали сўзлар қорин тўйдирмаслигини айтади. Яна-да қаттиқ ва кўнгилни хира қиладиган сўзлар гапиради.

Эри вазминлик билан насиҳат қилишда давом этади, камбағаллик ичида ҳам бахтли яшаш мумкинлигини тушунтиришга уринади. Аёл тўхтамагач, ниҳоят, бундай дейди:

– Эй хотин, ҳозироқ жанжал, баҳс-мунозарани бас қил. Йўқса, мендан воз кеч. Менинг жанжалга тоқатим йўқ. Жим бўлсанг, бўлдинг. Акс ҳолда, ҳозироқ уйни тарк этаман!

Эрининг қатъиятли ҳолини кўрган аёлининг ҳолати ўзгаради, йиғлашни бошлайди.

 
Кўрди хотин – чиқмиш эрнинг аччиғи,
Йиғлади, хотин тузоғидир йиғи.
 

Ҳа, ҳазрат Мавлоно кўз ёши аёлнинг тузоғидир, дейди ва аёлни бундай гапиртиради:

– Мен сиздан буни кутмаган эдим, мен сизнинг оёқларингиз чанги бўламан, сизга қурбон бўлайин. Йўқсилликдан шикоятим ўзим учун эмас, сизни ўйлаганим учун. Қасамки, сиз учун ҳар нафасда ўлишга тайёрман. Ахир эсланг, мен гўзалликда ягона эдим, сиз менга талпинардингиз. Узр сўрайман, илтимос, мени афв этинг!

Аёл шу тахлит кўнгил олувчи сўзларни айтаркан, айни пайтда йиғларди.

Ҳазрат Мавлоно бу ҳолатни тасвирлаб қуйидагиларни айтади: «Ҳаттоки йиғиси билан ҳам кўнгилни жалб этувчи аёлнинг ҳўнг-ҳўнг йиғлаши ҳаддан ошгач, кўз ёши ёмғиридан бир чақмоқ чиқиб, одамнинг қалбида бир учқун сачради.

Гўзал юзи ила эркакни асир этган аёл ўзига бандалик безаги бергач, не ҳол юз беради?

Жабру жафосининг тузоғига тушганимиз у дилбар узрхоҳлик сўрашни бошласа, бизнинг узримиз нима ҳам бўларди?

Бир кимса жасурликда Зар ўғли Рустам бўлса ёхуд ҳазрат Ҳамзадан ўтса ҳамки, фармон тингламоқ борасида бари бир хотинининг асиридир.

Сув оловга нечоғлик ғолиб ва уни сўндирувчи бўлса-да, бир идиш ичидалигида олов у сувни қайнатади.

Кўринишда сув оловдан ғолиб бўлгани каби сен ҳам хотинга ҳоким бўлсанг-да, ҳақиқатда унга мағлубсан ва уни хоҳлайсан».

Ҳазрат бу борада диққатни тортувчи ифодалар ишлатади: «Бундай хусусият фақат инсонда бор. Ҳайвондаги муҳаббат туйғуси ноқисдир. Бу эса ҳайвон инсондан паст эканидандир.

Хотинлар ақлли кишилар ва аҳли дил инсонлар устидан ғолибдир.

Бошқа томондан жоҳиллар аёл устидан ғалаба қозонишади, унга зуғум ўтказишга ҳаракат қилишади, чунки улар қўпол ва қўрс муомалада бўладилар.

Жоҳилларда севги ва шафқат, лутф ва муҳаббат оздир. Чунки яратилишларида ҳайвонлик устундир.

Севги ва шафқат инсоний сифатлардир, ҳиддат ва шаҳват эса ҳайвонлик васфидир».

Аёлни Ҳақнинг нури ўлароқ кўрган ва бунёдкор васфига урғу берган Мавлоно эркак-хотин тенглигига, ҳар жиҳатдан булар бир-бирларини тўлдирувчи, мукаммаллаштирувчи эканларига, бинобарин, ёлғиз қолгач, иккиси ҳам нуқсонли ва ярим бўлиб қолишларига ишорат этади. Шу ўхшатиш не хушдир: «Оламда ҳар жуз муҳаққақ ўз жуфтини истайди».

Осмон ерга «Марҳабо!» дейди. Осмон ақлан эркакдир, ер аёл. Униси берганни буниси боқиб катта қилади.

Ернинг ҳарорати (иссиқлиги) қолмаса, осмон ҳарорат йўллайди. Рутубати (намлиги) битдими, рутубат беради.

Ер бўлмаса, гуллар, арғувонлар қандай ўсади, кўк юзининг суви, ҳарорати бўлмаса, ердан ҳосил унадими?


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации