Текст книги "Оилада севги суҳбатлари"
Автор книги: Сабохат Бозорова
Жанр: О бизнесе популярно, Бизнес-Книги
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 5 (всего у книги 5 страниц)
БАДАВИЙНИНГ АРМУҒОНИ
Аввалги ҳикоямизда бир бадавий ва хотини ўртасидаги шиддатли баҳс баён қилинаётган эди. Эркак уйни ташлаб чиқиб кетаман, дея қўрқитгач, хотини юмшаб йиғлашга тушди ва вазият яхши томонга ўзгарган эди.
Воқеанинг давомида эркак йўқсилликдан шикоят қилган хотинига дейди:
– Йиғлашни бас қилгин-да, бирор чора билсанг, айт.
Хотин қулай фурсатни қўлга киритганди. Яна бироз йиғлаб нозлангандан сўнг дедики:
– Мамлакатнинг қалби пок ҳукмдори бор, унга бориб дардингни айтсанг, сенга эҳсон қилади. Зеро, халифа жуда хайрсевар ва фақир-фуқаронинг умид эшигидир.
– Хотин, гапинг тўғри, аммо шундоқ халифанинг ҳузурига қуп-қуруқ қўл билан бориб бўлар эканми? Унга олиб боришга арзигулик ҳадям йўқ.
– Сиз халифага бир кўза ёмғир суви олиб боринг, – дея дарҳол маслаҳат берди хотин, – чунки тотли сув жуда қадрли. Эҳтимол, халифанинг суви жуда бадбўй сувдир.
Бу гап одамга маъқул тушади ва эртасига бир кўза сувни олиб йўлга чиқади. Юриб-юриб, ниҳоят, халифанинг саройига боради.
Халифанинг мулозимлари бадавийни очиқ чеҳра, ширин сўзлар билан кутиб оладилар ва саройга бошлаб борадилар.
Халифанинг саройи Дажла дарёси қирғоғида эди. Ҳалиги одам кўзадаги сувни халифага тақдим этади. Олиб келган сувини қайта-қайта мақтайди.
Халифа раҳмат айтиб сувни олади. Кўзани олтинга тўлдириб одамга қайтаради. Мулозимларига:
– Чўл йўли анча узоқ. Бу одамни Дажла орқали кема билан юборинг, – деб тайинлайди.
Халифанинг одамлари бадавийни кемага миндириш учун Дажла бўйига олиб келишади. Бадавий жўшиб оқаётган зилол ва тотли сувли Дажлани кўриб хижолат бўлади. Халифанинг бу эҳсони, марҳамати қаршисида ҳайрат ичра қолади («Маснавий», 1-жилд, 2684-2865-байтлар).
Шарҳ:
«Маснавий» шориҳлари бу ҳикоядан инсон ҳолатига оид хулосалар чиқаришади. Бу ерда эркак ақлнинг, аёл эса нафснинг тимсоли. Буларнинг табиатида баҳслашиш, тортишиш бор. Рисоладаги ҳолат эса ақл ва нафснинг келишувларидир.
Ҳикоядаги қаҳрамонларимиз чўлда яшайдиган инсонлар. Чўл шароитида сув энг қийматли нарса, чунки тақчил. Кам топилувчи нарса эса ҳамиша қадрли бўлади. Бир жойга совға олиб бормоқчи бўлсак, энг мақбулини танлашни истаймиз. Чўл инсони учун сув энг қийматли модда. Шунинг учун ҳукмдорга бир кўза сув олиб бормоқчи бўлди. Бу ҳолат унинг нақадар соф ва нияти холис эканини кўрсатмоқда.
Саройга боргач, ўзи учун жуда қийматли ҳисобланган сув тўлдирилган кўзани халифанинг одамларига узатар экан:
– Бу камтарона ҳадяни у улуғ султонга етказинг. Ичидаги сув ширин сувдир, ҳақиқий раҳмат (ёмғир) сувидир, бир чуқурда тўплагандим, – дейди. Халифанинг одамлари бадавийнинг кўзасини олар эканлар, кулимсирашдан ўзларини тўхтатолмайдилар, бироқ самимий ва сидқидилдан тақдим этилаётган совғани севги ва нозиклик ила қабул қиладилар.
Халифа чўл арабидаги руҳ тозалиги ва софликни сезади. Унинг кўзасини олтинга тўлдиради. Эшигига келган бу Аллоҳ меҳмонини яна бошқа ҳадялар билан сийлайди, кийинтиради ва одамларига шундай буюради:
– Меҳмонимизни ватанига Дажла орқали кузатиб қўйинг, дарё йўли қуруқликдаги йўлдан қисқароқдир.
Мақсади – олиб келган суви эвазига айни пайтда унга Дажлани кўрсатишдир. Чунончи, Дажлани кўрган бадавийнинг ақл-ҳуши бошидан учади. Бундай жўшқин ва гўзал оққан мўл сувни умри бино бўлиб кўрмаганди, чунки яшаб турган чўлдан ҳеч ҳам ташқарига чиқмаган эди. Шунда кимга нима олиб келганини англади. Халифадаги маънавий юксакликка гувоҳ бўлди. Ва шундай деди:
– Бу нақадар улуғ подшоҳдирки, ўзида Дажладек ширин ва гўзал сув бўла туриб мен олиб келган бир кўза ёмғир сувимни қабул этди. Арзимаган совға эвазига шунча марҳамат кўрсатди. Аллоҳим, бу қандайин буюклик!
Халифанинг бадавийга эҳсон қилишига бир сабаб – ундаги покиза руҳни кўрганидир. Бу ўринда қаноат ва ихлос тушунтирилмоқда. Шавқ руҳни нечоғлик юксакларга олиб чиқиши ҳикоя қилинмоқда.
Мавлоно дарҳол ўртага кириб бундай дейди: «Эй ўғил! Бу кўза бир мисолдир ва бу оламнинг мисолидир. Бу кўзанинг ичида ирфон ва гўзаллик бор. Бироқ бу кўза тўла гўзаллик ва ҳикмат у улуғ Подшоҳнинг, у улуғ Яратувчининг гўзаллиги ва ҳикмат дарёсига нисбатан бир томчи ҳам эмасдир…»
Ва яна давом этади: «Айтган ҳикоя аслида ўзимизга тегишлидир. Ҳикоядаги араб ҳам, кўза ҳам, кўза ичидаги сув ҳам бизлармиз…»
Ҳикоядаги эркакни ақл, нафс ва очкўзлик (таъмагирлик)ни эса аёл дея билгайсан. Бири нурга, бошқаси зулматга элтишини ҳисобга ол. Аммо руҳ тўғри йўлни топгач, нафс ва ақл бир-бирини қўллаб-қувватлаган ҳолда нурга етгайлар…
Инсон илоҳий васфларнинг бир тажаллийси ўлароқ яратилган. Шунинг учун, масалан, ақл ва нафс бир-бирининг зидди ва бир-бирига тескаридек кўринадилар. Бироқ илоҳий васфлар айни пайтда бирлик рангига чулғаниб, бир бутун бўладилар. Худди шу каби инсондаги нафс ва ақл ҳам ваҳдат рангига чулғаниб бутунлашадилар.
Инсондан кутилаётгани ҳам ана шудир. Инсон дунё ва охират саодатига ана шундагина сазовор бўладилар.
ОИЛА ДАВРАСИДА ЎҚИЛАДИГАН ҲИКМАТЛАР
Сендан паст бўлган кишиларга қара, сендан устун бўлганларга қарама. Шундай қилсанг, Аллоҳ сенга берган неъматлар қадрига етасан.
Чора-тадбир кўриш каби ақл, ман этилган нарсалардан узоқ бўлиш каби тақво ва гўзал ахлоқ каби бир шараф йўқ.
Ҳадиси Шариф
Бошқалар билан бўлиб ўзингни унутма, зеро, бунинг зарарини улар эмас, сен кўрасан. Доимо мувозанатли ҳаракат қил. Чунки нима қилсанг, бари амал дафтарингга ёзилади. Бир ёмонлик қилганингда ортидан дарров бир яхшилик қил. Чунки қилинган бир гуноҳни фақатгина унинг ортидан қилинган яхшилик ўчиради (ювиб кетади).
Сенга озор берган нарсалардан қоч, дўст тутинишни хоҳласанг, фойдали инсон билан дўст тутин, бундайини топа олмайсан.
Ҳазрати Умар
Ким кўп кулса, ҳайбати камаяди. Ким кўп ҳазил қилса, халқнинг назаридан тушади. Ким кўп гапирса сифатлари кўп бўлади. Сифатлари кўп бўлганнинг ҳаёси кам бўлади. Уяти кам бўлганнинг тақвоси камаяди. Тақвоси камайганнинг эса қалби ўлади.
Ҳазрати Умар
– Бойликнинг энг каттаси ақл.
– Фақирликнинг энг каттаси аҳмоқлик.
– Билимсизликнинг энг каттаси манманлик.
– Устунликнинг энг каттаси эса гўзал ахлоқ.
Зинҳор аҳмоқлар билан дўстлашма. Зеро, аҳмоқ одам сенга ёрдам бераман деб зарар етказади.
Зинҳор ёлғончилар билан ҳам дўстлашма. Зеро, ёлғончи одам сенга узоқни яқин ва яқинни узоқ кўрсатади.
Хасислар билан ҳам дўстлашма. Зеро, хасис одам муҳтож бўлган нарсангни жуда муҳтожлигингда сенга бермайди.
Ёмон одамлар билан ҳам дўстлашма. Зеро, ёмон одам сени арзонга сотади.
Йўлдошларнинг энг яхшиси гўзал ахлоқдир, дўстларнинг энг яхшиси ақлдир, одоб ва тарбия энг яхши меросдир ва худбинликдан катта нодонлик ва жоҳиллик бўлмайди.
Ким айтганига қарама, нима деганига қара. Манфаатга таянмаган (холис) дўстликдан бошқа дўстликлар ўткинчидир.
Ҳазрати Али
Уч амал бор, уларни қилган уятга қолади: сабабсиз кулиш; тўхтовсиз ухлаш ва оч қолмасдан овқат ейиш.
Очлик ва қийинчилик фитнаси билан синалдингиз, сабр қилдингиз. Мол-дунё ва мўл-кўллик фитнаси билан ҳам синаласизлар. Сизлар учун энг кўп қўрққан нарсам аёлларнинг фитнасидир.
Ҳадиси шарифдан
Мўмин киши худди шифокори ёнида юрган беморга ўхшайди. Беморнинг ёнида юрган табиб унинг дориларини билиб, кўнгли бир нарсани тусаганида: «Зинҳор буни ея кўрма! Мабодо есанг, сени ўлимга олиб боради!» дея огоҳлантириб турганидек, мўмин кишининг кўнгли ҳам кўп нарсаларни истаб қолганида Аллоҳ таоло уни зарарлиларидан қайтаради ва жонини олиб жаннатга боргунига қадар назорат остида тутиб туради.
Тупроқ ҳеч кимни муқаддас қилмайди. Кишини муқаддас қиладиган ягона нарса унинг амалидир. Эшитишимча, сени табиб сифатида юборишибди. Агар касалларни даволай олаётган бўлсанг, нақадар бахтиёрсан. Агар ишингга уста бўлмай туриб, чирансанг, бирор беморни ўлдириб қўйиб, жаҳаннамга киришдан сақлан.
Салмон Форсий
Сенга тааллуқли бўлмаган нарсаларга аралашма, душманингдан узоқ бўл, дўстингдан ҳам эҳтиёт бўл, ўлган одамнинг нимасига ҳасад қилсанг, тирик одамнинг ҳам ундан бошқа нарсасига ҳасад қилма ва бепарво (лоқайд) одамга дардингни айтма.
Убай ибн Каъб
Билингки, инсон учун хушфеъллик зийнатдир. Вафодорлик бойликдир. Шошқалоқлик енгилликдир. Саёҳат заифликдир. Дунё аҳли билан ўтириб-туриши доғдир. Ёмон инсонлар билан ўтириб-туриш эса уйғотувчидир. Инсонлар тўрт қисмдир. Кимдир бой, аммо унда ахлоқ йўқ. Кимдир ахлоқли, аммо фақир. Кимдир эса, ҳам аҳмоқ, ҳам фақир. Инсонларнинг энг бахтсизи шу кимсадир. Кимдир эса, ҳам бой, ҳам ахлоқли. Инсонларнинг энг бахтлиси мана шу кишидир.
Ҳазрати Ҳасан
Эй инсонлар! Ёлғондан сақланинг! Зеро, ёлғон кишини фисққа, фисқ эса жаҳаннамга судрайди. Тўғриликдан айрилманг! Зеро, тўғрилик кишини яхшиликка, яхшилик эса жаннатга олиб боради.
Абу Умома
Шод ани бил даҳрда ким, ғам емас,
Даҳр иши чун ғам егали арзимас.
Чунки жаҳон боғи вафосиздурур,
Умр гули анда бақосиздурур.
(Бу дунёда бўлар-бўлмас нарсани деб ғам емайдиган кишини шод деб бил, чунки дунё ишлари қайғу чекишга арзимайди. Сабаби: Дунё боғи вафосиз, ундаги гул бақосиздир).
Алишер Навоий
Ўзинг бажармаган нарса билан фахрланишинг айбдир. Шундоқ экан, ҳусни-жамолинг билан фахрланмагин, чунки уни сен яратмагансан. Ва яна наслу насабинг билан ҳам фахрланмагин, чунки уни сен танламагансан. Лекин одоб-ахлоқинг билан фахрланавер, чунки сен уни ўзинг безагансан.
* * *
Бир ҳикмат мени лол қолдирди. Битта дарахтдан миллионта гугурт донаси ясалади. Бир дона гугурт донаси билан эса миллионта дарахтни ёқиб юборса бўлади. Шундай экан, битта салбий ишни ҳам содир қилиб қўймагинки, ҳаётингдаги миллионта ижобий ишингга ўз таъсирини кўрсатади.
* * *
Ваҳимага тушиб, безовталаниш касалликнинг ярмидир.
Хотиржамлик – соғликнинг ярмидир.
Сабр эса шифонинг бошланишидир.
Ибн Сино
* * *
Фузайл ибн Иёз роҳимаҳуллоҳ айтдилар: Беш нарса бадбахтлик аломатидир:
1. Қалб қаттиқлиги.
2. Кўзга ёш келмаслиги.
3. Ҳаёнинг оз бўлиши.
4. Дунёга рағбат бўлиши.
5. Орзунинг узунлиги.
* * *
Ҳаёт жуда қисқа!
Сен уни, бошқалардан нафрат ва жирканиш билан ўтказиб юборма.
* * *
Уч нарса қайтиб келмайди:
Сўз – оғиздан чиққанида.
Камон ўқи – отилганида.
Вақт – ўтиб кетганида.
* * *
Онам сабабидан барча аёлларни ҳурмат қилдим.
* * *
Икки ҳикматни ёдлаб ол.
Биринчиси – ғазабинг чўққига чиққанида қарорлар қабул қилма.
Иккинчиси – бахтли ҳаёт чўққисига чиққанингда ваъдалар берма.
* * *
Эр мукаммал хотинни орзу қилади.
Хотин ҳам мукаммал эрни орзу қилади.
Аллоҳ уларни, бир-бирларини мукаммал қилиш учун яратганини билишмайди.
* * *
Бахт-саодат ўз уйингдадир. Сен уни бегоналар боғидан қидирма.
* * *
Яхши сўз чиройли қушчадир. У тилингдан чиққан заҳоти бошқалар қалбида сайрайди.
* * *
Дунё уч кундир.
Кеча, биз уни яшаб бўлдик, қайтиб келмайди.
Бугун, яшаяпмиз, бардавом бўлмайди.
Эртага, билмаймиз қаерда бўлишимизни.
* * *
Дўстларнинг яхшиси, сенда яхшилик кўрса, уни тарқатади. Қачон сенда айбни кўрса, уни яширади.
Агар дунё сенга кулиб боқса, ҳасад қилмайди. Бордию, дунё сендан юз ўгирса, сени ташлаб кетмайди.
* * *
Сендан мўминнинг уч насибаси бўлсин!
1. Манфаат бермадингми? Зарар ҳам берма!
2. Хурсанд қилмадингми? Ғамга ҳам ботирма!
3. Мақтамадингми? Ёмонламагин ҳам!
ҲАЁТ ТОМЧИЛАРИ
Тоҳир Малик ўгитлари
Тасаввур этинг, сиз поёни йўқ дашту биёбонда ёлғизсиз. Қаён юрмоқни билмай турибсиз. Ташлаяжак қадамингиз сизни борса келмасга бошларми ёинки бахтиёрлик гулшанига етаклаб борарми, билмайсиз. Шундай гангиб турганингизда рўпарангизда бир донишманд пайдо бўлса-ю қўлингиздан етаклаб тўғри йўлни кўрсатса, нақадар қувонасиз, нақадар Аллоҳга шукроналар қиласиз!
Сиз билан яшаётган ҳаёт ана шундай даштга ўхшайди. Бу ҳаёт йўлларида кўпчилик адашади, тентирайди. Бировлар урина-урина тўғри йўлни топиб кетади. Айримлар эса, афсуслар бўлсинким, сўнгги нафасига қадар хато йўлларда азоб-уқубат чекиб яшайди. Ҳаёт даштида турган ҳар бир инсон учун энг тўғри йўлни кўрсатувчи омил ақл билан йўғрилган китобдир. Яхши китоб яхши йўлга бошлайди. Бу борадаги энг улуғ, энг тўғри китобимиз – Қуръони Каримдир. «Қуръон мўминлар учун насиҳат» деб бежиз айтилмаган. Инсоният тарихида кўп алломалар Қуръони каримни асос қилгани ҳолда ўзларининг ҳаётидан олган сабоқларини насиҳат тарзда қоғозга тушириб авлодларга қолдирганлар. Бу анъана йигирманчи асрда давом этиб, бир қатор нодир китоблар юзага келди. Шулардан бири – қўлингиздаги китобдир. Уни Муҳаммад Камол ёшларга атаб ёзганлар. Унга «Ҳаёт томчилари» деб бежиз ном қўйилмаган. Ҳаёт томчилари гўё қақроқ ерга ҳаёт берувчи ёмғирнинг томчиларидир. Бунда жамлан-ган ҳикматлар чанқоқ қалбларга, онгларга қувват берар, иншооллоҳ. Бу ҳикматларни бир сира ўқиб, китобни токчага қўйиб қўйманг. Билъакс, қайта-қайта ўқинг, мағзини чақинг. Сўнг, фақат ўқиб қолмай, уқинг ва уларга амал қилишга интилинг. Шундагина бу томчилар ҳаёт бахш этади, қалбларингизни нурлантиради. Шундагина Ҳақ йўлида адашмайсиз. Шундагина комиллик йўлига яна бир қадам ташлаган бўласиз. Бу йўлда Тангрининг ўзи сизларга мададкор бўлсин.
Омин йа Роббал аъламин.
* * *
Ёлғиз ўзинигина ўйлайдиган одамдан қоч. Унинг дўстлигида вафо йўқдир. Унда итнинг одати бор.
* * *
Халққа манфаат етказиш баҳонасида Ҳақдан айрилмоқ – халққа қарши исён қилмоқ ҳисобланур.
* * *
Тўғрининг ёрдамига умид қилиб югурмоқ Аллоҳнинг ёрдамига умид қилиб югурмоқдир.
* * *
Биродарига Аллоҳ йўлида ёрдам берганга Аллоҳ ҳам ёрдам берар.
* * *
Етим ва йўқсилнинг аҳволини англаган кимсанинг қалби юмшар.
* * *
Неъматнинг қадрига етган шукр қилувчи, билмаган эса нонкўрлик қилувчидир.
* * *
Нафсни енгмоқда вужуд жафо чекса-да, кўнгил сафоси бордир.
* * *
Даври давронинг келиб бадавлат бўлганингда атрофингда дўстинг беадад кўп бўлур, йўқлик кунларингда эса ёнингда фақат ҳақиқий дўстинг қолур.
* * *
Чарчаган ақлга уйқу, ҳасрат чеккан қалбга эса севги ором беради.
* * *
Дангасалик ўлимнинг бир туридир. Бу ўлим инсоннинг барча нарсасини маҳв этади.
* * *
Умид инсон ҳаётини жонлантирар. Умидсиз инсон жонсиз мурда кабидир.
* * *
Сенга энг катта хиёнат қилган киши, билки, сени ёмонликка йўллаган кишидир.
* * *
Солиҳларнинг нишони марҳаматлик, қароқчиларнинг нишони марҳаматсизликдир.
* * *
Ношукрчилик Ҳаққа хайриҳоҳ бўлмаслик натижасидир. Ёлғиз Ҳақни таниган кимса ношукр бўлмас.
* * *
Шапалоққа тарсаки ила жавоб қайтарган кимса хизматига яраша ҳаққини олур. Нафсига шапалоқ торта олган ўз-ўзини ислоҳ этмишдир.
* * *
Сабр дорисидан ҳамиша фойдалангин. У дориларнинг энг сифатлисидир.
* * *
Сабр моддият ва маънавиятнинг таянчидир. Уни вайрон қилиш моддият ва маънавиятни вайрон қилмоқ демакдир.
* * *
Тилинг ва дилинг бир бўлмагунча ҳақиқий инсон бўлолмайсан.
* * *
Сени яхши дегувчилар ҳам бордир, ёмон дегувчилар ҳам. Сен уларга парво қилма! Фақат эзгулик учун яша! У билан қувон!
* * *
Сен қалбингни мол-дунё билан эмас, ҳақиқий севги билан бойит.
* * *
Сенга ширин сўзлаганни эшитганинг каби аччиқ гапирганни ҳам тингла. Чунки ўша аччиқ сўз нафсинг учун энг зарур дори бўлур.
* * *
Сени севганни, сенга кўнгил берганни зинҳор унутма! Чунки севмоқ ва кўнгил бермоқ энг муқаддас омонат саналур.
* * *
Саодатларнинг энг буюги ҳақ гапирмоқ, эзгуликка хизмат қилмоқдир.
Сен пулга пул бўлгани учун кўнгил қўйма, балки шу восита билан пул маънавиятингга ёрдам бериши мумкинлиги учун сев.
* * *
Сархуш нима қилганини билмагани каби, золим ҳам нима қилганини билмайди.
* * *
Қалб нурини шубҳа сўндирар.
* * *
Сендан ёрдам истаганни қува кўрма. Ёрдам беролмаган тақдирингда ҳам, ҳеч бўлмаганда кўнглини ол.
* * *
Серзарда одам тез енгилади. Юмшоқ табиатлини енгиш қийин.
* * *
Ўзи яхши бўлмаганнинг иши ҳам яхши эмасдир.
* * *
Раҳбарликка етишмоқликдан аввал сабр-матонатли бўлишга эриш. Иймонли, камтар бўл. Йўқса ҳимоянгдагиларни саодатга эриштира олмайсан.
* * *
Умр узун бир йўлга ўхшайди. Бу йўлда текислик бўлгани каби тоғлар, қирлар, ботқоқликлар, тиканлар ҳам бордир. Инсон умр саёҳатида буларнинг барчасига дуч келади.
* * *
Олимлар жамиятга ҳаёт берувчилар, золимлар эса жамиятни ўлдирувчилардир.
* * *
Нафс мункирларни севишни одат қилган. Сен яхшиларни сев, ҳам ёмон одатлардан узоқлаш.
* * *
Энг буюк қаҳрамон нафсни енга олган, кўнгилни севги ила тўлдиргандир.
* * *
Доимо фойдали илмга кўнгил қўй. Фойдасиз илм инсонни ҳалокатга олиб боражак.
* * *
Ғурбат, меҳнат, қамоқхоналар аҳли солиҳга катта дарслар беради.
* * *
Илмсиз одам бошқарувсиз кемага ўхшайди. Саломатлик бандаргоҳига асло восил бўла олмайди.
* * *
Доимо қўшнингга, хаста, ғарибга яқин бўл. Аҳволини сўра. Бу пайғамбарлар йўлидир, сен ҳам айнан шу йўлни тут.
* * *
Асло ёмонлик қилма. Ёмонлик акс садо каби охир-оқибат ўзингга қайтади.
* * *
Бировга холис яхшилик қилгин-да, ундан ҳатто миннатдорчилик ҳам кутма.
* * *
Инсонларни фақат холис ният ҳамда ибодат поклайди ва уларни Ҳаққа боғлайди.
* * *
Ҳар бир нарсани лойиқ бўлган одамга бер. Бундай қилмасанг берганларинг зое кетади.
* * *
Ҳар сўзни тингла, лекин алданма! Ҳақиқий сўз, ҳақиқий дўст билан ёр бўл.
* * *
Ҳар бир нарсанинг меваси бор. Амал ҳам қалбдаги ниятнинг мевасидир.
* * *
Ҳар қандай киши билан эҳтиёт бўлиб гаплаш. Бугун дўст бўлган эртага душман бўлиши ҳам мумкин.
* * *
Ҳақиқий дўст очиқ гапиради. Ҳақиқатни яширган киши яхши дўст эмасдир.
* * *
Ҳасад қилувчи инсондан қоч! Унинг зарари илоннинг зараридан ҳам баттарроқдир.
* * *
Ҳар бир қуш ўзи қурган уясини ёқтиради.
* * *
Ҳар кечанинг кундузи бўлганидай, йиғлашнинг ҳам бир кулиши бордир.
* * *
Дарахт кўп гуллайди. Аммо ҳар бир гул мева беравермайди. Айрим одамларнинг сўзлари, амаллари ҳам шунга ўхшайди.
* * *
Бадҳазм овқат ошқозонни бузгани каби ҳазм бўлмаган ўқиш ҳам мияни бузади.
* * *
Ҳаёт алам ва изтиробларга тўла. Алам ва изтиробларни фақат иймон енга олади.
* * *
Ҳаддини билган яхши инсон бўлади..
* * *
Ёмон гап гапирган оқибатда ёмон гап эшитур.
* * *
Гул севгисини булбулдан эшит.
* * *
Эй муҳаббат!… Сен ҳаётнинг ўзисан. Сен билан қалблар тирилади. Ошиқлар абадий ҳаётга эришадилар.
* * *
Дуоларнинг энг яхшиси ризолик, нафснинг ислоҳи учун қилинган дуодир.
* * *
Ақлсизга дўст бўлган эртами-кечми балога йўлиқади.
* * *
Тўғри йўлда ҳаммага ёрдамчи бўл, эгри йўлда эса ҳатто отангга ҳам ёрдам берма.
* * *
Ишқи қалбида бўлмаган ошиқ ёлғончидир.
* * *
Сени мақтовчилардан қоч. Уларнинг мадҳи қалбингни ўлдиради.
* * *
Сабрга иймон билан эришилур. Сабрсизнинг иймони шубҳалидир.
* * *
Дунёда Ҳақ йўлига сарфлаганинг Ҳақ пойига тўпланар, зое кетмас.
* * *
Тош кўнгилли бўлишдан сақлан. Тошкўнгил инсон ё Фиръавн ёки Абу Жаҳлдир.
* * *
Севги қувват туғдиради. Севгидан маҳрум кўнгил ўлик кўнгилдир.
* * *
Сабрга одатланмаган инсон бу дунёда қанчалик кўп неъматларга эришган тақдирда ҳам, вақти келиб сабрсизлиги оқибатида уни бир онда қўлдан бой беради.
* * *
Гапни жойида гапирадиган инсон буюкдир.
* * *
Саботли бўлган зафарга эришажак.
* * *
Пайғамбарлар бўлмаганида эди ҳақиқат билинмас, инсон юксак ахлоққа етиша олмасди.
* * *
Аллоҳнинг расуллари қилган насиҳатлардан бири ҳаёдир.
* * *
Ҳаёли инсонгина иймонда комилликка эриша олади.
* * *
Ҳаёсиз киши олим бўлса-да, аммо унинг ҳеч бир қиймати йўқдир.
* * *
Раис бўлишдан аввал булғанмаган бир денгиз бўл.
* * *
Бадан овқат билан, руҳ эса илоҳий озиқ билан ҳаётдир.
* * *
Саҳарда хўрозларнинг жўшганини, инсонларнинг эса ухлаб ётганини кўриб ҳайратландим. Сенинг инсон бўлатуриб ғафлатда ётишинг не ҳолдир.
* * *
Асло кибрланмагин. Қалбида зарра қадар кибр бўлган инсон раҳматдан узоқлашади.
* * *
Кибрланган одамга бўйин эгма. Чунки у эзгуликнинг душманидир. Эзгуликнинг душманига бўйин эгилмайди.
* * *
Гапни қулоққа олмайдиган жоҳил билан дўст бўлма. У фитнанинг энг буюгидир.
* * *
Дин ўрганиш баробарида фан ҳам ўрган. Диндор илму заковатидан жамиятлар юксалур.
* * *
Фақат ҳақиқат йўлидан юриб халқ тарафидан севилган инсонгина қаҳрамондир. Бу лутф ҳар бандага ҳам насиб этавермайди.
* * *
Нашъа иймондандир. Нашъасиз одамда ўлим қўрқуви мавжуд. Сен ҳам нашъали бўл-да, халққа қувонч улаш.
* * *
Ҳақиқий насиҳатда ҳаёт бордир. Бу сирга эришмоқ эса энг бебаҳо жавҳарни қўлга киритмоқ билан баробардир.
* * *
Нафсинг ҳакалак отганда вазмин бўлишга ҳаракат қил. Акс ҳолда сени буюк фалокатлар кутади.
* * *
Умр бир можаро. Инсон бу можарода ижрочи вазифасидадир.
* * *
Умрни ғафлат билан зое ўтказмоқ ўлим билан баробардир. Зеро, ўлим инсонни ҳақиқий висолга қовуштиради. Вақтни бекорга ўтказган эса висолдан маҳрум қилади.
* * *
Шунчаки ўқиган эмас, ўқиганларига ишонган ҳаёт топади. Ишонч қалбга жон бағишлайди. Ҳақиқатни тушунмаётган бўлсанг, меҳр қўйиб, ихлос билан ўқишинг керак. Меҳр ва ихлос ила ўқиган нарсанинг ҳақиқатига йўл очади.
* * *
Ҳушёр киши фалокатнинг олдини олади.
* * *
Сидқидилдан ишонганлар учун ўлимда ҳам ҳаёт бордир. Чунки ўлим инсонни севганига қовуштиради.
* * *
Ўсимлик қуёшни кўриши, сувга етиши билан жонлангани каби инсон Расулуллоҳ юзи ва сўзи билан ҳақиқий ҳаётга етишади.
* * *
У қандай бахтли инсон эканки, иймонга эришди.
Аллоҳнинг Расулини таниди. Унга кўнгил берди.
У билан ҳаёт топди.
* * *
Нафсинг ҳаддан ошганида юқорига зинҳор қарамагин. Пастга боқ-да, нафсингни енг. Ҳаққа шукр қилувчилардан бўлгин.
* * *
Ҳар нарсанинг мезони бор. Сенинг амалинг ўртада бўлсин, Ҳаққа кучли муҳаббат билан боғлан. Нафсинг сенга ғазаб, шаҳват, мумкин бўлмаган амаллару ёмонликларни буюради. Сен шулардан узоқ юриш билан нафсингни енг.
* * *
Нафснинг ёмон нарсаларга буюради. Сен унга қулоқ солдингми, тамом, нафсинг асирига айландинг. Ҳақнинг қули эмас, нафснинг қули бўлдинг.
* * *
Нафсинг энг катта қуроли ғазаб ва шаҳватдир. Сен нафсингдан бу қуролларни тортиб ол-да нари улоқтир, ўзингни узоқлаштир.
* * *
Қалбини иймон билан руҳлантирган инсон энг буюк қаҳрамонликка номзоддир.
* * *
Қалбига қўрқув солган одам ўзини шайтон васвасасига дучор қилади.
* * *
Қалбини бўлмағур сўзлар билан бузган иймонини заифлаштиради.
* * *
Ҳасад ёмонларнинг, ҳавас эса яхши инсонларнинг сифатидир.
* * *
Фалокатдан кўп қайғурма. Чунки фалокат ҳам қисматдир.
* * *
Инсон дунёда турли фалокатга учраши мумкин. Инсоннинг аслида кимлиги, қандай экани фалокат пайтида билинади.
* * *
Инсон тарбиясининг даражаси бошқанинг ҳуқуқини ҳурмат қилиши билан белгиланади.
* * *
Инсон ўзи севмаган олимидан файз тополмайди.
* * *
Олимга муҳаббат қўйган севгани қадар унинг илмидан фойдаланади.
* * *
Изтиробли соатдан олинган дарс, умр бўйи олинган дарслардан устунроқдир.
* * *
Ибодатдан олдин таҳорат олингани каби қалбингни ҳам юв. Ҳақ ҳузурида шундай покиза ҳолда тур. Ҳалол луқма учун ишласанг ибодатдаги энг гўзал амални барпо қилган бўласан.
* * *
Нафсга қулоқ солувчи олимга яқинлашма! У Ҳақ илмини шайтоний йўлларда қўллашга интилади, сени йўлдан оздиради.
* * *
Қилич эплай олмаганни қийматли юмшоқ сўз қилади. Энг аъло қурол айнан шудир.
* * *
Аввал ўзини тузатмаган, бировни асло тузата олмас.
* * *
Ҳақиқий яхшилик қалбни юмшатади, ёритади. Яхшилик қил, қалбингни юмшатки, ёришсин.
* * *
Инсоният фақат яхши кишилар қўлидагина юксалур.
* * *
Инсоннинг ғариб вақти севмаган кишисининг ёнида ўтказган пайтидир.
Ҳақиқий инсон ҳақиқий севгига қовушмагунча руҳий камолотга эриша олмайди.
* * *
Одамларни алдаган ўзини алдайди. Агарчи у олим бўлса-да, бу одат инсонни ҳалокатга йўллайди.
* * *
Сен фикрдан иборатсан. Фикринг яхши бўлса, яхшиликка қараб кетасан. Фикринг ёмон бўлса, ёмон одамсан.
* * *
Вақтида сўзловчи, вақтида эса тингловчи бўл. Тинглаш фазилати ҳам сўзлаш каби инсонни улғайтиради.
* * *
Изтироб ҳар қандай кўнгилни касаллантиради. Фақат Ҳаққа кўнгил берган кишининггина қалбига суқулиб кира олмайди.
* * *
Хотининг диёнатли аёл бўлса, сенга ўзга мол-дунё керакмас. Диёнатдан маҳрум аёл қадар фитна, фалокат йўқдир. Диёнатли аёлгина эрини бахтли қилади.
* * *
Мол-дунё зинҳор масъуд эта олмас.
* * *
Инсонларни саломатга, саодатга эриштирувчи ягона нарса имондир. Сен ҳар қандай ёмонликни имон билан енгасан ва ҳар бир зафарга имон билангина эришажаксан.
* * *
Ҳалол пул топиш қийин, аммо унинг маънавий фойдаси бебаҳодир.
* * *
Инсонлар ўзларини тўғирламагунларича ҳақиқий мусулмон бўла олмайдилар. Тўғрилик бу юксак диннинг энг буюк дастуридир.
* * *
Ҳақиқий насл-насаб вужуддан эмас, диндан келади.
* * *
Инсон севган билан қовушган куни бахтиёр бўлур.
* * *
Инсон Ҳақни ва унинг расулини севган, улар билан дийдорлашган куни байрамнинг энг каттасига эришган бўлади.
* * *
Одамларга фойда келтирувчи инсон мевали дарахтга ўхшайди. Фойдасиз инсон эса мевасиз, қуриган дарахт кабидир.
* * *
Инсон юзи-қалбидаги нияти, ахлоқининг бир кўзгусидир. Унда ҳар хил буюкликлар баробарида тубанликлар ҳам кўринади.
* * *
Сен ҳар нарсада бўлсин ҳаддингдан ошма, исрофгарчилик қилма ҳамиша ўрта йўлни тут.
* * *
Қувватли ишонч қувватли боғлиқлик туғдиради. Ҳар қандай шубҳа ҳам айрилиқ келтириб чиқаради.
* * *
Ҳисобли дунё дейдилар. Ҳисобсиз кетганни фалокат кутади.
* * *
Фоний дунёда ҳар нарсани орзу қилавериш кишини чарчатиб қўяди, хасталантиради. Боқийга майл кўрсатгинки, фароғатли ҳаёт кечиргайсан.
* * *
Ҳақни билдирган ҳақиқий олим, Ҳақдан қайтарган эса ҳақиқий золимдир.
* * *
Чинакам дин арбобларидан бошқа кишилар дин ниқоби остида одамларни алдашади. Буни фаҳмла ва ҳақиқий дин уламоларга ёр бўл.
* * *
Севган кишилар билан ўтказилган кун инсоннинг энг бахтли кунидир.
* * *
Яхши инсонларни ёмон қилиб кўрсатувчилар дунёдаги энг золим кимсалардандир. Бундайлар Жаннат юзини кўришдан маҳрумдирлар.
* * *
Ёмон инсоннинг табиати чаён табиатига ўхшайди. У сенга эртами-кечми нишини санчади.
* * *
Халқ билан бирга бўлган, халқ бошига уқубат ва жафо тушганда сабр қилган буюкдир.
* * *
Бир оғиз сўз билан бўлса-да инсонларни маърифатга чорламоқ, уларга қилинадиган ёрдамларнинг энг каттасидир.
* * *
Баҳор ёмғири ерга ҳаёт, куз ёмғири эса майсаларни сўлдириши билан мамот беради. Бу мисол ориф ва жоҳилнинг халққа қилган таъсирига ўхшайди. Орифнинг сўзи баҳор ёмғирига, жоҳилнинг сўзи эса куз ёмғирига ўхшайди. Иккаласи ҳам сўз, аммо бирида ҳаёт, иккинчисида мамот бордир.
Муҳаммад Камол