Электронная библиотека » Санобар Жуманова » » онлайн чтение - страница 1


  • Текст добавлен: 21 октября 2023, 15:39


Автор книги: Санобар Жуманова


Жанр: Прочая образовательная литература, Наука и Образование


Возрастные ограничения: +12

сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 1 (всего у книги 9 страниц)

Шрифт:
- 100% +

Медиатаълимнинг «ўзбек модели» ни яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболлари
Санобар Жуманова

© Санобар Жуманова, 2023


ISBN 978-5-0060-1875-4

Создано в интеллектуальной издательской системе Ridero

МУНДAРИЖA
КИРИШ

I БОБ. ЗАМОНАВИЙ МЕДИАМАКОНДАГИ АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК КУРАШ ШАРОИТИДА ЎЗБЕКИСТОНДА МЕДИАТАЪЛИМ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИЙ ОМИЛЛАРИ

1.1§ Замонавий медиамакондаги ахборий-психологик курашнинг дунё ахборий харитасида акс этиши

1.2§ Ўзбекистонда ахборий ва киберхавфсизликка таҳдидлардан ҳимояланишда медиатаълимни жорий этиш зарурати, қонуний асослари, шарт-шароитлари

1.3§ Медиатаълимнинг полисемик талқини ва таснифи, мақсад ва вазифалари

II БОБ. МЕДИАТАЪЛИМНИНГ ТАРИХИЙ, ИЛМИЙ-НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ: МИЛЛИЙ ВА ХАЛҚАРО ТАЖРИБА

2.1§ Медиатаълимнинг дастлабки тарихий кўринишлари, ривожланиш босқичлари, тараққиёт тамойиллари

2.2§ Ахборий саводхонлик, факт чекингга оид миллий дидактик қарашлар

2.3§ Медиатаълим: халқаро тажриба, оптимал моделлар, етакчи назариялар

III БОБ. МЕДИАТАЪЛИМНИНГ «ЎЗБЕК МОДЕЛИ”НИ ЯРАТИШ ВА ЖОРИЙ ЭТИШНИНГ АМАЛИЙ МАСАЛАЛАРИ

3.1§ Рақамли муҳитда шаклланган янги медиасаводхонликнинг таянч компетенциялари

3.2§ Ўзбекистонлик ёшларнинг медиа истеъмоли ва медиасаводхонлик кўрсаткичи (социологик тадқиқот натижалари)

3.3§ Медиатаълимни миллий таълим тизимига жорий этиш шакли, босқичлари, фанларга интеграциялаш масалалари

ХУЛОСA

ФОЙДAЛAНИЛГAН AДAБИЁТЛAР РЎЙХAТИ


КИРИШ

Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурати. Жаҳон медиаполисида кечаётган глобаллашув, рақамлашув тенденциялари, сиёсий, иқтисодий, мафкуравий манфаатлар тўқнашуви медианинг ахборот-психологик таъсирини оширди, инсонлар онгу шуури учун кураш жараёнини кучайтирди. Ахборот супермагистралидаги шиддатли ахборот оқими, рақамли тенгсизлик, ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизлик муаммосининг долзарблашуви, ахборотнинг товар сифатидаги тижорий функциялари кўпайиши, ахборий муҳитнинг ифлосланиши, унда турли номақбул ахборот шаклларининг пайдо бўлиши, оммавий коммуникация жараёнида адоват ва нафрат тилининг, эмоционал резонанс, ахборий блокада, медиага қарамлик, фейк ахборот ва манипулятив таъсирнинг кенгайиши миллий манфаатлар устуворлиги ҳамда давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида аҳолининг медиамаҳсулот истеъмолини чуқур тадқиқ этиш, медиатаълим инструментидан фойдаланган ҳолда омма онгида ахборот оламини тартибга солиш, ахборот ва рақамли саломатлигини сақлаш, ахборот билан муомала қилишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш, аҳолининг, хусусан, ёшларнинг ахборот маданиятини шакллантиришни тақозо этмоқда.

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида бу борадаги ҳаракатлар ўтган асрда бошланган ва бугун кўплаб давлатларда медиатаълим умумий таълимнинг мажбурий, доимий компонентига айланди. Ўзбекистонда медиатаълимни ривожлантириш, болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг ахборот саводхонлиги шакллантириш ҳамда онлайн муҳитдаги хавфсизлигини таъминлаш масаласи кун тартибида турибди. Шу нуқтаи назардан, замонавий медиамакондаги реал вазият, ахборот-психологик курашлар контекстида медиатаълимнинг пайдо бўлиш тарихи ва шаклланиш босқичлари, илмий-назарий, амалий, методологик асослари ва концепциялари, илғор хорижий тажрибани ўрганишга зарурат сезилмоқда. Шу билан бирга, хорижий мамлакатлар тажрибасини тўғридан-тўғри кўчирмасдан, илмий тадқиқотлар орқали миллий истиқлол ғоясига асосланган, миллий таълим тизими, менталитетдаги ўзига хосликларни, шарқона тарихий, маънавий негизларни инобатга олган ҳолда медиатаълимнинг «ўзбек модели”ни яратиш долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. М.Мирзиёев 2021 йил 26 июндаги матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табригида «Бугун авлодлар, ижодий мактаблар, анъаналар, тушунча ва тасаввурлар янгиланмоқда. Интернет замони ўз талаб ва қоидаларини илгари сурмоқда. Ана шундай мураккаб ўтиш даврида миллий журналистикамиз илгари кузатилмаган турли синов ва қийинчиликларга ҳам дуч келаётганини эътироф этиш ва уларни биргаликда бартараф қилиш ҳақида ўйлашимиз лозим» деган фикрлари орқали замонавий медиамакондаги ҳозирги вазиятга баҳо берди11
  Мирзиёев Ш. М. Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табрик нутқи – https://president.uz/uz/lists/view/4454. Мурожаат вақти: 15:12 / 03.03.2022.


[Закрыть]
. Янги Ўзбекистонда мамлакатни модернизация қилиш ҳамда ҳаётнинг барча соҳасини либераллаштириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги, сўз эркинлигини таъминлаш, рақамли иқтисодиётни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу маънода, мазкур тадқиқот «2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси»22
  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги «2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармони. – Қонунчилик маълумотлари миллий базаси, 29.01.2022 й., 06/22/60/0082-сон.


[Закрыть]
нинг 71– ва 89-мақсадларида белгиланган оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда холис ахборотни ўз вақтида бериб бориш орқали ёлғон маълумотлар тарқалишининг олдини олиш, фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланиш маданиятини ошириш, шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқи бузилишининг олдини олиш, кибержиноятчиликнинг олдини олиш тизимини яратиш билан боғлиқ устувор вазифалар ижроси доирасида амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида», «Киберхавфсизлик тўғрисида», «Давлат сирларини сақлаш тўғрисида», «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида», «Тижорат сири тўғрисида», «Реклама тўғрисида», «Ахборотлаштириш тўғрисида», «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида», «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон «2022—2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги, 2020 йил 5 октябрдаги ПФ-6079-сон «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2019 йил 2 февралдаги ПФ-5653-сон «Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 5 сентябрдаги 707-сон «Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда ушбу диссертация тадқиқоти муайян даражада хизмат қилади.

Тадқиқотнинг республика фан ва технологиялари ривожланишининг устувор йўналишларига мослиги. Мазкур тадқиқот республика фан ва технологиялар ривожланишининг: I. «Ахборотлашган жамият ва демократик давлатни ижтимоий, ҳуқуқий, иқтисодий, маданий, маънавий-маърифий ривожлантиришда инновацион ғоялар тизимини шакллантириш ва уларни амалга ошириш йўллари”нинг устувор йўналишига мувофиқ бажарилган.

Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Ўзбекистонда медиатаълим, ахборотнинг аудиторияга таъсири масалалари Ф. Мўминов, Н. Муратова, Х. Дўстмуҳамедов, Ё. Маматова, С. Сулаймонова, Н. Тошпўлатова, Г. Алимова, С. Бабаджанов33
  Мўминов Ф. Ахборот хавфсизлиги ва ижтимоий тараққиёт // Ўзбекистон матбуоти. – 2007. – №6. – Б. 32—33.; Журналистикада медиа ва ахборот саводхонлиги: [Матн] / Н. Муратова, Э. Гризл, Д. Мирзахмедова – Тошкент: Baktria press, 2019. – 112 б. Дўстмуҳаммад Х. Ахборот – мўъжиза, жозиба, фалсафа. – Т.: Янги аср авлоди, 2013. – 320 б.; Fake news: медиада дезинформация: қўлланма / Н. Муратова, Н. Тошпулатова, Г. Алимова. – Ташкент: «Innovatsion rivojlanish nashriyot-matbaa uyi», 2020. —104 б.; Я. Маматова, С. Сулайманова, тузувчилар. Ўзбекистон медиатаълим тараққиёти йўлида. Ўқув қўлланма.—Т.: «Extremum-рress», 2015. – 94 б.; Бабаджанов С., Хозирги медиамуҳит шароитида ёшларни деструктив ахборотлардан химоя килишнинг самарали воситаси сифатида медиатаълимнинг зарурияти // Замонавий таълим. – 2017. – №2. – Б. 9—14.;


[Закрыть]
нинг қўлланмалари, илмий мақолаларида акс этган.

Медиатаълим, медиасаводхонликнинг назарий асослари бўйича тадқиқотлар МДҲ давлатларида А.В.Федоров, А.А.Новикова, В.Л.Колесниченко, И.А.Каруна, Е.И.Кузьмин, Е.А.Воронина, Э. Токтогулова, Э. Кайыпов, Г. Асанбаева, Н. Гендина, А.В.Паршакова, А.В.Шариков, И.В.Жилавская44
  Федоров А. В. Медиаобразование: история и теория. М.: МОО «Информация для всех», 2015. 450 c.; Федоров А. В., Новикова А. А., Колесниченко В. Л., Каруна И. А. Медиаобразование в США, Канаде и Великобритании. Таганрог: Изд-во Кучма, 2007. 256 c.; Кузьмин Е. И. Медиа– и информационная грамотность в контексте вызовов информационного общества и политики построения обществ знания. – М.: МЦБС, 2013. – C. 18—24.; Воронина Е. А., Токтогулова Э., Кайыпов Э. Замонавий оммавий ахборот воситаларида ҳамда мулоқот майдонида «Адоват тили». Олий ўқув юртлари ўқитувчилари учун ўқув-услубий қўлланма. – Бишкек: ОАВни қўллаш маркази ЖЖ, 2021. – 136 б.; Пособие по медиаграмотности для преподавателей вузов высших учебных заведений Казахстана. – Алматы: Интерньюс, 2019 – 250 стр.; Gendina, N. (2017). Analysis of adaptation of Media and Information Literacy Curriculum for Teachers (prepared by UNESCO) in Russia and Uzbekistan. Mediaobrazovanie-Media Education, (3), 27—44; Медиа– и информационная грамотность в обществах знания / Сост. Кузьмин Е. И., Паршакова А. В. – М.: МЦБС, 2013. – 384 с.; Шариков А. В. Медиаобразование: мировой и отечественный опыт. – Брошюра. – М.: Академия педагогических наук, 1990. – 65 с. Жилавская И. В. История развития медиаобразования. М.: МПГУ, 2017. – 160 с. 5 Шергова О. Б. Медиаобразование и журналистика (коммуникативные и лингвистические компоненты): автореферат диссертации на соискание ученой степени кандидата филологических наук. – Москва: 2010. 6 Oberg D., Ingvaldsen S. (2016). Media and Information Literacy in Higher Education. Chandos Publishing, 176 p.; Leaning, M. (2017). Integrating Media and Information Literacy. Media and Information Literacy, Chandos Publishing, 144 p.; Grizzle A., Moore P., Dezuanni, M., Asthana S., Wilson, C., Banda F., Onumah Ch. (2013) Media and information literacy: policy and strategy guidelines, France, 196 p.; Singh, J., Kerr, P., Hamburger, E. Media and information literacy: reinforcing human rights, countering radicalization and extremism, France, 2016, 314 p.; Silverblatt, A., Ferry, J., Finan, B. (1999). Approaches to Media Literacy. Armonk, New York – London: M.E.Sharpe, 281 p.; Stevenson, N. (2002). Understanding Media Cultures. Social Theory and Mass Communication. London – Thousand Oaks – New Delhi: Sage Publications, 255 p.;


[Закрыть]
ва бошқа олимларнинг илмий тадқиқотлари, ўқув қўлланмаларида ўз ифодасини топган. О.Б.Шергова55
  8 Маклюэн М. Галактика Гутенберга. Становление человека печатающего. – 2-е изд. – М.: Академический Проект, Гаудеамус, 2013. – 496 с.; Маклюэн М. Понимание медиа: внешние расширения человека. – М.: Кучково поле, 2007. – 464 с.


[Закрыть]
нинг «Журналистика ва медитаълим (коммуникатив ва лингвистик компонентлар) ” мавзусидаги тадқиқоти оммавий ахборот воситалари билан тўйинган дунёда яшаётган жамият талабларига жавобан пайдо бўлган янги фанлараро йўналиш – медиатаълимнинг журналистика ихтисослигида ўрганилишини асослаб бергани билан аҳамиятли.

Медиа-ахборий саводхонликнинг замонавий талқини бўйича D. Oberg, S.Ingvaldsen, M. Leaning, A.Grizzle, P.Moore, M.Dezuanni, S.Asthana, C. Wilson, F.Banda, Ch. Onumah, J.Singh, P.Kerr, E. Hamburger, A.Silverblatt, J. Ferry, B.Finan, N.Stevenson66
  8 Тоффлер Э. Третья волна, 1980. – М.: АСТ, 2010. – 784 с.


[Закрыть]
сингари хорижлик мутахассислар изланиш олиб борган. М. Маклюэн ва Э. Тоффлер каби хорижлик олимларнинг медиани тушуниш, медиа таъсири масалаларига бағишланган мумтоз қарашлари мавзуни чуқурроқ тадқиқ этишда муҳим аҳамият касб этди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, биз назарий ва қисман эмпирик база сифатида чет эл тадқиқотчиларининг илмий журналлардаги мақолаларидан ҳам фойдаландик. Бу борада ЮНЕСКО томонидан ўтказилган халқаро конференциялар материаллари, «Медиаобразование», «International Journal of Media and Information Literacy» журналларидаги мақолалар муҳим манба ҳисобланади. Уларда медиатаълим, медиасаводхонликнинг замонавий жамиятдаги ўрни, ҳар бир мамлакатдаги тараққиёти, ўзига хослиги ва медиамаҳсулот истеъмолидаги ўзгаришлар ҳақида сўз кетган.

Шунга қарамай, ахборий-психологик кураш шароитида медиатаълимнинг заруратини асослаш, медиа-ахборий саводхонлик компетенциясини миллий таълим тизими контекстида ўрганиш, медиатаълимни жорий этишдаги ўзига хосликларни илмий асослаш бўйича изланишларга эҳтиёж катта.

Тадқиқот мавзусининг диссертация бажарилган олий таълим муассасаси илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация тадқиқоти Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг «Халқаро журналистика назарияси ва амалиётининг долзарб масалалари» мавзусида олиб борилаётган истиқболли илмий-тадқиқот ишлари доирасида бажарилган.

Тадқиқотнинг мақсади илғор хорижий тажриба, тарихий маънавий негизларга таяниб, ахборот-психологик кураш хавфи, миллий таълим тизими ўзига хослигини инобатга олган ҳолда медиатаълимнинг «ўзбек модели”ни яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболларини асослашдан иборат.

Тадқиқотнинг вазифалари:

дунёнинг мураккаб ва кўп қиррали ахборий харитасида акс этаётган ахборий-психологик кураш шароитида медиа-ахборий саводхонлик заруратини таҳлил қилиш;

медиатаълим ва ахборий саводхонликнинг миллий, маънавий, тарихий асосларини тадқиқ этиш;

медиатаълим бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, мақбул назария ва моделларни ажратиш;

Ўзбекистонлик ёшларнинг медиамаҳсулот истеъмоли ва медиасаводхонлик даражасини аниқлаш асосида таълим тизимининг медиасаводхонликни ошириш функциясини такомиллаштириш;

медиатаълимнинг «ўзбек модели”ни амалиётга татбиқ этиш шакли ва механизмлари, малака талаблари, жорий этиш босқичлари, таълим мазмунини белгилашга доир тавсиялар ишлаб чиқиш.

Тадқиқотнинг объекти сифатида медиа изоляциясидаги ахборот истеъмолчиларининг рақамли оламга тўғри мослашишига кўмаклашиш, медиасаводхонлик, танқидий тафаккурни ошириш функциясини ўзида мужассамлаштираётган хорижий ва миллий таълим тизими олинган.

Тадқиқотнинг предмети ахборий ва кибер хавф мавжуд бўлган глобал ахборий-психологик маконда мураккаб ва кескин вазият, медиамаҳсулот истеъмолидаги ўзгаришлар фонида долзарблашиб бораётган медиатаълим, медиасаводхонлик ҳисобланади.

Тадқиқотнинг усуллари. Тадқиқотда мавзуни адекват ҳолатда ўрганишни таъминлашга қаратилган қуйидаги назарий ва эмпирик методлар мажмуи қўлланди: назарий (тaҳлилий-синтетик, тaрихий-қиёсий, тaркибий-типологик), таҳлил (анализ, синтез, индукция, дедукция, конкретлаштириш, аналогия, моделлаштириш); социологик (ҳужжатларни ўрганиш, кузатув, анкета сўрови, контент таҳлил), диагностик (лойиҳалаштириш), прогностик (фикрий эксперимент, мустақил баҳоларни умумлаштириш ва бошқ.), математик статистика усуллари.

Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:

мамлакатда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш, ахборот экологияси мусаффолигига эришишда омманинг жамоатчилик фикрини манфаатли шакллантиришга интилаётган сиёсий ва молиявий тузилмалар таъсиридан чиқиши, онгли тарзда ишончли ва тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқини амалга оширишда медиатаълимнинг долзарблиги ва зарурати асосланган;

тарихий манбалардан медиатаълим, медиасаводхонлик, фактчекинг тушунчаларининг Шарқдаги қадимий кўринишларига оид мисоллар топилган, аллома ва мутафаккирларнинг мавзуга оид қарашлари очиб берилиб, ўрта асрларда мадрасаларда ўқитилган, услуб жиҳатидан медиатаълимга ўхшаш бўлган фанлар аниқланган;

ёшларнинг медиа истеъмолига доир хусусиятлари, медиасаводхонлик кўрсаткичлари аниқланиб, амалдаги таълим тизими таҳсил олувчиларни ахборий жамиятга тайёрлаб бормаслиги, умумий ўрта, олий таълим, малака ошириш курсларига медиатаълимни жорий этишнинг муҳимлиги исботланган;

медиатаълимнинг «ўзбек модели» ишлаб чиқилиб, унга илмий асосда таъриф берилган, уни амалиётга жорий этиш босқичлари, шакллари, малака талаблари, механизмлари, медиатаълим дастурлари мазмунига доир талаблар, медиасаводхонликнинг трансчегаравий компетенциялари, таркибий компонентлари далилланган.

Тадқиқотнинг амалий натижалари қуйидагилардан иборат:

медиатаълимнинг тарихий шаклланиш ва ривожланиш босқичлари, хорижий мамлакатлардаги илғор тажрибаларнинг ўзига хосликлари кўрсатиб ўтилган;

медиа истеъмолидаги тадрижий ўзгаришлар, медианинг инсонларга ҳиссий, ақлий, жисмоний таъсирида юзага келаётган медиақарамлик, фаббинг, FOMO sapiens каби муаммолар таҳлил этилиб, ечимлар таклиф қилинган;

медиамакондаги ҳар қандай ахборий хуружларга қарамай, миллий истиқлол ғояларига содиқ, фаол фуқаролик позициясига эга ахборот истеъмолчиларини тарбияловчи, ахборот одоби, маданияти, маънавиятини шакллантирувчи медиатаълимнинг «ўзбек модели» ишлаб чиқилган;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг 2022 йил 16 мартдаги 11-PA 2/1-547-сонли топшириғига мувофиқ, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ахборот маконида медиасаводхонлик ва онлайн хавфсизликни таъминлаш бўйича 2022—2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси, Халқ таълими вазирлиги, Республика таълим марказининг Медиамаконда болалар, ўсмирлар ва ёшларнинг ахборот саводхонлиги ва онлайн хавфсизлигини таъминлаш бўйича 2022—2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этилган;

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти кўмаги билан республиканинг барча ҳудудидан 7827 нафар респондент иштирокида ёшларнинг медиасаводхонлик кўрсаткичи ва медиамаҳсулот истеъмоли хусусиятларини аниқлашга қаратилган сўровнома ўтказилган;

Республика олий таълим муассасалари бакалавриат босқичи талабалари учун «Медиатаълим» фани бўйича фан дастури, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети бакалавриат босқичи талабалари учун «Медиатаълим ва ахборот хавфсизлиги», «Журналистикада медиасаводхонлик ва факт чекинг» ҳамда «Медиатаълим ва медиасаводхонлик» фанлари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети учун «Медиатаълим асослари» фани бўйича фан ва ишчи дастурлар ишлаб чиқилган, маъруза матнлари, тақдимот ва видеоматериаллар тайёрланган.

Тадқиқот натижаларининг ишончлилиги ишда фойдаланилган назарий маълумотлар учун илмий адабиётлар, жумладан, тан олинган нуфузли илмий базаларда ҳаволаланган журналлардаги энг сўнгги илмий материалларга мурожаат этилгани, амалий характердаги маълумотларнинг мунтазам социологик кузатув ва 7827 нафар респондент иштирокидаги социологик сўров орқали олингани, ишончли интернет манбалари, тасдиқланган статистик маълумотлардан фойдаланилгани, сайтларга мурожаат вақти берилиши, таҳлиллар, илмий-амалий характердаги хулосаларнинг қиёсий методлар билан асослангани, моделлаштиришда фикрий эксперимент ва чоғиштириш методи қўллангани ҳамда илмий фикр ва таклифлардан амалиётда фойдаланилгани, уларнинг тегишли ташкилотлар томонидан тасдиқлангани билан ифодаланади.

Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Тадқиқот натижаларининг илмий аҳамияти Ўзбекистонда медиатаълим ва медиасаводхонлик, медиани тушуниш ва ахборотни баҳолаш йўналишидаги илмий қарашларнинг миқёси кенгайтирилганлиги, ахборий саводхонлик, медиасаводхонлик, рақамли саводхонлик тушунчаларининг мазмун-моҳияти миллий нуқтаи назардан таърифлангани, талқин этилган ҳамда ўзбекистонлик ёшларнинг медиамаҳсулот истеъмоли, ахборотнинг ошиб бораётган таъсири илмий таҳлил қилинганлиги, янги тадқиқотларга йўл очгани билан изоҳланади.

Тадқиқот натижаларининг амалий аҳамияти Ўзбекистонда медиатаълимни жорий этишга қаратилган чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилгани, фан дастурларининг яратилгани билан изоҳланади, таклиф этилаётган модел медиамаконда миллий манфаатлар ҳимоясидан шахсий маълумотлар хавфсизлини таъминлашгача хизмат қилади.

Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Медиатаълимнинг «ўзбек модели”ни яратиш ва амалиётга жорий этиш истиқболларини тадқиқ қилиш юзасидан ишлаб чиқилган хулоса ва амалий таклифлар асосида:

мамлакатда ахборот хавфсизлиги ва киберхавфсизликни таъминлаш, ахборот экологияси мусаффолигига эришишда омманинг жамоатчилик фикрини манфаатли шакллантиришга интилаётган сиёсий ва молиявий тузилмалар таъсиридан чиқиши, фуқароларнинг онгли тарзда ишончли ва тўлиқ ахборот олиш ҳуқуқини амалга оширишда медиатаълимни умумий ўрта таълим тизимига интеграциялашган ҳолда, олий таълим тизимида алоҳида фан сифатида жорий этиш зарурати бўйича таклифлардан Ўзбекистон Журналистлар уюшмасида Ахборот маконида медиасаводхонлик ва онлайн хавфсизликни таъминлаш бўйича 2022—2024 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, хусусан, олий таълим тизимига медиатаълимни босқичма-босқич жорий этиш, ёшларга медиамаконда хавфсиз хулқ-атвор қоидаларини ўргатиш, интернетга қарамликнинг олдини олиш бўйича ахборот материалларини ишлаб чиқиш, уюшма билан ҳамкорликда барча таълим йўналишларига мўлжалланган «Медиатаълим» ўқув дастури, журналистика таълим йўналишлари учун «Медиатаълим ва ахборот хавфсизлиги», «Журналистикада медиасаводхонлик ва фактчекинг» ҳамда «Медиатаълим ва медиасаводхонлик» фан дастурларини ишлаб чиқишда жорий қилинган (Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг 2022 йил 19 октябрдаги 01/18-517-сон маълумотномаси). Натижада «Медиатаълим» ўқув дастури асосида фан яратилган ва унинг ўқув-услубий мажмуасини яратишда муҳим манба бўлиб хизмат қилган;

тарихий манбалардан медиатаълим, медиасаводхонлик, фактчекинг тушунчаларининг Шарқдаги қадимий кўринишларига оид топилган мисоллар, аллома ва мутафаккирларнинг мавзуга тегишли қарашларидан медиатаълимни жорий этишда миллий дидактик асос сифатида фойдаланиш бўйича таклифлардан мактаб дарсликларига медиатаълимни интеграциялаш, она тили, тарбия, информатика каби фанларда медиасаводхонлик инструментини қўллашда фойдаланилган (Республика таълим марказининг 2022 йил 30 сентябрдаги 01/11—01/10-1564-сон маълумотномаси). Натижада 2022—2023 ўқув йилидан умумий ўрта таълим тизимига медиатаълимни интеграциялашган ҳолда жорий этиш, фанлар мазмунига медиасаводхонликни сингдириш, ўқув жараёнини материаллар билан таъминлашда муҳим манба вазифасини бажарган;

ўзбекистонлик ёшларнинг медиа истеъмолига доир хусусиятлар, медиасаводхонлик кўрсаткичларидан, амалдаги таълим тизими таҳсил олувчиларни ахборий жамиятга тайёрлаб бормаслиги, умумий ўрта, олий таълим, малака ошириш курсларига медиатаълимни жорий этишнинг муҳимлиги бўйича таклифлардан дунёнинг мафкуравий манзарасини ўрганиш, замонавий шароитда маънавий-маърифий, тарбиявий ишлар самарадорлигини ошириш, мамлакатдаги ижтимоий-маънавий муҳит ҳолатини тадқиқ қилиш, медиатаълимнинг самарали ва таъсирчан технология ҳамда усулларини ишлаб чиқиш, аҳолининг ғоявий ва ахборот хуружларига қарши мафкуравий иммунитетини кучайтириш, интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятини оширишда фойдаланилган (Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий маънавий тадқиқотлар институтининг 2022 йил 26 майдаги 111-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқот замонавий медиамуҳитда маънавий ишлар самарадорлигини оширишнинг илмий асосларини чуқурроқ ўрганишга ёрдам берган;

ишлаб чиқилган медиатаълимнинг «ўзбек модели”дан, уни амалиётга жорий этиш босқичлари, шакллари, малака талаблари, механизмлари, медиатаълим дастурлари мазмунига доир талаблар, медиасаводхонликнинг трансчегаравий компетенциялари, таркибий компонентларини белгилаш бўйича таклифлардан Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида Медиа ва ахборот саводхонлиги бўйича мактаб ўқитувчиларининг билим, кўникма ва малакаларини ошириш ўқув дастурига кўра ташкил этилган курснинг «Медиатаълим ва медиасаводхонлик. Асосий тушунча ва атамалар», «Замонавий медиамуҳит ва ахборий тартибсизликлар», «Ахборот истеъмолида танқидий тафаккур. Танқидий тафаккурни шакллантириш усуллари» модуллари бўйича видеодарс, маъруза, тест, глоссарий каби ўқув материалларини яратишда фойдаланилган (Абдулла Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институтининг 2022 йил 1 июндаги 01/09-671-сон маълумотномаси). Натижада тадқиқот малака ошириш курсларини ўқув материаллари билан таъминлашга ёрдам берган.

Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Мазкур тадқиқот натижалари 9 та, жумладан, 4 та халқаро ва 5 та республика илмий-амалий анжуманларида муҳокамадан ўтказилган.

Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 10 та илмий иш, шундан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертацияларининг асосий илмий натижаларини чоп этиш тавсия қилинган илмий нашрларида 8 та мақола, жумладан, 5 таси республика ва 3 таси хорижий журналларда нашр этилган.

Тадқиқотнинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, уч боб, хулоса ва фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат. Диссертациянинг ҳажми 147 саҳифани ташкил этади.


I БОБ. ЗАМОНАВИЙ МЕДИАМАКОНДАГИ АХБОРОТ-ПСИХОЛОГИК КУРАШ ШАРОИТИДА ЎЗБЕКИСТОНДА МЕДИАТАЪЛИМ ТАРАҚҚИЁТИНИНГ АСОСИЙ ОМИЛЛАРИ

1.1§ Замонавий медиамакондаги ахборий-психологик курашнинг дунё ахборий харитасида акс этиши

Ижтимоий, геосиёсий, маданий, иқтисодий жараёнлар глобаллашуви, ахборотлашуви, рақамлашуви натижасида оммавий коммуникация барча соҳаларга интеграциялашди ҳамда замонавий медиамаконни пайдо қилди. Замонавий медиамакон коммуникация воситалари ёрдамида шаклланган, одамлар ёки гуруҳлар бир вақтнинг ўзида фойдаланиши мумкин бўлган яхлит ва умумий, мураккаб ва чалкаш платформа бўлиб, ҳажми, таъсир имкониятларини ўлчаш ундаги кўрсаткичлар ўзгариб туриши, миқёс катталиги, чегараларни белгилаш қийинлиги сабабли имконсиз. Ҳар бир инсон унинг 4 фоизидан фойдалана олади. Замонавий медиамуҳит ахборий-психологик курашда платформа вазифасини ўтайди.

Медиамакон фанда уни назарийлаштиришга қаратилган тадқиқотларда қуйидаги ёндашувлар бўйича ўрганилган: матнмарказли ёндашув – медиамаконга барча медиаматнларнинг мажмуи, «дискурсив» макон сифатида қаралади; тузилмавий ёндашув – медиамакон институционал соҳа, ижтимоий майдон, оммавий коммуникация воситалари тизими сифатида тушунилади; ҳудудий (бозор) ёндашуви – медиамакон медиабозор ҳудуди (мамлакат, шаҳар) ёки ахборий саноат сифатида характерланади; технологик ёндашув – медимаконга моддий технологиялар билан қўллаб-қувватланадиган «виртуал реаллик» мақоми берилади; экологик ёндашув – медиамаконга инсон фаолиятининг барча соҳаларини қамраб оладиган глобал яшаш жойи сифатида қаралади77
  Ним Е. Г. Медиапространство: основные направления исследований // Бизнес. Общество. Власть 2013. №14. С. 31—41


[Закрыть]
. Ҳар қандай ёндашувда ахборот воситасида инсонлар онгу шуурига таъсир, интерпретация масаласи марказда туради.

Медиамакон умумий маънода ахборий макон, тор специфик мазмунда кибермакон билан ёндош келади. Медиамакон ахборот истеъмолчилари сонининг динамик ўсиши, коммуникациянинг кенг қулоч ёйиши билан боғлиқ равишда кенгайиб бормоқда. 2021 йил бошидаги ҳолатга кўра, дунёда 4.66 миллиард киши интернетдан фойдаланади. «We Are Social» ва «Hootsuite» ташкилотлари ҳисоботига кўра, бу дунё аҳолисининг 59,5 фоизини ташкил қилади. Ижтимоий тармоқлардан 4,2 миллиард киши ёки аҳолининг 53,6 фоизи фойдаланади. Мобиль қурилма фойдаланувчилари катта қисмни ташкил қилади88
  https://news.rambler.ru/internet/45705599-tsifra-dnya-skolko-chelovek-v-mire-polzuyutsya-internetom/ Мурожаат вақти: 10:48 / 22.05.2022.


[Закрыть]
. Рақамли оммавий ахборот воситалари сони, ахборот супермагистралидаги ҳаракатлар шиддати ошмоқда – глобал тармоқда 1,7 миллиард веб сайт мавжуд, ҳар соатда 7 миллион веб саҳифа онлайнда пайдо бўлади, телефон қўнғироғи ва шахсий ёзишмаларни ҳисоблаш имконсиз. Инсонлар диққат-эътиборини жалб этиш учун кураш тарғибот, ташвиқот, манипуляция, ишонтириш, таъсир ўтказиш усулларидан кенг фойдаланиш, брендлаштириш, реклама, шов-шувли янгиликларнинг кўпайиши, интернетдаги реклама учун сарфланган маблағларнинг ошиши каби кўринишларда юз бермоқда. Медиамаконга хос хусусиятлардан яна бири ахборотдан баҳрамандлик борасида рақамли тенгсизликнинг, ахборот олиш очиқлиги имкониятидаги фарқнинг мавжудлигидир. Интернет билан таъминланганлик кўрсаткичлари ўртасидаги тафовут дунё мамлакатларида 10 фоиздан 90 фоизгача бўлган оралиқдадир. Ахборотга, янгиликка ташналикнинг кучайиши қидирув тизимларида сўровга берилган мавзуларнинг 15 фоизи янгилиги билан изоҳланади.

«Медиамакон» тушунчаси ўз ичига ҳозирги ахборий жамиятдаги, оммавий ахборот воситалари фаолиятидаги мураккаб жараён ва ҳодисаларни қамраб олади. Замонавий жамиятдаги ҳеч бир ҳолат медиамакондан айро ёки ундан ташқарида эмас. Шу қатори иқтисодий, сиёсий манфаатлар тўқнашувлари ҳам. Уни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш халқаро миқёсда амал қилувчи ҳуқуқий меъёрлар ишлаб чиқилмагани ва техник жиҳатдан амалга ошириш имконсизлиги, сўз ва фикр эркинлиги масаласи мавжудлиги сабабли мураккабдир.

Медиамакон турли даврларда, турли мамлакатларда турлича шаклланади, намоён бўлади, мақсад ва вазифаларини ўзгартириб туради. Масалан, МДҲ мамлакатларида, хусусан, Ўзбекистонда ОАВ, кино собиқ иттифоқ даврида мафкуравий қурол бўлган, партия тизимининг тарғибот воситаси вазифасини бажарган. ХХ асрнинг 90-йилларидан кейин цензуранинг бекор қилиниши билан боғлиқликда медиабозор қоидаларига кўра ишлай бошлади, эмпирик равишда истеъмоли енгил ва осон форматлардан фойдаланилди, кўнгилочар, шов-шувли моделлар трендга чиқди, буюртма, реклама материаллари кўпайди, тижорий функциялар ишга тушди. Ўзбекистонда эса бу ҳолат бироз бошқача кечди, ички цензура сақланиб қолиши натижасида аудитория учун сиёсий таъсири кам бўлди, тижорий мақсадлар ҳам устуворлик касб этмади, медиамакон ёпиқ ва барқарор хусусиятларни намоён этди. 2016 йилдан кейин ахборот ва сўз эркинлиги устуворлиги, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти шаффофлиги таъминланиши натижасида медиамаконда демократлашув, либераллашув кучайди.

XXI асрда медиамаконни илмий тадқиқ қилишнинг фанлараро табиати унинг турли соҳаларга интеграцияси натижасида пайдо бўлди. Бироқ медианинг омма онгига таъсир, шахсга йўналтирилган ёндашув, самарали коммуникацияни таъминлашга қаратилган медиациялашув, стереотипларни шакллантириш билан боғлиқ хусусиятлари барча даврларда ва барча шаклларда сақланиб қолган.

Медиамакон формати ва типологиясини ўрганишдан кўра унда юз бераётган ҳодисалар, хусусан, сиёсатшунослик, конфликтшунослик, журналистика ва оммавий коммуникация, психология каби фанларда аҳамиятли бўлган ахборот-психологик кураш шароитида ахборот истеъмолчиларининг ахборий маданиятини шакллантириш зарурати ва усулларини ўрганиш долзарб аҳамият касб этади. Ахборот-психологик кураш тушунчаси қарама-қарши томонларга психологик таъсир ўтказиш билан боғланган. Тарихда душманнинг руҳиятини синдириш, тартибсизликлар келтириб чиқаришга қаратилган психологик таъсир кичик бўлган ва ҳал қилувчи аҳамият касб этмаган. Босма маҳсулотларнинг пайдо бўлиши билан вазият ўзгарди. Газета ва журналлар тарғибот олиб бораётган мамлакат учун кўзланган натижага эришиш мақсадида омманинг фикри, ҳиссиётлари ва хатти-ҳаракатларига мақсадли таъсир ўтказиш учун кенг имкониятлар очди. Телевидение, радио, матбуот ХХ асрда кучли қурол сифатида ҳисобга олина бошлади.

«Ахборот уруши» атамасини биринчи марта 1976 йилда Т. Рона «Boing» компанияси учун тайёрланган ҳужжатда қўллаган99
  Rona T. Weapon Systems and Information War. Seattle, WA: Boeing Aerospace Co., 1976. 176 р.


[Закрыть]
. 1992 йилдан бошлаб, «ахборот уруши» атамаси АҚШ Мудофаа вазирлиги томонидан расмий равишда ишлатилган1010
  Ватрушкин А. А. Проблемы информационно-психологической безопасности в современном мире // Актуальные проблемы гуманитарных и естественных наук. 2010. №11. С. 193—197.


[Закрыть]
. Ахборий-психологик кураш, кибер урушни ўрганувчи илмий ёндашувларнинг хилма-хиллиги ҳодисага нисбатан ягона қараш йўқлигини кўрсатади. Бугунги кунда илмий соҳада қуйидаги асосий ёндашувлар аниқланган: геосиёсий, психологик, коммуникатив, конфликтологик1111
  Львовна, Ш. Л., & Shtofer, L. L. (2018). Информационная война как радикальная форма политической борьбы The Information War As A Radical Form Of Political struggle. 7 (1). https://doi.org/10.23683/2227-8656.2018.4.13


[Закрыть]
.

Геосиёсий ёндашувга кўра, ахборот уруши бу – давлатлараро қарама-қаршилик.1212
  Фролов Д. Б. Информационное противоборство в сфере геополитических отношений: автореф. дис. … д-ра полит. наук. М., 2006. 426 с.


[Закрыть]
Унга кўра, давлатлар ахборот орқали бошқа давлатларга таъсир ўтказиб, стратегик соҳаларда устунликка эришишга ҳаракат қилади. Психологик ёндашув тарафдорлари фикрича, ахборот уруши моҳияти ахборот орқали оммавий равишда инсонлар онгига яширин таъсир кўрсатишдир. В.А.Лисичкин фикрича, тафаккурни манипуляция қилиш ахборот таъсирини интеллектуал-психологик ва ижтимоий-маданий жараёнларни бошқариш мақсадида объектлар буни сезмайдиган ҳолда яширин амалга оширишдир1313
  Лисичкин В. А., Шелепин Л. А. Третья мировая (информационно-психологическая) война. М.: Академия социальных наук, 2000. 304 с.


[Закрыть]
. Коммуникатив йўналишда ахборот уруши бу қарама-қарши тарафларнинг разведка ва сиёсий ва психологик ҳаракатлар амалга ошириладиган алоқа технологияси сифатида талқин этилади. Конфликтологик ёндашув ахборот уруши, қарама-қаршиликларни нафақат давлатлараро, балки гуруҳ, шахслараро зиддиятларни ҳам ҳарбий, ҳам сиёсий призма чиғириғи орқали кўриб чиқишга имкон беради.

Ахборот уруши ўз мақсади, мазмун-моҳиятига кўра, махфий ёки ошкора, аҳамияти кам ёки радикал таъсирли сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавий-психологик, тижорий, ҳарбий ҳодиса бўлиши мумкин. «Ахборот уруши» ва «ахборий кураш» тушунчалари фарқланади. Ахборий-психологик кураш тушунчаси нейтрал маъно англатиб, салбий мазмунда ахборий уруш, психологик уруш, кибер уруш шаклларида ҳам қўлланади. Бугунги кунда ахборот-психологик уруш жанговар операцияларни таъминлашдан ташқари ўзи алоҳида мустақил уруш турига айланди ва геосиёсий даражадаги стратегик вазифаларни ҳал қилишга қодир ҳодиса ҳисобланади. Шу билан бирга, агрессив ахборот ва психологик курашнинг ўзи уруш ва қуролли тўқнашувларни келтириб чиқаради. Ахборот ва психологик қуролларнинг хавфи улардан фойдаланишдаги шахссиз хусусиятидадир, бу ҳужум ҳаракатларини, ҳатто уруш эълон қилмасдан ҳам номаълум ҳолда амалга оширишга имкон беради. Бундан ташқари, ахборий қуролларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланишни тақиқлаш деярли мумкин эмас (масалан, кимёвий ёки бактериологик қуролларга нисбатан тақиқ ўрнатилган). Ахборий уруш шахс, жамият, тузилма ва давлатлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви, қарама-қаршилик юз берган ҳолатларда устунликка эришиш, бирор сиёсий, иқтисодий ёки бошқа мақсад йўлида маълумот олиш, қайта ишлаш ва етказиш, сиёсий ва ҳарбий мақсадларга эришиш, ахлоқий ва психологик таъсир кўрсатиш мақсадидаги курашдир. Ахборот уруши компютерлар, дастурий таъминотга ҳужум қиладиган ва ахборий тизимларни издан чиқарадиган кибер урушлардан фарқ қилади. Ахборот уруши муайян мақсад йўлида маълумотларни манипуляция қилиш, қайсидир шахс, гуруҳ, тузилма ёки давлатнинг манфаатларига қарши, лекин бошқа томон учун манфаатли бўлган, ахборий босимга асосланган ҳаракат ҳисобланади. Ахборот уруши қачон бошланиши, тугаши ва унинг қанчалик кучли ёки ҳалокатли эканлиги аниқ эмас. Ахборот уруши тактик маълумотларни тўплаш, ўз манфаатларига йўналтирилган ахборотларни тарқатиш, ташвиқот, дезинформация кампанияси, деморализация (маънавий, ахлоқий таназзул) ёки манипуляция қилишни ўз ичига олиши мумкин. Ахборот уруши психологик уруш билан чамбарчас боғланган. Ахборий, психологик, кибер урушлар умумийлаштирилиб, «ахборот операциялари» атамасидан фойдаланган ҳолда ҳам ифодаланади. Бунда технологиялар билан бир қаторда ахборотдан фойдаланишнинг инсон билан боғлиқ жиҳатларига, жумладан, ижтимоий тармоқ таҳлили ва инсонни ахборот орқали бошқаришга эътибор қаратилади. Кибермаконда кураш C4ISR (Command, Control, Communications, Computers, Intelligence, Surveillance and Reconnaissance), яъни бошқарув, назорат, коммуникация, компьютерлар, интеллект, кузатув ва разведкага асосланган шаклда олиб борилади.


Страницы книги >> 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации