Читать книгу "Муҳаммад Юсуф ва Ғайбулла Ас-Салом"
“ЁЛҒОНЧИ ЁР…”
Шоирни кўча куйда кўп кўрардим, суҳбатлашгим келса уни Ёзувчилар уюшмасидан топардим. Истараси иссиқ Муҳаммад Юсуф доим ижодкорлар қуршовида юрарди.
Учрашувларга “Муҳаммад Юсуф ҳам келган” хабарини эшитиш билан ҳамма – ҳамма ушбу кечага талпинарди. Чунки у баланд пардаларда ўз мафтункор, хушоҳанг шеърлари билан давра аҳлини ўзига маҳлиё айларди. Шунинг учун ҳар қандай одам шоир шеърларини ўз тилидан мириқиб эшитгиси келар ва тинглаб “мазза” қилганидан узлуксиз қарсаклар оқимига жўр бўларди. ”Шоир бўлса, шундай бўлсин”, – дейишарди ўшанда.
“Обиҳаёт” маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан бўйича мутахассиси, Талимаржон шаҳар хотин – қизлар қўмитаси раисаси, шоир шеърларининг ашаддий мухлиси Нусратой Раҳимова ҳикоя қилади; ”Унинг таниқли хонанда, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғиёс Бойтоев билан ҳамкорликдаги Тожикистон Республикасида бўлиб ўтган гастрол учрашувларидан бирида қатнашиш бахтига муяссар бўлганман. Ғиёс Бойтоев Муҳаммад Юсуф шеърлари билан айтиладиган бир талай қўшиқларни жонли ижро этди.
Концерт мобайнида шоирнинг ҳар бир чиқишидан давра аҳли бир “қалқиб”, тўлқинланганига, ундан “Ёлғончи ёр” шеъри каби яна ва яна янги шеърлар ўқишини илтимос қилганига гувоҳ бўлганман”.
Мажнун бўлдим ,саҳроларда бир соя йўқ,
Менга офтоб – қароқчидан ҳимоя йўқ,
Ўнгимда чўғ, сўлимда чўғ кўнглимда чўғ,
Жоним сайёд қўлидаги жайрон – жайрон,
Ёлғончи ёр, ёлғонларинг тугар қачон?…
Шоир ижодининг ўзига хос жиҳати шундаки, бу унинг шеъриятида устоз Саъдулла Ҳаким таъбири билан айтганда, олтин ёмбидек ярқираб турувчи соддалик, оддийлик ва халқоналикдир. У шу томондан ҳар бир мавзуни ўткир ва таъсирли қилиб ифодалай олар, ўзи “ёниб” ёзгани туфайли ўзгаларни ҳам“ёндира” оларди. Унинг ҳеч бир шеъри ҳеч кимни бефарқ қолдирмасди. Радиодан янграган сатрларини кетаётган одам бирпас тўхтаб эшитар, газетадаги чоп этилган шеърлари эса қўлма – қўл бўлиб кетарди.
Ўтган асрнинг 90 йилларида шоирнинг энг машҳур бўлган қўшиқларидан бири “Кўнглимдаги ёр” ашуласи эди. Хонанда ҳам уни маромига етказиб ижро этган – да. У икки ўтда қоврулиш, бирваракайига икки ёрга кўнгил беришни” бу қандай кўргилик экан” деб изоҳлайди. 2014 йилнинг ёзидан бошлаб эса ёш хонанда Сардор Мамадалиев шоирнинг ушбу ажойиб қўшиғини янгича оҳангда ижро этмоқда. Тўғриси, у кўпчилик қатори менга ҳам маъқул бўлди.
Муҳаббат боғига кирмадим бир бор,
Суйиб бир гулга қўл урмадим бир бор,
Энди тунлар йиғлар менга қўшилиб,
Кўнглимда бир ёру қўйнимда бир ёр.
ТОҲИР МАЛИК ВА ТАХАЛЛУС
Бу кишини Муҳаммад Юсуфшунос десак ҳам бўлади. У киши “Муҳаммад Юсуф сабоқлари” китоби муаллифи. Ана шу Шукур Қурбоннинг ҳикоя қилиб беришича,”Ўтган асрнинг саксончи йиллари бошида “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятининг шеърият бўлимида хизмат қилардим. Тоҳир Малик масъул котиб эдилар. Кўпчилик шоирлар қатори Муҳаммаджоннинг шеърларидан бир даста тайёрлаб, аканинг ҳукмига ҳавола этдим. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Тоҳир Малик уларни ўқиб, илиқ фикрлар билдирдилар.
Кейин қўшимча қилдилар;
–Лекин имзосини ўзгартирамиз.
–Имзосини ? Нега ? – ҳайрон бўлдим.
–“Муҳаммад Юсупов” эмас, “Муҳаммад Юсуф” имзоси остида эълон қиламиз бу шеърларни.
–Қандай бўларкан?
–Яхши бўлади; “Муҳаммад“ ҳам, ”Юсуф” ҳам пайғамбарларимизнинг исмлари. Уларга “ов” қўшимчасини қўшиб, ўзимизни бегоналаштирмайлик.
Мен бу фикрга қўшилдим.
–Шоир келса, розичилигини олинг. Бўлмаса менга учрашсин, ўзим тушунтириб қўяман.
Шундай қилиб, бу шеърлар “Муҳаммад Юсуф “ тахаллуси остида берилди ва Ёзувчилар уюшмаси Поэзия секциясида йилнинг энг яхши шеърлари сифатида эътироф этилди”.
“РИМНИ АЛИШМАСМАН БЕДАПОЯНГГА!”
“Фидойинг бўлгаймиз, сени Ўзбекистон, Ҳеч кимга бермаймиз, сени Ўзбекистон” сингари шоҳ сатрлари эса ёшларнинг шиорига айланган эди. Унинг ҳар бир сатри зимдан соддароқ туюлса-да, аммо унда теран ва образли мушоҳадалар ўз аксини топган.
“Сайланма” сидаги ҳар бир шеърида она –Ватан тараннуми, эл хизматига камарбасталик, ўз халқига фидоийлик, самимият, жўшқин эҳтирос, пурмаънолик, жозиба ва бетакрорлик мужассам! Ҳа, у “Римни алишмасман бедапоянгга!” дея бир сатрга она юртига бўлган чексиз муҳаббатини сиғдира олди.
Айтинг,Ватанни яна ким бундай сева олади, ”ўзинг менинг улуғлардан, улуғимсан, Ватаним…”дея олади. Муҳаммад Юсуфга хос ёндошувнинг оҳанграбосию жозибаси ҳам ана шунда! Шоир юртини шу қадар кучли севардики, унинг ҳатто бир бедапоясини ҳам кўҳна дунёнинг латофатли шаҳри азими Римга алишмасди.
Шоир учун она юртнинг ҳар қарич ери муқаддас, Андижони азиз, Сурхони азиз, у жаннатмонанд диёрнинг сочидан тавонигача, гулидан янтоғигача яхши кўради.
Менга еринг суюк,
Осмонинг суюк.
Боқсам ,тенг
Тўртала
Томонинг суюк.
Товонимга кирган
Тиконинг суюк –
Кафтдан
Зирапчанг ҳам
Юлмай севаман.
Унинг шеърларида Ватан том маънодаги саждагоҳга, Каъбага айланади. Шоир Ватанга қарата: ”Бу ёруғ жаҳонда Йўғи боримсан, Тилимнинг остида Наввот – заримсан. Сен менинг ягона Пайғамбаримсан, Мен Билол, Мен Ҳабаш – Қулдан севаман “ дейди у. Шоир Саъдулла Ҳаким “Мардона ва ўзбекона шеърият” мақоласида жумладан шундай ёзади; ”У мамлакатимиз озодлигини, ҳеч иккиланмай, Қодирий ва Чўлпон каби улуғ ижодкорларнинг кўксини куйдириб кетган буюк армон ижобати сифатида қабул қилди. Шу боис бутун борлиғини, истеъдодини Ватан мадҳини тараннум этишга бағишлади. Ҳақиқат шуки, она – Ватанга муҳаббат мавзуида Муҳаммад Юсуф қадар кўп ва хўб ёзган шоирлар саноқли. У бир шеърида “Дўстлар, оғиз тўлдириб – Ватан дея олмоқ ўзи бахт экан”, деб ёзса, бошқа бир шеърида “Ватан – юрагимнинг олампаноҳи” дея улуғлайди”. Ўзбек шеъриятида она Ватанимизни “серқуёш ўлка”, ”Серқуёш замин”, ”серқуёш юрт” деб аташганига гувоҳмиз. Аммо Муҳаммад Юсуфдек ҳеч ким серқуёш юртни “офтоб айвони” демаган. Унинг ижодида такрорланмас ўхшатишлар, беназир ташбеҳларга дуч келасиз.
Алпомишлар юрти бу диёр,
Достон бўлган Рустамлари бор.
Шу ўлкада офтоб айвони,
Шу ўлкадан бошланар баҳор.
Албатта, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда, юртга Муҳаммад Юсуфдек Ватанпарвар шоирлар керак. ”Агар биз, – деб таъкидлаган эди Ислом Каримов, – Ўзбекистонимизни дунёга тараннум этмоқчи, унинг қадимий тарихи ва ёруғ келажагини улуғламоқчи, уни аждодлар хотирасида боқий сақламоқчи бўлсак, авваламбор буюк ёзувчиларни, буюк шоирларни, буюк ижодкорларни тарбиялашимиз керак. Нега деганда, улуғ адиб Чўлпон айтганидек, адабиёт яшаса – миллат яшайди”. Ҳозирда ҳам Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев ҳам устози каби улуғ ижодкорларни тарбиялаш йўлидан бормоқда. 2017 йил 3 августда Муҳтарам Президентимиз мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувда таъкидлаганидек, “бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган беқиёс бойликларимиз бор. Ва мен ишонаман, насиб этса, ҳавас қилса арзийдиган буюк келажагимиз, буюк адабиётимиз ва санъатимиз ҳам албатта бўлади”.
Миллий адабиётимизнинг улуғ шоирларидан саналмиш Муҳаммад Юсуфдек ватан куйчиларининг сатрлари мурғак қалбларга муқаддас Ватан туйғусини экиши, шакллантириши, мустаҳкамлаши бор ҳақиқат. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али ёзишича, ”Юртимизнинг танти ва жўмард ўғлонларидан бири Муҳаммад Юсуф ўз шеърларини куйлаб ёзар эди, унинг шеърлари мусиқадек қуйилиб келар, ҳали сиёҳи қуримай қўшиқ бўлиб кетарди. Қўшиқлари шунчалар самимий ва табиий эдики, ўз – ўзингдан хиргойи қилиб юборганингни билмай қолардинг, киши. У чинакам халқ шоири, мустақиллик учун курашган ижодкорлардан биридир…У том маънодаги Ватан куйчиси. Шоир назарида, Ватанга муҳаббат – Ватан учун фидо бўлмоққа тайёр туриш, ўзига ҳеч нарса тиламаслик, буюк садоқат, ихлосдан иборат”.
О, ота маконим,
Онажон ўлкам,
Ўзбекистон, жоним тўшай соянгга.
Сендай меҳрибон йўқ,
Сенингдек кўркам,
Римни алишмасман бедапоянгга.
Яна такрор бўлса ҳам айтаман, антик давр тамаддуни ўчоғи бўлмиш, кўҳна дунёнинг қадимги шаҳри Римни шоир Ўзбекистоннинг бир бедапоясига алмашмоқчи эмас, чунки бу юртдаги ҳар бир гиёҳ унинг учун бебаҳо, кўзга тўтиё қилгудек, сув ўгириб ичгудек! У ўз юртини шу даражада севадики, ҳатто соясига жонини тўшашга тайёр.
Бирон бир шеърида мижғов, англаб бўлмас, тушунарсиз, тумтоқ, чала гаплар, мубҳам туйғулар, чучмал ибораларни йўқ. Ҳар бир сўзи, сатри ҳаммага бирдек тушунарли, зиёли учун ҳам, деҳқон учун ҳам. У халқ тилида халқ дардию ташвишлари, бахту саодатини ифодалай олган. Шунинг учун Муҳаммад Юсуфни ҳамма ўзининг шоири ҳисоблайди, шеърларини ўқийди, бир марта ўқиши билан ёдига ўрнашиб қолади.Ундаги ёқимли оҳанг шеърхонни ўзига сеҳрлаб қўяди. Филология фанлари доктори Йўлдош Солижонов ёзади: “Муҳаммад Юсуф деганда кўз ўнгимизда “шеъриятнинг қадим буюк сўқмоқларида ширин азоб билан “ жонини ёқиб,бир қўлида гул – у бошқасида чақмоқ кўтариб бораётган, бағрини пора – пора най айлаган шоир гавдаланади. У шеърият аталмиш чўққига чиқишнинг азобларини елкасига олган, аммо бу йўлдан қайтишни мутлақо истамайдиган ўжар ижодкорлар хилидан” эди.
Шамол сабаб,эҳтимол,
Тунда эшик ғичирлар.
Бошланади қишлоқда
Шунда пичир – пичирлар.
Сизга нима?
Сиз ухланг,
Ҳеч ишингиз бўлмасин.
Кимда кимнинг кўнгли бор,
Қўяверинг, ўйнасин…
Унинг ёрқин туйғулар ифодаси бўлган сатрлари ҳар қандай кўнгил симларини чертиб юборади. Шоирнинг шеърий қудрати ҳам ана шунда. Филология фанлари доктори Нўъмонжон Раҳимжонов “Ҳаётсеварликнинг рангин қирралари” номли мақоласида баён этади; “Муҳаммад Юсуф лирикасининг жозиба кучи, салоҳияти шундаки, у аввало халқ қўшиқлари руҳини тиклади. Унинг шеърлари оҳанги, ритм қурилиши, маъюс ғамгин – некбин кайфият манзаралари, ўйчан – дилгир кўнгил тебранишлари бир – бири билан ўрин алмашинади. Ҳис – туйғуларнинг кайфият – ҳолат манзараларини ҳосил қилади.
Ҳай – ҳай ўлан, жон ўлан,
Жоним қақшар, ёр – ёр.
Қайда бўлсанг сен билан
Севгим яшар, ёр – ёр..
Муҳаммад Юсуф психологик кечинмаларни шеърлари мундарижасига айлантирди: кайфият, ҳолат, кечинмалар силсиласидан иборат руҳоният иқлимлари билан қўшиқчилигимизни бойитишга муваффақ бўлди. Шоир шеърларининг халқоналиги, умрбоқийлиги шундан”.
Руҳим кўкда,
Тупроқда танам,
Бағримни тилкалар бир оғриқ,
Энди бахтим ўзингга боғлиқ –
Шеърият, эй бағритош санам!…
Муҳаммад Юсуфнинг ақалли бирор бир шеърини ўқимаган ёки қўшиқларини тингламаган ватандошимиз бўлмаса керак. Чунки у ўтли мисралари билан шеърият ихлосмандлари қалбини забт этди. Унинг сатрлари билан истиқлолнинг улуғворлиги, ”бу дунёда энг ёруғ бахт – эл тинчи” эканлиги ва Ватан туйғуси ҳар бир хонадонга, ҳар бир мурғак қалбга кириб борди ва кириб бормоқда. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, устозимиз Сайди Умиров “Эркли юртнинг эрка шоири” номли мақоласида ёзади: ”Назмлари, назарингизда, қайнар булоқдай, мисралари тоғ бағридан ўйноқлаб оқиб келаётган шалолалардай.
Баъзилар наздида Муҳаммад Юсуф учун шеър ёзиш сув ичгандай, писта чаққандай осон туюлиши мумкин. Ҳолбуки унинг учун ҳар бир сўз, ибора, образ узоқ изланиш, ўйланиш, қайта – қайта ишлаш, тунларни уйқусиз ўтказиш натижасида юзага келганлиги, озу соз ёзганлигини рафиқаси Назира Саломова кўп хотирлайди.
Дарҳақиқат,битта шеъри олти – етти шеърга татигулик, бир китоби бир нечта китобнинг ўрнини босгудек. Ўйлаб ёзди, ўйнаб ёзди, кулиб, ҳиссиётга берилиб йиғлаб ёзди, мухлислари кулиб, ҳаяжонланиб, йиғлаб ўқишди, ёд олишди. Бастакорлар, ҳофизлар шоирни излаб келишди, назмларини севимли қўшиқларга айлантиришди”.
Ялпизлари
Кўкка туташ,
Тунлари зар,
Тонги маржон.
Юлдузлари – қотган қуёш ,
Қуёшлари куйдирмажон.
Олтин тупроқ,
Зумрад далам,
Ипак карвон,
Олмос қалъам,
Кузда кетган қушлари ҳам,
Баҳор қўмсаб қайтган айвон –
Ўзбекистон, Ўзбекистон!…
Иккиланмасдан айтишим мумкинки, Муҳаммад Юсуф шеърияти миллий ўзликни англашдан сабоқ беради, ана шундай озод ва обод Ватандан фахрланиш туйғусини уйғотади, ёш авлодга ватанпарварлигу халқпарварликдан, алалхусус миллий истиқлол ғоясидан таълим ва тарбия беради.
Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг “Биздан озод ва обод Ватан қолсин!” номли бетакрор ғояси шоирнинг шеърларида инъокс этди:
Бизнинг манзил оқ ойдин,
Офтоб сари йўлимиз равон,
Миллат учун керак бўлса гар,
Минг бир фидо бўлмасми бу жон.
Жон чекмасанг қайдан қолади,
Биздан озод Ватан қолади.
Ҳақиқатан шоир шеърияти бетакрор маънавий хазина.Бу хазина баркамол авлодни тарбиялашда хизмат қилмоқда ва хизмат қилажак. Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир ибораси билан айтганда, “Муҳаммад Юсуф – дилида қўри, сўзида нури бор шоир эди… Сиз Ватан ҳақида ўйласангиз, у сизга Ватанни қандай севишни, қадрлашни ўргата олади. Сиз севги, муҳаббат ҳақида хаёлга чўмсангиз, у севганда ўзини унутиб севади. Сиз беихтиёр мен ҳам шундай севолсам эди, дейсиз. Сиз кўриб кўзга илмаган қизғалдоқни у гўзалликнинг энг ёрқин тимсолига айлантира олади. Наҳотки…деган сўз қалбингизни қитиқлайди. Наҳотки, мен буни аввалроқ ҳис қилмагандим, кўролмагандим, дейсиз. У сизга бу олам гўзаллигини, инсоний муҳаббатни, дардни, аламни, сиз кўришни тасаввур қилгандек кўрсата олгани учун ҳам уни ўзингиз қадар яхши кўра бошлайсиз. Тўғрироғи, тан оласиз.
Муҳаммад Юсуф ўз она Ватанини қандай иддаосиз севган бўлса, ўз ёнида, ўзидан узоқда юрганларни ҳам ана шундай иддаосиз тан олдирган шоир эди”. Унинг муҳаббати самимий ва ҳароратли эди. Бу севгида таъма, зарда, иддао йўқ, яъни у Ватандан ҳеч нарса кутмайди. Ёки “Ватан менга нима қилиб берди” демайди. Аксинча у Ватанни обод этишга, кўз қорачиғидек асраб авайлашга чақиради. Чунки у Ватанни Ватанлиги учун беминнат севади! Бу туйғу юракдан вулқондек отилиб чиқади. Уни биз оташин ишқ, туғма севги, беғубор, бокира муҳаббат деб атасак ҳам сира муболаға бўлмайди. Унинг ўзи бу ҳақда шундай ёзган: ”Мен билдим, юракдан Ватанни севмоқ – Белинчак осилган толларни ўпиб, Чақалоқ кўзига ҳалол термулмоқ…”
Кўҳна толбешикдан
Бошланган олам.
Сенга иддаолар
Қилмай севаман.
Бир куни синглим, деб,
Бир куни онам –
Ватан ,
Кимлигингни
Билмай севаман!…
ЁШЛАР ОРЗУСИДАГИ ШОИР
Ҳамма ижодкор ёшлар у кишидек бўлишга, парвона шамга талпингандек интиларди. Аммо,шоир ҳеч қачон шуҳратга интилмасди. Шунинг учун шону шуҳрат унинг ортидан юрарди. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири, (марҳум) Абдулла Орипов таъкидлаганидек, “Мен Муҳаммаджон билан узоқ йиллар мобайнида ёнма – ён ишладим. Ҳали ёшлик йилларидаёқ бунчалик кўп мухлис орттирган, дўст – оғайниси бисёр ижодкорни кам кўрганман. Санъаткорлар – ку, унинг ҳар бир мисрасини созга олишга тайёр эдилар. Буларнинг сабаби нимада? Биринчи навбатда Муҳаммаджон яхши инсон эди. Яхши инсонларга бошқалар ҳамиша талпинадилар”. (Шоир ҳаётлигида Абдулла Ориповни устозим дея жуда қаттиқ ҳурмат қилганига шоҳидман).
Бор бисотини боғдаги ҳалол бир капалакка, ҳаётини кўкдаги зилол камалакка алмашишга тайёр эди у. “Офтобдан ҳам ўзинг меҳри – илиғимсан, Ватаним” дея, уни осмонларга шоҳи тегиб турган чинорга менгзарди. Бу ўлмас сатрлари Ватан деган ҳар бир қалбнинг мулкига ва мадҳиясига айланиб улгурди.
Муҳаммад Юсуф бу жаннатмакон юртнинг ҳар бир нарсасини “бирини биридан юлмай севарди”. Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева ёзганидек, “Мен агар биз Сиздан (Муҳаммад Юсуфдан) Ватанни севишни, ёрни севишни, ардоқлашни ўргандик десам, бу сўзимда қилча муболаға йўқ....Сиз шундай, атрофингиздаги борки мавжудотни жондан севдингиз, қарқарали, нашъу намоли севдингиз. Ўпай десангиз “пешонаси йўқ қилғалдоқ”дан тортиб, “кўзи тўла ёш жайрон”гача…”
Инсонлар кутган сўз шоирнинг ўтли мисраларида янграрди. Оддий сўзлар, бироқ ўткир мисралар билан шоир ўз ўқувчилари қалбига кириб борар ва уни эгалларди. Биз ўша даврдаги талаба-ёшлар (ўтган аср 90 йилларининг ўрталаридаги) Муҳаммад аканинг ҳар бир янги шеърини матбуотдан ўқиб ёдлардик, қўшиқларини хиргойи қилиб юрардик.
Қўшиқларим бўлиб овоза,
Юртда машҳур эмишман тоза!
Барча ёзган шеърим бир коса,
Сумалакка алмашаман мен.
“УМРБОҚИЙ ШЕЪРИЯТ”
Муҳаммад Юсуф – олийжаноб инсон, ажойиб устоз, оташнафас шоир эди. Унинг ўзига хос шеърий услуби, ўз дунёси бор эди. Олий Мажлис депутати, Ўзбекистон ҳалқ шоири бўлишига қарамасдан мақтанишни билмасди. У содда ва меҳнаткаш ўзбекнинг чинакам фарзанди эди. Албатта, яхши инсонлар орамизга гўёки бир тушдек келиб кетишади, улар сизу бизнинг эртагимизга айланишади, ибратнамо ривоятлар ана шундай туғилади– да. Улар кўринмай қолишса ахтарамиз, йўқлигини билсак-да қидирамиз, чунки бундай беназир кишиларни ўрни мунтазам билинади. Ҳалима Худойбердиева айтганидек, ”бугун ҳам мен баъзан баланд давраларда, улуғ халқнинг сайилларида, тантаналарида, оддий кунларида Сизнинг (Муҳаммад Юсуфнинг) етишмаётганингизни сезиб қоламан. Ахир ким сиздай мустақилликнинг илк аёзли даврларидаёқ, “Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон”, деб кураш майдонларига туша олган эди. Ким элга, юртга меҳру муҳаббатини шу қадар содда, шу қадар суюкли айта олган эди”.
Дастхат қўйиб менга тақдим этган китобларини ўқирканман, юрагим хотиралар уммонига чўмади, бир қалқиб интикади, суҳбатларини қумсайман. Начора тақдирга тан беришдан ўзга илож йўқ. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ ёзувчиси Саид Аҳмад (марҳум) ёзганидек, “Муҳаммад Юсуф тез оғизга тушди. Бирорта шоир унингдек тез ном чиқармаган, номдор бўлмаган. Очиғини айтсам, Муҳаммадга кўз тегди. Аслини олганда асл шоирлар узоқ яшамайдилар. Аммо ортидан абадий яшайдиган мерос қолдириб кетадилар. У мана шундай ўлмас мерос қолдирди.
Муҳаммад шеър мухлисларининг юрагини ўртаб кетди. Энди шоирнинг ўзи йўқ. Аммо Муҳаммад Юсуф деб аталмиш шеърият бор. Бу шеърият асло завол топмагай”.
Бир сўз билан айтганда, Муҳаммад Юсуф тириклигидаёқ ўзига ҳайкал қўйган, эл-юрт дуосини олган бетакрор инсон. Афсуски, шоирнинг умри қисқа бўлди. Муҳаммад Юсуф 2001 йилда Бобур Мирзо ёшида Қарқалпоғистондаги ижодий сафари пайтида вафот этди. Албатта инсоннинг қанча яшаганлиги эмас, қандай яшаганлиги муҳим. Муҳаммад Юсуфнинг туғилиб, вояга етиши, баракали ижод қилиб, ўзидан сўнмас маънавий мерос қолдириши учун ана шу қисқа 47 йил кифоя қилди. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид шундай ёзган эди:
Куйлари қолди,
Тоғу тошида.
Ўйлари қолди,
Ой – қуёшида.
Булоқ бошида,
Хирмон бошида,
Ўзбекнинг қора
Кўзи қошида.
Бир шоир кетди,
Бир шоир кетди.
Бобур ёшида,
Бобур ёшида.
Ҳа, бир аср яшаб ҳам ҳеч нарса қила олмаганлар ва ўзидан из қолдиролмаганлар қанчадан қанча. Аммо шоирнинг баҳор ҳавосидек ёқимли шоҳ сатрлари асрлар оша яшайверади. Аҳмад Югнакий ёзганидек, “қисқагина умр кўриб, узоқ яшаб келаётган зотларга қаранг”. Устознинг ўзи айтганидек;
Сенсиз ўтар кунлар, ўтади ойлар,
Ҳижрон юрагимга отади ёйлар.
Сен менинг ҳаммадан яширган сирим,
Менинг эртагимсан-сўйламай бўлмас.
Шоирнинг кўплаб шеърларини ўқир эканмиз, у ўлимни, гўёки вафотини башорат қилгандек тилга олади. Назира опанинг айтишича, “Муҳаммад аканинг вафотидан сўнг одамлар “шоир ўзининг ўлимини аввалдан билганмикан, шеърлари худди башоратга ўхшайди”, дейишди. Йўқ, аслида у киши ҳеч қачон ўлим ҳақида гапирмасди. Қайнонам ҳам хавотирланиб, болам, бунақа шеърлар ёзмагин, десалар, она, бу шунчаки шеър, эътибор берманг, деган. Янаям ким билсин, балки кўнглидан ўтганмикин, лекин ҳеч қачон ошкор этмасди…
Муҳаммад аканинг вафотидан сўнг анча пайтгача ўзимга кела олмадим. Саҳро ё денгизнинг ўртасида ёлғиз қолиб кетган боладек ҳис қилдим ўзимни. Тушкунликка тушиб қолгандим…
Ҳаёт эса давом этаркан. Ўша кезларда раҳматли онам ҳаёт эди, менга далда бўлдилар. Фарзандларимнинг борлиги мени яшашга, яна Муҳаммад ака учун ижод қилишга ундади.”
Қўрқаман, эртага мен ўлиб кетсам,
Ётар бўлсам қумга ботиб юзларим.
Кўнглимни кўчкидай босар ғам –
Йиғлашни ҳам билмас менинг қизларим.
“БИР ҚЎШИҚ ТАРИХИ…”
Шоир Ургут шаҳрига ижодий сафарга боради. Шеърият кечаси кун ботгунга қадар давом этади. Шундан сўнг Муҳаммад Юсуф белгиланган меҳмонхонага ҳамроҳи билан пою пиёда кетишни ихтиёр айлайди. Ургут кўчаларидан юриб кетаётган Муҳаммад аканинг Озода исмли қиз устида талашаётган икки йигитга кўзи тушади.
Униси ҳам, буниси ҳам “Озодани севаман, у меники” дерди жиззаки бўлиб. Шоирнинг эътиборини бу “жанжал тамошаси” анча вақтгача тортиб турди. Шундан сўнг ўша даврнинг машҳур қўшиқларидан бири “Озода” дунёга келди. Албатта, Муҳаммад ака ўзи кўрган, гувоҳи бўлган, эшитган ҳар воқеа – ҳодисани қўшиққа айлантириб юборарди.
Озодани севаман мен, Озодани,
Сулувларнинг сарвари – хонзодани,
Йўлатмасдан ёнига шаббодани,
Озодани севаман мен, Озодани.
Тоғ гўзалига бўлган оташин муҳаббат унинг “Озода”, ”Мен биттадурман”, “Нима қилай” каби шеърларида намоён бўлади. “Дейдилар; муҳаббат билмас масофа,..Гоҳи Тошкент, гоҳи Ургутдадирман”.
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Мустақиллик майдонидаги тантаналар тугагач, Муҳаммад акага юзланиб, “Ўзбекистон,сени ҳеч кимга бермаймиз!” мавзуидаги шеър ёзиб беришни илтимос қилади. Эртанги куни шоир хонанданинг қўлига қораламани тутқизади. У бир қўшиқ бўлдики, эшитган одам жўр бўладиган, хиргойи қиладиган, она Ўзбекистон байроғини кўзига суртиб, мағрур кўтариб куйлайдиган. Дарҳақиқат, у жозибали, мафтункор ва қўшиқ бўлди. Шоир ўзбек халқини дарди тушунарди, шунинг учун у бу илоҳий дардни етказиб ифодалай оларди. Шоир шеърларининг таъсирчанлиги, хушоҳанглиги ва гўзаллиги ҳам ана шундан.
Муҳаммад Юсуф бир гуруҳ санъаткорлар билан навбаҳор палласи тоққа дам олишга чиқади. Шоир эса тоғнинг баҳорий гўзаллигидан, ястаниб ётган лолазордан кўз узолмай, хаёл оламига ғарқ бўлади. Хонанда Муҳриддин Холиқов унинг ёнига бориб; ”Ҳа, ака нималарни ўйлаяпсиз?” деб сўрайди.
У эса жавоб беради; “Муҳриддин қара, анови қизғалдоқ менга тинчлик бермаяпти. Ўпай десам, пешонаси йўқ, узай десам тўкилиб кетади. Бир шеър ёзсам қўшиқ қиласанми?” Ана шундан сўнг лолақизғалдоқ ҳақидаги бетакрор алёр туғилади, сен шунчалик гўзалсанки, сенга бошқа гуллар душмандир, дейди шоир шеърида. У биргина тоғ лоласи мисолида гулларнинг нафосатию латофатини тараннум этади;
Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ,
Кокил ёйсанг, ердан бўлак тошойнанг йўқ,
Ўксиб – ўксиб турганингда ўзим бориб,
Пешонангдан ўпай десам, пешонанг йўқ.
Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддинов Муҳаммад Юсуфнинг “Кўкламойим” шеърининг ёзилиш тарихини сўзлаб берганди; “Муҳаммад Юсуф Худо берган қобилият эгаси эканлигига ўзим гувоҳ бўлганман. Бир даврада Чўлпоннинг “Кўклам” шеъри тўғрисида гап борди. У менинг таърифимдан таъсирланиб кетдими, ичкари хонага кириб кетди – да, 10 – 15 дақиқа ўтгач чиқиб, қўлимга “Кўкламойим” шеърини тутқазди. Уни менга бағишлаганини айтди. Шеърни ўқиб кўзимдан ёш чиқиб кетганди, ўшанда”.
Сочимда оқ, мен баҳордан ўтиндим,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Қор қўйнида сени қўмсаб ўкиндим,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
Шоирнинг турмуш ўртоғи Назира ас – Салом Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишланган учрашувлардан бирида ҳикоя қилганди : “ …кунларнинг бирида Нозима дадасини тиззасига ўтириб олибди. Чиқиб тур , деб овозини сал баландлатганда, бунга ўрганмаган қиз бирдан хафа бўлибди. Мен уни олиб чиқаман деб югуриб кирсам, Муҳаммад ака қўлидаги ручкани шартта иккига бўлиб, боласини қучоқлаб олдилар. Қарасам, кўзлари жиққа ёш. Ўша куни Муҳаммад ака ёзмоқчи бўлган шеър эмас, “Узр “ деган бошқа шеър дунёга келди”.
Шуҳратга ўч бўлсам
керак мен гумроҳ,
Ёлғон бўлса керак
дилда нолам ҳам.
Тўпори байтларим
битар байтим гоҳ
Кўзимга кўринмай
қолар болам ҳам.
Шундай шеърлар бўладики, унинг ёзилиш тарихи унинг ўзида ифода топади. “Қизим Маъсудага” номли шеърида шоир қизининг ўғил кўрганлигини,яъни набиралик бўлганлигидан қувончини ичига сиғдиролмай сатрларига кўчиради. У қизини оналик бахти билан қутлайди. “Сен билмассан, менга шоҳ Эртак бўлди Билолинг. Қийналган бу жонимга Тиргак бўлди Билолинг” дейди шоир боболик қувончини туйиб. Албатта шеърда Муҳаммад Юсуфнинг қизларини жонидан-да ортиқ кўрганлиги яна бир карра аён бўлади. Данагидан мағзи ширин деганларидек,набира ҳам бобонинг шодлигию хурсандчилигидир.
Она қизим, бошингга
Офтоб бўлсин чамбарак,
Бир ўғилнинг онаси
Бўлганлигинг муборак.