282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Шерхон Кораев » » онлайн чтение - страница 4


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 10:20


Текущая страница: 4 (всего у книги 6 страниц)

Шрифт:
- 100% +

“МИНГТЕПА ҚЎШИҒИ”

Тарих китобларидан “Дўкчи эшон қўзғолони” ҳақида ўқиганмиз. 1898 йил 17 майда чор мустамлакачиларига қарши кўтарилган қўзғолон бостирилгач, Дукчи Эшон дорга осилади. Шундан сўнг босқинчилар Мингтепани “Марҳамат” деб номлашади. Шоир киндик қони тўкилган маскан ҳақида – “Мингтепа қўшиғи”да қуйидагича ёзади;

 
Ҳар кимса ҳам от қўйсин ўз узлатига,
Ҳар кимга ўз уйи азиз томи билан.
Зор қилмасин бировнинг “марҳамати”га –
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
 

Юртимиз истиқлолга эришгач, Ўзбекистон Республикасининг биринчи президенти Ислом Каримов раҳномолигида кўплаб жойларнинг қадимги номи тикланди. Шоир айтмоқчи, Марҳаматнинг ҳам Мингтепадек кўҳна ва чиройли номи бор. Босқинчилар ўз марҳаматларини кўрсатиш учун ҳам Мингтепани ана шундай “Марҳамат” деб аташди. У тарихий ном тикланишининг тарафдори. Ҳақиқий ватанпарвар Муҳаммад Юсуф эса хитоб билан дейди; “Ҳар келгинди келса, ўзгармасин исмим …Қўзғолонлар нега бўлди, қўзғалонлар?…Унутми ё бу гўшада оққан қонлар”. Албатта она диёримиз озодлиги учун қўзғолон кўтарилди. Бир неча қишлоқлар аҳолиси оёққа қалқди. Уларга Дукчи Эшон бошчилик қилди, бадавлат бу инсон мустақиллик учун ҳузур – ҳаловатидан, керак бўлса жонидан кечди. Ахир “бу истибдод тузумида менинг ошиғим олчи, яшашим яхши” деб эрк учун курашмаса бўларди – ку ? Чунки унинг чор подшоси даврида ҳам ҳурматию обрўйи чакки эмас эди! Бироқ миллат эркдан, озодликдан маҳрум этилганди –да. Мустақиллик туйғуси ва унга муҳаббат курашишга чорлади.

 
Ҳар ким ўзи қўйсин от ўз неъматига,
Мард ястанмас номардларнинг наматига,
Ҳеч бўлмаса Дукчи Эшон ҳурматига,
Мингтепани атайлик ўз номи билан.
 

ТАБИАТ ШОИРИ

Муҳаммад Юсуф деҳқон боласи бўлгани ёки қишлоқда ўсгани учунми она табиатга меҳру муҳаббати бўлакча эди. Табиатсевар шоир бир умр Қовунчи қишлоғининг беғубор ҳавоси ва гўзал табиатини соғиниб яшади. Ўз тили билан айтганда, “Менинг киндик қоним тўкилган дала, Сени эса кўргим келаверади”, дейди у шоирона энтикиб. Унинг шеърларида қишлоққа ва унинг табиатига бўлган шайдолик яққол кўзга ташланади. Шоир шаҳарнинг қаср уйини қишлоқнинг гувалагига алмашишга тайёр. Сизни билмадиму, лекин мен учун соф ва мусаффо ҳаволи, гўзал табиатли қишлоқ барибир бошқача – да! Турсун Али ёзади, “Муҳаммад Юсуф Андижон вилояти Марҳамат туманининг сўлим қишлоғида туғилган. У толлар, тераклар ва турфа дарахтлар билан дўстлашган, капалак, булбул, қалдирғочлар билан ўйнаган, табиатга туганмас меҳр қўйган. Ям –яшил бедапоялар, чексиз далалар, ўт – ўланлар оғушида кечган болалиги, ўсмирлиги. У онасининг қучоғида тойчоқдек эркаланган, синглисини суйган жонидек. Ҳар бир юртдошига, қишлоғига, бутун Ўзбекистонига меҳри тобланган офтобдек. Шундан у табиат шоири, эл шоири бўлиб етишган”.

Бугунги кунда эса Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қишлоқларимиз, шаҳарларимиз, бутун мамлакатимиз янада обод ва кўркамлашмоқда ва Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси асосида тараққиётнинг янги босқичида мамлакатимиз энг ривожланган давлатлар қаторидан ўрин олишга интилмоқда. Бугунда қишлоқларимизу шаҳарларимизда замонавий ва арзон уй – жойлар қад ростламоқда, обод маҳалла ва обод қишлоқ бўй кўрсатмоқда! Агарда шоир тирик бўлганда бундай ажойиб ўзгаришларни кўрганида янада жўшиб, уни шеърга солган бўлармиди?

“Сендан улуғ тағин ким бор, бинафша?..”

Муҳаммад Юсуфнинг она табиатга бўлган шайдолиги айниқса унинг, ўсимликлар дунёсига, Бинафша, Бойчечак, Райҳон, Ялпиз, Атиргул, Лолақизғалдоққа бағишланган шеърларида намоён бўлади, шеърларнинг лирик қаҳрамони болаларча баҳор гуллари билан “дардлашади”,

 
Содиқсан ҳар баҳор унган жойингга,
Юзим сурайинми зулфи ёйингга,
Лабим босайинми чўкиб пойингга,
Сендан улуғ тағин ким бор, бинафша?…
 

У бинафшани шу қадар маҳорат билан тасвирлайдики, сиз қир – адирдан бу гулни топиб унга тикилгингиз, ”булбулнинг патидан барги мулойим”лигига гувоҳ бўлгингиз, ”мўмин жилмаши” ни кўргингиз келади. Шеърнинг лирик қаҳрамони сизни сеҳрлаб қўйгандек, гўё.

Шоир диққатингизни “кўклардан Худо тўккан” Бинафшага қаратади. Бундан ташқари лирик қаҳрамон унинг ҳар баҳорда кўкарган жойига бўлган садоқатида "ҳикмат" кўради. Чунончи, унинг бошқа ер эмас, балки ҳар гал ўз жойига, унган заминга, яъни ўз Ватанига бўлган содиқлиги таҳсинга лойиқ эмасми?

 
Солланасан келинчакдай бошинг эгиб,
Жайрон ўтган сўқмоқларга ёшинг тўкиб,
Қизил юзинг қон дилимга турар тегиб,
Менингдек сен ғарибнинг ҳам парвонанг йўқ…
 

Қаранг, лирик қаҳрамон томонидан қизғалдоққа қаратиб айтилаётган ушбу сатрлар ҳар қандай одамни таъсирлантирмай қўймайди. “Бевафо ёр” – навбаҳорда саноқли кунларда яшаб ўтадиган бу гул ўз латофатию малоҳати билан сизу бизга бир дунё завқу шавқ бағишлайди. Шоир ана шундай ўсимликлар дунёсига бўлган муҳаббатни қўшиқлар орқали сизу бизнинг қалбимизга “кўчиради”. Муҳриддин Холиқов ҳар гал “қизғалдоғим…” дея хониш айлаганда тўлқинмаган қўшиқ ихлосманди бўлмаса керак. Аслида Ватанни севиш – табиатни, унинг ўсимликлари, лолаю бинафша, бойчечагию ялпизини севишдан бошланади. Шунинг учун Муҳаммад Юсуф унинг ҳар бир гиёҳини ардоқлайди, қаламга олади, кўзига суртади. Дарҳақиқат бу ҳар биримиз учун ибрат оладиган ҳолат эмасми?

 
Ётар эдим оёғингга
Бошим қўйиб,
Хуш бўйларинг ҳидлар эдим
Тўйиб – тўйиб…
Булбул бўлсам, бутоғингдан
Кетмас эдим.
Ўпиб лаъли дудоғингдан
Кетмас эдим.
 

“РАЙҲОНГА КЎМИЛГАН ШУ БАҲОР ФАСЛИ”

Кўкламойим, кўкини ёйгач, табиат кўк билан ясангач, унинг гўзаллигига тикилиб ва Райҳоннинг хушбўй ҳидини ҳидлаб тўймайсан, киши. Шоир Райҳон образи орқали ўқувчига бу шифобахш, хўшрўй гиёҳнинг бутун бўй – бастилигича намоён этади. “Райҳонга кўмилган шу баҳор фасли”, – дейди у ва кўз ўнгингизда келинчакдек мафтункор – Райҳон образини гавдалантиради. Шоир Райҳон образида юзларини юзига босиб, яйрардиган, йиғлаб – йиғлаб , дардларини сўзлайдиган, кўнглини тушунадиган “дўст “ топади. Бу дўст сизнинг дардларингиздан фориғ этади, ўзининг хушбўй нафаси билан кўнглингиздаги ғуборларни тарқатиб юборади, сирларингизни бировга айтмайди, гулнинг болалари бўлмиш шоирнинг гул кўнглини у тушунгандек чайқалади ва лирик қаҳрамон кўнглидан гулларга жой ажратади.

 
“Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим”
Кўнглимга кўк бинафшалар сочилсин,
Кокилига толпопукдан соч илсин,
Бойчечакка борар йўллар очилсин,
Кўкламойим, кўкингдан бер бир чимдим.
 

Навбаҳорга Муҳаммад Юсуф ўзига хос маҳорат билан таъриф беради; Ҳа у бу фаслни фаслларнинг ҳам боши, ҳам охири, ошиқ – машъуқлар, шоирлар фасли дейди хитобан. Дарҳақиқат, кўкламойим яйрайдиган, қувонадиган, аламлар арийдиган, қумсаб ва соғиниб кутиладиган фаслдир. Бу фаслни шеърнинг лирик қаҳрамони қиш давомида “жон устида асраб келмоқда”. У остона ҳатлаб келгач эса лирик қаҳрамон баҳорнинг яшилликларни кўзларига суради. Мана сизга фасллар келинчаги “ялпизлар гуллаган шу баҳор фасли” га бўлган шоирона муҳаббат. Албатта кўкламойга шоирдан ўтказиб таъруфи тавсиф бериш мушкул.

 
Жон устига асраб юрай кўкни мен,
Тўйиб – тўйиб кўзга сурай кўкни мен,
Яна сенга етаманми – йўқми мен,
Кўкламойим кўкингдан бер бир чимдим.
 

Муҳаммад Юсуф баҳор гулларидан ташбеҳ сифатида фойдаланиши таҳсинга сазовор. Энг муҳими ҳеч ким унгача “Севги бамисоли лолоқизғалдоқ, Тегинмай бўлмайди, Тегсанг тўкилар” демаган.

Муҳаммад Юсуф номли шеъриятнинг ўзига хослиги шундаки, унда ҳеч кимникига ўхшамаган, ўхшашга ҳам интилмаган ўз сўзи, ўз овози, ўз лирикасига эга оҳанграбони учратасиз ва куйлаб ёзилган шеърлардан “суюнтирадиган, дардлашадиган, йиғлатадиган” абадий ҳамроҳ топасиз.


Шоир шеърларини ўқир эканмиз, у нафақат сизу бизнинг диққат эътиборимизни она табиатга , яъни гулларга қаратади, балки у ўсимлик дунёсини асраб авайлашга даъват этади.”Менинг отам оқтерак, Менинг онам – мажнунтол…Менинг опам ялпиздир, Синглим лола – қон бағир “– деб ёзади шеърнинг лирик қаҳрамони куюнчаклик билан. Аслини олганда, табиатда ўсимлик турларининг ортиқча ёки кераксизи йўқ, ҳар бирининг фойдали жиҳатлари, ўз ўрни ва аҳамияти бор. Лўнда қилиб айтганда, ўсимликлар дунёси сизу бизнинг ҳаёт манбаимиз.


Маълумотларга қараганда, мамлакатимиз флорасида юксак ўсимликларнинг 4500 дан ортиқ тури мавжуд. Ана шу ўсимликлардан 1000 га яқини асал – шира берувчи, 600 дан ортиғи дори – дармон, 650 эфир мойли, 530 бўёқбоп, 420 ошловчи, 350 озиқ – овқат бўладиган, 270 манзарали ҳамда 100 га яқини сапонин моддалари сақлайдиган турлар эканлиги аниқланган.

Кўкламда қиру адирларимиз гули чечакка бурканади. Ана шундай чоғда табиат қўйнига дам олишга шошиламиз. Аммо орамизда “бағри қон” қизғалдоқни, чучмомани беаёв узиб, ҳатто пиёзларигача суғириб оладиганлар ҳам топилади. Оёқларимиз остида кўплаб ўт – ўланларни босиб, янчиб ўсимликларга озор берамиз ва бу билан табиат мувозанатига путур етказамиз.

Азиз ўқувчи, сизу биз ақлли мавжудотмиз. Айтмоқчиманки, яшиллик оламига асло озор етказмаслигимиз, ҳар бир гиёҳни кўз қорачиғидек асрашимиз айни муддаодир. Она табиатга қилинган ситам алалоқибатда ўзимизга қилинган жабр эканлигини зинҳор базинҳор унутмайлик. Ҳайнаҳой, Муҳаммад Юсуф айтганидек, она табиат гўзалликлари ва яшилликларига тўйиб – тўйиб тикилиб, бир олам баҳра олиб, уни “жон устида” асраб авайлаб яшайлик!

“ТУНДА ҚУШЛАР ЙИҒЛАСА КЕРАК”

Шоир турна, қалдирғоч, қарға, булбул каби қушларга бағишланган шеърларида ҳам қушлар дунёси билан “тиллашади”. ”Қуш эмас, хуллас калом, – дейди шоир, – Бирингиз бобом, бирингиз момом, Жонлари жаннатни кўзлаб кетаётир турналар!..” Кўриниб турибдики, Муҳаммад Юсуф бу иборалар билан халқ орасида кенг тарқалган инсон вафот этгач руҳи қушларга кўчармиш каби афсоналарга урғу беради.

Шоир “меҳр – оқибат сўраб, ширин калом сўраб, Кўзга кўринмай олислаб” кетаётган турналар ҳаётини айрим нопок, оқибатсиз, бўйнигача гуноҳга ботган инсонлар ҳаёти билан таққослайди. У қушларнинг ҳар бир ҳатти ҳаракатидан ўзига хос ечим излайди. Филология фанлари доктори Нўъмонжон Раҳимжонов ёзади; “…Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф лирикасидаги биргина Қуш образини кўздан кечириш мароқли. Бу образнинг шоир ижодидаги устуворлиги шундаки, у шоир шеърларини салмоғи, теранлигини белгилаш билан бирга, ижодининг бадиий – эстетик тароватини кўз – кўз этади. Хусусан, “Қушлар ҳам йиғлар”, “Руҳ тўтиси”, “Кузда кетган турна қайтгандек баҳор”, “Кўкламойим”, “Тунда шеър айтишдик капалак билан”, “Қалдирғоч”, “Атиргулдан юмалади капалак”, “Жонимдан жон қолмас…”, “Булбул”, “Йиллар ҳам кўчманчи қалдирғочлардек”, “Чўлоқ турна“ каби шеърларида оққуш , чумчуқ, қалдирғоч, булбул, турна, бургут образлари яхлит мужассамлашган ҳолда Қуш тимсолини намоён этади”.

Муалифнинг “Қушлар ҳам йиғлар” шеъри сизни ўйлашга, мушоҳада этишга чорлайди. Наҳотки одамлар ўз манфаати учун ҳеч нарсадан тап тортмайди. Ўз фойдаси учун “тирик” теракни арралаб йиқитишди. У қуримаган, ҳали ҳаёт эди. Ана шунда лирик қаҳрамон: “Ака ,бизнинг қилмишимиздан тунда қушлар йиғласа керак “ деб фиғон чекади. Ҳеч нарса бўлмагандай теракни майдалаб аравага ортиб кетаверишади. Аммо, “Она чумчуқ айланиб кетмас, Кўнглига қил сиғмаса керак. Эски индан ташиб бориб хас, Янги инда йиғласа керак”. Аслида қилган қилғилигидан теракнинг бешафқат “қотиллари” йиғлаши керак эди. Лекин у бағритошларда, юрак ҳам, кўз ёш ҳам йўқ.

Дарахтлар, ўсимликлар сизу бизга карбонад ангидрит газини ютиб, кислород етказиб бераётгани, шунинг учун биз ва ҳаёт борлиги ҳаммамизга маълум. Шунинг учун шоир айтмоқчи, она табиатни асранг. Улуғ аллома Абу Райҳон Беруний ёзганидек, “Агар инсонлар табиатга нисбатан зўравонлик қилиб, унинг қонунларини қўполлик билан бузсалар, бир кун келиб, табиат уларнинг бошига шундай кунларни солиши мумкин, буни ҳеч қандай куч қайтаролмайди”.

 
Ғуссанг менинг ғуссамдир,
Айвонимда яшайсан.
Қараб турсам, сен ҳам бир,
Дардли қушга ўхшайсан.
Кўнглингда не саволинг,
Нега айтмай йиғлайсан?..
Сўра, сўра қалдирғоч,
Кўзи қора қалдирғоч.
 

Баҳор элчиси қалдирғоч хонадонимиз ёки ишхонамизнинг айвон пештоқида лойдан уя қурганини ҳаммамиз кўрганмиз, биламиз, эшитганмиз. Гуёки, бу қуш ўзи учун тинч хонадонни макон тутармиш, қалдирғоч келган оилага қути барака ҳам энармиш. “Сўйла қушим нолангни, Уйингда дон – дун йўқми?” дейди қалдирғочга хитобан ва у болаларига ризқи насиба териб тинчимайдиган “жонивор”ни меҳнаткашлигини, мўминлигини алқайди. Қалдирғоч тимсоли ҳам шоир ҳолатининг,ўзига хос қарашларининг рамзий ифодасидир. Муаллиф қушлар образи орқали маънавий – аҳлоқий “дарду – ҳасратларни ҳам тўкиб солаяпти, кўпчиликни ана шундай “фаришта қушлар” дан ўрнак олишга чақиряпти. Профессор Нўъмон Раҳимжонов таъбири билан айтганда, “Шоир шеърларидаги тўти, бургут, қумри, чумчуқ, булбул, қалдирғоч – барча – барчаси Қуш тимсолининг серқирра маъно қатламларини акс эттиради. Яна шоир лирикасининг образлар тизимини белгилайди.

Агар эътибор берсак, улар ҳар бир шеърда маънавий – аҳлоқий мазмунни ифодалаш баробарида лирик қаҳрамон ҳолати ва кайфиятини, ўйлари ва кечинмаларини англатаётир. Шу тариқа, муаллифнинг воқеликка, жамият ҳаётининг у ёки бу кўринишига , муайян ҳолатига нисбатан эстетик позициясини ифодалаяпти”.

 
Баланд шоҳга осилиб қолди,
Бир оёғи кириб новдага.
Кун бўйи силтаниб тойди ҳолидан,
Қийин , қийин бўлди ушоқ гавдага.
Бизлар томошабин,
Қарға азобда.
Тўлғанар тўкилар кўзларидан чўғ.
Ундай қил, бундай қил деб ўргатамиз,
Дарахтга чиққани бир ёш бола йўқ.
 

Муаллифнинг тасвирлашича, бўлиб ўтган воқеа шундай; Қарғанинг оёғи новдага кириб, дарахтнинг учига осилиб азоб чекади. Ўтган кетганлар ёрдам беришни истайдию , аммо журъат топилмайди. Таниқли олимнинг ҳам, мана ман деган раҳбарнинг ҳам, шоирнинг ҳам қўлидан ҳеч нарса келмайди. Бироқ қарға бечоранинг жонига аро киргани чаққон ва эпчил ёш бола топилмайди-да! Бир бобой ўзида катта кучу ғайрат топдими, чинорни силкитишга тушиб кетди. Аммо қанийди забардаст бобо чинор силкина қолса?! Минг афсуски, қушга ҳеч ким ёрдам бера олмайди. Қарғанинг кулфатига тамошабин бўлганлар эса битта – битта уйига тарқалиб кетади. Қарға эса минг дедиёю илтижо билан баланд шоҳга “хўнграб” қолиб кетаверди.

 
Тонгда чопиб чиқдим.
Дарахт жойида.
Шох бор,
Шохда қарға йўқ эди аммо.
Бошга кулфат тушган кунда шеригин
Ташлаб кетмас экан қузғунлар ҳатто.
 

Шеърнинг якунига разм солсангиз, муаллиф айтмоқчи бўлган “ҳикмат” намоён бўлади. Қузғунлар, чумолилар, йиртқичлар ҳам ўз ҳамроҳини, яқинини, қавмини ҳар қандай вазиятда ташлаб кетмайди. Ўзимизда буни “султон суягини хўрламас” иборасини билан ифодалашади. Гап яна садоқат, дўстлик, меҳр – оқибат ҳақида кетаяпти.


Ҳа, азиз ўқувчи бир – бирини қўллашни, ёрдам беришни,”ташлаб кетмасликни” қарғалардан ўргансак арзийди. Шоир бу шеъри орқали айрим кимсаларга сабоқ бермоқда.

 
Бир оёқда чопиб келдинг,
Чўлоқ турна.
Уйим қайда топиб келдинг,
Чўлоқ турна?
 

Лирик қаҳрамон “бор экан – да, пешонада…бу кўргулик” деб дарддоши Турнани юпатгандай бўлади. У ўзининг ҳам худди қушникидек бошига кулфат тушганига, турнанинг оёғини нишонга олишган бўлса, лирик қаҳрамоннинг қоқ юрагига тош отилганига ишора қилади. Табиб табиб эмас, бошидан ўтган табиб, яъни улар бир – бирини таржимонсиз тушунади, иккаласи дард тилида ака – укалардек сўзлашади.

Муаллиф “Чўлоқ турна “ образи орқали одамларни ёмонлик, ёвузлик, ваҳшийликдан қайтариб, қушларни асрашга даъват этмоқда. Хуллас, филология фанлар доктори Нўъмонжон Раҳимжон ибораси билан айтганда,”…Қуш образи шоир лирикасида, аввало кўнгил ҳуррияти, фикр ва туйғу эркинлиги тимсолидир”.

Қушларнинг теварак – атрофимиздаги аҳамияти беқиёс. Чунки қушлар зараркунанда ҳашоратлар ва кемирувчиларни табиатда кўпайиб кетишининг олдини олади. Мабодо бундай зараркунандалар кундалик ҳаётимизда кўпайиб кетиши, кони зарар эканлигини таъкидлашнинг ҳожати бўлмаса керак. Қушлар мева ва уруғлар билан озиқланиб, ўсимликларнинг тарқалишига ҳам ёрдам беради. Нектарчи қушлар эса гулларни чанглатади.

Қушларни муҳофаза қилиш – уларни безовта қилмаслик ва уясини бузмасликдан иборат. Бу эса ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

“МЕҲР ҚОЛУР, МУҲАББАТ ҚОЛУР”

У кишининг шеърларини ўқий бошласам, юрагим тилга киради, чунки бундай бебаҳо сатрларни тўлқинланмасдан, ҳис – ҳаяжонсиз ўқиб бўлмайди – да. Бундан ташқари Муҳаммад Юсуфнинг шеърларида у кишининг чуқур билим, кенг дунёқараш ва юксак тафаккурга эга бўлганлиги кўзга ташланади. Қайси бир шеърини олманг, унда шоирнинг илму маърифати бўртиб туради. Шоир туғма истеъдод соҳиби ва шу билан бирга билимдон бўлгани учунми, ўқувчиларини ҳайратлантира олади. Гапим қуруқ бўлмаслиги учун, бунга унинг “Ватаним “ шеърини мисол қилиб келтираман. Унда шоирнинг жонажон юрти тарихини “сувдек ичгани” яққол намоён бўлади. Бу эса шеърнинг таъсирчанлигини янада оширган – да.

 
Сен Хўжандсан,
Чингизларга
Дарвозасин очмаган,
Темур Малик орқасидан
Сирдарёга сакраган,
Муқаннасан қорачиғи
 
 
Оловларга сачраган,
Широқларни кўрган чўпон
Чўлиғимсан, Ватаним.
 

Чунончи, шеърият ҳам тарбиянинг бир воситасидир. Муҳаммад Юсуфнинг “Меҳр қолур, муҳаббат қолур” шеъридан таъсирланиб яхшилик кўчасига кирганлар, бу ўткинчи дунёда яшаш мазмун – моҳиятини англаганлар қанчадан қанча!

 
Ўтар қанча йиллар тўзони,
Юлдузлар кўз ёши – сомони,
Ўтар инсон яхши – ёмони,
Меҳр қолур, муҳаббат қолур.
 

Шоир айтмоқчи, молу – дунё, бойлик ёки мартаба эмас, балки сизу биздан меҳр – оқибат, эзгулик қолади, халос. Тириклик – ғанимат. Албатта Муҳаммад Юсуфдан бир дунё яхшиликни ўзида жамлаган – жилвакор шеърият қолди. Унинг жозибаси шундаки, бу шеърият турган – битган – маънавий хазинадир. Қолаверса, шоирнинг ўзи ҳам “Шеър ёзиш ҳам ўзинг билмай бировга яхшилик қилиш“ дейди.

“КАПАЛАКЛАР ОДАМЛАРДАН МЕҲРИБОН”

Шоирнинг “Капалак” номли шеърини ўқирканман, капалаклар ортида қолган болалигим эсимга тушади. Мўъжизанинг ўзгинаси бўлган бу гўзал, беозор мавжудотлар бор – йўғи саккиз соат яшайди, халос. Аммо, гўзаллик манбаи – гуллар ҳаётида уларнинг ўз ўрни бор. Шунингдек, чиройли капалакларни кўрсангиз ҳам баҳри дилингиз очилади. Шоирнинг “Капалак“ шеърида у одамлар ҳаёти билан таққосланади;

 
Гулга қўнса, қанотлари ботмайди,
Ожизларим бировга тош отмайди,
Бир кун яшар, бир – бирларин сотмайди,
Капалаклар одамлардан меҳрибон…
 

Шоир бу назмида меҳр – оқибат мавзусини ҳар доим долзарблиги учун “кун тартибига “ қўймоқда. Албатта,меҳр – оқибат, аҳиллик, диёнат, садоқатда ҳикмат кўп. Муҳаммад Юсуф капалак образида бу мавжудот яшаш тарзини кишиларга ибрат намунаси қилиб маҳорат билан кўрсата олди. Ҳар тўрт мисра охирида шоир капалакнинг одамлардан меҳрибонроқ эканлигига урғу беради ва олтин сатрлар онгингизга ўрнаша бошлайди.

Унинг на кулбаси, на уйи бор. Ҳатто камбағали – бойи йўқ. Одамларни яхши – ёмонга, кучли – ожизга, керакли – кераксизга, баобрў – обрўсизга ажратмайди. ”Бахтсиз бўлса, бари бахтсиз бир йўла “, ”Севаман, деб алдамайди капалак !…”

Унинг Каъбаси – ҳур – бепоён дала, – дейди шоир. Аммо бу далада меҳр тўла, нур тўла. Капалакка данғиллама ҳовли ёки қаср керак эмас. Арзимаган саккиз соатлик умрида “ҳур далада” яйраб яшаса, шунинг ўзи кифоя.

 
Муҳаммадга ишонган эй, мўминлар,
Ўлсам сўзим эслаб, ўйга чўминглар,
Капалакнинг қанотига кўминглар,
Капалаклар одамлардан меҳрибон…
 

Ақлли одам ўзи учун ҳар бир нарсадан ибрат ва сабоқ излайди. Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё. Муҳаммад Юсуф бу билан одамзод диққат эътиборини капалакка қаратибгина қолмай, меҳр-оқибат, одамгарчилик, инсонийлик ҳақида янада чуқурроқ ўйлашга даъват этади.

Бир сўз билан айтганда, ўйлаб иш кўрилса, етти ўлчаб бир кесилса, ҳар бир қадам билиб босилса, бировга ёмонлик қилинмаса, ҳеч кимнинг кўнглига оғир ботадиган сўз айтилмаса, фақат ва яна фақат яхшилик қилинса, балки бизнинг ”меҳрибонроқ” фаришта капалакдан фарқимиз бўлмасмиди?!

МУҲАММАД ЮСУФ – ЯХШИ КИТОБ

Ҳа, Муҳаммад Юсуфнинг ҳар бир шеъри устида соатлаб мулоҳаза юритиш мумкин. Муҳаммад аканинг шеърлари жону дилим. Чунки унинг ҳеч бир шеърида сохталик, зўрма – зўракилик, бачканалик кўзга ташланмайди, Муҳаммад Юсуф шеърларини бир сўз билан изоҳлаганда, чинакамига яйраб ўқийдиган шеърлар деб айта оламан. Демоқчиманки, шоирнинг китобларини варақлаган, кўз югуртирган, ўқиган сари кўнглим очилади, яна қайта – қайта ўқигим келади. Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён “ асарида бир эпизод бор, асар қаҳрамонидан у қандай китоб дейишса, “Фузулий – яхши китоб “ дея жавоб беради. Менинг учун ҳам Муҳаммад Юсуфнинг китоби – энг яхши, азиз ва жозибадор асар ҳисобланади. Бу асарлар ҳеч қачон эскирмайди, оҳори тўкилмайди, ранги ҳам сарғамайди. Чунки у Ватан рангидан, унда абадиятга дахлдор мавзулар қаламга олинган – да !


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 | Следующая
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации