Читать книгу "Муҳаммад Юсуф ва Ғайбулла Ас-Салом"
“МУҲАММАД ЮСУФДАН ЮҚҚАНДА!”
Азиз ўқувчи, Ғайбулла ас – Салом ҳақида кўп эшитгансиз. Қайси бирингиз биларсиз, кимдир эса билмас. Бу улуғ инсон Муҳаммад Юсуфга ким бўлади, деб ўйлаётгандирсиз. Унда эшитинг: ажойиб зиёли инсон Ғайбулла ас – Салом – юрагингизни ўз шеърлари билан забт этган Муҳаммад Юсуф қайнота бўлади. Аммо қайноата ва куёв ўртасида муносабат ҳақиқий ота – боланикидек эди.
Ўзбек таржима назариясининг отаси, йирик олим, фан доктори, профессор, ҳақиқий ватанпарвар Ғайбулла ас – Салом ёши олтмишни қоралаб қолганда, қўққисдан шеърлар ёза бошлади. Сайди Умиров “Солланиб оқаётган дарё” номли китобида бу ҳолни қуйидагича ифодалайди; ”Анчадан бери мақоласини кутаётган мўътабар рўзномага бир туркум шеър кўтариб борди. Ўқиб кўришса – бинойидек. Икки – учтасини танлаб расми билан бериб юборишди. Таъсирот, таассуротлар турлича бўлди. Тенгқур, дўст, жўралари:”Нима бало, қариганда бирортасини яхши кўриб қолганми?” – дейишса, уни ёқтирмовчи баъзи бировлар; ”Бир қилмаган иши шу қолувди ўзи”, – дедилар. Назм оламини кузатиб борувчи синчков заршунослар эса; ”Шогирди Тилак Жўра, куёви Муҳаммад Юсуфдан юққан – да”, – дейдилар. Қуйида ўқиб кўринг, шеъри бинойидек;
Булбул сайрамаса, ўз “чуғуринда”,
Сумбул жилмаймаса ўз йуруғунда,
Фарзанд сўзламаса она тилинда,
Гўдак йиғламаса она тилинда,
Бошингдан “ҳув “ этиб учади хуш,
Ўз тилингда ҳатто кўролмасанг туш…
Яшамоқнинг борми маъноси.
“Кечиккан шоиринг,қабул эт, элим”
“Олтмишга кирганда шоирлик даъво қилиб қаёққа борардим, – дерди ҳазил аралаш шоир Муҳаммад Юсуфнинг қайнотаси, раҳматли Ғайбулла ака, – Бизники бир изҳори дил. Баъзан туйғулар жўшиб, руҳий безовталик тинч бермай, эҳтирослар, изтироблар оқимини жиловлаш қийин бўлган онларда беихтиёр шеър ёзганингни билмай қолар экансан”. Унинг шеър ёзишига туртки бўлган сабаблар бири, атрофида ва оиласида шоиру шоираларнинг кўплигидан бўлган бўлса не ажаб. Қизи Муҳаммад Юсуфнинг турмуш ўртоғи Назира ас – Салом шоира. Куёвининг шеърлари эшитган ҳар қандай кишининг эса шеър ёзгиси келиб кетади. Бу бор гап. Аммо ундай юракка етказиб ёзиш эса қийин иш. Муҳаммад Юсуфда Худо юқтирган туғма истеъдод бор эди! Шунинг учун ҳар бир сатри сизни беихтиёр ўз оғушига тортади.
Сайди Умировнинг ёзишича, ҳар бир инсон табиатан шоир, ижодкор бўлади. Лекин кўпчиликда фавқулодда зарб, силкиниш бўлмаса, бу истеъдод ғунча ёзмай, руёбга чиқмай, ”шеър ўзида” – қолиб кетади. Сўз ва дард билан ошно одам руҳий портлаш натижасида шоир бўлиб қолиши ажаб эмас… Тўғри Ғайбулла аканинг баъзи шеърларида фикр палласи туйғу палласини босиб кетгани сезилиб, муаллифи олим экани билиниб қолади, лекин ҳеч бир шеъри, сатрлари кишини бефарқ лоқайд қолдирмайди. ”Кечиккан шоиринг, қабул эт,элим, Дардингга суқланиб бўлойин малҳам”, – дейди у бир байтида.
“НЕГА ИНСОНЛАР МИНГ ЙИЛ ЯШАМАЙДИ?”
Ўзини “панадаги фақир одам” дея ҳисоблаган Ғайбулла ас – Салом ёзган, ўгирган, таҳрир қилган, тартиб берган мақола, китоблар тахланса, бўйи баробар келади, деган гапда сира ҳам муболаға йўқ. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг қайнотаси бўлмиш Ғайбулла ас – Салом ҳам куёвидек содда, хокисор, меҳрибон. бағрикенг ва салоҳиятли инсон эди. Одамшунос(уни шундай аташарди) бу инсон “Нега инсонлар минг йил яшамайди?” номли мақоласида ёзади; ”Билган билади, билмаган билмайди… Менимча, одамлар ҳамма вақт ҳам ўзига “ажратилган” умрни яшамайди. Минг хил табиий офатлар: зилзила, сел, тошқин, қурғоқчилик, вулқон сингари “ноинсоний” фалокатлар ўз йўлига. Кўпинча одамни одам ўлдиради. ”Эрни эр қиладиган ҳам хотин, қора ер қиладиган ҳам хотин”, дейдилар. Менга қолса мазкур мақолни миқёсини кенгайтириб, ”Одамни одам қиладиган ҳам одам,адойи тамом қиладиган ҳам одам” , деган бўлардим”. Донишманд бу инсон билан мулоқотда бўлсангиз, суҳбатига тўймасдан, яна ва яна у билан гаплашиш иштиёқида яшашингизга тўғри келарди.
“БЕМИННАТ БОШ ШИФОКОР”
Ғайбулла ака чинакам ўзбек отаси тимсоли эди. Бу юзидан нур ёғилиб турган отахон тириклик пайтида қаерга бормасин, маҳалла куй ёки бирор бир учрашувгами, ёшлар унинг атрофида гирди капалак эди. ”У доим одамлар орасида эди. У одамларга, одамлар эса кўпроқ унга талпинади, кўнгил кўнгилдан сув ичади…Касалхонада ётганида уни сўраб борувчиларнинг кети узулмасди, гарчанд, кўпинча ҳузурига қўйишмаса ҳам. Уйига ҳам узмай одам келиб турарди. Турмуш ўртоғи Шаҳрибону опа (“менинг суткасига 24 соат қарайдиган, маош олмайдиган, беминнат бош шифокорим, – дерди Ғайбулла ака ҳазил аралаш) домла чарчаб қолмасмиканлар дея жиндак хавотирга ҳам борарди, лекин яхши сўз, нурли юз ҳамдам, малҳам, жон озиғи эканлигини билиб, индамасди”. Суҳбатижон бу инсоннинг мулоқотларида куёви ҳам бўлиб турарди. Ўзбекистон қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов ёзганидек, ”Муҳаммад Юсуф омадли йигит эди. Ғайбуллоҳ ас – Саломдай забардаст олим, улуғ бир инсон хонадонига куёв бўлишида мен катта бир хислат кўраман. Улар руҳан бир – бирларига жуда яқин инсонлар эди. Парвона нурга интилади. Муҳаммаджон Ғайбулла акага куёв эмас, ўғил бўлди. Улар бир – бирларининг камини тўлдириб, бир – бирларидан куч олиб яшадилар”. Халқимиз бежизга куёв ва қайнотанинг тупроғи бир ердан олинади, деб айтмайди. Назира ас – Салом ҳам отаси ва турмуш ўртоғининг ўхшаш томонларини қайд этади; ”Муҳаммад аканинг феъл – атворидаги баъзи хусусиятлар раҳматли отам – Ғайбулла ас – Саломга жудаям ўхшаб кетарди. У киши ҳам отам сингари ўта тўғрисўз, содда, ҳалол, виждонли одам эдилар. Ҳеч қачон бировдан бирор нарса таъма қилмаган, дабдабани суймайдиган, оддийлик тарафдори, самимий инсон бўлиб ўтди. Бағрикенглик шу даражада эдики, танишми – нотанишми, ҳаммага қўлидан келгунча яхшилик қилишга уринарди. Кўчага чиқсалар, кексаю ёш билан бирдек саломлашиб, кўнглини олишга ҳаракат қилардилар. Ҳатто ёш болалар билан футбол ҳам ўйнаб кетаверардилар. Республикамизнинг турли вилоятларидан келган ижодкор ёшлар, талабаларга ёрдам берардилар. У кишининг қўни қўшнилар билан аҳил иноқлигини айтмайсизми…”
Бундан ташқари, ушбу икки улуғ инсоннинг тақдири ҳам бир – бирига ўхшаб кетади. Ғайбуллоҳ ас – Саломнинг ҳам ўзи учун қадрдон ТошДУ минбарида олий даргоҳнинг Ўзбекистон Миллий Университети дея эълон қилинганидан қувонганида, кучли ҳаяжондан жони узилган бўлса, бир ярим йил ўтар ўтмас Муҳаммад Юсуф ҳам Элликқаълада шеър ўқиётиб, ҳушидан кетади, маълум муддат ўтгач эса вафот этади.
Бу икки инсон ҳам бугун орамизда йўқ. Аммо улар халқимиз хотирасида абадий яшаб қолади.Чунки қуёш нурлари курраи заминни ёритганидек, эзгулик ҳам кўнгилларга ёруғлик таратади.
“МИЛЛАТ – БАШАРИЯТ ГУЛТОЖИ”
Ғайбулла ас – Салом билан суҳбат, яъни ”Фидокор” газетаси учун олинган интервью “Ўзбекистон “ нашриётида 2000 йилда нашр этилган “Огоҳлик ва фидокорлик – мамлакатимиз равнақи калитидир” тўпламидан ўрин олган.( Мен ушбу мажмуани тузиб, нашрга тайёрлаганман). Эътиборингизга ушбу суҳбатни ҳавола қиламан;
”Зоҳиран вазмин, хотиржам, ботинан эҳтиросли, куюнчак, сўз ва дард муҳиби бўлган Устоз Ғайбулла ас – Салом қаламига мансуб ҳамда у киши таҳрир қилган, тартиб берган китоблар юқорида таъкидлаганимиздек тахланса бўйи баробар келарди. Адиб – олим ижоди мустақиллик йилларида, айниқса сермаҳсул бўлди. Қисқа вақт ичида чоп этилган 6 та асари бундан аввал нашр этилган 30 дан ортиқ китобларининг мантиқий давомидир. Марҳум олим, адиб, устоз Ғайбулла ас – Салом билан 1999 йили яъни ҳаётлик чоғида истиқлол шукуҳи, унинг дилларга берган улуғ неъмати ҳақида суҳбатлашган эдик.
-Мустақиллик айёми арафасида одамнинг кўнглидан кўп нарсалар ўтиши табиий. Зеро, бу кунларга етиш халқимизга осон бўлмади. Ушбу дамларда кўнглингиздан қандай армонлар ва орзулар кечаётир?
–Етмиш йилдан зиёд вақт мобайнида собиқ совет давлати таркибида тутқун ҳолатда яшадик. Озод бўлмаган миллат қулликка маҳкум. Собиқ иттифоқ парчаланишдан ҳадиксираб, юзлаб миллатларни “темир панжара” да сақлаб келди. Зулмга, қўрқув, таҳлика ва ёлғон ғояларга асосланган бу салтанатнинг умри қисқа бўлди.
Собиқ иттифоқнинг тарқалиб, кетишини ҳар ким ҳар хил талқин қилади. Кимлардир буни чет давлатларнинг жосуслари гарданига ағдаришади. Аслида бу тарих тақозаси. Тарихга бир назар ташланг; қанчадан – қанча гуркираб турган империялар маълум муддат ўтиб, саҳнадан тушиб кетди. Искандар Зулқарнайн, Чингизхон, Напалеон тузган салтанатлар қандай қудратли эди. Эҳ – ҳе, бунга тарихда қанчадан – қанча мисоллар бор. Парчаланиш қонунияти шундайки, салтанатлар ҳам мисоли тирик мавжудотлар каби туғилади, ўсади ва бир кун келиб ўлимга юз буради. Ўзимни донишманд кўрсатмоқчи эмасман-у, лекин бир кунмас бир кун келиб, бу иттифоқнинг емирилишига ишонардим. Гарчи, у абадиятга, коммунизм қуришга даъвогар бўлса – да, ҳаммаси пуч бўлиб чиқди. Нимагаки, барчаси алдов ва ёлғон эди. Коммунистик ғоя даҳоларининг фаразини қаранг, тиллар йўқолиб кетиб, қандайдир мавҳум умумтил пайдо бўлармиш. Ахир миллат йўқ жойда халқ бўлмайди, маданият бўлмайди. Миллат – башарият гултожи!
Ниҳоят, мустақил бўлиб, мустақилликнинг барча атрибутларига эга бўлдик. Ўз байроғимиз, ўз қўшинимиз, ўз чегараларимиз, ўз пулимиз, борингки ўз давлатимизни яратдик. Буларни барпо этиш айтишга осон. Лекин бунча харажат, бунча ташвишлар, албатта ширин ташвишларни унча – мунча давлат удда қилолмайди. Яна ўзимча мулоҳаза қиламан, йўқ, бизга ота – боболаримиздан бойлик хазиналари эмас, балки юксак тафаккур, маънавият хазинаси мерос қолди. Ушбу хазина туфайли, теран ақл – идрок, иймон – диёнат туфайли юртимиз обод бўлаётир.
-Мустақиллик аввало ўзликни англаш демакдир. Сиз зиёли бир инсон сифатида ўзингиз ҳақида қайғурганмисиз?
–Мустақиллик берилмайди, мустақиллик олинади. Ким ўзининг қўл остидаги ўзбекка ўхшаган мўмин, итоатгўй, нима деса, ”хўп бўлади, бажарамиз” деб турган одамларни қўлидан чиқаради. Бир ёқдан лак – лак бойлик оқиб турса – ю, устига – устак “боқимандасан” деб писанда қилишларига нима дейсиз? Бир воқеани айтсам ишонмассиз. Йигирма йиллар аввал Москвадан қайтаётиб, уйга бориб яна бозорга чиқиб овора бўламанми, яхшиси Московдан бозор қилиб кета қолай, деган ниятда дўконга кирдим. Дўкондан бир қўй сонини сотиб олдим. Ҳа, энди ўзбекчилик – да. Хуллас, яна ул – бул харид қилдим. Аэропортга келиб, самолётга чиқаётганимда аэропорт ходимаси нарсаларимни титкилаб кўрди. Бир пайт ҳалиги гўштга кўзи тушиб, шунақа бир шаллақилик қилдики, қўяверасиз. Энди самолёт Ўзбекистонимизники, бир ёқда ҳамюртлар… Сизга айтсам, роса изза бўлдим. Уни ташлаб кетаверишга ҳам рози эдим. Нима дейсиз, дўконда сотиляпти, ўз пулимга олганман. Хуллас дилим сиёҳ бўлди. Уйга келдим. Ишонсангиз, қўй сонини майдалаётган пайтда разм солиб қарасам, бир чеккасида “Тошкент гўшт комбинати” деган ёзув муҳр турибди. Шундай алам қилдики, харидимни яна Москвага қайтариб олиб бориб, ҳалиги аёлга буни “ менинг ўзимдан тортиб келган экансан. Мен ўзимнинг нарсамни олиб кетаётган эканман”, дегим келди. Бу албатта ўта жайдари бир мисол. Гўшт нима бўпти, бутун бойликларимиз – олтинми, пахтами, уранми, мармарми, мева – чеваларми, ҳамма – ҳаммасини карнай – сурнайлар билан вагонга ортиб жўнатганмиз. Худога минг қатла шукр, алдов ва фирибга асосланган тузумдан халос бўлдик.
-Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимиз ҳаётида жуда катта ўзгаришлар юз берди. Шу тўғрида сизнинг фикрингизни билмоқчи эдик.
–Мустақиллик бизга аввало эркин фикрлашни ўргатди. Эркинлик ҳар ким хоҳлаган гапни гапираверади, ҳар ким хоҳлаган ишни қилаверади, дегани эмас. Ҳаммаси қонун доирасида, меъёрлар чегарасида бўлиши керак. Бизда минг йиллардан буён қон – қонимизга сингдирилган каттага ҳурмат, кичикка иззат каби анъаналар мавжуд. Бизда андиша, одоб – ҳаё тушунчаларининг шундай ўзига хос жиҳатлари борки, буни фақат ўзимиз биламиз. Истиқлолга эришдик, энди бу ёғи дориломонлик, оёқни узатиб ўтирамиз, деган одам хато қилади. Тўғри, шу ўтган давр мобайнида бир неча ўн йилларда руёбга чиқмаган ишлар бажарилди. Биргина Тошкентимизда қанчадан – қанча ўзгаришлар. Бугун кўчага чиқсангиз бир кошона, эртасига бошқаси қад ростлаяпти. Бундай муҳташам, улуғвор иморатлар тушимизга кирибдими?
Бугун мамлакатимиз тараққиётнинг равон йўлига чиқиб олди. Миллатимиз руҳиятида юз бераётган кўп ўзгаришлардан қувонаман. Биз боқимандалик иллатидан халос бўлаяпмиз. Одамларимиз жуда катта ишларга қўл уришяпти. Бундан келиб чиқиб айтишим мумкинки,истиқлол одамларни у ким бўлишидан қатъий назар, хоҳ вазир бўлсин, хоҳ ҳоким бўлсин, хоҳ деҳқон ёки хоҳ зиёли бўлсин, ўзлигини, шунингдек Ватанини танишга ўргатди. Биз ўтмишдаги ота – боболаримиз руҳи – покларига ҳурмат бажо қилган ҳолда, келгуси наслларимиз тақдирини ўйлаяпмиз. Буларнинг ҳамма – ҳаммаси мустақиллигимиз шарофатидандир. Ватанни севган, унинг тақдирига ўз тақдирини боғлаган, Ватан қувончини ўз қувончи, ташвишини ўз ташвиши деб биладиган, келажакка маърифат нуқтаи назаридан қарайдиган ёшлар етишиб чиқмоқда. Бизлар қилолмаган ишларни улар қилади, бизлар етолмаган бахтга улар етади. Мени шу нарсалар тўлқинлантиради, қувонтиради.
“ПАЙҒАМБАР ҲАМ КУЁВИНИ СИЙЛАГАН-ДА!”
ТошДУ кичик йиғинлар залида бу табаррук инсон билан бўлган учрашувлардан бирида қатнашганман. Тумонот одам йиғилган бу тадбирда кичик жуссаси, ўзбекона дўппи кийган юзидан нур ёғилиб турган Ғайбулла ас – Салом барча – барчанинг қизиқтирган саволларга жавоб берар экан, ўз фикр – мулоҳазалари билан давра аҳлини ҳайратга солар, олқишига сазовор бўларди. Талабалардан бири таржимашунос олимга “Муҳаммад Юсуфга муносабатингиз қандай? “ дея савол берди. “ –Эй, Муҳаммад Юсуф – куёвим-ку! Муносабатим яхши. Шеърлари ҳам яхши”, – деди Ғайбулла ас – Салом самарқандча лутф билан. Унинг бу қисқа ва лўнда фикрида ўзбекнинг забардаст шоирига бўлган улкан муҳаббати мужассам эди. Зотан, куёв ҳам ўғил! Бундан ташқари куёвни Пайғамбар(с.а.в.) сийлаган. У (с.а.в.)ўзи ўтирган бўйрага туриб куёвини ўтқазган. Ўзбекнинг қайси бир хонадонига разм солманг, қайнота албатта куёвини ҳурмат қилади. Чунки, бу Пайғамбардан қолган одатда! Албатта Ғайбулла ас – Салом ва Муҳаммад Юсуф ўртасидаги қайтона – куёв муносабатларига ҳар қандай одам ҳавас кўзи билан қараса арзигулик эди!
Устозимиз Сайди Умиров “Эркли юртнинг эрка шоири” мақоласида ёзади:”…Устоз (Ғайбуллоҳ ас – Салом) билан анча йил бирга ишлаганмиз, ҳамкорликда бир қанча мақола, ”Толибнома” номли китоб ёзганмиз, ўн йилча қўшни бўлиб яшаганмиз, қадрдонлигимиз боис уйларига бориб турардим. Муҳаммад Юсуф, Назира қизалоқларини етаклаб, ”Бодомзор”даги қадрдон хонадонга келиб, Ғайбулла ака ва Шаҳрибону опанинг ҳолларидан хабар олиб туришганига гувоҳман. Янги оила ўзини тутиб олгунича Ғайбулла ака уларга кўп моддий, маънавий ёрдамлар кўрсатган. Муҳаммад Юсуф юртга танилиб, шеърлари, китоблари чиқиб, топиш – тутиши яхши бўлгач, кексайиб қолган қайнота – қайнонаси ҳолидан тез – тез хабар олар, далда берар, тадбирларида бош – қош бўлар, қўлидан келганини аямасди. Бу хонадонда камсуқум шоир ўзини одатдагидан камтар, ҳушёр тутарди. Кўп гапиргани, ҳатто шеър ўқиганига гувоҳ бўлган эмасман. Устоз олим ҳам куёвидан маслаҳатларини дариғ тутмас, насиҳатбозликдан, ёшлар ҳаётига аралашаверишдан ўзини тиярди. ”У бамисоли шамол тегса, меваси тўкиладиган серҳосил дарахт. Силкитсанг, шеър ёғилади. Мухлислари, дўстлари кўп, ҳасадгўйлари ҳам бордир, ўзи ҳам ёзган – ку. Ишқилиб, юртимиз, халқимиз, адабиётимиз, қизим, невараларим бахтига омон бўлсин” дерди”. Албатта қайнота – ота, у фақат фарзандларига бахт – саодат тилайди, бутун дунё яхшиликлари, бошқалар қатори уларга ҳам бўлишини истайди.
“ХОТИН ТИЛИ”
Шоир Муҳаммад Юсуф ҳам қайнотасини қаттиқ ҳурмат қилган. Устоз Сайди Умировнинг эслашича, Ғайбулла ас – Салом хотирасига бағишланган кеча Хатирчида бўлиб ўтади. Унда Муҳаммад Юсуф бир воқеани айтиб беради: у кунлардан бир куни хотини билан аразлашиб қолиб, арзи – ҳол қилгани қайнотаникига боришади. Назира биринчи бўлиб отаси ҳузурига кириб, узоқ қолиб кетади. Муҳаммад Юсуф қайнотаси ёнига кирар экан, юраги така – пука бўлиб, ҳар хил хаёлларга боради: ”Ҳозир мени койиса керак, қизимни нега хафа қилдинг”, – деб уйлайди ўзича. Бироқ Ғайбулла ас – Салом куёви билан кўришар экан, бир пас тин олиб “Эҳ, шоир шеърларингиз билан 26 миллион одамнинг кўнглини топгансиз, нега унда бир хотиннинг тилини тополмадингиз?!” деган экан. Ғайбулла ака ҳар бир гапни ўйлаб гапирар, унинг салмоқли ва тош босадиган фикрлари пурмаъно ва пурҳикмат эди. Шу боис куёв ҳам қайнотасини отасидек эъзозлар, у ҳақида гапирганда тўлиб – тошиб, меҳр – муҳаббат билан сўзларди.
“КЎРОЛМАЙМАН ТРАМВАЙЛАРНИ”
Муҳаммад Юсуф сайланмасида бир шеър бор. Унда Назира Саломова билан тўйгача учрашиб юрган дамлар қаламга олинади. Шоир ҳар куни севган ёрини кузатиб бекатда қолишини, ”моҳи тобонини” эса трамвайлар ота уйига – Бодомзорга олиб кетишини афсус– надомат билан тасвирлайди. У ўз севгилисидан бир дам ажралгиси уни қўйворгиси ҳам йўқ. Гўёки вақт тўхтасаю, трамвай ҳам ўз ўрнида қотса, ошиқ – маъшуқлар бир умр бир бирининг дийдорига тўймай, туришса!
Юр, деб ўзим кетар йўлларга,
Буролмайман трамвайларни.
Сўколмайман трамвайларни,
Уролмайман трамвайларни.
Кўролмайман трамвайларни!…
Бу шеър ҳақида Назира ас – Салом қўйидагича дейди; ” Бир вақтлар Муҳаммад ака шаҳримизнинг Навоий кўчасидаги трамвай бекатларида мени кутиб ўтиравериб, чарчаганидан ёзилган – да, бу шеър. Фалон бекатда кутаман, деб яқин дўсти Бахтиёр Муҳаммадиевдан айттириб юборса, мен бошқа бекатдан қочиб қолиб, анча овора қилганман Муҳаммад акангизни” .
“ОСМОНИМ ЁРИТГАН ТОБОНИМ ЎЗИНГ”
Яна бир гап. Муҳаммад Юсуфнинг жуфти ҳалолига бағишлаб ёзилган шеърларида ҳам Назира ас – Саломга бўлган бетакрор муҳаббат туйғулари уфуриб туради. ”Сени йўлиқтирди ҳазрати Хизр “дея ана шундай жуфти ҳалоли борлиги учун Яратганга шукрлар айтади.
Юракдан раҳматлар айтмайин нечун,
Ортимдаги нурли изларим учун.
Шеърларимга берган ҳайрат ҳисларим,
Ўғилга алишмас қизларим учун…
Меҳрибоним, сенга айтарим шудир –
Боринг шукурлар, борингга шукр.
“ҚАЙ ЎҒИЛДАН КАМДИР, АЙТИНГ ҚИЗИНГИЗ?”
Муҳаммад ака “ўғилдан ками йўқ” қизларини жонидан ортиқ кўрарди. ”Ўғилларнинг ота билан иши йўқ, Қиз отасин ҳар қадамда эслайди” деб ёзарди у баралла. Шоирнинг кўплаб шеърларида отанинг “юрак қонидан яралган” меҳрибон қизларига бўлган чексиз муҳаббати акс этади. Шоир айтмоқчи, ўғлим йўқ дея бошингизни деворга урманг. Қиз ҳам фарзанд. У ҳам ўғилдан кам эмас. ”Қиз қадрига етмаганлар ғофилдир, Қиз бор уйда ёруғ бўлар юзингиз”.
Айтинг кимнинг паймонаси тўлмаган,
Қиз бор – ота ёт бағирда ўлмаган,
Ўғлим йўқ деб ўкинганлар –жоҳиллар,
Ҳатто, Пайғамбарнинг ўғли бўлмаган!..
Билиб айтинг айтганда ҳар сўзингиз,
Қай ўғилдан камдир, айтинг, қизингиз?!
Болажон бу инсон кўпроқ вақтини қизлари билан ўтказишни хуш кўрарди. Ўзининг таъбири билан айтганда, жужуқларим( яъни Маъсуда, Нозима ва Мадиналар) менинг камолим” дер эди у. Дарҳақиқат, ”Қиз бор уйнинг файзи бўлак дейдилар, Жаннат йўли – қиз бор йўлак дейдилар”. Айтишларича, уч қизни тарбиялаб, ўстирган, уйли – жойли қилган инсон жаннатий бўлармиш. Назира Саломованинг хотирлашича, ”Муҳаммад ака спортни севар, кўпинча дўстлари билан футбол ўйнагани бориб турарди. Уйда эса деворга тренажёр ўрнатиб қўйган(у ҳозир ҳам турибди), нафақат ўзи, қизларини ҳам шуғуллантирарди. Мадина қизим, айниқса ўзига ўхшаш чайир бўлгани учун у билан жиддийроқ шуғулланарди.
Дўрмондаги дала ҳовлимизда қизларга машина ҳайдашни машқ қилдириш Муҳаммад аканинг севимли машғулотларидан бири эди. У қизларни жуда эркин қўярди, кўпинча бирга олиб юрар, уларга меҳр беришга ҳаракат қиларди. Муҳаммад ака болалар ёнида хотиржам бўлса керак, кўпроқ уйда ижод қиларди…Муҳаммад ака учун фарзанддай азиз неъмат йўқлигини, уларнинг кулгусини бошқа қувончга алмашмаслигини…бир қатор шеърларида кузатиш мумкин. Қизлари туғилганда, у киши ёш боладай қувонарди. Болаларнинг ҳатто йиғлаши ҳам Муҳаммад акага ҳайратли туюлар эди. Уларнинг бирортаси оғриб қолса, ўзини қўярга жой тополмасди. У кишининг “Фарзандини яхши кўролмаган одамда Ватан туйғуси бўлмайди”, деган сўзлари маъносини энди теранроқ англагандайман”. Албатта, шоир ҳақ, болани севмаган одам Ватанни ҳам сева олмайди.
Эй Муҳаммад, олти оға – ининг бор,
Бирда яхши, бирда ёмон кунинг бор.
Бир кун бошинг ботар бўлса болишга,
Қизларингдан яқин яна киминг бор?!
Совчилари эшигида зор бўлсин –
Нозималар, Мадиналар бор бўлсин.
Устозимиз Омонилло Маъдаев “Шеъриятга ҳолат” деб таъриф берар эдилар. Ҳақиқатан, шоирнинг “Мадина” номли қизалоғига бағишланган шеърида унинг ўша пайтдаги ҳолати акс этади ва у бир кун шуҳрат пиллапоясида ҳаммадан илгарилаб кетишини башорат қилади. Шоирнинг кўплаб шеърларини ўқисангиз, хаёлингизда “шоир олдиндан билган эканда” деган фикр ғужғон айланади, миянгизда.
Мадина, Мадина, нега йиғлайсан,
Менинг асал қизим, қачон ухлайсан.
Иситманг тушмади, тополмадим дори,
Ярашмас яшамоқ нокасга ёлвориб,
Чида, ёруғ тонгни кутамиз, қизим,
БИЗ ҲАЛИ ҲАММАДАН ЎТАМИЗ, ҚИЗИМ
Бугун газета саҳифаларида ва ижтимоий тармоқларда Мадина Юсупованинг ажойиб шеърларига кўзимиз тушади. Ота изидан бораётган шоиру шоиралар фарзанди, истеъдод соҳиби Мадина Юсупова ижодига тасаннолар айтамиз.