282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Шерхон Кораев » » онлайн чтение - страница 6


  • Текст добавлен: 28 апреля 2024, 10:20


Текущая страница: 6 (всего у книги 6 страниц)

Шрифт:
- 100% +

“ТОШКЕНТДА ЗЎР ШОИР БЎЛАМАН!”

Генерал бўлишни орзу қилмаган аскар аскар эмас. Айтмоқчиманки, ҳар бир кишининг ўз олдига қўйган мақсади бўлади. Шунингдек, улуғ халқнинг улуғ шоирининг ҳам. “Ё Тошкентда энг зўр шоир бўламан, ё қишлоққа қайтиб ариқ бўйида ялпизга суяниб ўлиб қоламан” мисралари Назира Саломованинг айтишича, ўсмирлигида ёзилган. Фикримча, унда халқ қалбидан жой ололмасанг, ҳеч бўлмаса даладаги “ялпизларга ошно бўла бил” деган ишора бор.

“Биз ҳали ҳаммадан ўтамиз, қизим” мисралари ёзилганда ҳам ҳали танилиб улгурмаганди. Аммо бир қадар ҳаётий тажрибага эга, тўсиқларга, қаршиликларга учраб “пишган” эди. Муҳаммад ака ўз келажагига ишониб, қалам тебратди. Албатта, қиз фарзандни қандай яхши кўришни Муҳаммад Юсуфдан ўргансак арзийди.

 
Эртагим чўзилди, менинг эртагим…
Эртага энди бу дунёдан ўтсам.
Ҳаёт, азизим, сен хафа қилмагин,
Менинг ширингина қизларимни ҳам.
 

Назира Саломова “Ҳамиша барҳаёт шоир” номли мақоласида ёзганидек, ”Истиқлол шарофати, Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов эътибори туфайли Муҳаммад Юсуфнинг барча орзулари рўёбга чиқди; бетакрор ижоди қадрланиб, халқимизнинг маънавий мулкига айланди. Фарзандлари ортидан неваралари камолга етмоқда. Шоирнинг юбилейини нишонлаш тўғрисидаги қарор барча адабиёт мухлислари қатори, аввало,бизнинг хонадонимизда катта қувонч билан кутиб олинди. Қизларим қарорнинг ҳар бир бандини қайта – қайта ўқиб, болаларча қувониб, мени қутладилар".

Тошкентга борсам, Муҳаммад Юсуф номидаги жамоат фонди ёки “Олтин қалам” газетасига, аниқроқ қилиб айтганда, Назира опа ҳузурига отланаман. Устоз чироғини ёқиб, эзгу ишларини давом эттириб келаётган, асарларини тўхтовсиз чоп этилишида бош-қош бўлаётган Назира ас – Саломнинг садоқати, муҳаббати ва фидойилиги олдида қанча таъзим қилсак кам.

“Шоирлар одамдай севолмайдилар”

Шоирнинг шеърларида рафиқаси Назира Саломова бўлган мафтункор муҳаббати уфуриб туради. ”Бизнинг бировлардан не камимиз бор, Эй жуфти ҳалолим, не ғамимиз бор” дея ёзади шоир бир ўринда. Албатта бу бахтли жуфтликка ҳамма ҳамма ҳавас билан қараган. Халқ севган шоирнинг рафиқаси бўлиш бу бир томондан бахт, иккинчи томондан масъулият.

 
Гарчи мен билан ҳеч йўқдай ишларинг,
Мен ҳақдадир ҳатто кўрган тушларинг.
Севдим демасанг ҳам севгинг изҳори –
Кўзинг тўла меҳр жилмайишларинг.
 

Шоирнинг кўнгли гулдек нозик бўлади. Муҳаммад Юсуф ибораси билан айтганда, ”Улар гоҳ бир оғиз ширин сўз қули, Гоҳ дунёни олар бир ибораси”. Шунинг учун “анордек кўнгли нозик” шоирнинг салоҳияти оиладаги мўътадил муҳитга ҳар томонлама боғлиқ. Назира Саломова мақоласида ёзади; ”Аммо ижод руҳият билан боғлиқ жараён. Шоир ўз оламига кириши, унга ҳеч ким халақит бермаслиги керак. Мен бу пайтда шу шароитни яратиб беришга ҳаракат қилардим, отасининг тиззасида, елкасида ўтириб ўрганган болаларим эса бунга кўнмай, хархаша қиларди”. Назира опа ўзи шоира бўлгани учун ҳам шоир руҳияти чуқур тушунган. Назира ас – Салом хотирлайди; ”…биз Муҳаммад ака билан бир – биримизни жуда яхши тушунардик. Зиёли оила, ижодий муҳитда вояга етганим, ўзим ҳам ижодкор бўлганим учун ҳар бир янги асаридан, муваффақиятларидан фақат хурсанд бўлардим. Шеъриятнинг қандай ҳодиса эканини англаганим учун ҳеч қачон шеърларидаги лирик қаҳрамоннинг прототипини қидириб, кўнглимга шубҳа иниб сўраб – суриштирмасди. Ҳар бир асарнинг сабаби, қаҳрамонини топишга ҳаракат қилаверсангиз, охир – оқибат, шоир кўп нарса йўқотади, қанча гўзал мисралар дунёга келмай қолиб кетаверади”.

 
Биламан тахминан
Шундай ўйлайсиз:
Шоирлар – девона,
Тузалмайдилар.
Шоирнинг севгиси
Ўткинчи дейсиз.
Шоирлар одамдек
Севолмайдилар.
 

Албатта шоирларни сал ғалатироқ, хаёлпарастроқ, девонароқ деб ўйлаганлар ҳам йўқ эмас. Шоир кўнгил одами, унинг қалбига йўл топсангиз бутун дунёни пойингизга тўшайди. Севса ҳам жон жаҳди билан, йиғласа ҳам сел бўлиб, хурсанд бўлса ҳам болаларча севинади. Аммо, сизни ҳеч ким севолмайди унингдек. Шоирнинг севгиси –фариштадек пок, беғубор, оловдек бокирадир. ”Севмоқ бу – кунда бир кўрмоқ бахтидир Озғин қўлларингни, сепкил юзингни”, дейди шеърнинг лирик қаҳрамони.

Муҳаммад Юсуф айтганидек, шоирлар гулнинг боласи. Сўзни қиздек қучган шоирнинг нони бутун эмас, аммо юраги бутун. У ҳеч кимни зор куттирмайди, бироқ ўзи юз йил кутиши мумкин бир дунё дард билан. Шоир шеърни “қароғимдан оққан ёшларим “деб атайди. ”Шамолдек беқарор шоир севгиси… Қаламни қучоқлаб ухлаб қолади…” Шоирни турмуш ўртоғи эслайди; ”…Шу билан бирга, ижодкорларга хос қайсарлиги, инжиқлиги ҳам бор эди. Агар эшикдан кириб келган пайтлари овқат тайёр бўлиб, дастурхонга қўйилмаса, кейин минг илтимос қилсангиз ҳам емасди. Кўнгил одами бўлгани учун, табиийки, салгина эътиборсизликдан ҳам ранжиб қоларди. Агар янги шеърларини ўқиб бераётганида, чарчаганимданми ёки бошқа ташвишлар биланми, сал бепарволик қилсам, дарров ўша қораламасини йиртиб ташларди. Кейин шеър парчаларини битталаб йиғиб, ёзув машинкасида оқ қоғозга кўчириб қўярдим”.

“Хирмондаги бола” шеъридаги ялпиз далада вояга етган лирик қаҳрамон ёзади; ”Кейин шеър йўқлади, тушимга кириб, Кейин ўзим йўқлаб Тошкентга кетдим”. Шундан сўнг шеърнинг лирик қаҳрамони Тошкентга зўр шоир бўламан” дея қаттиқ аҳд билан келган. Агар ўз сўзини устидан чиқмаса “Ё уйимга қайтиб, ариқ бўйида Ялпизга суяниб ўлиб қоламан” дейди у. Ўзбекистон қаҳрамони Эркин Воҳидов хотирлайди; ”Муҳаммад Юсуфни мен таниқли ёзувчи Назир Сафаров орқали таниган эдим. Муҳаммаджон Назир ака хонадонида турар, ёшгина ўсмир йигитчанинг пойтахтдаги илк қадамлари мана шу остонадан бошланган, бу уйдаги адабий муҳит бўлажак шоирга катта мактаб бўлган эди. Дастлабки шеърларини менга бераётиб, Назир ака шундай деган эдилар ; ”Мен Эркинжон ёзувчиман. Шеъриятдан узоқроқман. Сизга бир илтимосим, Муҳаммаднинг шеърларини ўқиб кўриб, ўзингиз йўл – йўриқ кўрсатсангиз. Машқларида нимадир борга ўхшайди”.

Шоир “Тошкентда зўр шоир бўламан” деган ваъдасини устидан чиқди, юртда тоза машҳур бўлди, аммо у шу қадар сахий ва мард эдики, барча ёзганларини баҳорда пишган бир коса сумалакка алишиб ҳам юборарди. Муҳаммад Юсуф ўз чиқишларидан бирида “ Шоирга фаришталар ёрдам беради. Бўлмаса у ўз шеърини ўқиб, ўзи йиғлармиди” , деган эди.

 
Шоир агар суйса бировни,
Севилмаса – суяр севгисин.
Ёрга ўзи топиб куёвни,
Тўйда ўйин тушиши мумкин.
 

Чунки шоирлар “бировнинг тўйини, бировнинг уйини бузолмайдилар”. Муҳаммад Юсуфнинг шоир қиёфасига чизгилари орқали ижодкор портрети гавдаланади. У ҳақиқий сўз ошуфтаси – шоир қиёфасини тасвирлайди. Гулжамол Асқарованинг эътироф этишича, “Муҳаммад Юсуф шоирларни Худонинг эркатойлари” деб атаган. ”Шоирлар – куйган кўнгиллар ноласи, Ғариб оналарнинг ғариб боласи…Улар кулбасидан дўзах бир қадам, Жаннат улар икки қошин ораси…”

 
Шоирлик мен учун асло орзумас,
Шу ҳам иш бўлдими йигит бошимга.
Ҳамма шоир зотин йиғса арзимас
Онамни соғиниб тўккан ёшимга.
 

Муҳаммад Юсуф “Осмоннинг охири” насрий достонида ёзади; ”Мен биринчи шеъримни қачон ёзганимни ўзим билмайман. Хўш, қани ким айтади, охиргисини қачон ёзаман?… Билиб туриб бировга озор беришдан ёмони йўқ. Ўзинг ҳам билмасдан бировга яхшилик қилишдан ортиқ яхшилик йўқ. Шеър ёзиш ҳам ўзинг билмай бировга яхшилик қилишдай гап”. Чўккан ёки ярим кўнгилни ёқимли шеър билан кўтариш ва хурсанд қилиш эзгуликдир. Зотан “авлиёлар авлиёси” Ҳазрат Навоий ёзганидек, ”Кимки бир кўнгли бузуқни хотирин шод айлагай, Онча борки Каъба вайрон бўлса обод айлагай”.

 
Қалам ушладимми демак – уйин бас,
Яйраб очолмайди гул дудоғини.
Шундоқ юрак ютиб сўраша олмас,
Хонамда қолдирган қўғирчоғини.
Бурчак – бурчакда жим тортишар бурун,
Билмам қандай ўю хаёл ичида.
Тузсиз шеърларим деб шириндан ширин,
Болаларим юрар оёқ учида..
 

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид ёзади; “шоирнинг қадди қомати, қалбининг бўю бастини, қиёфасию кўнгил дунёсини шеъри кўрсатади, унинг зоҳири ҳам, ботини ҳам ўз шеъридир.

Бу шеърият ўз – ўзидан яралгани йўқ. Худо берган бу истеъдод “Шувоқлари кўчган эски уйлар”, ажин босган азиз ва қадрдон юзларни эслатувчи ним нураган пахса деворлару тупроқ кўчаларнинг тунги сукутларидан, онаизорларнинг меҳру соғинчлари, оталарнинг умрий заҳматлари иси келгувчи яктак – чопонлари, сулув қизларнинг кулгуларию қошу киприклари аро ўсма майсасидек кўкариб, барг ёзиб камол топди. Бу шеърият меҳру соғинч, дарду ҳижрон, тириклик ва ўлим, дийдор ва айрилиқ тарбиясини олган....

Шоир савол ҳам бермайди, жавоб ҳам сўрамайди. Шеърлар сизни сўроққа тутмайди. У бор – йўғи кўнглини тўкади, шеър шаклида саҳифаларга тўкилган кўнгил кишига юк юкламайди. Сиз уларни шундоқлигича, яъни шеърларни кўнгил мисол, кўнгилни шеърлар янглиғ қабул қиласиз”.

СЎНГГИ НАФАСГАЧА ХАЛҚ БИЛАН

Муҳаммад Юсуф 2000 йилнинг кузида уй иши билан шахсий автомобилида телеательега бораётганда автоҳалокатга учради. Ўшанда у ТошМИ клиникасида даволаниб чиққанди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Янгибой Қўчқоровнинг эслашича, “2001 йилнинг июль ойи учинчи ўн кунлигида Элликқалъада ёш ёзувчиларнинг “Ақчакўл илҳомлари” 1 – республика анжумани ўтказилди. Пойтахтдан адиблар гуруҳи жўнатилаётганида, “Муҳаммаджон ака, соғлиғингиздан келиб чиққан ҳолда бориш ҳам, бормаслик ҳам ўзингизнинг ишингиз!” деганимда “Мен энг сўнгги нафасимда ҳам халқ ичида бўламан!” деб жилмайдилар. “Аллоҳ Сизга Хабибий домланинг ёшини берсин!” деган эдим. Пешонасига ёзилгани шу экан; Бобур ҳазратларининг ёшида бу оламни ёруғ юз билан тарк этдилар”.

“ХОТИМА”

Филология фанлар доктори, устоз Анвар Ҳожиаҳмедов ҳузурига домламиз Омонулла Маъдаев билан бордик. Омонулла домла йирик олимга менинг Аруз илмига қизиқиш борлигини, шогирдликка олишларини илтимос қилдилар. Анвар ака менга Ҳофиз Хоразмий шеърларининг вазнини аниқлаб келишимни топширдилар. ”Ғазаллар вазнини аниқлаш илм эмас, илм нима учун ушбу вазнда ёзилганини тадқиқ этиш“, – деди у киши. Тошкентдан Қашқадарёга яъни Талимаржон шаҳрига ёзги таътилга қайтиб, бош кўтармай топшириқни бажаришга ҳаракат қилдим. Ҳофиз Хоразмий ғазалларини ўқиш ва вазнини аниқлаш мобайнида ўзим ҳам шоир ва унинг руҳий олами ҳақида кенг маълумотга эга бўлдим.

Лўнда қилиб айтганда, шеърият бу ижодкорнинг руҳий ҳолати, ”таржимаи ҳоли”, ”ўз дунёсининг талқини”. Демоқчиманки, Муҳаммад Юсуф шеърларини қайта – қайта ўқиш давомида шоир “олами” ни такрор ва такрор кашф этавердим. Муҳаммад Юсуфнинг шеърлари шоирнинг, миллатнинг, Ватаннинг, муҳаббатнинг таржимаи ҳолидир. Ана шу миллат, халқ, Ватан бор экан, уни эътироф этган, эҳтиром кўрсатган халқ шоирининг чироғи зинҳор базинҳор ўчмайди.


Урғу бериб айтмоқчиманки, айрим шоирлар шеърини бир ўқисангиз, қайта ўқигингиз келмайди, аммо Муҳаммад Юсуф шеърлари қайта – қайта ўқилса ҳам сизни яна ўзига тортади. Шоир шеърларида унинг Волидаи муҳтарамаси, ака – укалари, опа – сингиллари, жуфти ҳалоли, қизлари, дўстлари, яқинлари алалхусус ён – атрофидагиларга муносабат, муҳаббат, нуқтаи назар кундалик ҳаётимизда кўпчилик одамларга хос бўлган ташвиш, муаммо ва “дард” билан уйғунлашиб кетади.


Шоирнинг Муҳаммад Юсуфлиги шундаки, у сизу бизнинг ўю ташвишларимиздан хабардор, гуёки биз билан сирлашгандек ичимиздагини айтади. Чунки у бизнинг дардимизни куйлаяпти – да! ”Битта қиз эрга тегса қирқтаси туш кўрармиш!” Буни шоир қаердан олган. Албатта ҳаётдан – да! У йигитнинг ҳам , қизнинг ҳам ую – хаёлидан хабардор. ”Сизга нима, сиз ухланг, ҳеч ишингиз бўлмасин, кимдан кимни кўнгли бор қўяверинг, ўйнасин”, – дейди шоир. Ва бу билан ошиқликка чалинган ёш йигитчаларнинг кўнгил хитобини ифодалайди. Бир танишим айтиб берганди, унинг ҳам талабаликда бир қиз юрагидан урганида, у билан кўришишга онаси рухсат бермаганида, шоирнинг бу шеърини унга ўқиб берган экан, 9 май – хотира ва қадрлаш куни экан ўшанда. Ва ниҳоят узоқ интизорликдан сўнг учрашиб туришга рухсат олибди, шеърнинг кучи қудрати билан:

 
Ўксимасин қиз қалби,
Йигит райи ўлмасин.
Кимда кимнинг кўнгли бор,
Қўяверинг , ўйнасин.
 

Кечагидек эсимда. Муҳаммад аканинг бу шеърини ёд олганим. У киши кўнгил шоири эди. Чунки сизу бизнинг, миллионлаб ўзбекнинг юрагидагини ўз шеърларида тўкиб соларди. Шеърларни катта ҳаяжон билан ким ўқиса ҳам “менинг кўнглимдаги ёзибди” дерди – да! ”Сени осмонимга олиб кетаман, ерда бизга кун йўқ, кун йўқдир, жоним” – қуйма сатрлари беихтиёр “муҳаббат оташида” кенг дунёга сиғмай қолган ошиқ – маъшуқни “бошқа дунёга” – “бошқа осмонга” етаклайди. Муҳаммад аканинг содда, равон, хушоҳанг сатрлари шифобахш булоқ сувини эслатади. Унда сўзлар ҳам худди, маржондек терилгандек.

 
Кўнглим сезар, энди бу ёғи аён,
Дўстларим… дўстларим,
бахтли боламан.
Ё Тошкентда энг зўр шоир бўламан,
Ё уйимга кетиб,ариқ бўйида
Ялпизга суяниб ўлиб қоламан.
 

“Ака Шариф Тошкентда” бадиий фильмида янграган ушбу сатрлар “оқни оқ, қорани қора кўрган”, ”ўз билганидан қолмаган” шоирнинг кўнгил хонишидир. У ўз аҳдида тура олди, шоир бўлди, бўлганда ҳам таниқли, зўр шоир бўлди. Одамлар бир умр у билан учрашиш истагида яшадилар. Шоир ҳам одамлар орасида кун кечирди. Машҳурлик касалига учрамади. Сўнгги кунигача оддий ва камтарин Муҳаммад Юсуфлигини сақлаб қолди. Шоир такрорланмас сатрлари билан милий адабиётимиз, шеъриятимиздан мустаҳкам ўрин эгаллабгина қолмасдан адабиёт “чаман” ини равнақ топишига хизмат қилди.

2014 йилнинг бошида “Нишон тонги” газетасида устоз Муҳаммад Юсуф ҳақида хотираларимни бир мақола қилиб бердим. Газета муҳаррири устозим Саломот опа Турсуновага мақола маъқул келди. Ўқиганлар ўз фикрини билдирди, уни яна тўлдирдим, бойитдим, кейин қайнота ва куёв ва уларнинг ўхшаш тарафлари ҳақида мақола тайёрладим, у ҳам “Қашқадарё”, ”Баркамол авлод”, ”Олтин қалам”, ”Воҳа”, ”Дарё”, “Мўъжизавий дунё”, ”Нафосат” каби кўплаб газеталарда эълон қилинди. Муҳаммад Юсуф ҳақида кўрган – билганларнинг вақтли матбуотда чоп этилган мақолаларини кузатиб бордим.

Шоирнинг мухлислари (ўзим ҳам устознинг мухлисиман) ёзган мақолаларим ва хотираларимни китоб ҳолатига келтиришни маслаҳат беришди. Баҳоли қудрат ҳаракат қилдим, янада янги маълумотлар киритдим, устоз ва унинг қайнотаси билан қилинган суҳбатларни қўшдим, билганларимни баён этдим. Китоб тайёр бўлди, аммо нашр этилиши чўзилиб кетди.Жорий йилда рисолани қайта ишлаб, чоп этишга қарор қилдим. Қароримни раҳматли устозимнинг жуфти ҳалоли Назира ас-Салом қўллаб –қувватлади.

Рисола раҳматли устозимиз Исмоил Тўхтамишев раҳбарлигидаги “Соҳибқирон юлдузи” журналининг 2015 йилнинг 2-ва 3-сонларида тўлиқ нашр этилган.

Албатта бу тадқиқот ҳам эмас. У менинг хотираларим, устоз ва унинг шеърлари ҳақида қувваи ҳофизам етгунча фикр – мулоҳазаларим, халос. Камчиликлар борлигини инкор этмайман. Беайб Парвардигор. Бунинг учун азиз ўқувчи, сиздан узр сўрайман.

Устоз Сайди Умиров айтганидек, ”Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди ҳақида мунаққидлар, мухлислар, санъаткорлар кўп яхши сўзлар айтишган, ёзишган. Ҳали яна бисёр фикр – мулоҳазалар, таъриф, тавсифлар айтилади, ёзилади, тадқиқотлар яратилади. Зотан, у бунга тўлиқ муносиб, халқнинг дилидан жой олган халқ шоиридир”.

Ушбу асардан парчалар “Огоҳлик ва фидокорлик – мамлакатимиз равнақи калити”мажмуаси (“Ўзбекистон “ нашриёти 2000 йил), Ш.Қораев “Мустақиллик моҳияти” рисоласи( Ғофур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти 2000 йил), ”Фидокор”, ”Нишон тонги”, ”Баркамол авлод”, ”Мўжизавий дунё”, ”Нафосат “, ”Шифо ва зиё” газеталарида эълон қилинган.

“ҚАЛБЛАРДА ҚЎШИҚ БЎЛИБ ЯШАЁТГАН ШОИР”

Мамлакатимиз таълим муассасаларида ҳар йили – 26 апрелда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф хотирасига бағишлаб ўтказиладиган шеърият кечалари учун тавсия қилинадиган сценария.

(Саҳна лолақизғалдоқлар билан безатилган. Саҳна тўрига Муҳаммад Юсуфнинг портрети, деворий газеталар, шеърий мисралар, шиорлар осилган. Шоирнинг ҳаёти ва фаолиятига доир турли фотосуратлар, шеърий тўпламлари, газета ва журналларда чоп этилган шеърлари қўйилган. Саҳна мониторида Муҳаммад Юсуфга бағишланган хужжатли фильм намойиш этилмоқда. Тадбирда меҳмонлар, ўқитувчилар, ўқувчилар таклиф қилинган).

Зал узра “Кўкламойим” қўшиғи янграйди ва саҳнага икки нафар бошловчи кириб келади).

1-Бошловчи:-Ассалому-алайкум, ҳурматли меҳмонлар, азиз устозлар, қадрдон ўқувчилар.

2-Бошловчи:-Ассалому-алайкум бугунги кечамизга ташриф буюрган адабиёт мухлислари, шеърият ихлосмандлари, Муҳаммад Юсуф шеърларининг шинавандалари.

1-Бошловчи:-Халқимизнинг суюкли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кунга бағишланган шеърият кечамизга хуш келибсиз!

2-Бошловчи:– Муҳаммад Юсуф – жонажон ватанини дилдан суйган, ўтли мисралари билан мухлисларини покликка, эзгуликка чорлаган, ўзбек адабиётининг булбулзабон шоири эди. Агар у ҳаёт бўлганида бугун кўнглимизга ўзининг ҳароратли сатрлари билан ҳузур бахш этган бўлармиди?

2-Бошловчи:-Шоир, 47 ёшида дорилфанодан дорулбақога сайр қилиб, яқинларини ва минглаб муҳлисларини йиғлатиб, бир умрга оғир жудолик ўтига ташлаб кетди.

1-Бошловчи:-

 
Бир арслони ўтди Ўзбекнинг,
Оҳи кўкка етди Ўзбекнинг,
Қуёш йиғла, осмон аза тут,
Муҳаммади кетди Ўзбекнинг.
 

2-Бошловчи:-

 
Баланд кетди, шонига кетди.
Жаннатнинг айвонига кетди.
Турк юкини елкалашай деб,
Яссавийнинг ёнига кетди…
 
 (Ҳ.Худойбердиева)

(Мониторда Муҳаммад Юсуфнинг ҳаёти ва фаолиятига доир маьлумотлар пайдо бўлади, “Ака Шариф Тошкентда” бадиий фильмидаги шоир ўйнаган лавҳа намойиш қилинади ҳамда шоирнинг фотосуратлари слайд орқали кўрсатилади.)

Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф 1954-йил 26– апрелда Андижон вилоятининг Марҳамат туманидаги Қовунчи қишлоғида оддий заҳматкаш одамлар оиласида таваллуд топди.

Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Республика Рус тили ва адабиёти институтини 1978-йилда тамомлади. Унинг дастлабки шеьрларидан намуналар 1976-йилда “Ўзбекистон адабиёти ва саньати” ҳафталиги саҳифаларида чоп этилди.

1978-1980-йилларда Республика ”Китобсеварлар” жамиятида, 1980-1986-йилларда “Тошкент оқшоми”газетасида , 1986-1992-йилларда эса Ғофур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида, 1992-1995-йилларда “Ўзбекистон овози” газетасида, Ўзбекистон миллий ахборот агетлиги (ЎзА)да хизмат қилди. 1997-йилдан эътиборан шоир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари этиб тайинланди.

Шеьрий тўпламлари: ”Таниш тераклар”(Биринчи шеърий тўплами)(1985), ”Булбулга бир гапим бор”(1987), ”Илтижо”(1988), ”Уйқудаги қиз”(1989), ”Ҳалима энам аллалари”(1989), ”Ишқ кемаси”(1990), ”Кўнглимда бир ёр”(1990), ”Бевафо кўп экан”(1991), ”Ёлғончи ёр”, ”Эрка кийик”(1992), ”Осмонимга олиб кетаман”.

Достонлари :”Осмоннинг охири”, ”Қора қуёш”.

Муҳаммад Юсуфга 1989-йилда “Уйқудаги қиз”номли шеърий тўплами учун Республика Ёшлар мукофоти, 1998-йилда юксак ижодий ютуқлари учун “Ўзбекистон Халқ шоири” унвони берилди.

Муҳаммад Юсуф 2001-йилнинг 31-июлида Қорақалпоғистоннинг Элликқальа туманида ижодий сафар чоғида юзлаб мухлислари қаршисида шеьр ўқиётган пайтида юрак хуружидан вафот этди. Худди Бобурдек, Шавкат Раҳмондек Муҳаммад Юсуф ҳам бор йўғи 47-йил умр кўрди. Бироқ бу умр бир дилбар шоирнинг туғулиши, камол топиши, ўзи вояга етказган юрт ва миллатга самимий ва ихлос ила хизмат қилиб, ортидан яхши ном қолдириши учун кифоя қилди…

 
Ўзи ўлса ўлар,
Сўзи ўлмайди,
Ҳамиша барҳаёт насл-шоирлар.
Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди-
Юракка кўмилар асл шоирлар…
 

1-Бошловчи:– Дарҳақиқат , ҳақиқий шоир ерга эмас, кўнгилга кўмилади ва мангуликка муҳрланади.

 
…Юракларда юрмагини
Оҳ, олдиндан билган қуш,
Ҳар ўзбекнинг юраги
Ўзиники қилган қуш…
 

(Муҳаммад Юсуф замондошлари: Шоирлар, олимлар, санъаткорлар хотирасида).

(саҳнага 5 нафар ўқувчи чиқади.)

1-Ўқувчи:-Муҳаммад Юсуф деган шоир шеъриятга қандай кириб келганини адабиётимиз сезмай қолди. Аммо у тезда ҳаммани ҳайрон қолдириб ,барчанинг оғзига тушиб кетди. Унинг ижоди ҳақида гап кетганда, кўпинча оммабоп ва машҳур қўшиқларини тилга оладилар.

Муҳаммад Юсуф қўшиқлари билан эмас, аввало халқ дардини баралла айтган, юрт муҳаббатини ҳеч кимга ўхшамаган мисраларда таърифлаган шеърлари билан танилди, шуҳрат қозонди.

Одамлар унинг шеърлари ҳаяжонсиз ўқимайдиган, китобларини дўконлардан қидириб юрадиган бўлдилар, ҳозир ҳам шундай.

Муҳаммаджон камдан-кам туғиладиган истеъдод эгаси бўлиш билан бирга, камдан-кам шоирда учрайдиган хислат эгаси-шуҳратдан қочадиган камсуқум инсон эди. У шуҳратнинг эмас,шуҳрат унинг ортидан қувиб юради, – деб ёзган эди Президентимиз ибораси билан айтганда, “маънавий жасорат соҳиби” Озод Шарифиддинов.

2-Ўқувчи:-Муҳаммад Юсуф покиза инсон эди. У одамларнинг эсини оғдирадиган, ўйлаган, кулдирган, йиғлатган, топган-тутганини одамлар устига сочган сахийлик тимсоли эди.

3-Ўқувчи:-Муҳаммад Юсуфни мен таниқли ёзувчи Назир Сафаров орқали таниганман.Муҳаммаджон Назир ака хонадонида турар,ёшгина ўсмир йигитчанинг пойтахтдаги илк қадамлари мана шу остонадан бошланган, бу уйдаги адабий муҳит бўлажак шоирга катта мактаб бўлган эди , – дея ёзганди Эркин Воҳидов, – Бу озғингина,истараси иссиқ,қорачагина йигитча бир кўришдаёқ мени ўзига тортган эди.Шу ўринда бир нарсани таькидламоқчиманки, инсон умрининг охиригача илм ўрганади, ҳаёт дарсини ўрганади. Аммо шеьр ёзиш илми шундай илмки, уни ўрганиб бўлмайди.У туғма бўлиши керак. Муҳаммаджон туғма истеъдод соҳиби эди. У бу истеъдодни ривожлантирди, ўзига талабчан бўлди.

4-Ўқувчи:-…У обрў талашмас, иззатни сўроқлаб югуриб юришдан ор қиларди. Худди шундай инсонгина яхши ижодкор бўлиши табиий ва қонунийдир. Шу каби юксак фазилатлари туфайли Муҳаммад Юсуфни халқимиз ардоқлади. Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов оталарча меҳр кўргазди. Унинг хизматларини давлатимиз муносиб баҳолади,– деб таъкидлайди Ўзбекистон қаҳрамони Абдулла Орипов, -Муҳаммад Юсуф қисқа умр кечирди.Ундан чинакам бетакрор ижодий мерос қолди. Ҳақиқий маънодаги барҳаётлик, завол билмаслик Муҳаммад Юсуф ижодига тааллуқли.

5-Ўқувчи:– Саксон фоиз қўшиқларимнинг муаллифи Муҳаммад Юсуф эди. ”Муҳаббат йўқ экан дунёда…”деган қўшиғимдан бошлаб у киши билан ҳамкорлик қилганмиз. Акаукадек қадрдон эдик. ”Онам йиғлар…”қўшиғининг мусиқасини яратишда ҳам, қандай қилиб айтишимгача ўзи устида ўтирган эди. Унинг ёзганлари кўпинча менинг овозимга мос келарди. Шеърлар халқона эди, оҳангини ўзи билан ёзарди, – хотирлайди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғиёс Бойтоев, – Кўпинча, у ўзи менга шеърлар илинарди, гоҳида мен Муҳаммад акани тинч қўймасдим, шундай шеър ёзиб беринг,деб мавзуни айтардим.

Шундай одам ўтиб кетганига ишонмайман. Худди шундай, уйғонсам, Муҳаммад акани кўрадигандай, карахтман.

(Саҳнада хонанда Ғиёс Бойтоевнинг Муҳаммад Юсуф, Нуриддин Ҳайдаров, Охунжон Маъдалиев, Муҳриддин Холиқов хотирасига бағишланган қўшиғи янграйди)

2-Бошловчи:– Муҳаммад Юсуфни ана шундай гўзал инсоний фазилатлари билан замондошлари , устозлари , дўстлари, яқинлари, фарзандлари хотирасида гавдаланади, миллионлаб мухлисларининг қалбида эса шеърий мисралари қўшиқ бўлиб янграйверади.

(Муҳаммад Юсуф қаламига мансуб “Қизғалдоқ” қўшиғи янграйди. Қўлларига лолақизғалдоқлар, гулдасталар, ўзлари чизган шоир портретлари, шоир сурати солиб тикилган кашталар кўтарган ўқувчилар саҳнага чиқиб, шоир портрети олдига гулдасталар қўядилар. Муҳаммад Юсуф хотирасига атаб ёзилган замондош шоирлар шеърларидан, ўз ижодларидан намуналар ўқийдилар)

1-Бошловчи:-

 
Ол, дея бир кун Эгам, осмонга учса руҳларим,
Бир ажиб мовий диёр бўйнини қучса руҳларим
Кўк бўлсам кўксим бўлур, юлдузлари – андуҳларим,
Гул ўпиб, гул ёпиниб ҳар дилда мозорим қолур,
Мен кетарман бир куни, наволари,зорим қолур…
 
(М.Юсуф)

2-Бошловчи:– Муҳаммад Юсуф қисқа умр кўрган бўлсада, ундан улкан маънавий мерос қолди. Шоирнинг ўнга яқин шеърий тўпламларига жамланган шеьрлари бугун кенг китобхонлар қалбида ”наво” бўлиб янграмоқда. Шоир шеърлари қайси мавзуда ёзилган бўлмасин, киши ҳаётига инсоний мазмун бахш этадиган инжа туйғулар, аввало,меҳр ва муҳаббатни тараннум этади. Айниқса,она юртдан туйган меҳри худди сингилнинг, онанинг меҳридек илиқ, у бир ака бўлиб, бир ўғил бўлиб бу меҳрга жавоб берди.

1-Бошловчи;

 
 Ҳа, Муҳаммад Юсуф;
Ватанни бир фарзанд суйса, сиздек суйсин,
Юрт ўтмишин ўйлаганда куйиб жони.
Ўз халқининг иқболи деб сиздек куйсин,
“Халқ бўл, элим”,-дея юртнинг мард ўғлони.
 

(Саҳнага 2-3 нафар ўқувчи чиқиб, шоирнинг “Юртим адо бўлмас армонларинг бор”, ”Халқ бўл,элим”, ”Чаманистоним” шеърларини ифодали қилиб ёддан айтадилар).

1-Ўқувчи:-

 
Юртим, адо бўлмас армонларинг бор,
Тошларни йиғлатган достонларинг бор,
Ўтмишингни ўйлаб оғрийди жоним ,
Кўксинг тўла шаҳид ўғлонларинг бор…*
 

2-Ўқувчи:-

 
                             Халқ бўл, элим
Қадим юртга қайтсин қадим наволарим,
Қумлар босиб қуримасин дарёларим.
Алпомишга алла айтган момоларим,
Руҳини шод этай десанг, халқ бўл,элим!…*
 

3-Ўқувчи:-

 
    Чаманистоним
    Она юртим Ўзбекистоним,
    Пойларинга садқа бу жоним.
    Дунёлари ичра бир дунё,
    Ўхшаши йўқ чаманистоним.
    Юрагимда бир орзу, ҳавас
    Сенга содиқ ўғил бўлсам бас!…*
 

(Саҳнага 2-нафар ўқувчи чиқади. ”Ватаним”қўшиғини мусиқа жўрлигида ижро этадилар).

 
                    Ватаним
Мен дунёни нима қилдим,
Ўзинг ёруғ жаҳоним,
Ўзим хоқон,ўзим султон,
Сен тахти сулаймоним.
 
 
Ёлғизим ягонам дейми,
Топинган кошонам дейми,
Ўзинг менинг улуғлардан
Улуғимсан, Ватаним*
 

1-Бошловчи:– Шоир агар шу улуғ юрт “Ўғлим”, дея унга муштоқ бўлса, ҳар қандай мушкулот қаршисига чиққиси, келгуси падаркушлардан келажак Улуғбекларини пана қилиб қучгиси келади.

(Саҳнага 2 нафар ўқувчи чиқиб, М.Юсуфнинг “Самарқанд ”шеъри асосида яратилган қўшиқни мусиқа жўрлигида ижро этадилар).

Самарқанд
 
Самарқандга борсам мен агар,
Улуғбекни кўриб қайтаман.
У қон йиғлаб турар ҳар сафар:
Мен дардимнм кимга айтаман… *
 

2-Бошловчи:-

 
“Оҳ,менинг ортимдан оввора онам”,-
Ҳофиз куйлаганда кўзда ёш қалқар.
Ота, дея армон билан юрганларга ,
Ота бўлиб бугун юртда қуёш балқар.
 

(2 нафар ўқувчи ”Ота” ва ”Онамга”шеьрларини ифодали ўқийдилар).

3-Ўқувчи:-

Ота
 
Армоним бор, бу дунёда армоним бор,
Қоқ далада ўтлар ўсган ўрмоним бор,
Қизғалдоқдай бошим эгик бу маконда,
Ёшин яшаб ўтган отажоним бор…*
 

4-Ўқувчи:-

Онамга
 
Оҳ,менинг ортимдан оввора онам,
Бир парча юраги минг пора онам.
Ҳар балони кўриб ёруғ дунёда,
Тошканни кўрмаган бечора онам.
Боланг бўлиб бир бор бошлаб келдимми,
Энди мен ҳам сенга ўғил бўлдимми?..*
 

(“Бешинчи ўғил” қўшиғига 6-7 нафар ўқувчи ижросида саҳнавий кўриниш намойиш этилади.)

Бешинчи ўғил
 
Етмиш юлдуз ёғилиб,
Ярим ойча тўлолмас,
Етти янга йиғилиб,
Битта она бўлолмас,
Она тирик эшикка,
Ғурбат яқин йўлолмас,
Менинг эса, бағрим қон,
Вайронаман, онажон..*
 

2-Бошловчи:– Шоир шеърлари содда, равон халқ оғзаки ижодига ҳамоҳанглиги билан қалбимиз туридан жой олган.

Айниқса, шоирнинг “Ўзбек”, “Белбоғ”, “Ўзбекман”, “Ўзбекмомо”, “Ўзбекнинг аёллари”, “Онам йиғлар”, “Оқ тулпор”, “Кўнглимда бир ёр”, “Биз бахтли бўламиз”, “Ёлғончи ёр”, “Юр, муҳаббат”, “Қизлар қўшиғи”, “Бор бўлсин”, “Меҳр қолур”, “Йиғлаб туринг” каби ўнлаб шеърларининг мазмуни ва дилтортар оҳангдорлиги тингловчисини сеҳрлаб қўяди.

(4 нафар ўқувчилар саҳнага чиқиб, шоир шеърларидан ёд айтадилар, мусиқа жўрлигида “Оқ тулпор”, “Меҳр қолур”, “Биз бахтли бўламиз”, “Кўнглимда бир ёр “ қўшиқларини ижро этадилар.)

1-Ўқувчи:-

 
Ўзбекнинг аёллари
                          Ухламайди тунлари,
                          Ой нурлари таралган.
                          Ўзбекнинг хотинлари,
                          Фарзанд учун яралган.*
 

2-Ўқувчи:-

 
Бор бўлсин.
 Қизи бор уйнинг файзи бўлак дейдилар.
 Жаннат йўли-қиз бор йўлак дейдилар.
 Ўнгиримда ўғлим йўқ деб ўксиманг
 
 
 Тоғ бўлмаса , қир ҳам тиргак дейдилар.
 Элнинг бахти ботирларга ёр бўлсин.
 Оминалар, Холидалар бор булсин!..*
 

3-Ўқувчи:-

 
Биз бахтли бўламиз
 Майлида кимгадир
 Ёқса,
 Ёқмаса,
 Уларга қўшилиб
 Йиғлашармидек.
 Биз бахтли бўламиз
 Худо хоҳласа,
 Худо хоҳламаса,
 Учрашармидек…*
 

4-Ўқувчи:-

 
Меҳр қолур
 Ўтар қанча йиллар тўзони,
 Юлдузлар-кўз ёши самони.
 Ўтар инсон яхши ёмони,
 Меҳр қолур, Муҳаббат қолур.*
 

(Мониторда Муҳаммад Юсуфнинг шеър ўқиётган сиймоси гавдаланади)

1-Бошловчи:– Муҳаммад Юсуфнинг ўзи бугун орамизда йўқ. Аммо Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Саид Аҳмад айтганидек, Мухаммад Юсуф деб аталмиш Шеърият бор. Шоир мухлислари қалбида қўшиқ бўлиб яшайди. Муҳаммад Юсуфнинг “Туғилмаган қўшиқлари” шоирнинг рафиқаси Назира Ас-Салом, қизлари Маъсуда, Нозима, Мадиналар тимсолида, юртимизда улғаяётган ёш Муҳаммадлар қаламида яратилмоқда . –

2-Бошловчи:-

 
Ўзбекистон юксалтир ёдни,
Ганч, хазина, тупроқ қатлари.
Кўтармоққа қодир авлодни,
Ухлаб ётган Муҳаммадлари.
 
(Ҳалима Худойбердиева) .

1-Бошловчи:-Муҳаммад Юсуфдек дилбар шоирни улғайтирган она юртимиз Ўзбекистон бағри ҳали не-не буюк инсонларга бешик бўлади.Шоир таькидлаганидек :

 
…Бешикларга тўлиб кетсин Ўзбеклар,
Тили чиқмай кўзи чақнар ҳур Ўзбеклар-
Давлатбеклар, Эътиқотдек, Иймонбеклар,
Бобожон, деб соқолларинг силаб турсин.
 

2-Бошловчи:– Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!

1-Бошловчи:– Муҳаммад Юсуфнинг руҳи барчамизга мададкор бўлсин. (Сценарий Қашқадарё вилоят Нишон туман 35 – Давлат ихтисослашган умумтаълим мактаби ўқитувчилари Насиба Халилова ҳамда Рўзимамат Чориевлар билан ҳамкорликда тайёрланди).

Эслатма: * белгиси қўйилган шеърлар тўлиқ ўқилади


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6
  • 0 Оценок: 0


Популярные книги за неделю


Рекомендации