Текст книги "МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ"
Автор книги: ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 2 (всего у книги 26 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]
– Жаноблар, биз турли мамлакатлардан келиб шу жойда тўпландик. Сизларнинг ҳар бирингиз ўз миллатингиз, ўз мамлакатингиз вакилисиз. Фақат менгина битта халқнинг, битта мамлакатнинг вакили эмасман. Мен барча халқларнинг, барча мамлакатларнинг ва умумшеъриятнинг вакилиман. Ҳа, мен – шеъриятман. Мен – қуёшман, бутун сайёрага нур таратувчи. Мен – ёмғирман, она замин ташналигини қондирувчи, унда қайси миллат яшаётганига эътибор ҳам бермайман. Мен – дарахтман, Ер шарининг ҳамма жойида бир хил гуллайдиган.
У шундай деди ва минбардан тушди. Кўпчилик уни олқишлади. Мен ўйга толдим. Чиндан ҳам у ҳақ, биз шоирлар бутун дунёга жавобгармиз, аммо ўз тоғликлари номидан гапира олмаган одам, бутун дунё номидан гапира оладими? Назаримда, у ўзи туғилган юртдан кетиб ўзга мамлакатда уйланган ва қайнонасини она деган одамга ўхшайди. Тўғри, ҳамма қайнонасини ҳурмат қилиши керак, лекин бари бир она она-да!
Агар сендан кимлигингни сўрашса, барча маълумотларинг ёзилган паспортингни кўрсатишинг мумкин. Агар халқдан кимлигини сўрашса, у шундай ҳужжат ўрнига ўзининг олимини, шоирини, рассомини, бастакорини, сиёсий арбобини, саркардасини кўрсатади.
Ҳар бир одам болалигидан ўз халқининг вакили бўлиш учун дунёга келганини билиши ва шу вазифани зиммасига олишга ўзини тайёрлаши керак.
Одамга исм, бўрк ва қурол берилади, чақалоқлигидан бошлаб унга алла айтиб она тилига, ўз юртига меҳр сингдирилади.
Мени тақдир қайси жойларга олиб бормасин, туғилган юртимнинг, тоғларнинг, отни эгарлашга ўргатган овулнинг вакили эканимни унутмайман ва ўзимни ўша жойларда Доғистоннинг махсус мухбири сифатида сезаман.
Доғистонимга эса, умуминсоний маданиятнинг махсус мухбири, бутун мамлакатнинг, бутун дунёнинг вакили сифатида қайтаман.
Она юртим ҳақда ҳали очунга,
Ўзим хоҳлагандай куйлай олмадим.
Эга бўлсам ҳамки тўла хуржунга,
Ундаги борини тўкиб солмадим.
Она тилимдаги янгроқ қўшиқни,
Жаҳон узра мағрур бошлай олмадим.
Елкамга ортилган зил-замбил юкни,
Хавотирдан ерга ташлай олмадим.
Уйимиз томида давра қурамиз ва овулдошларим мендан сўрашади:
– Узоқ элларда ўзимизнинг одамларни учратмадингми?
– Ўзга юртларда зерикмадингми, овулимизни соғиндингми?
– Ўзга мамлакатларда бизнинг борлигимизни, шу заминда яшаётганимизни билишадими?
Мен уларга жавоб бераман:
– Улар биз ҳақимизда қаёқдан ҳам биларди, агар биз ўзимизни ҳали тўла билмаган бўлсак. Биз миллион кишимиз. Доғистоннинг тошлоқ тоғлари орасидамиз. Миллион киши ва қирқдан зиёд тил…
– Биз ҳақимизда мана сен гапир, ўзимизга ҳам, ўзгаларга ҳам, дунёда яшаётган барча одамларга ҳам. Неча асрлар бизнинг тарихимизни аждодларимиз ханжар ва қиличлар билан ёзишди. Энди одамлар қоғоз-қаламни ўйлаб топишди. Агар сен Цада овулида туғилиб, ханжар ва қиличларда ёзилган тарихимизни қалам билан қоғозга ўтказмасанг, бу ишни сен учун бошқа одам қилмайди.
Сара фикрларингни уюр қил, ундаги отлар чопқирликда бири-биридан қолишмасин. Кейин бу уюрни оппоқ қоғоз яйловига эркин қўйиб юбор. Майли, фикрларинг оппоқ қоғоз узра яйраб учсинлар, худди бир нарсадан ҳурккан отлар ёки тоғ такалари каби.
Фикрларингни яширма. Агар яширсанг, кейин қаерга қўйганингни унутиб қўясан. Баъзан хасислар пулини қаерга бекитганини унутиб қўйишади ва хасисликлари туфайли бор-будидан айрилишади.
Аммо фикрингни ўзгаларга ҳам берма, оғзингдаги гапингни олдириб қўйма. Қимматбаҳо созни болага қўғирчоқ ўрнига беришмайди. Бола созни ё синдиради, ё бирон жойини шикастлайди, ё уни йўқотади.
Ҳар ким ўз отининг феълини бошқаларга нисбатан яхшироқ билади.
ОТАМ СЎҚМОҒИ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ. Бизнинг кичкинагина Цада овулимизни ундан каттароқ бўлган Хунзах овулига туташтирувчи автомобиллар қатнайдиган йўл бор. Хунзахда туман маркази жойлашган. Отам Хунзахга ҳар куни ишга ҳамма юрадиган йўлдан эмас, ўз сўқмоғидан қатнаган. У белгилаб олмаса ҳам эрталаб ва кечқурун бир жойдан юравериб текис сўқмоққа айлантирган.
Отам ўз сўқмоғидан ажойиб гулларни терарди ва улардан ажойиб гулдасталар тузарди.
Қишда эса сўқмоғининг ўнг ва чап томонларига қордан одамларнинг, чавандозларнинг, отларнинг кичик-кичик ҳайкалчаларини ясаб кетарди. Цада ва Хунзах овулидаги одамлар бу сўқмоқдан ўтаётганда ҳайкалчаларни томоша қилиб завқланишарди.
Отам ясаган гулдасталар аллақачон қуриб тўкилди, отам қордан ясаган ҳайкалчалар аллақачон эриб кетди. Лекин Доғистоннинг гуллари, тоғликларнинг тимсоллари отам шеърларида ҳамон яшаяпти.
Ўсмир чоғларим, ҳали отам бошимда посбоним эди. Хунзахга борадиган бўлдим. Мен катта йўлдан бурилиб, отамнинг сўқмоғидан юргим келди. Кекса тоғлик мени кўриб тўхтатди:
– Отангнинг сўқмоғи отангга буюрсин. Сен ўз сўқмоғингни изла.
Мен кекса тоғликнинг насиҳатига қулоқ тутиб, ўзим учун янги сўқмоқ изладим. Мен танлаган қўшиқ сўқмоғи олис, эгри-бугри бўлса ҳам ҳамон ўшанда кетаяпман, ўзимнинг гулдастам учун гуллар тераяпман.
Ушбу китобни ёзиш ғояси ҳам илк бор айнан шу сўқмоқдан кетаётган вақтимда туғилган.
Ўшанда нимаики ўйлаган бўлсам хотирамга муҳрланиб қолди. Энди улар албатта дунёга келади. Худди она қорнидаги ҳомила аввал юздаги тер бўлиб сизгандай, кейин оғриқ бериб туғилгандай. Бу ҳолат китоб ёзишда ҳам бошдан кечади.
Аммо болага исмни у дунёга келмасдан аввал ҳам танлаш мумкин. Мен китобимни қандай номласам экан? Унга номни гулларнинг номидан олсаммикан, ёки юлдузларникидан, ёки доноларнинг ҳикматли китобларини ўқиб унга ном изласаммикан?
Йўқ, мен отимни ўзганинг эгари билан эгарламайман. Четдан олинган ном, эҳтимол, лақаб бўлар, лекин ҳеч қачон ҳақиқий ном бўла олмайди.
Шундайку-я, лекин китобнинг номи унинг мазмунидан, нималар ёзилганидан ва мақсад-муддаосидан келиб чиқиши керак. Ахир, бўркни бошга қараб танланади, аксинча эмас. Торнинг узунлиги пандурнинг узунлигига қараб олинади.
Менинг овулим, менинг тоғларим, менинг Доғистоним. Мана шулар менинг ўйларим, менинг туйғуларим ва менинг мақсадимнинг ошёни. Қанотларим қотган вақтида ўзим ҳам шу ошёндан парвоз қилганман. Барча қўшиқларим шу ошёндан учган. Доғистон – менинг ошёним. Доғистон – менинг бешигим.
Шундай экан, нега ўйланишим керак? Тоғликлар кўпинча ўғлига бобосининг исмини қўйишади. Китоб менинг фарзандим, мен эса Доғистоннинг ўғлиман. Демак, унинг номи – «Доғистон». Ҳа, бу жуда мос, жуда гўзал ва нишонга жуда аниқ тегадиган ном.
Элчининг қайси мамлакатдан эканлигини унинг машинасидаги байроғига қараб билишади. Менинг китобим – менинг давлатим. Унинг номи эса байроғи.
Ёзаётган вақтда одамнинг фикрлари ҳар бир саҳифада, ҳар бир сатрда ва ҳатто ҳар бир сўзда баҳс-мунозарага киришади. Менинг фикрларим ҳам худди қандайдир халқаро анжумандаги вазирларга ўхшаб кун тартиби бўйича ўзаро сўз жанггига киришгандай китобнинг номи юзасидан баҳс-мунозарага киришади. Менинг фикрларим ҳам худди қандайдир халқаро анжумандаги вазирларга ўхшаб кун тартиби бўйича ўзаро сўз жанггига киришгандай китобнинг номи юзасидан баҳс-мунозара бошлашди.
Шундай қилиб, битта вазир бўлажак китобни «Доғистон» деб номлаш таклифини киритди. Иккинчи вазирга бу таклиф ёқмади. У минбарга қоғозларини қўяр экан, ўз эътирозларини билдирди.
– Бўлмайди, тўғри келмайди. Қандай қилиб кичкинагина китобни каттакон мамлакат номи билан аташ мумкин? Болага отасининг бўркини кийдиришмайди. Ахир, бола бўркнинг тагида қолиб кетади.
– Нега бўлмас экан? – дея баҳсга киришди таклиф киритган вазир. – Ой осмонда сузиб ўтаётган вақтда денгизда ҳам, жилғада ҳам акс этади. Биз бу аксни ой деб атаймиз, бошқа номда эмас. Нима учун Доғистон акси бўлган бу китобга бошқа ном излашимиз керак? Тўғри, бир эртакда тулки ойнинг сувдаги аксини бўрига бир бўлак думба деб айтган ва бўри бу сўзга ишониб ўзини сувга ташлаган. Аммо тулкининг айёрлиги ва ёлғончилиги ҳаммамизга маълум.
– Бўлмайди, тўғри келмайди, – ўз фикрида қаттиқ туриб олди иккинчи вазир. – Доғистон – бу аввало географик тушунча. Яъни тоғлар, дарёлар, даралар, булоқлар ва ҳатто денгиз. Менга «Доғистон» деб айтишлари билан кўз олдимга географик карта келади.
– Э, йўқ! – деб аралашаман мен. – Менинг юрагим Доғистон меҳри билан лиммо-лим, лекин у географик карта эмас. Менинг Доғистонимда географик ва бошқа чегаралар ҳам йўқ. Менинг Доғистонимда йиллар кетидан йил, асрлар кетидан аср келиши аниқ бўлган қатъий мезон ҳам йўқ. Менинг китобим, агар уни ёзсам Доғистон ҳақидаги ҳеч бир дарсликка ўхшамайди. Хаёл кенгликларимда асрлар қўшилиб кетади, кейин мен улардан энг муҳим тарихий воқеани, халқимизга хос энг муҳим хислатни, Доғистонга хос энг муҳим сўзни оламан.
Тўғри, барча доғистонликлар учун Доғистон битта, ягона. Лекин ҳар бир доғистонликнинг қалбида ўз Доғистони бор.
Менинг ҳам ўз Доғистоним бор. Менгина уни шундай кўраман, менгина уни шундай тасаввур қиламан. Доғистонимда шунча йил яшаб нимаики кўрган, билган бўлсам, менгача яшаган ва мен билан замондош доғистонликлар, қўшиқлар ва дарёлар, ҳикматлар ва қоялар, осмонда учган бургутлар ва отнинг туёғидан тушиб қолган тақалар, тоғ сўқмоқлари ва ҳатто дарадаги акс садолар қалбимда ўз Доғистонимни пайдо қилишди.
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Кисловодск. Хонада икки кишимиз. Мен ва ўзбек. Бизга деразадан тонг ва шом пайтида Эльбруснинг икки чўққиси яққол кўзга ташланади.
Мен бу икки чўққини сочи олинган ва жангларда бошидан яраланиб, жароҳатини дока билан боғлаб олган Шомилнинг қўрқмас икки муридига ўхшатдим.
Шу вақтда хонадошим чўққига қараб туриб, менга сўз қотди:
– Бу икки ўркачли чўққи менга Бухородаги оппоқ соч-соқолли нуронийни эсимга солди. Гўё у қўлида бир лаган ош кўтариб келаётиб, тонгда водий гўзаллигини кўриб ҳайратланиб қотиб қолган.
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Калькуттада буюк Робиндранат Тагор уй музейида қуш расмини кўргандим. Бундай қуш дунёда йўқ ва ҳеч қачон бўлмаган. Лекин шундай қуш Тагорнинг тасаввурида пайдо бўлган, қалбида яшаган. Албатта, Тагор дунёдаги бошқа қушларни ҳеч қачон кўрмаганида, бундай мўъжизавий қуш суратини чиза олмасди.
Менинг қалбимдаги шундай мўъжизавий қуш – бу менинг Доғистоним. Шунинг учун китобимни аниқ қилиб, «Менинг Доғистоним» деб номлашим керак. Бу билан Доғистон менгагина тегишли демоқчи эмасман, балки Доғистон ҳақидаги тасаввурларим бошқаларнинг Доғистон ҳақидаги тасаввурларидан фарқ қилади демоқчиман холос.
ХУЛЛАС, қарорим қатъий. Китобимнинг муқовасига «Менинг Доғистоним» сўзлари ёзилади.
Қароримни эшитиб, вазирлар анжумани бир муддат сукут сақлади, ҳеч ким эътироз билдирмади. Бирдан шу вақтгача жим ўтирган вазир турди ва минбар сари йўл олди.
– Менинг Доғистоним. Менинг тоғларим. Менинг дарёларим. Нима ҳам дер эдик, ёмон эмас. Талабалар ётоқхонасида ёшлик даврида яшаш яхши. Кейинчалик одамнинг ўз уйи, ўз ҳовлиси бўлиши керак. Аммо «менинг уйим» дейиш билан иш тугамайди, бу уйнинг ўчоғида ўт ёниб туриши зарур. «Менинг бешигим» деган сўз ҳам ҳеч нарсани англатмайди, аввало бу бешикда чақалоқ ётиши керак. «Менинг Доғистоним» деб ёзгандан кейин унда Доғистон тақдири, бугунги куни бўлиши шарт. Доғистонлик машҳур шоир Сулаймон Стальскийнинг ҳикматли мисралари ҳаммамизга маълум. Мен ҳозир айтмоқчи бўлган гапни ҳам у илгарироқ шеърларида ёзиб қўйган. У шундай деб ёзганди: «Мен фақат лезгин, Доғистон, Кавказ шоири эмасман. Мен – ўз давримнинг шоириман. Мен шу катта мамлакат эгасиман». Ҳа, оппоқ соч-соқолли Сулаймон шундай деб айтган. Сен эса бизга битта фикрни таъкидлаяпсан: «Менинг овулим, менинг тоғларим, менинг Доғистоним». Бу гапларингдан кейин мен учун дунё Доғистондан бошланиб, Доғистонда тугайди деб ўйлаш мумкин. Дунё Кремлдан бошланмайдими? Сенинг қўйган номингда мен шуни кўрмаяпман. Сен кўкрак қафаси яратгансану, унинг ичига юрак қўйишни унутгансан. Сен кўз яратгансану, унга кўриш сезгисини беришни унутгансан. Кўра олмайдиган кўз узумсиз ток новдасига ўхшайди.
Ёрқин ўхшатишларни айтган учинчи вазир қалин ҳикматли китоблардан иқтибослар кўчирилган қоғозларни қўлтиқлаганча ўз жойи томонга йўналди. У судья ҳукмни ўқиб эшиттиргандан кейин гапиришга ҳожат йўқ, худди шундай мендан кейин бошқаларга айтадиган гап қолмади, дегандай ҳамкасбларига назар ташлади.
Шу пайт минбарга анжуман қатнашчиларидан яна бири отилиб чиқди. У жўшқин, қувноқ ва бошқаларга нисбатан ёшроқ эди. У ўз нутқини шеър ўқишдан бошлади.
Агар одам ўтирса фақат,
Билиб бўлмас у соғми, чўлоқ.
Агар одам уйқуни урса,
Билиб бўлмас қандайдир кўзи?
Агар одам туширса овқат,
Билиб бўлмас у мардми, қўрқоқ.
Агар одам доим жим турса,
Билиб бўлмас, асли ким ўзи?
– Бу билан мен нима демоқчиман? – давом этди у. – Албатта, китобда ғоя бўлгани яхши. Бу ҳақда мендан олдин чиққан нотиқ гапириб ўтди. Лекин ҳаётда шундай ғояпараст одамлар борки, уларнинг ғояга ҳам зарари тегади. Шу ўринда мен сизга Итля овулидан чиққан Михаил тўғрисида сўзлаб бермоқчиман.
Анжуманда сўзлаш учун вақт белгиланмагани учун нотиқ бемалол Михаил ҳақидаги ҳикоясини бошлади.
Хунзах тумани партия қўмитасида Михаил Григорьевич Гусейнов деган отбоқар ишларди. Аслида, унинг номи Михаил эмас, Муҳаммад эди. Фуқаролар уруши даврида у қайгадир кетди ва туғилган овулига Муҳаммад эмас, Михаил бўлиб қайтди. Демак, у Доғистонда берилган исмни ўзгартирди. Кекса отаси янги пайдо бўлган Мишага деди:
– Онанг сенга мотам тутса бўлмасмиди! Гарчи мен сенга Муҳаммад исмини берган бўлсам ҳам, энди у сенинг исминг, исмингга ўзинг хоҳлаганча муносабатда бўлишинг мумкин. Аммо менинг исмимга дахл қилишингга ким рухсат берди? Айт, кўрнамак. Ҳасан исмимни Григорий қилишга ким рухсат берди? Мен сенинг отангман, ҳали ўлганим йўқ! Мен Ҳасан бўлиб ўлишни истайман.
Фуқаролар уруши қатнашчиси қайсар чиқиб қолди. У бари бир Михаил Григорьевич бўлиб қолаверди ва Хунзах туман партия қўмитасида отбоқарлигини қилаверди.
Кунлардан бир куни партия қўмитаси йиғилишида бизнинг ўқитувчимиз Гаджига ҳайфсан берилибди. Маълум бўлишича, у анкета тўлдириш чоғида амакиваччасининг қандайдир қариндоши князь ўтганини ёзмаган экан.
ХУЛЛАС, партия ҳайфсанини олган Гаджи Батлаич овулидан жиғибийрон ҳолда уйига қайтар эди. Йўлда унга партия қўмитаси отбоқари Михаил Григорьевич етиб олди. Ҳол-аҳвол сўрашишди. Гаджи унга дардини дастурхон қилди.
Михаил Григорьевич жиддий қиёфада деди:
– Бу ишинг учун сенга ҳайфсан бериш кам. Сени камида партиядан ҳайдаш керак эди. Ўзи сен қанақа партия аъзосисан? Ҳақиқий партия аъзоси бу ҳақда тегишли жойга ариза ёзарди. Ҳали бу амакиваччангнинг қариндоши экан, туғишган уканг ё синглинг, ё отанг бўлмайдими?
Ўқитувчи бошини кўтариб Михаил Григорьевичга қаради ва деди:
– Бекорга сени ғояпараст дейишмас экан. Сен шу вақтгача Доғистон тоғларини теп-текис қилиб ташламаганингга ҳайрон қолаяпман. Чунки учқур тошли қоялардан кўра теп-текис жой «ғоявийроқ». Айтгандай, сенга ўхшашларга гапиришнинг ўзи бефойда.
Иккаласи бир томонга кетаётган бўлишларига қарамай Гаджи йўлини сўқмоқ томон бурди.
– Қаёққа? – ҳайрон бўлиб сўради Михаил Григорьевич.
– Қаёққа бўлса ҳам майли, лекин сен билан бирга юрмайман.
– Мен ёрқин келажак сари кетаяпман. Сен қарама-қарши томонга юрмассан.
– Ҳатто ёрқин келажакка ҳам сен билан ёнма-ён бормайман. Аммо кўрамиз, ёрқин келажакка қайси биримиз тезроқ етиб борар эканмиз?
Бу воқеани айтиб тугатган нотиқ яна сўзида давом этди:
– Битта шоир чўпон ҳақида шундай шеър ёзибди:
Тоғлар узра тарқади туман,
Бизга манзил кўринди равшан.
Қўйларингни ҳайда, эй чўпон,
Ўша ёрқин келажак томон.
Ёки ғояпараст рашкчи эр туман партия қўмитасига шундай ариза ёзган экан:
«Қанча тушунтирмай, ҳатто жисмонан таъсир кўрсатмай менинг хотиним «Партия тарихининг қисқа курси» китобини етарли даражада ўқимаяпти. Туман партия қўмитасидан хотинимни ғоявий жиҳатдан тарбиялашга ёрдам кўрсатишини сўрайман».
Ёки бир кун Доғистон Ёзувчилар уюшмаси эшигида ваҳимали эълон пайдо бўлди: «Чуқур назарий жиҳатдан тайёрланмасдан туриб, бу эшикдан киришга ҳаққинг йўқ!»
Ўша куни кекса машҳур шоир Абутолиб Ғафуров қандайдир иш билан Ёзувчилар уюшмасига келаётган экан, эълонни ўқиб қайтиб кетибди.
Ёки кўп миллатли Маҳачқалъа шаҳрида турли қабристонлар бор: мусулмонларники, христианларники…
Ҳаддан ташқари, ғояпараст киши республика фаоллари йиғилишида шундай дебди:
– Биз халқлар дўстлиги учун тинмай кураш олиб бораяпмиз, лекин шаҳримизда ҳар бир миллатнинг ўз қабристони бор. Барча учун умумий янги қабристон очиш вақти келди. Унга яхши ном ҳам қўямиз, масалан, «Бир оила болалари». Тўғрисини айтсам, менинг ота-онам диндор бўлишган. Худога ибодат қилишган. 1937 йилдан буён партия аъзоси бўлган мендай одам ота-онам билан битта қабристонда ётишим мумкинми? Шундай экан шаҳримизда юқори ғоявий мазмундаги янги қабристон очишимиз керак.
АЙТИШЛАРИЧА, бу бечора ғояпараст ўзи истаган қабристон очилишини кута-кута вафот этибди.
– Шунинг учун айтаяпман, – дея овозини кўтариброқ гапирди вазир, – китобнинг номи – бу бўрк. Аммо нима муҳим: бошми ёки бўрк? Яхшиси, овчилар қандай қилиб бўри овлагани тўғрисидаги ҳикояни айтиб берай.
ОВЧИНИНГ БОШИ БОРМИДИ? Учта овчи овулга яқин дарага бўри бекинганидан хабар топишди. Улар бўрини топиб, ўлдиришга қарор қилишди. Халқимиз уларнинг бўрини қандай овлагани тўғрисида кўплаб ҳикоялар тўқишган. Болалигимда айтилган бу ҳикоя менинг ёдимда қолган.
Бўри овчилардан қочиб ғорга бекинган. Ғорга бош сиғади-ю, елка сира сиғмайди. Овчилар нима қилишни билмай тошнинг орқасига ўтиб, милтиқларини тўғрилашганча бўрининг ғордан чиқишини кута бошлаган. Албатта, бўри ҳам аҳмоқ эмас, ўзини ўққа тутиб берадиган. Демак, бу ўйинда кутишдан чарчаган томон ютқизади.
Битта овчининг сабри чидамади. У ғорга кириб, бўрини ҳайдаб чиқмоқчи бўлди. У ғорнинг олдига келиб, бошини ичкарига суқди. Шу кўйи қимирламай тураверди: на ичкарига киришга уринади, на бошини чиқаришга. Икки овчи бу ҳолатни кўриб туравериб чарчашди ва яқинлашиб биринчи овчининг гавдасини туртишди. Думалаб тушган гавдага қарашса, унинг боши йўқ эди.
Улар бир-биридан сўрашга тушди: у ғорнинг олдига келмасдан олдин ўзи боши бормиди? Елкасининг устида нимадир бордай эди, деди бири. Унинг илгари ҳам боши йўқ эди, деди иккинчиси.
Бошсиз гавдани овулга олиб келишди, бўлган воқеани гапириб беришди. Бир кекса киши деди: «Агар у бўри бор ғорга бошини суққан экан, демак унинг боши аввалдан бўлмаган. Эҳтимол, унинг боши болалигидан бўлмагандир?» Масалага аниқлик киритиш мақсадида овчилар хотинининг олдига бориб бу ҳақда сўрашибди.
– Мен эримнинг боши бор-йўқлигини қаёқдан биламан? Фақат эсимда қолгани шу: эрим ҳар йили янги бўрк тиктиришга буюртма берарди.
Ғоя сўзда эмас, амалда ҳам бўлиши керак. У муқовада жар солмасдан, китобнинг мазмунига сингиб кетиши лозим. Хуллас, гапнинг охирида айтиладиган сўзни бошида айтиш шарт эмас.
Чақалоқнинг бўйнига бало-қазолардан асрасин деб, тумор осишади. Туморнинг фойдаси тегадими-йўқми, бу бошқа масала. Лекин тумор кўйлак ичида бўлади, уни ҳаммага намойиш қилинмайди.
Ҳар бир китобда шундай тумор бўлиши керак. Уни муаллиф билади, ўқувчилар эса сатрлар аро, яъни кўйлак ичида нималар борлигини тахмин қилади.
Ёки пишириқ тайёрлашда хамирга озгина асал қўшилади. Асал суюқликда эриб ширин маза беради ва хушбўй ҳид таратади. Уларни кўз билан кўриб, қўл билан ушлаб бўлмайди.
Ёки Бомбайда ям-яшил боғ бор. Жазирама иссиқда атрофидаги ўсимликлар сўлса ҳам бу боғ яшнаб тураверади. Маълум бўлишича, боғнинг тагида ер ости кўли бўлиб, дарахтларнинг илдизлари шу кўлнинг сувидан озиқланар экан.
Ғоя бу тоғдаги тошдан-тошга урилиб сачраган сув эмас, у кўзга кўринмасдан тупроқни намлантириб, илдизлари орқали дарахтларни озиқлантирувчи сув.
– Бу нима деганинг? – деганча столни қарсиллатиб уриб ўрнидан туриб кетди ҳикматли китоблардан иқтибослар келтириб нутқ сўзлаган вазир. – Демак, бўркнинг устида нима бўлса ҳам сизларга бари бир: саллами, қизил лентами ёки беш қиррали юлдузми? Сизларга одамнинг кўнгли очиқ бўлса бас, кўкрагига “Қизил Юлдуз” ордени тақадими, бўйнига хоч осадими, бари бир, шундайми? Бир одамнинг ўзи бир вақтнинг ўзида Танус овулилик Ҳасанга ўхшаб Гонох овулида ўқитувчи, Гиничутла овулида ёшлар ташкилоти сардори, Хунзах овулида муллачилик қилиши мумкин экан-да. Китобда ҳам шундай қилиши мумкин демоқчимисизлар? Йўқ, йўқ ва яна йўқ! Ғоя – бу байроқ! Ва уни кўз тушмайдиган жойга қўйиб бўлмайди. Байроқни ҳамиша баланд кўтариб юриш керак, токи одамлар унинг орқасидан эргашсин.
– Агар сенинг гапингни ким инкор этса, майли, унга хотини хиёнат қилсин, – дея гап бошлади яна ўша ёшроқ вазир. – Сен истаяпсанки, байроқ алоҳида жойда турсин, унга қараётганлар алоҳида жойда туришсин. Яъни, сен ғоя юракдан, кўнгилдан бошқа жойда бўлишини истаяпсан. Сен уларни икки аравага ўтқазмоқчисан. Бу аравалар бошқа-бошқа йўллардан кетиб қолишса нима бўлади? Сен айтаяпсанки, одам авар ҳам эмас, доғистонлик ҳам эмас, мамлакат фуқароси бўлса бас. Масалан, мен аварман, доғистонликман, шу билан бирга мамлакат фуқаросиман. Ахир, бу тушунчалар бир-бирини сира инкор этмайди.
Тўғри ҳамма йўллар Кремлдан бошланади. Мен ҳам бу фикрга тўлиқ қўшиламан. Лекин мен учун дунё ўз уйимдан ҳам, уйимнинг остонасидан ҳам, овулимдан ҳам бошланади-да. Кремль ва овул, бахтли келажак ғояси ва она юрт туйғуси, булар – қушнинг икки қаноти, пандурнинг икки тори.
– Ўзи битта оёқда ҳаккалашимиз шартми? Китобга иккинчи ном ўйлаб топайлик, у ичидаги мазмунини ифода қилсин.
Қайга бормай она юртимга ўхшаш жиҳатларни излайман. Ҳиндистонга сафар чоғимда ҳам Доғистон ҳақида ўйладим. Бу мамлакатнинг қадим маданияти ва фалсафаси сирли овозда она юртим ҳақида шивирлади. Менинг бу гапларимга ишонсангиз бўлади, чунки эндиликда дунёнинг ҳамма жойида Доғистон ҳақида эшитиш мумкин. Шундай замонлар ҳам бўлган «Доғистон» сўзи кимсасиз дара ва чўлларда акс садо берган. Эндиликда бу сўз бутун мамлакатда, дунёда жаранглаб, миллионлаб юраклардан жой олди.
Мен Доғистоним ҳақида Непалдаги йигирма иккита шифобахш булоғи бор будда ибодатхонасида ҳам ўйладим. Аммо Непал мисоли сайқалланган олмос, шу боис уни Доғистон билан қиёслай олмайман. Чунки Доғистон олмослари билан эндигина бир неча ойна кесилди.
Мен Доғистоним ҳақида Африкада ҳам ўйладим. У менга чорак қисми қиндан суғурилган ханжарни эслатди. Бошқа мамлакатлар – Канада, Чили, Англия, Испания, Японияда бўлганимда ҳам Доғистоним ҳақида ўйладим, улар ўртасидаги ўхшашлик ва тафовутларни изладим.
Кунлардан бир куни, Хорватия бўйлаб қилган сафарим чоғида Адриатика денгизи соҳилидаги Дубровник шаҳрига бордик ва бу шаҳар мени ҳайратга солди. Бу шаҳардаги уй ва йўлаклар дарадаги қояларни ва тоғ сўқмоқларини эслатарди, ҳар жойда тошли майдончалар бор эди, уйларнинг эшиклари худди ўйилган ғор оғзига ўхшаб кетарди. Ўрта асрларга хос бу уйлар ва ёдгорликлар қаршисида замонавий бинолар қад ростлаганди.
Бутун шаҳар бизнинг Дарбандга ўхшаб тошлар билан ўралганди. Тор йўлакларда деворларни ушлаб, тошли зинапоялардан юрдим. Девор бўйлаб бир хил масофада миноралар қурилганди. Ҳар бир минора тепа қисмида инсон кўзига ўхшаш икки шинак бор эди. Гўё бу миноралар имомнинг муттасил қўриқчилик қиладиган сергак муридларига ўхшарди.
Мен деворга суяниб битта миноранинг шинагидан ичкарига қарамоқчи бўлдим. Йўлакда туристлар тинимсиз қатнашаётгани учун туйнукка яқинлашишга имкон беришмади. Узоқдан шинакларда кўк нарсани кўрдим. Бу кўк нарса туйнук ўлчами бўлиб, катталиги кафтдай келарди.
Бир амаллаб шинакка яқинлашдим, туйнукдан қараб ҳайратланиб қолдим, ташқарида Адриатика денгизи январь қуёши нурларида жилоланарди. Денгиз фақат кўм-кўк эмас, турли рангларда товланарди. Тўлқинлар шовиллаб тош деворга урилар ва яна гумбурлаб орқага қайтарди. Денгизда кемалар сузарди, ҳар бирининг катталиги бизнинг овулимизча келарди.
Мен қанча вақт катта оламни кўриш учун турна қатор туристлар орасида навбатда турдим ва ниҳоят туйнукка яқинлашиб узоқларга қараган пайтимда яна Доғистонимни ўйладим.
Ахир, у ҳам ўз навбатини кутиб турна қаторда турди. Унга ҳам олдида турган бахтиёрнинг баланд елкаси халақит берди. Ва лекин у ўз урф-одатлари, қўшиқлари, маданияти қадриятлари билан кенг оламга йўғрилиб кетди.
Ўтган даврларда турли шоирлар Доғистонни ўзларининг турфа тимсолларига жо этишга ҳаракат қилишди. Маҳмуд ғамга ботиб Доғистон халқларини тоғдаги жилғаларга ўхшатганди. Жилғалар бир-бирлари билан қучоқлашишни исташади-ю ва лекин уларнинг бу орзуси ушалмади. Айтинг, эндиликда Доғистон халқлари битта ўзанга қўшилишмадими, битта гулдастага жамланмадими?!
БАТИРАЙ АЙТГАН: Камбағал пўстинини хилват қора бурчакка улоқтиргандай, Доғистон ҳам тоғлар дарасига ташланган.
Менинг отам Доғистон тарихини ўқиб чиқиб, уни ширакайф улфатлар даврасида вино қуйиб қўлдан-қўлга узатиладиган шохга ўхшатганди.
Мен сенга қандай ўхшатиш топсам экан Доғистоним? Сенинг тарихингни, сенинг тақдирингни ифодалаш учун қандай тимсол топсам экан? Эҳтимол, кейинроқ сенга муносиб тимсол топарман, ҳозирча шундай дейман: «Дунёнинг кенг уммонига очилган мўъжаз дераза». Ёки қисқароқ айтсам: «Кенг уммонга очилган мўъжаз дераза».
Жаноб вазирлар, мана сизга ёзмоқчи бўлаётган китобимнинг иккинчи номи. Менку тушунаман, Доғистонимга қўшни ўлкалар ҳам шундай дейишга ҳақлари бор. Майли, бу номнинг адашлари ҳам бўлсин. Хуллас, мана сизга бўрк – «Менинг Доғистоним», мана сизга бўркдаги юлдуз – «Кенг уммонга очилган мўъжаз дераза».
Энди мен пандурнинг торини созлаб бўлдим. Куй чалишга шайман. Ёки игнанинг кўзидан ипни ўтказиб бўлдим, тикишни бошлашим мумкин.
Қайсидир халқаро анжуманда кун тартибини тасдиқлашгандай, менинг вазирларим ҳам китобнинг номини тасдиқлашди.
БАЪЗАН ШУНДАЙ БЎЛАДИ, ака-ука битта отга мингашиб баҳамжиҳат кетади.
БАЪЗАН ШУНДАЙ БЎЛАДИ, бир йигитнинг ўзи иккита отни етаклаб дарёга сувга олиб боради.
АБУТОЛИБ АЙТГАНДИ: Лев Толстой шляпасига ўхшаш шляпа сотиб олибсан, лекин унинг бошига ўхшаш бошни қаердан оласан?
ДЕЙДИЛАР: Исми яхши, лекин қандай одам бўлиб улғаяр экан?
КИТОБИМНИНГ ШАКЛ-ШАМОЙИЛИ.
УНИ ҚАНДАЙ ЁЗИШИМ КЕРАК?
Қинда тураверса ханжар занглайди,
Уйда ётаверса йигит понглайди.
Ханжардаги ёзувлар.
Игнадан ип ўтказдим,
Тикай қандай сўзана?
Созимни заб созладим,
Чалай қандай тарона?
Гижинглаб турган вафодор отимни яхшилаб тақалатдим. Ўзим отимнинг оёғини кўтариб турдим, тақа мустаҳкам қоқилганини текшириб кўрдим. Отни эгарладим, айилини маҳкам тортдим, орасидан ҳатто бармоқ ўтмайди. Ҳа, отни ҳафсала билан эгарладим.
Отамга ўхшаш нуроний менга далда берди, дуо қилди. Кўзлари чақнаб турган қизча қамчи узатди. Қўшни уйдаги тоғлик келин атайин сув тўла кўзаси билан қаршимдан чиқди. Овул бўйлаб отимни етаклаб кетаётган вақтимда кимни учратсам менга йўл берди ва деди: Оқ йўл!
Овул чеккасидаги уйда яшовчи тоғлик аёл токчага ёниб турган чироқни қўйиб оҳиста деди:
– Бу деразани унутма, ундан таралаётган нурни унутма. Сен қайтиб келмагунча бу чироқ ўчмайди. Узоқ йўлларда, қоронғи тунларда шу чироқ сенинг манзилингни ёритиб туради. Машаққатли сафардан туғилган овулингга қайтиб келаётган вақтингда сенга шу чироқ нурлари биринчи бўлиб кўринади. Сафарда шу деразани ва ундаги нурни ёдингда тут.
Мен туғилган овулимга яна бир бор тўйиб қараш учун ортимга қайрилдим. Уйимиз томида онам турганини кўрдим. У ёлғиз турарди. Овулдан узоқлашганим сайин онам тобора кичрайиб бораверди. Ниҳоят, муюлишда бурилдим, овулимизни тоғ тўсди. Энди атрофга қарамай тоғдан бошқа нарсани кўрмадим.
Олдимда ҳам тоғлар. Биламанки, шу тоғлар ортида кенг дунё бор. Ҳа, олдда мени бошқа овуллар, катта шаҳарлар, улардаги вокзаллар, аэродромлар ва китоблар кутаяпти.
Отимнинг тақаси жонажон Доғистонимнинг тошли сўқмоқларида тақиллайди. Бошим узра мовий осмон, ён-атрофда тоғларнинг оппоқ чўққилари салобат тўккан. Осмондан гоҳ Ой-юлдузлар, гоҳ Қуёш нурлари таралади, гоҳ уни булутлар қоплаб ёмғир қуяди.
Чопма, отим, чопмагин, отим,
Қарамадим ҳали ортимга.
Шунда кечди ширин ҳаётим,
Тўйиб қараб олай юртимга
Чопгин, отим, чопақол, отим,
Йўлга чиққан манзилни кўзлар.
Бошланяпти янги ҳаётим,
Чорлар мени ўзга юрт-дўстлар.
Қаёққа кетаяпман? Мўлжални қайси томонга олайин? Янги китобимни қандай ёзсам экан?
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Доғистонда ҳам ҳозирги ёшлар миллий кийим кийишмайди. Худди Москва, Тошкент, Тбилиси, Душанбе шаҳарларидаги ёшлар каби кўйлакларига мос галстук тақишади, шим, костюм ёки пиджак кийишади.
Миллий кийимларни фақат қўшиқ ва рақс ансамбли артистлари кийишади. Тўйларда ҳам миллий кийим кийган кишиларни учратиш мушкул. Агар кимгадир миллий кийим кийиш зарурати туғилса, бундай кийимни дўстларидан ёки танишларидан ижарага олиб туради. Ўзларида миллий кийим йўқ. Бир сўз билан айтганда, миллий кийим йўқолиб бораяпти. Шукурки, ҳали батамом йўқолиб кетганича йўқ.
Айрим шоирларимизнинг шеърларида ҳам миллий шакл йўқолиб бораяпти, улар бундан фахрланишади ҳам.
Мен ҳам европача кийим-бошдаман, отамнинг бўркини киймайман. Лекин шеърларимга тўғри келган кийимни кийдирмоқчи эмасман. Мен шеърларимнинг Доғистон миллий шаклида бўлишини истайман.
Нима бўпти дерсиз? Менга ҳам яшаш учун бир неча ўн йиллик берилган.
Бу умрим муддати одамлар шим, пиджак, ботинка кийган даврига тўғри келди. Шеърларнинг ўз умр йўли бор. Ўзининг туғилган кунлари ва вафот этадиган кунлари бўлади. Йўқ, мен ўз шеърларим тўғрисида фикр билдирмоқчи эмасман, эҳтимол, улар мендан кўпроқ яшар.
Мен Москвада улкан эманни кўрганман. Айтишларича, уни Иван Грозний эктирган экан. Эман ўсаверган, одамлар эса атрофида аввал боярлар кийимида, кейин камзул ва упа сепилган парикларда, кейин цилиндр шаклидаги қора фракларда, кейин будёновка ва чармли калта камзулда, кейин оддий пиджак ва кенг шимда, кейин тор шимда ўтаверган… Эман ўсар экан одамларга қараб шундай дегандир: пастдагилар, майли шошилинглар, қиладиган ишларинг қолмаган бўлса кийимларингни ўзгартиринглар. Менинг вазифам ҳамон ўша-ўша – Қуёш нурларига тўйиниб, уларни метин ёғочга айлантираман, ўзимга ўхшаш эман ниҳоллари униб чиқиши учун ёнғоқлар тугаман.
Тоғликлар айтишади: одам кийим кийганда, ботир отга минганда билинади. Бу мақол жуда уйғун жаранглайди ва ҳикмати ҳам ибратли. Ахир, қаҳрамон бўлиш учун албатта йўлбарс терисида туғилиш шарт эмас. Баъзан пўлат совут кийганда ҳам қўрқоқни юраги безовта қилиши мумкин.
НЕГАКИ, неча бор тарвузини сиртига қараб танлаб, ичи оппоқ ёки бемаза чиққанда гарданимни қашиб қолганман.
НЕГАКИ, унцукуллик бир йигит тунда севгилисининг уйига кириб, уни пўстинга ўраб олиб қочган, кейин пўстинни очиб кўрса шошилинчда севгилисининг бувисини ўғирлаган экан.
НЕГАКИ, Абутолиб ҳикоя қилгандай, бир куни уни узоқ овулда бўлаётган тўйга сурнай чалишга чақиришибди. Тўй жуда яхши ўтибди. Уч кеча-кундуз сурнай, чилдирма, гармонь, скрипка жўрлигида қўшиқ айтилибди. Доғистонликлар айтгандай: «дам-дам» ҳам, «чам-чам» ҳам, яъни эшитадиган нарса ҳам, ейиладиган нарса ҳам муҳайё қилинибди. Овулдаги барча одам – боладан кексагача тўйга келибди, оз бўлсада рақсга тушибди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?