Электронная библиотека » ҲАМЗАТОВ РАСУЛ » » онлайн чтение - страница 9

Текст книги "МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:20


Автор книги: ҲАМЗАТОВ РАСУЛ


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 9 (всего у книги 26 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Яна иккита шоирга навбат бергач, Абутолибга тайёрланинг дегандай ишора қилдим. Абутолиб худди суратга тушаётган одамга ўхшаб бирдан жиддий қиёфага кирди, мўйловини бураб қўйди. «Кўряпсанми, тайёрланаяпман», дегандай менга қаради.

Абутолиб Доғистондаги барча миллат тилларини оз-оздан биларди, қизларга русча, аварча ва лакча сўзлади. Кейин лак тилида иккита шеърини ўқиди. Шу билан ўз чиқишининг адабий қисмини тезгина, созгина тугатди. Ахир, асосий қисмга кўпроқ вақт қолиши керакда. Абутолиб қўлларини ёзиб қизларнинг олқишини тўхтатди ва сўради:

– Истайсизларми, мен сизларга сурнай чалиб бераман.

– Сурнай чалиб беринг, – дея қизлар ҳар томондан қийқиришди.

Шуни кутиб турган Абутолиб парда орқасидан сурнай ва найини олиб келди. Уларни бир-бир секин чалиб кўрди. Барча бу созларни текшириш машқи эканлигини сезиб турарди. Созларининг сайрашига амин бўлган Абутолиб столдаги сув солинган стаканни олиб сурнайига қуйди ва деди:

– Ўзинг сув ичишдан олдин отингнинг чанқоғини қондир, дейишади тоғликлар. Ўзинг ичишдан олдин сурнайингни тўйдир, дейишади тоғлик сурнайчилар.

Абутолиб у томонга бу томонга муқом қилиб сурнай чала бошлади. Сурнай навосига қизлар қийқириғи ва шўх рақси уланиб кетди. Ўша кечқурун бутун Маҳачқалъага Абутолиб сурнайининг товуши етган бўлса ажаб эмас.

У саҳнадаги жойига келиб ўтирар экан соддадиллик билан сўради:

– Яхши чалдимми?

– Яхши.

– Нега унда номига қарсак чалдинг? Қани бошқатдан яхшилаб қарсак чал.

Абутолибнинг бу сўзи залда хандон кулги уйғотди. Тўғриси, адабий кечани олиб борувчи сифатида Абутолибдай ажойиб шоирнинг сурнайчи ролида чиқиши ёқмаганди. Бу рус шоири Сергей Есениннинг адабий кечада шеър ўқиш ўрнига рақс тушишидай бир гап. Балки Есенин рақс тушишни ҳам қотиргандир. Лекин ҳамма нарсанинг ўз вақти бор. Менинг қовоқ солиб ўтирганимни кўрган Абутолиб ҳазил аралаш шундай луқма ташлаганди.

Биз қизлар олқишлари остида кенг зинапоядан гардеробга тушдик. Мен пальтомни кийиб, ойнага яқинлашдим. Ўша йилларда кенг елкали пальтолар урф бўлганди, менда айнан шундай пальто эди. Абутолиб менга қараб бошини чайқади:

– Илгари елкалар думба ейишдан, яъни яхши таомлар тановул қилишдан кенгайган, ҳозир елкаларни пахта тиқиб кенгайтиришга ўтишди. Илгари шеърлар соз жўрлигида куйланган, ҳозир қоғозга қараб ўқилаяпти. Дунёда кўп нарса ўзгариб кетди. Бу менга ёқмайди.

– Абутолиб, нега адабий кечага кеч қолдингиз?

– Энди йўлга чиқай деб турганимда авар театридан бир артист ҳовлиқиб кириб келди…

– Сиз авар театрига нега керак бўлиб қолибсиз?

– Уларнинг бугунги қўядиган спектаклида тўй саҳнаси бор экан. Биласан, ҳозир ҳар бир спектаклга тўй саҳнаси қўшилаяпти. Театрнинг сурнайчиси касал бўлиб қолибди. Сурнайсиз тўй, тўй бўлармиди?! Улар мени сурнай чалиб бериш учун чақиришибди. Атиги ўн дақиқага. Спектакль бошлангунча, тўй саҳнаси келгунча вақт ўтиб кетди. Шундай иккита қўшиқ айтдимки, томошабинлар спектаклни унутиб фақат мени тинглашди. Агар тун бўйи куйласам ҳам улар мени тинглашга тайёр эди.

– Мен машҳур шоир ва Олий Кенгаш Бошқаруви аъзоси Абутолиб Ғафуров ўрнида бўлганимда, театрга сурнайчи ролини ижро этиш учун бормасдим.

– Абутолиб нима қилиш кераклигини, нима қилмаслик кераклигини сендан яхшироқ билади.

– Нашриётга бордингизми, китобингиз чиқибдими?

– Оллоҳга шукур, китобим чиқибди. Оллоҳга шукур, озгина гонорар олдим. Оллоҳга шукур, қарзларимдан қутулдим. Оллоҳга шукур, бозордан ғоз сотиб олдим.

– Зиёфат қилиб бермоқчимисиз?

– Кимга?

– Муҳаррирга, рассомга, ҳисобчига, умуман, китобингизни нашрга тайёрлаганларга.

– Муҳаррирга зиёфат, – деди истеҳзо билан Абутолиб, – унга чалпак эмас, калтак бериш керак.

Абутолиб халқ иборасини ўз ўрнига қўллаганидан мамнун ҳолда жилмайди ва деди:

– Расул, эшитишимга қараганда, ўғлини суннат қилиш учун ётқизган раҳбарларни ишдан олишаётган эмиш, партиядан ўчираётган эмиш. Нега шеърни бурда-бурда қилиб, бўлакларга ажратаётган муҳаррирларни ишдан ҳайдашмайди? Шеърларимга қандай муҳаррирлик қилганига қараб, мен уларнинг қайси овулдан эканини бемалол айта оламан. Биз лакларда, ҳар қайси овулнинг ўз шеваси бор. Хуллас, муҳаррир шеърларимни ўз овулининг шевасига таржима қилибди. Кейин Абутолиб бир муддат тин олди ва яна жилмайди: – Менга шартномани қўл қўйдириш учун берган аёл гўзал экан. Жуда гўзал! Мен шу аёлга катта раҳмат айтдим.

– Яна бирон нима дегандирсиз, ё совға бергандирсиз?

– Унга уйида қийшайган идишлари бўлса менга олиб келишини тайинладим. Янгидай қилиб таъмирлашга ваъда бердим.

Абутолибнинг бу гапи адабий кечада сурнай чалганидан ҳам ошиб тушди. Мен девор тагида тўпланган металл қолдиқлари уюмига қараб, истеҳзоли тарзда қариядан сўрадим:

– Илгаригидай мисгар бўлганингизда, металл қолдиқлари уюми бу ерда ётмасмиди? Сиз уларни йиғиб, уйингизга олиб кетармидингиз.

– Мен уларни олиб кетишга улгурмасдим, – деди соддадиллик билан Абутолиб, – бу металларни мен келгунча олиб кетишган бўларди.

Қаршимиздан кечга қолган йўловчи келарди. Абутолиб ўйлаб ўтирмай ундан тамаки, гугурт сўради ва чекди.

Нима ҳам дердим, менга Абутолибнинг бугун кўрсатган «томоша»лари ёқмади. Доғистон халқ шоири, Олий Кенгаш Бошқаруви аъзоси, бутун ўлкага машҳур одам саҳнага чиқиб сурнай чалса, нашриёт котибасига қийшайган идишларингни таъмирлаб бераман деса, ярим тунда Маҳачқалъа кўчасида учраган ўткинчи йўловчидан тамаки сўраб чекса? Албатта, дилимдан кечган гапларни айтмадим, уни ранжитиб қўйишдан чўчидим. Бу гапларнинг ўрнига мулозамат қилдим:

– Абутолиб, қартайиб қолдингиз, чекишни ташласангиз саломатлигингиз учун яхши бўларди.

– Ана шунақада, бугун тамаки чекишни ташла дейсан, эртага мисгарликни йиғиштир дейсан, индинга сурнай чалишни тўхтат дейсан. Бунақада юрагимдан чиқариб ёзмаётганимни сезган шеърларим мени ташлаб кетади. Улар Абутолибнинг мисгар, кашанда, сурнайчи эканини билишади ва шу ҳолимда севишади. Агар мен Абутолибга ўхшамай қолсам, сен айтгандай бошқа одамга айлансам, шеърларимга керакманми? Мен – Абутолиб Ғафуровман! Мен Расул Ҳамзатов эмасман, тамаки чекишни истамайдиган, мисгарликни эплай олмайдиган, лекин Ёзувчилар уюшмасини бошқаришни уддалайдиган. Шунингдек, мен Юсуф Хаппалиев ҳам, Нуриддин Юсупов ҳам, Максим Горький ҳам ва ҳатто Зошченко ҳам эмасман…

(Ўша вақтда Зошченкони роса танқид қилишаётганди, шунинг учун Абутолиб унинг номини тилга олганди).

– Тоғ такасига тоғдан бошқа бекинадиган жой борми? Жилға дарадан бошқа қаёққа оқарди? Сен менинг бошимга ўзганинг бўркини кийдирма. Нега сен менинг ўтмишимни ковлаштириб қолдинг? Ҳа, мен илгари сурнайчи, чўпон ва мисгар бўлганман. Мен шундай ишлар қилганимдан уялмайман. Ахир, мен ўша вақтда ҳам Абутолиб эдим. Расул ҳозир сенга айтадиган гапимни эслаб қол: агар ўтмишга тўппончадан ўқ узсанг, келажак сени тўпга тутади! Мен хотинларимни ташлаб кетдим, ёки хотинларим мени ташлаб кетишди. Лекин уддасидан чиқадиган ишларим мени ташлаб кетмайди, мен ҳам уларни ташлаб кета олмайман.

Ҳа, у отамнинг қадрдон дўсти, кекса шоир Абутолибдир. Унинг феъл-атвори шундай ва шундай феъл-атвори билан ҳурматимизга лойиқдир. Агар у феъл-атворини ўзгартирса Абутолиб ҳам, шоир ҳам бўлмай қоларди.

Яхшиси, мен сизга бу ажойиб инсон ҳақидаги бошқа бир воқеани сўзлаб берайин.

АБУТОЛИБНИНГ ЯНГИ УЙИ. Бу воқеа мен Доғистон Ёзувчилар уюшмаси раислигига эндигина сайланган кезларим бўлганди. Раис лавозимининг мажбуриятидан кўра ҳуқуқи кўпроқ, агар ўзингга саргузашт изламасанг, бемалол асосий ишинг – шеър ёзиш билан шуғулланишинг мумкин. Мен ўша вақтда ёш, ғайратли бўлганим учун ташаббус кўрсата бошладим ва янги лавозимга боғлиқ ишларни топдим.

Ўйладимки, ўз уйининг мустаҳкамлигини билмоқчи бўлган одам тўсинларни, устунларни, умуман, таянч қисмларни бир-бир кўздан кечиради. Англадимки, Доғистон Ёзувчилар уюшмасининг таянчи тўрт миллатга мансуб тўртта шоир экан: лезгин Тагир Хрюгский, қўмиқ Али Қозиев, авар Зоҳид Гаджиев, лак Абутолиб Ғафуров. Шунга боғлиқ тадбир ўтказишни режалаштирдим ва тўрт оқсоқол шоирнинг Доғистон ҳукумати раҳбари билан учрашувини ташкил қилиш ҳаракатига тушдим. Шоирлар ҳукумат раҳбарига ўз илтимосларини айтишади, ҳукумат раҳбари шоирларга ўз истакларини билдиришади.

Мана ҳукумат раҳбари Абдураҳмон Дониёлов билан суҳбатлашиб ўтирибмиз. Давра суҳбатида расмиятчилик йўқ, бир пиёла чой устида давом этаяпти. Шоирлар хурсандчилигидан еттинчи осмонда, улар уюшманинг янги раиси Расул Ҳамзатов яхши одам эканлигини тўртта тилда гапираяпти. Дониёловга ҳам машҳур шоирлар давраси ёқиб тушган. У ҳам шундай учрашувни ташкил қилган Расулдан миннатдор.

Жуда ёзилиб Доғистон, ҳаёт ва шеър ҳақида қизғин суҳбат қурдик. Ниҳоят, ҳукумат раҳбари эриб кетиб, ҳар бир шоир ўзининг бирор илтимосини айтсин деди. Биринчи бўлиб Тагир Хрюгский бошлади.

– Ўртоқ Дониёлов, ҳар йили қаҳратон қиш бошланиши билан тоғдаги қўтонларда қўйларнинг кўпчилиги очликдан, совуқдан ўлиши мени ранжитади. Наҳотки, ёзда чўпонларга ёрдамчилар юбориб, қишга кўпроқ пичан ғамлаш мумкин эмас.

Дониёлов шоир гапларини дафтарига ёзиб олиб, яна сўради:

– Бошқа илтимосингиз йўқми?

– Яна, Хрюг овулидаги хўжаликка битта автомашина ажратишнинг иложи борми?

Сўз навбати Али Қозиевга келди. Қозиев оғзини очиб бизга, шу жумладан ҳукумат раҳбарига чирик тишларини кўрсатиб деди:

– Овқатни чайнашга ҳам қийналаяпман. Менга яхши, янги тиш қўйдиртириб бериш мумкинми? Тишсиз оғиз билан яхшилаб қўшиқ айтиб бўлмаса. Шеър ўқисам оғзимдан сўзларнинг ҳарфи тушиб кетаяпти.

Шу заҳоти Қозиев тиши тушган оғиз билан шеър ўқиш қийинлигини намойиш этди. У Ҳасавюрт шаҳар бошлиғига мурожаати битилган шеърини ўқиди. Шеърда кекса шоирнинг уйига кўмир сўраб ёзган илтимосномаси таъсирчан сўзларда ифодасини топганди.

– Сизга кўмир беришдими? – сўради Дониёлов.

– Бу ишни ўтган йилдан бери чўзиб келишаяпти.

Дониёлов дафтарига ниманидир қайд этди ва биз Зоҳид Гаджиевни тинглашга тайёрландик.

– Ҳозирги ёшлар концертларда куйлаш ўрнига, нуқул бақиришади. Улар бу бақиришлари билан жуда яхши халқ қўшиқларимизни бузишаяпти. Янги қўшиқлар ашулачиларнинг бақиришига мослаб ёзиляпти. Бунга чек қўйиш керак. Айримларида фақат афсоналардаги пари чиройи мақталади. Ўртоқ Дониёлов, уларга айтинг, афсоналардаги пари чиройини эмас, қишлоқ хўжалиги илғорларини мақтаб қўшиқ куйлашсин.

Ўз нутқини тугатган Гаджиев мен томонга энгашиб, қулоғимга шивирлади:

– Эшитишимга қараганда кеча кечқурун Шахтамонов ва Сулаймонов ресторанда вино ичишибди. Ёзувчиларга ичкилик ичишни тақиқлаш керак. Бу масала бўйича сенинг олдингга алоҳида кираман.

Навбат Абутолибга етиб келди.

– Ҳурматли Абдураҳмон, – дея сўзини бошлади Абутолиб, – менинг охирги хотиним яқинда ўғил туҳфа қилди.

– Нега энди охирги хотиним?

– Менинг хотинларим кўп бўлган. Нима қилай, газеталарда суратимни босишади, радиода Доғистоннинг орден олган, депутат шоири деб мақташади. Енгил табиат аёллар бу мақтовларга учади. Машҳур шоир экан, демак, қасрда яшайди, сандиғи тўла бойлик деб ўйлашади ва менга тегишади. Кейин кўп қаватли уйнинг ертўласида кун кечираётган қашшоқ Абутолибни кўришади. Бу уларга ёқмайди ва ташлаб кетишади. Шунинг учун мен кўп бор уйланганман. Ҳа, ҳурматли Абдураҳмон, менинг қўшиқларим тўрғайлар каби кўкка интилишади, ўзим эса ҳамон ертўладаман. Мана шу ертўладан қўшиқларимни кўкка учираяпман. Менга ўғил туғиб берган охирги хотиним ҳам агар янги уй олмасам ташлаб кетишини айтди. У ўғлимни бағрига босганча кетади… Абдураҳмон, у ҳали кетмасидан юрагимнинг бир парчаси узилиб тушгандай бўлаяпти. Менинг оиламнинг бузилиб кетишига йўл қўйма, менга уй бер, токи кастрюлимни плитага миндириб бемалол овқат қилайин. Ёшим ҳам етмишдан ошди, менинг умр аравам тепага эмас, тоғдан пастга шитоб билан тушаяпти. Агар менга янги уй ажратсанг, унга сени ҳам меҳмонга таклиф қилардим.

Ҳафта ўтмасдан Абутолиб янги уйнинг ордерини қўлига олди. Алвидо, жонажон ертўла! Абутолиб Пушкин кўчасида янги қурилган уйнинг учинчи қаватидаги уч хонали уйга кўчиб ўтди.

Бир куни кўчада Абутолибни учратиб қолдим. У мени кўриши билан ўзини металл уюмидан ниманидир излаётган одамга ўхшаб тутди.

– Ассалому алайкум, Абутолиб! Янги уйда қандай яшаяпсиз, ёқдими?

– Неча кундирки қўнғироқ излаяпман, уни уйимга осиб қўйиб чалганча Цада овулилик Ҳамзатнинг ўғлини меҳмонга чорлайман. Мен денгизга қараган деразамни уч марта очиб сурнайимни чалдим, сен сурнайимнинг овозини эшитиб меҳмонга келишингга умид қилгандим. Катта қўнғироқ топиб чалмасам, чорловимни эшитмайдиганга ўхшайсан. Қани, қўнғироқ излагани кетдик.

Мен ўша заҳоти Абутолиб билан унинг уйини кўргани бордим. Янги уйда тўртта девор бор эди, холос. Полда Абутолибнинг ертўладан олиб келган лаш-лушлари ётарди: эски сурнай ва най, темирчилик эски териси (худо билади, энди нимага керак бўлади), эски керосинка, тоғора, кастрюль, челак, кўза, этик ва пўстин. Уйига тоғлик эски қадрдони меҳмонга келганга ўхшайди, бир четда унинг эски хуржуни. Албатта, тоғликлар шаҳарга фақат меҳмон бўлиш учун эмас бирор ишини битиришга келишади. Абутолиб, бўш хуржунни қўлига олиб койий кетди:

– Ярамас хуржун, нега бўм-бўшсан? Агар сен қўй гўшти билан тўла бўлганингда, менинг меҳмонимнинг иши тезроқ битарди. Сен бўш бўлганинг учун қанча одам Чанг тоғидан шаҳарга бекорга келиб кетишади.

Абутолиб бўш хуржунни койир экан, мени ўтқазишга жой излади. Ўтқазишга таклиф этадиган жойи йўқлигини билгани учун қўлимга пичоқ бериб, деразадан ҳовлидаги ҳужрасини кўрсатди:

– Анави ҳужрада ғозим бор, уни сўйиб тур. Бизнинг тушлигимиз бўлади.

Ҳужрага кириб, бир амаллаб ғозни ушладим. Ғоз типирчилаб қўлимдан чиқишга уринарди, мен ишга киришдим. Юқоридан Абутолибнинг овози келди:

– Ким жонлиқни бундай сўяди? Ғознинг бошини бошқа томонга бур. Сен Макка қайси томонда эканини билмайсанми?

Мен топширилган вазифанинг уддасидан чиқдим ва кейинроқ Абутолибнинг мақтовини эшитдим.

Абутолиб ўзи айтгандай, кастрюлни плитага миндирди ва узоқ вақт тушлик тайёрлаш билан банд бўлди. Мен бу вақтда уйни кўздан кечирдим. Кекса шоир ертўладан кўчган бўлса ҳам янги уйига ертўладан эски кастрюлидан тортиб турмуш тарзигача барини кўчириб олиб келибди. Уйда стул, стол, шкаф, кровать, умуман биронта мебель йўқ эди.

– Абутолиб, қаерда шеър ёзаяпсиз?

– Ҳали бу уйда биронта тайинли шеър ёзганим йўқ. Бир қанча вақт шеър ёзиш учун эски ертўлага бориб юрдим, уни ҳам рассомга устахона учун бериб юборишди. Оллоҳга аён бу уйда ертўладагидай хотиржам ухлай олмаяпман. Ертўламда тушум кам бўлса ҳам, вақтим кўп эди. Одамлар ҳам тинчимни бузавермасди. Ҳамма ҳам ертўлага мени йўқлаб келавермасди. Тўғри, ертўладан денгиз кўринмасди. Оллоҳга шукур, энди денгиз кекса Абутолибнинг шундоқ кўз олдида.

У оқиш-кўкиш тусда тўлқин ҳосил қилиб чайқалаётган денгизга узоқ тикилиб қолди. Мен унга халақит бермадим, биз сукут сақладик. Ниҳоят, Абутолиб секин гап бошлади:

– Расул сенга икки куним: энг хурсанд куним ва энг ғамгин куним ҳақида гапириб берайми?

– Гапиринг, – дедим мен секингина.

– Ўзинг ҳам биласан, менинг қувонган кунларим кўп бўлмаган. Орден беришди – қувондим, ордер беришди – қувондим, йигирманчи йилларда жанговар от беришди – қувондим. Отлиқ аскарларда сурнайчилик қилдим. Бир куни отим командирнинг оти сағринига калла қўйди. Ўшанда ҳам қувондим. Бари бир энг хурсанд бўлган куним улар эмасди. Мен ўн бирга киргандим, бузоқ боқардим. Отам умримда биринчи бор менга чориқ совға қилди. Шу янги чориқ қалбимга солган туғённи, хурсандчиликни ҳозир ҳам сўз билан ифодалай олмайман. Ўша куни мен кечагина учқур тошлари оёғимни шилган сўқмоқларга, дараларга дадил қадам қўйдим. Учқир тошларга қадам қўйганимда оғриқни ҳам, совуқни ҳам сезмадим. Менинг хурсандчилигим уч кун давом этди ва умримнинг қайғули кунлари бошланди. Тўртинчи кун отам ёнига чақириб деди: «Абутолиб, мана энди сенинг янги, пишиқ чориғинг бор, қўлингда таёғинг бор, ер юзини тепкилаб ўн бир йил яшаб қўйдинг. Энди ўзинг насибангни топиб ейиш учун йўлга тушадиган вақтинг бўлди». Сўнгра отам овулма-овул юриб, хайр-эҳсон сўрашимни айтди. Кейинги бутун умрим давомида ўша кундагидай кўнглим чўкмаган. Тўғри, кейин кўзларимдан кўп ёш оқди, лекин улар ўша кунгидай жуда аччиқ эмасди. Бир ёзувчи мен ҳақимда шундай дебди: «Абутолиб, янги уй олди. Кўрамиз, энди у қандай шеър ёзар экан?!» У ўзича шеър ёзиш уйга боғлиқ эмаслигини тушунтириб қўймоқчи. Мен ҳам яхши биламан, шоир – ўз шеърларининг уйи, шоир юраги – шеърият истироҳат қиладиган жой. Умримнинг яхши ва ёмон кунлари менда яшайди. Мен ўзим қаерда яшайман, бу улар учун муҳим эмас.

Абутолибнинг уйидан оғир таассурот билан чиқдим. Бу ҳақда Доғистон ҳукумати раҳбарига сўзлаб бердим ва Абутолибнинг нашрга тайёрланаётган «Қушлар жанубга учади» китобига бериладиган гонорар ҳисобидан унинг уйига мебель сотиб олишга қарор қилинди. Бу вазифани бажарадиган уч кишидан иборат тезкор ишчи гуруҳи тузилди: Доғистон нашриёти директори, савдо вазири ва мен. Бизга керакли мебелларни топиш, уларни харид қилиш ва Абутолиб уйига етказиб бериш вазифаси юклатилди. Менга вазифамизга доир барча келишувларни амалга ошириш топширилганди.

Учаламиз Маҳачқалъадаги барча савдо омборларини кўриб чиқиб, керакли мебелларни танладик: ухлаш учун юмшоқ мебель – майли, халқ шоири маза қилиб ором олсин; ижод столи – халқ шоири унда ажойиб шеърларини ёзсин; ошхона жиҳозлари – халқ шоири уларда мазали таомлар пишириб, ҳузур қилиб овқатлансин. Мебелларни уйига жойлаштиргандан кейин Абутолиб бизни ташаккурномага кўмиб ташлаш учун олдимизга чопиб борган, деб ўйлаяпсиз. Аммо у чопиб ҳам келмади, кўнгил учун раҳмат ҳам айтиб кетмади ва ҳатто мебелларни жойлаштиргани тўғрисида хабар ҳам бермади. Шунда биз ўзимиз унинг уйига бориб, Абутолиб мебелларни қандай жойлаштирганини ва улардан қандай фойдаланаётганини кўрмоқчи бўлдик.

Эшикни тақиллатишга ҳожат қолмади, чунки у очиқ экан. Тушлик столи ёнига тўшалган гиламда Абутолиб оиласи билан чўккалаб ўтирарди. Олдида ёзилган газетага овқат ва чой учун кружка қўйилган. Абутолиб тарелкада кефир ҳўпларди. Албатта, яп-янги силлиқ тушлик столи тўлишган қиздай қучоғини очиб турарди, фақат Абутолибнинг уни қучоқлашга ҳуши йўқ эди.

Бошқа хонада ажойиб ижод столини кўрдик. Унинг устига қўйилган сиёҳдон, ручка ва қоғозга қўл тегизилмаган. Шу туришда у ижод столига эмас, музей экспонатига ўхшарди. Хонанинг бир четида полда араб алифбосида ёзилган қоғозлар ётарди.

– Абутолиб, сиз ҳозирги имлода ёзишни билмайсизми?

– Биламан, эскича ёзишга ўрганиб қолганман. Олдин шеърларимни араб алифбосида ёзаман, кейин уларни муҳаррирлар тушуниши учун ҳозирги алифбода қайта ёзиб чиқаман, мисоли ўзимни ўзим таржима қиламан.

– Кроватда ҳам бирор марта ухлагани йўқ, – дея чақмачақарлик қилди хотини. – Бекорга шундай қиммат мебелларни сотиб олибсизлар.

– Яна кровать дейди. Мен шаҳарга келган биринчи йилимда бошимга тош қўйиб ётардим, ёстиқ ўрнига тош қўйиб ётсам қаттиқроқ ухлардим. Болалигимда бузоқ боққанимда, бошимга тош қўйиб ухлашга ўрганганман.

– Демак, биз сизга кўнглингиздагидай мебель танлай олмаганмиз. Сизга кровать ҳам, шкаф ҳам, стол-стуллар ҳам ёқмаяпти, тўғрими?

– Нега, мебеллар яхши. Улар менинг қўшним Голфрид Ҳасанов уйига жуда мос экан.

– Қўшнингиз Голфрид Ҳасанов яхшими?

– Балки у яхши одамдир, лекин биз тотув эмасмиз.

– Нимага?

– У жудаям маданиятли. Нима десам экан, мен жуда қишлоқиман, у жуда шаҳарлик. Мен жуда тоғликман, у жуда текис жойдан. Бизнинг бош кийимларимиз ҳам ҳар хил. Эҳтимол, бошларимиз ҳар хил бўлса керак. Мен ўз юртимнинг ўғлиман, у ўз касбининг ўғли. У менинг сурнайим ва куйларимга тоқат қилолмайди, мен унинг пианиноси ва симфониясига. Чалаётган мусиқасидан роҳатлангим келади, лекин буни уддалай олмаяпман. У ҳам шундай, сурнайимни қўлимга олишим билан эшигимни тақиллатади: «Абутолиб, ишлашга халақит бераяпсан». Мен унга атайин сурнай чалаётганим йўқ, радиода беришаяпти дейман. Чиндан, радиода беришса ҳам эшигимни тақиллатиб келаверади. Бундан чиқадиган хулоса шуки, у ўзимнинг сурнай чалишимнигина эмас, радиодан сурнай тинглашимни ҳам тақиқламоқчи. Бир сўз билан айтганда, биз бошқа-бошқа одамлармиз. Менинг уйимга тоғдан хуржун кўтарган меҳмонлар келади. Унинг уйига Москвадан портфел кўтарган одамлар. Мен меҳмонларимни бўза, қовурма, аччиқ-чучук билан сийлайман, у меҳмонларининг олдига кофе ва коньяк қўяди. Мен бозорга бораман, у магазинга. Мен ухлаётганда у ёзади, у ухлаётганда мен ёзаман. Унга тувакларда ўсган гуллар ёқади, менга баланд тоғлардаги яшнаган майсалар. Эшитаяпсизларми, ҳозир у ўзининг қандайдир симфониясини чалаяпти.

Биз Абутолибнинг қўшнисини билардик, у Россияда ва Доғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Голфрид Алиевич Ҳасанов эди. Ўша вақтда у фортепьяно учун ёзилган симфонияси устида ишларди. Мен унинг илҳомбахш, нозик ижросини тинглар эканман, ўйлаб қолдим: «Қандай ажойиб симфония яратиш мумкин эди-я, агар унда халқдан чиққан Абутолибдай истеъдод ва махсус даргоҳларда билим олган Ҳасановдай истеъдод жўр бўлишса».

Мен яна ўйладимки, қандай бахтли шоир бўлардим, агар шеърларимда, китобларимда икки фазилатни: соддадил халқимнинг мулойим феъл-атворини ва замонлар синовидан ўтган бағрикенглигини маҳорат билан бирлаштира олсам. Истайманки, шеърларимда Абутолиб ва Голфрид қўлни қўлга берсин. Истайманки, шеърларимда уларнинг қўшничилиги ҳаётдагидай эмас, аҳил-иноқ бўлсин.

Мен уларнинг қачондир ҳамкорлик қилишига ишонгим келди. Агар шундай ҳамкорлик пайдо бўлмаса, ёки менга бу ишга аралашиш ҳуқуқи берилса… Эҳтимол, энг сўнгги техника ютуқлари асосида тайёрланган мазали ичимликка тоғдаги жилғанинг шаффоф, совуқ сувидан қўшиб ичишга таклиф қилардим. Нима ҳам дердим, маданият, тараққиёт, касб маҳорати вақт ўтиши билан сингади. Демоқчиманки, агар улар йўқ бўлса ўзлаштириш мумкин, лекин миллий туйғу одамга туғилиши билан берилади. Халқ шоири ва сурнайчи Абутолиб бошқа шароитда, эҳтимол, бастакор ва ҳатто етук композитор бўлиши мумкин эди, лекин маҳоратли композитор ва созанда Голфрид ҳеч қачон оддий халқ бахшиси бўла олмасди.

Абутолиб хайрлашаётган вақтимизда сўради:

– Расул, уйимга телефон ўтказишга ёрдам бера оласанми?

– Телефонни нима қиласиз? Ёзув столидан, кроватдан фойдаланмаётган одамга телефоннинг нима кераги бор?

– Телефон орқали, баъзан Москвадаги Николай Тихоновга, баъзан жамоа хўжалиги раисимизга сурнай чалиб берардим. Ахир, раисимиз менинг тирик эканимни ва сурнайим ҳамон қадим наволарни куйлаётганини билиб туриши керак. Сурнайимнинг навосини телефон орқали тинглаган раисимиз шаҳардаги уйимда ҳам тоғларнинг муаттар иси ва оҳангги таралаётганини биларди.

– Абутолиб, тоғнинг муаттар ҳавосига тўйинган сизнинг куйларингиз телефонсиз ҳам Москвага, туғилган овулингизга, Доғистоннинг бошқа овулларига, дунёнинг барча жойларига учиб боради. Чунки куйларингиз тоғлардан ҳам баланд учади.

Энди мен шу ерда Абутолиб билан хайрлашаман ва отам билан менинг ўртамда бўлиб ўтган бир воқеани сўзлаб бераман.

ЭСДАЛИКДАН: Негадир отам билан мен бир-биримизга шеърларимизни ўқиб бермасдик ва бу мавзуда суҳбатлашмасдик. Мен отамнинг янги шеъри тўғрисида чоп этилганда, радиода ўқилганда ёки дўстлар айтишганда билар эдим. Отам ҳам мен янги шеър ёзганимни ҳудди шундай биларди.

1949 йилда авар газетаси «Туғилган йилим» достонимни чоп этди. Ўз-ўзидан аён, бу газетадан отам ҳам олибди ва унга қалам билан қайдларини ёзиб қўйибди. Мен бу газетани кўздан кечирар эканман, отам достонимни диққат билан ўқиганини сездим. Чунки айрим мисраларим устига мазмунга монанд мисралар ёзиб чиқибди. Отам менинг дабдабали мисраларимни, мураккаб ташбиҳларимни, кўзни қамаштирадиган ўхшатишларимни ўзгартирганини дарҳол англадим. Менинг мисраларим устига ёзилган мисраларга отам самимий, оддий ва тушунарли сўзларни ишлатганди.

Ҳозиргача мен отам тузатишлар киритган шу газета нусхасини сақлаб қўймаганим учун афсусланаман. Менинг бир одатим бор: шеърим чоп этилиши билан қораламаларни, қўлёзмаларни дарҳол ёқиб юбораман.

Ўшанда кўплаб тузатишларни кўрганда хурсанд бўлдим, улар достонимни кучайтирарди. Айрим тузатишларни эса, сира ҳазм қилолмадим ва отамга эътирозимни билдирдим:

– Тўғри, сиз мендан кўра кўпни кўргансиз, иқтидорлисиз, ақллисиз. Лекин мен ўзга давр шоириман. Менинг мактабим бошқа. Адабий қизиқишларим бошқа, услубим бошқа, ҳаммаси бошқа. Сизнинг бу тузатишларингизда Ҳамзат Цадасанинг шеърий услуби акс этган. Ахир, мен Ҳамзат Цадаса эмасман, бор-йўғи Расул Ҳамзатовман. Менинг ўз услубим, ўз йўналишим бор.

– Ўғлим, сен унчалик ҳақ эмассан. Сенинг услубинг ва йўналишинг, сенинг феъл-атворинг ва ахлоқинг шеърларингда иккинчи даражали бўлиши керак. Биринчи ўринга эса, халқингнинг феъл-атвори ва ахлоқи чиқиши шарт. Аввало, сен аварсан, тоғликсан, кейин Расул Ҳамзатовсан. Мисраларингда шундай ифода қўллагансанки, ҳеч бир тоғлик ҳаётда фикрини шундай ифодаламайди. Агар сенинг шеърий мисраларинг тоғликлар руҳига, феъл-атворига бегона бўлса, сенинг йўналишинг йўналишлигича қолиб кетади. Ёзганларинг чиройли кўринар, эҳтимол, қўғирчоқлардан ҳам чиройли кўринар. Ўзинг яхши биласан: Агар булут бўлмаса, ёмғир пайдо бўладими? Агар осмон бўлмаса, қор қаёқдан ёғади? Агар Доғистон ва авар халқи бўлмаса, Расул Ҳамзатов дунёга келармиди? Халқимизнинг асрлар синовидан ўтган урф-одатлари бўлмаса, сенинг урф-одатларинг шаклланармиди?!

Ҳа, бир замон отам билан менинг ўртамда шундай суҳбат бўлиб ўтганди. Кейин эса, ўшанда отам нақадар ҳақ эканлигига кўп бор имон келтирдим.

УЧИНЧИ ХОТИН ҲАҚИДА ҲИКОЯТ. Доғистонлик ёш шоир Москвадаги Адабиёт институтида ўқий бошлади. Бир йил ўтмасдан бизнинг талабамиз олис тоғлик овулдан уйланган хотини билан ажрашишини эълон қилди.

– Нима учун ажрашаяпсан? – дея ундан сўрадик биз.  – Яқинда уйлангандинг, севишиб оила қургандинглар, шекилли. Нима бўлди?

– Ўртамизда яқинлик йўқ экан. У Шекспирни билмайди, «Евгений Онегин»ни ўқимаган, Мериме тўғрисида ҳатто эшитмаган.

Тез орада ёш шоиримиз москвалик хотини билан Маҳачқалъага келди. Кўриниб турибдики, янги хотини Шекспирни билади, Мериме тўғрисида эшитган. Орадан бир йил ҳам ўтмади, у ўз шаҳрига қайтишига тўғри келди. Чунки эри ажрашишга ариза берганди.

– Нима учун ажрашяпсан? – дея ундан сўрадик биз. – Яқинда уйлангандинг, севишиб оила қургандинглар, шекилли. Нима бўлди?

– Ўртамизда яқинлик йўқ экан. У аварча битта ҳам сўзни билмайди, бизнинг урф-одатларимиз унга ёқмайди, тоғликлар, юртдошларимиз феъл-атворини тушунмайди, уларнинг уйимизда меҳмон бўлишини истамайди. Биттаям аварча мақолни, матални, қўшиқни билмайди.

– Энди нима қилмоқчисан?

– Эҳтимол, учинчи марта уйланишимга тўғри келар.

Менимча, ёш шоир учинчи хотин излагандан кўра, аввало ўзлигини топиши керак.

Майли, менинг китобимда Доғистон тоғлари ва Шекспир сонетлари ёнма-ён турсин. Майли, менинг китобимда доғистонлик ёш шоир орзу қилган ва лекин ҳамон қидириб тополмаётган ўша учинчи хотиннинг сифатлари намоён бўлсин.

ЁН ДАФТАРЧАДАН: Маҳачқалъада қирқта оилага мўлжалланган ёзувчилар уйи қуриб битказилди. Уй тақсимоти бошланди. Айрим ёзувчилар уйни истеъдодга, бошқалари болалари сонига қараб тақсимлашни талаб қилишди.

Тан олишимиз керак, ёзувчилар ўртасида уй тақсимлаш – энг оғир иш. Ҳар қалай, бу ишнинг уддасидан чиқдик. Қирқта ёзувчининг оиласи янги уйга кўчиб ўтишди ва буни нишонлашга ҳам улгуришди. Эртаси кун йигирмата ёзувчининг хотини Москвага йўл олишди. Хотинлар бир неча кундан кейин урушда қатнашган одамлардай озган ва чарчаган ҳолда қайтиб келишди. Бир муддат ўтгандан кейин Москвада харид қилинган мебеллар жойланган контейнерлар етиб келди.

Маълум бўлишича, хотинлар узоқ вақт магазинма-магазин юриб мебель танлашган. Ниҳоят, биттаси харид қилишга жазм этган. Албатта, бошқа хотинлар ўз харидларининг ундан ёмонроқ бўлиб қолишини исташмаган. Яхшиямки, биринчи хотин энг қиммат мебелни сотиб олган экан, ундан ўтказишнинг иложи бўлмаган. Натижада, йигирмата хонадонга тароқнинг тишларидай бир хил мебеллар жойлаштирилди, фақат бу хонадонларга кирган вақтингизда, уйнинг эгаси авар эканига дарҳол ишонмайсиз.

Бошқа хонадонга кирган вақтингизда, остонадаёқ димоғингизга қоқлашга қўйилган гўшт, қази, албатта, бўза, думба ёғида доғланган овқат ва ниҳоят пўстин ҳиди урилади. Ҳа, бу хонадонда авар туриши билинади. Лекин давр руҳини ҳис қилган ёзувчи яшаётгани сезилмайди.

Истайманки, менинг китобимни ўқиган китобхон саҳифаларида аварликлар яшаётганини билсин ва яна саҳифаларда унинг замондоши – ХХ аср одами яшаётганини ҳам дарҳол англасин.

Мен доим сояда туришни ёки доим Қуёш чарақлаб туришини истаётганим йўқ. Майли, менинг уйимда Қуёшга қараган деразалар кўп бўлсин ва лекин унда нур кўзни қамаштирмайдиган жойлар ҳам қолсин. Истайманки, уйимга келган меҳмон ўзини ноқулай сезмасин, эркин нафас олсин, тезроқ чиқиб кетишни ўйламасин. Агар зарур иши бор меҳмон бўлса тез чиқиб кетаётгани учун афсуслансин ва яна қайтиб келишни дилига тугсин.

Бир сафар Японияда турли давлат вакиллари таассуротларимиз билан ўртоқлашдик. Биз фаввора атрофида эдик. Бу жой Доғистондаги овул оқсоқоллари давра қурадиган тошлардан терилган булоқбошига ўхшарди.

– Ажойиб мамлакат экан, – деди биринчи бўлиб америкалик композитор. – Мен Япония қиёфасида ривожланган Американи кўраяпман.

– Нималар деяпсиз? – эътироз билдирди гаитилик журналист. – Ҳозиргина японлар яшайдиган қишлоқлардан келдим. Менимча, Япония бизнинг оролимизга ўхшайди.

– Жаноблар, тортишманглар, бу жойда Париж шодиёналари ва ташвишлари мужассам экан, – дея суҳбатга қўшилди франциялик архитехтор.

Мен Доғистон овулларидаги булоқбошиларга ўхшаш тошлардан терилган фавворага қараб ўйга толдим: «Япония – ажойиб мамлакат. Унда бошқа мамлакатларга ўхшаш ҳамма нарса бор, шу билан бирга Япония ҳеч бир мамлакатга ўхшамайди. Чунки у – Япония».

МЕНИНГ КИТОБИМ! Майли, сендан ҳар ким ўзи қидирган нарсасини топсин, лекин сен ўзлигингни сақлаб қол, ҳеч бир китобга ўхшама. Сен мен учун аварликлар, доғистонликлар уйисан. Майли, бу уй бағрида асрлар синовидан ўтган урф-одатларимиз, замон руҳи ва келажак ёнма-ён яшасин.

ОТАМ АЙТАРДИЛАР: Агар адабий асарда муаллифи кўзга ташланмаса, у йўлда чопиб кетаётган чавандозсиз отга ўхшайди.

ДЕЙДИЛАР: Бир тоғлик ўғил туғилишини кутарди, хотини эса қиз туғарди. Ҳар ким омадсиз отани юпатишни ва унга маслаҳат беришни бурчи деб биларди. Тоғлик эркакка шунчалик кўп маслаҳат беришдики, ахир тоғликнинг сабр косаси тўлиб деди:

– Бас қилинглар, сизларнинг маслаҳатларингни тинглайвериб, ўзимнинг билганларимни ҳам унутиб қўйдим.

КИТОБИМНИНГ БИНОСИ.

МУНДАРИЖА

Биз тошлармиз. Тезда усталар келар,

Қаср ё уй, эҳром ё зиндонга терар.

Тошлардаги ёзувлар.

Қимматбаҳо тошнинг ташига қараб,

Одамни уйида кўриб билишади.

Тўй бўлди, энди

уй қуришни бошла.

Внимание! Это не конец книги.

Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации