Текст книги "МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ"
Автор книги: ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 6 (всего у книги 26 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]
– Оллоҳ ўзи сени асрасин, Алибўлат, узоққа бориб келаяпсанми?
– Телетли овулига бориб келишга улгурдим.
– Нима иш билан Телетлига боргандинг?
– Мен буни билмайман. Буни ноиб билади. Кеча кечқурун у эрталаб Телетлига борасан деди. Мана мен бориб келдим.
Афсуски, адабиётимизда ҳам шундай алибўлатлар бор.
ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Шундай йигитларни кўп учратганман, улар уйланишдан олдин юрак амрига қулоқ тутмасдан амакилари, холалари, қариндошлари маслаҳатларига қулоқ солишади. Ёзувчи ва ижод ўртасида севгисиз никоҳ бўлиши мумкин эмас. Ҳаётда эса, холангиз билан маслаҳатлашиб уйланган бўлсангиз ҳам фарзанд туғилаверади. Айтишларича, оилада севги қанчалик кучли бўлса, соғлом бола туғилиш эҳтимоли шунчалик кўпроқ. Агар ёзувчи ва ижод ўртасидаги никоҳ севги асосида қурилмаган бўлса, фақат ўлик китоблар дунёга келади. Шунинг учун ёзувчи бирор мавзунинг бошини тутар экан фақат юрак амрига қулоқ солиши лозим.
БИР ТАНИШИМНИНГ КИТОБИ ҲАҚИДА. Қайси йили эсимда йўқ, бирдан мамлакатимизга Гоголлар, Шедринлар керак деб айтила бошланди. Эҳтимол, ҳажвий асарларга эҳтиёж сезишгандир.
Бир танишим бор эди – бир озгина шоир, бир озгина ёзувчи, бир озгина муҳаррир. Бир сўз билан айтганда адабиётчи. У чақириққа «лаббай» деб жавоб бериб, ҳажвий шеърлардан иборат китоб чиқарди. Ҳажвий шеърларида туҳматчиларни, лаганбардорларни, текинхўрларни, кўп бор уйланганларни ва бошқа бир талай салбий хислатлари бор кишиларни танқид остига олганди.
Китоб савдо расталарига чиқиб улгурмасдан битта танқидчининг шу китоб ҳақидаги мақоласи эълон қилинди. Жумладан, у шундай ёзганди: «Бизга Гоголлар, Шедринлар керак деган чуқур мазмунли шиоримизни муаллиф жуда жўн ва ўзига мослаб тушунибди. Кўриб турибмизки, бизнинг орамизда шундай пасткаш ва қора юракли кимса яшаётган экан.
Билмадим, китобига киритган шунча салбий хислатли кишиларни у қаердан олди экан? Наҳотки, шундай одамлар бизнинг мамлакатимизда бўлса? Ахир, у ёзган салбий хислатли одамларнинг мамлакатимизда бўлишининг ўзи мумкин эмас. Бундай салбий хислатли кишилар қора юракли муаллифнинг бемаъни хаёллари маҳсули, холос. Туҳмат-уйдирмаларга тўла бу китоб фақат душманларимизнинг тегирмонига сув қуяди».
Жаҳли чиқиб кетган катта амалдор Мухторбеков столни муштлади:
– Қани айт, ялқов, беҳафсала, бунинг устига пиёниста бригадирни сен қаерда кўргансан?
– Ўзимизнинг овулда кўрганман, – дея секингина жавоб қайтарди муаллиф.
– Бу туҳмат. Мен яхши биламан, овулимиздаги хўжалик илғор жамоа хўжалиги. Илғор жамоа хўжалигида эса, сен ёзган бригадирнинг бўлиши мумкин эмас.
Гапнинг қисқаси, барча калтак ҳажвчининг бошида синди. Худди Польша журналида чоп этилган карикатурага ўхшаш ҳол юз берди. Унда шундай тасвир бор эди: Уйнинг биринчи қавати балконидаги одам тўртинчи қават балконида турган одамга ғишт отаяпти. Лекин отган ғиштлари тўртинчи қаватга етмай ўзининг бошига қайтиб тушаяпти. Тўртинчи қаватда турган ўша одам биринчи қават балконида турган одамга хотиржам ғишт отаяпти. Карикатура таг сўзи шундай: «Тепадан ва пастдан қилинган танқид».
Кимдир омадсиз ҳажвчига энг тўғри йўл айбингга иқрор бўлиш деб айтибди ва тайинлабди: Бир марта эмас, тўғри келган жойда айбингга иқрор бўлавер – газетадами, журналдами, мажлисдами, қанча кўп айбингга иқрор бўлсанг шунча яхши. Шундан кейин ҳажвий китобнинг муаллифи тавба қилишга тушиб кетди. Лекин бу камлик қилар экан. Катта амалдор Мухторбеков деди.
– Туҳмат тўла шеърларни ёзганингдан кейин сенинг ҳеч бир гапингга ишонмаймиз. Сен амалий ишинг билан, қаламингнинг кучи билан бизга батамом тузалганингни исботлашинг керак.
Танишимга бари бир эди: танқид қилиш керакми, танқид қиламан; тузалиш керакми, тузаламан. У ижод столига ўтириб «Меҳнатсевар Маржона» достонини ёзди. Достоннинг қаҳрамони илғор ва фаол қиз, бирпасда жамоа хўжалигини илғорлар сафига қўшади, барча режа-мажбуриятларини ошириб бажаради, бу билан қаноатланмасдан бадиий ҳаваскорлар танловида қатнашиб, ўзи тўқиган шеърни куйлаб биринчи ўринни олади. Достон журналда нашр этилди, алоҳида китоб ҳолида чоп қилинди. Бу вақтда замон ўзгарганди. Ҳажвчини туҳматчи, қора юрак деб ёзган танқидчилар энди ўз мақолаларида уни хаспўшловчи деб аташди. Катта амалдор Мухторбеков яна столни муштлади:
– Бизга айт, камчилиги бўлмаган жамоа хўжалигини қаерда кўргансан?
Айбдор бу гал жавоб бермай сукут сақлади. Чунки узун арқонда шундай тугунлар борки, қўл билан ечиб бўлмайди, тиш билан ечай десанг ахлат ёпишган. Менинг танишим ҳам тушундики, ундан ҳам шундай тугунни ечишни сўрашяпти. Шу боис у бошини қуйи солганча жим ўтирди.
У оз эмас, кўп эмас ўн йил сукут сақлади. Ҳатто бу даврда у Ёзувчилар уюшмасига ҳам қадам босмади. Фақат бир марта ёзувчиларга уй берилаётган вақтда келди. Тушуниб турибсиз, бундай пайтда келмаслик мумкин эмас.
Кўп ўтмай катта амалдор Мухторбеков кўзбўямачилиги учун ишдан олинди. Унга ҳеч ким ачинмади.
Айтгандай, у чўмилишни яхши кўрарди. Эрталаб ва кечқурун қора ЗИМ машинасида махсус чўмилиш жойига бориб, ёлғиз ўзи Каспий денгизининг намакоб сувига чўкиб ўтирарди. Уйи шундоқ денгиз қирғоғида эди. Аммо ишдан олингандан кейин ҳеч ким Мухторбековнинг денгизда чўмилаётганини кўрмади. Чунки умумий чўмилиш жойига боришга бўйни ёр бермасди. Эҳтимол, у ҳамон кеккайиб юрган даврларини унутмагандир.
ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Кўчага чиққанда дарахтларни, буталарни, улар атрофида учиб юрган қушларни кўрасан. Қушларнинг айримлари баландроқ, айримлари пастроқ учишади. Пастроқда: қалдирғочлар, чумчуқлар, зоғчалар, қарғалар, фақат битта қуш осмону фалакда. Бу – бургут! У юксак осмонда, кўздан узоқда. Лекин у қанча баландда бўлмасин уйдан чиққан одамнинг нигоҳи биринчи навбатда бургутга тушади. Эҳтимол, юксакда ва узоқда бўлгани учун дарҳол кўзга ташланар. Кейин ўзингдан беш қадам нарида учиб юрган чумчуқларга назар соласан.
Лекин бургутни кўрганинг билан бургут бўлиб қолмайсан. Худди шундай қаҳрамон ҳақида ёзган ёзувчи қаҳрамонга айланмайди. Мен қаҳрамоннома ёзган кўплаб қўрқоқ шоирларни биламан. Агар тоғликларнинг мард ўғлони Маҳач Дохадаев қабридан бош кўтарса, у ҳақда диссертация ёзган «олим»га нима деган бўларди?
– Сен қандай қилиб менинг қаҳрамонлик йўлим ҳақида ёздинг, агар ўзинг муҳаррир олдида бирор иборангни ҳимоя қила олмаётган бўлсанг? Тўғри келган муҳаррир сенинг фикрларингни ўзи хоҳлагандай ўзгартираяпти. Сен уларга эътироз ҳам билдира олмаяпсан. Сенинг Маҳач Дохадаев ҳақида диссертация ёзишга ҳаққинг йўқ! – дерди агар тоғликларнинг мард ўғлони қабрдан бош кўтарса.
Айримлар ўйлайдики, катта мавзуларга қўл урсам бас, дарҳол буюк бўламан. Аммо буюкликнинг замини оддийликда. Ахир, бир томчи ёмғирда сел мудрайди. Буюк ва ҳақир одамлар ўртасида қандай фарқ бор? Ҳақирлар катта нарсаларни, улкан воқеаларни кўради, бурнининг остидаги нарсаларни пайқашмайди. Буюклар катта-кичик нарсаларни бирдай кўра олади, ўзгаларга қатрада Қуёш акс этишини тушунтириши мумкин.
ЭСДАЛИКДАН: Баъзан шундай бўлади, истеъдодли ёзувчиларнинг иши юришмай ғамгин кезади, истеъдодсиз, олғир қаламкашларга омад кулганидан босар-тусарини билмай қолади. Нега бундай бўлади, қачон шундай ҳол юз беради? Демакки, китобнинг бадиийлигига, қандай маҳорат билан ёзилганига эътибор берилмаган, аксинча, бошқа муаллифнинг ёзганларидаги хайрли ниятлари ҳаддан зиёд баҳолаб юборилган. Бундай ҳолларда ўргатувчилар ўрганувчилардан, товарлар харидорлардан, вайсақилар ёзувчилардан кўпроқ бўлади.
Айнан шундай олатасир замонда отам Шомил ҳақида катта достон ёзди. Достон энди чоп этилай деб турганда Шомилнинг Англия ва Туркия жосуси бўлгани тўғрисида гап чиқиб қолди. Бундан шундай хулоса чиқарилди: Шомил йигирма беш йил Доғистон халқлари озодлиги учун эмас, уларни чалғитиш учун жанг қилган.
Дарҳол отамнинг қаҳрамонлик достони устидан ҳукм ўқилди. Отамга шундай фаровон даврда қадим тарихни ковлаштирмасдан, ўқувчиларга манзур бўладиган замонавий мавзуларда асарлар ёзиш кераклиги тўғрисида маслаҳат беришди.
Ўша вақтда уйимизга отамнинг қувноқ дўсти Абутолиб тез-тез келиб турди. Ҳар гал у ўзи билан сурнай ва найини олиб келарди.
– Ҳамзат, кўпам ҳафа бўлаверма, – деди жойлашиб ўтирар экан Абутолиб ва сурнайини чалиб кўрди. – Ҳали шеър ёзмаган болалик давримда мен сурнай чалардим. Шу сурнайимни чалиб неча йил рўзғоримни тебратдим. Сурнайда сўралган мусиқани чалиш мумкин. Кел, шеъриятни бир лаҳза унутиб, ёшлигимизни эсга олиб мусиқа чалайлик. Мен сурнай чаламан, сен чилдирма чал, енгил тортасан.
– Нималар деяпсан, Абутолиб?! Агар биз чилдирмачилик ёки сурнайчилик қилсак бунинг сира уят жойи йўқ. Чунки сурнайчининг чалган куйига раққос ёки дорбоз ўйнайди. Сурнайчи ерда куй чалади, дорбоз дорда ўйин кўрсатади. Айт-чи, Абутолиб қайси бирига қийинроқ? Фақат ўша дорбоз – биз иккимиз. Улар мусиқа чалишиб, бизни раққос ёки дорбозга айлантиришмоқчи.
Қувноқ Абутолибни ғам босди, унга ҳамдард бўлиб сурнайи ғамгин нола таратди. У узоқ вақт индамасдан сурнай чалди, кейин бошини кўтариб деди:
– Шеър ёзиш – қийин иш экан!
Пастдай кўринади азим чўққи ҳам,
Мисоли чўзилсанг етади қўлинг.
Аммо тикка сўқмоқ бўйлаб юрган дам,
Қанча кўтарилма тугамас йўлинг.
Кимгадир шеър ёзиш осон туюлар,
Қалам олсанг бас, шеър ўзи қуйилар.
Аммо шеър ёзишдан, эй ғофил инсон,
Гоҳ чўққига чиқиш минг марта осон.
БУРГУТ БЎЛИШНИ ХАЁЛ ҚИЛГАН ҚУШЧА ҲАҚИДА ҲИКОЯТ. Отар тоғдан яйловга ҳайдалаётган пайт. Кутилмаганда осмондан бургут шўнғиди, битта қўзичоқни чангаллаб кўтарганча кўздан йўқолди. Буни кичкина қушча кўриб турганди. У ўйлади: нега мен бургут ишини такрорлай олмас эканман, қўзичоқ нима бўпти, қўчқорни ҳам кўтариб кета оламан. Қушча баландроқ учди, қанотини йиғиб пастга шўнғиди. Воқеа қушчанинг қўчқор шохига урилиши ва ўша заҳоти ўлиши билан якунланди.
– Қачондир пашша ҳам тошни юмалатмоқчи бўлган, – деди чўпон ўлган қушчани қўлига олар экан.
Ўзини бургутга тенглаштирган қушчани, охир-оқибат, пашшага ўхшатишди.
ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Мавзу – муҳаббат, мавзу – қасам, мавзу – тавба, мавзу – ибодат. Шарқликлар айтишади: ибодатни такрорлаган билан эскирмайди, ибодатни такрорлаган сайин имон бут бўлади. Мавзу ҳақида бундай фикр юритиш мумкин эмас. Чунки битта мавзуни такрорлайверсанг у майдалашади ва қадри тушади. Ахир, олмос қанча катта бўлса, шунча қиймати баланд. Кимга ҳам олмос кукуни керак?
Мен рус тили ўқитувчимиз Вера Васильевна ҳақида шеър ёзгандим. Кўрдимки, шеър ўқувчиларга ҳам, танқидчиларга ҳам ёқди. Хурсанд бўлганимдан шу мавзуда яна битта шеърни қораладим.
Бу шеърларимга энг тўғри қиёс шу: дастлабкиси бочкачадаги етилган винога ўхшаган бўлса, кейингиси виноси ичиб бўлинган шу бочкачани ювиб, тўкиб ташланаётган чайиндига ўхшади. Бу чайиндида винонинг ҳиди бор, мазаси йўқ. Етилмаган винони эски бочкачага солиб ҳам кўп сақланган вино деб ишонтириб бўлмайди. Яхшиси, мен баъзан москвалик дўстларимизни вино билан қандай зиёфат қилганимизни сўзлаб берай.
Биз кавказликлар туғилган юртимиздан Москвага қайтар эканмиз, қўлбола тайёрланган виномиздан оламиз. Дўстларни чақирамиз, бочкача очилади ва зиёфат бошланади. Бочкачадаги вино узоқ сақланган, тоза узумдан тайёрланган, сифатли. Винодан ичган дўстлар мақташади, бу ҳақда ўзларининг дўстларига сўзлаб беришади. Яхши винодан татиб кўришга эса, иштиёқмандлар кўп. Маълумки, ҳар қандай бочкачанинг туби бор. Шундай кезда уялиб қолмаслик учун гуноҳга ботишимизни билсак ҳам буфетдаги шишали винолардан сотиб олиб, бочкачани тўлатамиз. Кейин ҳақиқий қўлбола вино, ўзимизнинг боғдаги узумдан тайёрланган, деб мақтаймиз. Бизнинг айбимизни ошкор қиладиган вино шинавандалари бўлмайди. Фақат битта меҳмон винони ичиб кўргач, менга қараган ва бошини чайқаган. Бошқалари қанча кўп вино ичса, шунча маст бўлган. Қанча маст бўлса, винони шунча кўп мақтаган.
Менинг кейинги шеърим чекига ҳам шундай савдо тушди. Шеърни тушунадиган зукко ўқувчилар бошини чайқаб дейишди:
– Акаси бу иш бўйича Далағолов келиб кетганди.
Яна улар дейишди:
– Битта овулга битта тентак етади.
Шунда тушундимки, мен ҳам кекса ёғоч ўймакори қилган ишни қилибман. Яхшиси, мен бу уч воқеани тартиб билан ҳикоя қилиб берай.
Болалигимда бизнинг овулга ҳар куни газета ва хатлар солинган сумкани орқалаб почтачи Қурбонали келарди. У Эбут овулидан бўлиб, жуда ҳазилкаш эди. Почтани эгаларига тарқатиб бўлгач, у албатта отамнинг олдига тамаки чекиш ва суҳбатлашиш учун келарди. Билмадим, нима учун у суҳбатдош сифатида айнан отамни танларди. Чунки суҳбат мавзуси доим бир хил – уйланиш тўғрисида бўларди. Тўғрироғи, янгисига уйланиш ҳақида. Негаки, у ҳафта сайин уйланадиган, ой ўтмасдан ажрашадиганлар тоифасига кирарди.
Эсимда, эндигина ажрашган ва янги бева излаётган вақти эди. Гўё бир умр излаётган аёлини энди топганди. Чунки ҳар куни суҳбат давомида унинг гўзаллигини, ҳали ёш эканлигини, хушмуомалалигини мақтарди.
Бирдан ёш аёл ҳақидаги суҳбатлар тўхтади. Қурбонали ҳамон уйимизга келар об-ҳаво ҳақида, хўжалик ишлари тўғрисида гапирарди, ўртага жимлик чўкканда тўғри келган мавзуда сўзларди, лекин ёш аёл борасида миқ этмасди.
– Сен ўйлаб юрган ёш аёлингга уйландинг, шекилли, – деб сўради бир куни отам.
– Нималар деяпсан, Ҳамзат. Мен шундай ўйлаб юрган эканман, аёл эса умуман бошқача ўйлаган экан. Энди мен ёш бева топаман деб, бутун Доғистонни айланиб чиқсам керак.
Шундан кейин Қурбонали узоқ вақт кўринмади. Овулма-овул юриб ўзига ёш бева излагани кетди, шекилли. Бу вақтда почтани ўғли тарқатди. Ниҳоят, иши юришмайдиган ҳамиша бўйдоқ ёнимизга келди. Биз ундан ҳол-аҳвол сўрадик:
– Ишларинг қалай? Йўлинг равон, манзилинг яқин бўлдими?
– Эҳтимол йўлим равон бўларди, аммо ҳамма ёқни Далағолов дегани расво қилишга улгурибди.
– Қандай қилиб?
– Жуда оддий мен қаёққа бориб дардимни айтмай, жавоб бир хил бўлди: «Кечикдинг, оғайни. Бу иш бўйича Далағолов келиб кетганди».
Дарбиш Далағолов аварлардан чиққан донжуан эди. У 1938 йилда йигирма саккизинчи марта уйланганди.
Почтачи Қурбоналининг бу гапи одамлар ўртасида бир зумда тарқалди ва бутун Доғистонда шундай ибора пайдо бўлди: «Бу иш бўйича Далағолов келиб кетганди».
Энди битта тентак тўғрисидаги воқеа. Маълумки, ҳар бир овулда битта тентак бўлади. Бу бир ҳисобдан яхши. Агар овулда тентаклар кўп бўлса, бу ёмон. Агар тентак бўлмаса нимадир камдай туюлади. Тентаклар ҳам бир-бирини танийди ва бир-бириникига меҳмонга бориб туришади. Хунзах овулидаги тентак уйига Гортакол овулидаги тентак меҳмонга келибди.
– Тентакка, салом бердик.
– Тентакка, алик олдик.
Кейин меҳмондорчилик таомилига амал қилинган. Печка ёнига ўтиришган, ейишган, ичишган. Учинчи куни гортаколлик меҳмон уйига қайтмоқчи бўлган. Мезбон тентак меҳмондорчилик таомилига кўра ҳурмат билан кузатган: совға берган, овулнинг чеккасигача бирга борган. Тентаклар қучоқлашиб хайрлашган.
Меҳмондорчилик таомили тўлиқ бажарилди. Собиқ меҳмон овули томон қадам ташлаши билан унга нисбатан истаган муомалани қилиш мумкин, чунки у энди меҳмонинг эмас. Хунзахлик тентак гортаколлик тентакка бир сакрашда етиб олиб, қулочкашлаб туширган.
– Нега мени уряпсан, тентак?
– Менинг уйимга меҳмонга келма. Билмайсанми, битта овулга битта тентак етади.
Баъзан шу воқеани эсласам, хаёлимга беихтиёр шундай фикр келади: эҳтимол, битта овулга битта доно етади.
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Бадавлат хон бир камбағалдан сўради:
– Ўрдакнинг қайси жойидаги гўшти ширин бўлади? Агар тўғри маслаҳат берсанг, совға бераман. Агар нотўғри маслаҳат берсанг, қамчилайман.
– Орқаси, – ўйлаб ўтирмай жавоб берди камбағал.
Ўрдак гўштини пиширишни буюрди. Хон татиб кўрди, гўшт ёқди, камбағалга совға берди. У иккинчи камбағалдан сўради:
– Буқа гўштининг қайси жойи ширин бўлади?
Иккинчи камбағал ҳам совға илинжида биринчи камбағалнинг гапини такрорлади:
– Орқаси.
Хон гўштни пиширтириб татиб кўрди ва маслаҳатчини қамчиси билан савалади.
Афсуски, ҳар хил сабаб топиб, ўйлаб ҳам ўтирмай бир-бирини такрорлаётган ёзувчиларни қамчилаш мумкин эмас.
ЭНДИ УНЦУКУЛ ҲАССАСИГА БИТИЛГАН ЁЗУВ ҲАҚИДА. Москвалик адабиётшунос Владлен Бахнов оқсагани учун ҳассага таяниб юрарди. Мен Доғистонга таътилга кетар эканман, унга унцукуллик усталар ясаган чиройли ҳассадан олиб келишга ваъда бердим. Уйга келишим билан Унцукулдаги таниш ёғоч ўймакорига илтимосномани баён этиб мактуб йўлладим. Ўймакор отамнинг қадрдони, кекса усталардан бири эди, чиройли ҳасса тайёрларди. Энди мен ҳассага қандай ёзув ўйдириш ҳақида ўйлай бошладим. Шу даврда марказий газеталардан бирида адабиётшуносликка оид катта мақола эълон қилинди. Бу мақола «Танқид ўрнига калтак», деб номланарди.
– Ўҳў, – ўйладим мен, – москвалик адабиётшуносга шундай ёзув ўйдириш керак.
Икки ҳафтадан кейин ҳасса тайёр бўлди. У Унцукулда тайёрланган ҳассаларнинг сараси эди. Ҳассада қуйидаги ёзув яққол кўзга ташланиб турарди: «Вл.Бахновга. Танқид ўрнига калтак. Расул Ҳамзатовдан».
Сизга маълумот сифатида шуни айтишим керак, Унцукулда тайёрланган ҳассалар Маҳачқалъа, Пятигорск ва Кисловодскдаги ёдгорлик магазинларида, тоғдаги овулларнинг бозорларида сотилади.
Бир неча ой ўтгач, шу савдо шохобчаларида бир хил ёзувли ҳассалар пайдо бўлди: «Вл. Бахновга. Танқид ўрнига калтак. Расул Ҳамзатовдан». Эҳтимол, дам олувчилар бу ҳассани совға сифатида сотиб олар экан ҳайрон қолишгандир. Улардан кўра ўзим кўпроқ ҳайрон қолганим бор гап.
Маълум бўлишича, менга шундай ҳассани тайёрлаб берган кекса уста рус тилини умуман билмас экан. У ўйлаб ўтирмай мен қоғозга ёзиб берган сўзларни ўзи тайёрлаган ҳассаларга кўчираверибди. Уста ўйлаганки, шоир ҳассага шундай ёзув ўйдиришни истадими, демак унда қандайдир улуғ ҳикмат бор. Агар шундай бўлса, нега бошқа усталар ўзлари тайёрлаган ҳассаларга ўша ёзувни ёзишмади?
Кекса устани айблаш мумкин эмас. У соддадиллик билан меҳр қўйган шоирига ишонди. Аммо биз – тажрибали адабиётшунослар ўша соддадил устага ўхшаб қолмаяпмизми?
МАВЗУ ҲАҚИДА ХУЛОСА ЎРНИДА НИМА ДЕМОҚЧИМАН. Шундай мавзу борки, уни такрорлаганинг сайин ибодатдай имонингни бут қилади, кўнглингни ўстиради, маънавиятингни бойитади.
Бу мавзу – ибодат, бу мавзу – Ватан!
Агар болаларни шўхликлари учун жазоламоқчи бўлсангиз, тоғликлар одатига кўра истаган жойига уришингиз мумкин, лекин юзига қўл тегизиш мумкин эмас. Тоғликларнинг ёзилмаган қонуни шу: инсон юзи дахлсиздир.
ДОҒИСТОН – менинг юзим. Ҳеч кимнинг менинг юзимга дахл қилишига йўл қўймайман!
Тоғликлар унча-мунча гапга жанжаллашмайди. Ҳақорат қилишса ҳам чидашади ёки ҳақоратли сўзларга ҳақоратли сўзлар билан жавоб қайтаришади. Агар ҳақоратли сўзлар ўзларига қаратилган бўлса, улар шундай айтишиб тураверишлари мумкин. Бироқ ҳақоратли сўзлар онасининг ёки опа-синглисининг шаънига тегиб кетса борми, қўллар ханжар томон чўзилади.
ДОҒИСТОН – сен менинг онамсан! Мен билан баҳслашмоқчи бўлганлар, шуни доим ёдда тутинг. Мени хафа қилиш мумкин – барига чидайман. Бироқ менинг Доғистонимга тил тегиза кўрманг.
ДОҒИСТОН – менинг муҳаббатим, менинг қасамим, менинг тавбам, менинг ибодатим!
ДОҒИСТОН – ҳаётимнинг мазмуни, барча шеърларимнинг бош мавзуси!
Баъзан мендан фақат сенинг ўтмишингни, анъана ва урф-одатларингни, афсона ва қўшиқларингни, байрам ва тўй-ҳашамларингни, жангнома ва кулфатда билинган дўстларингни, садоқатли муридлар ва вафодор беваларингни, қатъиятли ўсмирларинг ва мушфиқ оналарингнинг кўз ёшларини сўзлаб беришимни сўрашади.
Баъзан мендан фақат ҳозирги кунингни, жамоа хўжаликларинг ва завод-фабрикаларингни, кутубхоналаринг ва театрларингни, меҳнатда кўрсатаётган қаҳрамонликларингни ҳикоя қилишимни сўрашади.
Мен сенинг ўтмишинг ёки ҳозирги кунинг ҳақида алоҳида-алоҳида сўзлай олмайман. Мен учун битта Доғистон бор. У сен ўзингсан асрлар синовидан мардонавор ўтиб келган Доғистоним. Менинг юрагимда сенинг ўтмишинг, ҳозирги кунинг ва келажагинг бирлашиб кетган.
Бошқа замин ва давлатлар тарихи қон билангина эмас, сиёҳ билан ҳам аскарлар ва саркардалар, ёзувчилар ва муаррихлар томонидан оппоқ қоғозларга ёзиб бўлинган. Доғистон тарихини эса, қиличлар билан тошларга ёзишган. Фақат йигирманчи асрдагина Доғистон қўлига қалам тутқазишган.
Доғистоннинг мард ўғлонлари қони тўкилган, хоки қўшилиб кетган қадимий жанггоҳлардан ўтдим. Жамоа хўжаликларидаги буғдой ва бошқа дон сепилган майдонлар мендан асло ранжиманг. Ахир, мен Доғистоннинг ҳозирги куни ҳақида ёзганимда ўтмишини сира ранжитган эмасман.
Мен узоқ давлатлардан қайтганимда тоғликлар қуршаб олишиб, кўрган-кечирганларим тўғрисида сўрашади. Улар атрофимда давра қуришиб, сўзларимни диққат билан тинглашади. Франциями, Ҳиндистонми, Япониями, Туркиями, бошқа давлатми, улар ҳақидаги хотираларимни уч соатча сўзларман, кейин ўз-ўзидан Доғистон тўғрисида гапира бошлайман. Мен Доғистон ҳақида сўзлайман, тоғликлар бу ҳақда биринчи марта эшитаётгандек қулоқ солишади. Ҳолбуки, уларнинг ўзлари мен сўзлаётган Доғистон!
Маҳмуд буюк шоиримиз эди. Шеъриятининг бош мавзуси Марямга бўлган бахтсиз муҳаббатидир. Қадрдон дўсти ўғил кўрганда Маҳмуддан алла ёзиб беришини сўради. Маҳмуд алла ёзишга уриниб кўрди. Афсуски, Маҳмуднинг алласини тинглаган чақалоқ ухлаш ўрнига баттарроқ йиғлади. Бошқа дўсти хотини вафот этганда, Маҳмуддан марсия ёзиб беришини сўради. Маҳмуд марсия ёзишга уриниб кўрди. Афсуски, Маҳмуднинг марсиясини тинглаган одамлар кўзларига ёш олишмади, баъзи бировлари жилмайиб қўйишди.
Аммо одамлар Маҳмуднинг Марямга бўлган бахтсиз муҳаббатига бағишланган қўшиқларини тинглашганда ҳамон кўзларига ёш олишади. Ҳа, Марям Маҳмуднинг бош мавзуси эди. Менинг бош мавзуим эса Доғистондир. Менинг муҳаббатим чексиз ёки арзимасдир, мен билган ҳақиқат теран ёки соддадир, туйғуларим кўҳна ёки замонавийдир, аммо мен бари бир сен ҳақингда ёзаман, Доғистон! Мен сен ҳақингда ёзиш учун қалам олсам ҳамон ҳаяжонланганимдан қўлим қалтирайди.
ОТАМ АЙТАРДИ: Агар полиз йўл устида бўлса, ўтаётган йўловчи пишмаган тарвузни ҳам ёриб кўради.
ДЕЙДИЛАР: Кўтаришга кўзинг етмайдиган тошни кўтаришга уринма, сузиб қайта олмайдиган жойгача сузиб борма.
ДЕЙДИЛАР: Агар сув тўпиғингдан келса, шимингнинг почасини тиззанггача кўтарма.
Ж А Н Р
Доно ҳикмат айтиб, тентак
эса бақириб ҳайрон қолдиради.
Баҳор келса – қўшиқ куйла,
Қиш келса – эртак сўйла.
Мана мен тоғ қаршисидаман, ундан ошиб ўтишга чоғланаяпман. Учқур тулпорим тоғнинг исталган сўқмоғидан олиб ўтишга қодир. Тоғ – менинг мавзуим, тулпор – менинг воситам, таъбир жоиз бўлса ифода тилим.
Мен тоғликман, аждодларим ҳар доим тўғри сўқмоқни танлашган. У тик, хавфли, аммо энг қисқа сўқмоқ бўлган… Бу сўқмоқдан ўтаётиб ҳалокатга учраш ҳам мумкин, бироқ мақсад манзилига тезроқ етказган.
Ёки мен қалъа қаршисидаман, уни забт этишга чоғланаяпман. Жанг пайтида панд бермаган ажойиб қуролим ҳам бор. Қалъа – менинг мавзуим, қурол – менинг воситам, таъбир жоиз бўлса ифода тилим. Энди метин қалъани талафотсиз эгаллаш йўлини танлашим лозим: ё қўққисдан ҳужумга ўтишим, ёки қамал қилиб пайт пойлашим керак.
Айтайлик, тариқ экилган дала бор, тоғда эса жилға. Ана шу жилға сувини қандай қилиб далага олиб келиш мумкин?
Уйда ўтин бор. Гап тушликка қандай таом тайёрлашда қолган.
Муҳаррир менга ёзган мактубида исталган жанрни танлашимга рухсат берганди: ҳикоями ё қисса, шеърми ёки мақола. Лекин танлаш имконияти қанча кўп бўлса, танлаш шунча қийин.
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Адабиёт институтига кирганимда, биринчи босқичда йигирмата шоир, тўртта ёзувчи ва битта драматург эдик. Иккинчи босқичда ўн бешта шоир, саккизта ёзувчи ва битта драматург ва битта танқидчи бўлдик. Учинчи босқичда саккизта шоир, ўнта ёзувчи, битта драматург ва олтита танқидчига бўлиндик. Охирги – бешинчи босқичда битта шоир, битта ёзувчи, битта драматург қолдик, бошқалар танқидчи бўлиб кетишди.
Эҳтимол, бу бўрттириб тўқилган латифадир. Аммо унда ҳаёт ҳақиқати мужассам. Негаки, кўпчилик ижодини шеър тўқишдан бошлайди, кейин насрга, кейин драмага, кейин мақола ёзишга ўтади. Ҳозир киносценарий ёзиш урф бўлиб бораяпти.
Шоҳлар баъзан маликаларини фарзанд кўрмаганликда айблаб ўзгартиришади. Бир неча марта уйлангандан кейингина айб маликаларда ё фарзандсизликда эмаслигини тушуниб етишади. Чунки уларнинг кўзи тушади, шу атрофда яшаган деҳқон умри бўйи бир аёл билан тирикчилигини ўтказаяпти ва лекин бир этак болалари ҳам бор.
Мен шундай ўйлайман: вино ич, лекин ўзингни нон ейишдан тийма. Қўшиқ куйла, лекин эртакларни ҳам тингла. Шеър ёз, лекин ҳикояни олдингга солиб ҳайдама.
НАСР. Эсимда, онам болалигимда ухлатишга ётқизар экан, алла айтарди. У битта аллани такрорларди, бошқасини билмасди. Отам таниқли шоир бўлса ҳам ўз болаларига атаб алла ёзиб бермаганди. Онам ҳар хил воқеа-ҳодисаларни ҳикоя қилиб беришни хуш кўрарди. Агар аллани онамнинг шеърияти деб айтадиган бўлсак, ҳикоялар унинг насри эди.
Отам шеърият ҳақида суҳбатлашишни ёқтирмасди. Менимча, у шеър ёзишни жиддий иш ҳисобламасди. У томорқадаги ерни ағдаришга, уй-жойни тузатишга, мол-ҳолга қарашга, томдаги қорни курашга, чақиришган пайт овул ва туманга боғлиқ ишларни бажаришга жиддий ёндошарди.
Отам шеърни ёзиб бўлгач, унинг қаерда чоп этилишига қизиқмасди. Марказий газетами ёки овулдаги деворий газетами, унга бари бир эди. Ҳатто шеърларини деворий газетада чиқаришса кўпроқ қувонарди.
У Анасил Муҳаммаднинг севги куйчиси сифатида танилган ўғли Маҳмудга айтган гапини тез-тез такрорлаб турарди. Айтишларича, ёр ҳажрида саргардон кезиб қийналган, ҳижрон қўшиқларини ёзиб эзилган афтодаҳол Маҳмуд уйга келиб ейиш учун бирон нарса сўраган, отаси эса хотиржам жавоб қайтарган:
– Шеърларингни егин, севгини куйла. Мен сенинг ўрнингга томорқада ишлашдан чарчадим.
Албатта, қушлар сайраб туришлари керак, лекин уларнинг асосий вазифаси уя қуриш, овқат топиш, палапонларини боқишдир.
Гўё отам ўз шеърларига қушларнинг сайрашига қарагандай қарарди. Сайроқи қушнинг овози ёқимли, жарангдор, лекин бу жуда муҳим нарса эмас. Отам учун шеър эрталаб учрашганда айтиладиган «Ассалому алайкум», ухлашдан олдин айтиладиган «Хайрли кеч» сўзларидай, байрамларда билдириладиган табриклардай, бошга мусибат тушганда кўнгил сўрашдай одатий ҳолат эди. Ҳар бир шоир ўзига хос феъл-атворга эга, деган гап бор. Отам феъл-атворига кўра тоғлик эди. У тоғликларга ўхшаб давраларда шошилмай суҳбат қурарди, даврадошлари айтиб бераётган воқеаларни, ҳикоятларни бўлмасдан охиригача тингларди. Бари бир яна гап айланиб насрга келди.
Отам ўзининг ёзган дастлабки шеърларини машҳур шоир Маҳмудга кўрсатибди. Шеърларни ўқиб, ажабланиб, шоир шундай деган экан:
– Тушунмадим, сира тушуна олмасам керак, қандай қилиб сигирлар, тракторлар, кучуклар, Хунзах овулидаги сўқмоқлар ҳақида шеър ёзиш мумкин?
– Унда нима ҳақида шеър ёзай, – деб сўрабди отам.
– Севги ҳақда, фақат севги ҳақда ёз. Севги қасрини қуришимиз керак.
МАҲМУДНИНГ ШЕЪРИ:
Замин узра севги қасрин айладим бунёд,
Фақатгина унга ўзим сиғмадим, ҳайҳот.
Ёр кўнглига йўл топай деб кўприклар солдим,
Улар бир-бир қулаб тушди, қолдим бенажот.
Отам севги қасри қурмади, бундай бунёдкорлик ҳақида ўйлаб ҳам кўрмади. Унинг ўй-хаёлида уй, оила, болалар, овул, от, мамлакат, дунё, замин, осмон, Қуёш, ёмғир, майса бўлди ва улар шеърий мисраларга айланиб қоғозга кўчди.
Тўғри, у бир гал севги ҳақда, ёр ҳақда шеър ёзганди. Бироқ бу шеърни ҳеч ким ўқий олмаслиги учун араб тилида қоғозга туширганди. Чунки бу шеър ёлғиз ўзига ва ёрига бағишланганди.
Ҳа, отам шошилмасдан ҳикоятлар сўзлашни ёқтирарди. Эсимда, кечки салқин тушган пайтлари тиззасига мени ўтқазиб, пўстини билан ўрарди ва ҳикоясини бошларди. У узоқларга кетиб қолган одамлар ва шу заминда яшаётган овулдошлар ҳақида сўзларди. У йўллар, дарёлар, қийғос бўлиб очилган гуллар ва уларга нима учун асаларилар учиб келиши ҳақида сўзларди. У Қуёш қандай чиқиши ва ботиши ҳақида сўзларди. У маънавият, урф-одатлар, жанг олди қасамёдлари ҳақида сўзларди.
Отам осмонга бирров қараб олиб, эртага ёмғир ёғадими ёки кун очиқ бўладими, дарҳол айтиб берарди. Агар бизда ёмғир томчиси кўлобга айлана ҳосил қилиб тушса, Телега овулида Қуёш чарақлаб турганини, Хунзах овулида эса дўл ёғаётганини яхши биларди.
У менга тариқ бошоғида қанча дон бўлишини, нима учун осмонда чиройли камалак ҳосил бўлишини шошилмасдан тушунтирарди.
Агар овул четида йўловчи кўринса, у нима мақсадда йўлга чиққанини ва кимнинг уйида тунаб қолишини батафсил сўзларди…
Отам буларни нега айтиб берди экан? Ундан кўра қоғозга туширса бўлмасмиди? Улар шоир Ҳамзат Цадасанинг насри бўлиб қоларди.
Ҳаёт ва ҳикоя! Бу тушунчалар отам учун бир хил мазмунга эга эди. У фикрлаш деганда ҳикояни, ҳикоя деганда фикрлашни тушунарди. Шеъриятни эса қайсар юракка ўхшатарди.
Отам ўз ҳикояларини қоғозга туширганда яхши бўларди. Чунки мен улғайганимдан кейин биринчи навбатда юрагимга қулоқ солдим. Агар осмонда қуш учиб ўтаётган бўлса, мен уни осмондаёқ ушлаб олгим, яъни шеърларимга кўчиргим келди. Отам ҳар қанча ҳаракат қилмасин болалигимда тинглаган ўша ягона аллани ҳамма нарсадан, барча ҳикоялардан яхши кўрардим.
Болалигим қўшиқ айтиб ўтди, ўсмирлигим қўшиқ айтиб ўтди, қўшиқ айтиб улғайдим, мана қўшиқ айтиб сочларимга оқ тушди.
Мени тақдир қайга бошламасин, қайси қўшиқларни куйламай, бургутлар учиб келиб қўнишини кутаётган қояларни кўрдим, доим қушлар учиб келиб уя солишини кутаётган уйлар ёнидан ўтдим, шунингдек, шоир келишини кутаётган насрга ҳам кўзим тушди.
Мана, мени кутган қоя устидан тушдим, эшикни ҳам тақиллатдим, у очилиб уйга таклиф этишларини истайман. Тушундимки, ҳаётда кўрганларимни, ўйлаган ва ҳис этган нарсаларимнинг ҳаммасини тўлалигича шеърда ифодалай олмайман.
Тушундимки, бу қўшиқ эмас, тик туриб айтиладиган, наср ёзиш учун енгни шимариш, столнинг ёнига стул қўйиб ўтириш лозим, кечаси уйқу босмаслиги учун аччиқ чой дамлаш ва соатнинг қулоғини бураб қўйиш керак.
Агар ниҳоллар аввалдан тартиб билан экилган бўлса, пойдевор тўғри қўйилган бўлса, уй қурилишида хавотирга ўрин йўқ. Мен эса ёзганларим кейинчалик нима деб номланишини билмайман: ҳикоями, қиссами, эртакми, ривоятми, афсонами ёки оддий мақолами?..
Эҳтимол, айрим муҳаррир ва танқидчилар ёзганларимни ўқиб чиқиб, бу роман ҳам, қисса ҳам, эртак ҳам, умуман ҳеч нарса эмас, дея таъна қилишар. Бошқа муҳаррир ва танқидчилар эса, унисидан ҳам, бунисидан ҳам, умуман ҳаммасидан бир чимдим бор, дея кулиб қўйишар.
Ҳеч қайсингизга эътироз билдирмайман, олдин ўйлаганларимни ёзиб олай. Тугатганимдан кейин уни нима деб атасангиз ҳам майли. Мен китобий қонунлар асосида эмас, юрагим буюрганини қоғозга тўкаяпман.
Ўзимча ўйлайман: агар қозонга гўшт, гуруч, мевани солиб қайнатсам, бирданига туз ва асални қўшсам таомнинг мазасини бузиб қўймайманми? Ёки аксинча, ўзига хос мазали таом бўладими? Яхшиси, бу ҳақда таомдан татиб кўрганлар айтишсин.
Менинг хотираларим, менинг орзу-армонларим, менинг эртакларим! Эсимда, болалигимда отамнинг, акаларимнинг уйга қайтишларини кутиб қиш кечалари узоқ вақт ухлай олмасдим. Мен эшик ғирчиллаб очилишини кутиб ётардим. Худди соат тўхтаб қолгандай, вақт ўтмасди.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?