Текст книги "МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ"
Автор книги: ҲАМЗАТОВ РАСУЛ
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 7 (всего у книги 26 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]
Шундай кечаларда бобом ёнимга ўтириб, секингина ҳикоя бошларди. Гоҳ қўшиқ хиргойи қиларди, гоҳо эртак айтарди. Гоҳ ибратли, гоҳ қизиқ, гоҳ кулгили, гоҳо қўрқинчли воқеаларни сўзларди. Мен вақтни унутардим, қулоғимга фақат бобомнинг овози кирарди, кўз олдимда у тасвирлаётган воқеалар гавдаланарди. Отам ва акаларимнинг қайтиши бобомнинг сўзини бўларди. Шунда мен воқеанинг қизиқ жойида бўлинганига ачинардим.
Кейинроқ ўзим ҳам улғайганимда, ўзга юртлардан отамдай, акаларимдай уйга шошиб қайтаётганимда юрагим тобора тезроқ ураётганини сезардим, хаёлимда олдда босиб ўтишим керак бўлган дараларни санардим. Шунда қайсидир йўлдош эртак ёки ривоят, ўзи кўрган ёки бировдан эшитган қизиқарли ҳикояни бошлаб қоларди. Мен тинглай-тинглай манзилга етганимда ҳикоячининг гапи охирига етмаганига афсусланардим.
Отам саломимга алик олгач, сўрарди:
– Тоғдан эсон-омон ўтдингми, дараларни қор қопламабдими?
Шунда мен на тоққа, на дараларга, на қорга эътибор бермаганимни сезиб қолардим. Ёдимга сўзамол йўлдошимнинг гаплари келарди. Унинг ҳикояси менга тик довонни равон, қорли кунда мушкулимни осон қилган экан.
Менинг ҳикояларим, менинг таассуротларим! Сиз ҳам қачонлардир қишнинг узун кечаларида қорли сўқмоқлардан уйи томон шошиб кетаётган йўловчиларнинг манзилини яқин қила олармикансиз?
Шўрвани мазали қилиш учун хушбўй кўкатлар қўшилгандай, мен ҳам ўз эсдаликларимга керакли ўринларда бир-иккита шеър, мақол, ҳикоят киритаяпман.
Танлух овулидаги қизлар лаби атрофига иккита кичкина хол қўйишади. Менинг насримдаги бу қўшимчалар қизлар юзидаги ўша холлардай ярашиб турган бўлсин.
Тошлардан текис қилиб терилган девор ёнига, гўё мен ён дафтарчамдаги хотираларни тераяпман. Маълумки, девор тиклашга ҳамма тошни ҳам ишлатиб бўлмайди. Мен кераксиз тошни ишлатиб ҳикояни давом эттираётганимда, баъзан диндорлар бошидан кечирадиган ҳолатга тушаман: таҳорат бузилган, лекин ибодатни тўхтатмаяпман. На чора, ҳикояни тўхтатиб ўша ўрнини топмаган тошни олиб ташлайман.
Шундай, мен суронли шеърият ва қўшиқлардан осойишта насрга ўтаётирман. Мен-ку вақтинча қўшиқлар билан хайрлашдим, лекин улар мендан ажралгиси келмайди. Агар мизғишга чўзилсам, улар мулойим мушук каби кўрпамнинг бир четидан кириб келади. Худди эрталабки қуёш сингари деразамни очишим билан уйимга нурларини сочади. Гўё қадаҳ тубидаги энг сўнгги тотли қултум каби менинг симиришимни кутади. Гина қилиб сўзлашмай юрган аёлдай ҳар доим йўлимни пойлайди. Ниҳоят, сабри тугаб йўлимни тўсиб сўрайди:
– Сен мени шундай ташлаб кетмоқчимисан. Ўйлаб кўр, сен менсиз яшай олмайсан. Сен салқин ўрмонда яшашга ўрганган қўтоссан. Сен муздай ирмоқларда сузган лососсан. Наҳотки, сен ўзингга тинч кўл суви ёқиб қолади деб ўйласанг? Агар мендан жуда кетгинг келаётган бўлса, кел бир лаҳза юзма-юз ўтирайлик.
ШЕЪРИЯТ, мен сени ҳеч қачон ташлаб кета олмайман. Қандай қилиб, оғриқларимдан кейин кўз ёшларим билан қуйилган шодликларимдан воз кечаман?!
Сен барча ўғил кутаётган пайтда туғилган қиз болага ўхшайсан. Ҳа, сен туғилиши билан яқинларига мурожаат қилган ўша қиз боласан: «Яхши биламан, сиз менинг туғилишимни кутмагандингиз ва ҳеч қайсингиз ёқтирмайсиз. Илтимос, менинг улғайишимга, чирой очишимга, сочларимни ўстириб кокил қилиб тарашимга ва қўшиқлар куйлашимга имконият беринг, ўшанда кўрамиз, ер юзида мени севиб қолмайдиган одам топилармикан?»
ШЕЪРИЯТ!..
Ишлар бор, ишдан сўнг ўйламайсан ҳам,
Гоҳ оддий туюлар саёҳат-роҳат.
Сен менга саёҳат ва ундаги дам,
Сен менга оромсан ва оғир заҳмат.
Сен бошимда онам алласи бўлдинг,
Баҳор, мардлик бўлиб сингдинг шуурга.
Сен оташ ишқ билан бирга туғилдинг,
Ишқ эса туғилган мен билан бирга.
Ёш пайтим онамдай бўлдинг меҳрибон,
Навқирон давримда суюкли дилдор.
Кексайсам, қизимдай асрашинг аён,
Агар ўлсам, мендан қолурсан ёдгор.
Сен гоҳо чўққисан, гоҳо лочиним,
Учсам қанотимсан, баҳсда исботим.
Сени ўйлаганда йўқолар тинчим,
Сенга бахшидадир борим, ҳаётим.
Қайда тугайди иш ва бошланар дам,
Қайда оз муддатли саёҳат-роҳат.
Сен менга саёҳат, чўққисан ҳар дам,
Сен менга оромсан ва оғир заҳмат.
ОТАМ АЙТАРДИ: Эзмани тўхтатиш учун сўз навбатини ҳурматли нуроний ёки меҳмон олиши керак. Шундай кейин ҳам у сафсатасини тўхтатмаса, қўшиқ бошланглар. Агар қўшиқ ҳам унга таъсир қилмаса, истиҳола қилмасдан ёқасидан олиб кўчага чиқариб ташлашингиз мумкин. Умуман олганда, қўшиқ куйлашга халақит берадиган эзмага мушт туширса ҳам бўлади.
ШЕЪРИЯТ, ўзинг жуда яхши биласан, сен ҳақингда қанча гапирган билан бадиийлигинг ошиб яхши бўлиб қолмайсан. Қандай қилиб, гаплар билан қўшиқни улуғлаш мумкин? Қандай қилиб, чойнак жўмрагидан сув қуйиб тоғ жилғасининг шиддатини ошириш мумкин? Қандай қилиб, пуфлаб шамолни кучайтириш мумкин? Қандай қилиб, бир бўлак қор ташлаб қорли тоғни улуғвор қилиш мумкин? Наҳотки, кийим бичимини ўзгартириш ёки мўйловни тарашлаш билан онанинг ўғлига бўлган меҳрини ошириб бўлса?!
ШЕЪРИЯТ, сенсиз мен етим бўлиб қолардим.
ШЕЪРИЯТ!..
Сенсиз дунё ўхшарди гўё,
Қуёш нури тушмаган ғорга.
Ё юлдузсиз сим-сиё само,
Ё бир ошиқ зору зор ёрга.
Сенсиз дунё ҳаёт йўқ уммон,
Суви музлаб гезариб қотган.
Сенсиз дунё гулсиз бир макон,
Булбулларсиз ҳувиллаб ётган.
Сенсиз дунё баргсиз бир дарахт,
Бошида қиш, унга ёт баҳор.
Сенсиз башар ғариб ва бебахт,
Куйламас, куй бўлмайди зинҳор.
АВАРЛИКЛАР АЙТИШАДИ: «Шоир дунё пайдо бўлмасидан юз йил аввал яралган». Бу билан улар агар шоир дунёни яратишда иштирок этмаганида бунчалар гўзал бўлмасди, дейишмоқчи.
Биз оилада беш фарзанд – опам ва тўртта ака-ука эдик. Опам ҳаммамиздан катта бўлгани учун барча тоғлик аёллар каби унинг пешанасига ҳам меҳнат, ташвиш ва кўз ёш тўкиш ёзилган экан. Шу боис отам бизга тез-тез такрорлаб турардилар.
– Сиз тўрттасиз, опангиз эса ёлғиз. Уни асранглар, ҳар доим ғамхўри бўлинглар. Ер юзида сизга опангиздан яқинроқ одам йўқ.
Ҳақ гап, опам – менинг энг яқин меҳрибоним. Бироқ менинг иккинчи опам ҳам бор. Билмайман, уларнинг қайси бири менга қадрдонроқ. Менинг иккинчи опам – ШЕЪРИЯТ. Мен усиз яшай олмайман.
Баъзан ўз-ўзимдан сўрайман: унинг ўрнини нимадир боса оладими? Мен учун дунёда бошқа қадрдон нарсалар ҳам бор: тоғлар, қор ва жилға, ёмғир ва юлдузлар, Қуёш ва нон… Бироқ тоғлар, ёмғир, Қуёш шеърият билан, шеърият эса улар билан улуғвордир. Чунки шеъриятсиз тоғлар тошлар уюмидан иборат тепаликка, ёмғир намликни орттирадиган ва кўлмак ҳосил қиладиган суюқликка, Қуёш эса иссиқлик таратувчи осмон жисмига айланиб қоларди.
Яна ўз-ўзимдан сўрайман: шеъриятнинг ўрнини бошқа бирон нарса боса оладими? Тўғри, чексиз замин, қушлар сайроғи, мовий осмон, безовта юрагимнинг дук-дуклаши бор. Бироқ шеъриятсиз улар ўзларининг гўзал кўринишини намоён этишармиди? Ахир, шеъриятсиз олис мамлакатлар ўрнида географик ҳудудлар, қушлар сайроғи ўрнида нарнинг макиёнига табиий эҳтиёж юзасидан қилган изҳори, мовий осмон ўрнида турли газлар аралашмаси, безовта юракнинг дук-дуклаши ўрнида организмда қон айланиши деган тушунчалар қоларди, холос.
Тўғри, нафосат, яхшилик, раҳмдиллик, муҳаббат, гўзаллик, ватанпарварлик, ифтихор, нафрат каби тушунчалар бор. Бироқ шу тушунчалар туфайли шеърият пайдо бўлганидай, бу тушунчалар шеърият туфайли улуғвор. Улар шеъриятсиз, шеърият уларсиз мавжуд эмас.
Менинг шеъриятим ўзлигимни яратаяпти, мен эса шеъриятимни яратаяпман. Биз бир-биримизсиз ўликмиз, аниқроғи мавжуд эмасмиз. Менинг танимда ҳам суяклар ва мушаклар бор. Ташқаридан қараган одам қайси суягим бутун ва мустаҳкам, қайсиси синган ва битиб кетганини билмайди. Аммо рентген нурлари танамдан ўтганда менинг суякларим тўғрисида бегоналарга ҳам тўлиқ маълумот беради.
Менинг қалбим ҳис-ҳаяжонлари қовурғамга, умуртқамга, ёки ўпкамга нисбатан янада ичкарироқда ва янади мустаҳкамроқ ҳимояланган. Лекин шеърият нурлари қалбимни ёритади ва ундаги ҳар бир ҳис-ҳаяжон ўзгаларга ошкор бўлади. Ҳа, менинг қалбим сизга кафтдагидай намоён, шеъриятнинг сеҳрли нурлари туфайли ўзгалар уни аниқ-тиниқ кўришади.
Компьютерда минглаб қисм ва симлар бор. Унинг дастурига кўплаб сонлардан иборат мураккаб масалани ечишни жойлаштирдингиз. Электр токи компьютернинг сон-саноқсиз қисм ва симлари бўйлаб ҳаракатга тушади. Компьютерда кечаётган бу жараёнларни ҳеч бир кўз кўрмайди, ҳеч бир ақл тасаввур қилолмайди. Бироқ мониторда жавоб – масаланинг ечими пайдо бўлади.
ХУДДИ ШУНДАЙ, менинг танамдаги сон-саноқсиз томирларимдан қандай таассурот, қандай муҳаббат, қандай нафрат оқаётганини ҳеч ким билмайди. Ижодкор қалбимда кечган мана шундай минглаб туйғуларимнинг ҳосиласи охир-оқибат қоғоз узра шеърга айланади.
Мен кўп мамлакатларда кезганман. Баъзан пиёда, баъзан отда, баъзан поезд купесининг юқори полкасида ухлаш учун чўзилдим, баъзан автомобилда йўлимни давом эттирдим.
Мени отда ёки пиёда кетаётганимни кўрган одамлар шундай ўйлаган бўлишлари мумкин: Мана Расул Ҳамзатов. Бир ўзи кетаяпти. Ёлғизликдан зерикаётгандир. Бироқ мен ҳеч қачон ёлғиз ўзим қолмаганман. Ҳар доим мен билан бирга опам – Шеърият бўлган. Биз бир-биримиздан бирон лаҳзага ҳам ажрала олмаймиз. Ҳатто тушларимда ҳам шеър тўқийман, ё аввал ёзган шеърларимни эслайман, ё бошқа шоирларнинг шеърларини ёддан ўқийман.
Авваллари дунёда шоирлар жуда кам деб ўйлардим. Шубҳасиз, шоирларга ўзгалар даврасида бўлиш қийин. Ҳар кимнинг ўзига яраша ташвиши бор. Таниш ва қўшнилар билан нима ҳақда гаплашиш мумкин: иш, маош, уй-рўзғор, хотинлар ғалваси, дам олиш, балиқ ови, кино, касалликлар ва шунга ўхшаш бир талай мавзулар. Албатта, шоир ҳам бу мавзуларда ўзгалар билан гаплаша олади. Аммо ким у билан шеърий қарашлари, шеърият ҳақида дардлашади?
Энди тушундимки, дунёда шоирлик хусусияти йўқ одамнинг ўзи йўқ экан. Ҳар бир одам қалбан шоир. Ҳар ҳолда, қадрдонлар бир-бирининг уйига бориб йўқлаб тургандай, шеърият ҳам ҳар бир одамнинг уйига меҳмон бўлиб борган.
Халқимиз болаларни севгандай қўшиқларни ҳам севади. Ҳа, бизнинг ҳаммамиз шоирмиз. Фақат бизнинг фарқимиз шундаки, айримларимизгина шеър ёзади. Чунки улар шеър ёзишни билишади. Бошқа бировлари ҳам шеър ёзади, фақат улар шеър ёзишни биламан деб ўйлашади. Учинчи тоифадаги одамлар эса умуман шеър ёзишмайди. Эҳтимол, ҳақиқий шоирлар ана шу учинчи тоифадаги одамлар орасидадир.
Менинг шеър ёзмаган вақтим ҳам бўлган. Наҳотки, мен ўшанда шоир эмас эдим? Наҳотки, ўшанда менинг юрагим секин урган, қоним совуқ бўлган? Наҳотки, ўшанда мени аламлар қийнамаган, хурсандчиликлар шодлантирмаган? Наҳотки, ўшанда дунёни билиш иштиёқи менда суст эди? Наҳотки, ўшанда кўзларим дунё гўзалликларини ҳозиргидай кўра олмаган? Наҳотки, ўшанда қора булутлар орасида чарақлаган юлдузни кўрганимда ҳозиргидай ҳаяжонланмаганман? Наҳотки, ўшанда турналар ноласи ва тулпорлар кишнаши мени ўйга толдирмаган? Наҳотки, ўшанда қадимий қўшиқларимиз ва ота-боболаримизга бағишланган қасидаларни тинглаганимда кўзларимга ёш келмаган бўлса?..
ЭСИМДА, болалигимда қўшнимизнинг отини уч кун ўтлатиб келгандим. Қўшнимиз бу хизматим эвазига менга битта эртак айтиб берганди.
ЭСИМДА, болалигимда тоғдаги чўпонлар ҳузурига қатнардим. Ярим куним боришга, ярим куним қайтишга кетарди. Мен тоққа битта шеър тинглаш учун борардим.
Ахир, бежизга Унцукул ноклари, Имрин узумлари, Буцра асали, аварликлар қўшиқлари дейилмайди.
ЭСИМДА, иккинчи синфда ўқиётган вақтимда ўзимизнинг Цада овулидан тоғ сўқмоқларида 20 километрча юриб, Буцра овулига борганман. Ўша овулда отамнинг кекса қадрдон дўсти яшарди. У кўплаб қадимий қўшиқ, шеър ва афсоналарни биларди. Қария тўрт кун давомида эрталабдан кечгача билган шеърларини ўқиди ва қадимий қўшиқлардан куйлади. Мен уларни мумкин қадар ёзиб олишга ҳаракат қилдим. Мен шеър ва қўшиқ ёзилган қоғозларни хуржунимга солдим, уни елкамга ташлаб хурсанд ҳолда йўлга тушдим.
Буцра овули тоғ бағрида жойлашган. Мен тоққа чиқаётган вақтимда бир тўда қопағон итлар қувлаб қолишди. Улар ўнтадан кўп эди. Улар ортимдан майса тўлқинлари узра худди кемага йўналтирилган торпедалардай учишарди. Мен итларнинг катта оғизларидаги ўткир тишларини аниқ кўрдим. Яна бир лаҳза ўтса бас, итлар мени ғажиб ташларди. Шу пайт чўпоннинг ҳайқириғи янгради:
– Ёт! Қимирлама!
Мен ерга юзтубан ётиб тошдай қотдим. Қимирлашга ҳолим йўқ, ҳатто нафас олишга қўрқардим. Фақат юрагим дук-дуклаб урарди, унинг овози ён-атрофда акс садо берарди. Итлар атрофимда тўхтаб, мени ва шеърлар солинган хуржунимни ҳидлашди. Янглишганини сезишгандай бир-бирига қарашди, кейин хаёлларида пайдо бўлган янги ўлжани қувлаб чопиб кетишди ва бир зумда тепалик орқасига ўтиб кўздан ғойиб бўлишди.
Мен чўпон қўйларини ҳайдаб ёнимга келгунча ётавердим.
– Ҳой, кимнинг ўғлисан?
– Мен цадалик Ҳамзатнинг ўғли Расулман.
Атайин отамнинг исмини айтдим. Чўпон отамнинг исмини эшитгач, менга қаттиқ ботадиган гаплар айтмайди деб ўйлагандим.
– Сен бу тоғларда нима қилиб юрибсан?
– Мен Буцрага шеър-қўшиқ ёзиб олгани боргандим, мана улар хуржунимда.
Чўпон шеър ёзилган қоғозларни олиб кўздан кечирди.
– Демак, сен ҳам шоир бўлмоқчисан. Нега унда итлардан қўрқдинг? Танлаган йўлингда ҳали сенга итлар кўп бор ташланишади. Улар менинг итларимга ўхшаб шеърларингни ҳидлагач, олдингдан тезда кетишмайди. Аммо сен қўрқма, ҳеч нарсадан қўрқмаслигинг керак. Сен бу тоғ қандайлигини биласанми? Айнан шу тоғда Ҳожимурод тошдан-тошга сакраган ва таъқибчиларини доғда қолдирган. Билиб қўй, ўз юртингда сени тоғлар ҳам суяйди.
Илгари мен ақл-ҳушимни олган шеърий ҳаяжонлар, қалбимдаги безовталик, юрагимни забт этган муҳаббат ўткинчи, вақт ўтиши билан унутилади деб ўйлардим. Мана сочимга оқ тушди, болаларим улғайди, китобларим сарғайди, лекин ўша туйғулар мени тарк этгани йўқ. Тўғрироғи, улар шеърият бўлиб ҳамон менга йўлдош. Шу боис шеърият сенга арзимни айтаман.
ШЕЪРИЯТ, турмуш сўқмоқларида, олис сафарларда мен билан бирга бўлдинг. Насрнинг чексиз уммонига чиқишга тайёргарлик кўраётган вақтимда ҳам мен билан биргасан. Мен ҳам биламан, ҳикояни қофияга солиш ақлдан эмас. Шундай ижодга уриниш эса, яхши ҳикояни ёмон шеърга айлантиради. Аммо шеър ҳикояда мисоли таомга маза берадиган туздай бўлиши керак. Менинг ҳаётимда шеърият худди таомдаги туз. Шеъриятсиз умрим тузсиз ва бемаза бўларди. Тоғликлар меҳмонга таом тортганда, дастурхонга туздон қўйишни ҳеч қачон унутишмайди.
Наср узоқроққа учади, лекин шеърият баландроққа кўтарилади. Наср ер юзини бемалол айланиб уча оладиган оғир самолётга ўхшайди. Шеърият эса, қирувчи-тутувчи самолёт, насрнинг оғир самолёти қанча баланд учмасин унга бир зумда ўқдай етиб олади.
Мен бу китобни турли жанрларда ёзаман, тугатганимдан кейин уни ўзга ўлкаларга сафарга йўллайман. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Ахир, шеърларимиз Доғистондан ташқарида яшаётган одамлар юракларига ҳам аллақачон йўл топишди. Айрим ҳикояларимиз ҳам аллақачон четдан ташриф учун таклифномалар олишди. Фақат драматургиямиз уйдан чиқмай ўтирибди. Эҳтимол, у анкета саволларига қараб четда ўзини қандай тутиш амалларини ўрганаяпти.
Агар мен драма ёзишни ўйлаганимда, унда воқеалар кечадиган жойлар Доғистон, овуллар, шаҳарлар, шунингдек, бутун мамлакат ва бутун дунё бўларди. Унда тоғлар, дарёлар, денгизлар, осмон ва ер шари декорация вазифасини ўтарди. Воқеа рўй берадиган вақт – ўтган асрлар, ҳозирги замон ва келажак минг йилликлар бир лаҳзада намоён бўлишини назарда тутардим. Бу драманинг образларини ўзим, отам, болаларим, дўстларим дунёдан аллақачон ўтган одамлар, дунёга ҳали келмаган одамлар яратишарди.
Бу драма менинг «Уруш ва тинчлик»дай, «Дон Кихот»дай ёки «Илоҳий комедия»дай асосий китобим бўларди. Мен ана шундай драма ёзишга чоғланаяпман, ҳозирча ушбу китобимга «драматик ғишт»лардан қўйишга ҳаракат қиламан. Ҳа, драма ёзишни кечроққа қолдираман. Тўғрироғи, шундай драмани бошқа ёзувчиларимиз ёзишига ишонаман. Ҳозирча мен шеър ва наср ёзиш билан қаноатланаман, улардан ўз ўрнида галма-галдан фойдаланишга уриниб кўраман. Шеърият – отда елмоқ, наср – пиёда юриш. Пиёда юрсанг узоққа борасан, отда манзилга тезроқ етасан. Отимни етаклаб йўлга тушдим, агар шошсам эгарга сакраб минаман. Йўлда кўрганларимни ҳикоя қиламан, агар ҳикоя қилишнинг уддасидан чиқмасам куйлайман. Менда ёшликнинг ғайрати ҳам, кексаликнинг андишаси ҳам бор. Майли, ёшлик куйласин, кексалик ҳикоя қилсин.
Менинг қалбимда ҳам ҳар хил одамлар яшайди: бири олдига оппоқ салфетка тутиб, чап қўлида санчқи ушлаб зодагонларга ўхшаб тушлик қилади, бири майса устида тоғликлар билан бирга ўтириб, бўзадан симириб, қўйнинг яхши пиширилган курагини икки қўллаб ушлаб кемиради.
Шаҳардан тоққа йўл олар эканман, шаҳарликларга ўхшаб мева ва узун бўйинли шишадаги винодан оламан. Меҳмондўст чўпонлар ҳузуридан шаҳарга қайтар эканман, улар отимнинг эгарига янги сўйилган қўйнинг битта сонини ўраб осиб қўйишади.
Ахир, денгиз ҳам гоҳ сокин, гоҳо тунд, гоҳо безовта, гоҳо дарғазаб бўлади. Менинг қалбимда ҳам ҳар хил феъл-атворлар шундай ўрин алмашади.
Бир гал қоя четида қучоқлашиб ўтирган йигит-қизни кўргандим. Улар бир-бирининг бағрига шундай сингиб кетгандики, узоқдан қараган одам қайси йигит, қайси қиз эканлигини ажрата олмасди.
Ҳудди шундай менинг қалбимда ҳам шодлик ва қайғу, табассум ва кўз ёш, қудрат ва ожизлик ёнма-ён яшайди.
…Чавандози минмади сакраб,
От депсинмас сувлиқни чайнаб.
Унинг оппоқ тишига қараб,
Туриб қолдим кулди деб ўйлаб.
Шу ҳолати ростдан этди лол,
От куларди ўхшаб инсонга.
У бош эгди, ерга тегди ёл,
Елда ёллар тўзди ҳар ёнга.
Ажабландим, кетолмай йироқ,
От олдига бордим яқинроқ.
От кулмасди, эгиб бошини
Тўкар эди кўздан ёшини.
От ҳолини кўзи қилди фош,
Қуйиларди селоб-селоб ёш.
Мен жилмайсам, яқинроқ кел ёр,
Кўзларимга тикилгин бир бор.
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Сиюх овулида яшовчи тоғлик қоя ёнидан сузиб ўтаётган оппоқ булутни кўрганда момиқ жун деб ўйлаб ўзини тошдан ташлаган экан. Лекин оппоқ булут қанчалик момиқ жун ёки пахтага ўхшамасин ҳеч қачон жун ёки пахта бўлиб қолмайди.
Агар китобнинг шакли қанчалик янги бўлмасин, бу китоб шакл учунгина ёзилган бўлса ўқувчилар юрагига йўл топа олмайди.
Фақат шаклга қараб хулоса чиқармаслик керак. Умри денгизда ўтган балиқчи бир куни ўрмонда чумолилар тўдасини кўрганда, бу ерга қора икра қандай келди деб ўйлаган. Ёки ҳеч қачон денгизда сузмаган тоғлик қора икрани кўрганда, нега чумолиларни банкага солиб қўйибди деб ажабланган экан.
ЯНА ЁН ДАФТАРЧАДАН:
Ўқ ҳам, орден ҳам интилади битта кўкракка,
Сор ҳам, каптар ҳам учса сиғар осмон-фалакка.
Ёш ҳам, кулги ҳам ёғилади битта афт-юздан,
Бол ҳам, заҳар ҳам эриб ўтар битта бўғиздан.
Сув ҳам, олов ҳам жо бўлгандир битта абрга,
Тор ҳам, ханжар ҳам яккамихга илинар бирга.
ЯНА ЁН ДАФТАРЧАДАН: Илк бор ишқ дардига мубтало бўлган тоғлик қиз тонгда деразага қараб ҳаяжонланиб деди:
– Войбўй, дарахт чаман бўлиб гуллабди!
– Гуллаган дарахтни қаерда кўрдинг? – эътироз билдирди кекса онаси. – Бу дарахт шохларига қор қўнган. Ахир, ташқарида қиш.
Ҳа, икки ёшга мансуб аёллар кўз олдида бир вақтнинг ўзида ҳам баҳор, ҳам қиш намоён бўлди. Менинг қалбимда эса, икки ёшга мансуб хислат мужассам: ёшлик ва кексалик, гулзор ва қор, баҳор ва қиш. Шу китобимда гоҳ шеърни, гоҳ насрни кўрсангиз ажабланманг.
– Ишқилиб, битта қўлтиғингда иккита тарвузни ушламоқчи эмасмисан!
– Йўқ, – дейман мен. – Ножўя ишга уринмайман. Мен ҳар хил жанрлардан фойдаланаман деганда, айтайлик, турли меваларни тўғраб, аралаштириб, мазали мева салати тайёрлашни назарда тутаяпман. Зинҳор-базинҳор, мен боғбонга ўхшаб у дарахт куртагини бу дарахтга пайванд қилиб янги нав яратмайман.
Ҳозир ёзаётганларимдан охир-оқибат нима пайдо бўлади, билмайман. Бундай фикр ҳар бир ижодий ишимни бошлаган пайтда хаёлимдан ўтади.
Ахир, гугуртни ўт олдирганда унинг ҳамма оқибатларини олдиндан айтиб бўлмайди. Бу ҳар гал гугуртни ўт олдирганда унинг оқибатларини ўйлаб хавотирга тушиш керак дегани эмас. Мана мен гугуртни ўт олдирдим, тутантириқ билан ўтинни ёқдим. Гулханим ёнаяпти. Мен унинг алангаланиб қутурган ҳайвонга айланишидан, кейин бўйсундириб бўлмаслигидан хавотирланаётганим йўқ. Гугуртни ўт олдираётганимда, буни хаёлимга ҳам келтирмайман.
Шомил қиличига шундай сўзларни ўйиб ёздирган экан: «Ким жангга кираётган вақтда оқибатини ўйласа, ботирлик кўрсата олмайди».
ДЕЙДИЛАР: Донишманд табиб қўлидаги заҳар ҳам фойдали. Агар аҳмоқ қўлидаги асал бўлса ҳам бу асалдан синаб кўриб фойдалан.
ДЕЙДИЛАР: Агар ҳикоя қилишни билмасанг, куйла. Агар куйлашни билмасанг яхшиси ҳикоя қил.
У С Л У Б
Қўшиқчини машқидан,
Заргарни нақшидан билишади.
Кубачинликлар ёдгорлигидаги ёзувлар.
– Нега менга бақираяпсиз?
– Бақирмаяпман, мен ўзи шундай гапираман.
Эр-хотин суҳбатидан.
– Шеърларинг ҳеч шеърга ўхшамаяпти.
– Мен ўзи шундай ёзаман.
Шоир ва ҳаваскор суҳбатидан.
Биз болаларни оқсоқолларнинг маслаҳат йиғини яқинига йўлатишмасди. Баъзан катта тошларнинг устига чиқиб, узоқдан оқсоқолларнинг давра суҳбатини кузатардик.
Бир гал Анди овулидан келган меҳмон бир соатча нима ҳақдадир гапирди, оқсоқоллар унинг сўзини бўлмасдан тинглашди. Биз ўзимизча ўйладик, оқсоқоллар шунча вақт давомида диққат билан тинглашдими, демак андилик меҳмон муҳим хабар тўғрисида гапирган бўлиши керак.
Уйда отамдан сўрадим:
– Андидан келган меҳмон қандай янгилик тўғрисида гапирди?
– Эҳа, у бугун айтган гапларини бизнинг цадаликлар ҳам йигирма мартача эшитгандир. Лекин у шундай сўзладики, яна диққат билан эшитгинг келади. Роса сўзамол экан, Оллоҳ унинг умрини узун қилсин.
ЯНА УСЛУБ ҲАҚИДА. Ҳар бир ҳайвон ўзига хос ҳийла-найранг ишлатиб овчини доғда қолдиради. Ҳар бир овчи ўзига хос усулда ҳайвон овлайди. Худди шундай ҳар бир ёзувчининг ўз услуби, ўз ижод вақти, ўз феъл-атвори, ўз йўналиши бор.
Ёш шоир-ёзувчилар қаторида Адабиёт институтига қабул қилинганимда, мен бутунлай янги муҳитга тушдим. Менга ҳамма ўргатарди – Москванинг ўзи, семинарлар, семинарларда сўзга чиққан таниқли шоирлар, дарс пайтларида профессорлар, талабалар уйида курсдошлар, ҳар тарафдан ўргатавергандан кейин қанчадир муддат ҳушимни жамлай олмай гангиб қолдим. Ҳатто, янги ғалати услубда ижод қила бошладим. Ҳолбуки, бу услуб авар адабиётида умуман бўлган эмас.
Яшириб нима қиламан, ўша кезларда шеърларим рус тилига тезроқ ўгирилишини жуда-жуда истардим. Мен рус ўқувчилари томон интилардим. Ўйлардимки, менинг янги услубим рус ўқувчиларига яқин ва таниш. Ўша кезларда авар тилининг, шеъриятнинг оҳангларига умуман эътибор бермай қўйдим. Шеърларимда ялтироқ тузилиш, баёнчилик бўртиб борарди. Ўзимча қандай ёзишни энди ўргандим деб ўйладим. Аслида эса, ўшанда ўзимга ўнғайроқ жой излаган эканман.
Яхшиямки, шеърият ва сафсатабозлик бошқа-бошқа нарса эканлигини тезда англадим. Буни мендан аввалроқ кўпни кўрган отам пайқабди. Отам янги шеърларимни ўқиши билан мен бир туюр қуйруқ ейман деб қўйларни сўйиб ташлаётганимни, ҳеч нарса унмайдиган тошлоқ ерни шудгор қилиб экин экаётганимни, осмонда булутни кўрмай ёмғир кутаётганимни дарҳол тушуниб етибди.
Отам буни билса ҳам мулоҳазали одам бўлгани учун бир суҳбат пайтида эҳтиёткорлик билан деди:
– Расул, кейинги пайтларда сенинг хатинг ёмонлашиб бораётгани мени ташвишга солаяпти.
– Ота, хат ёзишнинг яхши-ёмонлигини мактабда текширишади, мен у ёшдан ўтганман. Катталардан эса, қандай ёзганини эмас, нима ёзганини сўрашади.
– Эҳтимол, маълумотнома ёзиб берадиган милициячи ёки Қишлоқ кенгаши котиби учун шундайдир. Шоир учун унинг хати, унинг услуби – ижодий ишининг ярми дегани. Шеърда қандай янги фикр бўлмасин, албатта у жозибали бўлиши керак. Жозибали бўлганда ҳам ўзига хос жозибали бўлиши шарт. Шоир учун ўз услубини топиши ўзлигини топишидир, демакки, чинакам шоир бўлишидир.
Сен шошяпсан, аммо шошқин жилғалар ҳеч қачон денгизгача етиб бормайди, улар вазмин оқувчи ирмоқ ёки дарёларга қўшилиб кетади.
Уясини тез-тез ўзгартирадиган қуш қайси бирини танлашини билмай охир-оқибат уясиз қолади. Агар у ўз вақтида уясини қурганда, танлашнинг ҳожати йўқ эди.
Ҳозир ёшим қирқдан ошганда, қирқдан зиёд китобимни варақлаб кўрдимки, буғдой сепилган экинзоримда бошқа экинзорларнинг ҳам донлари униб чиқибди. Тўғри, улар ёввойи ўт эмас, тўғри, улар арпа, сули, жавдар каби керакли донлар, лекин улар менинг буғдойзоримга бегона.
Мен ўз отаримда бегона қўйларни кўрдим. Улар баландлик ва тоғ ҳавосига кўника олмайди.
Баъзан менга ўзгаларнинг феъл-атвори ўтиб қолганини сезаман. Лекин мен ушбу китобимда ўзлигимни сақлаб қолмоқчиман. Яхшиманми-ёмонманми, мени қандай бўлсам шундайлигимча қабул қилинг.
Тоғликлар тўйга борганда мезбонлардан аввалроқ сўз бошлайди.
– Даврангиз тўкисми, ёки мен ҳам унга қўшилайми?
Тоғлик мезбон шундай жавоб қайтаради:
– Агар сен чиндан ҳам бор бўлсанг, меҳмонимиз бўл.
Мана менинг китобим. Унда сизга мен аслида ўзим эканлигимни исботлашим керак. Унда мен ёзувчиман, зинҳор-базинҳор ёзувчи ролини ижро этаётганим йўқ. Қаранг, актёр саҳнада коньяк ичаяпти. У маст бўлди, тили ғулдираб қолди, боши кўкрагига осилиб қолди. Аммо саҳнадаги шишага коньяк эмас, чой қуйилган. Биламизки, чойни ичиб ҳеч ким маст бўлмайди. Ўйлашимча, бу фикримга умрида коньяк ичмаганлар ҳам эътироз билдирмайди.
Маълумки, агар драмада шоир образи бўлса, драматургнинг энг қийин вазифаси шоир образига шеър ёзишдир. Шунинг учун спектаклда шоир образи бўлса, у кўпинча ўзининг эмас, таниқли шоирларнинг шеърларини ўқийди. Шеърсиз шоир бўлар эканми? Бундай шоирнинг ойнаванд магазиндаги чиройли кийим кийдирилган манекендан нима фарқи бор?
Мен ҳеч кимга ўхшашни истамайман – ҳатто Умарга ҳам, Пушкинга ҳам, Байронга ҳам.
Айрим ўғрилар буйвол ўғирлашса, эгаси таниб қолмасин деб буйволнинг шохини уриб синдиришади ёки думини кесишади. Айрим ўғрилар автомобиль ўғирлашса, эгаси билиб қолмасин деб автомобилни бошқа рангга бўяшади. Лекин ўғрилар қанчалик айбини яширишмасин, ўғрилик ўғрилик бўлиб қолаверади.
Китобимни ўқиган китобхонлар суҳбатлашишганда, «Расул китобини Расулга ўхшаб, ўзлигига хос ёзибди», дейишса ғоят хурсанд бўлардим.
Мен чирқиллаётган қушлардан кўра сайраётган қушларни яхши кўраман. Бандаргоҳда турган кемадан кўра мовий денгизда сузаётган кемани кўпроқ яхши кўраман.
Қаранглар, енгил қайиқлар ҳар битта тўлқинда чайқалаяпти. Қаранглар, улкан кемалар бўронларни ҳам писанд қилмай сузаяпти.
Довдирлар ҳатто қултум вино ичса ҳам худди маст бўлиб қолгандай шовқин солади, тўполон қилади. Донолар катта шишасини бўшатишса ҳам вазмин, дўстона ва зийрак суҳбат қуришади.
КИТОБИМ, сен Расулнинг китобисан! Одамлар орасида ҳам Расулнинг китоби эканингни унутма.
Тоғликлар уйига нотаниш меҳмон келса, уч кунгача унинг исмини ва қаердан келганини суриштирмайди.
Сиз ҳам менинг китобимни таг-тугини суриштирмай қабул қилинг. Ўқиб чиқсангиз, у сизга ўзини таништиради.
Мен сизга яхши кўринишни ҳам, ёмон кўринишни ҳам истамайман. Ҳаддим сиққани учун кўнглимни қоғозга тўкдим. Рус халқида шундай нақл бор: Агар йигирма ёшгача кучга тўлмаган бўлсанг, энди билагинг кучга тўлишини кутма. Агар ўттиз ёшгача ақлинг кирмаган бўлса, энди ақлинг қуюлишини кутма. Агар қирқ ёшгача чўнтагингда пул турмаган бўлса, энди чўнтагингни пул тешишини кутма. Тоғликларда эса шундай нақл бор: Агар одам қирқ ёшгача лочин бўлмаса, энди у уча олмайди. Майли, менинг аравам ўз йўлидан қолмасин.
Тоғда, овулимизда ёмғир ёғса, кўплаб жилғалар ҳосил бўлади. Жилғалар қуйида тўпланиб кўл ҳосил қилади. Бу кўлдан эса, фақат битта ирмоқ оқиб чиқади. Тоғдан жуда кўп сўқмоқлар орқали бизнинг овулимизга тушиш мумкин. Улар худди жилғалар каби овулда туташади. Агар овулдан туман марказига, шаҳарга ёки дунёга чиқмоқчи бўлсангиз, фақат битта равон йўл бор.
Билмадим, балки ўзимни дарёга ёки йўлга қиёслашим ноўриндир. Бироқ шуни яхши биламанки, юртдошларимнинг орзу-ўйлари, юртдошларимнинг дил сўзлари, юртдошларимнинг тоза туйғулари, худди тоғдаги сўқмоқлар ёки жилғалар овулимизда туташган каби менинг онгимга болалигимдан сингди. Овулдан эса, мени ўз сўқмоғим, ўз йўлим шеърият сари етаклади.
Мен дунёнинг турли бурчакларида, кўплаб мамлакатларда бўлдим, ҳар хил одамлар билан учрашдим. Сафарларим давомида президент ёки қиролларнинг, бош вазир ёки оддий вазирларнинг, элчиларнинг тантанали қабул маросимларида иштирок этдим. Бундай қабул маросимларида сийрак сочли бошлардан қора туфлиларгача ялтирайди, ёқаси очиқ бурама кўйлакларга кўзни қамаштирувчи тугмалар қадалади, чиройли галстуклар дид билан тақилади, ҳар ёнда мулойим таъзим-тавозелар, чеҳралардан табассум аримайди, ҳар бир айтиладиган сўз ва ҳар бир бажариладиган ҳаракат рисоладагидай бўлади. Қабул маросимларида артистлар амалдорларга, амалдорлар эса артистга ўхшайди.
Бундай қабул маросимларида мен ҳам ўзимга ўхшамайман. Ўзим бажаргим келмаган ҳаракатларни тавозе билан бажараман, ўзим айтгим келмаган сўзларни мулойимлик билан айтаман. Қабул маросимлари чоғида баъзан кўз олдимда туғилган юртим Цада ва давра қуриб ўтирган қадрдонларим намоён бўлади ёки бирор меҳмонхонанинг хонасида чақчақлашиб улфатчилик қилаётган дўстларим хаёлимдан ўтади. Шундай кезларда столдаги юз хил ажнабий таомлардан татиб кўришни эмас, кўнглим ўзимизнинг аччиқ пиёз тўғралган қовурмаларни тусаб қолади. Ўз уйингда, яқинларинг даврасида енгни шимариб, бармоқларинг орасидан ёғини оқизиб қовурмани аччиқ пиёз билан ейиш қандай маза?!
Айрим китобларни ўқисам, уларни тантанали қабул маросимларидаги кишиларга ўхшатаман. Уларда эркин ҳаракат, эркин мулоқот, эркин сўз йўқ.
КИТОБИМ, сен тантанали қабул маросимларидаги кишиларга ўхшама. Сенда таомилдаги сўзлар эмас, майли, фақат ўз феъл-атворингга хос сўзлар бўлсин.
Мен шундай одамларни кўп кўрганман, улар уйида, оиласи, хотини, дўстлари даврасида одамга ўхшайди, одамга ўхшаб гапиради. Бориб амалдорлик курсисига ўтирдими бас, қуруқ савлат, дағал, жаҳлдор, гўё уларни кимдир алмаштириб қўйгандай. Улар ҳар бир амал курсисига қараб, қиёфасини, сўзлаш оҳангини, юриш-туришини ўзгартиради.
КИТОБИМ, мен ўзлигимга содиқ бўлгандай, сен ҳам ўзлигингга содиқ бўл. Сен тантанали қабул маросимларига эмас, ўз уйингга, дўстлар даврасига интил, дабдабали концерт залларини эмас, бепоён далаларни сев, мажлисларнинг шовқин-суронини эмас, замин нафасини тингла. Баъзан шундай бўлади, мажлисда битта гапни сўзлайди, мажлисдан кейин умуман бошқача гапиради.
ЁН ДАФТАРЧАДАН: Доғистонда Сулаймон Стальскийнинг катта бўркини, қўй терисидан тикилган иссиқ пўстинини ва унинг бузоқ терисидан тайёрланган енгил чориқ кийиб юрганини билмайдиган одам топилмаса керак. Менимча, фақат доғистонликлар эмас, бошқалар ҳам Стальскийни бўрксиз, пўстинсиз, чориқсиз, яъни бошқача кийим кийган ҳолда тасаввур қилолмайди.
Максим Горький Сулаймон Стальскийни ХХ асрнинг Гомери деб атаган, унинг хизматлари эътироф этилиб орден билан мукофотланган. Орденни топшириш учун Сулаймонни Москвага чақиришган. Вокзалда уни доғистонлик вазир кутиб олган.
– Войбўй, ҳурматли Сулаймон, – деган вазир шоирга, – Москвада овулдаги кийимда юриб бўлмайди. Кийимларингизни ўзгартиришимизга тўғри келади.
Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?