Электронная библиотека » ҲАМЗАТОВ РАСУЛ » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:20


Автор книги: ҲАМЗАТОВ РАСУЛ


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 26 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Доғистон ҳукумати топшириғига биноан Сулаймон учун костюм тикилди, дўкондан туфли ва қоракўл ёқали пальто сотиб олинди. Сулаймон уларни бирма-бир синчиклаб текширди: пальтони ёзиб, оғирлигини чамалади, туфлини олиб, тагчармини чертиб кўрди. Кейин барини яхшилаб тахлаб, чамадонига жойлади.

– Яхшилар, янги кийим-бош учун раҳмат. Бу кийим-бош ўғлим Мусоибга жуда мос экан. Мен Сулаймон бўлиб қолишни истайман. Ўз номимни туфлига ҳам, костюмга ҳам алишмайман. Мендан чориқларим хафа бўлиб қолади.

Отам ҳар сафар Сулаймоннинг ўзлигини сақлаб қолиш учун ташқи қиёфасини бир лаҳзага ҳам ўзгартирмаганини эслаганда, меҳр билан унга таҳсин айтарди.

ЁН ДАФТАРЧАДАН: Сулаймоннинг ўғиллари уни хат-саводли қилиш учун кўп бор уриниб кўришди. Ҳар гал Сулаймон хат-савод чиқаришга иштиёқ билан киришарди, кейин ҳафсаласи пир бўлиб қоғозни бир четга суриб дерди:

– Болаларим, бекорга овора бўлманглар. Қаламни қўлга олишим билан мендан шеърларим қочиб кетаяпти. Чунки мен шеър ҳақида эмас, шу ярамас қаламни қандай ушлаш ҳақида ўйлайман.

ЁН ДАФТАРЧАДАН: Эффенди Капиев Сулаймон Стальскийнинг қалин дўсти эди. Айнан у шоирнинг шеърларини рус тилига таржима қилганди. Бу дўстлик, бу ижодий ҳамкорликка айрим қўлидан фойдали иш келмайдиган кимсалар ҳасад билан қарашарди. Улар Капиевни машҳур шоир кўзига ёмон кўрсатиш учун ҳар хил уйдирмалар тўқишарди. Ҳасадчилар Сулаймоннинг хат ўқий олмаслигидан фойдаланиб қолишга уринишди.

– Сулаймон, сен рус тилида ўқий олмайсан. Биз билганимиз учун айтаяпмиз, Капиев шеърларингни рус тилига бузиб таржима қилаяпти. Қаерда хоҳласа қўшаяпти, қаерда хоҳласа қисқартираяпти, кўплаб мисраларингни ўзича қайта ишлаяпти.

Бир куни бафуржа суҳбат чоғида Сулаймон гап бошлади.

– Дўстим, – деди у вазмин, – эшитишимга қараганда сен менинг болаларимни ураётган эмишсан.

Капиев гап нима ҳақда кетаётганини дарҳол англади.

– Сулаймон, сенинг шеърларинг сенинг болаларинг эмас. Улар сенинг ўзинг, ҳар бири Сулаймон Стальский.

– Ундай бўлса, мен қария болаларимга нисбатан кўпроқ ҳурматга сазоворман.

– Сулаймон, сен учун нима муҳим: шеърларингдаги мисралар соними ёки услуб ва руҳият? Мана қаршимда вино турибди. Агар унинг ҳиди учиб кетса, биз маза қилиб ичаётган винога ўхшайдими? Гап винонинг миқдорида эмас, гап унинг хушбўй ҳидида, ширин таъмида, сифати ва сақланганида.

– Нима ҳам дердим, сен ҳақсан.

Эндиликда шунга аминмиз: Сулаймон Стальскийни рус ўқувчиларига Капиев таништирди.

ЁН ДАФТАРЧАДАН: Эффенди Капиев Ҳамзат Цадасанинг шеърларини ҳам рус тилига ўгирган. У бир куни менга кўнглини очди:

– Отангнинг шеърларига сира калит топа олмаяпман, отанг мисоли ўзига хос қулф. Ўйлайсанки, у кулаяпти, аслида қайғуга ботган. Ўйлайсанки, у роса койияпти, аслида мақтаётган бўлади. Нима демоқчи эканини тушунаман, фақат уларни рус тилида ифода эта олмаяпман, унинг шеърий услубини ва шеърларининг мазмунини сақлашим қийин кечаяпти. Таржималарим ҳам Ҳамзатга ўхшашини, рус ўқувчилари ҳам Ҳамзатни қандай бўлса шундайлигича қабул қилишини истайман. Ҳозирча таржималаримда Ҳамзат бошқа одамларга ўхшаб қолаяпти. Ахир, у ҳеч бир одамга ўхшамайдику.

Ҳа, ҳар бир шоирнинг шеъри шундай бўлиши керак.

ЭСДАЛИКДАН: Ҳозир мени овулда ҳамма шоир Расул Ҳамзатов сифатида билади. Бир вақтлар мен ҳам лаллайган бола эдим. Кўйлагимни тескари кийиб, пальтомнинг тугмаларини нотўғри қадаб кўчага чиқиб кетардим. Ботинкамнинг ипи боғланмаган ёки боғланган бўлса ҳам тезда ечилиб кетарди. Бир ишни ўйлаб туриб, бошқа ишни қилардим. Ўша вақтда мен ҳақимда айримлар шундай дейишарди:

– Наҳотки вазмин, саранжом-саришта ва ҳар бир ишни тартибли бажарадиган отадан шундай питир-питир ва пойма-пой иш қиладиган ўғил дунёга келган бўлса? Қайси бири ёш, қайси бири катта: ботинкаси ипини боғлаб юришни ҳар доим унутаётганими ёки буни беками-кўст бажараётганими?

– Нима бўпти, – деб жавоб қайтарардим мен шундай ёқмайдиган фикр-мулоҳазаларга. – Мен ўзимга отамнинг кексалигини олдим, отамга эса ўзимнинг ёшлигимни бердим.

Аслини айтганда, отам умрининг охиригача ёшларга хос тетиклик ва бардамликни сақлаб қолди. Юриш-туришда, ҳар бир ишни бажаришда тартиб, интизом ва аниқликка амал қилди. Овулдошларимизнинг ҳаммаси отам эрталаб пўстинини кийиб қайси соат, қайси дақиқада уйнинг томига чиқишини яхши биларди. Отамнинг томга чиқишига қараб соатни тўғрилаш мумкин эди. Ҳатто, овулимиздан армияга кетган бир йигит ота-онасига шундай хат ёзибди: «Жуда вақтли турамиз. Бизни Ҳамзат томга чиқадиган вақтда уйғотишади».

Кимдир Ҳамзат билан эрталабдан учрашгиси келса, қайси соат, қайси дақиқада Хунзах йўлига чиқишини биларди. Чунки отам ишга бориш учун ҳар доим бир вақтда йўлга тушарди.

Одамлар отам ҳақида ҳамма нарсани биларди: отини қайси жойгача етаклаб боради, қайси жойда отга минади, унинг оддий қора кўйлагини, галифе шимини, ўзи тиккан, ҳар куни эрталаб чўткалайдиган этигининг қандай ялтирашини. Улар отамнинг таранг қилиб тортилган камарини, устара кўрмаган соқолини, бир хил тартибда кийиладиган бўркини ҳеч қачон янглиштирмасди. Қоракўлли бўркининг бир томонидаги жуни андак буралган, бир томонидаги жуни пича осилган эди.

Отам шундай кўринишга, шундай турмуш тарзига ҳайратланарли даражада қаттиқ амал қиларди. Ҳамзат Цадасани бошқача кийим-бошда, бошқача турмуш кечириши мумкинлигини тасаввур қилиб бўлмасди.

У ўзгаришларни ёқтирмасди. Агар кийими эскириб яроқсиз ҳолга келса, худди шунга ўхшаш кийим изларди. Янги кийим ўша ўлчам, ўша бичим, ўша рангда бўлишига қарамай, дастлабки кунларда отам бу кийимда ўзини бегонадай сезарди.

Бир куни унинг камари узилди. Янгисини сотиб олиши мумкин эди, лекин Ҳамзат камарини дид билан тикди ва бир қанча муддат тақиб юрди. У хасис эмасди. Отамда ҳар доим пул бўларди, аммо ўрганиб қолган нарсасидан воз кечолмасди. Бари бир камар яна узилди. Отам худди шунга ўхшаш камар сотиб олди. Бироқ, янги камар тўқасини олиб ташлаб, эски камарининг тўқасини қўйиб тикди.

Отам бўркини худди тирик қўзичоқни силагандай силарди. Энди оддий камарини авайлаган одам бўркини қандай эъзозлашини ўзингиз тасаввур қилиб олаверинг.

1941 йилнинг ёзида уруш бошлангандан кейин Доғистон ҳукумати отамни тоғдан Маҳачқалъага кўчиб ўтишга кўндирди. Тоғнинг салқин ҳавосига ўрганган отамни шаҳарнинг дим ва иссиқ ҳавоси қийнаб қўйди. Тоғнинг сўқмоқларида енгил туюлган кийимлар шаҳарнинг равон кўчаларида оғирлик қила бошлади. Айниқса, бўрк шаҳар ҳавосига умуман мос эмас эди. У бир қанча шапка ва шляпаларни кийиб кўрди, биз фарзандлари уларни ҳарчанд маъқулламайлик бу бош кийимлари ташқи қиёфасини ўзгартириб юборгани учун кийишни истамади.

Ҳамзат Маҳачқалъада бўркини қўлида ушлаган ҳолда юрарди. Аҳён-аҳёнда киярди, боши исиб кетиши билан ечарди, лекин бир зум ҳам бўркидан айрилмасди.

Уруш аталмиш офат ҳаётни издан чиқаради, одатий турмуш тарзига таъсирини ўтказади. Отам эса ҳамон вақти-вақти билан тоққа чиқиб келарди. У тоғларда эркин нафас олиб, қадрдон бўркини маза қилиб киярди. Шундай кезларда у чекиш тақиқланган жойдан чиқиб, енгил нафас олганча тамаки халтасини ёзиб, ҳафсала билан қоғозга ўраб, сўнг бурқсиратиб чекиб роҳатланаётган одамга ўхшарди.

Бу бир ўхшатиш холос. Отам ҳеч қачон чекмасди, лекин ҳаётдан роҳатланишни турмушнинг бошқа нарсаларидан туярди. Она юртни севиш роҳати, она юртни куйлаб завқланиш роҳати Ҳамзат Цадаса ҳаётининг мазмуни эди.

ОТАМНИНГ ЁН ДАФТАРЧАСИДАН: «Ражаб дўстим бўлса ҳам менга душманим қилмаган ёмонликни қилди. У шериклари билан бирга менинг соқолимга устара кўтарди», деган сўзларни отам ён дафтарчасига ёзиб қўйган экан. Бу воқеа отам 1934 йили Москвага Ёзувчиларнинг биринчи съездига борган вақтда рўй берган. Москвага отамнинг дўсти авар ёзувчиси Ражаб Динмагомедов ҳам борган. У отамнинг соч-соқолини бир оз тўғрилатиш учун сартарошхонага олиб кирган. Ражаб атайин қилганми ёки русчалаб мақсадини тўғри ифода қила олмаганми ишқилиб, сартарош отамнинг устара кўрмаган соқолини қиртишлаб олиб қўйган. Отам пинакка кетганми, буни кечроқ билган. Ойнага қараб бегона одам қиёфасини кўрганда бақириб юборган, қўллари билан юзини бекитганча сартарошхонадан отилиб чиққан. Шу кўйи съезднинг бошқа мажлисларида қатнашмаган. Одамлар кўзига шундай қиёфада кўринишга уялган.

– Мен шунча йил яшаб ўз қиёфамни ўзгартирмадим, – деган эди кейинчалик отам. – Қандай қилиб шеърларимда ўз қиёфамни ўзгартиришим мумкин?!

Отам ҳаётда ҳам, шеърларида ҳам ортиқча дабдабани ёқтирмасди. Фақатгина бир муддат ўзгача одатни ихтиёрсиз равишда бажарган.

ЭСДАЛИКДАН: Маҳачқалъага отамни кўргани овулдан қадрдонлари келди. Улар отам бошқачароқ ҳолатда беўхшов ўтирганини дарҳол пайқашди. Чунки Ҳамзат Цадаса учта бармоғини иягига тираганча ўтирарди. Тоғликлардан бири ундан сўради:

– Биз сенинг учта бармоғингни иягингга тираб ўтирганингни ҳеч кўрмагандик. Қачон бундай одатни ўргандинг, нима учун бундай қилаяпсан, билмадим. Лекин сенга бундай ўтириш ярашмайди. Ҳамзат, бу одат сенга ўхшамабди.

– Сен ҳақсан, – деди отам. – Қанийди, бу одатимни тезроқ унутсам. Бунга Муҳиддин Жамол деган рассом сабабчи бўлган. У уч ой давомида менинг расмимни чизди. Мен шу уч ой давомида унинг қаршисида учта бармоғимни иягимга тираганча ўтирдим. Рассом шундай ўтиришим кераклигини айтди, мен унинг истагини бажардим.

– Сенга жуда қийин бўлгандир?

– Чордона қуриб қанча ўтирсам чарчамас эдим, лекин иягимга учта бармоғимни тираб туриш роса чарчатди. Баъзан учта бегона бармоқ менинг иягимни ниқтаб тургандай туюлди. Баъзан менинг учта бармоғим бегона иякни ниқтаётгандай туюлди. Уч ой бир ҳолатда ўтираверганимдан кейин кўникдим. Сурат аллақачон битди, уни деворга ҳам осиб қўйдик. Лекин мен ҳамон иягимга учта бармоғимни тираб ўтириш одатимни унута олмаяпман. Юраги оғриб турадиган одам, юраги санчмаса ҳам гоҳ-гоҳ қўлини юраги устига қўйишга одатланиб қолгандай. Мендан хавотир олманглар, албатта, бу одатни ташлайман.

ОТАМНИНГ ЁН ДАФТАРЧАСИДАН: Мен дафтарчани варақлар эканман отамнинг сунъий тиш қўйдиришга бағишланган хотираларига кўзим тушди.

Доктор Ҳамзатдан қандай тиш қўйганим маъқулроқ, деб сўраган: олтинми, кумушми ёки пўлат? Бу саволдан ўйланиб қолган отам жўяли маслаҳат олиш илинжида ёнидаги дўстларига қараган.

– Олтин яхши, – дея маслаҳат берган битта дўсти. – Олтин – хосиятли металл.

– Пўлат мустаҳкам, – дея маслаҳат берган иккинчи дўсти.  – Пўлат қаттиқ, ейилиб кетмайди, кўпга чидайди.

– Нима деяпсизлар? – эътироз билдирган Ҳамзат. – Агар мен овулга олтин ёки пўлат тиш билан қайтсам, одамлар оғзимга қараб «Бу тишми ёки фонус?» дейишмайдими. Бундай тишлар менинг юзимга соя солади. Суякли тиш қўйиш мумкин эмасми, одамлар менинг янги тиш қўйганимни билишмасди. Шундай тиш қўйдиришга розиман.

Доктор отамнинг илтимосини инобатга олиб, ўзининг тишларига ўхшаш сунъий тиш қўйган.

Кейинчалик шеърларида ўзгачароқ руҳдаги ёки бошқаларникига сал ўхшаб кетадиган мисралар пайдо бўлганда, отам шундай деганди:

– Бу мисраларга сунъий тишларимнинг нуқси урган.

Албатта, олтин тишлар билан ҳам олмани чайнаш мумкин, лекин табиий тишингдай олмани қарсиллатиб тишлаб, мазасини туя олмайсан.

ЭСДАЛИКДАН: 1947 йили Маҳачқалъа театрида Ҳамзат Цадасанинг 70 ёшга тўлиши муносабати билан катта тантанали кеча ўтказилди. Кўплаб табрик нутқлари сўзланди, кўплаб шеърлар ўқилди, кўплаб совғалар тақдим этилди. Ниҳоят, таваллуд тўйини нишонлаётган отамга сўз навбати берилди. Ҳамзат хотиржам минбарга яқинлашди, хотиржам кўкрак чўнтагига қўл солиб бир кун аввал тайёрлаб қўйган нутқи матнини олди, хотиржам кўзойнагини олиш учун иккинчи чўнтагига қўлини солди… Хотиржам турган отам бирдан безовталанди, шошиб-пишиб, бошқа чўнтакларини ковлай бошлади. Ҳамма билдики, Ҳамзат кўзойнагини уйда унутиб қолдирган.

Дарҳол кўзойнакни олиб келиш учун одам жўнатилди. Лекин Ҳамзат минбарда, нима қилишини билмай қараб турарди. Вазиятдан чиқиш учун дўсти Абутолиб унга ўзининг бир мунча мос келадиган кўзойнагини берди. Отам Абутолибнинг кўзойнагини тақиб, матнни ўқий бошлади. У ўзининг шеърини ўқирди, аммо овозида, туришида қатъиятсизлик яққол сезиларди. Гўё отам ўзининг шеърини эмас, бировнинг шеърини ўқиётгандай, гўё биринчи бор шеърни кўриб тургандай ҳаяжонланарди. Отам иккинчи шеърини ўқишга чоғланаётган вақтда кўзойнакка кетган бола залга кириб келди. Ҳамзат дарҳол Абутолиб кўзойнагини ечиб, ўзининг кўзойнагини тақди. Бирдан отамнинг қомати ростланди, овози дадил жаранглади. Залдагилар отам ҳозир минбарга чиқиб шеър ўқигандай, гулдурос қарсаклар билан олқишлашди. Гўё бунгача минбардан Ҳамзат Цадаса эмас, унга ўхшаш одам турганди.

– Кўзойнагим тўйимни бузишига сал қолди, – деди жилмайиб Ҳамзат.

– Менинг кўзойнагим сенга ёқмадими? – дея гапини бўлди Абутолиб.

– Сенинг кўзойнагинг ҳам яхши экан. Лекин у сенинг кўзойнагинг-да. Ҳар бир одамнинг ўз кўзи бор, демак кўзойнаги ҳам ўзиники бўлиши керак.

Отам кўзга ярқ этиб ташланадиган рангни ҳам, эътиборни тортмайдиган кўримсиз рангни ҳам ёқтирмасди. У жуда қуюқни ҳам ва жуда суюқни ҳам, жуда қолоқни ҳам ва жуда илғорлаб кетганни ҳам ёқтирмасди. У бўридаги ваҳшийликни ҳам ва қуёндаги қўрқоқликни ҳам, зулмкор бошқарувни ҳам ва қулдай тобеликни ҳам ёқтирмасди. Баъзан у такрорлаб қўярди:

– Хасдай қуриб қолма, синдиришади. Пол латтадай жуда ҳўл бўлма, сиқиб сувингни олишади.

Менинг отам бир томчи ёмғирга шалаббо бўладиганлар ёки бир пуфласа қуриб қоладиганлар тоифасига кирмасди. Ҳамзат Цадаса оддий меҳнаткаш эди, унинг қалбида авар халқининг шаъни ва қадриятлари яшарди, у шу фазилатларни пок сақлашни ўзига шараф деб биларди.

ЭСДАЛИКДАН: Бир куни биз отам билан Маҳачқалъадан овулдаги касал қариндошимиздан кўнгил сўрагани борадиган бўлдик. Бизнинг тоққа отланаётганимизни эшитган Доғистон ҳукумати бошлиғи Абдураҳмон Дониёлов қора рангли ЗИМ хизмат машинасини берди.

Шаҳар кўчаларида кетаётган вақтимизда отам хотиржам эди. Аммо машинамиз шаҳардан ташқаридаги йўлда пиёдаларни, эшакда, аравада, отда кетаётган тоғликларни қувиб ўтаётганда отам юмшоқ ўриндиқда ўтирган бўлишига қарамай безовталана бошлади. Мен ёш бўлганим учун ойнадан бошимни чиқариб қандай машинада кетаётганимни кўрсатиб қўйгим келар, отам одамларнинг кўзига кўринмаслик учун ўриндиққа тобора чўкарди.

Ёмғир ёғарди. Сойга яқинлашганимизда бир чолнинг араваси сувнинг ўртасида тиқилиб қолганини кўрдик. Отам дарҳол машинани тўхтатди, сойга тушиб чолга ёрдамлашди. Улар биргаликда ҳўкизларга ҳай-ҳайлашди, араванинг ғилдиракларидан итаришди. Тезда аравани текис йўлга чиқаришди, биз йўлда давом этдик. Бир неча километрдан кейин яна битта сойга дуч келдик. Отам машинани тўхтатиб аравада келаётган чолни кута бошлади.

– Чолнинг араваси бу сойда ҳам ботиб қолади. Мен бу сойдан аравани қандай ўтказиш кераклигини биламан, чолни кутиб унга ёрдамлашаман.

Чиндан ҳам чолнинг араваси сойнинг ўртасига борганда тўхтаб қолди. Отам ҳўкизларни усталик билан бошқариб аравани сойдан ўтказди.

– Бўйноқдан тоққа юк ташиганимда бу сойдан кўп кечганман, – деди отам қўлини кийимига артиб машинага чиқар экан. Кейин худди шу арава билан ўтган умри, ёшлиги бирга кетаётгандай унга қараб маъюс жилмайди.

Хунзах овули тепалигига кўтарилаётган вақтимизда машинамизга юк машинаси урилиб кетди. Отам бахтсиз ҳодисадан озор чекмади. Машинадан тушиб, овулга шахдам қадамлар билан пиёда жўнади. Биз бир оз кутиб туришини, ғилдиракни алмаштиришимизни айтдик.

– Ҳатто овулдаги тўйга ҳам бундай машинада боришим ярашмасди, касал қадрдонимни кўргани бораётганимда бундай томошанинг ҳожати йўқ. Мен машинанинг бузилиб қолганидан хурсандман, овулга пиёда бораман.

Отам болалигидан таниш, тоғликларнинг қанча авлоди ўтган сўқмоқ бўйлаб овулга йўл олди. Биз машинанинг ғилдирагини алмаштириб, катта айланма йўл билан овулга жўнадик. Машинада бўлсак ҳам отам билан бир вақтда овулга кириб бордик.

Маҳачқалъага келган вақтимизда Абдураҳмон Дониёлов йўлдаги ҳодиса тўғрисида ташвишланиб сўради. Отам ҳазил аралаш деди:

– Машинанг жуда яхши экан. Кўз тегди, шекилли. Сал бундайроқ бўлганда, ҳеч нарса рўй бермасди…

ЭСДАЛИКДАН: Отам умрининг охирги йилларида оғир касал бўлиб қолди. Касаллик унга ҳеч кутилмаганда, тоққа сайловчилар билан учрашувга борган вақтида ёпишди. Навбатдаги сайлов яқинлашаётганди, Ҳамзат Цадасанинг ҳам номи депутатликка номзодлар рўйхатига киритилганди.

Туман марказигача машинада кетдик, тоғдаги овулга отда боришимиз керак эди. Отам ювош, бўйсунадиган отларда юришни ёқтирарди. Одатда у пиёда, отни етаклаб юрарди. У кўпроқ пиёда юришни афзал кўрарди.

Маҳаллий ҳукумат жиддий ҳозирлик кўрганди. Бўлажак депутатга энг чопқир отни рўпара қилишди. Уларни айблаб бўлмайди. Ҳурматли меҳмонга тумандаги энг чопқир отни муносиб кўришганди.

Етмиш икки ёшга кирган отам мезбонларни ранжитиб қўймаслик учун ёшлик йилларини эслаб, отга сакраб минди. Ёш чавандозлар қуршовида турган от минган оппоқ соқолли шоир ҳудди ноиблари орасида турган имомга ўхшарди.

Буйруқ берилиши билан ёш чавандозлар Ҳамзат Цадасанинг келаётганини билдириш учун турли овулларга от чоптиришди. Отлар бирдан ҳаракатга келганини кўрган Ҳамзат Цадасанинг оти ҳам уларга қўшилиб чопиб кетди. Отам отни бошқара олмай қолди ва телба пойга бошланди. Ҳамзат Цадасанинг олдин кўнгли айниди, кейин аҳволи тобора ёмонлашди, охири отдан қулаб тушди. У Маҳачқалъага касал ҳолда қайтди ва бу касаллик отамни умрининг охиригача қўйиб юбормади.

– Шеърда ҳам баъзан шундай бўлади, – деди отам йўталиб. – Шоир ўзи билган, ўрганган отида юриши лозим. Ўзи билмаган, синалмаган тулпорга минмаслиги керак. Ўзганинг тулпори эгардан улоқтириб ташлайди.

Отам ҳақида узоқ ҳикоя қилишим мумкин. Энди унинг дўсти Абутолиб ҳақида ёзгим келаяпти. Тўғрироғи, Абутолиб билан ўтказган бир куним ҳақида ҳикоя қиламан.

АБУТОЛИБ БИЛАН ЎТКАЗГАН КУНИМ. Қандайдир сабаб билан охиригача ёзилмаган ёки тугамай қолган шеърни ниҳоясига етказиш учун қайтадан ижодхонага келиб ўтириш қийин кечади. Тоғликлар бежиз айтишмайди: қолган ишга қор ёғади. Яна улар айтишади: бақанинг думи йўқлигининг сабаби – унга дум қўйишни эртанги кунга қолдирилганида.

Эрталабдан икки ҳафта илгари бошлаган узун шеъримни ниҳоясига етказишни ният қилдим. Олдинда машаққатли ижодий меҳнат тургани учун уй хизматчимиз Фросяни огоҳлантирдим: агар кимдир сўраб келса, мен уйда йўқман. Зарур иши бўлса тушдан кейин келсин.

Вазифани топшириб хотиржам болохонага чиқдим ва ижодни бошлашга чоғландим. Бари бир, кўчанинг шовқини эшитилиб турарди. Мана дарвозамиз ғийқиллаб очилди. Бир оздан кейин уй қўнғироғимиз жиринглади. Мен Фросянинг овозини эшитмадим, лекин Абутолибнинг баланд товуши қулоғимга келди. Ўша заҳоти ўтирган стулим мисоли қизиган товага ёки тиканакка айланди. Ҳали Абутолиб Ҳамзат Цадаса уйидан, ҳозирда Расул Ҳамзатов уйидан йўқ жавоби эшитмаган ва азиз меҳмон бўлмасдан қайтиб кетмаган. Бундай бўлмаган ва бундай бўлиши ҳам мумкин эмас. Мен қийин аҳволда қолдим: Абутолибнинг қайтиб кетишига йўл қўймаслигим шарт ва Фрося ҳам ёлғончи бўлиб қолмаслиги керак. Ахир, Фрося илтимосимни сидқидилдан бажариб, Абутолибга уйда йўқлигимни, фақат тушдан кейин келишимни айтиб бўлганди.

Мен ортиқча фикр-мулоҳаза қилмай юрак амрига бўйсундим. Деразадан бошимни чиқариб, отамнинг қадрдонига овоз бердим:

– Абутолиб, кираверинг, мен шу ердаман.

– Меҳрибон, Оллоҳим! Наҳотки, Ҳамзат Цадасининг ўғли қарзини сўраб келганлардан бекинса, – дея Абутолиб бўркини қўлига олди ва Фросянинг ёнидан ўтар экан унга урилиб кетди. – Расул, мана бу аёлга айтиб қўйгин, Абутолиб бу уйга келганда дарвоза ўз-ўзидан очилади ва сен Расул доим уйда бўласан. Агар сен бўлмасанг ҳам Абутолибга еб-ичишга, керак бўлса дам олишга жой берилади.

– Фросянинг айби йўқ. Фотимат ишга кетаётганда, унга мени уйда йўқ деб айтишини тайинлаб кетган.

– Яхшиям, хотинлар бор. Керак пайтда ўз айбингни унга ағдаришинг мумкин. Наҳотки Фотимат, бугун пайшанба эканлигини унутган бўлса, – деди Абутолиб жингалак жунли бўркини силар экан.

– Пайшанбанинг бошқа кунлардан қандай фарқи бор?

– Пайшанба – менинг ҳаммомга борадиган куним. Эътибор бермаганмисан, ҳар пайшанба ҳаммомга келаман. Ҳаммом эса сенинг уйингнинг ёнида. Истаган вақтимда шундай суҳбатлашиб ўтиришга ёки тамаки чекиш учун киришим мумкин.

– Абутолиб, ҳаммомга тушишингизга ҳожат йўқ-ку. Уйингизда иссиқ сув, ванна бор.

– Ванна ва душ – мисоли қора нон бўлаги. Ҳаммом – мисоли шоҳона зиёфат. Минг йиллардан буён тоғдан оқаётган жилға менинг боғимдан ҳам ўтган. Сувни дарахтлар тагига бошқараман. Мен шунча дарахтни гулчелак ёки чўмичда сув ташиб суғора олармидим? Ҳаммом тоғдан оқаётган жилғага, ванна ва душ эса гулчелак ва чўмичга ўхшайди. Расул, сен бу гапларингни болалар шоири Нуриддин Юсуповга айт. Айтишларича, ҳозир у қўғирчоқ театри учун сценарий ёзаётган экан. Қўғирчоқлар учун жуда кетади.

– Ҳаммомдан кейин аччиқ чой ичиш ҳовурни олади, – дедим Абутолибни йўлакдан уйга таклиф қилар эканман.

– Аччиқ чой ичиш яхши, ёнида қайнатма шўрва бўлса ундан ҳам яхши, вино бўлса ҳам ортиқчалик қилмайди, агар тоза ароқ бўлса янада яхши.

– Қайнатма шўрва бор, фақат кечаги. Эрталаб бўлгани учун янгисини бошлашга ҳали уринишмаган.

– Кечагисидан бошлаб турамиз, унгача янгиси ҳам тайёр бўлиб қолади.

Фрося дастурхонни тузаётган вақтда мен ичкилик терилган буфетимни очиб мақтандим. Унда хориждан олиб келинган турли чиройли шишаларда ром, коньяк, жин, виски, кальвадос, абсент, вермут, уникум каби тоза ичкиликлар бор эди. Конъякнинг бир неча хили қаторлашиб турарди.

– Абутолиб, танланг. Қайсинисидан ичасиз?

– Расул, сен бу нотаниш шишаларингни қўятур. Агар қуйиб бериш ниятинг бўлса, ўзимизнинг ароқдан оч. Ароғимизнинг нимаси яхши: биз уни биламиз, муҳими у бизни билади. Эҳтимол, сен кўрсатаётган бу ичимликларнинг мазаси яхшидир, лекин бу шишадагилар узоқдан келтирилган. Улар менга тушунарсиз тилда гапиришади, мен ҳам улар тушунмайдиган тилда гапираман. Сийратимиз ҳам, сувратимиз ҳам ҳар хил. Биз бир-биримизни умуман билмаймиз. Бу шишалар нотаниш меҳмонга ўхшайди. Улар билан аввал танишишимиз, суҳбат қуришимиз, дастурхон атрофида бир муддат туз тотишимиз керак. Бари бир, бир-биримизни тўлиқ тушунмасак ажабланмайман. Яхшиси, сен бу шишаларингни москвалик дўстларингга асраб қўй. Ёки уларни туғилган уйида онаси тайёрлаб берган овқатларнинг ширин тотини унутиб юборганларга қуйиб берарсан.

Аксига олиб уйимизда оддий ароқ қолмаган экан. Мен ўзимни худди магазинга ароқ олиб келишга чиқиб кетаётган кишига ўхшаб тутдим. Ўйладимки, ташқарида ёмғир ёғиб совуқ шамол эсаётгани ва уйда ичкилик сероб бўлгани учун Абутолиб йўлдан қайтаради. Ахир, уйда француз асл коньяклари қаторлашиб турганда, шундай ҳавода кўчага ароқ олиб келишга чиқишга ҳожат борми?

Чиндан ҳам Абутолиб мени шаштимдан қайтаришга уринди:

– Расул, сочингга оқ тушган бўлса ҳам ҳали ғўр экансан. Ароққа ўзинг боришинг шартми, ё бу жойда сендан ёшроқ йўқми? Ташқарига чиқиб, қўшнингнинг боласига айт, олиб келади. Мен ҳеч қаёққа шошаётганим йўқ, олиб келишини бемалол кутаман.

Абутолиб маслаҳатига қулоқ солдим. Чиқиб қўшнимизнинг боласига пул бердим, у магазинга чопиб кетди. Шу вақтда Абутолиб ён-атрофга зимдан назар ташлади.

– Уйингда тоғлик меҳмонлар кўринмайди. Наҳотки, уйингда битта ҳам меҳмон бўлмаса?

– Бугун ҳеч ким йўқ.

– Менинг дўстим, сенинг отанг Ҳамзат бор вақтида бу уйдан меҳмонларнинг қадами узилмасди. Меҳмонларнинг борлиги нима учун яхши? Чунки уларда ҳамиша тамаки бўлади.

– Уйда чекимлик бор, – дедим-да сигарета ва папиросларнинг турли хилларидан олдим.

– Бу оппоқ найчали сигареталаринг хуморимни босмайди. Буларни москвалик танишларингга асра. Менга бўлса ўзимизнинг аччиқ тоғ тамакисидан бер. На чора, ўзимнинг тамаки халтамни оламан, шекилли.

Абутолиб белига қистирилган тамаки халтасини олиб очди. Қоғоз парчасига тамакидан эзғилаб солди, шошмасдан силаб айлантирди, қоғоз чеккасини тили билан ҳўллаб, дид билан ёпиштирди.

– Бу қўлбола ўралмани сенинг сигареталарингга алишмайман. Ҳар ким ўзига мос ўралма тайёрлайди. Шундай ўралмани фақат мен ўрайман. Сенинг сигареталаринг бир-бирига ўхшайди. Энди ўзинг айт: қайси биридан кўпроқ ҳузур қиласан? Тайёр сигарета олиб чекишданми, ё ўзинг ўраган тамакини чекишданми? Мен тамакини ўраётган вақтдаёқ шавқ туя бошлайман. Нега мен ўзимни-ўзим шундай шавқ туйишдан маҳрум этишим керак?

Мен хориждан олиб келган ўт олдиргичимни чирқиллатиб ёқдим. Абутолиб олов тутган қўлимни сурди. Чўнтагидан бир бўлак пўлат ва оқтош олди. Пиликни тош устига қўйиб, мўлжаллаб пўлат билан ура бошлади, учқунлар сачради. Кейин пуфлаб пиликни чўғлантирди ва ўралмани тутатди. Тутаётган пиликни бурнимга яқинлаштириб деди:

– Ҳидла, қандай ҳиди бор-а? Яхшими? Сенинг ўт олдиргичингнинг қанақа ҳиди бор?

Абутолиб бир муддат тамаки тутуни орасида йўқолди. Тутун тарқагач, секин сўради:

– Айт-чи Расул, нима учун сочингга оқ тушган?

– Билмайман, Абутолиб.

– Мен нима учун сочимга оқ тушганини биламан.

– Билсангиз, айтинг.

– Менинг сочим болаларимнинг магазиндан ароқ олиб келишини кута-кута оқарган. Ҳа, Расул, болалар ота-оналарининг хавотир олишганини ўзлари ота-она бўлишмагунча тушунишмайди. Худди шундай ҳозирги аҳволимни ичмайдиган одамга тушунтиришим қийин. Ҳар доим ароққа ичадиган одамни жўнатиш керак, шунда узоқ кутдирмайди.

Бу вақтда Фрося дастурхонни тузатиб бўлди. Кечикиб бўлса-да, дастурхон ўртасидан ароқ жой олди.

– Уф, – деди Абутолиб, – бунинг деҳқонлар орасида турган сурхинлик раисдай савлат тўкишини қара. У шишани қўлига олиб эркалади: – Оҳ-оҳ, бунинг гердайиб туришини қара. Буни олиб келган йигитнинг ҳам диди чакки эмас экан.

Бирдан Абутолибнинг столга қўйилган кичик рюмкаларга кўзи тушиб, уларга тикилиб қолди. Кейин тиш оғриғи зўрайган одамга ўхшаб, пешанасини тириштирди. Битта рюмкани қўлига олиб, у ёқ-бу ёғига обдан қаради. Рюмка ёқмаётганини ошкор билдириш учун унинг ичига тамаки қолдиғини солгиси келаётгани шундоқ юзидан кўриниб турарди.

Мен грузиялик дўстим совға қилган шохни олиб, Абутолибга узатдим. Кекса шоир шохни диққат билан кўздан кечириб, охири баҳосини айтди:

– Яхши шох экан. Агар унда кумуш безак бўлмаганда бундан ҳам яхшироқ кўринарди. Худди куёвнинг зар белбоғига ўхшаш ортиқча дахмаза. Ахир, шу кумуш безак билан шохнинг ичидаги ароқ ўткир, ичимлироқ бўлиб қолмайди. Расул, бунингни жойига қўй, менга қўлим ушлашга ўрганган битта оддий стакан бер. Мен стаканда неча қултум борлигини ва қаерда тўхтатиш кераклигини биламан.

Абутолиб истагини бажо келтирдим. У ароқни қуйди, стаканга бир бўлак нон ташлади ва даргин тилида деди:

– Дерҳаб!

Кейин бир кўтаришда стаканни бўшатди ва қўшиб қўйди:

– Ичишдан олдин албатта «дерҳаб» дейиш керак. Бу сўзнинг маъносини тушунтириш қийин. Эҳтимол, жуда чуқур маъноси ҳам йўқдир. Лекин «дерҳаб» нимани англатиши шундай ҳам тушунарли.

Стулга қулай ўтириб олгач, Абутолиб шўрвали тарелкани ўзи томон тортди. Гўштини олиб бошқа тарелкага солди, шўрвасига нон тўғради. У шошмасдан ҳар бир қошиқдаги овқатнинг таъмини туйиб тановул қила бошлади. Вақти-вақти билан гўштни қаламтарошида кесиб, бўлакчасидан оғзига ташлаб турди. Ўйлашимча, Абутолиб гўштни чўнтак қаламтарошидан бошқа нарсада, масалан, тилла санчқида оғзига ташлаган тақдирда ҳам бундай маза қилмасди.

Шўрва ва гўштни еб тугатгандан кейин Абутолиб дастурхонга тўкилган ушоқларни териб оғзига солди. Яна озгина ичди ва мўйловини бураб қўйди.

– Энди чой қуйиб берайми?

– Энди менинг чойим – яна тамаки. Қани Расул айт-чи, папирос бошқа нарсалардан нимаси билан фарқ қилади?

– Билмадим.

– Бошқа нарсалар тортсанг узаяди, папиросни тортсанг қисқаради, – деди у ва ўзининг жайдари фалсафасидан мамнун ҳолда жилмайди.

– Абутолиб, кўп чекиш соғлигингиз учун зарарли.

– Қорни тўйгандан кейин ҳоқонлар ҳам чекишади, дейишади.

Чекиб бўлгач, у дабдурустдан сўради:

– Бошқарув йиғилиши қачон бўлади?

– Эртага.

– Билмайсанми, бу сафар Зайниддиннинг Адабиёт жамғармасига берган аризаси кўриб чиқиладими?

– Билмадим, бунинг сизга нима қизиғи бор?

– Сенга бир воқеани сўзлаб берайин. Болалик пайтимда бузоқ боқардим. Мен қарайдиган бузоқлар жуда ювош эди. Яйловда яшил майсада Қуёшга қараб ётардим, бузоқлар узоққа кетмасдан ўтларди. Хуллас, ҳамма хурсанд: мен ҳам, бузоқлар ҳам, уларнинг эгалари ҳам. Бир куни кўзим илинганда ярамас бузоқ қўшилиб қолиб, бузоқларни сулизорга бошлаб кетибди. Шу билан менинг осойишта кунларим тугади. Кунларим бузоқларни сулизордан қайтариш билан ўтди. Худди шундай шоирларимиз Адабиёт жамғармасининг ёрдам пулига мазахўрак бўлиб қолишмадими? Улар Адабиёт жамғармаси ёрдам пулининг ҳидини билишмагунча тинчгина шеърларини ёзишарди, китобларини чиқаришарди. Қайси бири аввал бу ишни бошлади, билмайман, бузоқлар сулизорга интилгандай ҳозир ҳаммаси Адабиёт жамғармасининг ёрдам пулига кўз тикишган. Ҳозир улар шеър ёзишни эмас, кўпроқ Адабиёт жамғармасини ўйлашади. Эрталаб уйқудан туриши билан хаёлида шеър ёзиш эмас, моддий ёрдамга ариза ёзиш бўлади. Хулласи калом, мен ҳам шунга ўхшашроқ ариза ёзмоқчиман, уни эртага Бошқарув йиғилишида муҳокама этинглар.

– Абутолиб, сиз нимага муҳтож бўлиб қолдингиз?

– Биласан, ҳали менинг танамни бирор доктор кўрган эмас. Бари бир соғлигимни тиклаш учун санаторийда дам олиб келмоқчиман.

– Санаторийга бериладиган йўлланма чўнтагимда деб ҳисоблашингиз мумкин. Лекин Ёзувчилар уюшмасига ариза ёзганингиздан кўра Доғистон Олий Кенгашига мурожаат қилганингиз яхши эмасми? Олий Кенгаш Бошқаруви аъзоси бўлсангиз. Ҳукумат санаторийсининг шароити ёзувчилар санаторийсиникидан яхшироқ.

У бошини чайқаб, тили билан тақиллатди. Одатда у бундай тил тақиллатиши билан хурсандчилигини, ранжиганини ёки ҳайратини ифодаларди. Айни пайтда у норозилигини ифодалаётган эди:

– Расул, бундай қилиш яхши эмас. Биринчидан, мени Олий Кенгаш депутатлигига вақтинчаликка – тўрт йилга сайлашган. Ёзувчилик эса бир умрлик ҳунарим. Иккинчидан, ҳар қандай санаторийнинг ҳам ўзига хос камчилиги бор. Шундай экан кейин мен камчилигини айтиб қайси бирини сўкканим афзал: Ёзувчилар уюшмасиними ёки Олий Кенгашними?

– Унда аризангизни ёзиб беринг, эртагаёқ муҳокамага қўяман.

– Мен ҳеч қачон ариза ёзмаганман. Аризани Мирза ёзиб беради. Сизлар йўлланмани тахт қилиб қўйинглар.

У шу сўзларни айтиб, ўрнидан турди ва кетишга чоғланди.

– Абутолиб, энди йўл бўлсин.

– Нашриётга бораман. Айтишларича, китобим чиқибди. Кўрайчи: ўғилми, қиз?

– Кечқурун педагогика институтига келинг. Ёзувчиларнинг талабалар билан учрашуви ўтказилади.

– Яхши, бораман. Сурнайимни ҳам олайми?

– Оббо, Абутолибей. Сиз сурнайчи эмас, шоирсиз. Яхшиси, китобларингиздан олинг.

– Кўришгунча, – деди Абутолиб ва индамай кетди.

Қизлар ўқийдиган педагогика институтидаги адабий кеча кечқурунги соат еттига белгиланди. Унга Доғистондаги турли миллатга мансуб шоирлар таклиф этилганди. Роппа-роса соат еттида атрофга қарадим, Абутолиб кўринмади. Адабий кечани бошладим. Минбарга бирин-кетин шоирлар чиқишди, ўз тилларида шеър ўқишди. Кимдир лак, кимдир қўмиқ, кимдир лезгин, кимдир авар тилида. Қайсидир ёш шоир шеър ўқиётган вақтда ҳеч кутилмаганда қарсак янгради. Саҳна пардаси четидан Абутолиб Ғафуров кўриниш берибди, қизлар уни олқишлаётган экан.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации