Электронная библиотека » ҲАМЗАТОВ РАСУЛ » » онлайн чтение - страница 5

Текст книги "МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:20


Автор книги: ҲАМЗАТОВ РАСУЛ


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 5 (всего у книги 26 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Непалдаги будда ибодатхонаси, қирол саройи, дунёдаги барча дард, афсун ва жодудан фориғ этувчи йигирма иккита булоқни томоша қилиб, тошли сўқмоқлар орқали Катаман тоғининг энг баланд нуқтасига кўтарилдим. Атрофга назар ташлаб, қадрдон Доғистонимни эсладим. Ҳолбуки, муқаддас булоқ, қадимий ибодатхона ва гўзал саройни томоша қилганимда қалбимда шундай ширин таассурот уйғонмаганди. Шу оддий тоғ манзараси ажойиб архитектура ёдгорлигидан менга қадрлироқ туюлди. Ўйладимки, муқаддас булоқлар эмас, мана шу тоғлар одамларни барча дарддан, афсун ва жодудан фориғ этади. Шунда Непалда кўрганларим китобимга мавзу бўлиб кирди.

Катта ва сершовқин Калькутта шаҳридан унинг шундоқ яқинидаги кичкинагина қишлоққа келдик. Хирмонда ҳўкизлар билан буғдой бошоқларини майдалашаётган экан. Дунёдаги ҳеч бир музей, ёки улкан театрлардаги томошалар ҳам буғдой пояларини секин янчаётган ҳўкизларнинг юришларидай завқ бағишламаганди. Гўё мен ўзимни овулимга, болалигимга қайтгандай ҳис қилдим. Шунда Калькутта яқинидаги қишлоқни китобимга мавзу қилиб олдим.

ЎЗИМ ШОҲИД БЎЛГАНМАН, Индонезия тоғларида ҳам ноғорани худди бизнинг тоғликларга ўхшаб чалишар экан, Нью-Йорк кўчаларида черкаска кийган кавказлик юрганди, Истанбул ва Парижда тақдир тақозоси билан бориб қолган кўнгли ярим тоғликлар ҳам яшайди, Лондонда балхар кулоллари тайёрлаган сопол идишлар кўргазмаси бўлганди, Венецияда Цовир овулидан чиққан лак дорбозлари томошабинларни ҳайратга солганди, Питсбургдаги ноёб китоблар сотувчиси менга Шомил ҳақидаги китобни кўрсатганди.

Қайга бормай, қайда юрмай Доғистонимга хос воқеа-ҳодисаларга кўзим тушди.

Бир неча қиличбоз битта аскарга ташланса, унинг ҳимояланиши осон эмас. Аскар бир вақтнинг ўзида ҳам олдидан, ҳам ёнидан, ҳам орқасидан қилинаётган ҳужумларни бартараф этиши қийин. Агар аскарга елкаси билан суянадиган қоятош бўлса, шу қояга суяниб маҳоратини ишга солиб бир неча қиличбозга бас келиши мумкин.

ДОҒИСТОН – мен учун шундай суянч қоя. Қийин дамларимда фақат унга суянаман.

Саёҳатчилар қайси мамлакатга боришса, ўша мамлакатнинг қўшиқларини олиб келишади. Лекин бу масалада менга қийинроқ, чунки мен қайси мамлакатга бормайин Доғистон ҳақидаги қўшиқларни олиб қайтаман. Ҳар бир янги қўшиқни эшитганда Доғистонимни қайтадан кашф қиламан, Доғистонимга бўлган муҳаббатим янада алангаланади. Жонажон Доғистоним, сенинг мадҳингни куйлашга сўз етишмайди.

ЁН ДАФТАРЧАДАН:

– Бургут, сенинг энг яхши қўшиғинг қайси?

– Баланд тоғлар ҳақидаги қўшиқ.

– Чағалай, сенинг энг яхши қўшиғинг қайси?

– Мовий денгизлар ҳақидаги қўшиқ.

– Қарға, сенинг энг яхши қўшиғинг қайси?

– Жанг майдонида қолган мурдалар ҳақидаги қўшиқ.

Адабиётнинг ҳам ўз қушлари бор: бургутлар ва чағалайлар. Бири тоғларни, иккинчиси денгизларни куйлайди. Ҳар бирининг ўз ватани, ўз мавзуси бор. Аммо қарғалар ҳам учрайди. Улар ҳаммадан кўра ўзларини яхши кўришади. Қарға жанг майдонидаги мурдаларнинг кўзларини ўяр экан ҳеч қачон ўйламайди: бу қаҳрамоннинг кўзими ёки қўрқоқники. Мен шундай адабиётчиларни биламан, улар бугун фойда келтирадиган ишни бугун, эртага фойда келтирадиган ишни эртага қилишади.

ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Мавзу – хазина солинган сандиқ. Бу сандиқнинг калити – сўз. Аммо сандиқдаги хазина бировники эмас, ўзингники бўлиши керак.

Айрим адабиётчилар бор, битта мавзуда ёлчитиб ёзишмайди, лекин у мавзудан бу мавзуга сакрайди. Улар сандиқнинг қопқоғини очишиб, устидаги нарсаларни тезгина кўриб, бошқасини очиб кўришга шошилишади. Агар сандиқнинг эгаси бўлганда нарсаларни тартиб билан оларди ва тубида ўзи қидираётган дур солинган ғаладон борлигини биларди.

У мавзудан бу мавзуга ўтиб турувчилар кўп марта уйланган тоғлик Далағоловга ўхшашади. У йигирма саккиз марта уйланган, охир-оқибат хотинсиз қолган.

Аммо мавзуни никоҳдаги ягона хотинга ҳам ўхшатиб бўлмайди. Шунингдек, ягона онага ҳам, ягона фарзандга ҳам. Чунки бу менинг мавзуим, унга ҳеч қайсинг яқин йўламанглар деб айта олмайсиз.

Бу мавзу меники, лекин хоҳлаган ёзувчи бу мавзуда ёзиши мумкин. Бир гал битта ёзувчининг иккинчи ёзувчини мавзусини «ўғирлаганликда» айблаётганини кўрганман. У куюниб дерди: «Сенга Ирчи Казак ҳақида ёзишга ким ҳуқуқ берди? Билмайсанми, бу мавзу меники, Ирчи Казак ҳақида фақат мен ёзаман. Сенинг бу ишинг ўғирликдан бошқа нарса эмас». Бу ёзувчи шундай ҳис-ҳаяжонга берилган эдики, гўё унинг севгилисини кимдир ўғирлаб кетган.

Жавоб тоғликларга хос бўлди:

– Кимнинг қиличи кескир ва довюраклик қуроли бўлса, ўша имомликка муносиб. Бўйга етган қиз совчи юборганларники эмас, хотин қилиб олганники. Ирчи мавзуси ҳам бошқа исталган мавзу каби ким унда яхши ёзса, ўша ёзувчиники бўлсин.

Ҳа, бир неча ёзувчи ўзлари билмаган ҳолда битта мавзуда ёзишлари мумкин. Адабиёт – бу жамоа хўжалиги эмас. Унда ҳар бир ёзувчининг кичик бўлса ҳам ўзининг даласи, ўзининг марзаси аниқ қилиб белгилаб қўйилмаган. Аммо мен бир ўзим экинзоримни эплашга қувватим етмаётган вақтда, бошқаларнинг даламга келишини тақиқламайман. Менинг даламнинг чегарасида милтиқ кўтарган қоровул ҳам йўқ, ит ҳам боғланмаган. Ҳеч қандай чегара тортилмаган. Менинг мавзуим ман этилган яйлов ёки масжиддаги истаган одам бориб туриши мумкин бўлмаган тақиқланган жой эмас.

Доғистон ёзувчилари съездида баҳс қизиган пайтда битта нотиқ шундай деди:

– Доғистонлик ёзувчиларнинг бошқа мамлакатлар, бошқа халқлар ҳақида ёзишининг нима кераги бор? Испания ҳақида испанлар, Япония ҳақида японлар, Уралдаги улкан саноат қурилишлари ҳақида Уралда яшайдиган ёзувчилар ёзишсин. Агар қушнинг уяси бир боғда бўлса, бошқа боққа бориб сайрамайди-ку. Тоғнинг тошлоқ жойидан тупроқни олиб водийга ташиш шарт эмас, текисликда шундай ҳам унумдор тупроқ бор. Ахир, думба жизза емоқчи бўлган одам қозонга сариёғ сурмайди.

Съездда ўзга республикадан келган меҳмон ҳам қатнашаётганди. У нотиққа шундай жавоб берди:

– Ҳайвонларнинг ўз ини, қушларнинг ўз уяси бор. Аммо Қуёш барча мавжудотга бирдай нур таратади, ёмғир барчасининг устига бирдай ёғади. Камалак барча кўзларни бирдай қувонтиради. Чақмоқ нури баланд қояларга ҳам, чуқур дараларга ҳам тушади. Момақалдироқ овози ўша жойларга бир текис таралади. Ажойиб палов ўзга мамлакатдан келтирилган гуручдан тайёрланади. Мен съездингизга узоқдан табриклаш учун келдим. Шу жойга келганимдан кейин сизнинг тоғларингизга, денгизингизга, олийҳиммат эркакларингизга, гўзал аёлларингизга нисбатан меҳрим уйғонди. Агар мен уйга қайтгач, шу жойда кўрганларим ҳақида ёзсам юртдошларим фақат хурсанд бўлишади. Агар сизнинг ёзувчиларингиз ҳам менинг юртим ҳақида ёзишса бунинг сира зарари йўқ. Севиш эркин бўлгандай, ёзувчининг ҳам нимани ёзиши эркиндир. Ахир, севги юракдан жой олаётган вақтда рухсат сўрамайди-ку!

Унинг сўзлари ўткир ўқдай нишонга теккани учун съезд қатнашчилари меҳмонни олқишлади. Мен ҳам унинг фикрини маъқуллаганимни билдириш мақсадида қарсак чалдим ва яна мавзу ҳақида ўйладим.

Ўзга мамлакатлар, ўзга халқлар ҳақида ёзган яхши, агар сен ўзлигингни топиб олган бўлсанг.

Менинг мўъжаз Доғистоним ва менинг чексиз-чегарасиз оламим. Икки дарё текисликка етганда бир-бирига қўшилади. Икки кўздан оққан ёш икки ёноқдан томчиласа ҳам, улар битта қайғудан ёки битта қувончдан пайдо бўлади.

Безовта шоирнинг кўзларида нам,

Томчи ёшдан қолди ўнг-чап юзда из.

Бир томчиси севинч, бир томчиси ғам,

Бир томчиси севги, бир томчиси муз.

Улар икки томчи: тоза, беғубор,

Улар ожиз, бири-биридан узоқ.

Агарда қўшилса туғилар ашъор,

Ёмғирлар қуяди, чақнайди чақмоқ.

Менинг мўъжаз Доғистоним ва менинг чексиз-чегарасиз оламим. Мана менинг ҳаётим, мана менинг симфониям, мана менинг китобим, мана менинг мавзуим.

Юксак қоялардан учган бургут бепоён водий осмонида парвоз қила олмаса, у ёмон бургут.

Бепоён водий осмонида парвоз қилган бургут ўзининг юксак қоясига қайта олмаса, у ёмон бургут.

Аммо бургутга яхши. Чунки у бургут бўлиб дунёга келган. Энди у хоҳлаган тақдирда ҳам чағалайга, қарғага айлана олмайди. Ёзувчининг бургут бўлиши қийин, агар шу қушнинг довюраклиги ва улуғворлик фазилатлари билан туғилмаган бўлса.

Бизнинг тоғликлар қўбиз чалишни ўргана олмаган одамларга шундай таскин беришади: ҳечқиси йўқ, қўбиз чалишни нариги дунёда ўрганиб оласан.

Қанча ёзувчилар қоғоз қоралаш учун қўлларига қалам олишади, кўнгилларига муҳаббат ёки нафрат туйғусини жойлаб астойдил ёзишга киришишади.

Ахир, овулга келган меҳмон қайси уйга киришини билмай турганда димоғига мўрилардан таралаётган ҳид келади. Бири маккажўхори уни қўшилган нон ҳиди, бошқаси қўй гўштидан тайёрланаётган қайнатма шўрва ҳиди.

Ахир, уйланаётган йигит енгилтак ва ақлли қиздан бирини танлаш керак бўлса, бойлиги бўлгани учунгина енгилтак қизни танлайди.

Ахир, шундай ёзувчилар ҳам бор, улар учун қайси мамлакат ҳақида ёзишнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Улар олибсотарларга ҳам ўхшаб кетади. У товарни қанча узоқроқ олиб борсам, шунча қимматроқ сотаман деб ўйлайдиган.

Улар менга Пархал овулидаги бир қизни эсимга солди. Ҳолбуки, у ўз овулимда менинг тенгим йўқ деб, ўзга овулдан «шаҳзода» келишини кутарди. Бу воқеа қандай тугади, деб сўрарсиз. Охир-оқибат, у қари қиз бўлиб қолди.

ЎРМОНГА БОРГАН ИККИ ТОҒЛИК ҲАҚИДА ҲИКОЯТ. Иккита тоғлик бўйинтуруққа яроқли қуруқ шох кесиб келиш учун ўрмонга борди. Демак, эскиси яроқсиз ҳолга келган.

Биринчи тоғлик дарҳол битта дарахтдан мўлжаллаб кўриб, бўйинтуруққа ярайдиган иккита пишиқ қуруқ шохни кесиб олди. Иккинчи тоғликка эса, кейинги дарахт яхшироқдай кўринди, яқинига борганда кейингиси яхшироқдай туюлди. Шу тариқа у кун бўйи бир қарорга келолмай ўрмонда кезди. Ниҳоят, қош қорайгани учун иккита қуруқ шохни кесиб олди, лекин улар биринчи учраганидан ёмонроқ эди. У уйга шом қоронғисида қайтди. Бу вақтда биринчи тоғлик янги бўйинтуруқдан фойдаланиб, даласини шудгор қилиб бўлганди.

Бу ҳикояни менга битта доғистонлик шоир узоқ сафардан иккита бўш шеър ёзиб қайтган вақтда Абутолиб айтиб берганди.

– Қўшиқ айтишни ўз уйингда ўргана олмаган бўлсанг, уйингдан узоқда қандай ўрганиш мумкин? – дея ўз ҳикоясини тугатганди кекса шоир ва фикрини шундай давом эттирганди: – Шоирлар ҳам баъзан кун бўйи тоғма-тоғ юриб ўз бўркини излаган тоғликка ўхшайди, ҳолбуки, бўрк кун бўйи тоғликнинг қовоқ бошида бўлган.

ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Туғилган уйимдан биринчи бор узоқ сафарга йўл олдим. Онам токчага чироқни ёқиб қўйди. Мен кетар эканман, ортга қарадим, яна йўл босиб ортга қарадим, туманлар аро деразамиз токчасидаги чироқ ёғдусига кўзим тушди.

Шу кичкина деразадан таралган ёғду мамлакатлар оша, йиллар оша менинг йўлимни ёритиб турди. Мен туғилган уйимга қайтиб келгач, шу кичкина деразадан ташқарига қарадим. Кўз олдимда бепоён дунё, ўтган йўлларим, йилларим гавдаланди.

Ким ёзувчига мавзу беради? Унга бош, кўз, қулоқ, юрак бериш осонроқ. Ёзувчи мавзуни муҳаббат ёки нафратига асосан эмас, таралаётган ифорига қараб танласа, ўз даврининг нафаси уфуриб турган асарни дунёга келтира олмайди. Улар даврнинг эмас, айнан ўша бир куннинг фарзанди бўлади. Тўғрироғи, улар кар келинга ҳам ўхшаб кетади.

КАР КЕЛИН ҲАҚИДА ҲИКОЯТ. Бир овулда кар қиз бор эди. Бошқа овулдаги йигит бу қизнинг кар эканлигини билмасдан совчи жўнатди. Қизнинг ота-онаси ҳам бу ҳақда айтишмагани учун фотиҳа ўқилди, тўй бошланди. Тўйга кўп меҳмон келди. Келин кўпчилик олдида сир фош бўлишини истамади, дугонасидан ҳар доим ёнида ўтиришини сўради. Дугонаси агар кулгили гап айтилса, кулиш лозим бўлса чап елкасини, борди-ю қайғули гап айтилса, ғамгин тусга кириш лозим бўлса келиннинг ўнг елкасини туртиб қўйишига келишиб олишди. Маълумки, тўйда келиннинг гапириши шарт эмас, агар умуман гапирмаса янада яхши. Шу боис барчаси келишгандай силлиқ кетди. Келин қаерда кулиш керак бўлса жилмайди, қаерда ғамгин қиёфага кириш лозим бўлса қайғули тусга кирди.

Аммо дугонаси келишилган шартни унутиб қўйди ва чап елкани туртиш керак бўлганда ўнг елкани туртди ёки аксинча. Хуллас, барча ғамга ботганда келин кулиб сукунатни бузди, ҳамманинг кўзи қувончдан ёнганда келин афсус чекиб уҳ тортди.

Куёв келинга ажабланиб қараб қўя бошлади ва келиннинг эси жойида эмас деган хулосага келди. Ўша заҳоти келинни келган йўли билан изига қайтарди.

ХУЛЛАС, ҳақиқий ёзувчини кимдир кар келинга ўхшаб чап ёки ўнг елкасидан туртиб туриши шарт эмас. Унга фақат ўз юрагининг оғриғи, ўз юрагининг қувончи қўлига қалам тутқазади. У ўзгалар кулаётгани ва кулаётганларга ўхшаш учун кулмайди ёки атрофдагилари қайғу чекаётгани учун ғамгин қиёфага кирмайди. Ёзувчининг ўзи «тўй»нинг об-ҳавосини белгилаши керак. Яъни ёзувчи, шоир кулганда атрофдагилар ҳам қувончдан яшнаб кетсин, ёки ёзувчи, шоир ғамга ботиб юрагини чангалласа атрофдагилари ҳам ғамдан юрагини чангаллашсин.

Кимки фикримга қўшилмаса, айтиб туришса ёзиш осон деб ўйласа, мен билан бўлиб ўтган қуйидаги воқеадан ибрат олсин.

ЭСДАЛИКДАН: Ўшанда мен Хунзах овулидаги бошланғич мактабнинг 2-синфида ўқирдим. Мен билан битта партада рус тили ўқитувчимизнинг мовий кўзли қизи Нина ўтирарди. У менга жуда ёқарди, лекин бу ҳақда унга айтишга сира журъат қилолмасдим. Ниҳоят, мен унга хат ёзмоқчи бўлдим. Аммо бу ишни амалга оширишим осон эмасди. Чунки мен ўша вақтда рус тилини умуман билмасдим. Мен битта танишимдан сўзларимни таржима қилиб беришини сўрадим. Танишим қандайдир нотаниш сўзларни айтиб турди, мен русча ҳарфларда уларни ёзиб олдим. Ўйладимки, мен севги баёни тўғрисида яхши мактуб ёздим. Ҳаяжонланиб, қўлларим қалтираб мактубни партадош қизга узатдим. У ҳам ҳаяжонланиб, қўллари қалтираб мактубимни олди, очиб ўқиб кўриши билан юзи қизарди, йиғлаганча синфдан чиқиб кетди ва мен билан бошқа бирга ўтиришни истамади. Маълум бўлишича, менинг мактубим ҳақоратли ва уятли сўзлардан иборат экан.

БОШҚА БИР ВОҚЕА. Мен Москвадаги Адабиёт институтида, рус тили ўқитувчимизнинг қизи педагогика институтида ўқирди. У билан учрашиб қолганимизда, декабрь ойининг аниқ бир кунини айтиб меҳмонга таклиф қилди. Ўша кун унинг туғилган куни эканини билардим. Албатта, унга совға олдим. Лекин унинг туғилган кунига бағишлаб шеър ёзиб, рус тилига таржима қилдириб, уни ифодали ўқиб бериб, тантанали равишда топширсам яхши совға бўларди деб ўйладим.

Шу тариқа унга бағишлаб шеър ёздим, бирга ўқийдиган дўстимдан рус тилига таржима қилиб беришини сўрадим. Дўстим тун бўйи таржима устида ишлади. У эрталаб қилган таржимасини ўқиб берганда шеъримни таний олмадим. Таржимада кўнгил ҳаяжонлари, дил изҳори тўлқинлари бор, лекин ёқимли қизимга айтмоқчи бўлган гапимдан асар ҳам йўқ эди.

Энди мен осонгина алданиб қолмасдим. Яъни бир марта оғзим сутдан куйган эди ва дўстимга дедим:

– Майли, бу шеърни севгилингнинг туғилган куни бўлганда ўқиб берарсан. Чунки бу менинг шеърим эмас, сенинг шеъринг.

ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Мавзу ўлган балиққа ўхшаб, сувнинг юзида тескари ҳолда қалқиб турмайди. У тирик балиқдай сувнинг тубида, тез оқар жойида, энг тиниқ сувда, гирдобида. Сен уни жойида ушла, гирдобдан, шаршара остидан ушлаб ол. Ахир, оғир меҳнат қилиб топилган пул билан кўчадан топиб олинган пулнинг ўртасида фарқ бор-ку.

ТОҒЛИКЛАР АЙТИШАДИ: Жуда кўп ҳайвон овлашинг мумкин, балки улар шоқол ва қуёндир. Яхшиси сен битта ҳайвонни овла, лекин у қора-қўнғир тулки бўлсин. Фақат уни қаердан овлашни билмайсан. Билиб қўй, ҳамма яхши ҳайвонлар олис дараларда яшамайди.

Бир овчи умри бўйи қора-қўнғир тулкини овлашни орзу қиларди. У шундай тулкини овлаш мақсадида неча бор тоғларни бўйи-эни бўйича кезиб чиқди. Қариган чоғида олис дараларга боришга кучи етмагани учун шундоққина ёнидаги жойларда ов қила бошлади. Тўсатдан овчининг қаршисидан бир умр орзу қилган қора-қўнғир тулки чиқиб қолди. Овчи тулкидан сўради:

– Сени умрим бўйи изладим, шунча вақт қаерларда бекиниб юрдинг?

– Мен туғилганимдан буён шу дарада яшайман, – дея жавоб берди тулки. – Сен билмайсанми, керакли нарсани умринг бўйи изласанг ҳам уни омад кулиб боққан лаҳзада топасан.

Ҳа, ҳар бир ёзувчининг шундай омад кулиб боққан куни бўлади ва у ўша кунда ўзлигини кашф қилади, ўз мавзусини топади. Аммо ёзувчи топган мавзусини ўзгартирмаслиги керак. Агар у мавзусига бевафолик қилса, менинг битта танишимнинг ҳолига тушиши мумкин.

МЕНИНГ ТАНИШИМНИНГ ПЬЕСАСИ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ. Доғистонлик битта ёзувчи жамоа хўжалиги тўғрисида пьеса ёзди. Мавзу қанчалик долзарб бўлмасин театрдагилар пьесани муаллифга қайтарди ва ҳеч қандай узрли сабаблар айтмасдан оддий изоҳ беришди: пьеса бизга ёқмади.

Эҳтимол, бу изоҳ бошқа бировга тушунарли бўлиши мумкиндир, лекин драматургга эмас. Драматург хафа бўлди ва тегишли жойга ариза ёзди. Дарҳол масалани ўрганиш ва тегишли чора-тадбирлар белгилаш учун комиссия тузилди. Комиссия масалани ўрганиш жараёнида пьесанинг мазмуни билан танишди: илғор бригада мўл буғдой ҳосилини йиғиш чоғида қувноқ қўшиқлар айтиб мусобақалашади.

АЛБАТТА, пьесанинг бундай мазмуни комиссия аъзоларини қаноатлантирди. Пьеса театр саҳнасида ҳам қўйиларди, лекин бу вақтда қўмиқ чўлларида (айнан қувноқ бригада мусобақалашиб буғдой ҳосилини йиғадиган жойда) буғдой етиштириш ўрнига, пахта етиштириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Шубҳасиз, ғаллачиликка бағишланган пьесадаги шарт-шароитлар пахтачиликка тўғри келмасди. Драматург узоқ ўйлаб ўтирмасдан пьесани қайта ишлашга ўтирди. Айтиш мумкинки, драматург астойдил тер тўкди ва пьесада экилган чигитлар қийғос униб шоналади. Пьеса қайтадан театрда ўқилди. Ўқиш жараёни қизғин кетаётган вақтда янги қарор чиқди. Унда қўмиқ чўлларида пахта етиштириш буғдой ўстиришга нисбатан истиқболсиз экани таъкидланганди ва бундан кейин қўмиқ чўлларида маккажўхори экишга кўрсатма берилганди.

Ишчан драматург яна пьесани қайта ишлашга киришди. Бироқ бу воқеа қандай тугашини билмай армонда қолдик, чунки драматург пьесани ёзиб тугатаётган вақтда театр биносига ўт кетди. Драматург ўзининг омадсиз эканидан нолиб, дарёнинг энг тез оқар жойига борди ва пьесаси қўлёзмасини сувга улоқтирди. Энди у пьесасини сувга улоқтирганидан ачинмаяпти.

Яхшиси, бошқа пьесага боғлиқ воқеани ҳикоя қилиб берай. Уни рус драматурги ёзган бўлиб, «Жўшқин одамлар» деб номлаганди. Бу пьеса ғаллачилик-пахтачилик мавзусида эмас, балиқчилик ҳақида эди. Эҳтимол, фақат балиқчилик ҳақида ҳам эмасдир.

Азалдан тоғликлар ўзлари туғилган овулларини ташлаб, денгиз бўйидаги текисликда яшашга интилишади. Бу текисликка мослашиш дейилади. Ҳозир бу масалага боғлиқ барча муаммолар тўғрисида гапирмоқчи эмасман, фақат асрлар бўйи қўй боқиб чорвадорлик билан шуғулланган тоғликлар текисликка келиб жойлашгач, кўпчилиги балиқчилик билан машғул бўлишини айтмоқчиман холос. Денгизда ёмон балиқчи яхши чўпондан аъломи? «Жўшқин одамлар» пьесаси шу масалага, яъни олис тоғ овулларидан Каспий денгизи бўйига келиб балиқчилик билан шуғулланаётган тоғликлар ҳаётига бағишланганди.

Пьесада иштирок этувчи образлар авар бўлгани учун драматург уни авар театрига берди. Аммо авар театри пьесани қабул қилмади.

Энди драматург нима қилиши керак? Унинг ўрнида бошқа бўлганда кайфияти бузилиб, руҳи тушарди. Биласиз, шоҳмот ўйинида шундай вазиятлар содир бўлади: қора шоҳ ҳар томондан қуршаб олинган, юришга катак йўқдай. Шу вақт қора от ажойиб юришни амалга оширади, энди оқ доналар жуфтакни ростлашга жой излаб қолишади. Бундай туб бурилишдан кейин оқлар ҳимоя чораларини излашга мажбур.

«Жўшқин одамлар» пьесаси муаллифи ҳам мана шундай «от юришни» амалга оширди. Пьесадаги аварча исмларни қўмиқча исмларга ўзгартирди ва уни қўмиқ театрига топширди. Афсуски, бу «от юриш» ўзини оқламади. Қўмиқ театри ҳам балиқчига айланган чўпонлар тўғрисидаги пьесани саҳналаштиришни истамади.

Бизнинг Доғистонимизда кўп миллат яшайди. Пьеса қаҳрамонлари даргин, лезгин бўлди-ю, лекин улардан ҳам яхши балиқчи чиқмади. Драматург пьесасини оч қолган итидай кўчага чиқариб юборди, ўйладики, бирон уйдан қорнини тўйғазиб қайтади. Ит ҳамма ҳовлига кириб чиқди, бироқ суяк тополмади.

Бир неча йилдан кейин драматург Москвадаги Адабиёт институтига ўқишга кетди. Маҳачқалъага шундай гап етиб келди, унинг балиқчилари лўлига айланибди. Чунки «Ромэн» лўлилар театри пьесага қизиқиш билдирибди. Ниҳоят, чўлоқ қари қизга куёв топилибди. Ва лекин бу никоҳ узоққа чўзилмади…

Мана мен икки танишимнинг пьесасини танқид қилдим. Ҳозир мен ёзувчилар мажлисининг минбарида турганимда, аллақачон луқмалар ёғилган бўларди: ўз-ўзини танқид ҳам бўлсин, яхшиси сен ўзинг ҳақингда гапир.

Ўзим ҳақимда нима ҳам дер эдим? Агар ҳозир ҳикоя қилган ёзувчиларимга ўхшаб хатолик қилган бўлсам, жон-жон деб кечирим сўрардим ва елкамдан тоғ ағдарилганидан ўзимни бахтиёр сезардим. Афсуски, мен кўксимда шундай гуноҳ юкни олиб юрибманки, унинг олдида «пахтачилик», «балиқчилик», ёшлик-ғўрлик ва бошқа хатолар ҳеч нарса эмас. Мен ёшлигимда шундай иш қилганманки, ҳатто уни эслаш ҳам жуда оғир.

Кейин бу ишим учун дўстларим узоқ вақт койишди, улар мен учун жазо бўлди. Аммо энг оғир жазони ўзимга ўзим чиқардим, ҳеч киши менга бундай оғир жазо бера олмас эди.

ОТАМ АЙТАРДИ: Агар шарманда қиладиган айбли иш қилган бўлсанг, кейин қанча тавба қилма бўлиб ўтган ишни ортга қайтара олмайсан.

ЯНА ОТАМ АЙТАРДИ: Шармандали айбли ишни содир этиб, йиллар ўтгандан кейин тавба-тазарру қилган одам қарзини эски пул билан тўлашга уринган одамга ўхшайди.

ВА ЯНА ОТАМ АЙТАРДИ: Агар ёвузликка хоҳлаган ёмонлигини амалга оширишга йўл қўйиб берган бўлсанг, кейин уни индамай уйдан чиқариб юбориб, турган жойини тепганингдан фойда йўқ. Оғилхонадан ҳўкизларни ўғирлаб кетгандан кейин унинг эшигига катта қулф осганингдан не фойда?

ХУДДИ ШУНДАЙ, мен ҳам биламан, жанжал тугагандан кейин мушт ўқталишнинг кераги йўқ. Аммо ўқувчиларим ҳозиргача мактуб ёзишиб, яна битмаган ярамни янгилашади. Улар менинг деразамга тош отишиб, кўчамизни бошига кўтариб бақиришади:

– Қанисан Расул Ҳамзатов, ўзингни кўрсат-чи? Биз ўқувчиларингга нимага бундай бўлганини тушунтириб бер.

– Мен нимани тушунтириб беришим керак?

– Мана сен бир минг тўққиз юз эллик биринчи йил Шомилни қоралаб шеър ёздинг, бир минг тўққиз юз олтмиш биринчи йил эса Шомилга мадҳия битдинг. Икки шеърнинг тагида Расул Ҳамзатов номи бор. Энди биз билмоқчимиз: Улар битта Расулми ёки бошқа-бошқа Расулми? Қайси Расулга ишонайлик?

Савол кетидан савол ёғилади. Агар баданга ўқ тегса уни олиб ташласа бўлади. Лекин юракка теккан ўқни олиб ташлаб бўладими?

Менинг азиз ўқувчим, неча ёшдалигингни билмайман, балки жуда ёшдирсан. Ҳали катта умр довонларидан, сарҳадларидан босиб ўтмагандирсан. Мен эса битта довондан ўтганман. Ҳа, мен севганман! Ҳозир ўз туйғуларимнинг бутун тафсилотини сўзлаб бермоқчи эмасман. Аммо кейин узоқ вақт афсус чекканлигим рост.

Кўпинча қўшниларнинг деразалари кичкина кўчада рўпарама-рўпара бўлади. Қўшнилар шу деразадан бир-бирига қараб болалари ёмон қилиқ қилишганини айтишиб, қарғашиб туришади. Мен ҳозир қарама-қарши деразаларда бир-бирини қарғаб турган қўшниларга ўхшайман. Фақат иккала деразада ҳам ўзимман: бирида ёш пайтим, иккинчисида ҳозирги пайтим.

Чиройли қиз йигитнинг бошини айлантиргандай, давр нури менинг кўзимни қамаштирди. Мен ҳам даврга куёв қаллиққа қарагандай қараб, ҳеч бир нуқсонини илғамадим. Агар жиддий айтсам, мен даврнинг сояси бўлдим. Маълумки, таёқ қандай бўлса, сояси ҳам шундай бўлади. Шундай қарор чиқаришди: Шомил – Англия ва Туркия жосуси бўлган, унинг мақсади миллатлар ўртасига нифоқ солиш эди. Мен шундай қарор чиқарилган уйга ва унинг эгасига ишондим. Ўшанда ўзимизнинг Шомилни фош қилувчи шеърим ёзилди.

Энди баъзи бировлар менга таскин бергандай бўлишиб, шундай дейишади:

– Бизнинг эшитишимизча, сен бу шеърни махсус буюртма асосида ёзган экансан, сени шундай шеър ёзишга мажбур қилишганмиш.

Бу ёлғон! Мени шундай шеър ёзишга ҳеч ким мажбур қилмаган. Ўз хоҳишимга кўра Шомил ҳақида шеър ёздим ва уни ўзим таҳририятга олиб бордим. Фақат мен ўша вақтда араб тилини билмаса ҳам Қуръонни варақлаб ҳайратга тушадиган тоғликларга ўхшардим.

Мен давр сояси эдим. Мен ўша вақтда шоир ҳеч қачон соя бўлиши керак эмаслигини билмасдим. Шоир ҳамиша олов-нур бўлиши керак экан, балки у шам бўлар, балки у Қуёш бўлар. Нур ҳеч вақт соя таратмайди, нурдан фақат нур таралади.

Афсуски, мен буни кечроқ англадим. На чора, олманинг ҳам ҳар хил нави бор. Биттаси эртапишар, иккинчиси кузакда пишади. Мен ўша кеч пишадиган олмага ўхшасам керак.

ХУЛЛАС, шундай бўлганди. Менинг жароҳатларимга келсак, улар ҳали битмаган.

Ш О М И Л

Қалбимни қийнайди эски жароҳат,

Қачон эсга тушса қийналар юрак.

У ҳақда боболар айтган ҳикоят,

Кейин овулларда тўқилган эртак.

Тоғда унинг номи бўлмайди унут,

Яшар эртакларда қаҳрамонга хос.

Тоғ аро қувлашиб ўтганда булут.

Унинг лашкарига айлайман қиёс,

У ҳақда тоғликлар куйлайди қўшиқ,

Ёдимда, даврада жўр бўлган онам.

Онам ҳам куйлаган меҳрини қўшиб,

Кўз ёшидан қолган юзида шабнам.

Хонамнинг тўрида қарар сурати,

Нақадар синчковдир ундаги қароғ,

Чап қўлида эди кучи, қудрати,

Шу боис ўнг ёнга тақарди яроғ.

Тўрдаги расмда кўргандим алам,

Акаларим жангга жўнаётган кун.

Тилла зийнатини топширди опам,

Унинг номидаги танк ясаш учун.

Қариган чоғида раҳматли отам,

Қаҳрамонга битди қасида-достон.

Шомилга туҳматлар ёғарди у дам,

Ёлғончилар отда сурарди даврон.

Отамга бемаҳал ёпишмаса дард,

Ҳали яшармиди… Кечиринг, ота!

Кечикиб бўлсада узр сўрашим шарт,

Менинг ўша шеърим хатодан-хато.

Ватан шаъни учун қилич тутган эр,

Чорак аср ёвларга бермади омон.

Мен-чи, қораладим замонасоз шеър,

Унда ўйламасдан сўз ёздим ёмон.

Тунлар чироғимни ўчирган оним,

Кимдир деразамда бўлар намоён.

У – ўша тоғликлар севган посбоним,

Гуниб тоғларидан чиққан қаҳрамон.

У дейди: «Эй бола, уруш фалокат,

Қанча яраланмай миқ этганим йўқ.

Ўн тўққиз жойимдан олдим жароҳат,

Сен кўксимга отдинг йигирманчи ўқ.

Ё тиғдан, ё ўқдан чекканман озор,

Вужудимда омон жойнинг ўзи йўқ.

Аммо тоғлик илк бор қилди ярадор,

Шунинг учун доғи куйдиради чўғ.

Тўғри, курашишга ҳожат йўқ энди,

Ҳурлик учун қилич ушладим, холос.

Гарчи қиличимнинг жарангги тинди,

Тоғлик ори учун савашганим рост.

Ҳаловат билмадим, курашдим фақат,

Кўнглимга сиғмади ялла, тўй-ҳашам.

Жазоладим, кимки айтса ҳикоят,

Ҳатто қамчилатдим шоирларни ҳам.

Ўйлардим, ўжардай фикримда туриб,

Жазо бергандурман ноҳақдан-ноҳақ.

Сендай оғзи ботир шоирни кўриб,

Билдимки, ўшанда мен эканман ҳақ».

Тонггача тикилиб турар тепамда,

Кўраман бошида катта оқ салла.

Баъзан кезар ғира-шира хонамда,

Хинога бўялган соқоли малла.

Нима ҳам дер эдим? Унинг олдида,

Элимиз олдида айбдорман, айбдор.

Бир вақт Ҳожимурод жаҳл отида,

Имомдан аразлаб кетгандай бекор.

У қайтмоқ истади бўлиб пушаймон,

Ботқоққа дуч келди ва топди жазо.

Мен ҳам қайтайинми? Аммо йўқ имкон,

Ахир, бу тамоман бошқача хато.

Ғўрлигим маҳсули торттирар сергак,

Ич-этимни ейман, ҳеч ким билмайди.

Имомдан кечирим сўрашим керак,

Бироқ ботқоққа ҳам ботгим келмайди.

Энди узрим айтмай, у қабул қилмас,

Ҳеч ким гуноҳ ишни ёддан ўчирмас.

Ёмон сўз шеъримда янградими бас,

Қилич тутган одам асло кечирмас.

О халқим! Ёмондир ўғлинг аҳволи,

Сен ўзинг кечиргин, айла марҳамат.

Ўғлидан ранжиган она мисоли,

Гуноҳкор бошимни силаб қўй фақат.

Билмайман, аввалги шеърим учун мени доғистонликлар кечиришадими, билмайман, мени Шомил руҳи кечирадими? Лекин мен ўзимни ҳеч қачон кечира олмайман.

ОТАМ МЕНГА АЙТАРДИ:

– Шомилни тинч қўй. Агар унга тегсанг, сени қабрга киргунингча тинч қўймайди. Отам ҳақ гапни айтган экан.

Тоғликлар болани ушлашар маҳкам,

Ҳар қадамда койир, туришар тергаб.

Мен ҳам гоҳо шўхлик, ё хато қилсам,

Отам қулоғимни қўярди бураб.

Отамсиз ҳаётда қолмайин доғда,

Қулоғимни буранг, турингиз тергаб.

Худди дутор тори бўшаган чоғда,

Унинг қулоғини қўйгандай бураб.

Вақт! Кунлардан йиллар, йиллардан асрлар пайдо бўлади. Аммо давр нима? У асрлардан пайдо бўладими? Ёки йиллардан? Ёки бир куннинг ўзи давр бўлиши мумкинми? Дарахт беш ой ям-яшил бўлиб туради, лекин бир кун ёки бир тунда барча барглари сарғаяди. Ёки аксинча, дарахт беш ой яланғоч, қорамтир ҳолатда туради. Бир кун иссиқ бўлса бас, ям-яшил тусга киради. Битта оппоқ тонг кифоя, оппоқ гулга ўранади.

Шундай дарахтлар бор, ойларга қараб ранги ўзгариб туради. Шундай дарахтлар бор ранги ҳеч қачон ўзгармайди.

Шундай қушлар бор, фасллар ўзгаришига қараб Ер шари бўйлаб кўчиб юради. Бургутлар эса ўз тоғини ҳеч қачон ташлаб кетмайди.

Қушлар шамолга қарши учишни яхши кўришади. Яхши балиқлар оқимга қарши сузишади. Ҳақиқий шоир эса, юрак амрига кўра «дунёнинг мавжуд фикри»га қарши исён кўтаради.

ЁН ДАФТАРЧАДАН: Менинг дўстим авар шоири. Яқинда янги шеърлар китоби чиқди. У шеърларини шаҳардаги уйи хоналарига ўхшаб бўлимларга ажратибди. Мана сиёсий, яъни гражданлик руҳидаги шеърлари – ижодхонаси, севги, ҳиссиётга доир шеърлари – ётоқхонаси, ҳар хил мавзудаги умумий шеърлари – меҳмонхонаси, қишлоқ хўжалиги, нон, чўпонлар ҳақидаги шеърлари – билмайман уларни қандай номласам экан? Эҳтимол, ошхона дейиш маъқулдир.

Мен Маҳачқалъага тоғдан келган доғистонлик бахшининг гапи тўғри деб ўйлайман. Бизнинг шоиримиз ундан ҳар бир бўлимдан биттадан шеърни қўшиқ қилишни сўраган. Бахши қўбизини созлаган, бир неча дақиқа ўйланган ва қўшиқ бошлаган. У узоқ куйлаган. Тингловчилар хавотирга тушишган: агар у бир бўлимни шунча узоқ куйласа, тўрт бўлимни қачон куйлаб тугатади? Аммо бахши сози торларига қўлини қўйиб, қўшиқ айтишни тўхтатган, куйлашни давом эттирмаган. Маълум бўлишича, бахши шу битта қўшиққа шоирнинг асосий туйғуларини, асосий фикрлари берилган мисраларни тўплаган. Шоир ундан нега бундай қилганини сўрабди.

– Дўстим, – дея жавоб қайтарибди бахши, – мана менинг қўбизим, унинг учта тори бор. Мен олдин биринчисини, кейин иккинчисини, сўнгра учинчисини чала олмайман.

ЯНА МАВЗУ ҲАҚИДА. Эҳтимол, ҳамма билар, шундай тоғлик бор эди, доим янги этиги ифлос бўлиб қолишидан қўрқарди. Шу боис айрим жойларда этигини ечиб қўлига оларди ва пайпоқда юрарди. У бир куни тизза бўйи балчиққа дуч келган. Бечора этигини ифлос қилмаслик учун боши билан балчиқда турган.

ШУНДАЙ ҲАМ БЎЛАДИ, шоирлар айрим ҳолатларда санъат асари яратаётган рассомга эмас, дам олиш кунлари ўтказиладиган пойгаларда қатнашадиган чавандозларга ўхшайди. Отининг бўйнини беш дақиқа мукофот шойиси безаши учун отнинг сағринига аёвсиз қамчи тортишдан тойишмайди. Отнинг бўйнига ташланган шойи рўмол ўша кун олинади, лекин сағринига етказилган жароҳат узоқ вақт битмайди. Улар Телетли овулидаги Алибўлатга ҳам ўхшайди. Айтгандай, сиз Алибўлат билан бўлган воқеани билмайсиз.

Кунлардан бир куни Хунзах ноиби ўзининг Алибўлат навкарига шундай дейди:

– Тайёрлан, эртага эрталаб Телетли овулига борасан.

– Мен тайёрман, – деди топшириқни бажаришга ўрганган навкар.

Тоғлардаги чўққилар ёришмасдан Алибўлат туриб отини эгарлади ва Телетли сари йўлга тушди. Тушга яқин у Хунзахга қайтди. Хунзахга кираверишда ундан таниши сўради:


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации