Электронная библиотека » ҲАМЗАТОВ РАСУЛ » » онлайн чтение - страница 3

Текст книги "МЕНИНГ ДОҒИСТОНИМ"


  • Текст добавлен: 26 июня 2023, 10:20


Автор книги: ҲАМЗАТОВ РАСУЛ


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 26 страниц) [доступный отрывок для чтения: 9 страниц]

Шрифт:
- 100% +

Учинчи куни тўйни олиб борувчи (тамада) баланд овозда куёв ва келин рақсга тушишини эълон қилибди. Куёвни ҳамма уч кун давомида кўриб турганди, келин эса уч кун давомида юпқа тўй рўмоли остида ўтирганди. Абутолиб ҳам уч кун давомида келиннинг кийим-бошига суқланиб қараб, сурнай чалибди. Эҳтимол, чиройли кийим-бош унга Кавказ антологиясининг муқовасини эслатгандир.

Ниҳоят, келин ўрнидан туриб даврага тушди. Абутолиб унинг гавда тузилишини кўриши билан ҳафсаласи пир бўлибди. Агар келинни ўхшатиш лозим бўлса, уни Давлатнашр чиқарган қирғизларнинг қалин «Манас» эпоси китобига ўхшатиш мумкин эди. Келин юзидаги юпқа рўмолни кўтаришга чоғланди. Ҳамма тек қотган, Абутолиб ҳам нафас олмай тикилиб турибди. Мана келин рўмолни бир лаҳзага кўтарди, шу лаҳзани ҳамма уч кун кутганди…

Унинг бир кўзи Хунзахга қараган бўлса, иккинчи кўзи Батлахда эди. Бир-бири билан аразлашган кўзларни бесўнақай бурун ажратиб турарди.

Абутолиб ўз-ўзидан жуда ранжибди. Энди у сурнайини ҳам чалишга ҳоли қолмабди. Тўкин дастурхонга ҳам бошқа қўл урмабди. У тўйни ташлаб чиқиб кетибди.

Менимча, Абутолиб келинни тавсифлаганда сал ошириб юборгандир.

ҲАР ҲОЛДА, яхши безаклар ҳам ёмон ёзилган китобни ўқишли қила олмайди. Унга холис баҳо бериш учун безакли рўмолни кўтариш кифоя.

ҲАР ҲОЛДА, шундай бир йил бўлганди, тоғлик аёллар ва уларга эркакларнинг ҳурмат билан муносабатда бўлиши масаласи мамлакат миқёсида кўндаланг қўйилди. Ўша йили эрлар хотинларига кескин гап айта олишмади. Оддий оилавий жанжал учун ҳам эрни туман марказига чақирар, роса пўстагини қоқиб ҳайфсан беришарди. Кўпчиликда эътироз туғилмаслиги учун аввал туман раҳбариятида ишловчи барча эркакларга биттадан ҳайфсан эълон қилинди. Ҳатто, ўша йили тоғлик аёллар анжумани ҳам ўтказилиб, улар шаънига шу қадар мақтовлар айтилдики, агар ўтган йиллардаги барча мақтовлар жамланганда ҳам ўша йилдагига тенглаша олмасди.

Ўша йили бозорда рухсат этилмаган ҳар хил товарлар билан савдо қилувчи семиз олибсотар хотин пайдо бўлди. Милициячи унга бирон нима дейин деса, ўзига тоғлик аёл ҳуқуқини поймол этдинг деб ҳайфсан беришади. Бари бир милициячи учинчи якшанбада қўрқа-писа олибсотарни огоҳлантирди. Бешинчи якшанба куни милициячи нима бўлса пешанамдан кўраман деди шекилли, олибсотар хотинни қўлга олди ва идораси томон бошлади.

Олибсотарни милицияхонага олиб кетишаётганда барча унинг қандай қилиб озод тоғлик аёлнинг дахлсизлигига раҳна солганига ҳайрон қолишди.

Милициячи тиқилинч бозорда олибсотарнинг ташқи кўринишига эътибор бермаганди, кенг идорада унга аёлнинг юбкаси бекитиб турса ҳам катта этикда эканлиги шубҳали туюлди.

«Бу сув булоқникига ўхшамайди», – деб ўйлади милициячи ва олибсотар аёлнинг рўмолини юзидан тортди. Рўмол остидан кўзлари ола-кула бўлиб кетган эркакнинг юзи кўринди.

Айрим қунт билан ишлашга тоқати йўқ истеъдодсиз, ҳамиятсиз рассомлар ҳам расмларини мазмунан тўлдириш ўрнига ўз маҳсулотларини тезроқ сотиш ниятида ҳар хил безакларни чизишга уринишади. Аммо қорин бўш бўлса, бўркни қийшайтириб кийиш билан одам тўйиб қолмайди.

ХУДДИ ШУНДАЙ, ёғочдан қилинган пичоқ қанча чиройли бўлмасин унда жўжани ҳам сўя олмайсан. Бундай ёғоч пичоқ билан фақат тарновдан тушаётган ёмғир сувини парчалаш мумкин.

ХУДДИ ШУНДАЙ, ўғил болани суннат қилишга ётқизишганда унга ғоз патини кўрсатишади. Аммо бу болани чалғитиш учун ишлатиладиган ҳийла. Ғоз пати билан суннат амалини бажариб бўлмайди, суннат қилиш учун ўткир пичоқ керак.

Китобхонни боладай алдаб бўлмайди, ҳар бирининг ёнида туриб изоҳ ҳам бера олмайсиз. Бундан ташқари, мен артист ҳам эмасман, қинга картондан қилинган ханжарни солиб саҳнага чиқадиган. Эҳтимол, қин ҳақиқийдир, безакларига тилло суви юритилгандир, лекин ханжари картон қоғоздан-да.

АЛБАТТА, қин керак, усиз ханжар занглаши мумкин. Агар қин чиройли бўлса яна ҳам яхши.

АЛБАТТА, агар эр хатарли сафардан қимматли ўлжа билан қайтса, хотини пешвоз чиқиб отининг бўйнига шойи рўмол ташлаши керак.

АЛБАТТА, ўткир фикрни жўн ифода этиш, бу қўзичоқни оч бўрига рўпара қилишдай бир гап.

АЛБАТТА, энг мустаҳкам арава ҳам тошлоқ сўқмоқда синиши ва жарликка қулаши мумкин.

АЛБАТТА, эшакнинг жазлиғи отнинг елкасини безамайди, ёки учқур отнинг эгари эшакка ярашмайди.

Шу ўринда балхарлик кулол ва унинг қирчанғиси тўғрисидаги воқеани сўзлаб берайин.

БАЛХАРЛИК ВА УНИНГ ҚИРЧАНҒИСИ ТЎҒРИСИДА ҲИКОЯТ. Балхарлик кулол ўзининг қирчанғисига тувак, кўза ва лаган солинган хуржунини юклаб, қўшни овулларга сотиш учун жўнади.

Ўша куни аварлар овулида пойга бўлиши белгиланганди. Пойгага бошқа овуллардан ҳам норғул чавандозлар ўзларининг гижинглаган тулпорларида келишганди. Бу чавандозларни ҳам, улар минган тулпорларни ҳам эл танир эди. Чавандозлар ўктам ва чиройли, тулпорлар чайир ва гижинглаб турарди. Пойга бошланишини кутаётган чавандозларнинг ҳам, тулпорларнинг ҳам кўзлари чақнарди.

Чавандозлар сафга тизилишди, шу пайт майдондан қирчанғисини миниб олган балхарлик кулол эгар устида уйқусираб келаётганди, қирчанғиси оёқларини судраб босарди. Ёш чавандозлар балхарлик кулолга гап ташлашди:

– Қани пойгага қўшилинг.

– Қирчанғингизни тулпорлар рўйхатига қўшиб қўяйлик.

– Қани, қирчанғингиз тулпоримиз билан бир пойга қилиб кўрсин.

– Биз билан пойгага қўшилинг, ахир, кимдир орқада тулпорларнинг тушган тақаларини териб юриши керак-ку.

Балхарлик жавоб бериш ўрнига индамай қирчанғисидан тушди, тувак, кўза ва лаган солинган хуржунини эгардан олди. Юкни бир чеккага қўйиб, қайта қирчанғисига минди ва чавандозлар қаторига келиб қўшилди.

Чавандозларнинг отлари гижинглаб, олд оёқлари билан ерни тепиб сакрарди, ҳар тепганда тупроқ кўчиб тўзонга айланарди. Балхарликнинг қирчанғиси бошини қуйи солганча қилт этмай турарди.

Мана пойга бошланганига ишора берилди. Тулпорлар шамолдай жойидан қўзғалди, чанг-тўзон булутдай осмонга кўтарилди. Балхарлик қирчанғисида чанг-тўзон орасида қолди. Тулпорлар бир давра айланди, кейин иккинчи даврани, сўнг учинчини… Ҳамма кўриб турарди, тулпорлар чарчай бошлади, олдин уларда тер кўринди, кейин буғ кўтарилди, сўнг терлаган яғринига чанг ўтирди. Тулпорларнинг қадам ташлашлари секинлашди, кейин оёқлари чалишди. Чавандозлар тулпорларини этиклари билан қанча ниқташмасин, энди улар тезлигини ошира олмасди. Фақат балхарликнинг қирчанғиси бир текис одимларди. Қирчанғи аввал орқадаги отларга тенглашди, кейин бирин-кетин қувиб ўта бошлади, охирги ўнинчи даврада барча тулпорларни ортда қолдирди.

Балхарлик минган қирчанғининг эгилган бўйнига ғолиблик шойи рўмоли ташланди. Кулол қирчанғисидан тушиб, юки олдига келди. Тувак, кўза ва лаганлар солинган хуржунни эгар устига ортди ва қирчанғисига миниб йўлида давом этди.

Пойгада рўй берган воқеа адабиётда ҳам тез-тез учраб туради.

ЁН ДАФТАРЧАДАН: Енгилгина ёзилган шеърларни ўқишга қийналасан. Қийналиб ёзилган шеърларни ўқиганда роҳатланасан. Шакл ва мазмун бу мисоли кийим ва одам. Агар одам хушфеъл, ақлли, олийжаноб бўлса, нега у ўзига мос чиройли кийинмаслиги лозим? Нега одамнинг юзи чиройли бўлса, нега унинг ширин орзулари бўлмаслиги керак?

Кўп ҳолларда чиройли аёллар саришта, саришта аёллар эса чиройли бўлишмайди. Бундай номутаносиблик санъат асарларида ҳам учрайди. Лекин шундай бахтли аёллар ҳам борки, улар ҳам чиройли, ҳам саришта. Бундай фикрларни чиндан ҳам истеъдодли шоирларнинг китоблари тўғрисида ҳам айтиш мумкин.

БИТТА МААЛИЛИК АЙТГАНДИ: Бизнинг овулга келаётган меҳмоннинг қораси довонда кўриниши билан мен унинг яхши ёки ёмон одам эканлигини айта оламан.

БИТТА КУБАЧИНЛИК АЙТГАНДИ: Олтин ва кумуш табиий ҳолатда ҳали ҳеч нарса эмас. Ундан мўъжиза яратиш учун заргарнинг олтин қўллари керак бўлади.

Оддий гилдан ясалади энг гўзал кўза,

Оддий сўздан яралади шеърий мўъжиза.

Кўзадаги ёзувлар.

Мен дунёда ўн беш мингдан кўпроқ кун яшаб қўйдим. Мен Ер юзидаги кўп йўлларни босиб ўтдим. Мен Ер юзидаги минглаб одамлар билан учрашдим. Олган таассуротларим ёмғир ёққан вақтда ёки қор эриган маҳалдаги тоғ жилғаларидай тўлиб-тошган. Аммо уларни қандай қилиб битта китобда бирлаштириш мумкин? Уларни ёзиш теп-текис водийда чуқур ва кенг ўзан қазишдай бир гап. Агар бу иш амалга оширилган тақдирда ҳам кўзланган мақсаднинг ярми бажарилган бўлади, холос. Чунки энди ўша чуқур ва кенг қазилган ўзандан барча тоғ жилғалари бирлашиб оқиши керак. Бунга қандай эришса бўлади? Бунга ҳаётда орттирилган тажрибадан бошқа яна қандай билимлар зарур? Адабиёт назарияси дейсизми? Ахир, илҳом келган пайтда шеър ёзиш ўрнига унинг қандай ёзилиши тўғрисида ўйлаб бўлмайди.

Айтиб қўйишим керак, менинг севган адабиёт оқимларим ёки мактабларим йўқ. Менинг севган ёзувчиларим, санъаткорларим, моҳир усталарим бор.

ЁН ДАФТАРЧАДАН: Адабиёт институтида синов пайтида битта авар талабадан сўрашибди: реализм ва романтизм ўртасида қандай фарқ бор? Авар талаба бу мавзуни китобдан ўқимаган экан. Лекин бари бир жавоб бериши керак. У ўйлаб-ўйлаб шундай жавоб берибди:

– Реализм – бу бургутни бургут дейиш, романтизм эса хўрозни бургут деб аташдир.

Профессор кулиб юборибди ва менинг юртдошимнинг синов дафтарчасига синовдан ўтганини қайд этибди.

Бу ҳақда менинг фикримни сўрасангиз айтиб қўяй, мен аввал бошданоқ отни от, эшакни эшак, хўрозни хўроз ва мардни мард дейишга ўрганганман.

ЁН ДАФТАРЧАДАН: Машҳур Робиндранат Тагорнинг укаси ҳам бўлган, у ҳам ёзувчи эди. Укаси ҳинд адабиётидаги бенгал мактабининг давомчиси бўлган. Лекин Робиндранатнинг ўзи бир мактаб эди, ўзи бир адабий оқим эди, ака-ука ўртасидаги фарқ ҳам шундадир.

Робиндранат қалбида бир қуш яшарди, у дунёдаги ҳеч бир қушга ўхшамасди ва унгача дунёда бўлмаганди ҳам. У бу қушни адабиёт ва санъат осмонида эркин учиш учун қўйиб юборди ва ҳамма бу қуш Робиндранатнинг қуши эканини кўрди.

Агар санъаткор ўз қушини эркин парвозга қўйиб юборганда қушлар галасига қўшилиб йўқолиб кетса, яъни ўзига ўхшаш қушлар орасидан ажратиб бўлмаса, демак, у ҳали санъаткор эмас. Демак, у ўзига хос, ҳайратга солувчи қушни эмас, оддий чумчуқни парвоз этишга қўйиб юборган, энди унинг чумчуғини чумчуқлар галасидан ажратиб бўлмайди, унинг чумчуғи чиройлидир, лекин чумчуқ бари бир чумчуқда.

Одамнинг ўз уйи бўлиши ва ундаги ўчоққа ўт ёқиши керак. Бировнинг отини қанча минма, бари бир эгаридан тушиб отни эгасига берасан. Ўзгалар фикрларини эгарлагандан кўра, ҳамиша ўз фикринг бўлсин.

Адабиётни пандурга, ёзувчиларни унинг таранг тортилган торларига ўхшатишга жазм этаман. Ҳар бир торнинг ўз овози бор, улар бирлашса мусиқа яралади.

БАЪЗАН ШУНДАЙ БЎЛАДИ, битта овчи фалон дарада катта тоғ такасини отибди деган гап тарқалади, ҳамма овчилар ўша дара томон шошилади. Бу вақтда ўша биринчи овчи бошқа дарада айиқ отгани маълум бўлади.

Энди овчилар тўдаси айиқ овланган дарага чопишади. Бу вақтда биринчи овчи бошқа дарада қоплон овлайди… Шундай экан сўрагинг келади: улардан қайси бирлари ҳақиқий овчи? Ўзи ўлжа излаётганими, ёки омадли овчининг изидан чопаётганларми? Бундай изма-из чопаётган овчилар қопқондан бировнинг ўлжасини олишдан ҳам тойишмайди.

Бундай чопағон овчилар баъзи бир ёзувчиларни эсимга солади. Истардимки, бир танишим қилган ишни бошқалар қилишмасин. У Корней Иванович Чуковский билан танишгандан кейин ўзини Абутолибни танимаганга олганди.

Истардимки, денгизгача етиб борган дарёлар чексиз мовий уммонга қўшилиб кетгандан кейин ҳам ўзининг йўли тоғдаги булоқдан бошланганини, босиб ўтган тошли сойларни, нишаб жилғаларни ҳеч қачон унутмасин.

Ҳа, мен – тоғ жилғасиман! Мен ўз йўлим бошланган булоқни, тошли сойларимни яхши кўраман. Мен сувим оқиб ўтадиган илон изи дараларни ҳам, сувимни сачратиб шаршара ҳосил қиладиган қояларни ҳам, сокин оқиб ўтадиган текис жойларни ҳам яхши кўраман, зеро, айнан тинч оққан сувда ён-атрофдаги тоғлар, осмон ва юлдузлар аниқ акс этади. Сув олдин секин, кейин тобора тезроқ оқади.

Бу билан менга битта даранинг ўзи етади, демоқчи эмасман. Мен оқаяпман, демак, олдда мақсадим бор. Мен олдимдаги манзилни ҳис қилибгина қолмай, уни кўраяпман. Олдда мени бепоён мовий денгиз кутаяпти! Бугун на фақат менинг, балки бутун доғистонликларнинг ҳам дунёқарашлари ўзгарди. Ўтган ўн йилликларда на фақат қабристонларнинг чегараси, балки ҳаёт, уфқлар ҳақидаги тасаввурларимиз чегараси ҳам кенгайди.

Мен авар шоириман. Лекин қалбан на фақат Аваристонга, Доғистонга, улкан мамлакатга, балки бутун сайёрага, ХХ асрга жавобгар эканимни ҳис қиламан. Бундан бошқача яшашим мумкин эмас.

ҲИКОЯ ҚИЛИШЛАРИЧА, мен дунёга келганимдан кейин отамни вақтинча Арадер овулига хизматга жўнатишган. Отам отига иккита хуржунни юклаган. Биринчи хуржунга уйдаги лаш-лушлар, иккинчи хуржуннинг битта кўзига қолган ун, толқон, китоблар солинган, иккинчи кўзидан эса менинг бошим чиқиб турган.

Йўл азобини кўтара олмаган онам оғир касал бўлиб қолибди. Биз борган овулда камбағал ёлғиз аёл бўлиб, чақалоғи яқинда вафот этган экан. Шу аёл мени эмиза бошлабди. У менинг энагам – иккинчи онамга айланди.

Шундай қилиб, мен дунёдаги икки аёл олдида умрбод қарздорман. Умрим қанча давом этмасин, бу аёлларга қанча яхшилик қилмайин, бу аёллар учун қандай ишларни амалга оширмайин, улар олдидаги қарзимни ҳеч қачон уза олмайман. Чунки ўғилларнинг оналар олдидаги қарзи шунчалар кўп.

Бу икки аёл: бири – ўзимнинг онам, мени туққан, бешигимни тебратган, биринчи аллани айтган; иккинчиси ҳам… онам. Оч қолиб ўлим хавфи туғилганда, кўкрагини тутган, ундан сут билан менинг танимга ҳаёт оққан ва мен ўлимга олиб борувчи тор сўқмоқдан катта ҳаёт йўлига қайтганман.

Худди менингдек халқимнинг ҳам, мўъжаз мамлакатимнинг ҳам, ҳар бир китобимнинг ҳам иккита онаси бор.

Биринчи онам – жонажон Доғистон! Мен шу заминда туғилдим, шу заминда она тилимдаги аллани эшитдим, кейин шу тилда сўзлашни ўргандим ва шу тил томир-томиримгача сингиб кетди. Шу заминда она тилимдаги қўшиқларга қулоқ тутдим ва ўзим ҳам биринчи бор она тилимда қўшиқ куйладим. Шу заминда биринчи бор сув ва нон таъмини туйдим. Болалигимда тошли сўқмоқларда қанча йиқилиб, у ер-бу еримни шилиб олмай она заминимизнинг ноз-неъматлари, доривор ўсимликлари жароҳатларимни даволади. Тоғликлар айтишади: бизнинг тоғларда ҳар қандай касалликка шифо бўлувчи доривор ўсимликлар бор.

Иккинчи онам – буюк Россия, менинг иккинчи онам – Москва. Улар мени тарбиялади, қанот бағишлади, катта йўлга олиб чиқди, чексиз уфқларни, дунёни кўрсатди.

Бу икки онам олдида ҳам ўғиллик қарзим бор. Иккита гиламга туширилган Маҳмуд ва Пушкиннинг суратлари деворда уйимга файз бағишлаб турибди. Петербургнинг ойдин кечалари гўзаллигини куйлаган Блок шеърлар китобининг орасига Доғистон тоғининг баланд яйловида гуллаган гул солиб қўйилган.

Икки она, бу – икки қанот, икки қўл, икки кўз, икки қўшиқ. Иккала онамнинг ҳам қўллари бошимни силаган, керак пайтда қулоғимни бураган. Икки онам пандуримнинг биттадан торини тортишган. Улар қўлларида мени баланд кўтаришди, уларнинг елкасида дунёнинг кўп жойларини кўрдим. Агар улар мени кўтаришмаганда, эҳтимол, бу жойларни кўра олмасдим. Парвоздаги бургут қайси қаноти кўпроқ керак эканини билмагандай, мен ҳам қайси онамнинг меҳри баланд эканини билмайман.

Илгари тоғликлар барча касалликларни шифобахш сув ва доривор ўсимликлар билан даволашган. Беморлар табибларга қаттиқ ишонишган. Тўғри, ноинсоф табиблар ҳам бўлишган. Бу табиблар бош оғриғини даволаш учун қора қўчқорни сўйиш кераклигини айтишган.

Истаган авар қора қўйнинг гўшти жигарранг ёки оқ рангли қўйнинг гўштидан мазали бўлишини билади. Табиб боши оғриган кишининг бошини қора қўчқор териси билан ўраган ва шу ҳолатда ўтиришни тайинлаган. Гўштни эса ўзи билан олиб кетган.

Бундай табиблар ҳақида бошқа гаплашмаймиз. Чунки доривор ўсимликлар ва улардан унумли фойдаланадиган билимдон табибларимиз кўпроқ.

Бир сафар отамни Москвадаги Кремль шифохонасига даволанишга ётқизишди. Отам шифохонада Доғистоннинг шифобахш суви ва доривор ўсимликларини эсга олиб, ўғилларидан Буцрах тоғидаги кичкина булоқ сувидан олиб келишларини сўради.

Отанинг гапи ўғил учун қонун. Ўғил Доғистонга қайтиб, Буцрах тоғига чиқди ва ўша кичкина булоқни топди. Булоқ сувидан идишларга солиб, Кремль шифохонасида ётган отасига олиб борди.

Отам булоқ сувидан ичгач, ўзини енгил ҳис қилгандай бўлди. Тузала бошлади. Лекин отам ўша кундан бошлаб хорижда тайёрланган янги доридан укол қилишаётганидан бехабар эди.

Эҳтимол, отам жаҳон медицинасининг сўнгги ютуғи бўлган дорининг ёлғиз ўзидан шифо топмагандир. Эҳтимол, отам миллий даволаниш воситамиз бўлган авар булоғи сувининг ёлғиз ўзидан ҳам шифо топмагандир. Аммо у шу икки дорини бирданига қабул қилиб соғайиб кетди.

Адабиётда ҳам худди шундай. Унинг асоси – она замин, она халқ, она тил. Лекин ҳеч бир ёзувчи фақат ўз миллатининг қувонч-ташвишлари билан чегараланиб қола олмайди. Унинг қалбини ҳамиша умуминсоният ва умумжаҳон қувонч-ташвишлари ҳам безовта қилади.

Йўлга чиқар пиёда шу чоқ,

Хуржунига борин солади.

Нон олади, вино олади…

Лекин бизга бўлади қўноқ.

Уйимизга дуч келган замон,

Эшик қоққин, тортинма асло.

Тоғлик аёл дарҳол ёпар нон,

Тоғлик йигит қуяди вино.

Йўлга чиқар пиёда шу чоқ,

Хуржунига борин солади.

Ханжарини қайраб олади…

Лекин бизга бўлади қўноқ.

Сир яширин тунги сукутда,

Бироқ хатар сололмас соя.

Ханжар бордир тоғлик йигитда,

У тинчлигин қилар ҳимоя.

Йўлга чиқар пиёда шу чоқ,

Хуржунига борин солади.

Қўшиқларни эсга олади…

Лекин бизга бўлади қўноқ.

Тоғлик халқда кўп эрур қўшиқ,

Сен улардан истаганча ол.

Хуржунингни тўлдирсанг ҳам лиқ,

Кўтарганда келмайди малол.

Шундай қилиб, агар ёзувчини шифокорга ўхшатсак, у асрлар синовидан ўтган анъанавий табобатчилик воситаларидан ва замонавий медицинанинг энг сўнгги ютуқларидан унумли фойдалана билиши керак.

Агар ёзувчини пиёда саёҳатчига ўхшатсак, у ўзга халқлар орасига борганда юрагида миллий қўшиқларини олиб бориши ва ўша жойларда куйланган қўшиқларга юрагидан жой бера билиши керак.

Бир халқ уни кузатади, иккинчи халқ кутиб олади, қўшиқ эса ҳамма халқда бор.

Бизнинг овулларга дастлабки маърузачи ва нотиқлар келишганда, Келеб овулидаги аёллар юзларига нотиқнинг нигоҳи тушмаслиги учун тескари қараб ўтиришган. Нотиқдан кейин хонанда қўшиқ бошлаганда, қўшиқ ҳурмати учун аёллар хонанда томонга қараб ўтиришган, ҳатто уларга бошидаги рўмолини туширишига ҳам рухсат этилган.

Онам бешигимни тебратиб айтган алла қулоғим тагида жарангламаган бирон кун, бирон дақиқа бўлмаган десам муболаға эмас. Бу алла менинг барча қўшиқларимни аллалаб улғайтирди. У мисоли ёстиқ, чарчасам бошимни қўйиб дам оладиган, у мисоли от, дунё бўйлаб сафаримга йўлдош бўладиган, у мисоли булоқ, чанқоғимни ҳамиша қондирадиган. У шундай уйки, меҳр билан бағрига оладиган ва бу меҳрини олисларда ҳам соғиниб эслайдиган.

Аммо мен Шукумга ҳам ўхшаб қолишни истамайман. У соғлом ва бақувват бўлиб улғайса ҳам онаси сутини қўмсаб туради, вақти-вақти билан эмиш учун онасининг кўкрагига ёпишади. Бундайлар ҳақида шундай дейишади: «Ўзи ҳўкиздай бўлса ҳам бузоқчалик ақли йўқ».

Ўз вақтида биз ҳар нарсага анкета тўлдириш кераклигига кўникиб қолгандик. Ўтган йилларимда тўлдирган анкеталаримнинг саноғига етиб бўлмайди. Аммо ҳеч бир анкетада Ватанни қанчалик севасан, деган саволни учратмаганман. Албатта, бундан одамлар Ватанни севишмайдими, деган маънони келтириб чиқарманг.

Менинг фикри ожизимча, анкетага «Иттифоқ фуқаросиман» деб ёзиш билан кифояланиб бўлмайди, чиндан ҳам фуқаро бўлиш керак, «партия аъзосиман» деб ёзиш билан кифояланиб бўлмайди, чиндан ҳам партия аъзоси бўлиш керак, ёки «она тилим – авар тили» деб ёзиш билан кифояланиб бўлмайди, чиндан ҳам она тили авар тили бўлиши керак ва у бу сўзларни ҳамма жойда мағрур айта билиши шарт.

Қайдан келаётган бўлсангиз ҳам уйимда меҳмон бўлинг, ўз қўшиқларингизни тақдим этинг. Менинг ака-укамдай, опа-синглимдай бемалол уйимга келинг, барчангизга юрагимдан жой топилади.

Агар тоғлик илгари замонда Хунзах овулига қайтишда ўзга миллатга мансуб аёлни отига мингаштириб келса, бу уят ҳисобланган. Уни овул оқсоқоллари ўртага олиб койишган. Ҳозир бундай ҳолатларга кексалар ҳам, ёшлар ҳам кўникиб қолишган. Ҳа, энди авар йигитининг бошқа миллат вакилига уйланиши уят эмас. Эндиликда битта никоҳ, севишиб қурилмаган никоҳгина қораланади.

Чиндан ҳам гулдастада ҳар хил гул бўлса чиройли кўринади. Осмонда қанча юлдуз кўп бўлса, шунча чиройли. Камалак ҳам дунёнинг барча рангларини мужассам этгани учун гўзал товланади.

Мен Африкада жуда ажойиб гулни кўргандим. Унинг ҳар бир гулбарги ўзгача рангда, ҳар бир гулбаргининг ўзига хос ҳиди ва ўз номи бор. Қисқаси, битта новдада битта гулдаста, шу билан бирга у битта гул.

Истардимки, менинг аварлар тўғрисидаги китобим ўша гулга ўхшаса, ҳар бир ўқувчи ундан ўзига ёқимли ифорни туйса, ўзига ёққан рангни кўра олса.

ХУЛЛАС, мен китобим қандай бўлишини батафсил баён этаяпман. Мисоли кубачинлик уста ихтиёрида ҳамма нарса бор: олтин, кумуш, қирққич асбоб, тешгич, болғача, нақш андазаси ва ҳоказолар.

Энди устанинг олтин қўллари қачондир мўъжиза яратади. Менинг ихтиёримда ҳам ҳамма нарса бор: она тилим, ҳаёт тажрибаси, одамлар қиёфаси ва феъл-атвори, тарихий тараққиётни англаш, адолат тарозиси, она табиат, отам хотиралари… Олтин ёмби қўлимда. Аммо қўлларим олтинми? Истеъдодим, малакам етарлими?

Қандай қилсам, қўшиғимни сизга худди кафтдагидай тутқиза оламан? Қандай қилсам, қўшиғимни худди булбул куйидай тинглайсиз? Қандай қилсам, қўшиқларим севги мисол огоҳлантириб ўтирмасдан юрагингиздан жой олади?

Яна ва яна ижод столимдаги ёзган қораламаларимни саралашга тушаман…

ДЕЙДИЛАР: Майли, оти йўқ йигитнинг хотини уни ташлаб кетсин.

ЯНА ДЕЙДИЛАР: Майли, отига эгари ва қамчиси йўқ йигитнинг ҳам хотини уни ташлаб кетсин.

ДЕЙДИЛАР: Бургутни пичан, эшакни гўшт билан боқишга уринманг.

ДЕЙДИЛАР: Чиройли қурилган уй ҳам қулайди, агар девори мустаҳкам бўлмаса.

ДЕЙДИЛАР: Тушимда товуқ бургутдай учмоқчи бўлибди, қоядан ўзини ташлабди ва қанотларини синдирибди.

Тушимда жилға ўзини дарёман деб ўйлабди, қумлоқдан ўтаман дебди-ю, сингиб кетибди.

Т И Л

Бунда ухлар, йиғлар, кулар чақалоқ,

Бир сўз айта олмас ҳали одамга.

Вақт-соати келиб айтади бироқ,

У ўзи ким, нега келган оламга?!

Бешикдаги ёзувлар.

Агар дунёда сўз бўлмаганда

ҳозиргидай гўзал бўлмасди.

Шоир дунё яратилмасидан

юз йил илгари туғилган.

Тилни ўрганмасдан шеър ёзишга уринган одам сузишни билмасдан чўмилиш учун ўзини саркаш дарёга ташлаган телбага ўхшайди.

Баъзан одамлар миясида фикр бўлгани учун эмас, шундай тилининг учи қичиб тургани учун гапиришади. Баъзан одамлар юрагига туйғулар сиғмаётгани учун шеър ёзишмайди, балки… Тўғриси, уларнинг нима учун шеър ёзишаётганини ҳам тушунтириш қийин. Ёзган шеърларининг чиқарган товуши қуруқ ёнғоқ солинган қопни думалатганда чиқадиган шақиллашдан фарқ қилмайди.

Бундай одамлар шеър бошлашдан аввал дунёда нималар рўй бераётганига бир қур назар ташлашмайди. Дунё қандай мусиқа, қўшиқ ва оҳангларга йўғрилганини тушунишни исташмайди.

Шундай кезларда улардан сўрагинг келади: нима учун одамга кўз, қулоқ ва тил керак? Нега одамнинг кўзи иккита, тили эса битта? Негаки, шу битта тил қандайдир сўзни оғиздан ташқарига чиқариб юборишдан аввал иккита кўз атрофга қараши, иккита қулоқ атрофда нималар рўй бераётганини эшитиши керак.

Тилдан кўчиб оғиздан чиқиб кетган сўз тоғнинг эгри-бугри сўқмоғидан равон йўлга чиққан отга ўхшайди. Яна сўрагинг келади: тилдан кўчган сўзни юракда қўноқ қилмасдан оғиздан ташқарига чиқариб юборавериш мумкинми?

Сўз оддий нарса эмас. У – ё қарғиш, ё дуо; ё эзгулик, ё қайғу; ё сўкиш, ё олқиш; ё ёлғон, ё ҳақиқат; ё ёғду, ё зулмат.

Сўз янграган яралмай олам,

Шундай дерлар келтириб имон.

У қандай сўз: тавбами, қасам?

У қандай сўз: ўтинчми, фармон?

Емирилиб бормоқда олам,

Демак, бир сўз керак бегумон.

Унда бўлсин тавба ва қасам,

Унда бўлсин ўтинч ва фармон.

Менинг ёш танишим шундай деганди: айтган сўзимга, ичган қасамимга ўзим хўжайинман, хоҳласам амал қиламан, хоҳламасам амал қилмайман.

Эҳтимол, бундай йўл тутиш ўша танишим учун бўлаверар. Лекин ёзувчи ўз сўзининг, қасамининг, қарғишининг ҳақиқий хўжайини бўлиши керак. Ахир, у битта нарса учун икки бор қасам ичмайди. Умуман олганда, кўп қасам ичадиган одамнинг ёлғончидан фарқи йўқ.

Агар бу китоб гиламга ўхшаса, мен уни авар тилининг турфа рангли ипларидан тўқийман, агар бу китоб қўй териларидан тикиладиган пўстинга ўхшаса, мен уни авар тилининг пишиқ иплари билан тикаман.

Айтишларича, жуда қадим замонда авар тилида кам сўз бўлган. «Ҳаёт», «озодлик», «мардлик», «дўстлик», «олийжаноблик» каби тушунчалар битта сўзда ифодаланган экан. Майли, бошқа бировлар менинг кам сонли халқимнинг тилини қашшоқ деб айтишса айтишар. Лекин мен ўз туйғуларимни, фикрларимни ўз она тилимда қандай хоҳласам шундай ифодалай оламан, бунинг учун мен бошқа тилнинг ёрдамига муҳтож эмасман.

Доғистонда кам сонли лак миллати бор. Лак тилида гаплашадиганлар эллик мингга етиб қолар. Уларнинг аниқ сонини айтиш қийин, чунки болалар бор ҳали гапиришни билмайди ва шундай лаклар ҳам бор, улар она тилини унутиб юборишган.

Тўғри, лаклар жуда кам, лекин уларни дунёнинг исталган бурчагида учратиш мумкин. Тошлоқ заминда яшаш қийинчилиги уларни бошқа жойлардан насиба излашга мажбур этган. Уларнинг бари уста ҳунарманд, заргар, этикдўз, мисгар, айримлари яхши хонанда. Доғистонда шундай гап бор: тарвузни эҳтиёт бўлиб кес, ичидан лак чиқиб қолиши мумкин.

Лак онаси ўз фарзандини олис сафарга йўллар экан шундай дейди: «Шаҳарда ликобда бўтқа еган вақтингда тагини қараб кўр, бўтқанинг тагида ўзимизнинг лак йўқмикин?»

ШУНДАЙ ҲИКОЯ ҚИЛИШГАНДИ: Москвадами ёки бошқа катта шаҳар кўчасида лак сайр қиларди. Бирдан доғистонликка хос кийинган одамни кўриб қолди. Ўзига яқин олиб, суҳбатлашгиси келди. Йўлини тўсиб чиқиб, юртдошига лак тилида мурожаат қилди. Юртдоши унинг гапини тушунмаганини англатиб, бошини чайқади. Лак унга қўмиқ тилида, лезгин тилида, тат тилида гапириб кўрди. Хуллас, лак қайси тилда гапирмасин доғистонликка хос кийинган одам унинг гапини тушунмади. Шунда лак рус тилида гапирди. Маълум бўлишича, ўша киши авар экан. Авар дарҳол лакни койишга тушди:

– Сен қандай доғистонликсан, сен қандай юртдошсан ўзи, агар авар тилини билмасанг? Сен доғистонлик эмас, ўқимаган туясан.

Мен бу баҳсда миллатдошим ёнини ололмайман. Албатта, бекордан-бекорга лакни койигани учун эмас. Чунки лак авар тилини билиши ёки билмаслиги мумкин эди. Муҳими, у ўз она тили – лак тилини биларди. Бундан ташқари, у Доғистондаги бошқа тилларда гапирган, авар эса ўша тилларни билмаган.

Абутолиб бир сафар Москвада катта кўчада келаётган йўловчидан бозор қаердалигини сўрамоқчи бўлди. Бу йўловчи инглиз экан. Москва кўчаларида хорижликларнинг учраши оддий бир ҳол.

АЛБАТТА, инглиз Абутолиб гапини тушунмасдан инглизчалаб қайта сўраган. У кейин французча, сўнгра испанча ва ўзи биладиган бошқа тилларда гап нимадалигини сўраб кўрган.

Абутолиб эса инглизга мақсадини олдин русча, кейин авар, лак, лезгин, даргин, қўмиқ тилларида тушунтирган.

ХУЛЛАС, суҳбатдошлар бир-бирини тушунмасдан ажралишган. Бу воқеани эшитган жуда маданиятли доғистонлик икки яримта инглизча сўзни билгани учун Абутолибга ақл ўргатган:

– Кўраяпсанми, маданиятлилик шундай пайтда билинади. Агар сен озгина маданиятли бўлиб инглизчани билганингда, у билан гаплашардинг.

– Шундайликка шундай, – деган унга Абутолиб. – Нега сен инглизни мендан маданиятли ҳисоблаяпсан? Ахир, у ҳам мен гапирган биронта тилни билмади-ку.

Мен учун дунёдаги тиллар – осмондаги юлдузлар. Албатта, мен барча юлдузлар бирлашиб осмоннинг ярмини эгаллайдиган битта катта юлдузга айланишини истамайман. Бунинг учун Қуёш бор. Майли, барча юлдузлар ўз ҳолича чарақласин. Майли, ҳар бир халқнинг ўз юлдузи бўлсин. Мен ўз юлдузимни – она тилим авар тилини севаман. Мен пастқам тоғлар тагида ҳам катта олтин захираси бўлиши мумкин, деб айтадиган геологлар гапига ишонаман.

– Яратганнинг ўзи болаларингни она тилида гапиришдан бенасиб этсин, – бир аёл бошқа аёлни шундай қарғаган эди.

ҚАРҒИШЛАР ҲАҚИДА. «Тоғлик қиз» достонимни ёзаётган вақтимда, баджаҳл аёл образи тилидан бериш учун қарғиш сўзлар керак бўлиб қолди. Шунда менга узоқроқ битта овулда кекса кампир яшашини, у қарғаганда ҳар қандай аёлни бир чўқишда қочиришини айтишди. Мен дарҳол ўша овулга равона бўлдим.

Сўлим тонгда, бир-бирини қарғаш, ҳақоратлаш ўрнига ҳаёт гўзаллигидан лаззат оладиган пайтда излаб келган уйимнинг остонасидан ичкарига кирдим. Мен соддадиллик билан кампирга нима мақсадда келганимни айтдим: «Бир-иккита қаттиқроқ ботадиган қарғишлар айтсангиз бўлди, мен уларни ёзиб олиб достонимга киритаман».

– Сенинг тилинг қуриб танглайингга ёпишсин, севган кишингни тополмай қолгин, менинг олдимга жўнатган киши сенинг гапингни бошқа тушунмасин, узоқ сафарлардан туғилган овулингга қайтганингда салом беришга тилинг айланмасин, тишларинг битта қолмай тўкилиб оғзингда шамол ўйнасин. Эй, сен шоқолнинг боласи, мен шод бўлмасам қандай куламан (Илоҳим, сени шодликдан бебаҳра этсин). Агар уйда ҳеч ким ўлмаган бўлса, ҳақорат қилмаган бўлса, сенга қайси гўрдан олиб қарғиш тўқийман, ер ютгур. Қани тезроқ қорангни ўчир, бунақа бемаза гапларинг билан бошимни қотирма.

– Сизга катта раҳмат! – дедим ва бу хонадоннинг остонасидан узоқлашдим.

Йўлда кетар эканман ўйга толдим: «Агар бу кампир ҳеч бир сабабсиз, кутилмаганда кириб келган менга шунча қарғиш ёғдирган бўлса, у ўзини ранжитган ёки жаҳлини чиқарган одамни қандай қарғар экан?»

Эҳтимол, келажакда доғистонлик фольклоршунослардан бири қарғишларни ҳам ўрганар, уларни тўплаб китоб ҳолига келтирар, ўшанда одамлар сўзга топқирлик меъёрини, нозик фаҳмлилик чегарасини, қанчалар хаёлга эрк бериш мумкинлигини, тоғликлар сўзида ифодалаш кўламининг кенглигини билиб олишарди.

Ҳар бир овулга хос қарғиш бор. Ўзингизни қарғишларнинг куйдирувчи алангасидан сақланг. О, бу қарғишлар. Биттасида оёқ-қўлинг акашак бўлади, бошқасида жасадинг гўрда чирийди, учинчисида овқат еб турган вақтингда икки кўзинг косага ўйилиб тушади, тўртинчисида ўйилиб тушган кўзинг ўткир қояларга урилиб, тубсиз жарда йўқолади… Умуман олганда, кўзга боғлиқ қарғишлар жуда ваҳимали. Лекин улардан ҳам ваҳимали қарғишлар бор. Мен битта овулда иккита аёлнинг бир-бирини шундай қарғаётганини эшитдим.

– Худойим, болаларингни тил ўргатадиган одамдан жудо қилсин.

– Йўқ, сенинг болаларинг бировга тил ўргатаман деса, Худойим, уларни болаларингдан мосуво қилсин.

Мана шунақа ёмон қарғишлар ҳам айтилади. Лекин тоғликлардан кимдир она тилини қадрламаса, унга қарғиш тегмаган бўлса ҳам ҳурматини йўқотади. Тоғлик она ҳеч қачон тил қоидалари бузилган шеърни жигарбандига ўқимайди.

ЁН ДАФТАРЧАДАН: Парижда доғистонлик рассомни учратиб қолдим. У инқилобдан кейин Италияга кетган, ўша жойда уйланган ва юртига қайтмаган. Тоғликлар анъанаси бўйича тарбия кўрган доғистонликнинг янги мамлакатга кўникиши қийин кечибди. Дунё бўйлаб кезиб чиққан рассом охир гўзал пойтахт шаҳардан қўним топибди. Аммо қайда кезмасин соғинч ажралмас йўлдош бўлибди. Мен бўёқлар орқали суратларга кўчган соғинчни кўргим келди ва рассомдан ижод намуналаридан кўрсатишини сўрадим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации