282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Джон Дэвисон Рокфеллер » » онлайн чтение - страница 10


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:00


Текущая страница: 10 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Қўрқинчли жарроҳлик амалиёти

Юқорида номи келтирилган Institute of Medical Research ташкилотининг раҳбарларидан бири доктор Алексис Каррель экспериментал жарроҳликда кўплаб қизиқарли тажрибалар ўтказди, бир ҳайвоннинг органларини бошқа бирига ўтказиш ва қон томирларини кўчириш шулар сирасига киради. Яқинда у ўзининг тажрибасини инсон ҳаётини қутқариш учун амалда қўллашига тўғри келди, бу эса Нью-Йоркдаги барча шифокорларнинг эътиборидан четда қолмади. Шаҳарнинг кўзга кўринган энг ёш жарроҳларидан бирининг қўлида шу йилнинг март ойида бир гўдак дунёга келди, у қандайдир касалликдан азият чекиб, номаълум сабаб билан томирларидаги қон тана тўқималарига ўтиб кетаётган эди. Одатда, бундай касалликка чалинганлар танасида қоннинг қолмаслиги оқибатида вафот этади. Туғилганига беш кун бўлганида чақалоққа ўлим хавф сола бошлади. Унинг отаси ва тоғаси ҳам энг яхши шифокорлардан бири эди, улар бошқа ҳамкасблари билан вазиятни бошдан-оёқ муҳокама қилди ва умид йўқ деган хулосага келди.

Боланинг отаси доктор Каррелнинг лабораториясида ҳайвонлар устида қилинган тажрибаларнинг ихлосманди эди. Кейинчалик маълум бўлишича, доктор Каррелнинг иш услуби билан танишиб, шу каби тажриба амалиётларининг кўпида иштирок этган экан. Шу сабабли у янги туғилган фарзандини ўлимдан сақлаб қолишнинг ягона йўли унинг организмига тўғридан-тўғри қон қуйиш, деган хулосага келди. Бундай амалиётлар ёши катталар билан бир неча марта ўтказилган эди. Лекин ҳали сутдан чиқмаган гўдакнинг қон томирлари шунчалик нозик бўлганидан, операциянинг муваффақияти иложсиздек эди. Ахир бунинг учун нафақат томирлар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар бўлишини талаб этади, балки уларнинг силлиқ ва жуда ёрқин теридан иборат ички қобиғининг узилиб қолмаслигини ҳам таъминлаш керак эди. Гап шундаки, қон томирларнинг мушак мембранасига тегиши керак бўлади, у қалинлашади ва қон айланишини қийинлаштиради.

Бахтимизга, доктор Каррель бир қанча янги туғилган ҳайвонлар устида қон қуйиш амалиётини ўтказган эди, шунинг учун боланинг отаси бундай операцияни фақат доктор Каррель муваффақиятли ўтказа олишига ишонарди.

Тун ярмида доктор Каррелни сўраб келишди. Вазиятни ўрганиб, гўдакнинг ўлим ёқасида турганини тушунгач, доктор жарроҳлик амалиётига уриниб кўришга розилик билдирди, лекин унинг муваффақиятли якунланишига умид кам эканини олдиндан таъкидлади.

Ота фарзандининг танасига қуйиш учун ундан қон олишларини таклиф қилди. Наркоздан фойдаланиш иккиси учун ҳам имконсиз эди. Бундай операция учун боланинг фақатгина битта вена томири анча кенг эди, яъни у томир оёқнинг узун суяги ва мушаклар остига чуқур жойлашган эди. Машҳур жарроҳлардан бири, амалиёт иштирокичиси унинг томирини ушлади ва болада ҳеч қандай ҳаёт аломатларини сезмагач, унинг ўлганига 10 дақиқа бўлди, деган хулосага келади. Шу хулоса таъсирида у саволни ўртага ташлади: қон қуйишни давом эттиришдан маъни борми? Лекин боланинг отаси давом эттиришни талаб қилди, қон қуйиш амалиётини муваффақиятли амалга ошириш учун отанинг радиал артериясидан олти дюйм юқорироқни (артерия пульси) кесишди.

Бу ёғи энди, жарроҳ айтганидек, мутахассисларнинг катта тажрибасига қарамай, ҳақиқий қассобнинг иши эди. Уларнинг сўзларига кўра, боланинг қон томирлари гугуртнинг қалинлиги ва узунлиги билан баробар эди, изчиллиги эса намланган папирос қоғозига ўхшарди. Ҳар икки томирни бирлаштириш бутунлай иложсиздек туюларди. Лекин доктор Каррель иложсиз ишни уддалади. Ва у ерда шундай мўъжиза содир бўлдики, операцияда иштирок этаётган шифокорлар замонавий жарроҳликнинг энг кескин лаҳзаларига гувоҳ бўлди. Ва ниҳоят, отанинг артерияларидан боланинг танасига (тахминан ярим литр) қон ўтказишди. Қимирламай ётган гўдакнинг танасидаги биринчи ҳаёт аломатлари сифатида бир қулоғининг юқори қисмида қизил доғ пайдо бўлди. Кейин бу доғлар кўкариб кетган лабларига ўтди, кейин дафъатан, иссиқ ҳаммомдан чиққандек гўдакнинг танаси ҳароратдан қизариб кетди. Чақалоқ соғлом, ҳеч нарса бўлмагандек чинқира бошлади. Тахминан саккиз дақиқадан сўнг иккала томир ҳам ажратилди. Чақалоқ ўша заҳотиёқ кўкрак сутига эҳтиёж сезарди. Уни озиқлантиришди, ўша лаҳзадан бошлаб у мунтазам овқатланиб, бутунлай соғая бошлади.

Кейинчалик боланинг отаси қонун чиқарувчи Албани штатида барчага маълум бўлган, охирги йиғилишда очиқлигича қолган вивисекция ва тирик жонзотлар устида тажриба қилишга қарши қонун лойиҳасига эътироз билдириб чиқди. У юқорида ҳикоя қилинган ҳолат ҳақида айтиб, қачонлардир доктор Каррелнинг тажрибаларини ўтказаётган вақтда, уларнинг амалиётга татбиқ этилиб, кўплаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолинишини тан олмаган бўлишини таъкидлади. Яна бироз қўшимча қилиш мумкинки, бундай усуллар билан унинг фарзандининг ҳаёти биринчилардан бўлиб қутқариб қолинган эди.

Ҳар қандай ёрдамнинг пойдевори

Агар инсонларни ўзидан ўзи ёрдам қидириб топиш имконияти билан тарбиялаганимизда эди, биз ҳаётимиздаги барча бахтсизликларни таг-туги билан йўқ қилган бўлардик.

Бу нарса доимий такрорлашни талаб этади, ҳаттоки, хавф-хатар бўлганда ҳам мана шу ҳар қандай ёрдамнинг пойдевори ҳисобланади.

Инсон учун ягона яхшилик бўлиб қоладиган нарса бу унинг ўзи қўлга киритган ва ўзи эришган ютуқлардир. Инсоннинг меҳнатсиз қўлга киритган пуллари камдан-кам ҳолларда хайрли бўлади ва янада тезроқ унга қарғиш бўлиб қайтади. Мана, чайқовчиликка қаратилган асосий таъна нимадан иборат. Шуниси хавфлики, унинг оқибати фойда олиш эмас, балки йўқотишдир – бу ҳақиқат. Лекин унинг борлигига эътирозларнинг бош бўғинида шундай тушунилади: унда муваффақиятлар муваффақиятларга қараганда кўпроқ зарар келтиради. Айнан мана шу нарсани пулга нисбатан ҳам, бошқа нарсаларга нисбатан ҳам ишлатиш мумкин, яъни бу нарсаларни инсон совға сифатида бошқа бировдан ҳам олиши мумкин. Истисно сифатида бундай туҳфанинг мавжудлиги унумли равишда эҳтимолдан холи эмас. Фақатгина инсонларни ўз-ўзига ёрдам беришга ўргатиб биз узоқ вақт давом этадиган яхши ишларга пойдевор қўямиз.

Одамзод қийинчиликлари масалаларини ўрганувчи шифокорларнинг бизга айтишича, касалликларни енгувчи кучни топиш – инсоннинг ўз организмнинг ғалаба қозониши фақатгина бу кучлар бир-бири билан нормал ҳолатда уйғунлашсагина, юз беради. Организмни умумий мустаҳкамлаш ва ривожлантириш орқали инсон ўзини касалликлардан суғурта қилиши мумкин. Лекин организмингизга кириб келиб, сизга боғланиб олган касалликни табиий даволаш воситалари ёрдамида даволаган яхшироқ. Мутлақо тушунарлики, инсон уларни ҳаётда бошидан ўтказганида организмида қандайдир нуқсонлар пайдо қиладиган муваффақиятсизликлар бор, бунда одамлар танасида ёки руҳиятида ланжлик, иродаси ва темпераментида заифликни ҳис қилади. Бу камчиликларни йўқ қилишнинг ягона йўли – бу организмнинг бундай камчиликларини ички куч орқали енгиш орқали мустаҳкамлашдир. Ички куч ҳаммага хос бўлган кучдир. Фақатгина мана шу тарбиявий иш ҳаммага тушунарли – бу муваффақиятга етакловчи ҳақиқий йўлдир.

Ҳаётий яхшиликларнинг озми-кўпми ҳаққоний ва тўғри тақсимланишини кузатишни ҳаммамиз хоҳлаймиз. Баъзан тўлиқ ишлаб чиқилмаган лойиҳалар ҳам таклиф қилинган, уларнинг кўпчилиги, бу лойиҳаларни тузувчилар инсон табиатининг моҳияти ҳақида бўш тасаввурга эга эканликларини исботлаганлар, агар бу режаларнинг бирортаси амалга оширилгандами, бизнинг цивилизациямиз даҳшатли ҳалокатга учраган бўлар эди. Мен қаттиқ ишонаман, инсонларнинг иқтисодий жиҳатдан тенг эмаслиги сабабини уларнинг шахси бир-бирига ўхшамаслигидан излаш лозим (дунёқарашлари ва табиатига нисбатан) ва фақатгина кучли шахсиятига қараб бойлик ва фаровонликка эришиш мумкин. Лекин бу сифатларни инсонларнинг бевосита иштирокисиз амалга ошириб бўлмайди. Шунинг учун яқинларга энг яхши ёрдам тури бу, мен айтганимдек, ўз-ўзига ёрдам бериш қобилиятидир.

Шуни эсдан чиқармаслик керакки, инсониятни тарбиялаш ва шу каби мақсадлар учун нақд пул ҳар доим камлик қилади. Маблағни иложи борича кўп вақтга етказиш мақсадида бу пулларни оқилона тарзда сарфлашни билиш жуда ҳам муҳим.

Бу саҳифаларда мен бир неча бор ўз фикрларимни очиқ-ойдин айтдим, яъни ишбилармонлик ҳаётида ҳамкорликда ишлаш жараёнида ортиқча куч талаб қиладиган кераксиз сарф-харажатлардан қочиш муваффақият зиналаридан кўтарилишига хизмат қилади. Ишончим комил ва умид қиламанки, бу принципларни бутунлигича бериш санъатига ҳам қўлласа бўлади. Бу принцип унга қўйилаётган талабларни ҳаддан ташқари ўсиб бораётганлиги сабабли аллақачон саноат соҳасида аҳамиятли деб тан олинган. Саховатпеша инсонларга иложи борича кўпроқ яқин атрофдагилар олдида қатор улкан яхшиликлар қилишлари учун йўллар очиш керак.

Баъзи асосий принциплар

Бу бўлимнинг зерикарли бўлишидан хавфсираган (тажрибасиз ёзувчи бу каби камчиликлардан бутунлай қочиши керак, деб айтишган менга) ва олдиндан узр сўраган ҳолда, менинг режаларим асосида ётган бир нечта асосий принципларга қисқача тавсиф бериб ўтиш керак деб ҳисоблайман. Ҳеч бўлмаганда умумий маънода, бу тамойилларга амал қилмаган ҳолда, анчадан буён ҳеч қандай муҳим аҳамиятга эга ишларни амалга оширмадим ва ишончим комилки, филантропияда ҳам ўзингизни бу каби қатъий йўналишга боғламай, тайинли нимагадир эриша олмайсиз.

Хайрия ишларида ҳам талаб этиладиган биринчи нарса қатъий ҳаракат режаси ҳисобланади, бу борада менинг тажрибам қуйидагича шаклланди.

1890 йилгача, мендан пул сўрашганида, унинг олди-бердисида тасодиф иродасига амал қилганман. Мен ёрдамга муҳтож одамлар тўғрисида, унинг аҳволи ҳақида иложи борича аниқ маълумотга эга бўлиш учун сўров ўтказардим ва шундай ғайрат билан ўзимни виждонли одам сифатида кўрсатишга ҳаракат қилардим, бунинг натижасида эса асабларим толиқарди. Буларниннг барчасига сабаб кейинчалик инстинктив ҳолда, бошқа бировнинг раҳбарлигисиз бундай хайрия фаолиятининг ҳақиқий йўлига ўтиш эди. Кейинроқ, бошқа иш режаларимиздагидек уларни ҳам кенгайтириш ва ишни ривожлантириш учун хаёлимга хайрияни муқобил ташкил этиш фикри келди. Биз ишлаб чиққан ва ўша вақтдан бошлаб келгуси фаолиятимизда йўл кўрсатувчи бўлиб хизмат қилган асосий принципларни ишлаб чиқишга уриндим, умид қиламанки, унинг пойдевори янада мустаҳкамланиб бораверади.

Эҳтимол, бундай шахсий ишлар ҳақида гапириб, мен яхши тон қоидаларидан чиқиб кетаётгандирман ва тан олишга тайёрман, лекин бунинг учун мени кечирса бўлади, ахир мен оилам ва кўплаб дўстларим иштирок этган жараён ҳақида гапиряпман, бу эса менинг фақат ўзим ҳақимда гапирмаётганимни англатади.

Ҳар бир инсоннинг, буни ўзи тан оладими ёки йўқми, ўз ҳаётий фаласафа кодекси бўлади. Миямизнинг узоқ бурчакларида яширинган асосий принциплар, уларни тилимизга чиқарамизми ёки йўқми, бизнинг мавжудлигимиз шарти билан фаолиятимизни бошқаради. Лекин унинг идеали бўлиши муҳим: қанчалик оз бўлмасин, меҳнатингни ўзининг энг яхши амалиётини топадиган жойга сарфлаш лозим – пул жамғармаси бўладими ёки қўл меҳнатими – инсоният тараққиётига хизмат қилиши лозим.

Ҳар кимнинг идеали ўзининг манбаларидан фойдаланиш истаги бўлиши лозим, амалий фаолиятда ҳам, хайрия соҳасида ҳам, ҳар кимнинг идеали инсоният цивилизацияси учун ўзининг бор манбаларидан фойдаланишга тайёрлиги бўлиши лозим. Цивилизациянинг қонун-қоидалари қандайлигини аллақачон батафсил ўрганиб чиқишган. Бизнинг хайрия фаолиятимиз ҳар доим кўзланган мақсад – цивилизация жараёнига тезроқ эришиш мақсадида амалга оширилган. Агар кимдир келиб, хайрия бўлимимизга (ходимларимиз фикрича) цивилизациянинг моҳияти нимада, деб савол берганида, у шундай жавоб олган бўлар эдики, батафсил изланишлардан маълум бўлишича, умумий цивилизация номи остида уни ташкил этувчи қуйидаги қоидалар назарда тутилади:

1. Халқ фаровонлигини оширишда борлиқни қўллаб-қувватлаш йўлидаги ривожланиш, яъни, озиқ-овқат, кийим-кечак, бошпана, илмий асосга эга гигиена, умумий саломатлик, савдо-саноат соҳасининг ривожланганлиги ва таъминланганлиги сари интилиш;

2. Ҳукумат ва қонунчилик шаклларидаги ривожланиш, яъни ҳар бир кишига шахсий эркинлик, адолат, хотиржамлик ва барча учун баробар бўлган қонунни таъминловчи қонун устуворлиги;

3. Тил билиш ва адабиёт соҳасидаги ривожланиш;

4. Табиий фанлар ва фалсафа соҳасидаги ривожланиш;

5. Санъат ва эстетик тарбия соҳасидаги ривожланиш;

6. Ахлоқ ва дин соҳасидаги ривожланиш.

Шу ўринда савол пайдо бўлиши мумкин, санаб ўтилган соҳалардан қай бири, айтайлик, бошқаларига қараганда муҳимроқ ҳисобланади. Айтиш мумкинки, бу саволга аниқ жавоб беришнинг иложи йўқ, бу ҳақиқий илмий савол, бу соҳаларнинг барчаси сезиларсиз равишда бир-бирини тўлдиради. Лекин тарихдан маълумки, ҳар бир цивилизациянинг бошланишида инсоният яшаб қолиш учун, манбаларга эришиш учун курашган, кейинчалик бошқа соҳаларнинг ривожига эътиборини қаратган. Гарчанд юқори талаблар нуқтаи назаридан, бундай моддий саволлар бирламчи бўлиши ноўрин ҳисобланади, лекин у барча цивилизацияларнинг пойдевори бўлиб, усиз ҳар қандай ривожланиш маънисиз бўлади.

Шунинг учун, яшаш қулайроқ ва арзонроқ бўлиши учун қўлимиздан келганча, ўз кучимизни инсонларнинг ҳаётини яхшилашга сарфладик. Сарфланган бундай капитал учун биз ҳеч қандай алоҳида миннатдочилик кутмаймиз, бизнинг хайриямиз аҳамиятсиз, у шунчаки муваффақиятга эришишимизнинг энг яхши манбаси эди. Бошқа халқларга таққослаганда, юқорида санаб ўтилган цивилизация элементларидан қолган соҳалар бўйича ортда қолсак ҳам, лекин яшаш учун манбаларни арзонлаштириш, уларга эгалик қилишни енгиллатиш, уларнинг истеъмолини кенгайтиришда Америка барча халқлар орасида етакчилик қилади.

Сўрашингиз мумкин: қандай қилиб битта қўлда тўпланган катта маблағ билан ҳаёт неъматларини тенг тақсимлашни уддалаш мумкин? Қўлимдан келганича жавоб бераман: бой одамлар, шубҳасиз, катта бойликка эгалик қилади ва уни бошқаради – барибир бу манбанинг барчасини ўзларига ишлата олмайди! Улар, албатта, қонунан бу бойликка эгалик қилиш ҳуқуқига эга ва уларни ўзи тасарруф қила олади, лекин буларнинг барчаси уларнинг шахсий эҳтиёжлари асосидаги даражада бўлади. Ҳамма жойда пул чиқими бўлади, уларни нимагадир тикади, натижада, ҳафта сайин ҳисобида харажатлар ортиб бораверади.

Айни вақтда пулдан фойдаланишнинг шахсан эгалик қилишдан муқобилроқ усули мавжуд эмас. Пулни банкка қўйиш мумкин – у миллий банкми ёки алоҳида штатникими, фарқи йўқ – лекин ҳеч қандай қонунчилик ҳозиргидек улардан самарали фойдаланишга кафолат бера олмайди. Социализм ғояларининг бирортасида ҳам бойликдан фойдаланишнинг умумий манфаатлар учун мақсадга мувофиқ бирорта йўли топилмайди. Мана, ҳақиқий эгасига қараганда капиталдан фойдаланишнинг мақсадга мувофиқ усулларини топишга қодир одам ёки гуруҳ пайдо бўлмасидан, бойларнинг ўз капиталига қаттиқ боғланиб қолиши ва уни ўзи бошқаришга мажбуриятининг пайдо бўлишига сабаб шу.

Цивилизацияни ташкил қиладиган қолган тўртта сабабга тўхталадиган бўлсак: бошқарув шакли ва қонунчилик ривожидаги тараққиёт адабиёт ва тил билиш соҳасидаги тараққиёт, санъат ва эстетик таълим соҳасидаги тараққиёт. Тахминимизча, катта эҳтимол билан, бунга таълим-тарбиянинг янада мувофиқ усули билан эришиш мумкин. Шунинг учун, нафақат машҳур билимларни, балки бу соҳадаги янги тадқиқотларни ҳам кенгроқ тарқатиш мақсадида биз Америкада, шунингдек, чет элда ҳам таълим-тарбия ишининг турли соҳаларига яхшигина капитал ажратдик. Якка таълим-тарбия муассасаси зарурат жиҳатдан чекланган таъсир доирасига эга бўлиб, кам сонли ўқувчиларга таълим бера олади. Лекин ҳар бир янги кашфиёт, тадқиқотлар ёрдамида инсоннинг билим чегараларини кенгайтириб боришга уриниш барча таълим муссасаларининг умумий мулки ҳисобланади.

Манфаат бундай алоҳида ишларнинг нафақат ҳар бир режасини тақдим этади, балки қўйилган мақсадга эришишдаги янги йўлларни ҳам кўрсатади. Биз ёрдам бериш билан кифояланмадик, айтиш мумкин бўлса, бу адолатли талабларни бажаришдан завқланиш эди. Биз англаб етгандикки, шу ёки бошқа режаларни ҳаётимизга олиб киришдаги оддий манфаатлар уни амалиётга татбиқ этиш мақсадида катта капитал ажратиш учун ҳаракатга келтирувчи сабаб бўла олмайди, эҳтимол, молиявий ёрдамга муҳтож, биз бехабар бўлган бу каби минглаб бошқа режалар ва тадбиркорликлар бордир. Бир аниқ факт бор, агар бирор ишнинг қўллаб-қувватланиш даъволари бошқаларидан афзалроқ бирор жиҳатга (балки, бизга номаълум, ёрдамга кўпроқ эҳтиёжманд) асосланмаган бўлса, у яхши ишни шахсан афзал кўришим, ҳеч қандай тарзда қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги даъволарнинг адолатлилигини белгиламайди.

Шунинг учун бизнинг кичик қўмитамиз ҳеч қачон ўз ёрдамининг бирор вазиятга ёки ёрдам сўраган бирор муассасага боғлиқ бўлиб қолиб, қолганларининг ёрдам берилмай қолишидан қониқмаган. Бу қўмита ўзининг тадқиқ соҳаси сифатида инсон тараққиётини танлади ва пировард мақсади тараққиёт бўлган ҳар бир соҳани қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилди. Бу идеалликка интилишда режаларни амалга ошириш масъулиятини ўз зиммасига олувчилар топилмади, қўмита аъзолари янги ташкилотларга асос солишга ҳаракат қилди. Айни вақтда биз янги ва, умид қиламанки, ўзлаштирилган соҳаларда иш олиб боряпмиз.

Хайрия ишларига бўлган бу интилишлар мени ҳар доим тўлқинлантирар ва ҳаётимга катта таъсир кўрсатар эди. Яна айтаманки, бу муносабатларда отанинг фарзандларига – ўғли ёки қизига муносабати муҳим аҳамиятга эга, у фарзандларини ўзининг хайрия ишларига йўналтириши муҳим аҳамиятга эга. Болалигидан, отасига ёрдам бераркан, фарзандлар атрофидагилар олдидаги жавобгарлигини англашни ўрганади. Худди отам менга ўргатгани каби, мен ҳам ўз фарзандларимни хайрия ишларига ўргатишга ҳаракат қилдим. Узоқ йиллар давомида бизнинг тушликдан кейин мактуб ўқиш (улар биз иштирокчиси бўлган хайрия ишларига тааллуқли эди), мурожаатномаларни батафсил кўриб чиқиш ва барчамиз биргаликда филантроп муассасалари, бизни қизиқтирган институтларнинг ривожланишини кузатиш анъанамиз бор эди.

ХАЙРИЯ ТРЕСТИ

Хайрия тизими

Ва ниҳоят, ўзимнинг севимли режам ҳақида айтадиган вақт келди, бу режа, айниқса фаровонлик сари барчани бир мақсад учун бирлаштириб, самарали ҳаракатларни амалга ошириш ғояси узоқ йиллар давомида менинг севимли машғулотим бўлди.

Агар амалий масалаларда бирлашиш қувватни тежаш ва яхши натижаларга эришишга хизмат қилса, унда нега бу шарт хайрия ишларида ҳам ўз самарасини бермаслиги керак? “Хайрия соҳасида бирлашиш” бош ғояси, айниқса, таълим услубини такомиллаштириш Андрью Карнегининг “Таълим умум палатаси”нинг аъзоси бўлишга рози бўлганидан бошлаб алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Чунки бизнинг президиумимизда жойни қабул қилишда, у, менинг назаримда, хайрия соҳасида бирлашиш принципини маъқуллади (айниқса, штатимиздаги таълим соҳасини).

Мен бошқалар каби жуда хурсанд эдим, чунки ўз капиталини муҳтожлар ҳаётини яхшилашга сарфловчи энтузиаст Карнеги намунаси, янги ватанида бўлаётган хайрия ишларидаги иштироки бутун умр оқилона хайриянинг ёрқин намунаси бўлиб қоларди.

Эндиликда Карнеги аъзо бўлган “Таълим умум палатаси” менга мақсадларимга эришишга, аниқроқ айтилса, муаммони илмий жиҳатдан ҳал қилишга, катта мамлакатимизнинг барча нуқталарида таълим соҳасини шакллантириш ва такомиллаштиришга қаратилган ташкилотчиликнинг ажойиб намунаси бўлиб кўринади. Бу ташкилотнинг нималарга эришишини айтиш, албатта, ҳозир иложсиз, лекин ҳозирги президиум раҳбарлиги остида у, шубҳасиз, кўп ишларни уддалайди. Президиумга алоқаси йўқ, бегона, мажлисларида ҳеч қачон қатнашмаган инсон сифатида мен яна очиқ-ойдин гапириб, ўз фикримни билдиришим мумкин, чунки у ерда бажарилган барча ишларнинг ташаббускорлари ўзгалардир.

Узоқ йиллардан буён хаёлимни банд қилиб турган яна кўплаб кенг миқёсли, чуқур ўйланган ва қатъий асосга эга режалар бор ва уларнинг янада ёрқинроқ шакл топаётганини сезиб турибман. Ҳар қандай филантроп ташаббусларга холисона ёрдам берувчи инсонлар топилишини англаш ҳамиша ёқимли. Кўплаб банд инсонлар ҳар доим бир лаҳзага ўзларининг шошилинч ишларини кечиктириб туришга ва кучини ҳамда ақлини инсон тараққиёти учун йўналтиришга тайёр эканига, бунинг учун ҳеч қандай мукофот кутмаслигига ишонган ҳолда, бир неча бор тажрибаларимни амалда қўллаш имконияти туғилди. Шифокорлар, руҳонийлар, ҳуқуқшунослар ва кўплаб тижоратчилар бу режаларни, шунингдек, машғулотларни ҳаётга татбиқ қилишда ўзларининг вақтларини ва кучларини холисона бағишлади.

Узоққа бормай, улар орасидан бирини айтадиган бўлсам – Роберт К. Огден. Узоқ йиллар мобайнида, унинг кўп вақтини олиб қўяётган масъулиятли ва машаққатли ишга қарамай, бизга ёрдам бериш учун ҳамиша етарлича вақт ажратди. Бу борада унга ҳайратланарли иштиёқ ёрдамчи бўлди.

У бор билими ва куч-ғайратини берди, мамлакатимизнинг жанубий қисмига алоҳида эътибор қаратиб, ўз салоҳиятини таълим соҳасига йўналтирди. Шунингдек, унинг интилишлари чуқур ўйланган, маълум бир қатъий тизимда ўзининг бош мақсадига эга эди. Келажакда унинг меҳнатлари, шубҳасиз, ўз мевасини беради.

Менинг фарзандларим, мен каби ўз меросини кўпайтириш ўрнига, бошланган ишни давом эттиришга жиддий киришди ва бунинг учун ўзларининг бор кучларини сарфлади, яхшиямки, хайрия ишларида маблағлардан оқилона фойдаланиш учун уни топишда сарфлангани каби қаттиқ меҳнат ва мулоҳаза талаб этилади, деган фикримга хайрихоҳлик билдиришди.

“Таълим умум палатаси” Қўшма Штатлардаги олий ўқув юртларининг жойлашув ўрни, мақсади, фаолияти, амалий ёрдами, бошқаруви ва педагогик аҳамияти бўйича энг изчил тадқиқотларни амалга оширади. Тиришқоқлик билан мамлакат эҳтиёжларини қиёсий ўрганиб чиққандан кейин, президиум йилига тахминан икки миллион доллар ҳисса чиқаради. Унинг протоколлари танишиб чиқиш учун барчага очиқ ҳисобланади. Айнан шу пред-метни ўқиган кўплаб филантроплар бизнинг холис изланишларимиз имтиёзларидан баҳраманд бўлишади ва, умид қиламанки, бу борада ҳамиша бизга мурожаат қилишади.

Кўплаб одамлар мамлакатимиздаги таълим муассасалари бўйича ташаббусларимизнинг амалиётида биз билан ҳамкорлик қилади. Лекин самарали бўлмаган, яхши ўйланмаган, ортиқча мактаб кўмаги ҳавога совурилган ҳисобланади. Бу муаммони асосли равишда ўрганиб чиққан одамлар ўз қарашларида қатъий туради, яъни ўз вақтида мақсадга мувофиқ бўлмаган таълим усуллари учун анчагина пул сарфлангани кундек равшан, у пулларга эса бемалол миллий Америка олий таълимининг оригинал тизимини шакллантириб, такомиллаштирса бўлар эди. Таълим усулини такомиллаштириш учун капитал киритишга тайёр бўлган одамларнинг аксарияти учун, хайрия қилгунга қадар, капитал киритишга таклиф этилаётган компаниянинг хусусиятларини изчил ўрганиш ва бу ўрганиш давомида корхонанинг етакчиларига алоҳида эътибор қаратса яхши бўлар эди. Лекин мен тасаввур қилган бундай изланиш алоҳида индивид учун ақл бовар қилмайдиган иш ҳисобланади, капитал киритувчи ё маълумотлар етишмаслигидан ёрдам қўлини чўзишдан бош тортади, ёки дастлабки муҳокамаларсиз бунга розилик беради. Бу воситачилик иши бир неча бор ақлли, доно ва зийрак одамлар ёрдамида амалга оширилди. “Таълим Умум Палатаси”да қилинганидек, унинг юқори қадрини етарлича баҳолаб бўлмас эди. Алоҳида ҳолларнинг истиснолари, аслида бўлиши лозим бўлганидек, тез пастлайди, натижада қобилиятли ходимлар инсоният тараққиёти учун умумий иш олдида елкама-елка турадилар.

* * *

Бу ҳақда гапирар эканман, мазкур йўналишда аллақачон ишнинг ярмини аъло даражада бажарган католик черковида мен бир неча маротаба кузатган ҳолатни эсламасликнинг иложи йўқ. Роҳиба ва руҳонийлар томонидан тўпланган пулларнинг бу мақсад йўлида қанчалик оқилона сарфланганини эшитиб, ҳайратга тушдим.

Бошқа динлар учун мен халққа таълим бериш учун кўрсатилган барча хизматларни тан оламан – умумманфаат ҳақида қайғуриб, шу билан бирга, ўз кузатишларимдан ишонч ҳосил қилдимки, айнан католик черкови, бошқа дин вакилларига қараганда, ўзининг маблағлари ёрдамида кўпроқ муваффақиятларга эришди. Бу ерда ташкилотчиликнинг қанчалик муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлаш учун шу ҳақда гапиряпман. Бундан ташқари, ҳаммага маълумки, католиклар бир неча юз йиллар давомида пул маблағларини жамғариб келишади ва бир неча юз йиллар давомида таълим-тарбия усулларини узлуксиз такомиллаштириш жараёнидан ўтди.

Бу саволни ўрганиш мен учун ҳар доим ҳаддан ташқари қизиқарли манба бўлган. Менинг ёрдамчиларим, ҳар қандай бошқа президиумга бутунлай қарши ҳолатда, Нью-Йоркдаги девонхонамиздан келадиган, бизга йўлланган ҳар қандай мурожаатларни батафсил ўрганиб чиқиш учун етарлича кучли ташкилотчиликка эга.

Алоҳида бир шахс учун ҳар бир алоҳида вазиятни ўрганиб чиқиш иложсиз иш бўлар эди. Девонхонадан ҳар куни олинадиган юзлаб хатлар одамнинг кучи чегарасидан ортиб кетади. Агар менга кунига юзлаб хатлар билан мурожаат қиладиган сахий одамлар бироз ўйлаганида, барча шарҳларга шахсан ўзим эътибор қаратишга имконим йўқлигини тушуниб етар эди.

Биз ишлаб чиққан ва йиллар давомида такомиллаштириб бориш мумкин бўлган режа бир неча ўн йиллик тажриба натижаси ҳисобланади. Бу ерда мен хайрия масаласида умумий хазинага ҳисса қўшувчи меҳнатга рухсат масаласи – ҳар қандай жиддий одам учун муҳим аҳамиятга эга бўлган масалага тўхталиб ўтаман. Шунча вақтдан буён бу ҳақда кўп гапириб келяпман, изоҳни ҳам фақат шундан излаш керак бўлади.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 1 Оценок: 1


Популярные книги за неделю


Рекомендации