282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Джон Дэвисон Рокфеллер » » онлайн чтение - страница 8


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:00


Текущая страница: 8 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Капиталга қарши – мулоҳазалик далили

Шерикларимиздан бири, ниҳоятда йирик бир даромадли корхонанинг собиқ раҳбари бир куни баъзилар томонидан киритилган таклифга қарши чиқди. Таклифга кўра, ишимизни яхшилаш учун жуда катта кўламдаги ўзгаришларни киритиш керак эди, бу эса ниҳоятда катта харажатга тушар, ўйлашимча, уч миллион доллардан кам эмас эди. Биз бу масалани узоқ кўриб чиқдик, бошқа шериклар билан бор яхши ва ёмон томонларини ёзиб чиқдик, ушбу операция нафақат зарарсиз эканлиги, балки зарурат эканлигини исботлаш учун турли асосларни ўйлаб чиқдик. Аммо кекса дўстимизни кўндиришнинг имкони йўқ эди. Ҳозиргидек ёдимда, у қатъий эътироз билан ўрнидан турди, қўллари чўнтакда, бошини орқага ташлади ва бор овози билан “Йўқ ва яна йўқ!” деди.

Йиғилишларда бир одам ўз хурофоти сабаб бўш позициясини ҳимоя қилишга уринишига гувоҳ бўлиш ҳамиша кишини ранжитади. Бундай ҳолларда кўпинча ишбилармоннинг доимги ҳамроҳлари – мулоҳазалилик, чуқур ўйлаб иш кўриш ва ақл уни тарк этиб, қарама-қаршилик жасорати қолади, холос. Шундай қилиб, бир томондан компания ишларини яхшилаш керак эди, бу ниҳоятда муҳим эди. Бошқа томондан эса шеригимизни кўндириб бўлмади. Аммо озчилик нима қилиб бўлса ҳам уни кўндиришни истар эди. Биз компанияни яхшилаш нега зарурлигини исботлаб бериш учун янгича йўллар топишга уриндик.

– Маблағ сарфлашга арзимайди деб ҳисоблайсизми? – сўрадим мен.

– Ҳа, – жавоб берди у, – ишни такомиллаштириш учун бундай катта миқдорда маблағ сарфлашга эҳтиёж туғилиши учун чамаси кўп йиллар керак. Бу жуда кечиктириб бўлмайдиган иш эмас, корхонамизнинг иши бусиз ҳам яхши кетяпти. Ҳамма нарса ўз навбати билан бўлгани маъқул.

Тилга олинган шеригимиз жуда ақлли ва тажрибали, ёши нисбатан каттароқ ва бундай ишларнинг билимдони эди. Буни ҳаммамиз тан олар эдик. Аммо биз, ҳали айтганимиздек, ғоямизни амалга оширишга, қанчалик узоқ кутишга тўғри келмасин, унинг розилигини олишга қарор қилдик. Баҳслар тиниб, ҳиссиётлар босилгач, шериклар яна шу масалани муҳокамага кўтардилар. Менга янги фикр келганди.

– Бу ишни ўз зиммамга оламан, керакли маблағни ҳам бераман. Иш харажатни оқласа, компания пулларимни қайтиб беради, оқламаса, зарарни мен кўраман, – дедим мен.

Бу далил ниҳоят унга таъсир қилди. Ўжарлигидан асар ҳам қолмади, янгилик қабул қилинди. У: “Модомики сиз шундай ўйлар экансиз, у ҳолда биргаликда киришинг. Агар сиз таваккал қиладиган бўлсангиз, ўйлашимча, буни мен ҳам қила оламан”, – деди.

Менимча, ҳар бир ишда қанчалик тез ҳаракат қилиш зарурлиги муҳим масала бўлса керак. Биз доим ишга дарҳол киришганмиз, ишимизни ҳамма жабҳа бўйича зудлик билан кўриб чиқиб, уни кенгайтирганмиз. Доим қаршимизда корхонамизни кенгайтиришнинг янгича босқичлари пайдо бўлаверар эди: гоҳ янги нефть ери очилса, гоҳ деярли бир кечада янги омборлар қуришга тўғри келиб қоларди ва деярли ўша дамнинг ўзида нефти ишлатиб бўлинган майдонларни яроқсиз ҳолга чиқариш керак бўлиб қоларди. Шу сабабли, биз кўп ҳолларда икки томонлама мажбуриятга чидашимизга тўғри келарди. Баъзида ҳаммасини тайёр қилиб қўйган ердан фойда олиш умидидан воз кечишга мажбур бўлиб қолар эдик, баъзан эса ўзимиз кутмаган жойда мол, омбор ва транспорт ташкил қилган пайтларимиз ҳам бўлиб қоларди. Мана шундай майда ҳодисалар сабаб нефтчилик иши хатарли ва қалтис бўлади. Аммо орамизда шундай жасоратли инсонлар ҳам бор эдики, уларнинг тамойилига кўра, етакчилар энг кичик фойдани ҳам ҳисобга олмаса, ундан батамом фойдаланмаса, иш даромадли бўла олмайди.

Бундай ечими мушкул масалалар ҳақида неча марталаб баҳслашганмиз биз! Биримиз ишга катта маблағ тикиб дарҳол таваккал қилишга тайёр бўлса, бошқамиз эса камга қаноат қилишга чақирар эди. Кўп ҳолларда барчаси муроса билан якун то-пар эди! Масала ортидан масала кўтариб, уларни муҳокамага қўяр эдик, бироз радикал бўлганларимиз талаб қилганчалик чуқурлашмас, ашаддий консерваторларимиз талаб қилганичалик мулоҳазали ҳам эмас эдик. Ҳамиша таклиф бир овоздан қабул қилинишига эришганмиз.

Муваффақият қувончи

Қадрдон шеригим бўлган Г. М. Флаглер ўйнаган роль ҳамиша мени қойил қолдирган. У доим зудлик билан ишга киришиб, турли-туман улкан лойиҳаларни амалга оширишга интилиб келган. Шу билан бирга, у доим довюраклар томонида бўларди. Компания ўзининг энг эрта ишларида муваффақиятга эришишида айнан Флаглернинг битмас-туганмас шижоати олдида қарздордир.

Ёшига қарамасдан, ундан энг йирик муаммоларнинг ечимини ҳам кутса бўларди, кўпчилик унинг ёшида уйида, оила даврасида тинч ва шинам ҳаётни афзал кўрган бўларди. Флаглер Флориданинг шарқий қирғоқларини алоқа йўли билан таъминлашга қарор қилди. Бировнинг ёрдамисиз, ёлғиз ўзи. У Сент-Августиндан Кей-Вестгача тортиб борилган (600 милядан узун масофага) темирйўлнинг биргина ўзи билан кифояланиб қолмади. Бу бир шахс учун ниҳоятда улкан иш ҳисобланади. Флаглер темирйўл бўйлаб қаторлаштириб данғиллама меҳмонхоналар қуриб, туристларнинг ушбу янги ҳудудларга ташриф буюришига ундади. Камига бу меҳмонхоналарнинг бошқарувини жуда моҳирлик ва улкан муваффақият билан ташкил қилди.

Бу инсон якка ўзи, туганмас шижоати ва шахсий маблағи ёрдамида азим мамлакат эшикларини маданият учун очиб берди, энди ҳам маҳаллий аҳоли, ҳам кўчиб келганлар янги бозорга эга бўлган эдилар. У минглаб одамларга иш берди, ишини муносиб равишда муваффақият билан якунлаш учун муҳандислик санъатининг “chef d’oeuvre”и деб ҳисобласа бўладиган ҳодисани бошлаб, ниҳоясига етказди: Кей-Флоридадан Кей-Вестдаги Атлантика океанига қадар йўл тортиб борди. Айнан шу нуқтадан бир неча йиллар аввал темирйўл тадқиқотчилари унинг раҳбарлигида йўлга чиққан эдилар.

Буларнинг бари якунига етганида, кўпчилик ўта фаол деб ҳисоблаган умрининг узоқ даврини яшаб бўлган эди. Худди Флаглер каби ўзига тўқ, бошқа миллатдан бўлган одам, ишончим комил, меҳнатининг роҳатини кўриш учун нафақага чиқиб кетган бўлар эди. Флаглер билан ёшлигимда “Кларк ва Рокфеллер” фирмасига маҳсулотларимизни сотаётган дамлар танишганман. У уддабурон ва дадил йигитча эди. Куч ва шижоатга тўла эди. Нефть бизнесимизни йўлга қўйган пайтларимизда Флаг лер Кларк ҳам яшайдиган уйга келиб жойлашди. Кларк ўшанда “Кларк ва Рокфеллер” фирмасини ўз қўлига олган ва ишни ёлғиз ўзи давом эттирар эди. Кейинчалик Флаглер Кларкнинг ишини сотиб олиб, ўз бизнесига қўшди.

Ўшанда тез-тез кўришиб қолардик. Бизнес алоқамиз аста-секин бизнес дўстликка айланиб борди. Ўша пайтлар кичик бир шаҳар бўлган Кливленд-да яшаган инсонлар Нью-Йоркдагидан кўра тез-тез учрашиб қолиши табиий ҳол эди. Кейинчалик нефть бизнесимиз кенгайиб боргач, каттароқ маблағга эҳтиёжимиз пайдо бўлди ва мен ўша заҳоти шерик бўлиши мумкин деб Флаглерни эсладим. Унга воситачилик бизнесини тўхтатиб, бизга шерик бўлишни таклиф қилдим. Флаглер таклифимни қабул қилди ва шу тарзда дўстлигимиз бир умрга боғланди ва ҳеч қачон ҳеч нарса дўстлигимизга соя солмади. Бу дўстликнинг пойдевори бизнес эди ва бу, Флаглер доим айтишни хуш кўрганидек, дўстликка қурилган бизнесдан минг чандон яхши эди. Шахсий тажрибам унинг фикри тўғри эканлигини исботлаганди.

Кетма-кет узоқ йиллар мен ва содиқ дўстим елкама-елка ишладик, ҳатто иш столларимиз ҳам бир бинода ёнма-ён эди. Иккаламиз ҳам Эвклид хиёбонида, бир-биримиздан бир неча одим нарида яшар эдик. Ишга кетаётиб кўришиб қолар эдик, бирга нонушта қилардик, оқшомлари бирга уйга қайтардик. Йўлда, идора деворларидан ташқарида баҳслашардик, фикрлашардик, янги режалар тузардик. Флаглер деярли барча шартномаларимизни шахсан ўзи тузиб чиқарди. У шартноманинг барча мақсад ва ниятларини моҳирлик билан аниқ ифодалар, шундай бир батартиб ва мукаммал тузар эдики, ҳеч қачон озгина бўлса-да тушунмовчиликлар келиб чиқмас эди. У тузган шартномалар икки томоннинг манфаатини ҳам тенг ҳимоя қилар эди. Ёдимда, у доим шундай деб такрорлар эди: “Битим тузишда иккала томоннинг ҳам ҳақ ва талаблари тенг равишда ўлчаниши шарт”. Ва доим шунга риоя қилди.

Бир куни ундан бир шартномага имзо қўйшни сўрашди ва у мени ҳайратга солиб, ҳеч қандай савол ва эътирозсиз шартномани имзолади. Биз керосин заводларимиздан бири жойлашган ер майдонини сотиб олишга қарор қилган эдик, ўша пайтга қадар эса бу майдонни иккаламизга ҳам яхши таниш бўлган Жон Ирвин исмли кишидан ижарага олиб турган эдик. Шу киши шартномани идорасининг бир бурчагидан топилган хатжилднинг орқа томонига ёзган эди. Одатда бундай қоғозларда “у ердан эса жанубга – юқори веллингтонгача” ва шу каби манзилларгача бўлган майдон тасвирланар эди, қўлимдаги қоғозда эса аниқлик намунаси бўлган бирор нима кўрмадим. Шунда Флаглер: “All right, John, (ҳаммаси жойида, Жон). Мен шартномани имзолаб бўлдим. У қўлимизда бўлганида, кўрасан, веллингтон ўрнига устун бўлади, бутун ҳужжат эса бенуқсон тартиб ва аниқликда бўлади,” – деди. Шубҳасиз, у айтганидек бўлди. Бир нарсани айтишга журъат этсам, ҳуқуқ соҳасидаги талай билимдонлар Флаглернинг пойгагида ўтириб, шартнома тузишнинг фойдали йўлларини ўргансалар зиён қилмас эди. Аммо адвокатларимиз мени ноҳақликда айбламасликлари учун, жим бўла қоламан.

Флаглернинг алоҳида миннатдорчиликка лойиқ иши керосин заводларини шу пайтгача қуриб келинган, завод биноси вазифасини бажарган “бахтиқаро сарой” кўринишида эмас, янгича қиёфада қуриш зарур деб ҳисоблагани эди. Ҳамма бир кун келиб нефть иши муваффақиятсизликка учрашидан ва бироз тузукроқ қурилишга сарфланган пуллар зиён ҳисобига тиркаб қўйишга тўғри келишидан қўрқар эди, шу сабабли ҳам заводлар учун ёмонроқ ва арзонроқ бино қуришни афзал кўрар эдилар. Флаглер мана шу қарашга қарши чиқди. Гарчи у нефть захираси қачондир тугаши аниқлигини ва бу хавфнинг рўй бериш эҳтимоли кундан-кунга каттариб боришини тан олса-да, у нефть бизнесига киришгандан кейин уни ҳаддан ташқари аниқлик билан бошқариш ҳамда бизнесни мустаҳкам пойдевор устига қуриш мумкин деган фикрни доим ёқлаб келди. Унинг фикрича, ишни шундай бир замонавий усулда бошқариш керакки, токи бирор бир чора бажарилмай қолиб кетмасин, ана ўшанда мазкур ишдан яхши натижалар кутиш мумкин. Флаглер бу тамойилларни биноларга татбиқ этди ва уларни худди бир аср туриши керакдек, мустаҳкам қилиб қура бошлади. Унинг қатъий ишонч билан ҳаракат қилган жасорати эса компания муваффақиятининг бўлажак бинолари учун озмунча тош қўймади.

Ўша даврдаги навқирон, жасур ва очиқ кўнгил Флаглерни завқу шавқ билан ёдга олувчи инсонларнинг кўпчилиги ҳали ҳаётда. Кливлендда бир нечта керосин тозалаш заводларини сотиб олган пайтларимизда, Флаглер ниҳоятда банд бўлди. Бир куни у кўчада тасодифан эски дўстини – немис булкачини учратиб қолди. Флаглер унга анча пайт ун сотган эди. Дўсти унга булка ишини ташлаганини, ўрнига эса кичиккина нефть тозалаш заводини ташкил қилганини сўзлаб берди.

Флаглер буни эшитиб ҳайратга тушди, бир пайтнинг ўзида дили сиёҳ бўлди. Дўсти ўзининг озгина мулкини кичик бир ишга, Флаглернинг фикрича, даромадсиз ишга тиккан эди. Аммо на илож. Бу воқеа бир неча кун хаёлидан чиқмади, афтидан, жуда ташвишга тушган эди. Ниҳоят, бир куни ёнимга келиб деди:

– Бу йигит новвойчилик ишида нималарнидир тушунар, аммо нефть тозалаш ишини умуман тушунмайди. Очиқчасига айтсам, унга ишини бизга сотиб, бизнинг бизнесда иштирок этишни таклиф қилишни истар эдим. Унинг тақдири менинг виждоним.

Мен, албатта, рози бўлдим. Флаглер мижоз билан гаплашди, у эса агар биз заводини баҳолаш учун борсак, ишни сотишга розилигини очиқчасига айтди. Биз шундай қилдик. Аммо шу жойда бутунлай кутилмаган тўсиқ пайдо бўлди. Биз завод учун таклиф қилган баҳо мижозни қониқтирди, аммо у бу пулни Standard Oil Company al pari улуши кўринишида олгани яхшими ёки нақд пул кўринишида деган масала билан Флаглердан маслаҳат сўради. Флаглердан маслаҳат сўрар экан, бордию пулни нақд кўринишда олса, ҳамма қарзини тўлаб юбориб, тинчгина ухлай бошлаши ва ишнинг бу тусда ўзгаришидан мамнун бўлишини тушунтирди. Аммо Флаглер бизнинг ҳиссаларимиз яхшигина дивиденд олиб келишига ишонгани учун мижоз яхшиси акцияларни олиб, шундай “муҳташам корчалон”га қўшилгани маъқул деб ҳисоблар эди… Бу масалани ечиш Флаглер учун мушкуллик қилар эди ва у аввалига булкачига маслаҳат беришдан бош тортди. Бироқ дўсти хиралик қилиб туриб олди, ойдан тушган одамдек, Флаглерга бу масъулиятни юклаб қўйди. Ниҳоят, Флаглер собиқ булкачига пулнинг ярмини нақд кўринишда олиб, қарзларининг ярмини тўлаб туришини, қолган ярмини эса ҳисса кўринишда олиб, келгуси ишларни кутишни таклиф қилди. Булкачи шундай қилди ва вақт ўтиши билан эса янада кўпроқ компания ҳиссаларига эга бўлди. Флаглернинг эса собиқ мижозига берган маслаҳатидан пушаймон бўлишига тўғри келмади.

Ишончим комилки, менинг қадрдон дўстим ўзининг улкан режаларига қанча эътибор, қанча вақт ажратса, шу арзимаган ишга ҳам шунча вақт ва эътибор сарфлади. Бу эса қисман бўлса ҳам унга баҳо беришда хизмат қилади.

Собиқ шерикларимдан яна бири – Г. Г. Рожерс Флаглернинг East-Coast темирйўлига ўхшаш йўл бунёд қилди. У ўзининг виржинияча темирйўл кўринишида бўлиб, дунё учун улкан тошкўмир қатламларини кашф этиш унга насиб этди. Собиқ дўстларимнинг ҳеч бирида бундайин маҳобатли ва машаққатли вазифани елкасига ортиш зарурати бўлмаган эди. Аммо бундай улкан вазифаларни бажарар экан, иш давомида олам-олам гашт топи-шар ва мамнун бўлишар эди. Бу иккала намуна ҳам америкаликларнинг феъл-атворидаги бир жиҳатни яққол намоён этади – айнан биз америкаликларни ҳаракатга келтирган нарса бу моддий манфаат эмас, балки ҳаракат қувончи ва ундан келган муваффақиятдир.

Дўстликнинг қадри

Ҳозирги ёшлар мен кексанинг айтган олди-қочди гапларига қизиқмасалар ҳам керак, гарчи энг зерикарли ҳикоялар орқали бўлса ҳам, ёшларга қадр-қимматнинг қанчалик юқори эканлигини, барча ижтимоий доираларда ҳеч бир истисносиз дўстликнинг қадри қолган барча қадриятлардан қанчалик юқори эканлигини кўрсатиш ва исботлаш фойдадан холи бўлмайди.

Ер юзида қанчадан-қанча турли-туман дўст бор! Аммо уларнинг барчасини эҳтиёт қилиш керак. Майли, бири бошқасидан яхшироқ бўлсин, аммо дўстнинг ҳар бири алоҳида қадрли, буни кексая бошлагач тушуниб борасан. Тўғри, шундай бир турдаги дўстлар ҳам йўқ эмас, улардан ёрдам сўраган чоғинг, айнан ўша дамда сенга ёрдам бериш имконияти бўлмай қолади.

– Сенинг векселингни ололмайман, – дейди бири, – шерикларимга ҳеч қачон бундай қилмасликка сўз берганман, улар ҳам шундай сўз беришган.

– Сен учун қилган бўлардим, аммо ўзинг тушунасан-ку, айни пайтда ва ҳоказо, ҳоказолар… – дейди бошқаси.

Бундай дўстларни муҳокама қилиш мен учун оғир. Биламан, дўстлик кўп ҳолларда темперамент натижасидир. Кўп ҳолларда эса бундай суҳбатлардаги айбдор бу – ҳақиқатан ҳам шундай вазиятнинг келиб қолишидир. Айнан шу вазият дўстингизни қилиши мумкин бўлган имкониятдан мосуво қилиб қўяди.

Ўтмишга боқиб, дўстларимга бир қур назар ташлар эканман, улар орасида бундай турдаги дўстларим озчиликни ташкил қилганини кўраман, ҳақиқий дўстларим эса жуда-жуда кўп бўлган. Ҳеч кимга ўхшамаган бир дўстим бўларди – С. В. Гаркнесс. Илк учрашувдаёқ тамоман менга ишонгандек эди.

Кунларнинг бирида бизнинг нефть омборларимиз ва тозалаш заводларимиз бир неча соат ичида ёниб кул бўлди, ҳеч нарсани асраб қололмадик. Тўғри, улар бир неча юз минг доллар эвазига суғурта қилинган эди, аммо биз шундай катта миқдордаги суғурта пулини ола олармиканмиз дея ташвишланар, барчаси такроран изига тушиши учун озмунча вақт кетмаслигини ўйлаб қўрқувга тушар эдик.

Ёниб кетган заводни дарҳол тиклаш керак эди, демак, зудлик билан пул топиш зарур эди. Гаркнесс ишимизга қизиқиш билдирди, мен эса унга:

– Сендан пул сўрашимга тўғри келиб қолиши мумкин, – дедим. – Тўғриси, керак бўлиб қоладими-йўқми, билмайман, лекин олдиндан огоҳлантириб қўйганим яхши деб ўйладим.

У вазиятдан бохабар эди ва унга узоқ тушунтириб ўтиришга ҳожат йўқ эди. Дўстим айтганларимни шунчаки тинглаб турди-да, лўнда қилиб:

– Бўпти, Жон. Мен сенга боримни бераман! – деди.

Унинг оғзидан чиққани шу бўлди, холос. Аммо мен ташвишлардан озод бўлиб, уйга қайтдим. Кейинчалик аниқланишича, “Liverpool, London and Globe Insurance Company” суғурта жамияти қурилиш ниҳоясига етмай туриб пулнинг ҳаммасини тўлаб берган экан. Гарчи дўстимнинг пулларидан фойдаланишимга тўғри келмаган бўлса ҳам, менга кўрсатилган олижаноб ҳаракат, айтилган бир оғиз ширин каломни, далдани ҳеч қачон унутмайман.

Мамнуният билан тан оламан, бошимдан бундай воқеалар жуда кўп ўтган. Ҳаётимнинг эрта йилларида катта заёмчи бўлганман, ишларим яхши эди, тез ривожланарди, банклар ҳам ўз хоҳишлари билан менга ишониб пул берар эдилар. Улкан ёнғин бир дунё муаммо туғдирган дамдан бошлаб, бизга бир вақтнинг ўзида қанча миқдорда пул керак бўлишини доим билиш учун ишдаги вазиятни тинимсиз ўргандим.

Биз пулга бўлган зарур эҳтиёжга қадар молиявий ишларимиз учун олдиндан замин тайёрлаб қўйишга одатландик. Ҳеч қачон, одамлар айтганидек, ишни пайсалга солиб юрадиган кишилардан бўлмаганман.

Мана, ўша пайтлар дўстларимиз қанчалик кўп бўлганини исботловчи яна бир эски воқеа. У ҳақида рўй берган ҳодисадан анча вақт ўтгач, хабар топганман.

Гап бир банк ҳақида. Биз бу банк билан кўп ишлар эдик, директори ҳам менинг дўстларимдан бири – Стильмаль Уитт эди. Ниҳоятда бадавлат одам эди. Йиғилишларнинг бирида бордию бизга янада кўпроқ пул керак бўлиб қолса, банки нима чора кўради, деган масала кўтарилди. Ўй-фикрини шубҳа остига олмасликлари учун Уитт ўзининг пул солинган қутисини келтиришларини сўради. Қутини олиб келишгач, унинг устига қўлини қўйиб:

“Жаноблар, ёшлар ишончли. Агар улар кўпроқ пул талаб қилсалар, мен банкдан ўйламай туриб уларга пул беришини талаб қиламан. Бордию сиз кўпроқ таъминот истасангиз, мана, жаноблар, қанча керак бўлса, олишингиз мумкин!”

Биз ўша пайтлар ташишда иқтисод қилиш учун денгиз ва каналлар орқали кемаларда катта-катта партияда керосин жўнатар эдик, бунинг учун эса жуда кўп миқдорда нақд пул, бутун бошли капитал керак бўлар эди. Биз аллақачон бошқа бир банкдан йирик миқдорда маблағ олиб қўйган эдик. Унинг раиси менга хабар беришича, унинг бошқармаси бизга берилган катта қарз ҳақида маълумот олибди, ана шу масалада янада батафсилроқ тушунтириш беришимни исташаётган экан.

Унга хабар бергани учун раҳмат айтиб, ҳар қандай тушунтириш беришга тайёр эканлигимни, сабаби афтидан, яна кўп маблағ сўрашимга тўғри келаётганини билдирдим. Биз банкдан ўзимиз истаган ҳамма маблағни олдик, энг яхшиси ҳеч қандай тушунтиришларсиз олдик. Узр, мен бизнес, банклар ва пул ҳақида ҳаддан зиёд кўп гапираман. Мен уйғоқлик соатларининг ҳар бирини пул ишлаб топишга бағишлаган инсондан ночорроқ инсонни билмайман. Қирқ ёшга яшариб қолганимда ҳам, албатта, яна ишга киришган бўлар эдим. Боиси кучли заковат соҳиби бўлган зеҳни ўткир инсонлар билан мулоқот қилиш менда қизиқиш уйғотади, кўнглимга ўзгача бир лаззат бахш этади. Ҳолбуки, менда кунимни тўлдиришга қодир қизиқишларим кам эмас ва бутун умр ўзимни илҳомлантириб келган бир талай режаларни амалга оширишга умид қиламан.

Узоқ давом этган меҳнат йилларим ўн олти ёшимда бошланиб, 55 ёшимда якунига етди. Ишдан узоқлашганда эса дам олиш соатларимни у ёки бу кўринишда ташкил қилишга муваффақ бўлдим, бу учун эса компаниямизни бошқариш каби катта ташвишни ўз елкаларига олган истеъдодли ва серғайрат ходимларим олдида қарздорман.

Айрим кишилар каби, ҳаётим давомида чекимга тушган миқдор ва сифатдаги ишдан мамнунман. Ҳисобчи бўлиб иш бошлаганимда, қанчалик аҳамиятсиз бўлмасин, рақам ва далилларга ҳурматим баланд бўлган. Бирор-бир ўтган лойиҳаларга оид ҳисоботни тузиш ҳақида гап кетганида, одатда мени танлашар эди, негаки менда тафсилотларга нисбатан иштиёқ ҳаддан зиёд юқори бўлиб, кейинчалик бу иштиёқни жиловлашимга тўғри келган.

Покаитико (Нью-Йорк штатида) тепаликларида ҳаммадан узоқда жуда кўп соатларни сарфлаганман. Ажойиб манзарага эга эски уйда кўп соатларимни гўзал Гудзон кўлининг ақлни шоширар чиройини томоша қилиб ўтказар эдим. Айни ўша дамлар ҳар бир дақиқа мен учун қадрли бўлган бўлса керак. Бизнесимни юритар эканман, серғайрат ишбилармон деб аталувчи инсон бўла олмадим.

“Серғайрат ишбилармон” деган ном менга беихтиёр Кливленддаги дўстларимдан бирини эслатди. Жуда меҳнаткаш инсон эди. Унга ўзим яхши кўрган нарсаларим, яъни образли боғдорчилик, бошқалар айтганидек, йўл ва сўқмоқлар ётқизиш санъати ва шу кабилар ҳақида кўп-кўп сўзлаб берар, шубҳасиз, уни зериктириб азоблар эдим.

Бу дўстим ўттиз беш йил ёнимда бўлди. Болалар эрмаги деб ҳисоблаган бундай арзимас ишлар билан вақтини ўлдирган бир ишбилармон учун у ўз луғатидан танбеҳ сўзидан бошқасини топа олмаган бўлар эди.

Баҳорнинг ажойиб бир кунида тушдан кейинги вақтини мен билан ўтказишни таклиф қилдим. Бу таклиф ўша даврдаги ишбилармонлар учун ноодатий ва тушунарсиз эди. Менинг мулкимга тегишли боғда сайр қилиб, анчадан бери ўйланган ва деярли якунига етиб қолган ажойиб йўлларни томоша қилиб завқ оламиз дедим.

– Иложим йўқ, Жон, – деди у, – тушдан кейин муҳим ишим бор.

– Ишонаман, – дедим мен, – аммо у иш икки томонида улкан дарахтлари бор йўлчалик завқ бермайди сенга.

– Бемаънилик! Жон, тинч қўй мени, илтимос. Айтяпман ахир, кемада руда олиб келишларини кутяпман, заводларимиз эса анчадан бери кутиб қолди. – У мамнуният билан кафтларини ишқалади. – Ер юзидаги барча ўрмон сўқмоқларини деб уни кўриш фурсатини бой бермайман.

Ўша пайтлар у Бессемер рельсбоп пўлатнинг бир тоннаси учун 120-130 доллар оларди. Бордию унинг заводидагилари руда йўқлиги сабаб ишсиз сандирақлаб қолса, у ҳаётнинг қувончини қўлдан бой бердим, деб ишонар эди.

У рудани олиб келиши керак бўлган кемани кутиб маъносиз нигоҳ ва таранг асаблар билан тез-тез сувга қараб қўярди. Орада дўсти кема кўринмадими деб сўраб қолди.

– Йўқ. Йўқ, ҳозирча, – дея секин жавоб қилди у. – Аммо ҳадемай келиб қолади.

Кливлендда ўша пайтлар руда савдоси алоҳида эътиборга эга эди. Менинг собиқ хўжайиним эллик йиллар аввал руда ташишда тоннасига 4 доллар олар эди. Ўзингиз тасаввур қилиб кўринг, дам олиш соатларида йўл ётқизиш билан машғул бўлган одам тоннасига 80 цент эвазига рудани катта кемаларга ташиб бўлгач, бундан бутун мол-дунёга эга бўлади!

Аммо ҳозир дам олиш соатларимнинг анчасини бағишлаган машғулотим – манзара архитектураси ҳақида бир-икки оғиз сўзламоқчиман.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 1 Оценок: 1


Популярные книги за неделю


Рекомендации