Читать книгу "Миллиардернинг хотиралари"
Автор книги: Джон Дэвисон Рокфеллер
Жанр: Биографии и Мемуары, Публицистика
сообщить о неприемлемом содержимом
Қувурлар ва темирйўллар
Қувурлар тизимининг қурилиши билан темирйўллар учун яна бир қўшимча ва хавфли рақобатчи пайдо бўлди. Керосинни насослар ёрдамида қувурлар орқали етказиб бериш поезд цистерналаридан кўра анча арзонга тушар эди. Шунинг учун етказиб беришнинг бу услубини ривожлантириш замон талаби эди, лекин бир савол кўндаланг турарди: сарфланган капитални қоплаш учун керосин етказиб беришнинг ўзи етарли бўладими? Ер участкаларида қувурлар ётқизилиши бошланса, кейин уларда қандайдир носозлик кузатилса, қувурлар энг бефойда ва кераксиз нарсага айланади.
Қувурлар ва темирйўл линиялари ўртасида юзага келган муносабат жуда қизиқ. Кўп ҳолларда уларнинг манфаатларини бирлаштиришга тўғри келарди: баъзида қувурларни ернинг фақат бир қисмига жойлаштириш мумкин бўлар эди, у ердан бориладиган манзилга юкларни темир йўл орқали етказиб бериш талаб этилади. Аввало, аксарият ҳолларда, автомобил йўллари керосинни бутун бошли масофадан атиги бир нарх эвазига олиб ўтарди. Кейинчалик, керосинни қувурлар ва темир йўллари ёрдамида етказиб беришни бошлаганимизда, тарифни бўлишишга тўғри келарди. Қувур эгалари умумий такс жорий этиб, даромадларининг бир қисмини темир йўлларга беришга рози бўлди. Шундай ҳолатлар ҳам бўлардики, Standard Oil Company темирйўлларга чегирмалар берарди, темирйўллар бизнинг компаниямизга эмас. Лекин бу каби мураккаб ҳисоб-китоблар билан шуғулланган одамларинг бундан шикоят қилганини эслай олмайман.
Компаниямиз даромадлари темирйўлларнинг чегирмаларидан келмас эди. Лекин айнан охиргилар Standard Oil Company юкларини ташишдан катта фойда кўрди, компания қандай фойда кўрмасин, истеъмолчилар учун маҳсулотлар нархини пасайтиришда давом этди. Нарх пасайиши орқали маҳсулотларимизнинг дунё бўйлаб тарқалишига эришдик.
Ҳамма жойда катта чегирма туфайли савдо кўпайган вақтда, ҳамма манфаатли келишувларга эришишни истайди. Барча штатлар учун баробар савдо тўғрисидаги қонуннинг (Interstate Commerce Law) жорий этилиши муносабати билан, дунё бил-дики, йўналишларнинг якуний пунктларида қурилмаларга сарфланган каттагина маблағлар борлигига, биз жорий қилган мунтазам юклар ҳаракати ва қатъий иқтисодий қонунларнинг амал қилишига қарамай, биздан сезиларли даражада кам транспортировка қиладиган майда тадбиркорлик субъектлари биз қачонлардир эришгандан кўра анча камроқ фойда олар эди. Ҳанузгача темирйўл чегирмалари ҳақида кўп гапирувчи бостонлик бир маҳмадона киши сира ёдимдан чиқмайди.
У ўз ишига диққат ва масъулият билан ёндашувчи кекса ва тажрибали тижоратчи эди. У рақибларини ўзидан кўра яхшироқ ишлаяпти деб ўйлар эди ва бир куни бу масалада ўз фикрини қуйидаги афоризм билан қатъий ифодалади:
– Агар менга фойда келтирмаса, мен чегирмалар тизимига бутунлай қаршиман!
THE STANDARD OIL COMPANY
Иш юритиш услубимиз
Агар кўплаб ходимлари бор катта компания ўзининг фаолияти билан танқидларга сабаб бўлмаса, жуда ғалати бўлар эди. Ҳатто нисбатан кичикроқ ишларга таққослаганда, баъзан бундай ходимларни шахсий ёки ўзи аъзо бўлган жамият манфаатларига бундай ёндашишдан чеклаб қолишнинг иложи бўлмайди. Лекин барча ходимлар ёки бутун жамият учун умумий бўлган яхлит индивидуалликнинг хатти-ҳаракатларини ҳисоблаш адолатсизлик бўлар эди.
Таъкидлаш ёқимлики, мен нефть соҳасидаги шерикларимни мажбурлаш йўли билан ўзимга жалб қилиб, боғлаб олдим. Йўқ, мен у даражада кўр-кўроналик билан иш тутмасдим. Агар мен ростан шундай тактика билан иш тутганимда, шундай узоқ йиллар барҳаёт қоладиган компанияга асос сола олган бўлармидим? Шундай ходимларни компанияда масъулиятли, муҳим вазифаларга қўйиш, улар эса вазифасини ўн йиллар давомида бошқариши мумкинмиди? Яна сўрайман, шундай зўравонлик қурбонига айланган одамлардан ўн йиллар давомида дўстона муносабатлар муҳитидаги, бирдам коллективга эга ташкилот тузса бўлармиди? Лекин бу ташкилот нафақат парчаланишдан сақланиб қолди, балки унинг меҳнат қобилияти ҳам ўсиб борди. Мен 14 йилдан буён компанияда эмасман, охирги 8-10 йил давомида эса компанияга йилига бир мартадан ортиқ бормадим.
Охирги марта маъмуриятга 1907 йилнинг ёзида бордим. Мен у ерда яна компания биносининг узоқ йиллардан буён хизматчилар ва бошқарувчилар бирга нонушта қиладиган юқори қаватига кўтарилдим. Кейинчалик бирор марта ҳам эски дўстларим ва янги бошловчилар билан суҳбатлашишнинг имкони бўлмади. Лекин корпоративнинг бурунги муҳити ва гармонияси ходимлар орасида ҳеч қандай ўзгаришсиз сақланиб қолингани мени қувонтирди. Юзлаб одамлар иштирокида дўстона суҳбат ва мулоқот билан қилинадиган биргаликдаги нонушта анъанаси (бир қарашда қанчалик аҳамиятсиз факт бўлмасин) мен исботламоқчи бўлган ўзига хос хусусиятлардан бири ҳисобланади. Агар ходимлар фақат мажбурлаш йўли билан боғланган бўлса, улар ҳар куни шундай дўстона дастурхон атрофида тўпланган бўлармиди? Ўйлайманки, бўйнига сиртмоқ солинган одамлар йиллар давомида дўстона, аҳил оила сифатида бир жойга тўпланмаган бўларди.
Standard Oil Company бир неча йиллар давомида қадамба-қадам ривожланиб борди, у ўзининг корхонанинг кенгайиб бориши орқали қисқариб борувчи нарх асосида бутун дунёни нефть маҳсулотлари билан забт этишдек улкан вазифасини қойилмақом қилиб уддалаганига ишонардим. Компания оз-оздан ўзининг таъсир доирасини кенгайтирди, аввалига марказлардан қўним топди, кейинчалик кичик шаҳарларга ўтди, ва ниҳоят, кичик-кичик қишлоқларгача кириб борди. Унинг қадами харидорларининг остонасигача, шунингдек, харидорга қулай бўлган ҳар қандай манзилгача бориб, керосин етказиб беради. Дунёнинг ҳар бир бурчагидаги филиалларимиз худди шундай тизим асосида фаолият олиб боради. Масалан, компания Европа шаҳарлари ва ҳаттоки кичик қишлоқларига керосин етказиб берувчи 3000 та цистернага эгалик қилади. Хусусий омборлар ва компания эгалари бир хил услуб билан керосинни Япония, Хитой, Ҳиндистон ва бошқа мамлакатларга етказиб беради. Компаниянинг бундай даражага кўтарилиши учун машаққатли меҳнатдан бошқа яна нимадир сабаб бўлади, деб ўйлаш мумкинми?
Маҳсулотларни истеъмолчиларга тўғридан-тўғри сотиш ғояси ва бизнеснинг ғайриоддий тарзда тез ривожланиши барчамизга маълум бўлган қарама-қаршиликларга сабаб бўлмай қолмайди, фикримча, бундан қочишнинг иложи йўқ. Лекин бу ғоя биздан кейин саноатнинг бошқа турли хил соҳаларида амалиётга татбиқ этилди. Уларнинг эса қандайдир танқидларга учраганини эслай олмайман.
Бу каби охирги вазиятлар жуда аҳамиятли ва қизиқ, шундай экан, бу хусусда ўзимга бир неча марта савол беришимга тўғри келган: биз дуч келган ўша кескин танқидлар ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчининг бевосита муносабатлари масаласига мукаммал ечим берган илк компаниялардан бири (агар энг биринчиси бўлмаса) бўлганимиз важидан келиб чиқмаяптимикин? Биз ҳеч қачон рақобатчиларимизнинг ишига аралашмаганмиз, нархларни сунъий тушириш ёки жосуслик йўли билан уларни йўқ қилишга уринмаганмиз. Биз шунчаки ўз олдимизга қандай ва қаерда бўлмасин, маҳсулотларимизга бўлган талабни оширишни мақсад қилиб қўйганмиз. Бунга қандай эришганимизни тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Сарфланган маблағдан фойдани ажратиб олиш учун биз барча мамлакатлардан энг йирик бозорларни изладик, маҳсулотлар айланмасининг катта ҳажмига эҳтиёжимиз бор эди. Лекин бунинг учун бизга кўп жабҳада мавжуд усулларни ортда қолдирадиган маркетинг усулларини ишлаб чиқиш керак эди. Биз бир галлон ҳам керосин сотолмаган жойда икки ёки уч галлон керосин сотишимизга тўғри келар эди. Бунга эришиш учун мавжуд усуллардан қониқиш ярамасди. Биз ҳеч қачон ўз бозорини кенгайтириш ташвишида юрган тижоратчининг ишларига аралашмаганмиз. Лекин корхонамизни сезиларли даражада кенгайтиришга асос бўладиган фойдаланилмаган бозорнинг очилиши орқали янги иш имконияти туғилганида, барчасини ўз фойдамизга бўйсундиришни мақсад қилардик. Шу йўсинда биз кўплаб янги йўлларни очиб бердик, бошқалар эса бу йўллар орқали ортимиздан келди. Бу янги йўлларда истаймизми-йўқми кўплаб ўрганувчиларни ишга олишимизга тўғри келди. Аслида, ишда масъулиятли вазифалар учун номзодларни танлаб олишда аввалги хизматлари билан синалган ёш ходимлар энг яхши хомашё ҳисобланади. Лекин компаниямизнинг ривожланиши фавқулодда юз бергани сабабли биз асло бундай қила олмас эдик. Умид қиламанки, агар шундай ёш ходимларнинг айримлари бор куч-ғайратини бекорга сарфлаган бўлиб чиқса, ҳеч ким бундан ҳайрон қолмайди. Лекин бу ҳолатда улар компаниянинг аниқ ва равшан буюртмаларини инобатга олмаганидан шундай бўлган. Хотирам панд бермаса, биз бажарган ишнинг ҳажмига таққослаганда бундай ҳолатлар жуда оз эди, демак, улар барчамизга маълум бўлганидек, қоидаларни эслатиб турувчи истисно ҳолатлар ҳам бўлган.
Узоқ йиллар давомида компаниямиз ва, бундан ташқари, Америкада ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳафтама-ҳафта Америкага олтин кўринишида миллионлаб доллар олиб келди. Мен бу кўрсаткичдан фахрланаман ва ишончим комилки бу борада фаолият олиб борган аксарият америкаликлар бу ҳиссиётни мен билан баҳам кўради. Омад – йирик экспорт савдосини ривожлантириш, керосинни иқтисодий суръатларда оммавий етказиб бериш учун махсус кемаларга эгалик қилиш, жаҳон бозорларини эгаллаш учун одамларни сафарбар этиш – буларнинг барчаси учун катта маблағ талаб этиларди, бу иш учун сарфланадиган йирик капитални топиш эса имконсиз эди, Standard Oil Company дек ташкилотни нақд пулсиз назорат қилиб бўлмас эди.
Ишнинг аввалги ҳолати ҳақида ёрқин тасаввурга эга бўлиш учун, ўша вақтда нефть соҳасининг ҳозир тилга тушган бошқа тоғ-кон саноатлари каби катта таваккалга эга бўлганини эслаш лозим. Эски қадрдоним, содиқ дўстим, Нью-Йорк черковларидан бирида 40 йил давомида нотиқлик қилган ҳурматли Томас В. Эрмитеж мени ўйланмай ташланадиган қадамлар – заводларни ва тадбиркорлик субъектларини кенгайтиришдан огоҳлантириб турган. У бизнинг ишимизда катта хавф борлигига ишонарди ва, ё бизнинг керосин захирамиз етмай қолишини, ё маҳсулотларимизга талаб камайиб, у ва бошқалар (баъзида ҳаммадек туюлади менга) бизнинг касод бўлишимизни башорат қилишини таъкидлар эди.
Ҳеч биримиз охир-оқибат ишимизнинг бу даражада гуллаб-яшнашини орзу ҳам қилолмас эдик. Биз фақат ўзимизнинг ҳар бир вазифамизни тартиб билан бажарар, эҳтиёткорликни қўлдан бермасдик холос, вазият бўлди дегунча пайдо бўлган ҳар қандай имкониятдан фойдаланардик ва энг аввало компания пойдеворини мустаҳкамлашга ҳаракат қилардик.
Аввал айтганимдек, капитал топиш жуда қийин эди, консерватив қарашларга эга бўлган одамларни таваккал қилиш юқори бўлган ишимизга қизиқтириш ундан-да мураккаб бўлган. Бадавлат одамлар ҳамиша қатъиятсиз ва эҳтиёткор бўладилар, мабодо шу каби катта капиталга эга одамларни ишга жалб қилишнинг уддасидан чиқсак, бу кам учрайдиган омадли вазиятлар ҳисобланарди. Бизнинг акцияларимизни оз-оздан сотиб олиб, улар (капиталистлар) бу харидларини тажриба сифатида кўрарди, кейин улар юзларида миннатдорчилик ифодаси билан акцияларни сотиб олишни давом эттиришдан бош тортишини кўриш бизнинг ич-этимизни ер эди.
Корхонамизнинг янгилиги ва ўзига хослиги туфайли, бозорда шармандали нархларда сотилиб кетмаслиги учун баъзида акцияларимизни ўзимиз сотиб олишимизга тўғри келарди. Лекин ишимизнинг истиқболига қаттиқ ишонганимиз учун, қўрқмасдан шунга жазм қилар эдик. Бу каби компанияларда ҳамиша ишнинг муваффақиятли якунланишига ишонганидан бор бойлигини хавф остига қўядиган одамлар топилади. Лекин ишинг муваффақиятсизликка дош беришингга арзийди – уларни (эҳтимол, ҳеч қандай асоссиз) бахтни таъқиб қилаётган авантюристлар деб аташади.
Компаниянинг 60 минг нафар ходими бутун йил давомида хизмат қилади. Масалан, ўтган йил бозор шароитлари нуқтаи назаридан жуда ноқулай келди. Лекин компания ўз фаолиятини хотиржамлик билан давом эттирди ва янги тадбиркорликни йўлга қўйди. Компаниямиз ходимлар меҳнатига яхши ҳақ тўлайди, шунингдек, улар касал бўлиб қолганида ғамхўрлик қилади ва кексаларга нафақа ажратади. Компанияда ҳеч қачон катта норозилик намойишлари бўлмаган. Билмадим, иш юритиш борасида ишлаб чиқариш суръатлари ҳаттоки энг оғир даврларда ҳам пасаймаган компаниядан ўзиб кетиш мумкинми?
Қолганларини бизнинг “Саккизоёқ” услубимизни (ихтиёрий номланиши “полип”, жамиятимиздан кимдир шундай ном берган) ўрганаётганда ўзлаштириб олиш лозим. Энг аввало, бизнинг капиталимизда умуман “сув” йўқ (эҳтимол, айнан шунинг учун сув ва нефтнинг аралашиб кетмаслиги ҳақидани фактни билармиз). Компаниянинг узоқ йиллик фаолияти давомида қарз берувчининг қарзлар тўланишини кутишга тўғри келган вазиятлар бўлмаган. Катта ёнғинлар ва йўқотишлар сабабли компания катта зиён кўрган, лекин ҳеч қачон ўз тасарруфидаги мол-мулкни гаровга қўйишга ёки кимдандир қарз олишига тўғри келмаган. У ўзининг акцияларини арзон-гаров сотиш учун номдор обуначилар қаторини кенгайтиришни жоиз деб биларди, шунинг учун нефть ўтказувчи янги ерларни сотиб олиш учун унинг доимо қўшимча капитали бўларди.
Ҳамма ерда компания ўзининг рақобатчиларини хонавайрон қилади деган гап-сўзлар юради. Лекин фақатгина компания фаолиятидан яхши хабардор бўлмаган одамларгина бу иғволарга ишониши мумкин. Компаниянинг ҳар доим юзлаб рақобатчилари бўлган ва бундан кейин ҳам бўлади. Компания шунинг учун ҳам бундай позицияга эришдики, натижада ўз фаолиятини жуда яхши, тежамкор ва виждонан бажарадиган бўлди. Рақобат ҳақида яна бир гап: юзлаб, минглаб истеъдодли одамлар фақат ишда мавжуд эмаслигини ўйлаб кўриш лозим. Америка ташқарисида рақобат янада кучли. Керосин компаниялари мунтазам равишда Европа бозорларини эгаллашга интилаётган Россия керосини билан курашади. Шунингдек, компаниямиз Ҳиндистондаги барм керосинлари билан ҳам рақобатлашади. Ҳар ерда божхона тўсиқлари, маҳаллий хурофот билан ва ёвқараш нигоҳлар билан курашишга тўғри келади. Бошқа мамлакатларда, масалан, Хитойда дастлаб одамларга керосинни қандай ёқишни ўргатишга тўғри келади, бунинг учун эса уларга аввало лампаларни сотиш керак бўлади. Маҳсулотларимизни дунёнинг энг узоқ нуқталаригача етказиб бериш учун биз керосинни қадоқлаймиз, кейин эса туяларда ёки почта орқали юборамиз, бу жараён деярли бир қўлдан иккинчи қўлга бевосита узатилгандек бўлади. Савдо-сотиқда биз турли хил эҳтиёжларимизни ҳисобга олдик. Ҳар сафар муваффақиятга эришганимизда биз ватан учун пул ишлардик, муваффақиятсизлигимиз эса халқимиз ва унинг ишчилари учун зиён келтирарди. Мамлакат ҳукумати бизга жуда катта ёрдам берди. Узоқ мамлакатларга янги савдо йўлларини очишда элчиларимиз, вазирлар ва консуллар бизга кўмак берди.
Мен буни ошкора эълон қилишга ҳақлиман деб ҳисоблайман, чунки бу режаларнинг аксарияти мен ишдан кетганимдан кейин (14 йил муқаддам) ривож топди.
Компаниянинг на ҳозир, на аввал алоҳида муваффақият сири бўлмаган. У муваффақиятга ўзининг алоҳида хусусияти билан эмас, балки истеъдодли ходимларининг бирдамликда фаолият юритиши билан эришди. Агар ҳозирги бизнес етакчилари таслим бўлишса, сифатсиз маҳсулотнинг ишлаб чиқарилишига йўл қўйишса ёки мижозларга бепарволик қилишса, компания узоққа бора оладими? Катта эҳтимол билан, бундай компания унга қанча масъулият билан ёндашилса, шунча яшаб қолади. Жамиятнинг ҳисоботларини ўқиб, компаниянинг нефть бизнесига таъсири шунчалик кат-таки, унинг директорлар кенгаши фақат дивиденд тақсимоти вақтида тўпланади, деб ўйлаш мумкин. Вазиятдан фойдаланиб нафақат компаниянинг, балки Американинг умумий экспорт тижоратига ўз ҳиссасини қўшган компания ходимларига ўз мамнуниятимни изҳор этишдан бахтиёрман, ахир Америка маҳсулотларининг ярмидан кўпроғи мамлакатимиз ташқарисида истеъмол қилинади. Агар компанияни ҳозирги директорлар ўрнига иш ҳақида тушунчаси бўлмаган одамлар бошқарганида, ўз акцияларимни исталган нархга пуллаб юборган бўлардим. Ҳар қандай ишда муваффақиятга эришиш учун раҳбар сифатида жиддий, билимли ва истеъдодли инсонларни танлаш лозим. Компаниянинг ташкил этилиши ва унинг дастлабки мақсадлари ҳақида кейинроқ айтаман.
Замонавий синдикатлар
Халқ орасида синдикатларга нисбатан бироз ишончсизлик борлиги рост гап ва бу бежиз эмас. Синдикат ҳам инсонлар каби дуруст ёки бадахлоқ бўлиши мумкин. Аммо баъзи бирларининг ахлоқсизлиги сабаб барча синдикатларни қоралаш ярамайди. Синдикат қатъий белгиланган шаклу шамойил ва табиатга эга ва буни албатта ҳисобга олиш зарур. Шунингдек, бугунга келиб шерикликнинг ғоят қулай шаклига эга бўлган ушбу синдикатларга ҳаттоки жуда майда корхоналар ҳам бирлашаётгани эътиборга моликдир.
Бугун кунда капитални бирлаштириш ҳолати ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ учраётганини инкор қилиб бўлмайди. Агар бу синдикатлар реал сиёсатга асосланган бўлса, яъни бошқаларнинг манфаатларини ҳимоя қилса, у ҳолда ҳадикка тўла инсоннинг ҳам ташвишланишига ҳожат қолмайди. Шахсий рақобат даври энди қайтмайди. Машиналашган асбоб-ускуналардан халос бўлиб, қўл меҳнатига қайтиш вақти келмадимикан, дея баҳслашиш керак, эҳтимол. Соғлом фикрли инсон бунинг моҳиятини яхши англай олади. Синдикат аъзолари сонининг қандай ошишини, бошқача айтганда, кўпдан-кўп капиталнинг қандай корхонага оқиб киришини ўзингиз бир ўйлаб кўринг. Бир жиҳат жуда муҳим – етакчиларга улкан масъулият ҳиссини сингдириш ҳамда манфаатдор шахсларни синдикатларни танқид ва ҳужум қилишдан олдин масалани чуқур ўрганиб чиқишга мажбур қилиш.
Бундай ташкилотлар ҳақида кўп маротаба ўз фикримни билдирганман ва ҳануз ўша фикрдаман, айниқса, синдикатлар бутун жамоат диққатини яна ўзига тортар экан, мен ҳозир ҳам бемалол ўша фикримни такрорлай оламан.
Бундай бирлашмаларнинг муҳим жиҳати шундаки, улар ҳам шахсни, ҳам капитални бирлаштиради. Маълумки, бир корхона учун оғир бўлган кўпгина мушкулликлар икки корхона кучи қаршисида ён беради. Иш биргаликда олиб борилса, ҳаттоки энг кичик кўламда ҳам фойдалироқ бўлади деб ҳисобласак, ҳар бир ишлаб чиқариш ҳажмини чеклаш уларнинг ҳар бирига алоҳида берилиши керак. Унчалик катта бўлмаган иш учун икки нафар шерик етарлидир. Аммо бундай компаниянинг ривож топишида, агар иш умуман ривожланишга қодир бўлса, ўз-ўзидан кўпроқ миқдорда одам ҳамда анчайин катта капитални жалб қилиш керак бўлади. Бизнес, мисол учун, шундай ривожланиши мумкинки, оддий савдо компанияси етарли бўлмайди ва шунда йирикроқ ташкилотга бўлган эҳтиёж пайдо бўлади. Давлатларнинг аксариятида ўз мамлакатидан четга чиқмайдиган корхоналар учун компания жуда мукаммал шакл ҳисобланади. Бироқ бизнинг, яъни ҳар бир штат учун алоҳида қонунлари бўлган уюшманинг бошқарув шакли агентларнинг умумий гуруҳи билан иш олиб борувчи кўплаб фирмаларни бизнес юритиши керак бўлган у ёки бу штатдаги уюшмалар билан бирлашишига мажбур қилади. Катта уюшмалар билан бизнес юритиш ўрнига улар турли уюшмалар агентликлари хизматига мурожаат қилишларига тўғри келади. Бордию бизнес хорижда юритилиши керак бўлса, маълум, бугунги кунда америкаликлар маҳаллий бозорларининг ўзи билан қаноатланмайдилар, амалиёт, тўғрироғи, зарурият ўша хорижий мамлакатларда ўз уюшмаларини ташкил этишни талаб қилади. Шубҳасиз, Европада ҳам худди Америкада бўлгани каби синдикатларга нисбатан ишончсизлик юқори. Бу уюшмалар қайсидир маънода ўша мақсаддаги агентлар гуруҳининг бир кўриниши бўлиб, биргаликдаги эгалик ортидан келувчи фойда орқали бирлашгандирлар.
Заруратга айланган бундай саноат бирлашмаларининг фойда ёки зарарини муҳокама қилиб ўтиришга энди кеч. Бизнесни уюшма ҳудуди ва кейинчалик, хориж бўйлаб кенгайтириш истаги мавжуд бўлганида, биттадан ортиқ уюшмага эга синдикатларнинг вужудга келиши табиий ҳол-ку.
Ягона хатар мавжуд – синдикатларга берилувчи ҳуқуқдан ножўя мақсадларда фойдаланишлари мумкин, бу эса бизнес юритиш ўрнига акциялар олиб сотарлиги билан шуғулланувчи синдикатларнинг пайдо бўлишига сабабчи бўлади ва бунинг натижасида маҳсулотларнинг баҳоси тушиш ўрнига вақтинча кўтарилиб кетади. Ушбу ҳолат ўлчамидан қатъи назар исталган савдо бирлашмасида рўй бериши мумкин. Бироқ мана шу сабаб туфайлигина синдикатларнинг ташкил топиши заруратини шубҳа остига олиш – худдики буғли машинада содир бўлиши мумкин бўлган портлаш хавфи туфайли бутунлайин бу машиналардан воз кечиб юборишдек гап. Буғсиз иложи йўқлиги маълум ва ҳар ҳолда буғни назорат қилиш мумкин. Синдикатлар ҳам шундай, улар зарур. Ножўя мақсадда қўлланиш миқдорини эса минимум даражага тушириш мумкин. Акс ҳолда, қонун чиқарувчилар замонавий саноатнинг муҳим воситасини назорат қилишнинг уддасидан чиқа олмасликларини тан олишлари керак бўлади.
“Саноат комиссияси”нинг 1899 йилдаги кенгашларида саноат бирлашмаларига доир қандай турдаги қонунларни таклиф қилган бўлишим мумкинлиги ҳақида айтган эдим. Биринчиси – синдикатларнинг шаклланишини осонлаштирувчи ва агар имкони бўлса, уларни назорат қилувчи барча штатлар учун умумий бўлган қонун. Иккинчиси – ҳар бир штат учун алоҳида қонун, иложи борича, доимий бўлса ва бу қонун капитал оқими ҳамда тижоратини кенгайтириш мақсадида бўлган алоҳида шахсларга кўмакчи бўлса. Албатта, давлат назорати остида. Шу билан бирга саноат ривожига халал бермаган ҳолда, жамоатга нисбатан қаллоблик билан найранг қилишларига имкон бермаслик. Ҳатто ҳозир ҳам, 1899 йилдан ўн йил ўтиб, фикримни ўзгартирганим йўқ.