282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Джон Дэвисон Рокфеллер » » онлайн чтение - страница 11


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:00


Текущая страница: 11 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Бизга келиб тушадиган мурожаатлар

Махсус бўлимнинг вазифалари билан солиштириш мумкин бўлган девонхонамизга келиб тушадиган юзлаб мурожаатлар билан танишиб чиқиш, уларга тартиб бериш ва ўрганиб чиқиш айнан шу мақсадларда ташкил этилди. Унинг вазифалари бир қарашда кўринганидек унчалик қийин эмас. Барчага тушунарли бўлганидек, дунёнинг турли нуқталаридан хатлар келади, унинг муаллифи турли табақалардаги турли касб эгалари бўлиши мумкин ва уларнинг мавзуси ҳам турлича бўлиши мумкин. Хатларнинг бешдан тўрт қисмини одатда илтимосномалар ташкил этади, айтиш мумкинки, ҳеч нарса билан асосланмаган сабаб билан харажатлари учун пул сўраш каби шахсий характерга эга бўлади.

Лекин эътиборга молик яна кўплаб илтимосномалар келади. Уларни, мазмунига қараб, қуйидаги разрядларга ажратиш мумкин.

Маҳаллий хайрия илтимосномалари. Шаҳар ёки унинг бир қисми ўзининг барча аҳолисига бошқа ҳамшаҳарларига ихтиёрий эҳсонлар билан ёрдам беришдек маълум талабларни қўяди. Лекин, менинг фикримча, хайрия кўмагига бўлган бундай соф маҳаллий эҳтиёж қондирилишини (шифохоналар, болалар боғчаси ва ҳ.к.) муассасамиз ёрдамига муҳтож жойларда яшовчи одамлардан сўраш тўғри бўлмайди. Бу ташвишларни ўша ёқларда яшайдиган ва ишнинг моҳиятидан хабардор бўлган ёки ҳеч бўлмаганда, вазият билан таниш бўлган одамлар ўйлаши керак.

Кейин миллий ёки халқаро характердаги, нафақат маҳаллий, балки бошқа хайрия ташкилотларига ҳам ёрдам кўрсатиши мумкин бўлган, умумий бойликка эга бўлган одамларга қаратилган. Дунёда хайриянинг барча соҳаларини эгаллаб олган кўплаб миллий ва халқаро филантропия ва насроний ташкилотлар бор. Улар ҳам дунёнинг турли хил нуқталаридаги алоҳида одамлардан сон-саноқсиз ёзма илтимосномалар қабул қилади. Ҳар қандай оқил ва доно филантроп, ўйлайманки, ўзининг хайрия ишлари учун воситачи сифатида омма олдида шу каби катта ва масъулиятли ташкилотларни танлайди. Бу каби бутун ҳаётимнинг кундалик тажрибаси ўлароқ тасдиқланган ҳолатларда менинг одатим ҳар доим шундай бўлган.

Бу хатти-ҳаракатлар – ташкилот воситачилигидаги ҳаракатларнинг катта фойдаси шундаки, мукаммал маълумотлар ва қаерда ёрдам кўпроқ кераклиги, қаерда берилган ёрдам самаралироқ бўлиши бўйича муқобил қарор қабул қилиш қобилияти пайдо бўлади – буларнинг барчаси менга бу соҳадаги узоқ йиллик тажрибалар натижасида маълум бўлди. Масалан, сизга миссионерлик иши бўйича, айтайлик, шифохона қуриш учун ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Айтайлик, юз минг доллар сўрайди. Кўринишидан ёрдам бериш керакдек туюлади, чунки ёрдам сўраб мурожаат қилган миссионер ҳам кучли ва ҳаётий диний ташкилот назорати остида ишлайди.

Лекин, айтайлик, илтимосномани биз бевосита бу ташкилотнинг президиумига йўналтирсак ва аён бўладики, маълум фикрларга кўра, бу шаҳарнинг янги шифохонасида бундай касаллик билан оғриган бирор бемор топилмайди. Ҳар қандай ишни оқилона юритишда, бу миссионернинг талаблари шу вақтгача мавжуд бўлган шифохоналар ёрдамида қондирилиши мумкин. Бошқа ҳудуддан бўлган яна бир миссионер эса бундай имкониятларга эга бўлмаслиги, беморларнинг шифо излаб борадиган маскани бўлмаслиги мумкин. Бу ҳолатда, албатта, ёрдам кўпроқ кимга кераклиги борасида саволга ўрин йўқ, шундай экан, маблағлар иккинчи миссионерга юборилади. Гарчанд пул берувчилар улар ҳақда заррача шубҳага боришмаса ҳам, бундай ҳолатларга барча миссионерлик жамиятларининг бошқармалари юзма-юз келади. Тушунишимча, иш раҳбарларининг қарашлари билан танишиб чиқмагунча, хайрия ишларида ҳеч қачон шошма-шошарлик билан иш қилмаслик лозим, вақт ҳар доим ёрдам сўраб мурожаат қилганлардан кўра яхшироқ маълумот беради.

Бошқа яхши одамларнинг, атрофдагиларга нисбатан вазифалари моҳияти нимадалиги ҳақидаги қарашларини билдириб, ўз виждонларини тозалаш вазифасини қандай уддалаётгани борасидаги фикрларини кузатиш ҳар доим ибратли ҳисобланади.

Масалан, улардан бири айтади: “Менимча, кўчадаги тиланчиларга садақа беришдан фойда йўқ”. Менинг қарашларим ҳам шундай: мен ҳам бундай хайриянинг самараси бор деб ўйламайман. Лекин бундай нуқтаи назар кўчада тиланчиларнинг борлиги билан тавсифланадиган ишдаги вазиятларни бартараф этиш чораларини кўришга тўсқинлик қилмаслиги керак. Аксинча, айнан шу бахтсизларнинг мушкулини енгил қилишга ҳисса қўшишни истамаганингдан, ўз округингдаги хайрия ишларини қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ асос топасан, уларни ёрдамга лойиқ бўлган одамларни лойиқ бўлмаганларидан ажрата олиш салоҳиятига эга бўлиб, тиланчилар синфига адолатли ва инсоний тарзда ёндашади, деб ҳисоблайсан.

Бошқаси айтади: “Мен бундай жамиятга ҳеч нарса бермайман! Муҳтожларга хайрия қилинган пулларнинг ярми ёки ундан ҳам камроғи ўз эгаларига етиб боради, деб ўқиган эдим!” Ҳамиша исботланганидек, бу гапнинг асоси бўҳтон; агар қисман бўлса-да ҳақиқат бўлганида ҳам, хайрия қилувчини бироз бўлса-да масъулиятидан озод қилмаган бўлар эди. Нима бўлганда ҳам, ҳамёнини ёпиб, бундай ташкилотни хотирасидан ўчириб ташлайдиган одам учун бу баҳона бўла олмайди.

Ўзаро алоқада бўлган муассасалар

Ҳар жабҳада янги хайрия ташкилотларини ташкил қилишга интилмаслик оқилона иш деб ўйлайман, ахир уларнинг сони етарлича. Яхшиси, мавжудларини қўллаб-қувватлаб, мустаҳкамлашга кўмак бериш зарур. Тўғри, бу иш рақобатсиз бўлмайди ва бир нечта рақобатчи жамиятлар ҳамиша топилади. Хайрия ишларининг асосий вазифаларидан бири унинг мазкур соҳаси етарлича зарурий жиҳозлар билан таъминланганми деган саволни ҳал қилиш ҳисобланади. Кўпчилигимиз биз хайрия қилмоқчи бўлган иш унинг бошида турган раҳбарлари томонидан яхши бажариляптими, мақсадга мувофиқми деган саволлар билан чекланамиз-қўямиз, бошқалар ҳам уни етарлича қўллаб-қувватлаяптими-йўқми, суриштириб билишга уриниб ҳам кўрмаймиз. Мана шу асосга таяниб, нафақат бундай турдаги муассасани, балки шу соҳада ишлаётган ҳаммани диққат билан кўздан кечириш керак.

Мана сизга бир мисол

Бир гуруҳ филантроплар етимлар учун бошпана қуриб, унинг бошқарувини йирик диний жамиятларимиздан бирига топширишга қарор қилдилар. Керакли маблағни йиғишни бошлаганларида имзо қўйиш таклиф қилинган шахслар орасида хайрия қилишдан аввал ишни синчиклаб ўрганиб чиқишга одатланган бир одам чиқиб қолди. У янги муассаса асосчиларига бир қатор саволлар берди: ҳудудда мавжуд бўлган бошпаналарда неча дона ётоқ каравоти бор, улардан қай тарзда фойдаланилади ва ҳоказо, якунида эса – ўша ҳудуддаги бирор бир бошқа хайрия ташкилотлари булардан кўра ёрдамга муҳтожми ёки йўқ?

Афсуски, ҳеч бир саволига жавоб ололмади у. Шунда ўзи бу масалани ечишга киришди. Маълум бўлишича, янги етимхона қурилиши керак бўлган шаҳарда бундай бошпаналар керагидан ортиқча бўлиб, уларда қабул қилинган номзодлардан кўра бўш жой бисёр экан. У буларнинг ҳаммасидан лойиҳалаштирилган бошпана асосчиларини хабардор қилди ҳамда бундай муассасага эҳтиёж йўқлигини кўрсатиб берди. Сўзим якунида ушбу таъсисчи жаноблар ўзларининг бемақсад режаларини амалга оширишдан воз кечганларини айтишни истар эдим, аммо афсуслар бўлсинки, улар бундай йўл тутишмади! Умуман олганда, бир ҳолат деярли ҳар доим кузатилади – бордию раҳмдил инсонлар бирор бир режа ёки филантропик фикр ортидан тушишдими, улар тутган йўлнинг нотўғри эканлиги ва ахборот камлигини қанчалар аниқ ва равшан кўрсатиб берманг, уларни ортга қайтариб бўлмайди. Хайрия соҳасидаги бундай тизимли, таъбир жоиз бўлса, бундай ҳиссиз ҳаракат олдида айрим кишиларнинг алоҳида шахсий хизмати учун деярли ўрин ажратилмайди десам, менга эътироз билдиришлари мумкин. Шахсан мен шу каби ҳолатларда бир киши табиий равишда йирик ташкилотга бўйсуниши керак деб ўйлайман. Аммо бошқа томондан қараганда, тизимли хайрия ишлари ёнидаги индивидуалликнинг намоён бўлишига босим ўтказишга ҳеч қанақасига ҳақли эмас. Хайрия ишлари бўйича трестлар ғояси кундан-кунга янада мустаҳкам ўрнашиб бормоқда. Бу ғоянинг тарқалиш кўлами ҳеч қачон ҳозиргидек кенг бўлмаган.

Олий маълумотга бўлган талаб

Хайрия жабҳасида самара билан ишлаб келаётган ҳар бир киши, қандай дастурга риоя қилмасин, барибир танқидга учрайди. Ҳаётдаги кундалик эҳтиёжларни аъло даражада англай оладиган, аммо мана шу эҳтиёжлар қаторида унчалик ҳам кўзга ташланмайдиган, бироқ ниҳоятда зарур бўлган эҳтиёжларимиз ҳам борлигини мутлақо тушуна олмайдиган инсонлар талайгина. Мисол учун, узоққа бормайлик, таълим даражасини ошириш эҳтиёжи. Жиноят фоизининг юқорилиги ҳамда ҳукм сураётган фақирликнинг камида тенг ярмининг асосида билимсизлик ётади. Мана, нега таълимга эҳтиёж бор! Қайси жабҳада бўлишидан қатъи назар, таълимнинг такомиллашган шаклини қўллаб-қувватлаш орқали биз инсон билими сарҳадларини кенгайтириш ёрдамида оммага янада кўпроқ таъсир кўрсатиш имконига эга бўламиз. Негаки исталган янги факт, хоҳ у яқинда кашф этилган бўлсин, хоҳ бутун дунё миқёсида истеъмолга киритилган бўлсин, тез фурсатда инсониятнинг умумий бойлигига айланади. Ўйлашимча, бу фактнинг аҳамиятини етарли даражада юқори баҳолашнинг имкони йўқ. Инсон идрокининг тиббиёт, санъат ва адабиёт каби илмий соҳаларида эришган улкан ғалабаларидан иборат оддий ҳол кенг кўламли таълим меваси ҳисобланади. Ушбу факт ҳозирги вазиятнинг тўғри эканлигининг исботи учун етарлидир.

Қай бир катта ёзувчи пайти келиб, одамларнинг, хоҳ у ўқимишли бўлсин, хоҳ у билимсиз, хоҳ бадавлату хоҳ фақир бўлсин, кундан-кунга ошиб бораётган ҳаётий эҳтиёжларини қондиришда барча илм соҳасида қанчадан-қанча ютуққа эришилганини, бу ютуқлар ҳаётимизни қанчалар мукаммалликка яқинлаштирганини исбот қилишни ўз зиммасига олади.

Энг аъло кўринишдаги хайрия ишларининг вазифаси қуйидагилардан иборат: ҳамиша бош сабабни аниқлашга интилиш, ҳаётимиздаги муваффақиятсизликларни томири билан бартараф этишга уриниш. Чикаго университети ҳаётидаги менинг иштироким айнан бир ҳол билан боғлиқки, айнан шу ҳол ҳаммага маълум таълим муассасасининг ўз табиатини сақлаган ҳолда деворлар оша ичкарига қатъий мустақил илмий тадқиқотнинг мана шундай ролини олиб кирган.

Доктор Вилльям Р. Гарпер

Ушбу ёш, аммо истиқболи порлоқ ташкилотни эсга олар эканман, беихтиёр доктор Вилльям Р. Гарпер ёдимга тушади. Бу инсон ўз ғояларига ҳаддан зиёд ишқибозлиги билан бошқалардан ажралиб турар эдики, инсониятнинг энг мардонавор орзуларидан ҳеч бири у учун жасорат бўлиб кўринмас эди.

Доктор Гарпер билан ўша пайтлар қизларимдан бири таҳсил олган Вассар-Коллежда танишиб қолган эдим. Гарпер у ерга коллеж президенти Жеймс М. Тейлорнинг меҳмони сифатида борар ва одатда якшанба маърузалари бўйича мутолаа қилар эди. Шанбадан то душанбага қадар у ерда қолганимда Иапда доцент бўлган бу ёш олимни кўп учратиб қолар эдим. У билан суҳбатлашганимда ундаги шижоат менга ўтиб қолгандек бўлди.

Чикагода университет ташкил қилиниб, уни ректорлик лавозимига таклиф қилишгач, Гарпер энг яхши олимларни у ерга жалб қилиш учун, замонавий илм-фаннинг барча талабларига жавоб берувчи илмий ташкилот тузиш учун бор кучини сарфлади. Чикаго ва ўрта ғарб аҳолисидан миллионлаб доллар йиғиб олди ва штатимиз раҳбарлари ҳамда уларни назорат қилувчи шахслар эътиборини қозонди. Бу Гарпер суяна бошлаган ҳақиқий куч эди. У ўзини нафақат молиявий ёрдам билан, балки уларнинг маънавий кўмаги ҳамда шахсий иштирокида ўзига бўлган ишонч билан таъминлади. Бу энг аъло турдаги ёрдам ва кўмак эди. У ишини бунчалар сернеъмат заминда бошлай олганига ишониш қийин. Университет унинг юксак мақсадларининг ифодасига айланди. Бу эса Қўшма Штатларининг бутун ўрта ғарб ҳудуди бўйлаб кутилмаган эътиборни ўзига тортди, одамларда олий таълимга нисбатан қизиқиш уйғотди, алоҳида шахсдан тортиб, бутун жамиятларни, корпорацияларни фаол ҳамкорликка чақирди. Ғарбий штатлардаги университетларнинг мавжудлигининг исботи мана шу камтар инсоннинг шижоати ва истеъдоди олдида қанчалик қарздор эканлигини одамлар ҳеч қачон била олмасалар керак.

Меҳнаткашлиги ва ташкилотчилик иқтидоридан ташқари, доктор Гарпер яна бир фазилати билан ажралиб туради, бу унинг дилбар шахс эканлигидир. Доктор Гарпер машаққатли университет меҳнатидан бироз дам олишни истаб рафиқаси билан хонадонимизда вақт ўтказган кунлари қадрли ва ёқимли хотира бўлиб қолди. Ундан-да етук, ундан-да дилобар дўст ёки сафдошни тасаввур қилиш қийин.

Доктор Гарпер ректорлик қилган университетга кўп бора эҳсон қилиш бахтига муяссар бўлганман. Газеталар эса доктор Гарпер учрашувларимиздан эҳсон ундириш мақсадида фойдаланади деган асоссиз фаразларни ёзиб чиқар эди. Ҳажвий журналлар бу мавзудан кенг фойдаланишар эди. Мисол учун, улар доктор Гарперни гипнозчи образида тасвирлаб, бошим устида сеҳрли таёқчани силкитаётганини чизишар эди. Ёки бир қатор суратлар оша менинг махфий идорамга кириш йўлини топгани, мен эса зўр бериб купонлар билан банд бўлганим, унга кўзим тушиб эса шошилинчда ойна ортига беркинганимни тасвирлашар эди. Бирда эса доктор Гарпердан қочаётганим, катта муз парчасида дарёни кесиб ўтаётганим, у эса худди рус эртакларидаги бўри мисол ортимдан қолмагани, миллион долларлик чекни гўё нон ушоқлари каби отиб ундан қутулиб қолганим, унинг эса шоша-пиша чекларни йиғиб олгани тасвирланганди.

Бундай суратларни, баъзан яхши чиққан ҳазилларни кўриб кулардим. Аммо доктор Гарпер асло буни қабул қила олмас эди, уларни таҳқирлаш манбаси ҳисоблар эди. Агар у ҳозир ҳам ҳаёт бўлганида эди, жамоат қаршисида тантанавор равишда Гарпер Чикагода ректорлик қилган даврида бирон марта университетни қўллаб-қувватлашни сўраб менга мактуб ёзмаганини, шахсан ундан ҳеч қачон бундай ёрдам ҳақида оғиз очганини эшитмаганимни, ҳаттоки бир доллар ҳам сўрамаганини ўз оғзимдан эшитганида ниҳоятда қувонган бўлар эди. Деярли ҳар куни бизнинг уйда бўлган учрашувларда Чикаго университетининг молиявий ишларини муҳокама қилиш у ёқда турсин, ҳатто сўз ҳам очилмас эди.

Ушбу алоҳида воқеада менинг эҳсон тўплаш усулим бошқа ишларим каби айнан бир хил. Университетнинг молиявий эҳтиёжларини тасдиқлаш ишлари бюджетни тузиш вазифаси юклатилган ходимлар томонидан ишлаб чиқилар эди. Шу билан бирга, қолган бошқа молиявий ишлар шартли муҳлат билан ёзма равишда тасдиқланарди. Бунда ректор бошчилигида университет васийларининг қўмитаси йиғилар эди. Қўмита бизнинг хайрия бўлимимиз билан биргаликда университетнинг барча молиявий ишларини ҳар томонлама муҳокамага қўяр эди. Қарорларнинг деярли барчаси ҳамжиҳатлик билан тайёрланар эди, мен эса бу қарорларнинг татбиқ этилишидан ҳеч қачон воз кечмаганман. Бу масалалар бўйича ҳеч алоҳида суҳбатлашилмаган, ҳатто ҳеч қачон менга тўғридан-тўғри мурожаат қилишмаган. Мен бу хайрияни қилиш имкониятига эга бўлганимдан хурсанд бўлганман. Аммо бу хурсандчилик онгли равишда англаб етишдан келиб чиққан. Негаки бу университет фаолиятнинг улкан соҳасининг марказига айланди, у ўзининг меҳнати билан ҳаммада ишонч ва қизиқиш уйғотди, у ҳақиқатан ҳам сермаҳсул меҳнатни намоён қилди, бир сўз билан айтганда, бу университет дўстлар томонидан кўрсатилган мададга лойиқ эканлигини исботлади. Кўпчилик хайрия жамиятларида шундай бўлиши керакки, ҳамиша ёрдам узатилаётганда, шахсий келишув ва хирадек ёпишган илтимосларга эмас, балки ақл билан масаланинг чуқур тадқиқига таянишлари керак.

Тинимсиз мени йўқлаб келувчи ва қандайдир важлар билан мен билан суҳбатлашишга имкон топган сон-саноқсиз одамлар негадир бу суҳбат энг зўри бўлади деб ҳисоблашади. Биз доим бир анъанага содиқ қолганмиз – арзчилардан ўзларининг сўзлари билан ёзилган, у қанча керак деб ҳисобласа, шунча батафсил тасвирланган аниқ баёнотни талаб қилганмиз. Эҳтиёжлари эса ёзма баёнот тарзида топширилган. Бу арзнома айнан шу вазифа учун махсус тайинланган пухта билимли одамлар томонидан кўриб чиқилади. Бордию арзгўй билан шахсан учрашиш керак бўлиб қолганида, у бизнинг идорамизга чақирилади. Ёзма арзномада эса улар тадқиқ ва муҳокама қилаётган ҳамда қўмита аъзолари унинг устида алмашишган фикрлар тўғрисидаги муҳим материал киритилган бўлади. Ана шундагина арзнома шахсан менга узатилади.

Ушбу бўлимда ишни бошқача юритиб бўлмайди. Ёзма арзнома тақдим қилишларини қатъий талаб қилганимиз ва ҳеч қандай кўринишда бу талабдан воз кечмаслигимиз баъзи арзгўйлар ўйлаганидек, совуққонлик билан ёрдам беришдан бош тортиш истаги сабабли эмас, балки шахсий суҳбатларда доим имкон бўлмаган бир заруратдир.

Шартли хайрия асослари

Қилинган эҳсонлар билан фойдадан кўра зиён келтириш осонроқ. Бошқа жойдан ёрдам оладиган хайрия ташкилотларига молиявий кўмак бериш тавсия этилмайди, чунки бу каби хайрия яхши амаллар учун ресурсларни фақатгина камайтиради, холос.

Биринчи навбатда ҳар бир хайрия ташкилотлари исталган вақтда эҳсон қилувчилари етарли даражага эриша олиши лозим. Қўллаб-қувватлаш учун қилинган илтимослари ижобий ҳал бўлиши учун улар ўз соҳаларини мукаммаллаштиришга интилишлари ва ҳақиқий, очиқ эҳтиёжлар учун маблағ ажратишлари керак. Хайрия қилувчилар сонини ошириш учун уларга маблағларнинг оқилона сарфланишини ва бу каби муассасалар раҳбарларининг тўлиқ холислик билан фаолият олиб боришини исботлаш зарур.

Аксарият ҳолларда биз ўз хайрияларимизни шартли равишда амалга оширамиз, яъни бошқа хайриялар миқдорига қараб, бу бошқаларни ўз мажбуриятларини бажаришга мажбурлаш истагидан эмас, лекин бу хатти-ҳаракат билан хайрияга қизиқиш билдирганлар сонини оширишга ҳаракат қилиш истаги туфайли бўлади. Шартли хайрия мунтазам равишда қаттиқ қораланади ва ва бу масалани етарлича муҳокама қилмаган одамлар ҳаммадан кўпроқ қоралайди. Ахир оқилона, жиддий ва холис танқид ҳамиша қадрли ва жараённинг барча томонлари учун керакли омил ҳисобланади. Ҳеч бўлмаганда, мен танқиднинг адолатли улушига аллақачон чидаганман, лекин очиқ айтишим мумкинки, ундан кейин менда инсон руҳига алоқадор на ғазаб, на бошқа аччиқ туйғу қолмаган эди. Менинг фикрларимга қўшилмаслигини очиқ ва холис ифода этганларга нисбатан ғаюрлик билдиришни истамайман. Майли пессимистлар шовқин кўтараверсин, биз дунёнинг тез ва изчил равишда ривожланиб бораётганини биламиз, буни англаш эса бизга ҳаттоки хўрланган ва қайғуга ботган вақтларимизда ҳам енгиллик беради.

Хайрия трести

Яна хайрия трестига қайтамиз, бу барча ташкилотларга иқтисодий томондан корхонанинг хайрия ишларини бошқариш учун берилган умумий ном. Бу ғоя шуни талаб қиладики, агар ундан муваффақият кутилаётган бўлса, албатта бунда кечиктирмаган ҳолда меҳнат мактабида тарбияланган инсонлар ёрдами зарур бўлади. Айнан мана шу имконият – яхшилик қилиш – энг меҳнаткаш ишчиларни жалб этишни талаб этади. Бу масала етарлича ишлаб чиқилганидан кейин, албатта амалга оширилади, биз ҳозир тасаввур қилганимиздан кўра кўпроқ, мутлақо янги шаклда бўлади.

Ўшанда биз сахий ёрдам туфайли энг яхши хайрия ташкилоти бошқарувида ақл ва тажрибага суянган қобилиятли инсонлар турганини кўрамиз. Бу инсонлар хайрия қилувчилар олдида бутун хайрия маблағини эмас, балки ҳар бир тийинининг оқилона сарфланиши масъулиятини ўз зиммаларига оладилар. Шу кунларда хайрияларни ташкил этиш кўп ёки оз даражада тасодифий принциплар асосида бошқарилади. Ҳақиқатдан раҳмдил жаноблар ва хонимлар турли йўллар билан корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун энг содда йўл орқали пул йиғадилар. Бу эса шундай катта миқдордаги маблағни ўйламасдан исроф қилиш ҳисобланади!

Йирик миқдордаги хайрия жамғармасини йиғишда фақат юрак амрига бўйсуниш бемаъниликдир. Йўқ! Хайрия учун маблағ йиғиш билан ишбилармон шуғулланиши керак, у рақобатчиси йўқ бутун бошли хайрия машинасини йўлга соли-ши керак. Ўқитувчилар, ишчилар ва мамлакатнинг буюк доҳийлари ўзларини пул туфайли бўғаётган ва эзаётган ташвишлардан озод бўлишлари керак. Уларнинг ўз соҳалари бўйича меҳнатлари етарлича, бу соҳалар ҳеч қачон етарли даражада мукаммал ишлаб чиқилмайди, уларни ҳар қандай ташвишдан озод қилиш зарур, буларнинг барчаси уларнинг ўз вазифаларини тўла-тўкис бажаришларини секинлаштиради.

Бундай хайрия трестлари ҳаётга татбиқ этилганда улар ўз томонига жамиятимиздаги маънавий жиҳатдан бой инсонларни жалб этади, бундай инсонларни энди биз барча йирик ишларда кўрамиз. Агар бу барча ишбилармонларимизнинг омади келган ягона синф деб оладиган бўлсак, уларнинг барчасида ор-номус, виждон ҳақида жиддий тасаввурлари бор. Баъзан шуни айтишни хоҳлайманки, бизнинг маънавий қиёфамиз ишбилармонлик моҳияти билан яқиндан танишгач, фақатгина ғалабага эришиши мумкин. Йўлда давом этаман: маънавий бой инсонларнинг ишбилармон кишилар билан чамбарчас жипслашиши иккала табақа учун ҳам фойдалидир. Маънавияти бой шахслар билан тез-тез иш олиб борувчи инсонлар бизнинг жамоада худди танланган лавозимда тургандек бўладилар, бирор бир ҳолат билан тўқнашганда, руҳоний ишбилармон одам сифатида ҳаракат қилиши керак бўлса, баъзан кундалик ҳаётда оддий ишларда ҳам тажрибасиз эканликларидан гапириш қобилиятларини ҳам йўқотадилар.

Хоҳ тижорат оламида бўлсин, хоҳ илмий интилишларда бўлсин, ўзаро мулоқотнинг тўғри тизими барибир ҳалолликка асосланади. Ишбилармон тижоратчилар ҳар доим ҳақиқатгўй ва ўз сўзи учун жавоб берадиган инсонлар билан ишлашни хоҳлайди. Черков вакиллари ҳар доим тижоратчиларга худди таъмагир ва паст фикрли мавжудотга қарагандек қарашга тайёр, лекин тижорат олами билан яқинроқ тўқнашганда, уларга анча фойда бўлади.

Хайрия трестлари ишга тушиши биланоқ ишларнинг умумий кўлами шу заҳотиёқ ўзгаради. Шунда фактларга тик қаралади, ишбилармон меҳнаткаш эса ўзи учун қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш топади. Умумий фаровонликка бўлган барча интилишлар бошқа бир умумий ўлчамни топади, яъни инсонларнинг ўзаро кўмаги қўллаб-қувватланади. Ҳамкорлик ишининг биринчи аломатлари юзага чиқа бошлаган ва бу тез орада пайдо бўлади. Ишонаманки, бу трестларнинг президиумларида америкалик жаноблар бўлади, бу инсонлар фақат пул ишлаб топишни эмас, балки ишлаб топилган сармояни бошқариш ва ақл билан сарфлаш жавобгарлигини ҳам ўз зиммаларига оладилар.

Бир неча йиллар олдин Чикаго университетида унинг очилганига 10 йил тўлиши муносабати билан байрам дастурхонида бўлдим, мендан нутқ сўзлашимни илтимос қилишди ва олдиндан икки жуфт фикр ёзиб олдим.

Барча мартабали меҳмонларнинг эътиборини ўзимга қаратиш вақти келганда ўрнимдан турдим-да, менинг бу қисқа фикрларим менга керак эмас, деган қарорга келдим. Бу бой-бадавлат, ўзига яраша обрў-эътиборга эга бўлган инсонлар қандайдир яширин кучга эга эканликларини ўйлаб қаттиқ ҳаяжонландим, қоралаб ёзиб олганларимни ташлаб юбордим ва ўзимнинг хайрия трестларим фаолиятини ёрита кетдим.

– Жаноблар, – гап бошладим мен, – кўриб турибман, ҳаммангиз атрофга қараб менга бирор бир яхшироқ иш топилмасмикан, деб излангаётган бўлсангиз керак. Биламан, ҳаммангиз жуда бандсиз: ахир сизлар худди тегирмоннинг югуриш йўлакчасидаги отдек ишлайсиз, ундан чиқиб кетиш эса қийин. Тушунаман, қунт билан инсоният талабларини ўрганиш, шуғулланиш учун жуда катта куч сарфлайсиз, токи кўпгина нарсани муҳокама қилиб олмагунча, ўзингизнинг шахсий режангизни тузиб олмагунча, уларни пухта муҳокама қилиб олгач, қурбонлик қилишни тўхтатасиз. Нима сабабдан ўзингизга ва болаларингизга қолдирган маблағнинг бир қисми билан қилган ишларингизни бошқаларга ҳам раво кўрсангиз бўлмайдими? Бу ерда ҳам ишбилармонлик принципларини қўлласангиз бўлмайдими? Ахир фарзандларингиз қанчалик меҳрибон ва олижаноб бўлмасин, бойликларингизни улардек тажрибасиз одамлар қўлига топширишни истамайсиз-ку. Келинг, бошқаларга ҳам ўз оиламизнинг келажакдаги эҳтиёжлари учун асраб қўйган пулларимиз каби маблағ ажратайлик. Сиз биз учун бу ишларни директор бошқаради, дейсиз. Шундай қилиб, трестларни, ташкилотларни асослаймиз, бизнинг шахсий иштирокимизда ўз ҳаётий вазифаларини белгилай олиш қобилиятига эга бўлган директорларни таклиф этамиз. Улар бу хайрия ташкилотларини тўғри ва самарали йўлдан олиб борсинлар. Сиздан илтимос, буни ортга сурмасдан, ҳозироқ амалга оширайлик.

Тан оламан, бу импровизациядан қаттиқ ҳаяжонландим, лекин энди аввалгидай хайрия трестлари учун тик оёқда турибман.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 1 Оценок: 1


Популярные книги за неделю


Рекомендации