282 000 книг, 71 000 авторов


Электронная библиотека » Джон Дэвисон Рокфеллер » » онлайн чтение - страница 7


  • Текст добавлен: 9 апреля 2024, 21:00


Текущая страница: 7 (всего у книги 12 страниц)

Шрифт:
- 100% +
Қандай қилиб рақибни жалб қилганимиз ҳақида

Дўстимиз ҳар қандай йўл ёрдамида қарши чиқишга ҳаракат қилди, аммо биз шахсий транспортимизга оид қароримизни асло ўзгартирмаслигимизни, бироқ унинг меҳнати учун энг катта миқдорда воситачилик ҳақини тўлашга тайёр эканлигимизни айтиб уни кўндиришга уриндик. Кимдир ҳам бу ишни биз учун қилиши керак эди ахир, у эса бошқалар каби ҳамёнини шу даромад билан тўлдириб олиши мумкин эди. Бундай тарзда ёндашишимиз ниҳоят унга таъсир қилди шекилли, биз ўша заҳотиёқ битим туздик, аммо шартноманинг тафсилотларини кейинчалик икки томонга ҳам мақбул кўринишда ишлаб чиқдик. Бу рақиб – кливлендлик Самуэл Мэзер эди. У уйимда борйўғи бир неча дақиқа бўлган бўлса, шу муддат ичида унга кемада уч миллион долларлик буюртма беришга улгурган эдим. Бу Мэзер билан бўлган ягона шахсий учрашувим эди. У бизга нисбатан ниҳоятда ҳалол эди, биз ҳам рақиб эканлигига қарамай, унга кўр-кўрона ишонар эдик. Мэзерга ишониб ақалли бир марта бўлса ҳам пушаймон бўлмадик.

Ўша пайтлар 9-10 нафар кемасозлик корхоналари бўлиб, улар катта-катта кўллар бўйининг турли нуқталарида кема қуриш манзилларига эгалик қилар эдилар. Ҳар бир компания мустақил равишда ишлар, шу сабабли бир-бирларига нисбатан рақобати кучли эди. Ўшанда улар учун оғир пайтлар эди, 1893 йилги саросима сабаб ўзларини ўнглаб ололмаган эдилар. Тўлиқ ҳажмда маҳсулот чиқаришда давом этишнинг имкони йўқ. Қиш яқинлашиб келар, уларнинг қўлида ишловчи ишчилар эса олдинда умидсиз қишни кўрар эди. Бизга қанча кема зарурлигини ҳисоблаётиб, буларнинг барини эътиборга олдик ва катта кўлларнинг теварак-атрофидаги барча ишсизлар ишли бўлиши учун имкони борича кўпроқ кема қуришга қарор қилдик. Шу мақсадда Мэзерни ишга солдик, у ҳар бир кемасоз фирмадан ёзма равишда сўраб, улар баҳоргача нечта кема қура олиши ва мавсум бошида фойдаланишга топширишга қурби етиши ҳақида аниқ ва равшан жавоб олиши керак эди. Жавобларга кўра, бир фирма битта, бошқаси эса иккита, жами бўлиб эса ўн иккита кемага умид қилсак бўлар эди. Биз Мэзердан ўн икки дона кемага буюртма беришни сўрадик, уларнинг бари пўлатдан бўлиши ва барча замонавий ҳамда такомиллашган техникага эга бўлиши лозим эди. Баъзилари пароход, бошқалари эса баржа, шатакчи кемалар бўлиши, аммо барчаси ўша пайтлар руда ташиш учун энг мақбул ҳисобланган кема турига яқин кўринишда, бир хил қолипда бўлиши керак эди.

Мэзер бундай буюртма билан, албатта, фавқулодда юқори нархга тўқнаш келишдек қалтис ишга қўл урди. Бордию унга ўн икки дона кема кераклиги ва кемасозларнинг таклифлари шу режага мувофиқ бўлишини бирданига айтганида, балки шундай ҳам бўларди. Мэзернинг қандай қилиб бизга мақбул таклифни қўлга киритишни уюштира олганини мен ҳам анча кейин билганман, гарчи бу воқеа кўл бўйи ҳудуддагилар орасида маълум ва машҳур бўлса-да, кўпчилик учун янги. Мэзер ўзига неча дона кема кераклигини сир сақлади. У ҳар бир фирмага бирма-бир ўз режалари ва изоҳларини, ҳар бир талаб ва дубликатларни юбориб, фирма имкониятларидан келиб чиқиб бир ёки икки дона кема учун смета сўради. Ҳамма гап бир ёки икки дона кема қуриш ҳақида кетяпти деб ўйлади ва албатта, икки ёки ҳеч бўлмаса бир дона кемага буюртма олиш истагида ёнди.

Дастлабки шартларни тузиб олинадиган кун барча рақобатчилар Мэзер таклифига биноан Кливлендда бўлдилар. Гўёки буюртманинг баъзи бир тафсилотларини муҳокама қилиш учун уларнинг ҳар бири якка ҳолда Мэзернинг шахсий идорасига таклиф қилинган. Сметаларнинг барчаси белгиланган вақтда етказилди. Рақобатчиларнинг қизиқиши ортгандан ортарди: қайси омади бор одам буюртмани илиб кетар экан, а? Мэзернинг муомаласидан ҳар бир рақобатчи асосли равишда ўша толеи баланд ўзи эканлигига ишонар эди, аммо меҳмонхонанинг умумий кутиш залида бошқа рақобатчиларни ҳам кўргач, ишончи буткул сўнганди, баъзиларининг юраги эзилгандир ҳам балки.

Ниҳоят, кутиш азоби якунига етиб, жавоб келди ва қарийб бир вақтнинг ўзида рақобатчиларнинг барчаси ўзларига керакли ҳажмдаги буюртма берилганлиги тўғрисида хабар олишди. Уларнинг бари бир хил ўй-фикрга тўлиб-тошиб, мактубни кўрсатиб, омадсиз рақибига ачиниш билдириш истаги билан ёниб меҳмонхонанинг ўзлари одатда тўхтайдиган манзилига чопқиллашди. У ерда эса нимага гувоҳ бўлишди? Ҳар бирининг қўлида маҳсулдорлиги энг юқори даражага кўтарилган буюртмага ва ҳар бири аслида ўзига қарши курашганига гувоҳ бўлишди. Ҳаяжонлар босилиб, рақобатчилар буюртмаларни бир-бирларига кўрсатиб, сўнг бир-бирларига тикилиб қолишган чоғда кўтарилган қаҳқаҳани тасвирлаш қийин. Ҳолбуки, охир-оқибат ҳамманинг кўнгли чоғ эди. Шу ерда бир нарсани шундай қистириб ўтишим лозим – бу жанобларнинг барчаси ахийри улкан муваффақиятларга эришган катта бир компанияга бирлашдилар ва натижада уларга кема буюртма қилганда, биз кемасозлар томонидан белгиланган баҳода тўладик.

Қандай қилиб умрида биринчи марта денгизга чиқаётган одамга кема назоратини топширдик?

Кончилик карьерамизни кемаларга буюртма беришдан бошларканмиз, бу соҳада тажрибасиз, мутлақо янги эдик. Шундай йўл тутиш керак эдики, транспорт ўз йўналиши бўйлаб бехавотир етиб олсин ва бунда яна Мейзерга, елкамиздаги ташвишларни бартараф қилади деган умид билан мурожаат қилдик. Бахтга қарши, у ўз муаммолари билан шунчалик ўралашиб қолган эдики, бизнинг режаларимизни амалга оширишда ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини айтиб, дарҳол рад этди. Ниҳоят, кунлар ўтиб Гетсдан сўрадим:

– Шундай баҳайбат кемаларни идора қиладиган одамни қаердан топсак бўлади? Бу соҳада тажрибаси бор бирорта фирма ҳақида ҳеч эшитганмисиз?

– Йўқ, – деб жавоб берди Гетс, – ҳозир бундай фирмалар хаёлимга келмаяпти. Нега энди ҳаммасини шунчаки ўз қўлимизга ололмаймиз?

– Бу соҳада ниманидир биласизми ахир?

– Йўқ, албатта, – тан олди Гетс, – лекин гарчи отини айтишга қўрқаётган бўлсам-да, кемалар бошқарувини эплай оладиган шундай бир жанобни биламан. Аммо бошқа томондан, барча муҳим фазилатлари билан ажралиб туради. Тўғри, умрида бирор марта кемага чиқмаган. Кема қуйруғи билан унинг бурун қисмини фарқлай олмайди. Лекин мияси яхши ишлайди, у ҳалол, уддабурон, топқир ва тежамкор. Гарчи қийин ва тамоман нотаниш бўлса ҳам, нарсаларни тезда тушуниб, ўзлаштириб олиш истеъдодини қўллайди. Кема қурилишигача бизда ҳали икки ой вақт бор, уни дарҳол ишга жойлаштирсак, кема қурилиб битгунга қадар, бошқаришни ҳам бемалол ўрганиб оларди.

– Жуда яхши, – мен бу ишни унга ишониб топшириш керак деган хулосага келдим.

Ўша жаноб Нью-Йорк штати, Брум графлигидан келган Л. М. Боверс бўлиб чиқди. У кемамиз қурилаётган верф (кема қуриладиган корхона) атрофида айланишни, иш техникасини астойдил ўрганишни бошлади. Оз фурсатдан кейин сўнг у муҳандислар тасдиқлаб, ишлаб чиққан кема лойиҳаларига дизайн масаласида яхши маслаҳатларга қодир даражага етди. Кема қуриш ишлари бошланган заҳот у бошқарувни ўз зиммасига олди, умуман олганда, унинг маҳорати, салоҳияти ва бетакрор истеъдоди кўпни кўриб қўйган денгизчиларни ҳам ҳайратга солди. У ҳатто лангарни ўйлаб топди, бу ихтироси аввал ўзимизнинг флотда, кейинчалик бошқа кемаларда ҳам, ҳозир эса, эшитишимча, Қўшма Штатлардаги барча флотларда қабул қилинган. Биз бу кончилик ишидан айрилгунимизга қадар, у барча муаммоларни ҳал қилиб келди. Кейинчалик биз уни рудаларни ташишдан озод қилиб, масъулиятлироқ вазифалар бера бошладик ва ходим буни ҳам муваффақиятли уддалади. Бироқ ўша пайт оила аъзоларидан бирининг соғлиги ёмонлашгани туфайли Колорадода бутун умр қолишга мажбур бўлди.

Эндиликда у ўша ерда Colorado Fuel and Iron Companyнинг раис ўринбосари ҳисобланади.

Улкан кема ва темир йўллар линияси қийинчиликларимизни анча енгиллатди. Умуман, бу ташкилотимиз аввалбошиданоқ ажойиб эди. Биз бир вақтнинг ўзида корхонамизга мустаҳкам пойдевор қўйиб барчасини кенгайтирдик, ҳатто бизнинг жаҳон флотимиз эришмаган рақамларга биз эришдик: олтмиш бешта пўлат колослар. Бу корхона, иштирок этганим кўплаб ишлар сингари, мендан жуда кам эътибор талаб қилди ва ходимларим ишни бошқариш учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олди. Мен ўзимнинг ҳамкасбларим – сафдош дўстларимга билдирган ишончим ҳеч қачон суиистеъмол қилинмаганлигини ўзгача шукроналик ҳисси билан айтиш бахтига эга бўлганимдан хурсандман.

Ишни Пўлат Трестига қандай сотганимиз ҳақида

United States Steel Corporation келгунга қадар иш узлуксиз ҳамда шахт билан давом этди. У ердан бир вакил келиб, бизнинг барча ерларимиз, рудаларимиз ва кема флотларимизни сотиб олиш истагида эканини айтди. Ишимиз даромад келтирарди, уни сотишга ҳеч қандай тайинли сабабнинг ўзи йўқ эди. Лекин янги корхона асосчиси бизнинг шахталаримиз, темирйўлларимиз ва кемаларимиз унинг улкан режаларининг ажралмас қисми эканини куюниб тушунтирди, биз ҳам ўз навбатида унинг режаси амалга ошиши учун қўлдан келган ёрдамимизни аямаслигимизни билдирдик. Бу суҳбат, эслашим бўйича, ўша пайтдаги турли мулкларни сотиб олиш бўйича Карнеги билан тузган шартномамга муваффақиятли якун ясаб берди. Қисқа музокарадан сўнг, у бизга ўз нархини таклиф қилди, биз ҳам рози бўлдик, шундай қилиб барча ишларимиз: заводлар, шахталар, кемалар, темир йўллар, ҳамма-ҳаммаси United States Steel Corporation қўлига ўтди. Бизга таклиф қилинган нарх, фикримизча, юқори эмас, айниқса, бу ишнинг ҳозирги ва келажакдаги қийматини ҳисобга оладиган бўлсак, арзимас эди.

Бу савдо, билишимча, пўлат компаниясига анча қулайликлар келтирди, биз эса унинг улуши ҳисобига тўладик ва даромадга шерик бўлишга кўндирдик. Шундай қилиб, етти йиллик бошоғриқдан сўнг, мен шахта, руда ташиш ишларидан тамомила қутулдим.

Ҳар доим тижорат қонунларига амал қилиш лозим

Тоғ-кончилик иши билан боғлиқ воқеаларни ёдга оларканман, ёпиқ капитал бўлган жойда пайдо бўлган тадбиркорликлар, ишлар (кескин айтмаслик учун) у даражада ёрқин келажакка эга эмасдек кўринди, мен эса ғайриихтиёрий тарзда мемуарларим саҳифаларида бир неча бор тилга олган ўз принципларимга қайтдим. Агар мен ўша хотираларимдан ўрин олган ва шу ергача етиб келишга қунт топа олган ёш тадбиркорларни адолатга ишонтира олганимда, бу менга завқ, уларга эса фойда берар эди.

Муваффақиятга эришишнинг энг муҳим, энг асосий элементи адолатли тижорий муносабатларнинг қатъий ўрнатилган қонунларига сўзсиз амал қилиш ҳисобланади. Ишончнинг кенг, илҳомлантирувчи йўлларида содиқ бўлинг ва бу йўлдан тўғрига юриш мумкин ёки йўқлигини диққат билан кузатинг. Бир дақиқа бўлса ҳам вақтинчалик ёки тез ўсадиган даромадга чалғиманг. Вақтингизни бекорчи нарсаларга сарфламанг, улар сизни фақат майда ғалабаларга етаклайди, ҳаётда ҳеч қандай абадий шоҳсупа йўқ. Тадбиркорликни бошлашдан олдин, муваффақиятли натижаларгача бора олишингизга ишонч ҳосил қилинг. Ҳар доим олдинга интилинг.

Шуниси қизиқки, қанчадан-қанча доно тадбиркорлар шарт-шароитларини ҳисобга олмай катта ишларнинг бошини тутади ва киритаётган пуллари таваккал остида бўлади.

Ишингизга доир барча жиҳатларни батафсил ўрганинг, ўз позициянгизни ҳар қандай муваффақиятсизликка дош бера олиш даражасида мустаҳкамланг – барибир қачондир шундай вазиятга дуч келасиз. Ўзингизни кузатинг, ишнинг ҳолати ҳақида ортиқча нарсаларни ўйлаб топмаётганингизга ишонч ҳосил қилинг. Мақсади фақат бой бўлиш бўлган бошловчилар ҳеч нарсага эриша олмайди. Одамнинг бироз бошқача, юқорироқ даражадаги мақсадлари бўлиши лозим. Бизнесда ҳеч қандай муваффақиятнинг сири йўқ. Ишбилармонга нисбатан ишонч уйғотадиган ягона нарса – ҳалоллик билан иш олиб борилмаган тақдирда, энг йирик саноат фирмалари бир неча бор давомий муваффақият ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмаслигига ёрқин исбот келтиришди. Айнан шу ишонч ҳар ерда қадрланадиган ва ҳар ким қўлга киритишга интилиши лозим бўлган капитал ҳисобланади. Кундалик меҳнатни оқилона, аниқ ва тиришқоқлик билан бажариш, ишни мен анчадан буён айтаётган тижорат қонунларининг қатъий чегаралари доирасида юритиш сизни муваффақият сари етаклайди, балки эскирган панд-насиҳатларим учун олдиндан узр сўрайман.

Менга ёш ўқувчини кичик муваффақиятлар туфайли роҳатланишдан чеклаш ортиқчадек туюлади, бошқа томондан эса унга муваффақиятсизликка учраган кезларда жасорат зарурлиги ҳақида эслатиш муҳим ҳисобланади.

Саросимали вақтларда орттирилган тажриба

90-йилларда мен нафақага чиқишни истаб қолдим. Меҳнат қилишни шунчалик ёш давримдан бошлагандимки, ўйлардим: ишдан кетиб, нафақага чиқишни тўғри деб билишим – ҳақиқатдан ўринли, ярим асрлик ҳаётнинг бошланиши билан ўзингни дилгир ишлардан озод қилиш ва пул тўплашдан кўра аҳамиятлироқ қизиқишларга ўзингни топшириш анча завқли, бу бизнес эса ҳаётимнинг илк онлариданоқ вақтимни ўғирлашни бошлаган.

Бироқ 1891–1892 йиллар менда ишбилармонлик муносабатларига нисбатан кучли қўрқув уйғотиб юборди. Инқироз 1893 йилда юз берди ва мен омонатларимни жон-жаҳдим билан сақлаб қолишим керак эди (бу ҳақда қисман айтиб ўтилган эди). Шу ва кейинги йиллар ҳар қандай тадбиркорга омон қолиш учун кураш йиллари бўлди. Ҳеч ким айни дамда нафақага чиқишга ҳақли эмасди. Standard Oil Company, яъни биз, ваҳимага қарамасдан, анча яхши ишладик, захирамиздаги нақд сармоя молиялаштиришнинг консерватив усули натижаси эди. 1894 ёки 1895 йилда, ва ниҳоят, мен эски орзумни амалга оширдим – компаниядан нафақага чиқдим. Ўшандан буён компаниянинг ишларига деярли аралашмайман.

1857 йилда юз берган биржа инқирозларини аниқ эслайман, лекин энг ёмони 1907 йилги ваҳима эди. Бу ҳеч кимни четлаб ўтмади: на катта, на кичикни, ҳатто энг йирик корхоналар ҳам ёрдамга муҳтож эди, ўзаро ишончсизлик, ақл бовар қилмас даражадаги қўрқув замонида ҳаммадан оқилона бошқарув талаб этиларди. Мен П. Морганга ва унинг фаол ҳамда самарали ишларини мақтаётган бошқа тадбиркорларга хайрихоҳлик билдиришга тайёр эдим.

Унинг мафтункор шахсияти ажойиботлар яратди. У шиддат ва қатъият керак бўлган жойда йўқолган ишончни сақлаб қолиш учун ҳаракат қилди ва мамлакатимизнинг иқтидорли ва энг муҳим молиячилари орасида ишонч ва фаровонликни тиклашга ошиққанлар қаторида биринчилардан бўлди. Ўз вақтида мендан 1907 йил ваҳимаси каби бу муаммодан қандай қилиб тез қутулиши мумкинлиги ҳақида шахсий фикримни сўрашди. Мен ўз тахминларимни айтишга қўрққан эдим, чунки мен пайғамбар ҳам, унинг ўғли ҳам эмасман; лекин мен учун инқирознинг натижаси кундек равшан эди. Бу вақтинчалик иқтисодий реакция ҳамма жойда ҳукм сураётган консерватив шароитда ҳар кимдан ишининг хавфсизлиги учун эҳтиёж пайдо қилар эди. Том маънода бу эҳтиёжга зарурат бор эди. Бу инқироз бизнинг ташаббусимизга соғлом руҳ бағишларди. Биз ерларимиздаги асосий бойликлардан айрилмаган эдик ва бизни ёппасига молиявий умидсизлик ҳам қамраб олмаган эди. Озми-кўпми, давом этган ҳордиқ келажак йўлларимизни мустаҳкамлашга имконият берарди, сабр-тоқат эса бизнесда деярли фазилатга айланганди.

Яна бир бор тадбиркорларга ўз ўгитларимни таъкидлаб ўтаман: эҳтиёт бўлинг, ўз ишингизни пухта ўрганиб чиқинг ва ҳақиқатнинг юзига мардонавор тик боқинг. Агар иш услубингиз ғайриоддий бўлса, нуқсонларингизни бартараф этиш чораларини кўринг. Табиий қонунларга зид равишда омад учун чиранмаслик керак ва буни тан олмаслик бемаъниликдан бўлак нарса эмас. Биз, ўта таъсирчан америкаликлар учун доимо дағал, кескин фактларни қўллаш ножоиздир. Бироқ биз хотиржамлик билан унинг ортидан қувиб етишимиз, ишбилармонлар мамлакатида яшаб, ўзимиз учун қадрли бўлган нарсаларни ҳам ҳеч қандай қўрқувсиз бой беришимиз мумкин.

Содиқ дўст

Бу хотиралар мен уларни бошида таърифлаганимдек, тасодифий боғланган, аниқ режасиз, тасодифий сўзлаб берилган хотиралардир. Умид қиламанки, айнан шу ҳолат тез-тез мавзудан чиқиб кетишимда бир узр сифатида қабул қилинади.

Ўтмишни хотирлаганимда кўзим олдида ишдаги эски қадрдонларим сиймоси намоён бўлади. Мен баъзилари ҳақидагина сўзлаб бера оламан, холос, аммо бу мен тилга ололмаганларнинг аҳамияти ва қийматини заррача камайтирмайди. Балки қолганлар ҳақида бошқа бир жойда сўзлаб беришга муяссар бўларман.

Эски қадрдонларнинг у ёки буниси билан қаерда ва қачон танишганимни, илк тасаввур қандай бўлганини эсда сақлашнинг доим ҳам имкони йўқ. Аммо ҳозирда Standard Oil Company нинг раис ўринбосари лавозимидаги Жон Д. Арчбольд билан бўлган илк учрашувни ҳеч унутмайман.

Ўша пайтлар, тахминан 30-40 йиллар аввал мен ўлкани айланиб чиқдим, нималардир қилиш мумкин бўлган манзилларни кўриб чиқдим, керосин тозалаш иши билан шуғулланувчи ишбилармонлар билан, агентлар билан бизнес алоқа ўрнатдим, умуман олганда иш билан танишдим.

Ажойиб кунларнинг бирида бир нефть ҳудудида шу ишга қизиққан одамларнинг бутун бошли бир гуруҳи йиғилиб қолди. Айнан қайси ҳудуд эканлигини ҳозир эслай олмайман. Аммо нефть саноатчилари билан тўлиб-тошган меҳмонхонага етиб келганимдаёқ келувчилар рўйхатида катта-катта ҳарфлар билан “Жон Д. Арчбольд, тоннасига 4,00 доллар” деб ёзиб қўйилган фамилия ва шиорга кўзим тушди.

У шунақанги бир ғайрати тўлиб-тошган, бутун вужуди билан ишини севган олов бир йигитча эдики, ўз принципларини заррача шубҳа остига олмай, ҳатто келувчилар рўйхатида ҳам уни шиор кўринишида ўз фамилияси ёнида қайд қилиб қўя олган эди. Ушбу “Тоннасига 4,00 доллар” жанговар хитоби шуниси билан ҳайратланарли эдики, ўша пайтлар нефть баҳоси анчагина паст бўлиб, гарчи тўғрисини айтганда, ҳеч ким ғалабага ишонмаса ҳам, бозор нархини кўтариш учун қилинган бу кураш барчанинг эътиборини ўзига тортди. Охир-оқибат Арчбольднинг ўзи ҳам нефть тоннасига 4,00 турмаслигини тан олишга мажбур бўлган бўлишига қарамай, ундаги шижоат бутун умр сўнмади, унинг бошқаларга таъсир кўрсатиш каби ажойиб истеъдоди эса кўп йиллар ўтса ҳам йўқолмади.

У ҳамиша ўзгача юморга бойлиги билан ажралиб турар эди. Бир куни Арчбольд гувоҳ сифатида қарши томон адвокати томонидан ўта муҳим масала сабаб судга чақирилди. У ерда унга савол беришди: “Жаноб Арчбольд, сиз шу жамиятнинг директоримисиз?” “Албатта!” – жавоб берди у. “Нима иш билан шуғулланасиз у ерда?” – савол беришда давом этади адвокат. “Менми? Мен дивиденд талаб қиламан!” – деди ҳозиржавоб Арчбольд ва бошқа гувоҳни олиб келган адвокат уятга қолиб тезгина унга ижозат берди.

Арчбольднинг меҳнатга бўлган ақлбовар қилмас лаёқатини кўриб доим ҳайратга тушганман. Ҳозир кўп кўришмаймиз. Унинг елкасидаги ташвиш ниҳоятда катта, мен эса бизнес талотўпидан узоқда яшайман, гольф ўйнайман, дарахт экаман ва яна бир нималар билан шунчалик бандманки, баъзан кун нега бунча калта деб афсусланиб қўяман.

Арчбольд ҳақида сўзлаётганимда, бир нарсани қайта-қайта айтмай тура олмайман – гап Standard Oil Company тўғрисида кетганида мен ҳақимда ўзим лойиқ бўлганимдан кўра кўп нарса ёзишади. Омад менга қўлини чўзиб, ён-атрофимда ташкилотни назорат қилишим учун энг муносиб бўлган инсонларни тўплашимга, узоқ йиллар улар билан қўлни қўлга бериб ишлашимга ёрдам берди. Аммо барча тақдирга лойиқ ишлар уларники, айнан шу инсонлар бутун вақт давомида ҳақиқий меҳнат эгалари эдилар.

Бизнесдаги қадрдонларимнинг кўпчилиги билан алоқа боғлаганимдан бери шунчалар кўп сув оқиб ўтдики, собиқ ходимларимнинг оиласига ё ўзининг ёки бўлмаса, бирор бир яқинининг ўлими сабаб ҳамдардлик мактубини жўнатишга тўғри келмаслиги учун ойлар (баъзан ҳафталар) ўта олмайдиган ёшга етдим. Тунов куни аллақачон вафот этган эски ҳамкорларнинг рўйхатини тузиб қўрқиб кетдим. Улар олтмишдан ошиқ эди. Уларнинг бари менинг содиқ сафдошларим, ҳалол дўстларим эди, биргаликда озмунча оғир дамлардан ўтмадик, бошимиздан қандай оғир кунлар ўтмади. Шундай вақтлар бўлдики, у ёки бу масала устида оғзимиздан тупук сачраб бир-биримиз билан тортишдик, аммо ҳамиша бир битимга келишга муваффақ бўлардик ва мен бир-биримизга нисбатан ҳалол ва очиқ бўлганимизни ўйлаганимда, чуқур мамнуниятни ҳис қилганман. Бунингсиз бир ишдаги шерикларнинг фойдага эришиши қийин, бирга ишлаш ҳам беҳуда.

Айтишади-ку, баъзан ниҳоятда ўзига ишонган, баъзан бутунлай бошқача қарашга эга кишиларнинг фикрини бир хиллаштириш доим ҳам осон бўлмайди деб. Бизнинг доимий тактикамиз шундай эди – барчани тинглаш, то бир нафар ҳам қарши инсон қолмагунига қадар ошкора баҳслашиш. Ана ўшандагина умумий бир қарорга келишга уриниб, якуний чораларни ишлаб чиқиш. Шунча катта миқдордаги иштирокчилар билан биргаликда қилинган ишда консервативлар кўпчиликни ташкил қилади. Ана ўшанда бир пайтлар ўрнатилган тамойилларга ёпишиб олиш жуда муҳим саналади. Ҳаётда муваффақиятга эришган инсонларнинг кўпчилиги консерватив қарашга эга. Яхшиямки, ҳам ташаббускор, ҳам жасур одамлар ҳамиша топилади. Бундайлар кўп ҳолларда нисбатан ёшроқ бўлади. Балки улар сон жиҳатдан камдир, аммо ниҳоятда ишончли инсонлардир. Улар ҳар қандай ишга иложи борича тезроқ уриниб кўришни истайдилар, на ишдан, на масъулиятдан чўчийдилар. Ёдимда, бирда шундай консерватив фикр прогрессив фикр билан, истасангиз, довюрак дейишингиз мумкин бўлган фикр билан тўқнаш келиб қолди. Ўша вазиятда мен довюраклар томонида эдим.


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 11 12 | Следующая
  • 1 Оценок: 1


Популярные книги за неделю


Рекомендации