Электронная библиотека » Назар Юлдузхон » » онлайн чтение - страница 3


  • Текст добавлен: 19 мая 2023, 23:30


Автор книги: Назар Юлдузхон


Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 3 (всего у книги 8 страниц)

Шрифт:
- 100% +
“ЛАЙЛИ ВА МАЖНУН”

“Дўзах менга етса жовидоний,

Ишқ ўтидин қизитғил они!”

(“Лайли ва Мажнун”дан)

Илоҳий ишқ ҳақида сўз кетганда буюк Алишер Навоий ҳақида ва у зотнинг асарлари, хусусан “Лайли ва Мажнун” достони ҳақида гапирмасликнинг ҳеч иложиси йўқ.

Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ севгини Яратувчи Қудратининг бир “нишонаси” деб билади. У зотнинг ўзлари илоҳий ишқ мартабасидан фано оламига етган муборак инсонлардан. Шунинг учун ҳам у зотнинг барча ғазал, достонларида илоҳий ишқ, комил инсон ғояси куйлаб келинган. Навоийга кўра: “ Одам аслида тупроқдан яралган. Аммо ишқ оловининг “кимёлиги” уни олтинга айлантиради. Яъни, ишқ инсон вужудини турли хил чиқиндилар: жисмоний талаблар, нафсоний истаклардан поклайдиган оташдир”.

Қайснинг: “Менга дўзахни раво кўрсанг, уни ишқ оловидан қизитгин”, дея Аллоҳга ёлбориши ўқувчининг қалбини ларзага солмай иложи йўқ. Бу қандай севгики, унинг оташида ёниб, куйиб, тамом бўлишга ҳам тайёрсан киши!

 
Лайли ишқин танимда жон қил,
Лайли ишқин рагимда (қон томири) қон қил!
Дардини нажотим эт, илоҳий!
Ёдини ҳаётим эт, илоҳий!
Жон чиқса бу жисми нотавондин,
Ёди бирла ўқ чиқар жаҳондин!
 

Ушбу мисралар маъносини вужудингиз кўтариши қийин. Бу мисралар ишқ-муҳаббат билан ёнган банданинг Аллоҳ олдидаги ҳолини аён этади.

Одатда биз одам ўлганида “бандаликни бажо келтирибди”, деб айтамиз. Одам ўлганида бандаликни бажо келтирмайди, бандалик қисматини бажо келтиради. Бандаликни ҳаётлик даврида – бу дунёда бажаради. Унинг вазифаси шу. Бу ҳаётда нафс балоларидан, шайтон қутқуларидан ўзини омонда сақлаб, ўз Роббисини таниш, Уни севиш, Унинг ёди билан яшаш ва Унинг ёди билан бу дунёни тарк қилиш энг бахтли, баркамол инсоннинг ҳаёти мазмуни. Ҳа, бундай одамлар абадий бахтиёр одамлар! Чунки бу дунёда улар “убудият” оламида яшаб, бандалик вазифасини бажарганлар. Улар ўз нафсларини ҳайвоний нафсдан, ҳирсдан тозалаганлар, бу дунё учун ғам, қайғу чекмай, балки нафсни эговлаш, тарбиялаш йўлида ғам чекканлар. У дунёда эса улар абадий жаннат соҳиблари! Бу хусусда улуғ Алишер Навоий бизга “бандаликни бажариш” йўлини кўрсатади.

Ушбу достонда ниҳоятда маҳорат билан одам ва оламнинг Улуғ Қудрат Эгаси томонидан яратилганлиги ва ўзаро боғлиқлиги, бу дунёга келган банда ўз Эгаси томон ошиқиши, севиши мажозий образлар орқали ифодаланади. Лайли – Аллоҳнинг Ердаги тажаллиси. “Яратувчининг ҳар ердаги тажаллиси жаҳонда Лайли бўлиб кўринади, унинг бу хусусияти эса яратилганларни Мажнун қилишдан иборатдир. Лекин “Лайлини” севишга фақат ҳассос қалб эгасигина қодир бўлади”.

 
Ишқ исидин эт дамимни мушкин,
Ишқ ўтидин эт юзумни рангин!
Кўнглим ғам ила тўқ айла, ё Раб!
Ишқ ичра мени йўқ айла ё Раб!
 

Ушбу достонни ўқир экансиз, беихтиёр: инсоннинг бу дунёда яшашининг сири, маъноси, унга юклатилган вазифа – нафақат Илоҳни таниш, балки Илоҳий ишққа эришиш эканлигини англагандек бўласиз.

Мактаб – инсонни ҳаётга тайёрлайдиган бир даргоҳ. Моҳиятан, ўрта таълим мактабини битириб чиққан ҳар бир ўқувчи олий маълумот оладими, йўқми, ҳаёт мактабига тайёр бўлиши керак. Ўз-ўзига, атрофга, одамларга, умуман, ҳаётга бўлган муносабатни ўқувчи онгида мактаб партасига ўтирганидан бошлаб шакллантирилади. Бу ишда бизга Навоий ёрдамга келадилар. Мактабдан бошлаб ўқувчиларга Алишер Навоийни “уқитиш” керак. Ўқув адабиётни методик жиҳатдан шундай тайёрлаш керакки, Алишер Навоийнинг асарларининг кучи, салоҳияти ўқувчи қалбида ўзини, Аллоҳни таниш, севиш, атроф оламга муносабат, нима учун бу дунёда инсоннинг борлиги, яшашлиги моҳияти ҳақида тафаккур қилиш, оламни фалсафий англаш, фалсафий мушоҳада сари ундай олиши керак.

“Сўз билан одамни, сўз билан ёлғонни ҳақиқатга айлантиришга уриниш миллат манфаати учун катта зиён ва кечирилмас қабоҳат эканлигини Навоий ҳар нарсадан ортиқ тушунган… Ёшларимиз Навоийни қанчалик чуқур ва пухта билса, маърифат, эзгулик, комиллик сирларини ўшанча кенгроқ эгаллайди. Навоийнинг сўзлари дилига ўрнашган одам ўзи истасин-истамасин одамийлик шарафи ва куч-қувватини идрок этади. Навоий сабоқларига амал қилган киши ўз-ўзидан халқ дарду ташвишларини енгиллаштиришга бел боғлайди, фикрни фикрсизликка, маърифатни нодонликка ва жаҳолатга қарши қурол ўрнида ишлатади. Навоийни етарли даражада билиш – адолат, диёнат ва иймон-эътиқоднинг кучига ишонч демак. Кўнглида шу ишонч ғолиб бўлган одамлар сони жамиятимизда қанча кўпайса, инсоний муаммолар ҳарқалай камайиб боради. Энг муҳими, диний ҳаётдаги маҳдудлик ва чалғишлар ёш авлод онгида тезроқ барҳам топади. Бунга сира-сира шубҳаланмаслик лозим” (Иброҳим Ҳаққул. “Навоийга қайтиш”).

Дарҳақиқат, Навоийни ўқиган инсоннинг дунёқараши, тафаккури ўзгача бўлади. “Лайли ва Мажнун”ни, “Ҳайрат-ул Аброрни”, “Лисонут тайр”ни олайлик. Мактаб бизнинг миллатимизга ана шу дурдоналарни ўз моҳиятича етказиб бера олмаганлиги, миллат сифатида бу хазинадан бебаҳра қолганлигимиз жуда ҳам ачинарли ҳол. Бу бизнинг фожиамиз. Бебаҳралик натижасини ҳозир ҳар қадамда кўриш инсонни изтиробга солади. Қандай бебаҳралик? Тафаккур чироғининг сустлиги, Одамлар орасида нафақат Аллоҳга, Унинг Расулига, балки ҳаётга, табиатга, одамларга бўлган ўзаро меҳр-муҳаббат, табиатни, инсонни қадрлаш ҳисси, инсон сифатида оламни фалсафий англай олиш қобилияти йўқолиб бораётганлиги, уларнинг гап-сўзларида мантиқ, маъно йўқлиги, фирибнинг, шайтоннинг устун келаётганлигидир. Бу эса Аллоҳ билан банда ўртасидаги муносабатнинг йўқолишига олиб келади.

Ваҳоланки, Олам ва Одам Илоҳий Муҳаббатдан пайдо бўлган! Ким бу Муҳаббатни сезмаслиги, ҳис қилмаслиги мумкин?! Фақат тўрт оёқли ҳайвонларгина бундай муҳаббатни ҳис қилмайдилар, ишқ сари интилмайдилар! Унинг бебаҳо сеҳрини билмайдилар. Буни билиш ва Аллоҳ сари интилиш фақат Одамга вазифа қилиб берилган. Биз, инсонлар, бу ҳаётда яшаб туриб қанчалик ўз вазифамизни – “бандаликни бажо” келтираяпмиз? Қанчалик Одам бўлишга интилаяпмиз? Бу вазифани бажармай ўлиб кетганлар қанча?! Уларнинг абадий оламдаги аҳволи нима бўлади?

Ҳаётни бир уммонга, муҳаббатни эса ана шу уммонда сузиб юрган қайиққа ўхшатишади. Фақат қайиқ орқалигина уммондан сузиб ўтиш мумкин бўлганидек, инсоннинг ҳаёт йўли муҳаббат билангина кечади. Инсоннинг бу дунёда яшашдан мақсади – Ўз ҳаётини топиш, ўз ҳаётига эга бўла олишликдир! Ўз ҳаётига эга бўлиш фақат Муҳаббат орқали эришилади. Ҳақ ошиқлари севги йўлида ўлсалар, уларни жон Подшоҳи кутиб олар экан (Ж.Румий). Бунга ким мушарраф бўлиши мумкин?!

Алишер Навоий ушбу достонида Қайс орқали инсон ҳаёти мазмунини, инсонга ҳаётда Мажнун каби Лайлига ошиқ бўлиб яшашликни ўргатади. Зеро, Қалбингиздаги Аллоҳга, Одамга, Оламга бўлган муҳаббат сизни инсон сифатида шарафли қилади, нафақат одамлар олдида, балки Аллоҳ олдида мартабангизни улуғ қилади!

Агар қалбдаги муҳаббат инсонни инсон эканлигидан далолат қилса, ўзимизнинг қанчалик инсон даражасида эканлигимизни қалбимизда муҳаббатнинг бор, йўқлигидан билишимиз мумкин экан-да?!

 
Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасун.
Икки жаҳон демаки, жон бўлмасун!
 
Алишер Навоий

ҚАЛБ НЕЪМАТИ

ИЛОҲИЙ ЖАВҲАР

Муҳаббат қалб учун, ишқ эса руҳ учундир.

Нажмиддин Кубро

Биз инсонлик вазифамизни бажарган ҳолда ўзимиз ҳақимизда озроқ бўлса-да, мушоҳада, тафаккур қилишга ҳаракат қилаяпмиз. Аллоҳ бизни беҳуда яратмаганлиги ва нима учун Ерда вақтинчалик яшаётганлигимиз ҳақидаги саволлар ҳозирча озроқ очиқ. Аллоҳ вужудимиздаги бири-бирига боғлиқ бўлган аъзоларни, миллиардлаб ҳужайраларни беҳуда яратмаганлиги ҳақида бир оз тушунгандекмиз. Буларни биз кўзимиз билан кўрамиз. Лекин булардан ташқари, Аллоҳ одамга шундай нарсалар ато этганки, булар инсон умри давомида унинг ҳақиқатини, ким бўлиб келиб, ким бўлиб кетганлигини белгилаб берадиган, кўзга кўринмас илоҳий жавҳарларни ҳам яратган. Аллоҳ ҳеч нарсани беҳуда яратмаганидек, кўзга кўринмас илоҳий жавҳарларни ҳам беҳуда ботинимизга жо қилмаган. Булардан бири бўлган – руҳ ва муҳаббат ҳақида биз бир оз тафаккур қилгандек бўлдик. Энди эса қалб хусусида бир оз тафаккур қилиб кўрамиз.

Қалб ўзи нима? “Қалб” сўзи изоҳли луғатда кишининг руҳий ёки маънавий дунёси, ички ҳис-туйғулари маркази рамзи; юрак, дил, кўнгил, шунингдек, қалб айланиш, бурилиш, ўзгариш, ўзгартириш маъносида изоҳланади.

Қалб – инсоннинг моҳияти. Шунинг учун ҳам ислом олимлари Қуръондаги оятлар бандаларининг қалбига қаратилганлиги ва биринчи навбатда уларнинг руҳий-маънавий оламларига урғу берилганлиги ҳақида таъкидлайдилар.

Шуниси ажабланарлики, қалб ҳеч қачон бир хил ҳолатда турмас экан. Қалб айланар ҳам экан, бурилар ҳам экан, ҳатто ўзгарар ҳам экан. Бу дунё билан боғлиқ инсоннинг ҳою ҳаваслари ёки руҳият ва нафс билан боғлиқ ҳиссий кечинмалари қалбни у ёқ билан бу ёққа буриб турар ва ниҳоят ўзгартирар экан.

Улуғ инсонлар, хусусан, тасаввуф аҳли инсоннинг қалбини Каъбага қиёслашган, муқаддас бир олам деб билишган. Аллоҳнинг ҳузурида қабул қилинадиган нарса ҳам қалб экан. Биз ўз қалбимиз ҳақида нималарни биламиз? Қалбимизга “қулоқ тутиб” унинг “сўзларини” эшитишга ҳаракат қилганмизми? Қалбимизнинг кўзи билан унга назар солганмизми? Қалбимиз билан биргамизми, у билан яшаймизми? Ёки шу ишларни қилишдақалбимизни кўришда, у билан мулоқот қилишда, уни бус– бутун очишда “бир нарса” бизга халақит берадими, ўша “бирор нарса” бизни чалғитадими? Ўйлаб кўринг.

Биз ҳаётда “ўлик қалб”, “тирик қалб”, “қалби очилган”, “қалби тоза”, “юраги қора” каби сўзларни ишлатамиз. Қуръонда эса “қалблари қулфлаб қўйилган” каби оятларни ўқиймиз: “… тажовузкорларнинг дилларини шу тарзда муҳрлаб қўямиз”( Юнус сураси, 74-оят). Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ! Ҳозирги вақтга келиб қалби муҳрланиб қолган одамларни – тажовузкор, зулмкор, нафси туфайли адолатсизлик қилган, ўз халқининг насибасини қирққан, қийнаган одамларни кўплаб кўраяпмиз”… балки улар янада адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғофиллардир”(Аъроф сураси, 179-оят). Бундай одамларнинг абадий ҳаётдаги тақдири нима бўлади?

Қалб руҳ каби антиматериядир. У моддий жисм эмас. Қалб ҳам ташқаридан – “юқорилардан”, Руҳий оламдан ботинимизга жо бўлган жавҳардир. “Қадимдан руҳан бой қалб ҳақиқий Инсоннинг энг қимматли бойлиги саналган. Агар одамлар одам ҳақида ва биринчи навбатда Қалб ҳақида тизимли билимларга эга бўлганида эди, улар Қалбнинг эҳтиёжига амал қилиб, ўз ақлининг интилишларини бошқариш имкониятига эга бўлар эдилар”.

Олимларнинг таҳлилига кўра, Қуръонда қалбга доир 133 та эслатма экан. “ … Уларда қалблар бор, лекин улар билан англамайдилар. Уларда кўзлар бор, лекин улар билан кўрмайдилар. Уларда қулоқлар бор, лекин улар билан эшитмайдилар. Улар ҳайвонлар кабидирлар…” (Аъроф сураси, 179-оят). Қалб ҳаммамизда бор, лекин қалбимиз билан англашлик, қалбимиз билан бирор ишга ёндашишлик, қалбимиз билан муносабат қилишликка ҳаммамиз ҳам қодир эмасмиз. Биз кўпинча ақлимиз, нафсимизга кўра иш тутамиз ва қалбимизни шу нарсалар билан ўраб ташлаймиз, уни кўрмаймиз ҳам, у билан ишимиз ҳам йўқ. Бу эса бизни ҳайвон нафси билан яқинлаштиради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ: “Улар ҳайвон кабидирлар”, деб Эслатма бераяпти.Ҳеч қайси инсон (нафси) ҳайвон каби бўлишни истамайди, лекин минг афсус, илм олиб ўз устида ишламаслик натижасида қалбини ўзгартирмай, ана шу ҳайвонийлик(нафси)да қолиб кетаётганлигини инсон кўп ҳолларда англамайди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: “ Агар инсон бирор гуноҳ иш қилиб қўйса, фаришта унинг қалбига бир қора нуқта қўяр экан. Агар инсон яна гуноҳ иш қилса, фаришта яна бир қора нуқта қўяр экан. Хуллас, қанча гуноҳ иш қилса, шунча қора нуталар қалбида кўпайиб борар, натижада бу инсоннинг қалби қорайиб қолар экан. Аксинча, агар инсон Аллоҳга мақбул, яхши иш қилса, фаришта унинг қалбига оқ нуқта қўяр экан. Бу ишларни самимийлик, ихлос билан қилган сари ҳар сафар фаришта унинг қалбига оқ нуқталарни қўйиб борар экан. Шундай қилиб, агар сенинг қалбингда қора нуқталар кўп бўлса, сен қоронғилик – зулматда бўласан, аксинча қанча оқ нуқталар кўп бўлса, сенинг қалбинг тоза бўлади ва Аллоҳга яқин бўласан (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу сўзлари Муслимдан келтирилган).

Ислом уламои фозилларидан шайх Ҳасан Али инсон қалбининг у ёки бу ҳолатда ўзгарувчанлигини ва бу Қуръонда қандай келганлигини шарҳлар экан, қалбнинг “кўрсаткичларини” қуйидаги ўлчов (шкала) билан изоҳлайди: агар ўртача иймонли қалбни 0 деб олсак, 0 нинг юқори томон кўрсаткичини +, пастга кетадиган кўрсаткичини – қилиб оламиз.

0 дан паст кўрсаткичлар:

– 1 – бепарволик, ўз ҳолидан ташвишланмаслик;

– 2 – гуноҳкор бўлиб юриш;

– 3 – қалбнинг занглаши;

– 4 – қалбнинг қаттиқланиши, тош бўлиши, шафқатсизлик;

– 5 – маънавий кўрлик, зулмга мойиллик;

– 6 – “кўради, лекин кўзлари кўрмайди, эшитади, лекин қулоқлари эшитмайди”;

– 7 – “юраклари муҳрлаб қўйилган”.

Шайх Ҳасан Али Қуръонда қалбга доир келган оятларни бирма-бир шарҳлар экан, агар инсон ўз устида ишламаса, ўзига нисбатан, динига нисбатан бепарво бўлса, унинг қалб кўрсаткичлари қандай даражага тушиб қолиши мумкинлигини ана шундай кўрсаткичлар билан изоҳлайди ва Аллоҳ Қуръонда бизни ана шундай аҳволга тушиб қолишдан эҳтиёт бўлишимиз учун огоҳлантирётганлигини айтади. Агар инсон ўз устида ишласа, Қуръон ҳақида тафаккур қилса, оламни, ўзини англашга ҳаракат қилса, унинг маънавий-руҳий олами ўсиб боради. Энди у Аллоҳни фақат тилида эмас, бутун вужуди билан, тафаккури билан зикр қила бошлайди, босқичма-босқич Аллоҳга яқинлашиб боради, ҳар бир нарсада Яратганнинг Нурини кўра бошлайди. Унинг ҳар замонда қиладиган хайрли ишлари энди секин-аста кўпайиб боради, секин аста давомий бўлиб, энди бу ишларнинг сифат кўрсаткичлари орта бошлайди, Аллоҳга ( ҳар бир қилаётган ишида) ибодатда бўлишга рағбати кучайиб боради, секин-аста Яратганга қалбан итоат, таслимият босқичига ўта бошлайди, Исломни, Ҳақнинг ҳақиқатини чуқурроқ англай бошлайди, секин-аста нафақат чуқурроқ, балки Қуръоннинг, Ислом динининг латиф, нозик томонларини англай бошлайди. Аллоҳ томон юзланаётган банданинг тўхтовсиз, сабот билан қилаётган ҳаракати натижасида унинг қалби босқичма-босқич ана шундай ўзгариб боради. Буни эса олим 0 дан юқори бўлган даражада қуйидагича изоҳлайди:

+ 1 – ҳар замонда қилинадиган хайрли иш;

+ 2 – секин-аста кўпайиб борадиган хайрли иш;

+ 3 – доимий тус оладиган хайрли иш;

+ 4 – Аллоҳга итоатда бўлиш;

+ 5 – чуқурроқ англаш;

+ 6 – қалбда нурнинг кўпайиши…;

+ 7 – қалбнинг батамом Аллоҳга итоат этиши, таслимият.

Дарҳақиқат, “Талаб қилинадиган ҳам, хитоб қилинадиган ҳам, итоб қилинадиган ҳам, жазоланадиган ҳам қалбдир. Агар у покиза тутилса, Аллоҳга қурбат ҳосил қилиш бахтига эришиб, натижада нажот топадиган ва агар уни гуноҳларга белаб, ифлос қилинса, умидлар пучга чиқиб, бадбахт бўлинадиган нарса ҳам қалбдир” (Шайх Муҳаммад Юсуф Муҳаммад Содиқ).

“Ҳақиқатда қалб Аллоҳ таолога итоат қилувчидир. Ибодат таъсиридан бутун аъзоларга қалбнинг нурлари тарқалади. Аллоҳ таолога осийлик, итоатсизлик қиладиган ҳам қалбдир. Албатта, аъзоларга хунук ишларнинг сингиши унинг таъсиридандир. У мулк ва шаҳодат оламидандир. Қалб Роббимиз бандаларига ато этган руҳоний бир нарсадирки, унинг жисмоний қалб (кўзимиз билан кўрадиган кўкрак қафасининг чап қисмида жойлашган юрак)га боғлиқлиги йўқ. Ана шу илоҳий неъмат инсоннинг асл моҳияти, ҳақиқатидир” (Ғаззолий. “Қалб китоби”).

Биз руҳ ҳақида унинг илоҳий ҳақиқат эканлигини, руҳ бу дунёга покланиш, юксалиш учун келганлиги ҳақида бир оз тафаккур қилган эдик. Руҳ ўзининг илоҳий маконига қайтиши учун у ўзгариши зарур. Шунинг учун ҳам у ўз маконидан бу дунёга келган, қалбга жойлашган. Руҳ Аллоҳни ҚАЛБАН зикр қилиниши орқалигина покланади. “…огоҳ бўлингизки, Аллоҳни зикр этиш билан қалблар ором олур” (Раъд сураси, 28-оят). Демак, Қуръонга кўра, олим-у фозилларимиз таъкидлаганларидек, Аллоҳни муҳаббат ила зикр қилиш орқали қалблар ором олади, очилади, руҳ покланади… “Одам ички дунёсини қанчалик ўзгартирса, унинг шахси Худонинг олдида очилиб, шунчалик кўпроқ қалби билан бирлашади. Бунда одам руҳий етукликка эришади, маънавий кучи шунчалик кўпаяди”.

Ривоятга кўра, ҳазрати Али дарахт соясида ўтирар экан, ёнига бир фақир келиб, ўз ҳолидан шикоят қилади. Ҳазрати Али ердан бир сиқим қум олиб, дуо ўқийди ва қумни фақирга узатади. Фақир қумларнинг олтинга айланиб қолганлигини кўриб хурсанд бўлади ва ҳазрати Алига ёлбора бошлайди:

– Эй, амир ул мўъминин! Аллоҳ ризоси учун менга шу дуони ўргатинг!

Ҳазрати Али ўзи ўқиган дуонинг “Фотиҳа” сурасидан иборат эканлигини айтди. Фақир киши ҳам ердан бир сиқим қум олиб, айни сурани ўқийди, лекин қумда ўзгариш бўлмайди. Ҳазрат блидан: бунинг сири нимада? – деб сўрайди.

Ҳазрати Али: “Иккимиз ҳам айни сурани ўқидик. Демак, фарқ оғиз ва қалбларимиздадир”, – деб жавоб берадилар.

Руҳ + Муҳаббат + Қалб = Одам. Одамийлик даражасига чиқиш учун булар қанчалик бир-бирига мутаносиб. Тафаккур қилиб кўринг, Аллоҳ бизнинг қалбимизга руҳ, муҳаббат, иймонни жойлади. Шу билан бирга нафсимиз ҳам қалбимиз атрофида. Лекин биз ўз амалларимиз билан қалбимизга жо этилганларнинг қайси бирини ривожлантирамиз, қайси бирини кучли қиламиз, қайси бирини “ўраб” ташлаймиз? Қалб биз учун бир нима қиладими ёки биз қалбимиз учун бир нима қиламизми? Биз ўз ҳақиқатимизни қалбимиз орқали кўра оламизми? Биз ўз қалбимизни қандай тасаввур қиламиз?

ҚАЛБ НЕЪМАТМИ, АСРОРМИ ЁКИ ИМТИҲОН НАТИЖАСИ?

Қуръонда келган “Нур” сурасининг 35-оятини Нўъмон Али Хон тафсир қилар экан, илоҳий нур ҳақида гапиради. Биз ҳали онамиз қорнида эканлигимизда осмонлардан бир фаришта орқали юрагимизга – қалбимизга ана шу илоҳий Нур жойлаштирилганлигини айтади. Бизнинг ботинимиздаги руҳимиз – ана ўша Нур. Бу Нур бизнинг қалбимизда.

Оят мазмунида келган токча ичидаги ёниб турган шуъла – Аллоҳнинг Нури, чироқдоннинг шишаси – Қалб эканлигини чиройли тасвирлайди (Биз ушбу тафсирни биринчи китобимизда келтирганмиз). Биз қанчалик қалбимизни (“шиша”) тозалаб юрсак, ундан шунча ёрқин нур таралиши, “ташқаридаги” Аллоҳнинг Нури билан қўшилиб кетиши – “Нур устига Нур бўлиши”ни айтади. Гуноҳ ишлар эса қалбни қорайтиради, нопок, чиркин қилади. Бундай ҳолда қалбимизга жо этилган нур ташқарига чиқа олмай, нур бера олмай, унинг ичида қолиб кетади, инсоннинг ҳаётида амалга ошиши керак бўлган “Нур устига Нур” жараёни юзага келмайди. Қиёматда айнан ана шу жиҳат билан сўроққа тутиламиз. Астағфируллаҳ!

“Нур устига Нур” жараёни юзага келмаслигини эса шайтон таъминлайди. Одам боласини ўзи билан жаҳаннамга олиб кетишга ваъда берган, Одамни ўз ҳақиқатидан адаштириш ва Қалбни бузиш, Аллоҳнинг Нуридан тўсиш учун тинмай ҳаракат қиладиган шайтонга айнан шу нарса кераклигини биз биламиз, лекин қалбимизни мусаффо тутиш ўзимиз учун қанчалик аҳамиятли эканлигини билишимиздан ҳам шайтон тўсиб турганини билишни истамаймиз. Биз ҳаётимиз давомида шайтон тизимини озиқлантириб юришимизни, уни “боқишимизни” тафаккур қилиб англай олармиканмиз?

Ўсимликлар, ҳайвонлар, қушлар ва бошқа жонзотлар ўзидан насл қолдириш учун илоҳий томондан дастурланган. Уларда қалб йўқ. Лекин нафс бор. Ҳайвонлар бу дунёга “шундай” келиб, “шундай” кетадилар. Ўз нафсларидан бошқа нарса уларни қизиқтирмайди. Қиёматда сўроққа тутилмайдилар.Уларда нафсни тарбиялаш, ўз-ўзини англаш, камолга етказиш, маънавий-руҳий ўсиш, иймон деган нарса бўлмайди. Ҳайвонот дунёсига бу нарса берилмаган. Аллоҳ бу нарсаларни одамзодга вазифа қилиб берган. Шу жиҳати билан одам ҳайвондан фарқ қилади. Одам Аллоҳ берган неъмати – қалбини поклаш ва тафаккур қилиши билан ҳайвонлардан фарқ қилади, шу неъмати билан улуғланади. Инсон қалбида Аллоҳнинг Нафаси – руҳ бор, иймон бор, меҳр-муҳаббат бор ва нафс бор. Қалбдаги муҳаббат руҳни Аллоҳ ишқи оташида ёндиради, қалбни Аллоҳ билан бирлаштиради. Нафс эса, аксинча пастга – моддий дунёга тортади. Инсон ўз ҳаёти давомида қалбидаги қайси хусусиятни ривожлантирса, ўшанга айланади.

Қалб ҳақида имом Ғаззолий гапирар эканлар: ”Агар у Аллоҳдан бошқага топширилган бўлса, Аллоҳдан бошқа нарсаларга ғарқ бўлса, бу ҳолда қалб Аллоҳдан тўсиб қўйилгандир”, деб айтадилар. Бу ҳақда Қуръонда

“…Балки уларнинг дилларини ўзларининг қилмишлари (гуноҳлари) қоплаб олгандир. Шубҳа йўқки, улар ўша (Қиёмат) Кунида Парвардигорлари (дийдоридан) тўсилувчидирлар (Мутаффифун сураси, 14,15-оятлар) дея Эслатма берилади. Астағфируллаҳ!

“Шуни яхши билингки, албатта, инсон яратилишида ва унинг таркибида тўрт хил унсур йўлдош бўлиб юради:

йиртқичлик, ҳайвоний, шайтоний, раббоний сифатлар. Ҳар бир инсонда булар озгинадан бўлса-да, учрайди – булар ҳаммаси қалбга жамланган бўлади” (Ғаззолий).

Инсон ўз ҳаёти давомида ана шу тўрт унсурнинг қайси бирига кўпроқ ғарқ бўлади: ҳайвонийликними, шайтонийликними ёки раббонийликними – ўша унсур қалбни эгаллайди ва инсон ўша бўлиб қолади, Қиёматда Аллоҳнинг олдида ўша қалби билан туради.

Халқимиз ўзига, ўзгаларга “инсоф” сўраб дуо қилишади. Биз инсоф сўзини кўп ишлатар эканмиз-у, маъносини тўлиқлигича англамас эканмиз. “Ин” сўзи уй маъносини билдиради. “Соф” сўзи эса поклик маъносини билдиради. Қалб – вужудимизнинг уйи. “Инсоф” – қалб поклиги, тоза қалб дегани экан.

Умуман олганда, ботинимизга Аллоҳ жо этган, кўзимизга кўринмайдиган илоҳий неъматлар – ўзимизнинг ҳақиқатимиз – ким бўлганлигимиз ҳақиқатидир. Қалбимизда иймон бор, муҳаббат бор, юксаклик сари, ўз макони сари интилаётган руҳ бор. Бу илоҳий неъматларга ҳаётимиз мобайнида ўзимиз қандай сурат чизганлигимиз – ким эдик ва кимга айланганлигимизнинг ҳақиқатидир. Зулматда бўламизми ёки Аллоҳга яқинлашамизми, қалбимиздаги фаришталар қўйиб борган нуқталарнинг қайси бири кўп ёки камлигидан ҳам билса бўлади. Буни биз аниқ тушуниш учун ҳазил тариқасида “Қалб – одамийлик даражаси рейтингини аниқлайдиган илоҳий “восита” деб айтишимиз ҳам мумкин экан-да!


Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.


Популярные книги за неделю


Рекомендации