Текст книги "Мен кимман ёки мендаги “мен”"
Автор книги: Назар Юлдузхон
Жанр: Современная зарубежная литература, Современная проза
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 4 (всего у книги 8 страниц)
ҚАЛБНИ ҚУТҚАРИШ
“… Аллоҳ инсон билан унинг дили ўртасида парда бўлиб туради…”
Анфол сураси, 24-оят.
Аллоҳ Қуръонда Одамни гўзал суратда яратганлигини таъкидлайди. Биз ана шу гўзал суратда Унинг Даргоҳига қайтишимиз кераклигини бизга Эслатади. Бунинг учун Қалб барча шайтонликлардан қутқарилиши керак. “Қалб муқаддас бир олам, “талаб қилинадиган ҳам, хитоб қилинадиган ҳам, итоб қилинадиган ҳам, жазоланадиган ҳам қалбдир”.
Қиёматда ҳамма каби мен ҳам сўроққа тутиламан. Мен ҳам, ўзини энг улуғ, катта инсон, “зўр” деб ҳисоблаган валломатлар ҳам ҳеч қайси биримиз Бу Кундан ҳеч қаёққа қочиб, қутула олмаймиз. Ҳар биримиз шу кундан ўтишимиз пешонамизда битилган! Гувоҳлар иштирокисиз суд бўлмаганидек, ўша Сўроқ Кунида мен гапира олмайман. Менинг ўрнимга қўлим, кўзим, оёқларим, қулоқларим, ҳаттоки тилим ҳам мен ҳақимда, менга қарши гувоҳлик берадилар. Қалбим-чи? Қалбим нима қилади?
Қалб – бу Мен. Мен Қалбимда ўзимни акс эттираман ёки Қалбим мени ўзида акс эттиради. Мен Ердаги ҳаётим даврида ўз амалларим билан нима иш қилган бўлсам, шу нарсалар қалбимга чизилиб боради, қалбим ўшанга айланган бўлади. Нафсимга қул бўлган бўлсам, қалбим шайтон сифатлари билан аллақачон тўлган бўлади. Шу сифатлар сабаб Қалбим Нафси амморага айланган бўлади. Астағфируллаҳ! Лекин виждоним билан, иймон билан Раҳмонга қул бўлган бўлсам, Раҳмон сифатлари билан қалбим Нурга тўлган бўлади, қалбимдан Нур таралаётган бўлади, Иншааллоҳ! Мана, менинг қалбим нима қилади!
Аллоҳ Муқаддас Қуръонда “… Аллоҳ ва пайғамбарга итоат этингиз…” дея Буйруқ беради (Оли Имрон сураси, 32-оят). Биз Аллоҳнинг ушбу буйруғини бажараяпмизми? Унга қанчалик итоатда бўлаяпмиз? Биз Аллоҳга итоат этамизми, шайтонга итоат этамизми – бу ўзимизнинг танловимиз! Исо алайҳиссаломнинг қирқ кун чўлда сувсиз, оч-наҳор юрганларидан фойдаланиб шайтон у зотнинг олдиларига ноз-неъматларни қўйганини, шайтони лаъиннинг у зотга берган ваъдасини эсланг: “Кимки менга итоат этса – мансаб, бойлик, барча ҳукмронликни ато этаман!” деган. Пайғамбарлар ҳаёти биз учун ўрнак. Ҳазрати Исо ўрниларига ўзимизни қўйиб кўрайлик: Ҳаётимиз давомида неча маротаба мансаб деб, бойлик деб ёки кимларгадир ёқиш учун, ёки бир нарсага эришиш, эга бўлиш учун ўз иймонимизни шайтонга бериб қўйганмиз? Раҳмонга эмас, шайтонга итоат этганмиз? Агар бу ҳолат давомли бўлиб келаётган бўлса-чи?
Яхшилик сари, савоб умидида юрмаслик, адолатсизлик, ўғрилик, порахўрлик, нафс кетидан қувиш, ҳасад, кибр, ғийбат, чақимчилик, хоинлик, туҳмат, бўҳтон, фирибгарлик, қўрқоқлик, бировни ёмон кўриш, қизғанчиқлик, ўч олиш, бадгумонлик, ғўдайиш, кеккайиш – бошқаларни назар-писанд қилмаслик, ҳақорат қилиш, мансабпарастлик, ҳукмронлик, агрессия, тажовузкорлик, билимсизлик, жоҳиллик, фитна, қоралаш, ҳаттоки бировлардан хафа бўлиш ҳам шайтонга қул бўлишликнинг белгилари бўлиб, булар қалбни бузувчи, қорайтирувчи амаллардир.
Агар нима учун бу дунёда яшаётганимизни билмасак, шайтондан огоҳ бўлмасак, у дунёда абадий азобдан халос бўлиш учун қалбимизни бу дунёда қутқариш кераклигини ўйламасак, бундай ҳолда ҳаётимиз давомида бу нарсалар билан шайтон қалбимизни чиройли қилиб қора рангларга “бўяб” қўяди, унга итоат этганимиз сари бизнинг ҳаёт йўлимиз қалбни бузувчи йўллардан иборат бўлади. Қандай қилиб шайтонга айланиб қолганлигимизни ўзимиз ҳам билмай қоламиз! Астағфируллаҳ! Ахир Қуръонда бу ҳақда Аллоҳ бизни огоҳлантирган-ку?!
Бу дунёга келгач, ўз ваъдамизни унутишимизни билган Улуғ Аллоҳ Раҳмон ва Раҳимлиги туфайли одамзодга пайғамбарлар юборди, Муқаддас Китобларни туширди. У бизга “йўл” кўрсатди, “Пайғамбарга эргашинг!” деди. Нима учун? – Қалбни қутқариш учун! Аллоҳнинг олдида қорайган қалб билан турмаслик учун!
Қалбни қорайишидан қутқариш ўз-ўзидан бўладиган осон иш эмас. Бунинг учун то ўлгунича инсондан огоҳлик ва машаққат талаб этилади. Буни биз қадимги ҳинд донолигидан келтирилган бир нақл мисолида кўришимиз мумкин:
Бир ёш йигит қирғоқ бўйида “нилуфар гули ҳолати”да муроқаба ( медитация) ҳолатида ўтирган авлиё олдига келади. У авлиёга бўлган ўз ҳурмати, эҳтироми борлигини исботламоқчи бўлди.
Ёш йигит мурожаатни аввал унга савол беришдан бошлаш зарур, деб ҳисоблади. Унинг фикрича, авлиё унинг саволига, албатта, жавоб қайтаради ва шу билан бирга менга ўз эътиборини қаратади, деб ўйлайди (Бу ерда қалб эмас, ақл ишлаётганига эътибор беринг).
Йигит авлиёдан:” Мен авлиё бўлишим ва ўз дилимни ўзим қутқаришим учун нима қилишим керак?” деб савол сўрайди. Лекин ўзи кутганидек бўлмайди: куни билан авлиёнинг олдига келиб савол сўраган ёки бирор муаммо юзасидан шикоят қилган, ёки унга ўз ҳурматини бажо келтирган одамларга индамагани, саволларга жавоб бермагани каби авлиё бу йигитнинг ҳам саволига жавоб бермай индамай ўтираверди.
Ёш йигит ўзининг қатъиятли эканлигини кўрсатмоқчи бўлди. У ҳар сафар кимдир авлиёдан бирор нарса сўраса, у ҳам муҳим бўлган саволини қайта-қайта бераверди. Лекин авлиё аввалгидек сукут сақлаб индамай ўтираверди.
Кечга яқин бир бечора камбағал қўлларида юки билан “нилуфар гули” ҳолатида ўтирган авлиёдан шаҳарга қайси йўл олиб чиқишини сўради. Шунда авлиё тезгина ўрнидан турди, камбағал одамнинг юкини қўлидан олди ва уни йўл бошига олиб чиқиб, шаҳарга олиб бориладиган йўлни батафсил тушунтириб берди. Кейин қайтиб келиб яна муроқаба қилишга ўтирди.
Бўлиб ўтган воқеадан йигит қаттиқ таажжубга тушиб қолди. У умидсизликка тушиб, авлиёдан: “Бу нимаси?! Сиз нима учун бу одамнинг дунёвий саволига жавоб бериб, ўз вақтингизни сарфладингиз, менинг эса Дилни қутқариш учун кун бўйи берган саволимга эса ҳеч қандай жавоб бермадингиз?” деб алам билан сўради.
Авлиё ўрнидан турди. У дарё томонга ишора қилиб унинг орқасидан юришни таклиф қилди. Авлиё сувга тушди. Йигит эса хоҳламайгина унинг кетидан сувга тушди. Сув совуқ, шамол эса баданни тешиб юборгудек эди. Авлиё бир оз чуқурроқ жойгача келди ва йигит томон ўгирилди-да, кутилмаганда бирдан унинг елкасидан тутиб бошини сувга тиқди.
Йигит унинг темирдек қўлидан чиқиб кетишга ҳарчанд уринмасин, авлиё уни бир муддат сувда ушлаб турди-да, кейин қўйиб юборди. Уни қўйиб юбориши билан йигит тутаққанича нафас ола бошлади, лекин ҳавога тўймас эди. Донишманд эса сокинлик билан: “Сувни тагида ҳаётинг учун ҳаммадан кўпроқ нима нарсани истар эдинг?” деб сўради. У эса жон ҳолатда “Ҳавони!” деди. “ Мен фақат ҳавони истадим!” Авлиё яна сўради:
“Фақат ҳавоними? Балки сен ана шу вақтда бойликни, машҳур бўлишни, одамлар орасида мавқега эга бўлишни, сенга эътибор қилишларини, улар устидан ҳукмронлик қилишни истагандирсан? – Нима? Менга фақат ҳаво керак бўлди! Фақат ҳаво! Фақат ҳаво ҳақида ўйладим! Бошқа нарса ҳақида эмас! “ Мен усиз ҳалок бўлар эдим!” деб бақириб юборди йигит.
– Худди ҳозиргидек ўз ҳаётингни сақлаб қолиш учун ҳавони жуда қаттиқ истаганингдек, сен авлиё бўлишинг учун аввало ўз Дилингни қутқариб қолишни ҳам шундай қаттиқ исташинг керак. Сен туну кун ҳаётингдаги ана шу биттаю битта орзуинг учун интилишинг, курашмоғинг лозим. Агар сен сув тагида ҳаётингни сақлаб қолиш учун қанчалик курашган бўлсанг, ўз Дилингни қутқариб қолиш учун ҳам худди шундай тарзда шижоат билан ўз устингда ишласанг, сен албатта авлиё бўласан ва Қутқариласан!
Авлиё шу сўзларни айтиб дарёдан чиқа бошлади. Авлиёнинг сўзларидан қалби уйғонган йигит сувда турганича тикка туриб қолди. У сувнинг совуқлигини ҳам, баданни тешиб юборгудек шамолни ҳам энди сезмас эди. Авлиё эса қирғоққача борди ва орқасига қайрилиб: “Қўлида юки бор одамга ёрдам берганимнинг сабаби шуки, бугун келган одамларнинг ҳаммасини ичида фақат шу одамгина ҳақиқатда айнан ўзи излаган нарсасини сўраган эди” деб, ўз “дарси”га нуқта қўйди.
Дарҳақиқат, ҳаёт сиз хоҳлаган ишни қиладиган ўйинчоқ эмас. Бу дунёга биз ҚУТҚАРИЛИШ учун келганмиз. Қалбимизни шайтондан қутқариб, Раҳмон сифатлари билан Нурга тўлдириш, Нур таратиб туриши учун келганмиз. Бунинг учун «Ҳар нафасимиздан огоҳ» бўлиб яшашгина қалбимизни қутқариши мумкин. Бўлмаса…
МЎМИННИНГ ҚАЛБИ
Улуғ инсонлар инсон қалбини Каъбага қиёс этишган. Бир одамнинг дилини вайрон қилиш Каъбани бузиш билан баробар, бир одамнинг қалбига хурсандчилик, шодлик олиб кириш, Каъба қурган билан баробар деб ҳисоблашган. Улар ҳадисга кўра: ”Мўминнинг қалби – Худонинг уйи” деб билишган. Инсоннинг қалби муқаддас бир олам, шунинг учун ҳам инсон энг муқаддас зот, деб инсонни эъзозлашга, қадрлашга чақирганлар.
Мўмин Аллоҳ наздида энг шарафли инсон ҳисобланар экан. Биз, инсонлар, Аллоҳнинг Яккалигига, Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг расули, пайғамбари эканлигига қалбан ишонганимиз учун ҳам ўзимизни мусулмон деб ҳисоблаймиз. Лекин ҳамма ҳам мўмин даражасига ета олмайди. Бунинг учун Одам ҳар нафасда ўзини ўзи қутқариш учун ўз устида тинмай ишлаши, қалбини нафс, кибрдан доимо тозалаб, гард теккизмай юриши, илм, билимлар излаши натижасида қалбан, руҳан Аллоҳнинг бандасидан бўлак “ҳеч ким” эмаслигини англаб, шу “англашлик” билан ҳаёт кечириш – бу мўминликдир. Бундай одамлар кишилар кўзига ночор, заиф бўлиб кўринадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен сизларга аҳли жаннатнинг кимлигини хабар берайми? – Аҳли жаннатлар – заиф кишилардир, одамлар кўзига заиф кўринган, уни заиф деб санайдиган кишилардир. Лекин улар қасам ичса, Аллоҳнинг Ўзи уларнинг қасамини юзага чиқаришига ёрдам беради, чунки улар одамларнинг кўзига заиф кўрингани билан Аллоҳ наздида кучли одамлардир. Мен сизларга аҳли дўзахнинг хабарини берайми? Улар саркаш, мутакаббирлардир…” (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳ маърузаларидан) деб айтган эканлар.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан: Эй Расулуллоҳ! Аллоҳ қаерда, ердами, осмондами? – деб сўрашибди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ мўмин бандаларнинг қалбидадир”, – деб жавоб берибдилар (Умар розияллоҳу анҳу, Табароний)
Ривоят қиладиларки, бир кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳодан хурсанд бўлиб: “Эй Оиша мендан хоҳлаган нарсангни сўра”, дебдилар. Оиша розияллоҳу анҳо жуда ҳам зийрак аёл бўлганлари учун, энг яхши нарсани сўрашни истабдилар ва “Бу борада отам билан маслаҳатлашаман”, деб айтибдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига бориб воқеани баён қиладилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Меърожга чиққанларида Аллоҳ таоло у зотга сирларни айтган. Ўшалардан бирини айтиб беришларини сўра”, дебдилар.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо ўша нарсани сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Роббим менга Меърож кечасида “Менинг наздимда мўминнинг даражаси шу даражада юқорики, қайси бир мўмин бошқа бир мўминнинг қалбига хурсандчилик солса, албатта, жаннатий бўлади, деб хабар берди”, дедилар.
Оиша розияллоҳу анҳо хурсанд бўлиб, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга бу гапни етказган эдилар, Абу Бакр қаттиқ йиғлаб юборадилар. Оиша розияллоҳу анҳо: – “Нега йиғлайсиз, ахир бу хурсандчилик хабар эмасми”, деганларида, “Бу – мўминнинг қалби Аллоҳ таолонинг наздида шу даражада қадрлики, ким унга озор етказса, дўзахийдир” дегани бўлади, – деб айтган эканлар Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг маънавий даражалари фавқулодда юқори бўлган. Бизнинг маънавий оламимиз у даражада бўлмаса ҳам, ҳеч бўлмаганда ана шу гапларининг мазмунини англаганимизда эди, ҳаммамиз бир-биримизнинг моддий кўринишимизни эмас, бир-биримизнинг қалбимизни, ундаги Аллоҳнинг уфуриб турган нурини кўрган бўлар эдик ва Аллоҳнинг муҳаббати билан (воситасида) бир-биримиз билан мулоқот қилган бўлар эдик. Ҳаммамизнинг вужудимиз мисоли атом каби “бир” эканлигини, биз эса унинг зарралари эканлигимизни англаганимизда эди…
Аллоҳ олдида қадрли бўлган қалбимизни ўзимиз қанчалик ҳис этамиз? Ўзгалар қалбини-чи? Биз ўзгаларнинг дилини оғритиб қўйиш гуноҳининг қанчалик ҳалокатли эканлигини англаймизми? Фаришталар Одамга сажда қилганларида, аслида Одам алайҳиссаломнинг сиймосида, қалбида Аллоҳнинг неъматини кўришган ва Аллоҳга сажда қилишган. Биз инсонлар бир – биримизга фаришталар қарагандек қараймизми ёки жин қарагандек қараймизми? Биз бир-биримизга бўлган муносабатларимиздан кимга айланиб борамиз? Фариштагами ёки жинга?
Машаққат ва риёзат билан ислоҳ қилинган, меҳрмуҳаббат билан тўлган пок қалб инсонни фариштага айлантиради. Бундай одамлар бир-бирини қадрлайди, ҳурмат қилади. Ўз қалбини англамаган, уни ислоҳ қилмай нафс, “мен”лик хоҳиши, истаклари билан ўраб-чирмаб ташланган қалб қорайиб, чирк босган шишадек бўлиб қолади. Назоратдан четда бўлган қалб эгасини, унинг “мен”лигини иблис бошқаради. Бундай одам Қуръонда хабар қилинганидек, ўзи билмаган ҳолда одам қиёфасидаги шайтон ёки жин бўлади. Бундай одамлар одамларга озор беришдан, хўрлашдан, ҳасад, адолатсизлик қилишдан ҳайиқмайдилар, Мана, қалб инсонни нима қилади! Биз ҳамиша икки йўл ўртасидамиз. Танлов – ўзимиздан!
Бу танловда бизнинг қалбимиз ўз Роббиси ҳузурида ё атиргул мисоли бўлади, ё чақир тиканак… Эй Аллоҳ! Нафсим туфайли қалбимни шайтонга бериб қўйишдан ўзинг асра! Қалбим Сенинг Ҳузурингда гулкосачалари ўз ўрнида жойлашган мисоли Атиргул бўлиб туришига насиб эт!
Давоми бор…
МЕN KIMMAN YOKI MENDAGI “МЕN”
“MEN”DAGI “MEN”
MEN KIMMAN?O‘n sakkiz ming olamning qaysi biridadirman,
Inson zotiga pinhon qaysi siridadirman…
Chorsham’ Ro‘ziyev
Siz Alloh yaratgan o‘n sakkiz ming olam qanday olam ekanligi haqida hech o‘ylab ko‘rganmisiz? Nima uchun Alloh o‘n sakkiz ming olamni yaratgan ekan-a? Mana shu o‘n sakkiz ming olamning biri bo‘lgan Yer sayyorasini, shuningdek, insoniyatning ana shu kichik mikrokosmosda yashashining sababi haqida hech o‘ylab ko‘rganmisiz? Masalan, ruhoniy olamdagi bir javhar sifatida Alloh sizning ruhingizni Yerga tushirib, moddiy tanaga joyladi. Nima uchun Alloh bu ruhni tanamizga joyladi? Bir javhar (efir) sifatidagi Ruh ilohiy olamda “sayr” qilib yuraversa bo‘lmasmidi? Yuqori olamlardan kelgan ruhi javhar nima uchun u aynan ODAM tanasiga joylandi? Buyuk Yaratuvchining bunda qanday Ilohiy rejasi bor ekan? Ruh odam tanasida nima qiladi? Qanday vazifani bajaradi? Odam o‘lgandan so‘ng u nima qiladi? Ulug‘ Alloh subhonahu va taolo “Biz osmon va Yerni hamda ularning o‘rtasidagi bor narsalarni shunchaki behuda yaratmaganmiz…” deya bizga Xabar beradi (Sod surasi, 27-oyat). Biz Allohning bu Xabarini qanchalik tafakkur qilamiz? Bu hayotga behudaga kelmaganligimizni biz qanchalik anglaymiz? Biz o‘zimiz yashayotgan Yer sayyorasini qanday tasavvur qilamiz? Unda odamzod uchun berilgan hayotning ma’nosi nima ekanligini qay darajada anglaymiz? Odam o‘zi kim? Uning bu olamga bir muddatga kelib ketishida qanday sir yashiringan?
Balki olami kubro, olami sug‘ro (makrokosmos va mikrokosmos) haqida kengroq tasavvur va bilimlar insonning yaralishi, tuzilishi va Yer yuzida yashash sirlarini bilishga imkon berar? Axir Qur’onda ham Ulug‘ Alloh: “Osmonlarga qara. Tafakkur qil!” deya bizga eslatma berganku?! Samodagi sayyoralar haqida o‘rgansangiz, ularning har biri bir olam, har birining o‘z unsuri (element), o‘z faoliyati, belgilangan vazifasi borligidan hayratlanasiz.
Sayyoralarning o‘zaro bir-biri bilan va Yer bilan o‘zaro uyg‘un harakati, Yerning unsuri, undagi hayot, umuman olam va odamning ketma-ketlik (iyerarxiya) tartibida yaratilishida ana shularning barchasidan ham insonning qay tarzda mukammal yaratilganligi va bu dunyoga kelishimiz sababi haqida o‘rganar ekanmiz, Ulug‘ Allohning Qudratidan hayratga tushamiz, butun bir Koinot oldida zarradek bo‘lsak ham bizni ulug‘ vazifa uchun “yuborganini”, Uning bizga bo‘lgan Muhabbatini his qilib boramiz va Uning cheksiz Muhabbati, Ulug‘ Qudrati oldida yana bir bor bosh egamiz, taslim bo‘lamiz (Aslida namoz va sajdaning, ibodatning mazmuni ham shundan).
Siz “Insonning ruhida, aqlida butun bir olam turadi”, degan iborani qanday tushungan bo‘lar edingiz? Butun olam – bu makrokosmos. Qanday qilib o‘zim ko‘rmaydigan va men hali yaxshi anglamagan Koinot mening ruhimda, aqlimda jo bo‘lishi yoki aks etishi mumkin? Insonning bunday yaratilishida, yashashida, olam bilan bog‘liq aks etishida qanday bog‘liqlik, sir-sinoatlar bor? Aslida men o‘zi kimman? O‘zim haqimda men nimalarni bilaman? Nahotki Ulug‘ Donolik bilan yaratilgan butun olamni Odam aksida ko‘rish mumkin bo‘lsa? Nahotki Alloh butun Koinot, sayyoralarni Odam uchun harakatga keltirib qo‘ygan bo‘lsa?! Nahotki o‘n sakkiz ming olam, Yerdagi barcha nabotot, jonzotlar faqat Odam uchun yaralgan bo‘lsa? Nahotki Alloh jismimizdagi a’zolarimizni, milliardlab hujayralarni biz uchun xizmat qilishga yaratgan bo‘lsa?! Qanday qilib? Nima uchun shunday? Darhaqiqat, odam o‘zi kim?
AQShdagi Jon Kennedi aeroportida bir jurnalist “Sizningcha dunyoda eng qabih narsa nima?” degan savol haqida so‘rab, odamlarning fikrlarini bilmoqchi bo‘ladi. Odamlar bu savolga urush, uysizlik, kimdir hiyonat, kasallik deb javob beradilar. Shu vaqtda aeroportda bir rohib o‘tirgan bo‘ladi. Jurnalist bu odamning yoniga kelib, shu savolini beradi. Rohib esa bunga javoban unga qarama-qarshi savol beradi: Siz kimsiz? – Men – Jon Smit. Rohib esa: Yo‘q, bu Sizning ismingiz. Siz kimsiz? – deb yana so‘raydi. Jurnalist qaysi kompaniyaning jurnalisti ekanligini aytadi. Rohib esa yana: Yo‘q, bu Sizning kasbi-koringiz, Siz kimsiz? – deya yana savol beradi. Jurnalist hayron bo‘lib: Men odamman! deydi. Yo‘q, deydi boyagi rohib, bu – sizning biologik ko‘rinishingiz. – Siz kimsiz? – deb yana so‘raydi. Ana shundan keyin jurnalist rohibning savoli nimada ekanligini anglaydi va hayronligidan, nima deb javob berishini bilmasdan og‘zi ochilganicha qoladi. Shunda haligi rohib: “Mana shunday o‘zini kim ekanligini bilmaslik – dunyodagi eng qabih narsa”, deb javob qiladi. Vo ajabo! Nahotki bu gap oddiy haqiqat bo‘lsa!? Nahotki insonning o‘zining kim ekanligini bilmasligi – bu eng tuban, qabih narsa bo‘lsa?! Rohibning bu javobini qanday tushunish mumkin? Siz-chi? Bu savolga siz qanday javob bergan bo‘lar edingiz? Siz o‘zingizni taniysizmi? Qanday taniysiz va qaysi jihatdan taniysiz?
Haqiqatan ham, “kimsan?” degan savolga odamning miyasiga birinchi navbatda uning odamligi, erkak yoki ayolligi, yoki qaysi millatdan, qaysi manzildan ekanligi, hattoki kasb-kori, mansabi, mavqeyi keladi. Dunyodagi odamlarning barchasi ana shunday umumiy xususiyatlarga egalar. Bu xususiyatlar esa moddiy olamga tegishli xususiyatlardir. Lekin insonning ma’naviy-ruhiy olami ham borki, unda insonning asl xususiyatlari tarkib topib boradi. Inson o‘z ma’naviy-ruhiy olamiga o‘zi chizgi tortib boradi va o‘zining kim ekanligini o‘zi yaratadi. Bilamizki, bu dunyoga kelgan inson albatta yana o‘ladi. Uning tuproqdan yaralgan tanasi yana tuproqqa qaytadi. Lekin uning ma’naviyruhiy olami nima qiladi? U tuproqqa ko‘milmaydi. Ma’naviy ruhiy olam tuproqdan yaralgan emas. Shuning uchun ham u yaratgan o‘z Egasining oldiga – samolarga oshiqadi. Unday holda nima uchun biz anglamaydigan ruh osmonlardan – o‘z olamidan kelib, inson jismiga joylandi? Bunda ne sir bor? Umuman olganda Alloh qanday “dastur” bilan odamzodni yaratib, uning qalbiga “ ilohiy javhar”ni joylagan ekan?
Mening bu dunyoga G‘ayb (ko‘rinmas) olamidan kelib, yana bu dunyoni tark qilishimda – o‘lishimda nima ma’no bor? O‘lim – bu abadiy hayotmi? O‘limdan keyin men qanday hayotda yashayman? G‘ayb nima? Bu qanday olam? Mening g‘ayb olamidagi borlig‘im qanday holda bo‘lgan? Men Yerda birmuncha vaqt yashagandan so‘ng, yana g‘ayb olamidagi o‘z holimda qaytamanmi yoki boshqa bir holatga o‘tgan holda qaytamanmi?
Biz bu olamning sir-sinoatidan qanchalik xabardormiz? Biz o‘zimiz haqimizda, hayot haqida, o‘lim haqida hech o‘ylab, tafakkur qilib ko‘rganmizmi? Bizning inson, uning borlig‘i haqidagi bilimlarimiz qay darajada? Insonning bu dunyoga kelishining haqiqiy mohiyati nimada? Qanday qilib inson o‘zi haqidagi savollarga o‘zi javob topa olishi mumkin?
Aslida esa, men ham asl kimligimni bilmasam, qayerdan, qaysi olamdan kelganimni, jismimga Alloh qanday ne’mat ato etganligini va ana shu “ne’mat” bilan nima uchun Yerda vaqtincha yashashga kelganligimni bilmasam, hayot yo‘lim nimadan iborat ekanligini, men qanday yo‘lda ekanligimni va qanday yo‘ldan ketayotganligimni, bu yo‘l qayerga olib borishini anglamasam, u holda rohib aytgan javob menga ham tegishli bo‘ladi, yaratilgan hayvonlardan farqim qolmaydi.
Inson ana shunday “tuban, qabih” ahvolga tushib qolmasligi uchun mehribon Alloh minglab yillar davomida Yer yuziga o‘z payg‘ambarlarini yubordi, Muqaddas Kitoblarini tushirdi va nihoyat bu ishiga nuqta qo‘ygan holda olamga Quyosh bo‘lib kelgan Ulug‘ payg‘ambar Muhammad sollallohu alayhi vasallam bilan birga Qur’oni Karimni berdi. Mana, necha asrdirki, Ulug‘ Eslatmadan ogoh bo‘lib Haq yo‘lidan yurib, o‘zini topgan topdi, topmagan esa “naqdini” qo‘ldan berdi va berib kelayapti.
Правообладателям!
Это произведение, предположительно, находится в статусе 'public domain'. Если это не так и размещение материала нарушает чьи-либо права, то сообщите нам об этом.