Текст книги "ТАНЛАНГАН АСАРЛАР"
Автор книги: Нурмуҳаммад Исроилов
Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия
сообщить о неприемлемом содержимом
Текущая страница: 10 (всего у книги 31 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]
МАКТУБ
Барно қиз, кўнглингга олмагил оғир,
Ёзмакда бўлганим ушбу ишқий хат
Сени севган йигит номидан ахир,
Бошқача айтганда бу – холис хизмат.
Юракка теккандай залварли ларза
Билмадим, негадир кўзни ёшлайман.
Хаёлга толаман ва ушбу лаҳза
Йигитнинг номидан мактуб бошлайман:
“Шеърда айтгим келди изтиробимни,
Букун кўнгил отлиғ жаҳоним ёнди.
Ўғирлаб тинчимни, ўйим, хобимни.
Ишқибоз бағримда шоир уйғонди.
Ишқ билан дуч келган шоир зоти ҳам
(Бу ўринда ўзни назарда тутдим)
Севгисини шеърга солмаган экан,
Мен сенга шеър билан мурожаат этдим.
Ажиб имо билан боққан юлдузлар —
Сени таъқиб этган кўзларим менинг.
Бийрон сойлар сирли шевада сўзлар —
Илтижолар тўла сўзларим менинг.
Бу онларда, гарчи бўлса ҳам оғу
Севги бодасини келмакда ичгим.
(Ўзимга ҳеч қачон оташ тўла бу —
Каломларни ёзиб бермаган ҳечким).
Мени кутаётган шу гулшан ҳаёт
Бағрига олгуси бир муборак дам.
Муҳаббат шу қутлуғ остонада бот
Мен қўяр покиза қадамдир, қадам.
Сени ҳам муҳаббат бошласин йўлга,
У сирли қушдирким, парвозлари ҳур.
Тила, қанот қоқсин ўшал манзилга:
Мен кутган боғларга учмоқни буюр.
Гулга кўмиладир тобора бу боғ,
Хазон нелигини тамом унутиб.
Инонгил, маҳбубим, хайрли бир чоқ,
Мен сени бу боғда олурман кутиб…”
Хатга нуқта қўйдим, азиз китобхон,
Севги туғёнидан титради жоним.
Хат – йигит орзуси эди бегумон,
Менинг эса дилда қотган армоним.
ЯШАШ НАСИБАСИ
Ҳаёт ҳам насиба, буюк бир неъмат,
Ноёб мукофотдир ва тенгсиз имкон.
Билмоғи керакдир, билмоғи фақат
Бу оддий ҳақиқат нелигин инсон.
Тонгни қаршиламоқ, юлдузни кутмоқ,
Ғазаллар тингламоқ, айтмоқ қасида,
Шодон кунларингда ғамни унутмоқ
Бордир шу ҳаётнинг насибасида.
Бу шундай тушунча, шундай тушунча:
Муҳри саодатдир, тамғайи тақдир.
Ўлим – ечилмаган банди тугунча,
Яшамоқ – бу йўлда энг доно тадбир.
Ҳаёт дашти аро ғимирлар ҳар жон,
Хоҳи кекса бўлсин, хоҳ норасида,
Бу кураш, қимирлаш тингандир қачон,
Бу ҳам ахир яшаш насибасида.
Умид шаъми билан яшасанг хўброқ
Умрнинг энг қалтис, танг лаҳзасида.
Демакки, ҳаққинг бор бундан ҳам кўпроқ
Муборак шу ҳаёт насибасида.
Майлига, ҳар онинг сир бўла қолсин,
Кутса ҳам машаққат, майли, олдида.
Гоҳ қанча офатлар бир бўла қолсин,
Зафар чароғини қўлга олгин-да,
Курашлар измини тутгил барқарор,
Жон учун хасталик исканжасида:
О, ахир, кимнингдир пок луқмаси бор
Сен орқали яшаш насибасида.
Ҳа, ёлғиз сеники эмас бу ҳаёт,
Акс-садо таралар сенинг оҳингдан.
Аслида бу олам бор азал-абад,
Фақат ўтар сенинг қалб, нигоҳингдан.
Яшамоқ бўлмайди, йўқдир барқ уриш
Латофат гулининг хору хасида.
Бесамар чўплардай қоқ-қақшаб туриш
Бўлмаса бас яшаш насибасида.
БУЛУТЛАР
Ранг тасвири санъатин севинг, шоирлар
И.Заболоцкий
Гоҳ увада тусли, гоҳи зарнигор —
Кўк узра булутлар сузиб борарлар.
Оний ўзгарувчан, бешон, беқарор —
Йўл-йўлакай карвон тузиб борарлар.
Ҳайратлар ичрамиз бизлар – инсонлар,
Бағирга шу рангин олам киради.
Фалакда югурган абри найсонлар
Замин майсаларин энтиктиради.
Лаҳза сайин ўзга манзара зоҳир,
Ва ўзгача суврат кўк нилигунда.
Жаҳон чароғига маъно бу ахир,
Чақинларнинг юрти шундадир, шунда.
Булутлар шу нигоҳ етмас самода
Майдон излайдилар шўх дайдигани.
Турфа булутлар бор мовий дунёда:
Бордир ёғадиган, ёғмайдигани.
Зум ўтмай юксакда мусаввир хилқат
Ҳайрат гулларини қайта теради.
Булут карвонлари тўхтамас фақат,
Ўтмоқда, ўтади, ўтаверади.
Бизда ҳам турфадир қиёфа ва тус,
Нияту кайфият турар ўзгариб.
Гоҳ шодумон бўлсак, гоҳида маъюс,
Гоҳ олис йўллардан қайтамиз ҳориб.
Гоҳида бахилмиз, гоҳида ҳотам,
Гоҳида омад ёр, гоҳи калта қўл.
Гоҳ сафдан чеккароқ босгувчи қадам,
Гоҳида ўзимиз бошлагувчи йўл…
Шуурнинг четида бир нидо мубҳам:
“Булутлар ўткинчи, қисматлари шу”.
О, ёғиб яшайлик биз инсонлар ҳам,
Биз ҳам бу дунёда қолмасмиз мангу.
ШУКРОНА
Мурғак япроқларда ёмғир шитирлар —
Мақоми юқори даҳовий баёт.
Заминга самовий сирлар шивирлар
Ғуборлардан ҳоли шу оби ҳаёт.
Ёмғир тўхтамайдир билмагандай ҳеч
Яшаш қўшиғини айтиб япроққа.
Кимдир қўйилишин шу ёмғирли кеч
Кўклам туғаётган кўҳна тупроққа.
Жўшар томиримда тириклик қони —
Ҳар кечган лаҳзанинг зарби бор унда.
Не-не шодликларнинг оташ жавлони,
Не-не ҳасратларнинг ҳарби бор унда.
Тикан озорини чекди қўлларим
Ҳар гал висол гулин узганимда шод.
Дарди ҳижронларни қаршиладим жим —
Машаққатсиз ҳосил бўлмади мурод.
Бедор, беҳаловат не-не кечалар —
Самараси шеърни оққа кўчирдим.
Сизга хатлар битиб, азиз жўралар,
Соғинч қушларини кўкка учирдим.
Офтобнинг нурафшон рухсорин тилаб,
Гоҳо булутларга ёниб ёлбордим.
Йўлларнинг ҳар гиёҳ, тошини силаб
Оҳулар изидан тоғларга бордим.
Ҳофизлар сел қилиб, сел бўлиб ўзи,
Ҳазрат Навоийдан ўқиган дамда,
Дедим: ҳикмат борми ва шоир сўзи
Бундан ҳам олийроқ ёруғ оламда?
Маъно маҳзанига калит қидириб,
Девонни қўлимга олдим ҳар қалай.
Сирли жавоҳирлар боғига кириб,
Заҳматлар эвази дур тердим талай…
Юракка қолдириб ҳаяжонларни,
Яшаш шукронасин шивирлайди лаб.
Умрим ҳадя этур ёруғ онларни
Ҳар гал қисматимга баланд нарх тўлаб.
НОТАНИШ ГЎЗАЛ
Поксан рисолада битилган мисол,
Суврати, сийрати ва матлаби хўб.
Беназир, беқиёс, тенгсиз, бетимсол
Навоий куйлаган маҳбуб каби хўб.
Янги гап айтмоқдан йироқман бу кез,
Ожиздир, ожиздир мендаги назм.
Фақат ҳайрат ичра бироқ мен бу кез
Комиллик олдида қилурман таъзим.
Кўзни гўзалликдан узмоқлик оғир,
Қалб куйламоқ тилар бир ғазал бўлиб.
Чиндан ҳам бу олам қолмаган ахир
Ҳеч вақт мўъжизага камбағал бўлиб.
Инонмасман асти ишқ заволига,
Яшарман умрингга камоллар тилаб,
Фақат ачинарман… дунё ҳолига:
У қолур бир куни сенсиз ҳувиллаб.
* * *
Биз бормиз: баландда юлдузлар там-там,
Уларнинг олдида чўкамиз тизлар.
Бизлар бўлмагандай юз йил муқаддам,
Юз йилдан кейин ҳам бўлмасмиз бизлар.
Кетар чоғимизда юлдуз сўнади,
Тубо бутоғидан узилади барг.
Қалбларга ҳасратлар гарди қўнади,
Гўшамизни ногоҳ шодлик этар тарк.
Шу зайл айланур чархи кажрафтор,
Қутлуғ насибадир яшамоқ бахти.
Қисматлар сўнгида не шумликлар бор —
Даҳли йўқдай яшнар ҳаёт дарахти.
Ростдир: туғилмоқ бор бир ёруғ нафас,
Бахт билан учрашув бўлмас фироқсиз.
Бироқ, ҳеч он осмон юлдузсиз қолмас,
Ва Тубо қачон қолмас япроқсиз.
* * *
Бир он айланишдан тўхтамаган чарх,
Демакки, гардуннинг ўз меҳвари бор.
Гуллар боғимизда урармиди барқ
Қуёшни меҳвар деб билмаса баҳор.
Худкуш парвонанинг меҳваридир ўт,
То ёниб битгунча айланадир ул.
Шуурим, пок ният этагидан тут,
Меҳваринг шу бўлсин, шу бўлсин буткул.
Ҳатто пилдирак ҳам – оддий ўйинчоқ
Айланар ўз ўқи теграсида шўх.
Ногоҳ дағал қўллар тегиб кетган чоқ
Тўхтар чарх уришдан – гўё жони йўқ.
Мўйсафид Галилей – толеи қаро
Ҳакамга сўйлади сўнгги каломин:
“Барибир, барибир меҳвари аро
Айланар, айланар, айланар замин”.
Айланар юлдузлар, айланар кўзлар, —
Нурлар меҳваридир кўзлар қароғи.
Айланар кундузлар, айланар сўзлар, —
Сўзлар меҳваридир шеърнинг чароғи.
Сен ҳам айланасан, эй Ҳаёт, абад,
Буни англаганман севган онимда —
Лек, сенинг меҳваринг – буюк Муҳаббат…
Менинг жонимдадир, менинг жонимда.
* * *
Шўх гурунглар ўз бағрига олади бизни,
Қаҳқаҳалар тўлдиради тор кўксимизни,
Пайровлардан биз куламиз урганча тизни,
Шундай кезлар ўйлагаймиз бизлар дамодам:
Агар кулгу бўлмасайди, нетарди одам!…
Ғамхоналар томон гоҳи кирар онимиз,
Дард зўридан нақ ҳалқумга келар жонимиз.
Бу ҳам қисмат олдидаги имтиҳонимиз,
Фарёдларга айланади тизгини йўқ ғам —
Агар йиғи бўлмасайди, нетарди одам?..
ҚИШНИ СОҒИНИШ
Баҳор ўтди, ўтди саратон,
Мана, куз ҳам ўтиб борадир.
Эрта хилқат дарбозасида
Киритгил деб қиш ёлборадир.
Олдиндадир биринчи қорлар,
Ҳаволарда зангулали сас.
Ёнда қорхат олиб борарлар
Шўх жўралар тўхтамай бирпас.
Аёз тунлар олдинда ҳали
Чироғингни олисдан кўриб,
Сен томонга ошиқишлар ҳам,
Қор ёритган йўллардан юриб.
Оқ кенгликда югуришлару
Қонда ишқнинг жўш уриши бор.
Тўқнаш келган онда, ҳовурли
Нафасларнинг қўшилиши бор.
ҚУРИГАН ДАРАХТ
Дераза тагида шовуллаб бир вақт
Шоирга ҳикоя айтган беуйқу,
Қай чоғ қуриб қолди эвоҳ, бу дарахт,
Ҳайҳот, арра тортса ўтин бўлгай у.
Ахир, юрак бешак қайси бир пайтлар
Шу дарахтга қараб баҳорни кутган.
Ул елдан тиланиб не гўзал байтлар
Сир тўла қалбини шоирга тутган.
Кўклам келаётир, ёриб кураткни
Барг ёзмоқ олдида ўзга дарахтлар.
Сиз эса тинглангиз унут эртакни,
Яшил кўринганда кўзга дарахтлар.
Армон ҳам ўхшайди ўшал дарахтга,
Ушалмаган армон, кулмаган орзу.
Кимдир: талпингани етмаган бахтга —
Бевақт қуриб битган дарахт каби у.
Боғларни тўлдирган ниҳоллар-ку кўп,
Барини бағрига олмоқда наврўз.
Одамлар… одамлар кекса-ёшу ҳўб…
Лек кимни сўрайди, кимни излар кўз?!
Қушлар ҳам қайтмишдир ва урмиш ўзни
Эскими, янгими – яшил шохларга.
Шоир қидиради йўқотган Сўзни
Йўлни буриб ёруғ сайилгоҳларга.
Шоир тилагига қулоқ тут, ниҳол,
Шоир тилайдики, сен фақат бу пайт
Бобонгдир, момонгдир, онанг эҳтимол,
Айтиб улгурмаган қасидани айт.
ҲАЛИМА ШЕЪР АЙТАДИ
Ҳалима Худойбердиевага
Ҳалима шеър айтади самимий ва ғуборсиз,
Севги фариштасидан эшитганларин бир-бир,
Қўлингдан келса агар, тинглаб кўр эътиборсиз,
Бундай қилмак ҳар қалай қўлингдан келмас ахир.
Яшамоқ мазмунининг маржонига тизилар
Дурдона янглиғ ёниб ишқнинг калималари.
Риё ва лоқайдликнинг ҳаловати бузилар
Шундай куйлаб турганда ўзбек ҳалималари.
Бу назму назокатда юрак билан шуурнинг
Бир сўқмоқдан юргани намоён бўлур шундоқ.
Ёдимизда бир умр нақшланган шеърнинг
Қисмати муборакдир, тозадир, мусаффо, оқ.
Оқ қоғозга инониб Маҳзуна шум қисматин
Йиғлаб битган чоғида Ҳалима-ку йўқ эди.
Нодира ўзи билан оғир жудолик хатин
Олиб кетган чоғида Ҳалима-ку йўқ эди.
Қодирман ўзим дея яна нима-нимага,
Кўринг чархи давроннинг қилган кароматини:
Бугунги кунда, ахир бизнинг шу Ҳалимага
Не тонг, ростласа қизлар хўбликда қоматини.
Маъзур тутмаклик даркор оқила, бийрон, тийрак
Қизлар ҳам Ҳалимага овозда эргашсалар.
О, қувонмоқ керакдир, дилдан суюнмоқ керак
Комиллик чўққисига қизлар шундай шошсалар.
Ҳалима шеър айтади оташин, тархи тоза
Мусиқага заволлар етказмай бирор муддат.
Бу – ахир кимлигимиз – дунёларга овоза,
Бу – ҳалимлик бағрида етилган авжи шиддат.
Фазолар забт этилур, тандирдан узилган нон
Саватларга тўлади димоғни гуркиратиб.
Кимнингдир эшигини тақиллатган чоғи шом,
Ёруғлик бетин кўрар кимнингдир тонгги отиб.
Ҳалима шеър айтади, қалби қасидасини
Гулларга, одамларга атаб дили-дилидан.
Бир лаҳза ҳам руҳида узолмай ҳавасини
Момолар, боболари ўтган суюк элидан.
Худди шу сонияда она табиат пинҳон
Қай даҳо ҳомиласин бағрида улғайтади.
Дунё давом этади, давом этади инсон,
Ҳалима шеър айтади, Ҳалима шеър айтади.
АРМОНЛАРИМ
Руҳинг бу кез ўзгача: кўз етмас уфқ томон
Шиддатлар тулпорида етгинг келади чопиб.
Тизингда алп йигитнинг зўрини сезиб чунон,
Эзгу иш қилгинг келар бирор кимсани топиб.
Бир шеър ёниб кўринар ёдинг зарвароғида,
Самимий қўшиқ қадар – сохта ҳашамдан йироқ.
Фақат орқада қолган йилларнинг нарёғида,
Ёзмоқ тилагансану ёзолмагансан бироқ.
Қилолмаган ишларинг аччиқ бир армон бўлиб,
Руҳингни изтироблар жомига тортар ногоҳ.
Ички бир хўрсиниққа армонли кўксинг тўлиб,
Нафас билан чиқади бағрингдан оловли оҳ:
Гоҳ беруҳ сатрларга нечун қоғоз тўлғоздим,
Балки арзон шарафлар, ёлғон довруғлар учун?
Қалбимдан сўрамадим: нега бу шеърни ёздим?
Сўрамадим: у шеърни ёзмадим ахир нечун?
Деҳқон ва ишчи элинг ёки аллома зотлар
Дўстона гурунгларда шунчаки кўк чой усти,
Тўрт сатрингни ёд ўқиб билдирмаса ҳайратлар,
Сен кимга дарддошсану кимнингсан мунис дўсти?
Дарвоқе, қай бир дўстинг кўзида ёшлар кўриб,
Ёдингдами, ёнидан ўтиб кетганинг лоқайд?
Ёруғ бу олам аро сен шунча йўллар юриб,
Армоннинг нелигини англаб турибсан бу пайт.
Бир кун соҳибжамол қиз сайр чоғи ёнма-ён
Сойлар шилдирашида ажаб сирлар туйганда,
Эслайсанми, сен Шеърдан узоқлигингни аён —
Этиб унинг холига тўйиб отганинг ханда?
Қай тонг саҳархез қушлар шўх, иноқ чуғурлашиб,
Баҳорни уйғотганда сени босганди ғафлат.
Ғафлат тубига қанча ботмагил чуқурлашиб,
Унутма: уйқулардан уйғонмоқ бордир албат.
Шеърдаги ташбеҳларинг майли, самовий бўлсин,
Қоғозга сувратлар чек – неки хаёлингда бор.
Шеърда орзулар ранги майлига, мовий бўлсин,
Фақат порласин улар жонга яқин, заминвор.
Биз севган шу хилқатни армонли дунё дерлар,
Шунда мушфиқ нафасдош, дўсти ҳамқадамлар ҳам.
Яшаш дарбозасини галма-гал қоқадирлар
Кутилган шодликлару кутилмаган ғамлар ҳам.
Сен-ку шу дақиқада ёзилмай қолган ўша —
Армон шеърига асил сўзлар излаганинг дам,
Ва қачонлар кечмишда ҳамдард, мурувватпеша
Бўлолмаганинг ўйлаб унсиз бўзлаганинг дам,
Қайдадир қай бир кимса самоларга ёлбориб,
Нажот тиламакдадир соч юлиб, ёриб бошин.
Сен додига етгилу зумда қошига бориб,
Энг буюк сўзларни айт, силагил ғариб бошин.
* * *
Умрнинг кунлари кўпдир, азизим,
Ушалмаган бўлса орзулар букун,
Эртага омадлар кулиб келар жим,
Биз шеър парисига бўлурмиз тутқун,
Умрнинг кунлари кўпдир, азизим.
Ушалмаган бўлса орзулар букун,
Умидлар уфқидан кўзни узмаймиз.
Гоҳ йиғи келса ҳам, чиқармаймиз ун,
Бевақт андуҳларга тил тегизмаймиз,
Ушалмаган бўлса орзулар букун.
Эртага омадлар кулиб келар жим,
Дўстларга тўлғуси камтар гўшамиз.
Бу – бахт бекатида бир тўхташ, жоним,
Нафас ростлаб, яна йўлга тушамиз.
Эртага омадлар кулиб келар жим.
Биз шеър парисига бўлурмиз тутқун,
Бу тутқунлик ахир руҳлар учун эрк,
Эшикдан шодликлар кирарлар гулгун,
Яшаш қопқалари ҳасратларга берк,
Биз шеър парисига бўлурмиз тутқун.
ҚОҒОЗ ВА НОН ҲАҚИДА БАЛЛАДА
Эҳ-ҳей, қанча қоғоз, қанча қоғоз керак
Ишқий романларга,
Гўзал қасидаларга,
Соғинч хатларига – рози дилларга,
(Юмалоқ хатлар ҳам йўқ эмас, афсус).
Ҳисоб-китобларга ва ҳужжатларга,
(Қоғоз-ҳисобчилар нони-ку ахир),
Нафис сувратларга ва чизмаларга
(Нондай бир гап қоғоз мусаввирларга,
Доно лойиҳачи, меъморларга ҳам):
Талабалар учун керак кўп бетлик дафтар,
Ён дафтар-чи, ҳамма-ҳаммага зарур.
Тонгги ва оқшомги газеталарга
Даркордир қоғознинг тонна-тоннаси.
Хариталар, мактаб дарсликларига
Мўл-кўл қоғоз керак асл ва тоза:
Дарвоқе, ноширлар “нони” ҳам қоғоз,
Бу ерда бир гапни айтиб ўтаман:
Ҳар кун мильон-мильон ватандошларнинг
Қутлуғ дастурхони нон билан тўлар,
Китоб жавонида уларнинг аммо
Ҳали кемтиклари оз эмас тайин,
Хуллас, кўп соҳада нон қадар даркор
Биз билган мана шу оқ-оппоқ қоғоз…
Мени маъзур тутсин ўқувчиларим:
Кўп нолидим қоғоз танқислигидан,
Шундоқ бўлса ҳамки, бироқ барибир
Қўшиғим мазмуни ёруғ, чунки у —
Сенинг камчиллигинг ҳақида, Қоғоз,
Ва сенинг… Мўллигинг тўғрисида, Нон!
СЎЗСИЗ ҚЎШИҚ
Иброҳим Ғафуровга
Баъзан:
Қўшиққа энг лойиқ оддий ва зарур,
Жимжимадан холи,
Ҳашамдан нари,
Баландпарвозликдан йироқ
Сўзлар топа олмаганингдан,
Қоғоз ва қаламни суриб бир четга,
Сўзсиз қўшиқ айтинг:
Ҳасратли кўзларга ҳамдард термилгинг,
Қафасдаги қушни қўйиб юборгинг,
баҳор заминига уруғ ташлагинг,
дунёнинг порлоқ эртасига
инонгинг келади…
Сен бундай қиласан:
Комил қўшиққа
Лойиқ сўзлар топа олмаганингда,
Баъзан эса… топа олганингда ҳам.
БАХМАЛ ҒИЛОФДАГИ ТАНБУР
Хонамизда суврат турар, мен туғилмасдан
Ҳаётдан кўз юмган менинг азиз бобомдир.
Ёнида бир соз осиғлиқ, мени билмасдан
Мерос қолдиргани бахмал ғилофли танбур.
Дейдиларки, бобом соҳир созанда ўтган,
Кўрган не-не издиҳомлар шоёни таҳсин.
Қалб маҳрами танбурини қўлига тутган,
Гули бўлиб қанча-қанча бахшилар баҳсин,
Букун бобом чолғусини ғилофда кўриб,
Хаёлларнинг туғёнида тўлғонаман лол.
Руҳ-руҳимга бобожоним армони кириб,
Қонларимда мавжлар ясар ёниқ, безавол.
Ғилофдаги танбур, менга ниқобли қалбнинг
Сувратидай кўринади —вафодан йироқ,
Сиз ғилофни ёриб чиқинг, ҳисларим, қалқинг,
Муҳаббатни байроқ этинг, муборак байроқ.
Ўз созига эга ахир ҳар умидли жон,
Саодатми ё ҳасратми дилда зиёда,
Тилаклари оқми, ўзи яхшими-ёмон —
Ўз куйини чалиб ўтар ёруғ дунёда.
Халос этмоқ даркор сени бахмал ғилофдан,
Ўзининг шоҳ навосини кутиб ётган соз.
Ҳа, ўшанда бизлар топган оҳанги софдан
Соме диллар сел бўлсинлар, вола, сарафроз.
Мендан чиқмас балки мутлоқ Турғун Алимат,
О, бир нарса деёлмайман, дўстлар, бу бобда.
Бироқ, бир кун мен қўлимга олурман албат
Қолмасин деб ўша танбур бахмал ғилофда.
СЎЗЛАР
Не-не достонларнинг пок муҳитида
Ажаб боқий умр топгансиз сизлар.
Кўҳна қоғозларнинг заъфар бетида
Маънолар жаннатин яратган сўзлар.
Қадимсиз, қадрдон, хокисор, ҳамдам,
Буюк Алишерда уйғотган ихлос.
Не-не қўшиқларнинг нақароти ҳам
Сиз билан музайян бўлганлиги рост.
Сизнинг гулингиздан чаманлар тузиб,
Булбулни лол қилган ширин забонлар,
Сиз билан соқовлик қалъасин бузиб,
Кашф этган жодулар сирин забонлар.
Одам Ато Момо Ҳавога дастлаб
Кўнгил изҳорини сўзда англатган.
У кез сизни сўзлаб яйратганда лаб,
Дунёвий севгининг илк тонгги отган.
Кейин… сизни айтиб аҳли одамзод
Тангридан толелар тилаган ахир.
Фидойи ҳофиз ҳам сарафроз ва шод
Сизни куйлай туриб қулаган ахир!
Ўртада сиз туриб букун заминдош —
Одамлар бир-бирин англамаса гар,
Номусдан бош эгманг ва тўкмангиз ёш,
Гулханларда ёнманг,
Йиқилманг сўзлар.
Эзгулик қўлида айланинг кучга,
Мунофиқлар тили гунг бўлиб қолсин.
Юрак сизни нурдай олиб ҳовучга,
Жангу жадалларда суронлар солсин.
Биз жангдамиз, ният – тунни йўқ қилиб,
Нотинч куррамизни сақламоқ омон.
Мен бир шеър аскари, сўзлар, ўқ қилиб
Ғанимлар кўксига сизни отаман.
ЮРАК
Сен ўша – гоҳида собит, гоҳ саркаш,
Гоҳ эса ақлни сизлаган юрак.
Талотум солганда ул ишқий оташ,
Усмон кўкрагига сиғмаган юрак.
Юрий Гагаринга табассум туққан
Ўша шоҳ юракка ҳамзотсан, ахир.
Илҳом қоғозимга шуълалар тўккан —
Лаҳзада сен – Расул Ҳамзатсан, ахир.
Сен эдинг Гастелло шижоат ила
Ёв сари йўллаган энг охирги ўқ.
Сен – Данко қалбисан ёғдуга тўла,
Ибтидоси бору интиҳоси йўқ.
Гоҳ телеи кулган, гоҳ мотамсаро
Гоҳ севинчдан тўлғин, гоҳ ғамдан беҳуш,
Сен – ошиқ кўнгиллар жаннати аро
Ёниб чаҳ-чаҳлаган бир сайроқи қуш.
Сенсан Ўзбекистон номли қўшиқни
Бағрида дахлсиз асраган жон ҳам.
Сенсан шу шарафли – шонли қўшиқни
Олисга элтгувчи битта имкон ҳам.
Йўлда қадамдошим ўзинг шубҳасиз,
Ва мунис сирдошим ўзинг, ҳойнаҳой.
Ардоқли бўлмасанг, бўлмасанг азиз,
Сенга шу кўксимдан берармидим жой.
* * *
Бу гардун кенг экан, чегара, ҳадсиз,
Гарди гумбазида – юлдузлари зар.
Бирон он қолмадим унда ҳайратсиз,
Хаёл қамролмаса, қамролмас назар.
Тасаввурнинг гардсиз ойиналари
Дунё ишларини кўрсатар тайин.
Қайдадир тикланар бахт зиналари,
Қайдадир бузилар уйлар атайин.
Ўлим режалари тузилар қайда,
Қайда кашф этилар янги дорулар,
Шерлар ўкиради қай бир тўқайда,
Қай бир маконларда чопар оҳулар.
Қайдадир жилғалар битадир қуриб,
Қайдадир наҳрлар оқур янгидан.
Қайси бир юрак шод бахтини кўриб,
Қайси бири хароб ғусса чангидан.
Ким ёмонлар билан давра қуради,
Кимнинг дўст қошида эврилмоғи бор.
Ким орзу отига қамчи уради,
Ким армон юкидан чекади озор.
Бу олам кенг экан, азим, беҳудуд,
Қамрашга назарим етмади маним.
Сени, онажоним, о, бағри барқут —
Бир жаҳон ишқ билан севдим, Ватаним!
Меҳри-ла кўксимни тоғ этган маъво,
Ўзингсан, ўзингсан мен севган олам.
Ким шеър тиламоқда сенда шу асно,
Ва кимдир қўлига олмоқда қалам.
СОРА ЭШОНТЎРАЕВА МОНОЛОГИ
Гапларим кўп умрим бўйи дилда сақлаган,
Кимга аён ва ноаён Сора – отимдир.
Сўзламайман биров бўлиб бу гал саҳнадан,
Қодир Ҳаёт, бу – сен билан мулоқотимдир.
Ёдингдами, мен – ўшаман, ўша қизгина,
Бева она бағрига ҳам сиғмаган бир жон.
У йиллардан қолмиш фақат ўтли изгина,
Ҳаммасидан воқифдирсан ўзинг, Онажон!
Девор оша маъюс боқиб ўзга ҳовлидан,
Мунглуғ аёл ортидан мен кетолмаганман.
Чақирганда: Сорабиби, дея волидам,
Мен сувларнинг нарёғига ўтолмаганман.
Кейин билсам, ғурбат экан ўртадаги сув,
Она билан гўдак аро тўсиқ-ночорлик.
Уни бошқа кўрмак насиб бўлмади, ёҳу,
Армонларга букун кўксим қилмоқда торлик.
Бу кез ўша ёшимдаги шўх қизалоқлар —
Ҳали бирор олов сўзга қовушмаган лаб —
Замон келиб биздан олис порлоқ бир чоқлар
Сора бўлиб саҳналарга чиқса не ажаб.
Офтобнинг ёғдусида ҳар биримизнинг
Қалбларимиз қандоғ бўлса шундоғ чинакам.
У – кўзгуси зулматимиз ё нуримизнинг,
Бизлар асли актёр эмас, энг аввал одам.
Менинг ҳам шу кўксимда қалб – чангалзор эмас
Ва эмасдир ёт қисматлар адашган ўрмон.
Саҳналарда ўзлигимни унутган нафас
Меникидир бор шодликлар, менингдир армон.
Мен – Сораман, Офелия, Жамила эмас,
Сен ҳам саҳна эмасдирсан, эй она Ҳаёт.
Агар арзон довруғларнинг илинжида маст
Ухлаб қолса, ғафлатлардан қизингни уйғот.
Гоҳ саҳнадан тушар чоғлар дил-бағрим ёниб,
Дуч келсалар дийдаси нам она ва ўғлон,
Иокаста оҳларига ўзим инониб,
Ёлғон дейман, йиғламангиз, бу – ахир ёлғон.
Узилса ҳам жаранг торлар бевақт ва ногоҳ,
Айт, бир зумга тўхтаганми оҳанги “Баёт?”
Мен бу лаҳза Дездемона эмасман, эвоҳ,
Мен – Сораман, сен – Аброрсан мен учун, Ҳаёт.
Гули эмас – Алишерни чорлаётган бот,
Мен – Сораман, осмонимда – пок камалагим.
Сен ишқимнинг изҳорини қабул эт, Ҳаёт,
Бу – менинг ўз сўзларимдир, ўз МОНОЛОГИМ!
ТУНГИ ТИЛАК
Саломлашган эдик бизлар тонгда юзма-юз,
Ташвиш аро ўтиб кетмиш шундай узун кун.
Ҳозир танҳо ўлтирибман, тилакдир ёлғиз:
– Хайрли тун, азизларим, о, хайрли тун!
Ярим кеча. Ғафлатларнинг овчиси ҳали
Сайд этмаган қароғларнинг жайронин бутун.
Радиода энг охирги қўшиқлар гали,
Хайрли тун, азизларим, о, хайрли тун!
Тунлар билан тонглар аро сирли тушлар бор,
Таъбирлари гоҳ ноаён – ечилмас тугун.
Мен таниган-танимаган борки дўсту ёр,
Хайрли тун, азизларим, о, хайрли тун!
Бизларнинг шу ором билмас коинотимиз
Мубҳам-мубҳам туйғулардан гоҳи жигархун.
Гоҳо дардли сас беради пок ниятимиз:
Хайрли тун, азизларим, о, хайрли тун!
Эҳтимол, бу – офатларнинг қутқусидандир, —
Қайлардадир яроғини чархлайди малъун.
Яхшиларнинг балким нотинч уйқусидандир:
Хайрли тун, азизларим, о, хайрли тун!
Тонглар отсин букунгидан эрта ёрқинроқ,
Нур шаробин тутсин саҳар қуёш лолагун.
Завол сиздан йироқ бўлсин, камол – яқинроқ,
Хайрли тун, азизларим, о, хайрли тун!
Внимание! Это не конец книги.
Если начало книги вам понравилось, то полную версию можно приобрести у нашего партнёра - распространителя легального контента. Поддержите автора!Правообладателям!
Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.Читателям!
Оплатили, но не знаете что делать дальше?