Электронная библиотека » Нурмуҳаммад Исроилов » » онлайн чтение - страница 8

Текст книги "ТАНЛАНГАН АСАРЛАР"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:43


Автор книги: Нурмуҳаммад Исроилов


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 8 (всего у книги 31 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +
ВАҚТ
 
Йигирма тўрт сулув зулфини тараб,
Сарҳисоб сўрайди мендан кеч-кундуз.
Бири салом билан келса эрталаб,
Бошқаси пешинда кўргизади юз.
 
 
Шеър хаёли мени банд этган дами
Йўқлаб келар яна битта париваш.
Тунда остонамга етиб қадами,
Бошқа бири ёниб сўйлайди яккаш.
 
 
Умрлар кечади соатма-соат,
Шиддаткор асримда дамлар югурик.
Жўралар омонми, борми саломат,
Ўзга кулфатига бўлдимми шерик…
 
 
Ножўя айтилган битта сўзимдан
Чил-чил синмадими дўст кўнгли ногоҳ;
Совуқлик ёғдими баъзан кўзимдан —
Баридан одамлар огоҳдир, огоҳ…
 
 
Қизлар сиймосида кўринган менга
Йигирма тўрт сулув – кеча-кундузим.
Сарҳисоб бераман соатларимга
Вақт қаршисида якка мен ўзим.
 
 
Вақт ғазнасида онларнинг зари
Ганжлар уммонининг қатра мисқоли.
Ҳар кичик ишимга тушиб назари
Вақт мендан ҳол сўрар дўстим мисоли.
 
 
Шундай улғаямиз бизлар кунма-кун
Умр дарёсида оқади сувлар.
Кечган ҳар соатнинг лаҳзаси учун
Ҳисоб сўрар ҳали қанча сулувлар…
 
 
Шу ярим кеча ҳам ишқий қасида
Ғазалим байтига мавзу бўлган он,
Доно бир фаришта қиёфасида
Эшик қоқаётган вақтдир, бегумон.
 
* * *
 
Иккимизга учрашув – армон,
Уни тилаб йўллар ошамиз.
Шафтолилар гули напармон —
Ажиб бир тонг биз учрашамиз.
 
 
Ошиққанча айланур даврон,
Ихтиёрсиз биз ҳам шошамиз,
Шафтолилар гули напармон —
Ажиб бир тонг хайрлашамиз.
 
* * *
 
Биз лаҳзалар каби шошамиз ҳар вақт,
Гоҳ ҳушёр, гоҳида ғафлатдамиз, оҳ.
Гоҳ тўй-томошага келмиз барвақт,
Дўстнинг кулфатига кечикамиз гоҳ.
 
БАХТЛИ СЎЗ
 
Мен ҳаётда аччиқ-чучукни тотдим,
Гоҳ ҳушёр, гоҳ эса ғафлатда ётдим,
Шеър усти мен яна сени уйғотдим,
Муҳаббатдан сўйлаб янгра дилафрўз,
Тилимнинг учида турган бахтли сўз.
 
 
Сен гўдаксан тилга кирмаган ҳали,
Ҳасрат ялдосининг митти машъали,
Сенга етди букун чақнамоқ гали,
Дунёга кўз очиб чақмоқлардан ўз,
Тилимнинг учида турган бахтли сўз.
 
 
Ҳар ишнинг ўз маврид ва ўз соати,
Ҳар қалбнинг ўз имон ва ўз тоати,
Ёғдуга талпиниб энг чуқур қати
Кўнглим сени тилаб мастона ҳамрўз,
Тилимнинг учида турган бахтли сўз.
 
 
Сўзлар қуршовида кечади ҳаёт,
Кўргузиб гоҳ андуҳ, гоҳи илтифот,
Шафқат кемасининг лангарини от,
Кимгадир, кимгадир нажот қўлин чўз,
Тилимнинг учида турган бахтли сўз.
 
* * *
 
Йўл сўраб, йўл сўраб яхши-ёмондан
Товони қаварган, сочи жингала,
Қайлардадир қолган олис ёбондан
Мени излаб келар хушрўй бир бола.
 
 
Кўзим ёниб кетар, ёришар кўнглим
Боқиб қўлидаги гўзал варракка.
Бу не синоатдир, аён эт, тангрим, —
Варрак айланади жонли юракка.
 
 
Мана, олиб келдим, – дейди болакай,
Қалбингни қолдириб кетган экансан.
Ахир, қалбсиз яшаб бўлар тобакай,
Билдимки, мени зор кутган экансан.
 
 
Қалб яна варракка айланар эвоҳ,
Унга суюнганча кўзни қадайман.
Тўхтагил, эй бола ва бўлгил огоҳ,
Шамол чақирайлик, кетмагил, дейман.
 
 
Қийқириб кулади беғубор ва шод,
Келган томонига шўх югуради.
Илдам қадамлари анчагача бот
Кўксимда акс-садо бериб туради.
 
 
Бу гал ҳам алдапти ҳар галгидай туш,
Билмам, таъбирини неларга йўйдим,
Сени, болалигим – олтин қанот қуш —
Топиб улгурмасдан йўқотиб қўйдим.
 
 
Болалиги ортда қолган одамлар,
Тушдами, ўнгдами – ҳайратланманг ҳай,
Қайдадир унутган қалбингизни гар
Бир кун олиб келса ўша болакай.
 
КЕЧА ВА БУГУН
 
Кечаги оловнинг устин босиб кул,
Қайта ўт ёқилар бугун ўчоққа.
Ақлингни лол этган кечаги булбул,
Бугун учиб ўтмиш нариги боққа.
 
 
Айҳаннос нечундир, не даркор кўз ёш,
Ўтиб бораётган Вақт борасида.
Ҳар саҳар қайтадан туғилар қуёш
Кеча ва бугуннинг чегарасида.
 
 
Ҳайҳот, гул шохида пок тутиб номин,
Булбуллар қулайди куйлаган кўйи.
Балки шу байтимда топар давомин
Паблонинг сўнгига етмаган ўйи.
 
 
Булбуллар гулларни севишда ҳалол
Биз – шу инсонлардан эмасдир нари.
Ўтган даҳоларнинг улар эҳтимол,
Куйлаб турган руҳи мусаффолари.
 
 
Букун кўҳна бобо – шу қадим ернинг
Навқирон авлоди шеър айтур шоён.
Неча юз йил оша Мир Алишернинг
Ғазали жон аро солмакда туғён.
 
 
Қалам йўниб кеча бошлаган байтим
Бугун ишқ етаклаб кирди қай жонга.
Балки шеър ўрнида лоқайд сўз айтдим.
Эга бўла туриб буюк имконга.
 
 
Гоҳ бўз толалардан, гоҳ шойига ғарқ
Тинимсиз тўқилур, тўқилур мато.
Мангулик чархини юргизар бефарқ
Вақт отли кўринмас кампир бехато.
 
 
Даврон арқоғида гоҳ пайдо тугун,
Ечмоғимиз керак уни албатта.
Эрта сари шошиб кеча ва бугун
Йўқса қолдирғуси бизни ғафлатда.
 
 
Юракларга кўчиб кўзлар кулгуси
Шавқ тўла тўқилсин порлоқ достонлар.
Эрта бир кун асл бургут бўлғуси
Бугун кўкни тутган шўх полапонлар.
 
 
Не тонг, пок ҳаваслар сўзда намоён,
Сўзлар – шеър лашкарин фидойилари.
Не ажаб, манглайди ўқилса аён
Сирли йўллар – умр рубойилари.
 
 
Кеча – бугун аро Вақт бургути
Гоҳи хуш, гоҳ нохуш хабар келтирди.
Шеър билан тўлмаган оқ дафтар бети
Бир тола сочимга рангини берди.
 
САҲАР ҚЎШИҒИ
 
Салом, булбулларим – мен севган куйчи,
Тонгги шу мусаффо дунё сизники.
Субҳи содиқ они гулга ингувчи
Тоза у шабнамлар – саҳбо сизники.
 
 
Мени ҳам этингиз ишқ ила сархуш,
Сиз-ку махмурликнинг билгувчи сирин.
Кеча кўрмиш эдим ҳикматли бир туш,
Сизга сўйлайдирман, айтинг таъбирин.
 
 
Тик қояни кўзлаб шердир бургутлар
Олис анқо сари кўрсатгандай йўл,
Мағлубликни билмай пурдил йигитлар
Майдонни тарк этмас – шиддатлари мўл.
 
 
Ғаройиб ҳикоят эшитганим бор:
Даҳо бир муғанний куй бошлаган он,
Булбул торга қўниб, куйлаб жарангдор,
Сўнгра жазавада таслим этмиш жон.
 
 
Қўшиқ дунёсининг фидойилари,
Бу, ахир, шафқатсиз ўлим билан баҳс.
Бу – бир пок қадамдир мангулик сари
Борлиқда ўз бурчин билиб муқаддас.
 
 
Гувоҳлик беради уруш ўғлони,
Дўсти жанг олдидан ёрга ёзмиш хат:
“Бизда бугун булбул куйлади ёниб,
Булбулми ё бу сен эдинг, Муҳаббат?”
 
 
Жанг уни қаърига ютди беомон,
Замин жудо бўлди бир шоиридан.
Шу қисматни тинглаб турибман аён
Бу тонг ўша булбулнинг биридан.
 
 
Неларни кўрмайди хилқатда инсон,
Неларни бошидан кечирмас, ҳайҳот.
Умрдир гоҳида долғали уммон,
Гоҳо булбул бўлиб сийлайди ҳаёт.
 
 
Билмадим, сиз қандай, азиз ўқувчи,
Менинг рўпарамда юз очса чаман,
Увоқ шу қушлардан туғёнда ичим,
Курраи азимни ўйлаб кетаман.
 
 
Кўзи шавқ-ла ёниб ўғлим тунов кун,
– Мўл келдими, – дейди, – булбулга баҳор.
– Ҳали биз очажак гулшанлар учун
Тухмини ёрмаган қанча булбул бор.
 
 
Ўша туғилмаган қўшиқлар ҳақи,
Биз олган нафасда неки поклик бор —
Булбулга ва гулга ошиқлар ҳақи,
Мен бугун бир қўшиқ айтмоғим даркор.
 
 
Достон бўлур балки, ҳимматли қалам
Битажак сатрлар ишқ рубоийси.
Бир кун мени шоир атаса олам,
Билингки, ёронлар, шудир боиси.
 
 
Умрда ҳар лаҳза топмоқда қадр,
Қўшиқлари, сирли тушлари билан.
Руҳимда бир чаман уйғонмоқдадир,
Булбуллари – шоир қушлари билан.
 
* * *
 
Эрта уйғонаман қутлаб оламни,
Ғафлат шайтони-ла ҳар гал басма-бас.
Тонг атоғлиқ пари юзли санамни
Ўнгимда кўргим бор, тушимда эмас.
 
 
Бахт манзили чорлар сочиб гулини,
Ва толе қўшиғи сас беради, сас.
Йўлга чиққум, зотан бахт манзилини
Ўнгимда топгум бор, тушимда эмас.
 
 
Борлиқнинг энг сирли они – тонготар,
Бир туйғу элитар жонни бу нафас.
Бу – севги, ўнгимда унга етгум бор,
Ўнгимда етгум бор, тушимда эмас.
 
 
Қалбим аро сергак тонг соқчисига
Мени жуда эрта уйғотмоқ ҳавас.
Ўзим ҳам шу жонбахш райҳон исига
Ўнгимда тўйгум бор, тушимда эмас.
 
 
Ёруғ қуёш билан яшаб ёнма-ён,
Қўшиққа топганим сарлавҳа-ку бас.
Кўнглим тилагани – шеърми ё достон,
Ўнгимда айтгум бор, тушимда эмас.
 
 
Шаббода тебратган буғдой оламин
Саҳарда кезгум бор мен бир нонпараст.
Ана шу муборак ризқимнинг таъмин
Ўнгимда тотгим бор, тушимда эмас.
 
МАРВАРИД
 
Фаришталар ҳам гоҳи аччиқ ёш тўкар эмиш,
Вола қилди ўзига мени ушбу афсона.
Дур бўлиб дарёларнинг тубига чўкар эмиш
Соҳилда йиғлаганда фаришталар пинҳона.
Водариғ, париларни йиғлатган буюк фарёд
Қай бир зебо ҳуснида дурдона бўлиб кулса!
Нетай, марварид шода этолмаса мен шод,
Кулолмасман санамлар кўзидан ёш тўкилса!
Мен учун бахтли ҳолат: ахир сиз беҳад шодсиз,
Яшагум ўзни тутиб соҳилларга боришдан.
Майли , бирор гўзалнинг кўкси қолсин зийнатсиз,
Фақат сиз ғамлар аро кўз ёш тўкманг, фариштам.
 
БАХТ ҲАҚИДА

Қуш парвоз учун, инсон бахт учун яралган.

В.Г.Короленко

 
Кўпни ўйлаб, худбин ниятдан йироқ,
Заминга уруғлар ташлайсан, инсон.
Қушмассан қаноат қилгали бироқ,
Йўлда учраса деб тасодифий дон.
 
 
Ўзгага бахт бериш хосдир ҳумойга —
Дамодам, дамодам парвозинг сенинг.
Одамлар қалбида порлаган ойга
Ахир шудир, Одам, парвозинг сенинг.
 
 
Тунлари фалакка волавор боқиб,
Узиласан ернинг ташвишларидан.
Хаёл чангалзори ичра улоқиб,
Гоҳ дейсан дунёнинг шум ишларидан.
 
 
Сўз излаб Бахт деган пок тушунчага,
Қутлуғ минбарлардан сўз айтасан гоҳ.
Ҳали очилмаган тонгги ғунчага
Шоҳ байтинг бахшида бўлур баногоҳ.
 
 
Скрипка саси келса девор ортидан —
Қўшни қиз бошлапти демак тун машқин.
Англайсан шу толе нақаротидан
Ғунча бир кўнгилнинг бокира ишқин.
 
 
Бор бўлсин муҳаббат! – яшаш гимнига
Хушбахт калималар бўлиб ёзилур.
Бу бахтдан бенасиб ким бор ва нега,
Қай бахт қаршисида саждалар қилур?
 
 
Бахт яна: безовта кўнглинг кўзлаган
Ва сени имлаган манзилга сафар.
Бу йўлда ким кулган ва ким бўзлаган,
Гоҳ мағлубсан бунда ва гоҳ музаффар.
 
 
Балким, қайғуларнинг қаро сиртини
Умид ранглари-ла йўғурмоқ – бахтдир
Имони – вафолар севги юртини
Тавоф қилмоқ учун югурмоқ – бахтдир.
 
 
Ўзгани тан олмоқ ва танимоқни
Ўзни танимоқдан бошламоқ – бахтми?
Ғамда даст кўтариб руҳий қийноқни
Дўст ёнида кўзни ёшламоқ – бахтми?
 
 
Бу Бахт заҳматларга эгизак мудом,
Ўздан учиргунча жон қушин то тан.
Қушмассан, фидойи одам – сенга ном,
Яралгансан шундай бахт учун зотан.
 
АЖАБ ИШЛАР
 
Дунёйи азимда ажаб ишлар кўп:
Шундай кимсаларни учратасан гоҳ —
Кимгадир бирор бир яхшилик қилиб,
Чор атрофга боқиб изларлар гувоҳ.
 
 
Риёкор зотларда ўзга бир қилиқ:
Бу борада улар тамом тескари:
Кимгадир бирор бир ёмонлик қилиб
Гувоҳдан қочарлар, қочарлар нари.
 
ЭКЗЮПЕРИ
 
Ўз севган осмони бор эди унинг
Ва шоёни осмон – олтин қаноти.
Ўзни ўтга урган ҳур парвонанинг
Хос эди Сент-Эксга фожий ҳаёти.
 
 
Бир дам орзулардан айрилмади, йўқ,
Янги афсонага кирмади оти.
Учишлардан толиб қайрилмади, йўқ —
Оловларга тегиб куйди қаноти.
 
* * *
 
Умр кечар. Гоҳи худсан: гоҳида бехуд,
Гоҳ қаламга фармон берар юрагинг саси:
Мен сўйлайин, оқ қоғозга тушсин беҳудуд
Азал-абад муҳаббатнинг янги қиссаси.
 
 
Бул қиссанинг қаҳрамони ўзимман ахир,
Қатларида маъюс-маъюс қанча боблар бор.
Қадрдоним, гоҳо мени тутгайсан маъзур,
Кўзларимда ёшлар кўрсанг титроқ шашқатор.
 
 
Ул муборак дамлар – севги туғилган куни
Бир умрга қалб шеър билан тутинган ошно.
Дўсти азиз, сен ҳам албат англарсан буни
Гар бошингга тушган бўлса ишқ деган савдо.
 
 
Ишқда ёруғ севинчларнинг балқиши бордир,
Бордир гоҳо андуҳлари, изтироблари.
Ошиқликнинг дунёсига зар устивордир
Шоирларнинг ёниб битган пок китоблари.
 
 
Мен-ку сенга ишқда бахтлар тиларман тайин,
Кўзларингда кўрмай, дейман ногаҳоний нам.
Лек, шеър узра оҳлар уриб, олиб оғир тин,
Йиғлар бўлсанг мен кулмасман, кулмасман, санам.
 
* * *
 
Нозли бир илтижо, майин эркалаш,
Оташни бир шивир, масиҳвор нафас,
Гоҳ бемажол руҳни – мудроқ ҳамда ғаш —
Ҳушёр этади-ю, ғафлат бўлур бас.
 
 
Мен ҳам ўз галида ним карахт ётган
Сўзларни ўрнидан зуд турғизаман.
Ухлолмай беором тўлғонаётган
Дунё суратини дардли чизаман.
 
* * *
 
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз
Биласиз ўрин йўқдир чучмал навозишларга.
Кун-кеча хабар келди: биргина Боннда ёлғиз
Уч юз минг исёнкор жон чиқмиш намойишларга.
 
 
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз
Қўшилинг ахир букун шу шавкатли сафларга.
Беҳадик, қомати тик аскар бўлиб борингиз,
Сизларни узатгайман мен жанговар сафарга.
 
 
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз
Дунёда яхшиларга мунис бўлинг, қадрдон,
Сиз – ёп-ёруғ чароғим, йўлчи юлдузларимсиз,
Шўълангиздан манзилим уфқлари чароғон.
 
 
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз
Ғафлат жодугарининг кўзини ўйинг буткул.
Тириклик гулларини уйғотиб елдай тинсиз,
Ўлим яроғларини ухлатиб қўйинг буткул.
 
 
Сиз, безовта ўйларим ва уйғоқ сўзларим, сиз…
 
* * *
 
Туннинг осмонидан мўлтирайди жим
Биз ғазалга солган ой – моҳитабон.
Нимадир дегиси келадир балким,
Куйлагиси келар, бироқ безабон.
 
 
Тушунади ахир ўзича ҳар ким
Дарча ортидаги булбул ноласин.
Бу оддий бир эрмак эмасдир балким —
Шодликка кўмгувчи инсон боласин.
 
 
Вақт чопар бизларни қолдириб доғда —
Учгану нишонга етмайдиган ўқ.
Ўчмас чақин бўлиб ёнар қароғда,
Ҳали бир калима деганича йўқ.
 
 
Ўтлар ловасида балким – илтижо,
Бизларга ноаён бир айюҳаннос:
Тинчлик машъалидан ёрисин дунё,
Лек, хилқат оловда қолмасин гуррос.
 
 
Не бахтки, на фақат қўшиқ айтгали,
Ўзни санагали на фақат якто,
Шунчаки, кўрганда саломлашгали
Бизларга бийрон тил этилган ато.
 
 
Не бахтки, на фақат севгидан кўркам
Сўзлар сўзлагани оташин, равон,
Муқаддас нафратни англатгали ҳам
Биз – бани башарга берилган забон.
 
 
“Қизил китоб очган ҳушёр одамлар,
Асраб – суямаса, бири-бирини,
Шу комил тил билан тушунмаса гар,
Не наф васф этмакдан забон сирини.
 
 
Десангки, офатлар тушмасин бошга,
Қулоқ эшитмаган ва кўрмаган кўз —
Заволлар етмасин десанг қуёшга,
Энг соҳир қуратга айлангил, эй Сўз!
 
ПАРВОНА
 
Тили йўқ парвона – шу фидойи жон
Безовта парпирар ўт теграсида.
Балким бу фалокат – унга ноаён,
Бу борада балким у – норасида.
 
 
Нурга тегинсин деб кўзимда қароғ,
Тўлсин дея хонам ёғду ва қутга,
Мен қаро кечалар ёқаман чароғ,
У эса ўзини уради… ўтга!
 
УЙҚУСИЗ ТУНДА
 
Ажаб дақиқалар бўлади рости:
Фароғат ёғдуси ёғилар ойдан.
Қисматлар дунёси бу осмон ости,
Сурнайлар навоси келадир қайдан?
 
 
Қай дилни, қай дилни босадир ғафлат,
Қай бир дил, қай бир дил бесабаб ҳушёр.
Қайдандир кутгандай туганмас давлат,
Эрта отар тонгда умидларим бор.
 
 
Ажабтовур ҳолат балки бўлар фош,
Бироқ, сен бу сирни англай олмайсан,
Кимдир уйқулардан кўтаролмас бош,
Сен эса тун бўйи кўз юмолмайсан.
 
КЎЗГУ
 
Бахтли онлари бор кўзгунинг:
Фаришта юзларни акс эттирганда,
Донишманд кексалар оқ соқолларин
Кўзгу қаршисида сипо тарашлаганда.
 
 
Ўсма қўйган чоғи гулчеҳра қизлар
Ва маъсум гўдаклар илк бор ўзларин
Ойинада кўриб ширин қиқирлаганда,
Кўзгунинг нурланиб кетиши ростдир....
 
 
Бахтсиз онлари ҳам йўқ эмас унинг:
Ниқобга ўраниб риёкор зотлар
Ўзларини кўзгуга солганларида,
Совуқ турқ кимсалар бадрўйликларин
 
 
Ундан кўриб, бурнин жийирганида
Хира тортиши рост соф ойнанинг…
Сен ахир Кўзгусан: одил ва холис,
Ҳар қалай, кўп бўлсин бахтли онларинг.
 
СИЗ БОРСИЗ, ДЎСТЛАРИМ, АХИР ДУНЁДА

Тўлқинга


 
Соғинч чолғусида маҳзун бир оҳанг,
Мени энтиктирса сиз ўтган йўллар,
Таслим бўлиб хазон фасли олдида,
Япроқ тўкса бир кун сиз эккан гуллар,
Бу ранглар, туйғулар, энтикишларга
Тополмасман ҳамки лойиқ ифода,
Дейман мен ўзимга бериб тасалли —
Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!
 
 
Менсиз ўтсин, майли, мушоиралар,
Шараф сўқмоқлари – мендан нарида.
Сўзим бир нафасга ярқираса бас
Дўстлик офтобининг шуълаларида.
Шоирлар баҳсида доно ва мумтоз.
Шеър айта олгувчи мендан зиёда,
Ва дилни этгувчи ажаб сарафроз
Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!
 
 
Мени ташлаб кетган шўх маккоралар
Ўзгалар базмида бўлса жамулжам,
Вужуд титраб ҳижрон зилзиласидан,
Танҳолик чоғида кўзга қалқса нам,
Ва кўнгил қаърига чўкса ҳам зил тош,
Хиёнат ярқ этса ўшал риёда,
Олисдами-яқин, мунис ва сирдош —
Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!
 
 
Сийрак кўришамиз, ҳолимиз нечук, —
Гоҳо хабардормиз, гоҳо бехабар,
Ғанимат оламда азиз ва буюк
Севинч борми дўстни кўрмоқлик қадар.
Базмингизда кимлар бўлмасин ҳозир,
Дўстсиз тўй ўтарми деган маънода,
Менга кўз тутгувчи интиқ, мунтазир
Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!
 
 
Кашф этолмай замин меҳварин, ҳайҳот,
О, не-не олимлар лолу жим нега?
Севги меҳваридан айланур ҳаёт,
Дўстлик деб ёзилган ҳаёт гимнига.
Ҳасад майин ичар қайдадир ғаним,
Қайдадир қай бир дўст кезар афтода.
Менинг истаганим ва излаганим —
Сиз борсиз, дўстларим, ахир дунёда!
 
ИСТИҚБОЛНИ ЎЙЛАГАНИМ
 
Янги йил арафаси, фараҳли оқшом эди,
Қорбобо совғасини кутган болакай тахлит,
Мен Музадан шеър дея мўъжиза тилаб худди
Ўйларимни қоғозга тўкким келди бетақлид.
 
 
Унча олис бўлмаган истиқбол тонготари
Негадир ушбу чоғда шууримни этди банд.
У пайт кўпайишиб сулоламиз қатори
Қўшилур набиралар, ҳар бири шакару қанд.
 
 
Барг узра милтираган шабнамлар кўзгусида
Шундай кўзим ўнгида эриб кетсин-да қуёш,
Мусаффолик барқ уриб коинотнинг тусида,
Пойларимиз остида еллар ястанган юввош.
 
 
Тепада офтоб куйлар, бу қўшиқ талқини-ла
Шоиру аллома ҳам машғулдир баб-баробар.
Бу қўшиқ узилмасин сози ва тўлқини-ла,
Бунда шоиру олим масъулдир баб-баробар.
 
 
Оташзабон, оловқалб Ғафур Ғулом ҳаваси
Мезондир куйламоққа яшаш нашидасини.
Керак бўлур муқаррар Ҳалимахон нафаси
Кўк ўрлатиб айтмоққа тинчлик қасидасини.
 
 
Болалик кўзи билан Пикассо бобо чизган
Оқ кабутар чарх уриб ўйнаб учса осмонда,
Ҳолати танг беморга жон сувини ичкизган
Табиб қадар азиздир тинчлик умиди қонда.
 
 
Мавжуд дунёнинг мажруҳ руҳига даво излаб,
Шоир-ку ўйга толмиш қўлда қаламин тутиб.
Қайдадир қай бир юртда “нон” деб шивирлайди лаб,
Нон увоғин ўрнига ичга аламин ютиб.
 
 
Бир вақтлар деразам остида тонгги топда
Не турфа қушлар куйлаб дилни забтига олган.
Номлари зикр этилиб машъум Қизил Китобда
Айтинг, букун қай бири кўзга кўринмай қолган.
 
 
Қизил Китоб устида дод солиб гўдак мисол
Боғбон демасин асло: булбулим йўқ, жўрим йўқ,
Ахир, бизни қуршаган борлиқ топмасин завол,
Ёруғ истиқбол ҳаққи бу китобга ўрин йўқ.
 
 
Одиллик, ростлик, ишга, ишққа Садоқат изҳор,
Ёру биродарларга Вафо қилмоқ хислати.
Набиралар қўлига бир кун зинҳор-базинҳор
Қизил Китоб шаклида етмасин, дўстлар, асти.
 
 
Дилрабо келгусини суратда чизмоқ осон,
Шунчаки ширин ўйда тиклаш ҳам эмас душвор.
Замондошлар, бу лаҳза кимники номи Инсон,
Курашлар жабҳасида унинг тайин ўрни бор.
 
 
Бўйларга бўй қўшилур бошда қуёшимиздан,
Зар-базар тўкилмоқда букун нури муборак.
Шу қуёш қўшиғини қасида этгани шан
Пок ният баробари тоза нафаслар керак.
 
БАХТ СУВРАТИ
 
Бир онга қутулиб ғафлат домидан,
Унинг кўзларига қаранг, одамлар,
Севгидан – ҳаётнинг бул инъомидан
Бенасиблар, сиз ҳам тўхтанг бу дамлар.
 
 
Илк бор учрашувга ошиқмоқда у,
Ҳали фироқлардан нари бир висол.
Руҳини маст этиб ризвоний туйғу,
Энди куйлай бошлар бу булбул мисол.
 
 
Кимгадир муҳаббат – бўлиб ўтган гап,
Ким учун бу бахтлар ҳали олдинда.
Азизим, сен билан биз ҳам не ажаб,
Қайта бор учрашсак бир ойдин тунда.
 
 
Бир-бирига чопса икки ошиқ жон,
Бу риё кўксига отилган ўқдир.
Бахтнинг суврати шу, азизим, инон,
Инонгил: дунёда бахтсизлик йўқдир.
 
БОЛА КЎЗИ БИЛАН БОҚИНГ ОЛАМГА

Ўғлим Нурмуҳаммаджонга


 
Дунё кўҳна эмас, дунё ҳали ёш,
Кеча пайдо бўлган кўкда ҳам қуёш,
Удир ўғлимизга роп-роса тенгдош,
Мурувват кўргизиб шу ёш одамга,
Бола кўзи билан боқинг оламга.
 
 
Одамлар, сас берса ҳасратли нидо,
Дилга қутқу солса жаҳоний низо,
Олисдаги ёшлик айтса ҳам видо,
Мардлик қалқон бўлсин андуҳ ва ғамга,
Бола кўзи билан боқинг оламга.
 
 
Ҳаёт қатларида минг-минг афсона,
Йўқ гапни бор демоқ – кори девона,
Юртнинг ҳар тошида кўриб дурдона,
Дуч келдим, деб билинг Ҳизру Ҳотамга,
Бола кўзи билан боқинг оламга.
 
 
Бизга-ку дунёнинг ишлари аён,
Гоҳ ошкор, гоҳ пинҳон нишлари аён,
Айланувчи ёзу қишлари аён,
Етинг орзу қилган муборак дамга,
Бола кўзи билан боқинг оламга.
 
 
Ҳикматдир юз ёшлик боболар ақли,
Дастури тадбирдир ҳар айтган нақли,
Сиз теран ақлли, гўдак нигоҳли —
Донолик эш бўлсин маъсум каломга —
Бола кўзи билан боқинг оламга.
 
 
Уруш болаларин кўрганлар, айтинг,
Хаёлан сиз ўша кунларга қайтинг,
Сен ҳам, шоир, букун шеър битар пайтинг
Дегил: ҳадя бўлсин азиз боламга,
Бола кўзи билан боқинг оламга.
 
 
Бола учун дунё энди бошланди,
У энди онанинг меҳрига қонди,
Унга энди ҳаёт чароғи ёнди,
Офат йўқ, офат йўқ бу порлоқ шамга,
Бола кўзи билан боқинг оламга.
 
* * *
 
Эсда болаликнинг ғамсиз кунлари,
Оқ кабутар тўла осмонлари ҳам.
Севардим мен гўзал кабутарларни,
Болалик кунларин эслатиб бу дам
Чарх урарлар қушлар бош узра ғужғон.
Учмоқликдан улар асти толмаслар.
Фақат кабутарлар энди ҳеч қачон
Ул беғам кунларга айланолмаслар.
 
КУННИНГ БОШЛАНИШИ
 
Қадрдон қуёшимиз эндигина тоғ ошиб,
Зумрад япроқларнинг ҳам нурга очилиб кафти,
Кун бошида уйғонган садоларга уйқашиб
Жон торида чертилган танбурнинг келди савти.
Мир Алишер байтидан руҳим ҳаловат топиб,
Бир яхшилик илинжи борлиғимга ёр эди.
Қора кўз қаламнинг ҳам маъни ортидан чопиб
Ҳадя этгали менга бир қўшиғи бор эди.
Қўшиққа жо бўлгулик минг бир ҳикмат имкони —
Нотага сиғмай тошган қушлар чулдирашида,
Чаккада райҳон билан ифордан яйраб жони,
Саҳархез момоларнинг енгил пилдирашида.
Сулув келинчаклар ҳам – гулрухсор, нияти оқ —
Тоза шу муҳит ичра нур мисоли ёналар.
Яхшилар мақдамига интизор бўлиб шу чоқ
Нақ кўзгудай ярқирар гарди йўқ остоналар.
Ўзбек дастурхонида пок саналган нон каби
Баргларнинг тирқирашидан мўралайди офтоб ҳам.
Боғи неъматли тўлуғ мўйсафид боғбон каби
Кўкдаги офтобимиз муҳтарамдир, муҳтарам.
Куннинг бошланишида гўзалликнинг зар юзи
Ошиқлик уруғини урчитар жўшқин қонда.
Бу лаҳза ҳайрат тўла қуёшнинг олов кўзи
Шарафдан юзи ёруғ Жаннат Ўзбекистонда.
Бахтлар рўзномасини достонга этгали жам
Шоир қўлида янги қалам ҳам тарашланди,
Шуълаларга чулғаниб муборак рўйи олам,
Яна бир кун бошланди, яна бир кун бошланди.
 
ДАФТАР
 
Икковлон очганмиз, бир катта дафтар,
Икковлон деганим: ўғлим ва ўзим.
Бир бетга ул чизар гулми ё каптар,
Бошқа саҳифада менинг шеър – сўзим.
Мен юксак осмонни назмига солиб,
Баҳор гулларини куйласам кушод,
Тонгги шафақлардан ҳайратда қолиб,
Кейинги варақни ул тўлдирар бот.
Ўғлимдай пайтимни қўмсайман рости,
Шеърдаги зарурат – менинг ёшлигим.
Унинг чиза-чиза чарчамас дасти,
Ул чизган ҳар сурат – менинг ёшлигим.
Шу заёлда учар йиллар – елдирим,
Биз дафтар безашдан асти толмасмиз.
Бир кун вақт чақирса: қамти ўлтиринг,
Биз доғда қолмасмиз, доғда қолмасмиз.
О, олис набирам – менга жондош зот,
Яқин мозий дея Букунни ахтар.
Сени кутар бешак нодир кашфиёт —
Икки юрак сиғган шу битта дафтар.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации