Электронная библиотека » Нурмуҳаммад Исроилов » » онлайн чтение - страница 2

Текст книги "ТАНЛАНГАН АСАРЛАР"


  • Текст добавлен: 16 мая 2023, 13:43


Автор книги: Нурмуҳаммад Исроилов


Жанр: Поэзия, Поэзия и Драматургия


сообщить о неприемлемом содержимом

Текущая страница: 2 (всего у книги 31 страниц) [доступный отрывок для чтения: 10 страниц]

Шрифт:
- 100% +
КАФТИМДАГИ ЮЛДУЗ
 
Кафтларимда юлдуз чирпанар,
Кўзларимда юлдуз шўхлиги.
Йўлларимда юлдуздан фонар,
Бу – теграмда зулмат йўқлиги.
 
 
Ҳар юлдуздан кўкда ҳаттоки
Сўнмас қуёш ёққум бор улкан,
Қуёшлардан сийнангга токи
Олтин маржон таққунча, ўлкам.
 
 
Кафтларимда юлдуз чирпанар…
 
ОЛТИН ЎТЛОҚ ҲАҚИДА БАЛЛАДА
 
Қуёш чодир тикиб само тагига,
Зангор уфқларга зар юргизармиш.
Илҳом янглиғ бедоғ кўк юксагига
Олтин ўтлоқ тасвирини чизармиш.
 
 
Оқшомда қўлидан тушиб қалами,
Ётоғига ҳорғин қўяр эмиш бош.
Чизиб битиролмай жаннат далани,
Буюк армон билан сўнармиш қуёш.
 
 
Қўшиққа кўчириб нур таъсирини,
Содиқ қолиб қуёшнинг ғоясига
Зумрад чаманларнинг шўх тасвирини
Шоир етказармиш ниҳоясига.
 
 
Гар кўкка боқсангу, олтин мовийлик
Қаршингда юз очса зар ўтлоқ бўлиб,
Тозалик уфурса шу самовийлик,
Бунда – қуёш эмас, шоирнинг қўли.
 
САҲАРДА УЙҒОТИНГ МЕНИ, ОДАМЛАР
 
Ўша қиш эртаси ёдимда ҳамон:
Ажиб тиниқликдан кўз қамашгулик.
Эзгу туйғуларни етаклаб бу он,
Кумуш қорлиқ бўйлаб йўллар ошгулик.
 
 
Кимдир тонг саҳарда туриб атайин,
Йўл очиб кетмишдир қорнинг бетида,
Табассум улашиб – тиниқ ва майин
Қизлар боришади излар кетидан…
 
 
Шу-шу туни бўйи ёққанида қор,
Эрта турмоқ бўлмиш кўнгилнинг иши.
Хаёлимга келар бу чоғлар ҳар бор
Ўша из қолдирган йўловчи киши.
 
 
Бу тун ҳам бедорман, нурли дарчадан
Қорга тикиламан, шу гўзал дамлар
Ягона сўровим шуки барчадан:
Саҳарда уйғотинг мени, одамлар!
 
ҚЎШИҒИМГА МУШТОҚ ОЛАМ
 
Қалбимга илҳому, қўлимга
Қалам тутмиш бу бахтиёрлик.
Шундай туюларки кўнглимга
Қўшиғимга муштоқдек борлиқ.
 
 
Гўё чаманларда гуллар зорманда,
Қўшиғимни кутган каби —
Юлдузларнинг иши бор манда
Самони ҳам унутган каби.
 
 
Мендан қўшиқ тилаб парвона янглиғ
Атрофимда айланар еллар,
Бир қўшиқки, алвон оҳанглиғ,
Тингламоққа шайланар еллар.
 
 
Қўшиғимни кутган каби ошиқлар,
Дунё кулмагандек куйимсиз,
Юрак янги ҳислар сари ошиқар,
Янги ўйлар сари шошилар тинсиз.
 
 
Қўшиқ ёз десаю, коинот мандай
Шоирликка даъвоси йўқ одамга,
Лоқайд боқмоқликка ҳаққим бор қандай
Қўшиғимга муштоқ оламга?
 
* * *
 
Юрак, севмакликдан чўчима,
Ғулғула солмасин ҳижрон ташвиши.
Севиб яша, юрак, севмаклик нима —
Севмаклик – юракнинг мардона иши.
 
 
Иккиланиб севма, чўчиб севма, юрак,
Бир ёниб – бир ўчиб севма, юрак.
Шундайин севгилки ва шундайин ён —
Биттага камайсин оламда ҳижрон.
 
 
Юрак, севмакликдан чўчима.
 
* * *
 
Кимдир яралади бағримни,
Васл ўрнига қолдириб фироқ.
Кимдир оралади бағримни,
Балки шундан сочларимда оқ.
 
 
Ёки менинг ўзим кимгадир
Васл ўрнига қолдирдим фироқ.
Алам бўлиб ботди сўзим кимгадир,
Балки шундан сочларимда оқ.
 
ЮРАГИМГА
 
Уйқусизликданми шеър хаёлида
Ва ё чарчоқданми билмайман бироқ,
Гоҳ ожиз қоламан илҳом олдида,
Ҳорғин кўзларимни босганда мудроқ.
 
 
Янги гўзалликка боқмоқ олдидан
Балки кўзим ҳордиқ олмоғи керак,
Қалбларни куй билан ёқмоқ олдидан
Фақат сен мудрама, мудрама, юрак!
 
ҒАЗАЛХОН ЁШЛИГИМ
ҚЎШИҒИМ
 
Гул водийлар бўйлаб учгил, шўх жарангдор қўшиғим,
Қанотингда макон топсин гулу баҳор, қўшиғим,
 
 
Оҳанг билан эркалаб ўт лолалар яноғини,
Дилга яқин, элга яқин, эрка дилдор қўшиғим.
 
 
Йўлларимга кўз тутган ёр чаманига бўл меҳмон,
Ёрга бўлган муҳаббатим этиб изҳор, қўшиғим.
 
 
Япроқлару шаббодалар бўлиб сенга жўр овоз,
Завқу илҳом нашъасида чалсин дутор, қўшиғим.
 
 
Янги-янги оҳанг билан тебранадур дил тори,
Дилда ҳали айтилмаган қўшиғим бор, қўшиғим.
 
 
Гул ҳаётнинг ўзи дилбар, жўшқин қўшиқ мисоли,
Қўшиқларга кондир асли бу гул диёр, қўшиғим.
 
ГУЛ МУДДАОСИ
 
Тонгда атр келтирди гулшанларнинг сабоси,
Сен салом йўлладингми зеболарнинг зебоси?
 
 
Ғунчани соғинтирдинг гулгун табассумингга,
Васфинг билан жаранглар эрка қушлар навоси.
 
 
Гулки гул чиройингга зор эрмиш чаманларда,
На қилсин гўзал гулда гўзалликнинг даъвоси.
 
 
Мадҳингни солиб куйга, ғазал битмак чоғласам,
Ишқ бобида бўлмагай илҳомимнинг адоси.
 
 
Сайр одатинг тарк этмай, йўл тутгил гулзоримга,
Кўксингга чирой бўлмоқ, гулнингдур муддаоси.
 
ОШНОМАН ХАЁЛИНГГА
 
Гулзор ҳавоси ширин,
Булбул навоси ширин,
Қаролмайман кўзингга,
Дилда ишқим яширин.
 
 
Қирда қизил лоладир,
Кўзгинамни оладир.
Гулимни оласанму —
Кўнглингга ҳаволадир.
 
 
Ташнаман висолингга,
Ошноман хаёлингга.
Бунча оро берибсан
Боғи бемисолингга.
 
СЎЛИМ БАҲОР
 
Сўлим баҳор, сўлим баҳор,
Нурда кулган йўлим баҳор.
Шул баҳорга, гул баҳорга
Ярашиғлик диёрим бор.
Ел парвона гул қошида
Ел куйида шўх нашида.
Гўзаллик бор, нафислик бор
Гулларнинг ол қарашида.
Гул боғларда ёр висоли,
Ёр висоли гул мисоли.
Чаманларда кўрк ошади,
Боғларга ёр ярашади.
Сўлим баҳор, сўлим баҳор,
Нурда кулган йўлим баҳор.
 
ЛОЛАЛАРДАН КУЛДИ БАҲОРИМ
 
Лолалардан кулди баҳорим,
Севгисидан гул тутди ёрим,
Ёрга вафо аҳду қарорим,
 
 
Шод, бахтиёрман,
Аҳдимда борман.
 
 
Ёшлигимга ўхшар дарёлар,
Ёшлигимдай жўшар дарёлар,
Дилга шўхлик қўшар дарёлар,
 
 
Шод, бахтиёрман,
Аҳдимда борман.
 
 
Куйламоққа, чорлар оқшомлар,
Нурда ёниб порлар оқшомлар,
Ишқни куйлаб гўзал айёмлар,
 
 
Шод бахтиёрман,
Аҳдимда борман.
 
СОҒИНИБ КЕЛИБСАН
 
Дилимнинг соҳиби султони,
Шу ошно дилингдан ўргулай.
Висолга элтувчи йўлингдан,
Соз чертган қўлингдан ўргулай.
 
 
Созингдан сочилган садолар
Сеҳрли, дилрабо бунчалар.
Куйингга маҳлиё саболар,
Тебраниб тинглайди ғунчалар.
 
 
Куйингдан ўргулай, назмингдан,
Вафодор аслингдан ўргулай.
Соғиниб келибсан, соғиниб,
Шу барно васлингдан ўргулай.
 
ЁР ЖАМОЛИ
 
Гулданми боғ жамоли, гулрў жамолиданму?
Гулданми боғ камоли, гулрў камолиданму?
 
 
Достон ўқиб парининг ҳусни баркамолига,
Маҳлиёлик кўнгилнинг паришон ҳолиданму?
 
 
Наводан дил тебранур, дилижон экан бунча,
Ширинлиги навонинг ошиқ мақолиданму?
 
 
Эгилмиш лола қадди, қизармишдур уятдан,
Лола юз, гулгун қизнинг нозик саволиданму?
 
 
Назокатда ниҳолдай нозланди боғда дилбар,
Дилбарликда ўтибдур шу боғ ниҳолиданму?
 
 
Анваро, кез чаманни, гулга тўқиб ашула,
Тинглаб десин шайдолар: севги зилолиданму?
 
СЕВДИМ ДИЛДАН
 
Баҳор бўлиб кирдинг дилга,
Шодлик, илҳом бердинг дилга,
Ишқ маржонин тердинг дилга,
Мадҳинг билан юрак, тил банд.
 
 
Кўзларингда хаёл ўйнар,
Вафо ўйнар, ҳаё ўйнар,
Куйларингдан ҳаво ўйнар,
Севдим сени, севдим дилдан.
 
 
Сени юрак ўйлар бедор,
Жамолингни куйлар баҳор,
Шайдо қалбда қўшиғим бор,
Қўшиғимни тингла, дилбанд.
 
ЁР БЎЙИДАН ЎРГУЛАЙ
 
Гулбоғимда гул бўйи бор,
Ўргулайин гул бўйидан.
Дил тўрида ёр ўйи бор.
Ўргулайин ёр ўйидан.
 
 
Гул бўйидан, гул бўйидан
Ёр йўлига сочай дейман.
Дил куйидан, дил куйидан
Ёр кўнглини очай дейман.
 
 
Гул япроғи тоза – тоза,
Булбулдайин йўқ ғазалхон,
Гулга ғазал ёза – ёза
Булбул бўлмиш шўх ғазалхон.
 
ЮЛДУЗЛИ КЕЧАЛАР
 
Юлдузли кечалар, нурли кечалар,
Юлдуз кўзларингни солар ёдимга.
Шу нурли кечалар, сирли кечалар
Юлдуз бўлиб келгил, дилбар, ёнимга.
 
 
Ойнинг жилвасига маҳлиё кўнгил
Зумрад чаманлардан излар висолинг.
Дилбарим, кафтимга нур бўлиб қўнгил,
Нурга қиёс бўлсин сенинг мисолинг.
 
ЁР СОҒИНЧИ
Ипакчи қиз қўшиғи
 
Ипагимдай узундир, ёр, хаёлим,
Толеимдай соф, беғубор хаёлим.
Йўлларингга нигорондир кўзларим,
Севгим мисол авжи баҳор хаёлим.
 
 
Ипагим зар, мисли дилбар мулойим,
Ипагимдан висолга йўл улойин.
Қўшиқ айтиб чаманимга келсанг, ёр,
Муҳаббатинг чинлигини билойин.
 
 
Ипак пайванд юрагимнинг торига,
Бахтим монанд ипагимнинг зарига.
Сенга бўлган соғинчимни, шунқорим,
Ипак билан ёздим дил дафтарига.
 
ВИСОЛ ГУЛШАНИ
 
Қўлда пиёлам чинни,
Қўшиқ сўзимнинг чини.
Қўшиққа қўшиб айтдим
Қалбимнинг соғинчини.
 
 
Тоғ бошида қормикин,
Излаб келган ёрмикин.
Қарчиғай кўз ёргинам
Ишқига иқрормикин.
 
 
Шошаман ёр ёнига,
Ул висол гулшанига.
Дилдан қўшиқ айтаман
Дилдоримнинг шаънига
 
 
Ишда толмас билагим,
Ишқда толмас юрагим.
Ёр кўксига бош кўймоқ
Менинг орзу – тилагим.
 
ЗЕБО ЎЛКАМ
 
Зебо ўлкам, зеболикда танҳо беандоз,
Йўлларингга нур ва чечак ёзмиш поёндоз.
Гулшанингга минг боқдиму бир бор тўймадим,
Меҳнат – кўрку жамолингга сайқалу пардоз.
Йигитларнинг – лочин мижоз, шерюрак, ўктам,
Шўх қизларинг – вафодору, серишва, серноз,
Садоқатли шунқорларинг мардлик кўргазиб,
Кўк сирини очмоқ учун айлади парвоз.
Боғларингни тарк этгуси келмайди кўклам,
Бахт ҳавоси жаранглаган ҳаволаринг соз.
Гул ҳаётдан жило олиб, шайдо юрагим,
Дилбар Ватан васфин куйла боз устина боз.
 
СОЙ СОҲИЛИ СЎЛИМ-СЎЛИМ
 
Сой соҳили сўлим-сўлим,
Сой бўйига тушса йўлим,
Суйганимнинг висолини
Сўлим сойдан сўрар кўнглим.
 
 
Суйганимнинг сайроқ созин
Яйраб тинглай дил овозин.
Фақат унга очганим йўқ,
Очганим йўқ юрак розин.
 
 
Сулувгинам деган куйи
Менга айтган куйимикин,
Соҳил бўйлаб кўринган у
Севганимнинг бўйимикин.
 
 
Сой соҳили сўлим-сўлим,
Сой бўйига тушса йўлим,
Суйганимнинг висолини
Сўлим сойдан сўрар кўнглим.
 
ҚЎШИҒИМ – ҚЎШБУЛОҒИМ
 
Қўшиғимсан, Қўшбулоғим,
Қўшиғимдай жўш, булоғим.
Чечакларга кон бу боғим,
Қўшбулоғим – гул қишлоғим.
 
 
Сунбулини тарар қизлар
Ойина кўз булоғингда.
Ёр йўлига қарар қизлар
Чаманингда, гулбоғингда.
 
 
Гул саватсан тоғ тўшида,
Булоғимсан сен зилолим.
Қўшиғимсан дил тўрида,
Баҳоримсан – безаволим.
 
ДИЛРАБОДАН БУ ЧИРОЙ
 
Бу гулистон тўлди кўркка, гул, зиёдан бу чирой,
Тупроғи зар – кўзимизга тўтиёдан бу чирой.
 
 
Пойидан гул кулди боғда кулганида дилрабо,
Пойи сунбул, завқи булбул дилрабодан бу чирой.
 
 
Қўлда сози, гул ҳаётни мадҳ этарда хуш нафас,
Гул ҳавода ўйнаб учган шўх ҳаводан бу чирой.
 
 
Боғимизнинг гул жамоли бахтимиздай сержило,
Шод кўнгил бағридаги соф муддаодан бу чирой.
 
ҚАНОТЛИ ЁШЛИК
 
Мусаффо осмонинг, боғинг қуёшлик,
Порвоз қил, парвоз қил, қанотли ёшлик.
Олис сайёралар, юлдузлар билан
Фазоларда туздинг қутлуғ қардошлик.
 
 
Нақарот:
Мусаффо осмонинг, боғинг қуёшлик,
Парвоз қил, парвоз қил, қанотли ёшлик.
 
 
Саҳролар бағрига элтасан баҳор,
Толеинг оламга баҳордай боқар.
Куйла саодатни шўх, ошиқона,
Ашуланг ёйилсин жумла жаҳона.
 
 
Нақарот:
Ер юзи ёшлари бериб қўлга қўл
Жўровоз куйласин, куйга – ойдин йўл.
Куйласин жўр бўлиб сенга кенг жаҳон,
Куй билан яйрасин бу тиниқ осмон.
 
 
Нақарот:
 
ЮЛДУЗЛАР ҒАЗАЛИ китоби 1974 йил
* * *
 
Кимгадир боғлиқмиз, кимгадир интиқ,
Кимдандир оқибат кутиб яшаймиз.
Бу куннинг ҳуснига волалар бўлиб,
Ёруғ эртага кўз тутиб яшаймиз.
 
 
Бу кунимиз билан эртамиз аро
Ришталар мавжудки, илғанмас кўзга.
Худди шундай узоқ кўкда ўзаро
Юлдуздан йўл кетмиш олис юлдузга.
 
 
Ошиқ ёр васлига етишгани он
Шу ёғду юракда ўт бўлиб ёнган.
Орада офтоб бор, замину осмон
Нурнинг олтин ипларида уланган.
 
 
Сен ва мен… дилларни севги ўртади,
Қисматимга кирдинг фаришта бўлиб,
Муқаддас муҳаббат икки ўртада
Туйғуларни қўшди бир ришта бўлиб.
 
 
Сирли ришталарни офтоб тўқиган,
Узилмасин улар, бузилмасин асти.
Шу кўзга кўринмас иплар йўқ экан,
Дунё пароканда, дунё бўлмасди.
 
 
Умидларга пайваст ҳаёт яшарар,
Нафис ришталардан қисматлар бунёд.
Дунё меҳваридан ўтар ришталар,
Бири узилса ҳам зил кетар дунё.
 
* * *
 
Бир зумга уйғониб қоқ саратонда
Бағирни елпиган шаббода мисол.
Шу интизор лаҳза, соғинган онда
Эркалади кўнгил бағрини хаёл.
 
 
Бу – сенинг хаёлинг меним тўғримда,
Ва сенинг ҳақингда мен ўйлаган ўй.
Ўйимда фаришта юзинг кўрдим-да,
Дедим: Ҳумо бунча бўлмаса хушрўй!
 
 
Ошиқликнинг доно ҳикматидир бу:
Хаёл оғушида тиниқар кўплар.
Шоирда тилакдир, шоирда орзу,
Ишқий хаёлларга толинг, маҳбублар.
 
 
То севги орзуси ўйнасин қонда,
Хаёл парвоз қилсин учқур, зар қанот.
Бир зумга бўлса ҳам қоқ саратонда
Баҳор насимига тўлсин коинот.
 
* * *
 
Шам ёнгандай шоир ижодгоҳида
Оқшом осмонида порлади юлдуз.
Ажаб, шундай бўлар гоҳи-гоҳида:
Олис шу юлдуздан узолмайсан кўз.
 
 
У билан ободдир осмон воҳаси,
Ўзгалари ичра кўримсиз, митти.
Гўё шу юлдузча кўк илоҳаси,
Энг порлоқ умиддай ёниб турипти.
 
 
Кимдир уни номсиз юлдуз атади,
Кимгадир абадий у шамъи ҳаёт.
Қайсидир кўнгилда ишқ уйғотади,
Сўнган севгисини кимдир қилур ёд.
 
 
Кимдир сарлавҳасиз шеър аввалига
Унинг тасвирини чизди дард билан.
Кимдир қиёс этди заррин шу нурни
Борлиқ тўзонида олтин гард билан.
 
 
Висол рамзи, деди соғинган кўнгил,
У билан ёриди ҳижрони туни…
Кимдир ғафлат ичра пайқамади-ю,
Кимдир ташвиш аро кўрмади уни.
 
* * *
 
Йўллар кўп оламда яқин ва олис,
Манзиллар чароғи чақирар имлаб.
Қайларда қолмаган пойимизда из,
Сўқмоқлар кезганда одим-одимлаб.
 
 
Боғлар япроқ ёзган соҳил ёнидан
Сўқмоқлар кетмишдир шўх ва югирик.
Кўплар қайтгани йўқ ўт майдонидан,
Йўл бошида қолган оналар тирик.
 
 
Умр висолданмас фақат иборат,
Баъзида жудолик сари солар йўл.
Достоннинг илк йўли – дардли ибора
Ойдин сатрларни бошлаб келар йўл.
 
 
Сатрларим менинг – ўтган йўлларим,
Йўллар гарди пинҳон сатрлар аро.
Ким манзилга етмай, қолди йўл ярим,
Кимлар кўринмайди ботирлар аро?
 
 
Оқ-оппоқ уфқлар жамол кўргизиб,
Омад сўқмоқлари имлайди дилдор.
Кўнглимизда сафар тилагин сезиб,
Эшикда дамба-дам кишнайди тулпор.
 
 
Қутлуғ юрт тупроғин олиб кафтига,
Мени ҳам йўлларга узатган онам.
Шундай: оқ йўл тилаб космонавтига,
Маъюс термулади ортидан олам.
 
* * *
 
Офтоб тарк этади само баҳрини,
Ёруғ қисматидан армони йўқ ҳеч.
Жим бир шарпа силар боғлар бағрини,
Барглар бахмалидан ўрмалайди кеч.
 
 
Чироғини ёқиб кўк бекаси ой,
Ажиб туйғу билан ерга тикилар.
Наздида, ерда ҳам шу тоб, ҳойнаҳой,
Уйлар чироғини ёқди бекалар.
 
 
Хоҳи бахтли бўлсин, хоҳи ҳасратли,
Юракларда ҳоким ёруғ бир ҳавас.
Бир малак кезади муҳаббат отли,
Жонлар пардасида ўйнаб шу нафас.
 
 
Не турфа савдолар осмон остида,
Толе ва бахтсизлик, висол ва фироқ…
Қайгадир нур кирди оқшом остида,
Қайдадир ойдин кеч ёнмади чироқ…
 
** *
 
Ой нурида осмон туби зар,
Жон зотининг ухлар маҳали,
Менга яшаш назмин ўргатар
Юлдузларнинг ёруғ ғазали.
 
 
Бемаврид ғам, қаро бахт учун
Берганидай таскин, тасалли.
Куйланади қалбларга кўчиб
Юлдузларнинг ёруғ ғазали.
 
 
Кўп кўҳнадир осмон ва тупроқ,
Коинотда севги азалий.
Шундан сўйлаб турипти порлоқ
Юлдузларнинг ёруғ ғазали.
 
КЎКЛАМ
 
Яралгандан бугунгача то
Қанча баҳор кутмаган хилқат.
Қанча кўклам кўрмаган дунё,
Барқ урмаган қанча гул, кўкат.
 
 
Кўкламнинг ҳам табиати шўх,
Беғам қизга ўхшар кўклам ҳам.
Рухсорида зарра қайғу йўқ —
Дард нимадир билмайди кўклам.
 
 
Ерда хазон асоратин ҳам
Ва бунгача оққанини қон,
Билолмайди, билмайди кўклам,
Назарида дунё бехазон.
 
 
У шоирни сўроқлаб келар,
Мусаввирга – ранг хазинаси.
Лаҳза кўзи билан тикилар,
Мангуликка ўхшар сийнаси.
 
 
У бахтдайин ташриф буюрар,
Борлиғингга кирар ногаҳон.
У жаҳонни илк бора кўрар,
Уни илк бор кўрмоқда жаҳон.
 
БОЙЧЕЧАГИМ
 
Сен, эй навбаҳорнинг мовий кўз қизи,
Борлиқни уйғотган суюк чечагим.
Сен, эй сабзазорнинг ёниқ юлдузи,
Сени тиламади, соғинмади ким?!
 
 
Кўкламними кўрдинг олтин тушингда,
Эҳтимол, кўркинг йўқ битта ғунчалик.
Буюк ҳикмат кўрдим термулишингда,
Йўқса, шошармидинг бизга шунчалик?!
 
 
Ким етишди сенга, ким етолмади,
Етишганлар бу кун айтур шукрона.
Ким сенсиз оламни тарк этолмади,
Сени куйламади ким шоирона.
 
 
Ҳаёт ғилдираги айланар тинмай,
Тебратар камолот беланчагини.
Қай деҳқон ва шоир яшар соғинмай
Ерни уйғотгувчи бойчечагини.
 
 
Қуёш теграсида парвона борлиқ,
Борлиқ теграсида парвона қуёш.
Гўё сенга қанча умрлар боғлиқ,
Сен ҳар наврўз ердан кўтарсан бош.
 
* * *
 
Куз кўкининг бағри зангори, тиниқ,
Шоҳ сатр тилаган саҳифа каби.
Нечук турналарнинг қўшиғи синиқ,
Беватан қушларнинг недир матлаби?
 
 
Сизники ягона ва баланд само,
Бироқ, сизни кўриб бағрим тирналар.
Қалби биргинаю юрти бесаноқ.
Жонҳалак қушларим, хайр, турналар.
 
 
О, ғалати қушлар, офтоб фаслида
Қайтарсиз боғимни қўмсаб, ҳойнаҳой.
Билсангиз, диёрим менинг аслида
Ризвони жаҳондир йил – ўн икки ой.
 
 
Илиқ диёрларга учмоқ тилайдир
Турналар тизими – мовийлик ичра.
Оппоқ қоғозимга кўчмоқ тилайдир
Турналар тизими – шу ўтли мисра.
 
МАНГУ ОЛОВ ЁНАДИ
 
Замин истиқболига
Олтин офтоб шошади.
Зулфининг тол-толига
Гул атри илашади.
Коинот кўҳлик жуда:
Янги тонг уйғонади.
Нақ заминнинг кўксида
Мангу олов ёнади.
 
 
Ўчоқда ўт ловуллар,
Қутлуғ рўзғор яшнайдир,
Азим шаҳар, овуллар
Фароғатга ташнадир.
Кўзгу олдида қизлар
Висолга таранади.
Оташ севгидан сўзлаб
Мангу олов ёнади.
 
 
Илҳом лаҳзаси шоир
Олам билан юзма-юз —
Бағридан излайди дур
Беором кеча-кундуз.
Сўз байтлар ҳалқасида
Ғазалга боғланади.
Жасоратга қасида —
Мангу олов ёнади.
 
 
Шаҳид аскар онаси
Ўғлин кутади ҳамон,
Ҳис қилиб Ер нафасин
Ухлайди ул қаҳрамон.
Она фарзанд доғида
Бир умр ўртанади,
Ҳаётнинг гулбоғида
Мангу олов ёнади.
 
 
Бахтини ўйлаб одам
Кўкдан келтирган олов,
Шу бахтига дамо-дам
Тахдид солар беаёв.
Ўша олов ногаҳон
Ёнғинга айланади,
Ёнмасин, дея жаҳон
Мангу олов ёнади.
 
МУСИЧА
 
Мусича кукулаб март эртасида
Борлиқни уйқудан уйғотди хушҳол.
Нимдошгина қушнинг оддий сасида
Башорат қилинган кўклам ва иқбол.
 
 
Қирқ бешинчи йилнинг нақ наврўзида
Зафарни башорат қилган оналар —
Мунислигини ва улар кўзида
Ёнган меҳр ўтин у ёдга солар.
 
 
Гоҳида битта сўз шеърга ранг берар,
Шу биргина сўзсиз шеър маъноси ҳеч
Баъзан оддий чечак боғда гуркирар,
Шу чечаксиз чаман, гул-раъноси ҳеч.
 
 
Олам кезамизу толмай, баъзида
Бир қадам босишга журъат етмайди.
Ўша бир қадамсиз, билсанг аслида,
Ҳаётинг карвони олдга кетмайди.
 
 
Мени маъзур тутинг о саркардалар, —
Билгувчисиз жанг ва зафар сирини;
Баъзан оддий аскар, бешуҳрат, камтар
Ҳал этади катта жанг тақдирини…
 
 
Орзу-армонидан тортиб одамнинг,
Тирикликнинг порлоқ юлдузигача,
Тўкис-тугаллиги учун оламнинг
Етишмайди баъзан… битта мусича.
 
ШАБНАМ
 
У тирик қарайди, шу тиниқ кўзи
Борлиқни кўради соғлом ва тўкис.
Унда акс этмоқчи офтобнинг ўзи,
У билан тупроққа тиз чўкмоқчи, тиз.
 
 
Шу қатра гулларга омонат инди,
Қанчалик омонат бўлмасин шу нам,
Алланечук рангин, ёрқин кўринди
Шабнам кўзгусида ярқ этган одам.
 
ФАРИШТА ВА АЛВАСТИ
 
Бу кун тонг саҳардан гўзал, олтинсоч
Офтоб зулфи кўкка сиғмай тошади.
Сен ҳам эрта туриб дарбозангни оч:
“Тонгда фаришталар ризқ улашади”.
 
 
Ёлғиз эртакдамас фаришта насли,
Афсонада эмас алвастилар ҳам.
Алвасти қалблардир ёвуз, ғаразли,
Фаришта юзлардан хуррамдир олам.
 
 
Покиза йигитнинг дилбар санами,
Қалбини ёндириб ишқи беғубор.
Сани тиласа ул, истаса сани,
Фариштаси бўлиб эшигига бор.
 
 
Одамхўр алвасти қонли қўл билан
Фаришта пайида юрар беомон.
Орзуга шошсангу эзгу йўл билан
Фариштанг бўлмаса ёмондур, ёмон.
 
 
Фақат елкадамас: санаб ўлтирган
Бири савоб, бири гуноҳимизни.
Бу кун елкаларни зил босиб турган
Фаришталар эмас, дунёлар вазни…
 
 
Бир вақт кўзим очиб мен палатада
Бош узра кўрганман халоскоримни.
Фаришта эди ул оқ халатида,
Бахш этгудай эдим унга боримни.
 
 
Бир вақт юрт кўкида кезганда машъум
Ўлим қузғунлари кетмайин нари,
Лочинларни жангга узатган маъсум
Сиз эдингиз ҳаёт фаришталари.
 
 
Олам оворадир бахт ахтаришда,
Ўзлигин излашда овора одам.
Ёлғиз эркакларда эмас фаришта,
Афсонада эмас алвастилар ҳам.
 
ШЕЪР ЛАҲЗАСИ
Дўстим Эркин Воҳидовга
 
Қайта яшаб бўлмас оташ лаҳзани,
Қанча қўмсамагил, қайтмайди онлар.
Қалбингни ўртаган олтин зум қани,
Қани васл эртаси, зар тола тонглар.
 
 
Дунёга кўз очдинг ёруғ юз билан,
Шундай мунаввар юз толеи асил.
Шеърим, севгувчи қалб ишқда ёниб шан
Тиламаганмиди сени муттасил.
 
 
Энг ёруғ тушлар ҳам ўтади зумда,
Яхшиликка йўйдим тушларимни ҳам.
Шу оний тушлардай ёниб кўзимда,
Кўксимни тўлдирдинг, ишқи ягонам.
 
 
Ўшал қайтмас лаҳза банд этиб мани,
Ёдим кўзгусига инди беғубор.
Қайта яшасам ҳам ўшал лаҳзани,
Сени тополмасман, шеърим, қайта бор.
 
ҲОФИЗ
 
Ҳофиз Маъмуржон Узоқовнинг
Марғилон боғида куйлаб туриб
жон берганлигини ҳикоя қиладилар.
 
 
Шундай узилади энг таранг тор ҳам,
Севги талқинининг авж пардасида.
Қўшиқ – васияти бўлди сўнгги дам
Даврон ҳофизлари қутлуғ баҳсида.
 
 
Байтлар ҳикматидан давра лол эди,
Ҳофизни элитган илҳом лаҳзаси —
Ажал шарпасимас, бир хаёл эди,
Қазо ели эмас, Масиҳ нафаси.
 
 
Фарёд титратмади ногоҳ тўлқиндай,
Фақат зоҳир эди сўлим бир жимлик.
Қўшиқ олдидаги сукунат, шундай —
Қўшиқ олдидаги жим бир сўлимлик…
 
 
Бу бир ҳикоятдир, ривоят эмас,
Бунга гувоҳ ўша Марғилон боғи.
Афсонавор бўлиб қолди ўт нафас,
Афсоналар шундай туғилар, чоғи.
 
* * *
 
Инсон хаёл сурар: толедир тилак,
Орзуманд инсонга буюклик – армон.
Қасри, юлдузлари, уммони билан
Дунё беҳад буюк, заррадир инсон.
 
 
Инсон хаёл сурар: бахтини тилаб,
Ўйга чулғонади минг, милён карра.
Хаёли, армони, имони билан
У буюк дунёдир, дунё – бир зарра.
 
РОССИЯНИНГ ТАБАССУМИ
Юрий Гагаринга
 
Ҳорғин кипригида фазолар гарди,
Кўкдан қайтди Ернинг хушвақт ўғлони.
Бир кафт юрт тупроғин кўкка кўтарди
Аллома асрнинг хушбахт ўғлони.
 
 
У билан лаҳзада олам улғайди,
Яшаб камолининг олтин зумини.
Шунчаки… у мағрур оламга ейди
Россиянинг камтар табассумини.
 
* * *
 
Биз лаҳзалар каби шошамиз ҳар вақт,
Гоҳ ҳушёр, гоҳида ғафлатдамиз, оҳ.
Гоҳ тўй-томошага келамиз барвақт.
Дўстнинг кулфатига кечикамиз гоҳ.
 
БИР АВГУСТ ОҚШОМИ
 
Бир август оқшоми, кеч шамолида
Қизиган далалар елпинар чоғи.
Буғдойзор тебранар нон хаёлида,
Кўкда юлдуз ёнар – ноннинг увоғи.
 
 
Янги юлдуз излар бедор мунажжим,
Яхши тушлар кўриб тин олар деҳқон.
Тепада бир юлдуз милтирайди жим,
Олтин далаларда етилмоқда дон.
 
 
Порлоқ ниятлардан нурлидир мангу,
Толе манзилининг сўқмоқлари оқ.
Мангу пойидордир, сирлидир мангу
Милтираган юлдуз, тебранган бошоқ.
 
* * *
 
Янги кўйлак кийган синглим мисоли
Кўклам кўйлагида суюнар олам.
Қушлар қанотида келтирар толе,
Барчага етгулик: сенга, менга ҳам.
 
 
Вақт қуши учадир, учар беармон,
Бир онга тўхтатмай ўз парвозини.
Бизлармиз, дўстгинам, мутриби даврон,
Қўллардан қўймовчи ҳаёт созини.
 
 
Ёруғ тонг туғилар лаҳза ўтмайин,
Кечмиш бўлиб қолур ажиб шу он ҳам.
Умрдан лаҳзалар кечгани сайин
Тобора кексаяр кекса жаҳон ҳам.
 
 
Кечмиш давронлардан ўчмас хотирот
Бу кун отаётган оппоқ тонгимиз.
Олам ўзи кўҳна, кўп эски равот,
Уни янгиловчи бизлар янгимиз.
 
ЮКЛАР
Р.Қ.Исломбековга
 
Вазнига нисбатан неча бор вазмин
Юкни уясига судрар чумоли.
Шумикин ризқ-рўзи, яшашдан мазмун,
Чумоличасига шумикин толе?
 
 
Заҳматкаш қумурсқа, Инсон умри ҳам
Юклар ташимоқдан иборат, асли,
Бизда ўзга мезон ва ўзга кўлам;
Ахир, биз инсонмиз, одамзод насли.
 
 
Чумоли, сен учун англамоқ мушкул
Бизлар ташийдиган юклар кўламин,
Муқаддас юкимиз – кураш, ҳижрон, гул,
Тепадаги юлдуз, бахши ўлани…
 
 
Шоир ҳам маънолар ташиб юради,
Икки елкасида сўз тўла хуржун.
Бўшатади, яна сўзлар теради,
Қайта бошдан уни тўлдирмак учун.
 
 
Ризқ билан тўлсин деб, бўлсин деб пойдор, —
Инсоният отли буюк хонадон,
Вазнига нисбатан вазмин неча бор
Юк ташиб йўл босар тинмагур Инсон.
 

Страницы книги >> Предыдущая | 1 2 3 4 5 6 7 8 9 10 | Следующая
  • 0 Оценок: 0

Правообладателям!

Данное произведение размещено по согласованию с ООО "ЛитРес" (20% исходного текста). Если размещение книги нарушает чьи-либо права, то сообщите об этом.

Читателям!

Оплатили, но не знаете что делать дальше?


Популярные книги за неделю


Рекомендации